Zuhriddin Isomiddinov. Ikki ayol.

566
Қалбида романтик туйғулар тўлиб-тошган, ақл-заковатда, юриш-туришда, сўзлаш ва муомалада ҳеч кимдан кам бўлмаган, миллий туйғулари ўта кучли аёллар куй-қўшиққа, рақс ва умуман санъатга берилган бўлишади. Афсуски, нисбатан олисроқ ўтмишимизда қўшиққа, куйга ишқивоз одамлар камситилган, хўрланган. Айниқса, бирон қиз ашула айтиб номи чиқса, жоҳил одамлар уларни бузуқ санаб, ҳазар қилиш даражасида яккалаб қўйишган. Кийикнинг айби кўзида деганларидай, гўзаллик, латофат ва романтик фазилатлари уларнинг бошига бахтсизлик келтирган. Ашула айтгани учуноқ сўйилганлар эса битта Турсуной ва битта Нурхон эмас эдилар. Шунинг учун ҳам ўзбек аёлларининг қўшиқлари асосан алла, турмуш қийинчиликларидан нолиш, соғиниш, йиғи-йўқлов, хуллас, асосан “ичкари” руҳида кўпроқ шаклланган. Шунданмикин, ўзбек халқ лирикасининг энг салмоқли, энг таъсирчан қисмини аёллар ижоди ташкил этади. Уларнинг поэтик кучи ва руҳи эса бениҳоя зўр. Дунёда шу қадар теран ҳиссиётлар ҳам бўлганига тонг қоласан киши. Бундай туйғулар бизнинг аёлларга, бизнинг оналарга хос эди…

9у

Зуҳриддин Исомиддинов
ИККИ АЁЛ

Талабалик пайтимиз “Гулистон” журналида Алишер Ибодиновнинг “Гулисафсар ҳиди” деган ҳикояси босилган эди. Воқеалар Муроджон деган йигит тилидан ҳикоя қилинади. У ўқишга кириш учун Тошкентга келиб, отасининг шу ердаги бир қадрдони уйида яшаб туради. Молиячи бўлиш ниятидаги мулойим бу йигит уй эгаларига ҳам маъқул тушади, ёлғиз қизлари Робияни бериб, уни ўзларига ичкуёв қилиб олиб қоладиган бўладилар. Чунки шу қиздан бўлак меросхўр йўқ, мўмин-қобилгина бир куёв бўлсаю тинч, рўзғор бут яшасалар, анҳор бўйида шинамгина уй-жой, боқувга қўйилган бир неча новвос, катакда товуқлар бор – бошқа яна нима керак? Бўлғуси келин Робия – мактабни яқинда битирган лўппигина қиз, ательеда ишлайди. Ишига мутлақо қизиқмайди, йигит кечки пайт унга “Яхши ишлаб келдингизми?” деса, “Ҳа, иш ҳам ўлсин, кунни кеч қилиб олдик-да”, деб жавоб беради…

Ёз пайти эмасми, тўй кўп, ён қўшниникида тўй ўтказилади. Хизматда юрганлар иш юзасидан Муроджон яшаб турган хонадонга ҳам кириб-чиқиб туришади. Йигит улардан бири – Хосият билан танишиб, суҳбатлашади, уни севиб қолади. Чунки у ички дунёси бой, қалби ҳиссиётга тўлиқ, гўзал қиз. Севсанг севгулик, инсонга бир олам бахт ҳадя эта олгулик. Аммо…
– Муроджон, – деди у ниҳоят паст овозда, – бу вақтинчалик ҳолат, ўтиб кетади.
– Йўқ! Йўқ! Бу…
– Шовқинламанг. Ўтиб кетади. Чунки мен сизнинг кимлигингизни биламан. Энди сиз ҳам менинг кимлигимни билиб олинг. Отам қурилишда ишлар эди. Юқори қаватларда ишловчи пайвандчи эди. Фалокат босиб йигирма метр баландликдан йиқилиб тушган. Бахтимизга омон қолди. Лекин оёқ-қўли ишламайди. Бир жойда ётади. Мен оилада тўнғичман. Отамнинг касбини эгалладим. Қурилишда пайвандчи бўлиб ишлаяпман. Бир йил аввал онам вафот этди. Кичик укаларим бор. Мен ҳозир ҳеч кимга, – у таъкидлади, – ташвишларимни ортмоқламоқчи эмасман. Шунинг учун орамизда нима ўтган бўлса, ҳаммасини унутинг. Ҳаммаси ўтиб кетади. Ўзингизни бекорга қийнаманг. Ҳозир уйга кириб, бошингиздан совуқ сув қуйинг-да, яхшилаб ухланг!

Мен ҳанг-манг бўлиб қолдим. Пайвандчи қиз… Ожиз ётган ота… Йўқ, менинг отам ҳеч қачон бундай қизга уйланишимга рухсат бермаган бўларди! Агар борди-ю… Йўқ, бундай курашга мен…
Ота-онам, Комил амакилар менинг фақат яхши ҳаёт кечиришимни тилайдилар. Улар менга Робияни, мана шу бадбўй анҳор бўйидаги молхона, товуқхонали ҳовлини бермоқчилар. Мени олдинда тинч, фаровон турмуш кутмоқда.

Бошимни кўтарганимда Хосият кетиб қолган эди. Мен унинг орқасидан югурмадим. Бошим эгилган, паришон бир аҳволда хонамга қайтиб кирдим. Унда ҳамон гулисафсарнинг ҳиди анқиб турар эди. Миямда Хосиятхоннинг сўзлари жаранглайди: “Мен сизнинг кимлигингизни биламан! Мен сизнинг кимлигингизни биламан!”
Айвонга чиқдим. Стол устида меҳмонлардан қолган оғзи очиқ коньяк шишаси турарди. Қадаҳга лиммо-лим тўлдириб, ичиб юбордим. Орқасидан аччиқ бир кулдим. Мен энди ўзимнинг кимлигимни билардим!
Яна бир қадаҳ тўлдириб ичдим. Яна қуйдим. Шу пайт хонага Робия кириб келди. У қўлимдаги қадаҳни кўрдию кўзлари олайиб, тўхтаб қолди. Мен кулдим.
– Робия, жоним!.. – Қўлимдаги коньяк тўла қадаҳ чайқалиб, гиламга тўкилди. – Биласанми, сен… сен менинг хотиним бўласан!..
Ўпкам тўлиб, бор бўйича ўзимни гиламга ташладим” (“Гулистон”, 1975, 2-сон).

Шу ҳикояга қадар адабий қаҳрамонлар шундай, ёки шунга яқин ҳолатга дуч келса, бу йигит қилган ишнинг тескарисини қилар, яъни “дил амри билан” камбағал, меҳнаткаш ва дилбар қизга уйланар, мешчанлик ҳаёти эса анграйганича икки бахтиёр ёшнинг ортидан қараб қолаверарди.

Мен бу ҳикояни нега эсладим? Нима демоқчиман?

* * *

Аёл бўлмаса, адабиёт бўлмасди. Адабиёт аввало аёлга атаб, аёл учун, унинг кўнглини олиш, дилидагини билиш, аёл деган хилқат не ўзи – шуни англаш учун яралган. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, қушнинг ҳам эркаги сайрайди. Сўз санъати аввалбоши эр кишининг ижодидир, демак, эркакни қизиқтирган бош масала адабиётнинг асосий муаммоси бўлади. Эркакни эса, табиийки, энг аввало аёл қизиқтиради. Шу боис, адабиётнинг асосий қаҳрамони, бош мавзуи – аёлдир.

Тўғри, сўз санъатида ота-онага муҳаббат, табиат гўзаллиги, ҳалоллик, болаларни севиш, ёвларга нафрат… каби ўнлаб мавзулар бор, буларнинг ҳар бири минг йиллардан бери юзлаб халқларнинг сўз санъатида чуқур, ҳар тарафлама ишланган. Аммо барибир, уларнинг ҳеч бири аёл тасвиричалик мавқе касб этмайди. Шу маънода, инсоншунослик бўлмиш адабиётни биринчи навбатда аёлшунослик, яъни аёлни ўрганиш, инкишоф этиш илми деб таърифласа ҳам бўлади. Кузатсак, энг қадимги асарлар ҳам аёлга бағишланган, улар конфликтини аёл ва унга алоқадор нарсалар тузади. Ҳатто, айтиш мумкинки, адабиёт тараққиёти аёл мавзуининг бадиий тадқиқи, унинг теранлаша бориши билан чамбарчас боғлиқ.

