Shahriyor Shavkat. She’rlar

28   Шаҳриёрнинг шеърлари,ростини айтсам, ажабтовур даражада оддий ва ғаройиб бир шаклда мураккаб. Уларда нималардир бордай ва нималардир ўз-ўзидан буткул йўқолгандай. Нималардир мавҳум, нималардир маълум… Унинг битикларидаги покизалик, соддаликни еттинчи тарафдан туриб тасвирлаш(га уриниш) эътиборни тортади… (Мирзоҳид Музаффар мактубидан)

Шаҳриёр Шавкат
ШЕЪРЛАР
07

***

Шундай расм чизанг, тўймасанг кўриб,
Шундай расм чизсанг, йўғрилса ҳавас,
Чизсанг, қалам тутиб ё хаёл суриб
( Бунинг учун рассом бўлиш шарт эмас!).

Шундай расм чизанг, ўнгланса тушлар,
Қатор-қатор бўлиб, бузилмай сафи,
Симёғоч торига тизилган қушлар,
Чуғурлашиб турса марварид каби.

Чизсанг юзда қолган меҳр тасвирин,
Қизариқ юракка этолса таъсир,
Ширин тасвир бўла, шуқадар ширин
Ўпилмаган қизнинг лабидек тасвир.

Чизсанг томчиларни булутлар билан,
Шафақни куйдирган қуёш изларин,
Ҳатто келиб турса тасвирларингдан
Ёмғирдан кейинги тупроқ ислари!

Чанасини тортган болани чизсанг,
Этикчаси тойиб-тойиб кетишин.
Тишин тиққиллатиб жилмайса аранг,
Юзчаси қизариб бурун тортишин
Чизсанг!

Шамолларни чизсанг ўз рангги билан,
Сочингни тўзғитган озод шамолни.
Кўзингга энг таниш байроқ бағридан
Оқиб-оқиб турган озод шамолни!

Маломат чекиблар қолишса чунон
Дунёнинг жамики малолатлари.
Шундай расм чизсанг, унда ҳеч қачон
Бўлмаса бахтсизлик аломатлари!

***

Сиз ёмғирни яхши кўрасиз,
Тинглайсиз томчилар навосин,
Лекин сира билмайсиз ҳануз
Юрагимнинг обу-ҳавосин!

Сиз ёмғирни яхши кўрасиз,
Мен Бетҳовен эмасман афсус,
Кўзинггизда ноталар сузар,
Сўз оқади томиримда, Сўз!

Биламанки, ёмғирдек келиб,
Бир инжа, бир форам, бир нафис,
Юзимда, лабимда, сирғалиб,
Куй чалмайди
Бармоқларинггиз!..

Биламанки, барчаси беҳуд,
Беҳудадир ҳисларим шавқи,
Ўртамизда тафоввуд мавжуд,
Тафоввудки; сукут ва шовқин…

Кечикканман, бўлар иш бўлган,
Сизда шодлик, менда эса дард.
Кўнглинггизни мавҳ этиб олган
Мендан аввал лаънати Моцарт!..

Англашимча, барчаси тамом,
Кўнглинггиз бошқага эримас,
Сиз ёмғирни яхши кўрасиз,
Моцартни,
Нотани,
…менимас!

* * *

Тушларимда кутдим ташрифингизни,
Кўргим келган эди сизни жуда ҳам.
Тушларимда кутдим… ( қачон дейсизми? )
Сиз бошқа тушларда кезаётган дам.

Шу кеча кўксимдан нимадир босди.
Очиғи, оғриқдан ранжимаганман.
Лек жуда азият чекаман рости
«Ҳеч қачон», «ҳеч ким» ва «ҳеч нима»лардан…

Гарчи ачинишга мудом маҳкумман,
Лек бир сўз устида узоқ ишладим.
Қушдек учаётир тушдек умримдан
Сизсиз кўраётган ҳамма тушларим.

***

Куч бер қўлга, билакка куч бер,
Ким ўзини ёв каби тутган,
Ким дўст бўлиб ёвданам ўтган.
Ё ота, деб кўтар, эй Ёдгор!
Ё ота, деб кўтар, эй Ёдгор,
Сенинг отанг Алпомиш ўтган!

Хўрлик бекор, ҳақорат бекор,
Ким шоҳ бўлиб, элин унутган,
Ким қултойлик енгини тутган.
Ким ошини индамай ютган,
Ким бошини дорларга тутган,
Ё ота, деб кўтар, эй Ёдгор!
Ё ота, деб кўтар, эй Ёдгор!
Аждодларинг сарбадор ўтган.

Отанг бозор, ҳам онанг бозор,
Даланг мозор, остонанг мозор,
Сандиқларни бошгунча моғор
Ким милтиғин қўрқиб беркитган.
Ким қўшнисин уйини титган,
Ким ёв учун оғасин тутган,
Ё унутган, ё эсда тутган,
Ё ота, деб кўтар, эй Ёдгор!
Аждодларинг «босмачи» ўтган.

Бугун бошда озодлигинг бор,
Яхши ажрат яхши ёмонни,
Сендан бошқа кўтаролмайди
Ўн тўрт ботмон
Ўзбекистонни!
Ким ҳали ҳам ҳақни беркитган,
Ким писиниб, вазият кутган,
Ким ўз йўлин вақтида тутган,
Ким Ватан деб баралла айтган!
Ё ота, деб кўтар, эй Ёдгор!
Аждодларинг паҳлавон ўтган!

***

Зардоли боғи бор уйимни, иним,
Соғинаман, анжир анорларини.
Меҳрми бор эди,
ҳидлаб ётардим
Лойсувоқ уйимиз деворларини.

Ёқади ҳовлимда яйраган тут ҳам,
Ҳар ҳолда мевалар бериб чарчамас
Уялмай ўпишган баъзи муттаҳам,
Нокасни яшириб турган арчамас.

Тагида майса бор, сунъий ва тахир,
Шунчаки томоша қилиб уларни
Уйимни соғиндим у ерда ахир,
Чайнаса бўларди отқулоқларни

Ё бўлмаса девор ортида кетмон
Кўтариб ўтётган бирорта одам,
Бизга томон қараб қўйгани ҳамон
Салом бериб ўтар танимаса ҳам

Кечирим сўратиш туртилгандан ҳам,
Ёки қоғозбозлик ука устидан,
Бизда йўқ, бизда йўқ, маломат мотам,
Ранжимайди сўкса дўсти дўстидан.

Кўп қаватли бино деганича бор,
Чизмаси чалғитар ҳатто арини
Аммо соғиняпман, эй бетон девор,
Лойсувоқ уйимнинг деворларини!

Ҳар на де, битта сўз маънои қадим
Ки «одам тупроқдан яралган» деган
Бетоний уйларга ўрганолмадим
Уларда тупроқнинг ҳиди йўқ экан.

***

Эртангги ролимнинг номи «Х»дир,
Саҳнага чиқаман,
чиқаман рингга,
Яна муҳтож бўлдим, жаноб Шекспир
Алмисоқдан қолган ўхшатишингга.
Режиссор бақироқ,
Режиссор жиддий.
Батоблик, бетоблик – тобланиш бизга.
Йиғлаб юрмайсанми,
Кулиш мажбурий
Кулгич шакли чизиб қўйилган юзга.
Талаб шу – дўстларинг ичра дўстижон,
Сабаб шу – яшамоқ,
Ямамоқ бироқ,
Ағёрлар ичида ёмондан-ёмон,
Айёрлар ичида тағин айёрроқ.
Бурқситиб чекилган тамакизорда
Йўталиб-йўталиб, ололмай нафас,
Хириллаб додлайман, зориқиб, зорлаб:
Бас қилинг, режиссор, етар энди, бас!
Барча ролларимни отиб саҳнага,
Мулозим бўламан, сипо мулозим,
Ҳамма ҳайқиради.
Арзим – раҳнада.
Овозлар остида қолар овозим!..
Додлайман! Саҳнада потирлаб, портлаб:
Бас қил,
Қачонгача этасан давом?
Режиссор бақирар: эндиги талаб –
Тулкини ўйнатсан, тамон-вассалом!
Тағин жим. Қоринга қоришган нафас.
Пичирлаб қўяман (ҳаво-ку бисёр):
Бу нусха мен эмас, алсо мен эмас,
Мен сени ғажийман энди, режиссор!
Ўзинг ваҳшийликка ундадинг, иним,
Шу кеча умрингни бўридек едим!
Ки мен азалданоқ инсон туғилдим,
Ва инсон ролини ўйнамоқчийдим!

* **

Бир ҳалол ханжарни ахтардим
Бегуноҳ бўйнимни тутишга.
Ки рози эмасмен бир умр
Тиғ билан ўйнашмай ўтишга.
Бир ҳалол сиртмоқни ахтардим
Бегуноҳ бўйнимни илмоққа.
Осилсанг,
Узилса мардларча.
Йиқилсанг,
Киришсанг кулмоққа!
Бир ҳалол ғанимни ахтардим,
Енгилсанг, тириклай қўйвормай,
Эрандай ўшқирса бошингда,
Бошингни шарт узса эрандай!
Бир зилол дилбарни ахтардим,
Ханжардан ўткирроқ кўз-у сўз,
Сочлари арқондан маҳкамроқ,
Ғанимдан мардроқ ва шафқатсиз!..

* **

Мен сувдан қирғоққа отилган қақроқ
Тапиллаб турган бир балиқ эдим, сиз
Заррача хавотир, ташвишдан йироқ,
Устимга қумларни сочавердинггиз.
Сочдинггиз, одамлар, сочдинггиз тўйиб,
Мириқиб-мириқиб кўмдинггиз мени.
Чин олтин балиқмен. Офтобда куйиб
Ётардим бемажол. Шўр денггиз бўйи
Менга тўлқинларин кўрмади раво.
Узоқлашиб кетди нафаслари ҳам.
Чағалай ёпишди олтинга гурро –
Минглаб тумшуқларда ўртанди танам!
Чўқишди! Аямай чўқишди чиндан,
Кўзимдан сирғалди сўнгги томчи сув –
Айбим олтин балиқ бўлганиммикан,
Итбалиқ ҳам бунча топталмаган-ку?!
…Ниҳоят, сув келди!
Сув келди-ю, лек
Бутун вужудимнинг қолганди ярми.
Тўйиб ярқиратди олтин заррадек
Қирғоққа сочилган тангаларимни!..

***

Дунёхўр кимсага таъзимлар этиб,
ёқиб, сўнг ўзимга ёқмаган пайтим,
Самовий таъриф-у таснифлар айтиб,
бир маддоҳнинг шеърин мақтаган пайтим,
ё бир олчоқ нусха
кўпириб лаби
Ватанни ёмонлаб турган дақиқа
маховнинг ойнадан қўрқиши каби
кўзингга қарашга қўрқдим, Ҳақиқат!
Қўрқдим!
Увада виждоним билан
узоқроқ яшашга ишондим чоғи.
Ҳазар ҳам қилмадим қулоқларимдан
ютиниб-ютиниб қўйди томоғим!
Хизр яшаб юрган жаннат Ватанда
Хизрга дуч келар бўлсам баногоҳ,
буюрса : » Тилагинг тилагил, банда,
истагингни вожиб этажак Оллоҳ»
Ё Оллоҳ!
Сендан кўз сўрарман у дам;
мустаҳкам қорачўғ, қараши бардам,
Соф исломий ҳамда зарра ҳадиксиз
Туркона!
Туркона!
Туркона бир кўз!

***

Гуноҳкор кўнгилда ғалаён, тўфон,
Ҳаётки охири ҳолати ҳазон,
Инсонман-а, манам гуноҳи минг сон,
Мени кечир, Тангрим, ҳаммаси учун!

Менки ўз кўнглимга меҳрибон эдим,
Тангри ҳам, танга ҳам мен томон, дедим,
Очнинг олдида ҳам юмшоқ нон едим,
Мени кечир, Тангрим, ҳаммаси учун!

Булутни ҳидлаган бурун паст экан,
Ҳар зўрлик охири зар эмас экан,
Ҳокисорнинг қадри қаримас экан,
Мени кечир, Тангрим, ҳаммаси учун!

Кеч бўлди. Кет, деди тишлари навот,
Кечмоққа келтирар кечирим наҳот?!
Кечириб боряпман ҳаёсиз ҳаёт,
Мени кечир, Тангрим, ҳаммаси учун!

Дарахтзор боғларда қанча сўз тўкдим,
Қизни ҳам, ўзни ҳам изма-из сўкдим,
Мана сенга умрим, мана тиз чўкдим,
Мени кечир, Тангрим, ҳаммаси учун!

