Zuhra Ochilova. She’rlar & «Moviy ifor» to’plamidan & Xurshid Davron. Chechakman siz umidlangan

Ashampoo_Snap_2017.05.27_17h11m35s_004_.png         Куни-кеча Қашқадарёда икки кунлик сафарда бўлдим. Назар Эшонқул билан икковлон таниқли шоир Ўроз Ҳайдар таваллудининг 60 йиллиги баҳонасида адабий учрашувларда иштирок этдик. Уйга қайтгач, сафар халтамдаги Қаршидан олиб қайтган анчагина китоблар орасида Зуҳра Очилованинг «Гулшамол» номли китоби ҳам борлигини кўрдим...

ЧЕЧАКМАН СИЗ УМИДЛАНГАН…
04

Куни-кеча Қашқадарёда икки кунлик сафарда бўлдим. Назар Эшонқул билан икковлон таниқли шоир Ўроз Ҳайдар таваллудининг 60 йиллиги баҳонасида адабий учрашувларда иштирок этдик.

Уйга қайтгач, сафар халтамдаги Қаршидан олиб қайтган анчагина китоблар орасида Зуҳра Очилованинг «Гулшамол» номли китоби ҳам борлигини кўрдим. Зуҳра дастхат ёзиб, тўпламини қайси учрашувда менга берганини эслолмадим. Айни шу  сабабдан кўнглим анчагина хира бўлди.  Агар ўша пайтда китобни варақлаб, ундаги икки-уч шеърни кўз ташлаганимда эди, Зуҳра билан, албатта, танишган бўлардим.

«Гулшамол»ни варақлаб, Зуҳра шеърларининг шаклий эркинлиги, ноанъанавий мушоҳада билан мазмундаги ўзига хослигини илғадим. Қаердадир мукаммаллик, қаердадир шеърий санъатдаги тажрибасизлик ҳам кўзга ташланди. Тўплам  яхши муҳаррир қўлига тушганди эди, деб ҳам ўйладим. Аммо, шунга қарамай, китобни варақлаб бўлгандан кейин қаттиқ тўлқинландим. Чунки, адабий ҳаёт тобора совиб  бораётган,  шеъриятни   сиёсатбозлигу шиорхонликка айлантирган Тошкентдан олисда, Шаҳрисабзнинг бир мактабида муаллималик қилиб юрган ижодкорнинг изланишлари кўнглимда сўниб бораётган умидим пилигини озгина кўтаргандай бўлди. Тасаввуримда зулмат қучган Шаҳрисабз далаларининг бир чеккасидаги хонадон деразасидан тўкилиб турган шуълани кўрдим. Ўша шуъла янада чароғон бўлишини Яратгандан сўрадим.

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири

Зуҳра Очилова
ШЕЪРЛАР
04

    Зуҳра Очилова Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. Шеърлари бир қатор вақтли матбуот нашрларида эълон қилинган. Шоиранинг “Мовий ифор”, «Гулшамол», «Тафтли ошиён»  номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

04

ТИРИКЛИК

02.jpg

Кўк билан хушнудлашган
яшил тўлқинларга,
Қор остида мени туш кўрган илк майсага,
Селоблардан пайдо бўлган
ғадир-ғудур тошларга,
Чаманистонда армонсиз
ўйноқлаган жажжи капалакка,
Болаликнинг қоғоз қайиқчасини юздириб
чучук шилдираган жилғага,
Қалби виқорли камтар тоғларга,
Майинлик таратган ҳарир елларга,
Замин бағрин сийлаган
мунаввар офтобга,
Тиниқ ёмғирга осилиб
далли кўнглимнинг баётин сўйладим.
Овозим мендан кейин ҳам
умр кўрар бўлиб инди
сарҳадларга.

1998

БУГУН

Самарли-самарсиз бугунларим
мендан ўтмоқда
Ўтиб бораяпман мен ҳам
самарли-самарсиз
бугунларимдан…

2011

ХАЁЛ

Оҳорли саҳарнинг қўйнида енгил
уйғотса йўнғичқагулнинг сурури
Бетоблик ариса ҳорғин жисмимдан
томиримда оқса қуёшнинг нури.