Аммо сўз санъатининг “болалик” чоғларида яратилган кўп асарларда, улар қайси халққа мансуб бўлмасин, инсоннинг кўнгил оламини, шу жумладан, аёл руҳиятини очишга эътибор камроқ бўлганини кўрамиз (бунда биз инсонни ҳаракатда кўрсатадиган ва унинг тўлақонли образи яратиладиган эпик асарларни кўзда тутяпмиз). Сўз санъатида инсон қалби теранликларини акс эттиришнинг маншаъларини қидириб, сўнгроқ Европада ўрта асрларда романтизм, сўнгроқ классицизм, маърифатчилик каби турли оқимлар руҳида яратилган асарларни кузатганда ҳам шу фикр тасдиғини – руҳиятни тадқиқ этиш баайни босқичма-босқич равишда теранлашиб, аёл кишининг руҳий оламини инкишоф этиш тобора кучайиб борганини кўрамиз. Қизиғи, унга интилган инсон – эркакнинг бадиий тадқиқи ҳам иккинчи планга ўта боради.

Илгариги кўп асарларда аёл киши шахс сифатида, яъни ўз ички оламига эга бўлган одам сифатида теран очилган эмас. Ҳатто ўз даврида аёл образининг хийла мукаммал бир намунаси бўлган Офелияни олиб қарасак (Шекспир “Ҳамлет”и), у ҳам, гарчи севган ва севилган бўлса-да, замона, ўзи мансуб бўлган муҳит анъаналари исканжасида бўғилган покиза бир қиз, кўнгил сирларни томошабинлар олдида, ҳиссиёт тўла монологлар билан теран ифодаласа-да, ҳали мустақил ш а х с эмас (мустақил шахс образи деганда шоҳ бўлиб ўтган, ёки ҳаммани ўзига бўйсундирган аёллар тасвири эмас, балки аёллар образини яратишдаги психологик таҳлил теранлиги, аёлнинг шахс сифатидаги ўзига хосликларини очиш кўзда тутилади).

Реализм оқими юзага келгачгина, адабиётда инсон ички оламини тадқиқ этиш, қаҳрамоннинг “ташқи” фаолиятини “ички”, психологик жиҳатдан асослаш беқиёс даражада теранлашиб кетди ва бу реализмнинг бош хусусиятига айланди. Бинобарин, ҳар бир адабий образнинг алоҳида индивид, ўйловчи бир инсон сифатида кўрсатилиши ана шу даврга тўғри келади. Унга қадар яратилган образлар (масалан, Шарқ адабиётидаги Мажнун, Фарҳод, Лайли, Ширин… ёки Ғарб сўз санъатидаги олижаноб рицарлар …) адабий қаҳрамон сифатида ҳар қанча шуҳрат топмасин, улар ўқувчи кўз ўнгида жонли, ўз ички оламига, фақат ўзига хос феъл-атворга эга инсон сифатида гавдаланмайди, бинобарин, ўз даврининг китобхони айни образни эмас, у ифодалаётган эстетик маъно ва ғояни баҳолаши ёинки тасаввур кучи орқали муайян образни ўз-ўзича гавдалантириши мумкин эди.

Ҳар бир яхши бадиий асар унда тасвирланган ҳаёт устидан, ҳар бир тўлақонли образ – ўз объекти устидан чиқарилган ҳукмдир, аммо реалистик асарнинг бошқаларидан фарқи шуки, у ҳукм ўрнига китобхонга тирик инсоннинг ўзини тақдим этади. Бу инсон билан танишиш, унга баҳо бериш ва хулоса чиқариш мумкин. Шу тариқа, адабиёт тараққий этгани сари насиҳат-дидактика ҳам, нақлга илова – “қиссадан ҳисса” тамойили ҳам барҳам топа боради…

* * *

Энди, ҳар бир миллий адабиётдаги аёллар образига келсак, у шу миллатнинг фитратига, давр руҳига мувофиқ акс этади ва идрок қилинади. Шу боис ҳам, бир хил шароитда бир хил ҳаракат қиладиган характерлар ҳар қайси адабиётда ҳар хил гавдаланади (Бунинг соддароқ бир мисоли – ҳар бир халқ фолклорида ўзига хос “Зумрад ва Қиммат” бор, бу эртакларнинг ҳеч бири иккинчисига руҳан ўхшамайди). Шунга қарамай, ўзаро муқояса қилиш мумкин бўлган аёллар образига назар ташласак, асар марказида турган, воқеалар кульминациясида характери намоён бўладиган аёллар образи исталган халқ адабиётида асосан иккига ажралишини кўрамиз.

Ҳамонки, реалистик асарларда инсоннинг ички дунёси, руҳияти яхшироқ очилади деган эканмиз, мисол қидириб кўпроқ XIX аср рус адабиётига мурожаат қилишга тўғри келишини айтиб ўтишимиз керак. Зеро бир ёқдан, танқидий реализм айни шу заминда айниқса гуллаб-яшнади, жами ижодий имкониятлари юзага чиқди, иккинчи томондан, бу давр рус адабиёти жаҳон сўз санъати тарихининг ҳам энг порлоқ, олтин саҳифаси бўлди.

Янги рус насри Пушкиндан, Пушкин замонидан бошланган. Аммо Пушкин ва унга замондош адиблар ижодида, хусусан, насрий асарларда аёллар образининг биз кўзда тутган намуналари орасидаги тафриқни илғаш қийин. Бу давр адабиётида характер психологиясини кучли далиллаш эмас, балки қаҳрамонларни кутилмаган воқеа-ҳодисалар гирдобида кўрсатиш тамойили устун эди. Пушкиннинг “Капитан қизи”, “Марҳум Белкин қиссалари” каби асарларини, Гоголнинг “Тарас Бульба”, “Диканкага яқин хутордаги оқшомлар” каби қиссаларини эсласак, характерларни очишга руҳий кечинмалар таҳлили йўналишида эмас, асосан мушкул вазиятлар фонида кўрсатишга кўпроқ урғу берилганини кўрамиз. Зеро бу босқич ана шу олтин даврнинг ибтидоси, адабиётнинг ўқувчига яқинлаша бошлаш жараёни эди. Орадан ўтган ярим асрча вақт ичида рус адабиётида – таъбир ўринли бўлса – “профессионаллашиш” юз берди, яъни авомга эмас, таъб аҳлига, дид-савияси юксак ўқувчига мўлжаллаб ёзилган асарлар пайдо бўла бошлади. Худди шу боис, XIX acpнинг иккинчи ярмига мансуб адабиёт биз кўзда тутган мавзу учун мўл-кўл материал беради. Масалан, Тургенев, Толстой, Чехов каби ёзувчиларнинг асарларида шу фикрнинг тасдиғини кўрамиз.

Тургеневнинг “Баҳор тошқинлари” қиссасида Германияда саёҳат қилиб юрган бойвачча Дмитрий Санин бир қаҳвахонага кириб, унинг эгаси хонадонида таҳликали ҳолга дуч келади: нозиккина ўспирин ҳушдан кетган, она уйда эмас, қўрқиб кетган опаси эса, ёрдам сўраб чопиб чиқадию Санинга илтижо қилиб, уни уйга олиб киради. Санин боланинг ёқасини бўшатади, юзига сув сепади, хуллас, ўзига келтиради. Миннатдор бу оила Санинни қўярда-қўймай меҳмон қилади. Шу тариқа, Дмитрий боланинг опаси – Франкфуртда кун кечираётган асли италиялик муҳожир қандолатпазлар оиласининг гўзал қизи Жемма билан танишиб қолади, бир-бирини ёқтиришади. Санинни деб Жемма унаштирилган кишиси – Клюбер исмли димоғдор ва қуруқ олифта немисдан воз кечади. Нафақат Клюбердан, балки ўзи мансуб бўлган католик динидан ҳам воз кечиб, православиега ўтишга қарор қилади. Саниннинг мардлиги, камтаринлиги, эҳтирослари бу тинч ва осойишта итальян оиласини ўзига жазб этади. Ҳамма гап тўйга қараб қолади.

