Zulfiya Qurolboy qizi. Ko’lanka

09    Кунчиқарга қараган айвон устунига суянганча ёришиб келаётган уфққа тикилиб ўтирарканман, тўсатдан пайдо бўлган самовий йўл бўйлаб узоқлашиб кетаётган шарпангни кўриб қолдим. Нимадир юз берганини англашга улгурмасимдан, чарақлаб кетган нурафшон ёғду сенинг шакл-шамойилингни нигоҳларимдан яширди…

Зулфия Қуролбой қизи
КЎЛАНКА
05

045Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева) – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилди.

05

— Ҳой, ким бу? Мендан бошқа биров борми бу ерда? «Беҳрўзман» дейсанми? Бекор айтибсан, менман Беҳрўз! «Унда мен кимман?» дейсанми? Мен қаёқдан билай? Бу ер менинг масканим. Куни кеча пешинда олиб келишди мени бу ерга. Сен… Айтганча, исмингни нима дединг? Яна бир қайтар! Овозинг танишдай…

Беҳрўз?!

Наҳотки бу сеи бўлсанг?! Бу ерда нима қилиб ётибсан?! Ахир сен сувга чўкиб кетган эдинг-ку! «Оғайниларим билан муштлашиб қолганимизда улар мени бехосдан ўлдириб кўйишди, кейин ярим кечаси шу ерга кўмиб кетишди», дейсанми? Қанақа оғайниларинг? Ахир сенинг эиг яқин дўстинг мен бўламан-ку!

«Ишхонадаги оғайниларим билан ўзимизнинг кўлга чўмилгани борувдик!» Э-ҳа, тушундим, тушундим, ичиб ўтириб айтишиб қолгансанлар, кейин уришиб кетгансанлар, улар сени ўлдириб қўйганларидан қўрқиб кетиб, қабристонга олиб келишгану чуқур қазиб, апил-тапил кўмишган… Номардлар, гўрни дурустроқ ҳам қазишмабди-да! Ҳа, тўғри, янги қабр дўппайиб турса, одамлар шубҳаланиб қоларди. Ахир ўша кунлари сендан бошқа ҳеч ким қишлоқдан ғойиб бўлмаган эди-да.

Қизиқ, наҳотки, гўрковлар бехабар қолишган? Ахир сукунат чўмган масканда тунда қандайдир безовталик бўлгандир? Ўшанда сени кўлга чўкиб кетибди, ўлиги топилмади, деган гапдан бошқа ҳеч нарса эшитмадик.

Буни қара, наҳотки энди битта қабрда ётсак? «Бир сиқимгина суякларим қолган, сенга оғирлигим тушмайди,» дейсанми? Ҳа, ахир неча йил ўтди. Зах ўтиб кетгандир роса? Кечадан буён кимдир тинмай инграётган эди, сен экансан-да. Ёмғир ҳам эзиб юборди. Шамолни айтмайсанми яна! Икки кундан буён ёмгғирни бошлаб келган шамол қутиргандан қутирди. У вақтда мен ҳали ҳаёт эдим. Икки кечаю кундуз увиллаган овоз тинмади. Шамол қувиб юрган булутларнинг кўпчиган «қорни» Ойқортовнинг нақд киндигига текканидан кейингина шаррос ёмғир қуйди. Ўзиям роса шиддат билан ёғди. Тарновлардан кўпириб кетган сув шовуллаб оқар, кўкдан тинмай жала қуяр, қўлмакларда «чучвара» қайнар, ҳаммаёқни ғарқ қилгудай тўлиб-тошган сув ерга сингиб улгурмасди. Кейин эса сел бостириб келди. Мени, афтидан, сел оқизиб кетди. Анчадан буён бетоб эдим-да. Аммо сен билан битта қабрда учрашамиз, деб ўйламаган эдим. Нима, тақдир ҳазилими бу? «Бу бежиз эмас,» дейсанми? Нега ахир?!

«Мендан кейин нималар бўлди?» Сўраб нима қиласан?

Энди ҳаммаси ўтмишга айланган бўлса… «Ўтмишда сир- синоат кўп бўлади, келажак эса ҳаммага маълум…» Ҳа, ҳаётлигингда ҳам шу гапни кўп такрорлардинг. Бўпти, ҳадеб ижикилайвермасанг, ҳаммасини бир бошдан гапириб бераман. Бу воқеа шундай бўлган эди…

* * *

05Уфқ каптар қони сачрагандай қизғиш тус олган, тонг ёришиб келаётган палла эди. Ҳали чарақлаб улгурмаган қуёш нурлари бутунлай тарқаб кетмаган қоронғилик қаърини ёритишга уринарди.

Кунчиқарга қараган айвон устунига суянганча ёришиб келаётган уфққа тикилиб ўтирарканман, тўсатдан пайдо бўлган самовий йўл бўйлаб узоқлашиб кетаётган шарпангни кўриб қолдим. Нимадир юз берганини англашга улгурмасимдан, чарақлаб кетган нурафшон ёғду сенинг шакл-шамойилингни нигоҳларимдан яширди…

Ўша субҳисодиқда ишга кетаётиб кўча эшик олдида турган Дилдорадан кеча эрталаб уйдан чиқиб кетганча қайтиб келмаганингни эшитдим. Унга эркак киши иш билан юради-да, қабилидаги гаплар билан тасалли бериб ўтиб кетаверган бўлсам-да, негадир кўнглим ғаш тортиб қолди. Ишхонада ҳам шу ғашлик  тарқамади. Кечқурун эса «Беҳрўз кўлга чўкиб кетганмиш!» деган миш- миш эшитдим.

Бу хабарга бир ишониб, бир ишонмай, уйингга йўл олдим.
Ўшанда Уни бир кўрсанг эди!

Сочлари паришон ёйилган, юзлари тимдаланган, ёқавайрон бир аҳволда ер муштлаб йиғларди.

Икки аёл икки қўлидан ушлаб, суяб турар, агар ўз майлига қўйиб беришганида, У ўзини ерга отиб, майиб-мажруҳ қилиши ҳеч гап эмас эди.
— Сабрли бўлинг, Дилдора, — дедим секин ёнига бориб. — Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас-ку.

Аммо  у мени кўрмади, кўрса ҳам танимади…

Бир ҳафтадан кейин ҳам жасад йўқ, лекии биз аза очдик. Чунки ғаввослар қанча изламасии, ўлигинг топилмади.

Дилдора қора кийди.
Бошдан-оёқ қоп-қора кийим.
Юзи қордай оқарган.
Мижжаларида ёш қалқиб турарди.

Бундай бўлади деб ким ўйлабди. Ўлим кутилмаганда келади деганлари шу экан-да.

Нима бўлганда ҳам ўлганга қийин, тириклар бир кунини кўраверади, дейишади. Бироқ тирикларга ҳам осои бўлмас экан. Кўнгилдаги оғирликларни айтаман-да. Худди ўлимингга мен айбдордай, анча вақт ғалати аҳволда юрдим. Дилдоранинг ҳам кўзига кўринмадим. Фақат белгили кунлари унинг ҳузурига бориб, барча оғирликларга тайёр эканимни, ортиқча заҳмат чекмаслигини айтардим.

Дилдора бўлса ҳамон ўзига кела олмасди. Яхши ҳамки, ўғлинг бор. Бечора аёл эртадан-кечгача шу бола билан ўзини овутади, қачон қарасам, қучоғидан қўймайди.

Қунлар ўтди.

Хотиним билан бир йил яшамасдан ажрашганимни билардинг, сабабини ҳам тусмоллардинг, чамамда; Муҳайёни ҳам яхнш танирдинг, бир-икки марта жиқиллашиб қолганимизда унинг тарафини олиб менга насиҳат қилган эдинг; «Муҳайёга ўхшаганини икки дунёда ҳам топиб бўпсан энди!» деган эдинг у тугунини кўтариб кетиб қолган куни менга. «Сизни тушунишга ҳаракат қилдим, лекин уддасидан чиқолмадим, яхшиси, кетақолай…» деган эди Муҳайё жўнаш олдидан. Ҳа, у ҳақиқатан  ҳам яхши аёл эди, қолаверса, ўша вақтда ҳаммадан кўра шу аёл — Муҳайё мени кўпроқ тушунган бўлса эҳтимол, негаки севиб, севилмаган, муҳаббатдан баҳраманд бўлмаган кишиларда ўзгаларнинг муҳаббатини ҳис қилиш кучли бўлади деб ўйлайман, қолганларига менинг ўжар кўнглим сабабчи. Нима қилай, фақат бир аёлгагина тикилган, ҳаётнинг жамики қувончларини фақат унинг сиймосида кўрган эркакнинг ҳаёти ҳаёт эмас, заҳар-заққумнинг ўзи бўларкан. Сенинг вафотингдан кейин мен ҳам ёлғизликда сўппайиб, ўзимни кўярга жой топмай юрган бўлсам ҳам, ҳамдард бўлишни истаб Дилдоранинг ҳузурига бормадим. Унга қанчалар оғир эканини ҳис қилардим-да,

Кунларнинг бирида уни кўчада учратиб қолдим. Нигоҳлари ғамгин, лекин аввалгидай қаддини кериб виқор билан кетиб бораётир.

Анча вақт ортидан қараб турдим.

Юрагимда яна алланималар ғимирлаётган, унут ҳислар безовта қилаётган бўлса-да, ўзимни кўрмаганга олиб, ичкарига кириб кетдим. Ҳувиллаб ётган хонам деворидаги соатга боқдим. Соат капгирлари  икки  томонга тарвақайлаганча тинмай чиқиллайди. «Вақт ҳамма нарсага бурнини суқаверади, охирда ҳаммаси унутилади ва ўзгаради», деган фикрни хаёлимдан ўтказдим соат милларига тикилиб  туриб.

Ҳа, мен вақт ўтишини кутардим.

Шунйнг учун ҳам неча  замонлардан буён сарсон бўлган туйғуларим ичимда ғалаён қилаётган бўлса-да, Дилдора билан кўришиб қолганимизда ўзимни вазмин тутардим. Кун келиб ҳаммаси ўзгаришига ишонардим; тўғри, дунёдаги нарсалар тартибини ўзгартириб бўлмайди, аммо инсон ўзгаришга мойил, айниқса, аёл зоти шароитга боғлиқ ҳолда ўзгаришга, мослашишга мажбур, чунки шароит айнан шуни талаб қилади. Қолаверса, хотиралар ҳар қанча жон ўртагувчи бўлмасин, аста-секин хира тортади. Фақат бу дарҳол юз бермайди.

Шу боис хонам деворидаги соатга бот-бот тикилганча пайт пойлардим.

Кўп ўтмай унга совчи келаётганини эшитдим. Куёвликка номзодлардан бири ҳатто мендан ўртага тушишни илтимос қилса де!  Тавба, дунёда бева эркак ҳам қўп экан-да!

Ўша куни қандай қилиб унинг ҳузурига борганимни билмай қолдим.
— Бирор ёрдам керак бўлса менга тортинмасдан айтаверинг, — дедим ўзимни шунчаки ҳолидан хабар олиш учун келгандай тутиб.
— Хўп, — деди Дилдора, кейин ерга қараганча миқ этмай ўтираверди.

Бир маҳал қарасам, елкалари силкиняпти…
Жуда ноқулай аҳволда қолдим. Ахир бунақада одам юраги сиқилиб ўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

— Хўп, мен борақолай бўлмаса, — дедим аста ўрнимдан қўзғалиб.

Дилдора унсиз бош ирғади.

«У мени ўзига яқин олганида эшигининг турумини бузаётгаи совчилар ҳақида гапирган бўларди, — деб ўйладим чиқиб кетарканман. — Бундан чиқди, ҳамон менга бефарқ экан-да…»

Бироқ, мантиқан ўйлаганда, совчиларнинг шашти шундай бўлса, у қачондир ким биландир турмуш қуришга розилик бериб юбориши турган гап. Мен яна оғзимни очиб қолавераманми бир вақтлардагидай?!

