Zulfiya Mo’minova. Dilimdan so’z ochsam & Ayolga baxt bering, saodat bering

092

   «Она қишлоғим Қоратов тоғининг ён бағрида жойлашгани учун бағоят сўлим ва гўзал табиатли, — деб ёзади у ўз таржимаи ҳолида,- Бу ерда халқ оғзаки ижодини яхши биладиган, яхши ижро этадиган одамлар яшайди. Шулар қатори менинг раҳматли бобомни Мўмин оқин деб аташган.Бобом бир неча соатлаб достонлар айтганлар. Орадан йиллар ўтди ва халқ қўшиқларига бўлган ҳавас менинг қалбимда шеърга бўлган интилиш уруғини сочди.
Ўзбек адабиётига 80-йилларда кириб келган ёш шоиралардан бири бўлдим. Бу йиллар бирор ҳафта ёки кун йўқ эдики, шеърият ҳақида баҳс ва суҳбатлар бўлмаган бўлса. Бу баҳс ва мунозараларда чархландим. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева каби устозлардан илҳом олдим…»

088
Зулфия Мўминова
Дилимдан сўз очсам…
022

Зулфия Мўминова 1959 йил 15 июлда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Тошкент Давлат университетининг филология факультетини битирди (1983). «Саодат» журналида, радиода ишлади.(1985). Дастлабки шеърий тўплами — «Ватан ташлаб кетмайди» (1988). Шундан сўнг шоиранинг «Бешикларни асрагин, дунё» (1988), «Ёнаётган аёл» (1993), «Азизим, бахтиёрман» (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Дўстлик» ордени, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони билан тақдирланган (2000).

022

* * *

Ота, умрим ўтгани сайин
Яқин келди Ватан деган сўз.
Шундан, ўтган куним азиздир,
Шундан, келар кунларим азиз.

Ватан деган сўз билан боғлиқ
Қайғум гўзал, қувончим гўзал.
Кўзларимнинг иссиғи шу сўз,
Ҳаётимнинг мазмуни ўшал.

012

Булоқлари дардимга дармон,
Шамоллари олтин тароғим.
Тупроғини кўзимга суртсам
Равшан тортар чашми қароғим.

Ватан десам онам келади
Оқ рўмоллар ўраб бошига.
Мен онамдан қарздор каби,
Қарздорман шу сўз олдида.

Китоб билан нонни тенг кўрган
Улуғлар дарсхонаси – Ватан!
Меҳнат билан сочи оқарган
Онагинам онаси – Ватан!

Ҳумо қуши безаб турибди,
Қомусининг ҳошиясини.
Тонгда туриб куйлар қушлар ҳам
Ўзбекистон мадҳиясини.

* * *

Мана турна қайтди, қайтди қумрилар,
Қай дарахт йиқилди, қай тош сурилди,
Бошга тушганини кўз-ла кўрилар,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Қай кун турна қайтди, онам қайтмади,
Кўнгли ярим-ку, деб ҳеч ким айтмади.
Дунё васлу, видо учрар байтмиди,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Умр — маҳзунгида матал, кутайлик,
Эшиклар ёнида маҳтал, кутайлик,
Турналарни тўрткўз тугал кутайлик,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Мен кўнглимнинг қули, ўзинг ҳушёр бўл,
Менга тош отсалар, тани девор бўл.
Дўстим, сен ўлмагин, ёнимда бор бўл,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Изласак — анқо не, анқо топилар,
Ҳар кимга бир жони фидо топилар,
«Одам топилмайди, дунё топилар»,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Гоҳ билиб-билдирмай ўтар одамлар,
Сувга кетган каби кетар одамлар,
Дунё барчамизга етар, одамлар…
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

* * *

Менинг боболарим йиғлаб келганни
Кўз ёшларин артиб икромлар этган.
Менинг момоларим сув сўраганга
Кумиш косаларда шарбатлар тутган.

Менким, хонлар берган, султонлар берган,
Қутлуғ Нигорларнинг зурёдидирман.
Соҳибқирон севган Бибихонимнинг –
Сароймулкхонимнинг авлодидирман.

Менинг боболарим муҳаббат ҳаққи
Тошларни тарошлаб тожмаҳал этган.
Менинг момоларим Алпомишни
Умр бўйи кутган, интизор кутган.

Менинг боболарим ҳаром-харишни
Эшигин ёнидан ўтказмаганлар.
Менинг момларим қушчаларни ҳам
Бир ҳовуч дон бермай кетказмаганлар.

Менинг ҳайратларим гулзотларимнинг
Жонидан – жонимга ўтган ганжина.
Менинг шеър ёзишим нурзотларимнинг
Қонидан-қонимга ўтган хазина.

Гуллари қизларга айланган боғлар:
Боғидилкушо бу, Боғишамол бу.
Қизлари гуллардан жозиба чорбоғлар,
Соҳиби камол бу, ойга тимсол бу.

Ватан деганимда, кўзимда қалққан,
Севинч ёшларимни артурман мен ҳам.
Ватан – дея келиб, Ватан – деб кетган,
Асл зотларимга тортурман мен ҳам.

* * *

Ўйланиб ўтардим бу кўчалардан,
Энди кулиб ўтгум, ўйланиб ўтгум.
Жаннат юзлилар-ла мубораклашиб,
Беклар суҳбатидан гул териб ўтгум.
Алвон гуллар экдим кўнгил бўстонига!
Истиқлол мангу қол, Ўзбекистонда!

Чашмалар болини энди тушундим,
Қушлар саволини энди тушундим,
Қирлар шамолини энди тушундим,
Томирдек туташдинг, юракда – жонда,
Истиқлол мангу қол, Ўзбекистонда!

Энди ҳазонлардан гул қидирмасман,
Энди нодонлардан дил қидирмасман,
Йўлим сен, мен гирён йўл қидирмасман,
Қариндош тутндим гул, гулистонга,
Истиқлол мангу қол, Ўзбекистонда!

