Zuhra Ochilova. Yangi she’rlar

002    Кутубхонамиз ихлосмандлари янги шеърларини интиқлик билан кутадиган шоирлардан бири шаҳрисабзлик иқтидорли, тажриба ва изланишлар йўлидан бораётган Зуҳра Очиловадир.

Зуҳра Очилова
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
002

002Зуҳра Очилова 1975-йил 30ноябрда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. Қори-Ниёзий номли 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида сабоқ олгандан кейин Ҳамза номидаги Шаҳрисабз Педагогика билим юртининг мактабгача таълим мутахассислиги бўйича сиртдан ўқиган. Қарши Давлат Университетининг ўзбек филологияси факулътетеда сиртдан таҳсил олган. Кўп йиллардан буён таълим соҳасида фаолият юритиб келмоқда.
Туман, вилоят, республика матбуотларида назмий, насрий, публицистик чиқишлар қилган. Илмий-услубий ва илмий-адабий мақолалари республика ва хориж илмий-амалий анжуман нашрларида чоп этилган.Шоиранинг “Мовий ифор”, “Гулшамол”, “Тафтли ошён” номли шеърий тўпламлари нашр қилинган.

***

Янги йил!
Нималар туҳфа этасан
Ишонсам бўладими мўъжизанга?…

***

Дароз терак учида туриб
Ой чизмиш қиш соясини
Сийратини кўрсатар очиқлик

***

Ҳазиллашиб
Чимчиб қўйди совуқ
Қизариб қолди ёноғим
Гуриллади ботинимда тушуниксизлик…

 

***

Музлаб қолган шамол овози
Музлаб қолган осилиб булутлар
Музлаб қолган илдизлар
Музлаб қолган бурчакларда шакллар
Музлаб қолган хабарсиз ёзуғлар
Музлаб қолган изғиринда ғамгинлик
Музлаб қолган яна нимадир…

 

***

Ҳут кечаси. Хира ой. Аразлаганми?..
Март соғинчдан қарзланганми ?..
Дийдори қалдирғоч қароғидами?..
Офтоби бойчечак яноғидами?..
Гумоннинг тумани қочгайдир,
Саодат эшигинг очгайдир!..
Мен сени, сен мени тилайсан,
Сен менга, мен сенга келгайман!..

 

***

Жаннат эпкини
ҳаволанар моҳ айвонида
Ситоралар жилвасин мақтар
само ялангликлари
Негадир ишора
шамснинг алвон манзили
Йиғлоқи ёмғир дастидан
кўпчиб ётибди момиқ булутлар
Ҳув анов ерда
болалик яшайдиган
камалак кушки
(яқин айлар олислигин
расида хотиралар)
Бундай ҳайратни тушунмас
орзулари қариб қолганлар
Моҳ айвонида
жаннат манзараси

 

***

Қушлар томоғида
новдаларнинг нафаси хиргойи бўлмиш
Тароватланган чўққиларнинг
яширин кўзидан
туғилган шалола уйноқлик юқтирар
Тошларнинг ҳансироқ юрагин
эшитилар мозийруҳ саси
Замин томирлари кўкариб
гиёҳ забонида сўзланар марғуб
Насим тебратиб элайди
чечак лабидан шабнам тотинган
капалак қанотини
ифор тебранар коинотларга
Офтоб белгилари
ғимирлар тирикликнинг
зумрад рангида
Қайталанар
ошуфта лаҳзалар

 

Зикр

Яшилҳо севгини руҳига кийиб
Кўзинга сиёҳин ичиради ДАРД
Сўзлари жунуний оятга ийиб
Зикрга тушади ботинда ДИЛПАТ
Ё ИШҚ ДЎСТ,
Ё ИШҚ ҲАҚ,
Ҳо ИШҚО… ҳо…

Яшилҳо севгини руҳига кийиб
Маним Шаҳрисабз,
Маним Кеш оти,
Яшил ТУПРОҚман, яшил ГИЁҲман,
Сўровинг жавоби Маним ИШҚ зоти
Ё ИШҚ ДЎСТ,
Ё ИШҚ ҲАҚ,
Ҳо ИШҚО… ҳо…