Эвоҳ! Ўша кунларнинг бирида Санин хотини билан Германияда саёҳат қилиб юрган эски таниши Ипполитни учратиб қолади. Санин унга ҳаяжон билан уйланаётганини, қаллиғи Жемманинг малоҳатини сўзлаб беради. Дўсти эса унинг гапларини тинглаб, “тўйингга пул керак бўлса, хотиним сенинг ер-сувингни сотиб олиши мумкин, у билан танишиб, гаплашиб кўр”, дейди. Санин ана шу аёл билан кўришади, пулни олиш учун икки кун унинг ёнида юради, охирида… дилбар, гўзал Жеммадан воз кечади.

Нега?
Мана шуни тушуниш муҳим.

Гап шундаки, Санинни гўзал Жеммадан совутган, дарров ўзига боғлаб, “жоду қилиб олган” аёл – Ипполитнинг хотини Марья Николаевна эҳтирос кишиси. Марья Николаевнанинг Санинни ром этган жиҳати – унинг эркин шахс эканлигида. У “энг кўп ва энг аввало эркинликни” ҳамма нарсадан устун қўяди. “Сизга яна бир нарсани айтай, – дейди у, – мен хаёл суришдан холи эмасман… у қувонч бахш этади, бизга шунинг учун ҳам ақл берилган”.

Хаёл суришга мойиллик, яъни хаёлкашлик илмий тилда романтика дейилади; эвоҳки, бу унчалик гўзал бўлмаган аёлдаги эҳтирос ва романтика Жеммада йўқ эди. У бир қандолатпаз оиланинг дўконида ўсиб камолга етган, холос, орзулари ҳам онасидан сўнг ана шу қандолатчиликни давом эттиришдан нарига ўтмайди. Умрида ҳеч қандай муҳтожлик кўрмай ўсгани учун фикр-ўйлари ҳам мудроқ. Марья Николаевнанинг бошидан эса қийинчилик кўп ўтган, ўзининг айтишича, болалигида “қулликни жуда кўп кўрган”. Шундай бўлишига қарамай, у ана шу қуллик ичра қолиб кетмай, ўзини юксалтира олган аёл. Санин билан суҳбатлашиб юрган чоғида бу аёл тиланчига бир сиқим пул ташлайди, аммо миннатдорлик сўзларини эшитмаслик учун тезгина нари кетади.

“Баҳор тошқинлари” – Тургеневнинг энг яхши асарларидан бири. Адибнинг дўсти П.В.Анненков қўлёзмани ўқиб чиқиб, муаллифга “Сизга китобхоннинг хуррамлик нидосини ҳозироқ башорат қилай: у сиздан анчадан бери шеърий куч бунақа мавж урган, бунақа гўзал тасвир ва услубда ёзилган асар олмаган эди” деб мактуб ёзган эди.

Ҳақиқий адабий асар бағридаги ҳаёт ҳам чинакам ҳаётнинг ўзидай мураккаб бўлади, бинобарин унда ҳам барча нарса фақат “оқ-қора”ю, “ижобий-салбий”га – икки қутбга яққол ажралмайди. Чунончи, “Баҳор тошқинлари” орқали бизга намоён бўлган образлар орасида ҳам муайян нисбат бордай: ички дунёсини ҳаммадан ниқоблаб юрадиган пастарин, ташқи кўриниши эса “биринчи сорт” бўлган Клюбер; унга бир маҳал унашиб қўйилган, аммо кейинчалик унинг сохта мулозаматини Саниннинг олижаноблигига қиёслаб кўриб, никоҳдан воз кечган Жемма; Жемманинг гўзаллигига маҳлиё бўлган, аммо унда Марья Николаевнаники каби тошқин қалб, ёрқин идрок кўрмагани учун “бахтли никоҳ”ни йўққа чиқарган Санин ва ниҳоят, Саниннинг дилига ўт солган, уни “ёндирган” Марья Николаевна… Буларнинг ҳар бири аввалгисидан бир қарич баланд туради.

Кузатсак, Тургеневнинг кўп асарлари аёллар образининг мана шундай тафриқини тадқиқ этишга бағишланганини кўрамиз. “Ася” қиссасидаги Ася, “Илк севги” қиссасидаги “авантюрьерка” лақабли қиз Лизавета Петровна ва бошқа кўплаб аёллар… Тургенев қалбининг санамлари, илоҳалари эди улар.

“Авантюрьерка”… Авантюра… Бу сўз ўзбек тилига асосан салбий маънода қабул қилинган. Ҳолбуки, авантюрачи – таваккалчи, чапани, танти одам дегани (авантюра романи – саргузашт романидир). Бизда эса “етти ўлчаб бир кесиш”нинг фойдаси, мулоҳазакорликка даъват шу қадар кўп уқтирилганки, кўпимиз етти тугул, етмиш ўлчаб бўлиб ҳам кесишга шошмаймиз. Кишининг нияти яхши бўлса, унинг авантюризми ҳамма ўрганиб қолган турғун ҳаётга зилол обиҳаётдай кириб келиб, уни поклайди, кўнгилга некбинлик бахш этади, қалбда эзгу, пок туйғуларни қўзғаб, келажакка, одамларга ишонч пайдо қилади…

* * *

Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романини шу мақола мавзуи нуқтаи назаридан кўриб чиқадиган бўлсак, унда аввало икки аёл – Анна Каренина ва Кити Шчербацкая образи бор; романдаги ўнлаб хотин-қизлар шу икковининг атрофини тўлдириш, уларни янада ёрқинроқ ифода этишга хизмат қилади.

Адабиётшунослар Толстойнинг бу асарни ёзишдан даставвал мақсади ҳаёти фожиа билан якунланадиган Аннани қоралаш, тинч ва иноқ оиласи бағрида осойишта яшаётган Китини яхши турмуш фонида тасвирлаш бўлган, бироқ ҳаёт мантиғи асарни ёзиш давомида адибни ўз қарашларини қайта кўриб чиқишга, ўзгартиришга даъват этган, деб таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, ушбу романни ёзиш Л.Толстойнинг ўзи учун ҳам оила, кенг маънода – одамлараро муносабатларни таҳқиқ этиш, бу борадаги эътиқодларини қатъий белгилаб олиш жараёни бўлди. “Анна Каренина” кўп жиҳати билан автобиографик, изланиш романи бўлиб, унинг устида ишлаш давомида Толстой ўзининг замонга муносабатини ўзи учун ойдинлаштириб олди” (“Кр. литературная энциклопедия”, т.7, М., 1972, с.556).

Аслида, Кити ҳам Анна Каренина каби гўзал, лобар аёл. Шундай экан, нега энди Вронский гулғунча Кити Шчербацкаяга уйланишдан воз кечиб, Аннани севиб қолади? Бунга Толстой Аннани Кити билан ёнма-ён қўйиб таққослаш орқали жавоб беради: “Кити Аннанинг ниҳоятда содда эканини ва ҳеч нарсани яширмаслигини, лекин унда Кити муяссар бўла олмайдиган бошқа бир олам – мураккаб ва шоирона латофат борлигини сезар эди”. Зеро Анна шунчаки, “бир эрнинг хотини” бўлиш учунгина яралган аёл эмас. У ўз табиати, тийнати билан Китидан жуда-жуда юксакда туради. Кити эса бошидан бирон марта ҳам долғаю бўронлар ўтмаган, бир зайлда, беташвиш ўсиб вояга етган қиз, холос. Толстой Аннага Китининг эри Левин кўзи билан ҳам назар ташлайди: “Левин ўзига бениҳоя ёқиб қолган бу жувонда янги бир хислат кўрди. Унда ақл, зеболик ва гўзалликдан ташқари, яна ростгўйлик ҳам бор эди. Анна ўз аҳволининг нақадар оғирлигини ундан яширишни истамас эди”. Илгари уни ёмон кўриб юрган Левиннинг қалбида унга нисбатан малоҳат ва шафқат уйғонади, буни хотини Китига ҳам айтади. Кити эса буни тамоман ўзгача қабул қилади:

“Қайтиб кирганида, Кити ҳамон бояги курсида ўтирарди. Левин ёнига келиши билан Кити унга бир қаради-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди.

– Нима бўлди? Нима бўлди? – деб сўради Левин, нима бўлганлигини илгаридан билгани ҳолда.
– Бу ярамас хотинга ошиқ бўлгансан, у сени сеҳрлаб олган. Буни кўзларингдан кўрдим, ҳа, ҳа!” (336).

