Shohrux Najot. She’rlar

07   Шоҳрух Нажот 1993 Хоразм вилоятида туғилган. Унинг шеърларида, деярли барча ёш шоирларга хос оҳангу қофияда, фикр тиниқлигида ҳали тажрибасизлик аломатлари кўринса-да, шунга баробар янги сўз айтишга интилиш яққол намоён бўлмоқда. Айни шу интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида шеърларини сизга тақдим этишни маъқул кўрдик.

Шоҳрух  НАЖОТ
ШЕЪРЛАР
07

МЯНМАГА ХАТ…

Бир аёл йиғлайди беун, безабон,
Кўз ёшдан ийманар… Чекинар дарё.
Кўз ёшдан қўрқмайди не учун инсон?!
Бунчалар қаҳринг тош, беш кунлик дунё?
Бир аёл йиғлайди, разм сол тақдир,
Сен шундай ёздингми пешонасига..?
Она – жаннат, аёл – жаннатдир ахир
Тош отманг, жаннатнинг остонасига!!
Не бордир бу ожиз ҳаёлларида…
Бағри қон ватанин қумсарми ё жим?
Кўзлари туш кўрар тинчлик ҳақида..
Жимгина жанубга йўллар ўтинчин..!
Бир ёқда куяди она Мянма,
Икки фарзандига мотам либосин.
Бирига ачинар, бирини қарғар..
Дунё-чи… тингламас унинг нидосин.
Бир аёл йиғлайди, шукрона айтиб..
Аслида бир халқнинг кўз ёшлари бу,
Бегуноҳ гўдаклар келмайди қайтиб..
Бегуноҳ юраклар кетдилар мангу !
Бир аёл йиғлайди киприклари нам,
Қўшилиб йиғлайди қалам қоғозим,
Сўз билан кўнглини юпатай десам…
Мянма сен томон етмас овозим.
Бир аёл йиғлайди шукрона айтиб..
Худосизлар чўккай унинг ёшига….!

***

Кўнглимда қор…33
Дилимда қор…
Тилагимда қор…
Оппоқ эди орзуларим ҳам…
Сен қуёшга айланиб олиб,
Эритардинг совуқ меҳринг-ла!
Сенда жимлик, менда ҳам жимлик,
Иккимиздек лол эди борлиқ…
Мен қордан ҳам совуқроқ эдим,
Иссиқ эдим қуёшдан ортиқ.
Сен нурингни аямас эдинг,
Мен йиғардим совуқ кўз ёшни..
Мен қор эдим, совуқ қор эдим..
Музлатолдим сендек қуёшни!

***

Куз…
Саккизинчи кун.
Кимнингдир эсидан чиққанлигим…
Кимнингдир ёдида қолганим.
Узуқ-юлиқ тилаклар…
Бағри ямоқ юраклар.
Дунёга етгулик жимлик…
Тўхтамай ўсаётган мен!
Куз…
Тўққизинчи кун.
Япроқлардан олдин сарғайдим..!

***

Алла…
Онам алла айтар…
Тун уйғоқ…
Ой уйғоқ….
Мен уйғоқ…
Онам чарчаган…
Онам алла айтар…
Тун уҳлар…
Ой уҳлар…
Мен уйғоқ…
Онам чарчаган…
Онам алла айтар…
Мен уҳлай қолмайман…
Мен уҳлай олмайман
Онам чарчаган..!
Онам уҳлар…
Алла айтиб уйғотар қуёш…

***

Лойланади кўзларим оқи..
…лойқа сувда чўмилар киприк…
Ростларимнинг аниқ ўлмоғи,
Ёлғонларим ҳали ҳам тирик…
Телбаликнинг бошимикан шу,
Расоликнинг охирими ё ?
Минг йилларга етгулик қайғу,
Уйғондими жим ётган нидо?
Бир лаҳзага қотиб қолди тун,
Қора рангин олдим кўчириб.
Оқ ҳарфларда ёзилган бутун
Ўтмишимни чиқдим ўчириб.
Энди йўқлаб келмай қўйди ой,
Юз ўгирди мендан ҳақиқат,
Ёлғон бўлиб келдим ҳойнаҳой
Ёлғон бўлиб кетмайман фақат
Лойланади қорачиғим ҳам,
Киприкларим қолди кўникиб.
Ростларимни ўлдирмай энди,
Юрагимга қўяман тўкиб…

АЧИНИШ

Митти тош сипқорар денгиз сувини,
Ажини оқарган пешонаси шўр…
Балиқларнинг мангу ҳурлик куйини,
Айтиб кўрар ҳар кун юз минг марта жўр..
Оҳ бунча бешафқат тўлқинлар, мавжлар,
Тошчанинг оҳини элтмас жанубга…
Сабрини синайди сабрсиз йиллар
Қуёшга талпиниб чарчамас тошча!
Кемалар ўтади елканли мағрур
Қўл силтаб қолади бечора, фақир.
Тош қилиб яратдинг етмайдими шу,
Шу тошга бир қанот берсангчи тақдир?!