Яшилҳо севгидан ЗУҲРО бўлди ИШҚ
Яшил Зикрдан мастона жони
Зикри сезим, ҳиси зикр, ё ИШҚ ҳо… ё…
Илдизи ўлмайди ям-яшил қонин…
Ё ИШҚ ДЎСТ,
Ё ИШҚ ҲАҚ,
Ҳо ИШҚО… ё…ҳо…

 

Булут

Ногаҳон хархаша қилган булутга,
Шапалоқ туширди аямай осмон.
Чеҳраси қорайиб хумрайгача у,
Бошлади ўзича аламли нолон.
Юлқинганича осмоннинг измидан,
Селобли одатин бошлади ўжар.
Довдираб қолди адир, яйлов, дала,
Упирилиб тошди сойлик, кекса жар.
Ерни чандиқ қилди отиб дўлини,
Ғорга етолмади лойланиб сўқмоқ.
Тазирин бергали шимариб енгни,
Савалади булутни сариқвой тўқмоқ.

 

***

Ҳаёт –
Драматург
Ҳаёт –
сценарист
Ҳаёт –
режиссёр
Унинг спектаклини
Муқаддимаси туғилиш
Хотимаси ўлим
Ҳаёт саҳнасида
Икки моҳиятниг масофасида
кимнинг гарданига тушган драманинг “мило” “моно” си
яна кимгадир “комик”
ёхуд “трагек” ёзғувлар
қойилмақом бажарар ролини қанча тақдирлар
бунда фақат
дублёр ва суфлёрга хизмат бўлмайди
Ҳаммаси табиий ҲАЁТ саҳнасида…
Актёрга қўйилган шарт,
ЯШАШни удалаш холос!..

 

***

Қамоқдаги маҳбус сингари
Танҳоликка қуйгансан ўзни кишанлаб
Қулфингни буз
Синдир тобеликни
Ошкор айла
Неча юз минг ҳикмат яширин
Бўлган қалбингни
Севолгин
Севдиргин ёғдунгни жаҳонга
Очиб ташла деразасини
Қупориб от танҳолик панжарасин
Улоқтир чиркин пардасини
Тушкун танҳоликдан ўзингни қутқар
Майли кирсин
Санғувчи ел
Аразчи ёмғир
Ҳатто мунгли чанг
Сенда топсин ўзлигини
Кезингувчи хуршид
Гўзал билсин
Ҳомиладан юзи доғ бўлиб
Тўлишадиган ҳилол
Совға қил севгингни
Дала гулларига
Сенлигингни назимласин мангуга
Дарахтлар кирсин суҳбатинг соғиниб
Яна бехавотир ин қурсин қушлар
Севгинг туфайли узоқ умр кўрсин
Шўрлик капалак
Майли келсин сўроқлаб
Нотаниш ўзга сайёралик
Тутқазсин қалбингга
Шифо бергувчи қирмиз олмасини
Тамоман янгиланар шу дам борлиғинг
Инон, тушкунликдан кечсанг бас,
Тарк этсанг бас, танҳолик кулбасини
Ёп-ёруғ муҳаббатга ғарқ эт ўзингни!…

 

***

Сочида мизғийди адир хўрсиниғи
Сочида гулоблар туғади жала
Сочида адашар кўнгил изҳори
Сочида ўзини кўмар ел сағир
Сочида илиниб қолади ҳилол
Сочида азонин айтиб турар ишқ
Сочида фалак кипригин тавоби…

 

***

Ёмғирим бўл,
Кўзимни йиғлат,
Зора ташналиги қонса қўмсашни !..

 

***

Жавзо. Йўл.
Харсилаш тиқилар кун ўпкасига
Ёпинчиқ бўлмиш осмонни ямоғи
Ўйчанҳол наъматакни бўтасига

Жавзо. Йўл.
Вақт бекинганми туя тўрвасига
Сарбон фузун йўлни босиб ўтади
Етгали салқин оқшом ҳужрасига

Жавзо. Йўл.
Йўл сергакли, мудратмайин кўзини
Йўл барибир етказгай муродинга
Йўл албатта сизга етказар ўзимни…

 

Ёзли ҳис

Ёзнинг елкасида доира қуёш
Шўхнозли нағмалар этар сандувоч
Майсалар кафтига дўмалаган ёш
Семириб мевадан илжаяр оғоч

Ёзнинг елкасида мингашган абр
Севалаб қитиқлар тупроқ ҳидини
Ишқнинг дунёсига кўчади қадр
Гулчимилдиқда топади дилини…