Чеховга ўтайлик. Адибнинг “Қайнана – адвокат”, “Хотин”, “Қайлиқ”, “Болохонали уй”, “Севги” каби ўнлаб ҳикояларида худди шу мавзу қаламга олинган. Бу асарларнинг дастлабки иккитасида айёр ва манфаатпараст аёллар ўзини олижаноб, самимий қилиб кўрсатиб, соддадил йигитга тегиб олгач, асл қиёфаси – мол-дунёга ўчлиги, айш-ишрат бандаси экани очилгани тасвирланади. “Қайлиқ”да эса Саша деган қариндоши таъсирида Надя исмли қиз ўз қайлиғи – “тўладан келган, чиройлик, артист ё рассомга ўхшаган”, бироқ кишининг бадига урадиган даражада зерикарли Андрей Андреичдан, қолаверса ўз шаҳарчаларидаги бир зайлда еб-ичиш, кундалик ғийбату мишмишлар билан умр ўтаётган ҳаётдан воз кечиб, олисга бош олиб кетади, уни “оилали, батартиб хотин”га айлантирмоқчи бўлган куёвдан кўра келажакдаги номаълум, бироқ романтик ҳаётни афзал кўради.

Албатта, аёл қалби теранликларини инкишоф этиш XIX аср рус адабиётигагина хос эмас. Бизнинг мисол тариқасида бу давр рус сўз санъатига кўпроқ мурожаат этганимизнинг сабаби – биринчидан, муҳтарам муштарийларга айни асарлар яхши таниш; иккинчидан, худди шу заминда, худди шу даврда танқидий реализм ўзининг ҳадди аълосига чиқди, руҳият тадқиқи, жумладан аёл қалби теранликларини инкишоф этиш унга қадар ҳам, ундан кейин ҳам бошқа бирон жойда бу қадар мукаммал юзага чиқмади

ХХ асрнинг бошидан охирига қадар майдонга келган ва “оёқдан қолган” ўнлаб ижодий оқиму методларнинг ҳеч бири инсон қалбини соғлом мантиқ асосида тадқиқ этишда танқидий реализм даражасига ета олмади. Бир олма куртаги гуллагани, сўнг ғўрага айлангани, етилгани, пишиб ширага тўлгани ва бундан ўтгач чириб айнигани каби, бадиий адабиёт соҳасида ижодий методларнинг энг юқори нуқтаси танқидий реализм бўлганга ўхшайди. Ундан кейин юзага чиққан бошқа аксар оқимлар эса ҳаётни фокуси бузилган дурбин орқали кўришдай таассурот қолдиради. Бу табиий – ҳар қандай воқеликнинг, жумладан ижтимоий ҳаётнинг ҳам, пайдо бўлиш, ўсиб камолга етиш, вақти келиб таназзул даври бўлади.

* * *

Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романида Руфь деган бир қизни бош қаҳрамон телбаларча севиб қолади, аммо ишлари юришмаган – ёзган ҳикояларига қалам ҳақи келмаган пайтда қиз Мартинни ижодни ташлаб, бошқа иш қилишга, оддий тирикчилик кўйига тушишга ундайди, асарлари катта-катта тиражларда босилиб, шуҳрати ошиб, бойиб кетгач эса, олдига бош эгиб келади. Руфнинг ўзига пул топиб, оилани боқадиган эр отли махлуқ деб қарашини сезгач, қанчалик оғир бўлмасин, Мартин уни юрагидан суғуриб ташлайди. Чунки Руфь ҳам мешчанларча муҳит тарбиясида ўсган, эрни пулдор бўлгани учунгина “севадиган” аёллар тоифасидан.

Кейинроқ Мартин Иден камбағал бир ишчи қизнинг ўзига қадалган нигоҳида ана шу ўтли муҳаббатни кўради. Руфнинг кўзи одамга майин ва мулойим боқса, бу қизнинг кўзлари чарақлайди, кишининг қалбига тикондай қадалади. Мартин – ҳаётни кузатган бир ёзувчи – буни ўша қизнинг ёшлигида кўп муҳтожлик кўргани билан боғлайди. Эҳтимол шундай ҳамдир, аммо ўзи ўкинч билан иқрор бўлганидек, бу пайтда Мартин Иден ниҳоятда чарчаган, нафақат одамлардан, балки ҳаётдан ҳам тамом совуган, қиз нигоҳидаги даъватга жавоб бермайдиган ҳолга тушган эди (А.Қаҳҳор ҳам “Сароб” романида Мунисхоннинг ўтмишини бекорга тасвирлаб ўтмайди; унинг отаси – катта мулк эгаси ёлғиз қизини арзанда қилиб ўстирган, Мунисхон ташвиш нималигини билмай вояга етган, шунинг учун Саидийнинг муҳаббатига парво ҳам қилмайди, унинг устидан кулади ва хунук, бироқ бой ва ишбилармон Мухторхонга тегади-кетади). Бир қонуният кабидирки, болалиги ва ёшлиги бир зайлда осойишта, беғам ўтган аксар кишилар вояга етганда чин севиш нималигини билмайди. Бунинг сабаби улар ҳеч қачон меҳрга, муҳаббатга эҳтиёж сезмай улғайганида бўлса эҳтимол.

Унда, болалиги худди шундай ўзига тўқ ва тинч-осойишта оилада ўтган барча аёлларнинг дунёқараши маҳдуд бўладими, улар яккаш моддий манфаат қули бўлиб яраладиларми, деган савол ўртага чиқиши табиий. Унда, Кумуш, Анна Каренина каби аёллар ҳам Руфь, Жемма ва Китилар тоифасига мансуб бўлиши лозим эди-ку? Йўқ, ундай эмас. Абдулла Қодирий айтгандай, табиат хасис эмас, тошдан гул, нишдан бол ярата беради. Қолаверса, Мирзакарим қутидор билан Офтоб ойимнинг нисбатан фаровон умр кечириши уларни молпараст қилиб қўймаган, ақл-фаросат, инсофу диёнат бобида улар ўз даврининг энг олди кишиларидандир. Қизлари Кумуш билими ва савиясига кўра ўз даврию муҳитининг энг комилаларидан эди (“Мен Фузулийни жуда яхши кўраман, сиз ҳамми?”). Ҳатто, Кумушнинг диду савияси юксаклиги ҳам аввало ана шу ота-она тарбияси туфайлидир.

Чеховнинг “Болохонали уй” ҳикоясида ҳам бу саволга жавоб бор. Ҳикояда Волчаниновлар оиласининг икки қизи Лида ва Женя кўрсатилади. Опа-сингил гарчи сиртдан аҳил ва иноқ кўринса-да, руҳан ва қалбан – икки олам. Катта қиз Лида жамоатчи: уезд ва губерня сиёсий ҳаётига боши билан шўнғиб кетган – касалхона очиш талаби билан мажлисларда сўзлайди, мужик болаларини ихтиёрий ўқитади, аммо ўзи бирон бир киши билан кўнгли яқин эмас, уни ҳеч қачон ҳеч нима ҳаяжонлантирмайди. Кичиги Женя эса ҳаётнинг ўзидан, одамлар билан суҳбатлашишдан, табиатдан… завқ олади. Ҳикоя қаҳрамони ҳамма ҳали ёш, довдир деб билган Женяга шундай таъриф беради: “Ақл-фаросати-чи? Ақлининг фавқулоддалиги, дунёқарашининг кенглиги мени ўзига мафтун этарди”.

Анналар, Кумушлар, Хосиятлар, Женялар… эҳтирос одами. Улар ғолибалардир: рақибалари бўлмиш ҳиссиётлари сўник, яшашдан мақсади – тўқ ва беташвиш тирикчилик ўтказишдан иборат, ҳамма нарсаси бору бироқ кўнглида шуъласи йўқ аёлларни бир зарб билан маҳв қилиб, киши қалбига дилдорлик билан йўл топиб, уни бутунисича забт эта оладилар. Айнан шундай аёллар инсон юрагининг қаърида мудраётган, ёта-ёта занг босиб, ириб-чириб кетаёзган энг асл инсоний туйғуларни – муҳаббатни, олижаноблик, эрку адолатга ташналикни уйғотишга, унга куч ва ғайрат бахш этишга, инсонни бир инсондай юксалтиришга қодир.

Бунинг аксича, Жанналар, Китилар, Руфьлару Робияларнинг туйғуси тўмтоқ, ҳиссиёти сезилар-сезилмас, севгиси инстинкт даражасида бўлади.