***

Шамоллар шовуллаб шамолладилар,
Усма-уст хотирим саволладилар,
Тиз чўкдим. Қўл ёйдим. Не бўлса-бўлар;
Осмонга қадалди кўзимнинг қири –
Ёғсанг-ёғ, Қаршининг ёмғири!

Ўйлайман: ҳаракат, ҳаражат, ҳужжат.
Кимда камомад кўп, кимда даромад,
Умримга ачиндим, умримга фақат,
Барига кўникиб қўйдим охири,
Ёғсанг-ёғ, Қаршининг ёмғири!

Қизиғи қолмади ҳатто тариқча,
Қизиқмас, уммонми ёки ариқча,
Мана мен кўлмакда тиллабалиқча,
Манa мен ёқаси йиртиқнинг бири!
Ёғсанг-ёғ, Қаршининг ёмғири!

***

Бутун умр елкамда юриб,
сира қулаб тушмаган осмон.
Мени қатл этмаган фириб.
Сиртмоқ қилиб тугулган арқон.
Умрида қон кўрмаган жоди.
Ўзидан ҳам қўрқувчи ғаним.
Капалакнинг митти ҳаёти.
Талпинганим. Етолмаганим.
Тарафимни олмаган дўстлар.
Қалампирлар экилган полиз.
Асов ҳислар. Ғалаён ҳислар
Ва сочлари калтагина қиз.
Рафиқ бўлиб кетмаган рақиб.
Рақиб бўлиб кетмаган рафиқ.
Тақиқларга дўнмаган тақиб,
Тақибларга ўхшамас тақиқ.
Вафо қилмоқ ҳақида алдов.
Ҳар сафарги зафарсиз сафар.
Қисқагина, ажойиб мақтов.
Ҳамда узоқ ичилган заҳар.
Етиб келдим бугунги кунга,
ҳамманггиздан бўламан мамнун.
Қанча ёрдам бердинггиз менга
менинг яшаб қолишим учун.

***

Мен кездим бор дунё ичра бешубҳа,
Ўрмонга ўралган сўқмоқларини.
Мен севдим ўзимни ўзгаларни ва
кузнинг шамол-шамол япроқларини!
Мен тўйдим ҳаётнинг лаззати оний
Ўчгинчи ўт тўла шаробларига,
Мен қўйдим қўлимни сабоқи соний
Аталган меҳварон китобларига.
Мен эгдим бошимни қибла ўрнига
Шимолнинг сершамол томонларига.
Мен сўйдим оримни ўз қўлим билан
Ёқай деб ёқамнинг ёмонларига.
Мен урдим бошимни деворга тинмай,
Ўзимга келай деб ўзимдан кетдим.
Мен ўлдим нақадар чиройли бахт бу
Яратган Худойим ёнига етдим!
Мен борман! Мавжудман
тупроқ остида,
Энгнимда ўзимдек омонат нимча.
Ўҳ, қанча қийнадим Ватанимни мен
Ушбу кун Ватанга айлангунимча!

***

Оғир бўлар бундан ортиғи,
Ҳақиқатни ҳаёт ичирди.
Бир кунимни азал котиби
Қумсоат умримдан ўчирди.
Аммо охир…
Биламан оғир –
Замин тортар ичига.
Менинг кучим етмайди ахир
Ернинг тортиш кучига.
Менинг қўлим,
Менинг оёғим…
Нима дердим, заминнинг бурчи.
Менинг руҳим…
Энди бу ёғи –
Тангрининг тортиш кучи!..

* * *

Бобомнинг токчада турган сандиғин
Очдим-у чанглари сочимга юқди.
Ҳаммаси эскирган, қизиғи лекин
Вароғи сарғайган бир китоб чиқди.
Эҳтимол анча йил ёнбошлаб ётган
Бироқ кўп ўқилган – ҳарфлари хира.
Негадир бечора жилдин йўқотган
Билолмадим китоб шоирин сира.
Рангоранг шеърлари этди-ю мафтун
Тиззалаб кўп туриб қолдим шу ерда.
Ў, ошиқ бўлиб ҳам қолдим ўша кун
Ўзбекистоним деб аталган шеърга!
Бир ҳолат ҳақида бошланди орзу:
Қанийди ҳаётим шунга ўхшаса!
Ахир бу дунёда яшаганлик-ку-
Номинг йўқолса ҳам, шеъринг яшаса!!!

* * *

Шоирни чорлади султони азим
Ёз, деди, бахт бўлди ҳар бир дақиқа!
Шоир бир ютунди, минғирлади жим,
« Султоним ҳақиқат, ахир ҳақиқа… »
Пинагин бузмади подшоҳи масрур,
Чамаси бир нима ўйлаган эди.
Қўлини бўйнига қўйди-ю мағрур
Энг ўткир нигоҳда битта сўз деди:
— Сен ҳозир замонам зайлига асир,
Шу макон, ушбу вақт, билсанг, меники!
Менинг ҳукмимдадир мана шу аср,
Келажак Минг аср майли, сеники.

***

Бувамга ёқмайди кўп қаватли уй,
Ким учун зўрроқдир,
Ким учун торроқ.
Эҳтимол шаҳар ҳам ёқарди агар
Ундирилса майса ўрнида бошоқ.
Бувамга ёқмайди кўп қаватли уй,
Хоҳланг шахсий бўлсин,
Хоҳланг ижара.
Бувамга ёқмайди саноқсиз зина –
Тўртбурчак, учбурчак хуллас чегара!
Ёқмайди нафислик номли хасислик –
Қўшнилар сўзни ҳам кўришмас баҳам.
Ёқмайди кишига керак хонанинг
Ҳаммаси бир уйда мавжудлиги ҳам.
Бувам кенг дарёнинг бағрида унган,
Токнинг соясида даста йўнади.
Бир ўйлаб кўринг-а, азим чинорни
Гултувакка таклиф қилиш – ғалати!
Умуман ёқмайди тўртбурчак нон ва
Гуручсиз кунларда макаронхўрлик.
Қўй-ёғли ошларга чидаб берар-у,
Бунга чидолмайди ошқозон шўрлик.
Қишлоғимга борсам койийдилар кўп,
“ Менга қара бола, юрма дардисар,
Ўқисанг Машрабни, Бедилни ўқи,
Мийянгни ғажийди “изм-пизм»лар!
Хуллас, шундай гаплар.
Шаҳарда юриб
Ўқийман, ишлайман дедим-у, куйдим.
Бувамга ёқаман дея охири,
Кўп нарсани ёқтирмай қўйдим!

* * *

Юрагимга урилди олам,
Сачраб кетди парча-парча чўғ!
Эй дўстларим, шунинг учун ҳам
Юлдузларнинг сон-саноғи йўқ!
Улар учун ҳар ёқ таниш-да,
« Шум бола »дек дайдиб юрибди.
Буни қаранг, янги калишда
«Яллама ёр » айтиб юрибди.
Юрагимга урилди олам!
Фазовийдир барча-барчаси.
Шафақларда ёнаётган шам —
Юрагимнинг йирик парчаси!

***

Менсимади кулолни заргар:
“ Укам, қара доно дунёни –
Сенинг қўлинг лой бўлиб юрар,
Менинг қўлим ўпар тиллони! «
Қараб турди заргарга кулол,
Давом этди ишин бемалол,
Кейин деди (битта сўз етар):
“ Зўр экансиз, жаноби заргар! «
Лек шаҳарнинг ҳамма жойини
Заргар қачон зарга тоширган,
У нон еган тандир лойини
Кулол тепиб-тепиб пиширган…

***

Қордан ҳайратланмай қўйди болалар –
Истаган вақтида
музлатгич музхонасида
Қор!
Ёрдан ҳайратланмай қўйди болалар –
Истаган вақида
телефонин хотирасида
Ёр!
Дордан ҳайратланмай қўйди болалар –
Истаган вақтида
Телевизорин ваҳший каналларида
Дор !
Ордан ҳайратлан…
Кечирасиз бу ёғин энди
Ёзолмайман! Чунки ёзишдан
Ор қиламан,
Ор!

* * *

Нотўғри ёзувни ёқтирмасди у,
Нотўғри нуқтадан ясарди ундов.
«Озор» деб ёзибсиз, Ахир «Бозор» бу!
Ё, Худо, тингласин сўзимни биров! »
Ўлим бор унинг ҳам ёлғиз бошида,
Тупроққа бердилар бир кун жисмини.
Доноликни қаранг, қабр тошига
Нотўғри ёздилар унинг исмини…

* * *

Гоҳ ўттизи оқ бўлар ойнинг,
Айланадир заминнинг боши.
Қизиқ эди фалончи бойнинг
Чўрисининг томда яшаши.

Бой ёнбошлар,
Хонадон тўри
Тўлиб турар зар билан хушҳол,
Томда обдон суради Чўри
Бойиб кетмоқ ҳақида хаёл!

Ўз-ўзича излайди таскин:
Ҳали қурар тенги йўқ сарой.
То росмана остида қолсин
Оёғининг остидаги бой!

Чўзилади ёпиниб чопон,
( Хаёлидан тушмайди бир пас )
Бой бўлади, аммо ҳеч қачон
Хизматкорин томда яшатмас.

… Чўрисини ўйлар бой бу чоқ,
Дерди: Овқат кетяпти увол.
Унга кўпроқ иш тайинламоқ
Тўғрисида борарди хаёл!..

***

Бир йигит турибди аравaчада,
Бир чақнаб қўяди кўксида осмон,
Олов қoн, асов қон, гумбурлоқи қон
Депсиниб турибди томир ичида!

Қараса, туркона йўлбарсий қараш
Кесиб ўтаверар кўзингни тикка!
Ҳар қандай мудроққа, қўрқув, ҳадикка
Ўрганган қалбларда бошланур нураш!

Ҳар қайси егилга юк билан боқур,
Нигоҳлари ёруғ, қора қорачуғ,
Шунчаки деган сўз ҳаётида йўқ!

Бақувват билаклар одимлаб борур,
Ғилдиракка кафтлар теккани сари,
Ғилдираб кетаюр бутун ер шари!

***

Штангасин баланд тутди штангист,
Қарсаклар тинмасди олд-у орқада.
Выйсотский куйлаган вақтлар
турарди одатда шу қиёфада.
Тошлардан оғирроқ бўйнида медаль,
Уйига қайтганда шуҳратин териб.
Йиғлади хонада, йиғлади дангал
Телефонда таниш рақамни териб.
Минг йил ҳам туражак шояд у бардам.
Кўтариб-кўтариб тошни тугатди,
Кўтара олмайди ҳалигача лек,
«Сизда ҳеч кўнглим йўқ»
деган бир гапни!..

* * *
«…га»

Тишларидек оппоқ қоғозга
Қошдай қора сиёҳи билан
Нозиккина ёзиб қўйди қиз:
«(учта нуқта) сизни севаман!»
Сўнг хатини аста авайлаб,
Китобига яшириб қўйди,
Бехосданми ёки атайлаб
Муюлишда тушириб қўйди.
…« менга ёқди берган гулингиз,
Бундай гулни ҳеч кўрмаганман!»
Ўҳ! Тамомман, тамомман, ахир
Унга сира гул бермаганман!..
Ҳа, биламан учрашган улар,
(Бундай гулни кўрмаганмиш-а!)
Уч нуқта, ҳей, уч дона нуқта,
Мен бўлишни истовдим ўша!

***

Нафасларинг – тонги тиниқ ел,
Унда илиқ бодомгул иси.
Ўзим кўрдим – шамоллар енгил
Ва уларда сочларинг изи.
Кўзларимни боғлади кўнглим,
Пайпасланар идроклаш деган,
Баҳор сенга ўхшармиш, гулим,
Демак баҳор чиройли экан!
Бу фасл, бу гуллар, бугунлар
Қанча нафис, қанча муҳташам.
Қувонишар!
Уларни агар
Сенинг исминг билан чақирсам!

***

Сенинг кўз ёшларинг қанча бегуноҳ,
Менинг дил ҳушларим асоси андуҳ.
Мен Қадр кечаси май ичган гумроҳ,
Сен Кавсар сувида суғорилган руҳ!..

Минг йилки ҳуснингга ташилур ташбеҳ,
Шаффоф кўзларингдан ўқилур оят.
Сен иймон кўлида айланган тасбеҳ,
Мен муршид кўрмаган дўғбўйин қоя.

Сен тоза бир қултум қадаҳдаги май,
Ҳануз тополмасман ичмоққа журъат,
Турибман ўзи йўқ айбинг кечирмай,
Бу не илтифотдур, бу не хусумат?!

Сўнгсиз ҳақоратга розиман илло,
Ўзи барчасини ўрнига қўйгай.
Ай, ҳатто тушлари бокира, ҳулво,
Қайси гуноҳингга жазо бўлдим-ай?!!

