Zilola Xo’janiyozova. She’rlar & Qozoqboy Yo’ldosh, Muhayyo Yo’ldosh. Ko’ngil mevalari

021 Зилола – кўпчилик эътибор ҳам қилмайдиган одатий ҳолатлардан кутилмаган фикрий ассоциациялар ҳосил қиладиган шоира.

КЎНГИЛ МЕВАЛАРИ
Қозоқбой Йўлдош — филология фанлари доктори, профессор
Муҳайё Йўлдош — филология фанлари номзоди


Сўз моҳир ижодкор қўлида кўнгилларни титратиб, руҳият оламларини ларзага соладиган қудратли воситага айланади. Баъзи битикларда қимматбаҳо ва ёрқин сўзлар шунчаки ялтироқ тизма вазифасини бажаргани кўринади. Шоира Зилола Хўжаниёзованинг кўпчилик шеърларида эса оддийгина сўзлар сайқал топиб, тоза жило, янги қиймат касб этгани, инжа манзаралар ҳосил қилади:

Кўзларимнинг тили гуллайди қийғос…
…Пахса деворлардай борим тўкилар.

Кўклам нафаси қиш бўйи мудраган оғочларни уйғотади. Оғочлар танасида югурган тириклик суви шохларда олдин бўртиққа, кейин куртакка айланади. Дарахтнинг бутун ширасини эмгач, бир куни қўқис гуллаб, кишини ҳайратга солибгина қолмай, ҳаётни янгилайди. Шоирани эмрантирган, қалбини жунбушга келтирган туйғулар дастлаб кўзда намоён бўлади. Кўзларда акс этган сезимлар учқуни қорачиқларда олов сочади. Зилола ширанинг бўртиққа, бўртиқнинг куртакка, куртакнинг гулга айланишидай тизимли жараённи “Кўзларимнинг тили гуллайди қийғос”,- дея гўзал поэтик шаклга солади. Бундай ўхшаши йўқ ташбиҳлар шоиранинг шеърий бисотида талайгина. Унинг: “Муҳаббат кўзимда порлаган рўё”, “Майсалар заминнинг бағрига сиғмаган туйғулар тилидир”, “Бахт – қайғунинг муқаддимаси”, “Дунёлар пойимда ётар тўшанчи” сатрларида образлар қуюқ, туйғулар аниқ тасвирланган, ҳассос ҳиссиёт акс этган.

Зилола – кўпчилик эътибор ҳам қилмайдиган одатий ҳолатлардан кутилмаган фикрий ассоциациялар ҳосил қиладиган шоира. Қабристонни “дўнгқишлоқ” (Дўнгқишлоққа шошиб кетдия онам), тонг отаётганда уфқларга қадар чўзилиб борлиқни пушти-қирмизи рангга бўяган қуёш нурларини “ғоза” (Ҳали тонг пардозин қилиб улгурмай, Ёноғига сурмай ҳали қизил ранг), эгатларни эса аёл ғамларини экадиган “умр йўли” дея тасвирлайди.
Ижодкор ўз қалбини тўлдирган ҳиссиётларни шундай сўзлар билан ифодалайдики, натижада отаси йўқ фарзанднинг қалби ўксик, кўнгли ярим, иши ўнгмас бўлиши (Отасизнинг билсанг, оти оқсаркан), оламни яшнатишга, кўрк ва сурур бағишлашга қодир онанинг аслида гул каби нозик, омонат экани (Гулдай заиф, титраб турар қўлларингиз), ўзбек аёлининг тирикчилик кўйидаги адоқсиз ташвишлари қувончли дамларига ҳам соя солиб туриши (Ташвиши кулгусин юлқиган аёл, … Ой ҳавас қилгудек ҳуснин мунг ютган Орзуси далага кўмилган аёл) кино тасмасидаги тасвирлар каби кўзга илашади. Айниқса, “Отамнинг устунда қолган чопони”, “Қишлоқ ҳовлисига жон кирар бирдай, Шаҳар кўзларини ишқалар аранг”, “Тонг саҳар… бугунни уйғотар аёл…”, “Минг қуроқ кўрпадай тахланган армон”, “Бекамман, зарим ҳам зўримсан, ўғлим”, “Қалбим ярасини кўклаб қўйдиму, ҳали ямоғини тикканимча йўқ”, “Шеър ёзмоқчи бўлдим, ҳайратим баланд Бешикдан қийқириб қолди-я қизим. Ўзининг тилида шеърлар сўйлади, Энг гўзал “шеър”гинам қўйнимда ухлар” каби чин инсоний ва миллий руҳ ифодаси бўлган сатрлар шеърхонга қадрли. Бу шеърий мисралардаги шеърхонга ота чопонининг устунда эгасиз қолгани, газлама қийқимларидан улаб тикиладиган қуроқ ёстиқ, дастурхон ва гиламчаларнинг минг турли армонлар рамзи бўлгани, ўғил бутун оиланинг суянчи, номуснинг ҳимоячиси, ўтбоши чироғини ўчирмайдиган яратиқ экани, тикишда хато қилиб, либосни бузмаслик учун дастлаб кўклаб олиниши, ўзбек аёлининг қуёшдан олдин уйғониши каби тасвирлар тамомила ўзига хос руҳий ҳолатларни акс эттиришга хизмат қилади.
Шоиранинг ғурур ва журъат шундоққина уфуриб турган

Мен тоғман!
Оёғим заминга ботиб,
Қўлларим фалакка чўзилган.
Мен тоғман!
Қорликдан қабр ясалиб,
Унга тириклайин кўмилган

сингари сатрлари ўқирман сезимларини кескин чайқатиб юборади. Унинг латиф поэтик мисралар оғушида ором олмоқ истаган руҳиятини туғёнли сўзлар жунбушга келтиради:

Яшамоқ, билингки, чидамоқ,
Чидамоқ, демакки, жасорат!
Кўнгилни енгганлар яшасин,
Енгмаган ўртада аросат.

тарзидаги тасвирлар орқали шеърхон руҳиятига кескир ҳиссиётлар, оғриқли туйғулар, дард-алам,изтироблар устма-уст юкланаверади.

Қисмат ғам саҳросида ёлғиз
Йўлидан адашган карвон.
Шамс чилдирма чалар аёвсиз,
Қайғунинг уяси тўрт томон.
Нажот бор на ердан, на кўкдан,
Саҳро самумида бемажол ўлар
Илинжсизликдан, умидсизликдан,
Сабр, бардош отлиғ туялар.
Қолиб кетар саҳро қўйнида
Хуржунида бахтим – асира
Энди юз йил ғусса – насиба
Чўл кимсасиз, бахтим кўзида
Кўзмунчоқдай силқийди армон.

Бу сатрлар орқали қисмати ғам саҳросида адашган карвондай сарсон, сабру бардош отлиғ туялари илинжу умидсизликдан ўлган, тўрт томони қайғу бўлган умр тарихининг аёвсиз манзарасини шеърхон кўз олдида гавдалантирилади. Шеърдаги ҳар бир сўз, образ, ташбиҳ чинакам дарднинг табиий ифодаси бўлгани сабаб ўқирманнингда кечинмалари, андуҳлари, ўртагувчи армонларига айланади ва шу тариқа ўз бадиий миссиясини бажаради.

Зилола ҳар бир шеърида ўқирманни андуҳнинг покловчи оламига олиб киришга уринади:

Кўксим чокларини минг карра сўкдим,
Борим, сўнгакларим истиғфор айтар
Юзимнинг сувини юз бора тўкдим….
Кузак! Онамни бер, отамни қайтар…

Келбатинг ортига ботади ғусса
Юракдан силқийди умрлик армон.
Оғир хўрсиниқдан титрайди дала,
Узоқ ўй сурасан, дардларинг ниҳон
Ота, армонларинг сипқорай ўзим…

Ота-онадан айрилиш Одам Атодан мерос келаётган мангу ғам, ҳамиша қон силқиб туражак тузалмас ярадир. Бу яранинг аччиқ азоблари саноқсиз марта қоғозга тўкилган, қанчалар шикаста куйларга айланган. Аммо Зилоланинг шеърида изтироб айбдорлик ҳисси билан уйғунлашиб кетгандай: “Борим, сўнгакларим истиғфор айтар, Юзимнинг сувини юз бора тўкдим”. Фарзандлик бурчини кўнгилдагидай ўтай олмаганидан уялиш туйғуси шоира жисмини пушаймонлик оловида ёқиб, юрагини кул қилади. Аммо истиғфор бир он бўлса-да тинмайди, оловда чирсиллаб ёнаётган суяклар тилга киргандай бўлади. Шоира дарду дунёси қоронғи эканини “Оғир хўрсиниқдан титрайди дала” тарзидаги қабариқ образлар орқали ифодалайди. Ота-она ўлими инсон кўнгил оламини меҳваридан чиқариб юбориши, энди юракдаги бўшлиқ, кемтиклик ҳеч қачон битмаслиги, бу дард умр охирига қадар йўлдош бўлиши “Тунда мунғайишиб оғриқли дардлар, Мушугимдай кириб ётар пинжимга” тарзида ҳаётий акс эттирилади.

Ҳар қандай шеър – тоза туйғулар ифодаси туфайли гўзал. Фақат бу туйғулар самимий ҳам бўлсагина гўзаллик ярата олади. Зилола ўз битикларида жўшқин ва жиловсиз туйғуларининг самимий ифодасини беради:

Шайланади чақмоқ – моҳир сураткаш,
Табиат кўркини суратга олар.
Ел чаққон кўмакчи югуриб-елиб,
Дарахт – қизлар сочин тартибга солар.

Шунда, бирдан тарс-турс этиб қайдандир,
Етиб келар шошиб зўр рашкчи ёмғир.
Сўнг жаҳл устида шамолни қувиб,
Дарахт юзларига шапалоқ тортар.

Япроқлар ногаҳон энтикиб кетар.
Дарахт шарт бурилар: “Йўлингдан қолма!”
Ёмғир минг афсус-ла тинади.. Тонгда,
Дарахт юзларида шапалоқ изи.
Жилваланиб турар қизарган олма.

Бу сатрлар ўқирманнинг кўнглини кенгайтиб, сезимларини тозартади. Уни табиат қўйнига чорлагандай бўлади. Кўклам ғўрасининг нимтатир ширасини сездириб, кўзида кўкламни акс эттиради. Ёмғир, чақмоқ каби табиат ҳодисаларини чиройли шахслантириш, уларнинг миназига хос тўсатданлик, кутилмаганлик, ўткинчилик каби сифатларни инсондаги рашк туйғусига боғлаш кишида турфа сезимлар уйғотади.
Зилола ҳаёт воқеалари тасвири ёрдамида табиат ҳодисаларини туйғу ифодасига хизмат қилдириб, ўқирман кўнгил торларини қандай созлаб, қай йўсин чертишни яхши билади.

Бир кун тўсатдан, билмам баногоҳ…
Юрак зулфин қоқиб, кириб келди Бахт.
У олис манзилда яшарди жуда,
Умидим узгандим, кутиб анча вақт.

Қуёшнинг нуридан, тонг нафасидан
Қўлида бир даста гули бор эди.
Кўнглим қуш бўлди-ю, чиқди қафасдан,
Атроф хазон фасли, дил баҳор эди.

Апил-тапил кийиб заррин либосин,
Ўзига зеб бериб, дил бўлди масрур.
“Мен келдим!- деди у. – гарчи кеч бир оз,
Адашдим кафтдаги ёзуқлар аро”
Сўнгра жилмайди ва хижолатомуз,
Дер: манзилинг ёзиб олибман хато…

Шеърдаги юракка тўсатдан кириб келган бахтнинг дилкаш тасвири ўқирманни энтиктириб юборади. Бахтнинг манзил-макони ҳамиша мавҳум бўлгани боис унга эришиш мушкул. Кафтдаги чизиқларга қараб тақдирни башорат қилиш азалдан мавжуд. Бу билан шуғулланувчи хиромантия деган махсус соҳа ҳам бўлиб, олақон (кафт)даги ҳар бир чизиқ жойлашувидан алоҳида маъно топилади. Шу чизиқлар ёрдамида одамнинг ўтмишидан бохабар бўлиш, келажагига назар ташлаш мумкин, деб ҳисобланади. Аммо фолчиларнинг тақдирдан башорат қиламан, деб кўп хато қилишлари ҳам маълум. Бахт ҳам худди фолчилардай, лирик қаҳрамон олақонидаги чизиқларни ўқишда адашиб кетгани сабаб кечикиб келган. “Кўнглим қуш бўлди-ю, чиқди қафасдан, Атроф хазон фасли, дил баҳор эди” сатрларида бахт дориган инсон қалбининг ҳаққоний суврати чизилган. Бахтли одам ҳолатининг кўнгил қуши қафасдан чиққандай экани, атроф куз бўлсада дилида кўклам яшнаши тасвири чин. Муҳими, шоира ҳолати сезгир ўқирмангада юқади.