***

Кетиш учун келганмидим..
Келиш учун кетяпманми ?
Балки мен билардим дилзоримдан,
Дил узиб кетишингни…
Юракдонингда сўлиб бораяпти
Менинг дилларим…
Йиғлайман юлдузлар учади кўзимдан..
Кетяпман…
Юракдон ясайман… янги юракдон….!

ИСТАК

Қани гапиролсанг, жимлик тилида.
Тушуниб етолсанг, Сукунат сирин.
Ҳеч кимга билдирмай ўтлиқ ишқингни,
кимнингдир қалбига солсанг яширин.
Ҳисларинг куйласанг, жимлик тилида,
Овозинг боролса қуёшгача то…
Сенинг ҳисларингни таниса олам,
Сенинг ишқинг ила яшаса дунё.
Шамоллар учирса, туйғуларингни,
Дарёларда оқсанг жимлигинг ила..
Бир куни тушунса жим туриб кимдир,
Бўлишсанг борингни сен ҳам у билан…

Қани гапиролсанг жимлик тилида.
Севаман!
Севаман!
Севаман!
десанг..

АРМОН

Юрагингга баҳорни
Ҳисларимдан совчи қилиб жўнатдим –
Баҳор менга куз бўлиб қайтди…
Хазон териб юрибман энди…
Юрагимнинг
Сенга қарам ерида…

***

Қиш бошланди вужудим узра.
Жануб томон учди ҳисларим.
Муз қалбимни эритмоқ учун,
Кўзларингдан учқун изладим.
Қайта-қайта айланади вақт.
Кўзларимда – соат миллари.
Сен жимликни бузишинг кутиб,
Жим туради умрим йиллари.
Қор ёғади юрак тусида,
Алвон рангли муздеккина қор.
Сукунатга чек қўйсанг эди.
қайтармиди қалбимга баҳор…

***

Хаёллар дарёдир,
Хаёллар денгиз…
Тушларни сизладим
(сенли тушларни).
Бугун тушлар эмас ўнгларим сенсиз,
Мен қарғаб яшайман унитишларни…
Жим туриб жимжиликни бузади кунлар..
Тунларнинг рангини кўзларим олди!.
Билмайман дилингда яшайди кимлар?!
Менинг юрагимда сенсизлик қолди…

Менинг юрагимда ёлғизлик қолди…

ИҚРОР

Дунё ухламоқда, кўзида – мудроқ..
Бетиним олишар
Кеча ва бугун.
Қадрига йиғлайди қадрсиз тупроқ,
Йиғлайди дунёни уйғотиш учун..
Дунё ухламоқда, кўзида – мудроқ.
Денгизлар мавжланар сассиз, осуда..
Хатолар қилишдан чарчамадик биз,
Хатолар бизлардан чарчади жуда.

СEНЛИ

Сенли бўлиб қолсайдим бугун,
Менли бўлиш шарт эмас эди…
Тушларимни кўрмасмиди тун…
Тонг отишга шошилмасмиди?.
Сенли бўлиб қолсайдим, ишон,
Воз кечардим минг йил умримдан…
Қадаминга тўшар эдим жон,
Мен юракли бўлардим чиндан…
Сенли бўлиб қолсайдим, шунда
Яшашимга қолмасди хожат.
Сенли бўлиб, дилим, ҳеч қурса
Ўлишимга бергин ижозат…

ШОИР

Қоғоз билан қалам оввора…
Улар тунни енголмаяпди.
Шунда шоир юрагин очиб,
Тунидан ҳам кундуз яратди…
Юрак ёниб, ўтли шеър бўлди..
Қоғоз, қалам, бўлдилар сўзли.
Энди осмон – сўзлар дараси,
Сўзлар ойли…
Сўзлар юлдузли…

***

Эсингдами?
Антиқа гул,
Бир дона шоколад
Жим-млик…
Тун!
Сен ва мен.
Қоришиб кетгандик борлиққа
Эсингдами?
Келаётган одамлар.
Кетаётган одамлар.
Кутилаётган кунлар
ва кутаётган кунлар.
Иккимиздан ташқарида
ва иккимиздан ичкарида эди ҳаммаси.
Эсингдами?
Йўл.
Ёмғир.
Соябонли йигит.
Соябонин унутган қиз
ва гуноҳи ювилаётган шаҳар.
Эсингдами?
Қаҳвахона.
Аччиқ қаҳва
ва шундай тамли изҳор
ва шундай тамли жимлик.
Эсингдами?
Юз марта юборилган “севаман” сўзи.
Юз марта қайтиб келган “чексизлик”.
Эсингдами?
Кулаётган кўз ёшинг.
Йиғлаётган кулгум
ва устимиздан кулган одамлар.
Эсладингми?
Эслаган бўлсанг,
изоҳлаб бер энди нега?
Шоколадли тушлар кўриб,
Антиқа гул ҳидини соғиниб
уйғонаётганимни!