Дилимдан сўз очсам, ғунча очилгай,
Парилар қўлида тугунча очилгай,
Шодлансам, шодликлар шунча очилгай,
Мисли атиргулман тонгги рахшонда,
Истиқлол мангу қол, Ўзбекистонда!

Кўнгилни кўнгил-ла кошона этдим,
Сўзнинг мадорини дармона этдим,
Сиғиндим дуони дармона этдим,
Ўзига шукрона ҳар дам, ҳар онда,
Истиқлол мангу қол, Ўзбекистонда!

* * *

Курсдошим шоир Равшан
Файзни эслаб…

Равшан бизни кулдир,
Сўрарди санам қизлар.
Сен ёзгандай юзи ой,
Қошлари қалам қизлар.

Кулмай қўйдик, ўрнингни
Билдириб юрибсанми?
Жаннатларда хурларни
Кулдириб юрибсанми?

Энди ҳеч ким сим қоқиб,
Айтмагандир пайровлар.
Йўқ самимий сўровлар,
Йўқ самимий чорловлар.

Энди гоҳ-гоҳ тўплансак
Кулгулар ёлғон чиқар.
Ўртадан Равшан деган
Бир азиз армон чиқар.

Бир кечада дунёни
Доғлаб, тиғлатган йигит.
Бизни кулдирган йигит,
Бизни йиғлатган йигит.

…Сен Оқтовдан оқиб келган
Оқин эдинг бизларга.
Бир энани эмишгандик
Яқин эдинг бизларга.

Унутилмас талабалик
Кунлар олтин эканлар,
Сен тўйингдан кийиб келган
Тўнлар олтин эканлар.

Хотрада гулхан ёқиб,
Дилни чўғлатган йигит.
Бизни кулдирган йигит,
Бизни йиғлатган йигит.

Илоҳи жаннатларни
Тўрларини кўрган бўл.
Жаннатларга хурларга
Шеърлар айтиб юрган бўл!..

ФОЗИЛ ЭЛ ТАРАФДАМАН

Қайдасан, деб сўрмагин,
Мен кўнгил тарафдаман,
Сен менинг жонимдасан деган
Ширин тил тарафдаман.

Қирмизи қабокдаман,
Қизил гул тарафдаман,
Баргида дурри шабаррўз
Атиргул тарафдаман.
Чучмомалар чироқ ёққан
Нурли йўл тарафдаман.
Ўзбекистон, деб куйлаган
Шод булбул тарафдаман.

Ойдин оқшом ғазал айтган,
Ойдин дил тарафдаман.
Паришталар олма отган
Ойнакўл тарафдаман.

Девонаи далли эмас,
Соф ақл тарафдаман,
Навоийда, Яссавийда,
Мен Бедил тарафдаман.

Байрамдаман, хуррамдаман,
Тўй, сайил тарафдаман.
Юртни ғафлатдан уйғотган
Фозил эл тарафдаман.

Қайдасан, деб сўрмагин,
Мен кўнгил тарафдаман,
Сен менинг жонимдасан деган
Ширин тил тарафдаман.

Қирмизи қабоқдаман,
Қизил гул тарафдаман,
Баргида дурри шабаррўз
Атиргул тарафдаман.

АЛИШМАСМАН

Жоним Ватан, жон томиринг
Тиллоларга алишмасман.
Широқ ўтган саҳроларинг
Дарёларга алишмасман.

Кўзим Ватан, қаро кўзинг
Қиёларга алишмасман.
Қаҳратонда қорларининг
Жавзоларга алишмасман.

Навоийнинг ҳасратларин
Ҳаволарга алишмасман.
Шоҳ Бобурнинг фурқатларин
Рўёларга алишмасман.
Қадрим Ватан, дил дафтаринг
Иншоларга алишмасман.
Занги отам дуоларин
Шифоларга алишмасман.

Жоним Ватан, жон томиринг
Тиллоларга алишмасман.
Широқ ўтган саҳроларинг
Дарёларга алишмасман.

096
АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ, САОДАТ БЕРИНГ…
Зулфия Мўминова билан суҳбат
Суҳбатдош — Моҳларойим Қаюмова
011

– Аёл ҳамма даврларда ҳам улуғланган, эъзозланган. У Шарқда вафо, садоқат, назокат ва нафосат тимсоли сифатида васф этилган. Сизнингча, аёлни бу каби эҳтиром, ҳурматга сазовор этгувчи нарса нима?

– Аёл қалби… Жамики кўнгилларни меҳру муҳаббатининг тафти ила исита оладиган муҳаббат қуёши. Унинг гўзал сифатлари ҳам шу қадар серобки, уларнинг барчасини санаб саноғига етиб бўлмаса керак.

Аёлнинг қалб бойликларидан биринчи навбатда фидоийликка диққатни қаратган бўлардим. Аслида, бу фазилат – аёл кўнглининг нафақат бойлиги, балки унинг устунидир. Эътибор берсангиз, аёл умри давомида ўзгаларнинг ташвишлари билан овора яшайди, ён-атрофдагиларига ғамхўрлик қилади-ю, ўзини ўйламайди. Оиласи, фарзандлари деб яшайди. Ўз манфаатларини ўзгаларникидан устун қўйишни хаёлига ҳам келтирмаса керак.