Юрагимни аламли қизғаниш, изтиробли рашк қамради. Эвоҳ, бу туйғу аллазамонлардан буён юрагимни ўртаб, асабларимни қақшатиб келади. Аммо мен чидашга уринардим. Ва бунинг уддасидан чиқардим ҳам.

Лекин энди бунақаси ярамайди!
Шошилиш керакка ўхшайди.

Чин сўзим, дўстим, сенинг ўлимингда заррача айбим йўқ, бироқ Дилдора сени танлаганидан кейин, унинг ишқида куйиб юрган вақтларим сенга ўлим тилаганим рост. Сен бўлмаганингда Дилдора мени танлашига ишонардим-да.

Тунни бир азобда ўтказдим.
Эрталаб яна унинг ҳузурига йўл олдим.

Эшик олдида эски дўстларимиздан бирини учратиб, юрагим яна ғаш тортди.
— Кўнгил сўрагани кирувдим, — деди дўстимиз мен билан қўл бериб кўришганча, сирғалиб ёнимдан ўтиб кетаркан.

Ортидан қараб қолдим.
Қизиқ!
Остонада Дилдорага дуч келдим.
Нигоҳлари ғамгин, аммо ҳамон виқорли.

Бир вақтлар менга унинг мағрурлиги ёқарди, лекин энди негадир ғашимга тегди.
— Иброҳим кептими? — деб юбордим беихтиёр.

Дилдора бир даҳзалик сукутдан кейин жавоб берди:
— Ҳа, эрим ўлганидан буён мендан ҳол сўровчилар кўпайиб қолди!

Кейин жилмайди.
Киноя ва виқор билан жилмайди.
Тушундим.

Бирдан таъбим хиралиги олов теккан шамдай эриб кетди. Нима бўлганда ҳам йилт этган табассум унинг қайғули юзини бир лаҳзага бўлса-да ёритиб ўтганидан енгил тортдим.

— Буни қаранг, — дедим бир оздан кейин хижолатга тушиб, — мен ҳам сиздан ҳол сўрагани келаётувдим, ишга кетиш олдидан.
— Мендан хавотир олаверманг, аҳволим яхши, — деди Дилдора киноясиз оҳангда, аммо ўзига ишонган ҳолда. — Қолаверса, ўғлим бор, бутунлай ёлғиз эмасман.

Шу гапдаи сўнг индамай кетсам бўдарди, лекин чидаб туролмадим.
— Хавотир олмай бўларканми? Эшитишимча, кун-кунора совчи келиб турганмиш.
— Эрсиз  аёл кўприк бўлади, — деди Дилдора  аста.

Кейин бурилиб ичкарига кириб кетди.
Остонада қанча турганимни билмайман.
Ичкаридан Дилдоранинг чуқур хўрсинганини эшитдим. Кейин қадам саслари: шип-шип, шип-шип…

Бирдан қадам саслари эшитилмай қолди.
Юрагим хавотирли увишганча дераза олдига бориб, ичкарига мўраладим.

Дилдора деворга тақаб қўйилган каравотда ухлаётган болакайнинг ёнида тиз чўкканча, унинг юз-кўзларини силарди.

Юрагимни яна аламли қизғаниш, изтиробли рашк эза бошлади. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, ўша тобда болакай кўзимга шуичалик ёмон кўриндики, агар у бўлмаганида Дилдора аллақачон меники бўларди, деган ўй кечди хаёлимдан. Ана шунда кўзимга дунёдаги энг маъсум аёл бўлиб   кўринадиган бу жувоннинг қалбини бир уринишдаёқ забт этган бўлардим.

Томоқ қириб қўйдим.
Дилдора чўчиб бошини бурди.
— Ҳали ҳам шу ердамисиз?
— Ҳа…

Дилдора бир-бир босганча дераза ёнига келди.

Бир неча сония бир-биримизга тикилиб қолдик. Унинг бутун жозибаси кўзларида ва бўса учун яратилгандек пуштиранг лабларида эди. Мен ундан кўз узолмай қолдим. Бир маҳал Дилдоранинг киприклари титрай бошлади.
— Дилдора, биламан, ҳозир сизга осонмас, лекин, бу аҳволда… ўзингизни олдириб қўясиз.

Дилдора кафтларини юзига босди.
— Йиғламанг… Яна йиғласангиз…
— Йиғлаётганим йўқ… Қуёш нури…

— Дилдора, сиз билан очиқчасига гаплашиб олмоқчиман. Агар рози  бўлсангиз…
— Йўқ! — деб бирдан кескин жавоб қилди Дилдора.

— Нега? — дедим оғриниб. Ўша вақтда дунё кўзларимга қоронғи бўлиб кетди.
— Яхши эмас… Ахир Беҳрўз дўстингиз эди!

— Лекин энди у йўқ, йўқ, тушуняпсизми? Ҳаёт эса давом этади, — дедим ичкарига бир назар ташлаб қўйиб.
Кутилмаганда Дилдора бутунлай бошқа оҳангда жавоб берди:
— Ўғлимга ёмон кўз билан қараманг, илтимос.

Ғалати бўлиб кетдим.
Назаримда, бу аёл хаёлимдан ўтган гапни бемалол ўқий оларди…

Дилдора дераза олдидан узоқлашди.
Ич-ичимдан аллақандай тошқин кўтарилди.

Нима бўпти Беҳрўз дўстим бўлса? Нафсиламрини айтганда, Беҳрўз уйланмасидан аввал Дилдорани мен яхши кўришимни   биларди, лекин у ҳеч нарсадан истиҳола қилмади-ку! Меин уни деб умримнинг энг қимматли йилларини елга совуриб, тунлари болиш қучиб ўтяпман. Ҳатто бир мушфиқ аёлга шафқатсизлик қилишгача етдим! Энди Беҳрўз йўқ… Агар ўғли ҳам бўлмаганда!

— Самандар ака, сиздан буни кутмаган эдим, кетинг, — деган овоз эшитилди ичкаридан. — Агар яна бир марта шу ҳақда оғиз очсангаз!..
Дилдоранинг сўзлари юрагимни тешиб ўтди.

Нима, севиш менга мумкин эмасми? Нега Дилдора хафа бўлди? Мен одам боласи орзу қилиши ва етишишни исташи мумкин бўлган иарсадан ортиқ бирор ннмани тиламаган эдим.

«Энди ўзи  чорламаса, остонасига қадам босмайман!» дея аҳд қилдим.

* *  *

   Бироқ тоқатим икки кунга етди, холос. Учинчи куни эрталаб яна унинг эшиги олдида пайдо бўлдим.
— Самандар ака! — дея қичқириб юборди Диддора менга кўзи тушган захоти.
Нимадир юз берганини англадим. Отилиб ичкарига кирдим.

Каравотда Дилдоранинг ягона овунчоғи — сенинг ўғлинг иситмадан алангаи оташ бўлиб ётарди.
«Келганим яхши бўлган экан…»

— Ярим кечаси бирдан иситмаси кўтарилиб кетди, — деди йиғлаб Дилдора. — Шундан буён алаҳлаб ётибди. Дори кор қилмаяпти.
— Дўхтир чақирдингизми?
— Ҳа, ҳозир келиб кетди.

— Нима деди?
— Шамоллаган бўлса керак, дейди. Мана, укол-дори ёзиб берди…
— Касалхонага олиб бориш керак, менимча, — дедим боланинг аҳволига разм солиб. — Оддий шамоллашга ўхшамаяпти.

Дилдора дарҳол отланди.
Мен болани кўтариб олдим.

Касалхоиага бордик.
Афсус…

Бир ҳафтадан кейин касалхонадан Дилдора ёлғиз қайтди. Бола терлама деган дардга чалинган экаи. Дўхтирлар сақлаб қола олмади.
— Нега бундай бўлди? Нега?! — дея Дилдора зор-зор қақшаб йиғларди. — Нега бундай бўлди? Ахир терлама аллақачон йўқолиб кетган экан-ку!
Унга таскин беришдан ожиз эдим.

Аммо нимадир дейиш керак…
— Худонинг хоҳиши шу экан, — дедим секин.

Шунда Дилдора чақмоқ ургандай қалқиб кетди. Кўзлари чақчайиб, қорачиқлари отилиб чиққудай бўлиб менга каради.
— Худонинг ишими? Шу — Худонинг ишими? — дея шивирлади у телбаларча. — Йўқ, бу Худонинг ишимас. Худо сизга қараганда инсофлироқ экан! У мендан ўзим истаган нарсаларни дариғ тутмади, аммо сиз… умр бўйи мени таъқиб этишдан чарчамадингиз! Сиз уларнинг ўлишини истадингиз! Сиз қўрқинчли одамсиз! Мен сиздан қўрқаман…

Ҳа, у — ҳақ. Мен уни севиб қолганимдан буён худди жайроннинг изига тушган сайёддек таъқиб этиб келаман. Кўздан қочирмайман сира. Аммо бу айб ёки хато эмасдир?

Чурқ этмай хонани тарк этдим.
Жазаваси тутган аёлга гап уқтириб бўлармиди?

Роппа-роса икки ой ундан хабар олмадим.

Қаттиқ ранжиган эдим. Бироқ биламанки, ҳеч нарса, ҳар қандай хафагарчилик унинг қиёфасини кўз олдимдан нари суролмайди.
Тунларни девордаги соат милларига тикилиб ўтказардим: чиқ-чиқ-чиқ…

Бир оқшом кўчадан келаётган шовқин-суронни эшитиб, сарпойчан уйдан отилиб чиқдим. Чамамда, шовқин Дилдоранинг уйидан келаётган эди.
Ички сезгим алдамаганига етиб борганимда амин бўлдим.

— Иброҳим деганлари уйига бостириб кирибди, — деди қўшни аёллардан бири мени ўзига яқин олиб. — Ўзи анчадан бери шу ёққа зир қатнаб юрувди. Энди эрсиз аёл бўлганидан кейин ит ҳам, бит ҳам… Тавба, эркакларга ҳам ҳайронман, битта хотинга мунча пашшахўрда бўлишмаса! Иброҳимнинг биппа- бинойи хотини бор-а!

Қўшни аёлнинг гапини охиригача эшитмадим. Ичкарига кирдим. Хаёлимда Дилдора хун бўлиб йиғлаб ўтиргандай.
Йўқ, у мени бутунлай хотиржам қарши олди.
— Хавотир олманг, ҳеч нарса бўлгани йўқ!

Дилдора шундай деди-да, тескари қаради.

Бу унинг мени тинч қўй, дегани эди. Аммо мен жойимдан жилмадим. Дилдорадан хафа эдим ҳамон. Аммо айни дамда уни бу аҳволда ташлаб қўя олмасдим. Ахир унга қанчалар оғир! Остонасига зир қатнаётган эркакларнинг худо урган бадбашарасини бўлса-да танламаса, аҳволи бундан бешбаттар бўлишини фаҳмлардим, лекин унга буни қандай тушунтираман?

Нима бўлса бўлар, деган фикрда индамай бориб бўш стуллардан бирига ўтирдим. «Энди бу ердан ҳайдасангиз ҳам кетмайман, Дилдора хоним!»

— Сиз! Ҳали ҳам шу ердамисиз? — деди у бир маҳал ортига ўтирилиб.
— Худди шундай, — дедим атай сурлик билан.

Дилдора афсуслангандай бош чайқади.
— Энди сизни ҳайдаб чиқараман шекилли.
— Қўлингиздан келса, марҳамат! — дедим унинг кўзларига тик боқиб.

Дилдора сесканиб тушди. Безовталик билан ён-верига қараб қўйди. Аммо тилидан учган сўзлар юрагимга ўқдай қадалди.
— Мендан умидвор бўлманг, Самандар ака. Хавотир ҳам олманг. Лозим топган куним бирортасига турмушга чиқарман.
— Лозим топмасангиз-чи?
— Бошга тушганини кўраверасиз!

— Дилдора! — Ўрнимдан ирғиб туриб унинг пойига тиз чўкдим. — Сизни бахтли қиламан. Илтимос…
— Йўқ! — дея сўзимни шарт кесди у. — Фақат сизга эмас!
Бирдан миямга қон тепди.
— Нега?! Нега энди фақат мен эмас?!

