Zulfiya Qurolboy qizi. Ikki hikoya: Quyosh nega chiqaveradi? & Ikki manzil

011Ёзувчи Зулфия Қуролбой қизини таваллуд топган куни билан чин юракдан қутлаймиз

   Адибанинг “Ёзсиз йил”, шунингдек, “Қуёш нега чиқаверади?”, “Бахтсизлик маликаси” ҳикояларида персонажлар тушиб қолган чигал вазият, ўша кезлари улар қисмати, табиати, руҳиятида юз берган эврилишлар, қабоҳат ва эзгу туйғулар маҳорабаси ифодаси “Машаққатлар гирдоби”, “Армон асираси” романларидагидан бутунлай ўзгача (Умарали Норматовнинг «Қалбдаги беназир зиё» мақоласидан).

 Зулфия Қуролбой қизи
ИККИ ҲИКОЯ
088

055Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева) – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилди.

011

ҚУЁШ НЕГА ЧИҚАВЕРАДИ?

098Тош қотиб ухлаб ётгандим, аллакимнинг турткиси ва ҳаяжонли овозидан чўчиб уйғондим. Кўзлари бесаранжом боқаётган онам устимга энгашиб турарди.
– Тур, сени сўраб келишди. Турақол, – деди онам шошилиб, нимадандир қаттиқ безовталанган ҳолда.
– Ким… Ким сўраб кепти эрталабдан? – эринчоқлик билан бошимни ёстиқдан кўтариб қўйдим-у, яна ташладим.
– Тур деяпман сенга. Турсуной шўрлик дори ичиб қўйипти!
– Ни-ма?! Дори ичиб қўйибдими?! – Ўрнимдан учиб турдим. – Нега ичади? Кеча, куни кеча дуп-дуруст юрганди-ку? – дея тўхтовсиз савол берардим кийинишимга ёрдамлашаётган онамнинг юзига тикилиб.
– Ким билсин. Сенга ҳеч нарса демаганмиди, ахир? Отаси шунинг учун сенга келди-ёв. Бирор нимани сўрашса, ўйлаб кўриб, кейин жавоб бергин. Тағин…

Онамнинг сўзларини охиригача эшитишга сабрим етмади, отилиб ташқарига чиқдим. Онам ҳай-ҳайлаганча қолди. Гапларини охиригача эшитмаган бўлсам ҳам нима дейишларини биламан: “Бўлар-бўлмас гапларни валдирайверма. Тилингга эҳтиёт бўл! Тағин бошингни бир балога гирифтор қилиб қўйма. Турсунойдан қўрққулик…”

Ҳа, онам қадрдон дугонам, девор-дармиён қўшнимиз Абдуҳамид амакининг қизи Турсунойдан қўрқади. Нафақат менинг онам, балки дугонамнинг ота-онаси Абдуҳамид амаки билан Баҳри хола ва умуман кўпчилик ундан, тўғрироғи унинг ўзини тутишидан, хатти-ҳаракатлари сал бошқачароқ, яъни ғалати бўлгани учун чўчишарди. Бундан тўққиз ой аввал ҳам Турсуной ўзини ўлдиришга уринганди. Яхшиямки Абдуҳамид амаки бехосдан ҳаммомга киргану, сиртмоққа тикилиб турган қизини кўриб қолиб, бир ўлимдан қутқарган эди. Мана, бугун яна у…

Дарвозани очиб, кўчага чиққан ҳам эдимки, Абдуҳамид амакига тўқнаш келдим.
– Қизим, бу аҳмоқ қиз яна… – дудуқланиб гапирди ранг-қути ўчган, кўзлари ғилтиллаётган Абдуҳамид амаки.
– Қаерда ўзи? Уйдами, касалхонадами?.. – деб сўрадим шошиб.
– Секин, секинроқ гапир, – Абдуҳамид амаки ён-верига зимдан қараб қўйди. – Бошқалар билмай қўя қолсин дегандим. Бу аҳмоқ…
– Қаерда ўзи? – яна сўрадим ториқиб кетиб.
– Уйда… ётибди. Кечаси касалхонага оборгандик, ичини тозалаб-ювиб, қайтариб юборишди. Вақтида билиб қолган эканмиз… Саҳарда ўзига келиб, сени сўради… Шундан бери нуқул сени сўрайди…
– Қанақа дори ичибди?
– Қирқ дона демидрол…
– Вой аҳмоқ! – деб юбордим беихтиёр.
– Аҳмоқ ҳам гапми! Қани, олдига кир-чи, қандай гапи боракан?

Абдуҳамид амаки худди бир нима қидираётгандай ерга қараганча уйлари томон юрди. У киши жуда паришон эди. Юрагим увишди. Тарашадай қотма юзи ҳорғин, нигоҳлари ғамгин эди Абдуҳамид амакининг. Ўтган йили Турсунойдан кейин туғилган ёлғиз ўғли Тоштемир тўппа-тўсиндан оламдан ўтди, кейин эса кўз қорачиғидай арзанда бўлиб қолган Турсунойи сал бўлмаса ўзини осиб қўяёзди… Шулар асабига қаттиқ таъсир қилганидан бўлса керак, Абдуҳамид амаки дардчил бўлиб қолди.

Юрагим ҳаприқиб, у кишига эргашдим.
Абдуҳамид амаки қия очиқ турган эшикдан мени ичкарига киритди-да, ўзи ташқарида қолди.
Даҳлиздан ўтиб, ойнаванд эшикка яқин келдим. Юрагим гурс-гурс урарди. Турсунойга ҳали кўзим тушмаган бўлса-да, унинг аҳволини тасаввур қилардим. Қирқ дона демидрол таблеткасини ичиш… ҳазил эмас. Мен сира ҳам бундай қила олмасдим, деб ўйлайман, гарча ҳамма нарсадан ҳафсалам пир бўлиб, ёки азоб-уқубат жон-жонимдан ўтиб кетган тақдирда ҳам. Қизиқ, у бунга қандай журъат қилди экан?

– Сениям саҳардан безовта қилдикми, қизим? – дея қарши олди ичкарига кирганимда қайғудан абгор бўлган Баҳри хола.
– Аҳволи яхшими? – деб сўрадим кўзлари ярим юмуқ, вужудидан бутун қони силқиб оқиб чиқиб кетгандай юзи қор каби оқариб ётган Турсунойга назар ташлаб.
– Ухлаб қолдими дейман. Ҳозиргина шифтга қараб ётганди.

Баҳри хола қизининг юзига хавотир тўла нигоҳини тикди.
– Ухлаяпти шекилли.
Бир пас иккаламиз ҳам жим бўлиб қолдик. Хонага оғир сукунат чўккан, деразага ўзини уриб ғинғиллаётган пашшанинг овозигина эшитиларди фақат.
– Яхшигина юрганди, – дея сўзланди паст овозда Баҳри хола бироздан кейин мен томон буриларкан. – Ўқишигаям вақтида бориб келаётганди. Ўзингнинг ҳам хабаринг бор-ку айтгандай.
– Ҳеч ким билан уришмаганмиди? – деб сўрадим секин.
– Ҳеч ким билан! Унинг мушугини “пишт” дейишга бировимизнинг ҳам ҳаддимиз сиғмайди. Авваллари отаси индамасаям, мен тергаб турардим. Бултурги қилиғидан кейин менам индамай қўйганман. Ўқишига борадими-йўқми, уй ишларига қарашадими-қарашмайдими, ишим йўқ. Ўз ҳолига ташлаб қўйгандим. Қани, ўз билганича яшаб кўрсин-чи, деб. Мана, яна… – Баҳри хола кўйлагининг узун енгини кўзига босди.

Тилим лол, нима дейишни, куйиб кетаётган онаизорни қандай юпатишни билмасдим. Аслида гапга унчалик нўноқ ҳам эмасдим.
– Шошмаётган бўлсанг олдида бир пас ўтир, қизим. Ҳушига келганидан буён сени сўраётганди. Бир гапи бордир-да. Мен ташқарига чиқмасам бўлмайди. Юрагим сиқилиб кетаяпти…
Баҳри хола ўрнидан турди. Оёқлари увишиб қолган чоғи, энгашиб тиззаларини уқалади-да, кейин қаддини ростлади ва оқсоқланганча юриб кетди.

“Худойим, ўзинг сабр бер”, – деб қўйдим ичимда. Сўнг Турсунойнинг юзига термулдим. У чиндан ухлаяптими ёки ўзини ухлаганга солиб ётибдими, шуни билмоқчийдим. Шу чоғ Турсуной “ярқ” этиб кўзларини очди ва менга тикилиб қолди.
– Яна эплай олмадим… – эшитилар-эшитилмас пичирлади Турсуной, овози хириллаб чиқди, кўкарган лаблари зўрға қимирлади.

– Эплай олмаганингга шукр. Беадад шукр, – дедим хурсанд бўлиб.
– Сенга қачон хабар беришди? – деб сўради у яна пичирлаётгандай паст овозда.
– Ҳозиргина… ҳали ярим соат ҳам бўлгани йўқ.
– Қўрқиб кетгандирсан?.. – сўради у.
– Қўрқиш ҳам гапми!
Турсунойнинг бўзарган чеҳрасидан аллақандай синиқ, тушуниксиз табассум сирғалиб ўтди.
– Дарсга бормайсанми? – сўради у яна.
– Эртага бирга борамиз.

Жавобим ёқмадими ё толиқиб қолдими, Турсуной юзини девор томонга бурди. Бурди-ю, шу кўйи индамай ётаверди. Мен ҳам жим ўтиравердим.
Биз болаликдан бирга ўсиб-улғайдик. Бир мактабда, битта синфда ўқидик. Тан бераман, Турсунойнинг билими кучли эди, калласи зўр ишларди. Кўп китоб ўқирди-да. У ҳаммамизни ҳайратга соладиган қобилиятга эга эди, лекин нима учундир кўпинча ўзини “алиф”ни “калтак” дея олмайдиган болалардек тутарди. Фақат гоҳи-гоҳида ўз иқтидорини шу қадар қизғинлик билан намойиш қилардики, биз ҳайратдан ёқа ушлаб қолардик. Турсунойнинг феъл-атворидан унча-мунча хабардорлигим боис, мактабни битирганимиздан кейин битта университетга ҳужжат топширишга амаллаб кўндиргандим. Омадимиз чопиб, ўша йили иккаламиз ҳам талаба бўлдик.

Лекин кейин… Чопағон отнинг оқсашини кўринг, деганларидай, Турсуной университетда ҳам мактабда кўрсатган ҳунарларини такрорлашни бошлаб юборди денг. Ҳушига келса, дарсга боради, ҳушига келмаса – йўқ. Гоҳида икки-уч кунлаб уйдан бир қадам нарига чиқмай қўяди. Ота-онаси Худонинг зорини қилиб ялиниб-ёлворишди, қани энди қулоғига олса!

Қишки ёки ёзги имтиҳонлар бошланганида эса Турсуной ҳаммани ҳайратда қолдирмоқчидай фанлардан “аъло” баҳолар олиб, сессияни биринчилардан бўлиб ёпарди.

Шундай қизнинг мендан бошқа бирон яқин дўст-ўртоғи, дугонаси йўқ эди. Ўзи бирорта қиз ёки йигит билан яқинроқ муносабатда ёки сирдош бўлишга интилмаганига яраша, бошқалар ҳам нима учундир унга яқинлашишни исташмасди. Мен ҳам табиатан кўпчиликни унчалик суяверадиганлар хилидан эмасман, аммо ўзимга яраша таниш-билишларим, сирлаша оладиган яқинларим бор. Ёшимиз улғайиб, ақл-ҳушимиз тўлишган сайин Турсунойнинг хатти-ҳаракатларидан, ўзини тутишларидан гоҳ энсам қотадиган, гоҳ жаҳлим чиқадиган бўлди.

– Ўзингни бунча чеккага тортаверасан? – дедим охири кунларнинг бирида. – Худди ўз тўрига ўралашиб қолган ўргимчакка ўхшайсан!
– Нима қипти? – бепарволик билан сўради у.
– Ёлғизликдан юрагинг сиқилиб кетмайдими?
– Мен ёлғиз эмасман, – деди Турсуной ва кўзларини лўқ қилганча менга қадалиб тикилиб тураверди.
Шундан кейин ҳам бир нима деб кўринг-чи! Бўзарган чеҳрасидан, лоқайд боқаётган нигоҳларидан ҳеч нарсани уқиб бўлмасди.

Уйда эса Баҳри хола жиғибийрон бўларди.
– Тўрт чақалоғимни ерга қўйганимдан кейин топганим деб эркалатиб, қайсар қилиб юбордим деб ўйлардим. Йўқ, у ношуд, қип-қизил ношуднинг ўзгинаси! – деб қоларди хола менга ҳасрат қилиб. – Ёши йигирмадан ошди, игнадан ип ўтказолмайди ҳали! Мана, сени олайлик. Опанг, янганг бўлишига қарамасдан ош-овқатни, қозон-товоқни бўйнингга олгансан. У-чи? Ҳали тухумни ёққа ташлаб олишниям эплай олмайди. Мен бўлмасам, сингиллари бўлмаса очидан ўлади у!
– Ваҳима қилаверма, онаси, – дерди бундай пайтлари Абдуҳамид ака ўртага тушиб. – Ҳали бошига тушсин, ҳаммасини қулинг ўргилсин қилиб эплаб кетади. Ҳозирча сенга, менга эркалик қилади-да.
– Йў-ўқ, бу эркалик эмас, – дея ўз билганидан қолмасди баттар жазаваси қўзиган Баҳри хола. – У танбал, у дангаса, у ҳафтафаҳм!..

Турсуной ҳақиқатан ҳам дангаса эдими? Буни аниқлаш унчалик қийин эмасди. Унинг узилиб тушган тугмасини қадай олмай, онасига илтимос қилаётганига гувоҳ бўлганим рост. Бу борада Баҳри хола қисман ҳақ десам, хато қилмаган бўламан. Бироқ Турсунойни “ҳафтафаҳм” дейиш адолатданмикин?

…Чамаси бундан олти ойча илгари, кун айни жизиллаган пешин пайти дарсдан чиқиб, автобус бекатида тургандик. Уйларимиз университет биносидан бир бекат нарида жойлашган. Ярим соатлаб автобус кутгандан кўра пиёда кетаверганимизда ҳам аллақачон уйга етиб қўярдик. Лекин биз қоқ туш маҳал бекатда турибмиз. Зеро, Турсунойнинг хоҳиши шу эди!
– Қуёш нега ҳар куни чиқаверади, а? – деб қолди у бир маҳал ланжлик билан осмонга, нақ тепамизда турган май офтобига кўзларини қисиб қараркан.
– Қуёш тириклик манбаи, – дея билганимча ақлли жавоб қайтаришга уриндим. – Қуёш бўлмаса ҳаёт ҳам бўлмайди.
– Қуёш бўлмаса ҳаёт ҳам бўлмайдими? Унда “Мен барҳақман! Яратувчиман!” деган зотнинг хизматлари қайда қолади?

Турсунойдан бундай гап чиқишини кутмагандим. Ҳайрон қолганимдан, бирдан жавоб қайтара олмадим. У бўлса истеҳзоли кулимсираганча менга тикилиб турарди.
– Қуёш ҳаёт унсурларидан бири, – дедим бироздан сўнг хатойимни тўғрилашга уриниб.
– Шундай де…

Турсуной бошқа гапирмади.
Бир ҳафтадан кейин кутилмаган фожиа юз берди: дугонамнинг укаси оғриб-нетмасдан, тўсатдан ўлиб қолди.
Шундан кейин Турсуной ўқишгаям бормай қўйди.

Бу ёқда ёзги сессия бошланишига саноқли кунлар қолаяпти. Кутубхонада икки соатча ўтириб дарс қилганимдан сўнг терлаб-пишиб уйга келаётиб кўрдимки, Турсуной кўча эшик олдидаги супачада қандайдир хаёлларга ғарқ бўлиб ўтирибди.
– Нега яна дарсга бормай қўйдинг? – деб сўрадим унинг ёнига чўкиб.
– Ўқимайман энди, – терс жавоб берди у.
– Қизиқсан-а?
– Ҳа, шунақа.
– Уч йил ўқиб, энди ташлаб кетмоқчимисан? Ўтган умрингга ачинмайсанми?
– Уч йиллик умримгами? – деб сўради у.
– Нима фарқи бор?
– Ачинмайман.
– Жуда ғалатисан-а, тавба!
– Шунақаман…

Ишонасизми, ўша дақиқада у кўзимга, нима десам экан, худди… қалби орзулардан маҳрум бўлган, ҳеч бир аъмоли йўқ, эътиқодсиз муштипарга ўхшаб кўринди. “У қанчалар бахтсиз ва ожиз”, деган фикр пайдо бўлди онгимда.

Айтгандай, яна бир гап. Агар истаса, Турсуной бахтли бўлиши мумкин эди, аммо буни у хоҳламасди. Нега? Нима учун? Буниси менга қоронғи. Қалбни орзудан, қувончдан маҳрум қилиш ерни ҳаводай айириб қўйиш билан баробар. Бу ҳолда қандай яшаш мумкин?

Турсуной бўлса яшаяпти! Ўзимча, бундай одамлар сувга тушган хасдай ҳеч бир мақсадсиз ҳолда дунёдан ўтиб кетаверадилар; улар сузишмайди, оқим уларни олиб юради, деган хулосага келганим билан барибир юрагим лаҳза сайин аламли туғёнларга тўлиб борарди.
– Бу нима қилганинг, а?! Бу нима қилганинг? Ҳаммани эзиб юбординг-ку жуда! – дегандим зарда билан, қизишиб ўшанда. – Уч йил ўқиб, энди ўқимайман деб турганинг нимаси?
Турсуной бўлса пинак бузмади.

Бир нуқта бор бўшлиқда. Шундай пайтларда дугонам ҳамиша ўша нуқтага паришон ва аламангиз бир қиёфада тикилиб қолади.
– Тилингни ютворганмисан, нима бало?! – дедим овозимни кўтариб. – Сен билан одамга ўхшаб гаплашиб бўладими ўзи?
– Нега бунча қизишасан? Нима, сенинг яшашингга халақит бераяпманми? – деди у шунда аллақандай кутилмаган, фавқулодда бир қизғинлик билан. – Бир саёҳат қилиб келай деб йўлга чиққандим, қалбимни ўзига ром этадиган ҳеч вақо топмадим. Ғамгин бўшлиқ… Ундан бошқа ҳеч нарса… ҳеч нарса…
– Сен яшашни билмайдиган одамлар тоифасидан экансан, мана энди билдим.
– Ўзимни… – Турсуной ўйланиб туриб, сўнг гапини давом эттирди: – худди титраб-қалтираган ҳолда дор устида имиллаб юраётган дорбозга ўхшатаман. Назаримда… – у яна жим бўлиб қолди.
– Дорбознинг қўлида лангари бўлади, ўзи истамаса ҳеч қачон дордан йиқилмайди. Фикрингни тўғри англадимми? – дедим шартта.
– Ташлаган ҳар бир қадамим ўчиб бораётганини ўзим ҳам биламан…
– Ҳайкал эмассан-ку, қўққайиб туришимнинг ўзи ҳаётга зеб беради деб ўйласанг. Ҳаётни севиш керак. Шунда яшаганинг сайин яшагинг келаверади. Мен ўзим ҳаётда ҳар тонгдан яхши бир янгилик кутиб уйғонаман. Мана кўрасан, биз ҳали бахтли бўламиз!
– Сен бахтли бўласан, – деди шунда Турсуной жилмайиб. – Турмуш қурасан, севган кишинг, болаларинг бўлади. Бахтли яшайсан. Аммо кунларнинг бирида севган одаминг сенга хиёнат қилаётганини пайқаб қоласан-у, ҳаётинг заҳарга айланади. Ё бўлмаса…
– Қўйсанг-чи шунақа гапларни! – дедим бирдан юрагим орқага тортиб.
– Ҳаётингга оғу аралашмаса бўлмайди. Дунёнинг қурилиши шундай, – пинак бузмасдан, ҳеч бир иккиланишсиз гапида давом этди Турсуной.
– Нега… шундай?.. – дея пичирладим худди овозимни биров эшитиб қолишидан қўрққандай. Бояги жўшқинлигимдан асар ҳам қолмаганди.
– А-ҳа! – Турсуной сапчиб ўрнидан турди. Худди чақиндек “ялт” этиб ўтган ушбу оний сонияларда унинг зимистон юраги, сезгилари, ички шуури фавқулодда бир нур билан ёришиб кетгандек бўлди. – Мана энди ўзингга келдинг! Нега шундай? А, нега шундай? Ҳеч ўйлаб кўрганмисан?!.

Жавоб бермадим. Сароб жимирлаётган бўшлиққа тикилганча миқ этмай туравердим.
– Мен кўп, жуда кўп ўйлайман, – деди Турсуной. – Нега шундай? Нега бу дунёда тўкис бахт йўқ? Ҳаммаси Унинг, ёлғиз Унинг ихтиёрида бўлса, нега дунёни бекаму-кўст яратмади? Атиги бир марта, бир мартагина дунёга келадиган инсонни азоб-уқубатларга гирифтор қилмасликнинг иложи йўқмиди? Жаннат, дўзах, маҳшар тонги деганларига шунчалар уринсам ҳам мутлақо ишонч ҳосил қила олмадим. Жуда мавҳум.
– Балки мавҳум эмасдир, – дедим журъатсизлик билан.
– Майли, сен айтгандай бўлақолсин. Маҳшар тонги жами марҳумлар тирилади дейлик. Аммо бунда мантиқ қани? Масалан, мен йигирма бир ёшда, сен саксон ёшда бу оламдан ўтсак-да, маҳшар тонги учрашсак, қандай қилиб бир-биримизни таниймиз. Айниқса мен сени. Ахир сен мункиллаган кампир қиёфасида тириласан, шундайми?..