***

“Буюк ипак йўли – охирги бекат!”
Сўнги манзил эмас, сўнги йўл эмас!
Фақат бугун учун охирги поезд,
Сўнги вагонида охирги менман!
Энг сўнгги куч билан қўзғалар вужуд,
Истамай босилар охирги қадам!
Яна такрорланар “ОҲИРГИ БEКАТ”
Тушсанг-чи, тушақол охирги одам!
Тугайди темирнинг, темир тоқати
Навбатчи ҳайдайди сўнги дайдини,
Ер остига ҳам сиғмасми одам?
Манзилсиз қолгани унинг айбими?
“Буюк ипак йўли охирги бекат!”
Биринчиси бўлар яна эртадан.
Сенинг юрагингда охирги менмас!
Менинг юрагимда охирги сенсан!

***

Кетасан..
Қадамларинг игна учидай
Кўзларимга санчилар.
Олислаб боради атиргул ҳиди..
Йўқолиб кетади биллурранг ифор.
Ёмғир томчисидай лабларинг титрар.
Кипригинг –денгизранг соғинчқуш пати.
Қоламан…
Сукут оқар томирларимда.
Уйғониб кетади тушларим..
Қарайман – ҳовучим бўм-бўш.
Менга айланади “Хайр” деган сўз…

ВАТАНДАН ТАШҚАРИДА

Суқланиб қарайман кўкка, тупроққа,
Бу тупроқ тан олмас нигоҳларимни.
Танимас шамоллар, кирмас бу боққа,
Сиғдирмас бу осмон титроқларимни.
Ётсираб ҳавога тўлади ўпкам,
Дилимнинг тилини тушунмай жимман.
Тилаклар йиғаман яккама-якка
Орзуси самога қамалган хумман.
Кўзимнинг қораси тунга эврилган.
Чигиртка чалади ҳайдалиш куйин,
Юрагим – соатнинг умид капгири,
Секинлаб боради дақиқа сайин,
Оҳларим – ёзувдир, кипригим — ҳарфлар,
Йўллолмай хунобман тақдирга арзим.
Томиримда қоним борар оқариб
Қуёш йўргаклайди – ер-кўкдан қарзим…

***

Кипригим ўсади соғинавериб…
Манглайим тақдирга бўлар дучма-дуч,
Кўзларим ортида ҳаво, ер шари.
Юракдай каттариб бормоқда илинж,
Бутун вужудингга илинган сурат..
Тераклар учига бўйланар дийдам,
Сабрим тўкилмади, уриб йиқитдим.
Бўғиқ бахтиёрлик…
Қўли баланд ғам..
Соғинч деб аталган бир уруғ экдим…

***

Севасанми?.
Севасанми кузга айлансам?..
Хазон бўлиб тўкилсам, бир-бир.
Севасанми, қишдек совусам,
Ёнишимга қўймаса тақдир..
Кутасанми?..
Кутасанми, олислаб кетсам?
Олисласам ердан, самодан..
Кутасанми, дуолар қилиб,
Келишимни сўраб Худодан?
Келасанми?..
Келасанми, ёна бошласам?
Севиб-севиб, ўчирасанми?
Келасанми, қайта олмаган
Қадамимни кечирасанми?
Айтасанми?..
Айтасанми? Жимлик тилида…
Жимлигимга “МEНИКИСИЗ” деб,
Айтасанми?
Айтоласанми?

ЖАНГ

Туғилдинг –
жангчисан!
Кўзларингни оч.
Йиғлайсан, чалинади бонг.
Куласан, чалинади бонг.
Биринчи қадаминг – биринчи зарбанг,
Гўдаклик кўзларин очмайди шу тонг.
Йиқилиб қонаган бошингга,
Бойланар онангнинг рўмоли.
Отангнинг далдасин кўтариб,
енгмоқчи бўласан дунёни.
Йилларнинг бошига туширасан мушт,
Кунларнинг бўйнига иласан гуноҳ.
Ҳар куни ўзингга бўласан мағлуб,
Саволларинг мағлуб.
Савобларинг мағлуб.
Ҳаммаси ўзингнинг қурбонинг.
Ҳаётнинг муштлари тугамас,
Тугамас жанглари дунёнинг.
Олдинда муҳим жанг,
Ишқ жанги, соғинч жанги.
Севганингнинг кўзига,
Ёмғирдай ёғиш жанги.
Ютолсанг, висолга эгасан!..
Шамолга айланар нигоҳинг,
Оловдек ёнади ҳар панжанг.
Зарбалар!
Зарбалар!
Зарбалар!
Ҳар ёққа сочилар ҳисларинг.
Севи-и-б юмулади кўзларинг,
Севи-и-б очилади кўзларинг.
Муштлардан юрагинг синади,
тугайди охирги умидинг.
“Барибир мен сени севаман”, –
Шу сўзнинг устига қуладинг.
Ўртага айрилиқ тушади,
Бошланади тескари саноқ.
Ўн!
Тўққиз!
Саккиз!
Турсангчи, турақол, осонми севмоқ.
Етти!
Олти!
Беш!
Севганинг кўзини юмади…
Тўрт!
Уч!
Икки!
Бир!
Ҳаммаси тугади…
Лекин сен жангчисан –
жанг қилишинг шарт.
Жанг қилиб, уйландинг бошқа бир қизга,
Жанг қилиб, умрини қаритдинг.
Қувонса – қувондинг жанг қилиб,
Йиғласа жанг қилиб ёшини артдинг.
Жанг қилиб ичишни ўргандинг!
Жанг қилиб кетишни ўргандинг!
Жанг қилиб кечишни ўргандинг!
Отангни кўмасан ютқазиб…
Онангни кўмасан ютқазиб…
(Жудолик!)
Рақибинг жўнатар қабрга,
Муштингга гулдаста тутқазиб!
Йиғлама..!
Йиқилсанг, очидан ўлади боланг,
Йиқилсанг, очидан ўлади боланг!
Энди сен жангларни сотасан,
Ютқазиб болангни боқасан!
Ютқазиб ўғлингни уйладинг,
Ютқазиб узатдинг қизингни!
Ҳар жангда – ҳаммаси тугади,
Ҳар жангда – ўлдирдинг ўзингни!
Бир куни бошланди ҳақиқий бир жанг,
Бу сафар ҳаётга осон енгилдинг.
Болангнинг қўлига йиқилдинг…
Бу жангда тескари санамас ҳеч ким,
Бу жангга тескари қарамас ҳеч ким.
Ҳаммаси бир гапни қайтариб айтар,
“Калима қайтар , калима қайтар!”
Тилингга жанг бўлиб келар калима,
Лабингдан жанг бўлиб чиқар калима…
Ўғлингни босади ваҳима…
Қизингни босади ваҳима…
Жанг қилиб жонингни қиласан таслим.
Сен тупроқ ҳидини туйган бир маҳал.
Қабрингнинг тошига суратинг илиб,
Давомчинг қўлини кўтарар ажал!