***

Яхши қолинг. Кетяпман.
Кечиринг кўзларимни.
Фақат йўлга атабман.
Энг нозик ҳисларимни.
Сизга насиб кўришга
Кўримсизгина дунё
Ва ёшликка қоришган
Бўронсифат вовайло.
Менга насиб, қарангки,
Қуёш ўрнига фақат
Дунёнинг барча рангги
Қоришиб кетган зулмат!
Яхши қолинг. Кетяпман.
Насиб этмади бироқ
Азиз пешонанггиздан
Кўзларим билан ўпмоқ!..

***

Шовулларди сочларинг тўйиб,
Денгиз эди кўзларинг, денгиз!
Яшар эдим кўйингда куйиб,
Осмондек боқардинг, осмон қиз!

Сочларингни юзимга қўйиб,
Чуқур-чуқур олардим нафас.
Шамол эдинг, шаббода эдинг,
Шунчаки бир елвизак эмас!

Бугун дилда ҳаво осуда,
Юрак қурир! Кипригим оғрир!
Оғир… ахир жонгинам жуда,
Шамолламай яшамоқ оғир!

***
Сизга оқ ранг ёқмас экан-а?
Нима қилай, нетайин энди?
Кўйлагимдан кўнглимгача то
Оқ рангда эди!

Сизга ёқар экан
Қоработирлар,
Қора кўзойнаг-у, қора машина.
Ёқмаслиги аниқ бизнинг адирлар,
Кетмон билан ўйиб ишланган зина!
Сизга ёқар экан қоп-қора бархан,
Қора марварид-у, қорароқ инжу.
Ҳа-я, мен далада кетмон чопганман,
Юзим сал қорароқ, ёқмайдими шу?!
Сизнинг суюк гўша – ҳаводан йироқ
Қора олтин хароб этган тор шаҳар,
Менинг маконим-чи, ажойиб қишлоқ,
Оқ олтинлар оппоқ унган далалар!
Ҳали ҳам бир ўйлаб кўринг-а, тиниб
Бироз ёқса керак орзунинг иши –
Оқ либоса турган келинни келиб
Оқ отли шаҳзода олиб кетиши?!

** *

«Мен бошқани севаман, кечир,
У ҳам гўзал, ёқимтой, лайли,
Гар алдасам, лабини тишлаб,
Қовоғини уйиб қарайди!»

Бу сўзимдан қўрқиб кетди қиз,
Шарт қаради кўзлари кўзгу.
«У ким?»- деди,
Лабини тишлаб,
Қовоғини уйиб олиб У!.
* * *
Эртаклардан бошлайсиз
Эркагина суҳбатни,
Сиз билмайсиз, яхши қиз,
Ёмонлиг-у кулфатни.

Севги ҳақида узун
Эртакларга қайтасиз,
Менга билдирмайсиз-у,
Мен ҳақимда айтасиз!

Сўзларимга жим қулоқ
Тутасиз, мен нетаман?
Қулоғингиз тишламоқ
Ўрнига шеър айтаман!

Айтаман минг завқ билан,
Минг шарт билан айтаман.
Айтаман минг шавқ билан,
Минг дард билан айтаман!

Жилмаясиз сиз буни
Кузатиб туриб зимдан,
Тангри берган бу куни
Энг зўр шоир ўзимман!

Шунчалар қадрдонман,
Меҳрибонман шунчалар.
Шунчалар суюкжонман
Ва ёмонман шунчалар!

Ўзимни койир эдим
Лекин бундай қилмадим.
Тонггача шоир эдим,
Тонгдан кейин, билмадим!..

***

“ Қуёш атрофида айланади ер…»
Хаёлим бўлинди фазо дарсида.
“ Қандай тик турибман,
Тирик юрибман
Айланма заминнинг устида? »
Мактаб ва ёшлигим оввора,
Ўқитувчи “дарсини» ўтяпти,
( Сайёра!
Синфдош Сайёра,
Бошларим айланиб кетяпти! )
Сен-чи? Эй юрагим,
Ўйноқи саман,
Кўнгилни таажжублар босди-да,
Қандай тик турибсан,
Тетик юрибсан
Айланма бошимнинг oстида?!

***

Сиз куйлайсиз тандир бошида,
Балки оддий бир ҳиргойидир:
“Ноннинг энг ширин жойи –
Унинг куйган жойидир! «
Пуфлаб-пуфлаб оласиз чўғдан,
Мени кўриб тумтаясиз жим,
Нондек азиз эмасман сизга
Гарчи куган жойим –
Юрагим!
Бир қарайсиз жуда бепарво –
(Деворнинг ҳам кўзи бормикин?)
Бунча аччиқ қиласиз менга,
О, бунча аччиқсиз, севгилим!

***

Деразанг. Томчилар.
Эзилган ёмғир.
Ҳаво эса ҳаддан зиёд мусаффо.
Ютиниб қўяман термулиб оғир,
Ташқарига чиқа олмайсан аммо.
Шиша ортида жим боқиб кўзимга
куласан. Жонланур номаълум кучлар.
Ойнага ёпишиб турган юзим ва
ойнага урилиб, қайтган ўпичлар!
Ўгрилиб, кетаман,
сен-чи ойнага
термулиб қоласан кафтингни босиб.
Минг марта сўрайсан не учун, нега,
томчилар қўймоқда кўзингни тўсиб.
Ўгрилиб, қарайман.
Дардимнинг юки
саволга қўшилиб дилни қамчилар,
юзингдаги нима, кўзёшми ёки
деразангга қўниб қолган томчилар?!

***

Ёнингга бормоқчи бўламан,
Оқ орзуда,
оппоқ ҳавасда.
Лекин кимдир чиқар қаршимдан
Қора тусда,
қора либосда…
Тушингга кирмоқчи бўламан,
Лек эшикдан қайтгим келади.
Чунки кимдир мендан аввалроқ
Тушларингда юрган бўлади!
Бир сўзни айтмоқчи бўламан,
Лекин этгим келмас талаффуз.
Эшитган кўп ёлғонларингнинг
Босармикан ўрнини шу сўз?!
Бормайман,
тушингга кирмайман.
Айтмайман. Бардошим топилар.
То бор экан ҳаётинг ичра
Ўша кимдир
ва шу кабилар!..

***

Бор, қушча, уча қол!
Мендан узоқ уч!
Қанотингга қўлим текизмак гуноҳ!
Гуноҳдир давомга боғламак илинж,
Гуноҳдир сочингга юргизмак нигоҳ!
Учиб кет!
Жудаям узоқларга уч!
Ҳеч нима қолмасин, на ишқ, на қарор.
Фақат қолдира кет бир дона ўпич
ва қоғоз сочиққа ёзилган изҳор!
Сени кўп алдадим, озод асира,
Якун топишини истайман бари.
( Бор экан, севгилим, бор экан, қара,
ёлғон меҳрларим ичра ростлари! )
Бор, қушча, уча қол! Мендан узоқ уч!
Кўксингни шамолга қайта эриштир.
Ки, бу ҳол йўлбарснинг ўлжасини тинч
оҳулар сафига қайтиб беришдир!

***

Ранжисанггиз мен нима қилай,
Ёмонликка йўймайман буни.
Ўргатибман сизга ҳар қалай
Ранжимоқлик деган туйғуни.
Соғинсанггиз мени мабодо,
Менга зарра қилмайди алам,
Ҳар ҳолда бу бекорга эмас,
Ўрганибсиз соғинишни ҳам!
Қарғасанггиз ортимдан агар,
Йирик руҳим бўлмайди кичик.
Кечирсанггиз мени жимгина,
Демак сизда одамгарчилик…
Демак сизда инсонлик деган
Соф туйғулар анча ўсибди.
Бировни алдамоқ, асрамоқ
туйғулари насиб этибди.
Кимга армон бенасиб ахир.
Кимнинг кўнгли бўлмаган ярим.
Менга келсак,
менимча етар
ўргатишни ўрганганларим!..

***

Минг марта ўйладим ҳаммасини мен,
Минг марта тикилдим суратинггизга.
Ҳар сафар сиз билан тугади ўйим,
Ҳар сафар йўлиқдим хаёлан сизга.
Минг марта югурдим бор кучим билан,
Минг марта қадалди кўзимга тикан,
Ҳар сафар саволим битта сўз бўлди:
Сизни бахтсиз қилиб қўймадиммикан?!
Минг марта қидириб яшашга сабаб
Охир ясаб олдим ўзим учун бахт —
Хурсанд бўлардинггиз мени азоблаб,
Демак бахтли қилдим сизни шунча вақт!

***

Бир кун зерикасиз севги сатримдан,
Бир кун зерикасиз мендан, фариштам.
Умримдан, ёдимдан, ҳатто қабримдан,
Бир кун зерикасиз зерикишдан ҳам.

Столдаги шамлар тугамасидан
Ўчирмоқ бўласиз ҳафсала билан.
Жонинггизга тегдим,
буни биламан,
Ўзим ўйлаб топган фалсафа билан.
Қамалиб оласиз хонанггизга жим.
Хонада ҳеч ким йўқ.
(Ёлғизлик ва сиз…)
Йиғлайсиз, йиғлайсиз
ва тасодифан,
Ёдинггизга тушар зерикканинггиз.
Ёдинггизга тушар шубҳага ўхшаш
Ниманидир қаттиқ истагандинггиз,
Қийнайверар сизни, қийнайверади
Иситма аралаш истакларинггиз.
Ҳеч нарсага тушунолмасдан,
Кўзгуга қарайсиз
ўзинггизгамас.
Бошқа қиз турибди рўпаранггизда,
Нега у сиз эмас?
Ўзинггиз эмас?!
Билардим!
Мен буни аниқ билардим!
( Кўприк ясаб бўлмас ахир қамишдан. )
Тайин эди сизнинг зерикишинггиз
Ҳар кун бахтли
бўлаверишдан!

***

Мана тун.
Мана туш.
Мана сен.
Жим пичирлаб қўясан нени?
Сочларингни қўйнига олиб,
Ўпиб қўяр ёстиғинг сени!
Сен жуда ҳам чиройли қизсан!
Юрагинг кенг — қучоғингга тенг;
Унга сиғар ҳамма эзгулик,
Мен эса-чи?
Ҳа, айтгандай, мен…
Мана тун.
Мана шеър.
Мана мен.
Хонам эса ҳамон бетартиб.
Қаламимни босиб қоғозга,
Ўтирибман шамни йиғлатиб.

***

Учиб кетаверсанг, енгил, тизгинсиз,
Ҳайратинг оширса борлиқнинг боши —
Бир дона томчидан бошланган денгиз
Бир дона томчига бориб тугаши.
Учиб кетаверсанг осмонда чунон,
Ҳайратинг оширса борлиқнинг иши —
Бир дона ниҳолдан бошланган ўрмон
Бир дона ниҳолга бориб тугаши.
Учиб ке..толмасдан қолсанг-чи бир кун,
Учиб кетолмасдан қолсанг-чи шошиб,
Бир дона кулгудан бошланган севги
Минг дона кўзёшга кетса чирмашиб?..

***

Сизни севишимни сўз билан
гоҳ айтдим, гоҳида айтмадим.
Арслонлар қайтди ўз изидан,
Мен сизни севишдан қайтмадим!
Юрмадим ювиқсиз илинжда,
муҳаббат — мангулик мақсадим.
Бошимни тик тутдим қиличга,
Мен сизни севишдан қайтмадим!
Ёғийлар ёғилди самодан,
чидадим. Надомат айтмадим.
Сиз менга ҳадясиз Худодан —
Мен сизни севишдан қайтмадим!

***

Айт, кимлар тикилган киприкларингга,
Изи бор юзингда ўқдай кўзларни?!
Кимлар кутиб ўтди лабингни минг йил,
Ким ўпмоқ истаган анор юзларни?!!

Сўз беришмадингми ҳилват сўз билан,
Ака деб юрдингми йигит дўстингни,
Лаҳзада севдириб қўяр кўз билан
Ўн тўққиз йил кўздан ҳоли ўсдингми?!!

Ёмон деганим йўқ !
Гумон бамаҳзун,
Ҳаловат ҳалокли хаёл сураман.
Ўз ишқим ўзимнинг ўлчовларим-чун
Ёмон кўринса ҳам яхши кўраман!..

Ўтмиш ўткир нарса.
Ёмон мутлақо!
Лекин сен яхшисан… яхшисан лекин
» Менгача » деган сўз улфатимми ё
» Менгача » деган сўз кулфатиммикин?!!

Учратган бўлсайдим сени аввалроқ
Аввалроқ этсайдик аҳдларни тортиқ,
Ҳеч кимга бермасдим мен сени мутлоқ
Ва мангу севардим жонимдан ортиқ!