Шу вақт ҳовлида туриб шовқинимизни эшитдими ёки шунчаки чиқиб қолдими, дарвоза олдида Абдуҳамид ака кўриниш берди. У киши бизни кўрди, бош ирғаб мен билан саломлашди, сўнг ичкарига кириб кетди.
– Хабаринг бор, яқинда ёлғиз укамдан айрилиб қолдик, – дея маҳзун оҳангда гапида давом этди Турсуной. – Мендан аввал ҳам ота-онамнинг тўртта фарзанди нобуд бўлган. Дадам нима учун мени яхши кўради? Чунки мен туғилганман-у, кетма-кет юз бераётган ўлимлар тўхтаган. Мендан кейин укам туғилди. Лекин яна… Шугина ўлмаса бўларди!
– Ўзи берган, ўзи олади… дейишади-ку…
– Ўзи бунёд қилиб, Ўзи еб қўйса… бу нима дегани?!.

Мен, очиғи, бу саволга жавоб беришга ожиз эдим. Аммо бошқа бир нарсани англагандай бўлдим. Турсуной ўзгаларникига мутлақо ўхшамайдиган, умумнинг фикридан фарқ қиладиган аллақандай ўйлар таъсирига тушиб қолгандай эди. Бу кўп ўқиганлик оқибати эмасмикин? Ё укасининг ўлими уни қаттиқ ларзага солганмикин? Ёки аллақандай дард, босим туфайли ғайришуурий хасталик ҳолига тушиб қолганмикан?
– Сабр қилишса, балки яна ўғил кўришар, – дедим бошқа гап тополмай.
– Сабр… Яна қанча сабр қилишлари керак? Эҳтимол, айнан шу сабр-тоқат туфайли улар бахтсизликка гирифтор бўлишаётгандир? Ахир бир эмас, бешта фарзанддан жудо бўлиш… Инсоннинг елкаси кенг, ҳамма нарса сиғиб кетаверади, деган тушунчанинг натижаси эмасми бу?!

Турсуной менга кўзлари ёниб қараб қолди. Авваллари уни ҳеч бундай ҳолда кўрмагандим.
– Мен бора қолай, – дедим ўрнимдан қўзғалиб. – Ҳали имтиҳонларга тайёргарлик кўришим керак.
– Яна бир пас ўтир, – деди Турсуной илтимос оҳангида.
– Бошқа вақт… давом эттирармиз…
Мен дугонамнинг ёнидан тезроқ узоқлашишни истардим.

Шу суҳбатдан кейин кўп ўтмасдан “сиртмоқ” воқеаси содир бўлди…
Шундан кейин, гарчанд Абдуҳамид амаки билан Баҳри хола Турсунойдан кўз-қулоқ бўлиб туришни мендан илтимос қилишган бўлсалар-да, дугонамдан ўзимни четроққа торта бошладим.
Ёзги таътил тугаши арафасида Турсуной яна ўқишга қатнай бошлади…

Худди атай қилгандек (аслида ҳам шундай эмасми?), Турсуной бекатда турган бўлса, мен индамасдан университетга пойи-пиёда йўл олардим. У пиёда кетаётган бўлса, мен автобус кутардим. Аудиторияда ҳам ундан узоқроқда бўлишга ҳаракат қилардим. Назаримда, Турсуной буни сезарди. Аммо лом-мим демасди.
Бир куни иккаламиз чиқиш эшиги олдида тўқнаш келиб қолдик. У юзимга қаради, ғалати қилиб қаради, кейин асабий равишда кулиб қўйди ва индамай ёнимдан ўтди-кетди.
Турсунойнинг чеҳраси, қарашлари юрагимда азоб уйғотди. Шунда “У соғлом эмас”, деган фикр хаёлимга ўрнашиб қолди. Ахир… унинг ўйлари, мушоҳадалари… даҳшат-ку! “Одамда имон бўлиши керак. Одам бир нарсага имон келтириб, эътиқод қўйиб, ишониб яшаши керак”, дея тарбиялашган бизни. Турсуной бўлса… имонини йўқотганлардан. Шунинг учун унинг юрагини, шуурини қоронғи-зимистонлик чулғаган, ҳаётдан завқ олиб, баҳра олиб яшашни билмайди. Шу боис яшаш елкасидаги оғир юкдай туюлаётгандир дугонамга. Унга яшаш қийин, жудаям машаққат эканини ҳис қилдим. Ахир одам яшар экан, ўз жонини ҳам тикишга тайёр эътиқоди бўлмаса ёмон-ку…

Қанчалар аччиқланиб, хафа бўлиб юрганимга қарамасдан, Турсуной билан бафуржа гаплашиб олиш учун қулай пайт пойлардим. Қандайдир йўллар билан унинг юрагида ҳаётга, яшашга иштиёқ уйғотиш керак, шунда дугонамнинг ухлаётган, сўник ва совуқ қалби уйғонади, деган хулосага келиб қўйгандим ўзимча. Аммо бу ниятимни амалга оширишга улгура олмадим. Сиртмоқ воқеасидан кейин кўп ўтмасдан, аниқроғи кеча оқшом у яна ўз жонига қасд қилди…

Мана, айни замонда терс қараб ётган Турсунойнинг ёнида ўтирарканман, уни тушуна олмаётганимдан гоҳ ғазабим қўзиб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетардим, гоҳ уни уриб ташлагудай бўлардим.
– Ҳовлига чиқамизми? – деб сўради у бир маҳал мендан.
– Яхши бўларди. Қўлингни бер, ёрдамлашвораман, – дедим бирдан енгил тортиб.
Турсуной қўлини узатди. Қўли оппоқ, қонсиз… Қоқсуяк вужуди мадорсизликдан қалт-қалт титрайди. Мен уни юролмайди, қадам ташлашга ҳам ҳоли йўқ, деб ўйлагандим. Лекин дугонам юрди. Секин-аста, имиллаб, менга суяниб бўлса-да юрди.

Биз эшик олдига чиқдик.
Қуёш терак бўйи кўтарилган, ундан заминга тенгсиз қудрат ёғиларди.
Ўчоқ бошида куймаланаётган уч-тўрт аёл орасидан Баҳри хола сирғалиб чиқиб, шоша-пиша биз томонга юрди.
– Тоза ҳавога олиб чиқдим қизингизни, – дедим хола яқин келгач. – Анави сўрида бир пасгина ўтирсак майлими?
– Бемалол, болам, бемалол. Шуниям сўраб ўтирасанми?

Баҳри хола менга гапираяпти-ю, хавотир ва оғриқ тўла нигоҳларини қизидан узмасди.
– Ёрдам керак эмасми? – деб сўрадим ўчоқ бошидаги аёлларга ишора қилиб.
– Ўзимиз эплаймиз. У ерда сизлар қиладиган иш йўқ, – деди Баҳри хола. Сўнг, қизининг ўзига савол назари билан қараб қўйганини кўргач, бечора ошиғич изоҳ берди: – Шаҳри амманг ўзининг тез-тез оғриб қолаётганидан хавотирланиб Инобат фолбинга борган экан. Буни қара, амманг қолиб, фолбиннинг фолига сен тушибсан. Жинлар тегинаётган эмиш сенга. Қора қўйнинг қони билан сени қонлаб, гўштини тугун оши қилиб, хотинларга тарқатиб юборишимиз керак экан. Кун қайтмасдан шуни ўтказиб юбора қолайлик девдим. Сизлар бафуржа сўрида ўтираверинглар.

Баҳри хола этагини липасига қистирганча ўчоқ бошига қайтиб кетди.
– Дарров фолбингаям бориб улгуришибди, – пичирлади Турсуной сўрига чиқиб, қуроқ кўрпачалар устига ўтирганимиздан кейин. – Нима кераги бор эди?
– Хайрли ишнинг зиёни йўқ.
– Биласанми мана шу Шаҳри аммамнинг ёши нечада эканлигини? – шипшиди у аёллар орасида мункайиб турган кампирга ишора қилиб. – Билмасанг билиб қўй, аммам тўқсон олтига кирди! Салкам бир аср дегани бу! Ўзини қара, бир сиқимгина бўлиб қолган. Каттароқ челакка солиб кўтариб кетаверсанг ҳам бўлади. Салкам бир аср яшаётганига қарамасдан, мана шу аммам эт-бети сал оғриб қолса болаларини, невараларини шундай зир югуртирадики, асти қўяверасан. Дўхтир, табиб, фолбин-полбин, ишқилиб, ҳаммасини бошига йиғади. Ўзини қаратади…
– Яхши-ку, шунга нима бўпти, – дедим Турсунойнинг гапини бўлиб. – Аммангнинг хатти-ҳаракатларини ёқлайман. Ҳар қандай ёшда ҳам одам яшашга интилиши керак.
– Бу яшашга интилиш эмас, – деди Турсуной бош чайқаб. – Ҳаётнинг этагига маҳкам ёпишиб олиш бу. Ўлимдан қўрқиш бу. Буни қара, тўқсон олтига кирган кампир ҳамманинг жонига тегиб яшаб юрибди-ю, менинг муштдай укагинам… бу оламга сиғмади… Нега?.. Нима учун? .. У ҳам яшаб юраверса бўларди-ку!.. Анави ғўнғиллаётган асаларига қара. Шунинг ҳам ҳаётда ўз ўрни бор. Шугина жонзотнинг-а. Менинг укагинам… ахир у инсон эди-ку! Яшашга ҳаққи бор эди-ку!..

Бироз ўйланиб тургач:
– Сен-чи, – дедим, – яхшиси бир йигитни севиб қолишга ҳаракат қил. Биласанми, анави параллел потокдаги Даврон деган йигит бор-ку, ўша бечора анчадан бери сенга ғалати-ғалати қараб юрибди. Кўнглида бир нияти бор-ов!

Турсуной маҳзун кулимсиради. Кейин:
– Муҳаббат оғушига ташламоқчимисан мени? – деб сўради истеҳзоли оҳангда. Айни пайтда унинг юзига орият ва ғурур ифодаси балқди. – Ўрнингда бошқа одам бўлганида, биласанми, ҳозир нима қилардим?
– Нима қипти? Севиш, севилиш гуноҳ эмас.
– Ҳа, гуноҳ эмас. Лекин, аслини олганда, булар ҳаёт тузоқлари-ку. Кейин менам бошқалардек туганмас ташвиш, надоматлар ва ғам-ҳасратларга кўмилиб қоламан, а, шундайми?
– Бир уриниб кўргин, илтимос. Кейин биласан ҳаётнинг нақадар…
– Уриниб кўрганман, – деди Турсуной гапимни бўлиб ва яна бўшлиққа, ўша кўринмас лаънати “нуқта”га тикилиб қолди.

Эҳтиёткорлик билан сўрадим:
– Ўша Давронми?
– Даврон психологиядаги Мунавварни севади. Ёлғонни эпласанг гапир!
– Унда ким?
Турсуной туйқус “нуқта”дан нигоҳини узиб, менга ялт этиб қаради ва:
– Ҳеч ким! – деди қатъий оҳангда.
Оббо!
Мана, кўрдингизми, унга бас келиш қанчалар қийин!

Хунобим ошиб, ортиқ ўзимни босиб туролмадим:
– Бундан чиқди… бу… қирқ дона уйқу дориси ичишинг кимгадир аччиқ қилишинг оқибати экан-да?! – дедим Турсунойнинг кўзларига қаттиқ тикилиб.
– Асло, – хотиржам жавоб қайтарди дугонам. – Мен кимгадир аччиқ қилганим йўқ. Азоб-уқубатга тўла ҳаётда яшашни истамадим, сабаби шу.
– Ҳеч бўлмаса сенга ҳаёт берган ота-онангни ўйламадингми?
– Ота-онам менга ҳаёт бермаган. Улар дунёга келишим учун бир восита бўлишган. Менга ҳаётни У берган. Мен ўзимга берилган туҳфани асл эгасига қайтармоқчи бўлдим, холос. Норасида укам сиғмаган дунёда мен нима қиламан?
– Ё раббий! – деб юбордим беихтиёр. – Сен қандай балои азим бўлдинг?!
Турсунойнинг истеҳзоли нигоҳларида аллақандай учқун йилт этгандай, ҳаёт сезгилари юзага қалқиб чиққандай бўлди. Назаримда, бундай чақинлар аслида унинг онгида рўй бераётир ва шундай дақиқаларда мубҳам қийноқлардан зимистон бўлиб кетган юрагини қамраган бутун ҳаяжонлари, бутун шубҳалари, ташвишлари яна ўн баробарга ортиб кетарди, чамамда. Буни баъзилар инсон ақли ва иродасининг заифлашуви, деб атайдилар, яъни руҳнинг соғлом ҳолатдан чиқиши ва тубанлашуви…

Йўқ, менимча, бундай эмас.

– Биласанми, – деди Турсуной менга бир маҳал, – улар мени жин чалган деб ҳисоблаб чиллага солишмоқчи шекилли. Унда қирқ кунча кўришолмасак керак. Шунинг учун қанча гапинг бўлса, ҳозир айтиб қол.
– Хўп, – дедим бор илмий салоҳиятимни тўплаб, дугонамни доғда қолдиришга аҳд қилганимдан яна ҳовурим кўтарилганча, – сен ҳақсан, деб ҳисоблайлик. Мутлоқ эмас, албатта. Қисман. Яъни сен У берган “туҳфа”ни ўзига қайтармоқчисан ва бу билан туғилиш Унинг ихтиёрида бўлгани ҳолда ҳаётни давом эттириш, яшаш ёки яшамаслик Унинг ихтиёрида эмас, демоқчисан шекилли. Шундайми?

– Ў, ва ниҳоят жирафага ҳам етиб борибди гапим! – деди Турсуной кинояли оҳангда.
– Қисқаси, ҳаётимга ўзим чек қўйиш қудратига эгаман, демоқчисан. Буни тушундим. Сен ҳақсан, чинданам жирафага бу фикр энди етиб келди. Бироқ… бироқ сен бир нарсага аҳамият бермабсан.
– Нима экан?
– Ахир, сен У берган туҳфани бир эмас, икки марта қайтариб беришга уриндинг. Аммо икки марта ҳам бунинг уддасидан чиқолмадинг. Нега бундай бўлди экан? Ҳеч ўйлаб кўрдингми?
– Ўйладим, – мен кутгачанлик узоқ ўйланиб ўтирмай, шу заҳоти жавоб қайтарди Турсуной. – Кўп ўйладим. Биринчи мартасида сусткашлик қилдим чамаси. Ўз танангга ўйлаб кўр. Йигирма бир ёшда бўйнингга сиртмоқ солиш… Атиги бир неча дақиқага кечикдим. Дадам келиб қолдилар… Кейингисида… менимча, дорининг дозасини оширишим керак эди.
– Қирқта уйқу дориси камлик қилди, демоқчимисан?
– Шундай.
– Биласанми, менинг бир амаким эшакдан йиқилиб тушиб оламдан ўтган. Эшакдан-а! Ақл бовар қилмайдиган ҳодиса-ку бу, тўғрими?!
– Эшакдан йиқилиб тушиб ўлиш кулгули, ҳаттоки ишончсиз, албатта. Лекин агар амакинг тошгами, ўткир темиргами боши билан тушган бўлса…
– Гапни чалғитишга уринма! – дедим жаҳлим чиқиб. – “Агар-магар”ни ҳам қўй. Агар кимнингдир жони Унга керак бўлса, хамирдан қил суғургандай қилиб, истаган жойда, истаган вазиятда олади-қўяди.
– Ўламан деганинг билан ўлолмайсан, демоқчисан, шундайми?
– Шундай.
– Шундайми? – Турсуной аллақандай бесаранжом, безовта нигоҳ ташлади менга. – Шундайми?..Кўрамиз!

Шу пайт олдимизга Баҳри хола келиб қолдию баҳсимиз узилди.
– Кампирлар сени сўрашаяпти, юра қол, қизим, – деди Баҳри хола қизига қараб.
Дугонам эса менга тикилиб турарди. Нигоҳларида безовталик зуҳур бўлди, аммо индамай сўридан тушди ва онасига эргашди. Турсунойнинг мана шу “мўмин”лигида ва шиддат ила айтилган “Кўрамиз!” деган ваъдасида нимадир яширингандай эди. Бир гап бор-ку, инсон миясида туғиладиган фикрда ҳамиша недир яширин, бошқа одамларга англатиб бўлмайдиган алланима қолиб кетади, миянгиздан асло четга чиқишни истамаган алланима доимо қолади ва у абадий сиздан ажралмайди.
– Чиллага солиш фойда берармикан? – деб сўради ёнимда пайдо бўлган Абдуҳамид амаки ўчоқ боши томонга кўз узмай тикиларкан. – Менинг уруғимда, ота-боболаримдан авлиё-анбиёлар ўтган. Балки ўшаларнинг арвоҳи қизимга тажовуз қилгандир, а?
– Менимча, ҳамма гап унинг миясида, – деб қўйдим.
– Миясини қаратиш керакми?
– Миясини тозалаш керак.

Бошқа гапирмадим. Гапириш ниятим ҳам йўқ эди.
Шу куни Турсунойни чиллага солишди.
Биз энди қирқ кун кўришмаслигимиз лозим. “Чилла”нинг талабларидан бири шундай.
Мен ўзимча кун санардим ва ҳайрон қолардим: Турсуной ёлғизликдаги қирқ кеча-кундузни қандай ўтказар экан?

Шу билан бирга ич-ичимдан дугонам мана шу қирқ кунни сабр-тоқат билан ўтказишига ишонардим, ахир у хонанишин яшаб ўрганиб қолган. Яна бир нарса аниқ. Дугонамнинг мана шу сабр-тоқатида ҳам ўзига хос нимадир мавжуд. Бунда “жин”ларнинг хуружидан холи, уларнинг аралашувисиз ва яна аллақандай телбалик аломатларидан холи бошқа бир нарса мавжуддай эди, дейлик, Турсунойнинг онги ва шуурида юз бераётган “чақин”лар, ўз-ўзини ҳамда дунёни англашнинг фавқулодда кучайган ҳолати… “Нега? Нима учун?..” – жонига ёпирилиб ҳужум қилаётган ушбу саволларга жавоб излашдан безор бўлиб кетганидан у ҳаётдан аламли, аччиқ бир лаззат ичида ўч олаётгандир.

Ниҳоят чилла муддати адоғига етди.
Дугонам Турсуной қирқ кунлик чилла синовидан эсон-омон ўтди. Қирқ биринчи куни эса… ўзини ўзи осиб қўйди!
Яна ўша ҳаммомда.
Не ажабки, бу сафар ҳам Турсуной омон қолди. Бир ҳафта шифохонада ётиб чиқди. Нафаси ичига тушиб қолган экан-да.
Уни кўргани бордим.
– Яна эплай олмадим, – деб шивирлади у.
Овози ўша-ўша, юзи ўша-ўша, фақат оппоқ, силлиқ бўйнида кўкимтир из қолган; жуда олисдан бошланган нигоҳлари вужудимни тешиб ўтиб, қаёққадир, номаълум бўшлиққа интиларди…

Орадан тўққиз ой ўтди.
Тош қотиб ухлаб ётгандим…
Кимдир силкитиб уйғотди.
– Тур, Турсуной яна ўзини осиб қўйибди…

ИККИ МАНЗИЛ

003– Ҳаммасини сен учун қилдим! Сени деб! Сен бўлсанг…
Юзи докадек оқарган, титраётган эркак бир соат бурун худди шундай деди қўрққанидан деворга суянганча оғир курсини ўзига қалқон қилиб кўтариб турган, зўриққанидан кўра ку-тилмаган вазиятдан қаттиқ ларзага тушган қизга…

Бу бир соат, атиги олтмиш дақиқа олдин айтилган гап. Бир соат, атиги олтмиш дақиқа олдин эркак титраган, қалтираган ҳолда қизнинг қаршисида турарди. Тиришган юзига жон бағишлаб тургувчи кўзлари айни дамда жуда қайғули эди…
Худди ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётгандек қаршисидаги қизга бутун вужуди нигоҳга айланиб, қаттиқ тикилиб қолганди.

Дарвоқе, шундан кейин ҳақиқатан ҳам унинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлмадими?

– Демак… демак… сиз шунинг учун… – ниҳоят тилга кирди қиз жуда ҳам заиф товушда.
– Ҳа! Энди яшириб ўтирмайман, – деди эркак қизга яқин келиб. – Бунга ҳожат ҳам қолмади. Ҳамма-ҳаммасини Сиз учун, ёлғиз Сиз учун қилдим. Биласиз, имкониятим кенглигини…
– Демак… – қиз бирдан маъюс тортиб қолди. Ҳатто бир оз бўшашганидан қўлларида маҳкам тутиб турган оғир курси тушиб кетаёзди.
– Э, намунча “демак, демак”лайсиз! – бақириб юборди эркак. Қиз чўчиб тушди. – Ҳа, ҳа, деяпман-ку, – дея андак қаҳр билан давом этди эркак. – Онангизга идора номидан совға қилинган уй ҳам, дала ҳовли-ю, акангизнинг университетга ўқишга кириши, ҳамма-ҳаммасини фақат, азбаройи сизни… сени севганимдан… – эркак жимиб қолди. Қарашлари мулойим тортди. – Сиз бўлсангиз… Сиз бўлсангиз умуман бефарқсиз, – деди у бирдан ўзгарган, юмшоқ ва майин овозда.