Дилдора ўзини четга тортди.
— Сабабини ўзингиз биласиз! Энди кетинг! — деди тескари қараб.

— Кетмайман! Ҳайдасангаз ҳам кетмайман! Етар шунча вақт кутганим… Етар шунча йил қийналганларим… Агар билсангиз, ўша Беҳрўз ҳам, бошқалар ҳам мен чеккан изтиробларнинг лоақал учқунини ҳам…

Шунда Дилдора ялт этиб  ўгирилди ва бир зум менга тикилиб қолди. Шундоқ — жаҳлсиз, хотиржам.
— Уялмасангиз, ихтиёрингиз, — деди у кейин.
Иссиғим чиқиб кетди.

Дилдора ёнгинамдан ўтиб, ташқарига чиқди.
Ҳилпираётган этагининг эпкинини ҳис қилдим.
Тиз чўккан кўйи анча турдим.
Ташқаридан Дилдоранииг ким биландир телефонда гаплашаётганини эшитдим.

Яиа миям қизий бошлади.
Ўрнимдан ирғиб турдиму ташқарига отилдим.

Дилдора айвон устунига суянганча телефонда гаплашарди.
— Телефонни бер бу ёққа! — дея бориб қўлидан телефонни тортиб олдим.
Дилдоранинг юзи оқариб кетди.

— Бу нима қилиқ? Нега сенсирайсиз?! — деди у бир оздан кейин овози ўзгариб.
— Бу шундай қилиқки, — дедим сўзларни тишларим орасидан ситиб чиқариб. — Бундан кейин телефонда ҳам, кўчада ҳам бирор киши билаи гаплашмайсиз!
Дилдора қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Мендан кўзларини узмай кулди, кулаверди.

У менинг  устимдан кулаётган эди.

Қоним қайнаб кетди. Йўқ, унга қўл кўтармадим. Уни даст кўтардиму ичкарига олиб кирдим.
Бечора шошиб қолганидан дод солишга ҳам улгурмади…

* * *

Шу кеча биз эр-хотин бўлдик. Эрталаб мен унга бир оғиз айтмасдан муллани бошлаб келдим.
Дилдора айюҳаннос кўтармади.

У жим бўлиб қолган эди, холос.
Мулла никоҳ ўқиб, тақдиримизни боғлаб кетди. Лекин… қани энди унинг кўзларига тик қарай олсам!..

У ўзини шундай тутардики, беихтиёр ўзимни йўқотиб қўярдим. Назаримда, кечаги воқеадан аввал — орзу-хаёлларимда у менга жуда яқиндай эди. Мана, никоҳ ўқилди, энди бир оиламиз, аммо шундагина у мендан қанчалар йироқ эканини ҳис қилдим. Бундан юрагим қоқ ёрилиб кетгудай бўларди. Ўзимни чалғитиш учун иш билан овунардим. Эркаксиз уйда эркакча ишлар қалашиб қоларкан…

Кунларнинг бирида у менга зимдан тикилиб турганини ҳис қилдим. Аммо унга қарамадим. Юрагим бетламади.

Кейин тоғорани олиб кир ювишга тутинди.
Ҳаммаси сенинг кийимларинг эди.

Дилдора ҳар бир куйлагингни авайлаб, силаб-силаб, кейин дорга илаётганини кўрганимда ич-ичимдан жизғанагим чиқиб кетди. Бу нимаси, сенга бўлган муҳаббати ва садоқатининг ялови сифатида кийимларингни намойишкорона ёйиб қўйдими? Бир оздан кейин у рашкимни қўзғаш учун атай қиляпти, деган фикр  аччиқ  тутун бурқсиётган қалбимга таскин берди.

— Мен… бир ерга ўтиб келаман, — деди у бир маҳал ёнимга келиб.
— Тез қайтасанми? — дедим ишимдан бош кўтармай.

У жавоб бермади.
Жаҳлим чиқди.
Унинг кўчага чиқиш учун рухсат сўраганидан дилхиралигим ёзилгандай бўлган эди, аммо индамагани алам қилди.

Жаҳл қилишга ҳаққим бор, деб  ўйладим. Ахир… қўл текканидан кейин аёлга эгалик қилиш ибтидоси бошланади.
Дилдора чиқиб кетди.
Қўлим ишга бормай қолди.

У икки соатлардан кейин қайтиб келди. Кўзлари қизарган…

Унинг ё кўлга. ёки қабристонга, боласининг бошига бориб келганини пайқадим. Балки иккисига ҳам боргандир?
Ичим ачишди. Унга оғир эди. Унинг бахтиёр бўлиши учун ҳамма нарсага тайёр эдим. Аммо бу телба ва ўжар хотин буни ҳис қилмасди ёки ҳис қилса-да ён бергиси келмасди.

Аламимни ҳам, жаҳлимни ҳам ичга ютдим.
— Чой ичасанми? — деб сўрадим ортидан ичкарига кириб.

Дилдора бош чайқади.
— Юр, шаҳарни айланиб келамиз, — дедим яна.

Дилдора шундай нигоҳ ташладики, беихтиёр нафасим ичимга тушиб кетди.

Вақт ўтиши керак, вақг!

Нажот истаб хона ичидан соат қидирдим. Ҳа, мана у. Эвоҳ, девордаги соат миллари бир-бирининг  устига мингашганча тош қотиб турарди! Назаримда, бу ерда соат ва дақиқалар бирлашиб кетган — вақт ўлган эди…

Даҳлизга чиқдим.
Эшик очиқ қолди.
Бир оздан кейин Дилдора қўлларини кўксида чалиштирганча хонада юра бошлади.
 

Уйлай кетдим: наҳотки, бу аёл тақдирга тан бера олмаса? Ахир ўлган ўлди, энди ҳеч нарса, қирқ йиллик мотам ҳам, хонанишинлик ҳам ўлган одамни тирилтириб бермайди-ку! Энди унинг хотираларини эрига боғлаб турган ўғли ҳам йўқ…

Чидаб туролмадим. Ахир бундай яшаш — азоб!

— Нега? Нега бунча ўзингниям, мениям қийнайсан?! — дедим унинг қаршисига чиқиб. — Мен нотўғри иш қилдимми? Айт, нотўғри қилдимми?!
Унга шундай важоҳатда тикилдимки, жоним ҳиқилдоғимда тургандай.

Дилдора сесканиб ўзини ортга ташдади, кейин негадир бирдан қаҳри қўзиб, яна бир қадам олдинга юрди.
— Ҳа, сиз нотўғри иш қилдингиз! — деди дона-дона қилиб, кўзларимга тикилганча. — Сиз вазиятдан фойдаландингиз!
— Тўғри ишлар нотўғри вақтларда юз беради, билмасанг, билиб қўй! — дедим шартта.

Дилдора ҳам бўш келмади.
— Сизга ўхшаганлар ҳар қандай қилғилиқни оқлашга асос  топади.

Беихтиёр нигоҳларимни олиб қочдим, нима дейишни билмай қолдим.
— Мендан бир оғиз сўрамасдан никоҳ ўқитдингиз, — деди Дилдора. — Энди эр-хотинмиз, нима бўлгандаям. Мендан нималардир талаб қилаётганингизни пайқаб турибман. Майли, хотинлик бурчини бажараман, аммо мендан бошқа ҳеч нарса талаб қила олмайсиз. Бунга ҳаққингиз йўқ!

Дилдора шарт-шарт гапирди-да, жой солишга киришди.

Мен бир лаҳза унинг хатти-ҳаракатларини кузатиб турдим. Кейин индамай ташқарига чиқиб кетдим.
Менга унинг нафратдан қимтилган лаблари керак эмас!

Ҳовлида узоқ кезиб юрдим.

Дилдоранинг қалбига кириш учун йўл ахтардим. Аммо қанча ўйламайин, бу қалб мен учун тақа-тақ беркдай туюлаверди. Ваҳоланки, беш-олти йил илгари мен бутунлай бошқача ўйлардим. Учрашиб қолганимизда унинг табассум ҳадя қилишлари, астагина қўл сиқиб қўйишлари, ўқиш учун китоб сўрашлари менга пешвоз чиққан муҳаббатнинг ўзгинаси эди. Энди ўйласам, булар шунчаки…. навозишнинг 0ддий кўринишларига ўхшайди. Мен нодон бўлсам… неча замонлардан буён хаёлан унинг қалб ойнасига назар ташлаб, унда ўзимни кўргандек бўлардим.

«Беҳрўзнинг ўлимидан кейин унинг қалби муҳрланиб қолганми, нима бало? — деган аламли ўй кечди хаёлимдан. — Наҳотки бир одамни унутиш шунчалар қийин бўлса? Ана, у ҳам бедор. Уй ичида бориб-келяпти. Нимани ўйлайди бунча? Ахир бунақада жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас. Наҳотки бу аёлнииг қалбидаги тилсимга йўл топиш менга насиб этмаса?»

Бир-бир босиб деразага яқин келдим.

Парда сурилган, ой нури ичкарига пояндоз бўлиб тўшалган, у ана шу пояндоз устидан қўлларини кўксида чалиштирганча бир неча марта у ёқдан бу ёққа ўтди. Лекин менинг кузатиб турганимни пайқамади. Бу хонадонга кириб келганимдан буён ҳар кун жони адоқсиз азоб-уқубатга гирифтордай, шу зайл бетоқатланар, бир ерда тинч туролмас эди у.

Юрагим сиқилди.

Бадбин истакларим бир-бир амалга ошди, энди сен ҳам, ўғлинг ҳам йўқ бу оламда, мана, мен севган, ишқида куйиб адо бўлган аёл қаршимда турибди, аммо… бахт ҳам йўқ!

Бу азоблар қачон тугаркан? Наҳотки ўла-ўлгунча унинг менга «насиб этган» заъфарон чеҳрасига тикилиб, ўзимни унинг олдида айбдор санаб ўтсам?

Йўқ, интиҳосиз нарсанинг  ўзи йўқбу дунёда. Ахир бир кун келиб  бу қийноқлар тугар. Майли, ҳозирча шундай бўлақолсин. Кун келиб, юракни сиқувчи ортиқча хунобгарчилик, қайғу, нафрат, янги кунга кулиб қарай олмаслик ҳисси — буларнинг бари-бари умр заволи эканини англаб етади бу аёл ва шундан кейингина ўй-хаёлини фойдасиз диққатбозликдан, кин-адоватдан халос этади, ана шундан кейингина биз тугал бахтга эришамиз.

Ниҳоят у ухлаб қолди.
Мен унинг диванга  ўтириб бошини орқага ташлаганини, кўзларини юмганини кўриб турардим.

Чироқнинг мисранг ёғдуси унинг ихчам ияги ва бўйнига тушиб турарди. У ютинди шекилли, томоғи билинар-билинмас қимирлади.
Шунда яна бир ҳақиқатни  тан олдим: майли, у мени тушунмаса ҳам розиман, майли, мени севмасин, жаҳли чиққанда зарда қилсин, бақирсин-чақирсин, нафратлансин — бахтли бўлиш учун ўзимнинг, ёлғиз ўзимнинг муҳаббатим етиб ортади, муҳими ҳам шу.

Шу кеча мен кўнглимни тубсиз бир жарликдан олиб ўтдим. Энди майда-чуйда нарсаларга аҳамият бермайман, Дилдора ёнимда бўлса бас, жимгина яшайвераман, деган қарорга келдим.

Бироқ шугина ҳам менга насиб қилмади.

— Ажрашайлик, — деди Дилдора кунларнинг бирида кўзларимга тик қараганча. — Мен бундай яшай олмайман…
— Мен эсам яшайвераман, — дедим бепарво оҳангда.

— Ичингиздаги оловга атала пишади-ку… Яшайверармиш! — деб кесатди Дилдора.
— Сенга шундай туюлаётгандир, — дедим жим турмаслик учун.

