Zulfiya Qurolboy qizi. Yozsiz yil & Umarali Normatov. Ona sha’niga qasida

011

     Шамолдай елиб юрган кичик ўғил ногаҳон юз берган автоҳалокат туфайли яримжон, майиб бўлиб қолиши Бувгул холани қаттиқ ларзага солди. «Eнди нима бўлади? Болам бир умр ёлғиз ўтадими?» — деган ўйлар хонумонини куйдирарди, албатта, аммо ўғлининг чивиндай жони қил устида турган кезларда бу ўйлар хаёлидан кўтарилиб, мутлақо аҳамиятсиз бўлиб қоларди.

Умарали НОРМАОВ
ОНА ШАЪНИГА ҚАСИДА
(Бир ҳикоя талқини)
088

Жаҳон адабиётида ҳамиша она-Ватан каби бош ҳарф билан ёзилишга лойиқ табаррук Она зотининг мушкул дамларда туққан фарзандига беқиёс меҳр-муруввати хусусида кўп ва хўб ёзилган. Миллий нас-римизда ҳам ўшалар қаторида туришга лойиқ асарлар бор. Устоз Саид Аҳмад қаламига мансуб “Уфқ” романидаги Онахоннинг гуноҳкор – қочоқ ўғлига нисбатан армон, алам-ўкинч билан йўғрилган парвоналиги ифодаси адабиётимизда жиддий ҳодиса бўлган эди. Зулфия Қуролбой қизи “Ёзсиз йил” ҳиокясида айни шу йўналишда бутунлай ўзгача Она тимсолини яратди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳикоянинг сюжет қурилиши пухта ишланган, воқеалар тадрижи персонажлар руҳий эврилишлари таҳлили билан уйғунликда моҳирона ифодаланган. Гоҳ қувонч-таскин, тенгсиз умид, гоҳ дард хуружи, азоб-уқубат, таҳқиру надомат, гоҳ йилт этган сурур, хаёлдаги алдамчи фароғат, аслида эса адоғи йўқ мусибатлар билан ўтган икки бандаи ожиз – Она ва ўғил кўргиликлари – бутун бошли бир романга татигулик беором дақиқалар, кунлар, ойлар, йиллар силсиласи биргина ҳикоя бағридан муносиб жой олган. Ҳикояда тиғиз вазиятлар бот-бот такрорланади ва ҳар гал муаллиф беназир зот – Она вужудида мужассам беқиёс меҳригиёнинг янги-янги қирраларини кашф этишга эришади.

Асар билан таниш ўқувчи билади: Собир авто­ҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолган. Бу мудҳиш фалокатнинг азоб, изтироби ўғлидан кўра ҳам онахон – Бувгул хола тани-жонини қовуради. Ҳикоя давомида хола вужудини ёндирган оташ, хаста ўғил кўнгли, ороми деб чеккан заҳматлари алангаси тафтини ўқувчи ҳар доим сезиб, ҳис этиб туради. Ҳаётнинг турфа нағмасини қарангки, Собир шу ҳолда қишлоқнинг тенги йўқ сулув қизи Марваридга кўнгил берган, қиз ҳам, ўз навбатида, йигитга ошиқу шайдо. Уларнинг Лайлию Мажнун севги достонини эслатадиган ишқий мулоқотлари ҳар қандай тама, ҳирс ва нафс майлларидан холи, икки фаришта ошиғу маъшуқанинг соф қалб талпинишларидан иборат. Айни шу жиҳати билан асар бугунги замонавий адабиётда урф бўлган ишқий кечинмалар талқинидан бутунлай фарқ қилади. Икки ёш орасида яширадиган ҳеч қанақа сир йўқ. Ҳар икки томон ҳам орадаги мудҳиш кўргиликдан воқиф. Аммо бу ҳол уларнинг кўнгил майлларига асло тўсиқ бўлолмайди. Улар бир умрга бирга бўлишга қатъий аҳд қилганлар. Висол дамларида Собир дардини бутунлай унутади, яйраб-яшнаб кетади. Қиз раъйи, истагига кўра, Онасини қизникига совчиликка боришга ундайди…

Ҳалокат, хасталик, ногиронлик асоратларидан ҳам кўра мушкулроқ драмалар ана шу дақиқалардан бошланади. Йигит томонда жоҳил, қалбан сўқир ака, қиз томонда эса бағритош ота икки ошиқ – ёшлар майлига тиш-тирноғи билан қарши турадилар. Фақат Онаизоргина ўғлон билан қиз қалбининг, қиёси йўқ чин муҳаббатининг ягона ҳимоячисига айланади. Биласиз, қишлоқ муҳитида гап ётмайди. Шахсий-оилавий интим сир дарҳол ошкор бўлади, ҳар хил ғийбат, паст-баланд гап-сўзлар ўрмалайди. Бу ҳол катта ўғил билан қиз отаси хуружини аланга олдиради. Ана шундай тиғиз дамларда катта ўғил дағдағаларига, қиз отаси ёғдирган маломат тошлари, одамларнинг таъна-дашномларига, таҳқиру надоматларига, қўйингки, жамики бало-қазоларга шу муштипар Онахонгина мардона қарши туриб беради. Хаста, аммо чин ошиқ ўғлон кўнгил майли учун ҳар дақиқа жонини, жаҳонини беришга тайёр.

Начора, жоҳиллар қўли баланд келади, Марваридни яқин қариндоши ўғлига зўрлаб узатадилар, у қайтиб келади, сўнг уни оёқ етмас тоғ қишлоғига унаштирадилар. Ошиқ йигит жим туролмайди, хасталигига қарамай қиш чилласида унинг изидан боради, маъшуқасининг албатта қайтиб келиш ваъдасини олиб, бир дунё қувонч, ёрқин умид билан қайтади… Энди ҳам ўғлон, ҳам Она кўксида умидсизлик бир дам чекиниб, яшаш иштиёқи жўш уради.

Афсус, бу қувончли дақиқалар узоққа бормайди, ваъда ушалмай қолади.

Биз юқорида ўқувчини таништириш учун келтирган воқеалар тафсилоти шунчаки қуруқ ҳикоя қилинмайди, балки руҳий-психологик ҳолатлар таҳлили жўрлигида китобхонни ларзага соладиган тарзда берилади. Ҳикояни ўқий туриб, руҳий изтироблар оғушида хаёлга толасан киши: ҳаётда мўъжизалар ҳам рўй бериши мумкин-ку! Эҳтимол, бедаво дарддан ҳам хавфлироқ одамлар – жоҳил, қаҳри қаттиқ кимсалар қаршилик қилмаганида, бу икки ёш қовушганида Собир бутунлай соғайиб, тўкис турмушга қайтиши ҳам мумкин эди-ку! Ахир ҳаётда шу ҳолда ҳам тотув яшаб ўтган жуфтлик-лар бўлган. Бундан кейинги ҳижрон ифодаси, кундан-кун танни емириб бораётган хасталик азобларини ўғил ва Она баб-баравар тортади, икки вужуд бир жон-бир тан бўлиб ёнади. Ҳижрон аламлари худди мумтоз ғазалиётимиздаги поёнсиз фиғонлар каби авж пардаларда акс-садо беради.

Галдаги лавҳа бундан-да ҳаяжонли. Марварид янги йил арафасида келишга ваъда қилган эди. Хас-та Собир маъшуқасини интизорлик билан кутаётир, аммо ундан дарак йўқ. Ўша топдаги Она билан боланинг моҳир рассом гавдалантиргандек унсиз драматик ҳолатлари тасвири кўнгилларни зир титратади. Аниқ кўриб, ҳис этиб турасиз: деразадан кўчага интизор тикилиб турган Собирнинг бир маҳал елкалари силкина бошлайди, Бувгул хола, кўнгли вайрон ҳолда, ўғлига томон талпинади. Шу пайт бирдан Собир Она томон ўгирилади. Дунёнинг бутун дард-алами кўзларида жам… Унинг қонсиз юзида йирик-йирик томчилар думалайди. Энди Собирга ҳаммаси аён, ўзининг узоқ яшамаслигини ҳам, Марвариднинг келмаслигини, келтирмасликларини ҳам билади, билади-ю, онасидан яширади, худди онаси ундан яширгандай… Машҳур “Асрор бобо”даги чол билан кампирнинг мудҳиш сирдан воқиф ҳолда, бир-бирини асраш ниятида бир-биридан сир сақлаш ҳолатини – кўнгилларни зир титратадиган вазиятни эслатадиган, аммо тақлиддан бутунлай холи ноёб бадиий лавҳа!

Ўша мудҳиш дамларда Она вужудини кемираётган изтиробни билдирмасликка ҳарчанд уринмасин, ўзини тутолмайди, бари бир оналигига бориб, ўғли бошини кўксига босади. “Қайноқ кўз ёшлар энди унинг кўксини куйдириб, юрагига томчилар ва ундан қон бўлиб, томирларига сизиб оқарди” деб ёзади ҳикоянавис. Бу жумлаларни қаламга тушириш чоғи муаллифнинг қўли титраб турганлигини баралла ҳис этасиз.

Бундай тиғиз санъаткорона чизилган лавҳаларни шарҳлаш қийин, ҳар қандай шарҳ унинг асл жозибасини, сеҳрли руҳини тушириб юбориши мумкин. Энг муҳими, ҳикоянавис персонажларни ана шундай мушкул вазиятлардан эсон-омон олиб ўта билади. Бу энди чин санъат мўъжизаси.

Қарангки, ошиқ йигитнинг ҳаёт шами ўчай деб турганида ҳам, ҳаётга иштиёқи, висолга умиди бутунлай сўнмайди. Ажаб, энди мавжуд ҳаётда амалга ошмаган висол ҳаёт-мамот юзма-юз келган дамларда, кечинмалар жазаваси авжида хаёлда, тасаввурда содир бўлади. Машраб қисматини ёдга туширувчи ошиқ йигит тақдирида мўъжиза рўй беради, гўё Машраб янглиғ аршнинг кунгурасида ёр висолига эришади. Ўша висол чоғи Марварид Собирга қарата асл муддаосини ошкор этади; фақат унинг юрагинигина севишини, бошқаси асло қизиқтирмаслигини дангал айтади. “Бошқа ҳеч бир аёл бундай демаган бўларди. Шунинг учун ҳам уни телбаларча севиб қолдим-да”, дея онажонига сўнгги дил розини изҳор этади. Висол базми чоғи Онаизор “Бахтли бўлинглар, илойим… Қўша қариб юринглар… илойим”… дея дуо қилади. Шу сўзларни айтаётганида “Бувгул хола ўкириб юборишдан базўр ўзини тийди” деб ёзади муаллиф. Шу лавҳани ўқиётиб, ўқувчи ҳам айни Она ҳолига тушади.