Чунончи, Шарқ аёллари азал-азаллардан фидоий қалб соҳибалари бўлиб келишган. Не-не қаҳрамонликлар кўрсатишган. Зотан, тарихнинг бунга кўплаб исботлари бор. Бу ўринда Бобур Мирзонинг Самарқанддан чиқиб кетиши билан боғлиқ воқеани эслаш кифоя. Ўшанда Шайбонийхоннинг Бобурни қўйиб юбориши учун Темурийзодалар олдига қўйган талаби ҳаммани даҳшатга келтирганди. У Бобур Мирзога сулҳ таклиф қилиши билан бирга Хонзодабегимни ўзига хотинликка сўрайди. Табиийки, Бобур Мирзо жонидан азиз бўлган опасини душманининг қўлига топширишдан ўлимни минг чандон афзал билади ва ҳеч иккиланишсиз рад жавобини беради. Аммо шу пайт, кутилмаганда, Хонзодабегим Шайбонийхон билан никоҳ қуришни исташини маълум қилади. Акасига ҳамма-хаммасига роза эканини, фақат Бобур Мирзо Самарқанддан соғ-омон чиқиб кетишини айтади. Қаранг, аёл қалби нақадар фидоий, нақадар олижаноб! Ахир Хонзодабегим Шайбонийхонни севмасди. Яқинларининг жонига қасд қилган одамдан нафратланса-да, укаси жонини сақлаб қолиш учун ёш умрини ҳазон қилишга ҳам тайёр эди!

Севмай никоҳ қуриш аёл учун ўлимдан ҳам баттар эканини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмайди! Шунга қарамасдан, малика ўзини ўзи қурбон келтиришдан тонмайди, токи яқинлари соғ-омон бўлиши учун. Қарангки, аёлга заиф бир ҳилқат деб қараб келадилар-у, лекин зарур дамда у қеч кимнинг қўлидан келмайдиган жасоратни намоён қила олади. Ҳа, аёл – жасорат эгаси. У ўз фарзандлари, оиласи, яқинлари саодати йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди, ҳатто ҳаётини хавфларга қўйишдан ҳам. Шундай экан, ким аёл қалбининг олижаноб эканига шубҳа қилолсин?!

Аёлнинг кўнгил бойлиги ҳақида гапирар эканмиз, унинг ҳалол, покдомон, меҳнаткашлигига таҳсинлар айтаман. Иш юзасидан жуда кўп сафарларда бўламан. Сурхонга бораманми, йўлим Қорақалпоққа тушадими – қаерга бормай, ўзбек аёлининг мўъжиза яратаётганини кўраман. Болакайларни жажжи қўлчаларидан тутиб, ҳижжалаб ҳарф ўқитаётган, илм бераётган ҳам, йил ўн икки ой дастурхонларимизни безаб турадиган ноз-неъматларни етиштираётган ҳам, дардларга даво топиб, минглар ҳаётини сақлаб қолаётган ҳам – уларнинг аксари ўша, Аёл – беозор, камтарин, содда, меҳнаткаш…

– Дарҳақиқат, аёл қалби чегара билмайди. Шунинг учун у мўътабар, мукаррам. Унга лойиқ мақтовлар, таърифлар ҳам шу боис чексиздир, балки. Аёл қалбига атиги биргина сўз билан таъриф бериш талаб этилганида, қандай жавоб берган бўлардингиз?

– Биласизми, аёл қалби шуниси билан ҳам мўъжизакорки, унинг шарафига минглаб мақтовлар, таҳсинлар ўқилмасин, унга аниқ бир таъриф беролмайсиз. Битта сўз билан таърифлашни-ку ҳеч ким уддасидан чиқолмаса керак. Одамзот курраи заминдаги ҳар қанақа нарса, мавжудотнинг муносиб таърифини топишга улгурган, чамамда. Аммо аёл қалбининг мукаммал таърифи ҳали айтилганича йўқ. Эҳтимол, айтилмас ҳам.

Аёл… Бу каломга ярашиқли яна бир калом – яратувчанлик. Яқинда хизмат сафари билан Сурхондарёда бўлдим. Шўрчи туманининг маҳаллаларидан бирини айланиб юрганимизда бир аёлнинг ҳовлида гилам тўқиб ўтирганига кўзимиз тушди. Саломлашдик, уй эгалари бизларни ичкарига таклиф қилишди. Бир пиёла чой устида мезбон аёл бояги тўқиётган гилам қизининг сарпасига аталганини айтди. Бозорларда гиламларнинг турли-туман, хил-хили сотилаётгани, қизларнинг сарпасига улардан энг саралари танлаб олинаётганини айтиб, “Сизнинг қизингиз ҳам ўша гиламлардан хоҳласа керак, қолаверса, гилам тўқиш қанча меҳнат талаб қилади-я, ўзингизни уринтириб нима қиласиз?” – дедим. Ана шунда мезбон аёл: “Тўғри, биз ҳам қизларимизнинг сарпасига ана шундай гиламлардан совға қиламиз, лекин онаси ўз қўллари билан тўқиб берган гилам барибир бошқача-да!” – деди. Қаранг, аёл қандай фидойи, яратувчан, қанчалар доно! Она ҳар ипига минг меҳрни жойлаб тўқиган гилам қиз боланинг янги ўйига қўядиган қадамини қутлуғ қилмайдими ёки бўлажак невара-чеваралар чевар момосини эслаб-эслаб юрмайдими, ўша гиламда?! Ҳа, аёл ўзи мафтункор бўлиши билан бирга, дунёни ҳам гўзал қилгувчидир!

– Ўзбек аёллари тарих саҳифаларида ёрқин из қолдирган, туб бурилишларга журъати етган аёллардир! Эътибор берсак, аёл ҳақида гап кетса, кўпинча унга камтар, ўта содда, ишонувчан дея сифатлар берилади. Шу билан бирга, халқимизда аёл макрининг қирқ туяга юк бўлиши ҳақида нақл бор. Бундай таърифларнинг қай бири ҳақиқатга яқин, деб ўйлайсиз: ишонувчан, содда ва камтарликми ёки макр?