Йўнғичқагулнинг сармастлигида
борлиғимга кўчса табиат сеҳри
Қадрлансам қайтадан бокира мағрур
кўзимда қалқиса ҳаётнинг меҳри.

2011

ҚИШ ИСИ

Осмоннинг асралган
парқу чечакларига
илғаниб- илғанмай
уриниб ўтди бўрон

Тўзғиди ҳавода
оқ-оппоқ чечаклар
Муҳитлар оқликка
зумда тусланди…

Руҳим туйди қиш исини…

2008

ЁРУҒЛИК

Кипригимни майин пайпаслаб
қорачиғимдан секин кириб
кўнглимни ёритди ЁРУҒлик.

2006

ИШҚ

Чечакман сиз умидланган
Англамайсиз униб чиққум
Ёриб дилингиз қорини.

2011

ОРЗУ

Варрак — ишқ розининг мактуби
Ерга етишин хоҳлаб, учириб
юборди мусаффо қаватларга.

2006

ТУШКУН

Эгасиз қолган ит каби
ёлғизликнинг остонасида
жунжикиб эзилар кўнгил.

2007

ҲОЛ

Елкамга суяниб овунди мажнунтол
Овунди бармоғимга кўнган капалак
Овутолмадим юрагим ёмғирларини.

2011

ЎКИНЧ

Жаранглаб кетди маъюс
юракнинг синиқлари
туртиниб тийрамоҳга.

2009

ОДДИЙ ЭРМАК

Эрмакладим
қисмат аталмиш тушунчани
Билиб қолдим менсиз у
мавжуд эмаслигини

Эрмакладим
сезгиларимни чўғини титиб
Ўзимдан нимадир ахтардим ўзим
уялчанг эҳтиросларим нурланди

Эрмакладим
содда хаёлимни
Зериккан умрим учун
ажиб дунё ясаб олдим

Эрмакладим ўзимча эрмакни…

2013

ГУЛШАМОЛ

Келмоғинг қаердан?
Бормоғинг қаерга?
Гулшамол

Гулинг ифорига беланар дунё
Гулинг хаёлига ошуфта дунё
Келмоғинг қаердан?
Бормоғинг қаерга?
Дилшамол

Дилинг ибосига кўчади дунё
Дилинг навосига йўғрилар дунё
Гулшамол
Дилшамол

Гулга ошиққан дунё
Дилга тошиққан дунё
Келмоғи гул дунёни
Бормоғи дил дунёни
Гул бўлар дунё
Дил бўлар дунё.

2013

ЁМҒИРДА КЎКАРМОҚ

Тебратади шамол ёмғир овозини
Кўкаради қақраган пок нафаслар
Кўкартирар саҳроланган қалбларни
Кўкаради сўлиган оқ ҳаваслар

Очунга тиргак бўлгувчи нажотли
Сўзлари кўкарар ёриқ лабларнинг
Кўкарар қақшаган йиллар сўнгаги

Заҳматдан қаварган умидлар кўкарар
Кўкарар тип-тиниқ ишқ ёмғирдан
Ипак шойисидан майинлик эсар

РАНГИНЛИК

Руҳимда
Мавжланар ранглар денгизи
Оқизиб кетар ранглар тўлқини
Сархушланаман ранглар измида

Руҳимда
Гуллаётган рангларнинг бўйи
Ранглар шамойили товланар
Сархушланаман ранглар эпкинида

Руҳимда
Сайроқи рангларнинг хуш нағмаси
Ранглар чаманида ўйноқи ранглар
Сархушланаман ранглар хилида

Руҳимда
Ошиқ ранглар маъшуқ ранглар рақси
Ботиний қиёфада ранглар жилваси
Сархушланаман ранглар ишқида

ВАҚТ АРО

Вақтнинг туйнугин ёриб
Ўтади умиднинг ёғдуси
Асрлар юрагида ардоқланар
Самовий туйғулар ёзуви
Вақт пароканда енгилар ишқдан
Олам сийнасида ёлқинланар
Эзгулик гули
Ўлмас тилак парчаланар вақт