***

Қўлимдан беизн сирғалди қўлинг,
Тикилдинг дарахтнинг сирғаларига.
» Ҳаммаси ўткинчи.
Хайр, соғ бўлинг,
Шу тамға босилган бари-барига! «

Кўзларим эзилиб юмилди шунда,
Эзилиб қонади лабимнинг ичи.
Шеър айтдим!
Шеър айтдим,
дунёи дунда:
Ишқдан бошқа бари-бари ўткинчи!

Ҳа, дедим саволий нигоҳларингга,
Мен сени севаман!
Севаман, лекин,
ҳозир мен тирикман,
ҳозирдан кейин…
» Ўткинчи » тамғаси босилур менга!

Аммо ишққа маҳкум юрагимдаким,
Яшаб қолажакдир ягона ҳукм!

***

Ҳаммаси жойида,
ҳаммаси яхши,
Ҳаммаси изига тушар бир қадар.
Ҳали бу бўшлиқдан бахт бўлур барпо,
Ҳаммасини барбод қилмасак агар!
Аммо бўлаверар қорачиғим кенг,
Сиз ўтаверсанггиз мени тушунмай.
Бўлиб қолаверар муносабатнинг
Ҳаммаси — «ҳозирча», «ҳалича» , «шундай»!
Қонга беланади тонгда кўйлагим,
Қаранг, кўкрагимда панжамнинг изи:
Пойинггизда мана битта юрагим,
Ҳамда шеърларимнинг
ҳамма-ҳаммаси!

***

Оддийми, олийми онийдир бари;
Бирнинг мисқол-мисқол яхшиликлари,
Бирнинг ботмон-ботмон шум қилиқлари.

Устроқми, пастроқми ё ундан нари,
Ростроқ бўлиб қолиш бироз даргумон,
Ҳориб ғийбатланиш ҳонишдан осон !

Тилакким, кўп яшаб, қарғишсиз қари,
Қолмасин охирда осийлашганинг,
Ки, бурчинг — оддийдан олийлашганинг.

***

Ёғий ёпирилди лашкарлар санаб,
Саломлар йўғрилди хуллас-каломга,
«Х»дай тутилган найзалар сабаб
Ўтолмай қолдинггиз менинг томонга!

Қўл чўзиб қолдинггиз найза ортидан
Эй ҳарир кўйлакли, нигоҳи нигун!
Кетардим минг йиллик алам юртидан
Энг қаттиқ сандиққа солинмоқ учун!

Мана қулаяпман!
( тирикман балки? )
Сандиққа юрагим урилар «дўқ-дўқ» !
Бу жарлик шундайин жарлик эканки,
Ҳали ҳам дарёга етганимча йўқ!..

***

Ёшариш бор эди яшашдан бизга,
Ҳали дўст эмасдик чодирлар билан,
Вақт оқиб турганда томиримизда,
Муҳаббат чалғитди чоғирлар билан…

Ва кейин аламлар ўсди ярадек,
Кўз ёшни кузатмоқ учун ярадик,
Таажжубки, елга ҳам енгил қарадик,
Ёр кетди қабоғи оғирлар билан.

Ишончга маёқлар ёқмади ёрон —
« Ёлғон ёмон деган сўз ўзи ёлғон! »
Ёримиз ётганда ёв-ла ёнма-ён,
Ёшимиз ёғишди ёмғирлар билан!..

Бунда ёмғирпўшнинг матолари муз,
Тасалли бермади тасодифимиз.
Беллаша олмадик вафо иккимиз
Муҳаббат макрида моҳирлар билан.

( Эҳ, деймиз, воҳ деймиз билсанггиз сулув,
Бир вақтлар ишқ дардин даволардиг-у,
Ишимиз бўлмасди бўлсак рўпарў
Дарди даромадга доирлар билан ).

Ишқ иши шу экан, нима ҳам қилдик,
Бахт учун ёдидан аста йўқолдик.
Қалам ила охир бош суяб қолдик,
Қолмади биз икки шоирлар билан.

***

Толиқаман кўнгил харобасида,
Патирлаб пат тўкар юрак деган қуш,
Ғичирлаб ётибди икки эшиги,
Очиқ қолдирилган дил уйи бўм-бўш.

Қорда исинаман истамасанг-да,
Ёлғиз қолдирилган юрагим билан.
Ҳеч бўлмаса шамол бир йўқлаб ўтар,
Очиқ қолдираман деразани ҳам.

Висол ҳам завол ҳам йўқдир мен учун,
Савол бор : Уволлик фурсати қанча?
Истайсанми сени тинч қўяман, тинч,
Истайсанми кетгум унитилганча?!

Истасанг умримнинг сўнгги дамида,
Сендан гина қилмай беарз, беалам,
Битта дийдор кутиб,
Эътибор кутиб,
Очиқ қолдираман
кўзларимни ҳам?!.

***

Яхшики, севмайсан сен мени ҳамон,
Яхшики, мен учун тортиғинг ғазаб.
Йўқса, қийнар эди азоби виждон,
Йўқса, зўриқарди ҳиссиёт, асаб.
Яхшики, ёқилган ўша суратлар,
Яхшики, туташиб ўтмас кўчамиз.
На сенинг нигоҳинг мен томон ҳатлар,
На менинг дардимдан оғиз очамиз.
Энди тушларингга кирмайди шеърим,
Жазава сатримдан очмассан қулоч.
Ҳеч кимдан кутмайсан энди кечирим
Ва юзим силамас ҳеч қанақа соч.
Яхшики, ўлдириб бўлдик виждонни
Ва тинч яшаяпмиз.
Бу ҳам яхши-ку…
Аммо алдаяпмиз икки инсонни,
Яхшимас, севгилим, яхши эмас бу!

***

Кўзи мовий, кўнгли самовий жанон,
Мендан сизни тортиб ололмас ҳеч ким!
Мен сизни Пушкиндек севаман ёмон:
«Я не хочу печалить вас ничем…»

Сиздан хафамасман, ахир бу қисмат
Манглайга ёзилган туғилмоқ олди.
Барини унитиб бўлганман қисман,
Фақатки юракда бир илинж қолди —
Ўшанда сомонранг сочларинггизни
Юзинггизга тўсиқ этсанггиз, бугун
Балки ўйламасдим бу қадар сизни,
Балки ўйламасдим бу қадар узун!
Ўшанда энг ширин тилинггиз билан
Кўнглинггиз йўқлигин айтсанггиз, тамом,
Ҳар тунни хаёлан фақат сиз билан
Ўтказиб яшашни этмасдим давом…
Биламан, тўпори севгимга қарши
Ножўя сўз айтиб ранжитмадинггиз,
Гарчи кўнглинггизга озорни ташиб
Яшадим, сиз эса рад этмадинггиз.
Ва лекин бу қисмат калавасини
Атай адаштирмоқ мақсади билан
Таъминлаб бердинггиз ғам ғалабасин…
Шуни истадинггиз; менку нетаман?!.

Суюкли фариштам!
Билинг, ҳеч қачон
Тақдирга демасман бахтимни кож эт.
Мен сизни Пушкиндек севаман ҳамон:
« Я вас любил: любовь ещё быть может…»

***

Қидирмай қўйганман сабабга сабаб.
Руҳим гўдак каби ўзидан мамнун.
Ҳар тонг Яратгандан кечирим сўраб
Уйғониш одатим бўлгани учун.

Вазминлик ястаниқ вужудда, онгда.
Ноталарим шўхчан!
( гарчи ясама).
Фақатки, қўрқаман бир куни тонгда
Кечирим сўрашга улгурмасам-а?

24.04.2018
Тонг.

***

Улар солиб бўлди сиз учун ўрин.
Қидирманг. Ечим йўқ —
Энди фойдасиз.
Тақиб чиқолмайсиз энди ҳеч бирин;
Эскириб йиртилди ниқобларинггиз…

Гарчи кутаётган панжара аниқ.
Эгарга қамчини урасиз мудом.
Унисини тақманг,
Буниси йиртиқ…
Тамом.
Сизни таниб қолишар, тамом!..

Нега бақраясиз?
Билмасмидинггиз —
Ишқуролнинг ишга тираклигини;
Ниқоблар устида ҳам тез, тинимсиз
Ишлаб туравериш кераклигини?

Бир йўл бор —
Бармоқни панжара қилиб
Қочасиз!
( иложи борича тезкор).
Қўрқманг, сизлигинггиз қолишмас билиб,
Сабаби — ҳаммада бармоқли қўл бор!

P.S:

Қочди у…
Лек уни тутишади-ку?!
Йўлини минглаб сим, занжир-ла тўсиб.
Сабаби — Фақат У,
Фақатгина У
Қочмоқда қўлини юзига босиб…

***

Ёпилди осмоннинг эшиги.
Уриларкан симларга ноҳуш,
Қамалди қафаснинг мешига
Эркинлиги эзғиланган қуш…

Кетаркан қарамай додига
Топталгач ҳалоскор ҳуқуқлар,
Илжаяр симларнинг ортида
Парвозга парвосиз маҳлуқлар!

Ёз ўтди,
Куз ўтди,
Қиш кирди…
Қўйвормас бу қаттол бедодлик,
Пат сочди, дод сочди, қичқирди:
Озодлик!
Озодлик!
Озодлик!

Тумшиғи чўқирди (кимларни),
Қон билан қоришиб кўзлари,
Самода чайқалиб имларди,
Шериклар, ҳилпироқ дўстлари!

… Ўҳ, унинг ҳуррият, ҳуқуқга
Қоришиқ маслагин таҳқирлаш,
Руҳини номаълум ҳудудга
Тортқилаб саволга занжирлаш,

Занжирлаш эркпараст вужудин,
Бесабаб қафасга тортмоқлик,
Нечоғлик ваҳшийлик бус-бутун,
Нечоғлик аҳмоқлик, олчоқлик?!!

Кенгликка санчилган нигоҳин
Кирланган тирноқла йиртмоқлик,
Сайрашга ундовлар гоҳ-гоҳи
Бўғарди бўйнини сиртмоқдек!

… Кун кеча шамолни елпиган
Патлари патирлаб титилди.
Қоқшади мадори
Ва қушча
Қанотин ке-энг ёйиб
Йиқилди!..

( Бу марҳум маҳбусга тикилиб
Турмоқлик лаззатми кишига?! )
Сўнг очиб қўйдилар, бир кулиб,
Қафаснинг
панжара
эшигин…

***

Ёдимда бор; “Беруний» бекат.
Ўша кутиш ўриндиғи ҳам.
Икков танҳо қолган бир фурсат
Менга тасбеҳ узатдинг, эркам…

“- Бу не ” -, дедим баайни ғафлат
уйқусида яшаган муслим.
“ — Ўқиганда калима-ояд,
Чалғимоққа бўлмайсиз таслим. ”

Шу лаҳзадан тасбеҳ ўгирдим,
Ўқирдим бемақсад, дарбадар,
Кўзларимни юммай ўқирдим
ва чалғиб кетардим ҳар сафар.

Қизиқмасми ҳамдни бу фурсат
ер остида ютинганлигим.
Шу пайтгача Тангримга фақат
тасбеҳларсиз юкинганлигим.

Ўҳ, ўзимни йиға олсайдим,
Бандасини кечирсин Аллоҳ.
Гўзаллигинг учун ҳамд айтдим:
“ Лаа илаҳа иллоллоҳ!..»

Кўзларимни юмиб ўқирдим,
Ўгирдим қасдма-қасд, бетоқат,
Дуойимда фақат сен эдинг,
Сен эдинг,
Сен эдинг,
Сен фақат!

Нигоҳим!.. Айбимни беркитгил
Эътиқодим тор кўзасига.
Мен шунчалар берилиб кетдим
Худойимнинг мўжизасига

***

Хайрли оқшомлар,
Хайрли тушлар…
Тоза табассумлар тиларман сенга.
Энг ширин тонгларнинг шабнамин ушлаб
Бир ҳовуч ўпич-ла йўлларман сенга!
Хайрли саҳарлар,
Сайрли тонглар…
Марварид кулгулар тиларман сенга,
Энг инжа мудроқлар мазасин англаб,
Кўнглимни саҳарқуш қиларман сенга.
Сенга илинаман кулгу мўтадил,
Сенга илинаман орзу дарахтин.
Менга парчаланмоқ бахти етади,
Етади соврилиб сочилмоқ бахти!

Хайрли оқшомлар!..
Хайрли тонглар!..