– Аёл макри… Шу иборани шу пайтгача ўзим учун қабул қилолган эмасман. Момолардан эшитганмиз. Очарчилик йиллари бир аёл ҳар куни топган бир бурда нонини фарзандларига едираётганида болалари: “Нега доим ўзингиз емайсиз? Фақат бизларга берасиз, ўзингиз туз ҳам тотмайсиз”, – дейишар, шунда Она: “Болам, мен Сизлар ухлаётган пайтингизда еганман, тўйиб-тўйиб овқатланганман-да”, – деб жавоб бераркан. Мана, аёл ёлғон гапиряпти. Ўз болаларини алдаяпти. Агар шу макр бўлса, демак, аёл макрли! Аёлнинг баъзида ишлатган ҳийла-найранги, ёлғони ҳам аслида эзгуликка хизмат қилади!
Гап шундаки, аёл – зийрак ҳилқат. Аҳли дониш асарларида ҳам аёлнинг тахмини кўпинча рост бўлиб чиқиши таъкидланган. Аёл нимадандир гумон қилдими, тўғри чиқади. Аммо бу зийракликни макрга йўядиганлар ҳам йўқ эмас. Биз – аёллар, ҳар биримиз алоҳида бир дунёмиз. Ана шу кичик дунёмизда нима хатар пайдо бўлса, буни биринчи бўлиб сезамиз. Баъзан айримлар бизга қоп-қоп ваъдалар бериб, изимиздан киши хушламас гап қилганида ҳам буни ич-ичимизда сезиб турамиз. “У менга панд берди”, – деймиз. Яна дарров ўзимизга ўзимиз: “Йўқ, у аслида унақамас”, – дейишга шошиламиз. Ўшанда ҳам қилган гумонимиз тўғри бўлиб чиқади.

Баъзан аёл ҳақида: “У жуда ҳам маккора. Уни алдаб бўлмайди”, – дейишади. Аслида эса бунга аёл макрининг алоқаси йўқ! Гап аёлнинг зийраклигида, холос. Макр бировни бахтсизликка олиб келадиган айёрлик деганидир. Бу сўзнинг Аёл деган мўтабар калом билан ёнма-ён ишлатилиши мени ҳайрон қолдиради!
Таассуфки, жамиятимизда Аёл деган номга доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмас. Уларни маккора дейишадими, айёрлигини қирқ туяга юк дейишадими – ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Мен гапираётган аёллар бошқа. Улар меҳнаткаш, жонкуяр, ҳалол ва номусли, иффатли ва беғубор…

– Дарҳақиқат, аёл эзгуликка интилиб яшайди. Ўзгалар бахтини ўйлаб, баъзан ўзининг саодати ҳақида унутиб ҳам қўяди. Сиз халқимизга яхши таниш шеърларингиздан бирида: “Аёлга бахт беринг, саодат беринг, Деманг, юрибди-ку кулиб жилмайиб…”, – деган эдингиз. Айтинг-чи, ушбу мисралар орқали аёлга қандай бахт сўраган эдингиз? Умуман, бахт деганда нимани тушунасиз?

– Аёл бахти – атрофдагиларнинг уни тушунишида, аёлнинг мўъжиза эканини ҳис этишларида. Аслида ҳам аёл бахт учун яралган. Аёл гўзаллик, фидоий қалб эгаси. “Аёлга бахт беринг, саодат беринг…” деганимда унга бироз эътиборлироқ бўлинг, кулиб, жилмайиб юрганини бахтга йўйманг, ич-ичида яшириниб ётган дард-аламларига ширин сўзингиз-у, меҳрингиз билан малҳам бўлинг, демоқчи бўлганман.

– Ишингиз тақозоси билан турфа мамлакатларда бўласиз. Табиийки, чет эллик аёллар билан суҳбатлашасиз. Ана шунда Шарқ ва Ғарб аёллари ўртасида қандайдир тафовутларни сезасизми ҳеч?

– Шуни таъкидлаб ўтишим зарурки, Ғарб аёллари ҳам жуда илғор. Улар ҳам салоҳият бобида бизнинг аёлларимиздан асло қолишмайди. Аммо шундай бир хислат борки, у Шарқ аёлини қолган барча аёллардан устун қилолади. Бу – ўзини унутиб, ўзгалар учун яшаш демакдир. Бизнинг аёллар ҳаётини буткул фарзанди, оиласига бағишлайди. Негаки улар мана шу турмуш-тарзини ўзларининг бахти деб билади. Ғарб аёллари-чи? Улар аксар ҳолларда ўзлари ва фақат ўзлари учун яшашни маъқул ҳисоблайди. Ўзбек аёли “Мен – фалончиман” деб мағрурланишдан кўра кўпроқ, “Мен – фалончининг онасиман, синглисиман, жуфти ҳалолиман” деб айтишни ўзлари учун ёқимлироқ деб билади.

Шарқ аёлларигагина хос бўлган яна бир хислат – бу ўзини кимдандир қуйи тута олиши, ўзини кимнингдир олдида бурчли ҳис этиши. Биз шундай тарбия олганмиз. Болалигимиздан оталаримизнинг сўзини икки қилмасликка одатланганмиз. Кейинчалик эса турмуш ўртоғимизни хурмат қилиб, ёнида ўзимизни қуйи тутишга ўрганамиз. Бу дегани, биз уларнинг ёнида ўзимизнинг заифлигимизни ҳис қиламиз, уларга суянамиз. Ўзбек оталари, ўзбек эркаклари ҳамиша қудратли бўлиб келишгани учун ҳам уларга ишониб, уларнинг виждонига ўзимизни топшириб яшаймиз.
Кўқна Шарқ ҳамиша тафаккур манбаи бўлиб келган. Шарқ аёллари эса садоқат, ҳалоллик, эзгуликнинг меҳроби ҳисобланадилар. Иффат, вафо ва садоқат, муҳаббат каби муқаддас туйғуларга чинакам маънода ярашиқли сиймо ҳам айнан Аёлдир. У билан олам мунаввар. Аёл борки, Ватаннинг эртаси саодатлидир!