***

Бир дайди бор қишлоғимизда,
уни ҳамма яхши танийди.
қироати мастлар қимиздай.
Ҳар нафасда калима ейди.
Бир дайди бор қишлоғимизда,
Парво қилмас ўтган кетганга.
Сўкинсалар табассум излар,
Қарсак чалар уни тепганга.
Бир дайди бор қишлоғимизда,
Дўст тутинган дарахтлар билан.
Ёғишларга дардини айтиб,
Қўшиқ куйлар томчи тилида..
Тунлар унинг оға -иниси,
Кундузларга марсия тўқир.
Тош йўлакни жойнамоз қилиб,
Азонгача тиловат ўқир.
Бир қўлида эски майкоса.
Қулоқларга сура илади.
Даллилиги халққа овоза..
Ших ҳам уни шайх деб билади!
Кўнглин очса унга парилар,
Чирт тупуриб қўяр ёнига.
кулиб-кулиб, тикилиб қарар,
Дайди итлар шерик нонига…
Юрагим бор дайдига айлан,
Ювиб ташла ичимдан ғашни.
Сен руҳимга эркни лутф айла,
Ўрганиб кел ундан яшашни!
Соғинчимни қитиқлайди Ших,
Мени тушда кўради дайди.
Руҳим учар воҳага қараб,
Кўзларимдан тўкилар айбим..
Дайди оға дайдижон оға,
Майингдан қуй тўлсин ҳовучим.
Энди мен ҳам сендек девона,
Ишқ боғига айланди ичим…
Ишқ боғига айланди ичим…

Иккиликлар

***

Тунларни излайман тунлардан..
Кундузи муҳтожман кундузга…

***

Хаёлимни ҳаётимга бермадим,
Энди фақат хаёллиман мен..

***

Мен ва сен..
Икки дунё, бир қуёшлимиз..

***

Она… Ярим тун..бешик… Алла..
Вола.. Орзу… Умид… иш…??

***

Менлик қайгу.. Сенлик қувонч
Кел бизлик ясаймиз қайғу-қувончдан…

***

Дунёга сиғмайман баъзи-баъзида..
Эсимдан чиқади қорнингизга сиққаним, она..

***

Бугун сенинг туғилган кунинг.
Юрагимни пуфлаб ўчирдинг.

ТУШ

Жим.
Ухлаётган тушларни уйғотиб юборманг.
Уйғониб кетмасин юрагим.
Жим.
Тунлар тун эканлигин билиб қолмасин.
Кунлар кунлигини етмасин англаб.
Жим.
Яшаётганимни билиб қолмай мен!
Куйланг!
Ичингизни тўлдириб куйланг…
Қўшиққа айлансин жимлик…
Жимлингингизни билдириб куйланг!
Жимлигимиз ҳақида куйланг!
Қаранг!
Тонг отмоқда.
Сиз ва мени алдар дақиқа.
Сиз ва мени алдар сукунат.
Хайр!
Мен уйғондим.
Жим!
Тушларимни уйғотиб юборманг…

065Shohrux Najot 1993 Xorazm viloyatida tugʻilgan. Uning sheʼrlarida, deyarli barcha yosh shoirlarga xos ohangu qofiyada, fikr tiniqligida hali tajribasizlik alomatlari koʻrinsa-da, shunga barobar yangi soʻz aytishga intilish yaqqol namoyon boʻlmoqda. Ayni shu intilishlarini qoʻllab-quvvatlash maqsadida sheʼrlarini sizga taqdim etishni maʼqul koʻrdik.