Тасвир яна заминга, мавжуд ҳаётга қайтади. Катта ўғил, ҳиссиз нодон кимсалар гўё Онаизорни авайлаш мақсадида уни куни битган ўғилдан ажратишга уринадилар, бу ният ўтмагач, ўжар кампирни “иймонсиз”га чиқарадилар. Шунда у “Менинг иймоним – болам!” дея ҳайқиради. Ниҳоят, ўғил жон таслим қилади, онаизорнинг устунга суянганича “Мен ёмон қолдим, сен яхши бор, болам” деган сўзларни дуодай ожизона такрорлаб турганини кўриб, юрак-бағрингиз эзилиб кетади. Сўнг бундан-да залворлироқ ҳолатга дуч келамиз. Пировардида, онаизор бирдан осмонга тикилиб: “Одамни эрмак учун яратиб, уни эплай олмай қолганингдан кейин ўлимни ўйлаб топдингми?” дея савдойиларча шивирлайди.

Бундай исёнкорона шивирлаш асло тақдири азал ҳукмига нисбатан шаккоклик эмас, балки Она қалбидаги фарзандига бўлган илоҳий меҳрнинг сўнгги – якуний тасдиғи каби янграйди.

Миллий адабиётимизда пайдо бўлган бу ноёб янгилик – муаззам, мунгли меҳр-муҳаббат қўшиғи шу тарзда интиҳосига етади, охир-оқибат Она шаънига битилган қасида каби янграйди.

Маълум бўляптики, ҳикоя персонажлари қисмати билан боғлиқ кўргилик, руҳиятдаги изтироблар боиси ижтимоий омиллардан айтарли холи. Ҳаётда юз бериб турадиган тасодиф, осий, тошбағир бандаи ожизларнинг қилмишлари оқибати тарзида талқин этилади; Зулфиянинг бир вақтлар танқидчиликда менсимай қараладиган, унча хуш кўрилмайдиган ижтимоийликдан холи соф “кўнгил майллари нағмалари” таҳлили бобидаги адабий тажрибалар йўлидан бориб яратган қатор ҳикоялари, айниқса, “Ёзсиз йил” ўзининг бадиий-маънавий таъсир кучи жиҳатидан соф ижтимоий йўналишдаги етук асарлардан асло қолишмайди.

Адибанинг инсон шаънини ҳимоя қилиш ва улуғ­­лашдек мўътабар мавзуни янада теранроқ ва кўлам­дорроқ ёритиш, муаммоларнинг бетакрор ечимини топиш йўлидаги изланишларида омад тилаб қоламиз.

М: “Ёшлик” журнали, 2010 йил, 5-сон.

Зулфия Қуролбой қизи
ЁЗСИЗ ЙИЛ
088

055Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева) – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилди.

088

09Шамолдай елиб юрган кичик ўғил ногаҳон юз берган автоҳалокат туфайли яримжон, майиб бўлиб қолиши Бувгул холани қаттиқ ларзага солди. «Eнди нима бўлади? Болам бир умр ёлғиз ўтадими?» — деган ўйлар хонумонини куйдирарди, албатта, аммо ўғлининг чивиндай жони қил устида турган кезларда бу ўйлар хаёлидан кўтарилиб, мутлақо аҳамиятсиз бўлиб қоларди.

Автоҳалокатни содир этган кимса Маҳкамбой левак қилмишига яраша жазосини олди: судланди, қамалди. Ўн йиллик муддатни икки йилда ўтаб келди. Бувгул холанинг оғриқ ва алами ичида эди, Маҳкамбой левак кўчадан КамАЗини гувиллатиб ўтганида онанинг юраги зувиллаб кетарди, очиғи Маҳкамбой левакнинг ўлими ўғлига саломатлик бахш этса, у ҳеч иккиланмасдан бу нокасни ўлдирган бўларди, афсуски… бу бефойда. Шундай экан, чидашдан бошқа илож йўқ. Ахир азоб ва изтироблар учун ҳеч ким жавоб бермайди…

Сиртдан қараганда, Собирнинг қўл-оёғи бутун, бир ери тилинмаган-шилинмаган, аммо унинг ички аъзолари қаттиқ лат еганди: жигар қисман эзилган, битта буйрак ишдан чиққан, иккинчиси яримжон, пешоб чиқариш учун Собирнинг биқинида ҳар доим махсус найча ва банка осилиб турарди. Эркаклигидан айрилгани эса ҳаммасидан ўтиб тушди. Собир энди ўртоқлари билан кўча-кўйда тепкилашиб юра олмас, даладан хуржун-хуржун ўт юлиб келолмасди, ўзини авайлашга мажбур эди. Бола экан, онасининг барча талабларига бўйин эгарди. Бироқ она-бола қанча эҳтиёт бўлишмасин, қишнинг совуқ кунлари ўз таъсирини ўтказмай қўймасди. Собирнинг иситмаси кўтарилиб кетарди.

Яна касалхона.
Ҳафта-ўн кун, гоҳида ойлаб ётишга тўғри келарди шифохонада…

Бувгул холанинг тўнғичи Маматқул уйланган, икки фарзанднинг отаси, олахуржун бошига тушгандан кейин бева онасининг аҳволини тушуниб, қанотига кирган, рўзғорнинг барча оғирликларини бўйнига олганди, аммо укасининг инжиқликларига сира тоқат қила олмасди. Чунки улғайгани сари Собир тез-тез асабийлашадиган, хурмача қилиқлар чиқарадиган бўлиб қолганди. Бирор егуликни ейиш мумкин эмасми, — Собир, албатта нарсани ерди! Бажариши мумкин эмасми, — Собир, албатта, шу ишга ёпишарди! Кейин ичбуруғ бўлиб, ҳамма ёқни булғаб қўярди, ё кўтарам бўлиб ётиб қоларди. Бунинг азобини ўзи ва Бувгул хола тортарди.
Касалхонага тез-тез тушавергандан кейин дўхтирлар ҳам таниш бўлиб қоларкан. Улардан бири кунларнинг бирида Бувгул холани кабинетига чақириб, очиқчасига: «Агар ўғлингизни ниҳоятда эҳтиёт қилиб парваришламасангиз, яна икки йил яшаши мумкин», деб айтди. Эсхонаси чиққан Бувгул хола бу гапга ишонч ҳосил қилиш учун бошқа дўхтирдан тўғрисини айтишни сўраганди, у бу «муддат»ни яна ярим йилга қисқартирди ва охирида маслаҳат беришни ҳам унутмади: «Так, что, ҳозирдан бунга ўзингизни кўниктиринг ва кўпам ўзингизни уринтириб қўйманг, онахон, сиз ҳали бошқа фарзандларингизга ҳам кераксиз!»

Бу гаплардан Бувгул хола карахт бўлиб қолди. Мияси фалаж бўлгандек ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмади, ҳатто қайғуриш ёки тушкунлик ҳиссини ҳам туймади, фақат… палатага қайтиб, ўғлига кўзи тушгандан кейингина бирдан руҳияти ўзгарди. Дўхтирларга ишонмади. Мана ўғли, умид тўла кўзларини онасига тикиб турибди.
— Мен яхшиман, эна. Энди уйга кетамизми?
Бир неча дақиқа ичида Бувгул холанинг юрагини еб битираёзган даҳшатли хавотир тарқади-кетди. Токи ўғлининг кўзлари чақнаб боқаркан, ҳали нимадандир умид қилса бўлади, бундан ортиқ нима керак?

* * *

Вақт ўтиб борарди. Eнг улкан қўрқув қаршисида қалтираб-титраб турган хавотирли икки йил ҳам эсон-омон ўтди.
Собирнинг соғлигида айтарли ўзгариш йўқ, умри ҳар доимгидай уй-касалхона маршрути бўйича ўтарди. Об-ҳаво қуруқ ва иссиқ келган йили унинг куни туғарди, ўзини анча бардам сезарди. Бувгул хола бундан хурсанд, ўғлининг кундан-кун чўзилиб бораётган бўйига қараб кўзи қувнарди.
Кунларнинг бирида Собир тонг саҳардан қаёққадир чиқиб кетди. Бувгул хола анчадан буён ўғлининг ўзгариб қолганини сезарди, Собирнинг қадам олишини зимдан кузатарди, аммо ўша куни унинг қаёққа кетганидан бехабар қолганди.
Тушгача йўл қараб, хавотирдан юраги ёрилгудай бўлган она охири сабри чидамай тўнғичи Маматқулнинг уйига югурди. Ўтган йили Маматқул хотини Ҳанифа билан гап талашиб қолгани учун Собирнинг юзига тарсаки туширганини кечира олмаган Бувгул хола уни бола-чақаси билан чала битган иморатга кўчириб юборганди. Шундан бери Маматқулнинг гинаси ичида, онаси билан очилиб гаплашмайди.

Ўша куни ҳам онаси билан гаплашганида қовоғини очмади, аксинча:
— Ҳеч иш қилмасангиз ҳам улингизнинг кетидан пойлаб юринг, дегандим-ку, — дея ақл ўргатди у. — Ким билади, боши оғиб, қаёқларга улоқиб кетдийкин? Кўнглига қарайвериб, болани бесоат қилиб қўйдингиз, эна!
— Пашшахона ичида Машрабгина ухлаб ётувди. Сигирни подага қўшиб келганимча қаёққадир ғойиб бўлибди… — тушунтира бошлади Бувгул хола, аммо Маматқул онасининг гапларини охиригача эшитмади:
— Қачон қарасам, поданинг кетидан югуриб юрасиз, шу ишларни қўйинг энди, эна! Улингизниям ишга солинг-да, йигирмадан ошди ахир.
— Укангнинг йигирмадан ошганига хурсандман. Бошқа нарсани ўйламайман…
— Девдай жинни битта сигирминан-новвосни эплаб боқолмайдими, эна?!

Ўғлининг сўзлари онанинг ҳамиятига тегди, юзи ўзгарди.
— Битта сигирмас, ўнта сигир бўлсаям Собиржон эплайди. Сенга ўхшаб чала-чулпа иш қилмайди у! Лекин ўзим уни авайлайман. Ўзи яримжон бола бўлса… Ўз гавдасини ўзи кўтариб юрганига ҳам шукр қиламан! Энди тушундингми?!
— Ҳўкиздай йигитни авайлайман, деб, ўзингиз йиқилиб қолманг, дейман-да, эна. Менинг рўзғорим бўлак бўлса, кунда аҳволингиздан хабар ололмасам.
— Ҳўкиздай йигит дейсан… Унинг қуруқ гавдаси бор. Қиш оқшомлари инқиллаб чиқади, бир ерлари оғрийди…

Қайтамиз энди… Худонинг иши! Лекин тўғрисини айтсам, эна, сиз барибир нотўғри қиляпсиз. Болани авайламасдан ишминан андармон қилиб ташлашингиз керак. Шунда ҳуда-беҳудага кўчага югуравермайди!
— Тўқсонта гапни олдимга тўнқайтиргандан кўра, сенминан ишим йўқ, эна, қандай кунингни кўрсанг кўравер, де, қўй! — Бувгул хола жаҳл билан изига қайтди.
— Оббо, — ғудранди Маматқул. — Бир марта сал қаттиқроқ гапириб қўйсам, дарров аразлаб қолади энам!

Бувгул хола тўнғич ўғлининг кўнглини ғаш қилиб қўйганини сезди, лекин ортига бурилмади, оғир меҳнатни кўп қилганиданми, олтмишга кирмай дол бўлган қаддини эгган кўйи, қўлларини белида чалиштирганча уйи томон йўртаркан, йўл-йўлакай учраганлардан ўғлини кўрган-кўрмаганини сўрарди. Аксига олгандай, на йўловчилардан, на қўни-қўшнилардан Собирга кўзи тушган одам топилмади.

«Бир оғиз айтмасдан қаёққа кетиб қолдийкин? — ўйлади она қўли ишга бормай кўча эшик олдидаги супачада ўтирганча йўлга кўз тутаркан. — Жўралари ўн беш ёшдан қизларминан етаклашиб юришларини билсаям бунинг парвойига келмасди. Қайлиғини тўйдан олдин бўғоз қилиб қўйган жўрасига куёвнавкар бўлганидан кейин бирдан ўзгариб қолганини сезувдим. Битта-яримта қизминан танишиб қолиб, шунинг кетидан ҳид олиб кетдингми? Оҳ, болам-а!..» Бувгул холанинг кўз олдини хира парда қоплади.

* * *

— Қаёқларда тентираб юрдинг шу вақтгача?! — намозшомда ерга қараганча ҳовлига кириб келган укасини сиқувга олди Маматқул. — Мени ўйламасанг, энамни ўйласанг бўлмайдими? Юраги ёрилиб, ўлиб қолай деди-ку энам! — Қаерда юрганим билан нима ишингиз бор? — қўрс жавоб берди Собир.
— Ия, бу нима деганинг? — ажабланди Маматқул қулоқларига ишонмай. — Сен бола ўйлаб гапиряпсанми ўзи?
— Нега ҳадеб тергайверасиз? Ёш бола эмасман ахир!
— Энам сени деб…
— Энангиз борлиги шунақа вақтларда эсингизга тушадими?!
— Ҳов бола! — Маматқул укасининг ёқасига чанг солди.
— Нимага унинг ёқасига ёпишасан?! — Бувгул хола ўртага тушиб, тўнғичига қараб қичқирди. — Собирга қўлингни теккизгунча, мени бурдалаб ташла!
— Эна… гапларини эшитдингизми? Мени зиғирчаям ҳурмат қилмайди бунингиз!..
— Собир сени ҳурмат қилади, лекин сен буни тушунмайсан! — Бувгул хола тўнғич ўғлини силтаб юборди.

Пайтдан фойдаланган Собир уйга ўзини урди. Эшикни ичкаридан қулфлади.
— Тарафини олганингиз сайин бунингиз ҳаддидан ошиб кетяпти! — деди Маматқул бақириб. — Сиқувга олиб, пича танобини тортиб қўяй десам, нега унинг кўнглига қарайверасиз, эна?

Бувгул холанинг чарчоқ нигоҳлари тўнғичига таънали боқди, аммо лом-мим демади.

Икки кун ўтди.
Икки кун ичида она-бола очилиб гаплашмади ҳисоб.
Учинчи куни эрталаб ясан-тусан қилиб олган ўғлини кўриб ҳайрон бўлган она унга савол назари билан боқди.

Собир буни тушунди.
— Ўтган куни мени даволаган дўхтирнинг олдига боргандим. Оператсия кўп экан, шу куни кечгача кутиб ўтирдим, лекин мен билан гаплашишга вақти бўлмади. Индинга келсанг, гаплашармиз, деганди… Бораверайми?..

Бувгул хола сийрак киприкларини пирпиратганича бир неча сония ўғлига тикилиб турди, сўнг аста:
— Борақол, — деди.

Собир хонадан учиб чиқди.
— Оҳ, болажоним-а… — онанинг кўзларидан ёш тирқиради. — Оҳ, болажоним-а… Оҳ…

«Тиқ» этса эшикка кўз тутиб ўтириш осон эмасди. Бувгул хола истар-истамай ишга уннади. Кексайган чоғида қўлини совуқ сувга урмай, ҳузур-ҳаловатда яшаш ўрнига, тўнғич ўғли билан келинининг рўзғорини бўлак қилиб, ўзи ҳали-ҳамон қўли косов, сочи супурги бўлиб юрганини ўйлаб гоҳида Бувгул хола бўлиб кетади, лекин ўзи, фақат ўзи бу қисматни ўзига раво кўргани боис, аламини ичига ютади.

«Бугун ҳам намозшомда келармикан? — ошхонаю молхоналарни галма-гал кирпишлайверишдан чарчаган она ҳаммасига қўл силтаб, кўча эшик олдига чиқиб йўлга кўз тикди. — Эсим қурсин, қачон қайтасан, деб сўраб қолсам, ўлармидим!»

Ҳув нарида, кўз илғайдиган ерда автобус бекати.
Бир-икки соат ичида бекатга неча-неча автобус келиб-кетмади, кимлар тушмади улардан, бироқ Собирдан дарак йўқ эди.
Бувгул хола бурушган лабларини қимтиб, тамшанди, оғзи қуруқшади, чанқаганини, қорни очганини ҳис қилди, ошхонада овқат тайёр эди, лекин онанинг иштаҳаси тортмади.
Қўлларини иягига тираганча супада ўтириб ўғлини кутди.
Ниҳоят… ана у!

Бувгул хола ўрнидан туриб кетди.
— Келдингми, болам?..
— Ҳа…

Собир ерга қараганича онасининг ёнидан ўтиб ичкарига кириб кетди.
Ўғлининг афтода қиёфаси Бувгул холанинг юрагини ўртаб юборди. Собир уйга кирдию, ўзини каравотга ташлади.
— Овқат ичасанми, болам? — сўради Бувгул хола эшикдан мўралаб.
— Йўқ.
— Туш пайти бўлди-ку.
— Қорним тўқ, — деди Собир ва юзини ёстиққа қаттиқ босди.

Бувгул хола эшик олдида мунғайиб турди бирпас, сўнг секин изига қайтди. Ошхонада ёлғиз ўзи номига, истар-истамай тамадди қилган бўлди, бутун фикри-зикри ўғлида бўлганидан нима еб-ичганини ҳам билмади, алағда кўнгли сира тинчлик бермасди:
«Дўхтир яхши гап айтмаган, — ўйларди она. — Бечора боламнинг энка-тинкаси қуриб кетибди. Дўхтир ҳам тоза нокас одам экан-да. Узил-кесил жавоб айтмасдан, умидвор қилиб юборса бўларди-ку! Одамлар бир оғиз ширин сўзга бунча хасис бўлишмаса?!»
Бувгул хола ошхонада узоқ ўтира олмади. Ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Кўчадан хотин-халажнинг шовқин-сурони, сув бочкалари ортилган аравалару челакларнинг даранг-дурунги эшитилди.
Қишлоқда анчадан буён сув танқис эди. Водопроводлардан илгаригидек сув шариллаб оқмас, ариқлардаги сувнинг ҳам таноби тортилган, кундузги соат иккидан учгача кўча бошидаги водопроводдан сув бериладию яна чўрт узилади. Дастёри борлар икки-уч кунлик сувни ғамлаб олишади. Бувгул холага ўхшаганлар эса бор-йўғи уч-тўрт челак сув олиб қолишга зўрға улгуришарди. Бироқ айни замонда Бувгул холанинг кўнглига сув сиғмади, ўғлининг ёнида бўлишни истайди.

Собир онасининг қадоқ кафтини ҳис қилди, аммо қимир этмади, чунки ёстиқ жиққа ҳўл эди…
Собирнинг кечки овқатдан ҳам бош тортиши Бувгул холанинг сабр косасини тўлдириб юборди. Бир коса овқатнинг устига нон қўйиб, рўмолчага тугиб, Маматқулнинг уйига йўл олди яна.
— Болангга берарсан, — эшик очган Ҳанифа келиннинг қўлига тугунни тутди. — Маматқул ишдан келдими?
— Ишга боргани йўқ, — хўмрайиб жавоб берди келин. — Трактри бузилиб қолганини баҳона қилиб икки кундан бери уйда ётибди!

Бувгул холага келиннинг хўмрайиб туриши ёқмади. «Eри ишга бормасаям аламини мендан олади», — дея пичирлаганча ичкарига йўналди.
— Нега ишга бормадинг? — адёл билан бошигача ўралиб, терлаб-пишиб ухлаётган Маматқулни секин туртиб уйғотди Бувгул хола, сўнг тўшак ёнига чўққайди.
— Тинчликми, эна? — Маматқул ўрнидан туриб ўтирди. Хомуза тортди.
— Нега ишга бормадинг, деяпман? Икки кундан бери уйда ётганмишсан?
— Икки кун, деб ким айтди сизга? Трактрим бузилиб қолиб, тушда уйга қайтиб келдим-ку!
— Ҳаҳ, болам боёқиш, — Бувгул хола ўшшайиб эшик томон қараб қўйди. — Ярим кун имиллаганингга, кўзига балодай кўриниб қопсан-да!
— Ўзингиз кеч бўлганда нима қилиб юрибсиз, эна?
— Эна билан укадан хабар олмай гумқовиб ётганингдан кейин тирик арвоҳдай изиллаб юраман-да!
— Эна…
— Собир тушдан берисига туз тотмай ётибди…

Маматқул энсаси қотиб юзини бурди, бироз жимликдан кейин жаҳл билан деди:
— Эна, Собирнинг нима ишлар қилиб юрганидан хабарингиз йўқ!
— Нима иш қилибди? — билмаганга олиб сўради Бувгул хола.
— Дўхтирга қатнаб юрибди!
— Нима қипти борса…
— Дўхтирлар ёрдам беролмаслиги маълум-ку, жонини сақлаб берди бизга, шунинг ўзи катта гап. Нега буни улингизга тушунтирмайсиз?!

Бувгул хола ерга қараб қолди.
— Қандай айтаман буни, — деди у бироздан кейин аянчли овозда.
— Ўзингиз айтолмасангиз, менга ихтиёр беринг, ахир кимдир аччиқ бўлсаям ҳақиқатни айтиши керак-ку!
— Сен аралашма! Майли, бораман деган ерига бориб-келаверсин.
— Ана шу-да! Ана шу… яна мендан ўпкалашингиз ортиқча.
— Нима қилай, ахир… — Бувгул холанинг мижжасига ёш қалқиди.
— Айтгандай, сизга яна бир хабар бор, Собирингиз сайхонлик бир қизминан гаплашиб юрганмиш!
— Йўғ-э? — Бувгул хола қулоқларига ишонмагандек тўнғичининг юзига ажабланиб боқди.
— Ҳа, анави Анвар деган жўраси Сайхондан уйланди-ку, шуни тўйида танишиб қолганкан.
— Йўғ-э… — онанинг мудом ғам-ташвиш аримайдиган юзига илиқ табассум ёйилди. — Собиржон қизларминан гаплашар эканми?..

Маматқул онасининг юзига ҳайрон боқди.
— Нимага хурсанд бўляпсиз, эна? Ахир…
— Қиз ҳам Собиржонминан гаплашаётганмишми ахир?
— Гаплашаётганмиш! Шу қизга уйланаман, деб юрганмиш Собиржонингиз жўраларига. Лекин бу мумкин эмас-ку, эна! Бунинг олдини олмасак бўлмайди.