“Капитан қизи” (Пушкин) қиссасидаги каби “Ўтган кунлар” романида ҳам анъанавий сюжет – “эътиборли оиланинг ёлғиз фарзанди бўлган бир ёш олижаноб йигитнинг кекса хизматкор билан саёҳати”, шу саёҳат давомида унинг қалбига тушган муҳаббат можароларию қизга аввалдан харидор бўлиб юрган разил бир одамнинг (Швабрин-Ҳомид) бу икки ёш бошига солган шўришлари, шу аснода мамлакатда қўпган ғавғо (Пугачёв қўзғалони-Азизбек исёни) сабабли сиёсий ғалваларга беихтиёр қўшилиб қолиши тасвирланади; аммо А.Қодирий учун саргузашт-авантюра романларига хос фабуланинг ўзи мақсад бўлиб қолмаган, унда реализмнинг нисбатан кейинги даврига хос бўлган психологик далиллаш мотивлари ҳам учрайди. Кумуш ва Зайнаб айнан ана шу психологик далиллашнинг марказида туради; биз кўриб чиқаётган мавзу нуқтаи назаридан улар бошқа-бошқа оламлардир.

Яқиндан бери айрим муаллифлар “Ўтган кунлар” романини теранроқ тушунган бўлиб, Зайнабнинг қилмишини оқлашга, ҳатто маълум маънода унга “ҳақ бермаган” Кумушга иддао қилишга ҳам ўта бошладилар. Бунда худди “Отелло”нинг (Шекспир) айрим талқинларида бош қаҳрамон Отелло эмас, Яго деб талқин этилганидай, асосий ижобий аёл образининг Зайнаб сари силжишини кузатиш мумкин. Тўғри, Зайнабнинг ҳаёти – фожиа. Аммо гарчи ёзувчи тасвирлаб кўрсатмаган бўлса-да, биламизки, Зайнабга куёвнинг кимлиги деярли аҳамиятсиз, ишқилиб, бирон бой хонадонига келин бўлиб тушсаю, тўкин-сочин, тинч яшаса бўлгани эди. Эрнинг қалби бор бир одам бўлиши унинг тасаввурига ҳам сиғмайди.

Шу маънода Зайнаб – дунё одами. Отабек юпунроқ бир оиладан чиққан йигит бўлса эди, аввало ота-оналари “ойдай қиз”ларини унга асло беришмас, Зайнаб ҳам ўзига тўқ хонадондан бошқага келин бўлишни истамасди. Кумуш эса бунинг тамом акси – куёвнинг бой, келишган йигит эканлигини айтишган бўлса-да, уни ҳатто чимилдиқда ҳам кўргиси йўқ, чунки Отабекдан – бир кўриниб шайдо қилган йигитдан бошқа ҳеч кимни истамайди.

“Қутлуғ қон”даги (Ойбек) Нурини Зайнаб образнинг мантиқий давоми деса бўлади. Тўғри, Нури Мирзакаримбойнинг тантиқ, шаддод қизи. Бу жиҳати билан у писмиқ, “ичимдагини топ” Зайнабга ўхшамайди. Аммо унинг Зайнабга “сингил”лиги шундаки, аввалига Йўлчини “севиб” қолгандай ҳам бўлади, бироқ эрга теккач, кўнгилсиз эканлигига қарамай, “бойлиги ҳафтамабил олишга ҳам етадиган” эридан воз кечишни хаёлига ҳам келтирмайди, Йўлчини эса шунчаки, эрмак учун ўз уйига хизматкор бўлиб ўтишга таклиф этади.

* * *

Хўш, биз кўриб ўтган бадиий асарларда марказий ўринни эгаллаган Хосиятхон, Анна, Кумуш, Надя, Женя каби аёлларнинг ўзига хослиги нимада, бошқалардан, айниқса Робия, Кити, Зайнаб, Лида сингари “нариги қутб” аёллардан қанақа фарқи бор, деган савол юзага чиқиш табиий. Фалон-фалон кўринишдаги одамлар муҳаққақ жиноятчи бўлади, деган ғояни тарғиб қилган суд психиатри ва антрополог Ч.Ломброзога таассуб қилиш истагидан мутлақо йироқ бўлганимиз ҳолда, Кумуш ва Анна Каренина, Женя ва Хосиятхон сингари аёлларнинг аввало ташқи кўринишида бир умумийлик борлигини, улар бу жиҳати билан аксар Зайнаб, Кити ва Руфлардан фарқланишини қайд этиб ўтайлик; Кумуш ва Анна Каренина тоифасига мансуб аёллар озғинроқ (хўппасемиз эмас), жозибадор, сарвқомат, нигоҳлари маъноли, жонсарак ва ҳушёр (боқибеғам эмас), ўз кучига ва ҳақлигига ишонган, шунинг учун ростгўй ва дангалчи, ҳатто таваккалчи ҳам бўлади.

Бунинг аксича, Зайнаб ва Китилар ўз ички қобиғига ўралган, гавдаси биққигина, биров уларни безовта қилмаслигини хуш кўрадиган бўлади. Абдулла Қодирий буни роман қаҳрамони Отабек тилидан кўрсатиб ҳам ўтади: “Нимага Зайнаб семизу Кумуш ориқ?” Ўзбек ойим буни Кумушнинг “серфикр”лигидан деб билса, Карима отин уни ишқ изтиробларига боғлайди. Ҳолонки, уларнинг иккови ҳам ҳақ.

Кумуш типидаги аёлларда миллийлик барқ уриб туради. Кумуш ўзбек қизлари учун, Фарида эса (“Чолиқуши”) турк қизлари учун идеалга айланишининг яна бир сабаби шу. Ч.Айтматов Жамиласини шайдо қилган нарса Дониёрнинг ташқи кўриниши эмас, балки қалби қаъридан чиқаётган қирғиз қўшиқларининг жозибаси эди; А.Ибодиновнинг Хосиятхонини атлас кўйлак кийган ҳолда кўрамиз; Рахшона (“Отойининг туғилган йили” қиссаси) эса мумтоз куй-қўшиқларни яхши кўришини, ҳар тун радиодан тинглашини айтади. Анна Каренина эса рус аристократ аёлларининг энг зебоси эди.

Яна Ч.Ломброзога ўхшаб қолишдан қўрқмай айтар бўлсак, қалбида миллий ҳиссиёти сўник аёлларда ишқ-муҳаббат туйғулари ҳам суст бўлади. Шу боис, миллати нотайин аёлларда ҳам миллий туйғу сўникроқ бўлади, ва уларнинг аксарида биз қидирган малоҳатни топиш амри маҳол. Ж.Лондон “Уч қалб” романида аралаш никоҳга қарши фикр билдиргани бежиз эмас.

Кумуш сингари аёллар ўта жозибадор бўлади: Кумушнинг Отабек, Ҳомид, Комилбек каби харидорлари бор; Фаридага (Рашод Нури Гунтекин, “Чолиқуши”) ошиқ бўлмаган одамнинг ўзи йўқ; эрли, болали Аннага Вронский жон-жон деб уйланади, уни деб ҳамма яқинларидан воз кечишга тайёр; Жамилага (Ч.Айтматов) эса ҳатто хирмондаги чоллар ҳам мафтун.

* * *

Тоғай Мурод асарларидаги аёллар образининг тадқиқи ҳам бу мавзуга оид мўл материал бера олади. Адибнинг ихчамгина «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасини олиб қарасак, унда деярли бирон аёлга кўзингиз тушмайди. Бир тўйдаги кураш чоғи даврага баковуллик қилаётган Бўри полвон эслаб ўтадиган Момоқиз билан Сулув бор, улар ҳақида бир-икки узуқ-юлуқ хотира берилади, холос. Бўри полвон айтади: “Ошна, Тиловбердининг онасига-да кўнглим кетиб уйландим. У… у Момоқиздан-да хушрўй. Ошна, уям Момоқизнинг олдидан ўта берсин! Насим ошна, мен Момоқиздан улуғини кўрмадим!”. Демак, Момоқизлар, Кумушлар, Анналар, Хосият каби аёлларнинг бош хусусияти – улуғлик. Улуғворлик ҳам эмас, айнан улуғлик. Аммо бундай улуғлик Сулувда, Зайнабу Китида, Жанна, Робияларда йўқ, уларга хос эмас. Нафақат хос эмас, ҳатто тушларига ҳам кирмайди.