065Shahriyorning sheʼrlari,rostini aytsam, ajabtovur darajada oddiy va gʻaroyib bir shaklda murakkab. Ularda nimalardir borday va nimalardir oʻz-oʻzidan butkul yoʻqolganday. Nimalardir mavhum, nimalardir maʼlum… Uning bitiklaridagi pokizalik, soddalikni yettinchi tarafdan turib tasvirlash(ga urinish) eʼtiborni tortadi… (Mirzohid Muzaffar maktubidan)

Shahriyor Shavkat
SHEʼRLAR
07

***

Shunday rasm chizang, toʻymasang koʻrib,
Shunday rasm chizsang, yoʻgʻrilsa havas,
Chizsang, qalam tutib yo xayol surib
( Buning uchun rassom boʻlish shart emas!).

Shunday rasm chizang, oʻnglansa tushlar,
Qator-qator boʻlib, buzilmay safi,
Simyogʻoch toriga tizilgan qushlar,
Chugʻurlashib tursa marvarid kabi.

Chizsang yuzda qolgan mehr tasvirin,
Qizariq yurakka etolsa taʼsir,
Shirin tasvir boʻla, shuqadar shirin
Oʻpilmagan qizning labidek tasvir.

Chizsang tomchilarni bulutlar bilan,
Shafaqni kuydirgan quyosh izlarin,
Hatto kelib tursa tasvirlaringdan
Yomgʻirdan keyingi tuproq islari!

Chanasini tortgan bolani chizsang,
Etikchasi toyib-toyib ketishin.
Tishin tiqqillatib jilmaysa arang,
Yuzchasi qizarib burun tortishin
Chizsang!

Shamollarni chizsang oʻz ranggi bilan,
Sochingni toʻzgʻitgan ozod shamolni.
Koʻzingga eng tanish bayroq bagʻridan
Oqib-oqib turgan ozod shamolni!

Malomat chekiblar qolishsa chunon
Dunyoning jamiki malolatlari.
Shunday rasm chizsang, unda hech qachon
Boʻlmasa baxtsizlik alomatlari!

***

Siz yomgʻirni yaxshi koʻrasiz,
Tinglaysiz tomchilar navosin,
Lekin sira bilmaysiz hanuz
Yuragimning obu-havosin!

Siz yomgʻirni yaxshi koʻrasiz,
Men Bethoven emasman afsus,
Koʻzinggizda notalar suzar,
Soʻz oqadi tomirimda, Soʻz!

Bilamanki, yomgʻirdek kelib,
Bir inja, bir foram, bir nafis,
Yuzimda, labimda, sirgʻalib,
Kuy chalmaydi
Barmoqlaringgiz!..

Bilamanki, barchasi behud,
Behudadir hislarim shavqi,
Oʻrtamizda tafovvud mavjud,
Tafovvudki; sukut va shovqin…

Kechikkanman, boʻlar ish boʻlgan,
Sizda shodlik, menda esa dard.
Koʻnglinggizni mavh etib olgan
Mendan avval laʼnati Motsart!..

Anglashimcha, barchasi tamom,
Koʻnglinggiz boshqaga erimas,
Siz yomgʻirni yaxshi koʻrasiz,
Motsartni,
Notani,
…menimas!

* * *

Tushlarimda kutdim tashrifingizni,
Koʻrgim kelgan edi sizni juda ham.
Tushlarimda kutdim… ( qachon deysizmi? )
Siz boshqa tushlarda kezayotgan dam.

Shu kecha koʻksimdan nimadir bosdi.
Ochigʻi, ogʻriqdan ranjimaganman.
Lek juda aziyat chekaman rosti
“Hech qachon”, “hech kim” va “hech nima”lardan…

Garchi achinishga mudom mahkumman,
Lek bir soʻz ustida uzoq ishladim.
Qushdek uchayotir tushdek umrimdan
Sizsiz koʻrayotgan hamma tushlarim.

***

Kuch ber qoʻlga, bilakka kuch ber,
Kim oʻzini yov kabi tutgan,
Kim doʻst boʻlib yovdanam oʻtgan.
Yo ota, deb koʻtar, ey Yodgor!
Yo ota, deb koʻtar, ey Yodgor,
Sening otang Alpomish oʻtgan!

Xoʻrlik bekor, haqorat bekor,
Kim shoh boʻlib, elin unutgan,
Kim qultoylik yengini tutgan.
Kim oshini indamay yutgan,
Kim boshini dorlarga tutgan,
Yo ota, deb koʻtar, ey Yodgor!
Yo ota, deb koʻtar, ey Yodgor!
Ajdodlaring sarbador oʻtgan.

Otang bozor, ham onang bozor,
Dalang mozor, ostonang mozor,
Sandiqlarni boshguncha mogʻor
Kim miltigʻin qoʻrqib berkitgan.
Kim qoʻshnisin uyini titgan,
Kim yov uchun ogʻasin tutgan,
Yo unutgan, yo esda tutgan,
Yo ota, deb koʻtar, ey Yodgor!
Ajdodlaring “bosmachi” oʻtgan.

Bugun boshda ozodliging bor,
Yaxshi ajrat yaxshi yomonni,
Sendan boshqa koʻtarolmaydi
Oʻn toʻrt botmon
Oʻzbekistonni!
Kim hali ham haqni berkitgan,
Kim pisinib, vaziyat kutgan,
Kim oʻz yoʻlin vaqtida tutgan,
Kim Vatan deb baralla aytgan!
Yo ota, deb koʻtar, ey Yodgor!
Ajdodlaring pahlavon oʻtgan!

***

Zardoli bogʻi bor uyimni, inim,
Sogʻinaman, anjir anorlarini.
Mehrmi bor edi,
hidlab yotardim
Loysuvoq uyimiz devorlarini.

Yoqadi hovlimda yayragan tut ham,
Har holda mevalar berib charchamas
Uyalmay oʻpishgan baʼzi muttaham,
Nokasni yashirib turgan archamas.

Tagida maysa bor, sunʼiy va taxir,
Shunchaki tomosha qilib ularni
Uyimni sogʻindim u yerda axir,
Chaynasa boʻlardi otquloqlarni

Yo boʻlmasa devor ortida ketmon
Koʻtarib oʻtyotgan birorta odam,
Bizga tomon qarab qoʻygani hamon
Salom berib oʻtar tanimasa ham

Kechirim soʻratish turtilgandan ham,
Yoki qogʻozbozlik uka ustidan,
Bizda yoʻq, bizda yoʻq, malomat motam,
Ranjimaydi soʻksa doʻsti doʻstidan.

Koʻp qavatli bino deganicha bor,
Chizmasi chalgʻitar hatto arini
Ammo sogʻinyapman, ey beton devor,
Loysuvoq uyimning devorlarini!

Har na de, bitta soʻz maʼnoi qadim
Ki “odam tuproqdan yaralgan” degan
Betoniy uylarga oʻrganolmadim
Ularda tuproqning hidi yoʻq ekan.

***

Ertanggi rolimning nomi “X”dir,
Sahnaga chiqaman,
chiqaman ringga,
Yana muhtoj boʻldim, janob Shekspir
Almisoqdan qolgan oʻxshatishingga.
Rejissor baqiroq,
Rejissor jiddiy.
Batoblik, betoblik – toblanish bizga.
Yigʻlab yurmaysanmi,
Kulish majburiy
Kulgich shakli chizib qoʻyilgan yuzga.
Talab shu – doʻstlaring ichra doʻstijon,
Sabab shu – yashamoq,
Yamamoq biroq,
Agʻyorlar ichida yomondan-yomon,
Ayyorlar ichida tagʻin ayyorroq.
Burqsitib chekilgan tamakizorda
Yoʻtalib-yoʻtalib, ololmay nafas,
Xirillab dodlayman, zoriqib, zorlab:
Bas qiling, rejissor, yetar endi, bas!
Barcha rollarimni otib sahnaga,
Mulozim boʻlaman, sipo mulozim,
Hamma hayqiradi.
Arzim – rahnada.
Ovozlar ostida qolar ovozim!..
Dodlayman! Sahnada potirlab, portlab:
Bas qil,
Qachongacha etasan davom?
Rejissor baqirar: endigi talab –
Tulkini oʻynatsan, tamon-vassalom!
Tagʻin jim. Qoringa qorishgan nafas.
Pichirlab qoʻyaman (havo-ku bisyor):
Bu nusxa men emas, also men emas,
Men seni gʻajiyman endi, rejissor!
Oʻzing vahshiylikka undading, inim,
Shu kecha umringni boʻridek yedim!
Ki men azaldanoq inson tugʻildim,
Va inson rolini oʻynamoqchiydim!

* **

Bir halol xanjarni axtardim
Begunoh boʻynimni tutishga.
Ki rozi emasmen bir umr
Tigʻ bilan oʻynashmay oʻtishga.
Bir halol sirtmoqni axtardim
Begunoh boʻynimni ilmoqqa.
Osilsang,
Uzilsa mardlarcha.
Yiqilsang,
Kirishsang kulmoqqa!
Bir halol gʻanimni axtardim,
Yengilsang, tiriklay qoʻyvormay,
Eranday oʻshqirsa boshingda,
Boshingni shart uzsa eranday!
Bir zilol dilbarni axtardim,
Xanjardan oʻtkirroq koʻz-u soʻz,
Sochlari arqondan mahkamroq,
Gʻanimdan mardroq va shafqatsiz!..

* **

Men suvdan qirgʻoqqa otilgan qaqroq
Tapillab turgan bir baliq edim, siz
Zarracha xavotir, tashvishdan yiroq,
Ustimga qumlarni sochaverdinggiz.
Sochdinggiz, odamlar, sochdinggiz toʻyib,
Miriqib-miriqib koʻmdinggiz meni.
Chin oltin baliqmen. Oftobda kuyib
Yotardim bemajol. Shoʻr denggiz boʻyi
Menga toʻlqinlarin koʻrmadi ravo.
Uzoqlashib ketdi nafaslari ham.
Chagʻalay yopishdi oltinga gurro –
Minglab tumshuqlarda oʻrtandi tanam!
Choʻqishdi! Ayamay choʻqishdi chindan,
Koʻzimdan sirgʻaldi soʻnggi tomchi suv –
Aybim oltin baliq boʻlganimmikan,
Itbaliq ham buncha toptalmagan-ku?!
…Nihoyat, suv keldi!
Suv keldi-yu, lek
Butun vujudimning qolgandi yarmi.
Toʻyib yarqiratdi oltin zarradek
Qirgʻoqqa sochilgan tangalarimni!..

***

Dunyoxoʻr kimsaga taʼzimlar etib,
yoqib, soʻng oʻzimga yoqmagan paytim,
Samoviy taʼrif-u tasniflar aytib,
bir maddohning sheʼrin maqtagan paytim,
yo bir olchoq nusxa
koʻpirib labi
Vatanni yomonlab turgan daqiqa
maxovning oynadan qoʻrqishi kabi
koʻzingga qarashga qoʻrqdim, Haqiqat!
Qoʻrqdim!
Uvada vijdonim bilan
uzoqroq yashashga ishondim chogʻi.
Hazar ham qilmadim quloqlarimdan
yutinib-yutinib qoʻydi tomogʻim!
Xizr yashab yurgan jannat Vatanda
Xizrga duch kelar boʻlsam banogoh,
buyursa : » Tilaging tilagil, banda,
istagingni vojib etajak Olloh»
Yo Olloh!
Sendan koʻz soʻrarman u dam;
mustahkam qorachoʻgʻ, qarashi bardam,
Sof islomiy hamda zarra hadiksiz
Turkona!
Turkona!
Turkona bir koʻz!

***

Gunohkor koʻngilda gʻalayon, toʻfon,
Hayotki oxiri holati hazon,
Insonman-a, manam gunohi ming son,
Meni kechir, Tangrim, hammasi uchun!

Menki oʻz koʻnglimga mehribon edim,
Tangri ham, tanga ham men tomon, dedim,
Ochning oldida ham yumshoq non yedim,
Meni kechir, Tangrim, hammasi uchun!

Bulutni hidlagan burun past ekan,
Har zoʻrlik oxiri zar emas ekan,
Hokisorning qadri qarimas ekan,
Meni kechir, Tangrim, hammasi uchun!

Kech boʻldi. Ket, dedi tishlari navot,
Kechmoqqa keltirar kechirim nahot?!
Kechirib boryapman hayosiz hayot,
Meni kechir, Tangrim, hammasi uchun!

Daraxtzor bogʻlarda qancha soʻz toʻkdim,
Qizni ham, oʻzni ham izma-iz soʻkdim,
Mana senga umrim, mana tiz choʻkdim,
Meni kechir, Tangrim, hammasi uchun!

***

Shamollar shovullab shamolladilar,
Usma-ust xotirim savolladilar,
Tiz choʻkdim. Qoʻl yoydim. Ne boʻlsa-boʻlar;
Osmonga qadaldi koʻzimning qiri –
Yogʻsang-yogʻ, Qarshining yomgʻiri!