Бувгул хола бирдан ҳушёр тортди.
— Нима қилмоқчисан? — дея тўнғичига хавотирли назар ташлади.
— Шунинг маслаҳатини қилиш учун кечқурун олдингизга ўтмоқчийдим ўзи. Нима қиламиз, менам ҳайронман… Бировнинг қизини умидвор қилмасдан, бор гапни очиқ айтиб, ора очди қилиш керакмиди?
— Йўқ! Бу гапни каллангдан чиқариб ташла! — қатъий жавоб берди Бувгул хола.
— Бу иш газак олиб кетмасдан нимадир қилмасак бўлмайди.
— У ёғиминан ишинг бўлмасин!
— Эна…
— Сен аралашма! Собиржоннинг ўзига яраша ақли бор. Нима қилаётганини яхши билади.
— Севги уни адо қилади ахир!

Бувгул хола жавоб бермади. Шошилиб ўрнидан турди. Эшик олдига етганда тўхтаб ортига ўгирилди.
— Ҳеч кимни яхши кўрмасдан адо бўлгандан кўра, бировни яхши кўриб адо бўлгани дуруст эмасми?! — деди она дона-дона қилиб, сўнг йиғламсираганча ўзини эшикка урди.
— Э, менга нима! Жонингизга теккунча папалайверинг-чи. Сув тўғонни уриб кетгандан кейин олдимга йиғлаб келасиз, лекин унда мен тугул, отам тирилиб келган тақдирдаям сизга ёрдам беролмайди!

Маматқул яна ўрнига чўзилди. Аммо кўп ёта олмади. Узалиб токчада турган ароқ шишаси билан пиёлани қўлига олди. Оч қоринга икки пиёла ароқни сипқорди-ю ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолди.
— Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ… — у елкалари силкиниб-силкиниб йиғлай бошлади. — Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ…

Эшикдан мўралаган Ҳанифа келин эрининг аҳволини кўрди-ю кўзининг пахтаси чиқди…

* * *

— Эна, — деди Собир кунларнинг бирида хижолатли кулимсираганича. — Бир гап айтсам хафа бўлмайсизми? — Нима гап? — тикиш қилиб ўтирган Бувгул хола ўғлининг юзига қарамасдан сўради.
— Сайхонда бир қиз яшайди. Исми Марварид… — деди Собир паст овозда, сўнг бирдан жимиб қолди, нигоҳлари гиламга қадалди.

Бувгул хола кўзойнаги устидан ўғлига қаради.
— Хўш?..
— Шу қиз… мени яхши кўриб қопти. Онангизни қачон совчиликка юборасиз, деб сира тинчлик бермаяпти…

Бувгул хола кулиб юборди.
— Ҳа, муғомбир, ўйлаб-ўйлаб, охири шу йўлни топдингми?

Собир ҳам онасига қўшилиб кулди. Анчадан буён бундай беғубор кулгини эшитмаган деворлар зириллаб кетди.
— Кимнинг қизи экан? — сўради она жиддий тортиб тикишини бир четга қўяркан.
— Мажид аканинг…
— Сайхонда Мажид деган одам битта эди-ёв, адашмасам. Уйи мактаб ёнидами?
— Ҳа, худди ўзи…
— Улар яхши одамлар, майли, эртан кечқурун ўтиб келаман.

Собирнинг кўзлари чақнади.
Айтилмаган яна нимадир бор эди. Аммо бу ҳақда на она, на ўғил оғиз очишга журъат қиларди. Ноқулай сукунат иккаласининг ҳам юрагини ўртаб юборди.

Бувгул хола ямоқ-ясоғи эсига тушиб қолгандек кескин бурилиб ишига машғул бўлди.
— Эна, — деди ниҳоят Собир тилга кириб. — Ота-онаси йўқ, дейишса ва яна… ҳар хил… гапларни гапиришса… нима дейсиз?.. Уялиб қолмайсизми?..
— У ёғиминан ишинг бўлмасин, улим, — шипдан кўз узмай жавоб берди Бувгул хола. — Айдақарнинг қизига совчиликка боринг, десанг ҳам, бораман!
— Энажон…

Собир онасининг қоқсуяк елкасига бош қўйди.

Eртаси кечки пайт Собир бир ўртоғининг машинасини эшик олдига кўндаланг қилди.
— Автобусга осилиб юрасизми, — деди ўғил онасига. — Нуриддин мошинасида ғир этиб обориб келади.

«Eлга жория қилмасанг бўларди», — демоқчи бўлди она, аммо индамади.

Собир уйдан чиқиш олдидан онасига яна деди:
— Қизнинг ўзи мен билан яшашга рози, бемалол айтаверинг буни. Фақат ота-онамнинг розилигини олсангиз бўлди деган.
— Яхши қиз экан…
— Бордию ота-онаси рози бўлишмаса яна хафа бўлиб юрманг, — деди Собир овози ўзгариб.

Бувгул холанинг чап кўксига биров нина санчиб олгандек бўлди.
— Майли, болам, майли, — деганча ташқарига йўналди она.

Машинани жилдиришдан аввал Нуриддин: «Ишимиз ўнгидан келсин!» дея омин қилди, Бувгул хола ҳам пичирлаганча дуо ўқиркан… бехосдан Собирнинг ихлос билан юзига фотиҳа тортаётганига кўзи тушиб… юраги эзилиб кетди. Ўғлининг бу хатти-ҳаракатлари бемаънилик эканлигини биларди она, шу билан бир вақтда бу бемаънилик қисматга қарши мардона исённинг ўзига хос кўриниши эканлигини ҳам ҳис қиларди Бувгул хола; Собир шу тахлит ҳаётдаги бўшлиқни тўлдиришга, ҳақиқатдан қочиб қутулишга уринаётганини фаҳмларди…

Сайхон қишлоғи.
Мактаб ёнидаги уй.
Бувгул хола бу файзли уй ичида ўзини қанчалар аччиқ таъна-дашномлар кутаётганини сезди, аммо она ҳар қандай андишаю истиҳолани йиғиштириб қўйиб, ичкарига дадил қадам босди.
— Қандай ҳаддингиз сиғди, ногирон ўғлингизга гулдай қизимни сўраб келишга?! — Бувгул холанинг муддаосини эшитган Мажид ака тутақиб кетди. — Ё Мажиднинг қизи кўчада қолган, деб ўйлаяпсизми?!
— Ундай ўйлаганим йўқ, — деди Бувгул хола вазминлик билан. — Жаҳлингиз чиқмасин, иним. Мениям тушунинг…
— Аҳволингизни тушунганим учун шайтонга ҳай бердим, — деди Мажид ака. — Бўлмаса ҳозир…
— Улимнинг аҳволини яширмайман, буни бутун қишлоқ билади. Мана сиз ҳам аллақачон эшитган экансиз… Лекин ёшлар бир-бирини танлашибди. Ўзаро келишибди ҳам!.. Жоҳиллик қилиб ёшларнинг уволига қолмайлик тағин…
— Асло уволига қолмаймиз. Аксинча, савобга қоламиз уларни бир-биридан узоқлаштирсак!
— Лекин қизнинг ўзи… рози-ку!
— Қизим рози бўлса бўлаверсин, аммо мен икки дунёда ҳам кўнмайман! Кўра-била туриб уни ўтга ташламайман! Бир умр ҳур қиз бўлиб ўтиб кетишини истамайман!
— Балки…
— Йўқ. Гап тамом-вассалом! — Мажид ака юзига фотиҳа тортди. Кетишингиз мумкин, дегандек қаради Бувгул холага.

Бироқ Бувгул хола ўрнидан қўзғалмади. Титроқ бармоқлари кўрпача четини тутамлаганча ердан кўз узмай ўтираверди.
Мажид ака томоқ қирди. Ўрнидан туришга тараддудланди, Бувгул хола шунда ҳам ўрнидан қўзғалмади.

Мажид ака яна томоқ қирди.
— Ҳозир… Ҳозир тураман, — деди Бувгул хола нафаси қайтиб, юраги сиқилаётганини сездирмасликка уриниб. — Лекин аввал сизга бир ўтинчим бор, ҳеч ким пеш қилмасаям бировнинг қизини йўқлаб боришга ҳақсизлигимни яхши биламан, аммо болангиз кўзингизга мўлтираб турса, чидай олмас экансиз, уйингизга бостириб келганимни беписандлик деб тушунмаслигингиз учун айтяпман бу гапни, энди ўтинчим шуки, қиз болани бошингизга болиш қилмайсиз, албатта, қачондир бахти очилса, кимгадир узатасиз, бахтли бўлсин, илойим, бироқ ҳозир олдимга чиққан улимга: «Қизнинг отаси ўйлашиб-кенгашиб кўрайлик», деб айтди, дейишимга рухсат беринг, хўпми?

Мажид ака қийин аҳволда қолди. Ўзини у ёққа ташлади, бу ёққа ташлади, охири рози бўлди.
— Майли, нима десангиз ўзингиз биласиз, лекин бу гапим болангиз ҳар куни остонамга келиб турсин деганим эмас! Шуни яхшилаб тушунтириб қўйинг.
— Барака топинг, илойим.

Бувгул хола ўрнидан турди.

* * *

Собирнинг кийимларини ҳафсала билан дазмол қилиш, туфлиларини ялтираб кетгунча тозалашлари, қўшиқ хиргойи қилиб юришларини кузатиш Бувгул холага бениҳоя ҳузур бағишларди. Ўғлининг юзига ғам соя солишини истамасди. Умрининг охиригача уни бахтиёр ҳолда кўришни хоҳларди она. Кечки пайт Собирнинг кийиниб, ясан-тусан қилиб кўчага отланганини кўрган кезларда эса Бувгул хола хурсандлигидан дунёга сиғмай кетарди. Кучига куч қўшиларди. Ўғлининг ҳалокатидан кейин азобга айланган ҳаётга нисбатан қалбида яшаш иштиёқи кучаярди. «Бу ҳол қанча вақт давом этаркин?» деган саволдан этлари жунжикиб кетган вақтлар ҳам кўп бўларди, шундай кезларда она ўзини мунофиқ санаб, тинчини йўқотарди, аммо ўғлининг бахтиёр чеҳрасига кўзи тушган лаҳзадан бошлаб ҳаммасини буткул унутар, эртага нима бўлса бўлар, мана ҳозир боламдан бахтли одам йўқ дунёда, менга бундан ортиқ яна нима керак, дея ўзига таскин берарди.

Оиланинг тўнғичи Маматқул бўлса вақт-бевақт келиб онасининг кайфиятини бузиб келишдан бошқасига ярамасди.
— Бу болангиз тоза бебош бўлиб кетди-ку, эна, — дея шикоят қиларди у. — Тоза ихтиёрига қўйиб юбормай, жиловини тортиб турсангиз бўлмайдими?!
— Нима қипти? Ўғрилик қилдими, ғарлик қилдими, гапир! — дерди Бувгул хола жеркиб.
— Товба қилдим, Собир тўғрисида сал мундайроқ гапирган одам сизга ёқмайди-я, эна, — дейди Маматқул ҳайрон бўлиб. — Собирни ёмонлаган одам ўз болангиз бўлсаям кечиб юборасиз-ов!

Бувгул хола қовоқ солиб, юзини бурди.
— Ўзингизча Собирни фаришта деб ўйлайсиз-ов, — давом этди Маматқул борган сайин алами ортиб. — Лекин билиб қўйинг, шу фаришта болангиз Мажид аканинг қизиминан канал бўйида ўпишиб, қучоқлашиб юрибди!

Бувгул хола аввал сесканиб тушди, сўнг… қимтинган лабларига табассум югурди.
— Шуйтиб… юрган эканми?.. — Бувгул хола кемтик милкини кўрсатиб илжайганча тўнғичининг юзига термилди.

Маматқулнинг жон-пони чиқиб кетди.
— Эна!
— Ваҳима қилаверма.
— Ўзингизнинг қизингиз йўқ-да, шунинг учун бировнинг қизининг шаънини ўйламаяпсиз!
— Ўпса ўпар, ювса кетар, деганлар. Қолаверса, иккови бир-бирини яхши кўришади. Сен … қисиб юр!

Бувгул холанинг важоҳати қўрққулик эди, Маматқул ишини баҳона қилиб қочиб қолди. Аммо эшик олдига етганда барибир айтадиганини айтди:
— Бу ишингиздан ҳали пушаймон бўласиз, эна!

Ўғлининг сўзлари Бувгул холанинг юрагига ўқдек қадалди. Оёқларидан мадор қочиб ерга ўтириб қолди.

* * *

Қиш адоғида Бувгул хола ўғлининг тарки дунё қилган одамдек хонага қамалиб олганини, эртаю кеч бағрини ерга бериб ётишларини кўриб саодатли кунлар ниҳоясига етганини фаҳмлади. Ичида бир нима ўпирилиб тушди гўё… Собирнинг киртайган, соғинч тўла нигоҳларига боқиш оғир эди. Унинг: «Нега бундай бўлди, эна?» деб сўраб қолишидан чўчирди Бувгул хола, шу боис кун совуқ бўлишига қарамасдан эртаю кеч гоҳ ҳовлида, гоҳ уй ичида ғимирлаб юрарди.

Бир кеч Собир индамай уйдан чиқиб кетди-да, икки соатлардан кейин гандираклаганча қайтиб келди.
У маст эди.

Бувгул холанинг юраги орқага тортиб кетди, ахир Собирга ичкилик ичиш, тамаки чекиш мумкин эмасди!
— Эна… — Собир онасининг фикрини уққандай айбдорларча боқди. — Ичмасликнинг иложи бўлмади…
— Майли, болам, майли… Ҳар замонда ичсанг, зарар қилмас…
— Нега ичдинг деб сўрамайсизми, эна?
— Хабарим бор, болам…
— Индинга уни унаштиришмоқчи экан… Отаси ундан бир оғиз ҳам сўрамасдан совчиларга розилик берворибди.
— Отаси қайсар одам экан-да…
— Агар ҳозир яна бир марта совчиликка боринг, десам борасизми, эна?
— Майли, бораман… Лекин…
— Қизнинг ўзи ҳам шундай деяпти. У мени телбаларча севади!
— Оҳ болажоним-а…
— Яна бир марта боринг, агар отаси яна кўнмаса… кейин майли…

Бувгул хола илон чаққандай сесканиб тушди. «…отаси яна кўнмаса…» дегани Собирнинг аввалги совчилик можаросидан бохабар эканлигини билдирмайдими ишқилиб?..

Бувгул холанинг ичидан қиринди ўтди. Ўғлининг кўзларига тик қарашга юзи чидамади.
— Нуриддин жўрамни чақираверайми бўлмаса? — сўради Собир.
— Чақир.

Собир кўчага чиқиб кетди.
Бувгул хола бир фурсат ўй суриб қолди. Сўнг имиллаб кийинди, дастурхонга тўртта нон, қанд-қурс тугиб тайёрлаб қўйди.

Шу чоғ эшикдан Маматқул кириб келди. У ҳаддан ташқари дарғазаб эди.
— Агар мени ҳам болам десангиз, ҳеч қаерга бормайсиз! — дея дағдаға қилди у кирган заҳоти онасига.
— Ё пирим-эй, нега бунча ўдағайлайсан, тинчликми, болам?
— Эшитдим, қаёққа кетаётганингизни, Собирнинг кўнглига қарашни бас қилинг энди!
— Менга ақл ўргатма, демабмидим сенга.
— Нима, одамларга масхара бўлмоқчимисиз?! Мени қишлоқда бош кўтариб юролмайдиган қилиб қўйдингиз-ку!
— Сенга нима?! Сен ўз аравангни ўзинг тортиб юравер. Касал ука, қари энангминан ишинг бўлмасин. Бошимда туриб олиб гўнгқарғадай ғўнғилламасанг бўлди!
— Оббо… Жуда бўлмаса ўз тенгимизни топайлик, эна!
— Боламнинг тенги ўша қиз!

Кўча эшик олдига машина келиб тўхташи ҳамон Бувгул хола дастурхонини кўтариб йўлга отланди.
Маматқул илдам юриб онасидан олдин эшик олдига чиқди.
— Ҳов бола, бу ёққа кир, сенда гапим бор, — деди у Собирга.

Eнгашганча пилдираб етиб келган Бувгул хола тўнғичининг билагидан тортиб ўзига эгилтирди ва қулоғига шивирлади:
— Агар Собирга «ғинг» десанг оқ қиламан, билиб қўй!

Маматқулнинг юзи бўғриқиб кетди.
— Нима дейсиз, ака? — дея яқин келди Собир шу вақт.
— Э, бор-э!

Маматқул орқа-олдига қарамай жўнаб қолди.

* * *

— Яна қайси юз билан келдингиз, опа? Ўтган сафар келишгандик-ку! Бечора бир бева аёл экан, деб илтимосингизга кўндим, лекин сиз буни билмадингиз. Аёл киши бўлсаям одам-ку, деб сийлагандим, аммо сийлаганни билмадингиз. Билганингизда кўзингизни лўқ қилиб яна уйимга бостириб келмасдингиз. Ўғлингиз бор, деса югуриб келаверасизми? Ақлингиз борми ўзи?! Ҳе, ўша хотинчалиш ўғлингизниям, севгисиниям… — қизининг хархашасидан хуноби ошиб ўтирган Мажид ака остона ҳатлаши билан Бувгул холанинг бошига шундай маломат тошларини ёғдирдики, шўрлик аёлнинг қўлидан дастурхони тушиб кетди, аммо қуда бўлиш ҳеч қачон насиб қилмайдиган қудасига қарши бир оғиз ҳам гап қайтармади, кўйлагининг узун енгини оғзига босиб, ерга қараганча миқ этмай турди. Бу ҳолдан Мажид аканинг баттар жазаваси қўзиди.
— Кўчада қолган бузуқи ҳам улингизга ўзини раво кўрмайди, энди сизга очиғини айтиб қўя қолай. Ота-она папалаб катта қилган қизини қорни тўқ, усти бут юради, деб эрга бермайди-ку, наҳотки шу оддий нарсани ҳам тушунмасангиз?!

Мажид ака нақ йигирма дақиқа чамаси жавради, оғзидан боди кириб, шоди чиқди, айтмаган гапи қолмади ҳисоб, Бувгул хола буларнинг барини қулоқ қоқмай эшитди, Мажид ака ҳолдан тойиб, жимиб қолганидан кейингина секин ортига буриларкан:
— Нима десангиз ҳам ҳақингиз бор. Бундан баттар гапларни эшитишимни билардим. Аммо боламнинг сазасини ўлдиргим келмади… — деди ва оҳиста эшикни ёпди.

Заҳаролуд сўзлар, беписанд, кинояли нигоҳлар суяк-суягидан ўтиб кетган, қон босими кўтарилиб, кўз олди қоронғилашиб, зўрға машинадан тушган Бувгул хола пешвоз чиққан ўғлини кўриб ўзини дадилликка олди.
— Ишқилиб… ҳайдаб солишмадими?.. — айбсиниб онасига юзланди Собир.
— Нега ҳайдаб солишади?! Улар тушунган одамлар… Фақат нариги томон билан қариндошликлари бор экан-да. Қизнинг ўзини кўрмадим, лекин тоза эси кўп қиз экан, қариндошга эрга тегмайман, деб оёқ тираб турганмиш… Шунинг учун шўрлик Мажид қаёққа борарини билмай, боши гаранг. Қиз ўстирган отага ҳам тоза қийин экан-да.
— Демак, бутунлай узиб юборишмабди-да, а? — сўради умидвор оҳангда Собир.
— Ҳа… — бор кучини тўплаб жавоб берди Бувгул хола ва секин ёнбошга қулади.

* * *

Апрелнинг ўрталарида атиргуллар яккам-дуккам очилаётган бир пайтда Марвариднинг тўйи бўлди. У ўша қариндош йигитга турмушга чиқди. Шундан кейин Собирнинг хаёлида кескин ўзгариш юз берди. У ичкиликка, тамакига ружу қўйди. Аллақаёқларга кетиб қоладиган одат чиқарди. Бувгул холанинг кўп вақти ўғлини излаб ўтарди. Ёғингарчилик мавсуми эмасми, неча марталаб Собирни лойга беланиб ётган ҳолда топиб, йиғлаб-сиқтаб уйга олиб келарди.
— Мунча кўп ичадиган бўп қолдинг? Ароқдан фойда қилмайсан, деб айтгандим-ку сенга! — ўғли ўзини ўзи хароб қилаётганига чидаб тура олмай жаврарди она.
Собир эса бунга жавобан:
— Нима бўлса бўлар, парво қилманг, эна, — дерди.

Укасининг кўча-кўйда маст-аласт юрганидан ор қилган Маматқул онасига келиб заҳрини сочди:
— Ниятингизга етдингизми, эна? Энди роҳатини кўриб ётаверинг!
Бувгул хола эътироз билдириб тўнғичини жеркиб ташламади бу сафар, аммо кечга бориб кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди.

Ҳанифахон келинлик бурчини адо этиш мақсадида хипча белига бир тутамгина шоҳи фартукни боғлаб намойишкорона ҳовлига кириб келганида ширакайф Собир йўлига кўндаланг бўлди:
— Энамга ўзим қарайман!

Ҳанифа келин қизариб-бўзарганча чиқиб кетди.
Собир ичкиликни бас қилди. Онасини парваришлай бошлади. Аммо Бувгул хола ҳадеганда ўзига келавермади. Қўрқинчли ўйларни ўзига яқинлаштирмасликка уринса-да, барибир Собирнинг асаблари дош бермади.
— Сиз бўлмасангиз мен қандай яшайман, энажон? — дея йиғлаб юборди у кунларнинг бирида. — Менинг бахтимга тезроқ соғайиб кетинг, энажон. Мендай нотавон сиздан бошқа кимга ҳам керак бўларди? Соғайиб кетсангиз бас, ичкиликни умуман оғзимга олмайман! Сўз бераман.