Ёзнинг елкасига бошини қўйиб
Буюк Кеш ҳуснидан хуморли осмон…

 

***

“Суф”ласа масиҳи аёзгир
Ўлимлиғда андоқ гил жони
“Суф”ласа масиҳи кўкламгир
Андоқ гилга ҳам битгайдир жон
“Суф”ласа масиҳи ёзонгир
Шавқланади андоқ гил жони
“Суф”ласа масиҳи хазонгир
Андоқ гил – жон тўкилар бежон…
Суфланар масиҳий давронлар…

 

Нариги чизмалар

Даҳр — кўргазмахонаси
вақт бурчагида
ўлиб ётган тилла қўнғизни
оёғидан судраганича
емирар қумирсқалар
якунияти

вақт муюлишида
ўғри мушук жасадини
якуният чиқиндиюкловига
улоқтиради
қиёфасида ачиниш белгиси
бўлмаган фаррош

вақт ҳавосини айнитиб
заволга етар
кўзга кўринмас
чамаси ноаниқ қанча мавжудлик
(аймоғи борми балки ёлғиз улар… )
йўқолар номсиз
якуният майитгоҳида

нариги чизмаларларда
даҳр кўргазмасининг
якунияти…

фақат
чегараланмаган
бузруг кўнгиллар
тирикликлиги…

улар нариги чизмаларга
эмас даҳлдор…

 

***

Рангларни сўзлатиб рангланар сўзлар
Сўзларни ранглатиб сўзланар ранглар…

 

Тушунилиш

Соат билан иши йўқдай туюлар
Деразадан кейинги очунлар
Ўз майлича ихтиёр этган бари

Майсалар тирноғида
офтобни товлантирган
оҳорли парвоз

Сўфий либосидаги
йўл ўзини топиши учун яёв
ўрганашига тушган

Исён гуллаган томирларида
замининг имлосини
фасллар ўзига мослаб
саводин чиқарган

яшилликни дастига
фалак қўниб олганча
кузатади итоатсиз ҳисларни

Қайғудан масиққан номи
танламаган ҳаракат
айтгиси келар ёмғирча ашула
Жаранглаб уйинга тушади
камалак овозларни
соғинган сукунат

Ҳавонинг момоқаймоқдан пиширган
пахта ҳалвосин сочиб юборди
қоқилиб шамол
сўкиниб жонланди ичикишдан
қақшаган санглар

Балиқларни телба тушини
тескари оқизган дарёга
шунғиб соғаяди уфқ юраги

Ҳайқириқлар кўксида
адашаган кенгликлар
сафоланиб ётибди

Афиф ишқга
қоришади тушунарли
тушуниксиз пинҳонлик
ҳуркак туёқлар ботар
соғинчдан чайқалиб ётган
тўлиққан қароқларга

Дераза ортидаги очунлар
соат билан иши йўқ… (гуё)…

 

Яна тун

Зулмат баргида қўноғлар кундуз
Гулханнинг эснар алвон сояси
Ўрмон йўлида ёввойи излар
Хаёл пинжида бургут қояси
Самода бедор етти қароқчи,
Ўтлар бўйига чалкашган шамол.
Саратон бағрин ўртайди чунон,
Сув ойнагида кўринган жамол.
Қорни шишган танбал булутлар,
Тоғ ортига имиллаб бекинар.
Ошиқ этар ишқига гўзал тун,
Тонг уйқудан турмоққа эринар.

 

Мутолаа

Ўқийман офтобни кафтини
Саҳарни аксини ўқийман
Ўқийман тошларни нақшини
Дарахтлар қисматин ўқийман
Ўқийман чаманлар дийдасин
Шамолни изини ўқийман
Ўқийман сукунат мисрасин
Сувларни шаштини ўқийман
Ўқийман яйловни товушин
Қушларни қанотин ўқийман
Ўқийман манзилни ковушин
Номозшом ғамини ўқийман
Ўқийман замонлар асрини
Ҳасратни кўзини ўқийман
Ўқийман буёқлар расмини
Сўзларни кўксини ўқийман…

008Kutubxonamiz ixlosmandlari yangi she’rlarini intiqlik bilan kutadigan shoirlardan biri shahrisabzlik iqtidorli, tajriba va izlanishlar yo‘lidan borayotgan Zuhra Ochilovadir.