— Майнавозчилик қилманг, илтимос, — деди Дилдора бир маҳал ёлворувчи оҳангда. — Нега ўзингизни бунча қийнайсиз? Биламан, бир вақтлар мени севгансиз, лекин мен…
— Бўлди, бас қил, — дедим овозимни кўгариб. Ўзимни ҳарчанд вазмин тутишга уринмайин, негадир ич-ичимдан совуқ ҳовур кўтарила бошлади.

— Бас қилмайман, — деди Дилдора ҳам шартта. — Сизга ғўладай совуқ хотиннинг нима кераги бор?!
— Ишинг бўлмасин!
— Сизга фарқи йўқми?

Шу бир оғиз гап косанинг тошиб чиқишига сабаб бўлди.
— Бу билан нима демоқчисан?! — дедим унинг ёқасига ёпишиб. — Нима демоқчисан?! Индамаган сайин ҳаддингдан ошиб кетяпсан жа!
— Ёқамдан қўлингизни олинг, — деди Дилдора паст, аммо қатъий оҳангда.

— Олмайман, керак бўлса ҳозир…
— Қўлингиздан нима келарди?! Деразадан улоқтирасизми? Улоқтиринг! Улоқтиринг, нега қараб турибсиз?! Ёки мени кетиб қолади деб қўрқяпсизми? Қўрқоқ, ваҳ-ҳа-ҳа! Қўрқоқ!

Билмадим, унинг юзига қандай тарсаки туширдим, ҳали ҳам эслай олмайман.

Бир марта эмас, қайта-қайта тарсаки туширдим. Ҳар тарсаки тушганда Дилдора орқага қалқиб кетар, мувозанатини тута олмай гандираклар, аммо миқ этмас эди. Кўзим қонга тўлганидан ўзимни бошқара олмас, нималар қилаётганимни билмасдим.

— Улоқтир эмиш! Сенга шу керакми?! Мана, бўлмаса!
Уни даст кўтардиму деразадан пастга ташладим.
— Во-ой!.. — деган овоз эшитилди ва бирдан олам сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди…

* * *

Кейин ўзимни диванга ташладим.
Орадан бир, икки соат ўтди ҳамки, Дилдорадан дарак бўлмади. Мен унинг ичкарига киришини кутардим.

Бир маҳал юрагим тез-тез ура бошлади.
Ўрнимдан турасолиб, ташқарига югурдим.
Пастда, дераза остида Дилдора ётарди.
— Дилдор… Кўзингни оч, Дилдор…

Аммо у кўзини очмади.
Кўтариб  уйга олиб кирдим.
Юзига совуқ сув сепдим, елпидим, ишқилиб, хаёлимга нима келса шуни қилдим, ахир довдираб қолган эдим-да.
Бироқ Дилдора ҳушига келмади.
Эрталаб дўхтир чақирдим.

— Комага тушиб қолган шекилли, — деди дўхтир уни кўздан кечириб бўлгач. — Касалхонага олиб бориш керак.
— Комага тушиб қолган, дейсизми? — дедим ишонмасдан. — Нега комага тушади?

— Ўзингиз айтдингиз-ку, кечаси деразадан ташлавордим деб! — дея заҳарханда қилди дўхтир.
— Бўлиши мумкинмас! Ахир деразанинг баландлиги бир метр ҳам чиқмайди…

— Бўлинг тез, машина топинг!

Мен туш кўраётгандай эдим. Мана, ҳозир уйғонаману ҳаммаси тугайди, лекин уйғониш бунчалик қийин… нега уйғонмаяпман?

Дилдорани касалхонанинг аҳволи оғир беморлар ётадиган бўлимига жойлаштиришди. Шундан кейингина аҳвол жиддийлигани пайқадим.
Мен туш кўрмаётган эдим.

— Уйғон, уйғонақол, илтимос, — дея унинг юзини силардим. — Уйғонақол, илтимос. Майли, сен айтганча бўлсин, мен билан яшашни истамас экансан, майли, ажрашамиз. Фақат уйғонсанг бас!

Кунлар ўта бошлади.

Ниҳоят, еттинчи куни у кўздарини очди.
Бир неча сония маъносиз, бақрайгаи кўзларини менга тикиб турди-да, кейин яна чирт юмди.

Менга шунинг  ўзи кифоя эди. Шу кичкина бахтнинг  ўзи кифоя эди.
— Дўхтир, у ҳушига келди! — дея қичқириб юбордим.
Бир зумда дўхтир ва ҳамширалар уни ўраб олишди.
Мени эса йўлакка чиқариб юборишди.

«Наҳотки мен ўзимга жуда кўп нарса сўраб юборган бўлсам? — деб ўйлардим йўлакда турганча. — Балки барча кўргуликлар очкўзлигим сабабли юз бергандир? Ахир мен бахтга ташна эдим. Мендан бошқа ҳамма бахтлидай туюларди. Бир аёлни севдим, уни бахтли қилишни истадим, лекин… Бутун ҳаётим гўдак вақтимда қийнала-қийнала ташлаган дастлабки қадамларимдек серташвиш ўтди. Лекин энди кўряпманки, ўзимни бахтли ҳис қилишим учун унинг кўзларини очгани кифоя экан…»

— Бу ёққа қаранг, — деди ҳамшира эшикни қия очиб.
Ичкарига кирдим.
— Бу аёл хотинингизми? — деб сўради врач.
— Ҳа… Кўнгилсизлик юз бермасдан олдин шундай эди, лекин энди…
— Гаплашиб кўринг.

Мен каравотга яқин бордим.
— Дилдора…

Шифтга тикилиб ётган Дилдоранинг қорачиқлари қимирлади, аммо менга қарамади.
— Дилдора, яхши бўлиб қоддингми?
Дилдора жавоб бермади.

Врач мени яна палатадан чиқариб юборди.

Ҳақиқий фожиадан эртаси куни хабардор бўлдим.
— У хотирасини йўқотган, бугунги кунни буткул унутган, — деди дўхтир менга.

Етмиш икки томирим зириллаб кетди.
— Нега? Нега хотирасини йўқотади? Арзимаган зарб…
— Сиз  учун арзимаган зарб бўлиши мумкин, — деди дўхтир ачитиб. — Хуллас, унга эътиборли бўлинг. Қолганини кейин гаплашамиз.
Дўхтир чиқиб кетди.

Турган еримда Дилдорага разм солдим.
Бу вақтда у ухлаб ётарди. Юзида аллақандай оғриқдан азоб чекаётгандай асабий ифода қотган, мен суйган қўллар мен суйган кўкраклар устида бемажол ётарди.
— Дилдор… — дедим юрак ютиб.

Дилдоранинг киприклари титраб кетди.
Кейин оҳиста кўзларини очди.
— Сиз?! — деди у аста.
— Ҳа, мен, эрингман, — дедим унинг ёноғидан ўпиш учун эгиларканман.
— Беҳрўз…

Ток ургандай қалқиб кетдим.
— Нима бўлди? — деб сўради Дилдора.
— Ҳеч нарса… тинчлик…

— Нега унда юзимдан ўпмаяпсиз? Табрикламаяпсиз! Ахир биз ўғил кўрдик! — Дилдора бошини хиёл кўтариб ёноғини тутди.

Мен уни ўпиб қўйдим.
Лекин жуда ғалати тарзда.

— Хурсанд эмасмисиз? — Дилдора қўли билан юзимни силади.
— Хурсандман…
— Бизни қачон уйга олиб кетасиз?
— Қачон истасанг, шунда.
— Ҳозироқ уйга кетайлик. Бу ерда гўё минг йилдан буён ётгандай жуда сиқилиб кетдим.

Дилдора ўрнидан турди.
— Мен ҳозир… — дедим дўхтирни чақиришга тараддудланиб.
— Ие, болам қани?!

Дилдора олазарак бўлиб ён-верига аланглай бошлади.

Бирдан миям тезлик билан ишлай бошлади.
— Ҳозир, бирпас кутиб тур, — дедим.
Нима қилиш кераклигини чамалаб хонадан чиқдим.

Дўхтир билан гаплашиб, туғруқхонага ташлаб кетилган болалардан бирини фарзандликка олишга қарор қилдим.

Бир ҳафтадан кейин Дилдора билан болани уйга олиб келдим. Ўзимнинг уйимга. Менинг уйимда, менинг соатим ҳамон чиқиллаб турарди.

Аммо энди уйимда Самандар бўлиб эмас, Беҳрўз бўлиб яшай бошладим. Бу бир оз малол келарди, албатта. «Бу вақтинчалик ҳол, ҳадемай хотираси тикланади, — деб ўзимга таскин берардим. — Кейин ҳаммаси яна изга тушиб кетади. Хотираси қайтганидан кейин у нималар бўлганини билади, мендан хафа бўлиши мумкин, лекин энди ташлаб кетмайди, ахир ўртамизда бола бор!» Дилдора болани эмиза бошлади.
Мен ҳайратда эдим.

— Нега сариқ кўйлагингизни киймай қўйдингиз? — деб сўради Дилдора бир куни дабдурустдан.
Шошиб қолдим.
— Сариқ кўйлак?
— Ҳа, сариқ кўйлак.

— Билмадим… ўзи тополмай юрувдим, шунга ҳайрон бўлиб… сендан сўрамоқчи эдим…
— Мен бола билан андармон бўлиб, жуда чарчаяпман…
— Майли, вақтим бўлгапда ўзим топиб оларман бирор бурчакдан.

Эртаси куни ишдан қайтишда сенинг уйингта кириб, жавондан кийимларингни олдим… Пайпоқларинг ҳам қолмади.
— Қачондан бери ширгуруч ейдиган бўлиб қолдингиз? — деб сўради Дилдора бир кеч овқатланаётганимизда. — Ширгуруч есам, ичим ўтиб қолади, деб юрардингиз-ку! — Дилдора кулиб юборди. Самимий кулди.

Унинг юзи бахтиёрликдан гул-гул яшнаб турар, кўзлари ўт бўлиб ёнарди.
— Шунақами?.. — дея олдим зўрға. Кейин бирдан жим бўлиб қолдим.
— Мен касалхонадалик вақтимда борига қаноат қилган бўлсангиз керак, бечорагинам…

Дилдора ўрнидан туриб ёнимга келди.
Бармоқлари сочларимни ўйнай бошлади.

Ё тангрим!
— Агар ширгуруч егингиз келган бўлса, яна пишириб бераман, — дея шивирлади у қулоғимга, сочлари ёноғимни қитиқлади, атиргул ҳиди димоғимга урилди.

Мен адойи гамом бўлдим.
— Йўқ, ширгуруч емайман, ичим қотиб қолади…
Шундай қилиб, мен сенга эврилдим, дўстим.

Сени «ўзлаштириш» қийин эмасди. Ахир дўстим эдинг, феълингни  яхши билардим. Бу ролга шунчалик киришиб кетдимки, оқибатда ўзимдан, ўзлигимдан айрилдим…

Аммо шундан кейин ҳаётим нурга йўғрилди.

Фақат қўрқинчли бир хавогтир юрагимии аҳён-аҳёнда тирнаб қўярди. Умр бўйи у фақат менгагина насиб этишини, фақат менинг хоҳиш-иродамга бўйсунишини, бўса учун яралган лаблари мени эҳтиросли бўсаларга кўмиб ташлашини истаб яшаган эдим, мана, орзум амалга ошди, аммо ўзим… оҳанрабо ўзига тортган нинадай бўшлиқ қаърида осилиб қолдим… Майли, ҳар не бўлганда ҳам, энди унинг хотираси ўзига қайтмасин! Жиллақурса, менинг куним битгунча…

Ихлос билан тилаган эканманми, сўнгги тилагим ҳам амалга ошди. Мен Беҳрўз бўлиб қабрга кирдим…

Сен эса иккинчи марта ўлдинг.

Эҳтимол, бир қабрга тушганимизнинг сабаби ҳам шудир?.. Ахир биз бир одаммиз!