Бувгул холанинг юмуқ кўзлардан ёш сизди…
Фақат ўн кунлардан кейингина она ўрнидан турди. Бундан ҳаммадан кўп Собир қувонди. У яна ғинғиллаб қўшиқ хиргойи қила бошлади…

* * *

Ёз одатдагидай яхши ўтди. Сентябр охирларида Собир ғалати янгилик топиб келди.
— Марварид эри билан яшолмабди, ажрашиб, уйига қайтиб келибди, эна.
— Йўғ-э, чакки бўпти-да.
— Яхши бўпти денг, — кулди Собир.
— Ҳа, шумтака.
— Беҳазил гапиряпман, эна.
— Тушунмадим…
— Яна совчиликка бормайсизми, эна?..
— Қандай бўларкин…
— Бир гап айтсам хафа бўлмайсизми?
— Айт.
— Кўкламда касал бўлганингизда қаттиқ қўрққандим… Сизга бир гап бўлса… ёлғиз қолишдан қўрқдим…

Бувгул хола титраб кетди. Нигоҳларини ерга тикди.
— Эҳтимол отаси энди рози бўлар, — деди Собир журъатсиз оҳангда.
— Балки…
— Аммо-лекин Марваридни бошқа эрга берганлари билан у барибир яна қайтиб келади!
— Сендай боладан кўнгил узолмаса керак-да, айланай ўзим сендан, — меҳри товланиб ўғлининг бошини кўксига босди Бувгул хола.
— Нима қиламиз энди, эна?
— Сен нима десанг, шу!

Собир хурсанд бўлиб кетди. Онасини даст кўтариб гир айлантира бошлади.
— Ўзимнинг энажоним… Ягона меҳрибоним…
— Мени тушир ерга, сенга оғир нарса кўтариш мумкин эмас! — ялинди она.

Аммо Собир онасининг илтижосига қулоқ солмади. Ҳолдан тойгунча Бувгул холани гир-гир айлантириб, сўнг авайлаб ерга қўяркан ҳансираганча пичирлади:
— Чумчуқдай бўлиб қолибсиз-ку, энажон… Чумчуқдай… Тағин оғирман, дейсиз-а?..

Бувгул хола гандираклаганча деворга суяниб қолди. Унинг боши айланар, кўнгли озар, аммо ниҳоятда бахтиёр эди…

Уч кун ўтиб Бувгул хола яна Сайхон қишлоғига йўл олди. Мажид ака бу сафар ади-бади айтишиб ўтирмади, остонадан ҳайдаб солди, бу камлик қилгандай, тентак онангни йиғиб ол, акс ҳолда ўзим учун жавоб бера олмайман, деган мазмундаги гапларини оқизмай-томизмай етказиш учун Маматқулга одам юборди.

Анчадан буён шунга яқин дилхираликни кутиб юрган Маматқулга Худо берди-қолди.
— Одамларга кулги бўлганингиз етмагандай, мана телба деган номни ҳам олдингиз! Энди кўнглингиз ўрнига тушдими ё ҳалиям ками борми хурмача қилиқларингизни?! — дея айюҳаннос солди у онасининг олдига келиб.

«Телба» деган сўзни эшитиб Бувгул холанинг хиёл юзи ўзгарди, аммо индамай пиёз ўтоғини давом эттираверди.
— Одамни тоза хит қилиб юбордингиз-ку, эна! Бўлмайдиган иш учун нима қиласиз элга масхара бўлиб!
— Элнинг кулгисини эшитганим йўқ, — деди Бувгул хола ишдан бош кўтармай.
— Сизнинг қулоғингиз Собирнинг овозидан бошқа овозни эшитмайди.

Бувгул хола индамади.
Маматқул бир неча сония ўйланиб турди-да, сўнг муросали оҳангда деди:
— Раз Собирни уйлантириш шарт бўлса, ўз тенгимизни топайлик, деб аввал ҳам айтгандим. Сизлар бўлса осмондаги ойни орзу қиляпсизлар нуқул! Мен ўша қизни кўрдим… Хуллас, ҳурлиқо десам ҳам камлик қилади. Шундай қиз эрсиз қолган тақдирдаям Собирга…

Кутилмаганда Бувгул хола ўрнидан турди. Этагидаги ўтлар пиёз пуштасига сочилди.
— Нега ҳадеб Собирни ерга ураверасан?! — бақирди Бувгул хола. — Кўзи кўрми, оғзи қийшиқми?! Худо раво кўрган «айби»ни сен пеш қилмасанг ҳам ҳамма билади. Ўша қиз ҳам! Лекин сен айтган ҳурлиқоларнинг сонмингтасига боламнинг ҳаром тукиниям раво кўрмайман! Билдингми? Энди бор, кет!
— Дарров жаҳлингиз чиқмасин, эна. Менам болангизман, сизларга ёмонликни раво кўрмайман. Фақат элга масхара бўлмайлик, дейман. Лекин сиз бошлаган гапимни охирига етказишга ҳам қўймайсиз, жовуллаб тармашиб кетасиз дарров!
— Гапир, нима демоқчисан ўзи? — деди Бувгул хола юраги сиқилиб.
— Тугалбой аканинг бир қизи боракан. Ёши Собир қатори чиқар-ов. Гавдаси сал бесўнақай демасангиз ҳамма ишни эпларкан…
— Шўрим қурсин… — Бувгул хола кўйлаги енгини кўзларига босди.
— Эна!.. Ҳолини билган ҳалак бўлмайди, дейишади. Ҳамма иш қўлидан келса, Собирнинг ош-овқатини бериб, кир-чирини ювиб юрса бўлди-да!

Бувгул хола бирдан йиғини бас қилди.
— Гулдай укангга телба қизни раво кўрдингми?!
— Бошқаси кўнмайди!
— Кўнмаса кўнмасин! — жазавага тушиб бақирди Бувгул хола. — Аммо Собир телба қизга уйланмайди! Тур, йўқол! Кўзимга кўринма!

Маматқул ҳам ўзини боса олмади.
— Ҳайдамасангиз ҳам кетаман! Аммо билиб қўйинг, энди бу уйга қадамимни босмайман!

Маматқул уришқоқ даканг хўроздай бўйнини чўзганча кўча томонга йўртди.
Беш дақиқалардан кейин уйдан чиққан Собир онасининг ёнига келди ва ҳазин оҳангда деди:
— Энди ҳеч қаерга борманг, эна!..

Бувгул холанинг кўз ёшлари пиёз пуштасига тўкилди…
Бу гаплар сентябрнинг охирларида бўлиб ўтди. Октябрнинг ўрталарида эса Марваридни яна узатишди. Узоқ тоғли қишлоққа келин бўлиб тушди у…

Шундан кейин Бувгул холанинг кўрган куни қурсин… Собир яна ичкиликка муккасидан кетди. Бунинг устига изғиринли, ёмғирли кунлар бошланганди. Буларнинг бари Собирнинг соғлиғига ёмон таъсир қиларди. Омон қолган яримжон буйрак ҳам, жигар ҳам, умуман ҳамма аъзолар тобора ишдан чиқарди. Собир иситмалаб ётиб қоларди. Аммо соғайган заҳоти яна ичиш-чекишни бошларди. Фақат сархуш вақтларида унинг кайфияти кўтарилиб, қувноқ бўлиб қоларди; аввалига яхши гаплардан гапириб, ҳангомани қиздирарди, сўнг латифа айтиб онасини роса кулдирарди, охирида эса ё ўтирган ерида ухлаб қоларди, ё ҳўнг-ҳўнг йиғларди.

Қиш кечалари инқиллаб чиқмаган тун камдан кам бўларди.
— Соғлигингга тўғри келмаслигини била туриб нега ҳадеб ароқ ичасан? — илтижо қиларди Бувгул хола. — Шу заҳар-заққумни ичмасанг бўлмайдими?!
— Уйланиш насиб этмади, ҳеч бўлмаса ичкилик билан кўнгилни хушлаб турайлик, эна! — дерди Собир бешиктебратардек тебраниб.
— Уйланиш насиб қилмади, дейсан нуқул. Уйланишда бир ҳикмат бор, деб ўйлайсан чоғи. Эр-хотинчиликнинг турган-битгани ғурбат. Ҳай-ҳай, ҳозирги давринг! Мана аканг уйланиб, нима каромат кўрди? Нима каромат кўрди, а? Уйлангандан бери боши ғурбатдан чиқмайди бечоранинг. Ярим кун ишга бормаса, хотини бошида ёнғоқ чақади. Аканг шўрликни бизнинг олдимизга ҳам юбормай қўйди хотини. Бу жувонмарг жодугарлар никоҳингга ўтиб олгунча мўмин-қобил бўлиб туради, кейин ҳунарини кўрсатади. Э-ҳа, сен хотинларни билмайсан! — Бувгул хола қандай бўлмасин ўғлини уйланиш фикридан «совутиш» ниятида жон-жаҳди билан аёлларни, қизларни ёмонлай кетди.

Рангпар юзида азобли табассум қотган Собир онасининг сўзларини жим туриб эшитди, сўнг:
— Эҳ, энажоним-а, — деб қўйди-ю, костюмини елкасига ташлаганича кўчага чиқиб кетди.

Шу кетганча у икки кун қорасини кўрсатмади.
Бувгул хола адойи-тамом бўлди. Маматқул иккаласи бормаган, қидирмаган ер қолмади ҳисоб, аммо Собирнинг дараги чиқмади.
— Бу оқшом ҳам кутайлик, келмаса эртан эрталаб милисага хабар бераман, — деди Маматқул иддао билан қоронғи тушганда уйга кириб келишаркан.

Бувгул хола жавоб бермади. Оёқлари шишган, зўрға ҳарсиллаб нафас олаётган онанинг гапиришга ҳоли қолмаганди. Маматқул яна нималардир деди, аммо Бувгул хола уни эшитмади, ўзининг «кампир уйи»га кирди-ю, тўшагига базўр етиб бориб ҳушдан кетди…
Алламаҳалда ғўнғир-ғўнғир овозлар қулоғига чалинган Бувгул хола кўзини очди.
Ёнгинасида Собир юзига хавотир билан тикилиб ўтирарди.
— Яхши бўлиб қолдингизми, эна? — сўради Собир хиёл энгашиб. Овози бўғилиб, ҳирқираб чиқди.

Бувгул холанинг қорачиқлари кенгайди.
— Ўзинг соғмисан… Болам…
— Соппа-соғман, хавотир олманг.

Маматқул ўртага гап қўшди.
— Икки соатдан бери буни тергов қиляпман, лекин миқ этмади, тилини ичига ютиб юборганми, нима бало?

Бувгул хола тўнғичига маъноли қаради. Лекин Маматқул буни тушунмади.
— Бунингиз бизни тириклай гўрга тиқишга қасд қилганми? Одам шунчалик беўй бўладими?! Бўлди, етар, шунча вақт ихтиёрига қўйганингиз. Энди бу боланинг жиловини менга берасиз, эна. Қаерга борганини айтса айтди, айтмаса участковойга обориб топшираман. Участковойнинг ертўласида икки кун ўтирсин, кейин шундай сайрайдики, булбул ҳам доғда қолади!