УХЛАЁТГАН ШАМОЛ

Кирсам тушига
Ухлаётган шамолнинг
Узоқ узоқларга олиб қочса мени
Ўтиб замонлар чегарасидан элтса
Ўша гард тегмас шаффоф кенгликларига
Кўксига бошимни қўйсаму жасур ҳур
Юрагининг қўшиқларини тингласам
Унутсам бевафо кунларнинг зардасин
Яшай олсам қани шаффоф туйғусида
Ухлаётган шамолнинг кириб тушига

2009

ҲУЗУРЛАНИШ

Кўзларимга жойлашди
Жилмайишни уддалайдиган
Тўсиқсиз ёзги чексизлик

Кўзларимга жойлашди ундаги
Парвозланиш тошқинланиш
Чаманланиш ҳосилланиш

Кўзларимга жойлашди
Қадрдон тафтли ошёним
Қондошларимнинг ойдин чеҳраси
Мунис кечинмалар дунёси

Кўзларим яйрайди бирам яйрайди

ТОШЧАЛАР

Ағанаб ётган тошчалар
Бир пайтлар оқиб ўтган дарёнинг
Маҳзунлашиб қолган қолдиғи

Шамол сийпаб қўяр севгига
Ташна сағирларни

ТОМЧИМАН

Яратиқнинг мужгонидаги
Томчисиман “мен”ликлар ичра.
Томчиман, агар томчиласам
Куртакланар новдалар қониб.

Рангланар ўт, гиёҳ, чечаклар
Яшилланар томчимдан ҳаёт.
Сувларда инади жўшқинлик,
Қиёфага кирар харсанглар.

Товланади нурлар томчимда,
Аксланади сайроқлар ажиб.
Томчиман, кулиб томчиласам
Ғамгинлигин унутади ғам.

Пайдоланар кўнгилларда ишқ,
Киртайган маҳзун қароқларда.

Файзланар томчимдан олам…

ҚАЙТАЛАНИШ

Тушкунликнинг қаҳратонида,
Музлаб қолган эди умидим.
Қақшатгач адашган руҳимни,
Ҳаётни хушламай ўкиндим…

Нимадир рўй берди дафъатан,
Истаб қолдим яшашни қайта.
Табассумни ўрганди дардим –
Сева олгум ҳаётни қайта.

Мени эъзоз айлар бир нигоҳ
Ўлмоғимга қўймаса керак.
Тиклаяпман ўзимни қайта,
Гуллаб берар баҳорга юрак.

ЧИЗГИ

Савр туни. Ҳатто ой сокин,
Юлдузлар чамани кўрсатар чирой.
Ел тавоб қилади ойнинг кўксини,
Анда топиладир дил учун ҳам жой.

Ой сийнасида тунайди мамнун,
Теракларнинг шовуллаган нафаси.
Асотирлар қайтар ой ёғдусида,
Чинқириб юборар қайғу қафаси.

Намоён этади мувозанатни,
Ой шуъласида соялар шакли.
Мавжланади ҳусни зийрак ҳисларнинг,
Бунда мавҳумотнинг йўқ сира дахли.

Савр тунин ажиб тиниқлиги бор.

ИСТАК

Сукунат товушини,
Харсанглар йиғисини,
Ғорларнинг кулгусини,
Яна шамол қалбини
Эшитгим келди бугун.

Дарахтларнинг тафтини,
Зангор кўк уфурини,
Қушларнинг сафосини,
Ҳис қилгим келди бугун.

Меҳнатдан завқланишни,
Камтарликни тупроқдан,
Ҳаётдан мўминликни,
Эзгуликни савобдан
Уқмоқ истадим ҳар кун.

H1wU78b4F3Y.jpgCHЕCHAKMAN SIZ UMIDLANGAN…
04

Kuni-kecha Qashqadaryoda ikki kunlik safarda bo‘ldim. Nazar Eshonqul bilan ikkovlon taniqli shoir O‘roz Haydar tavalludining 60 yilligi bahonasida adabiy uchrashuvlarda ishtirok etdik.