Shohrux NAJOT
SHEʼRLAR
07

MYANMAGA XAT…

Bir ayol yigʻlaydi beun, bezabon,
Koʻz yoshdan iymanar… Chekinar daryo.
Koʻz yoshdan qoʻrqmaydi ne uchun inson?!
Bunchalar qahring tosh, besh kunlik dunyo?
Bir ayol yigʻlaydi, razm sol taqdir,
Sen shunday yozdingmi peshonasiga..?
Ona – jannat, ayol – jannatdir axir
Tosh otmang, jannatning ostonasiga!!
Ne bordir bu ojiz hayollarida…
Bagʻri qon vatanin qumsarmi yo jim?
Koʻzlari tush koʻrar tinchlik haqida..
Jimgina janubga yoʻllar oʻtinchin..!
Bir yoqda kuyadi ona Myanma,
Ikki farzandiga motam libosin.
Biriga achinar, birini qargʻar..
Dunyo-chi… tinglamas uning nidosin.
Bir ayol yigʻlaydi, shukrona aytib..
Aslida bir xalqning koʻz yoshlari bu,
Begunoh goʻdaklar kelmaydi qaytib..
Begunoh yuraklar ketdilar mangu !
Bir ayol yigʻlaydi kipriklari nam,
Qoʻshilib yigʻlaydi qalam qogʻozim,
Soʻz bilan koʻnglini yupatay desam…
Myanma sen tomon yetmas ovozim.
Bir ayol yigʻlaydi shukrona aytib..
Xudosizlar choʻkkay uning yoshiga….!

***

Koʻnglimda qor…
Dilimda qor…
Tilagimda qor…
Oppoq edi orzularim ham…
Sen quyoshga aylanib olib,
Eritarding sovuq mehring-la!
Senda jimlik, menda ham jimlik,
Ikkimizdek lol edi borliq…
Men qordan ham sovuqroq edim,
Issiq edim quyoshdan ortiq.
Sen nuringni ayamas eding,
Men yigʻardim sovuq koʻz yoshni..
Men qor edim, sovuq qor edim..
Muzlatoldim sendek quyoshni!

***

Kuz…
Sakkizinchi kun.
Kimningdir esidan chiqqanligim…
Kimningdir yodida qolganim.
Uzuq-yuliq tilaklar…
Bagʻri yamoq yuraklar.
Dunyoga yetgulik jimlik…
Toʻxtamay oʻsayotgan men!
Kuz…
Toʻqqizinchi kun.
Yaproqlardan oldin sargʻaydim..!

***

Alla…
Onam alla aytar…
Tun uygʻoq…
Oy uygʻoq….
Men uygʻoq…
Onam charchagan…
Onam alla aytar…
Tun uhlar…
Oy uhlar…
Men uygʻoq…
Onam charchagan…
Onam alla aytar…
Men uhlay qolmayman…
Men uhlay olmayman
Onam charchagan..!
Onam uhlar…
Alla aytib uygʻotar quyosh…

***

Loylanadi koʻzlarim oqi..
…loyqa suvda choʻmilar kiprik…
Rostlarimning aniq oʻlmogʻi,
Yolgʻonlarim hali ham tirik…
Telbalikning boshimikan shu,
Rasolikning oxirimi yo ?
Ming yillarga yetgulik qaygʻu,
Uygʻondimi jim yotgan nido?
Bir lahzaga qotib qoldi tun,
Qora rangin oldim koʻchirib.
Oq harflarda yozilgan butun
Oʻtmishimni chiqdim oʻchirib.
Endi yoʻqlab kelmay qoʻydi oy,
Yuz oʻgirdi mendan haqiqat,
Yolgʻon boʻlib keldim hoynahoy
Yolgʻon boʻlib ketmayman faqat
Loylanadi qorachigʻim ham,
Kipriklarim qoldi koʻnikib.
Rostlarimni oʻldirmay endi,
Yuragimga qoʻyaman toʻkib…

ACHINISH

Mitti tosh sipqorar dengiz suvini,
Ajini oqargan peshonasi shoʻr…
Baliqlarning mangu hurlik kuyini,
Aytib koʻrar har kun yuz ming marta joʻr..
Oh buncha beshafqat toʻlqinlar, mavjlar,
Toshchaning ohini eltmas janubga…
Sabrini sinaydi sabrsiz yillar
Quyoshga talpinib charchamas toshcha!
Kemalar oʻtadi yelkanli magʻrur
Qoʻl siltab qoladi bechora, faqir.
Tosh qilib yaratding yetmaydimi shu,
Shu toshga bir qanot bersangchi taqdir?!

***

Ketish uchun kelganmidim..
Kelish uchun ketyapmanmi ?
Balki men bilardim dilzorimdan,
Dil uzib ketishingni…
Yurakdoningda soʻlib borayapti
Mening dillarim…
Yigʻlayman yulduzlar uchadi koʻzimdan..
Ketyapman…
Yurakdon yasayman… yangi yurakdon….!