Oʻylayman: harakat, harajat, hujjat.
Kimda kamomad koʻp, kimda daromad,
Umrimga achindim, umrimga faqat,
Bariga koʻnikib qoʻydim oxiri,
Yogʻsang-yogʻ, Qarshining yomgʻiri!

Qizigʻi qolmadi hatto tariqcha,
Qiziqmas, ummonmi yoki ariqcha,
Mana men koʻlmakda tillabaliqcha,
Mana men yoqasi yirtiqning biri!
Yogʻsang-yogʻ, Qarshining yomgʻiri!

***

Butun umr yelkamda yurib,
sira qulab tushmagan osmon.
Meni qatl etmagan firib.
Sirtmoq qilib tugulgan arqon.
Umrida qon koʻrmagan jodi.
Oʻzidan ham qoʻrquvchi gʻanim.
Kapalakning mitti hayoti.
Talpinganim. Yetolmaganim.
Tarafimni olmagan doʻstlar.
Qalampirlar ekilgan poliz.
Asov hislar. Gʻalayon hislar
Va sochlari kaltagina qiz.
Rafiq boʻlib ketmagan raqib.
Raqib boʻlib ketmagan rafiq.
Taqiqlarga doʻnmagan taqib,
Taqiblarga oʻxshamas taqiq.
Vafo qilmoq haqida aldov.
Har safargi zafarsiz safar.
Qisqagina, ajoyib maqtov.
Hamda uzoq ichilgan zahar.
Yetib keldim bugungi kunga,
hammanggizdan boʻlaman mamnun.
Qancha yordam berdinggiz menga
mening yashab qolishim uchun.

***

Men kezdim bor dunyo ichra beshubha,
Oʻrmonga oʻralgan soʻqmoqlarini.
Men sevdim oʻzimni oʻzgalarni va
kuzning shamol-shamol yaproqlarini!
Men toʻydim hayotning lazzati oniy
Oʻchginchi oʻt toʻla sharoblariga,
Men qoʻydim qoʻlimni saboqi soniy
Atalgan mehvaron kitoblariga.
Men egdim boshimni qibla oʻrniga
Shimolning sershamol tomonlariga.
Men soʻydim orimni oʻz qoʻlim bilan
Yoqay deb yoqamning yomonlariga.
Men urdim boshimni devorga tinmay,
Oʻzimga kelay deb oʻzimdan ketdim.
Men oʻldim naqadar chiroyli baxt bu
Yaratgan Xudoyim yoniga yetdim!
Men borman! Mavjudman
tuproq ostida,
Engnimda oʻzimdek omonat nimcha.
Oʻh, qancha qiynadim Vatanimni men
Ushbu kun Vatanga aylangunimcha!

***

Ogʻir boʻlar bundan ortigʻi,
Haqiqatni hayot ichirdi.
Bir kunimni azal kotibi
Qumsoat umrimdan oʻchirdi.
Ammo oxir…
Bilaman ogʻir –
Zamin tortar ichiga.
Mening kuchim yetmaydi axir
Yerning tortish kuchiga.
Mening qoʻlim,
Mening oyogʻim…
Nima derdim, zaminning burchi.
Mening ruhim…
Endi bu yogʻi –
Tangrining tortish kuchi!..

* * *

Bobomning tokchada turgan sandigʻin
Ochdim-u changlari sochimga yuqdi.
Hammasi eskirgan, qizigʻi lekin
Varogʻi sargʻaygan bir kitob chiqdi.
Ehtimol ancha yil yonboshlab yotgan
Biroq koʻp oʻqilgan – harflari xira.
Negadir bechora jildin yoʻqotgan
Bilolmadim kitob shoirin sira.
Rangorang sheʼrlari etdi-yu maftun
Tizzalab koʻp turib qoldim shu yerda.
Oʻ, oshiq boʻlib ham qoldim oʻsha kun
Oʻzbekistonim deb atalgan sheʼrga!
Bir holat haqida boshlandi orzu:
Qaniydi hayotim shunga oʻxshasa!
Axir bu dunyoda yashaganlik-ku-
Noming yoʻqolsa ham, sheʼring yashasa!!!

* * *

Shoirni chorladi sultoni azim
Yoz, dedi, baxt boʻldi har bir daqiqa!
Shoir bir yutundi, mingʻirladi jim,
“ Sultonim haqiqat, axir haqiqa… ”
Pinagin buzmadi podshohi masrur,
Chamasi bir nima oʻylagan edi.
Qoʻlini boʻyniga qoʻydi-yu magʻrur
Eng oʻtkir nigohda bitta soʻz dedi:
— Sen hozir zamonam zayliga asir,
Shu makon, ushbu vaqt, bilsang, meniki!
Mening hukmimdadir mana shu asr,
Kelajak Ming asr mayli, seniki.

***

Buvamga yoqmaydi koʻp qavatli uy,
Kim uchun zoʻrroqdir,
Kim uchun torroq.
Ehtimol shahar ham yoqardi agar
Undirilsa maysa oʻrnida boshoq.
Buvamga yoqmaydi koʻp qavatli uy,
Xohlang shaxsiy boʻlsin,
Xohlang ijara.
Buvamga yoqmaydi sanoqsiz zina –
Toʻrtburchak, uchburchak xullas chegara!
Yoqmaydi nafislik nomli xasislik –
Qoʻshnilar soʻzni ham koʻrishmas baham.
Yoqmaydi kishiga kerak xonaning
Hammasi bir uyda mavjudligi ham.
Buvam keng daryoning bagʻrida ungan,
Tokning soyasida dasta yoʻnadi.
Bir oʻylab koʻring-a, azim chinorni
Gultuvakka taklif qilish – gʻalati!
Umuman yoqmaydi toʻrtburchak non va
Guruchsiz kunlarda makaronxoʻrlik.
Qoʻy-yogʻli oshlarga chidab berar-u,
Bunga chidolmaydi oshqozon shoʻrlik.
Qishlogʻimga borsam koyiydilar koʻp,
“ Menga qara bola, yurma dardisar,
Oʻqisang Mashrabni, Bedilni oʻqi,
Miyyangni gʻajiydi “izm-pizm»lar!
Xullas, shunday gaplar.
Shaharda yurib
Oʻqiyman, ishlayman dedim-u, kuydim.
Buvamga yoqaman deya oxiri,
Koʻp narsani yoqtirmay qoʻydim!

* * *

Yuragimga urildi olam,
Sachrab ketdi parcha-parcha choʻgʻ!
Ey doʻstlarim, shuning uchun ham
Yulduzlarning son-sanogʻi yoʻq!
Ular uchun har yoq tanish-da,
“ Shum bola ”dek daydib yuribdi.
Buni qarang, yangi kalishda
“Yallama yor ” aytib yuribdi.
Yuragimga urildi olam!
Fazoviydir barcha-barchasi.
Shafaqlarda yonayotgan sham —
Yuragimning yirik parchasi!

***

Mensimadi kulolni zargar:
“ Ukam, qara dono dunyoni –
Sening qoʻling loy boʻlib yurar,
Mening qoʻlim oʻpar tilloni! «
Qarab turdi zargarga kulol,
Davom etdi ishin bemalol,
Keyin dedi (bitta soʻz yetar):
“ Zoʻr ekansiz, janobi zargar! «
Lek shaharning hamma joyini
Zargar qachon zarga toshirgan,
U non yegan tandir loyini
Kulol tepib-tepib pishirgan…

***

Qordan hayratlanmay qoʻydi bolalar –
Istagan vaqtida
muzlatgich muzxonasida
Qor!
Yordan hayratlanmay qoʻydi bolalar –
Istagan vaqida
telefonin xotirasida
Yor!
Dordan hayratlanmay qoʻydi bolalar –
Istagan vaqtida
Televizorin vahshiy kanallarida
Dor !
Ordan hayratlan…
Kechirasiz bu yogʻin endi
Yozolmayman! Chunki yozishdan
Or qilaman,
Or!

* * *

Notoʻgʻri yozuvni yoqtirmasdi u,
Notoʻgʻri nuqtadan yasardi undov.
“Ozor” deb yozibsiz, Axir “Bozor” bu!
Yo, Xudo, tinglasin soʻzimni birov! »
Oʻlim bor uning ham yolgʻiz boshida,
Tuproqqa berdilar bir kun jismini.
Donolikni qarang, qabr toshiga
Notoʻgʻri yozdilar uning ismini…

* * *

Goh oʻttizi oq boʻlar oyning,
Aylanadir zaminning boshi.
Qiziq edi falonchi boyning
Choʻrisining tomda yashashi.

Boy yonboshlar,
Xonadon toʻri
Toʻlib turar zar bilan xushhol,
Tomda obdon suradi Choʻri
Boyib ketmoq haqida xayol!

Oʻz-oʻzicha izlaydi taskin:
Hali qurar tengi yoʻq saroy.
To rosmana ostida qolsin
Oyogʻining ostidagi boy!

Choʻziladi yopinib chopon,
( Xayolidan tushmaydi bir pas )
Boy boʻladi, ammo hech qachon
Xizmatkorin tomda yashatmas.

… Choʻrisini oʻylar boy bu choq,
Derdi: Ovqat ketyapti uvol.
Unga koʻproq ish tayinlamoq
Toʻgʻrisida borardi xayol!..

***

Bir yigit turibdi aravachada,
Bir chaqnab qoʻyadi koʻksida osmon,
Olov qon, asov qon, gumburloqi qon
Depsinib turibdi tomir ichida!

Qarasa, turkona yoʻlbarsiy qarash
Kesib oʻtaverar koʻzingni tikka!
Har qanday mudroqqa, qoʻrquv, hadikka
Oʻrgangan qalblarda boshlanur nurash!

Har qaysi yegilga yuk bilan boqur,
Nigohlari yorugʻ, qora qorachugʻ,
Shunchaki degan soʻz hayotida yoʻq!

Baquvvat bilaklar odimlab borur,
Gʻildirakka kaftlar tekkani sari,
Gʻildirab ketayur butun yer shari!

***

Shtangasin baland tutdi shtangist,
Qarsaklar tinmasdi old-u orqada.
Vыysotskiy kuylagan vaqtlar
turardi odatda shu qiyofada.
Toshlardan ogʻirroq boʻynida medal,
Uyiga qaytganda shuhratin terib.
Yigʻladi xonada, yigʻladi dangal
Telefonda tanish raqamni terib.
Ming yil ham turajak shoyad u bardam.
Koʻtarib-koʻtarib toshni tugatdi,
Koʻtara olmaydi haligacha lek,
“Sizda hech koʻnglim yoʻq”
degan bir gapni!..

* * *
“…ga”

Tishlaridek oppoq qogʻozga
Qoshday qora siyohi bilan
Nozikkina yozib qoʻydi qiz:
“(uchta nuqta) sizni sevaman!”
Soʻng xatini asta avaylab,
Kitobiga yashirib qoʻydi,
Bexosdanmi yoki ataylab
Muyulishda tushirib qoʻydi.
…« menga yoqdi bergan gulingiz,
Bunday gulni hech koʻrmaganman!»
Oʻh! Tamomman, tamomman, axir
Unga sira gul bermaganman!..
Ha, bilaman uchrashgan ular,
(Bunday gulni koʻrmaganmish-a!)
Uch nuqta, hey, uch dona nuqta,
Men boʻlishni istovdim oʻsha!

***

Nafaslaring – tongi tiniq yel,
Unda iliq bodomgul isi.
Oʻzim koʻrdim – shamollar yengil
Va ularda sochlaring izi.
Koʻzlarimni bogʻladi koʻnglim,
Paypaslanar idroklash degan,
Bahor senga oʻxsharmish, gulim,
Demak bahor chiroyli ekan!
Bu fasl, bu gullar, bugunlar
Qancha nafis, qancha muhtasham.
Quvonishar!
Ularni agar
Sening isming bilan chaqirsam!

***

Sening koʻz yoshlaring qancha begunoh,
Mening dil hushlarim asosi anduh.
Men Qadr kechasi may ichgan gumroh,
Sen Kavsar suvida sugʻorilgan ruh!..

Ming yilki husningga tashilur tashbeh,
Shaffof koʻzlaringdan oʻqilur oyat.
Sen iymon koʻlida aylangan tasbeh,
Men murshid koʻrmagan doʻgʻboʻyin qoya.

Sen toza bir qultum qadahdagi may,
Hanuz topolmasman ichmoqqa jurʼat,
Turibman oʻzi yoʻq aybing kechirmay,
Bu ne iltifotdur, bu ne xusumat?!

Soʻngsiz haqoratga roziman illo,
Oʻzi barchasini oʻrniga qoʻygay.
Ay, hatto tushlari bokira, hulvo,
Qaysi gunohingga jazo boʻldim-ay?!!