045

Zulfiya Qurolboy qizi
KO’LANKA
05

    Zulfiya Qurolboy qizi (Zulfiya Yo’ldosheva) – 1966 yili Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tug’ilgan. 1989 yili Jizzax pedagogika institutining o’zbek filologiyasi fakul`tetini bitirgan. “Turmush”, “Yovuzlik farishtasi”, “O’lim hech narsa emas” hikoyalar to’plamlari hamda “Armon asirasi”, “Mashaqqatlar girdobi” romanlari muallifi. Ayni kunlarda “O’zbekfil`m” kinostudiyasida ishlaydi. Hikoyasi asosida “Chaqmoq chaqqan tunda” badiiy fil`mi suratga olingan. “Yozsiz yil” badiiy fil`mining, “Fidoyilar” serialining stsenariy muallifi. Hikoyalari asosida O’zbek davlat drama teatrida “Ayol” spektakli sahnalashtirildi.

05

045— Hoy, kim bu? Mendan boshqa birov bormi bu yerda? «Behro’zman» deysanmi? Bekor aytibsan, menman Behro’z! «Unda men kimman?» deysanmi? Men qayoqdan bilay? Bu yer mening maskanim. Kuni kecha peshinda olib kelishdi meni bu yerga. Sen… Aytgancha, ismingni nima deding? Yana bir qaytar! Ovozing tanishday…

Behro’z?!

Nahotki bu sei bo’lsang?! Bu yerda nima qilib yotibsan?! Axir sen suvga cho’kib ketgan eding-ku! «Og’aynilarim bilan mushtlashib qolganimizda ular meni bexosdan o’ldirib ko’yishdi, keyin yarim kechasi shu yerga ko’mib ketishdi», deysanmi? Qanaqa og’aynilaring? Axir sening eig yaqin do’sting men bo’laman-ku!

«Ishxonadagi og’aynilarim bilan o’zimizning ko’lga cho’milgani boruvdik!» E-ha, tushundim, tushundim, ichib o’tirib aytishib qolgansanlar, keyin urishib ketgansanlar, ular seni o’ldirib qo’yganlaridan qo’rqib ketib, qabristonga olib kelishganu chuqur qazib, apil-tapil ko’mishgan… Nomardlar, go’rni durustroq ham qazishmabdi-da! Ha, to’g’ri, yangi qabr do’ppayib tursa, odamlar shubhalanib qolardi. Axir o’sha kunlari sendan boshqa hech kim qishloqdan g’oyib bo’lmagan edi-da.

Qiziq, nahotki, go’rkovlar bexabar qolishgan? Axir sukunat cho’mgan maskanda tunda qandaydir bezovtalik bo’lgandir? O’shanda seni ko’lga cho’kib ketibdi, o’ligi topilmadi, degan gapdan boshqa hech narsa eshitmadik.

Buni qara, nahotki endi bitta qabrda yotsak? «Bir siqimgina suyaklarim qolgan, senga og’irligim tushmaydi,» deysanmi? Ha, axir necha yil o’tdi. Zax o’tib ketgandir rosa? Kechadan buyon kimdir tinmay ingrayotgan edi, sen ekansan-da. Yomg’ir ham ezib yubordi. Shamolni aytmaysanmi yana! Ikki kundan buyon yomgg’irni boshlab kelgan shamol qutirgandan qutirdi. U vaqtda men hali hayot edim. Ikki kechayu kunduz uvillagan ovoz tinmadi. Shamol quvib yurgan bulutlarning ko’pchigan «qorni» Oyqortovning naqd kindigiga tekkanidan keyingina sharros yomg’ir quydi. O’ziyam rosa shiddat bilan yog’di. Tarnovlardan ko’pirib ketgan suv shovullab oqar, ko’kdan tinmay jala quyar, qo’lmaklarda «chuchvara» qaynar, hammayoqni g’arq qilguday to’lib-toshgan suv yerga singib ulgurmasdi. Keyin esa sel bostirib keldi. Meni, aftidan, sel oqizib ketdi. Anchadan buyon betob edim-da. Ammo sen bilan bitta qabrda uchrashamiz, deb o’ylamagan edim. Nima, taqdir hazilimi bu? «Bu bejiz emas,» deysanmi? Nega axir?!

«Mendan keyin nimalar bo’ldi?» So’rab nima qilasan?

Endi hammasi o’tmishga aylangan bo’lsa… «O’tmishda sir- sinoat ko’p bo’ladi, kelajak esa hammaga ma’lum…» Ha, hayotligingda ham shu gapni ko’p takrorlarding. Bo’pti, hadeb ijikilayvermasang, hammasini bir boshdan gapirib beraman. Bu voqea shunday bo’lgan edi…

* * *

Ufq kaptar qoni sachraganday qizg’ish tus olgan, tong yorishib kelayotgan palla edi. Hali charaqlab ulgurmagan quyosh nurlari butunlay tarqab ketmagan qorong’ilik qa’rini yoritishga urinardi.

Kunchiqarga qaragan ayvon ustuniga suyangancha yorishib kelayotgan ufqqa tikilib o’tirarkanman, to’satdan paydo bo’lgan samoviy yo’l bo’ylab uzoqlashib ketayotgan sharpangni ko’rib qoldim. Nimadir yuz berganini anglashga ulgurmasimdan, charaqlab ketgan nurafshon yog’du sening shakl-shamoyilingni nigohlarimdan yashirdi…

O’sha subhisodiqda ishga ketayotib ko’cha eshik oldida turgan Dildoradan kecha ertalab uydan chiqib ketgancha qaytib kelmaganingni eshitdim. Unga erkak kishi ish bilan yuradi-da, qabilidagi gaplar bilan tasalli berib o’tib ketavergan bo’lsam-da, negadir ko’nglim g’ash tortib qoldi. Ishxonada ham shu g’ashlik tarqamadi. Kechqurun esa «Behro’z ko’lga cho’kib ketganmish!» degan mish- mish eshitdim.

Bu xabarga bir ishonib, bir ishonmay, uyingga yo’l oldim.
O’shanda Uni bir ko’rsang edi!

Sochlari parishon yoyilgan, yuzlari timdalangan, yoqavayron bir ahvolda yer mushtlab yig’lardi.

Ikki ayol ikki qo’lidan ushlab, suyab turar, agar o’z mayliga qo’yib berishganida, U o’zini yerga otib, mayib-majruh qilishi hech gap emas edi.
— Sabrli bo’ling, Dildora, — dedim sekin yoniga borib. — Hali hech narsa aniq emas-ku.

Ammo u meni ko’rmadi, ko’rsa ham tanimadi…

Bir haftadan keyin ham jasad yo’q, lekii biz aza ochdik. Chunki g’avvoslar qancha izlamasii, o’liging topilmadi.

Dildora qora kiydi.
Boshdan-oyoq qop-qora kiyim.
Yuzi qorday oqargan.
Mijjalarida yosh qalqib turardi.

Bunday bo’ladi deb kim o’ylabdi. O’lim kutilmaganda keladi deganlari shu ekan-da.

Nima bo’lganda ham o’lganga qiyin, tiriklar bir kunini ko’raveradi, deyishadi. Biroq tiriklarga ham osoi bo’lmas ekan. Ko’ngildagi og’irliklarni aytaman-da. Xuddi o’limingga men aybdorday, ancha vaqt g’alati ahvolda yurdim. Dildoraning ham ko’ziga ko’rinmadim. Faqat belgili kunlari uning huzuriga borib, barcha og’irliklarga tayyor ekanimni, ortiqcha zahmat chekmasligini aytardim.

Dildora bo’lsa hamon o’ziga kela olmasdi. Yaxshi hamki, o’g’ling bor. Bechora ayol ertadan-kechgacha shu bola bilan o’zini ovutadi, qachon qarasam, quchog’idan qo’ymaydi.

Qunlar o’tdi.

Xotinim bilan bir yil yashamasdan ajrashganimni bilarding, sababini ham tusmollarding, chamamda; Muhayyoni ham yaxnsh tanirding, bir-ikki marta jiqillashib qolganimizda uning tarafini olib menga nasihat qilgan eding; «Muhayyoga o’xshaganini ikki dunyoda ham topib bo’psan endi!» degan eding u tugunini ko’tarib ketib qolgan kuni menga. «Sizni tushunishga harakat qildim, lekin uddasidan chiqolmadim, yaxshisi, ketaqolay…» degan edi Muhayyo jo’nash oldidan. Ha, u haqiqatan ham yaxshi ayol edi, qolaversa, o’sha vaqtda hammadan ko’ra shu ayol — Muhayyo meni ko’proq tushungan bo’lsa ehtimol, negaki sevib, sevilmagan, muhabbatdan bahramand bo’lmagan kishilarda o’zgalarning muhabbatini his qilish kuchli bo’ladi deb o’ylayman, qolganlariga mening o’jar ko’nglim sababchi. Nima qilay, faqat bir ayolgagina tikilgan, hayotning jamiki quvonchlarini faqat uning siymosida ko’rgan erkakning hayoti hayot emas, zahar-zaqqumning o’zi bo’larkan. Sening vafotingdan keyin men ham yolg’izlikda so’ppayib, o’zimni ko’yarga joy topmay yurgan bo’lsam ham, hamdard bo’lishni istab Dildoraning huzuriga bormadim. Unga qanchalar og’ir ekanini his qilardim-da,

Kunlarning birida uni ko’chada uchratib qoldim. Nigohlari g’amgin, lekin avvalgiday qaddini kerib viqor bilan ketib borayotir.

Ancha vaqt ortidan qarab turdim.

Yuragimda yana allanimalar g’imirlayotgan, unut hislar bezovta qilayotgan bo’lsa-da, o’zimni ko’rmaganga olib, ichkariga kirib ketdim. Huvillab yotgan xonam devoridagi soatga boqdim. Soat kapgirlari ikki tomonga tarvaqaylagancha tinmay chiqillaydi. «Vaqt hamma narsaga burnini suqaveradi, oxirda hammasi unutiladi va o’zgaradi», degan fikrni xayolimdan o’tkazdim soat millariga tikilib turib.

Ha, men vaqt o’tishini kutardim.

Shunyng uchun ham necha zamonlardan buyon sarson bo’lgan tuyg’ularim ichimda g’alayon qilayotgan bo’lsa-da, Dildora bilan ko’rishib qolganimizda o’zimni vazmin tutardim. Kun kelib hammasi o’zgarishiga ishonardim; to’g’ri, dunyodagi narsalar tartibini o’zgartirib bo’lmaydi, ammo inson o’zgarishga moyil, ayniqsa, ayol zoti sharoitga bog’liq holda o’zgarishga, moslashishga majbur, chunki sharoit aynan shuni talab qiladi. Qolaversa, xotiralar har qancha jon o’rtaguvchi bo’lmasin, asta-sekin xira tortadi. Faqat bu darhol yuz bermaydi.

Shu bois xonam devoridagi soatga bot-bot tikilgancha payt poylardim.

Ko’p o’tmay unga sovchi kelayotganini eshitdim. Kuyovlikka nomzodlardan biri hatto mendan o’rtaga tushishni iltimos qilsa de! Tavba, dunyoda beva erkak ham qo’p ekan-da!

O’sha kuni qanday qilib uning huzuriga borganimni bilmay qoldim.
— Biror yordam kerak bo’lsa menga tortinmasdan aytavering, — dedim o’zimni shunchaki holidan xabar olish uchun kelganday tutib.
— Xo’p, — dedi Dildora, keyin yerga qaragancha miq etmay o’tiraverdi.

Bir mahal qarasam, yelkalari silkinyapti…
Juda noqulay ahvolda qoldim. Axir bunaqada odam yuragi siqilib o’lib qolishi hech gap emas.

— Xo’p, men boraqolay bo’lmasa, — dedim asta o’rnimdan qo’zg’alib.

Dildora unsiz bosh irg’adi.

«U meni o’ziga yaqin olganida eshigining turumini buzayotgai sovchilar haqida gapirgan bo’lardi, — deb o’yladim chiqib ketarkanman. — Bundan chiqdi, hamon menga befarq ekan-da…»

Biroq, mantiqan o’ylaganda, sovchilarning shashti shunday bo’lsa, u qachondir kim bilandir turmush qurishga rozilik berib yuborishi turgan gap. Men yana og’zimni ochib qolaveramanmi bir vaqtlardagiday?!