Манба: “Hurriyat” газетаси

034

«Ona qishlog’im Qoratov tog’ining yon bag’rida joylashgani uchun bag’oyat so’lim va go’zal tabiatli, — deb yozadi u o’z tarjimai holida,- Bu yerda xalq og’zaki ijodini yaxshi biladigan, yaxshi ijro etadigan odamlar yashaydi. Shular qatori mening rahmatli bobomni Mo’min oqin deb atashgan.Bobom bir necha soatlab dostonlar aytganlar. Oradan yillar o’tdi va xalq qo’shiqlariga bo’lgan havas mening qalbimda she’rga bo’lgan intilish urug’ini sochdi.
O’zbek adabiyotiga 80-yillarda kirib kelgan yosh shoiralardan biri bo’ldim. Bu yillar biror hafta yoki kun yo’q ediki, she’riyat haqida bahs va suhbatlar bo’lmagan bo’lsa. Bu bahs va munozaralarda charxlandim. Abdulla Oripov, Erkin Vohidov, Omon Matjon, Halima Xudoyberdieva kabi ustozlardan ilhom oldim…»

088
Zulfiya Mo’minova
Dilimdan so’z ochsam…
022

Zulfiya Mo’minova 1959 yil 15 iyulda Samarqand viloyatining Narpay tumanida tug’ilgan. Toshkent Davlat universitetining filologiya fakul`tetini bitirdi (1983). «Saodat» jurnalida, radioda ishladi.(1985). Dastlabki she’riy to’plami — «Vatan tashlab ketmaydi» (1988). Shundan so’ng shoiraning «Beshiklarni asragin, dunyo» (1988), «Yonayotgan ayol» (1993), «Azizim, baxtiyorman» (1997) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. «Do’stlik» ordeni, «O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi» unvoni bilan taqdirlangan (2000).

022

* * *

Ota, umrim o’tgani sayin
Yaqin keldi Vatan degan so’z.
Shundan, o’tgan kunim azizdir,
Shundan, kelar kunlarim aziz.

Vatan degan so’z bilan bog’liq
Qayg’um go’zal, quvonchim go’zal.
Ko’zlarimning issig’i shu so’z,
Hayotimning mazmuni o’shal.

Buloqlari dardimga darmon,
Shamollari oltin tarog’im.
Tuprog’ini ko’zimga surtsam
Ravshan tortar chashmi qarog’im.
07
Vatan desam onam keladi
Oq ro’mollar o’rab boshiga.
Men onamdan qarzdor kabi,
Qarzdorman shu so’z oldida.

Kitob bilan nonni teng ko’rgan
Ulug’lar darsxonasi – Vatan!
Mehnat bilan sochi oqargan
Onaginam onasi – Vatan!

Humo qushi bezab turibdi,
Qomusining hoshiyasini.
Tongda turib kuylar qushlar ham
O’zbekiston madhiyasini.

* * *

Mana turna qaytdi, qaytdi qumrilar,
Qay daraxt yiqildi, qay tosh surildi,
Boshga tushganini ko’z-la ko’rilar,
Turnalar qaytguncha omon bo’laylik.

Qay kun turna qaytdi, onam qaytmadi,
Ko’ngli yarim-ku, deb hech kim aytmadi.
Dunyo vaslu, vido uchrar baytmidi,
Turnalar qaytguncha omon bo’laylik.

Umr — mahzungida matal, kutaylik,
Eshiklar yonida mahtal, kutaylik,
Turnalarni to’rtko’z tugal kutaylik,
Turnalar qaytguncha omon bo’laylik.

Men ko’nglimning quli, o’zing hushyor bo’l,
Menga tosh otsalar, tani devor bo’l.
Do’stim, sen o’lmagin, yonimda bor bo’l,
Turnalar qaytguncha omon bo’laylik.

Izlasak — anqo ne, anqo topilar,
Har kimga bir joni fido topilar,
«Odam topilmaydi, dunyo topilar»,
Turnalar qaytguncha omon bo’laylik.

Goh bilib-bildirmay o’tar odamlar,
Suvga ketgan kabi ketar odamlar,
Dunyo barchamizga yetar, odamlar…
Turnalar qaytguncha omon bo’laylik.

* * *

Mening bobolarim yig’lab kelganni
Ko’z yoshlarin artib ikromlar etgan.
Mening momolarim suv so’raganga
Kumish kosalarda sharbatlar tutgan.

Menkim, xonlar bergan, sultonlar bergan,
Qutlug’ Nigorlarning zuryodidirman.
Sohibqiron sevgan Bibixonimning –
Saroymulkxonimning avlodidirman.

Mening bobolarim muhabbat haqqi
Toshlarni taroshlab tojmahal etgan.
Mening momolarim Alpomishni
Umr bo’yi kutgan, intizor kutgan.

Mening bobolarim harom-xarishni
Eshigin yonidan o’tkazmaganlar.
Mening momlarim qushchalarni ham
Bir hovuch don bermay ketkazmaganlar.

Mening hayratlarim gulzotlarimning
Jonidan – jonimga o’tgan ganjina.
Mening she’r yozishim nurzotlarimning
Qonidan-qonimga o’tgan xazina.

Gullari qizlarga aylangan bog’lar:
Bog’idilkusho bu, Bog’ishamol bu.
Qizlari gullardan joziba chorbog’lar,
Sohibi kamol bu, oyga timsol bu.

Vatan deganimda, ko’zimda qalqqan,
Sevinch yoshlarimni arturman men ham.
Vatan – deya kelib, Vatan – deb ketgan,
Asl zotlarimga torturman men ham.

* * *

O’ylanib o’tardim bu ko’chalardan,
Endi kulib o’tgum, o’ylanib o’tgum.
Jannat yuzlilar-la muboraklashib,
Beklar suhbatidan gul terib o’tgum.
Alvon gullar ekdim ko’ngil bo’stoniga!
Istiqlol mangu qol, O’zbekistonda!

Chashmalar bolini endi tushundim,
Qushlar savolini endi tushundim,
Qirlar shamolini endi tushundim,
Tomirdek tutashding, yurakda – jonda,
Istiqlol mangu qol, O’zbekistonda!

Endi hazonlardan gul qidirmasman,
Endi nodonlardan dil qidirmasman,
Yo’lim sen, men giryon yo’l qidirmasman,
Qarindosh tutndim gul, gulistonga,
Istiqlol mangu qol, O’zbekistonda!

