Zulfiya Qurolboy qizi. Ayol

776    Қуёш  кўзни қамаштирадиан даражада оппоқ бўлиб порлаб бепоён осмонни ёритди, сўнг юришини секинлаштиргандай бўлди ва касалхона тепасига келганида бор шуъласини деразаси очиқ хонага туширди, шуъла шу лаҳза каравотда ётган хушбичим ва гўзал аёл юзида жилва қилди, қовоқларини қизартирмоқчи бўлди, лекин тош қотган қовоқлар қилт этмади, шуъла ўзига қадрдон қорачиқларда аксланмоқни истади, аммо уларни топа олмади, у фақат аёлнинг бармоқларида пайдо бўлиб қолган узукнинг олмос кўзчаларидагина акс эта олди….

Зулфия Қуролбой қизи
АЁЛ
088

055Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева) – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилган.

088

Деворлари оппоқ хона.
Дераза ойнасидан тўкилаётган оппоқ нур аёлнинг юзида жилва қилди, юмуқ қовоқларини қизартирди, ёноқларига илинган марварид томчиларида ва бармоқларидаги узукнинг олмос кўзчаларида акс этди.
Аёл кўзларини хиёл очди. Шуъла энди унинг қорачиқларида аксланди.
“Қандай ёқимли… Тирикликнинг яна бир тонги отди, – аёл кўзларини юмиб, қуёш нурларини симирди, кейин яна оҳиста пичирлади: – Сени қанчалик яхши кўраман, қуёш!..”
Қуёш нурларини мўл-кўл тўкди. Аёл буткул офтоб нурига ғарқ бўлди…

* * *

Кейинги ҳафта сурункасига Назокатнинг ҳарорати кўтарилиб, тушиб турди…
Даволовчи шифокор Шавкатни хонасига чақирди.
– Назокатнинг аҳволи яхши эмас. Ҳозирлигингизни кўраверинг.
Шавкат бошини чангаллаб қолди.
– Оғир бўлинг. Бўшашманг. Ҳали у кўп азоб тортиши мумкин. Булар ҳали ҳолва… – дўхтир жимиб қолди.
Шавкат илкис бошини кўтарди.
– Наҳотки… Шунча қийналгани етмайдими?..
– Кўп азоб турибди олдинда, – деди дўхтир, сўнг маҳзунлик билан хайрлашди.
Шавкат касалхона ҳовлисида анча вақт айланиб юриб кейин палатага кирди. Назокат ухлаб ётарди. У жуда озиб кетганди. Қовоқлари ичга ботган, ёноқ суяклари туртиб чиққан, лабларининг четида чуқурча пайдо бўлган, чекка томирлари кўм-кўк бўлиб бўртиб турарди.
Дунёдаги барча касалликларга лаънат ўқиди Шавкат.
Назокат тикилиб турган нигоҳларни ҳис этди шекилли, аста кўзларини очди.
– Яхшимисан?..
– Тузук, – ўрнидан қўзғалди Назокат. – Ҳовлига чиқиб келсамми, девдим.
Шавкат унга қўлини узатди.
– Ҳали кучим бор, ўзим юра оламан, – деди Назокат ғалати қараб.
Шавкат беихтиёр чуқур хўрсинди.
Улар ҳовлига чиқишди.
– Дўхтир сизга бир балоларни вайсаган шекилли, – деди Назокат ташқарига чиққанларидан кейин эрининг қовоқлари салқиган, кайфиятсиз юзига зимдан тикилганча. – Лекин улар янглишяптилар. Афт-ангоримга қаранг, яхшилаб қаранг, мен яқин-ўртада ўладиган одамга ўхшайманми? Ўзимни ҳар қачонгидан яхшироқ ҳис этяпман. Яшаш учун бундан ортиқ яна нима бўлиши керак? – Аёл юришдан тўхтади. Ҳаво совуган, осмонда увада булутлар кезинар, қуёш хирагина нур сочар, қорнинг ҳиди келарди. – Мен ойнага боқиб, қайта-қайта тикилдим ўзимга, ўладиган одамнинг юзи бунақа бўлмайди. Сиз ҳам эшитганмисиз шу гапни?
– Ҳа, эшитганман, – деди Шавкат шубҳага ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
– Ана, кўрдингизми, – Назокатнинг аллақандай ички нурдан юзи ёришди. У нарироқ бориб кунгай ерда турди, аёлнинг қорачиқларида олов аксланди. – Ҳалиям ҳаво булут, – деди у, –ёруғлик тиниқ эмас. Бу ҳаво одамнинг рангини очмайди, бўғиб қўяди!
Ҳақиқатан ҳам очиқ ҳавода унинг юзида касаллик нуқси сезилмас, эгнига тўкилган упа ғубори, ҳавога таралаётган ёқимли ҳид унинг ўзига оро берганини билдириб турарди.
Бирдан кутилмаган ҳол юз берди. Назокат югуриб келиб Шавкатнинг қучоғига ўзини отди. Авваллари ҳеч ҳам бундай қилмасди.
– Биз фақат эр-хотин эмас, ундан ҳам яқинроқ бўлиб кетганмиз, а, дадаси? – деди у эрининг кўксига юзини босиб.
Шавкат кучли ҳароратни ва кўз ёшларни туйди. У қимир этолмай қолди.
Шавкат нимадир дейишни, хотинининг кўнглини кўтаришни истади, аммо тили айланмади. Кўксидан беихтиёр яна оғир хўрсиниқ отилиб чиқди.
Назокат эрининг юзидан ўпди, авайлаб, назокат билан ўпди. Шавкатнинг танасига титроқ кирди. Хотинининг қовжираган лаблари иссиқ эди. Юзи иссиқ эди. Нафаси иссиқ эди. Юзига тегиб турган сочларидан-да ҳовур сачраётгандек эди.
– Сенга нима бўлди?.. – дея олди Шавкат.
Назокат жилмайди. Бир вақтлардагидай… Аммо бу кулгу эмас, оғриқ, армон тўла шодмонлик эди.
Шавкат уни бағрига босди, нигоҳларини яширди. Назокатнинг юзига қарашга ортиқ бардоши етмади.
– Мана кўрасиз, икки-уч кун ўтсин, яна аввалгидай бўлиб кетаман. Шундай бўлишини кўнглим сезиб турибди, – шивирлади Назокат.
Шавкатнинг кўзига дунё қоронғу бўлиб кетди.

* * *

Кечаси Назокатнинг яна иссиғи кўтарилди. Алаҳсиради. Болаларини сўради.
Шавкат навбатчи врачни чақирди. Уколдан кейин Назокат тинчланиб ухлаб қолди.
Эрталаб одатдагидай вақтли уйғонди.
– Қаттиқ ухлаб қопман-а? – деб у сўради алланарсадан ҳадиксирагандек бўлиб.
– Чарчагансан, – деди Шавкат.
– Радиони нимага ўчириб қўйдингиз?
– Сенга тинчлик керак. Дўхтир айтди.
– Мен атай радиони ёқиб қўйгандим. Ғинғиллаб турса қаттиқ ухлаб қолмайман…
– Бугун ҳам ҳаво жуда яхши, ҳовлига чиқасанми? Ёзга ҳам, кузга ҳам ўхшамайди сира, – деди Шавкат.
– Чиқаман, албатта. Эрталабки тоза ҳавони яхши кўраман.
Назокат адёлни устидан олиб ташлаб, оёқларини каравотдан пастга туширди. Бирдан оёқларига кўзи тушган аёлнинг юзи ўзгариб кетди. Иккала оёғи ҳам шишиб, пўрсиллаб турарди. Бир кечада-я…
– Кейинроқ чиқарман… – Назокат бўшашганча ўринга чўзилди. Оёқлари устига адёлни ташлади.
– Нонуштани шу ерга олиб кела қолай. Иккаламиз ўтириб чой ичамиз, кейин болалардан, ишдан хабар оламан, – деди Шавкат хотинининг бирдан авзойи ўзгарганидан таажжубланганини сездирмай.
– Майли…
Шавкат ғилдиракли столда нонушта олиб келди. Назокат оёқларини адёл билан ўраб ўтириб чой ичди…
Кечга бориб Назокат болдирлари ҳам шишиб, кўпчиб турганини кўрди. Унинг ҳафсаласи пир бўлиб кетди. Кечаси яна иситма тутди.
Эртасига саҳар уйғонганида қорин қисмида аллақандай ғашни келтирувчи оғирликни туйди. Қоқсуяк қўлини қорни устига қўйди-ю, шу заҳоти тортиб олди. Шиш энди қоринга ўтган, у ошган хамирдай кўпчиб турарди.
– Дўхтир! – қичқириб юборди Назокат. Лекин буни ўзи сезмади.
Салобатли кекса дўхтир, унинг кетидан озғин ҳамшира ичкарига киришди.
– Қалайсиз, қизим, иситма безовта қилмаяптими энди? – табуреткага ўтирди дўхтир.
Назокат маҳзун жилмайди, кўзларининг остида ажин ғужуми пайдо бўлди.
– Яхшиман.
– Ҳароратини ўлчанг, – деди дўхтир ҳамширага қараб. Кейин яна Назокатга юзланди. – Менда гапингиз бор экан. Эшитаман, қизим.
– Шиш масаласида… – Назокат гапиролмай қолди.
– Хўш.
– Қорниимда яна сув тўпланган шекилли? Қаранг… Шу суюқликнинг ҳаммасини бирдан олдирсам, шиш қайтадими?.. – Назокатнинг кўзлари ғилтиллади.
– Шиш қайтади, – деди дўхтир вазминлик билан. – Лекин менимча… Сизга дўхтир сифатида эмас, оддий бир одам, отангиз қатори бир одам сифатида айтадиган бўлсам… буни маслаҳат бермайман.
– Нега?
– Энди… шуниси маъқул… – Дўхтир нигоҳларини қаерга яширишни билмасди.
– Бу гал жудаям қийин бўлса керак-а? Қаттиқ азоб тортсам керак. Қайсидир палатада бир аёл кечадан бери чинқириб ётибди-ю, шунга ўхшаб. Лекин буни қаранг, қорним соат сайин катталашиб кетяпти. Ҳадемай дўмбирадай бўлиб қолса керак. Мен бундай хунук алфозда… – Назокат юзини девор томонга бурди. Ёстиқ нам тортди.
Тоғдай дўхтир бирдан кичрайиб қолгандек ҳис этди ўзини.
– Тушуниб турибман… – деди бир оздан кейин овози хириллаб. – Биз керагини олдик суюқликнинг… Аммо ортиқча азобнинг нима кераги бор?
– Майли, мен чидайман… – деди Назокат терс қараб ётган кўйи. – Ҳаммасига чидайман.
Дўхтир ўрнидан турди. Назокат жон ҳолатда дўхтирнинг қўлидан ушлади.
– Биламан, оз қолганини биламан. Лекин бундай хунук алфозда ўлишни истамайман. Истамайман!..
Дўхтир қўлини авайлаб тортиб олиб, хонадан чиқди…

* * *

Тун.
Шавкат тезда ухлаб қолди. Аммо Назокат ёта олмади. У оёқларига илашган енгил кўрпани нари суриб, қийнчилик билан тиззаларини қучоқлаганча тўшак устида ўтирмоқчи бўлди, аммо бу ноқулай эди. Тўғрироғи жуда ўнғайсиз эди. Хипча белида осилиб турган ёқимсиз оғирлик ўтиришга халақит берарди. Аёл ўрнидан туриб дераза олдига келди. Унинг уйқуси ўчган, бутун оламни нигоҳлари билан қамраб, унга жойлаб олмоқчидек, очиқ деразадан унсиз осмонга тикилар, ҳайратомуз манзарадан донг қотарди. Зеро бу вақтда ҳад-ҳудудсиз осмон нурафшон, тилларанг ёғдуга ғарқ бўлиб ётарди. Уфқ тепасида осилиб турган ой, жимир-жимир қилаётган юлдузлар яқинлашиб келаётган тонгга ўрин бермасликка, аста-секин хира тортиб, сўниб йўқ бўлиб кетмасликка тиришаётгандай янада ёрқинроқ жилва қилишарди.
Тун ва тонг ўртасида кескин кураш кетаётган бир вақтда борлиқда теран сукунат ҳукм сурарди. Аёл бутун жисму жони қулоққа айланиб аллақандай эшитилмас товушларга, сирли оҳангларга ғарқ бўлди, ой нурида ялтираётган япроқларнинг сеҳрли титроғини ҳис этди… Кейин чуқур нафас олиб ўпкасини тоза ҳаво билан тўлдирди. Лабларини қаттиқ қимтиб, нафас чиқармай турди.
Аста-секин борлиққа кумушранг оқим ёйилди. Қушлар чаҳ-чаҳлаб юборди…
Назокат чуқур хўрсинди. Кўзлари ёшланди.
Шавкат безовталаниб, қимирлаб қўйди.
Назокат ўринга чўзилди. Бошини кўрпа билан буркаб олди. Зум ўтмай адёл силкина бошлади.
Аёл йиғларди, унсиз йиғларди…

* * *

Кечга бориб Назокатнинг нафаси сиқа бошлади. Боши ёстиққа тегиши ҳамон ҳаво етишмай қолгандек бўларди. Қорни яна бир оз катталашгандек эди.
Врач Назокатга ёстиққа суяниб ўтирган кўйи ухлашни тавсия қилди. Ётган пайтида қорин бўшлиғида пайдо бўлган суюқлик ўпкани сиқиб қўярди, шунинг учун Назокат нафас олишга қийналаётган эди…
Палатага ҳамшира кирди.
– Эрим келса ичкарига киритманг, илтимос, – деди Назокат унга.
– Нега? Дўхтир кечаси ёнингизда одам бўлишини тайинлаган, – деди ҳамшира.
– Вақтинча киритмай туринг, илтимос.
– Лекин у хавотирланади…
– Бирор баҳона ўйлаб топарсиз! – Назокат ҳамширанинг чўнтагига пул солди.
Ҳамшира иккиланганча чиқиб кетди.
Назокат деразага тикилди. Унинг кўз олдида ўғиллари пайдо бўлди.
Аёл ўкириб юбормаслик учун лабини қаттиқ тишлади…
Шавкат ишдан чиқиб тўғри касалхонага келди. Лекин уни палатага киритишмади.
– Мумкин эмас! – деди ҳамшира дарчага энгашиб.
– Аҳволи оғирлашиб қолдими?!. – даҳшат ичида сўради Шавкат. Бирдан унинг юзи кўкариб кетди.
– Аҳволи ёмонмас, лекин…
– Врач билан гаплашсам бўладими?
– Врач кечки обходда!
Шавкатнинг юраги хавотирли увишди. Назарида атай врачлар уни ичкарига киритишмаётгандай туюлди. Аллақандай қора хаёллар бирдан бостириб келди ва у ўзини боса олмай қолди.
– Эшикни очинг! Очинг, деяпман! – дея қичқирди у эшикни муштлаб. – Врач билан гаплашишим керак! Хотинимни кўришим керак!
Ичкаридан жавоб бўлмади.
Шавкатнинг хавотири кучайди. Дунё кўзига қоронғи бўлиб кетди.
– Эшикни очинг! Очинг! – дея қичқирди у жони бўғзига тиқилгудай бўлиб. Кейин эшикни бир-икки тепди ҳам.
– Нима гап, тинчликми? Нега тўполон қиляпсиз? – деди бир маҳал кекса навбатчи врач эшик олдида пайдо бўлиб.
– Дўхтир, хотинимни кўришим керак… Кўришим керак… Лекин улар мени ичкарига киритишмаяпти! – деди Шавкат ҳовлиқиб.
Эшик очилди.
– Ортимдан юринг, – деди кекса доктор.
Шавкат унга эргашди.
Кекса врач уни Назокат ётган палатага бошлаб борди. Лекин ичкарига киришга рухсат бермади.
– Ана, хотинингиз ухлаяпти, энди кўнглингиз тинчидими? – деди кекса врач эшикни қия очиб.
Шавкат қия очилган эшикдан ичкарига бош суқди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам дераза остидаги каравотда Назокат ухлаб ётарди. Қуюқ қора сочлари оппоқ ёстиқ устида паришон сочилган… Кўрпадан сал чиқиб турган елкасида ой нури жилва қиларди. Шавкат сал хотиржам тортди. Аммо дилидаги ғашлик ва қўрқув тарқамади.
– Нега мени ичкарига қўймаяпсиз? – деб сўради у кекса врачдан. – Ахир ўзингиз айтгандингиз-ку, кечасига олдида одам бўлиши керак, деб.
– Тўғри, ўзим шундай дегандим. Лекин бу беморга ёқмаяпти. У тинчликни истаяпти чоғи. Майли, кўнглига қараймиз.
– Мен нима қилай унда?
– Сиз? Истасангиз уйингизга бориб, болаларингиздан хабар олиб келинг. Дарвоқе, уларни эртага олиб келсангиз ҳам бўлади. Фақат дераза ортидан гаплашишади, хўпми?
– Хўп…
Кекса врач уни эшик олдигача кузатиб қўйди-да, кейин хонаси томон кетди.
Шавкат касалхона ҳовлисида анча вақт туриб қолди. Унинг кетгиси келмаётганди. Бирдан унинг хаёлига дераза томондан борсам-чи, деган ўй келди. Кейин касалхонани айланиб ўтиб, Назокат ётган палата деразаси тагига келди. Аммо ичкарини кўриб бўлмасди. Дераза ойналари ярмигача тўсиб қўйилганди.
Шавкат ерга чўк тушди. Кейин бу ердан бир қадам ҳам жилмади…

* * *

Азоб эди…
Ёта олмасди. Ўтириш ҳам анча ноқулай. Икки-уч қадам юрмасдан ҳарсиллаб қоларди. Ҳолдан тойган вужуди ортиқча юкни кўтаролмай қийналарди.
Кечга бориб Назокатни ҳиқичоқ тутди. Икки-уч марта “ҳиқ-ҳиқ” этди-ю, бирдан ичидан қандайдир суюқлик отилиб чиқди…
– Ҳамшира! – хирқироқ овозда қичқирди Назокат.
Зум ўтмай врач етиб келди.
– Энди сувни олмасликнинг иложи йўқ, а? – деди Назокат врачга қараб.
Врач жавоб бермади.
– Дўхтир… – Назокат бармоғидаги тилла узугини врачнинг чўнтагига солди. – Сувни олинг, илтимос. Фақат охиригача!
Врач яна жавоб бермади. Ҳатто қараб қўймади. Аёлнинг қўли чўнтагига кириб чиққанидан кейин ҳам юзига қарамади. Бироқ…
– Ҳамшира! – дея чақирди йўлакка қараб.
Назокат жилмайди. Кейин ёстиғи остидан упа-эликни олди…

* * *

Тун чекинди.
Дераза ойнасига кумушранг ёғду ёпирилди.
Кейин уфқ қизариб, аста қуёш бош кўтарди. Қуёш нурлари хира ва кучсиз эди, аммо у тез кўтарлди. Ҳар ер-ҳар ерда уни увада пардалардек кулранг булутлар тўсди, лекин қуёш юришини тўхтатмади. Бирдан қуёш кўзни қамаштирадиан даражада оппоқ бўлиб порлаб бепоён осмонни ёритди, сўнг юришини секинлаштиргандай бўлди ва касалхона тепасига келганида бор шуъласини деразаси очиқ хонага туширди, шуъла шу лаҳза каравотда ётган хушбичим ва гўзал аёл юзида жилва қилди, қовоқларини қизартирмоқчи бўлди, лекин тош қотган қовоқлар қилт этмади, шуъла ўзига қадрдон қорачиқларда аксланмоқни истади, аммо уларни топа олмади, у фақат аёлнинг бармоқларида пайдо бўлиб қолган узукнинг олмос кўзчаларидагина акс эта олди.
Бу кун қуёш қанчалар порлоқ ва нурафшон бўлмасин, унга ҳеч ким муҳаббат изҳор қилмади, мулойим нурларини симирмади…
Барибир қуёшнинг бу ердан узоқлашгиси келмади, у сахийлик билан нурларини мўл-кўл тўкди, жимгина ётган аёл вужуди кўзни қамаштириб, ярқираётган оппоқ нурларга омухта бўлиб кетди…

093

Zulfiya Qurolboy qizi
AYOL
088

Zulfiya Qurolboy qizi (Zulfiya Yo’ldosheva) – 1966 yili Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tug’ilgan. 1989 yili Jizzax pedagogika institutining o’zbek filologiyasi fakul`tetini bitirgan. “Turmush”, “Yovuzlik farishtasi”, “O’lim hech narsa emas” hikoyalar to’plamlari hamda “Armon asirasi”, “Mashaqqatlar girdobi” romanlari muallifi. Ayni kunlarda “O’zbekfil`m” kinostudiyasida ishlaydi. Hikoyasi asosida “Chaqmoq chaqqan tunda” badiiy fil`mi suratga olingan. “Yozsiz yil” badiiy fil`mining, “Fidoyilar” serialining stsenariy muallifi. Hikoyalari asosida O’zbek davlat drama teatrida “Ayol” spektakli sahnalashtirilgan.

088

Devorlari oppoq xona.
Deraza oynasidan to‘kilayotgan oppoq nur ayolning yuzida jilva qildi, yumuq qovoqlarini qizartirdi, barmoqlaridagi uzukning olmos ko‘zchalarida aks etdi.
Ayol ko‘zlarini ochdi. Shu’la endi uning qorachiqlarida akslandi.
“Qanday yoqimli… Tiriklikning yana bir tongi otdi, — ayol ko‘zlarini yumib, quyosh nurlarini simirdi, keyin yana ohista pichirladi: — Seni qanchalik yaxshi ko‘raman, quyosh!..”
Quyosh nurlarini mo‘l-ko‘l to‘kdi. Ayol oftob nuriga butkul g‘arq bo‘ldi…

* * *

Keyingi hafta surunkasiga Nazokatning harorati ko‘tarilib, tushib turdi…
Davolovchi shifokor Shavkatni xonasiga chaqirdi.
— Nazokatning ahvoli yaxshi emas. Hozirligingizni ko‘ravering.
Shavkat boshini changallab qoldi.
— Og‘ir bo‘ling. Hali u ko‘p azob tortishi mumkin, — do‘xtir jimib qoldi.
Shavkat ilkis boshini ko‘tardi.
— Nahotki… Shuncha qiynalgani yetmaydimi?..
— Ko‘p azob turibdi oldinda, — dedi do‘xtir mahzunlik bilan.
Shavkat kasalxona hovlisida ancha vaqt aylanib yurib keyin palataga kirdi. Nazokat uxlab yotardi. U juda ozib ketgandi. Qovoqlari ichga botib, yonoq suyaklari turtib chiqqan, chekka tomirlari ko‘m-ko‘k bo‘lib bo‘rtib turardi.
Dunyodagi barcha kasalliklarga la’nat o‘qidi Shavkat.
Nazokat tikilib turgan nigohlarni his etdi shekilli, asta ko‘zini ochdi.
— Yaxshimisan?..
— Tuzuk, — o‘rnidan qo‘zg‘aldi Nazokat, — hovliga chiqib kelsammi, devdim.
Shavkat unga qo‘lini uzatdi.
— Hali kuchim bor, o‘zim yura olaman, — dedi Nazokat g‘alati qarab.
Shavkat beixtiyor chuqur xo‘rsindi.
Ular hovliga chiqishdi.
—Do‘xtir sizga bir balolarni vaysagan shekilli, — dedi Nazokat tashqariga chiqqanlaridan keyin erining qovoqlari salqigan, kayfiyatsiz yuziga zimdan tikilgancha. — Lekin ular yanglishyaptilar. Aft-angorimga qarang, yaxshilab qarang, men yaqin-o‘rtada o‘ladigan odamga o‘xshaymanmi? O‘zimni har qachongidan yaxshiroq his etyapman. Yashash uchun bundan ortiq yana nima bo‘lishi kerak? — Ayol yurishdan to‘xtadi. Havo sovugan, osmonda uvada bulutlar kezinar, quyosh xiragina nur sochar, qorning hidi kelardi. — Men oynaga boqib, qayta-qayta tikildim o‘zimga, o‘ladigan odamning yuzi bunaqa bo‘lmaydi. Siz ham eshitganmisiz shu gapni?
— Ha, eshitganman, — dedi Shavkat shubhaga o‘rin qoldirmaydigan ohangda.
— Ana, ko‘rdingizmi, — Nazokatning allaqanday ichki nurdan yuzi yorishdi. U nariroq borib kungay yerda turdi, ayolning qorachiqlarida olov akslandi. — Haliyam havo bulut, — dedi u, — yorug‘lik tiniq emas. Bu havo odamning rangini ochmaydi, bo‘g‘ib qo‘yadi!
Haqiqatan ham ochiq havoda uning yuzida kasallik nuqsi sezilmas, egniga to‘kilgan upa g‘ubori, havoga taralayotgan yoqimli hid uning o‘ziga oro berganini bildirib turardi.
Birdan kutilmagan hol yuz berdi. Nazokat yugurib kelib Shavkatning quchog‘iga o‘zini otdi. Avvallari hech ham bunday qilmasdi.
— Biz faqat er-xotin emas, undan ham yaqinroq bo‘lib ketganmiz, a, dadasi? — dedi u erining ko‘ksiga yuzini bosib.
Shavkat kuchli haroratni va ko‘z yoshlarni tuydi. U qimir etolmay qoldi, nimadir deyishni, xotinining ko‘nglini ko‘tarishni istadi, ammo tili aylanmadi. Ko‘ksidan beixtiyor yana og‘ir xo‘rsiniq otilib chiqdi.
Nazokat erining yuzidan o‘pdi, avaylab, nazokat bilan o‘pdi. Shavkatning tanasiga titroq kirdi. Xotinining qovjiragan lablari issiq edi. Yuzi issiq edi. Nafasi issiq edi. Yuziga tegib turgan sochlaridan-da hovur sachrayotgandek edi.
— Senga nima bo‘ldi?.. — deya oldi Shavkat.
Nazokat jilmaydi. Bir vaqtlardagiday… Ammo bu kulgu emas, og‘riq, armon to‘la shodmonlik edi.
Shavkat uni bag‘riga bosdi, nigohlarini yashirdi. Nazokatning yuziga qarashga ortiq bardoshi yetmadi.
— Mana ko‘rasiz, ikki-uch kun o‘tsin, yana avvalgiday bo‘lib ketaman. Shunday bo‘lishini ko‘nglim sezib turibdi, — shivirladi Nazokat.
Shavkatning ko‘ziga dunyo qorong‘u bo‘lib ketdi.