Зилола Хўжаниёзова битганларида киши тасаввурини кенгайтириб, қалбини бетакрор туйғулар билан бойитадиган сатрлар жуда кўп. “Сояни ўлдирар жавзо иссиғи”, “Атиргулнинг лабларида шабнам бўлиб тонг отди”, “Сой бўйида энди Сизни кутсин райҳону ялпиз! Йўл қолди… мен кетдим энди, кенгликларимга ёлғиз”, “Кетаман… ёнимга бир бурда умидни солиб”, “Ўткинчи елларга япроқлар болиш”, “Ҳайрат гулбаргларим учар ҳаввога”, “Ёмғир… менинг улкан кўнглимнинг Синиб тушаётган бурда-бурда бўлакларидир” сингари мисралар бетакрор идрок маҳсулларидир. Шоиранинг: “Соғинчларим маҳкам қучиб келдим” сатрида юракларни ўрташга қодир туйғулар сўзга ўгирилган бўлса, “Оппоқ орзуларни юракка чизиб” мисрасида номсиз туйғуларга андуҳ ва нафосатдан иборат чизгиси берилади, “Эгачим ёмғир-ла дардлашиб кун-тун, Онам — Ер бағрига сингяпман мудом… Тиллоранг рақсига этиб маҳлиё, Куз ютди шодлигим, умидим… сўнди” қаторларида Зилоланинг инсон руҳий ҳолатини табиат ҳодисаларидан фойдаланиб акс эттириш борасидаги маҳорати кўринади.

Шоира ўз туйганларини поэтик сўз ёрдамида бадиий манзарага айлантириб, уларни ўқирмангада юқтиради, туйдиради ва суйдиради. Сўзлар қатидаги самимий дард олови билан ўртаб, кўнгилларни тозалайди. Шоира чизган манзаралар шеърхон дилига тиниқ, кучли ва самимий ҳис бўлиб қуйилади. Маиший ташвишлар сабаб қақраётган руҳига эзгулик ва гўзаллик ёмғири бўлиб ёғади. Зилола ҳамиша қўлига қалам тутқазган сабабни яхши билиб, аниқ ифодалайди. Ўқирман унинг битганларида ўзига таниш бўлмаган руҳий ҳолат ва кайфият манзараларини кўради. Зотан, бадиий сўзнинг миссияси нотанишни таништириш, мавҳумни аниқлаштириш, бегонани қадрдон қилишдан иборатдир. Зилоланинг шеърлари миллий заминдан сув ичгани, табиий туйғуларнинг самимий ифодаси экани боис ана шундай қудратга эга бўлган.
Кўпинча бадиий асар қандай ёзилса, шундай ўқилади. Зилоланинг кўплаб шеърлари бир нафасда ўқилиб, шеърхон юракларига кириб бориб, унинг тасаввурида бутун поэтик манзара ҳосил қилади. Демак, улар тўлиққан кўнгилдан тўкилган тотли меваларидир.

2019 йил 12-27 декабр.

Зилола Хўжаниёзова
ШЕЪРЛАР


***
Дунё! Келишмайман, сан-ла терсман бас, 03
Куз! аччиқ айтарим, гинам бор, илло…
Вақт! Шунчалар шошдинг, кутмай бир нафас,
Ҳукминг борлиғимни этди зим-зиё.

Йўлимга мўлтираб боққани у кун,
Онам билдирмади йўқлигин тоби.
Армон-ла бағримга босаман беун,
Отам тугатоломай қолган китобин.

Кўксим чокларини минг карра сўкдим.
Борим, сўнгакларим истиҳфор айтар.
Юзимнинг сувини юз бора тўкдим…
Кузак! Онамни бер, отамни қайтар…

Отасизнинг билсанг оти оқсаркан,
Онасизнинг кўнгли яримта, хаста
Ҳувиллаган бағрим мавҳ этади ғам…
Мени ташлаб дилгир, беруҳ, шикаста…

Дўнгқишлоққа шошиб кетди-я онам…
Дўнгқишлоққа шошиб кетганим отам…

Нимага арзийди… асли бу дунё!
Маржон донасидай ситилар сабр.
Отамга қанчалар суянганимни,
Сен қайдан биласан ҳиссиз ноябрь!…

Отам осмон эди, ой эди онам,
Самонинг кафтида Зуҳро эдим мен.
Ногоҳ зулмат ичра эврилди олам,
Ғам ўйган чап кўкси яро бўлдим мен.

Елкамга ботади тириклик юки,
Тангрим, ҳақни англай тийрак кўз бергил.
Руҳимга бир қувват, таскин бер токи,
Кўнгилни таҳорат айлай Сўз бергил.

Дардимга кўз ёшим бўлмади малҳам,
Дийдор илинжида умидим толди.
Ҳорғин вужудимни суяган маҳкам,
Қўлимда ўғлимнинг қўллари қолди.

Дўнгқишлоққа шошиб кетди-я онам…
Дўнгқишлоққа шошиб кетганим отам…

Ватан ўғлонларига

Эй Турон фарзанди, музаффар ўғлон,
Ватаннинг элтузар, мард посбони бўл.
Енгилмас шаҳдингни кўрсин бор жаҳон,
Юрт тинчлигин асра, зўр қалқони бўл.

Дейдилар, от изин доим той босар,
Кун келиб тойлар-ки, тулпор бўлажак.
Эрман деган мардлар бўй кўрсатса гар..
Қабихният ёвлар бедор бўлажак.

Алптегинлар қайтар, Широқлар қайтар,
Зулматда қолмайди эрк истаган халқ.
Адолат яловин баландроқ кўтар,
Ўзига бек бўлган миллат бўлиб қалқ.

Душманингдан қўрқма, мунофиқдан қўрқ,
Ўзагингдан унган хойинлар ёмон.
Бошинг бирикмаса, тор келади бўрк,
Огоҳ бўл, қўйнингдан чиқмасин илон.

Оқилларда йўруқ бўлмаса азал,
Жоҳилларни билки, туғади куни.
Гумроҳ-у бемаслак элдан гил афзал,
Муқаддас заминнинг тутади хуни.

Кўксимизга тиксак юрт яловини,
Биз бутун бир танга айланажакмиз.
Доим қўллагайдир аждодлар руҳи,
Бил, буюк Ватанга айланажакмиз.

Қачонки, жонимиз айласак фидо,
Юксалар миллатнинг ғурури, шони.
Ўзбекнинг бошига қўнади хумо,
Дунё шарафлайди Ўзбекистонни.

Дўстимга

Қисмат чопонини елкага ташлаб,
Олисни кўзладик, дўст куч топ, чида.
Гоҳ мағрур, гоҳ масрур, гоҳ кўзни ёшлаб,
Дунёда яшаймиз бир нур илинжида.

Чархнинг ҳар кўйига кўнар одамзод,
Сийланар, синалар, аммо синмаскан.
Минг бир ишвасида турланар ҳаёт,
Дунёнинг бир ками тўлиб, тинмаскан.

Ҳар лаҳза томошо, алмашар ниқоб,
Фалак тегирмони айланар токи.
Бу олам саҳнасин атабмиз меҳроб,
Билсак, оғир экан тириклик юки.

Нечун кўнгил маҳзун, туйғулар хаста?
Кўзлаган йўлимиз юлдузга қадар.
Қорли чўққиларни қолдириб пастда,
Манзилга етгаймиз, ҳали музаффар.!

Оппоқ орзуларни юракка чизиб,
Ёруғ ниятларни жо этиб дилга.
Ишонгин, бир куни етамиз албат,
Ниқоблардан ҳоли бўлган манзилга!..

***

Нураган пахсаси қаддини кўмган,
Олисда кўринар бир манзил овлоқ,
Қуюқ туман сингиб, сукунат чўмган,
Икки дунё орасида — дўнгқишлоқ.
Найқамиш зикр тушиб ўқийди Ёсин.
Олисдан лоппиллаб келади тобут,
Ҳур-ғилмон шопирар гуноҳ-савобин,
Ёмонга хавотир, яхшига таскин.
Умр йўл, ҳаммамиз йўловчи гумроҳ,
Йўриқ йўқ, белги йўқ, на тақиқ, инкор.
Амалинг, маслагинг, матлабинг гувоҳ,
Яратгангагина маълум ва ошкор.
Жисмим ва руҳим тин олади лоҳас,
Аналҳақ айтади жунунваш шамол.
Қиёматга қадар шу зайил, абас,
Тасбеҳдай ўгрилар номаи аъмол.
Қайрағоч пичирлаб тортар фотиҳа,
Майсалар саждадан турар юзи нам.
Қўшалоқ қабрда бўлиб жуфтгина,
Бунда ётар менинг отам, ҳам онам…
Етти қават осмон ортида Эгам!,
Уларга маъводан насиб эт макон.
Бир кун меҳмон бўлиб келурман мен ҳам,
Фанодан бақога эшик — қабристон.

****

Ё раб, кимга сўйлай дилда аламни,
Боримни бағримдан юлиб кетди куз.
Бир он тингламади, додим ноламни,
Фурсат қолдирмади айтмоққа сўнгсўз.

Қулоғим остида онамнинг саси,
“Узоқ йўлдан толмай келдингми, болам?”
Дилим қовжирайди, куяр нафасим,
Онамсиз кенгайиб қолдими олам?!.

Битдими қисматим нурли куни, ё?
Руҳавзо тушларим келмасми ўнгги.
Тиллоранг рақсига этиб маҳлиё,
Куз ютди шодлигим, умидим… сўнгги.

Ўтар ғариб кунлар далли, дилозор,
Кимдан меҳр тилай, сиздан зиёда.
Ота, тушларимда кўрсайдим бир бор,
Она, дийдоримиз қайси дунёда?!.

Тун. Борлиғим карахт, бедор ўйларим,
Англаб улгурмайман росту рўёни.
Умрнинг лаҳзалик эканин сўйлар,
Отамнинг устунда қолган чопони…

****

Мен тўлдим, сабр отлиғ косалар синди,
Ҳою ҳавваслардан чарчадим, толдим.
Ҳамон базм авжида, ҳашам авжида,
Ҳамма томошада, мен уйда қолдим…

Саволга йўқ ечим, аросат дунё
Ғамларин дўнгидан ошолмаяпман.
Мавжудман, мағрурман, маҳкумман аммо,
Ўлчовли умримни яшолмаяпман.

Ёмғир менинг синглим, содиқ ва маҳзун,
Кўз ёшим яширар дўст-ағёримдан.
Умр ўтиб борар беишқ, бемазмун,
Маҳзун куй таралар юрак торимдан.

Бори соб дунёда азал йўқ устун,
Кўнглим синиқларин теряпман ҳамон.
Эгачим ёмғир-ла дардлашиб кун-тун,
Онам – Ер бағрига сингяпман мудом.

Мен тўлдим… сабр отлиғ косалар синди…

***

Аёл…
Ҳали тонг пардозин қилиб улгурмай,
Ёноғига сурмай ҳали қизил ранг.
Қишлоқ ҳовлисига жон кирар бирдай,
Шаҳар кўзларини ишқалар аранг.
Рўзғори,ташвиши, бошда минг хаёл,
Кунни уйғотади қишлоқда аёл.
Далага отланар, рўйи заъфарон,
Бошга рўмол танғир, товон қатқалоқ
Бир қўлда гўдаги, бир қўлда кетмон,
Ориқ бармоқлари қуриган чаноқ.
Жигар азоб берар, ранглари бир ҳол,
Дардлари далага экилган аёл.
Сояни ўлдирар жавзо иссиғи,
Шаҳар тўрт деворга сиғмай кетади.
Эгатлар – умр йўли, қисмат чизиғи,
Аёл ғамларини унга экади.
Нигоҳлар сўниқ, қоматлари дол,
Дардлари далага экилган аёл.
Рангпар юзларини ялар гармсел,
Эркин пайкалларга тамғаган тақдир.
Даъвосиз темиртан бўлмиш нозик бел,
Кўз очиб кўргани шу дала, шу қир.
Чеҳралар сўлғин, ўзи бемажол,
Дардлари далага экилган аёл.
Шом ботар, шаҳар ҳам мургилар аста,
Манглайи қораяр, ҳовурли дала.
Тупроқ кечиб уйга қайтади ҳорғин,
Бир олам юмуши қаршилар яна.
Тоқат-бардошига тоғ қолади лол,
Ташвиши кулгусин юлқиган аёл.
Кўкда ой жамолин минг кўз-кўз этган,
Маҳзун чўзилади тун оққан палла.
Ой ҳавас қилгудек ҳуснин мунг ютган.
Мадор йўқ гўдакка айтмоққа алла
Болишга бош қўяр, тин олар хиёл,
Орзуси далага кўмилган аёл…

Тонг саҳар… Бугунни уйғотар аёл…
Отамга

Келбатинг ортига ботади ғусса,
Юракдан силқийди умрлик армон.
Оғир хўрсиниқдан титрайди дала,
Узоқ ўй сурасан, дардларинг ниҳон
Ота, армонларинг сипқорай ўзим….