Қиз унга жавобан ҳеч нарса демади. Аммо… ёноқларига қизил югурди, кўзларига эса адоғи йўқ мунг чўкди. Унинг юрагини дард тимдалаб юборилгандай эди…
– Тўғри, биз унчалик ҳам… унчалик ҳам бадавлат эмасмиз… – деди қиз бир оздан кейин жуда ҳам довдираган, эсанкираган ҳолда. – Лекин ойим… бу ҳақда бошқача гапиргандилар.
– Нима деганди ойингиз? – эркак қиздан узоқлашиб, хонадаги бўш стуллардан бирига ўтирди. Афтидан у қизга аввалгидан ҳам ўн чандон ортиқ қизиқиб қолганди. – Хўш, ойингиз нима деганди ўшанда?
– Ойимнинг айтишича…
– Хўш?
– Ойимнинг айтишича, сиз катта одам экансиз. Қўлингиздан келмайдиган иш йўқ экан. Аниқроғи, қўлингизни қаерга узатсангиз етаркан. Жуда оламшумул ишлар қилсангиз ҳам қурбингиз етаркан. Катта-катта идораларда зўр танишларингиз бор экан. Улар билан ҳар қандай чигал ишни ҳал қила оларкансиз. Кейин…
– Хўш? – бир оз кулимсираган ҳолда шундай деди эркак. Афтидан, у қаҳ-қаҳ уриб юборишдан ўзини зўрға тийиб турарди.
– Кейинми?.. Кейин… Каллангизга нима келса, шуни қиларкансиз. Ҳеч ким билан маслаҳатлашмас экансиз. Тўғри, сиз маслаҳат сўраган тақдирингизда ҳам ҳеч ким сизга маслаҳат беришга ботина олмайди. Ҳатто сиздан тепки еганлар ҳам оёғингизни ўпишга тайёрмишлар! Шунинг учун… умуман, қаерга боргингиз келса, бораркансиз, кечами-кундузми, сизга фарқи йўқ, қолаверса, сиз учун йўл ҳамиша очиқ. Кейин… – шу ерга келганда қиз ер остидан эркакка қараб қўйди. – Кейин истаган вақтда истаган одамингизга пул-мул бериб юборавераркансиз. Ҳатто илгаридан танимаган, билмаган одамларингизга ҳам… Бунинг ҳеч қандай ғалати жойи йўқ эмиш. Бадавлат, обрўли одам қандай иш қилмасин, ғалати туйилмасмиш. Шунинг учун биз унчалар ажабланмадик. Қолаверса, дедилар ойим яна, биз сизга жуда девор-дармиён бўлмаса-да, ҳарқалай, қўшни бўлган эканмиз янги уйга кўчиб ўтмасимиздан олдин. Шундай экан, одам хайр-саховатни энг аввал қўшнисидан бошлагани маъқул экан. Чунки у дунёда сўроқ қилинаётганда Худо кимнинг қанақа одам бўлганлигини фақат ва фақат қўшнисидан сўраб оларкан. Фақат ва фақат қўшни рост сўзларкан…

– Шунақа денг… – деди эркак қиз гапим тугади, дегандай жим қолиб, бошини хам қилгандан кейин. У қизга бир муддат тикилиб турди, чеҳрасида кулимсираш пайдо бўлди, ажинлари ёзилди, кўз-лари қисилди, башараси ёйилиб кетгандай бўлди ва у бирдан бутун гавдаси силкиниб… аллақандай асабий тарзда қаҳ-қаҳа отди, узоқ кулди, кулгининг зўридан икки юзи лавлагидай қизариб кетди. Қиз эса ҳеч нарсага тушунмагандай таажжуб ичида унга қараб турарди. Бу ҳол эркакнинг эътиборидан четда қолмаган, лекин у бирибир кулишда давом этар, кулганда ҳам қизнинг кўзларига қараб, ундан нигоҳини узмаган ҳолда хо-холарди.

– Мен кетишим керак! – деди қиз бирдан дадил, лекин зардаси қайнаган ҳолда, аммо шунда ҳам қўлидаги курсини ерга қўймасдан.
– Қаёққа?! – дарҳол кулгини бас қилиб, гап оҳангини ўзгартирди эркак.
– Уйга!

Эркак ўрнидан туришга чоғланди, лекин бирдан фикридан қайтиб, стулга ястаниброқ жойлашаркан:
– Кета олсангиз… майли, рухсат, – деди бамайлихотир.
Қиз курсини ерга қўя солиб, эшик олдига югурди. Аммо эшик берк эди!
– Эшикни очинг! – деди у эркакка ғазаб билан. – Очинг эшикни, биламан, уни сиз қулфлаб қўйгансиз.
Эркак миқ этмади. Бармоқларини ўйнаганча қаршисидаги дераза ойнасига тикилди.
– Ҳой, ким бор?! Эшикни очинглар! – дея қичқирди йиғламсираган қиз. – Мени қамаб қўйишди, ёрдам беринглар! Ёрдам… – қиз нозик муштчалари билан эшикни муштлай бошлади.
Уч-тўрт дақиқа ўтди.

Қизнинг чорловига ҳеч қандай жавоб бўлмади. Шундан сўнг эркак ўрнидан туриб, қизга яқин келди.
– Мана, кўрдингизми, – деди у оҳиста. – Қанчалик бақирманг, эшикни муштламанг, барибир фойдаси йўқ. Бу ҳовлида анави дарахтлардаги қушлардан бошқа ҳеч қандай жонзот йўқ.
– Демак, мени алдаб олиб келган экансиз-да?

Эркак эшитмасликка олди.
– Қани меҳмонларингиз? Ахир мени хизматга чақиргандингиз-ку. Шу ердан ойимга қўнғироқ қилиб айтиб қўярман, деб келаверибман. Энди нима бўлади?
– Ана, ана, ақлингиз энди кира бошлади, – эркак бирдан жонсараклик билан қизнинг атрофида парвона бўлиб, уни ҳашаматли, нақшинкор оромкурсилардан бирига ўтқазмоқчи бўлиб елкасига қўлини қўйди. Аммо қиз эркакнинг қўлини силтаб ташлади, жойидан жилмади, эшик тутқичидан маҳкам ушлади. – Умуман олганда… – дея давом этди эркак қизнинг ҳаракатидан кўнгли оғригандай бўлиб, – ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб… яъни, демоқчиманки, сизнинг феъли-хў-йингизни назарда тутиб… айтадиган бўлсам, ойингиз ҳақ! Лекин мен ҳар қандай шароитда ҳам мавқеимни писанда қилмайман, деб ўзимга-ўзим сўз бергандим. Ваҳоланки, бу аҳволда сўзимнинг устидан чиқолмайманми, деб қўрқаман, – эркак қўлини яна қизнинг елкасига қўйди, қиз ўзини олиб қочишга уринди, лекин эркак куч билан уни ўзига тортиб юзига юзини яқин тутиб, қулоқларига пичирлай бошлади: – Хўп денг, илтимос, сизни дунёдаги энг бахтли аёл қиламан, сўз бераман, сўз…

– Йўқ! Йўқ! – қиз ўзини четга тортди. Аммо эркак уни қўйиб юбормади.
– Мана, кўрдингизми, – деди эркак кўзлари ёниб. – Агар истасам, ҳозироқ, шу ернинг ўзида сизни ўзимники қилиб олишим мумкин. Додингизни эшитадиган одам йўқ бу ерда. Албатта, мендан бошқа! Кейин дардингизни айтолмай юрасиз, гарчи бу зўравонлик бўлиб, сиз зўравонлик қурбони бўлсангиз-да, ҳеч кимга дамингизни чиқара олмайсиз. Чунки бу ишда биринчи навбатда ўзингизни айбдор қилишади. Қизбола деган нарса ёлғиз эркакнинг дачасида нима қилиб юрибди, дейишади одамлар. Ҳа, ҳа, шундай дейишлари турган гап. Мен бунга ишонаман. Лекин мен бундай ифлослик қилмайман, қилмоқчи ҳам эмасман. Худога шукр, кўнгил розилиги билан зўравонликнинг фарқига етадиган одамман. Мана кўрдингизми, ҳамма-ҳаммасини очиқ гапирдим. Менга фақат сизнинг розилигингиз керак. Тўй қилиб уйланаман.

Эркак андак бўшашди. Бундан фойдаланган қиз унинг қучоғидан сирғалиб чиқди ва ўзини дераза томонга отди. Хаёлида: “Дераза олдига етиб олсам бас, деразани очаман-у ўзимни ташлайман,” деган ўй чарх урарди ҳалидан бери. Бироқ! Дераза берк, бунинг устига темир панжаралар билан қуршалган эди!
– Наҳотки, ҳаммаси пухта ўйлаб қилинганига фаҳмингиз етмаётган бўлса? – орқа томондан эркакнинг овози эшитилди.

Қиз шахд билан ўгирилди.
– Аблаҳ одам экансиз!
– О, яқин-ўртада бундай мақтов эшитмагандим. Буни яхшилаб ҳазм қилиш керак.
– Эшикни очинг! Мен кетишим керак!
– Таклифимга кўнасизми?
– Овора бўлманг!

Эркак бир зум тин олиб, сўнг деди:
– Ўйлаб жавоб қилинг. Сиз гўзалсиз, йўқ, соҳибжамолсиз, десам тўғрироқ бўлади. Аммо битта айбингиз бор, ҳали ғўрсиз, ёшсиз. Ҳамма-ҳаммаси сизнинг жавобингизга боғлиқ эканлигини ўйлаб кўрмаяпсиз.
– Бу билан нима демоқчисиз? – энсаси қотиб сўради қиз.

Эркакнинг титраб турган лаблари заҳарханда кулгидан ёйилиб кетди. “Ҳадемай ўзингга келиб қоласан, қизалоқ,” дегандай қаради у қизга. Сўнг:
– Ўйланг, каллани ишлатинг, кўпроқ ва кўпроқ ўйланг, мен манави ерда кутиб ўтираман, – деганча, боя ўзи ўтирган оромкурси томон юрди.
– Тушунмадим, – деди қиз эркакнинг сўзларига парво қилмай.
– Ёшлигингиз, бесабрлигингиз мана шундан ҳам маълум.
– Очиқ гапирсангиз-чи.

Қизнинг овозидаги юмшоқ оҳанг эркакка бошқача таъсир қилди. У нимагадир ҳаяжонлана бошлади. Бу худди қармоғига балиқ илинганини ҳис этган балиқчининг ҳаяжонига ўхшаб кетадиган бир туйғу эди.
– Биласизми, қалдирғочим… – дея эркалаб сўзлашга ўтди эркак, – ҳалигина, бунга жуда кўп вақт бўлгани йўқ, яъни можаро бошланмасидан сиз ойингизнинг бир нарсаларни гапирганини айтган эдингиз. Ва мен ҳам ўзимнинг нимадандир қўрқаётганимни айтгандим. Яъни, мавқеимни назарда тутиб. Хуллас, шу нарсани қанчалик четлаб ўтишга ҳаракат қилмайлик, барибир гап айланиб яна шунга тақалмоқдаки… – шу ерга келганда қизнинг юраги сиқилиб кетди, эркакнинг юзига олайиб қараб қўйди. – Қалдирғочим, – дея давом этди эркак, – менга бун-дай қараманг, шу қарашингиз адосиман… Хуллас, менинг ошна-оғайним кўп. Имконимдан ташқаридаги баъзи масалаларни шу оғайниларим орқали амалга ошираман. Синчковликни жудаям ошириб юбордингиз, деб таъна қилмасангиз (о, таъна қилсангиз ҳам майли, миннат қилсангиз ҳам майли, ҳаммаси бошим устига!) кичкина бир, дейлик, ангишвонанинг кўзидай бир сирни, яъни сизнинг оилангиз сирини ошкор этсам…

Қиз умри бино бўлиб бундай мижғов одамни учратмаган эди. Асабийлик билан гапирсанг-чи, дегандай, турган ерида депсинди. Эркак эса унинг шу ҳаракатидан ҳам завқланиб, еб юборгудай бўлиб тикилиб қолганди.
– Яқинда дадангиз ҳақида эшитиб қолдим… – эркак шундай дейиши билан қизнинг юзи шу қадар оқариб кетдики, бир зумда нақ қоғозга айланди-қолди. – Ҳой… Ҳой…

Эркак қизни ҳушидан кетаяпти, деб ўйлаб қўрқиб кетди, олдига югуриб бориб қўлидан тутди.
– Илон… – пичирлади қиз, – илон… Шундан ҳам хабардормисиз ҳали?..
– Атай суриштирганим йўқ, Худо урсин, ўлай агар, тасодифан эшитиб қолдим. Қолаверса, тешик қулоқ эшитади-да.
– Пасткаш…
– Бу пасткашлик эмас, – деди эркак дили ранжиб. – Мен айтмоқчи эдимки, агар лозим топсангиз, агарки сиз шундай қарорга келсангиз ва менга шундай хизмат юкласангиз, мен бундан ниҳоятда тўлқинланган ҳолда бу топшириқни амалга оширсам. Бир ҳафта ичида дадангиз озодликка чиқади!

Қиз ялт этиб қаради.
– Қандай қилиб? – дея паст овозда сўради.
– Қани, аввал мана бу курсига ўтиринг-чи, – эркак уни белидан қучиб, курси томон бошларкан, кўз учида қизнинг нозик елкаларига, қоп-қора сочлари тўлғонаётган оппоқ бўйнига суқланиб тикилди. Кўзини қувнатган нақш олмани егиси келган одамдек ҳузур билан тамшанди. – Мана бунисига, бунисига ўтиринг, қулайроқ ўтириб олинг. Ҳа, ана шундай, – дея меҳрибонлик қилди эркак, ҳатто қизнинг этакларини тўғрилаб қўйди. Қиз ижирғанди, аммо индамади. – Демак, гап бундай, мен эртагаёқ, йўқ, сиз хоҳласангиз ҳозироқ, шу дақиқанинг ўзидаёқ, керакли одамларимга қўнғироқ қиламан. Улар дарҳол дадангизнинг иши билан шуғулланишади…
– Бу… мумкинми?.. – камоли ҳайрат билан сўради қиз.
– Э, бу дунёда битмайдиган муаммо йўқ, ўлимдан бошқа албатта.
– Ахир дадам одам ўлдирган, яна маст ҳолда… Дадам атай қилмаган, албатта, бу ишни. Бу тасодифан юз берган. Авваллари озгина кайфи бўлсаям рулга ўтирмасди ҳеч қачон…

– Буни фалокат дейдилар, қизалоқ. Фалокат. Фалокат оёқ остидан чиқади, деб шунга айтадилар-да.
– Лекин бирибир дадамни қамаб қўйишди, тағин энг оғир айблов билан… – қиз умидсиз ҳолда бошини чангаллади, афтидан у бошларига тушган кўргулик ҳақида жуда кўп ўйлаган, ўйлаб ўйининг охирига етолмаган, мана ҳозир, айни дақиқада дарди янгиланиб, ниҳоятда хафа бўлиб кетганидан ўзининг қаерда эканлигини ҳам унутганди.
– Сиз қайғурманг, сираям қайғурманг, бунга ҳожат йўқ, – деди эркак бирдан яна тўлқинланган ҳолда, у ҳозир ўзини афсоналардаги халоскор паҳлавондай, қизни эса… нозик-ниҳол, довюрак, аммо ёрдамга муҳтож соҳибжамолдай ҳис этаётганди; айни шу дақиқага довур қиз олдида кўнглини бир оз хижил қилиб турган нарса – азадорлиги, хотини оғир ва узоқ давом этган хасталикдан қийналиб ётиб, ниҳоят бу йилги кўкламнинг бошларида қаттиқ уйқуга кетиб, уйғонмасдан оламдан ўтган бўлса-да, бутунлай ёлғиз эмаслиги: на энагага, на пулу, на ота меҳрига муҳтож тўрт ўғли, келин-набиралари борлиги ва ниҳоят… энг аянчлиси – ўзининг ёши ўтиб қолганлиги ҳақидаги хижолатли ўйлар хаёлидан кўтарилган, бир неча фурсат бўлса-да, ўзини ўтда ёнмас, сувда чўкмас баҳодирдай ҳис қиларди… Йўқ, бу ерда фақат муҳаббат эмас… йўқ… фақат муҳаббатнинг ўзи эркак учун камлик қилади, у ўзини кимгадир кераклигини, ёнида бўлганида ўша одам ўзини бахтиёр ҳис қилишини истарди чоғи, ахир эркак ҳарқандай ёшда ҳам азбаройи бошқа одамни деб яшашга ўзида куч топишга қодир! Аммо.. буни манави қизга қандай тушунтирсин? Иккаласи юзма-юз, аммо икки манзилда туришган бўлса! – Ҳали айтдим-ку, бу дунёда битмайдиган иш йўқ, – деди эркак бир оз бояги шаштидан тушиб сўзини давом эттираркан. – Ҳатто дор остидан ҳам қутқариб қолишнинг иложи бор. “Ўн учдан уч олиб ташлансин”, дейилса кифоя. Фақат, боя айтганимдай, сиз… рози бўлсангиз бас…
– Қонун бузилади-ку… – пичирлади қиз.
– Қонун бузиш учун яратилади-да!

Эркак қизнинг елкасига қўлини қўйиб, секин силай бошлади. Силай туриб қалтисроқ ҳаракат қилиб юборди, шекилли, қиз сесканиб тушди, ҳатто беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Яна эшик олдига бориб, тутқичдан ушлаганча кучи борича силталаб очишга уринаркан, эркакка ёввойи бир назар ташлаб қўйди.
– Илтимос, менга бундай қараманг… – деди эркак паст овозда, у бирдан бояги шахдидан янада паст тушган, жуда-жуда маъюс тортиб қолганди.
– Очинг эшикни, мен кетишим керак! – қичқирди қиз ҳамон тутқични силталашдан тўхтамасдан.
– Эшик очилмайди, ҳеч қачон очилмайди, – деди эркак бир зум ўй суриб тургач вазминлик билан курсилардан бирига ўзини ташларкан.
– Қўрқмайсизми?.. – сўради қиз кутилмаганда тутқични силталашни бас қилиб, эшикка суянаркан.
– Нимадан? – бамайлихотирлик билан сўради эркак биринчи марта кўраётгандек бармоқларига синчковлик билан тикиларкан.
– Ахир мени уйдагилар қидириб қолишлари мумкин… Эҳ, нималар деяпман ўзи, мумкин эмиш… Соат бешгача уйга бормасам қидириб қолишлари, ҳатто милисага хабар беришлари турган гап. Бу аниқ. Унда ҳолингиз нима кечади?
– Мен билан эканлигингизни билса, ойингизнинг бахтиёрликдан боши осмонга етади. Мен буни аллақачон пайқаганман.
– Йўқ! Йўқ! – қиз чидолмасдан бақириб юборди. – Ойимни ҳақорат қилишингизга йўл қўймайман!
– Ўз онангиз эмас-ку, намунча?..
– У ёғи билан ишингиз бўлмасин!
– Биласизми нима, – деди эркак боягидай хотиржамлик билан, аммо кўзлари бошқача, жудаям бошқача боқаркан. Қизнинг назарида у шу туришида дақиқа сайин рангини ўзгартириб турадиган махлуққа ўхшаб кетди. – Аслида бу ҳақда гапирмасам бўларди. Бу ҳаддан ташқари одоб доирасидан чиқиб кетиш эканлигини билиб турибман. Лекин азбаройи сизни севганимдан, сизга яхшилигу эзгуликдан бошқа нарсани тилай олмаслигимдан, шу нарсага қўл уряпман… – эркак жим бўлиб қолди. Қиз жони ҳиқилдоғига тиқилгудай бўлиб унга қараб турарди. Ниҳоят: – Мана шундай иштибоҳлардан сўнг, – дея сўзини давом эттирди эркак, – сизга шуни маълум қиламанки, мен боя сизга таклиф қилган нарсани бундан бир мунча фурсат бурун онангиз менга шаъма қилгандай бўлувди.
– О, йўқ, йўқ! – дея шивирлади жуда ҳам даҳшатга тушган қиз ранги бўздай оқариб. – Бўлиши мумкин эмас! Мумкин эмас!..
– Нега энди? Бу дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ярамас одамзод хаёлига келган ҳар қандай аблаҳ фикрни амалга оширишни истаб қолади гоҳида, – эркак шундай деди-да, чўнтагидан жимитдай қайчисини олиб, тирноқларини қиртишлай бошлади. У анчайин сокин кўрингани билан, аслида ниманидир, ўзида йўғ-у, қизда мавжуд бир нарсани синдиришга қасд қилган ва бунга қисман эришдим, деб ўйлаганидан кўкси ёқимли ҳисларга тўлиб бораётган, лекин буни қизга сездирмаслик учун кутилмаганда, ўрни бўлмаса-да, тирноғини қиртишлашга тушиб кетганди.
– Сиз аблаҳсиз! – деб юборди қиз кутилмаганда.
– Аблаҳлик одамзоднинг қонида бор. Лекин ақлли одамлар буни сездирмайдилар, – жавоб қилди эркак сира ҳам жаҳли чиқмасдан.
– Ойимни… Онамни… шундай… ҳалиги бояги гапни шаъма қилганини қандай исботлайсиз?