Dilimdan so’z ochsam, g’uncha ochilgay,
Parilar qo’lida tuguncha ochilgay,
Shodlansam, shodliklar shuncha ochilgay,
Misli atirgulman tonggi raxshonda,
Istiqlol mangu qol, O’zbekistonda!

Ko’ngilni ko’ngil-la koshona etdim,
So’zning madorini darmona etdim,
Sig’indim duoni darmona etdim,
O’ziga shukrona har dam, har onda,
Istiqlol mangu qol, O’zbekistonda!

* * *

Kursdoshim shoir Ravshan  Fayzni eslab…

Ravshan bizni kuldir,
So’rardi sanam qizlar.
Sen yozganday yuzi oy,
Qoshlari qalam qizlar.

Kulmay qo’ydik, o’rningni
Bildirib yuribsanmi?
Jannatlarda xurlarni
Kuldirib yuribsanmi?

Endi hech kim sim qoqib,
Aytmagandir payrovlar.
Yo’q samimiy so’rovlar,
Yo’q samimiy chorlovlar.

Endi goh-goh to’plansak
Kulgular yolg’on chiqar.
O’rtadan Ravshan degan
Bir aziz armon chiqar.

Bir kechada dunyoni
Dog’lab, tig’latgan yigit.
Bizni kuldirgan yigit,
Bizni yig’latgan yigit.

…Sen Oqtovdan oqib kelgan
Oqin eding bizlarga.
Bir enani emishgandik
Yaqin eding bizlarga.

Unutilmas talabalik
Kunlar oltin ekanlar,
Sen to’yingdan kiyib kelgan
To’nlar oltin ekanlar.

Xotrada gulxan yoqib,
Dilni cho’g’latgan yigit.
Bizni kuldirgan yigit,
Bizni yig’latgan yigit.

Ilohi jannatlarni
To’rlarini ko’rgan bo’l.
Jannatlarga xurlarga
She’rlar aytib yurgan bo’l!..

FOZIL EL TARAFDAMAN

Qaydasan, deb so’rmagin,
Men ko’ngil tarafdaman,
Sen mening jonimdasan degan
Shirin til tarafdaman.

Qirmizi qabokdaman,
Qizil gul tarafdaman,
Bargida durri shabarro’z
Atirgul tarafdaman.
Chuchmomalar chiroq yoqqan
Nurli yo’l tarafdaman.
O’zbekiston, deb kuylagan
Shod bulbul tarafdaman.

Oydin oqshom g’azal aytgan,
Oydin dil tarafdaman.
Parishtalar olma otgan
Oynako’l tarafdaman.

Devonai dalli emas,
Sof aql tarafdaman,
Navoiyda, Yassaviyda,
Men Bedil tarafdaman.

Bayramdaman, xurramdaman,
To’y, sayil tarafdaman.
Yurtni g’aflatdan uyg’otgan
Fozil el tarafdaman.

Qaydasan, deb so’rmagin,
Men ko’ngil tarafdaman,
Sen mening jonimdasan degan
Shirin til tarafdaman.

Qirmizi qaboqdaman,
Qizil gul tarafdaman,
Bargida durri shabarro’z
Atirgul tarafdaman.

ALISHMASMAN

Jonim Vatan, jon tomiring
Tillolarga alishmasman.
Shiroq o’tgan sahrolaring
Daryolarga alishmasman.

Ko’zim Vatan, qaro ko’zing
Qiyolarga alishmasman.
Qahratonda qorlarining
Javzolarga alishmasman.

Navoiyning hasratlarin
Havolarga alishmasman.
Shoh Boburning furqatlarin
Ro’yolarga alishmasman.
Qadrim Vatan, dil daftaring
Insholarga alishmasman.
Zangi otam duolarin
Shifolarga alishmasman.

Jonim Vatan, jon tomiring
Tillolarga alishmasman.
Shiroq o’tgan sahrolaring
Daryolarga alishmasman.

096
AYOLGA BAXT BERING, SAODAT BERING…
Zulfiya Mo’minova bilan suhbat
Suhbatdosh — Mohlaroyim Qayumova
011

08– Ayol hamma davrlarda ham ulug’langan, e’zozlangan. U Sharqda vafo, sadoqat, nazokat va nafosat timsoli sifatida vasf etilgan. Sizningcha, ayolni bu kabi ehtirom, hurmatga sazovor etguvchi narsa nima?

023– Ayol qalbi… Jamiki ko’ngillarni mehru muhabbatining tafti ila isita oladigan muhabbat quyoshi. Uning go’zal sifatlari ham shu qadar serobki, ularning barchasini sanab sanog’iga yetib bo’lmasa kerak.

Ayolning qalb boyliklaridan birinchi navbatda fidoiylikka diqqatni qaratgan bo’lardim. Aslida, bu fazilat – ayol ko’nglining nafaqat boyligi, balki uning ustunidir. E’tibor bersangiz, ayol umri davomida o’zgalarning tashvishlari bilan ovora yashaydi, yon-atrofdagilariga g’amxo’rlik qiladi-yu, o’zini o’ylamaydi. Oilasi, farzandlari deb yashaydi. O’z manfaatlarini o’zgalarnikidan ustun qo’yishni xayoliga ham keltirmasa kerak.