Ғанимат дунёнинг ғами адоқсиз,
Қисматинг йўллари тиканли, тошли.
Эврилар шу алфоз тарихи азал,
Сен билган ҳақиқат кўзлари ёшли…
Ота, армонларинг сипқорай ўзим…

Елкангда тоғ бўлган ғамлар арисин,
Қайғулар эрисин, уммони бўлай.
Бири кам дунёда каминг тўлдириб,
Нураган дардларинг дармони бўлай.
Ота, армонларинг сипқорай ўзим…

Гунгон*нинг қум босган дараларида,
Қолган орзуларинг бу кун руҳавзо,
Унгай юрагимнинг яраларида.
Шукур дейман, шукур илоҳо,
Ота, армонларинг сипқориииб ўлсам!…

Ўғлимга
Оллоҳимнинг чексиз инояти сен,
Тақдирим тортиғи, тенгсиз туҳфаси.
Беҳишт боғларининг насийми ўзинг,
Бўйингдан ҳис этгум жаннат нафасин.
Юрагимнинг таянч устуни, ўғлим…
Борлиғим, ҳаётим мазмуни, ўғлим!.

Руҳинг йўргакладим тонг нафаси-ла,
Қалбинг шабнам зилол сувига чайдим.
Дурдай авайладим бағримда, зотан,
Умр йўлларида қоқилдим, тойдим.
Кўзларингда ҳайрат — пок маъво ўғлим,
Исминг юрагимга соф ҳаво, ўғлим!

Гоҳи меҳрин аяр бу қаттол дунё,
Баъзан адоқсиздай туюлар ғами.
Кўз ёшимдан унган умид чечагим,
Кўнгил яраларим ширин малҳами.
Ёруғ кунларимнинг кафолати сен,
Бахт дея аталмиш каффорати сен.

Дардларим сўрама, ичимга боқма,
Минг қуроқ кўрпадай тахланган армон.
Униққан, нурсиз ва талх бу дунёни,
Шодон кулгуларинг этгай чароғон.
Дилим ёритгувчи офтобим-ўғлим,
Мен шошиб боргувчи меҳробим, ўғлим.

Қизларим — иккала кўзим гавҳари,
Нафис хаёлларим ширин эпкини.
Жуфт қанотим бўлиб ўсгани сари,
Бағримни тўлдирар қувват меҳвари.
Бекамман, зарим ҳам зўримсан, ўғлим.
Ғурурим, қалбимнинг қўрисан, ўғлим.

Сен фақат юксакка, самоларга боқ!
Орзуларинг бўлсин тонгдай беғубор.
Дўстга содиқ, мард бўл, иймони уйғоқ,
Эзгу дуоларим кўксингда тумор.
Юрагимнинг таянч устуни, ўғлим,
Борлиғим, ҳаётим мазмуни, ўғлим!.

Рашк

Шайланади чақмоқ моҳир сураткаш,
Табиат кўркини суратга олар.
Ел чаққон кўмакчи, югуриб-елиб,
Дарахт — қизлар сочин тартибга солар.
Шунда, бирдан тарс-турс этиб қайдандир,
Етиб келар шошиб зўр рашкчи ёмғир.
Сўнг жаҳл устида шамолни қувиб,
Дарахт юзларига шапалоқ тортар.
Япроқлар ногаҳон энтикиб кетар,
Дарахт шарт бурилар: » Йўлингдан қолма!».
Ёмғир минг афсус-ла тинади. Тонгда,
Дарахт юзларида шапалоқ изи.
Жилваланиб турар қизарган олма.

***

****
Бу йўлларда еллар сарсон, йиллар сарсон,
Умрим оқар Насаф -Тошкент орасида.
Йўл чигилар, ошиққанда манзил томон,
Соғинч, дийдор кўзим оқу-қорасида.

Мунисгинам, менинг тобим ўйидасиз,
“Йўлинг олис, чарчадингми, болам”, дейсиз.
Гулдай заиф, титраб турар қўлларингиз,
Дардмансизу, мен ношуднинг ғамин ейсиз.

Сиз тахтимсиз, давлатимсиз, кўрк-савлатим,
Сизсиз мендай ғариб, ночор топилмайди.
Остонага кўзин тикиб, муштоқ кутиб,
Тун оққунча қўшдарвоза ёпилмайди.

Кўзларимга халқобланиб ёш қуйилар,
Тишлаганим, буғзимдаги тош туюлар.
Сиз-ла дунё оқибати бисёр Она,
Бировларнинг ёлғон меҳри фош туюлар.

Шукур етдик, интиқ кутган баҳорларга,
Дастор олма гул очибди, оқ- пуштиранг.
Она, яна ният айтиб саҳарларда,
Бир бор бизмас, ўзингизга умр сўранг.

Бу чархидун ғам- шодликка бозор экан,
Қўлим силтаб, найсонлар-ла елдим яна.
Нурга интиқ майсадайин бўй кўрсатган,
Соғинчларим маҳкам қучиб келдим ОНА..
Соғинчларим маҳкам қучиб келдим ОНА…..

ТАШРИФ

Бир куни тўсатдан, билмам баногоҳ…
Юрак зулфин қоқиб, кириб келди Бахт.
У олис манзилда яшарди жуда,
Умидим узгандим, кутиб анча вақт.

Қуёшнинг нуридан, тонг нафасидан
Қўлида бир даста гули бор эди.
Кўнглим қуш бўлди-ю, чиқди қафасдан,
Атроф хазон фасли, дил баҳор эди.

Апил-тапил кийиб заррин либосин,
Ўзига зеб бериб, дил бўлди масрур.
Кутишдан чарчаган маъюс ва маҳзун
Руҳимни мавҳ этиб кириб келди нур.

Энди ёлғизмасдим, соғинч юртида
Ёришиб кетганди ўнгу сўлларим.
Нимадир яшашга берарди умид…
Ахир Бахт тутганди маҳкам қўлларим.

“Мен келдим! – деди у, – гарчи кеч бир оз,
Адашдим кафтдаги ёзуқлар аро”.
Сўнгра жилмайди ва хижолатомуз,
Дер: Манзилинг ёзиб олибман хато…

Бир куни тўсатдан кириб келди бахт…

*****

Соҳибдилим ёлғонингиз юрагимни ёқиб кетди,
Кутиб-кутиб соғинчларим оқар сувда оқиб кетди.

Кел ёр дедим, келмадилар ошиқларнинг алдамчиси,
Чақир янглиғ жафолари дилгинамга ботиб кетди.

Хаёлимни бузди ногоҳ сукунатнинг эртаклари,
Шивирлашди бўлдим яна юлдузларнинг эрмаклари.

Ситамлари ўтиб кетди, кўкка етди оҳимиз,
Кечай!..дедим кечолмадим, Сиздан бино ҳокимиз.

Ботмон-ботмон ғамларимдан Ой маҳзунгина ботди,
Соғинмадим!.. десам, сотқин кўзларим яна сотди.

Аразладим бормай десам юрагим Сиз томон шай,
Атиргулнинг лабларида шабнам бўлиб тонг отди.

Нигоҳларим йўлингизга муштоқ бўлдилар ҳаргиз,
Мўлтирашиб, жавдирашиб, кирмадилар остонадан.

Сой бўйида энди Сизни кутсин райҳону ялпиз!
Йўл қолди…мен кетдим энди, кенгликларимга ёлғиз…

Аразладим, бормай десам юрагим Сиз томон шай…

Она

Она! Сочингизга оқ оралабди,
Аслида айбдор менмасми, Она?!
Йиллар юзингизга тўр қоралабди,
Йилмас, асл маддор менмасми, Она?!

Қачон замин ризқин, қуёш нурини,
Сиз-чи меҳрингизни қилибсиз миннат.
Бир дам ўзингизни ўйлашдан кўра,
Дилбандингиз бахти муҳимроқ, қиммат.

Гўё кашф этгандай қайта дунёни,
Янги Сўз айтдим деб бўлдим мамнун.
Сизнинг дийдорингиз эртага қўйиб,
Менчи, изтиробдан изладим мазмун.

Бахт аталмиш толеъ излаб олислардан,
Асл бахтим! Ярадимми кунингизга.
Туйғуларга исм топиб шодмон эдим,
Мени ўйлаб ухлолмаган тунингизда.

Неки Ишққа мансуб, илоҳий билиб,
Сиғиниб юрибман кўҳна дардларга,
Аслида меҳрингиз тафтидан илиб,
Айланар ҳаммаси, майда гардларга.

Сизни соғинаман ҳаммадан кўпроқ,
Тош юртда меҳрингиз турар билиниб.
Тандирдан узилган иссиқ кулчани,
Олиб қўйяпсизми менга илиниб.

Дуоингиз мадад, ҳеч бир ғам енгмас,
Адл тургум, тақдирнинг куфри-ишига.
Англадим, дунёнинг шодлиги тенгмас,
Онамнинг шукрона жилмайишига!

Яшамоқ , аслида кўникмоқ ,
Кўникмоқ эмасми жиноят!
М.Цветаева

Хайр энди дўстгинам, ғамга не ҳожат!
Эртага кетурмиз, бугун омонат.
Юзимдан ҳашамдор ниқобни ечдим,
Томошагоҳ бунча тирбанд-тумонат!
Алвидо, қисматга кўнганлар,
Хуш қолинг, бўлингиз саломат.
Тил топиб яшашни эплабсиз,
Бу ёғи оромдир-кафолат!
Яшамоқ билингки чидамоқ,
Чидамоқ, демакки жасорат!
Яшамоқ , аслида кўникмоқ ,
Кўникмоқ эмасми жиноят!
Сукунат овози чақмоқдай,
Чақиндай тизгинсиз хаёлот.
Кўнгилни енгганлар яшасин!
Енгмаган ўртада аросат,
Хуш қолинг, биз энди омонат.
Хайр энди дўстгинам, ғамга йўқ ҳожат!

****

Юрагимга яқин хазонрезги куз,
Менинг қалбимда ҳам бир баргихазон.
Атрофда сокинлик, атроф-да маюс,
Кўксимда тўлишиб бормоқда осмон.

Дарахтдай тўкилдим кузнинг бағрига,
Дилимда жонсарак бир ҳис тентирар.
Сизни соғинмасдан яшамоқ оғир,
Соғиниб яшамоқ ундан беш баттар.

Томиримда оқар соғинчдай олов,
Нигоҳимда беун гуллайди ҳижрон.
Нега сен сукутда, соқовсан, жимсан,
Бир оғиз сўз дегин совуқ телефон.

Ташқарида ёмғир, дийдамда ёмғир,
Юрагимда ивир бир туйғу нотинч.
Ё теба қилади бу азоб охир,
Ўлдирса бир куни ўлдирар — Соғинч.

Сукунат… Зулматни илинж илитар,
Туннинг кўрпасини ёпар хорғин дард.
Эртага мен сизни соғинмоғим-чун,
Яшамоғим зарур, яшамоғим шарт! …

Кенгликлар

Кенгликлар..кенгликлар…қалбим сиздан кенг,
Бир ширин хаёлман, рўёман, тушман.
Тоғлардан юксакман, самоларга тенг…
Мен бугун севгидан сархушман.

Бахтдан эҳсон кутмас, ғамга қиз эдим,
Минг йиллар яшадим соғинч бағрида.
Чирмовиқлар босган, сўқмоқ- из эдим.
Ногоҳон кўз очдим, ишқнинг атридан.

Мен бугун ошиқман, мен бугун гулман,
Зим – зиё дунёда бир ҳовуч нурман.
Ишқ аро оташман, унингсиз гилман,
Ишқнинг шаробидан сармаст, масрурман…

Парчаланг юракни бурда-бурдага,
Оташ аро бунёд бўлар жоним маним.
Майли нима бўлса бўлар эртага,
Бугун кўнгил билан ёлғиз қўй ғаним.

Минг йиллар изладим, дилим хун эди,
Ишқим армон эди, дил маҳзун эди.
Бизни учраштирган бир афсун,
Қароқлар сирлашган сирли кун эди.

Кенгликлар, кенгликлар, қалбим сиздан кенг…
Тоғлардан юксакман… самоларга тенг…

Кечим…

Айтинг, юзсизликнинг борми ҳад, чеки,
Сизга эрмакмиди кўнгиллар сайди.
Қайғулар меники, ғамлар меники,
Бас, қалбим ҳудудин бўшатинг энди.

Айбим қоралама битмасдан туриб,
Қисматим эртагин кўчирдим оққа.
Хиёнат қуюндай борим супуриб,
Ногаҳон фатҳ этти, тўздим ҳар ёққа.

Дил тўрида қолди ювилмас гардлар,
Хотирлар уйғониб, қўймас тинчимга
Тунда мунғайишиб оғриқли дардлар,
Мушугимдай кириб ётар пинжимга.

Кетаман қарамай, боримни олиб,
Менинг излаганим тоза бир меҳвар.
Ёнимга бир бурда умидни солиб,
Ва ишонч йўл бошлар манзилга қадар.

Тазарру йўлида муштоқдир бу дил,
Ният тугунимни тукканимча йўқ.
Қалбим ярасини кўклаб қўйдиму,
Ҳали ямоғини тикканимча йўқ.

Юрагимда қолган оғриқли дардлар,
Тазарру айтмоққа ҳозирланар дил…

Қаро кўзимни тинглаб..
Кўнглим кулбасига энади хониш,
Чордевор қалқийди, қоронғу тим-тим.
Ўткинчи елларга япроқлар болиш,
Ёмғирдай юракни юмшатар сим-сим,
Қаро кўзим….