Эркак кулимсиради, аммо дарров жавоб беришга шошилмади, аввал қайчини чўнтагига солди, ўрнидан турди, бир-бир босиб қизга яқин келди, шундан сўнггина гапирди:
– Ойингиз мендан тез-тез пул қарз олиб туради, шуни биласизми?
Қизнинг кўзлари чақчайиб кетди, лаблари дир-дир титради, аммо лом-мим дея олмади.
– Мен бир нарсага ҳайронман, – гапида давом этди эркак. – Йўқ, аниқроғи, тушуна олмаяпман сираям. Сиз менимча кўп ҳам ўйлаб кўрмасдан оёқ тираяпсиз. Шунақами? Акс ҳолда… Бу ҳақиқатга тик қарай билмаганингиздан бўлса керак. Ҳар ҳолда… уфф… яна шу сўз! Жин урсин шу сўзни! Ҳар ҳолда, ўзимни оқламоқчи эмасман-у, лекин бир оғиз айтиб ўтишим лозим, деб ўйлайман, ҳар ҳолда мен сизга нисбатан жудаям ноинсофлик қилганим йўқ. Мана, ихтиёрингизга қараб, қаршингизда бош эгиб турибман. Сиз андак ўйлаш, фикр юритиш ўрнига…
– Нимани ўйлашим керак?
– Ахир дадангиз қамоқда, ким билади, ҳозир не кўйларга тушган экан? Биласизми, у ерда одам ўлдирганларни не кўйга солишларини… Уйда онангиз, ўгай бўлса-да ва сизга нисбатан кўнгли у қадар тоза бўлмаса-да, сиз у кишини яхши кўрар экансиз, ҳурмат қиларкансиз, ҳатто ҳавасим келаяпти сизга: одамлардан нафратланмасдан яшаш қандай яхши, аммо барибир, нима бўлганда ҳам ҳақиқатга тик қарашимиз керак, чунки у ҳ а қ и қ а т! Ҳақиқат шундай нарсаки… ҳа, майли, бу ҳақда бошқа вақт… Хуллас, отангиз қамоқда, онангизнинг қўлида ҳеч қандай ҳужжати йўқ бирон жойга ишга кириш учун. Яқинда фолбинлик қилмоқчи бўлибди-ю, лекин эплолмабди, шундайми? Қўлдаги, юздаги чизиқлар ҳақида маълумот берувчи китобларни тополмабди-да бечора. Аксига олиб мендаям бундай китоб йўқ эди, лекин кейинчалик топиб беришим мумкин, бу дунёда топилмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, мабодо фолбинликни хобби қилиш ниятлари бўлса, чунки қариндош бўлиб қолсак, тирикчилик ташвишларидан қутилиб, бир умр иззат-икромда яшайдилар у киши, гарчи… Янглишмасам, ҳозирги фолбинларнинг кўпчилиги шунақа китобларни ёдлаб, сув қилиб ичиб юбориб, кейин кароматгўйлик қилаяпти, шекилли. Тўрт-беш сўм топиш илинжида-да, албатта, буни тушунаман. Шундай қилиб, онангизнинг бу борада ҳам омади келмади. Акангиз эса яқинда ўқишдан ҳайдалади шу кетиши бўлса. Ичкиликка берилиб кетганмишми, институтга кирар-кирмас? Меҳнатсиз эришилган нарсанинг қадри бўлмайди-да ўзи! – эркак шошилмасдан, оҳиста, ҳар бир сўзини чертиб-чертиб, мўлжалга аниқ тегадиган қилиб сўзлагани сайин қиз тобора кичрайиб бораётгандек, ўзини ожиз ва нотавон ҳис этар, юзига ночор бир ифода қалқиб чиқаётганди. – Ҳадемай, мана кўрасиз, мени айтди дерсиз, акангиз ичиб олиб, битта-яримтани пичоқлаб қўйишдан ҳам тап тортмайди. Уйда эса сиздан кейин яна олтита укангиз борми? Ҳа, олтита! Ё бештами? Йў-ўқ, олтита, ҳа, аниқ олтита. Уларнинг аҳволи не кечади? Келажаги нима бўлади? Етимхонага обориб ташлайсизми? Шусиз ҳам ҳозир етимхоналар тўлиб кетди. Ҳа, айтгандай, яна бир тахмин кўнглимни алағда қилиб турибди…

– Бас қилинг. Бўлди, гапирманг!.. – қиз юзини кафтлари билан тўсганча ўтириб қолди.
– Йўқ, энди гапимни охирига етказишга ижозат этадилар, – деди эркак қизнинг абгор ҳолига бир қур назар ташлаб, бирдан овозини ўзгартираркан. – Бу тахмин мана ҳозир, шу дақиқанинг ўзида хаёлимга келиб қолди. Худо кўрсатмасин, ҳали-вери бундай бўлмайди-ку, лекин барибир, одам айтиб бўлмайди, мабодо менга бир гап бўлса, ўлимимдан кейин фарзандларим сизларга совға қилинган уйга даъво қилиб қолишса-чи?! Онангиз маҳалладаги эски уйларингизни аллақачон сотиб юборган, шундайми? Одам бунчалик шошқалоқ бўлмаслиги керак-да. Яъни, ҳа, майли…

Қизнинг юзтубан йиқилишига бир баҳя қолди. Эркак уни тутиб қолди ва даст кўтариб дераза олдидаги курсига ўтқазди-да, шоша-пиша деразанинг бир табақасини очиб юборди. Хонага тоза ва салқин ҳаво ёпирилди.
Қиз кўзларини очди.

– Одамни жуда қўрқитиб юбордингиз-ку, – деди эркак енгил тортиб. – Шунчалик ҳам нозикмисиз? Бир оғиз гапни кўтара олмасдан ҳушдан кетиб ўтирибсиз-а?
Қиз индамади, эркакка бефарқлик билан қараб қўйди.
– Қўлингиз музлаб қопти… – эркак қизнинг бармоқларини аввал кафтлари орасига олиб иситди, сўнг ботиниб-ботинмай, ҳайиққандай бўлиб, журъатсизлик билан лабига босди.

Қиз уйқудан уйғонгандек чўчиб тушди. Ирғиб ўрнидан турди. Туришга турди-ю, аммо қаёққа юришини, нима қилишини билмасдан бир дам ҳайкалдек қотиб қолди.
– Азизам, ўзингизни бунчалик қийнаманг, – деди эркак жуда ҳам юраги куйиб кетаётгандек илтижоли оҳангда. – Юзингизга қараб, юрагим эзилиб кетаяпти. Мабодо сизни севмаганимда, чин юракдан севмай, сизсиз яшай олганимда, аллақачон сизни бу ердан чиқариб юборган бўлардим. Асло, бир дақиқа ҳам тутиб турмасдим. Лекин ҳозир иложим йўқ. Тушунинг ва менга бир нарса денг. Ҳатто, майли, ёлғондан бўлсаям, умидвор қилинг мени, кейин ҳеч қачон ваъдангизда турмасангиз ва ҳатто ваъда берганингизни тан олмасангиз ҳам майли. Хўпми? Хўп денг, илтимос…

Қиз бош чайқади.
– Ахир бахтингиз кулгани шу эмасми?
– Бахт!.. Йўқ, бу хўрлик…
– Э, Худойим, Худойим! – хона ичида у ёқдан-бу ёққа юра бошлади эркак. – Бу не кўргулик, а? Келиб-келиб сиздай бағри тошга ишқим тушгани-чи! Агар сизнинг ўрнингизда бошқа қиз бўлганида, ҳатто у ўн тўрт яшар гўзал бўлсаям, ҳеч иккиланмасдан таклифимга рози бўларди!
– Ўша қизнинг олдига борақолинг…
– Э, Худойим, қанақа қизсиз-а? Миянгиз фақат ўзингизга маъқул фикрлар билан тўлиб кетган! Умрим бино бўлиб, сизга ўхшаган қизга биринчи марта дуч келишим.
– Сиз ўйлайсизки…
– Мен ўйламайман, истаган нарсамга эришаман. Шу чоққача шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади!
– Катта кетманг…
– Мана ҳозир ҳам, ўзингиз айтинг, ҳақ гапни айтинг, ошиғим олчи турмаяптими? Ахир сиз ихтиёримдасиз, истаган ишимни қилишим мумкин, айниқса, боя ҳушдан кетиб қолганингизда! Оҳ-воҳингизни ким ҳам эшитарди? Беҳуш ҳолингизда оҳ-воҳ қила олмасдингиз ҳам. Лекин мен бу имкониятдан фойдаланмадим. Фойдалансам бўларди. Ҳозир мен эмас, сиз атрофимда пойи-патак бўлардингиз. Ҳа, ҳа, худди шундай, пойи-патак! Бироқ менга бундай бахтнинг кераги йўқ. Мен… биласизми… мен нимани истайман?.. Ҳалиги… бир гап бор-у… “Бағрингга япроқ каби тўкилдим…” деб айтишади-ку… ё куйлашадими, ишқилиб шу-да… – эркакнинг юзига қизил югуриб, уялиб кетгандай бирдан жим бўлиб қолди.

Қизнинг юзига ожиз, жуда ҳам кучсиз заҳарханда кулги югурди.
– Қўтир кўнгил… нималарни тусамайди…
Эркакнинг тепа сочи тикрайиб кетди. Қизга шундай ўқрайиб қарадики, ҳалига довур у ҳеч қачон қизга бундай нигоҳ ташламаган эди. Бундай нарсани ўйламаган ҳам эди. Лекин зум ўтиб унинг нигоҳлари яна юввош тортди.

Ниҳоят, хонада у ёқдан-бу ёққа юришни бас қилиб, қизнинг қаршисида тўхтади. Бир неча дақиқа унинг қонсиз, мурданикидек оппоқ юзига тикилиб қолди. Бошқа одам бўлганида қизнинг аҳволини кўра туриб, бу можарога чек қўйган, жилла қурса, бошқа куни давом эттирган бўларди, аммо эркак бундай қилишни хаёлига ҳам келтирмади.
– Паришонхотирлигим қурсин… бир нарсани сўрашни… яъни аниқлаштириб олишни унутибману… – эркак бир зум тин олди-да, кейин иккиланиброқ гапини давом эттирди: – Балки… кўнглингиз бошқа бировдадир? Яъни бирорта ёшроқ йигит бошингизни айлантириб…
– Ишингиз бўлмасин! – шу заҳотиёқ жавоб қайтарди қиз.
Эркак ғалати бўлиб кетди. Зум ўтмай юзи бўғриқиб, кўзларининг оқи қизара бошлади.
– Биласизми, ҳозирги йигитлар қанақа, – дея гапирди у аллақандай аламзада оҳангда. – Ҳозирги йигитлар… умуман, ҳозирги ёшлар муҳаббат нималигини билишмайди! Улар хат ёзишмайди! Орзиқиб жавоб хати кутишмайди! Почтачининг йўлига интизор бўлиб кўз тутишмайди! Шундоқ… интернетда танишиб, интернетда гаплашиб, яна интернет орқали ажралишиб кетаверишади!

Қизнинг юзига кинояли табассум югурди. Кейин:
– Катталар ҳамиша ёшлардан нолишган, – деди у кулимсираган ҳолда.
– Асос бордирки… нолишади, – деди эркак ёқтирмайроқ, бир лаҳза жимиб қолди, лекин кейин бирдан қони қайнаб кетгандай зарда билан гапини давом эттирди: – Биласизми, ҳозирги ёшлар, айниқса йигитлар жуда бачкана! Хомхаёл! Тарраллабедод қилиб юришдан бошқасига ярамайди!
– Жа унчаликмасдир… Билимдон…
– Билимдон ёшлар, – қизнинг гапини шарт кесди эркак, – кучини ва билимини қаерга сарфлашни билмай, ҳар хил назариялардан бошлари ғовлаб, кўчада саргардон юришибди! Баъзилари чет элга кетиб, бойиб қайтиш каби ҳавойи орзулар билан кўкрагига уриб юришибди. Улар учун муқаддас бўлган ақидалар қолмаган! Сизга ўхшаган қизалоқларни эса… меҳрибон оналари…
– Бас қилинг! – хун бўлиб қичқирди қиз. – Агар ҳозироқ мени бу ердан чиқариб юбормасангиз, нима бўлишидан қатъий назар, сизни судга бераман!

Эркакнинг бир туки ҳам қилт этмади. Қизнинг сўзларини эшитмагандек ён-верига аланглаб, икки қадам нарида турган курсига ўзини ташлади. Ҳолдан тойгандай чуқур сўлиш олди. Курси суянчиғига тирсакларини, кафтига иягини тираб, ўйга толди. Бир неча дақиқа шу зайлда ўтди. Шу бир неча сония ичида унинг кўз олдидан бутун ҳаёти кинолентадай лип-лип ўтди. Бу ленталарда унинг зафарларга тўла шавкатли ҳаёти акс этганди. Ўзининг ҳозирги аҳволи эса ни-ҳоятда забун ва машъум муваффақиятсизликнинг муқаддимасидек туйилди. Бундай забунликни кўтариш тугул, ҳис этишнинг ўзиёқ эркак учун даҳшатли бир ҳол эди. Бунга у кўникмаган эди.
– Эшикни очасизми, йўқми?

Эркак қизга тирилган мурдага қарагандай ҳайрат ва таажжуб билан назар ташлади: Бу қачон юз берди?! Аммо яна миқ этмади. Қиз ростдан ҳам “тирилган” эди. У ўзини тутиб олган, эркакка фавқулодда қатъият билан тикилиб турарди.

Қиз қараб турди-турди-да, бирдан, кутилмаганда жуда ҳам маъюс ва шикаста овозда деди:
– Ҳамма бало шундаки, сизни севмайман. Шундай экан, бу можарони давом эттиришдан фойда йўқ. Шундайми?
Эркак қизнинг сўзларини тузук-қуруқ англамай туриб, аста бош ирғади.
Кейин секин, жуда ҳам паст овозда, шивирлагудай бўлиб деди:
– Наҳотки…севмасдан… яшашнинг иложи бўлмаса?..
– Илтимос, эшикни очинг.
– Эшик очилмайди, – деди эркак қизга эсдан оққандай ғалати нигоҳ ташларкан. – Аввал мени ўлдириб, кейин бу ердан чиқиб кетасиз!

Қиз ҳайратдан донг қотди. Аммо ўзини ўнглаб кинояли кулимсиради.
– Сизни-я? Қандай қилиб? Яъни, нима билан… Ахир қўлимда на қурол бор, на заҳар… Жилла қурса, ошпичоқ бўлгандаям… бир амалласам бўларди, – сўнгги жумла охирига етар-этмас қиз баралла, хандон отиб кулиб юборди.

Эркак жуда ғалати қилиб, худди ҳаваси келгандай бўлиб қизга қаради, у кулишдан тўхтагунча кутиб турди, сўнг оҳиста:
– У ер-бу ерни қараб кўринг, жилла қурса, ошпичоқ топилиб қолар, – деди нима учундир охирги жумлага урғу бериб.
– Ҳазиллашяпсизми? Устимдан кулмоқчимисиз?
– Нега энди? Қараб кўринг-чи, мабодо, ошпичоқ топилмаса, кейин кетаверасиз.
– Сўз берасиз-а?
– Ҳа.
“Бу бир ўйин, – деб ўйлади қиз. – Атай қиляпти!”

Қиз дарҳол ишга киришди. У аввал хонани кўздан кечирди. Хона кенг ва катта эди. Замонавий услубда таъмирланган, жиҳозлари ҳам алламбало. Шифтда осилиб турган қандилнинг ўзиёқ ҳар қандай аёлнинг ақлу ҳушини ўғирлайди. Аммо қиз бунга, бундай нарсаларга эътибор бермасликка уринди. “Нима бўпти… Оддий қандил… оддий диван… анави стол каттагина экан-у, лекин у ҳам оддий нарса-да!..”
Қиз у ер-бу ерларни кўрган, кўздан кечирган бўлди-да, эркакка қараб:
– Қидирдим, лекин ҳатто ошпичоқ ҳам тополмадим, – деди кулиб.
– Стол ғаладонини кўрмадингиз, – дея эслатди эркак.
– Ие, ҳа, тўғри, ғаладон эсимга келмабди.

Қиз шундай деди-да, жуда ҳам бепарволик билан стол ғаладонини тортди, тортди-ю шу заҳоти ҳайкал бўлиб қолди: ғаладонда яп-янги ошпичоқ ётарди!
– Нега ўйланиб қолдингиз? – эркак хотиржам кўринса-да, нима учундир ёноқ суяклари сезилар-сезилмас пир-пир учарди.

Қиз ҳадеганда ўзига келавермади. У ошпичоққа тикилиб қолган, эркак томонга қарай демасди.
– Қўрқяпсизми? – бутун вужуди нигоҳга айланиб сўради эркак.
Қиз илкис назар ташлади эркакка. Кулмоқчи бўлди, лекин эплолмади, лаблари жийрилди, холос.
– Қўрқяпсизми? – нима учундир яна шу сўзни такрорлади эркак. Кейин қизга янада қаттиқ тикилди, гўё ўзи тан олишни истамаган аллақандай номаълум нарсаларни аниқлаштириб олишга аҳд қилгандай.
– Йўқ, нимага энди… – дея ғудранди қиз. – Ўзингиз талаб қилганингиздан кейин… Ие, агар мен ростдан ҳам… шундай қилсам, кейин сизнинг ўлимингизда мени айбдор қилишади-ку! Эҳ-ҳа, гап бу ёқда денг! – аллақандай фитнани фаҳмлаб қолгандай қизнинг овози кутилмаганда заҳарханда, аччиқ киноя оҳанги билан янгради.

Эркак индамади. Қиздан кўз узмай ўтирди.
– Шунча хўрлик, мазах етмаганмиди… – бирдан йиғламсираб гапирди қиз. – Энди бу томондан… О, сиз қанчалар ярамас, аблаҳ, пасткаш одамсиз! Разилсиз!
Эркак ўрнидан турди. Столга яқин келиб, қизни секин, жуда ҳам эҳтиёткорлик билан нари суриб, ўша ғаладондан қоғоз-қалам олди. Сўнг ўтириб, қоғозга шошилганча алланималарни ёза бошлади.
– Мана бу тилхат, – деди у ёзиб бўлиб қоғозни қизга узатаркан. – Менинг ўлимимда ҳеч кимнинг айби йўқ, деган маънода…

Қиз довдираган, эсанкираган ҳолда бир қоғоздаги майда ёзувларга, бир эркакка қарар, ич-ичидан қалтирар, иситмаси кўтарилиб, йиқилиб тушадигандек бир аҳволга тушганди.
Эркак бояги ўтирган курсиси томон юраётиб, яна… жуда ҳам нафис нарсага озор бериб қўйишдан чўчигандек эҳтиётлик билан қизнинг ёнидан ўтди.
– Энди нимадан чўчияпсиз?

Қиз аста-секин ўзига кела бошлади. Ахийри ўзини тутиб олди. “Шу йўл билан мени мот қилмоқчи, – деган ўй келди хаёлига. – Овора бўласиз!”
– Агар, – деди у кутилмаган дадиллик билан эркакка тик қараркан. – Агар мен ҳозир айтганингизни бажарсам, сиз ярадор бўласиз ё… Унда мен қандай қилиб хонадан чиқиб кетаман? Сиз аввал, марҳамат қилиб, эшикни очиб қўйинг!
– Калит ҳам ўша ғаладонда турибди-ю, кўрмадингизми? – хиёл кулимсираб деди эркак.
– У бошқа қулфнинг калити бўлиши мумкин. Яхшиси ўз қўлингиз билан очинг эшикни…
– Унда сиз ҳам пичоқни қўлингизга олинг.

Қизнинг нафаси ичига тушиб кетди. Аммо у барибар пичоқни қўлига олди.
– Пичоқ ишлатишни биласизми ўзи?
– Ҳа…

Эркак эшикни очди. Ва остонада туриб қолди.
Қиз бундай бўлишини кутмаганди. У сал бошқачароқ ўйлаганди.
– Қани, бошланг.

Қизнинг қўллари қалтиради. Шу қалтироқ қўллари билан пичоқни қўшқўллаб тутди-да, юқори кўтарди. Аммо мўлжалга олишга улгурмади.

Бирдан кўзлари даҳшатли равишда олайиб кетган эркак гуп этиб қулади…

Қўрқиб кетган қиз пичоқни отиб юборди. Ва шошилганча эшик томон юрди. Полда чўзилиб ётган эркакка бир неча сония даҳшат ичида тикилиб турди-да, сўнг ҳеч иккиланмасдан унинг гавдаси устидан сакраб ўтиб, даҳлизга отилди.

Бесаранжом қадам товушлари анча узоқлашиб кетгандан кейин эркак аста ўрнидан турди. Йўқ, у ўлимдан қаттиқ қўрқиб кетганидан ҳушидан кетмади. Йўқ ва яна бир карра йўқ!

У… пичоқ тутган қизнинг нигоҳларидаги адоқсиз нафрат ва шу ишга қодир шафқатсизликни кўриб, йиқилиб тушганини сезмай қолганди.