* * *

Kechasi Nazokatning yana issig‘i ko‘tarildi. Alahsiradi. Bolalarini so‘radi.
Shavkat navbatchi vrachni chaqirdi. Ukoldan keyin Nazokat tinchlanib uxlab qoldi.
Ertalab odatdagiday vaqtli uyg‘ondi.
— Qattiq uxlab qopman-a? — deb so‘radi u allanarsadan hadiksiragandek bo‘lib.
— Charchagansan, — dedi Shavkat.
— Radioni nimaga o‘chirib qo‘ydingiz?
— Senga tinchlik kerak. Do‘xtir aytdi.
— Men atay radioni yoqib qo‘ygandim. G‘ing‘illab tursa qattiq uxlab qolmayman…
— Bugun ham havo juda yaxshi, hovliga chiqasanmi? Yozga ham, kuzga ham o‘xshamaydi sira, — dedi Shavkat.
— Chiqaman, albatta. Ertalabki toza havoni yaxshi ko‘raman.
Nazokat adyolni ustidan olib tashlab, oyoqlarini karavotdan pastga tushirdi. Birdan oyoqlariga ko‘zi tushgan ayolning yuzi o‘zgarib ketdi. Ikkala oyog‘i ham shishib, po‘rsillab turardi. Bir kechada-ya…
— Keyinroq chiqarman… — Nazokat bo‘shashgancha o‘ringa cho‘zildi. Oyoqlari ustiga adyolni tashladi.
— Nonushtani shu yerga olib kela qolay. Ikkalamiz o‘tirib choy ichamiz, keyin bolalardan, ishdan xabar olaman, — dedi Shavkat xotinining birdan avzoyi o‘zgarganidan taajjublanganini sezdirmay.
— Mayli…
Shavkat g‘ildirakli stolda nonushta olib keldi. Nazokat oyoqlarini adyol bilan o‘rab o‘tirib choy ichdi…
Kechga borib Nazokat boldirlari ham shishib, ko‘pchib turganini ko‘rdi. Uning hafsalasi pir bo‘lib ketdi. Kechasi yana isitma tutdi.
Ertasiga sahar uyg‘onganida qorin qismida allaqanday g‘ashni keltiruvchi og‘irlikni tuydi. Qoqsuyak qo‘lini qorni ustiga qo‘ydi-yu, shu zahoti tortib oldi. Shish endi qoringa o‘tgan, u oshgan xamirday ko‘pchib turardi.
— Do‘xtir! — qichqirib yubordi Nazokat. Lekin buni o‘zi sezmadi.
Salobatli keksa do‘xtir, uning ketidan ozg‘in hamshira ichkariga kirishdi.
— Qalaysiz, qizim, isitma bezovta qilmayaptimi endi? — taburetkaga o‘tirdi do‘xtir.
Nazokat mahzun jilmaydi, ko‘zlarining ostida ajin g‘ujumi paydo bo‘ldi.
— Yaxshiman.
— Haroratini o‘lchang, — dedi do‘xtir hamshiraga qarab. Keyin yana Nazokatga yuzlandi. — Menda gapingiz bor ekan. Eshitaman, qizim.
— Shish masalasida… — Nazokat gapirolmay qoldi.
— Xo‘sh.
—Qornimda yana suv to‘plangan shekilli? Qarang… Shu suyuqlikning hammasini birdan oldirsam, shish qaytadimi?.. — Nazokatning ko‘zlari g‘iltilladi.
— Shish qaytadi, — dedi do‘xtir vazminlik bilan. — Lekin menimcha… Sizga do‘xtir sifatida emas, oddiy bir odam, otangiz qatori bir odam sifatida aytadigan bo‘lsam… buni maslahat bermayman.
— Nega?
— Endi… shunisi ma’qul… — Do‘xtir nigohlarini qaerga yashirishni bilmasdi.
— Bu gal judayam qiyin bo‘lsa kerak-a? Qattiq azob tortsam kerak. Qaysidir palatada bir ayol kechadan beri chinqirib yotibdiyu, shunga o‘xshab. Lekin buni qarang, qornim soat sayin kattalashib ketyapti. Hademay do‘mbiraday bo‘lib qolsa kerak. Men bunday xunuk alfozda… — Nazokat yuzini devor tomonga burdi. Yostiq nam tortdi.
Tog‘day do‘xtir birdan kichrayib qolgandek his etdi o‘zini.
— Tushunib turibman… — dedi bir ozdan keyin ovozi xirillab. — Biz keragini oldik suyuqlikning… Ammo ortiqcha azobning nima keragi bor?
— Mayli, men chidayman… — dedi Nazokat ters qarab yotgan ko‘yi. — Hammasiga chidayman.
Do‘xtir o‘rnidan turdi. Nazokat jon holatda do‘xtirning qo‘lidan ushladi.
— Bilaman, oz qolganini bilaman. Lekin bunday xunuk alfozda o‘lishni istamayman. Istamayman!..
Do‘xtir qo‘lini avaylab tortib olib, xonadan chiqdi…