Бир насийм эсади руҳимда,
Дилимни аллалар, жим-жиммм…
Шивирлар, унутгил ғамларинг,
Сабил қолсин, қароғинг юм-юм.
Қаро кўзим…

Ҳисларим кўмилур наввога,
Куй ичра сипқориб ҳаловат, тўзим.
Ҳайрат гулбаргларим учар ҳаввога,
Кўксим уммонига чўкаман ўзим.
Қаро кўзим…

Юрак кенглигига сиғмаган мансур,
Фоний дунёсида илоҳий тилсим.
Тириклик таянган бешинчи унсур,
Тингла, тазарруга сураи назм…
Қаро кўзим…

Дил жўшадир лим-лим….
Қароғингни юм-юм…
Куй оқади сим-сим…
Қаро кўзим…
Қаро кўзим…
Қаро кўзим…

Бардош

Дунёга келдингми, яшамоғинг шарт,
Тақдирда борига шукрона айтиб.
Синглим, кўзингдаги ёшларингни арт,
Жилмай, болаликнинг бағрига қайтиб.

Янги тонг отяпти, орзуга ишон,
Қуёш нурларига боқ умид билан.
Дилдаги дардларинг унутиб шу он,
Яша, ғанимларнинг сўзидан баланд!.

Биламан, хотирлар дилни ёқади,
Баҳордай уйғону очил лоладай.
Ва албат, дунёлар кулиб боқади,
Бахт бағингга ўзин отар, болангдай.

Шунчаки кечиргил, дўсту- ғанимни,
Кўнглингда қолмасин ҳеч гина ё ўч.
Ҳаловат аллалар руҳинг-танингни,
Борин унутмоққа топа олсанг куч.

Қоқилган биргина сенмас дунёда,
Инсон кўп, юраги мингямоқ юрган…
Қайғулардан ҳоли, ғамдан озода,
Орзу қанотида учмоқни ўрган.

Яна, юрагингни меҳрга тўлдир,
Ишонч-ла одимла ёруғ эртангга.
Оғир, лек қалбдаги риёни ўлдир,
Гарчи, ҳанжарлари ботар елкангга.

Ишон! Бир кун келар, қўлингдан тутиб,
Омад боқар, ёниқ нигоҳида чўғ.
Шунда бил, ғамларинг буткул унутиб,
Дегайсан, «Дунёда мендан бахтли йўқ!».
Синглим, кўзингдаги ёшларингни арт..

Кузак қўшиғи…
Кузак япроқларин тўкар басма-бас,
Улар заҳим тортган ишқ номалари,
Дарахтда ўтирган шум қарға эмас,
Қарғалган тақдирнинг гунг нолалари.
Сарғайган номалар ориқ йўлакка,
Ташландиқ қоғоздай йиртиб отилган,
Хиёнат заҳридир зада юракка,
Ҳайқирдим: қотилсан, юрак қотилсан!
О, аммо қизалоқ, мезон баргларин
Завқ билан авайлаб терар йўлакда
Кимсасиз номалар шивирлаб сирин
Сўйлайди беғубор, дилкаш юракка.
Бу йўлдан гумроҳ ишқ бўлган бадарға
Сен уни излаб топ, токи айрилма,
Қизгина тепангда турар шум қарқа,
Кетавер… Қайрилма… Қайрилма…

*****
Қисмат ғам саҳросида ёлғиз,
Йулидан адашган бир карвон.
Шамс чилдирма чалар аёвсиз,
Қайғунинг уяси тўрт томон.
Нажот бор на ердан, на кўкдан,
Саҳро самумида бемажол ўлар.
Илинжсизлик, умидсизликдан,
Сабр, бардош отлиғ туялар.
Қолиб кетар саҳро қўйнида,
Хуржунида бахтим- асира.
Ёлғизликни олиб бўйнига,
Энди юз йил ғусса-насиба.
Чўл кимсасиз, бахтим кўзида,
Кўзмунчоқдай силқийди армон.
Қачонлардир йиғлоқи бахтни,
Топиб олар ўткинчи карвон…

П а й қа м а д и н г и з

Сиз томон интилдим, сизга интилдим,
Интилгани каби қуёшга майса.
Хўрсинади осмон, хўрсинар замин,
Ҳижрон юрагимга санчганда найза.
П а й қ а м а д и н г и з …

Умиднинг уйида умрим ижара,
Тун яна шай турар ямлаб ютмоққа.
Совурдим қадрсиз чақадай охир,
Энг азиз онларим сизни кутмоққа.
П а й қ а м а д и н г и з …

Сиздан кадар эмас, бир назар кутдим,
Кузак йўлагида беҳол япроқдай.
Сиздан паноҳ эмас, бир нигоҳ кутдим,
Тонгдаги лаҳзалик шабнам – титроқдай.
П а й қ а м а д и н г и з …

Алвидо, ижара куним тугабди,
Энди мангуликдан жой берар тупроқ.
Васлингиз куйида умрим тугабди,
Тугабди чекимга тушган яшамоқ…
П а й қ а м а б м а н ҳ а м …

****

Мен тоғман!
Оёғим замингга ботиб,
Қўлларим фалакка чўзилган.
Мен тоғман!
Қорликдан қабр ясалиб,
Унга тириклайин кўмилган.
Осмонга қадалган қўлларим ҳамон,
Ёлғиз сиғинган ўзингсан Тангрим.
Паноҳингда кутгум мурувват-эҳсон,
Тоатдан сингунча токи қўлларим…

СИЗ…

Ям-яшил юртларда бахтлимушсиз сиз..,
Тонгда кабутарлар келтирди хабар.
Менинг муштоқ дилим кезади ҳиссиз,
Ҳижрон боғларида телба, дарбадар.

Бедорман… ўйларим, ишқим сиз билан,
Яшайман ишониб аҳдларингизга.
Соғинч гирдобида хазонман, хасман,
Тўкилгим келяпти… кафтларингизга.

Гарчи бунда баҳор, мен суйган апрель,
Юрагимга сиғмас унинг кулгуси.
Оппоқ туйғуларим, ширин ҳисларим
Сиз-ла туғилгуси, сизсиз ўлгуси…

Ёмғир эзиб ёғар, сиз кетган кундан,
Менга ҳамдард бўлди, бир он тинмади.
Ҳавотир изғиган, фироқ тунида,
Шивирлашдик… кўзга уйқу инмади.

Яна кипригимда янги тонг отди,
Илҳақ кутаяпман ёруғ бир хабар…
Келмайсиз… наздимда минг бир йил ўтди,
Ахир, уч кун ўтиб қарийди сафар…

Ям-яшил юртларда бахтлимисиз сиз…
Менсиз кунларингиз ўтарми шодон?
Кўксимда бир қучоқ соғинч гуллари…
Сўлиб қолмасидан, қайтинг… бегижон.

Ям-яшил юртларда бахтлимисиз сиз?…

Ҳаёт чизгилари

Ёмғир… менинг улкан кўнглимнинг,
синиб тушаётган бурда-бурда бўлакларидир.
Сориқ япроқ…
Дарахт – ғариб синглимнинг
ушалмаган, узоқ кутган,
ташлаб кетган тилакларидир.
Хазон бўлган тилакларини
Тўда-тўда қилиб ёқдилар…
Ҳамон тутаб ётар тутуни.
Кўзларни ёшлатар, ёшлар юракни…
Кимдир ўзни панага олар,
мўлтирашар дарчаларидан.
Намиқиб, хасталаниб қолмайин дея.
Менинг кўнгил парчаларимдан…
Она замин, фақат сен мени,
Тушунасан худди онамдай.
Сингиб бораяпман бағрингга сим-сим..
Энди дардларингни аритмоқ учун,
ғамларингни қаритмоқ учун,
орзуларинг тўлитмоқ учун,
Сингиб бораяпман томрингга, синглим…

Қизалоғимга

Шеър ёзмоқчи бўлдим, ҳайратим баланд,
Бир қўлимда қоғоз, бирида қалам.
Энди бошлагандим, ёзиб бир тизим,
Бешикдан қийқириб қолди-я қизим.

Қўлларимни чўзсам, талпинди бирам,
Кўзлари кўзмунчоқ куларди эркам.
Бағримга ўзини отиб ўйнади,
Ўзининг тилида шеърлар сўйлади.

Полапондай тиним билмади сира,
Илҳом париси ҳам унга асира.
Шўхлигу шодлиги оламни олди,
Қоғоз, қалам, шеърим… столда қолди.

Кулди, ҳар нарсани ҳар ёнга отиб,
Иккита тишчасини кўрсатиб, қотиб.
Бидир-бидир қилди, ором билмади,
“Шеърим ёзай” десам, писанд қилмади.

Сўнгра кўзларини юмиб беозор,
Маликам уйқуни этди ихтиёр.
Қалбим тўлқинланар ширин туйғудан,
Энг гўзал “шеър”гинам қўйнимда ухлар.

******

Ярим тун…
Букритолга суянар руҳим,
Хаёллар юзини ёмғирга тутар.
Кўзларимнинг тили гуллайди қийғос.
Заҳоб кўчалар-да изларим ютар.

Ярим тун…
Дардларим дарёдай телба тескари,
Аламдан қирғоқни ғажийди итдай.
Шип-шийдам кузакка эҳсон сингари,
Сизга керак эмас жонимни тутай.

Ярим тун…
Қор-ёмғир аралаш эланиб,
Туманнинг кўр пардалари сўкилар.
Армонлар азоблар юракни…
Пахса деворлардай борим тўкилар.

Ярим тун…
Ой каби муаллақ қотар будлардай,
Дийдорингга йўл тортган кўзим.
Руҳим юлдузларга кўчади, пардай,
Ҳиссиз дунёларда қолсамда ўзим….

Ярим тун…

Аслида…

“Умид зинҳор гуноҳкор эмас,
Алданмоқдан иборат дунё”…
Луис де Камоес

Дунёлар пойимда ётар тушанчи,
Аслида дунё-ла унча ишим йўқ.
Алими Исодан қолгандир бари,
Аслида дунёга унча хушим юқ.
Бахт нима — қайғунинг муқаддимаси,
Муҳаббат кўзимда порлаган рўё.
Аслида бир овунч ҳамма-ҳаммаси,
Аслида униққан қўғирчоқ дунё.
Майсалар заминнинг бағрига,
Сиғмаган туйғулар тилидир.
Кўнгил- бу аслида ошиқлар,
Исинган ўчоқнинг кулидир.
Оймомо қачонлар меҳр тиланган,
Ғариба ойқиздир тиланчи.
Замин ҳам бир кулба нураган,
Ё умид беланган беланчи.
Дунёлар пойимда ётар тўшанчи,
Аслида дунё-ла унча ишим юқ.
Алмисоқдан қолгандир бари,
Аслида дунёга унча хушим йўқ…

ЎЗИМДАН ЎЗИМГАЧА

Мен… мен эмасман. Бўлди, чарчадим,
Чиқарган ҳукмим шу, ҳислар хомталаш.
Алвидо, минг йиллар асраган дардим,
Алвидо, шер тусда қўй бўлиб яшаш.
Бунда қумурсқалар шавкатли, номдор.
Иймон кўнгил аро сарғайган сароб.
Қўй мени чорлама, о, азобхўр дор,
Мен сени севмайман севгилим- азоб.
Мен кетмоқ истайман, йиғлама шафқат,
Ғамдошим, эгачим, безабон тунда.
Ассалом илоҳий, о нурли ҳилқат,
Муқаддас Сўз ва унга сиғинган банда,
Мен энди мен эмас…. ниқобсиз одам.

Соғинч

Ота ҳовлим — ҳокисор макон,
Замин борми сендай муқаддас.
Она уйим-жондай қадрдон,
Соғинаман бетиним,бесас.
Тонг саҳарда дарвоза очиб,
Ризқ кирсин деб суприлган ҳовли,
Садарайҳон ҳидларин тараб,
Дил яйратар, ғубордан холи.
Боладайин мўлтираб кутар,
Ялангоёқ чопганим кўча.
Қари тутнинг тагида момом,
Тушларимга кирар ҳар кеча.
Қизғалдоқлар терган қиримиз,
Бу баҳор ҳам очгандир чирой.
Қийқириққа тўлгандир яна,
Том ортида оққан лойқа сой.
Пичирлашиб қўшни тўйида,
Хўп сири бир дугоналарим.
Беғубор орзулар ўйида,
Ғам-андуҳдан бегоналарим.
Дунёларга алишмас эдим,
Болаликнинг бир куни қайтса.
Онам сочим қирқкокил ўриб,
Толбаргакдан жамалак тақса.
Ота ҳовлим -қадрдон маскан,
Бағрингда эркинман қушдайин,
Умр -дарё, ортга қайтмаскан,
Болалигим ўтди тушдайин.
Дунёларга алишмас эдим,
Болаликнинг битта кунини…

088      Zilola – ko‘pchilik e’tibor ham qilmaydigan odatiy holatlardan kutilmagan fikriy assosiasiyalar hosil qiladigan shoira. 