2011

03

Zulfiya Qurolboy qizi
IKKI HIKOYA
088

Zulfiya Qurolboy qizi – 1966 yili Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tug’ilgan. 1989 yili Jizzax pedagogika institutining o’zbek filologiyasi fakul`tetini bitirgan. “Turmush”, “Yovuzlik farishtasi”, “O’lim hech narsa emas” hikoyalar to’plamlari hamda “Armon asirasi”, “Mashaqqatlar girdobi” romanlari muallifi. Ayni kunlarda “O’zbekfil`m” kinostudiyasida ishlaydi. Hikoyasi asosida “Chaqmoq chaqqan tunda” badiiy fil`mi suratga olingan. “Yozsiz yil” badiiy fil`mining, “Fidoyilar” serialining stsenariy muallifi. Hikoyalari asosida O’zbek davlat drama teatrida “Ayol” spektakli sahnalashtirildi.

088

QUYOSH NEGA CHIQAVERADI?

Tosh qotib uxlab yotgandim, allakimning turtkisi va hayajonli ovozidan cho’chib uyg’ondim. Ko’zlari besaranjom boqayotgan onam ustimga engashib turardi.
– Tur, seni so’rab kelishdi. Turaqol, – dedi onam shoshilib, nimadandir qattiq bezovtalangan holda.
– Kim… Kim so’rab kepti ertalabdan? – erinchoqlik bilan boshimni yostiqdan ko’tarib qo’ydim-u, yana tashladim.
– Tur deyapman senga. Tursunoy sho’rlik dori ichib qo’yipti!
– Ni-ma?! Dori ichib qo’yibdimi?! – O’rnimdan uchib turdim. – Nega ichadi? Kecha, kuni kecha dup-durust yurgandi-ku? – deya to’xtovsiz savol berardim kiyinishimga
yordamlashayotgan onamning yuziga tikilib.
– Kim bilsin. Senga hech narsa demaganmidi, axir? Otasi shuning uchun senga keldi-yov. Biror nimani so’rashsa, o’ylab ko’rib, keyin javob bergin. Tag’in…

Onamning so’zlarini oxirigacha eshitishga sabrim yetmadi, otilib tashqariga chiqdim. Onam hay-haylagancha qoldi. Gaplarini oxirigacha eshitmagan bo’lsam ham nima deyishlarini bilaman: “Bo’lar-bo’lmas gaplarni valdirayverma. Tilingga ehtiyot bo’l! Tag’in boshingni bir baloga giriftor qilib qo’yma. Tursunoydan qo’rqqulik…”

Ha, onam qadrdon dugonam, devor-darmiyon qo’shnimiz Abduhamid amakining qizi Tursunoydan qo’rqadi. Nafaqat mening onam, balki dugonamning ota-onasi Abduhamid amaki bilan Bahri xola va umuman ko’pchilik undan, to’g’rirog’i uning o’zini tutishidan, xatti-harakatlari sal boshqacharoq, ya’ni g’alati bo’lgani uchun cho’chishardi. Bundan to’qqiz oy avval ham Tursunoy o’zini o’ldirishga uringandi. Yaxshiyamki Abduhamid amaki bexosdan hammomga kirganu, sirtmoqqa tikilib turgan qizini ko’rib qolib, bir o’limdan qutqargan edi. Mana, bugun yana u…

Darvozani ochib, ko’chaga chiqqan ham edimki, Abduhamid amakiga to’qnash keldim.
– Qizim, bu ahmoq qiz yana… – duduqlanib gapirdi rang-quti o’chgan, ko’zlari g’iltillayotgan Abduhamid amaki.
– Qaerda o’zi? Uydami, kasalxonadami?.. – deb so’radim shoshib.
– Sekin, sekinroq gapir, – Abduhamid amaki yon-veriga zimdan qarab qo’ydi. – Boshqalar bilmay qo’ya qolsin degandim. Bu ahmoq…
– Qaerda o’zi? – yana so’radim toriqib ketib.
– Uyda… yotibdi. Kechasi kasalxonaga oborgandik, ichini tozalab-yuvib, qaytarib yuborishdi. Vaqtida bilib qolgan ekanmiz… Saharda o’ziga kelib, seni so’radi…
Shundan beri nuqul seni so’raydi…
– Qanaqa dori ichibdi?
– Qirq dona demidrol…
– Voy ahmoq! – deb yubordim beixtiyor.
– Ahmoq ham gapmi! Qani, oldiga kir-chi, qanday gapi borakan?

Abduhamid amaki xuddi bir nima qidirayotganday yerga qaragancha uylari tomon yurdi. U kishi juda parishon edi. Yuragim uvishdi. Tarashaday qotma yuzi horg’in, nigohlari g’amgin edi Abduhamid amakining. O’tgan yili Tursunoydan keyin tug’ilgan yolg’iz o’g’li Toshtemir to’ppa-to’sindan olamdan o’tdi, keyin esa ko’z qorachig’iday arzanda bo’lib qolgan Tursunoyi sal bo’lmasa o’zini osib qo’yayozdi… Shular asabiga qattiq ta’sir qilganidan bo’lsa kerak, Abduhamid amaki dardchil bo’lib qoldi.

Yuragim hapriqib, u kishiga ergashdim.
Abduhamid amaki qiya ochiq turgan eshikdan meni ichkariga kiritdi-da, o’zi tashqarida qoldi.
Dahlizdan o’tib, oynavand eshikka yaqin keldim. Yuragim gurs-gurs urardi. Tursunoyga hali ko’zim tushmagan bo’lsa-da, uning ahvolini tasavvur qilardim. Qirq dona demidrol tabletkasini ichish… hazil emas. Men sira ham bunday qila olmasdim, deb o’ylayman, garcha hamma narsadan hafsalam pir bo’lib, yoki azob-uqubat jon-jonimdan o’tib ketgan taqdirda ham. Qiziq, u bunga qanday jur’at qildi ekan?

– Seniyam sahardan bezovta qildikmi, qizim? – deya qarshi oldi ichkariga kirganimda qayg’udan abgor bo’lgan Bahri xola.
– Ahvoli yaxshimi? – deb so’radim ko’zlari yarim yumuq, vujudidan butun qoni silqib oqib chiqib ketganday yuzi qor kabi oqarib yotgan Tursunoyga nazar tashlab.
– Uxlab qoldimi deyman. Hozirgina shiftga qarab yotgandi.

Bahri xola qizining yuziga xavotir to’la nigohini tikdi.
– Uxlayapti shekilli.
Bir pas ikkalamiz ham jim bo’lib qoldik. Xonaga og’ir sukunat cho’kkan, derazaga o’zini urib g’ing’illayotgan pashshaning ovozigina eshitilardi faqat.
– Yaxshigina yurgandi, – deya so’zlandi past ovozda Bahri xola birozdan keyin men tomon burilarkan. – O’qishigayam vaqtida borib kelayotgandi. O’zingning ham xabaring bor-ku aytganday.
– Hech kim bilan urishmaganmidi? – deb so’radim sekin.
– Hech kim bilan! Uning mushugini “pisht” deyishga birovimizning ham haddimiz sig’maydi. Avvallari otasi indamasayam, men tergab turardim. Bulturgi qilig’idan keyin menam indamay qo’yganman. O’qishiga boradimi-yo’qmi, uy ishlariga qarashadimi-qarashmaydimi, ishim yo’q. O’z holiga tashlab qo’ygandim. Qani, o’z bilganicha yashab ko’rsin-chi, deb. Mana, yana… – Bahri xola ko’ylagining uzun yengini ko’ziga bosdi.

Tilim lol, nima deyishni, kuyib ketayotgan onaizorni qanday yupatishni bilmasdim. Aslida gapga unchalik no’noq ham emasdim.
– Shoshmayotgan bo’lsang oldida bir pas o’tir, qizim. Hushiga kelganidan buyon seni so’rayotgandi. Bir gapi bordir-da. Men tashqariga chiqmasam bo’lmaydi. Yuragim siqilib ketayapti…
Bahri xola o’rnidan turdi. Oyoqlari uvishib qolgan chog’i, engashib tizzalarini uqaladi-da, keyin qaddini rostladi va oqsoqlangancha yurib ketdi.

“Xudoyim, o’zing sabr ber”, – deb qo’ydim ichimda. So’ng Tursunoyning yuziga termuldim. U chindan uxlayaptimi yoki o’zini uxlaganga solib yotibdimi, shuni bilmoqchiydim. Shu chog’ Tursunoy “yarq” etib ko’zlarini ochdi va menga tikilib qoldi.
– Yana eplay olmadim… – eshitilar-eshitilmas pichirladi Tursunoy, ovozi xirillab chiqdi, ko’kargan lablari zo’rg’a qimirladi.

– Eplay olmaganingga shukr. Beadad shukr, – dedim xursand bo’lib.
– Senga qachon xabar berishdi? – deb so’radi u yana pichirlayotganday past ovozda.
– Hozirgina… hali yarim soat ham bo’lgani yo’q.
– Qo’rqib ketgandirsan?.. – so’radi u.
– Qo’rqish ham gapmi!
Tursunoyning bo’zargan chehrasidan allaqanday siniq, tushuniksiz tabassum sirg’alib o’tdi.
– Darsga bormaysanmi? – so’radi u yana.
– Ertaga birga boramiz.

Javobim yoqmadimi yo toliqib qoldimi, Tursunoy yuzini devor tomonga burdi. Burdi-yu, shu ko’yi indamay yotaverdi. Men ham jim o’tiraverdim.
Biz bolalikdan birga o’sib-ulg’aydik. Bir maktabda, bitta sinfda o’qidik. Tan beraman, Tursunoyning bilimi kuchli edi, kallasi zo’r ishlardi. Ko’p kitob o’qirdi-da. U hammamizni hayratga soladigan qobiliyatga ega edi, lekin nima uchundir ko’pincha o’zini “alif”ni “kaltak” deya olmaydigan bolalardek tutardi. Faqat gohi-gohida o’z iqtidorini shu qadar qizg’inlik bilan namoyish qilardiki, biz hayratdan yoqa ushlab qolardik. Tursunoyning fe’l-atvoridan uncha-muncha xabardorligim bois, maktabni bitirganimizdan keyin bitta universitetga hujjat topshirishga amallab ko’ndirgandim. Omadimiz chopib, o’sha yili ikkalamiz ham talaba bo’ldik.

Lekin keyin… Chopag’on otning oqsashini ko’ring, deganlariday, Tursunoy universitetda ham maktabda ko’rsatgan hunarlarini takrorlashni boshlab yubordi deng. Hushiga kelsa, darsga boradi, hushiga kelmasa – yo’q. Gohida ikki-uch kunlab uydan bir qadam nariga chiqmay qo’yadi. Ota-onasi Xudoning zorini qilib yalinib-yolvorishdi, qani endi qulog’iga olsa!

Qishki yoki yozgi imtihonlar boshlanganida esa Tursunoy hammani hayratda qoldirmoqchiday fanlardan “a’lo” baholar olib, sessiyani birinchilardan bo’lib yopardi.

Shunday qizning mendan boshqa biron yaqin do’st-o’rtog’i, dugonasi yo’q edi. O’zi birorta qiz yoki yigit bilan yaqinroq munosabatda yoki sirdosh bo’lishga intilmaganiga yarasha, boshqalar ham nima uchundir unga yaqinlashishni istashmasdi. Men ham tabiatan ko’pchilikni unchalik suyaveradiganlar xilidan emasman, ammo o’zimga yarasha tanish-bilishlarim, sirlasha oladigan yaqinlarim bor. Yoshimiz ulg’ayib, aql-hushimiz to’lishgan sayin Tursunoyning xatti-harakatlaridan, o’zini tutishlaridan goh ensam qotadigan, goh jahlim chiqadigan bo’ldi.

– O’zingni buncha chekkaga tortaverasan? – dedim oxiri kunlarning birida. – Xuddi o’z to’riga o’ralashib qolgan o’rgimchakka o’xshaysan!
– Nima qipti? – beparvolik bilan so’radi u.
– Yolg’izlikdan yuraging siqilib ketmaydimi?
– Men yolg’iz emasman, – dedi Tursunoy va ko’zlarini lo’q qilgancha menga qadalib tikilib turaverdi.Shundan keyin ham bir nima deb ko’ring-chi! Bo’zargan chehrasidan, loqayd boqayotgan nigohlaridan hech narsani uqib bo’lmasdi.

Uyda esa Bahri xola jig’ibiyron bo’lardi.
– To’rt chaqalog’imni yerga qo’yganimdan keyin topganim deb erkalatib, qaysar qilib yubordim deb o’ylardim. Yo’q, u noshud, qip-qizil noshudning o’zginasi! – deb qolardi xola menga hasrat qilib. – Yoshi yigirmadan oshdi, ignadan ip o’tkazolmaydi hali! Mana, seni olaylik. Opang, yangang bo’lishiga qaramasdan osh-ovqatni, qozon-tovoqni bo’yningga olgansan. U-chi? Hali tuxumni yoqqa tashlab olishniyam eplay olmaydi. Men bo’lmasam, singillari bo’lmasa ochidan o’ladi u!
– Vahima qilaverma, onasi, – derdi bunday paytlari Abduhamid aka o’rtaga tushib. – Hali boshiga tushsin, hammasini quling o’rgilsin qilib eplab ketadi. Hozircha senga, menga erkalik qiladi-da.
– Yo’-o’q, bu erkalik emas, – deya o’z bilganidan qolmasdi battar jazavasi qo’zigan Bahri xola. – U tanbal, u dangasa, u haftafahm!..

Tursunoy haqiqatan ham dangasa edimi? Buni aniqlash unchalik qiyin emasdi. Uning uzilib tushgan tugmasini qaday olmay, onasiga iltimos qilayotganiga guvoh bo’lganim rost. Bu borada Bahri xola qisman haq desam, xato qilmagan bo’laman. Biroq Tursunoyni “haftafahm” deyish adolatdanmikin?

…Chamasi bundan olti oycha ilgari, kun ayni jizillagan peshin payti darsdan chiqib, avtobus bekatida turgandik. Uylarimiz universitet binosidan bir bekat narida joylashgan. Yarim soatlab avtobus kutgandan ko’ra piyoda ketaverganimizda ham allaqachon uyga yetib qo’yardik. Lekin biz qoq tush mahal bekatda turibmiz. Zero, Tursunoyning xohishi shu edi!
– Quyosh nega har kuni chiqaveradi, a? – deb qoldi u bir mahal lanjlik bilan osmonga, naq tepamizda turgan may oftobiga ko’zlarini qisib qararkan.
– Quyosh tiriklik manbai, – deya bilganimcha aqlli javob qaytarishga urindim. – Quyosh bo’lmasa hayot ham bo’lmaydi.
– Quyosh bo’lmasa hayot ham bo’lmaydimi? Unda “Men barhaqman! Yaratuvchiman!” degan zotning xizmatlari qayda qoladi?

Tursunoydan bunday gap chiqishini kutmagandim. Hayron qolganimdan, birdan javob qaytara olmadim. U bo’lsa istehzoli kulimsiragancha menga tikilib turardi.
– Quyosh hayot unsurlaridan biri, – dedim birozdan so’ng xatoyimni to’g’rilashga urinib.
– Shunday de…

Tursunoy boshqa gapirmadi.
Bir haftadan keyin kutilmagan fojia yuz berdi: dugonamning ukasi og’rib-netmasdan, to’satdan o’lib qoldi.
Shundan keyin Tursunoy o’qishgayam bormay qo’ydi.

Bu yoqda yozgi sessiya boshlanishiga sanoqli kunlar qolayapti. Kutubxonada ikki soatcha o’tirib dars qilganimdan so’ng terlab-pishib uyga kelayotib ko’rdimki, Tursunoy ko’cha eshik oldidagi supachada qandaydir xayollarga g’arq bo’lib o’tiribdi.
– Nega yana darsga bormay qo’yding? – deb so’radim uning yoniga cho’kib.
– O’qimayman endi, – ters javob berdi u.
– Qiziqsan-a?
– Ha, shunaqa.
– Uch yil o’qib, endi tashlab ketmoqchimisan? O’tgan umringga achinmaysanmi?
– Uch yillik umrimgami? – deb so’radi u.
– Nima farqi bor?
– Achinmayman.
– Juda g’alatisan-a, tavba!
– Shunaqaman…

Ishonasizmi, o’sha daqiqada u ko’zimga, nima desam ekan, xuddi… qalbi orzulardan mahrum bo’lgan, hech bir a’moli yo’q, e’tiqodsiz mushtiparga o’xshab ko’rindi. “U
qanchalar baxtsiz va ojiz”, degan fikr paydo bo’ldi ongimda.

Aytganday, yana bir gap. Agar istasa, Tursunoy baxtli bo’lishi mumkin edi, ammo buni u xohlamasdi. Nega? Nima uchun? Bunisi menga qorong’i. Qalbni orzudan, quvonchdan mahrum qilish yerni havoday ayirib qo’yish bilan barobar. Bu holda qanday yashash mumkin?

Tursunoy bo’lsa yashayapti! O’zimcha, bunday odamlar suvga tushgan xasday hech bir maqsadsiz holda dunyodan o’tib ketaveradilar; ular suzishmaydi, oqim ularni olib yuradi, degan xulosaga kelganim bilan baribir yuragim lahza sayin alamli tug’yonlarga to’lib borardi.
– Bu nima qilganing, a?! Bu nima qilganing? Hammani ezib yubording-ku juda! – degandim zarda bilan, qizishib o’shanda. – Uch yil o’qib, endi o’qimayman deb turganing nimasi?
Tursunoy bo’lsa pinak buzmadi.

Bir nuqta bor bo’shliqda. Shunday paytlarda dugonam hamisha o’sha nuqtaga parishon va alamangiz bir qiyofada tikilib qoladi.
– Tilingni yutvorganmisan, nima balo?! – dedim ovozimni ko’tarib. – Sen bilan odamga o’xshab gaplashib bo’ladimi o’zi?
– Nega buncha qizishasan? Nima, sening yashashingga xalaqit berayapmanmi? – dedi u shunda allaqanday kutilmagan, favqulodda bir qizg’inlik bilan. – Bir sayohat qilib kelay deb yo’lga chiqqandim, qalbimni o’ziga rom etadigan hech vaqo topmadim. G’amgin bo’shliq… Undan boshqa hech narsa… hech narsa…
– Sen yashashni bilmaydigan odamlar toifasidan ekansan, mana endi bildim.
– O’zimni… – Tursunoy o’ylanib turib, so’ng gapini davom ettirdi: – xuddi titrab-qaltiragan holda dor ustida imillab yurayotgan dorbozga o’xshataman. Nazarimda… – u yana jim bo’lib qoldi.
– Dorbozning qo’lida langari bo’ladi, o’zi istamasa hech qachon dordan yiqilmaydi. Fikringni to’g’ri angladimmi? – dedim shartta.
– Tashlagan har bir qadamim o’chib borayotganini o’zim ham bilaman…
– Haykal emassan-ku, qo’qqayib turishimning o’zi hayotga zeb beradi deb o’ylasang. Hayotni sevish kerak. Shunda yashaganing sayin yashaging kelaveradi. Men o’zim hayotda
har tongdan yaxshi bir yangilik kutib uyg’onaman. Mana ko’rasan, biz hali baxtli bo’lamiz!
– Sen baxtli bo’lasan, – dedi shunda Tursunoy jilmayib. – Turmush qurasan, sevgan kishing, bolalaring bo’ladi. Baxtli yashaysan. Ammo kunlarning birida sevgan odaming senga xiyonat qilayotganini payqab qolasan-u, hayoting zaharga aylanadi. YO bo’lmasa…
– Qo’ysang-chi shunaqa gaplarni! – dedim birdan yuragim orqaga tortib.
– Hayotingga og’u aralashmasa bo’lmaydi. Dunyoning qurilishi shunday, – pinak buzmasdan, hech bir ikkilanishsiz gapida davom etdi Tursunoy.
– Nega… shunday?.. – deya pichirladim xuddi ovozimni birov eshitib qolishidan qo’rqqanday. Boyagi jo’shqinligimdan asar ham qolmagandi.
– A-ha! – Tursunoy sapchib o’rnidan turdi. Xuddi chaqindek “yalt” etib o’tgan ushbu oniy soniyalarda uning zimiston yuragi, sezgilari, ichki shuuri favqulodda bir nur bilan yorishib ketgandek bo’ldi. – Mana endi o’zingga kelding! Nega shunday? A, nega shunday? Hech o’ylab ko’rganmisan?!.

Javob bermadim. Sarob jimirlayotgan bo’shliqqa tikilgancha miq etmay turaverdim.
– Men ko’p, juda ko’p o’ylayman, – dedi Tursunoy. – Nega shunday? Nega bu dunyoda to’kis baxt yo’q? Hammasi Uning, yolg’iz Uning ixtiyorida bo’lsa, nega dunyoni bekamu-ko’st yaratmadi? Atigi bir marta, bir martagina dunyoga keladigan insonni azob-uqubatlarga giriftor qilmaslikning iloji yo’qmidi? Jannat, do’zax, mahshar tongi deganlariga shunchalar urinsam ham mutlaqo ishonch hosil qila olmadim. Juda mavhum.
– Balki mavhum emasdir, – dedim jur’atsizlik bilan.
– Mayli, sen aytganday bo’laqolsin. Mahshar tongi jami marhumlar tiriladi deylik. Ammo bunda mantiq qani? Masalan, men yigirma bir yoshda, sen sakson yoshda bu olamdan o’tsak-da, mahshar tongi uchrashsak, qanday qilib bir-birimizni taniymiz. Ayniqsa men seni. Axir sen munkillagan kampir qiyofasida tirilasan, shundaymi?..