Бувгул хола жаҳл билан ўрнидан туриб, тўнғичига шундай важоҳат билан ўқрайиб қарадики, Маматқул беихтиёр ўрнидан туриб эшик томон йўналди.
— Ўзи омон экан, шунисига шукр қилмайсанми, ношукр! — дея унинг ортидан ёзғирди Бувгул хола.

Собир онасини тинчлантирди.
Кейин она-бола анча вақт у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтиришди.
— Қаёққа кетиб қолдинг, деб нега сўрамайсиз, эна? — деди Собир бир маҳал.
— Ўзинг айтиб қоларсан, деб кутиб ўтирибман…

Бувгул хола кемтик тишларини кўрсатиб илжайди.
Собир онасининг айнан мана шу ҳолатини хотирасига муҳрлаб олмоқчи бўлгандек бир зум киприк қоқмасдан тикилиб турди.
— Марваридни кўриб келдим, — деди у кейин шикаста овозда.
— Вой ўлмасам, шундай совуқда тоққа бориб келдингми?!
— Тоғ бўлсаям унча-мунчамас… Ойқор деган жой экан. Марварид яшайдиган уй тоғнинг киндигида. Пастда булутлар сузиб юрибди…
— Ўзи омон эканми?.. — эҳтиётлик билан сўради Бувгул хола.
— Омон, омон… — пешонасини силади Собир. — Шундай баланд тоғда қандай яшар экан, деб келгунча ўйлаб келдим…
— Ўзиминан кўришдингми?!
— Ҳа, кўришдим, гаплашдим.
— Ё алҳазар!
— Бир кунмас бир кун қайтиб бораман, деди. Лекин ҳозир иложи йўқ, деди. Бетавфиқ эри кўчага ҳам чиқармас экан. Дарвозани қулфлаб калитини ўзи билан олиб юраркан. Биз у билан дарвоза ортида туриб гаплашдик… — Собир бир зум тин олиб, сўнг қўшиб қўйди: — Менимча, у янги йилга яқин келиб қолади…
— Ўзи шундай дедими?
— Ўзи.
— Ё Худойим-эй…
— Нима, келишига ишонмаяпсизми? Энди ичмайман, ҳатто сигарет ҳам чекмайман. Янги йил келишига яқин қолди. Зўр қилиб кутиб оламиз, эна, хўпми?
— Хўп.

Она-бола яна бироз гаплашиб ўтиришди, сўнг уйқуга ётишди. Собир бошини ёстиққа қўйди-ю, хуррак ота бошлади. Бувгул холани эса хаёл очиб қочди. Бир маҳал Собирнинг алаҳлагани қулоғига чалинди-ю, Бувгул хола ирғиб ўрнидан турди.
Собир иситмадан алангаи оташ бўлиб ёнарди.

Бувгул хола неча йиллардан буён номлари ёд бўлиб қолган дориларни ўғлига ичирди, қўшни келинни чақириб иситмани туширадиган укол қилдирди, аммо ҳеч бири наф бермади. Тонгга яқин Собирни касалхонага олиб жўнашди.

* * *

Янги йил арафасида Собир касалхонадан чиқди, фақат ичмаслик, чекмаслик ва икки ойдан кейин келиб даволанишни яна давом эттириш шарти билан… Уйга келган кундан Собир янги йилни кутиб олиш ҳаракатига тушди.
— Бу йилги янги йилни бутунлай бошқача кутиб оламиз, эна, — дерди у ҳаяжон билан ҳар икки гапнинг бирида.

Собирнинг янги йил оқшоми севгилиси ўз оёғи билан кириб келадигандек орзиқиб яшаётганини фаҳмлаган она унинг баъзи ҳаракатлари эриш туюлса-да, одатдагидек миқ этмасди. Ўғли нима деса шуни маъқулларди.
Ниҳоят орзиқиб кутилган янги йил келди. Бироқ…
Тунги соат учларда ҳам Собирнинг тўкин дастурхон, ясатилган арча ёнида бедор ўтирганини кўрган Бувгул холанинг юраги сел бўлди… Суяклари зирқиради…

Эрталаб эса Собир уч-тўрт ўртоғини чақириб, роса маишат қилди.

Янги йилнинг биринчи кунидан бошланган ичкилик охири Собирни яна тўшакка йиқитди. Февралнинг ўрталарида у яна касалхонага тушди. Бу гал аҳволи анча оғир эди. Бир бурда бўлиб қолган вужуди кечаю кундуз иситмадан қовриларди. Қақшатқич оғриқ, беҳоллик, иштаҳасизлик…

«Бу кунларни кўргунча ўлиб кетсам бўларди, — ўйларди Бувгул хола сиқилиб. Лекин зум ўтмасдан тавба қилиб, айтган гапларини қайтиб оларди. — Сен ўлиб кетсанг болангга ким қарайди, аҳмоқ! Боланг хор бўлмасин, десанг, ўзингга умр сўра Худодан!»
— Эна, — дерди Собир иситмаси тушиб, сал ўзига келган куни. — Шу сафар ҳам соғайиб кетармикинман?..
— Соғайиб кетасан, албатта, соғайиб кетасан! Ҳозир сени совуқ ҳаво ҳам абгор қиляпти-да. Бир амаллаб ёзга чиқиб олсак, кўрмагандай бўлиб кетасан!
— Гап ичкиликда бўлса, энди бир грамм ҳам ичмайман, эна.
— Тўғри қиласан, болам.
Икки ойдан кейин Собирга уйга қайтишга рухсат тегди. Унинг аҳволи анча дуруст эди.

Бироқ таниш дўхтирнинг гаплари Бувгул холани ўйлантириб қўйди.
— Бу ўғлингизга қилинган сўнгги муолажа, — деди дўхтир кетиши олдидан Бувгул холани кабинетига чақириб. — Уч-тўрт ойдан кейин уни яна шу аҳволда олиб келсангиз, очиғи, ҳеч қандай ёрдам бера олмаймиз!

Бувгул хола дўхтирнинг хонасидан йиғлаб чиқди. Аммо ўғлининг ёнига келганида мижжалари қуп-қуруқ эди…

Шу йили ёзни Собир ҳар доимгидай бўлмаса ҳам, ҳар қалай яхши ўтказди. У энди ичмасди, чекмасди, бир ерларга дайдиб кетмасди, ўзини ниҳоятда эҳтиёт қиладиган бўлиб қолганди. Лекин барибир соғлиғи унчалик яхши эмасди.
Атай қилгандек шу йили куз эрта тушди. Ёғингарчилик мўл бўлди. Салқин ҳаво Собирнинг соғлиғига тўғри келмасди. У уйга қамалиб қолди…
Бувгул хола тўнғичини сиқувга олиб яхши ҳамки кўмирни мўл қилиб ғамлаб қўйган экан. Октябр яримламай туриб Собирнинг хонасида печка ёқилди. Соғлом одамнинг баданига хуш ёқувчи, кучига куч берувчи салқин, нам ҳаво не ажабки Собирга тўғри келмасди. Худди ёздагидай иссиқ уйда у бирмунча тетик яшарди. Шунинг учун Бувгул хола Маматқулга: «Кўмир ғамлайвер, кўмир», дея кўп тайинларди. Маматқул гап қайтармасди бундай кезларда, аммо малол келгандай пишқириб қўярди. Бувгул хола кенжасининг дастидан тўнғичининг кўзига бало-қазодай кўриниб қолганини сезарди, аҳён-аҳёнда: «Маматқулнинг мендан кўнгли қолган, энам одам ажратади, деб ўйлайди у, Худо кўрсатмасин, унинг қўлида қолсам, хароб бўламан», дея ўйлаб қоларди. Бироқ бу ўй-хаёллари узоққа чўзилмасди, ўзининг келажаги ҳақида бош қотиришни истамасди.

Янги йил яқинлашгани сайин Собир яна безовта бўла бошлади. Ўқиётган китобларини йиғиштириб қўйиб деразадан ташқарига тикилади нуқул…

Ташқарида эса… гупиллатиб қор ёғар, том бўғотларида билакдай-билакдай сумалаклар осилиб турар, кун совуқлигидан ҳатто қушлар ҳам парвоз қилмай қўйганди.
Ўғли бу йилги янги йилдан ҳам мўъжиза кутаётганини ҳис қилган она ўзича байрамга тайёргарлик кўра бошлади.
Чердакдан ўтган йилги сунъий арчани олиб тушиб, ўйинчоқларини бир-бир илаётганида Собир ёнига келиб қўлидан тутиб, онани ўзига қаратди.
— Ҳамма иш ўзингизга қолиб кетди, эна… Мени деб тоза овора бўляпсиз-да…
— Ғам ема, менга жин урмайди. Эсон-омон ёзга чиқиб олайлик, кейин ҳамма ишни сенга топшираман. Аммо ҳозир манови ўйинчоқни қаерга илишни билмаяпман.
— Беринг менга, сиз дам олинг бирпас.

Бувгул хола ўйинчоқлар солинган халтани ўғлига бериб, ортга тислана-тислана каравотга келиб ўтирди. Чарчаганини ҳис қилди. Бўғинлари бўшашиб, тўшак кўзига яхши кўринди. Аммо… арча атрофида айланиб, ҳафсала билан ўйинчоқларни илаётган ўғлининг кўзларида яшашга, севишга бўлган иштиёқни туйиб беихтиёр ўпкаси тўлди…

Янги йил оқшоми.
Мўъжиза рўй бермади.
Аммо Бувгул хола бир кун аввал атай бориб таклиф қилган меҳмонлар келишди. Ўртоқларини кўриб Собир хурсанд бўлиб кетди. Алламаҳалгача чақчақлашиб ўтиришди. Бу ҳар қалай дераза олдида ташқарига кўз тикиб ўтиришдан яхши-ку!
Ниҳоят меҳмонлар кетишди.
Она-бола мунғайганча яна ёлғиз қолишди.
Уй исиб кетди, деган баҳона билан Собир яна дераза олдига қўнди.
Кўчада ҳамон байрам тантаналари давом этар, ола-тасир шовқин, қийқириқлар қулоққа чалинарди. Она-болани бағрига олган хонага эса шу қадар чуқур сукунат чўккан эдики, бундан уй деворлари ҳам сиқилиб кетаётгандек мунғайиб турарди. Бир маҳал Собирнинг елкалари силкина бошлади.

Бувгул хола кўнгли вайрон бўлиб ўғлига тикилди.
Шу пайт Собир ортига ўгирилди: унинг қонсиз юзидан йирик-йирик томчилар думаларди.
Бувгул хола тушунди: Собир ҳаммасини билади, ўзининг узоқ яшай олмаслигини ҳам, Марвариднинг келмаслигини ҳам билади, билади-ю, онасидан яширади, худди онаси ундан яширгандай, аммо шу топда у ўзини идора қилолмади, дунёнинг буткул дард-алами кўзларига жам бўлди.