KO’NGIL MEVALARI
Qozoqboy Yo’ldosh — filologiya fanlari doktori, professor
Muhayyo Yo’ldosh — filologiya fanlari nomzodi


So’z mohir ijodkor qo’lida ko’ngillarni titratib, ruhiyat olamlarini larzaga soladigan qudratli vositaga aylanadi. Ba’zi bitiklarda qimmatbaho va yorqin so’zlar shunchaki yaltiroq tizma vazifasini bajargani ko’rinadi. Shoira Zilola Xo’janiyozovaning ko’pchilik she’rlarida esa oddiygina so’zlar sayqal topib, toza jilo, yangi qiymat kasb etgani, inja manzaralar hosil qiladi:

Ko’zlarimning tili gullaydi qiyg’os…
…Paxsa devorlarday borim to’kilar.

Ko’klam nafasi qish bo’yi mudragan og’ochlarni uyg’otadi. Og’ochlar tanasida yugurgan tiriklik suvi shoxlarda oldin bo’rtiqqa, keyin kurtakka aylanadi. Daraxtning butun shirasini emgach, bir kuni qo’qis gullab, kishini hayratga solibgina qolmay, hayotni yangilaydi. Shoirani emrantirgan, qalbini junbushga keltirgan tuyg’ular dastlab ko’zda namoyon bo’ladi. Ko’zlarda aks etgan sezimlar uchquni qorachiqlarda olov sochadi. Zilola shiraning bo’rtiqqa, bo’rtiqning kurtakka, kurtakning gulga aylanishiday tizimli jarayonni “Ko’zlarimning tili gullaydi qiyg’os”,- deya go’zal poetik shaklga soladi. Bunday o’xshashi yo’q tashbihlar shoiraning she’riy bisotida talaygina. Uning: “Muhabbat ko’zimda porlagan ro’yo”, “Maysalar zaminning bag’riga sig’magan tuyg’ular tilidir”, “Baxt – qayg’uning muqaddimasi”, “Dunyolar poyimda yotar to’shanchi” satrlarida obrazlar quyuq, tuyg’ular aniq tasvirlangan, hassos hissiyot aks etgan.

Zilola – ko’pchilik e’tibor ham qilmaydigan odatiy holatlardan kutilmagan fikriy assotsiatsiyalar hosil qiladigan shoira. Qabristonni “do’ngqishloq” (Do’ngqishloqqa shoshib ketdiya onam), tong otayotganda ufqlarga qadar cho’zilib borliqni pushti-qirmizi rangga bo’yagan quyosh nurlarini “g’oza” (Hali tong pardozin qilib ulgurmay, Yonog’iga surmay hali qizil rang), egatlarni esa ayol g’amlarini ekadigan “umr yo’li” deya tasvirlaydi.

Ijodkor o’z qalbini to’ldirgan hissiyotlarni shunday so’zlar bilan ifodalaydiki, natijada otasi yo’q farzandning qalbi o’ksik, ko’ngli yarim, ishi o’ngmas bo’lishi (Otasizning bilsang, oti oqsarkan), olamni yashnatishga, ko’rk va surur bag’ishlashga qodir onaning aslida gul kabi nozik, omonat ekani (Gulday zaif, titrab turar qo’llaringiz), o’zbek ayolining tirikchilik ko’yidagi adoqsiz tashvishlari quvonchli damlariga ham soya solib turishi (Tashvishi kulgusin yulqigan ayol, … Oy havas qilgudek husnin mung yutgan Orzusi dalaga ko’milgan ayol) kino tasmasidagi tasvirlar kabi ko’zga ilashadi. Ayniqsa, “Otamning ustunda qolgan choponi”, “Qishloq hovlisiga jon kirar birday, Shahar ko’zlarini ishqalar arang”, “Tong sahar… bugunni uyg’otar ayol…”, “Ming quroq ko’rpaday taxlangan armon”, “Bekamman, zarim ham zo’rimsan, o’g’lim”, “Qalbim yarasini ko’klab qo’ydimu, hali yamog’ini tikkanimcha yo’q”, “She’r yozmoqchi bo’ldim, hayratim baland Beshikdan qiyqirib qoldi-ya qizim. O’zining tilida she’rlar so’yladi, Eng go’zal “she’r”ginam qo’ynimda uxlar” kabi chin insoniy va milliy ruh ifodasi bo’lgan satrlar she’rxonga qadrli. Bu she’riy misralardagi she’rxonga ota choponining ustunda egasiz qolgani, gazlama qiyqimlaridan ulab tikiladigan quroq yostiq, dasturxon va gilamchalarning ming turli armonlar ramzi bo’lgani, o’g’il butun oilaning suyanchi, nomusning himoyachisi, o’tboshi chirog’ini o’chirmaydigan yaratiq ekani, tikishda xato qilib, libosni buzmaslik uchun dastlab ko’klab olinishi, o’zbek ayolining quyoshdan oldin uyg’onishi kabi tasvirlar tamomila o’ziga xos ruhiy holatlarni aks ettirishga xizmat qiladi.

Shoiraning g’urur va jur’at shundoqqina ufurib turgan

Men tog’man!
Oyog’im zaminga botib,
Qo’llarim falakka cho’zilgan.
Men tog’man!
Qorlikdan qabr yasalib,
Unga tiriklayin ko’milgan

singari satrlari o’qirman sezimlarini keskin chayqatib yuboradi. Uning latif poetik misralar og’ushida orom olmoq istagan ruhiyatini tug’yonli so’zlar junbushga keltiradi:

Yashamoq, bilingki, chidamoq,
Chidamoq, demakki, jasorat!
Ko’ngilni yengganlar yashasin,
Yengmagan o’rtada arosat.

tarzidagi tasvirlar orqali she’rxon ruhiyatiga keskir hissiyotlar, og’riqli tuyg’ular, dard-alam,iztiroblar ustma-ust yuklanaveradi.

Qismat g’am sahrosida yolg’iz
Yo’lidan adashgan karvon.
Shams childirma chalar ayovsiz,
Qayg’uning uyasi to’rt tomon.
Najot bor na yerdan, na ko’kdan,
Sahro samumida bemajol o’lar
Ilinjsizlikdan, umidsizlikdan,
Sabr, bardosh otlig’ tuyalar.
Qolib ketar sahro qo’ynida
Xurjunida baxtim – asira
Endi yuz yil g’ussa – nasiba
Cho’l kimsasiz, baxtim ko’zida
Ko’zmunchoqday silqiydi armon.

Bu satrlar orqali qismati g’am sahrosida adashgan karvonday sarson, sabru bardosh otlig’ tuyalari ilinju umidsizlikdan o’lgan, to’rt tomoni qayg’u bo’lgan umr tarixining ayovsiz manzarasini she’rxon ko’z oldida gavdalantiriladi. She’rdagi har bir so’z, obraz, tashbih chinakam dardning tabiiy ifodasi bo’lgani sabab o’qirmanningda kechinmalari, anduhlari, o’rtaguvchi armonlariga aylanadi va shu tariqa o’z badiiy missiyasini bajaradi.

Zilola har bir she’rida o’qirmanni anduhning poklovchi olamiga olib kirishga urinadi:

Ko’ksim choklarini ming karra so’kdim,
Borim, so’ngaklarim istig’for aytar
Yuzimning suvini yuz bora to’kdim….
Kuzak! Onamni ber, otamni qaytar…

Kelbating ortiga botadi g’ussa
Yurakdan silqiydi umrlik armon.
Og’ir xo’rsiniqdan titraydi dala,
Uzoq o’y surasan, dardlaring nihon
Ota, armonlaring sipqoray o’zim…

Ota-onadan ayrilish Odam Atodan meros kelayotgan mangu g’am, hamisha qon silqib turajak tuzalmas yaradir. Bu yaraning achchiq azoblari sanoqsiz marta qog’ozga to’kilgan, qanchalar shikasta kuylarga aylangan. Ammo Zilolaning she’rida iztirob aybdorlik hissi bilan uyg’unlashib ketganday: “Borim, so’ngaklarim istig’for aytar, Yuzimning suvini yuz bora to’kdim”. Farzandlik burchini ko’ngildagiday o’tay olmaganidan uyalish tuyg’usi shoira jismini pushaymonlik olovida yoqib, yuragini kul qiladi. Ammo istig’for bir on bo’lsa-da tinmaydi, olovda chirsillab yonayotgan suyaklar tilga kirganday bo’ladi. Shoira dardu dunyosi qorong’i ekanini “Og’ir xo’rsiniqdan titraydi dala” tarzidagi qabariq obrazlar orqali ifodalaydi. Ota-ona o’limi inson ko’ngil olamini mehvaridan chiqarib yuborishi, endi yurakdagi bo’shliq, kemtiklik hech qachon bitmasligi, bu dard umr oxiriga qadar yo’ldosh bo’lishi “Tunda mung’ayishib og’riqli dardlar, Mushugimday kirib yotar pinjimga” tarzida hayotiy aks ettiriladi.

Har qanday she’r – toza tuyg’ular ifodasi tufayli go’zal. Faqat bu tuyg’ular samimiy ham bo’lsagina go’zallik yarata oladi. Zilola o’z bitiklarida jo’shqin va jilovsiz tuyg’ularining samimiy ifodasini beradi:

Shaylanadi chaqmoq – mohir suratkash,
Tabiat ko’rkini suratga olar.
Yel chaqqon ko’makchi yugurib-elib,
Daraxt – qizlar sochin tartibga solar.

Shunda, birdan tars-turs etib qaydandir,
Yetib kelar shoshib zo’r rashkchi yomg’ir.
So’ng jahl ustida shamolni quvib,
Daraxt yuzlariga shapaloq tortar.

Yaproqlar nogahon entikib ketar.
Daraxt shart burilar: “Yo’lingdan qolma!”
Yomg’ir ming afsus-la tinadi.. Tongda,
Daraxt yuzlarida shapaloq izi.
Jilvalanib turar qizargan olma.

Bu satrlar o’qirmanning ko’nglini kengaytib, sezimlarini tozartadi. Uni tabiat qo’yniga chorlaganday bo’ladi. Ko’klam g’o’rasining nimtatir shirasini sezdirib, ko’zida ko’klamni aks ettiradi. Yomg’ir, chaqmoq kabi tabiat hodisalarini chiroyli shaxslantirish, ularning minaziga xos to’satdanlik, kutilmaganlik, o’tkinchilik kabi sifatlarni insondagi rashk tuyg’usiga bog’lash kishida turfa sezimlar uyg’otadi.
Zilola hayot voqealari tasviri yordamida tabiat hodisalarini tuyg’u ifodasiga xizmat qildirib, o’qirman ko’ngil torlarini qanday sozlab, qay yo’sin chertishni yaxshi biladi.

Bir kun to’satdan, bilmam banogoh…
Yurak zulfin qoqib, kirib keldi Baxt.
U olis manzilda yashardi juda,
Umidim uzgandim, kutib ancha vaqt.

Quyoshning nuridan, tong nafasidan
Qo’lida bir dasta guli bor edi.
Ko’nglim qush bo’ldi-yu, chiqdi qafasdan,
Atrof xazon fasli, dil bahor edi.

Apil-tapil kiyib zarrin libosin,
O’ziga zeb berib, dil bo’ldi masrur.
“Men keldim!- dedi u. – garchi kech bir oz,
Adashdim kaftdagi yozuqlar aro”
So’ngra jilmaydi va xijolatomuz,
Der: manziling yozib olibman xato…

She’rdagi yurakka to’satdan kirib kelgan baxtning dilkash tasviri o’qirmanni entiktirib yuboradi. Baxtning manzil-makoni hamisha mavhum bo’lgani bois unga erishish mushkul. Kaftdagi chiziqlarga qarab taqdirni bashorat qilish azaldan mavjud. Bu bilan shug’ullanuvchi xiromantiya degan maxsus soha ham bo’lib, olaqon (kaft)dagi har bir chiziq joylashuvidan alohida ma’no topiladi. Shu chiziqlar yordamida odamning o’tmishidan boxabar bo’lish, kelajagiga nazar tashlash mumkin, deb hisoblanadi. Ammo folchilarning taqdirdan bashorat qilaman, deb ko’p xato qilishlari ham ma’lum. Baxt ham xuddi folchilarday, lirik qahramon olaqonidagi chiziqlarni o’qishda adashib ketgani sabab kechikib kelgan. “Ko’nglim qush bo’ldi-yu, chiqdi qafasdan, Atrof xazon fasli, dil bahor edi” satrlarida baxt dorigan inson qalbining haqqoniy suvrati chizilgan. Baxtli odam holatining ko’ngil qushi qafasdan chiqqanday ekani, atrof kuz bo’lsada dilida ko’klam yashnashi tasviri chin. Muhimi, shoira holati sezgir o’qirmangada yuqadi.