Shu vaqt hovlida turib shovqinimizni eshitdimi yoki shunchaki chiqib qoldimi, darvoza oldida Abduhamid aka ko’rinish berdi. U kishi bizni ko’rdi, bosh irg’ab men bilan salomlashdi, so’ng ichkariga kirib ketdi.
– Xabaring bor, yaqinda yolg’iz ukamdan ayrilib qoldik, – deya mahzun ohangda gapida davom etdi Tursunoy. – Mendan avval ham ota-onamning to’rtta farzandi nobud bo’lgan. Dadam nima uchun meni yaxshi ko’radi? Chunki men tug’ilganman-u, ketma-ket yuz berayotgan o’limlar to’xtagan. Mendan keyin ukam tug’ildi. Lekin yana… Shugina o’lmasa bo’lardi!
– O’zi bergan, o’zi oladi… deyishadi-ku…
– O’zi bunyod qilib, O’zi yeb qo’ysa… bu nima degani?!.

Men, ochig’i, bu savolga javob berishga ojiz edim. Ammo boshqa bir narsani anglaganday bo’ldim. Tursunoy o’zgalarnikiga mutlaqo o’xshamaydigan, umumning fikridan farq qiladigan allaqanday o’ylar ta’siriga tushib qolganday edi. Bu ko’p o’qiganlik oqibati emasmikin? YO ukasining o’limi uni qattiq larzaga solganmikin? Yoki allaqanday dard, bosim tufayli g’ayrishuuriy xastalik holiga tushib qolganmikan?
– Sabr qilishsa, balki yana o’g’il ko’rishar, – dedim boshqa gap topolmay.
– Sabr… Yana qancha sabr qilishlari kerak? Ehtimol, aynan shu sabr-toqat tufayli ular baxtsizlikka giriftor bo’lishayotgandir? Axir bir emas, beshta farzanddan judo bo’lish… Insonning yelkasi keng, hamma narsa sig’ib ketaveradi, degan tushunchaning natijasi emasmi bu?!

Tursunoy menga ko’zlari yonib qarab qoldi. Avvallari uni hech bunday holda ko’rmagandim.
– Men bora qolay, – dedim o’rnimdan qo’zg’alib. – Hali imtihonlarga tayyorgarlik ko’rishim kerak.
– Yana bir pas o’tir, – dedi Tursunoy iltimos ohangida.
– Boshqa vaqt… davom ettirarmiz…
Men dugonamning yonidan tezroq uzoqlashishni istardim.

Shu suhbatdan keyin ko’p o’tmasdan “sirtmoq” voqeasi sodir bo’ldi…
Shundan keyin, garchand Abduhamid amaki bilan Bahri xola Tursunoydan ko’z-quloq bo’lib turishni mendan iltimos qilishgan bo’lsalar-da, dugonamdan o’zimni chetroqqa torta boshladim.
Yozgi ta’til tugashi arafasida Tursunoy yana o’qishga qatnay boshladi…

Xuddi atay qilgandek (aslida ham shunday emasmi?), Tursunoy bekatda turgan bo’lsa, men indamasdan universitetga poyi-piyoda yo’l olardim. U piyoda ketayotgan bo’lsa, men avtobus kutardim. Auditoriyada ham undan uzoqroqda bo’lishga harakat qilardim. Nazarimda, Tursunoy buni sezardi. Ammo lom-mim demasdi.Bir kuni ikkalamiz chiqish eshigi oldida to’qnash kelib qoldik. U yuzimga qaradi, g’alati qilib qaradi, keyin asabiy ravishda kulib qo’ydi va indamay yonimdan o’tdi-ketdi.
Tursunoyning chehrasi, qarashlari yuragimda azob uyg’otdi. Shunda “U sog’lom emas”, degan fikr xayolimga o’rnashib qoldi. Axir… uning o’ylari, mushohadalari… dahshat-ku! “Odamda imon bo’lishi kerak. Odam bir narsaga imon keltirib, e’tiqod qo’yib, ishonib yashashi kerak”, deya tarbiyalashgan bizni. Tursunoy bo’lsa… imonini yo’qotganlardan. Shuning uchun uning yuragini, shuurini qorong’i-zimistonlik chulg’agan, hayotdan zavq olib, bahra olib yashashni bilmaydi. Shu bois yashash yelkasidagi og’ir yukday tuyulayotgandir dugonamga. Unga yashash qiyin, judayam mashaqqat ekanini his qildim. Axir odam yashar ekan, o’z jonini ham tikishga tayyor e’tiqodi bo’lmasa yomon-ku…

Qanchalar achchiqlanib, xafa bo’lib yurganimga qaramasdan, Tursunoy bilan bafurja gaplashib olish uchun qulay payt poylardim. Qandaydir yo’llar bilan uning yuragida hayotga, yashashga ishtiyoq uyg’otish kerak, shunda dugonamning uxlayotgan, so’nik va sovuq qalbi uyg’onadi, degan xulosaga kelib qo’ygandim o’zimcha. Ammo bu niyatimni amalga oshirishga ulgura olmadim. Sirtmoq voqeasidan keyin ko’p o’tmasdan, aniqrog’i kecha oqshom u yana o’z joniga qasd qildi…

Mana, ayni zamonda ters qarab yotgan Tursunoyning yonida o’tirarkanman, uni tushuna olmayotganimdan goh g’azabim qo’zib, o’zimni o’zim yomon ko’rib ketardim, goh uni urib tashlaguday bo’lardim.
– Hovliga chiqamizmi? – deb so’radi u bir mahal mendan.
– Yaxshi bo’lardi. Qo’lingni ber, yordamlashvoraman, – dedim birdan yengil tortib.
Tursunoy qo’lini uzatdi. Qo’li oppoq, qonsiz… Qoqsuyak vujudi madorsizlikdan qalt-qalt titraydi. Men uni yurolmaydi, qadam tashlashga ham holi yo’q, deb o’ylagandim. Lekin dugonam yurdi. Sekin-asta, imillab, menga suyanib bo’lsa-da yurdi.

Biz eshik oldiga chiqdik.
Quyosh terak bo’yi ko’tarilgan, undan zaminga tengsiz qudrat yog’ilardi.
O’choq boshida kuymalanayotgan uch-to’rt ayol orasidan Bahri xola sirg’alib chiqib, shosha-pisha biz tomonga yurdi.
– Toza havoga olib chiqdim qizingizni, – dedim xola yaqin kelgach. – Anavi so’rida bir pasgina o’tirsak maylimi?
– Bemalol, bolam, bemalol. Shuniyam so’rab o’tirasanmi?

Bahri xola menga gapirayapti-yu, xavotir va og’riq to’la nigohlarini qizidan uzmasdi.
– Yordam kerak emasmi? – deb so’radim o’choq boshidagi ayollarga ishora qilib.
– O’zimiz eplaymiz. U yerda sizlar qiladigan ish yo’q, – dedi Bahri xola. So’ng, qizining o’ziga savol nazari bilan qarab qo’yganini ko’rgach, bechora oshig’ich izoh berdi: – Shahri ammang o’zining tez-tez og’rib qolayotganidan xavotirlanib Inobat folbinga borgan ekan. Buni qara, ammang qolib, folbinning foliga sen tushibsan. Jinlar teginayotgan emish senga. Qora qo’yning qoni bilan seni qonlab, go’shtini tugun oshi qilib, xotinlarga tarqatib yuborishimiz kerak ekan. Kun qaytmasdan shuni o’tkazib yubora qolaylik devdim. Sizlar bafurja so’rida o’tiraveringlar.

Bahri xola etagini lipasiga qistirgancha o’choq boshiga qaytib ketdi.
– Darrov folbingayam borib ulgurishibdi, – pichirladi Tursunoy so’riga chiqib, quroq ko’rpachalar ustiga o’tirganimizdan keyin. – Nima keragi bor edi?
– Xayrli ishning ziyoni yo’q.
– Bilasanmi mana shu Shahri ammamning yoshi nechada ekanligini? – shipshidi u ayollar orasida munkayib turgan kampirga ishora qilib. – Bilmasang bilib qo’y, ammam to’qson oltiga kirdi! Salkam bir asr degani bu! O’zini qara, bir siqimgina bo’lib qolgan. Kattaroq chelakka solib ko’tarib ketaversang ham bo’ladi. Salkam bir asr yashayotganiga qaramasdan, mana shu ammam et-beti sal og’rib qolsa bolalarini, nevaralarini shunday zir yugurtiradiki, asti qo’yaverasan. Do’xtir, tabib, folbin-polbin, ishqilib, hammasini boshiga yig’adi. O’zini qaratadi…
– Yaxshi-ku, shunga nima bo’pti, – dedim Tursunoyning gapini bo’lib. – Ammangning xatti-harakatlarini yoqlayman. Har qanday yoshda ham odam yashashga intilishi kerak.
– Bu yashashga intilish emas, – dedi Tursunoy bosh chayqab. – Hayotning etagiga mahkam yopishib olish bu. O’limdan qo’rqish bu. Buni qara, to’qson oltiga kirgan kampir hammaning joniga tegib yashab yuribdi-yu, mening mushtday ukaginam… bu olamga sig’madi… Nega?.. Nima uchun? .. U ham yashab yuraversa bo’lardi-ku!.. Anavi g’o’ng’illayotgan asalariga qara. Shuning ham hayotda o’z o’rni bor. Shugina jonzotning-a. Mening ukaginam… axir u inson edi-ku! Yashashga haqqi bor edi-ku!..

Biroz o’ylanib turgach:
– Sen-chi, – dedim, – yaxshisi bir yigitni sevib qolishga harakat qil. Bilasanmi, anavi parallel potokdagi Davron degan yigit bor-ku, o’sha bechora anchadan beri senga g’alati-g’alati qarab yuribdi. Ko’nglida bir niyati bor-ov!

Tursunoy mahzun kulimsiradi. Keyin:
– Muhabbat og’ushiga tashlamoqchimisan meni? – deb so’radi istehzoli ohangda. Ayni paytda uning yuziga oriyat va g’urur ifodasi balqdi. – O’rningda boshqa odam bo’lganida, bilasanmi, hozir nima qilardim?
– Nima qipti? Sevish, sevilish gunoh emas.
– Ha, gunoh emas. Lekin, aslini olganda, bular hayot tuzoqlari-ku. Keyin menam boshqalardek tuganmas tashvish, nadomatlar va g’am-hasratlarga ko’milib qolaman, a, shundaymi?
– Bir urinib ko’rgin, iltimos. Keyin bilasan hayotning naqadar…
– Urinib ko’rganman, – dedi Tursunoy gapimni bo’lib va yana bo’shliqqa, o’sha ko’rinmas la’nati “nuqta”ga tikilib qoldi.

Ehtiyotkorlik bilan so’radim:
– O’sha Davronmi?
– Davron psixologiyadagi Munavvarni sevadi. Yolg’onni eplasang gapir!
– Unda kim?
Tursunoy tuyqus “nuqta”dan nigohini uzib, menga yalt etib qaradi va:
– Hech kim! – dedi qat’iy ohangda.
Obbo!
Mana, ko’rdingizmi, unga bas kelish qanchalar qiyin!

Xunobim oshib, ortiq o’zimni bosib turolmadim:
– Bundan chiqdi… bu… qirq dona uyqu dorisi ichishing kimgadir achchiq qilishing oqibati ekan-da?! – dedim Tursunoyning ko’zlariga qattiq tikilib.
– Aslo, – xotirjam javob qaytardi dugonam. – Men kimgadir achchiq qilganim yo’q. Azob-uqubatga to’la hayotda yashashni istamadim, sababi shu.
– Hech bo’lmasa senga hayot bergan ota-onangni o’ylamadingmi?
– Ota-onam menga hayot bermagan. Ular dunyoga kelishim uchun bir vosita bo’lishgan. Menga hayotni U bergan. Men o’zimga berilgan tuhfani asl egasiga qaytarmoqchi bo’ldim, xolos. Norasida ukam sig’magan dunyoda men nima qilaman?
– YO rabbiy! – deb yubordim beixtiyor. – Sen qanday baloi azim bo’lding?!
Tursunoyning istehzoli nigohlarida allaqanday uchqun yilt etganday, hayot sezgilari yuzaga qalqib chiqqanday bo’ldi. Nazarimda, bunday chaqinlar aslida uning ongida ro’y berayotir va shunday daqiqalarda mubham qiynoqlardan zimiston bo’lib ketgan yuragini qamragan butun hayajonlari, butun shubhalari, tashvishlari yana o’n barobarga ortib ketardi, chamamda. Buni ba’zilar inson aqli va irodasining zaiflashuvi, deb ataydilar, ya’ni ruhning sog’lom holatdan chiqishi va tubanlashuvi…

Yo’q, menimcha, bunday emas.

– Bilasanmi, – dedi Tursunoy menga bir mahal, – ular meni jin chalgan deb hisoblab chillaga solishmoqchi shekilli. Unda qirq kuncha ko’risholmasak kerak. Shuning uchun qancha gaping bo’lsa, hozir aytib qol.
– Xo’p, – dedim bor ilmiy salohiyatimni to’plab, dugonamni dog’da qoldirishga ahd qilganimdan yana hovurim ko’tarilgancha, – sen haqsan, deb hisoblaylik. Mutloq emas, albatta. Qisman. Ya’ni sen U bergan “tuhfa”ni o’ziga qaytarmoqchisan va bu bilan tug’ilish Uning ixtiyorida bo’lgani holda hayotni davom ettirish, yashash yoki yashamaslik Uning ixtiyorida emas, demoqchisan shekilli. Shundaymi?

– O’, va nihoyat jirafaga ham yetib boribdi gapim! – dedi Tursunoy kinoyali ohangda.
– Qisqasi, hayotimga o’zim chek qo’yish qudratiga egaman, demoqchisan. Buni tushundim. Sen haqsan, chindanam jirafaga bu fikr endi yetib keldi. Biroq… biroq sen bir narsaga ahamiyat bermabsan.
– Nima ekan?
– Axir, sen U bergan tuhfani bir emas, ikki marta qaytarib berishga urinding. Ammo ikki marta ham buning uddasidan chiqolmading. Nega bunday bo’ldi ekan? Hech o’ylab ko’rdingmi?
– O’yladim, – men kutgachanlik uzoq o’ylanib o’tirmay, shu zahoti javob qaytardi Tursunoy. – Ko’p o’yladim. Birinchi martasida sustkashlik qildim chamasi. O’z tanangga o’ylab ko’r. Yigirma bir yoshda bo’yningga sirtmoq solish… Atigi bir necha daqiqaga kechikdim. Dadam kelib qoldilar… Keyingisida… menimcha, dorining dozasini oshirishim kerak edi.
– Qirqta uyqu dorisi kamlik qildi, demoqchimisan?
– Shunday.
– Bilasanmi, mening bir amakim eshakdan yiqilib tushib olamdan o’tgan. Eshakdan-a! Aql bovar qilmaydigan hodisa-ku bu, to’g’rimi?!
– Eshakdan yiqilib tushib o’lish kulguli, hattoki ishonchsiz, albatta. Lekin agar amaking toshgami, o’tkir temirgami boshi bilan tushgan bo’lsa…
– Gapni chalg’itishga urinma! – dedim jahlim chiqib. – “Agar-magar”ni ham qo’y. Agar kimningdir joni Unga kerak bo’lsa, xamirdan qil sug’urganday qilib, istagan joyda, istagan vaziyatda oladi-qo’yadi.
– O’laman deganing bilan o’lolmaysan, demoqchisan, shundaymi?
– Shunday.
– Shundaymi? – Tursunoy allaqanday besaranjom, bezovta nigoh tashladi menga. – Shundaymi?..Ko’ramiz!

Shu payt oldimizga Bahri xola kelib qoldiyu bahsimiz uzildi.
– Kampirlar seni so’rashayapti, yura qol, qizim, – dedi Bahri xola qiziga qarab.
Dugonam esa menga tikilib turardi. Nigohlarida bezovtalik zuhur bo’ldi, ammo indamay so’ridan tushdi va onasiga ergashdi. Tursunoyning mana shu “mo’min”ligida va shiddat ila aytilgan “Ko’ramiz!” degan va’dasida nimadir yashiringanday edi. Bir gap bor-ku, inson miyasida tug’iladigan fikrda hamisha nedir yashirin, boshqa odamlarga anglatib bo’lmaydigan allanima qolib ketadi, miyangizdan aslo chetga chiqishni istamagan allanima doimo qoladi va u abadiy sizdan ajralmaydi.
– Chillaga solish foyda berarmikan? – deb so’radi yonimda paydo bo’lgan Abduhamid amaki o’choq boshi tomonga ko’z uzmay tikilarkan. – Mening urug’imda, ota-bobolarimdan avliyo-anbiyolar o’tgan. Balki o’shalarning arvohi qizimga tajovuz qilgandir, a?
– Menimcha, hamma gap uning miyasida, – deb qo’ydim.
– Miyasini qaratish kerakmi?
– Miyasini tozalash kerak.

Boshqa gapirmadim. Gapirish niyatim ham yo’q edi.
Shu kuni Tursunoyni chillaga solishdi.
Biz endi qirq kun ko’rishmasligimiz lozim. “Chilla”ning talablaridan biri shunday.
Men o’zimcha kun sanardim va hayron qolardim: Tursunoy yolg’izlikdagi qirq kecha-kunduzni qanday o’tkazar ekan?

Shu bilan birga ich-ichimdan dugonam mana shu qirq kunni sabr-toqat bilan o’tkazishiga ishonardim, axir u xonanishin yashab o’rganib qolgan. Yana bir narsa aniq. Dugonamning mana shu sabr-toqatida ham o’ziga xos nimadir mavjud. Bunda “jin”larning xurujidan xoli, ularning aralashuvisiz va yana allaqanday telbalik alomatlaridan xoli boshqa bir narsa mavjudday edi, deylik, Tursunoyning ongi va shuurida yuz berayotgan “chaqin”lar, o’z-o’zini hamda dunyoni anglashning favqulodda kuchaygan holati… “Nega? Nima uchun?..” – joniga yopirilib hujum qilayotgan ushbu savollarga javob izlashdan bezor bo’lib ketganidan u hayotdan alamli, achchiq bir lazzat ichida o’ch olayotgandir.

Nihoyat chilla muddati adog’iga yetdi.
Dugonam Tursunoy qirq kunlik chilla sinovidan eson-omon o’tdi. Qirq birinchi kuni esa… o’zini o’zi osib qo’ydi!
Yana o’sha hammomda.
Ne ajabki, bu safar ham Tursunoy omon qoldi. Bir hafta shifoxonada yotib chiqdi. Nafasi ichiga tushib qolgan ekan-da.
Uni ko’rgani bordim.
– Yana eplay olmadim, – deb shivirladi u.
Ovozi o’sha-o’sha, yuzi o’sha-o’sha, faqat oppoq, silliq bo’ynida ko’kimtir iz qolgan; juda olisdan boshlangan nigohlari vujudimni teshib o’tib, qayoqqadir, noma’lum bo’shliqqa intilardi…

Oradan to’qqiz oy o’tdi.
Tosh qotib uxlab yotgandim…
Kimdir silkitib uyg’otdi.
– Tur, Tursunoy yana o’zini osib qo’yibdi…

IKKI MANZIL

– Hammasini sen uchun qildim! Seni deb! Sen bo’lsang…
Yuzi dokadek oqargan, titrayotgan erkak bir soat burun xuddi shunday dedi qo’rqqanidan devorga suyangancha og’ir kursini o’ziga qalqon qilib ko’tarib turgan, zo’riqqanidan ko’ra ku-tilmagan vaziyatdan qattiq larzaga tushgan qizga…

Bu bir soat, atigi oltmish daqiqa oldin aytilgan gap. Bir soat, atigi oltmish daqiqa oldin erkak titragan, qaltiragan holda qizning qarshisida turardi.
Tirishgan yuziga jon bag’ishlab turguvchi ko’zlari ayni damda juda qayg’uli edi…
Xuddi hayot-mamoti hal bo’layotgandek qarshisidagi qizga butun vujudi nigohga aylanib, qattiq tikilib qolgandi.

Darvoqe, shundan keyin haqiqatan ham uning hayot-mamoti hal bo’lmadimi?

– Demak… demak… siz shuning uchun… – nihoyat tilga kirdi qiz juda ham zaif tovushda.
– Ha! Endi yashirib o’tirmayman, – dedi erkak qizga yaqin kelib. – Bunga hojat ham qolmadi. Hamma-hammasini Siz uchun, yolg’iz Siz uchun qildim. Bilasiz, imkoniyatim
kengligini…
– Demak… – qiz birdan ma’yus tortib qoldi. Hatto bir oz bo’shashganidan qo’llarida mahkam tutib turgan og’ir kursi tushib ketayozdi.
– E, namuncha “demak, demak”laysiz! – baqirib yubordi erkak. Qiz cho’chib tushdi. – Ha, ha, deyapman-ku, – deya andak qahr bilan davom etdi erkak. – Onangizga idora
nomidan sovg’a qilingan uy ham, dala hovli-yu, akangizning universitetga o’qishga kirishi, hamma-hammasini faqat, azbaroyi sizni… seni sevganimdan… – erkak jimib qoldi. Qarashlari muloyim tortdi. – Siz bo’lsangiz… Siz bo’lsangiz umuman befarqsiz, – dedi u birdan o’zgargan, yumshoq va mayin ovozda.