***

Yaxshi qoling. Ketyapman.
Kechiring koʻzlarimni.
Faqat yoʻlga atabman.
Eng nozik hislarimni.
Sizga nasib koʻrishga
Koʻrimsizgina dunyo
Va yoshlikka qorishgan
Boʻronsifat vovaylo.
Menga nasib, qarangki,
Quyosh oʻrniga faqat
Dunyoning barcha ranggi
Qorishib ketgan zulmat!
Yaxshi qoling. Ketyapman.
Nasib etmadi biroq
Aziz peshonanggizdan
Koʻzlarim bilan oʻpmoq!..

***

Shovullardi sochlaring toʻyib,
Dengiz edi koʻzlaring, dengiz!
Yashar edim koʻyingda kuyib,
Osmondek boqarding, osmon qiz!

Sochlaringni yuzimga qoʻyib,
Chuqur-chuqur olardim nafas.
Shamol eding, shabboda eding,
Shunchaki bir yelvizak emas!

Bugun dilda havo osuda,
Yurak qurir! Kiprigim ogʻrir!
Ogʻir… axir jonginam juda,
Shamollamay yashamoq ogʻir!

***
Sizga oq rang yoqmas ekan-a?
Nima qilay, netayin endi?
Koʻylagimdan koʻnglimgacha to
Oq rangda edi!

Sizga yoqar ekan
Qorabotirlar,
Qora koʻzoynag-u, qora mashina.
Yoqmasligi aniq bizning adirlar,
Ketmon bilan oʻyib ishlangan zina!
Sizga yoqar ekan qop-qora barxan,
Qora marvarid-u, qoraroq inju.
Ha-ya, men dalada ketmon chopganman,
Yuzim sal qoraroq, yoqmaydimi shu?!
Sizning suyuk goʻsha – havodan yiroq
Qora oltin xarob etgan tor shahar,
Mening makonim-chi, ajoyib qishloq,
Oq oltinlar oppoq ungan dalalar!
Hali ham bir oʻylab koʻring-a, tinib
Biroz yoqsa kerak orzuning ishi –
Oq libosa turgan kelinni kelib
Oq otli shahzoda olib ketishi?!

** *

«Men boshqani sevaman, kechir,
U ham goʻzal, yoqimtoy, layli,
Gar aldasam, labini tishlab,
Qovogʻini uyib qaraydi!»

Bu soʻzimdan qoʻrqib ketdi qiz,
Shart qaradi koʻzlari koʻzgu.
“U kim?”- dedi,
Labini tishlab,
Qovogʻini uyib olib U!.
* * *
Ertaklardan boshlaysiz
Erkagina suhbatni,
Siz bilmaysiz, yaxshi qiz,
Yomonlig-u kulfatni.

Sevgi haqida uzun
Ertaklarga qaytasiz,
Menga bildirmaysiz-u,
Men haqimda aytasiz!

Soʻzlarimga jim quloq
Tutasiz, men netaman?
Qulogʻingiz tishlamoq
Oʻrniga sheʼr aytaman!

Aytaman ming zavq bilan,
Ming shart bilan aytaman.
Aytaman ming shavq bilan,
Ming dard bilan aytaman!

Jilmayasiz siz buni
Kuzatib turib zimdan,
Tangri bergan bu kuni
Eng zoʻr shoir oʻzimman!

Shunchalar qadrdonman,
Mehribonman shunchalar.
Shunchalar suyukjonman
Va yomonman shunchalar!

Oʻzimni koyir edim
Lekin bunday qilmadim.
Tonggacha shoir edim,
Tongdan keyin, bilmadim!..

***

“ Quyosh atrofida aylanadi yer…»
Xayolim boʻlindi fazo darsida.
“ Qanday tik turibman,
Tirik yuribman
Aylanma zaminning ustida? »
Maktab va yoshligim ovvora,
Oʻqituvchi “darsini» oʻtyapti,
( Sayyora!
Sinfdosh Sayyora,
Boshlarim aylanib ketyapti! )
Sen-chi? Ey yuragim,
Oʻynoqi saman,
Koʻngilni taajjublar bosdi-da,
Qanday tik turibsan,
Tetik yuribsan
Aylanma boshimning ostida?!

***

Siz kuylaysiz tandir boshida,
Balki oddiy bir hirgoyidir:
“Nonning eng shirin joyi –
Uning kuygan joyidir! «
Puflab-puflab olasiz choʻgʻdan,
Meni koʻrib tumtayasiz jim,
Nondek aziz emasman sizga
Garchi kugan joyim –
Yuragim!
Bir qaraysiz juda beparvo –
(Devorning ham koʻzi bormikin?)
Buncha achchiq qilasiz menga,
O, buncha achchiqsiz, sevgilim!

***

Derazang. Tomchilar.
Ezilgan yomgʻir.
Havo esa haddan ziyod musaffo.
Yutinib qoʻyaman termulib ogʻir,
Tashqariga chiqa olmaysan ammo.
Shisha ortida jim boqib koʻzimga
kulasan. Jonlanur nomaʼlum kuchlar.
Oynaga yopishib turgan yuzim va
oynaga urilib, qaytgan oʻpichlar!
Oʻgrilib, ketaman,
sen-chi oynaga
termulib qolasan kaftingni bosib.
Ming marta soʻraysan ne uchun, nega,
tomchilar qoʻymoqda koʻzingni toʻsib.
Oʻgrilib, qarayman.
Dardimning yuki
savolga qoʻshilib dilni qamchilar,
yuzingdagi nima, koʻzyoshmi yoki
derazangga qoʻnib qolgan tomchilar?!

***

Yoningga bormoqchi boʻlaman,
Oq orzuda,
oppoq havasda.
Lekin kimdir chiqar qarshimdan
Qora tusda,
qora libosda…
Tushingga kirmoqchi boʻlaman,
Lek eshikdan qaytgim keladi.
Chunki kimdir mendan avvalroq
Tushlaringda yurgan boʻladi!
Bir soʻzni aytmoqchi boʻlaman,
Lekin etgim kelmas talaffuz.
Eshitgan koʻp yolgʻonlaringning
Bosarmikan oʻrnini shu soʻz?!
Bormayman,
tushingga kirmayman.
Aytmayman. Bardoshim topilar.
To bor ekan hayoting ichra
Oʻsha kimdir
va shu kabilar!..

***

Bor, qushcha, ucha qol!
Mendan uzoq uch!
Qanotingga qoʻlim tekizmak gunoh!
Gunohdir davomga bogʻlamak ilinj,
Gunohdir sochingga yurgizmak nigoh!
Uchib ket!
Judayam uzoqlarga uch!
Hech nima qolmasin, na ishq, na qaror.
Faqat qoldira ket bir dona oʻpich
va qogʻoz sochiqqa yozilgan izhor!
Seni koʻp aldadim, ozod asira,
Yakun topishini istayman bari.
( Bor ekan, sevgilim, bor ekan, qara,
yolgʻon mehrlarim ichra rostlari! )
Bor, qushcha, ucha qol! Mendan uzoq uch!
Koʻksingni shamolga qayta erishtir.
Ki, bu hol yoʻlbarsning oʻljasini tinch
ohular safiga qaytib berishdir!

***

Ranjisanggiz men nima qilay,
Yomonlikka yoʻymayman buni.
Oʻrgatibman sizga har qalay
Ranjimoqlik degan tuygʻuni.
Sogʻinsanggiz meni mabodo,
Menga zarra qilmaydi alam,
Har holda bu bekorga emas,
Oʻrganibsiz sogʻinishni ham!
Qargʻasanggiz ortimdan agar,
Yirik ruhim boʻlmaydi kichik.
Kechirsanggiz meni jimgina,
Demak sizda odamgarchilik…
Demak sizda insonlik degan
Sof tuygʻular ancha oʻsibdi.
Birovni aldamoq, asramoq
tuygʻulari nasib etibdi.
Kimga armon benasib axir.
Kimning koʻngli boʻlmagan yarim.
Menga kelsak,
menimcha yetar
oʻrgatishni oʻrganganlarim!..

***

Ming marta oʻyladim hammasini men,
Ming marta tikildim suratinggizga.
Har safar siz bilan tugadi oʻyim,
Har safar yoʻliqdim xayolan sizga.
Ming marta yugurdim bor kuchim bilan,
Ming marta qadaldi koʻzimga tikan,
Har safar savolim bitta soʻz boʻldi:
Sizni baxtsiz qilib qoʻymadimmikan?!
Ming marta qidirib yashashga sabab
Oxir yasab oldim oʻzim uchun baxt —
Xursand boʻlardinggiz meni azoblab,
Demak baxtli qildim sizni shuncha vaqt!

***

Bir kun zerikasiz sevgi satrimdan,
Bir kun zerikasiz mendan, farishtam.
Umrimdan, yodimdan, hatto qabrimdan,
Bir kun zerikasiz zerikishdan ham.

Stoldagi shamlar tugamasidan
Oʻchirmoq boʻlasiz hafsala bilan.
Joninggizga tegdim,
buni bilaman,
Oʻzim oʻylab topgan falsafa bilan.
Qamalib olasiz xonanggizga jim.
Xonada hech kim yoʻq.
(Yolgʻizlik va siz…)
Yigʻlaysiz, yigʻlaysiz
va tasodifan,
Yodinggizga tushar zerikkaninggiz.
Yodinggizga tushar shubhaga oʻxshash
Nimanidir qattiq istagandinggiz,
Qiynayverar sizni, qiynayveradi
Isitma aralash istaklaringgiz.
Hech narsaga tushunolmasdan,
Koʻzguga qaraysiz
oʻzinggizgamas.
Boshqa qiz turibdi roʻparanggizda,
Nega u siz emas?
Oʻzinggiz emas?!
Bilardim!
Men buni aniq bilardim!
( Koʻprik yasab boʻlmas axir qamishdan. )
Tayin edi sizning zerikishinggiz
Har kun baxtli
boʻlaverishdan!

***

Mana tun.
Mana tush.
Mana sen.
Jim pichirlab qoʻyasan neni?
Sochlaringni qoʻyniga olib,
Oʻpib qoʻyar yostigʻing seni!
Sen juda ham chiroyli qizsan!
Yuraging keng — quchogʻingga teng;
Unga sigʻar hamma ezgulik,
Men esa-chi?
Ha, aytganday, men…
Mana tun.
Mana sheʼr.
Mana men.
Xonam esa hamon betartib.
Qalamimni bosib qogʻozga,
Oʻtiribman shamni yigʻlatib.

***

Uchib ketaversang, yengil, tizginsiz,
Hayrating oshirsa borliqning boshi —
Bir dona tomchidan boshlangan dengiz
Bir dona tomchiga borib tugashi.
Uchib ketaversang osmonda chunon,
Hayrating oshirsa borliqning ishi —
Bir dona niholdan boshlangan oʻrmon
Bir dona niholga borib tugashi.
Uchib ke..tolmasdan qolsang-chi bir kun,
Uchib ketolmasdan qolsang-chi shoshib,
Bir dona kulgudan boshlangan sevgi
Ming dona koʻzyoshga ketsa chirmashib?..

***

Sizni sevishimni soʻz bilan
goh aytdim, gohida aytmadim.
Arslonlar qaytdi oʻz izidan,
Men sizni sevishdan qaytmadim!
Yurmadim yuviqsiz ilinjda,
muhabbat — mangulik maqsadim.
Boshimni tik tutdim qilichga,
Men sizni sevishdan qaytmadim!
Yogʻiylar yogʻildi samodan,
chidadim. Nadomat aytmadim.
Siz menga hadyasiz Xudodan —
Men sizni sevishdan qaytmadim!

***

Ayt, kimlar tikilgan kipriklaringga,
Izi bor yuzingda oʻqday koʻzlarni?!
Kimlar kutib oʻtdi labingni ming yil,
Kim oʻpmoq istagan anor yuzlarni?!!

Soʻz berishmadingmi hilvat soʻz bilan,
Aka deb yurdingmi yigit doʻstingni,
Lahzada sevdirib qoʻyar koʻz bilan
Oʻn toʻqqiz yil koʻzdan holi oʻsdingmi?!!

Yomon deganim yoʻq !
Gumon bamahzun,
Halovat halokli xayol suraman.
Oʻz ishqim oʻzimning oʻlchovlarim-chun
Yomon koʻrinsa ham yaxshi koʻraman!..

Oʻtmish oʻtkir narsa.
Yomon mutlaqo!
Lekin sen yaxshisan… yaxshisan lekin
“ Mengacha ” degan soʻz ulfatimmi yo
“ Mengacha ” degan soʻz kulfatimmikin?!!

Uchratgan boʻlsaydim seni avvalroq
Avvalroq etsaydik ahdlarni tortiq,
Hech kimga bermasdim men seni mutloq
Va mangu sevardim jonimdan ortiq!