Yuragimni alamli qizg’anish, iztirobli rashk qamradi. Evoh, bu tuyg’u allazamonlardan buyon yuragimni o’rtab, asablarimni qaqshatib keladi. Ammo men chidashga urinardim. Va buning uddasidan chiqardim ham.

Lekin endi bunaqasi yaramaydi!
Shoshilish kerakka o’xshaydi.

Chin so’zim, do’stim, sening o’limingda zarracha aybim yo’q, biroq Dildora seni tanlaganidan keyin, uning ishqida kuyib yurgan vaqtlarim senga o’lim tilaganim rost. Sen bo’lmaganingda
Dildora meni tanlashiga ishonardim-da.

Tunni bir azobda o’tkazdim.
Ertalab yana uning huzuriga yo’l oldim.

Eshik oldida eski do’stlarimizdan birini uchratib, yuragim yana g’ash tortdi.
— Ko’ngil so’ragani kiruvdim, — dedi do’stimiz men bilan qo’l berib ko’rishgancha, sirg’alib yonimdan o’tib ketarkan.

Ortidan qarab qoldim.
Qiziq!
Ostonada Dildoraga duch keldim.
Nigohlari g’amgin, ammo hamon viqorli.

Bir vaqtlar menga uning mag’rurligi yoqardi, lekin endi negadir g’ashimga tegdi.
— Ibrohim keptimi? — deb yubordim beixtiyor.

Dildora bir dahzalik sukutdan keyin javob berdi:
— Ha, erim o’lganidan buyon mendan hol so’rovchilar ko’payib qoldi!

Keyin jilmaydi.
Kinoya va viqor bilan jilmaydi.
Tushundim.

Birdan ta’bim xiraligi olov tekkan shamday erib ketdi. Nima bo’lganda ham yilt etgan tabassum uning qayg’uli yuzini bir lahzaga bo’lsa-da yoritib o’tganidan yengil tortdim.

— Buni qarang, — dedim bir ozdan keyin xijolatga tushib, — men ham sizdan hol so’ragani kelayotuvdim, ishga ketish oldidan.
— Mendan xavotir olavermang, ahvolim yaxshi, — dedi Dildora kinoyasiz ohangda, ammo o’ziga ishongan holda. — Qolaversa, o’g’lim bor, butunlay yolg’iz emasman.

Shu gapdai so’ng indamay ketsam bo’dardi, lekin chidab turolmadim.
— Xavotir olmay bo’larkanmi? Eshitishimcha, kun-kunora sovchi kelib turganmish.
— Ersiz ayol ko’prik bo’ladi, — dedi Dildora asta.

Keyin burilib ichkariga kirib ketdi.
Ostonada qancha turganimni bilmayman.
Ichkaridan Dildoraning chuqur xo’rsinganini eshitdim. Keyin qadam saslari: ship-ship, ship-ship…

Birdan qadam saslari eshitilmay qoldi.
Yuragim xavotirli uvishgancha deraza oldiga borib, ichkariga mo’raladim.

Dildora devorga taqab qo’yilgan karavotda uxlayotgan bolakayning yonida tiz cho’kkancha, uning yuz-ko’zlarini silardi.

Yuragimni yana alamli qizg’anish, iztirobli rashk eza boshladi. Xoh ishon, xoh ishonma, o’sha tobda bolakay ko’zimga shuichalik yomon ko’rindiki, agar u bo’lmaganida Dildora allaqachon meniki bo’lardi, degan o’y kechdi xayolimdan. Ana shunda ko’zimga dunyodagi eng ma’sum ayol bo’lib ko’rinadigan bu juvonning qalbini bir urinishdayoq zabt etgan bo’lardim.

Tomoq qirib qo’ydim.
Dildora cho’chib boshini burdi.
— Hali ham shu yerdamisiz?
— Ha…

Dildora bir-bir bosgancha deraza yoniga keldi.

Bir necha soniya bir-birimizga tikilib qoldik. Uning butun jozibasi ko’zlarida va bo’sa uchun yaratilgandek pushtirang lablarida edi. Men undan ko’z uzolmay qoldim. Bir mahal Dildoraning kipriklari titray boshladi.
— Dildora, bilaman, hozir sizga osonmas, lekin, bu ahvolda… o’zingizni oldirib qo’yasiz.

Dildora kaftlarini yuziga bosdi.
— Yig’lamang… Yana yig’lasangiz…
— Yig’layotganim yo’q… Quyosh nuri…

— Dildora, siz bilan ochiqchasiga gaplashib olmoqchiman. Agar rozi bo’lsangiz…
— Yo’q! — deb birdan keskin javob qildi Dildora.

— Nega? — dedim og’rinib. O’sha vaqtda dunyo ko’zlarimga qorong’i bo’lib ketdi.
— Yaxshi emas… Axir Behro’z do’stingiz edi!

— Lekin endi u yo’q, yo’q, tushunyapsizmi? Hayot esa davom etadi, — dedim ichkariga bir nazar tashlab qo’yib.
Kutilmaganda Dildora butunlay boshqa ohangda javob berdi:
— O’g’limga yomon ko’z bilan qaramang, iltimos.

G’alati bo’lib ketdim.
Nazarimda, bu ayol xayolimdan o’tgan gapni bemalol o’qiy olardi…

Dildora deraza oldidan uzoqlashdi.
Ich-ichimdan allaqanday toshqin ko’tarildi.

Nima bo’pti Behro’z do’stim bo’lsa? Nafsilamrini aytganda, Behro’z uylanmasidan avval Dildorani men yaxshi ko’rishimni bilardi, lekin u hech narsadan istihola qilmadi-ku! Mein uni deb umrimning eng qimmatli yillarini yelga sovurib, tunlari bolish quchib o’tyapman. Hatto bir mushfiq ayolga shafqatsizlik qilishgacha yetdim! Endi Behro’z yo’q… Agar o’g’li ham bo’lmaganda!

— Samandar aka, sizdan buni kutmagan edim, keting, — degan ovoz eshitildi ichkaridan. — Agar yana bir marta shu haqda og’iz ochsangaz!..
Dildoraning so’zlari yuragimni teshib o’tdi.

Nima, sevish menga mumkin emasmi? Nega Dildora xafa bo’ldi? Men odam bolasi orzu qilishi va yetishishni istashi mumkin bo’lgan iarsadan ortiq biror nnmani tilamagan edim.

«Endi o’zi chorlamasa, ostonasiga qadam bosmayman!» deya ahd qildim.

* * *

Biroq toqatim ikki kunga yetdi, xolos. Uchinchi kuni ertalab yana uning eshigi oldida paydo bo’ldim.
— Samandar aka! — deya qichqirib yubordi Diddora menga ko’zi tushgan zaxoti.
Nimadir yuz berganini angladim. Otilib ichkariga kirdim.

Karavotda Dildoraning yagona ovunchog’i — sening o’g’ling isitmadan alangai otash bo’lib yotardi.
«Kelganim yaxshi bo’lgan ekan…»

— Yarim kechasi birdan isitmasi ko’tarilib ketdi, — dedi yig’lab Dildora. — Shundan buyon alahlab yotibdi. Dori kor qilmayapti.
— Do’xtir chaqirdingizmi?
— Ha, hozir kelib ketdi.

— Nima dedi?
— Shamollagan bo’lsa kerak, deydi. Mana, ukol-dori yozib berdi…
— Kasalxonaga olib borish kerak, menimcha, — dedim bolaning ahvoliga razm solib. — Oddiy shamollashga o’xshamayapti.

Dildora darhol otlandi.
Men bolani ko’tarib oldim.

Kasalxoiaga bordik.
Afsus…

Bir haftadan keyin kasalxonadan Dildora yolg’iz qaytdi. Bola terlama degan dardga chalingan ekai. Do’xtirlar saqlab qola olmadi.
— Nega bunday bo’ldi? Nega?! — deya Dildora zor-zor qaqshab yig’lardi. — Nega bunday bo’ldi? Axir terlama allaqachon yo’qolib ketgan ekan-ku!
Unga taskin berishdan ojiz edim.

Ammo nimadir deyish kerak…
— Xudoning xohishi shu ekan, — dedim sekin.

Shunda Dildora chaqmoq urganday qalqib ketdi. Ko’zlari chaqchayib, qorachiqlari otilib chiqquday bo’lib menga karadi.
— Xudoning ishimi? Shu — Xudoning ishimi? — deya shivirladi u telbalarcha. — Yo’q, bu Xudoning ishimas. Xudo sizga qaraganda insofliroq ekan! U mendan o’zim istagan narsalarni darig’ tutmadi, ammo siz… umr bo’yi meni ta’qib etishdan charchamadingiz! Siz ularning o’lishini istadingiz! Siz qo’rqinchli odamsiz! Men sizdan qo’rqaman…

Ha, u — haq. Men uni sevib qolganimdan buyon xuddi jayronning iziga tushgan sayyoddek ta’qib etib kelaman. Ko’zdan qochirmayman sira. Ammo bu ayb yoki xato emasdir?

Churq etmay xonani tark etdim.
Jazavasi tutgan ayolga gap uqtirib bo’larmidi?

Roppa-rosa ikki oy undan xabar olmadim.

Qattiq ranjigan edim. Biroq bilamanki, hech narsa, har qanday xafagarchilik uning qiyofasini ko’z oldimdan nari surolmaydi.
Tunlarni devordagi soat millariga tikilib o’tkazardim: chiq-chiq-chiq…

Bir oqshom ko’chadan kelayotgan shovqin-suronni eshitib, sarpoychan uydan otilib chiqdim. Chamamda, shovqin Dildoraning uyidan kelayotgan edi.
Ichki sezgim aldamaganiga yetib borganimda amin bo’ldim.

— Ibrohim deganlari uyiga bostirib kiribdi, — dedi qo’shni ayollardan biri meni o’ziga yaqin olib. — O’zi anchadan beri shu yoqqa zir qatnab yuruvdi. Endi ersiz ayol bo’lganidan keyin it ham, bit ham… Tavba, erkaklarga ham hayronman, bitta xotinga muncha pashshaxo’rda bo’lishmasa! Ibrohimning bippa- binoyi xotini bor-a!

Qo’shni ayolning gapini oxirigacha eshitmadim. Ichkariga kirdim. Xayolimda Dildora xun bo’lib yig’lab o’tirganday.
Yo’q, u meni butunlay xotirjam qarshi oldi.
— Xavotir olmang, hech narsa bo’lgani yo’q!

Dildora shunday dedi-da, teskari qaradi.

Bu uning meni tinch qo’y, degani edi. Ammo men joyimdan jilmadim. Dildoradan xafa edim hamon. Ammo ayni damda uni bu ahvolda tashlab qo’ya olmasdim. Axir unga qanchalar og’ir! Ostonasiga zir qatnayotgan erkaklarning xudo urgan badbasharasini bo’lsa-da tanlamasa, ahvoli bundan beshbattar bo’lishini fahmlardim, lekin unga buni qanday tushuntiraman?

Nima bo’lsa bo’lar, degan fikrda indamay borib bo’sh stullardan biriga o’tirdim. «Endi bu yerdan haydasangiz ham ketmayman, Dildora xonim!»

— Siz! Hali ham shu yerdamisiz? — dedi u bir mahal ortiga o’tirilib.
— Xuddi shunday, — dedim atay surlik bilan.

Dildora afsuslanganday bosh chayqadi.
— Endi sizni haydab chiqaraman shekilli.
— Qo’lingizdan kelsa, marhamat! — dedim uning ko’zlariga tik boqib.

Dildora seskanib tushdi. Bezovtalik bilan yon-veriga qarab qo’ydi. Ammo tilidan uchgan so’zlar yuragimga o’qday qadaldi.
— Mendan umidvor bo’lmang, Samandar aka. Xavotir ham olmang. Lozim topgan kunim birortasiga turmushga chiqarman.
— Lozim topmasangiz-chi?
— Boshga tushganini ko’raverasiz!