Zilola Xo’janiyozova bitganlarida kishi tasavvurini kengaytirib, qalbini betakror tuyg’ular bilan boyitadigan satrlar juda ko’p. “Soyani o’ldirar javzo issig’i”, “Atirgulning lablarida shabnam bo’lib tong otdi”, “Soy bo’yida endi Sizni kutsin rayhonu yalpiz! Yo’l qoldi… men ketdim endi, kengliklarimga yolg’iz”, “Ketaman… yonimga bir burda umidni solib”, “O’tkinchi yellarga yaproqlar bolish”, “Hayrat gulbarglarim uchar havvoga”, “Yomg’ir… mening ulkan ko’nglimning Sinib tushayotgan burda-burda bo’laklaridir” singari misralar betakror idrok mahsullaridir. Shoiraning: “Sog’inchlarim mahkam quchib keldim” satrida yuraklarni o’rtashga qodir tuyg’ular so’zga o’girilgan bo’lsa, “Oppoq orzularni yurakka chizib” misrasida nomsiz tuyg’ularga anduh va nafosatdan iborat chizgisi beriladi, “Egachim yomg’ir-la dardlashib kun-tun, Onam — Yer bag’riga singyapman mudom… Tillorang raqsiga etib mahliyo, Kuz yutdi shodligim, umidim… so’ndi” qatorlarida Zilolaning inson ruhiy holatini tabiat hodisalaridan foydalanib aks ettirish borasidagi mahorati ko’rinadi.

Shoira o’z tuyganlarini poetik so’z yordamida badiiy manzaraga aylantirib, ularni o’qirmangada yuqtiradi, tuydiradi va suydiradi. So’zlar qatidagi samimiy dard olovi bilan o’rtab, ko’ngillarni tozalaydi. Shoira chizgan manzaralar she’rxon diliga tiniq, kuchli va samimiy his bo’lib quyiladi. Maishiy tashvishlar sabab qaqrayotgan ruhiga ezgulik va go’zallik yomg’iri bo’lib yog’adi. Zilola hamisha qo’liga qalam tutqazgan sababni yaxshi bilib, aniq ifodalaydi. O’qirman uning bitganlarida o’ziga tanish bo’lmagan ruhiy holat va kayfiyat manzaralarini ko’radi. Zotan, badiiy so’zning missiyasi notanishni tanishtirish, mavhumni aniqlashtirish, begonani qadrdon qilishdan iboratdir. Zilolaning she’rlari milliy zamindan suv ichgani, tabiiy tuyg’ularning samimiy ifodasi ekani bois ana shunday qudratga ega bo’lgan.
Ko’pincha badiiy asar qanday yozilsa, shunday o’qiladi. Zilolaning ko’plab she’rlari bir nafasda o’qilib, she’rxon yuraklariga kirib borib, uning tasavvurida butun poetik manzara hosil qiladi. Demak, ular to’liqqan ko’ngildan to’kilgan totli mevalaridir.

2019 yil 12-27 dekabr.

Zilola Xo’janiyozova
ShE’RLAR


07Zilola Xo’janiyozova 1973 yilda tug’ilgan. Qarshi davlat universiteti filologiya fakulьteti hamda O’zbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat boshqaruvi akademiyasida tahsil olgan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. “Yuragimda bir gul o’sadi”, “Dil shevasi”, “Ko’ngilga yo’l” she’riy to’plamlari muallifi.  Ilmiy-publitsistik maqolalari hamda ijod namunalari bilan respublika matbuotida ishtirok etib keladi. Oilali, uch farzandning onasi.


***
Dunyo! Kelishmayman, san-la tersman bas,
Kuz! achchiq aytarim, ginam bor, illo…
Vaqt! Shunchalar shoshding, kutmay bir nafas,
Hukming borlig’imni etdi zim-ziyo.

Yo’limga mo’ltirab boqqani u kun,
Onam bildirmadi yo’qligin tobi.
Armon-la bag’rimga bosaman beun,
Otam tugatolomay qolgan kitobin.

Ko’ksim choklarini ming karra so’kdim.
Borim, so’ngaklarim istihfor aytar.
Yuzimning suvini yuz bora to’kdim…
Kuzak! Onamni ber, otamni qaytar…

Otasizning bilsang oti oqsarkan,
Onasizning ko’ngli yarimta, xasta
Huvillagan bag’rim mavh etadi g’am…
Meni tashlab dilgir, beruh, shikasta…

Do’ngqishloqqa shoshib ketdi-ya onam…
Do’ngqishloqqa shoshib ketganim otam…

Nimaga arziydi… asli bu dunyo!
Marjon donasiday sitilar sabr.
Otamga qanchalar suyanganimni,
Sen qaydan bilasan hissiz noyabrь!…

Otam osmon edi, oy edi onam,
Samoning kaftida Zuhro edim men.
Nogoh zulmat ichra evrildi olam,
G’am o’ygan chap ko’ksi yaro bo’ldim men.

Yelkamga botadi tiriklik yuki,
Tangrim, haqni anglay tiyrak ko’z bergil.
Ruhimga bir quvvat, taskin ber toki,
Ko’ngilni tahorat aylay So’z bergil.

Dardimga ko’z yoshim bo’lmadi malham,
Diydor ilinjida umidim toldi.
Horg’in vujudimni suyagan mahkam,
Qo’limda o’g’limning qo’llari qoldi.

Do’ngqishloqqa shoshib ketdi-ya onam…
Do’ngqishloqqa shoshib ketganim otam…

Vatan o’g’lonlariga

Ey Turon farzandi, muzaffar o’g’lon,
Vatanning eltuzar, mard posboni bo’l.
Yengilmas shahdingni ko’rsin bor jahon,
Yurt tinchligin asra, zo’r qalqoni bo’l.

Deydilar, ot izin doim toy bosar,
Kun kelib toylar-ki, tulpor bo’lajak.
Erman degan mardlar bo’y ko’rsatsa gar..
Qabixniyat yovlar bedor bo’lajak.

Alpteginlar qaytar, Shiroqlar qaytar,
Zulmatda qolmaydi erk istagan xalq.
Adolat yalovin balandroq ko’tar,
O’ziga bek bo’lgan millat bo’lib qalq.

Dushmaningdan qo’rqma, munofiqdan qo’rq,
O’zagingdan ungan xoyinlar yomon.
Boshing birikmasa, tor keladi bo’rk,
Ogoh bo’l, qo’yningdan chiqmasin ilon.

Oqillarda yo’ruq bo’lmasa azal,
Johillarni bilki, tug’adi kuni.
Gumroh-u bemaslak eldan gil afzal,
Muqaddas zaminning tutadi xuni.

Ko’ksimizga tiksak yurt yalovini,
Biz butun bir tanga aylanajakmiz.
Doim qo’llagaydir ajdodlar ruhi,
Bil, buyuk Vatanga aylanajakmiz.

Qachonki, jonimiz aylasak fido,
Yuksalar millatning g’ururi, shoni.
O’zbekning boshiga qo’nadi xumo,
Dunyo sharaflaydi O’zbekistonni.

Do’stimga

Qismat choponini yelkaga tashlab,
Olisni ko’zladik, do’st kuch top, chida.
Goh mag’rur, goh masrur, goh ko’zni yoshlab,
Dunyoda yashaymiz bir nur ilinjida.

Charxning har ko’yiga ko’nar odamzod,
Siylanar, sinalar, ammo sinmaskan.
Ming bir ishvasida turlanar hayot,
Dunyoning bir kami to’lib, tinmaskan.

Har lahza tomosho, almashar niqob,
Falak tegirmoni aylanar toki.
Bu olam sahnasin atabmiz mehrob,
Bilsak, og’ir ekan tiriklik yuki.

Nechun ko’ngil mahzun, tuyg’ular xasta?
Ko’zlagan yo’limiz yulduzga qadar.
Qorli cho’qqilarni qoldirib pastda,
Manzilga yetgaymiz, hali muzaffar.!

Oppoq orzularni yurakka chizib,
Yorug’ niyatlarni jo etib dilga.
Ishongin, bir kuni yetamiz albat,
Niqoblardan holi bo’lgan manzilga!..

***

Nuragan paxsasi qaddini ko’mgan,
Olisda ko’rinar bir manzil ovloq,
Quyuq tuman singib, sukunat cho’mgan,
Ikki dunyo orasida — do’ngqishloq.
Nayqamish zikr tushib o’qiydi Yosin.
Olisdan loppillab keladi tobut,
Hur-g’ilmon shopirar gunoh-savobin,
Yomonga xavotir, yaxshiga taskin.
Umr yo’l, hammamiz yo’lovchi gumroh,
Yo’riq yo’q, belgi yo’q, na taqiq, inkor.
Amaling, maslaging, matlabing guvoh,
Yaratgangagina ma’lum va oshkor.
Jismim va ruhim tin oladi lohas,
Analhaq aytadi jununvash shamol.
Qiyomatga qadar shu zayil, abas,
Tasbehday o’grilar nomai a’mol.
Qayrag’och pichirlab tortar fotiha,
Maysalar sajdadan turar yuzi nam.
Qo’shaloq qabrda bo’lib juftgina,
Bunda yotar mening otam, ham onam…
Yetti qavat osmon ortida Egam!,
Ularga ma’vodan nasib et makon.
Bir kun mehmon bo’lib kelurman men ham,
Fanodan baqoga eshik — qabriston.

****

Yo rab, kimga so’ylay dilda alamni,
Borimni bag’rimdan yulib ketdi kuz.
Bir on tinglamadi, dodim nolamni,
Fursat qoldirmadi aytmoqqa so’ngso’z.

Qulog’im ostida onamning sasi,
“Uzoq yo’ldan tolmay keldingmi, bolam?”
Dilim qovjiraydi, kuyar nafasim,
Onamsiz kengayib qoldimi olam?!.

Bitdimi qismatim nurli kuni, yo?
Ruhavzo tushlarim kelmasmi o’nggi.
Tillorang raqsiga etib mahliyo,
Kuz yutdi shodligim, umidim… so’nggi.

O’tar g’arib kunlar dalli, dilozor,
Kimdan mehr tilay, sizdan ziyoda.
Ota, tushlarimda ko’rsaydim bir bor,
Ona, diydorimiz qaysi dunyoda?!.

Tun. Borlig’im karaxt, bedor o’ylarim,
Anglab ulgurmayman rostu ro’yoni.
Umrning lahzalik ekanin so’ylar,
Otamning ustunda qolgan choponi…

****

Men to’ldim, sabr otlig’ kosalar sindi,
Hoyu havvaslardan charchadim, toldim.
Hamon bazm avjida, hasham avjida,
Hamma tomoshada, men uyda qoldim…

Savolga yo’q yechim, arosat dunyo
G’amlarin do’ngidan osholmayapman.
Mavjudman, mag’rurman, mahkumman ammo,
O’lchovli umrimni yasholmayapman.

Yomg’ir mening singlim, sodiq va mahzun,
Ko’z yoshim yashirar do’st-ag’yorimdan.
Umr o’tib borar beishq, bemazmun,
Mahzun kuy taralar yurak torimdan.

Bori sob dunyoda azal yo’q ustun,
Ko’nglim siniqlarin teryapman hamon.
Egachim yomg’ir-la dardlashib kun-tun,
Onam – Yer bag’riga singyapman mudom.

Men to’ldim… sabr otlig’ kosalar sindi…

***

Ayol…
Hali tong pardozin qilib ulgurmay,
Yonog’iga surmay hali qizil rang.
Qishloq hovlisiga jon kirar birday,
Shahar ko’zlarini ishqalar arang.
Ro’zg’ori,tashvishi, boshda ming xayol,
Kunni uyg’otadi qishloqda ayol.
Dalaga otlanar, ro’yi za’faron,
Boshga ro’mol tang’ir, tovon qatqaloq
Bir qo’lda go’dagi, bir qo’lda ketmon,
Oriq barmoqlari qurigan chanoq.
Jigar azob berar, ranglari bir hol,
Dardlari dalaga ekilgan ayol.
Soyani o’ldirar javzo issig’i,
Shahar to’rt devorga sig’may ketadi.
Egatlar – umr yo’li, qismat chizig’i,
Ayol g’amlarini unga ekadi.
Nigohlar so’niq, qomatlari dol,
Dardlari dalaga ekilgan ayol.
Rangpar yuzlarini yalar garmsel,
Erkin paykallarga tamg’agan taqdir.
Da’vosiz temirtan bo’lmish nozik bel,
Ko’z ochib ko’rgani shu dala, shu qir.
Chehralar so’lg’in, o’zi bemajol,
Dardlari dalaga ekilgan ayol.
Shom botar, shahar ham murgilar asta,
Manglayi qorayar, hovurli dala.
Tuproq kechib uyga qaytadi horg’in,
Bir olam yumushi qarshilar yana.
Toqat-bardoshiga tog’ qoladi lol,
Tashvishi kulgusin yulqigan ayol.
Ko’kda oy jamolin ming ko’z-ko’z etgan,
Mahzun cho’ziladi tun oqqan palla.
Oy havas qilgudek husnin mung yutgan.
Mador yo’q go’dakka aytmoqqa alla
Bolishga bosh qo’yar, tin olar xiyol,
Orzusi dalaga ko’milgan ayol…

Tong sahar… Bugunni uyg’otar ayol…
Otamga

Kelbating ortiga botadi g’ussa,
Yurakdan silqiydi umrlik armon.
Og’ir xo’rsiniqdan titraydi dala,
Uzoq o’y surasan, dardlaring nihon
Ota, armonlaring sipqoray o’zim….