Zuhra Ochilova
YANGI SHE’RLAR
002

007Zuhra Ochilova 1975-yil 30noyabrda Qashqadaryo viloyati Shahrisabz shahrida tug‘ilgan. Qori-Niyoziy nomli 7-sonli umumiy o‘rta ta’lim maktabida saboq olgandan keyin Hamza nomidagi Shahrisabz Pedagogika bilim yurtining maktabgacha ta’lim mutaxassisligi bo‘yicha sirtdan o‘qigan. Qarshi Davlat Universitetining o‘zbek filologiyasi fakul’teteda sirtdan tahsil olgan. Ko‘p yillardan buyon ta’lim sohasida faoliyat yuritib kelmoqda.
Tuman, viloyat, respublika matbuotlarida nazmiy, nasriy, publitsistik chiqishlar qilgan. Ilmiy-uslubiy va ilmiy-adabiy maqolalari respublika va xorij ilmiy-amaliy anjuman nashrlarida chop etilgan.Shoiraning “Moviy ifor”, “Gulshamol”, “Taftli oshyon” nomli she’riy to‘plamlari nashr qilingan.

***

Yangi yil!
Nimalar tuhfa etasan
Ishonsam bo‘ladimi mo‘jizanga?…

***

Daroz terak uchida turib
Oy chizmish qish soyasini
Siyratini ko‘rsatar ochiqlik

***

Hazillashib
Chimchib qo‘ydi sovuq
Qizarib qoldi yonog‘im
Gurilladi botinimda tushuniksizlik…

***

Muzlab qolgan shamol ovozi
Muzlab qolgan osilib bulutlar
Muzlab qolgan ildizlar
Muzlab qolgan burchaklarda shakllar
Muzlab qolgan xabarsiz yozug‘lar
Muzlab qolgan izg‘irinda g‘amginlik
Muzlab qolgan yana nimadir…

***

Hut kechasi. Xira oy. Arazlaganmi?..
Mart sog‘inchdan qarzlanganmi ?..
Diydori qaldirg‘och qarog‘idami?..
Oftobi boychechak yanog‘idami?..
Gumonning tumani qochgaydir,
Saodat eshiging ochgaydir!..
Men seni, sen meni tilaysan,
Sen menga, men senga kelgayman!..

***

Jannat epkini
havolanar moh ayvonida
Sitoralar jilvasin maqtar
samo yalangliklari
Negadir ishora
shamsning alvon manzili
Yig‘loqi yomg‘ir dastidan
ko‘pchib yotibdi momiq bulutlar
Huv anov yerda
bolalik yashaydigan
kamalak kushki
(yaqin aylar olisligin
rasida xotiralar)
Bunday hayratni tushunmas
orzulari qarib qolganlar
Moh ayvonida
jannat manzarasi

***

Qushlar tomog‘ida
novdalarning nafasi xirgoyi bo‘lmish
Tarovatlangan cho‘qqilarning
yashirin ko‘zidan
tug‘ilgan shalola uynoqlik yuqtirar
Toshlarning hansiroq yuragin
eshitilar moziyruh sasi
Zamin tomirlari ko‘karib
giyoh zabonida so‘zlanar marg‘ub
Nasim tebratib elaydi
chechak labidan shabnam totingan
kapalak qanotini
ifor tebranar koinotlarga
Oftob belgilari
g‘imirlar tiriklikning
zumrad rangida
Qaytalanar
oshufta lahzalar

Zikr

Yashilho sevgini ruhiga kiyib
Ko‘zinga siyohin ichiradi DARD
So‘zlari jununiy oyatga iyib
Zikrga tushadi botinda DILPAT
Yo ISHQ DO‘ST,
Yo ISHQ HAQ,
Ho ISHQO… ho…

Yashilho sevgini ruhiga kiyib
Manim Shahrisabz,
Manim Kesh oti,
Yashil TUPROQman, yashil GIYOHman,
So‘roving javobi Manim ISHQ zoti
Yo ISHQ DO‘ST,
Yo ISHQ HAQ,
Ho ISHQO… ho…

Yashilho sevgidan ZUHRO bo‘ldi ISHQ
Yashil Zikrdan mastona joni
Zikri sezim, hisi zikr, yo ISHQ ho… yo…
Ildizi o‘lmaydi yam-yashil qonin…
Yo ISHQ DO‘ST,
Yo ISHQ HAQ,
Ho ISHQO… yo…ho…

Bulut

Nogahon xarxasha qilgan bulutga,
Shapaloq tushirdi ayamay osmon.
Chehrasi qorayib xumraygacha u,
Boshladi o‘zicha alamli nolon.
Yulqinganicha osmonning izmidan,
Selobli odatin boshladi o‘jar.
Dovdirab qoldi adir, yaylov, dala,
Upirilib toshdi soylik, keksa jar.
Yerni chandiq qildi otib do‘lini,
G‘orga yetolmadi loylanib so‘qmoq.
Tazirin bergali shimarib yengni,
Savaladi bulutni sariqvoy to‘qmoq.