— Dildora! — O’rnimdan irg’ib turib uning poyiga tiz cho’kdim. — Sizni baxtli qilaman. Iltimos…
— Yo’q! — deya so’zimni shart kesdi u. — Faqat sizga emas!
Birdan miyamga qon tepdi.
— Nega?! Nega endi faqat men emas?!

Dildora o’zini chetga tortdi.
— Sababini o’zingiz bilasiz! Endi keting! — dedi teskari qarab.

— Ketmayman! Haydasangaz ham ketmayman! Yetar shuncha vaqt kutganim… Yetar shuncha yil qiynalganlarim… Agar bilsangiz, o’sha Behro’z ham, boshqalar ham men chekkan iztiroblarning loaqal
uchqunini ham…

Shunda Dildora yalt etib o’girildi va bir zum menga tikilib qoldi. Shundoq — jahlsiz, xotirjam.
— Uyalmasangiz, ixtiyoringiz, — dedi u keyin.
Issig’im chiqib ketdi.

Dildora yonginamdan o’tib, tashqariga chiqdi.
Hilpirayotgan etagining epkinini his qildim.
Tiz cho’kkan ko’yi ancha turdim.
Tashqaridan Dildoraniig kim bilandir telefonda gaplashayotganini eshitdim.

Yaia miyam qiziy boshladi.
O’rnimdan irg’ib turdimu tashqariga otildim.

Dildora ayvon ustuniga suyangancha telefonda gaplashardi.
— Telefonni ber bu yoqqa! — deya borib qo’lidan telefonni tortib oldim.
Dildoraning yuzi oqarib ketdi.

— Bu nima qiliq? Nega sensiraysiz?! — dedi u bir ozdan keyin ovozi o’zgarib.
— Bu shunday qiliqki, — dedim so’zlarni tishlarim orasidan sitib chiqarib. — Bundan keyin telefonda ham, ko’chada ham biror kishi bilai gaplashmaysiz!
Dildora qah-qah urib kulib yubordi. Mendan ko’zlarini uzmay kuldi, kulaverdi.

U mening ustimdan kulayotgan edi.

Qonim qaynab ketdi. Yo’q, unga qo’l ko’tarmadim. Uni dast ko’tardimu ichkariga olib kirdim.
Bechora shoshib qolganidan dod solishga ham ulgurmadi…

* * *

Shu kecha biz er-xotin bo’ldik. Ertalab men unga bir og’iz aytmasdan mullani boshlab keldim.
Dildora ayyuhannos ko’tarmadi.

U jim bo’lib qolgan edi, xolos.
Mulla nikoh o’qib, taqdirimizni bog’lab ketdi. Lekin… qani endi uning ko’zlariga tik qaray olsam!..

U o’zini shunday tutardiki, beixtiyor o’zimni yo’qotib qo’yardim. Nazarimda, kechagi voqeadan avval — orzu-xayollarimda u menga juda yaqinday edi. Mana, nikoh o’qildi, endi bir oilamiz, ammo shundagina u mendan qanchalar yiroq ekanini his qildim. Bundan yuragim qoq yorilib ketguday bo’lardi. O’zimni chalg’itish uchun ish bilan ovunardim. Erkaksiz uyda erkakcha ishlar qalashib qolarkan…

Kunlarning birida u menga zimdan tikilib turganini his qildim. Ammo unga qaramadim. Yuragim betlamadi.

Keyin tog’orani olib kir yuvishga tutindi.
Hammasi sening kiyimlaring edi.

Dildora har bir kuylagingni avaylab, silab-silab, keyin dorga ilayotganini ko’rganimda ich-ichimdan jizg’anagim chiqib ketdi. Bu nimasi, senga bo’lgan muhabbati va sadoqatining yalovi sifatida kiyimlaringni namoyishkorona yoyib qo’ydimi? Bir ozdan keyin u rashkimni qo’zg’ash uchun atay qilyapti, degan fikr achchiq tutun burqsiyotgan qalbimga taskin berdi.

— Men… bir yerga o’tib kelaman, — dedi u bir mahal yonimga kelib.
— Tez qaytasanmi? — dedim ishimdan bosh ko’tarmay.

U javob bermadi.
Jahlim chiqdi.
Uning ko’chaga chiqish uchun ruxsat so’raganidan dilxiraligim yozilganday bo’lgan edi, ammo indamagani alam qildi.

Jahl qilishga haqqim bor, deb o’yladim. Axir… qo’l tekkanidan keyin ayolga egalik qilish ibtidosi boshlanadi.
Dildora chiqib ketdi.
Qo’lim ishga bormay qoldi.

U ikki soatlardan keyin qaytib keldi. Ko’zlari qizargan…

Uning yo ko’lga. yoki qabristonga, bolasining boshiga borib kelganini payqadim. Balki ikkisiga ham borgandir?
Ichim achishdi. Unga og’ir edi. Uning baxtiyor bo’lishi uchun hamma narsaga tayyor edim. Ammo bu telba va o’jar xotin buni his qilmasdi yoki his qilsa-da yon bergisi kelmasdi.

Alamimni ham, jahlimni ham ichga yutdim.
— Choy ichasanmi? — deb so’radim ortidan ichkariga kirib.

Dildora bosh chayqadi.
— Yur, shaharni aylanib kelamiz, — dedim yana.

Dildora shunday nigoh tashladiki, beixtiyor nafasim ichimga tushib ketdi.

Vaqt o’tishi kerak, vaqg!

Najot istab xona ichidan soat qidirdim. Ha, mana u. Evoh, devordagi soat millari bir-birining ustiga mingashgancha tosh qotib turardi! Nazarimda, bu yerda soat va daqiqalar birlashib ketgan — vaqt o’lgan edi…

Dahlizga chiqdim.
Eshik ochiq qoldi.
Bir ozdan keyin Dildora qo’llarini ko’ksida chalishtirgancha xonada yura boshladi.

Uylay ketdim: nahotki, bu ayol taqdirga tan bera olmasa? Axir o’lgan o’ldi, endi hech narsa, qirq yillik motam ham, xonanishinlik ham o’lgan odamni tiriltirib bermaydi-ku! Endi uning xotiralarini eriga bog’lab turgan o’g’li ham yo’q…

Chidab turolmadim. Axir bunday yashash — azob!

— Nega? Nega buncha o’zingniyam, meniyam qiynaysan?! — dedim uning qarshisiga chiqib. — Men noto’g’ri ish qildimmi? Ayt, noto’g’ri qildimmi?!
Unga shunday vajohatda tikildimki, jonim hiqildog’imda turganday.

Dildora seskanib o’zini ortga tashdadi, keyin negadir birdan qahri qo’zib, yana bir qadam oldinga yurdi.
— Ha, siz noto’g’ri ish qildingiz! — dedi dona-dona qilib, ko’zlarimga tikilgancha. — Siz vaziyatdan foydalandingiz!
— To’g’ri ishlar noto’g’ri vaqtlarda yuz beradi, bilmasang, bilib qo’y! — dedim shartta.

Dildora ham bo’sh kelmadi.
— Sizga o’xshaganlar har qanday qilg’iliqni oqlashga asos topadi.

Beixtiyor nigohlarimni olib qochdim, nima deyishni bilmay qoldim.
— Mendan bir og’iz so’ramasdan nikoh o’qitdingiz, — dedi Dildora. — Endi er-xotinmiz, nima bo’lgandayam. Mendan nimalardir talab qilayotganingizni payqab turibman. Mayli, xotinlik burchini bajaraman, ammo mendan boshqa hech narsa talab qila olmaysiz. Bunga haqqingiz yo’q!

Dildora shart-shart gapirdi-da, joy solishga kirishdi.

Men bir lahza uning xatti-harakatlarini kuzatib turdim. Keyin indamay tashqariga chiqib ketdim.
Menga uning nafratdan qimtilgan lablari kerak emas!

Hovlida uzoq kezib yurdim.

Dildoraning qalbiga kirish uchun yo’l axtardim. Ammo qancha o’ylamayin, bu qalb men uchun taqa-taq berkday tuyulaverdi. Vaholanki, besh-olti yil ilgari men butunlay boshqacha o’ylardim. Uchrashib qolganimizda uning tabassum hadya qilishlari, astagina qo’l siqib qo’yishlari, o’qish uchun kitob so’rashlari menga peshvoz chiqqan muhabbatning o’zginasi edi. Endi o’ylasam, bular shunchaki…. navozishning 0ddiy ko’rinishlariga o’xshaydi. Men nodon bo’lsam… necha zamonlardan buyon xayolan uning qalb oynasiga nazar tashlab, unda o’zimni ko’rgandek bo’lardim.

«Behro’zning o’limidan keyin uning qalbi muhrlanib qolganmi, nima balo? — degan alamli o’y kechdi xayolimdan. — Nahotki bir odamni unutish shunchalar qiyin bo’lsa? Ana, u ham bedor. Uy ichida borib-kelyapti. Nimani o’ylaydi buncha? Axir bunaqada jinni bo’lib qolish hech gapmas. Nahotki bu ayolniig qalbidagi tilsimga yo’l topish menga nasib etmasa?»

Bir-bir bosib derazaga yaqin keldim.

Parda surilgan, oy nuri ichkariga poyandoz bo’lib to’shalgan, u ana shu poyandoz ustidan qo’llarini ko’ksida chalishtirgancha bir necha marta u yoqdan bu yoqqa o’tdi. Lekin mening kuzatib turganimni payqamadi. Bu xonadonga kirib kelganimdan buyon har kun joni adoqsiz azob-uqubatga giriftorday, shu zayl betoqatlanar, bir yerda tinch turolmas edi u.

Yuragim siqildi.

Badbin istaklarim bir-bir amalga oshdi, endi sen ham, o’g’ling ham yo’q bu olamda, mana, men sevgan, ishqida kuyib ado bo’lgan ayol qarshimda turibdi, ammo… baxt ham yo’q!

Bu azoblar qachon tugarkan? Nahotki o’la-o’lguncha uning menga «nasib etgan» za’faron chehrasiga tikilib, o’zimni uning oldida aybdor sanab o’tsam?

Yo’q, intihosiz narsaning o’zi yo’qbu dunyoda. Axir bir kun kelib bu qiynoqlar tugar. Mayli, hozircha shunday bo’laqolsin. Kun kelib, yurakni siquvchi ortiqcha xunobgarchilik, qayg’u, nafrat, yangi kunga kulib qaray olmaslik hissi — bularning bari-bari umr zavoli ekanini anglab yetadi bu ayol va shundan keyingina o’y-xayolini foydasiz diqqatbozlikdan, kin-adovatdan xalos etadi, ana shundan keyingina biz tugal baxtga erishamiz.

Nihoyat u uxlab qoldi.
Men uning divanga o’tirib boshini orqaga tashlaganini, ko’zlarini yumganini ko’rib turardim.

Chiroqning misrang yog’dusi uning ixcham iyagi va bo’yniga tushib turardi. U yutindi shekilli, tomog’i bilinar-bilinmas qimirladi.
Shunda yana bir haqiqatni tan oldim: mayli, u meni tushunmasa ham roziman, mayli, meni sevmasin, jahli chiqqanda zarda qilsin, baqirsin-chaqirsin, nafratlansin — baxtli bo’lish uchun o’zimning, yolg’iz o’zimning muhabbatim yetib ortadi, muhimi ham shu.

Shu kecha men ko’nglimni tubsiz bir jarlikdan olib o’tdim. Endi mayda-chuyda narsalarga ahamiyat bermayman, Dildora yonimda bo’lsa bas, jimgina yashayveraman, degan qarorga keldim.

Biroq shugina ham menga nasib qilmadi.

— Ajrashaylik, — dedi Dildora kunlarning birida ko’zlarimga tik qaragancha. — Men bunday yashay olmayman…
— Men esam yashayveraman, — dedim beparvo ohangda.

— Ichingizdagi olovga atala pishadi-ku… Yashayverarmish! — deb kesatdi Dildora.
— Senga shunday tuyulayotgandir, — dedim jim turmaslik uchun.