Qiz unga javoban hech narsa demadi. Ammo… yonoqlariga qizil yugurdi, ko’zlariga esa adog’i yo’q mung cho’kdi. Uning yuragini dard timdalab yuborilganday edi…
– To’g’ri, biz unchalik ham… unchalik ham badavlat emasmiz… – dedi qiz bir ozdan keyin juda ham dovdiragan, esankiragan holda. – Lekin oyim… bu haqda boshqacha gapirgandilar.
– Nima degandi oyingiz? – erkak qizdan uzoqlashib, xonadagi bo’sh stullardan biriga o’tirdi. Aftidan u qizga avvalgidan ham o’n chandon ortiq qiziqib qolgandi. –
Xo’sh, oyingiz nima degandi o’shanda?
– Oyimning aytishicha…
– Xo’sh?
– Oyimning aytishicha, siz katta odam ekansiz. Qo’lingizdan kelmaydigan ish yo’q ekan. Aniqrog’i, qo’lingizni qaerga uzatsangiz yetarkan. Juda olamshumul ishlar qilsangiz ham qurbingiz yetarkan. Katta-katta idoralarda zo’r tanishlaringiz bor ekan. Ular bilan har qanday chigal ishni hal qila olarkansiz. Keyin…
– Xo’sh? – bir oz kulimsiragan holda shunday dedi erkak. Aftidan, u qah-qah urib yuborishdan o’zini zo’rg’a tiyib turardi.
– Keyinmi?.. Keyin… Kallangizga nima kelsa, shuni qilarkansiz. Hech kim bilan maslahatlashmas ekansiz. To’g’ri, siz maslahat so’ragan taqdiringizda ham hech kim sizga maslahat berishga botina olmaydi. Hatto sizdan tepki yeganlar ham oyog’ingizni o’pishga tayyormishlar! Shuning uchun… umuman, qaerga borgingiz kelsa, borarkansiz, kechami-kunduzmi, sizga farqi yo’q, qolaversa, siz uchun yo’l hamisha ochiq. Keyin… – shu yerga kelganda qiz yer ostidan erkakka qarab qo’ydi. – Keyin istagan vaqtda istagan odamingizga pul-mul berib yuboraverarkansiz. Hatto ilgaridan tanimagan, bilmagan odamlaringizga ham… Buning hech qanday g’alati joyi yo’q emish. Badavlat, obro’li odam qanday ish qilmasin, g’alati tuyilmasmish. Shuning uchun biz unchalar ajablanmadik. Qolaversa, dedilar oyim yana, biz sizga juda devor-darmiyon bo’lmasa-da, harqalay, qo’shni bo’lgan ekanmiz yangi uyga ko’chib o’tmasimizdan oldin. Shunday ekan, odam xayr-saxovatni eng avval qo’shnisidan boshlagani ma’qul ekan. Chunki u dunyoda so’roq qilinayotganda Xudo kimning qanaqa odam bo’lganligini faqat va faqat qo’shnisidan so’rab olarkan. Faqat va faqat qo’shni rost so’zlarkan…

– Shunaqa deng… – dedi erkak qiz gapim tugadi, deganday jim qolib, boshini xam qilgandan keyin. U qizga bir muddat tikilib turdi, chehrasida kulimsirash paydo bo’ldi, ajinlari yozildi, ko’z-lari qisildi, basharasi yoyilib ketganday bo’ldi va u birdan butun gavdasi silkinib… allaqanday asabiy tarzda qah-qaha otdi, uzoq kuldi, kulgining zo’ridan ikki yuzi lavlagiday qizarib ketdi. Qiz esa hech narsaga tushunmaganday taajjub ichida unga qarab turardi. Bu hol erkakning e’tiboridan chetda qolmagan, lekin u biribir kulishda davom etar, kulganda ham qizning ko’zlariga qarab, undan nigohini uzmagan holda xo-xolardi.

– Men ketishim kerak! – dedi qiz birdan dadil, lekin zardasi qaynagan holda, ammo shunda ham qo’lidagi kursini yerga qo’ymasdan.
– Qayoqqa?! – darhol kulgini bas qilib, gap ohangini o’zgartirdi erkak.
– Uyga!

Erkak o’rnidan turishga chog’landi, lekin birdan fikridan qaytib, stulga yastanibroq joylasharkan:
– Keta olsangiz… mayli, ruxsat, – dedi bamaylixotir.
Qiz kursini yerga qo’ya solib, eshik oldiga yugurdi. Ammo eshik berk edi!
– Eshikni oching! – dedi u erkakka g’azab bilan. – Oching eshikni, bilaman, uni siz qulflab qo’ygansiz.
Erkak miq etmadi. Barmoqlarini o’ynagancha qarshisidagi deraza oynasiga tikildi.
– Hoy, kim bor?! Eshikni ochinglar! – deya qichqirdi yig’lamsiragan qiz. – Meni qamab qo’yishdi, yordam beringlar! Yordam… – qiz nozik mushtchalari bilan eshikni mushtlay boshladi.
Uch-to’rt daqiqa o’tdi.

Qizning chorloviga hech qanday javob bo’lmadi. Shundan so’ng erkak o’rnidan turib, qizga yaqin keldi.
– Mana, ko’rdingizmi, – dedi u ohista. – Qanchalik baqirmang, eshikni mushtlamang, baribir foydasi yo’q. Bu hovlida anavi daraxtlardagi qushlardan boshqa hech qanday jonzot yo’q.
– Demak, meni aldab olib kelgan ekansiz-da?

Erkak eshitmaslikka oldi.
– Qani mehmonlaringiz? Axir meni xizmatga chaqirgandingiz-ku. Shu yerdan oyimga qo’ng’iroq qilib aytib qo’yarman, deb kelaveribman. Endi nima bo’ladi?
– Ana, ana, aqlingiz endi kira boshladi, – erkak birdan jonsaraklik bilan qizning atrofida parvona bo’lib, uni hashamatli, naqshinkor oromkursilardan biriga o’tqazmoqchi bo’lib yelkasiga qo’lini qo’ydi. Ammo qiz erkakning qo’lini siltab tashladi, joyidan jilmadi, eshik tutqichidan mahkam ushladi. – Umuman olganda… – deya davom etdi erkak qizning harakatidan ko’ngli og’riganday bo’lib, – hozirgi vaziyatni hisobga olib… ya’ni, demoqchimanki, sizning fe’li-xo’-yingizni nazarda tutib… aytadigan bo’lsam, oyingiz haq! Lekin men har qanday sharoitda ham mavqeimni pisanda qilmayman, deb o’zimga-o’zim so’z bergandim. Vaholanki, bu ahvolda so’zimning ustidan chiqolmaymanmi, deb qo’rqaman, – erkak qo’lini yana qizning yelkasiga qo’ydi, qiz o’zini olib qochishga urindi, lekin erkak kuch bilan uni o’ziga tortib yuziga yuzini yaqin tutib, quloqlariga pichirlay boshladi: – Xo’p deng, iltimos, sizni dunyodagi eng baxtli ayol qilaman, so’z beraman, so’z…

– Yo’q! Yo’q! – qiz o’zini chetga tortdi. Ammo erkak uni qo’yib yubormadi.
– Mana, ko’rdingizmi, – dedi erkak ko’zlari yonib. – Agar istasam, hoziroq, shu yerning o’zida sizni o’zimniki qilib olishim mumkin. Dodingizni eshitadigan odam yo’q bu yerda. Albatta, mendan boshqa! Keyin dardingizni aytolmay yurasiz, garchi bu zo’ravonlik bo’lib, siz zo’ravonlik qurboni bo’lsangiz-da, hech kimga damingizni chiqara olmaysiz. Chunki bu ishda birinchi navbatda o’zingizni aybdor qilishadi. Qizbola degan narsa yolg’iz erkakning dachasida nima qilib yuribdi, deyishadi odamlar. Ha, ha, shunday deyishlari turgan gap. Men bunga ishonaman. Lekin men bunday ifloslik qilmayman, qilmoqchi ham emasman. Xudoga shukr, ko’ngil roziligi bilan zo’ravonlikning farqiga yetadigan odamman. Mana ko’rdingizmi, hamma-hammasini ochiq gapirdim. Menga faqat sizning roziligingiz kerak. To’y qilib uylanaman.

Erkak andak bo’shashdi. Bundan foydalangan qiz uning quchog’idan sirg’alib chiqdi va o’zini deraza tomonga otdi. Xayolida: “Deraza oldiga yetib olsam bas, derazani ochaman-u o’zimni tashlayman,” degan o’y charx urardi halidan beri. Biroq! Deraza berk, buning ustiga temir panjaralar bilan qurshalgan edi!
– Nahotki, hammasi puxta o’ylab qilinganiga fahmingiz yetmayotgan bo’lsa? – orqa tomondan erkakning ovozi eshitildi.

Qiz shaxd bilan o’girildi.
– Ablah odam ekansiz!
– O, yaqin-o’rtada bunday maqtov eshitmagandim. Buni yaxshilab hazm qilish kerak.
– Eshikni oching! Men ketishim kerak!
– Taklifimga ko’nasizmi?
– Ovora bo’lmang!

Erkak bir zum tin olib, so’ng dedi:
– O’ylab javob qiling. Siz go’zalsiz, yo’q, sohibjamolsiz, desam to’g’riroq bo’ladi. Ammo bitta aybingiz bor, hali g’o’rsiz, yoshsiz. Hamma-hammasi sizning javobingizga bog’liq ekanligini o’ylab ko’rmayapsiz.
– Bu bilan nima demoqchisiz? – ensasi qotib so’radi qiz.

Erkakning titrab turgan lablari zaharxanda kulgidan yoyilib ketdi. “Hademay o’zingga kelib qolasan, qizaloq,” deganday qaradi u qizga. So’ng:
– O’ylang, kallani ishlating, ko’proq va ko’proq o’ylang, men manavi yerda kutib o’tiraman, – degancha, boya o’zi o’tirgan oromkursi tomon yurdi.
– Tushunmadim, – dedi qiz erkakning so’zlariga parvo qilmay.
– Yoshligingiz, besabrligingiz mana shundan ham ma’lum.
– Ochiq gapirsangiz-chi.

Qizning ovozidagi yumshoq ohang erkakka boshqacha ta’sir qildi. U nimagadir hayajonlana boshladi. Bu xuddi qarmog’iga baliq ilinganini his etgan baliqchining hayajoniga o’xshab ketadigan bir tuyg’u edi.
– Bilasizmi, qaldirg’ochim… – deya erkalab so’zlashga o’tdi erkak, – haligina, bunga juda ko’p vaqt bo’lgani yo’q, ya’ni mojaro boshlanmasidan siz oyingizning bir narsalarni gapirganini aytgan edingiz. Va men ham o’zimning nimadandir qo’rqayotganimni aytgandim. Ya’ni, mavqeimni nazarda tutib. Xullas, shu narsani qanchalik chetlab o’tishga harakat qilmaylik, baribir gap aylanib yana shunga taqalmoqdaki… – shu yerga kelganda qizning yuragi siqilib ketdi, erkakning yuziga olayib qarab qo’ydi. – Qaldirg’ochim, – deya davom etdi erkak, – menga bun-day qaramang, shu qarashingiz adosiman… Xullas, mening oshna-og’aynim ko’p. Imkonimdan tashqaridagi ba’zi masalalarni shu og’aynilarim orqali amalga oshiraman. Sinchkovlikni judayam oshirib yubordingiz, deb ta’na qilmasangiz (o, ta’na qilsangiz ham mayli, minnat qilsangiz ham mayli, hammasi boshim ustiga!) kichkina bir, deylik, angishvonaning ko’ziday bir sirni, ya’ni sizning oilangiz sirini oshkor etsam…

Qiz umri bino bo’lib bunday mijg’ov odamni uchratmagan edi. Asabiylik bilan gapirsang-chi, deganday, turgan yerida depsindi. Erkak esa uning shu harakatidan ham zavqlanib, yeb yuborguday bo’lib tikilib qolgandi.
– Yaqinda dadangiz haqida eshitib qoldim… – erkak shunday deyishi bilan qizning yuzi shu qadar oqarib ketdiki, bir zumda naq qog’ozga aylandi-qoldi. – Hoy… Hoy…

Erkak qizni hushidan ketayapti, deb o’ylab qo’rqib ketdi, oldiga yugurib borib qo’lidan tutdi.
– Ilon… – pichirladi qiz, – ilon… Shundan ham xabardormisiz hali?..
– Atay surishtirganim yo’q, Xudo ursin, o’lay agar, tasodifan eshitib qoldim. Qolaversa, teshik quloq eshitadi-da.
– Pastkash…
– Bu pastkashlik emas, – dedi erkak dili ranjib. – Men aytmoqchi edimki, agar lozim topsangiz, agarki siz shunday qarorga kelsangiz va menga shunday xizmat yuklasangiz, men bundan nihoyatda to’lqinlangan holda bu topshiriqni amalga oshirsam. Bir hafta ichida dadangiz ozodlikka chiqadi!

Qiz yalt etib qaradi.
– Qanday qilib? – deya past ovozda so’radi.
– Qani, avval mana bu kursiga o’tiring-chi, – erkak uni belidan quchib, kursi tomon boshlarkan, ko’z uchida qizning nozik yelkalariga, qop-qora sochlari to’lg’onayotgan oppoq bo’yniga suqlanib tikildi. Ko’zini quvnatgan naqsh olmani yegisi kelgan odamdek huzur bilan tamshandi. – Mana bunisiga, bunisiga o’tiring, qulayroq o’tirib oling. Ha, ana shunday, – deya mehribonlik qildi erkak, hatto qizning etaklarini to’g’rilab qo’ydi. Qiz ijirg’andi, ammo indamadi. – Demak, gap bunday, men ertagayoq, yo’q, siz xohlasangiz hoziroq, shu daqiqaning o’zidayoq, kerakli odamlarimga qo’ng’iroq qilaman. Ular darhol dadangizning ishi bilan shug’ullanishadi…
– Bu… mumkinmi?.. – kamoli hayrat bilan so’radi qiz.
– E, bu dunyoda bitmaydigan muammo yo’q, o’limdan boshqa albatta.
– Axir dadam odam o’ldirgan, yana mast holda… Dadam atay qilmagan, albatta, bu ishni. Bu tasodifan yuz bergan. Avvallari ozgina kayfi bo’lsayam rulga o’tirmasdi hech qachon…

– Buni falokat deydilar, qizaloq. Falokat. Falokat oyoq ostidan chiqadi, deb shunga aytadilar-da.
– Lekin biribir dadamni qamab qo’yishdi, tag’in eng og’ir ayblov bilan… – qiz umidsiz holda boshini changalladi, aftidan u boshlariga tushgan ko’rgulik haqida juda ko’p o’ylagan, o’ylab o’yining oxiriga yetolmagan, mana hozir, ayni daqiqada dardi yangilanib, nihoyatda xafa bo’lib ketganidan o’zining qaerda ekanligini ham unutgandi.
– Siz qayg’urmang, sirayam qayg’urmang, bunga hojat yo’q, – dedi erkak birdan yana to’lqinlangan holda, u hozir o’zini afsonalardagi xaloskor pahlavonday, qizni esa… nozik-nihol, dovyurak, ammo yordamga muhtoj sohibjamolday his etayotgandi; ayni shu daqiqaga dovur qiz oldida ko’nglini bir oz xijil qilib turgan narsa – azadorligi, xotini og’ir va uzoq davom etgan xastalikdan qiynalib yotib, nihoyat bu yilgi ko’klamning boshlarida qattiq uyquga ketib, uyg’onmasdan olamdan o’tgan bo’lsa-da, butunlay yolg’iz emasligi: na enagaga, na pulu, na ota mehriga muhtoj to’rt o’g’li, kelin-nabiralari borligi va nihoyat… eng ayanchlisi – o’zining yoshi o’tib qolganligi haqidagi xijolatli o’ylar xayolidan ko’tarilgan, bir necha fursat bo’lsa-da, o’zini o’tda yonmas, suvda cho’kmas bahodirday his qilardi… Yo’q, bu yerda faqat muhabbat emas… yo’q… faqat muhabbatning o’zi erkak uchun kamlik qiladi, u o’zini kimgadir kerakligini, yonida bo’lganida o’sha odam o’zini baxtiyor his qilishini istardi chog’i, axir erkak harqanday yoshda ham azbaroyi boshqa odamni deb yashashga o’zida kuch topishga qodir! Ammo.. buni manavi qizga qanday tushuntirsin? Ikkalasi yuzma-yuz, ammo ikki manzilda turishgan bo’lsa! – Hali aytdim-ku, bu dunyoda bitmaydigan ish yo’q, – dedi erkak bir oz boyagi shashtidan tushib so’zini davom ettirarkan. – Hatto dor ostidan ham qutqarib qolishning iloji bor. “O’n uchdan uch olib tashlansin”, deyilsa kifoya. Faqat, boya aytganimday, siz… rozi bo’lsangiz bas…
– Qonun buziladi-ku… – pichirladi qiz.
– Qonun buzish uchun yaratiladi-da!

Erkak qizning yelkasiga qo’lini qo’yib, sekin silay boshladi. Silay turib qaltisroq harakat qilib yubordi, shekilli, qiz seskanib tushdi, hatto beixtiyor o’rnidan turib ketdi. Yana eshik oldiga borib, tutqichdan ushlagancha kuchi boricha siltalab ochishga urinarkan, erkakka yovvoyi bir nazar tashlab qo’ydi.
– Iltimos, menga bunday qaramang… – dedi erkak past ovozda, u birdan boyagi shaxdidan yanada past tushgan, juda-juda ma’yus tortib qolgandi.
– Oching eshikni, men ketishim kerak! – qichqirdi qiz hamon tutqichni siltalashdan to’xtamasdan.
– Eshik ochilmaydi, hech qachon ochilmaydi, – dedi erkak bir zum o’y surib turgach vazminlik bilan kursilardan biriga o’zini tashlarkan.
– Qo’rqmaysizmi?.. – so’radi qiz kutilmaganda tutqichni siltalashni bas qilib, eshikka suyanarkan.
– Nimadan? – bamaylixotirlik bilan so’radi erkak birinchi marta ko’rayotgandek barmoqlariga sinchkovlik bilan tikilarkan.
– Axir meni uydagilar qidirib qolishlari mumkin… Eh, nimalar deyapman o’zi, mumkin emish… Soat beshgacha uyga bormasam qidirib qolishlari, hatto milisaga xabar berishlari turgan gap. Bu aniq. Unda holingiz nima kechadi?
– Men bilan ekanligingizni bilsa, oyingizning baxtiyorlikdan boshi osmonga yetadi. Men buni allaqachon payqaganman.
– Yo’q! Yo’q! – qiz chidolmasdan baqirib yubordi. – Oyimni haqorat qilishingizga yo’l qo’ymayman!
– O’z onangiz emas-ku, namuncha?..
– U yog’i bilan ishingiz bo’lmasin!
– Bilasizmi nima, – dedi erkak boyagiday xotirjamlik bilan, ammo ko’zlari boshqacha, judayam boshqacha boqarkan. Qizning nazarida u shu turishida daqiqa sayin rangini o’zgartirib turadigan maxluqqa o’xshab ketdi. – Aslida bu haqda gapirmasam bo’lardi. Bu haddan tashqari odob doirasidan chiqib ketish ekanligini bilib turibman. Lekin azbaroyi sizni sevganimdan, sizga yaxshiligu ezgulikdan boshqa narsani tilay olmasligimdan, shu narsaga qo’l uryapman… – erkak jim bo’lib qoldi. Qiz joni hiqildog’iga tiqilguday bo’lib unga qarab turardi. Nihoyat: – Mana shunday ishtibohlardan so’ng, – deya so’zini davom ettirdi erkak, – sizga shuni ma’lum qilamanki, men boya sizga taklif qilgan narsani bundan bir muncha fursat burun onangiz menga sha’ma qilganday bo’luvdi.
– O, yo’q, yo’q! – deya shivirladi juda ham dahshatga tushgan qiz rangi bo’zday oqarib. – Bo’lishi mumkin emas! Mumkin emas!..
– Nega endi? Bu dunyoda hamma narsa bo’lishi mumkin. Yaramas odamzod xayoliga kelgan har qanday ablah fikrni amalga oshirishni istab qoladi gohida, – erkak shunday dedi-da, cho’ntagidan jimitday qaychisini olib, tirnoqlarini qirtishlay boshladi. U anchayin sokin ko’ringani bilan, aslida nimanidir, o’zida yo’g’-u, qizda mavjud bir narsani sindirishga qasd qilgan va bunga qisman erishdim, deb o’ylaganidan ko’ksi yoqimli hislarga to’lib borayotgan, lekin buni qizga sezdirmaslik uchun kutilmaganda, o’rni bo’lmasa-da, tirnog’ini qirtishlashga tushib ketgandi.
– Siz ablahsiz! – deb yubordi qiz kutilmaganda.
– Ablahlik odamzodning qonida bor. Lekin aqlli odamlar buni sezdirmaydilar, – javob qildi erkak sira ham jahli chiqmasdan.
– Oyimni… Onamni… shunday… haligi boyagi gapni sha’ma qilganini qanday isbotlaysiz?