ISTAK

Qani gapirolsang, jimlik tilida.
Tushunib yetolsang, Sukunat sirin.
Hech kimga bildirmay oʻtliq ishqingni,
kimningdir qalbiga solsang yashirin.
Hislaring kuylasang, jimlik tilida,
Ovozing borolsa quyoshgacha to…
Sening hislaringni tanisa olam,
Sening ishqing ila yashasa dunyo.
Shamollar uchirsa, tuygʻularingni,
Daryolarda oqsang jimliging ila..
Bir kuni tushunsa jim turib kimdir,
Boʻlishsang boringni sen ham u bilan…

Qani gapirolsang jimlik tilida.
Sevaman!
Sevaman!
Sevaman!
desang..

ARMON

Yuragingga bahorni
Hislarimdan sovchi qilib joʻnatdim –
Bahor menga kuz boʻlib qaytdi…
Xazon terib yuribman endi…
Yuragimning
Senga qaram yerida…

***

Qish boshlandi vujudim uzra.
Janub tomon uchdi hislarim.
Muz qalbimni eritmoq uchun,
Koʻzlaringdan uchqun izladim.
Qayta-qayta aylanadi vaqt.
Koʻzlarimda – soat millari.
Sen jimlikni buzishing kutib,
Jim turadi umrim yillari.
Qor yogʻadi yurak tusida,
Alvon rangli muzdekkina qor.
Sukunatga chek qoʻysang edi.
qaytarmidi qalbimga bahor…

***

Xayollar daryodir,
Xayollar dengiz…
Tushlarni sizladim
(senli tushlarni).
Bugun tushlar emas oʻnglarim sensiz,
Men qargʻab yashayman unitishlarni…
Jim turib jimjilikni buzadi kunlar..
Tunlarning rangini koʻzlarim oldi!.
Bilmayman dilingda yashaydi kimlar?!
Mening yuragimda sensizlik qoldi…

Mening yuragimda yolgʻizlik qoldi…

IQROR

Dunyo uxlamoqda, koʻzida – mudroq..
Betinim olishar
Kecha va bugun.
Qadriga yigʻlaydi qadrsiz tuproq,
Yigʻlaydi dunyoni uygʻotish uchun..
Dunyo uxlamoqda, koʻzida – mudroq.
Dengizlar mavjlanar sassiz, osuda..
Xatolar qilishdan charchamadik biz,
Xatolar bizlardan charchadi juda.

SENLI

Senli boʻlib qolsaydim bugun,
Menli boʻlish shart emas edi…
Tushlarimni koʻrmasmidi tun…
Tong otishga shoshilmasmidi?.
Senli boʻlib qolsaydim, ishon,
Voz kechardim ming yil umrimdan…
Qadaminga toʻshar edim jon,
Men yurakli boʻlardim chindan…
Senli boʻlib qolsaydim, shunda
Yashashimga qolmasdi xojat.
Senli boʻlib, dilim, hech qursa
Oʻlishimga bergin ijozat…

SHOIR

Qogʻoz bilan qalam ovvora…
Ular tunni yengolmayapdi.
Shunda shoir yuragin ochib,
Tunidan ham kunduz yaratdi…
Yurak yonib, oʻtli sheʼr boʻldi..
Qogʻoz, qalam, boʻldilar soʻzli.
Endi osmon – soʻzlar darasi,
Soʻzlar oyli…
Soʻzlar yulduzli…

***

Esingdami?
Antiqa gul,
Bir dona shokolad
Jim-mlik…
Tun!
Sen va men.
Qorishib ketgandik borliqqa
Esingdami?
Kelayotgan odamlar.
Ketayotgan odamlar.
Kutilayotgan kunlar
va kutayotgan kunlar.
Ikkimizdan tashqarida
va ikkimizdan ichkarida edi hammasi.
Esingdami?
Yoʻl.
Yomgʻir.
Soyabonli yigit.
Soyabonin unutgan qiz
va gunohi yuvilayotgan shahar.
Esingdami?
Qahvaxona.
Achchiq qahva
va shunday tamli izhor
va shunday tamli jimlik.
Esingdami?
Yuz marta yuborilgan “sevaman” soʻzi.
Yuz marta qaytib kelgan “cheksizlik”.
Esingdami?
Kulayotgan koʻz yoshing.
Yigʻlayotgan kulgum
va ustimizdan kulgan odamlar.
Esladingmi?
Eslagan boʻlsang,
izohlab ber endi nega?
Shokoladli tushlar koʻrib,
Antiqa gul hidini sogʻinib
uygʻonayotganimni!