Uyga qaytgach, safar xaltamdagi Qarshidan olib qaytgan anchagina kitoblar orasida Zuhra Ochilovaning “Gulshamol” nomli kitobi ham borligini ko‘rdim. Zuhra dastxat yozib, to‘plamini qaysi uchrashuvda menga berganini eslolmadim. Ayni shu sababdan ko‘nglim anchagina xira bo‘ldi. Agar o‘sha paytda kitobni varaqlab, undagi ikki-uch she’rni ko‘z tashlaganimda edi, Zuhra bilan, albatta, tanishgan bo‘lardim.

“Gulshamol”ni varaqlab, Zuhra she’rlarining shakliy erkinligi, noan’anaviy mushohada bilan mazmundagi o‘ziga xosligini ilg‘adim. Qayerdadir mukammallik, qayerdadir she’riy san’atdagi tajribasizlik ham ko‘zga tashlandi. To‘plam yaxshi muharrir qo‘liga tushgandi edi, deb ham o‘yladim. Ammo, shunga qaramay, kitobni varaqlab bo‘lgandan keyin qattiq to‘lqinlandim. Chunki, adabiy hayot tobora sovib borayotgan, she’riyatni siyosatbozligu shiorxonlikka aylantirgan Toshkentdan olisda, Shahrisabzning bir maktabida muallimalik qilib yurgan ijodkorning izlanishlari ko‘nglimda so‘nib borayotgan umidim piligini ozgina ko‘targanday bo‘ldi. Tasavvurimda zulmat quchgan Shahrisabz dalalarining bir chekkasidagi xonadon derazasidan to‘kilib turgan shu’lani ko‘rdim. O‘sha shu’la yanada charog‘on bo‘lishini Yaratgandan so‘radim.

Xurshid DAVRON
O‘zbekiston xalq shoiri

Zuhra Ochilova
SHE’RLAR
04

Zuhra Ochilova Qashqadaryo viloyati Shahrisabz tumanida tug‘ilgan. She’rlari bir qator vaqtli matbuot nashrlarida e’lon qilingan. Shoiraning “Moviy ifor”, “Gulshamol”, “Taftli oshiyon” nomli she’riy to‘plamlari nashr etilgan.

04

TIRIKLIK

Ko‘k bilan xushnudlashganЗухра-Очилова-323x400.jpg
yashil to‘lqinlarga,
Qor ostida meni tush ko‘rgan ilk maysaga,
Seloblardan paydo bo‘lgan
g‘adir-g‘udur toshlarga,
Chamanistonda armonsiz
o‘ynoqlagan jajji kapalakka,
Bolalikning qog‘oz qayiqchasini yuzdirib
chuchuk shildiragan jilg‘aga,
Qalbi viqorli kamtar tog‘larga,
Mayinlik taratgan harir yellarga,
Zamin bag‘rin siylagan
munavvar oftobga,
Tiniq yomg‘irga osilib
dalli ko‘nglimning bayotin so‘yladim.
Ovozim mendan keyin ham
umr ko‘rar bo‘lib indi
sarhadlarga.

1998

BUGUN

Samarli-samarsiz bugunlarim
mendan o‘tmoqda
O‘tib borayapman men ham
samarli-samarsiz
bugunlarimdan…

2011

XAYOL

Ohorli saharning qo‘ynida yengil
uyg‘otsa yo‘ng‘ichqagulning sururi
Betoblik arisa horg‘in jismimdan
tomirimda oqsa quyoshning nuri.

Yo‘ng‘ichqagulning sarmastligida
borlig‘imga ko‘chsa tabiat sehri
Qadrlansam qaytadan bokira mag‘rur
ko‘zimda qalqisa hayotning mehri.

2011

QISH ISI

Osmonning asralgan
parqu chechaklariga
ilg‘anib- ilg‘anmay
urinib o‘tdi bo‘ron

To‘zg‘idi havoda
oq-oppoq chechaklar
Muhitlar oqlikka
zumda tuslandi…

Ruhim tuydi qish isini…

2008

YORUG‘LIK

Kiprigimni mayin paypaslab
qorachig‘imdan sekin kirib
ko‘nglimni yoritdi YORUG‘lik.