* * *

Tun.
Shavkat tezda uxlab qoldi. Ammo Nazokat yota olmadi. U oyoqlariga ilashgan yengil ko‘rpani nari surib, qiyinchilik bilan tizzalarini quchoqlagancha to‘shak ustida o‘tirmoqchi bo‘ldi, ammo bu noqulay edi. To‘g‘rirog‘i juda o‘ng‘aysiz edi. Xipcha belida osilib turgan yoqimsiz og‘irlik o‘tirishga xalaqit berardi. Ayol o‘rnidan turib deraza oldiga keldi. Uning uyqusi o‘chgan, butun olamni nigohlari bilan qamrab, unga joylab olmoqchidek, ochiq derazadan unsiz osmonga tikilar, hayratomuz manzaradan dong qotardi. Zero bu vaqtda had-hududsiz osmon nurafshon, tillarang yog‘duga g‘arq bo‘lib yotardi. Ufq tepasida osilib turgan oy, jimir-jimir qilayotgan yulduzlar yaqinlashib kelayotgan tongga o‘rin bermaslikka, asta-sekin xira tortib, so‘nib yo‘q bo‘lib ketmaslikka tirishayotganday yanada yorqinroq jilva qilishardi.
Tun va tong o‘rtasida keskin kurash ketayotgan bir vaqtda borliqda teran sukunat hukm surardi. Ayol butun jismu joni quloqqa aylanib allaqanday eshitilmas tovushlarga, sirli ohanglarga g‘arq bo‘ldi, oy nurida yaltirayotgan yaproqlarning sehrli titrog‘ini his etdi… Keyin chuqur nafas olib o‘pkasini toza havo bilan to‘ldirdi. Lablarini qattiq qimtib, nafas chiqarmay turdi.
Asta-sekin borliqqa kumushrang nur oqimi yoyildi. Qushlar chah-chahlab yubordi…
Nazokat chuqur xo‘rsindi. Ko‘zlari yoshlandi.
Shavkat bezovtalanib, qimirlab qo‘ydi.
Nazokat o‘ringa cho‘zildi. Boshini ko‘rpa bilan burkab oldi. Zum o‘tmay adyol silkina boshladi.
Ayol yig‘lardi, unsiz yig‘lardi…

* * *

Kechga borib Nazokatning nafasi qisa boshladi. Boshi yostiqqa tegishi hamon havo yetishmay qolgandek bo‘lardi. Qorni yana bir oz kattalashgandek edi.
Vrach Nazokatga yostiqqa suyanib o‘tirgan ko‘yi uxlashni tavsiya qildi. Yotgan paytida qorin bo‘shlig‘ida paydo bo‘lgan suyuqlik o‘pkani siqib qo‘yardi, shuning uchun Nazokat nafas olishga qiynalayotgan edi…
Palataga hamshira kirdi.
— Erim kelsa ichkariga kiritmang, iltimos, — dedi Nazokat unga.
— Nega? Do‘xtir kechasi yoningizda odam bo‘lishini tayinlagan, — dedi hamshira.
— Vaqtincha kiritmay turing, iltimos.
— Lekin u xavotirlanadi…
— Biror bahona o‘ylab toparsiz! — Nazokat hamshiraning cho‘ntagiga pul soldi.
Hamshira ikkilangancha chiqib ketdi.
Nazokat derazaga tikildi. Uning ko‘z oldida o‘g‘illari paydo bo‘ldi.
Ayol o‘kirib yubormaslik uchun labini qattiq tishladi…
Shavkat ishdan chiqib to‘g‘ri kasalxonaga keldi. Lekin uni palataga kiritishmadi.
— Mumkin emas! — dedi hamshira darchaga engashib.
— Ahvoli og‘irlashib qoldimi?!. — dahshat ichida so‘radi Shavkat. Birdan uning yuzi ko‘karib ketdi.
— Ahvoli yomonmas, lekin…
— Vrach bilan gaplashsam bo‘ladimi?
— Vrach kechki obxodda!
Shavkatning yuragi xavotirli uvishdi. Nazarida atay vrachlar uni ichkariga kiritishmayotganday tuyuldi. Allaqanday qora xayollar birdan bostirib keldi va u o‘zini bosa olmay qoldi.
— Eshikni oching! Oching, deyapman! — deya qichqirdi u eshikni mushtlab. — Vrach bilan gaplashishim kerak! Xotinimni ko‘rishim kerak!
Ichkaridan javob bo‘lmadi.
Shavkatning xavotiri kuchaydi. Dunyo ko‘ziga qorong‘i bo‘lib ketdi.
— Eshikni oching! Oching! — deya qichqirdi u joni bo‘g‘ziga tiqilguday bo‘lib. Keyin bir-ikki tepdi ham.
— Nima gap, tinchlikmi? Nega to‘polon qilyapsiz? – dedi bir mahal keksa navbatchi vrach eshik oldida paydo bo‘lib.
— Do‘xtir, xotinimni ko‘rishim kerak… Ko‘rishim kerak… Lekin ular meni ichkariga kiritishmayapti! — dedi Shavkat hovliqib.
Eshik ochildi.
— Ortimdan yuring, — dedi keksa do‘xtir.
Shavkat unga ergashdi.
Vrach uni Nazokat yotgan palataga boshlab bordi. Lekin ichkariga kirishga ruxsat bermadi.
— Ana, xotiningiz uxlayapti, endi ko‘nglingiz tinchidimi? Shavkat qiya ochilgan eshikdan ichkariga bosh suqdi. Ha, haqiqatan ham deraza ostidagi karavotda Nazokat uxlab yotardi. Quyuq qora sochlari oppoq yostiq ustida parishon sochilgan… Ko‘rpadan bir oz chiqib turgan yelkasida oy nuri jilva qilardi. Shavkat sal xotirjam tortdi. Ammo dilidagi g‘ashlik va qo‘rquv tarqamadi.
— Nega meni ichkariga qo‘ymayapsiz? — deb so‘radi u keksa vrachdan. — Axir o‘zingiz aytgandingiz-ku, kechasi oldida odam bo‘lishi kerak, deb.
— To‘g‘ri, o‘zim shunday degandim. Lekin bu bemorga yoqmayapti. U tinchlikni istayapti chog‘i. Mayli, ko‘ngliga qaraymiz.
— Men nima qilay unda?
— Siz? Istasangiz uyingizga borib, bolalaringizdan xabar olib keling. Darvoqe, ularni ertaga olib kelsangiz ham bo‘ladi. Faqat deraza ortidan gaplashishadi, xo‘pmi?
— Xo‘p…
Shavkat kasalxona hovlisida ancha vaqt turib qoldi. Uning ketgisi kelmayotgandi. Birdan uning xayoliga deraza tomondan borsam-chi, degan o‘y keldi. Keyin kasalxonani aylanib o‘tib, Nazokat yotgan palata derazasi tagiga keldi. Ammo ichkarini ko‘rib bo‘lmasdi. Deraza oynalari yarmigacha to‘sib qo‘yilgandi.
Shavkat yerga cho‘k tushdi. Keyin bu yerdan bir qadam ham jilmadi…