***

“Buyuk ipak yoʻli – oxirgi bekat!”
Soʻngi manzil emas, soʻngi yoʻl emas!
Faqat bugun uchun oxirgi poyezd,
Soʻngi vagonida oxirgi menman!
Eng soʻnggi kuch bilan qoʻzgʻalar vujud,
Istamay bosilar oxirgi qadam!
Yana takrorlanar “OHIRGI BEKAT”
Tushsang-chi, tushaqol oxirgi odam!
Tugaydi temirning, temir toqati
Navbatchi haydaydi soʻngi daydini,
Yer ostiga ham sigʻmasmi odam?
Manzilsiz qolgani uning aybimi?
“Buyuk ipak yoʻli oxirgi bekat!”
Birinchisi boʻlar yana ertadan.
Sening yuragingda oxirgi menmas!
Mening yuragimda oxirgi sensan!

***

Ketasan..
Qadamlaring igna uchiday
Koʻzlarimga sanchilar.
Olislab boradi atirgul hidi..
Yoʻqolib ketadi billurrang ifor.
Yomgʻir tomchisiday lablaring titrar.
Kipriging –dengizrang sogʻinchqush pati.
Qolaman…
Sukut oqar tomirlarimda.
Uygʻonib ketadi tushlarim..
Qarayman – hovuchim boʻm-boʻsh.
Menga aylanadi “Xayr” degan soʻz…

VATANDAN TASHQARIDA

Suqlanib qarayman koʻkka, tuproqqa,
Bu tuproq tan olmas nigohlarimni.
Tanimas shamollar, kirmas bu boqqa,
Sigʻdirmas bu osmon titroqlarimni.
Yotsirab havoga toʻladi oʻpkam,
Dilimning tilini tushunmay jimman.
Tilaklar yigʻaman yakkama-yakka
Orzusi samoga qamalgan xumman.
Koʻzimning qorasi tunga evrilgan.
Chigirtka chaladi haydalish kuyin,
Yuragim – soatning umid kapgiri,
Sekinlab boradi daqiqa sayin,
Ohlarim – yozuvdir, kiprigim — harflar,
Yoʻllolmay xunobman taqdirga arzim.
Tomirimda qonim borar oqarib
Quyosh yoʻrgaklaydi – yer-koʻkdan qarzim…

***

Kiprigim oʻsadi sogʻinaverib…
Manglayim taqdirga boʻlar duchma-duch,
Koʻzlarim ortida havo, yer shari.
Yurakday kattarib bormoqda ilinj,
Butun vujudingga ilingan surat..
Teraklar uchiga boʻylanar diydam,
Sabrim toʻkilmadi, urib yiqitdim.
Boʻgʻiq baxtiyorlik…
Qoʻli baland gʻam..
Sogʻinch deb atalgan bir urugʻ ekdim…

***

Sevasanmi?.
Sevasanmi kuzga aylansam?..
Xazon boʻlib toʻkilsam, bir-bir.
Sevasanmi, qishdek sovusam,
Yonishimga qoʻymasa taqdir..
Kutasanmi?..
Kutasanmi, olislab ketsam?
Olislasam yerdan, samodan..
Kutasanmi, duolar qilib,
Kelishimni soʻrab Xudodan?
Kelasanmi?..
Kelasanmi, yona boshlasam?
Sevib-sevib, oʻchirasanmi?
Kelasanmi, qayta olmagan
Qadamimni kechirasanmi?
Aytasanmi?..
Aytasanmi? Jimlik tilida…
Jimligimga “MENIKISIZ” deb,
Aytasanmi?
Aytolasanmi?

JANG

Tugʻilding –
jangchisan!
Koʻzlaringni och.
Yigʻlaysan, chalinadi bong.
Kulasan, chalinadi bong.
Birinchi qadaming – birinchi zarbang,
Goʻdaklik koʻzlarin ochmaydi shu tong.
Yiqilib qonagan boshingga,
Boylanar onangning roʻmoli.
Otangning daldasin koʻtarib,
yengmoqchi boʻlasan dunyoni.
Yillarning boshiga tushirasan musht,
Kunlarning boʻyniga ilasan gunoh.
Har kuni oʻzingga boʻlasan magʻlub,
Savollaring magʻlub.
Savoblaring magʻlub.
Hammasi oʻzingning qurboning.
Hayotning mushtlari tugamas,
Tugamas janglari dunyoning.
Oldinda muhim jang,
Ishq jangi, sogʻinch jangi.
Sevganingning koʻziga,
Yomgʻirday yogʻish jangi.
Yutolsang, visolga egasan!..
Shamolga aylanar nigohing,
Olovdek yonadi har panjang.
Zarbalar!
Zarbalar!
Zarbalar!
Har yoqqa sochilar hislaring.
Sevi-i-b yumuladi koʻzlaring,
Sevi-i-b ochiladi koʻzlaring.
Mushtlardan yuraging sinadi,
tugaydi oxirgi umiding.
“Baribir men seni sevaman”, –
Shu soʻzning ustiga qulading.
Oʻrtaga ayriliq tushadi,
Boshlanadi teskari sanoq.
Oʻn!
Toʻqqiz!
Sakkiz!
Tursangchi, turaqol, osonmi sevmoq.
Yetti!
Olti!
Besh!
Sevganing koʻzini yumadi…
Toʻrt!
Uch!
Ikki!
Bir!
Hammasi tugadi…
Lekin sen jangchisan –
jang qilishing shart.
Jang qilib, uylanding boshqa bir qizga,
Jang qilib, umrini qaritding.
Quvonsa – quvonding jang qilib,
Yigʻlasa jang qilib yoshini artding.
Jang qilib ichishni oʻrganding!
Jang qilib ketishni oʻrganding!
Jang qilib kechishni oʻrganding!
Otangni koʻmasan yutqazib…
Onangni koʻmasan yutqazib…
(Judolik!)
Raqibing joʻnatar qabrga,
Mushtingga guldasta tutqazib!
Yigʻlama..!
Yiqilsang, ochidan oʻladi bolang,
Yiqilsang, ochidan oʻladi bolang!
Endi sen janglarni sotasan,
Yutqazib bolangni boqasan!
Yutqazib oʻgʻlingni uylading,
Yutqazib uzatding qizingni!
Har jangda – hammasi tugadi,
Har jangda – oʻldirding oʻzingni!
Bir kuni boshlandi haqiqiy bir jang,
Bu safar hayotga oson yengilding.
Bolangning qoʻliga yiqilding…
Bu jangda teskari sanamas hech kim,
Bu jangga teskari qaramas hech kim.
Hammasi bir gapni qaytarib aytar,
“Kalima qaytar , kalima qaytar!”
Tilingga jang boʻlib kelar kalima,
Labingdan jang boʻlib chiqar kalima…
Oʻgʻlingni bosadi vahima…
Qizingni bosadi vahima…
Jang qilib joningni qilasan taslim.
Sen tuproq hidini tuygan bir mahal.
Qabringning toshiga surating ilib,
Davomching qoʻlini koʻtarar ajal!