2006

ISHQ

Chechakman siz umidlangan
Anglamaysiz unib chiqqum
Yorib dilingiz qorini.

2011

ORZU

Varrak — ishq rozining maktubi
Yerga yetishin xohlab, uchirib
yubordi musaffo qavatlarga.

2006

TUSHKUN

Egasiz qolgan it kabi
yolg‘izlikning ostonasida
junjikib ezilar ko‘ngil.

2007

HOL

Yelkamga suyanib ovundi majnuntol
Ovundi barmog‘imga ko‘ngan kapalak
Ovutolmadim yuragim yomg‘irlarini.

2011

O‘KINCH

Jaranglab ketdi ma’yus
yurakning siniqlari
turtinib tiyramohga.

2009

ODDIY ERMAK

Ermakladim
qismat atalmish tushunchani
Bilib qoldim mensiz u
mavjud emasligini

Ermakladim
sezgilarimni cho‘g‘ini titib
O‘zimdan nimadir axtardim o‘zim
uyalchang ehtiroslarim nurlandi

Ermakladim
sodda xayolimni
Zerikkan umrim uchun
ajib dunyo yasab oldim

Ermakladim o‘zimcha ermakni…

2013

GULSHAMOL

Kelmog‘ing qayerdan?
Bormog‘ing qayerga?
Gulshamol

Guling iforiga belanar dunyo
Guling xayoliga oshufta dunyo
Kelmog‘ing qayerdan?
Bormog‘ing qayerga?
Dilshamol

Diling ibosiga ko‘chadi dunyo
Diling navosiga yo‘g‘rilar dunyo
Gulshamol
Dilshamol

Gulga oshiqqan dunyo
Dilga toshiqqan dunyo
Kelmog‘i gul dunyoni
Bormog‘i dil dunyoni
Gul bo‘lar dunyo
Dil bo‘lar dunyo.

2013

YOMG‘IRDA KO‘KARMOQ

Tebratadi shamol yomg‘ir ovozini
Ko‘karadi qaqragan pok nafaslar
Ko‘kartirar sahrolangan qalblarni
Ko‘karadi so‘ligan oq havaslar

Ochunga tirgak bo‘lguvchi najotli
So‘zlari ko‘karar yoriq lablarning
Ko‘karar qaqshagan yillar so‘ngagi

Zahmatdan qavargan umidlar ko‘karar
Ko‘karar tip-tiniq ishq yomg‘irdan
Ipak shoyisidan mayinlik esar

RANGINLIK

Ruhimda
Mavjlanar ranglar dengizi
Oqizib ketar ranglar to‘lqini
Sarxushlanaman ranglar izmida

Ruhimda
Gullayotgan ranglarning bo‘yi
Ranglar shamoyili tovlanar
Sarxushlanaman ranglar epkinida

Ruhimda
Sayroqi ranglarning xush nag‘masi
Ranglar chamanida o‘ynoqi ranglar
Sarxushlanaman ranglar xilida

Ruhimda
Oshiq ranglar ma’shuq ranglar raqsi
Botiniy qiyofada ranglar jilvasi
Sarxushlanaman ranglar ishqida

VAQT ARO

Vaqtning tuynugin yorib
O‘tadi umidning yog‘dusi
Asrlar yuragida ardoqlanar
Samoviy tuyg‘ular yozuvi
Vaqt parokanda yengilar ishqdan
Olam siynasida yolqinlanar
Ezgulik guli
O‘lmas tilak parchalanar vaqt

UXLAYOTGAN SHAMOL

Kirsam tushiga
Uxlayotgan shamolning
Uzoq uzoqlarga olib qochsa meni
O‘tib zamonlar chegarasidan eltsa
O‘sha gard tegmas shaffof kengliklariga
Ko‘ksiga boshimni qo‘ysamu jasur hur
Yuragining qo‘shiqlarini tinglasam
Unutsam bevafo kunlarning zardasin
Yashay olsam qani shaffof tuyg‘usida
Uxlayotgan shamolning kirib tushiga