Кимгадир кўнгил бериш учун кишида кўнгил бўлиши керак. Тоғай Мурод ёзганидек, “Ҳар эр кўнгилнинг қиз кўнгилга айтадиган гаплари бўлади. Кўнглида шу гапи бўлмаган йигит – йигит эмасдир! Шу гапни қайсидир йигитдан интизор бўлиб кутмаган қиз-да – қиз эмасдир! Дунёга келдим, деб юрмасинлар!” Кўнгил одамини ботиний бир туйғу ила қидириш Кумуш ва Анна Карениналарнинг савқи табиийси эди; бордию топа олмаса (етишиш – бошқа гап) улардаги гавҳар кўнгил дунёдан сас-садосиз фарёд уриб, армон билан ўтиб кетади. Дунё дунё бўлибдики, бу фожиа такрорланиб келади.

* * *

Кумуш, Анна Каренина сингари аёллар яна бир жиҳатдан муштарак – афсуски, уларнинг аксари бахтсиз. Фарида билан Комрон, Анна билан Вронский, Ася билан Н.Н. исмли йигитларни эсласак, улар, қай бир жиҳатдан ожизликлари учун эмас, балки романтик эканлига, уларбоп эркакнинг ўзи ундай аёллардан ҳам сийракроқ эканлиги туфайли шум толе бўлишини англаймиз. Кўп ошиқлар бундай аёллар ҳуснига мафтун бўлади, бироқ қалбини англаш даражасида дилдорлик ва заковат етишмайди уларга.

Убайдулла Содиқовнинг “Булбул навоси” ҳикоясида Обида исмли қиз ўзи ўқиётган институт муаллимига турмушга чиқади. Басавлат, кўркам, ўта замонавий “домла” – шу ҳаётнинг эпчилларидан. Обида эса етим ўсиб катта бўлган, ёш, содда, орзу-умидлари бир жаҳон қиз. Оғироёқлигидан уялиб, йўл четида кўзга ташланмай юришга ҳаракат қиладиган даражада камсуқум. У бир куни ҳеч ким йўқ чоғида уйда ўзича минғирлайди – туғилажак боласи билан сўзлашгандек бўлиб, дард-ғамларини аритади. Шу пайтда уйга билинтирмай кириб келган “домла” уни руҳий касалга чиқаради, “яхши духтур танишлари” борлигини, кўрсатишини айтади…

Баҳодир Муродалининг “Янаги жумагача” ҳикоясида эса эри, қайнота-қайноналари билан сайилга келган келинчак Озодахон шаршара ёнида бир зум ўз туйғуларига майл бериб, сув кечади, аммо ўшанда бир оқсоқол уни қайтаради, шу-шу, бу аёл ҳисларини жиловлаб умр ўтказади; ҳикоя бизни ўзбекона қадрият деб айтиладиган андиша, доимий истиҳола аслида инсонни кишанлайдиган ўзига хос исканжа эканига ишонтиради.

Қалбида романтик туйғулар тўлиб-тошган, ақл-заковатда, юриш-туришда, сўзлаш ва муомалада ҳеч кимдан кам бўлмаган, миллий туйғулари ўта кучли аёллар куй-қўшиққа, рақс ва умуман санъатга берилган бўлишади. Афсуски, нисбатан олисроқ ўтмишимизда қўшиққа, куйга ишқивоз одамлар камситилган, хўрланган. Айниқса, бирон қиз ашула айтиб номи чиқса, жоҳил одамлар уларни бузуқ санаб, ҳазар қилиш даражасида яккалаб қўйишган. Кийикнинг айби кўзида деганларидай, гўзаллик, латофат ва романтик фазилатлари уларнинг бошига бахтсизлик келтирган. Ашула айтгани учуноқ сўйилганлар эса битта Турсуной ва битта Нурхон эмас эдилар. Шунинг учун ҳам ўзбек аёлларининг қўшиқлари асосан алла, турмуш қийинчиликларидан нолиш, соғиниш, йиғи-йўқлов, хуллас, асосан “ичкари” руҳида кўпроқ шаклланган. Шунданмикин, ўзбек халқ лирикасининг энг салмоқли, энг таъсирчан қисмини аёллар ижоди ташкил этади. Уларнинг поэтик кучи ва руҳи эса бениҳоя зўр. Дунёда шу қадар теран ҳиссиётлар ҳам бўлганига тонг қоласан киши. Бундай туйғулар бизнинг аёлларга, бизнинг оналарга хос эди…

Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссасидаги Жамила образини олиб қарайлик. Луи Арагон “муҳаббат ҳақида дунёдаги энг гўзал қисса” деб таърифлаган бу асарда Жамила урушга кетган эрига хиёнат қилади – ўзи билан арава ҳайдаб станцияга дон ташиб юрган Дониёр билан “дон олишиб” қолиб, у билан қочиб кетади. Жамилани ҳамма қоралайди. Урушдан қайтиб келган эри Содиқ эса “кўринишда унчалик сир бой бермаса ҳам, лекин номусдан қаттиқ куйиниб, жиғибийрон бўлиб юрди, Усмонлар билан ичишиб қолгудек бўлса:

– Кетган бўлса садқайисар! Сарсон-саргардон бўлиб юриб, охири бир куни очидан ўлади-кетади. Хотинман деганинг тўлиб ётибди, чертиб-чертиб олиш мумкин. Олтин бошли хотиндан бақа бошли эр яхши! – дерди жаҳл билан”.

Жамиланинг қайнонаси эса бундай дейди: “Э-э, шўрлик келиним, кўра-била туриб ўзингни ўтга ташладинг-а. Уйимизнинг тўри сеники, еганинг олдингда, емаганинг кетингда эди… Ўзингни ўзинг жувонмарг қилдинг… Уйимизда нима камчилик кўрдинг… Шўрлик Жамила…”

Кўрамизки, ҳар икки персонаж Жамиланинг кетиб қолишини ўз нуқтаи назаридан, аммо моҳиятан бир хил изоҳлайди – улар Жамиланинг ўзига тўқ, обрўли бир хонадонни тарк этиб, ногирон, кимсасиз Дониёрни танлаганини аҳмоқлиқ деб билишади. Уларнинг эътиқодича, агар Жамила янада бойроқ, тўқроқ жойни деб кетиб қолса, буни “тушуниш мумкин” бўларди.

Бадиий асарлардагина эмас, бошқа санъат асарларида ҳам икки хил аёл мавзуи энг яхши сюжет ўзагини ташкил этганини кўрамиз. Чунончи, “Титаник” кинофильми қаҳрамони бўлмиш қиз барча нарсада манфаатли ҳисоб-китоб бўлишини талаб этадиган унашилган йигитдан безор бўлиб, ўзини сувга ташлаб ўлишга жазм қилади. Аммо тасодифан шу ерга келиб қолган бошқа бир йигитнинг саъй-ҳаракати туфайли ниятидан қайтади, чунки унинг сиймосида фидойи, мард, олижаноб… хуллас, ўзи истаган кишини топади. Бу ёғи сизга яхши маълум.

* * *

Хаёлан бошқа халқлар адабиётида “абадий мавзу” – ишқ-муҳаббатга бағишланган асарлардаги аёллар хатти-ҳаракатини кузатаман. Ана, Анна Каренина – у севган кишиси билан бирга бўлиш йўлида ўзининг жамиятдаги мавқеини йўқотиб қўйишдан қўрқмай, дадил қадам босиб, нафақат собиқ эри ва унинг атрофидагилар билан алоқасини узди, балки ўз даврида миллатнинг гули ҳисобланган бутун бир киборлар жамиятига – “қонуний никоҳ”ни бузмай туриб бузуқчилик қиладиган, шунинг учун Аннани қоралаб, бошқалар олдида ўзини пок кўрсатадиган, сиртдан бообрў, аслида эса пасткаш, ипирисқи зодагонларга қарши чиқа олди. Бу йўлда ўзи қурбон бўлди, аммо унинг ўлими ўқувчига кучли катарсис (санъат асари таъсирида маънавий-руҳий тозариш) бахш этади. Ёки ана Тургеньев, Чехов асарларидаги аёлларга қаранг: улардан бири бемақсад тўқ яшашдан безор бўлиб, янги ҳаёт сари интилади (Чехов. “Қайлиқ”), яна бири эса умуммиллат иши учун ўз шахсий манфаатидан воз кечади (А.Толстой. “Рус характери”), пастаринликларга кўниб, кафолатланган тўқ ва бой оилада яшашми, ё бўлмаса, булардан воз кечиб, кўнгил тилаган умр йўлига, у номаълум ва хавфли бўлса-да, таваккал қадам қўйишми, деган дилеммага дуч келганида, барчаси якдил романтик ҳаётни танлайди, тинчгина, аммо бир зайлда ўтадиган зерикарли ҳаётни истамайди. Жамила (Ч.Айтматов) ҳам, Фарида (“Чолиқуши”) ҳам ана шундай. Ахир, ишқсиз ҳаётнинг маъноси ҳам йўқ-да.