***

Bir daydi bor qishlogʻimizda,
uni hamma yaxshi taniydi.
qiroati mastlar qimizday.
Har nafasda kalima yeydi.
Bir daydi bor qishlogʻimizda,
Parvo qilmas oʻtgan ketganga.
Soʻkinsalar tabassum izlar,
Qarsak chalar uni tepganga.
Bir daydi bor qishlogʻimizda,
Doʻst tutingan daraxtlar bilan.
Yogʻishlarga dardini aytib,
Qoʻshiq kuylar tomchi tilida..
Tunlar uning ogʻa -inisi,
Kunduzlarga marsiya toʻqir.
Tosh yoʻlakni joynamoz qilib,
Azongacha tilovat oʻqir.
Bir qoʻlida eski maykosa.
Quloqlarga sura iladi.
Dalliligi xalqqa ovoza..
Shix ham uni shayx deb biladi!
Koʻnglin ochsa unga parilar,
Chirt tupurib qoʻyar yoniga.
kulib-kulib, tikilib qarar,
Daydi itlar sherik noniga…
Yuragim bor daydiga aylan,
Yuvib tashla ichimdan gʻashni.
Sen ruhimga erkni lutf ayla,
Oʻrganib kel undan yashashni!
Sogʻinchimni qitiqlaydi Shix,
Meni tushda koʻradi daydi.
Ruhim uchar vohaga qarab,
Koʻzlarimdan toʻkilar aybim..
Daydi ogʻa daydijon ogʻa,
Mayingdan quy toʻlsin hovuchim.
Endi men ham sendek devona,
Ishq bogʻiga aylandi ichim…
Ishq bogʻiga aylandi ichim…

Ikkiliklar

***

Tunlarni izlayman tunlardan..
Kunduzi muhtojman kunduzga…

***

Xayolimni hayotimga bermadim,
Endi faqat xayolliman men..

***

Men va sen..
Ikki dunyo, bir quyoshlimiz..

***

Ona… Yarim tun..beshik… Alla..
Vola.. Orzu… Umid… ish…??

***

Menlik qaygu.. Senlik quvonch
Kel bizlik yasaymiz qaygʻu-quvonchdan…

***

Dunyoga sigʻmayman baʼzi-baʼzida..
Esimdan chiqadi qorningizga siqqanim, ona..

***

Bugun sening tugʻilgan kuning.
Yuragimni puflab oʻchirding.

TUSH

Jim.
Uxlayotgan tushlarni uygʻotib yubormang.
Uygʻonib ketmasin yuragim.
Jim.
Tunlar tun ekanligin bilib qolmasin.
Kunlar kunligini yetmasin anglab.
Jim.
Yashayotganimni bilib qolmay men!
Kuylang!
Ichingizni toʻldirib kuylang…
Qoʻshiqqa aylansin jimlik…
Jimlingingizni bildirib kuylang!
Jimligimiz haqida kuylang!
Qarang!
Tong otmoqda.
Siz va meni aldar daqiqa.
Siz va meni aldar sukunat.
Xayr!
Men uygʻondim.
Jim!
Tushlarimni uygʻotib yubormang…

077

(Tashriflar: umumiy 811, bugungi 1)

1 izoh

  1. Men bu shoirni bitta sheʼrini oʻqib tanib qolganman.Omad ijodingizga.Men ham Xorazmdanman, Hozir bildim Shohruh Najot ham Xorazmlik ekan.Ijodingizga omad.

Izoh qoldiring