2009

HUZURLANISH

Ko‘zlarimga joylashdi
Jilmayishni uddalaydigan
To‘siqsiz yozgi cheksizlik

Ko‘zlarimga joylashdi undagi
Parvozlanish toshqinlanish
Chamanlanish hosillanish

Ko‘zlarimga joylashdi
Qadrdon taftli oshyonim
Qondoshlarimning oydin chehrasi
Munis kechinmalar dunyosi

Ko‘zlarim yayraydi biram yayraydi

TOSHCHALAR

Ag‘anab yotgan toshchalar
Bir paytlar oqib o‘tgan daryoning
Mahzunlashib qolgan qoldig‘i

Shamol siypab qo‘yar sevgiga
Tashna sag‘irlarni

TOMCHIMAN

Yaratiqning mujgonidagi
Tomchisiman “men”liklar ichra.
Tomchiman, agar tomchilasam
Kurtaklanar novdalar qonib.

Ranglanar o‘t, giyoh, chechaklar
Yashillanar tomchimdan hayot.
Suvlarda inadi jo‘shqinlik,
Qiyofaga kirar xarsanglar.

Tovlanadi nurlar tomchimda,
Akslanadi sayroqlar ajib.
Tomchiman, kulib tomchilasam
G‘amginligin unutadi g‘am.

Paydolanar ko‘ngillarda ishq,
Kirtaygan mahzun qaroqlarda.

Fayzlanar tomchimdan olam…

QAYTALANISH

Tushkunlikning qahratonida,
Muzlab qolgan edi umidim.
Qaqshatgach adashgan ruhimni,
Hayotni xushlamay o‘kindim…

Nimadir ro‘y berdi daf’atan,
Istab qoldim yashashni qayta.
Tabassumni o‘rgandi dardim –
Seva olgum hayotni qayta.

Meni e’zoz aylar bir nigoh
O‘lmog‘imga qo‘ymasa kerak.
Tiklayapman o‘zimni qayta,
Gullab berar bahorga yurak.

CHIZGI

Savr tuni. Hatto oy sokin,
Yulduzlar chamani ko‘rsatar chiroy.
Yel tavob qiladi oyning ko‘ksini,
Anda topiladir dil uchun ham joy.

Oy siynasida tunaydi mamnun,
Teraklarning shovullagan nafasi.
Asotirlar qaytar oy yog‘dusida,
Chinqirib yuborar qayg‘u qafasi.

Namoyon etadi muvozanatni,
Oy shu’lasida soyalar shakli.
Mavjlanadi husni ziyrak hislarning,
Bunda mavhumotning yo‘q sira daxli.

Savr tunin ajib tiniqligi bor.

ISTAK

Sukunat tovushini,
Xarsanglar yig‘isini,
G‘orlarning kulgusini,
Yana shamol qalbini
Eshitgim keldi bugun.

Daraxtlarning taftini,
Zangor ko‘k ufurini,
Qushlarning safosini,
His qilgim keldi bugun.

Mehnatdan zavqlanishni,
Kamtarlikni tuproqdan,
Hayotdan mo‘minlikni,
Ezgulikni savobdan
Uqmoq istadim har kun.

Zuhra. Moviy ifor — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

006

(Tashriflar: umumiy 328, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ҳурматли Хуршид ака, Зуҳранинг шеърларини эълон қилганингиз учун раҳмат. Зуҳра Очилова — ўзига хос шоира. Ўқувчилик кезларимизда Шаҳрисабзда Неъмат Арслон ва Мақсуд Ҳамроевлар ташкил этган «Уторуд» тўгарагида у билан бир-икки кўришганмиз. Кейин учрашмадик. Лекин матбуотдаги озми-кўпми чиқишларини, тўпламларини кузатиб бораман. «Мовий ифор» ҳам, «Гулшамол» ҳам ихчамгина, лекин жуда гўзал, номига муносиб шеърий тўпламлар!

  2. Haqiqatdan ham, she’riyat osmonining «Zuhro yulduzi»!!!
    Zuhra Ochilova she’rlari takrorlanmas, o’ziga xos ruhga ega.
    She’rlarda qo’llanilgan o’xshatishlar, misralar yagona, albatta.

Izoh qoldiring