— Maynavozchilik qilmang, iltimos, — dedi Dildora bir mahal yolvoruvchi ohangda. — Nega o’zingizni buncha qiynaysiz? Bilaman, bir vaqtlar meni sevgansiz, lekin men…
— Bo’ldi, bas qil, — dedim ovozimni ko’garib. O’zimni harchand vazmin tutishga urinmayin, negadir ich-ichimdan sovuq hovur ko’tarila boshladi.

— Bas qilmayman, — dedi Dildora ham shartta. — Sizga g’o’laday sovuq xotinning nima keragi bor?!
— Ishing bo’lmasin!
— Sizga farqi yo’qmi?

Shu bir og’iz gap kosaning toshib chiqishiga sabab bo’ldi.
— Bu bilan nima demoqchisan?! — dedim uning yoqasiga yopishib. — Nima demoqchisan?! Indamagan sayin haddingdan oshib ketyapsan ja!
— Yoqamdan qo’lingizni oling, — dedi Dildora past, ammo qat’iy ohangda.

— Olmayman, kerak bo’lsa hozir…
— Qo’lingizdan nima kelardi?! Derazadan uloqtirasizmi? Uloqtiring! Uloqtiring, nega qarab turibsiz?! Yoki meni ketib qoladi deb qo’rqyapsizmi? Qo’rqoq, vah-ha-ha! Qo’rqoq!

Bilmadim, uning yuziga qanday tarsaki tushirdim, hali ham eslay olmayman.

Bir marta emas, qayta-qayta tarsaki tushirdim. Har tarsaki tushganda Dildora orqaga qalqib ketar, muvozanatini tuta olmay gandiraklar, ammo miq etmas edi. Ko’zim qonga to’lganidan o’zimni boshqara olmas, nimalar qilayotganimni bilmasdim.

— Uloqtir emish! Senga shu kerakmi?! Mana, bo’lmasa!
Uni dast ko’tardimu derazadan pastga tashladim.
— Vo-oy!.. — degan ovoz eshitildi va birdan olam suv quyganday jimjit bo’lib qoldi…

* * *

Keyin o’zimni divanga tashladim.
Oradan bir, ikki soat o’tdi hamki, Dildoradan darak bo’lmadi. Men uning ichkariga kirishini kutardim.

Bir mahal yuragim tez-tez ura boshladi.
O’rnimdan turasolib, tashqariga yugurdim.
Pastda, deraza ostida Dildora yotardi.
— Dildor… Ko’zingni och, Dildor…

Ammo u ko’zini ochmadi.
Ko’tarib uyga olib kirdim.
Yuziga sovuq suv sepdim, yelpidim, ishqilib, xayolimga nima kelsa shuni qildim, axir dovdirab qolgan edim-da.
Biroq Dildora hushiga kelmadi.
Ertalab do’xtir chaqirdim.

— Komaga tushib qolgan shekilli, — dedi do’xtir uni ko’zdan kechirib bo’lgach. — Kasalxonaga olib borish kerak.
— Komaga tushib qolgan, deysizmi? — dedim ishonmasdan. — Nega komaga tushadi?

— O’zingiz aytdingiz-ku, kechasi derazadan tashlavordim deb! — deya zaharxanda qildi do’xtir.
— Bo’lishi mumkinmas! Axir derazaning balandligi bir metr ham chiqmaydi…

— Bo’ling tez, mashina toping!

Men tush ko’rayotganday edim. Mana, hozir uyg’onamanu hammasi tugaydi, lekin uyg’onish bunchalik qiyin… nega uyg’onmayapman?

Dildorani kasalxonaning ahvoli og’ir bemorlar yotadigan bo’limiga joylashtirishdi. Shundan keyingina ahvol jiddiyligani payqadim.
Men tush ko’rmayotgan edim.

— Uyg’on, uyg’onaqol, iltimos, — deya uning yuzini silardim. — Uyg’onaqol, iltimos. Mayli, sen aytgancha bo’lsin, men bilan yashashni istamas ekansan, mayli, ajrashamiz. Faqat uyg’onsang bas!

Kunlar o’ta boshladi.

Nihoyat, yettinchi kuni u ko’zdarini ochdi.
Bir necha soniya ma’nosiz, baqraygai ko’zlarini menga tikib turdi-da, keyin yana chirt yumdi.

Menga shuning o’zi kifoya edi. Shu kichkina baxtning o’zi kifoya edi.
— Do’xtir, u hushiga keldi! — deya qichqirib yubordim.
Bir zumda do’xtir va hamshiralar uni o’rab olishdi.
Meni esa yo’lakka chiqarib yuborishdi.

«Nahotki men o’zimga juda ko’p narsa so’rab yuborgan bo’lsam? — deb o’ylardim yo’lakda turgancha. — Balki barcha ko’rguliklar ochko’zligim sababli yuz bergandir? Axir men baxtga tashna edim. Mendan boshqa hamma baxtliday tuyulardi. Bir ayolni sevdim, uni baxtli qilishni istadim, lekin… Butun hayotim go’dak vaqtimda qiynala-qiynala tashlagan dastlabki qadamlarimdek sertashvish o’tdi. Lekin endi ko’ryapmanki, o’zimni baxtli his qilishim uchun uning ko’zlarini ochgani kifoya ekan…»

— Bu yoqqa qarang, — dedi hamshira eshikni qiya ochib.
Ichkariga kirdim.
— Bu ayol xotiningizmi? — deb so’radi vrach.
— Ha… Ko’ngilsizlik yuz bermasdan oldin shunday edi, lekin endi…
— Gaplashib ko’ring.

Men karavotga yaqin bordim.
— Dildora…

Shiftga tikilib yotgan Dildoraning qorachiqlari qimirladi, ammo menga qaramadi.
— Dildora, yaxshi bo’lib qoddingmi?
Dildora javob bermadi.

Vrach meni yana palatadan chiqarib yubordi.

Haqiqiy fojiadan ertasi kuni xabardor bo’ldim.
— U xotirasini yo’qotgan, bugungi kunni butkul unutgan, — dedi do’xtir menga.

Yetmish ikki tomirim zirillab ketdi.
— Nega? Nega xotirasini yo’qotadi? Arzimagan zarb…
— Siz uchun arzimagan zarb bo’lishi mumkin, — dedi do’xtir achitib. — Xullas, unga e’tiborli bo’ling. Qolganini keyin gaplashamiz.
Do’xtir chiqib ketdi.

Turgan yerimda Dildoraga razm soldim.
Bu vaqtda u uxlab yotardi. Yuzida allaqanday og’riqdan azob chekayotganday asabiy ifoda qotgan, men suygan qo’llar men suygan ko’kraklar ustida bemajol yotardi.
— Dildor… — dedim yurak yutib.

Dildoraning kipriklari titrab ketdi.
Keyin ohista ko’zlarini ochdi.
— Siz?! — dedi u asta.
— Ha, men, eringman, — dedim uning yonog’idan o’pish uchun egilarkanman.
— Behro’z…

Tok urganday qalqib ketdim.
— Nima bo’ldi? — deb so’radi Dildora.
— Hech narsa… tinchlik…

— Nega unda yuzimdan o’pmayapsiz? Tabriklamayapsiz! Axir biz o’g’il ko’rdik! — Dildora boshini xiyol ko’tarib yonog’ini tutdi.

Men uni o’pib qo’ydim.
Lekin juda g’alati tarzda.

— Xursand emasmisiz? — Dildora qo’li bilan yuzimni siladi.
— Xursandman…
— Bizni qachon uyga olib ketasiz?
— Qachon istasang, shunda.
— Hoziroq uyga ketaylik. Bu yerda go’yo ming yildan buyon yotganday juda siqilib ketdim.

Dildora o’rnidan turdi.
— Men hozir… — dedim do’xtirni chaqirishga taraddudlanib.
— Ie, bolam qani?!

Dildora olazarak bo’lib yon-veriga alanglay boshladi.

Birdan miyam tezlik bilan ishlay boshladi.
— Hozir, birpas kutib tur, — dedim.
Nima qilish kerakligini chamalab xonadan chiqdim.

Do’xtir bilan gaplashib, tug’ruqxonaga tashlab ketilgan bolalardan birini farzandlikka olishga qaror qildim.

Bir haftadan keyin Dildora bilan bolani uyga olib keldim. O’zimning uyimga. Mening uyimda, mening soatim hamon chiqillab turardi.

Ammo endi uyimda Samandar bo’lib emas, Behro’z bo’lib yashay boshladim. Bu bir oz malol kelardi, albatta. «Bu vaqtinchalik hol, hademay xotirasi tiklanadi, — deb o’zimga taskin berardim. — Keyin hammasi yana izga tushib ketadi. Xotirasi qaytganidan keyin u nimalar bo’lganini biladi, mendan xafa bo’lishi mumkin, lekin endi tashlab ketmaydi, axir o’rtamizda bola bor!» Dildora bolani emiza boshladi.
Men hayratda edim.

— Nega sariq ko’ylagingizni kiymay qo’ydingiz? — deb so’radi Dildora bir kuni dabdurustdan.
Shoshib qoldim.
— Sariq ko’ylak?
— Ha, sariq ko’ylak.

— Bilmadim… o’zi topolmay yuruvdim, shunga hayron bo’lib… sendan so’ramoqchi edim…
— Men bola bilan andarmon bo’lib, juda charchayapman…
— Mayli, vaqtim bo’lgapda o’zim topib olarman biror burchakdan.

Ertasi kuni ishdan qaytishda sening uyingta kirib, javondan kiyimlaringni oldim… Paypoqlaring ham qolmadi.
— Qachondan beri shirguruch yeydigan bo’lib qoldingiz? — deb so’radi Dildora bir kech ovqatlanayotganimizda. — Shirguruch yesam, ichim o’tib qoladi, deb yurardingiz-ku! — Dildora kulib yubordi. Samimiy kuldi.

Uning yuzi baxtiyorlikdan gul-gul yashnab turar, ko’zlari o’t bo’lib yonardi.
— Shunaqami?.. — deya oldim zo’rg’a. Keyin birdan jim bo’lib qoldim.
— Men kasalxonadalik vaqtimda boriga qanoat qilgan bo’lsangiz kerak, bechoraginam…

Dildora o’rnidan turib yonimga keldi.
Barmoqlari sochlarimni o’ynay boshladi.

YO tangrim!
— Agar shirguruch yegingiz kelgan bo’lsa, yana pishirib beraman, — deya shivirladi u qulog’imga, sochlari yonog’imni qitiqladi, atirgul hidi dimog’imga urildi.

Men adoyi gamom bo’ldim.
— Yo’q, shirguruch yemayman, ichim qotib qoladi…
Shunday qilib, men senga evrildim, do’stim.

Seni «o’zlashtirish» qiyin emasdi. Axir do’stim eding, fe’lingni yaxshi bilardim. Bu rolga shunchalik kirishib ketdimki, oqibatda o’zimdan, o’zligimdan ayrildim…

Ammo shundan keyin hayotim nurga yo’g’rildi.

Faqat qo’rqinchli bir xavogtir yuragimii ahyon-ahyonda tirnab qo’yardi. Umr bo’yi u faqat mengagina nasib etishini, faqat mening xohish-irodamga bo’ysunishini, bo’sa uchun yaralgan lablari meni ehtirosli bo’salarga ko’mib tashlashini istab yashagan edim, mana, orzum amalga oshdi, ammo o’zim… ohanrabo o’ziga tortgan ninaday bo’shliq qa’rida osilib qoldim… Mayli, har ne bo’lganda ham, endi uning xotirasi o’ziga qaytmasin! Jillaqursa, mening kunim bitguncha…

Ixlos bilan tilagan ekanmanmi, so’nggi tilagim ham amalga oshdi. Men Behro’z bo’lib qabrga kirdim…

Sen esa ikkinchi marta o’lding.

Ehtimol, bir qabrga tushganimizning sababi ham shudir?.. Axir biz bir odammiz!

045

(Tashriflar: umumiy 165, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring