Sanjar Tursun. Ikki hikoya

012    Ёш ёзувчи Санжар Турсуннинг биринчи тўпламидан ўрин олган «Музаффар тонг» ва «Ёшлик» журналида эълон қилинган «Оқ овулнинг озодаси» ҳикоялари билан таништирамиз.

Санжар ТУРСУНОВ
ИККИ ҲИКОЯ
094

032Санжар Турсун  (Турсунов)  1986 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Давлат саньат ва маданият институтининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида хизмат қилмоқда.

034

МУЗАФФАР ТОНГ

Бугун у биринчи марта совқотди. Бармоғининг учи, тирноғининг остлари зирқираб оғриди. Оёғини худди от сингари ерга қаттиқ-қаттиқ уриб, совуқни бироз бўлса-да, енгмоқчи бўлди.

Шамол қулоғининг остида нимадир ғулдираб эсар, ғир-ғир овоздан мияси ғовилаб кетди ўзиям. “Ё, товба, шамолнинг овозиям шунақа хунук бўладими” деб дилидан ўтказаркан, нега шу пайтгача билмадим-а, дея ажабсинди.

Нариги боғдан отнинг пишқиргани эшитилди. “Ҳа, вақт бўлибди.” От сари борар экан, негадир бадани жунжикди. “Эй, худо бу сафар ҳам ноумид қилма”, деб пичирлаган бўлди. Макка пояларини тортиб-тортиб чайнаётган от, эгасига умидвор: “Яна юрамизми?”, деган маънода қаради. Буни тушунган эгаси “Сенам эзилиб кетдинг-а”, деб отнинг ёлини силади. Орадан бир тухум пишгулик вақт ўтиб от ва уни минган одам тун қўйнига кириб борарди.

* * *

Бу томонларда Тўра полвонни билмайдиган эл-улус йўқ. Ҳам полвон ҳам чавандоз дегич эди уни одамлар. Яна бундай ҳам дердилар: Тўра полвон бор экан — кураш бор. Тўра полвон бор экан — тўй бор.

Ҳа, одамлар уни жуда яхши кўришади. Полвоннинг қизиқ одати бор-да. Кунлар қизий бошлаганда устачилик қилади. Балодай уста. Бостирма, қўйхона, молхона, ҳатто катта уйларниям бемалол ёпиб беради. Вей, унинг пахса уришини. Текис, бурама жойини топиб бўпсиз.

Бешта оти бор. Ҳар бирини бош­қача яхши кўради. Отлариям ғалати. Ўзига ўхшаб қайсар. Полвондан сўрамасдан минсангиз икки сакраб устидан учириб туширади. Шу, кузнинг иккинчи ойида полвон қишлоқдан кетади. Қашқадарёнинг чўлию Самарқанднинг тоғи дашти қолмайди. Қаерда кўпкари, кураш бўлса полвон ўша ерда. Декабрнинг ўрталарида беш от тўла соврин билан қайтади. То янги йилга қадар байрам эди полвоннинг уйида. Керак бўлса, бутун қишлоқ аёлларига сов­ға улашар, эркакларни-ку, айтмай қўяверинг. Йигирмадан ортиқ қўй-эчки, от, буқа ва бир қанча антиқа гиламлар. Бай-бай бу совғалар ҳар кимнинг кўзини ўйнатарди-да. Полвонни ҳамма яхши кўрар, унга ҳавас қилар… лекин негадир уни шогирди йўқ эди. Ҳа, тўғри бир икки бола келган, лекин нимасидир полвонга маъқул келмаганми, ё кўзи етмаганми, хуллас калом, қишлоқда полвоннинг изидан кўксига уриб чиқадиган полвон топилмасди.

* * *

Эшаклар баланд ҳанграй бошлади. Полвон отига қамчи босди. Совуқ шамол забтига олар, отнинг икки қулоғи орасидан бир тегирмон сувидек шамол юзига урилар, полвоннинг нафаси қайтар, эгар устига бироз эгилган куйи тезлашарди. Эшак яна ҳангради. Полвоннинг ёдига бундан анча йил бурун, бир маҳмадонанинг гапи тушди:

— То, полвон бор экан, ҳатто нариги қишлоқнинг эшаклари ҳам ҳанг­рамайди.

“Нима бало мендан омад кетдими? Маҳмадонанинг гапини қара: — эшак ҳанграмасмиш. Мана, ҳангради-ку. Камига бир неча марта”. Полвоннинг юраги лўкиллай бошлади:

— Чу, жонивор…

Ҳолатини қоронғу тунга-да, сездиришни ор билиб бедовга қамчи тортди.

“Эшак бефорасат махлуқ келади. Бўлса-бўлмаса ҳанграйди-да. Буни менинг кимлигимга дахли йўқ”.

От тезлашди. Полвон от қадамига мос тебранди. Минг йиллик ғайрати қайтиб келгандай руҳи тетиклашди.

Тўйхонага кириб борганда, одамлар айлана ҳосил қилиб, курашни аллақачон бошлаб юборганди. Полвон отини бир чекка ёлғиз адл турган теракка арқонлади. Беихтиёр дарахтга тикилди, бошига бу ўй келди: “Ёлғиз. Лекин анча мағрур… Менга ўхшаб”. Хаёлидан-да чўчиб, биров эшитиб қолмадими, деб атрофга аланглади. Барча кураш билан андармон. Ҳеч ким сезмабди.

Полвон даврага яқинлашди ва худди айбдор бола сингари бир чеккага қунишиб ўтирди. Унинг келганини биров сезмади. Полвонлар ириллаб беллашарди. Шу чоғ бир полвон рақибини чилга олганда оёғи илкис сирпаниб кетди. Шунда қора булутдай полвоннинг бундан икки ҳафта бурун, нариги қишлоқда бўлган кураш эсига тушди.

Ўшанда ҳам худди шундай бўлувди. Чилга босиб эдики, оёғи тойиди. Кўз олди қоронғулашди ва бор кучини (эҳтимол шу дамдан олдин бу қадар тезлашмагандир, балки бундан сўнг ҳам бундай бўлмас) тўплаб чала ёнбош тушди. Одамлар “ўвв” деб юборишди. Яна қўл олишди, полвон бир важоҳат билан рақибини ерга босганди. Бу ўтди. Кейин… одамларнинг гап-сўзи полвонни ростакамига бир ўйлаб кўришга ундади. Мана, ёш ҳам қирққа қараб боряпти. Ҳали-ҳануз шогирди — избосари йўқ. Наҳотки Тўра полвон қишлоғи, йигирма йилдан зиёда вақт елкаси ер кўрмаган полвон, доим ғолибни олқишлаб ўрганган қишлоқдошлари, бундан сўнг бошини эгиб юришса, бунга чидаб бўладими? Полвон шу ўйлар билан эзилиб турганда, баковулнинг гапи ўйини бўлди:

— Сангардак қишлоғидан борми?

Давра аввалига ғовурланди ва секин-аста пашша учса эшитилар даражада жимиб қолди. Баковул яна сўраганди, ўша жимлик билан жавоб олди. Давранинг мутлоқ ғолиби, Отқамар қишлоғидан Абди полвон кўкрагини ғоз кериб турарди. Полвон уни анча олдин кузатиб юрган, танасида жони бор йигит. Катта полвон бўлишини ич-ичидан сезар, “эҳ, шундай шогирдим бўлса”, деб умидланарди. Полвон иккиланиб қолди: “Чиқайми ё… йўқ, ҳайиққаним йўқ. Чиқсам, албатта йиқитаман. Лекин у ҳали ёш бола”. Баковул яна такрорлади. Бу сафар чиқмаса бўлмас. Кимдир Тўра полвон деб шивирлади. Одамлар билибди. Шивир-шивир кучайиб шовқинга айланганда, баковул Тўра полвонни майдонга чорлади. Полвон икки қадам боганди “бу ким бўл­ди”, деган овоздан сўнг сер солиб даврага қаради. Ўн ет­ти ёшлар атрофида бир бўз йигит Абди полвон ёнига бориб курашга розилигини билдирди ва фотиҳага қўл ёзди.

* * *

Осмоннинг бир чети оқариб келар, милт этган шуълаю қилт этган шамол йўқ, атроф ажиб бир сукунатда худди ором олиб ухлаётган чақалоқ сингари осуда ва тинчлик эди. Полвон отнинг жиловидан тутиб келар, юзи кўзида ўтган умридан розидек бир кайфият муҳрланганди. От устида эса бояги кураш тушган полвон ўтирарди. Сангардакнинг икки ўғли ва яйловида “парвоз” қилиб юрган оти тонгни шундай ғолиблик нашидаси ила қаршиламоқда эди…

ОҚ ОВУЛНИНГ ОЗОДАСИ

Таҳририят эшигидан киришим билан котиба олдимга югуриб келди.
— Сизга хат бор. Бир йигит ташлаб кетди.

Қизиқ, ким бўлди экан? Ё бирорта дўстим ҳазиллашдими? Гоҳо, ҳамсабоқ дўстлар бир-биримизнинг ишхонамизга шу тахлит мактуб йўллаб, ҳазиллашиб турамиз. Ҳойнаҳой, қўлимдаги хат ҳам шундай шўхликларнинг бири бўлса керак.

Хатни олиб хонамга кирдим. Шошиб, кимдан келганини ўқидим. Конверт устига газетамиз номидан бўлак бошқа ҳеч нарса ёзилмаган эди. Хатни очдим. Биринчи навбатда имзога қарадим. Қарадиму қотиб қолдим: «Оқ овулнинг Озодаси…» Ҳаётда шундай лаҳзалар бўладики, ўша лаҳза учун бутун ҳаётингни тиксанг арзийди. Яна шундай лаҳзалар бўладики, бутун ҳаётинг ўша лаҳза сабаб изидан чиқиб кетади.

* * *

… Болалик якуни йўқ тушга ўхшайди. Бу олтин дамларда кўнглинг тусаганини қиласан, хаёллар қанотида беармон учасан. Биров сени айбламайди. Баъзан йигирма кун олдин юз берган бирор муҳим воқеани тузук-қуруқ эслаёлмайди киши. Аммо йигирма йил аввал содир бўлган ғира-шира ҳодиса ҳамиша хотирада туради. Нега? Ҳойнаҳой, биз болаликдан кетсак-да, бироқ у биздан айрилишни истамай доимо таъқиб қилиб юради. Гоҳ қувончли, гоҳ ғуссали нимаси биландир ўзини эслатаверади. Ҳаётимизнинг ҳар бўлагида пайдо бўлаверади. Мана, бугун менинг юрагимнинг қай бир четида беркиниб ётган бир исм тилимга қалқиб чиқди. Оқ овулнинг Озодаси… У бизнинг болалик осмонимиздаги ёруғ юлдуз! Ахир у илк севги, илк талпиниш, илк изтироб! Айнан шу қиз шарофатидан илк бор уст-бошимизга эътибор берадиган, кўзгуга қараб соч тарайдиган бўлганмиз. Эҳ, Озода! Унутмабсан-да. Бу одамзор дунёда одамлар орасида ҳамон мени эслаб юрганинг учун раҳмат сенга. Шу кичкинагина мактубинг мени овулга олиб кетди. Оқ овул…

* * *

Мўйлаби эндигина сабза ура бошлаган ўспиринлар эдик. Баҳор адоқлаган кунларнинг бирида беш бўйинса-тенгдошлар тоққа ўтинга чиқдик. Баҳайбат арчаларнинг қуриган шох-шаббаларини йиғиб-териб, эшакка ортиб келамиз. Бу аслида тинка қуритар юмуш. Лекин биз болалар ўйинқароқлик билан ҳамма машаққатларни енгамиз. Йўл-йўлакай ҳатто Оқ овулга қўниб ўтишга ҳам улгурамиз. Оқ овул биз ўтинга борадиган тоғнинг шундоққина биқинида. Кенг, кўм-кўк яйлов. Сон-саноқсиз сигирлар ўтлаб юради. Озодалар ҳар баҳорнинг адоқларида сурув-сурув сигирларни ҳайдаб келишади. Куз кўз очиб мўралай бошлагунга қадар шу ерларда макон тутишади. Озода қорамағизгина, истараси иссиқ, ёши биз тенги қиз. Қуёш баланд тоғ тепасига қўнган пайт овул олдида пайдо бўламиз. Хуржунимизда қишлоқ дўконидан олинган помидору бодринг. Озода помидорни шошиб тишлайди. Қип-қизил суви уст-бошига сачрайди. Биз куламиз. У ҳам жилмаяди. Озоданинг онаси чўнтакларимизни тўлдириб-тўлдириб қурут беради. Бизнинг муродимиз ҳосил бўлиб, раҳмат айта-айта тоққа чиқиб кетамиз. Тоғ бошидан уларнинг ўтови кафтдагидек кўринади. Теварак ям-яшил. Ўн иккита ола-қуроқ ўтов. Ана, ўртадагиси Озодаларники. Қиз қўлида каттакон ойина. Биз томонга тутади. Аҳён-аҳён кўзларимиз илкис ёғдудан қамашиб кетади. Биз ойина акси қаён тушса ўша томонга югурамиз. Озода буни сезади чоғи, ойина тутмай қўяди. Энди бизлар худди келишгандек болтани жўр бўлиб арчага урамиз. Бир… Икки… Уч! Зарблар акс-садоси худди «О-зо-да» дегандек бўлади. Озода сезади ва яна ойнани қўлига олади. Шундай ўйинлар билан қуёш ботганда пастга бир эшак ўтинни ортиб тушамиз. Озода олдимизга югуриб чиқади. Овулдан ундан бошқа яна ўндан ортиқ, ёшлари биздан катта қизлар бор эди. Улар бизни менсимас, «миттилар» дейишарди. Опаларининг атамасидан уялгандек, Озода нигоҳлари билан биздан узр сўрарди. Яна чўнтакларимизни қурутга тўлдириб уйга қайтамиз. Йўлда уруш-жанжал бошланади: «Озода мени яхши кўради». Шу сўз барчамизни кучли, ўтда ёнмас, сувда чўкмас қилиб қўяди гўё.

Орадан уч кун ўтиб яна ўтинга чиқдик. Чунки, мактабга боргандик. Ўша ҳар доимги вақтда овулда пайдо бўлдик. Ёши катта қизлар сигирларни соғар, эркаклар бузоқларнинг арқонидан тортқилаб қизларга нималардир деб турарди. Бизни биринчи бўлиб овул итлари пайқади. Дараларни бошига кўтариб ҳура кетишди.

Озода катта тошнинг устида, биздан юзини ўгириб ўтирарди. Эшакларимизни халалаб у томон юрдик. У ўрнидан туриб ўтов ичига кириб кетди. Биз нима қиларимизни билмай қотиб қолавердик. Сут соғаётган опалар хандон отиб кулишди. Ёнидаги йигитлар ҳам жўр бўлишди. Биз… карахт эдик. На кетамиз, на эшакдан тушамиз. Бир маҳал ўтовдан Озоданинг онаси чиқиб келди. Барчамиз салом бердик. Хола алик олиб, биз билан сўрашди.

— Нега кўринмай кетдинглар? Озода ичикиб қолди-ку, — деди жилмайганича.
— Эна, унақа деманг — деб ичкаридан Озода пиққилаб йиғлаб чиқди. — Мен буларни ёмон кўраман. Айтинг, бошқа келишмасин!

— Ҳай-ҳай, уят бўлади-я, қизим. Меҳмонни ҳам қувадиларми? — деб онаси Озодани бағрига босди. Сўнг бизга юзланиб кулди. — Хафа бўлманглар, шўрлик неча кундан бери, бир этак қурут олиб сизларни пойлайди. Ким ўтса, югуриб тош устига чиқади. Шунга аразлаган. Қани болаларим, ичкарига киринглар.

Шу пайт бўсағада бир қоп-қора йигит пайдо бўлди. Уни биринчи кўришимиз эди. У бизларга ётсираб қараб турарди.
— Аброр, акаларингнинг эшагини боғласанг-чи, — деди Озоданинг онаси, сўнг яна бизга юзланди, — Аброр кеча келди. Ҳали сизларни танимайди. Шунга уялиб турибди. Ўзи яхши бола. Сизлар кираверинглар.
— Ҳозир холажон, бир жўрамиз етиб келсин. Унинг эшаги чарчаб қолди. Ана, кўринди, — деди дўстим Олим.

Ногоҳ Озода югуриб тош устига чиқди-да, ортда қолган жўрамиз томон ишоралар қилди, ҳойнаҳой, тезроқ кел демоқчи бўлди. Жўрамиз эшагини ўз ҳолича ҳайдаб, ортидан аранг пиёда келарди. Биз у етиб келгунча кутиб турдик. Сўнг ҳаммамиз ўтовга кирдик. Дастурхон ёзилган экан. Бир косадан иссиққина сут ичдик. Кейин катта карсонда қаймоқ келтирилди. Роса маза қилдик. Айтганча, биз ҳам қуруқ қўл билан борганимиз йўқ. Хуржунимиздаги мева-чева, сабзавотлардан тортиқ қилдик. Хуллас, Озода билан ярашдик. У бизни кечирди. Ташқарига чиққанимизда Озода дабдурустдан Қайнарга танбеҳ берди:
— Нега доим орқада қолиб юрасан? Отангга айт, сенга бошқа зўр эшак олиб берсин.

Табиатан камгап бу ўртоғимиз қулоғигача қизариб кетди. Нима дейишини билмай эшагини бир калтак урди. Онаси Озодага қараб тилингни кесаман дегандай ишора қилди. Озода ҳамон Қайнарнинг ортидан алланечук қараб турарди. Биз ўтовдан йироқлашдик. Ҳалиги Аброр бизни анча ергача совуққон кузатиб қўйди. Биз ўша куни нималарнидир ўз ақлимизга яраша тушунгандек бўлдик. Озода Қайнарни ёмон кўради. Ҳа, бўлмаса эшагини устидан кулармиди? Демак Қайнар ўйиндан чиқди. Ҳа, биз шундай қарорга келдик, кимнинг эшаги зўр бўлса, Озода ўшани яхши кўради. Не бахтки менинг эшагим барчасининг эшагидан кучли ва чопқир эди. Демак, Озода меники! Болалар нима дейишларини билмай қолди. Озода! Сен меникисан! Фақат меники…

* * *

Орадан бир ойлар вақт ўтди. Бу орада барча бўйинсаларим ўзлари истамаса-да, Озодадан умид узган бўлишди. Овулга яқинлашган пайтимиз мен мағрур тарзда олдга ўтардим, ўтовга ҳам биринчи кирардим. Сут улашиш ҳам мендан бошланарди. Ҳатто, Озода тутган ойина ёғдуси қаёққа тушса болалар мени ўша томонга йўллашарди. Хуллас, дориломон кунларимиз шундай ўтарди. Бора-бора болалар иккиланиб қолишди: «Озода сени севмайди. Бирор марта овлоқда гаплашганларингни кўрмадик».

Албатта, бу эътирозда жон бор эди. Бу камчилик мени ҳам анчадан бери қийнаб келардики, буни бировга айтолмай ўртанардим. Рост, у бирор марта ҳам кўнгил мойиллиги ҳақида менга ишора бермаганди-да. Ҳеч бўлмаса, Қайнарга айтганидек, бошқа эшак ол, демаган. Йўқ, у менга бир оғиз ҳам гапирган эмас. Буни ўзим ҳам сезардим. Барибир худбинликми, ёки манманликми шунга ўхшаш бир туйғу менинг паст келишимга бўйин бермасди. У меники. Тамом! Ҳа, у мени севади. Фақат айтишга уялади. Шундай ўз-ўзимни ишонтирардим. Лекин жўраларимни қуруқ гап билан ишонтириш қийин. Демак, қандайдир чора-тадбир қилишим керак. Шундагина барчасининг уни ўчади. Шу хаёллар билан юрган кунларимнинг бирида Олим шундоғам ёниб турган оловга мой сепди.
— Қачон исботлайсан? Бўл энди. Қани кўрайлик-чи?
— Шу бугун ярим кечаси овулга кетамиз. Тун ярмидан ўтганда мен ўтовга кираман. Ва Озода билан чиқаман. Ўша катта тошнинг устида ўтирамиз. Шу етадими?
— Етади.

Олим ҳамма болаларни кечаси ўтинга кетишга кўндирди. Биз гапни бир жойга қўйиб, кеч соат ўнда қишлоқдан чиқиб кетдик. Аммо Қайнар негадир боришни истамади. Эшагим тунда юролмайди, деб баҳона қилгандай бўлди. Уни ва албатта эшагини беармон сўка –сўка йўлга чиқдик. Овулдан бир тепа берида тўхтадик. Эшакларни боғладик. Пиёда борамиз. Эшакни сезиб қолиши мумкин. Мен йўлбошчи. Қанчалик ўзимни шер билмай барибир қалтирардим. Ич-ичимдан бу ишим яхши эмаслигини билиб турсам-да, барибир ўртоқларим олдида ўзимни оқлашим, «Озоданинг меники» эканлигини исботлашим керак эди. Ана, овул. Ўтовлар денгизда турган кемалардек оқариб — бўзариб кўзга ташланади. Бир зум барчамиз тикилиб қолдик. Барча уйқуда. Қизиқ, ҳатто, итларнинг ҳам саси чиқмасди. Илдамладик. Кичкина жилға ёнида тўхтадик. Дарёдан ўтсак бўлди. Овулга қадам босамиз. Тўхтадим. Олим юрмайсанми, дегандек биқинимга туртди. Тумшуғига бир туширмоқчи, ҳаммасига қўл силтаб кетмоқчи бўлдиму… лекин… Озоданинг қўлдан кетишини ўйлаб ноилож, тишимни тишимга босиб қадам босдим. Юрагим қалтираб кетди. Мана тош. Шунинг устига Озода ўтиради. Биз тош ортига беркиндик. Паналаб турибмиз. Тун осуда. Сукунат. Фақат ҳашоратлар чириллоғи дашт бўйлаб таралади. Олим яна туртди. Бўйнимга биров арқон солгандек олдинга интилдим. Икки қадам босдим. Ортга қарадим. Жўраларим тошнинг панасида. Барчасининг кўзи менга тикилганча, нафас олмай кузатиб туришарди. Яна икки қадам босдим. Мана, Озоданинг ўтови. Бир томони сал очилган. Шамол кириш учун шундай қилган бўлса керак. Мўраладим. Ҳеч кимни кўриб бўлмайди. Қараб туравердим. Кўзим қоронғуликка ўрганди. Бир маҳал қулоғим остида нафас олиш эшитилди. Юрагим товонимга тушиб кетди. Қарадим… ит экан. Мени искаб турарди. Кўзидан кўзимни узмадим. Таниди шекилли, нари кетди. Ўзимни қўлга олиб яна ичкарига қарадим. Аста-секин қайси бири Озода эканлигини билиб олдим. Ичкарига кирдим. Энди… Бутун вужудим музлаб қолган, нима иш қилаётганимни идрок қила олмасдим. Миямда фақат нимадир ўрнашиб олганди. Озодани уйғотиб, ташқарига олиб чиқаман. Тош устига борса бўлди. Бир лаҳзагина… Мен барчани енгган бўлардим. ўолибга айланардим. Қаҳрамонга айланардим… Озоданинг қошига бордим. У туш кўраётган бўлса керак, кулгучлари ўйнаб турарди. Тикилиб қолдим. Қорагина, қорамағизгина қизалоқ, жуда-жуда чиройли! Ёнбошига ағдарилди. Бақириб юборишимга сал қолди. Қўлимни сочига олиб бордим. Силадим. У ҳеч нарсани сезмади. Юзига қўлимни тегиздим. У бир нимани сезгандик, қоши чимирилди ва бирдан бақириб юборди. Худди шу лаҳзада мен ҳам дод деб юбордим. Билмадим нима учун. Қочдим. Шошганимдан кимнидир босиб кетдим. «Ваҳ» этган овоз эшитилди. Овулда шовқин бошланди. Ит изимдан қувиб кетди. Қочяпман. Осмонга ўқ узилди. Бутун овул оёққа қалққан эди. Кетяпман. Ортимдан одамлар югуриб келяпти. Кучук… бунча қувмаса бу. Нимагадир қоқилдим ва йиқилдим. Қолгани эсимда йўқ…

* * *

Кўзимни очганимда аллақачон қуёш чиқиб кетганди. Ўтовда ётибман. Бошим оқ латта билан танғиб боғланган. Оёқ томонимда Озоданинг отаси. Бош томонимда жўраларим. Тамом. Энди ҳаммамизни итдай отиб ташлайди. Озода кўринмасди. Аброрга ҳам кўзим тушмади. Сездим, кеча мени айнан ўша тутиб олган. Онаси ўтовнинг бир бурчагида бир нуқтага тикилганича жим турибди. Ўзимга келганимни кўрган отаси ташқарига чиқиб кетди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қайтиб келди. Қўлида коса. Қатиқ. Менга тутқазди. Олдим. Шу пайт коса ичига бир сиқим қора куя солди.

— Оппоқ эди-я. Ҳа, энди қора бўлди. Сенга топшириқ, қатиқни ўз ҳолига келтир!
Қўлимда коса нима қиларимни билмай қотиб туравердим. Ўрнимдан турдим-у, ташқарига отилдим. Югуриб кетдим. Бошим лўққиларди. Қўлимда қора қатиқ тўла коса. Югуриб кетаяпман. Нега? Қаёққа кетяпман, буни ўзим ҳам билмасдим. Лекин югураяпман. Чопиб кетаяпман…

* * *

Озода! Мени кечир. Мана бугун хатинг қўлимда туриб шуни тушундимки, ўшанда дунёдаги энг разил одам бўлган эканман. Сени унутганим йўқ. Фақат эслашдан қўрқардим. Хаёлимга келсанг отанг менга тутқазган қоп-қора қатиқ кўзимга қадалиб қолаверади. Билдим, сени ўша тонгда Аброрга қўшиб шаҳарга жўнатишган экан. Мен сени бошқа кўрмадим. Сени излашни, топишни қанча хоҳлаган бўлсам, шунча қўрқардим. Ўзинг биласан. Мени ўтовингга нима мақсадда кирганимни, кейин бўлса ҳам, ҳарнечук эшитгансан. Олим айтиб берган. Тўғри, барибир… яхши иш бўлмаганди. Ҳа, шу воқеадан кейин сизлар ўша яйловга бошқа кўчиб бормадингизлар. У ерлар қайсидир фермернинг мулкига айланди. Мен ҳам ўша йили пойтахтдаги лицейга кетдим.

* * *

Хонамдан чиқувдим ҳамки котиба жилмайди.
— Ким у Озода?
Индамадим. Ташқарига чиқдим. Таҳририят эшиги олдида бир йигит турган экан. Бу Аброр эди. Бир кўришдан танидим. Назаримда, Озода шунга теккан. Ўн қадамлар сўссиз кетдик.
— Икки йил олдин овулга боргандим. Томоша учун. Овулнинг файзи қолмабди, — у шундай деб бироз жимиб қолди. — Озода менга ҳам тегмади. Уни мен ҳам яхши кўрардим. У… биласанми, кимни яхши кўрарди? Қайнарни!

Илкис бошимни кўтардим. Ҳозироқ бошимга осмон қулайдигандек беихтиёр кўзларимни юмиб олдим. Бутун баданим бўйлаб чақмоқ чақилди.
— Ҳа, менга буни ўзи айтган. Мен шунча гапни била туриб унга уйланишга ҳаракат қилдим. Биласан, бу пайтда Қайнар оғир касал эди. Лекин то сўнгги нафасигача Озода ундан кўнгил узмади. Унинг Қайнарнинг қабри бошида йиғлаганини эсласам, ҳамон дунё кўзимга тор кўринади. Қайнар яхши йигит эди. Лекин… умри қисқа экан… Озода бир чўпон йигитга тегиб кетди.

Аброр қисқагина хайрлашиб, қўлимни қаттиқ сиқди-да, мендан узоқлашди. Мен йўл ўртасида, чорраҳада қайси томонга юришни билмай туравердим. Туравердим. Карахт эдим. Қайнар вафот этганида онаси «бечорагинам» деб йиғлаганди. Йўқ, Қайнар бечора эмас экан. Ҳа, у гарчи жуда эрта вафот этган бўлса-да, дунёдаги энг чиройли қизнинг юрагида мангу яшамоқда. Зеро, севилган одам бечора бўлмайди… Озода ҳамиша эшаги ортда қоладиган Қайнарни севган экан! Нега биз шуни тушунмадик? Ахир у ҳам қадрдон жўрамиз эди-ку. Қайнар, эшитяпсанми? Озода сени яхши кўраркан?! Ҳа, фақат сени…

Мен… Бўлди бошқа гап йўқ…

003

Sanjar TURSUNOV
IKKI HIKOYA
094

Sanjar Tursunov 1986 yilda Surxondaryo viloyatining Sariosiyo tumani Sangardak qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Davlat san`at va madaniyat ins­titutining jurnalistika bo’limini bitirgan. Ayni paytda «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasida xizmat qilmoqda.

034

MUZAFFAR TONG

09Bugun u birinchi marta sovqotdi. Barmog’ining uchi, tirnog’ining ostlari zirqirab og’ridi. Oyog’ini xuddi ot singari yerga qattiq-qattiq urib, sovuqni biroz bo’lsa-da, yengmoqchi bo’ldi.

Shamol qulog’ining ostida nimadir g’uldirab esar, g’ir-g’ir ovozdan miyasi g’ovilab ketdi o’ziyam. “YO, tovba, shamolning ovoziyam shunaqa xunuk bo’ladimi” deb dilidan o’tkazarkan, nega shu paytgacha bilmadim-a, deya ajabsindi.

Narigi bog’dan otning pishqirgani eshitildi. “Ha, vaqt bo’libdi.” Ot sari borar ekan, negadir badani junjikdi. “Ey, xudo bu safar ham noumid qilma”, deb pichirlagan bo’ldi. Makka poyalarini tortib-tortib chaynayotgan ot, egasiga umidvor: “Yana yuramizmi?”, degan ma’noda qaradi. Buni tushungan egasi “Senam ezilib ketding-a”, deb otning yolini siladi. Oradan bir tuxum pishgulik vaqt o’tib ot va uni mingan odam tun qo’yniga kirib borardi.

* * *

Bu tomonlarda To’ra polvonni bilmaydigan el-ulus yo’q. Ham polvon ham chavandoz degich edi uni odamlar. Yana bunday ham derdilar: To’ra polvon bor ekan — kurash bor. To’ra polvon bor ekan — to’y bor.

Ha, odamlar uni juda yaxshi ko’rishadi. Polvonning qiziq odati bor-da. Kunlar qiziy boshlaganda ustachilik qiladi. Baloday usta. Bostirma, qo’yxona, molxona, hatto katta uylarniyam bemalol yopib beradi. Vey, uning paxsa urishini. Tekis, burama joyini topib bo’psiz.

Beshta oti bor. Har birini bosh­qacha yaxshi ko’radi. Otlariyam g’alati. O’ziga o’xshab qaysar. Polvondan so’ramasdan minsangiz ikki sakrab ustidan uchirib tushiradi. Shu, kuzning ikkinchi oyida polvon qishloqdan ketadi. Qashqadaryoning cho’liyu Samarqandning tog’i dashti qolmaydi. Qaerda ko’pkari, kurash bo’lsa polvon o’sha yerda. Dekabrning o’rtalarida besh ot to’la sovrin bilan qaytadi. To yangi yilga qadar bayram edi polvonning uyida. Kerak bo’lsa, butun qishloq ayollariga sov­g’a ulashar, erkaklarni-ku, aytmay qo’yavering. Yigirmadan ortiq qo’y-echki, ot, buqa va bir qancha antiqa gilamlar. Bay-bay bu sovg’alar har kimning ko’zini o’ynatardi-da. Polvonni hamma yaxshi ko’rar, unga havas qilar… lekin negadir uni shogirdi yo’q edi. Ha, to’g’ri bir ikki bola kelgan, lekin nimasidir polvonga ma’qul kelmaganmi, yo ko’zi yetmaganmi, xullas kalom, qishloqda polvonning izidan ko’ksiga urib chiqadigan polvon topilmasdi.

* * *

Eshaklar baland hangray boshladi. Polvon otiga qamchi bosdi. Sovuq shamol zabtiga olar, otning ikki qulog’i orasidan bir tegirmon suvidek shamol yuziga urilar, polvonning nafasi qaytar, egar ustiga biroz egilgan kuyi tezlashardi. Eshak yana hangradi. Polvonning yodiga bundan ancha yil burun, bir mahmadonaning gapi tushdi:

— To, polvon bor ekan, hatto narigi qishloqning eshaklari ham hang­ramaydi.

“Nima balo mendan omad ketdimi? Mahmadonaning gapini qara: — eshak hangramasmish. Mana, hangradi-ku. Kamiga bir necha marta”. Polvonning yuragi lo’killay boshladi:

— Chu, jonivor…

Holatini qorong’u tunga-da, sezdirishni or bilib bedovga qamchi tortdi.

“Eshak beforasat maxluq keladi. Bo’lsa-bo’lmasa hangraydi-da. Buni mening kimligimga daxli yo’q”.

Ot tezlashdi. Polvon ot qadamiga mos tebrandi. Ming yillik g’ayrati qaytib kelganday ruhi tetiklashdi.

To’yxonaga kirib borganda, odamlar aylana hosil qilib, kurashni allaqachon boshlab yuborgandi. Polvon otini bir chekka yolg’iz adl turgan terakka arqonladi. Beixtiyor daraxtga tikildi, boshiga bu o’y keldi: “Yolg’iz. Lekin ancha mag’rur… Menga o’xshab”. Xayolidan-da cho’chib, birov eshitib qolmadimi, deb atrofga alangladi. Barcha kurash bilan andarmon. Hech kim sezmabdi.

Polvon davraga yaqinlashdi va xuddi aybdor bola singari bir chekkaga qunishib o’tirdi. Uning kelganini birov sezmadi. Polvonlar irillab bellashardi. Shu chog’ bir polvon raqibini chilga olganda oyog’i ilkis sirpanib ketdi. Shunda qora bulutday polvonning bundan ikki hafta burun, narigi qishloqda bo’lgan kurash esiga tushdi.

O’shanda ham xuddi shunday bo’luvdi. Chilga bosib ediki, oyog’i toyidi. Ko’z oldi qorong’ulashdi va bor kuchini (ehtimol shu damdan oldin bu qadar tezlashmagandir, balki bundan so’ng ham bunday bo’lmas) to’plab chala yonbosh tushdi. Odamlar “o’vv” deb yuborishdi. Yana qo’l olishdi, polvon bir vajohat bilan raqibini yerga bosgandi. Bu o’tdi. Keyin… odamlarning gap-so’zi polvonni rostakamiga bir o’ylab ko’rishga undadi. Mana, yosh ham qirqqa qarab boryapti. Hali-hanuz shogirdi — izbosari yo’q. Nahotki To’ra polvon qishlog’i, yigirma yildan ziyoda vaqt yelkasi yer ko’rmagan polvon, doim g’olibni olqishlab o’rgangan qishloqdoshlari, bundan so’ng boshini egib yurishsa, bunga chidab bo’ladimi? Polvon shu o’ylar bilan ezilib turganda, bakovulning gapi o’yini bo’ldi:

— Sangardak qishlog’idan bormi?

Davra avvaliga g’ovurlandi va sekin-asta pashsha uchsa eshitilar darajada jimib qoldi. Bakovul yana so’ragandi, o’sha jimlik bilan javob oldi. Davraning mutloq g’olibi, Otqamar qishlog’idan Abdi polvon ko’kragini g’oz kerib turardi. Polvon uni ancha oldin kuzatib yurgan, tanasida joni bor yigit. Katta polvon bo’lishini ich-ichidan sezar, “eh, shunday shogirdim bo’lsa”, deb umidlanardi. Polvon ikkilanib qoldi: “Chiqaymi yo… yo’q, hayiqqanim yo’q. Chiqsam, albatta yiqitaman. Lekin u hali yosh bola”. Bakovul yana takrorladi. Bu safar chiqmasa bo’lmas. Kimdir To’ra polvon deb shivirladi. Odamlar bilibdi. Shivir-shivir kuchayib shovqinga aylanganda, bakovul To’ra polvonni maydonga chorladi. Polvon ikki qadam bogandi “bu kim bo’l­di”, degan ovozdan so’ng ser solib davraga qaradi. O’n yet­ti yoshlar atrofida bir bo’z yigit Abdi polvon yoniga borib kurashga roziligini bildirdi va fotihaga qo’l yozdi.

* * *

Osmonning bir cheti oqarib kelar, milt etgan shu’layu qilt etgan shamol yo’q, atrof ajib bir sukunatda xuddi orom olib uxlayotgan chaqaloq singari osuda va tinchlik edi. Polvon otning jilovidan tutib kelar, yuzi ko’zida o’tgan umridan rozidek bir kayfiyat muhrlangandi. Ot ustida esa boyagi kurash tushgan polvon o’tirardi. Sangardakning ikki o’g’li va yaylovida “parvoz” qilib yurgan oti tongni shunday g’oliblik nashidasi ila qarshilamoqda edi…

OQ OVULNING OZODASI

Tahririyat eshigidan kirishim bilan kotiba oldimga yugurib keldi.
– Sizga xat bor. Bir yigit tashlab ketdi.

Qiziq, kim bo‘ldi ekan? Nega aynan xat? Telefon qilsa ham bo‘lardi-ku. Yo biror do‘stim hazillashdimi? Goho, hamsaboq do‘stlar bir-birimizning ishxonamizga shu taxlit maktub yo‘llab hazillashib turamiz. Hoynahoy, qo‘limdagi ham shunday sho‘xliklar mahsuli bo‘lsa kerak.

Xatni olib xonamga kirdim. Shoshib kimdan kelganini o‘qidim. Konvert ustiga gazetamiz nomidan bo‘¬lak hech narsa yozilmagan. Ochdim. Birinchi navbatda imzoga qaradim. Qaradimu qotib qoldim: “Oq ovulning Ozodasi…” Hayotda shunday lahzalar bo‘ladiki, o‘sha lahza uchun butun hayotingni tiksang arziydi. Yana shunday lahzalar bo‘ladiki, butun hayoting o‘sha lahza sabab izidan chiqib ketadi.

* * *

Bolalik yakuni yo‘q tushga o‘xshaydi. Bu oltin damlarda ko‘ngling tusaganini qilasan, xayollar qanotida bearmon uchasan. Birov seni ayblamaydi. Ba’zan yigirma kun oldin yuz bergan biror muhim voqeani tuzuk- quruq eslayolmaydi kishi. Ammo yigirma yil avval sodir bo‘lgan g‘ira-shira hodisa hamisha xotirasida turadi. Nega? Hoynahoy, biz bolalikdan ketsak-da, u bizdan ayrilishni istamay doimo ta’qib qilib yuradi. Goh quvonchli, goh g‘ussali nimasi bilandir o‘zini eslataveradi. Hayotimizning har bo‘lagida paydo bo‘¬laveradi. Mana, bugun mening yuragimning qay bir chetida berkinib yotgan bir ism tilimga qalqib chiqdi. Oq ovulning Ozodasi. U bizning bolalik osmonimizdagi yorug‘ yulduz! Axir, u ilk sevgi, ilk talpinish, ilk iztirob! Aynan shu qiz sharofatidan ilk bor ust-boshimizga e’tibor beradigan, ko‘zguga qarab soch taraydigan bo‘lganmiz. Eh, Ozoda!. Unutmabsan-da. Bu odamzor dunyoda odamlar orasida hamon meni eslab yurganing uchun rahmat. Shu kichkinagina maktubing meni ovulga olib ketdi. Oq ovul…

* * *

Mo‘ylabi endigina sabza ura boshlagan o‘spi¬rinlar edik. Bahor adoqlagan kunlarning birida besh bo‘yinsa toqqa o‘tinga chiqdik. Bahaybat archalarning qurigan shox-shabbalarini yig‘ib-terib eshakka ortib kelamiz. Bu aslida tinka quritar yumush. Lekin biz bolalar o‘yinqaroqlik bilan hamma mashaqqatlarni yengamiz. Yo‘l-yo‘lakay hatto Oqovulga qo‘nib o‘tishga ham ulguramiz Oq ovul biz o‘tinga boradigan tog‘ning shundoqqina biqinida. Keng, ko‘m-ko‘k yaylov. Son-sa-noqsiz sigirlar o‘tlab yuradi. Ozodalar har ba¬hor¬ning adoqlarida suruv-suruv sigirlarni haydab kelishadi. Kuz ko‘z ochib mo‘ralay boshlagunga qadar shu yerlarda makon tutishadi. Ozoda qoramag‘izgina, istarasi issiq, biz tengi qiz. Quyosh baland tog‘ tepasiga qo‘ngan payt ovul oldida paydo bo‘lamiz. Xurjunimizda qishloq do‘konidan olingan pomidoru bodring. Ozoda pomidorni shoshib tishlaydi. Qip-qizil suvi ust-boshiga sachraydi. Biz kulamiz. U ham jilmayadi. Ozodaning onasi cho‘ntaklarimizni to‘ldirib-to‘ldirib qurut beradi. Bizning murodimiz hosil bo‘lib, rahmat ayta-ayta toqqa chiqib ketamiz. Tog‘ boshidan ularning o‘tovi kaftdagidek ko‘rinadi. Tevarak yam-yashil. O‘n ikkita ola-quroq o‘tov. Ana, o‘rtadagisi Ozodalarniki. Qiz qo‘lida kattakon oyina. Biz tomonga tutadi. Ahyon-ahyon ko‘zlarimiz ilkis yog‘dudan qamashib ketadi. Biz oyna aksi qayon tushsa o‘sha tomonga yuguramiz. Ozoda buni sezadi chog‘i, oyina tutmay qo‘yadi. Endi bizlar xuddi kelishgandek boltani jo‘r bo‘lib archaga uramiz. Bir… Ikki… Uch. Zarblar aks- sadosi xuddi “O-zo-da” degandek bo‘ladi. Ozoza sezadi va yana oynani qo‘liga oladi. Shunday o‘yinlar bilan quyosh botganda pastga bir eshak o‘tinni ortib tushamiz. Ozoda oldimizga yugurib chiqadi. Ovulda undan boshqa yana o‘ndan ortiq, yoshlari bizdan katta qizlar bor edi. Ular bizni mensimas, “mittilar” deyishardi. Opalarining atamasidan uyalgandek, Ozoda nigohlari bilan bizdan uzr so‘rardi. Yana cho‘ntaklarimizni qurutga to‘ldirib uyga qaytamiz. Yo‘lda urush-janjal boshlanadi: “Ozoda meni yaxshi ko‘radi.” Shu so‘z barchamizni kuchli, o‘tda yonmas, suvda cho‘kmas qilib qo‘yadi.

Oradan uch kun o‘tib yana o‘tinga chiqdik. Chunki maktabga borgandik. O‘sha har doimgi vaqtda ovulda paydo bo‘ldik. Yoshi katta qizlar sigirlarni sog‘ar, erkaklar buzoqlarning arqonidan tortqilab qizlarga nimalardir deb turardi. Bizni birinchi bo‘lib ovul itlari payqadi. Daralarni boshiga ko‘tarib hura ketishdi.
Ozoda katta toshning ustida, bizdan yuzini o‘girib o‘tirardi. Eshaklarimizni xalalab u tomon yurdik. U o‘rnidan turib o‘tov ichiga kirib ketdi. Biz nima qilarimizni bilmay qotib qolaverdik. Sut sog‘ayotgan opalar xandon otib kulishdi. Yonidagi yigitlar ham jo‘r bo‘lishdi. Biz… karaxt edik. Na ketamiz, na eshakdan tushamiz. Bir mahal o‘tovdan Ozodaning onasi chiqib keldi. Barchamiz salom berdik. U alik olib biz bilan so‘rashdi.
– Nega ko‘rinmay ketdinglar? Ozoda ichikib qoldi-ku, – dedi jilmayganicha.
– Ena, unaqa demang – deb ichkaridan Ozoda piqilab yig‘lab chiqdi. – Men bularni yomon ko‘raman. Ayting, endi hech qachon kelishmasin.
– Hay-hay, uyat bo‘ladi-ya, qizim. Mehmonni ham quvadilarmi? – deb onasi Ozodani bag‘riga bosdi. So‘ng bizga yuzlanib kuldi. – Xafa bo‘lmanglar, sho‘rlik necha kundan beri, bir etak qurut olib sizlarni poylaydi. Kim o‘tsa, yugurib tosh ustiga chiqadi. Shunga arazlagan. Qani bolalarim, ichkariga kiringlar.

Shu payt bo‘sag‘ada bir qop-qora yigit paydo bo‘ldi. Uni birinchi ko‘rishimiz edi. U bizlarga yotsirab qarab turardi.
– Abror, akalaringning eshagini bog‘lasang-chi, – dedi Ozodaning onasi, so‘ng yana bizga yuzlandi, – Abror kecha keldi. Hali sizlarni tanimaydi. Shunga uyalib turibdi. O‘zi yaxshi bola. Sizlar kiraveringlar.
– Hozir, xolajon, bir jo‘ramiz yetib kelsin. Uning eshagi charchab qoldi. Ana, ko‘rindi, – dedi do‘stim Olim.
Nogoh Ozoda yugurib tosh ustiga chiqdi-da, ortda qolgan jo‘ramiz tomon ishoralar qildi, hoynahoy, tezroq kel, demoqchi bo‘ldi. Jo‘ramiz eshagini o‘z holicha haydab, ortidan arang piyoda kelardi. Biz u yetib kelguncha kutib turdik. So‘ng hammamiz o‘tovga kirdik. Dasturxon yozilgan ekan. Bir kosadan issiqqina sut ichdik. Keyin katta karsonda qaymoq keltirildi. Rosa maza qildik . Aytgancha, biz ham quruq qo‘l bilan borganimiz yo‘q. Xurjunimizdagi meva-cheva, sabzavotlardan tortiq qildik. Xullas, Ozoda bilan yarashdik. U bizni kechirdi. Tashqariga chiqqanimizda Ozoda dabdurustdan Qaynarga tanbeh berdi.
– Nega doim orqada qolib yurasan? Otangga ayt, senga boshqa zo‘r eshak olib bersin.
Tabiatan kamgap bu o‘rtog‘imiz qulog‘igacha qizarib ketdi. Nima deyishini bilmay eshagini bir kaltak urdi. Onasi Ozodaga qarab «tilingni kesaman» deganday ishora qildi. Ozoda hamon Qaynarning ortidan allanechuk qarab turardi. Biz o‘tovdan yiroqlashdik. Haligi Abror bizni ancha yergacha sovuqqon kuzatib qo‘ydi. Biz o‘sha kuni o‘z aqlimizga yarasha nimalarnidir tushungandek bo‘ldik. Ozoda Qaynarni yomon ko‘radi. Ha, bo‘lmasa eshagining ustidan kularmidi? Demak, Qaynar o‘yindan chiqdi. Ha, biz shunday qarorga keldik, kimning eshagi zo‘r bo‘lsa Ozoda o‘shani yaxshi ko‘radi. Ne baxtki mening eshagim barchasining eshagidan kuchli va chopqir edi. Demak, Ozoda meniki! Bolalar nima deyishlarini bilmay qoldi. Biz kelishib oldik. Ozoda! Sen menikisan! Faqat meniki…

* * *

Oradan bir oylar vaqt o‘tdi. Bu orada barcha bo‘yinsalarim o‘zlari istamasa-da, Ozodadan umid uzgan bo‘lishdi. Ovulga yaqinlashgan paytimiz men mag‘rur tarzda oldga o‘tardim, o‘tovga ham birinchi kirardim. Sut ulashish ham mendan boshlanardi. Hatto, Ozoda tutgan oyna yog‘dusi qayoqqa tushsa, bolalar meni o‘sha tomonga yo‘llashardi. Xullas, dorilomon kunlarimiz shunday o‘tardi. Bora-bora bolalar ikkilanib qolishdi: “Ozoda seni sevmaydi. Biror marta ovloqda gaplashganlaringni ko‘rmadik.”
Albatta, bu e’tirozda jon bor edi. Bu kamchilik meni ham anchadan beri qiynab kelardiki, buni birovga aytolmay o‘rtanardim. Rost, u biror marta ham ko‘ngil moyilligi haqida menga ishora bermagandi-da. Hech bo‘lmasa, Qaynarga aytganidek, boshqa eshak ol, demagan. Yo‘q, u menga bir og‘iz ham gapirgan emas. Buni o‘zim ham sezardim. Baribir xudbinlikmi yoki manmanlikmi, shunga o‘xshash bir tuyg‘u mening past kelishimga bo‘yin bermasdi. U meniki. Tamom. Ha, u meni sevadi. Faqat aytishga uyaladi. O‘z-o‘zimni shunday ishontirardim. Lekin jo‘ralarimni quruq gap bilan ishontirish qiyin. Demak, qandaydir chora-tadbir qilishim kerak. Shundagina barchasining uni o‘chadi. Shu xayollar bilan yurgan kunlarimning birida Olim shundog‘am yonib turgan olovga moy sepdi.
– Qachon isbotlaysan? Bo‘l endi. Qani ko‘raylik-chi?
– Shu bugun yarim kechasi ovulga ketamiz. Tun yarmidan o‘tganda men o‘tovga kiraman. Va Ozoda bilan chiqaman. O‘sha katta toshning ustida o‘tiramiz. Shu yetadimi?
– Yetadi.