G’animat dunyoning g’ami adoqsiz,
Qismating yo’llari tikanli, toshli.
Evrilar shu alfoz tarixi azal,
Sen bilgan haqiqat ko’zlari yoshli…
Ota, armonlaring sipqoray o’zim…

Yelkangda tog’ bo’lgan g’amlar arisin,
Qayg’ular erisin, ummoni bo’lay.
Biri kam dunyoda kaming to’ldirib,
Nuragan dardlaring darmoni bo’lay.
Ota, armonlaring sipqoray o’zim…

Gungon*ning qum bosgan daralarida,
Qolgan orzularing bu kun ruhavzo,
Ungay yuragimning yaralarida.
Shukur deyman, shukur iloho,
Ota, armonlaring sipqoriiib o’lsam!…

O’g’limga
Ollohimning cheksiz inoyati sen,
Taqdirim tortig’i, tengsiz tuhfasi.
Behisht bog’larining nasiymi o’zing,
Bo’yingdan his etgum jannat nafasin.
Yuragimning tayanch ustuni, o’g’lim…
Borlig’im, hayotim mazmuni, o’g’lim!.

Ruhing yo’rgakladim tong nafasi-la,
Qalbing shabnam zilol suviga chaydim.
Durday avayladim bag’rimda, zotan,
Umr yo’llarida qoqildim, toydim.
Ko’zlaringda hayrat — pok ma’vo o’g’lim,
Isming yuragimga sof havo, o’g’lim!

Gohi mehrin ayar bu qattol dunyo,
Ba’zan adoqsizday tuyular g’ami.
Ko’z yoshimdan ungan umid chechagim,
Ko’ngil yaralarim shirin malhami.
Yorug’ kunlarimning kafolati sen,
Baxt deya atalmish kafforati sen.

Dardlarim so’rama, ichimga boqma,
Ming quroq ko’rpaday taxlangan armon.
Uniqqan, nursiz va talx bu dunyoni,
Shodon kulgularing etgay charog’on.
Dilim yoritguvchi oftobim-o’g’lim,
Men shoshib borguvchi mehrobim, o’g’lim.

Qizlarim — ikkala ko’zim gavhari,
Nafis xayollarim shirin epkini.
Juft qanotim bo’lib o’sgani sari,
Bag’rimni to’ldirar quvvat mehvari.
Bekamman, zarim ham zo’rimsan, o’g’lim.
G’ururim, qalbimning qo’risan, o’g’lim.

Sen faqat yuksakka, samolarga boq!
Orzularing bo’lsin tongday beg’ubor.
Do’stga sodiq, mard bo’l, iymoni uyg’oq,
Ezgu duolarim ko’ksingda tumor.
Yuragimning tayanch ustuni, o’g’lim,
Borlig’im, hayotim mazmuni, o’g’lim!.

Rashk

Shaylanadi chaqmoq mohir suratkash,
Tabiat ko’rkini suratga olar.
Yel chaqqon ko’makchi, yugurib-elib,
Daraxt — qizlar sochin tartibga solar.
Shunda, birdan tars-turs etib qaydandir,
Yetib kelar shoshib zo’r rashkchi yomg’ir.
So’ng jahl ustida shamolni quvib,
Daraxt yuzlariga shapaloq tortar.
Yaproqlar nogahon entikib ketar,
Daraxt shart burilar: » Yo’lingdan qolma!».
Yomg’ir ming afsus-la tinadi. Tongda,
Daraxt yuzlarida shapaloq izi.
Jilvalanib turar qizargan olma.

***

****
Bu yo’llarda yellar sarson, yillar sarson,
Umrim oqar Nasaf -Toshkent orasida.
Yo’l chigilar, oshiqqanda manzil tomon,
Sog’inch, diydor ko’zim oqu-qorasida.

Munisginam, mening tobim o’yidasiz,
“Yo’ling olis, charchadingmi, bolam”, deysiz.
Gulday zaif, titrab turar qo’llaringiz,
Dardmansizu, men noshudning g’amin yeysiz.

Siz taxtimsiz, davlatimsiz, ko’rk-savlatim,
Sizsiz menday g’arib, nochor topilmaydi.
Ostonaga ko’zin tikib, mushtoq kutib,
Tun oqquncha qo’shdarvoza yopilmaydi.

Ko’zlarimga xalqoblanib yosh quyilar,
Tishlaganim, bug’zimdagi tosh tuyular.
Siz-la dunyo oqibati bisyor Ona,
Birovlarning yolg’on mehri fosh tuyular.

Shukur yetdik, intiq kutgan bahorlarga,
Dastor olma gul ochibdi, oq- pushtirang.
Ona, yana niyat aytib saharlarda,
Bir bor bizmas, o’zingizga umr so’rang.

Bu charxidun g’am- shodlikka bozor ekan,
Qo’lim siltab, naysonlar-la yeldim yana.
Nurga intiq maysadayin bo’y ko’rsatgan,
Sog’inchlarim mahkam quchib keldim ONA..
Sog’inchlarim mahkam quchib keldim ONA…..

TAShRIF

Bir kuni to’satdan, bilmam banogoh…
Yurak zulfin qoqib, kirib keldi Baxt.
U olis manzilda yashardi juda,
Umidim uzgandim, kutib ancha vaqt.

Quyoshning nuridan, tong nafasidan
Qo’lida bir dasta guli bor edi.
Ko’nglim qush bo’ldi-yu, chiqdi qafasdan,
Atrof xazon fasli, dil bahor edi.

Apil-tapil kiyib zarrin libosin,
O’ziga zeb berib, dil bo’ldi masrur.
Kutishdan charchagan ma’yus va mahzun
Ruhimni mavh etib kirib keldi nur.

Endi yolg’izmasdim, sog’inch yurtida
Yorishib ketgandi o’ngu so’llarim.
Nimadir yashashga berardi umid…
Axir Baxt tutgandi mahkam qo’llarim.

“Men keldim! – dedi u, – garchi kech bir oz,
Adashdim kaftdagi yozuqlar aro”.
So’ngra jilmaydi va xijolatomuz,
Der: Manziling yozib olibman xato…

Bir kuni to’satdan kirib keldi baxt…

*****

Sohibdilim yolg’oningiz yuragimni yoqib ketdi,
Kutib-kutib sog’inchlarim oqar suvda oqib ketdi.

Kel yor dedim, kelmadilar oshiqlarning aldamchisi,
Chaqir yanglig’ jafolari dilginamga botib ketdi.

Xayolimni buzdi nogoh sukunatning ertaklari,
Shivirlashdi bo’ldim yana yulduzlarning ermaklari.

Sitamlari o’tib ketdi, ko’kka yetdi ohimiz,
Kechay!..dedim kecholmadim, Sizdan bino hokimiz.

Botmon-botmon g’amlarimdan Oy mahzungina botdi,
Sog’inmadim!.. desam, sotqin ko’zlarim yana sotdi.

Arazladim bormay desam yuragim Siz tomon shay,
Atirgulning lablarida shabnam bo’lib tong otdi.

Nigohlarim yo’lingizga mushtoq bo’ldilar hargiz,
Mo’ltirashib, javdirashib, kirmadilar ostonadan.

Soy bo’yida endi Sizni kutsin rayhonu yalpiz!
Yo’l qoldi…men ketdim endi, kengliklarimga yolg’iz…

Arazladim, bormay desam yuragim Siz tomon shay…

Ona

Ona! Sochingizga oq oralabdi,
Aslida aybdor menmasmi, Ona?!
Yillar yuzingizga to’r qoralabdi,
Yilmas, asl maddor menmasmi, Ona?!

Qachon zamin rizqin, quyosh nurini,
Siz-chi mehringizni qilibsiz minnat.
Bir dam o’zingizni o’ylashdan ko’ra,
Dilbandingiz baxti muhimroq, qimmat.

Go’yo kashf etganday qayta dunyoni,
Yangi So’z aytdim deb bo’ldim mamnun.
Sizning diydoringiz ertaga qo’yib,
Menchi, iztirobdan izladim mazmun.

Baxt atalmish tole’ izlab olislardan,
Asl baxtim! Yaradimmi kuningizga.
Tuyg’ularga ism topib shodmon edim,
Meni o’ylab uxlolmagan tuningizda.

Neki Ishqqa mansub, ilohiy bilib,
Sig’inib yuribman ko’hna dardlarga,
Aslida mehringiz taftidan ilib,
Aylanar hammasi, mayda gardlarga.

Sizni sog’inaman hammadan ko’proq,
Tosh yurtda mehringiz turar bilinib.
Tandirdan uzilgan issiq kulchani,
Olib qo’yyapsizmi menga ilinib.

Duoingiz madad, hech bir g’am yengmas,
Adl turgum, taqdirning kufri-ishiga.
Angladim, dunyoning shodligi tengmas,
Onamning shukrona jilmayishiga!

Yashamoq , aslida ko’nikmoq ,
Ko’nikmoq emasmi jinoyat!
M.TSvetayeva

Xayr endi do’stginam, g’amga ne hojat!
Ertaga keturmiz, bugun omonat.
Yuzimdan hashamdor niqobni yechdim,
Tomoshagoh buncha tirband-tumonat!
Alvido, qismatga ko’nganlar,
Xush qoling, bo’lingiz salomat.
Til topib yashashni eplabsiz,
Bu yog’i oromdir-kafolat!
Yashamoq bilingki chidamoq,
Chidamoq, demakki jasorat!
Yashamoq , aslida ko’nikmoq ,
Ko’nikmoq emasmi jinoyat!
Sukunat ovozi chaqmoqday,
Chaqinday tizginsiz xayolot.
Ko’ngilni yengganlar yashasin!
Yengmagan o’rtada arosat,
Xush qoling, biz endi omonat.
Xayr endi do’stginam, g’amga yo’q hojat!

****

Yuragimga yaqin xazonrezgi kuz,
Mening qalbimda ham bir bargixazon.
Atrofda sokinlik, atrof-da mayus,
Ko’ksimda to’lishib bormoqda osmon.

Daraxtday to’kildim kuzning bag’riga,
Dilimda jonsarak bir his tentirar.
Sizni sog’inmasdan yashamoq og’ir,
Sog’inib yashamoq undan besh battar.

Tomirimda oqar sog’inchday olov,
Nigohimda beun gullaydi hijron.
Nega sen sukutda, soqovsan, jimsan,
Bir og’iz so’z degin sovuq telefon.

Tashqarida yomg’ir, diydamda yomg’ir,
Yuragimda ivir bir tuyg’u notinch.
Yo teba qiladi bu azob oxir,
O’ldirsa bir kuni o’ldirar — Sog’inch.

Sukunat… Zulmatni ilinj ilitar,
Tunning ko’rpasini yopar xorg’in dard.
Ertaga men sizni sog’inmog’im-chun,
Yashamog’im zarur, yashamog’im shart! …

Kengliklar

Kengliklar..kengliklar…qalbim sizdan keng,
Bir shirin xayolman, ro’yoman, tushman.
Tog’lardan yuksakman, samolarga teng…
Men bugun sevgidan sarxushman.

Baxtdan ehson kutmas, g’amga qiz edim,
Ming yillar yashadim sog’inch bag’rida.
Chirmoviqlar bosgan, so’qmoq- iz edim.
Nogohon ko’z ochdim, ishqning atridan.

Men bugun oshiqman, men bugun gulman,
Zim – ziyo dunyoda bir hovuch nurman.
Ishq aro otashman, uningsiz gilman,
Ishqning sharobidan sarmast, masrurman…

Parchalang yurakni burda-burdaga,
Otash aro bunyod bo’lar jonim manim.
Mayli nima bo’lsa bo’lar ertaga,
Bugun ko’ngil bilan yolg’iz qo’y g’anim.

Ming yillar izladim, dilim xun edi,
Ishqim armon edi, dil mahzun edi.
Bizni uchrashtirgan bir afsun,
Qaroqlar sirlashgan sirli kun edi.

Kengliklar, kengliklar, qalbim sizdan keng…
Tog’lardan yuksakman… samolarga teng…

Kechim…

Ayting, yuzsizlikning bormi had, cheki,
Sizga ermakmidi ko’ngillar saydi.
Qayg’ular meniki, g’amlar meniki,
Bas, qalbim hududin bo’shating endi.

Aybim qoralama bitmasdan turib,
Qismatim ertagin ko’chirdim oqqa.
Xiyonat quyunday borim supurib,
Nogahon fath etti, to’zdim har yoqqa.

Dil to’rida qoldi yuvilmas gardlar,
Xotirlar uyg’onib, qo’ymas tinchimga
Tunda mung’ayishib og’riqli dardlar,
Mushugimday kirib yotar pinjimga.

Ketaman qaramay, borimni olib,
Mening izlaganim toza bir mehvar.
Yonimga bir burda umidni solib,
Va ishonch yo’l boshlar manzilga qadar.

Tazarru yo’lida mushtoqdir bu dil,
Niyat tugunimni tukkanimcha yo’q.
Qalbim yarasini ko’klab qo’ydimu,
Hali yamog’ini tikkanimcha yo’q.