Ўзбекнинг миллий ҳаёт ҳаққоний акс эттирилган асарларида эса, негадир бунинг аксини кўрамиз. Чунончи, “Гулисафсар ҳиди”дан қарийб чорак аср аввал Саид Аҳмаднинг “Иқбол чироқлари” деган ҳикояси босилиб чиққан эди. Ундаги Иқбол деган қиз ҳам А.Ибодинов қаҳрамони Хосиятхон каби электр пайвандчилик қилади. Севган йигити унга, энди бу ишингни ташлайсан, мен сени шоҳи-атласларга буркайман, маликалардай яшайсан, деб айтади. Пайқасак, бу икки йигитнинг дунёқараши моҳиятан бир хил. Яъни, ҳаётий позициялари Робияю Зайнабларникига монанд. Ўзбекларда оила қуриш масаласида асосий ихтиёр йигитларда бўлганидан ва кўп йигитларга Хосиятхон сингари олижаноб, аммо оилавий аҳволи ночор қизларга қараганда бадбўй анҳор бўйида бўлса ҳам молхона, товуқхонали ҳовлиси бор қизлар маъқулроқ кўринганидан (чунки шунда уларни “олдинда тинч, фаровон турмуш” кутаётган бўлади), талай оилалар ана шундай ҳисоб-китоб негизида қурилади. “Ҳисоб-китобли” оилалар ва уларнинг фарзандлари илм-фанга, техникага, санъат ва адабиётга эмас, савдо-сотиққа, ошпазлик, молия каби “қорин тўйғазадиган” касб-корга ўзини уради. Кун кечириш учун иссиққина ошхонада манти тугаётган, савдо-сотиқ қилаётган, хориж майда-чуйдасини бир-бирига пуллаётган минг-минглаб одамлар… Ахир бундай кечирилган умр бесамар, зое эмасми?

Шундай кун кечираётган миллатнинг ҳаёти-чи?

Таваккал қилишдан, жасоратдан қўрқмайдиган, янгиликлар яратишга бел боғлаган, тирикчилик ташвишларидан бир поғона юқорига кўтарила олган, истиқбол орзусида яшаётган кишигина ўз халқи учун, шундай халқ эса башарият учун нимадир қолдиришга қодир бўлади.

Ғафур Ғуломнинг “Бизнинг оналар” мақоласида ёзилган бир воқеани эсланг: босқинчиларга қарши курашган Қамчибек қўлга туширилади. Оёқ-қўлига кишан уриб, дор остига олиб келинган пайтда унинг ёнига онаси – Олой маликаси деб танилган Қурбонжон додхоҳ отлиқ етиб келади-да, “Хайр, ўғлим, бизнинг авлодга шаҳид ўлмоқ – отамерос. Берган сутимга розиман!” дейди-да, от бошини қайтариб кета беради.

Алп – энадан, от – биядан, дегандай, Қамчибек сингари кўкраги ёлли йигитлар ана шу Қурбонжон додхоҳ каби юракли оналардан туғилади.

“Ўтган кунлар”да Отабек ўлимни бўйнига олиб, бир ўзи Мутал, Содиқ ва Ҳомид сингари уч баттол билан ёлғиз олишади ва барчасини маҳв этади. Бундай ёвқурлик унга отаси – мулоҳазакор Юсуфбек ҳожидан эмас, онаси – дангалчи Ўзбек ойимдан ўтгани ҳам кундай равшан. Демак, миллатнинг жасоратли бўлиши аввало шу миллат оналарининг диловарлигига боғлиқ.

Қурбонжон додхоҳлар бизнинг оналар, Кумушлар сингилларимиз эди. Улар ҳаётда бўлган, ҳозир ҳам бор. Аммо, замонанинг зайли бўлсамикан, қалби романтик туйғуларга тўлиқ аёллар тобора камайиб, барча нарсага ўз тор дунёқараши орқали назар соладиган худбин хотинлар кўпаяётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Нимага десангиз, ҳозир бозор иқтисодияти замони-ку, дейдилар. Эвоҳки, реал воқелик сабаб, кўп аянч кўнгилларда аранг милтираб турган олижаноб шуъла ҳам сўниб, мешчанлик ҳаётини танлаганлар сони ошяпти…

Алишер Ибодиновнинг ҳикоясида аччиқ ҳақиқат кескин баён қилинган. Муроджон – халқимизнинг бўш-баёв бир боласи, курашга ожиз эканини дангал тан олади, ўз кўнгли исёни алангасини молхона ёнидаги бадбўй анҳор сувидан сепиб ўчиради. Ҳикоянинг кучи, ярқ этадиган жиҳати ҳам мана шунда. Дарҳақиқат, аксар адабий қаҳрамонларимиз воқелик тақозоси билан ё моддий, ё маънавий фаровонликни танлаш дилеммасига дуч келганида унинг биринчисини афзал кўрадилар ёки пассив позицияга ўтадилар.

* * *

Сўз санъати ҳам, ижтимоий онгнинг бошқа турлари қатори, ҳаётни ўрганишга хизмат қилади. Ана шу функцияси бўлмаса, адабиёт даврлар оша оёқдан қолиши турган гап эди. Адабий танқиддан туб мақсад ҳам у ёки бу эстетик илмий мавзуни қаламга олиб, яланг адабий ҳодисани тавсифлаш эмас, балки адабиёт орқали акс этган ҳаётни кузатишдир.

Гап битта Кумушда, бир Хосиятхон, ё бўлмаса яна бир Жамиладагина бўлса эди, менинг мақола ёзиб, “изҳори фазл” қилиб ўтиришим шарт эмас эди. Гап миллат ҳақида, аниқроғи, миллатимиз аёлларининг фитратида.

Ҳар бир аёл – потенциал онадир. Демак, ҳар бир миллат ҳаётида ички муҳит яхшиланиши учун Хосият типидаги аёллар кўпроқ бўлиши маъқулми ёки Робияларнинг? Афкори омманинг бу ҳақдаги фикри қандай?

Бу – миллатимиз олдида кўндаланг турган, аммо ҳозирча биров пайқаб-биров пайқамаган чўнг масалалардан. Миллат ўзини англаса, ўсса, билингки, бу ҳол Кумушлар, Момоқизлар, Хосиятлар туфайли рўёбга чиқади. Аммо барча оналар Зайнаб, Робияю Сулувлардан иборат бўлса, мамлакатнинг нуфуси халқ эмас, ҳатто оломон ҳам эмас, шунчаки “аҳоли” бўлади, холос. Афсус, бизда Робиялар ҳозирча бисёрроқ.

Аммо… “ҳозирча”ми?

Билмасам.

Уч йил аввал Зомин сиҳатгоҳида дам олган эдим. Бир ҳафта ўтгач, узун соқолли андижонлик бир чол менга ҳамхона бўлиб жойлашди, икки ўсмир ўғли билан хотини – ундан анча ёш бир аёл машинада ташлаб кетишди. Чолнинг феъли ғалатироқ экан: муолажаларга чиқмайди, ошхона овқатини емайди – фарзандлари катта бир сатилда қўй гўштини қовурдоқ қилиб опкелишган экан, қоқ патирни чойга ивитиб, эртада-кечда ўшани “уради”.

– Болаларимни кўрдингизми, ука, – деб қолди эртасига оқсоқол. – Мен анча кечикиб уйланганман-да, булар шунинг учун анча ёш. Бир қизни деб то ўттиз беш ёшимгача уйланмаганман, шунга мажбур бўпқолганман…

Юрагимда бир ҳаприқиш пайдо бўлди, бу чол ёшлигида бир қизни севган… унга етишиш йўлида бошидан қанча изтироблар ўтказган… хуллас, чолнинг ҳали ҳеч ким эшитмаган ишқ қиссасини тинглаш умиди учқунланди.

– Нега кеч уйлангансиз, амаки?