* * *

Azob edi…
Yota olmasdi. O‘tirish ham ancha noqulay. Ikki-uch qadam yurmasdan harsillab qolardi. Holdan toygan vujudi ortiqcha yukni ko‘tarolmay qiynalardi.
Kechga borib Nazokatni hiqichoq tutdi. Ikki-uch marta “hiq-hiq” etdi-yu, birdan ichidan qandaydir suyuqlik otilib chiqdi…
— Hamshira! — xirqiroq ovozda qichqirdi Nazokat.
Zum o‘tmay vrach yetib keldi.
— Endi suvni olmaslikning iloji yo‘q, a? — dedi Nazokat vrachga qarab.
Vrach javob bermadi.
— Do‘xtir… — Nazokat barmog‘idagi tilla uzugini vrachning cho‘ntagiga soldi. — Suvni oling, iltimos. Faqat oxirigacha!
Vrach yana javob bermadi. Hatto qarab ham qo‘ymadi. Ayolning qo‘li cho‘ntagiga kirib chiqqanidan keyin ham yuziga qaramadi. Biroq:
– Hamshira! — deya chaqirdi yo‘lakka qarab.
Nazokat jilmaydi. Keyin yostig‘i ostidan upa-elikni oldi…

* * *

Tun chekindi.
Deraza oynasiga kumushrang yog‘du yopirildi.
Keyin ufq qizarib, asta quyosh bosh ko‘tardi. Quyosh nurlari xira va kuchsiz edi, ammo u tez ko‘tarildi. Har yer-har yerda uni uvada pardalardek kulrang bulutlar to‘sdi, lekin quyosh yurishini to‘xtatmadi va birdan ko‘zni qamashtiradigan darajada oppoq bo‘lib porlab bepoyon osmonni yoritdi, so‘ng yurishini sekinlatib kasalxona tepasiga kelganida bor shu’lasini derazasi ochiq xonaga tushirdi, shu’la shu lahza karavotda yotgan xushbichim va go‘zal ayol yuzida jilva qildi, qovoqlarini qizartirmoqchi bo‘ldi, lekin tosh qotgan qovoqlar qilt etmadi, shu’la o‘ziga qadrdon qorachiqlarda akslanmoqni istadi, ammo ularni topa olmadi, u faqat ayolning barmoqlarida paydo bo‘lib qolgan uzukning olmos ko‘zchalaridagina aks eta oldi.
Bu kun quyosh qanchalar porloq va nurafshon bo‘lmasin, unga hech kim muhabbat izhor qilmadi, muloyim nurlarini simirmadi…
Baribir quyoshning bu yerdan uzoqlashgisi kelmadi, u saxiylik bilan nurlarini mo‘l-ko‘l to‘kdi, jimgina yotgan ayol vujudi ko‘zni qamashtirib, yarqirayotgan oppoq nurlarga omuxta bo‘lib ketdi…

хдк

(Tashriflar: umumiy 128, bugungi 1)

Izoh qoldiring