Yuragimda qolgan og’riqli dardlar,
Tazarru aytmoqqa hozirlanar dil…

Qaro ko’zimni tinglab..
Ko’nglim kulbasiga enadi xonish,
Chordevor qalqiydi, qorong’u tim-tim.
O’tkinchi yellarga yaproqlar bolish,
Yomg’irday yurakni yumshatar sim-sim,
Qaro ko’zim….

Bir nasiym esadi ruhimda,
Dilimni allalar, jim-jimmm…
Shivirlar, unutgil g’amlaring,
Sabil qolsin, qarog’ing yum-yum.
Qaro ko’zim…

Hislarim ko’milur navvoga,
Kuy ichra sipqorib halovat, to’zim.
Hayrat gulbarglarim uchar havvoga,
Ko’ksim ummoniga cho’kaman o’zim.
Qaro ko’zim…

Yurak kengligiga sig’magan mansur,
Foniy dunyosida ilohiy tilsim.
Tiriklik tayangan beshinchi unsur,
Tingla, tazarruga surai nazm…
Qaro ko’zim…

Dil jo’shadir lim-lim….
Qarog’ingni yum-yum…
Kuy oqadi sim-sim…
Qaro ko’zim…
Qaro ko’zim…
Qaro ko’zim…

Bardosh

Dunyoga keldingmi, yashamog’ing shart,
Taqdirda boriga shukrona aytib.
Singlim, ko’zingdagi yoshlaringni art,
Jilmay, bolalikning bag’riga qaytib.

Yangi tong otyapti, orzuga ishon,
Quyosh nurlariga boq umid bilan.
Dildagi dardlaring unutib shu on,
Yasha, g’animlarning so’zidan baland!.

Bilaman, xotirlar dilni yoqadi,
Bahorday uyg’onu ochil loladay.
Va albat, dunyolar kulib boqadi,
Baxt bag’ingga o’zin otar, bolangday.

Shunchaki kechirgil, do’stu- g’animni,
Ko’nglingda qolmasin hech gina yo o’ch.
Halovat allalar ruhing-taningni,
Borin unutmoqqa topa olsang kuch.

Qoqilgan birgina senmas dunyoda,
Inson ko’p, yuragi mingyamoq yurgan…
Qayg’ulardan holi, g’amdan ozoda,
Orzu qanotida uchmoqni o’rgan.

Yana, yuragingni mehrga to’ldir,
Ishonch-la odimla yorug’ ertangga.
Og’ir, lek qalbdagi riyoni o’ldir,
Garchi, hanjarlari botar yelkangga.

Ishon! Bir kun kelar, qo’lingdan tutib,
Omad boqar, yoniq nigohida cho’g’.
Shunda bil, g’amlaring butkul unutib,
Degaysan, «Dunyoda mendan baxtli yo’q!».
Singlim, ko’zingdagi yoshlaringni art..

Kuzak qo’shig’i…
Kuzak yaproqlarin to’kar basma-bas,
Ular zahim tortgan ishq nomalari,
Daraxtda o’tirgan shum qarg’a emas,
Qarg’algan taqdirning gung nolalari.
Sarg’aygan nomalar oriq yo’lakka,
Tashlandiq qog’ozday yirtib otilgan,
Xiyonat zahridir zada yurakka,
Hayqirdim: qotilsan, yurak qotilsan!
O, ammo qizaloq, mezon barglarin
Zavq bilan avaylab terar yo’lakda
Kimsasiz nomalar shivirlab sirin
So’ylaydi beg’ubor, dilkash yurakka.
Bu yo’ldan gumroh ishq bo’lgan badarg’a
Sen uni izlab top, toki ayrilma,
Qizgina tepangda turar shum qarqa,
Ketaver… Qayrilma… Qayrilma…

*****
Qismat g’am sahrosida yolg’iz,
Yulidan adashgan bir karvon.
Shams childirma chalar ayovsiz,
Qayg’uning uyasi to’rt tomon.
Najot bor na yerdan, na ko’kdan,
Sahro samumida bemajol o’lar.
Ilinjsizlik, umidsizlikdan,
Sabr, bardosh otlig’ tuyalar.
Qolib ketar sahro qo’ynida,
Xurjunida baxtim- asira.
Yolg’izlikni olib bo’yniga,
Endi yuz yil g’ussa-nasiba.
Cho’l kimsasiz, baxtim ko’zida,
Ko’zmunchoqday silqiydi armon.
Qachonlardir yig’loqi baxtni,
Topib olar o’tkinchi karvon…

P a y qa m a d i n g i z

Siz tomon intildim, sizga intildim,
Intilgani kabi quyoshga maysa.
Xo’rsinadi osmon, xo’rsinar zamin,
Hijron yuragimga sanchganda nayza.
P a y q a m a d i n g i z …

Umidning uyida umrim ijara,
Tun yana shay turar yamlab yutmoqqa.
Sovurdim qadrsiz chaqaday oxir,
Eng aziz onlarim sizni kutmoqqa.
P a y q a m a d i n g i z …

Sizdan kadar emas, bir nazar kutdim,
Kuzak yo’lagida behol yaproqday.
Sizdan panoh emas, bir nigoh kutdim,
Tongdagi lahzalik shabnam – titroqday.
P a y q a m a d i n g i z …

Alvido, ijara kunim tugabdi,
Endi mangulikdan joy berar tuproq.
Vaslingiz kuyida umrim tugabdi,
Tugabdi chekimga tushgan yashamoq…
P a y q a m a b m a n h a m …

****

Men tog’man!
Oyog’im zamingga botib,
Qo’llarim falakka cho’zilgan.
Men tog’man!
Qorlikdan qabr yasalib,
Unga tiriklayin ko’milgan.
Osmonga qadalgan qo’llarim hamon,
Yolg’iz sig’ingan o’zingsan Tangrim.
Panohingda kutgum muruvvat-ehson,
Toatdan singuncha toki qo’llarim…

SIZ…

Yam-yashil yurtlarda baxtlimushsiz siz..,
Tongda kabutarlar keltirdi xabar.
Mening mushtoq dilim kezadi hissiz,
Hijron bog’larida telba, darbadar.

Bedorman… o’ylarim, ishqim siz bilan,
Yashayman ishonib ahdlaringizga.
Sog’inch girdobida xazonman, xasman,
To’kilgim kelyapti… kaftlaringizga.

Garchi bunda bahor, men suygan aprelь,
Yuragimga sig’mas uning kulgusi.
Oppoq tuyg’ularim, shirin hislarim
Siz-la tug’ilgusi, sizsiz o’lgusi…

Yomg’ir ezib yog’ar, siz ketgan kundan,
Menga hamdard bo’ldi, bir on tinmadi.
Havotir izg’igan, firoq tunida,
Shivirlashdik… ko’zga uyqu inmadi.

Yana kiprigimda yangi tong otdi,
Ilhaq kutayapman yorug’ bir xabar…
Kelmaysiz… nazdimda ming bir yil o’tdi,
Axir, uch kun o’tib qariydi safar…

Yam-yashil yurtlarda baxtlimisiz siz…
Mensiz kunlaringiz o’tarmi shodon?
Ko’ksimda bir quchoq sog’inch gullari…
So’lib qolmasidan, qayting… begijon.

Yam-yashil yurtlarda baxtlimisiz siz?…

Hayot chizgilari

Yomg’ir… mening ulkan ko’nglimning,
sinib tushayotgan burda-burda bo’laklaridir.
Soriq yaproq…
Daraxt – g’arib singlimning
ushalmagan, uzoq kutgan,
tashlab ketgan tilaklaridir.
Xazon bo’lgan tilaklarini
To’da-to’da qilib yoqdilar…
Hamon tutab yotar tutuni.
Ko’zlarni yoshlatar, yoshlar yurakni…
Kimdir o’zni panaga olar,
mo’ltirashar darchalaridan.
Namiqib, xastalanib qolmayin deya.
Mening ko’ngil parchalarimdan…
Ona zamin, faqat sen meni,
Tushunasan xuddi onamday.
Singib borayapman bag’ringga sim-sim..
Endi dardlaringni aritmoq uchun,
g’amlaringni qaritmoq uchun,
orzularing to’litmoq uchun,
Singib borayapman tomringga, singlim…

Qizalog’imga

She’r yozmoqchi bo’ldim, hayratim baland,
Bir qo’limda qog’oz, birida qalam.
Endi boshlagandim, yozib bir tizim,
Beshikdan qiyqirib qoldi-ya qizim.

Qo’llarimni cho’zsam, talpindi biram,
Ko’zlari ko’zmunchoq kulardi erkam.
Bag’rimga o’zini otib o’ynadi,
O’zining tilida she’rlar so’yladi.

Polaponday tinim bilmadi sira,
Ilhom parisi ham unga asira.
Sho’xligu shodligi olamni oldi,
Qog’oz, qalam, she’rim… stolda qoldi.

Kuldi, har narsani har yonga otib,
Ikkita tishchasini ko’rsatib, qotib.
Bidir-bidir qildi, orom bilmadi,
“She’rim yozay” desam, pisand qilmadi.

So’ngra ko’zlarini yumib beozor,
Malikam uyquni etdi ixtiyor.
Qalbim to’lqinlanar shirin tuyg’udan,
Eng go’zal “she’r”ginam qo’ynimda uxlar.

******

Yarim tun…
Bukritolga suyanar ruhim,
Xayollar yuzini yomg’irga tutar.
Ko’zlarimning tili gullaydi qiyg’os.
Zahob ko’chalar-da izlarim yutar.

Yarim tun…
Dardlarim daryoday telba teskari,
Alamdan qirg’oqni g’ajiydi itday.
Ship-shiydam kuzakka ehson singari,
Sizga kerak emas jonimni tutay.

Yarim tun…
Qor-yomg’ir aralash elanib,
Tumanning ko’r pardalari so’kilar.
Armonlar azoblar yurakni…
Paxsa devorlarday borim to’kilar.

Yarim tun…
Oy kabi muallaq qotar budlarday,
Diydoringga yo’l tortgan ko’zim.
Ruhim yulduzlarga ko’chadi, parday,
Hissiz dunyolarda qolsamda o’zim….

Yarim tun…

Aslida…

“Umid zinhor gunohkor emas,
Aldanmoqdan iborat dunyo”…
Luis de Kamoyes

Dunyolar poyimda yotar tushanchi,
Aslida dunyo-la uncha ishim yo’q.
Alimi Isodan qolgandir bari,
Aslida dunyoga uncha xushim yuq.
Baxt nima — qayg’uning muqaddimasi,
Muhabbat ko’zimda porlagan ro’yo.
Aslida bir ovunch hamma-hammasi,
Aslida uniqqan qo’g’irchoq dunyo.
Maysalar zaminning bag’riga,
Sig’magan tuyg’ular tilidir.
Ko’ngil- bu aslida oshiqlar,
Isingan o’choqning kulidir.
Oymomo qachonlar mehr tilangan,
G’ariba oyqizdir tilanchi.
Zamin ham bir kulba nuragan,
Yo umid belangan belanchi.
Dunyolar poyimda yotar to’shanchi,
Aslida dunyo-la uncha ishim yuq.
Almisoqdan qolgandir bari,
Aslida dunyoga uncha xushim yo’q…

O’ZIMDAN O’ZIMGAChA

Men… men emasman. Bo’ldi, charchadim,
Chiqargan hukmim shu, hislar xomtalash.
Alvido, ming yillar asragan dardim,
Alvido, sher tusda qo’y bo’lib yashash.
Bunda qumursqalar shavkatli, nomdor.
Iymon ko’ngil aro sarg’aygan sarob.
Qo’y meni chorlama, o, azobxo’r dor,
Men seni sevmayman sevgilim- azob.
Men ketmoq istayman, yig’lama shafqat,
G’amdoshim, egachim, bezabon tunda.
Assalom ilohiy, o nurli hilqat,
Muqaddas So’z va unga sig’ingan banda,
Men endi men emas…. niqobsiz odam.

Sog’inch

Ota hovlim — hokisor makon,
Zamin bormi senday muqaddas.
Ona uyim-jonday qadrdon,
Sog’inaman betinim,besas.
Tong saharda darvoza ochib,
Rizq kirsin deb suprilgan hovli,
Sadarayhon hidlarin tarab,
Dil yayratar, g’ubordan xoli.
Boladayin mo’ltirab kutar,
Yalangoyoq chopganim ko’cha.
Qari tutning tagida momom,
Tushlarimga kirar har kecha.
Qizg’aldoqlar tergan qirimiz,
Bu bahor ham ochgandir chiroy.
Qiyqiriqqa to’lgandir yana,
Tom ortida oqqan loyqa soy.
Pichirlashib qo’shni to’yida,
Xo’p siri bir dugonalarim.
Beg’ubor orzular o’yida,
G’am-anduhdan begonalarim.
Dunyolarga alishmas edim,
Bolalikning bir kuni qaytsa.
Onam sochim qirqkokil o’rib,
Tolbargakdan jamalak taqsa.
Ota hovlim -qadrdon maskan,
Bag’ringda erkinman qushdayin,
Umr -daryo, ortga qaytmaskan,
Bolaligim o’tdi tushdayin.
Dunyolarga alishmas edim,
Bolalikning bitta kunini…

033

(Tashriflar: umumiy 946, bugungi 1)

Izoh qoldiring