– Э-э, ука, отам бозорда баққол эди денг, топиш-тутишимиз ҳам жойида бўлган. Бир ярамас солиқчи бор эди ўша бозорда. Мен йигирма саккизларга кириб қолган эдим. Бояги солиқчининг десангиз, ўн беш-ўн олти ёшлардаги бир хунук, рўдапо қизи бор экан. Ўшани бериб, мени куёв қилиш нияти борлигини айтиб қолди-ю! Бошқага уйланадиган бўлсам, отамнинг пайини қирқиши турган гап. Солиқчи ҳам мендан умидвор бўлиб, отамга “тегмай” тураверди. Шунга, десангиз, то ўша қиз эрга тегиб кетгунча яна салкам ўн йил индамай юра бердик-да, ука, савдо ўлмасин дедик…

Воҳ, дедим. Ана сизга “ишқ” достони!

Ёдингизда бўлса, мақола бошида Муроджоннинг (“Гулисафсар ҳиди”) бир гапи келтирилган эди: “Миямда Хосиятхоннинг сўзлари жаранглайди: “Мен сизнинг кимлигингизни биламан! Мен сизнинг кимлигингизни биламан!”

Хўш, биз-чи, биз ўзимизнинг кимлигимизни биламизми?

Мен, ҳа, биламиз, деёлмайман.

Одам ўзини англаши учун нафақат фазилатларини, балки айб ва нуқсонларини ҳам яхши билиши, уларни тузатишга интилиши керак. Билмадим, негадир биз сўнгги пайтларда уззу-кун ҳар қандай баҳона билан “Бўладиган эл бир-бирини ботирим дейди” мақолини кўп айтадиган бўлиб қолдик. Яъни, биз улуғмиз, буюкмиз, ота-боболаримиз дунёга таълим берган… ва ҳоказо. Ҳа, бу рост. Шундоқ бўлган. Аммо биз ўзимиз-чи? Нуқул бир-биримизга “ботирим” деб айтаверсак, ҳамма иш қойилмақом бўлиб қоладими? Қачон ўзимиз ўша шонли оталарга муносиброқ ворис бўламиз?

Менимча – урф-одатларимиздаги маҳдудликдан воз кечганимизда ва “олам бизга маҳлиё” қабилида ўз-ўзимизни мақташлардан қутулганимизда!

Бундан бир асрча аввал жадид оталарнинг аъмоли бошқача эди: улар, миллатни танқид қилиб, у илғор, мутараққий мамлакатлардан ортда қолиб кетаётганини изтироб билан қайд этганлар, элимизда жаҳолат кенг ёйилганини кўрсатган ва миллат ўзлигини англаши учун чора сифатида маърифатни тарғиб этган эдилар. Маърифатлилик эса хат-саводли бўлиш ва ҳисоб-китобни билишдан иборат эмас, у аввало дилнинг уйғоқлиги, фикрнинг тиниқлиги демакдир.

Маърифат ошиқ кўнгилларда бўлади. “Муҳаббатсиз киши одам эмасдур, – дейди Нодира қатъий қилиб, – Гар одамсан, муҳаббат ихтиёр эт…”

Аммо кимгадир кўнгил қўйиш, ошиқ бўлиш бизда қадимда гўё жиноятдай саналган. Ахлоқий меъёрларимизга кўра, нафақат қизлар, балки йигитлар ҳам яқинларига бировни севиши ҳақида оғиз очолмаган, бундай қилиш айб, салкам бузуқлик саналган. Бировни ёқтириб, етишиш чораси сифатида у билан қочиб кетган қиз эса бадном бўлган, ота-онаси кўчада бош кўтариб юролмаган, шу оиладаги бошқа қизларга харидор топилиши гумон бўлган. Бундай журъатли қиз, қалбан нақадар афифа бўлмасин, ҳатто оқ қилинган. Анварни севгани учун ота хоҳишига қарши чиқиб, хонга тегишга унамай қочиб кетган Раънога (“Меҳробдан чаён”) муносабат бунга далил.

Шаръан, қизларни ўзи рози бўлмаган кишига никоҳлаш мумкин эмас. Аммо миллий урф-одатларнинг таъсири шу қадар кучлики, шариатни поймол қилиб бўлса-да, хоҳламаган кишига тегишга кўнмаган қизларни ота рози – худо рози, деб “далил” келтириб, мажбурий никоҳлаш кўп бўлган.

М.Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” романида Ғуломжон билан Ҳаётхоннинг муҳаббатига аввало Ҳаётхоннинг бувиси қарши: кампир мулло Ғуломга неварасини бермаслигининг сабаби Ғуломжонлар оиласининг камбағаллиги эмас (бу жиҳатдан улар тенг), Ғуломжоннинг – “қорача”, Ҳаётхоннинг эса хўжа қизи эканлиги. Йўқса, бу муаммо ўртага тушмасди.

Дарҳақиқат, ўзбек элида хўжа, тўра, саид, эшон, оқсуяк каби шажараси улуғ тоифалар кўп, улар “мўътабар табақа” сифатида асрлар давомида бошқа табақага қиз бермай ва иложи борича ўзга тоифадан қиз олмай келганлар. Қариндошларни ўзаро қовуштириш – ибтидоий жамоа даврига хос бўлган мана шу манфур эндогам никоҳ, афсуски, кўп ўзбек оилаларида ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Оқибатда, миллат ичида физиологик тушкунлик юзага келиб, пакана, инжиқ, нимжон, касалликка мойил фарзандлар кўп туғилади.

Нима бўлганида ҳам, қариндошдан қиз олиш бизда ниҳоятда авж олганини инкор этиб бўлмайди. Қариндошлараро никоҳдан, яъни салкам ака-сингиллар ўртасида туғилган болаларнинг аксари мустақил, қатъий фикрли, бировни севишга қодир ш а х с бўлиб эмас, наридан-бери оила қуриб, аҳоли сонини кўпайтиришдан бошқага ярамайдиган ожиз бир и н д и в и д бўлиб вояга етади. Ожиз индивиднинг эса севги-певги билан иши йўқ, қорин тўйғазиш, қийналмай кун (умр) ўтказишдан бошқа ғами бўлмайди унинг.

Агарни магарга никоҳ қилсалар, бир ўғул туғилгай, оти кошки, деб ёзган эди Ғафур Ғулом. Моддий манфаат асосида топишганлардан бино бўлган болаларнинг нафақат тарбиясида, ҳатто туғилмасидан илгарироқ “пешонасига битган” руҳиятида ҳам эгоизм ҳукмронлик қилади. Бундай ўғил-қизларга жасорат ёт, уларда таваккалчилик, “авантюрьерлик” йўқ, ҳеч ким безовта қилмасаю тинч, беғам умр кечирсалар, шунисига шукур…

* * *

Менимча, шундай бир ишлар қилиш керакки, одамлар ўтиб бораётган умрида, турмушида маъно кўрсин; ўзининг, халқининг келажагига, ҳатто романтик тарзда бўлса ҳам, умид уйғонсин. Ана ўшанда қалбларда эзгулик, меҳр уйғонади, дилга романтика, севги каби покиза туйғулар инади, таваккал қилишга, жасоратга ташналик ҳисси юқади, бори эса юксалади. Шунда миллатимизнинг асл ўзлиги – энг гўзал олижаноб фазилатлари тағин бўй кўрсатади, қадимгидай жозиба касб этади.
Ва ана шунда адабий қаҳрамонларимиз тақдири ҳам бошқача бўлади…

Саҳифани безаш учун мусаввир Р.Бурмакиннинг «Сурхондарё мадоннаси» (1968) асаридан фойдаландик.

(Tashriflar: umumiy 181, bugungi 1)

1 izoh

  1. Qoyil! Go’zal maqola bo’libdi! Garchi Zuhriddin domlaning mening e’tirof va maqtovlarimga ehtiyoji bo’lmasa-da, bu maqolasi bilan u kishini tabriklayman. Samimiy fikrlari xayratga soldi. Hamma gaplari ma’qul. Maqola meni o’zimni taftish qilishga majbur qildi. Ikkinchi toifaga mansib ayollar safida bo’lishdan qo’rqaman. Men butun umrim davomida shundan qo’rqib yashaganman. Shuning uchun bo’lsa kerak, domlani darrov tushundim. Ilohim, o’zbekning domla aytgan ayollari ko’paysin, o’zbekka er yigitlar tug’ib beraversin! Men kelinlarimga «Mening o’g’illarga o’xshagan yigitlarning avlodini ko’paytiringlar, ikkalangiz ham ikkitadan o’g’il, ikkitadan qiz tug’ib beringlar» derdim. Haq ekanimga imon keltirdim. Maqola uchun yana bir bor rahmat!

Izoh qoldiring