Olim hamma bolalarni kechasi o‘tinga ketishga ko‘ndirdi. Biz gapni bir joyga qo‘yib, kech soat o‘nda qishloqdan chiqib ketdik. Ammo Qaynar negadir borishni istamadi. Eshagim tunda yurolmaydi, deb bahona qilganday bo‘ldi. Uni va albatta eshagini bearmon so‘ka-so‘ka yo‘lga chiqdik. Ovuldan bir tepa berida to‘xtadik. Eshaklarni bog‘ladik. Piyoda boramiz. Eshakni sezib qolishi mumkin. Men yo‘lboshchi. Qanchalik o‘zimni sher bilmay baribir qaltirardim. Ich-ichimdan bu ishim yaxshi emasligini bilib tursam-da, baribir o‘rtoqlarim oldida o‘zimni oqlashim, Ozoda meniki ekanligini isbotlashim kerak edi. Ana, ovul. O‘tovlar dengizda turgan kemalardek oqa¬rib-bo‘zarib ko‘zga tashlanadi. Bir zum barchamiz tikilib qoldik. Barcha uyquda. Qiziq, hatto, itlarning sasi chiqmasdi. Ildamladik. Kichkina jilg‘a yonida to‘xtadik. Daryodan o‘tsak bo‘ldi. Ovulga qadam bosamiz. To‘xtadim. Olim, yurmaysanmi, degandek biqinimga turtdi. Tumshug‘iga bir tushirmoqchi, ham¬masiga qo‘l siltab ketmoqchi bo‘ldimu… lekin… Ozodaning qo‘ldan ketishini o‘ylab noiloj, tishimni tishimga bosib qadam bosdim. Yuragim qaltirab ketdi. Mana tosh. Shuning ustiga Ozoda o‘tirardi. Biz tosh ortiga berkindik. Panalab turibmiz. Tun osuda. Sukunat. Faqat hashoratlar chirillashi dasht bo‘ylab taraladi. Olim yana turtdi. Bo‘ynimga birov arqon solgandek oldinga intildim. Ikki qadam bosdim. Ortga qaradim. Jo‘ralarim toshning panasida barchasining ko‘zi menga tikilgancha, nafas olmay kuzatib turishardi. Yana ikki qadam bosdim. Mana, Ozodaning o‘tovi. Bir tomoni sal ochilgan. Shamol kirishi uchun shunday qilgan bo‘lsa kerak. Mo‘raladim. Hech kimni ko‘rib bo‘lmaydi. Qarab turaverdim. Ko‘zim qorong‘ulikka o‘rgandi. Bir mahal qulog‘im ostida kimningdir nafas olishi eshitildi. Yuragim tovonimga tushib ketdi. Qaradim… it ekan. Meni iskab turardi. Ko‘zidan ko‘zimni uzmadim. Tanidi shekilli, nari ketdi. O‘zimni qo‘lga olib yana ichkariga qaradim. Asta-sekin qaysi biri Ozoda ekanligini bilib oldim. Ichkariga kirdim. Endi… Butun vujudim muzlab qolgan, nima ish qilayotganimni idrok qila olmasdim. Miyamda faqat bir xayol o‘rnashib olgandi. Ozodani uyg‘otib, tashqariga olib chiqaman. Tosh ustiga borsa bo‘ldi. Bir lahzagina… Men barchani yenggan bo‘lardim. G‘olibga aylanardim. Qahramonga aylanardim… Ozodaning qoshiga bordim. U tush ko‘rayotgan bo‘lsa kerak, kulgichlari o‘ynab turardi. Tikilib qol¬dim. Qoragina, qoramag‘izgina qizaloq, juda- juda chiroyli! Yonboshiga ag‘darildi. Baqirib yuborishimga sal qoldi. Qo‘limni sochiga olib bordim. Siladim. U hech narsani sezmadi. Yuziga qo‘limni tegizdim. U bir nimani sezgandek, qoshi chimirildi va baqirib yubordi. Xuddi shu lahzada men ham dod deb yubordim. Bilmadim, nima uchun. Qochdim. Shoshganimdan kimnidir bosib ketdim. “Vah” etgan ovoz eshitildi. Ovulda shovqin boshlandi. It izimdan quvib ketdi. Qochyapman. Osmonga o‘q uzildi. Butun ovul oyoqqa qalqqan edi. Ket¬yapman. Ortimdan odamlar yugurib kel¬yapti. Kuchuk… buncha quvmasa bu. Nimagadir qo¬qi¬lib yiqildim. Qolgani esimda yo‘q…

* * *

Ko‘zimni ochganimda allaqachon quyosh chiqib ketgandi. O‘tovda yotibman. Boshim oq latta bilan tang‘ib bog‘langan. Oyoq tomonimda Ozodaning otasi. Bosh tomonimda jo‘ralarim. Tamom. Endi hammamizni itday otib tashlaydi. Ozoda ko‘rinmasdi. Abrorga ham ko‘zim tushmadi. Sezdim, kecha meni aynan o‘sha tutib olgan. Onasi o‘tovning bir burchagida bir nuqtaga tikilganicha jim turibdi. O‘zimga kelganimni ko‘rgan otasi tashqariga chiqib ketdi. Hech qancha vaqt o‘tmay qaytib keldi. Qo‘lida kosa. Qatiq. Menga tutqazdi. Oldim. Shu payt kosa ichiga bir siqim qorakuya soldi.
– Oppoq edi-ya. Ha, endi qora bo‘ldi. Senga top¬shiriq, qatiqni o‘z holiga keltir!
Qo‘limda kosa, nima qilarimni bilmay qotib turaverdim. O‘rnimdan turdim-u, tashqariga otildim. Yugurib ketdim. Boshim lo‘qillardi. Qo‘limda qora qatiq to‘la kosa. Yugurib ketayapman. Nega? Qayoqqa ket¬yapman, buni o‘zim ham bilmasdim. Lekin yugurayapman. Ketayapman…

* * *

Ozoda! Meni kechir. Mana, bugun xating qo‘limda turib shuni tushundimki, o‘shanda dunyodagi eng razil odam bo‘lgan ekanman. Seni unutganim yo‘q. Faqat eslashdan qo‘rqardim. Xayolimga kelsang, otang menga tutqazgan qop-qora qatiq ko‘zimga qadalib qolaveradi. Bildim, seni o‘sha tongda Abrorga qo‘shib shaharga jo‘natishgan ekan. Men seni boshqa ko‘rmadim. Seni izlashni, topishni qancha xohlagan bo‘lsam, shuncha qo‘rqdim. O‘zing bilasan. Mening nima maqsadda kirganimni, keyin bo‘lsa ham, harnechuk eshitgansan. Olim aytib bergan. Baribir… yaxshi ish bo‘lmagandi. To‘g‘ri, bu voqeadan keyin sizlar o‘sha yaylovga boshqa ko‘chib bormadingiz. U yerlar qaysidir fermerning mulkiga aylandi. Men ham o‘sha yili poytaxtdagi litseyga ketdim.

* * *

Xonamdan chiquvdim hamki, kotiba jilmaydi.
– Kim u Ozoda?

Indamadim. Tashqariga chiqdim. Tahririyat eshigi oldida bir yigit turgan ekan. Bu Abror. O‘sha, bir ko‘rishdan tanidim. Nazarimda, Ozoda shunga tekkan. O‘n qadamlar so‘zsiz ketdik.

– Ikki yil oldin ovulga borgandim. Tomosha uchun. Ovulning fayzi qolmabdi, – u shunday deb biroz jimib qoldi. – Ozoda menga ham tegmadi. Uni azaldan yax¬shi ko‘rardim. U… bilasizmi, kimni yaxshi ko‘rardi? Qaynarni!

Ilkis boshimni ko‘tardim. Hoziroq boshimga osmon qulaydigandek beixtiyor ko‘zlarimni yumib oldim. Butun badanim bo‘ylab chaqmoq chaqildi.
– Ha, menga buni o‘zi aytdi. Men shuncha gapni bila turib, unga uylanishga harakat qildim. Bilasiz, bu paytda Qaynar og‘ir kasal edi. Lekin to so‘nggi nafasigacha Ozoda undan ko‘ngil uzmadi. Uning Qaynarning qabri boshida yig‘laganini eslasam, hamon dunyo ko‘zimga tor ko‘rinadi. Qaynar yaxshi yigit edi. Afsus, umri qisqa ekan… Ozoda bir cho‘pon yigitga tegib ketdi.

Abror qisqagina xayrlashib, qo‘limni qattiq siq¬di-da, mendan uzoqlashdi. Men-chi?! Men yo‘l o‘r-tasida, chorrahada qaysi tomonga yurishni bilmay turaverdim. Turaverdim. Nega? Nega? Qaynar vafot etganida, onasi «bechoraginam» deb yig‘lagandi. Yo‘q, Qaynar bechora emas ekan. Ha, u garchi juda erta vafot etgan bo‘lsa-da, dunyodagi eng chiroyli qizning yuragida mangu yashamoqda. Zero, sevilgan odam bechora bo‘lmaydi… Ozoda hamisha eshagi ortda qoladigan Qaynarni sevar ekan! Nega biz shuni tushunmadik? Axir u ham qadrdon jo‘ramiz edi-ku. Qaynar, eshityapsanmi? Ozoda seni yaxshi ko‘rarkan? Ha, seni…

Men… Bo‘ldi, boshqa gap yo‘q…

003

(Tashriflar: umumiy 308, bugungi 1)

Izoh qoldiring