Chunonchi, Sharq ayollari azal-azallardan fidoiy qalb sohibalari bo’lib kelishgan. Ne-ne qahramonliklar ko’rsatishgan. Zotan, tarixning bunga ko’plab isbotlari bor. Bu o’rinda Bobur Mirzoning Samarqanddan chiqib ketishi bilan bog’liq voqeani eslash kifoya. O’shanda Shayboniyxonning Boburni qo’yib yuborishi uchun Temuriyzodalar oldiga qo’ygan talabi hammani dahshatga keltirgandi. U Bobur Mirzoga sulh taklif qilishi bilan birga Xonzodabegimni o’ziga xotinlikka so’raydi. Tabiiyki, Bobur Mirzo jonidan aziz bo’lgan opasini dushmanining qo’liga topshirishdan o’limni ming chandon afzal biladi va hech ikkilanishsiz rad javobini beradi. Ammo shu payt, kutilmaganda, Xonzodabegim Shayboniyxon bilan nikoh qurishni istashini ma’lum qiladi. Akasiga hamma-xammasiga roza ekanini, faqat Bobur Mirzo Samarqanddan sog’-omon chiqib ketishini aytadi. Qarang, ayol qalbi naqadar fidoiy, naqadar olijanob! Axir Xonzodabegim Shayboniyxonni sevmasdi. Yaqinlarining joniga qasd qilgan odamdan nafratlansa-da, ukasi jonini saqlab qolish uchun yosh umrini hazon qilishga ham tayyor edi!

Sevmay nikoh qurish ayol uchun o’limdan ham battar ekanini uning o’zidan boshqa hech kim tushunmaydi! Shunga qaramasdan, malika o’zini o’zi qurbon keltirishdan tonmaydi, toki yaqinlari sog’-omon bo’lishi uchun. Qarangki, ayolga zaif bir hilqat deb qarab keladilar-u, lekin zarur damda u qech kimning qo’lidan kelmaydigan jasoratni namoyon qila oladi. Ha, ayol – jasorat egasi. U o’z farzandlari, oilasi, yaqinlari saodati yo’lida hech narsadan qaytmaydi, hatto hayotini xavflarga qo’yishdan ham. Shunday ekan, kim ayol qalbining olijanob ekaniga shubha qilolsin?!

Ayolning ko’ngil boyligi haqida gapirar ekanmiz, uning halol, pokdomon, mehnatkashligiga tahsinlar aytaman. Ish yuzasidan juda ko’p safarlarda bo’laman. Surxonga boramanmi, yo’lim Qoraqalpoqqa tushadimi – qaerga bormay, o’zbek ayolining mo»jiza yaratayotganini ko’raman. Bolakaylarni jajji qo’lchalaridan tutib, hijjalab harf o’qitayotgan, ilm berayotgan ham, yil o’n ikki oy dasturxonlarimizni bezab turadigan noz-ne’matlarni yetishtirayotgan ham, dardlarga davo topib, minglar hayotini saqlab qolayotgan ham – ularning aksari o’sha, Ayol – beozor, kamtarin, sodda, mehnatkash…

– Darhaqiqat, ayol qalbi chegara bilmaydi. Shuning uchun u mo»tabar, mukarram. Unga loyiq maqtovlar, ta’riflar ham shu bois cheksizdir, balki. Ayol qalbiga atigi birgina so’z bilan ta’rif berish talab etilganida, qanday javob bergan bo’lardingiz?

– Bilasizmi, ayol qalbi shunisi bilan ham mo»jizakorki, uning sharafiga minglab maqtovlar, tahsinlar o’qilmasin, unga aniq bir ta’rif berolmaysiz. Bitta so’z bilan ta’riflashni-ku hech kim uddasidan chiqolmasa kerak. Odamzot kurrai zamindagi har qanaqa narsa, mavjudotning munosib ta’rifini topishga ulgurgan, chamamda. Ammo ayol qalbining mukammal ta’rifi hali aytilganicha yo’q. Ehtimol, aytilmas ham.

Ayol… Bu kalomga yarashiqli yana bir kalom – yaratuvchanlik. Yaqinda xizmat safari bilan Surxondaryoda bo’ldim. Sho’rchi tumanining mahallalaridan birini aylanib yurganimizda bir ayolning hovlida gilam to’qib o’tirganiga ko’zimiz tushdi. Salomlashdik, uy egalari bizlarni ichkariga taklif qilishdi. Bir piyola choy ustida mezbon ayol boyagi to’qiyotgan gilam qizining sarpasiga atalganini aytdi. Bozorlarda gilamlarning turli-tuman, xil-xili sotilayotgani, qizlarning sarpasiga ulardan eng saralari tanlab olinayotganini aytib, “Sizning qizingiz ham o’sha gilamlardan xohlasa kerak, qolaversa, gilam to’qish qancha mehnat talab qiladi-ya, o’zingizni urintirib nima qilasiz?” – dedim. Ana shunda mezbon ayol: “To’g’ri, biz ham qizlarimizning sarpasiga ana shunday gilamlardan sovg’a qilamiz, lekin onasi o’z qo’llari bilan to’qib bergan gilam baribir boshqacha-da!” – dedi. Qarang, ayol qanday fidoyi, yaratuvchan, qanchalar dono! Ona har ipiga ming mehrni joylab to’qigan gilam qiz bolaning yangi o’yiga qo’yadigan qadamini qutlug’ qilmaydimi yoki bo’lajak nevara-chevaralar chevar momosini eslab-eslab yurmaydimi, o’sha gilamda?! Ha, ayol o’zi maftunkor bo’lishi bilan birga, dunyoni ham go’zal qilguvchidir!

– O’zbek ayollari tarix sahifalarida yorqin iz qoldirgan, tub burilishlarga jur’ati yetgan ayollardir! E’tibor bersak, ayol haqida gap ketsa, ko’pincha unga kamtar, o’ta sodda, ishonuvchan deya sifatlar beriladi. Shu bilan birga, xalqimizda ayol makrining qirq tuyaga yuk bo’lishi haqida naql bor. Bunday ta’riflarning qay biri haqiqatga yaqin, deb o’ylaysiz: ishonuvchan, sodda va kamtarlikmi yoki makr?