***

Hayot –
Dramaturg
Hayot –
ssenarist
Hayot –
rejissyor
Uning spektaklini
Muqaddimasi tug‘ilish
Xotimasi o‘lim
Hayot sahnasida
Ikki mohiyatnig masofasida
kimning gardaniga tushgan dramaning “milo” “mono” si
yana kimgadir “komik”
yoxud “tragek” yozg‘uvlar
qoyilmaqom bajarar rolini qancha taqdirlar
bunda faqat
dublyor va suflyorga xizmat bo‘lmaydi
Hammasi tabiiy HAYOT sahnasida…
Aktyorga qo‘yilgan shart,
YASHAShni udalash xolos!..

***

Qamoqdagi mahbus singari
Tanholikka quygansan o‘zni kishanlab
Qulfingni buz
Sindir tobelikni
Oshkor ayla
Necha yuz ming hikmat yashirin
Bo‘lgan qalbingni
Sevolgin
Sevdirgin yog‘dungni jahonga
Ochib tashla derazasini
Quporib ot tanholik panjarasin
Uloqtir chirkin pardasini
Tushkun tanholikdan o‘zingni qutqar
Mayli kirsin
Sang‘uvchi yel
Arazchi yomg‘ir
Hatto mungli chang
Senda topsin o‘zligini
Kezinguvchi xurshid
Go‘zal bilsin
Homiladan yuzi dog‘ bo‘lib
To‘lishadigan hilol
Sovg‘a qil sevgingni
Dala gullariga
Senligingni nazimlasin manguga
Daraxtlar kirsin suhbating sog‘inib
Yana bexavotir in qursin qushlar
Sevging tufayli uzoq umr ko‘rsin
Sho‘rlik kapalak
Mayli kelsin so‘roqlab
Notanish o‘zga sayyoralik
Tutqazsin qalbingga
Shifo berguvchi qirmiz olmasini
Tamoman yangilanar shu dam borlig‘ing
Inon, tushkunlikdan kechsang bas,
Tark etsang bas, tanholik kulbasini
Yop-yorug‘ muhabbatga g‘arq et o‘zingni!…

***

Sochida mizg‘iydi adir xo‘rsinig‘i
Sochida guloblar tug‘adi jala
Sochida adashar ko‘ngil izhori
Sochida o‘zini ko‘mar yel sag‘ir
Sochida ilinib qoladi hilol
Sochida azonin aytib turar ishq
Sochida falak kiprigin tavobi…

***

Yomg‘irim bo‘l,
Ko‘zimni yig‘lat,
Zora tashnaligi qonsa qo‘msashni !..

***

Javzo. Yo‘l.
Xarsilash tiqilar kun o‘pkasiga
Yopinchiq bo‘lmish osmonni yamog‘i
O‘ychanhol na’matakni bo‘tasiga

Javzo. Yo‘l.
Vaqt bekinganmi tuya to‘rvasiga
Sarbon fuzun yo‘lni bosib o‘tadi
Yetgali salqin oqshom hujrasiga

Javzo. Yo‘l.
Yo‘l sergakli, mudratmayin ko‘zini
Yo‘l baribir yetkazgay murodinga
Yo‘l albatta sizga yetkazar o‘zimni…

Yozli his

Yozning yelkasida doira quyosh
Sho‘xnozli nag‘malar etar sanduvoch
Maysalar kaftiga do‘malagan yosh
Semirib mevadan iljayar og‘och

Yozning yelkasida mingashgan abr
Sevalab qitiqlar tuproq hidini
Ishqning dunyosiga ko‘chadi qadr
Gulchimildiqda topadi dilini…