***

Qoʻlimdan beizn sirgʻaldi qoʻling,
Tikilding daraxtning sirgʻalariga.
» Hammasi oʻtkinchi.
Xayr, sogʻ boʻling,
Shu tamgʻa bosilgan bari-bariga! «

Koʻzlarim ezilib yumildi shunda,
Ezilib qonadi labimning ichi.
Sheʼr aytdim!
Sheʼr aytdim,
dunyoi dunda:
Ishqdan boshqa bari-bari oʻtkinchi!

Ha, dedim savoliy nigohlaringga,
Men seni sevaman!
Sevaman, lekin,
hozir men tirikman,
hozirdan keyin…
“ Oʻtkinchi ” tamgʻasi bosilur menga!

Ammo ishqqa mahkum yuragimdakim,
Yashab qolajakdir yagona hukm!

***

Hammasi joyida,
hammasi yaxshi,
Hammasi iziga tushar bir qadar.
Hali bu boʻshliqdan baxt boʻlur barpo,
Hammasini barbod qilmasak agar!
Ammo boʻlaverar qorachigʻim keng,
Siz oʻtaversanggiz meni tushunmay.
Boʻlib qolaverar munosabatning
Hammasi — “hozircha”, “halicha” , “shunday”!
Qonga belanadi tongda koʻylagim,
Qarang, koʻkragimda panjamning izi:
Poyinggizda mana bitta yuragim,
Hamda sheʼrlarimning
hamma-hammasi!

***

Oddiymi, oliymi oniydir bari;
Birning misqol-misqol yaxshiliklari,
Birning botmon-botmon shum qiliqlari.

Ustroqmi, pastroqmi yo undan nari,
Rostroq boʻlib qolish biroz dargumon,
Horib gʻiybatlanish honishdan oson !

Tilakkim, koʻp yashab, qargʻishsiz qari,
Qolmasin oxirda osiylashganing,
Ki, burching — oddiydan oliylashganing.

***

Yogʻiy yopirildi lashkarlar sanab,
Salomlar yoʻgʻrildi xullas-kalomga,
“X”day tutilgan nayzalar sabab
Oʻtolmay qoldinggiz mening tomonga!

Qoʻl choʻzib qoldinggiz nayza ortidan
Ey harir koʻylakli, nigohi nigun!
Ketardim ming yillik alam yurtidan
Eng qattiq sandiqqa solinmoq uchun!

Mana qulayapman!
( tirikman balki? )
Sandiqqa yuragim urilar “doʻq-doʻq” !
Bu jarlik shundayin jarlik ekanki,
Hali ham daryoga yetganimcha yoʻq!..

***

Yosharish bor edi yashashdan bizga,
Hali doʻst emasdik chodirlar bilan,
Vaqt oqib turganda tomirimizda,
Muhabbat chalgʻitdi chogʻirlar bilan…

Va keyin alamlar oʻsdi yaradek,
Koʻz yoshni kuzatmoq uchun yaradik,
Taajjubki, yelga ham yengil qaradik,
Yor ketdi qabogʻi ogʻirlar bilan.

Ishonchga mayoqlar yoqmadi yoron —
“ Yolgʻon yomon degan soʻz oʻzi yolgʻon! ”
Yorimiz yotganda yov-la yonma-yon,
Yoshimiz yogʻishdi yomgʻirlar bilan!..

Bunda yomgʻirpoʻshning matolari muz,
Tasalli bermadi tasodifimiz.
Bellasha olmadik vafo ikkimiz
Muhabbat makrida mohirlar bilan.

( Eh, deymiz, voh deymiz bilsanggiz suluv,
Bir vaqtlar ishq dardin davolardig-u,
Ishimiz boʻlmasdi boʻlsak roʻparoʻ
Dardi daromadga doirlar bilan ).

Ishq ishi shu ekan, nima ham qildik,
Baxt uchun yodidan asta yoʻqoldik.
Qalam ila oxir bosh suyab qoldik,
Qolmadi biz ikki shoirlar bilan.

***

Toliqaman koʻngil xarobasida,
Patirlab pat toʻkar yurak degan qush,
Gʻichirlab yotibdi ikki eshigi,
Ochiq qoldirilgan dil uyi boʻm-boʻsh.

Qorda isinaman istamasang-da,
Yolgʻiz qoldirilgan yuragim bilan.
Hech boʻlmasa shamol bir yoʻqlab oʻtar,
Ochiq qoldiraman derazani ham.

Visol ham zavol ham yoʻqdir men uchun,
Savol bor : Uvollik fursati qancha?
Istaysanmi seni tinch qoʻyaman, tinch,
Istaysanmi ketgum unitilgancha?!

Istasang umrimning soʻnggi damida,
Sendan gina qilmay bearz, bealam,
Bitta diydor kutib,
Eʼtibor kutib,
Ochiq qoldiraman
koʻzlarimni ham?!.

***

Yaxshiki, sevmaysan sen meni hamon,
Yaxshiki, men uchun tortigʻing gʻazab.
Yoʻqsa, qiynar edi azobi vijdon,
Yoʻqsa, zoʻriqardi hissiyot, asab.
Yaxshiki, yoqilgan oʻsha suratlar,
Yaxshiki, tutashib oʻtmas koʻchamiz.
Na sening nigohing men tomon hatlar,
Na mening dardimdan ogʻiz ochamiz.
Endi tushlaringga kirmaydi sheʼrim,
Jazava satrimdan ochmassan quloch.
Hech kimdan kutmaysan endi kechirim
Va yuzim silamas hech qanaqa soch.
Yaxshiki, oʻldirib boʻldik vijdonni
Va tinch yashayapmiz.
Bu ham yaxshi-ku…
Ammo aldayapmiz ikki insonni,
Yaxshimas, sevgilim, yaxshi emas bu!

***

Koʻzi moviy, koʻngli samoviy janon,
Mendan sizni tortib ololmas hech kim!
Men sizni Pushkindek sevaman yomon:
“Ya ne xochu pechalit vas nichem…”

Sizdan xafamasman, axir bu qismat
Manglayga yozilgan tugʻilmoq oldi.
Barini unitib boʻlganman qisman,
Faqatki yurakda bir ilinj qoldi —
Oʻshanda somonrang sochlaringgizni
Yuzinggizga toʻsiq etsanggiz, bugun
Balki oʻylamasdim bu qadar sizni,
Balki oʻylamasdim bu qadar uzun!
Oʻshanda eng shirin tilinggiz bilan
Koʻnglinggiz yoʻqligin aytsanggiz, tamom,
Har tunni xayolan faqat siz bilan
Oʻtkazib yashashni etmasdim davom…
Bilaman, toʻpori sevgimga qarshi
Nojoʻya soʻz aytib ranjitmadinggiz,
Garchi koʻnglinggizga ozorni tashib
Yashadim, siz esa rad etmadinggiz.
Va lekin bu qismat kalavasini
Atay adashtirmoq maqsadi bilan
Taʼminlab berdinggiz gʻam gʻalabasin…
Shuni istadinggiz; menku netaman?!.

Suyukli farishtam!
Biling, hech qachon
Taqdirga demasman baxtimni koj et.
Men sizni Pushkindek sevaman hamon:
“ Ya vas lyubil: lyubov yeщyo bыt mojet…”

***

Qidirmay qoʻyganman sababga sabab.
Ruhim goʻdak kabi oʻzidan mamnun.
Har tong Yaratgandan kechirim soʻrab
Uygʻonish odatim boʻlgani uchun.

Vazminlik yastaniq vujudda, ongda.
Notalarim shoʻxchan!
( garchi yasama).
Faqatki, qoʻrqaman bir kuni tongda
Kechirim soʻrashga ulgurmasam-a?

24.04.2018
Tong.

***

Ular solib boʻldi siz uchun oʻrin.
Qidirmang. Yechim yoʻq —
Endi foydasiz.
Taqib chiqolmaysiz endi hech birin;
Eskirib yirtildi niqoblaringgiz…

Garchi kutayotgan panjara aniq.
Egarga qamchini urasiz mudom.
Unisini taqmang,
Bunisi yirtiq…
Tamom.
Sizni tanib qolishar, tamom!..

Nega baqrayasiz?
Bilmasmidinggiz —
Ishqurolning ishga tirakligini;
Niqoblar ustida ham tez, tinimsiz
Ishlab turaverish kerakligini?

Bir yoʻl bor —
Barmoqni panjara qilib
Qochasiz!
( iloji boricha tezkor).
Qoʻrqmang, sizliginggiz qolishmas bilib,
Sababi — hammada barmoqli qoʻl bor!

P.S:

Qochdi u…
Lek uni tutishadi-ku?!
Yoʻlini minglab sim, zanjir-la toʻsib.
Sababi — Faqat U,
Faqatgina U
Qochmoqda qoʻlini yuziga bosib…

***

Yopildi osmonning eshigi.
Urilarkan simlarga nohush,
Qamaldi qafasning meshiga
Erkinligi ezgʻilangan qush…

Ketarkan qaramay dodiga
Toptalgach haloskor huquqlar,
Iljayar simlarning ortida
Parvozga parvosiz mahluqlar!

Yoz oʻtdi,
Kuz oʻtdi,
Qish kirdi…
Qoʻyvormas bu qattol bedodlik,
Pat sochdi, dod sochdi, qichqirdi:
Ozodlik!
Ozodlik!
Ozodlik!

Tumshigʻi choʻqirdi (kimlarni),
Qon bilan qorishib koʻzlari,
Samoda chayqalib imlardi,
Sheriklar, hilpiroq doʻstlari!

… Oʻh, uning hurriyat, huquqga
Qorishiq maslagin tahqirlash,
Ruhini nomaʼlum hududga
Tortqilab savolga zanjirlash,

Zanjirlash erkparast vujudin,
Besabab qafasga tortmoqlik,
Nechogʻlik vahshiylik bus-butun,
Nechogʻlik ahmoqlik, olchoqlik?!!

Kenglikka sanchilgan nigohin
Kirlangan tirnoqla yirtmoqlik,
Sayrashga undovlar goh-gohi
Boʻgʻardi boʻynini sirtmoqdek!

… Kun kecha shamolni yelpigan
Patlari patirlab titildi.
Qoqshadi madori
Va qushcha
Qanotin ke-eng yoyib
Yiqildi!..

( Bu marhum mahbusga tikilib
Turmoqlik lazzatmi kishiga?! )
Soʻng ochib qoʻydilar, bir kulib,
Qafasning
panjara
eshigin…

***

Yodimda bor; “Beruniy» bekat.
Oʻsha kutish oʻrindigʻi ham.
Ikkov tanho qolgan bir fursat
Menga tasbeh uzatding, erkam…

“- Bu ne ” -, dedim baayni gʻaflat
uyqusida yashagan muslim.
“ — Oʻqiganda kalima-oyad,
Chalgʻimoqqa boʻlmaysiz taslim. ”

Shu lahzadan tasbeh oʻgirdim,
Oʻqirdim bemaqsad, darbadar,
Koʻzlarimni yummay oʻqirdim
va chalgʻib ketardim har safar.

Qiziqmasmi hamdni bu fursat
yer ostida yutinganligim.
Shu paytgacha Tangrimga faqat
tasbehlarsiz yukinganligim.

Oʻh, oʻzimni yigʻa olsaydim,
Bandasini kechirsin Alloh.
Goʻzalliging uchun hamd aytdim:
“ Laa ilaha illolloh!..»

Koʻzlarimni yumib oʻqirdim,
Oʻgirdim qasdma-qasd, betoqat,
Duoyimda faqat sen eding,
Sen eding,
Sen eding,
Sen faqat!

Nigohim!.. Aybimni berkitgil
Eʼtiqodim tor koʻzasiga.
Men shunchalar berilib ketdim
Xudoyimning moʻjizasiga

***

Xayrli oqshomlar,
Xayrli tushlar…
Toza tabassumlar tilarman senga.
Eng shirin tonglarning shabnamin ushlab
Bir hovuch oʻpich-la yoʻllarman senga!
Xayrli saharlar,
Sayrli tonglar…
Marvarid kulgular tilarman senga,
Eng inja mudroqlar mazasin anglab,
Koʻnglimni saharqush qilarman senga.
Senga ilinaman kulgu moʻtadil,
Senga ilinaman orzu daraxtin.
Menga parchalanmoq baxti yetadi,
Yetadi sovrilib sochilmoq baxti!

Xayrli oqshomlar!..
Xayrli tonglar!..

01

(Tashriflar: umumiy 3 105, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ajoyib, maza qildim. Shahriyor, baraka toping. Sheʼr mazasi baribir boshqachada..

Izoh qoldiring