Erkak kulimsiradi, ammo darrov javob berishga shoshilmadi, avval qaychini cho’ntagiga soldi, o’rnidan turdi, bir-bir bosib qizga yaqin keldi, shundan so’nggina gapirdi:
– Oyingiz mendan tez-tez pul qarz olib turadi, shuni bilasizmi?
Qizning ko’zlari chaqchayib ketdi, lablari dir-dir titradi, ammo lom-mim deya olmadi.
– Men bir narsaga hayronman, – gapida davom etdi erkak. – Yo’q, aniqrog’i, tushuna olmayapman sirayam. Siz menimcha ko’p ham o’ylab ko’rmasdan oyoq tirayapsiz.
Shunaqami? Aks holda… Bu haqiqatga tik qaray bilmaganingizdan bo’lsa kerak. Har holda… uff… yana shu so’z! Jin ursin shu so’zni! Har holda, o’zimni oqlamoqchi emasman-u, lekin bir og’iz aytib o’tishim lozim, deb o’ylayman, har holda men sizga nisbatan judayam noinsoflik qilganim yo’q. Mana, ixtiyoringizga qarab, qarshingizda bosh egib turibman. Siz andak o’ylash, fikr yuritish o’rniga…
– Nimani o’ylashim kerak?
– Axir dadangiz qamoqda, kim biladi, hozir ne ko’ylarga tushgan ekan? Bilasizmi, u yerda odam o’ldirganlarni ne ko’yga solishlarini… Uyda onangiz, o’gay bo’lsa-da va sizga nisbatan ko’ngli u qadar toza bo’lmasa-da, siz u kishini yaxshi ko’rar ekansiz, hurmat qilarkansiz, hatto havasim kelayapti sizga: odamlardan nafratlanmasdan yashash qanday yaxshi, ammo baribir, nima bo’lganda ham haqiqatga tik qarashimiz kerak, chunki u h a q i q a t! Haqiqat shunday narsaki… ha, mayli, bu haqda boshqa vaqt… Xullas, otangiz qamoqda, onangizning qo’lida hech qanday hujjati yo’q biron joyga ishga kirish uchun. Yaqinda folbinlik qilmoqchi bo’libdi-yu, lekin eplolmabdi, shundaymi? Qo’ldagi, yuzdagi chiziqlar haqida ma’lumot beruvchi kitoblarni topolmabdi-da bechora. Aksiga olib mendayam bunday kitob yo’q edi, lekin keyinchalik topib berishim mumkin, bu dunyoda topilmaydigan narsaning o’zi yo’q, mabodo folbinlikni xobbi qilish niyatlari bo’lsa, chunki qarindosh bo’lib qolsak, tirikchilik tashvishlaridan qutilib, bir umr izzat-ikromda yashaydilar u kishi, garchi… Yanglishmasam, hozirgi folbinlarning ko’pchiligi shunaqa kitoblarni yodlab, suv qilib ichib yuborib, keyin karomatgo’ylik qilayapti, shekilli. To’rt-besh so’m topish ilinjida-da, albatta, buni tushunaman. Shunday qilib, onangizning bu borada ham omadi kelmadi. Akangiz esa yaqinda o’qishdan haydaladi shu ketishi bo’lsa. Ichkilikka berilib ketganmishmi, institutga kirar-kirmas? Mehnatsiz erishilgan narsaning qadri bo’lmaydi-da o’zi! – erkak shoshilmasdan, ohista, har bir so’zini chertib-chertib, mo’ljalga aniq tegadigan qilib so’zlagani sayin qiz tobora kichrayib borayotgandek, o’zini ojiz va notavon his etar, yuziga nochor bir ifoda qalqib chiqayotgandi. – Hademay, mana ko’rasiz, meni aytdi dersiz, akangiz ichib olib, bitta-yarimtani pichoqlab qo’yishdan ham tap tortmaydi. Uyda esa sizdan keyin yana oltita ukangiz bormi? Ha, oltita! YO beshtami? Yo’-o’q, oltita, ha, aniq oltita. Ularning ahvoli ne kechadi? Kelajagi nima bo’ladi? Yetimxonaga oborib tashlaysizmi? Shusiz ham hozir yetimxonalar
to’lib ketdi. Ha, aytganday, yana bir taxmin ko’nglimni alag’da qilib turibdi…
– Bas qiling. Bo’ldi, gapirmang!.. – qiz yuzini kaftlari bilan to’sgancha o’tirib qoldi.
– Yo’q, endi gapimni oxiriga yetkazishga ijozat etadilar, – dedi erkak qizning abgor holiga bir qur nazar tashlab, birdan ovozini o’zgartirarkan. – Bu taxmin mana hozir, shu daqiqaning o’zida xayolimga kelib qoldi. Xudo ko’rsatmasin, hali-veri bunday bo’lmaydi-ku, lekin baribir, odam aytib bo’lmaydi, mabodo menga bir gap bo’lsa, o’limimdan keyin farzandlarim sizlarga sovg’a qilingan uyga da’vo qilib qolishsa-chi?! Onangiz mahalladagi eski uylaringizni allaqachon sotib yuborgan, shundaymi? Odam bunchalik shoshqaloq bo’lmasligi kerak-da. Ya’ni, ha, mayli…

Qizning yuztuban yiqilishiga bir bahya qoldi. Erkak uni tutib qoldi va dast ko’tarib deraza oldidagi kursiga o’tqazdi-da, shosha-pisha derazaning bir tabaqasini ochib yubordi. Xonaga toza va salqin havo yopirildi.
Qiz ko’zlarini ochdi.

– Odamni juda qo’rqitib yubordingiz-ku, – dedi erkak yengil tortib. – Shunchalik ham nozikmisiz? Bir og’iz gapni ko’tara olmasdan hushdan ketib o’tiribsiz-a?
Qiz indamadi, erkakka befarqlik bilan qarab qo’ydi.
– Qo’lingiz muzlab qopti… – erkak qizning barmoqlarini avval kaftlari orasiga olib isitdi, so’ng botinib-botinmay, hayiqqanday bo’lib, jur’atsizlik bilan labiga bosdi.

Qiz uyqudan uyg’ongandek cho’chib tushdi. Irg’ib o’rnidan turdi. Turishga turdi-yu, ammo qayoqqa yurishini, nima qilishini bilmasdan bir dam haykaldek qotib qoldi.
– Azizam, o’zingizni bunchalik qiynamang, – dedi erkak juda ham yuragi kuyib ketayotgandek iltijoli ohangda. – Yuzingizga qarab, yuragim ezilib ketayapti. Mabodo sizni sevmaganimda, chin yurakdan sevmay, sizsiz yashay olganimda, allaqachon sizni bu yerdan chiqarib yuborgan bo’lardim. Aslo, bir daqiqa ham tutib turmasdim. Lekin hozir ilojim yo’q. Tushuning va menga bir narsa deng. Hatto, mayli, yolg’ondan bo’lsayam, umidvor qiling meni, keyin hech qachon va’dangizda turmasangiz va hatto va’da berganingizni tan olmasangiz ham mayli. Xo’pmi? Xo’p deng, iltimos…

Qiz bosh chayqadi.
– Axir baxtingiz kulgani shu emasmi?
– Baxt!.. Yo’q, bu xo’rlik…
– E, Xudoyim, Xudoyim! – xona ichida u yoqdan-bu yoqqa yura boshladi erkak. – Bu ne ko’rgulik, a? Kelib-kelib sizday bag’ri toshga ishqim tushgani-chi! Agar sizning o’rningizda boshqa qiz bo’lganida, hatto u o’n to’rt yashar go’zal bo’lsayam, hech ikkilanmasdan taklifimga rozi bo’lardi!
– O’sha qizning oldiga boraqoling…
– E, Xudoyim, qanaqa qizsiz-a? Miyangiz faqat o’zingizga ma’qul fikrlar bilan to’lib ketgan! Umrim bino bo’lib, sizga o’xshagan qizga birinchi marta duch kelishim.
– Siz o’ylaysizki…
– Men o’ylamayman, istagan narsamga erishaman. Shu choqqacha shunday bo’lib kelgan va shunday bo’lib qoladi!
– Katta ketmang…
– Mana hozir ham, o’zingiz ayting, haq gapni ayting, oshig’im olchi turmayaptimi? Axir siz ixtiyorimdasiz, istagan ishimni qilishim mumkin, ayniqsa, boya hushdan ketib qolganingizda! Oh-vohingizni kim ham eshitardi? Behush holingizda oh-voh qila olmasdingiz ham. Lekin men bu imkoniyatdan foydalanmadim. Foydalansam bo’lardi. Hozir men emas, siz atrofimda poyi-patak bo’lardingiz. Ha, ha, xuddi shunday, poyi-patak! Biroq menga bunday baxtning keragi yo’q. Men… bilasizmi… men nimani istayman?.. Haligi… bir gap bor-u… “Bag’ringga yaproq kabi to’kildim…” deb aytishadi-ku… yo kuylashadimi, ishqilib shu-da… – erkakning yuziga qizil yugurib, uyalib ketganday birdan jim bo’lib qoldi.

Qizning yuziga ojiz, juda ham kuchsiz zaharxanda kulgi yugurdi.
– Qo’tir ko’ngil… nimalarni tusamaydi…
Erkakning tepa sochi tikrayib ketdi. Qizga shunday o’qrayib qaradiki, haliga dovur u hech qachon qizga bunday nigoh tashlamagan edi. Bunday narsani o’ylamagan ham
edi. Lekin zum o’tib uning nigohlari yana yuvvosh tortdi.

Nihoyat, xonada u yoqdan-bu yoqqa yurishni bas qilib, qizning qarshisida to’xtadi. Bir necha daqiqa uning qonsiz, murdanikidek oppoq yuziga tikilib qoldi. Boshqa odam bo’lganida qizning ahvolini ko’ra turib, bu mojaroga chek qo’ygan, jilla qursa, boshqa kuni davom ettirgan bo’lardi, ammo erkak bunday qilishni xayoliga ham keltirmadi.
– Parishonxotirligim qursin… bir narsani so’rashni… ya’ni aniqlashtirib olishni unutibmanu… – erkak bir zum tin oldi-da, keyin ikkilanibroq gapini davom ettirdi: – Balki… ko’nglingiz boshqa birovdadir? Ya’ni birorta yoshroq yigit boshingizni aylantirib…
– Ishingiz bo’lmasin! – shu zahotiyoq javob qaytardi qiz.
Erkak g’alati bo’lib ketdi. Zum o’tmay yuzi bo’g’riqib, ko’zlarining oqi qizara boshladi.
– Bilasizmi, hozirgi yigitlar qanaqa, – deya gapirdi u allaqanday alamzada ohangda. – Hozirgi yigitlar… umuman, hozirgi yoshlar muhabbat nimaligini bilishmaydi! Ular xat yozishmaydi! Orziqib javob xati kutishmaydi! Pochtachining yo’liga intizor bo’lib ko’z tutishmaydi! Shundoq… internetda tanishib, internetda gaplashib, yana internet orqali ajralishib ketaverishadi!

Qizning yuziga kinoyali tabassum yugurdi. Keyin:
– Kattalar hamisha yoshlardan nolishgan, – dedi u kulimsiragan holda.
– Asos bordirki… nolishadi, – dedi erkak yoqtirmayroq, bir lahza jimib qoldi, lekin keyin birdan qoni qaynab ketganday zarda bilan gapini davom ettirdi: – Bilasizmi, hozirgi yoshlar, ayniqsa yigitlar juda bachkana! Xomxayol! Tarrallabedod qilib yurishdan boshqasiga yaramaydi!
– Ja unchalikmasdir… Bilimdon…
– Bilimdon yoshlar, – qizning gapini shart kesdi erkak, – kuchini va bilimini qaerga sarflashni bilmay, har xil nazariyalardan boshlari g’ovlab, ko’chada sargardon yurishibdi! Ba’zilari chet elga ketib, boyib qaytish kabi havoyi orzular bilan ko’kragiga urib yurishibdi. Ular uchun muqaddas bo’lgan aqidalar qolmagan! Sizga o’xshagan qizaloqlarni esa… mehribon onalari…
– Bas qiling! – xun bo’lib qichqirdi qiz. – Agar hoziroq meni bu yerdan chiqarib yubormasangiz, nima bo’lishidan qat’iy nazar, sizni sudga beraman!

Erkakning bir tuki ham qilt etmadi. Qizning so’zlarini eshitmagandek yon-veriga alanglab, ikki qadam narida turgan kursiga o’zini tashladi. Holdan toyganday chuqur so’lish oldi. Kursi suyanchig’iga tirsaklarini, kaftiga iyagini tirab, o’yga toldi. Bir necha daqiqa shu zaylda o’tdi. Shu bir necha soniya ichida uning ko’z oldidan butun hayoti kinolentaday lip-lip o’tdi. Bu lentalarda uning zafarlarga to’la shavkatli hayoti aks etgandi. O’zining hozirgi ahvoli esa ni-hoyatda zabun va mash’um muvaffaqiyatsizlikning muqaddimasidek tuyildi. Bunday zabunlikni ko’tarish tugul, his etishning o’ziyoq erkak uchun dahshatli bir hol edi. Bunga u ko’nikmagan edi.
– Eshikni ochasizmi, yo’qmi?

Erkak qizga tirilgan murdaga qaraganday hayrat va taajjub bilan nazar tashladi: Bu qachon yuz berdi?! Ammo yana miq etmadi. Qiz rostdan ham “tirilgan” edi. U o’zini tutib olgan, erkakka favqulodda qat’iyat bilan tikilib turardi.

Qiz qarab turdi-turdi-da, birdan, kutilmaganda juda ham ma’yus va shikasta ovozda dedi:
– Hamma balo shundaki, sizni sevmayman. Shunday ekan, bu mojaroni davom ettirishdan foyda yo’q. Shundaymi?
Erkak qizning so’zlarini tuzuk-quruq anglamay turib, asta bosh irg’adi.
Keyin sekin, juda ham past ovozda, shivirlaguday bo’lib dedi:
– Nahotki…sevmasdan… yashashning iloji bo’lmasa?..
– Iltimos, eshikni oching.
– Eshik ochilmaydi, – dedi erkak qizga esdan oqqanday g’alati nigoh tashlarkan. – Avval meni o’ldirib, keyin bu yerdan chiqib ketasiz!

Qiz hayratdan dong qotdi. Ammo o’zini o’nglab kinoyali kulimsiradi.
– Sizni-ya? Qanday qilib? Ya’ni, nima bilan… Axir qo’limda na qurol bor, na zahar… Jilla qursa, oshpichoq bo’lgandayam… bir amallasam bo’lardi, – so’nggi jumla oxiriga yetar-etmas qiz baralla, xandon otib kulib yubordi.

Erkak juda g’alati qilib, xuddi havasi kelganday bo’lib qizga qaradi, u kulishdan to’xtaguncha kutib turdi, so’ng ohista:
– U yer-bu yerni qarab ko’ring, jilla qursa, oshpichoq topilib qolar, – dedi nima uchundir oxirgi jumlaga urg’u berib.
– Hazillashyapsizmi? Ustimdan kulmoqchimisiz?
– Nega endi? Qarab ko’ring-chi, mabodo, oshpichoq topilmasa, keyin ketaverasiz.
– So’z berasiz-a?
– Ha.
“Bu bir o’yin, – deb o’yladi qiz. – Atay qilyapti!”

Qiz darhol ishga kirishdi. U avval xonani ko’zdan kechirdi. Xona keng va katta edi. Zamonaviy uslubda ta’mirlangan, jihozlari ham allambalo. Shiftda osilib turgan qandilning o’ziyoq har qanday ayolning aqlu hushini o’g’irlaydi. Ammo qiz bunga, bunday narsalarga e’tibor bermaslikka urindi. “Nima bo’pti… Oddiy qandil… oddiy divan… anavi stol kattagina ekan-u, lekin u ham oddiy narsa-da!..”Qiz u yer-bu yerlarni ko’rgan, ko’zdan kechirgan bo’ldi-da, erkakka qarab:
– Qidirdim, lekin hatto oshpichoq ham topolmadim, – dedi kulib.
– Stol g’aladonini ko’rmadingiz, – deya eslatdi erkak.
– Ie, ha, to’g’ri, g’aladon esimga kelmabdi.

Qiz shunday dedi-da, juda ham beparvolik bilan stol g’aladonini tortdi, tortdi-yu shu zahoti haykal bo’lib qoldi: g’aladonda yap-yangi oshpichoq yotardi!
– Nega o’ylanib qoldingiz? – erkak xotirjam ko’rinsa-da, nima uchundir yonoq suyaklari sezilar-sezilmas pir-pir uchardi.

Qiz hadeganda o’ziga kelavermadi. U oshpichoqqa tikilib qolgan, erkak tomonga qaray demasdi.
– Qo’rqyapsizmi? – butun vujudi nigohga aylanib so’radi erkak.
Qiz ilkis nazar tashladi erkakka. Kulmoqchi bo’ldi, lekin eplolmadi, lablari jiyrildi, xolos.
– Qo’rqyapsizmi? – nima uchundir yana shu so’zni takrorladi erkak. Keyin qizga yanada qattiq tikildi, go’yo o’zi tan olishni istamagan allaqanday noma’lum narsalarni aniqlashtirib olishga ahd qilganday.
– Yo’q, nimaga endi… – deya g’udrandi qiz. – O’zingiz talab qilganingizdan keyin… Ie, agar men rostdan ham… shunday qilsam, keyin sizning o’limingizda meni aybdor qilishadi-ku! Eh-ha, gap bu yoqda deng! – allaqanday fitnani fahmlab qolganday qizning ovozi kutilmaganda zaharxanda, achchiq kinoya ohangi bilan yangradi.

Erkak indamadi. Qizdan ko’z uzmay o’tirdi.
– Shuncha xo’rlik, mazax yetmaganmidi… – birdan yig’lamsirab gapirdi qiz. – Endi bu tomondan… O, siz qanchalar yaramas, ablah, pastkash odamsiz! Razilsiz!
Erkak o’rnidan turdi. Stolga yaqin kelib, qizni sekin, juda ham ehtiyotkorlik bilan nari surib, o’sha g’aladondan qog’oz-qalam oldi. So’ng o’tirib, qog’ozga shoshilgancha allanimalarni yoza boshladi.
– Mana bu tilxat, – dedi u yozib bo’lib qog’ozni qizga uzatarkan. – Mening o’limimda hech kimning aybi yo’q, degan ma’noda…

Qiz dovdiragan, esankiragan holda bir qog’ozdagi mayda yozuvlarga, bir erkakka qarar, ich-ichidan qaltirar, isitmasi ko’tarilib, yiqilib tushadigandek bir ahvolga tushgandi.
Erkak boyagi o’tirgan kursisi tomon yurayotib, yana… juda ham nafis narsaga ozor berib qo’yishdan cho’chigandek ehtiyotlik bilan qizning yonidan o’tdi.
– Endi nimadan cho’chiyapsiz?

Qiz asta-sekin o’ziga kela boshladi. Axiyri o’zini tutib oldi. “Shu yo’l bilan meni mot qilmoqchi, – degan o’y keldi xayoliga. – Ovora bo’lasiz!”
– Agar, – dedi u kutilmagan dadillik bilan erkakka tik qararkan. – Agar men hozir aytganingizni bajarsam, siz yarador bo’lasiz yo… Unda men qanday qilib xonadan chiqib ketaman? Siz avval, marhamat qilib, eshikni ochib qo’ying!
– Kalit ham o’sha g’aladonda turibdi-yu, ko’rmadingizmi? – xiyol kulimsirab dedi erkak.
– U boshqa qulfning kaliti bo’lishi mumkin. Yaxshisi o’z qo’lingiz bilan oching eshikni…
– Unda siz ham pichoqni qo’lingizga oling.

Qizning nafasi ichiga tushib ketdi. Ammo u baribar pichoqni qo’liga oldi.
– Pichoq ishlatishni bilasizmi o’zi?
– Ha…

Erkak eshikni ochdi. Va ostonada turib qoldi.
Qiz bunday bo’lishini kutmagandi. U sal boshqacharoq o’ylagandi.
– Qani, boshlang.

Qizning qo’llari qaltiradi. Shu qaltiroq qo’llari bilan pichoqni qo’shqo’llab tutdi-da, yuqori ko’tardi. Ammo mo’ljalga olishga ulgurmadi.

Birdan ko’zlari dahshatli ravishda olayib ketgan erkak gup etib quladi…

Qo’rqib ketgan qiz pichoqni otib yubordi. Va shoshilgancha eshik tomon yurdi. Polda cho’zilib yotgan erkakka bir necha soniya dahshat ichida tikilib turdi-da, so’ng hech ikkilanmasdan uning gavdasi ustidan sakrab o’tib, dahlizga otildi.

Besaranjom qadam tovushlari ancha uzoqlashib ketgandan keyin erkak asta o’rnidan turdi. Yo’q, u o’limdan qattiq qo’rqib ketganidan hushidan ketmadi. Yo’q va yana bir karra yo’q!

U… pichoq tutgan qizning nigohlaridagi adoqsiz nafrat va shu ishga qodir shafqatsizlikni ko’rib, yiqilib tushganini sezmay qolgandi.

2011

097

(Tashriflar: umumiy 951, bugungi 1)

Izoh qoldiring