Yozning yelkasiga boshini qo‘yib
Buyuk Kesh husnidan xumorli osmon…

***

“Suf”lasa masihi ayozgir
O‘limlig‘da andoq gil joni
“Suf”lasa masihi ko‘klamgir
Andoq gilga ham bitgaydir jon
“Suf”lasa masihi yozongir
Shavqlanadi andoq gil joni
“Suf”lasa masihi xazongir
Andoq gil – jon to‘kilar bejon…
Suflanar masihiy davronlar…

Narigi chizmalar

Dahr — ko‘rgazmaxonasi
vaqt burchagida
o‘lib yotgan tilla qo‘ng‘izni
oyog‘idan sudraganicha
yemirar qumirsqalar
yakuniyati

vaqt muyulishida
o‘g‘ri mushuk jasadini
yakuniyat chiqindiyukloviga
uloqtiradi
qiyofasida achinish belgisi
bo‘lmagan farrosh

vaqt havosini aynitib
zavolga yetar
ko‘zga ko‘rinmas
chamasi noaniq qancha mavjudlik
(aymog‘i bormi balki yolg‘iz ular… )
yo‘qolar nomsiz
yakuniyat mayitgohida

narigi chizmalarlarda
dahr ko‘rgazmasining
yakuniyati…

faqat
chegaralanmagan
buzrug ko‘ngillar
tiriklikligi…

ular narigi chizmalarga
emas dahldor…

***

Ranglarni so‘zlatib ranglanar so‘zlar
So‘zlarni ranglatib so‘zlanar ranglar…

Tushunilish

Soat bilan ishi yo‘qday tuyular
Derazadan keyingi ochunlar
O‘z maylicha ixtiyor etgan bari

Maysalar tirnog‘ida
oftobni tovlantirgan
ohorli parvoz

So‘fiy libosidagi
yo‘l o‘zini topishi uchun yayov
o‘rganashiga tushgan

Isyon gullagan tomirlarida
zamining imlosini
fasllar o‘ziga moslab
savodin chiqargan

yashillikni dastiga
falak qo‘nib olgancha
kuzatadi itoatsiz hislarni

Qayg‘udan masiqqan nomi
tanlamagan harakat
aytgisi kelar yomg‘ircha ashula
Jaranglab uyinga tushadi
kamalak ovozlarni
sog‘ingan sukunat

Havoning momoqaymoqdan pishirgan
paxta halvosin sochib yubordi
qoqilib shamol
so‘kinib jonlandi ichikishdan
qaqshagan sanglar

Baliqlarni telba tushini
teskari oqizgan daryoga
shung‘ib sog‘ayadi ufq yuragi

Hayqiriqlar ko‘ksida
adashagan kengliklar
safolanib yotibdi

Afif ishqga
qorishadi tushunarli
tushuniksiz pinhonlik
hurkak tuyoqlar botar
sog‘inchdan chayqalib yotgan
to‘liqqan qaroqlarga

Deraza ortidagi ochunlar
soat bilan ishi yo‘q… (guyo)…

Yana tun

Zulmat bargida qo‘nog‘lar kunduz
Gulxanning esnar alvon soyasi
O‘rmon yo‘lida yovvoyi izlar
Xayol pinjida burgut qoyasi
Samoda bedor yetti qaroqchi,
O‘tlar bo‘yiga chalkashgan shamol.
Saraton bag‘rin o‘rtaydi chunon,
Suv oynagida ko‘ringan jamol.
Qorni shishgan tanbal bulutlar,
Tog‘ ortiga imillab bekinar.
Oshiq etar ishqiga go‘zal tun,
Tong uyqudan turmoqqa erinar.

Mutolaa

O‘qiyman oftobni kaftini
Saharni aksini o‘qiyman
O‘qiyman toshlarni naqshini
Daraxtlar qismatin o‘qiyman
O‘qiyman chamanlar diydasin
Shamolni izini o‘qiyman
O‘qiyman sukunat misrasin
Suvlarni shashtini o‘qiyman
O‘qiyman yaylovni tovushin
Qushlarni qanotin o‘qiyman
O‘qiyman manzilni kovushin
Nomozshom g‘amini o‘qiyman
O‘qiyman zamonlar asrini
Hasratni ko‘zini o‘qiyman
O‘qiyman buyoqlar rasmini
So‘zlarni ko‘ksini o‘qiyman…

009

(Tashriflar: umumiy 188, bugungi 1)

Izoh qoldiring