– Ayol makri… Shu iborani shu paytgacha o’zim uchun qabul qilolgan emasman. Momolardan eshitganmiz. Ocharchilik yillari bir ayol har kuni topgan bir burda nonini farzandlariga yedirayotganida bolalari: “Nega doim o’zingiz yemaysiz? Faqat bizlarga berasiz, o’zingiz tuz ham totmaysiz”, – deyishar, shunda Ona: “Bolam, men Sizlar uxlayotgan paytingizda yeganman, to’yib-to’yib ovqatlanganman-da”, – deb javob berarkan. Mana, ayol yolg’on gapiryapti. O’z bolalarini aldayapti. Agar shu makr bo’lsa, demak, ayol makrli! Ayolning ba’zida ishlatgan hiyla-nayrangi, yolg’oni ham aslida ezgulikka xizmat qiladi!
Gap shundaki, ayol – ziyrak hilqat. Ahli donish asarlarida ham ayolning taxmini ko’pincha rost bo’lib chiqishi ta’kidlangan. Ayol nimadandir gumon qildimi, to’g’ri chiqadi. Ammo bu ziyraklikni makrga yo’yadiganlar ham yo’q emas. Biz – ayollar, har birimiz alohida bir dunyomiz. Ana shu kichik dunyomizda nima xatar paydo bo’lsa, buni birinchi bo’lib sezamiz. Ba’zan ayrimlar bizga qop-qop va’dalar berib, izimizdan kishi xushlamas gap qilganida ham buni ich-ichimizda sezib turamiz. “U menga pand berdi”, – deymiz. Yana darrov o’zimizga o’zimiz: “Yo’q, u aslida unaqamas”, – deyishga shoshilamiz. O’shanda ham qilgan gumonimiz to’g’ri bo’lib chiqadi.

Ba’zan ayol haqida: “U juda ham makkora. Uni aldab bo’lmaydi”, – deyishadi. Aslida esa bunga ayol makrining aloqasi yo’q! Gap ayolning ziyrakligida, xolos. Makr birovni baxtsizlikka olib keladigan ayyorlik deganidir. Bu so’zning Ayol degan mo’tabar kalom bilan yonma-yon ishlatilishi meni hayron qoldiradi!
Taassufki, jamiyatimizda Ayol degan nomga dog’ tushirayotganlar ham yo’q emas. Ularni makkora deyishadimi, ayyorligini qirq tuyaga yuk deyishadimi – har kimning o’ziga havola. Men gapirayotgan ayollar boshqa. Ular mehnatkash, jonkuyar, halol va nomusli, iffatli va beg’ubor…

– Darhaqiqat, ayol ezgulikka intilib yashaydi. O’zgalar baxtini o’ylab, ba’zan o’zining saodati haqida unutib ham qo’yadi. Siz xalqimizga yaxshi tanish she’rlaringizdan birida: “Ayolga baxt bering, saodat bering, Demang, yuribdi-ku kulib jilmayib…”, – degan edingiz. Ayting-chi, ushbu misralar orqali ayolga qanday baxt so’ragan edingiz? Umuman, baxt deganda nimani tushunasiz?

– Ayol baxti – atrofdagilarning uni tushunishida, ayolning mo»jiza ekanini his etishlarida. Aslida ham ayol baxt uchun yaralgan. Ayol go’zallik, fidoiy qalb egasi. “Ayolga baxt bering, saodat bering…” deganimda unga biroz e’tiborliroq bo’ling, kulib, jilmayib yurganini baxtga yo’ymang, ich-ichida yashirinib yotgan dard-alamlariga shirin so’zingiz-u, mehringiz bilan malham bo’ling, demoqchi bo’lganman.

– Ishingiz taqozosi bilan turfa mamlakatlarda bo’lasiz. Tabiiyki, chet ellik ayollar bilan suhbatlashasiz. Ana shunda Sharq va G’arb ayollari o’rtasida qandaydir tafovutlarni sezasizmi hech?

– Shuni ta’kidlab o’tishim zarurki, G’arb ayollari ham juda ilg’or. Ular ham salohiyat bobida bizning ayollarimizdan aslo qolishmaydi. Ammo shunday bir xislat borki, u Sharq ayolini qolgan barcha ayollardan ustun qiloladi. Bu – o’zini unutib, o’zgalar uchun yashash demakdir. Bizning ayollar hayotini butkul farzandi, oilasiga bag’ishlaydi. Negaki ular mana shu turmush-tarzini o’zlarining baxti deb biladi. G’arb ayollari-chi? Ular aksar hollarda o’zlari va faqat o’zlari uchun yashashni ma’qul hisoblaydi. O’zbek ayoli “Men – falonchiman” deb mag’rurlanishdan ko’ra ko’proq, “Men – falonchining onasiman, singlisiman, jufti haloliman” deb aytishni o’zlari uchun yoqimliroq deb biladi.

Sharq ayollarigagina xos bo’lgan yana bir xislat – bu o’zini kimdandir quyi tuta olishi, o’zini kimningdir oldida burchli his etishi. Biz shunday tarbiya olganmiz. Bolaligimizdan otalarimizning so’zini ikki qilmaslikka odatlanganmiz. Keyinchalik esa turmush o’rtog’imizni xurmat qilib, yonida o’zimizni quyi tutishga o’rganamiz. Bu degani, biz ularning yonida o’zimizning zaifligimizni his qilamiz, ularga suyanamiz. O’zbek otalari, o’zbek erkaklari hamisha qudratli bo’lib kelishgani uchun ham ularga ishonib, ularning vijdoniga o’zimizni topshirib yashaymiz.
Ko’qna Sharq hamisha tafakkur manbai bo’lib kelgan. Sharq ayollari esa sadoqat, halollik, ezgulikning mehrobi hisoblanadilar. Iffat, vafo va sadoqat, muhabbat kabi muqaddas tuyg’ularga chinakam ma’noda yarashiqli siymo ham aynan Ayoldir. U bilan olam munavvar. Ayol borki, Vatanning ertasi saodatlidir!

Manba: “Hurriyat” gazetasi

034

(Tashriflar: umumiy 18 020, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ёш қаламкашлар учун жуда ибратли суҳбат бўлибди. Уни лотин алифбосида ҳам тақдим этган ушбу сайт ижодкорларига самимий миннатдорчилик изҳор этган ҳолда uchildiz.uz сайти мухлисларини ҳам баҳраманд этишни лозим топдик.

Izoh qoldiring