Бувгул хола ўғлининг бошини кўксига босди. Қайноқ кўз ёшлар энди унинг кўксини куйдириб, юрагига томчилар ва ундан қон бўлиб томирларга сизиб оқарди…

Собир чуқур хўрсинди ва кескин бурилиб яна деразага тикилди.
Ташқарида эса ҳамон шовқин-суронли, тантанали ҳаёт давом этар, нафас олар, томирлари гупиллаб уриб турарди.
Одамлар гуррос-гуррос бўлиб кўчани тўлдириб ўтишар, бир-бирига гап отишар, қаҳ-қаҳ уришарди.

Улар совуқдан қўрқишмасди. Агар исташса, ҳов уфқда қорайиб турган анови бешафқат тоғ ўркачидан ҳам нариги томонга ўтиб кетишга қодир улар, аммо бундай ҳаёт Собирга бегона…
— Бу йил қор йили экан-ов. Биздаки шунча қалин ёғди, тоғ… томонларни айтмаса ҳам бўлади, — деди Бувгул хола бир маҳал, гўё индамай ўтираверса ўғли нигоҳлари билан ойнани тешиб, ташқарига отилиб чиқиб кетадигандек хавотирга тушиб.

Собир жавоб бермади.
— Тоғ йўли бекилиб қолгандир… — деди Бувгул хола яна.
— Эна, энди дам олинг, — деди Собир ва аста бурилди. Унинг даҳани титрарди.

Бувгул хола эътироз билдирмади.

* * *

Эрталаб соат саккизлар атрофида айвондан келаётган шовқин-сурон қулоғига чалинган Бувгул хола ирғиб ўрнидан турди. «Тоза ухлабман-ку, менга не бўлди?» — дея ғудранганича қасабасини бошига қўндириб, чопонини йўл-йўлакай елкасига илганча, ташқарига йўналди.

Эшик олдига чиқди-ю, Собирни судраб келаётган Маматқулга кўзи тушиб, ҳушдан кетиб қолаёзди.
— Собирни қўйиб юбор, жувонмарг! — деганча югуриб бориб Маматқулнинг қўлларига ёпишди Бувгул хола. — Қўлингни торт! Билагини қаттиқ қисиб юбординг, жувонмарг…
— Йўлдан қочинг, эна! — Маматқул жаҳл билан онасини силтаб юборди.

Бувгул хола гандираклаб кетди, ўзини ўнглагунча Маматқул укасини қайсар ҳўкизни судрагандай даҳлизга судраб кирди.
— Эна! Нега энамни…

Эшик зарб билан ёпилди.
Бувгул хола ўзини ўнглаб ичкарига кирганида Маматқул аллақачон Собирни каравот панжарасига қўшиб боғлаб қўйганди.
— Унга яқинлашманг, эна! — Маматқул онасининг йўлига кўндаланг бўлди. — Аввал гапни эшитинг! Унга қараманг, жин урмайди унингизга. Жун рўмолингиз билан боғладим қўлини…
— Ўзингни ажина чалмадими, болам?..
— Бунингиз саҳарлаб қаерда юрибди, биласизми? Билмасангиз билиб қўйинг, бунингиз азонда Маҳкамбой левакнинг уйига бориб, ухлаб ётган ерида ёқасига ёпишиб, роса тепкилабди! Сенинг дастингдан шу кўйга тушдим, деб томоғи йиртилгунча тоза бақирибди. Ҳалиям Маҳкамбой левак инсоф қипти. Бунингиз қанча тепкиласаям индамай ўтираверибди. Ўғли бориб мени чақириб келганидаям бу тентагингиз Маҳкамбой левакни коптокдай тепкилаб ётганди. Зўрға ажратиб олдим ўзиям. Уйга келгунча менгаям тоза ҳунарини кўрсатди, тинмай сўкинди-я, товба. Тоза оғзи шалоқ бўп кетибди бунингизни. Ўтинаман, эна, шу сафар улингизни оқламанг. Маҳкамбой аканинг олдига бориб нотўғри иш қилди. Тўғри, ўша одам машинасиминан уриб кетмаганида Собир бу аҳволга тушмасди. Лекин у одам қилмишига яраша жазосини олди, қамоқда ўтириб чиқди!
— Жазосини олгани йўқ! — кўзлари қонга тўлган ваҳшийдек қичқирди Собир. Унинг лаблари кўкариб, икки чаккасидаги томири ўқловдай туртиб чиққанди.
— Қамоқда ўтириб чиқди-ку!
— Унга ўн йил беришганди. Лекин у икки йилда қайтиб келди. Шу билан оқланган ҳисобланадими?! Одамнинг қадри шуми? Тўғри, тирик қолдим, лекин бундан кўра ўлганим яхши эди… — Собир қўлларини бўшатмоқчи бўлиб жазава билан юлқинди, аммо уринишлари зое кетгач, бирдан йиғлаб юборди.

Букри ҳайкалдек тек қотган Бувгул хола пилдираб бориб ўғлининг олдига чўққайди.
— Садқаи кўз ёшинг кетсин… Вой-бўй, уст-бошинг жиққа ҳўл бўлиб кетибди-ку! Тез устингни алмаштириш керак, — Бувгул хола шоша-пиша Собирнинг қўлини ечишга тутинди.
— Қочинг, мен… — Маматқул яқин келди.
— Йўқол!!! — Бувгул хола бутун ғазабию нафратини шу сўзга жамлади.

Маматқул серрайиб турди-турди, сўнг бошини қашлаганча чиқиб кетди.
Кечга бориб Собирнинг иситмаси кўтарилди. Қўшни келин иситмани туширадиган укол қилганди, Собир беш дақиқа ўтар-ўтмас қалтироқ тутиб, ҳушдан кетиб қолди.

Яна касалхона.

Ҳаво совуқ. Хона ундан баттар совуқ.
Тизза бўйи қор устига яна паға-паға лайлак қор ёғарди.
Бувгул хола табиатни ёмон кўриб қолди. «Боламнинг бахтига кунлар илиқ-иссиқ бўлиб турса не қиларди? — ўйларди она юраги сиқилиб. — Боламнинг жонига қасд қилганми нима бало?!»
Собирнинг иситмаси тушган, аммо аҳволи анча оғир эди.

Шундай бўлса-да, бир ҳафтадан кейин унга уйга қайтишига рухсат тегди.
— Болам, яна беш-олти кун ётса бўларди, — деди Бувгул хола дўхтирнинг ҳузурига бориб. — Иситмаси тушди, лекин…
— Ўтган сафар айтганларим эсингиздами? — холанинг гапини кесди таниш дўхтир. — Неча йиллардан буён имкон қадар ўғлингизни даволаб келдим, даволаяпмиз яна. Бу сафар юраги мини инфаркт бўлган экан, керакли муолажани олди. Бу ерда ётавергандан фойда йўқ. Совуқни кўрмаяпсизми? Қувурлар ёрилиб кетганидан бери касалхонанинг музлатгичдан фарқи қолмади…
— Ток печка опкеламан…
— Тушунмаяпсиз, опа!
— Бу ерда ҳарна бехавотир бўлармиди, дейман…
— Ортиқча палата йўқ.

Хонага басавлат дўхтир кирди.
— Бора қолинг, — мулойимгина жавоб берди таниш дўхтир.

Бувгул хола йўлакка чиқиб, эшикни ёпди. Ўйга толиб, эшикка суянди. Шу вақт ичкаридан таниш дўхтирнинг овози эшитилди:
— Ўғлининг уч ойлик умри қолган. Энди унга укол-дори ҳайф! Лекин буни менаров аёлга тушунтиролмай ҳалакман. Одамларимиз қанчалар оми!

Бувгул холанинг қўл-оёқлари музлаб қолди…
Кўзини очганида ўзини ўғли ётган палатада кўрди. Устига адёл ёпилган, билагига осма уколнинг нинаси санчилган…

Ёстиқдан бошини кўтариб, онасининг юзидан кўз узмай турган Собирнинг қуруқшаган лабларидан учган сўзлар узоқ-узоқлардан эшитилгандай туюлди:
— Яхши бўлиб қолдингизми, эна?..

Бувгул хола хиёл бошини кўтариб ўғлига қаради.
— Мен яхшиман, болам, ўзинг-чи?..
— Эртага уйга кетарканмиз! — деди Собир, овози шу қадар беғубор эдики, хаста одамнинг овозига ўхшамасди сира.

Бувгул хола бўш қўли билан ёқасини ушлади…
Деворларнинг сувоғи кўчган, ўйдим-чуқур, дераза ойналари хира, анча қаровсиз, аммо қадрдон уй…
«Боламнинг кун-соати битиб бораётганини сезмайманми? — уйга келганидан кейин ҳам таниш дўхтирнинг гапларини ўйлаб хуноби ошди Бувгул холанинг. — Касалхонада бўлса… унча қийналмайдими, девдим… Ким билсин, болам яшашни бунчалик истамаганида балки кўпроқ яшармиди! «…дори-дармон ҳайф», эмиш. Қисиб қолган дориларини бошқаларга пуллайди-да энди. Палатани ҳам балки кимгадир тўғрилаб қўйгандир?.. Собир ҳақ: одамнинг қадри шуми?!.»

Бувгул хола эртаю кеч ўғлининг ёнидан жилмас, ухлаган вақтларида юзига термулиб ўтирар, уйғонганда бир йил кўришмаган одамдек соатлаб гаплашарди. Хаёлига нима келса, шуни гапирарди, муҳими, Собир маҳзун ўйлар гирдобига тушиб қолмаса бас. Ўғлининг рангпар чеҳрасидан лоақал йилт этган табассум сирғалиб ўтиши учун шўрлик она нималарни тўқиб-бичмасди?

Вақти-вақти билан Бувгул хола ўғлининг ўртоқларини меҳмонга чақиришни ҳам унутмасди.
Февралнинг ўрталарида Собир бутунлай тўшакка михланиб қолди. Ҳатто ҳожатни ҳам онасининг ёрдамисиз эплай олмасди.
— Эна, мени деб кўчага ҳам чиқолмай қолдингиз. Бола пайтим қараганингиз етмагандай, ҳалиям тувагимни тўкиб юрибсиз, — дерди Собир хижолатдан қизариб.
— Кўчага чиқолмай қолдингиз, дейсан нуқул, шундай совуқда нима бор менга? Ғувжинглаб эшикма-эшик юргандан кўра иссиққина уйда ўтирганим яхшимасми? Уйингизга кирсам, чиққим келмайди сира, дейди уколчи келин. Уларнинг уйи яхлаб ётибди. Кўмирлари йўқ экан!
— Ёзга чиқиб олсам, қўлингизга ҳатто супурги ҳам ушлатмайман!
— Ёзга ҳам нима қолди? Феврал ўтди ҳисоб. Мартнинг сал-пал аёзи бўп туради-ку, лекин апрелдан қўрқмаса ҳам бўлади. Кейин у ёғи ёз, Худо хоҳласа!

Шу тахлит самимий бошланган суҳбат бир соатлардан кейин бутунлай бошқача тус олади.
— Эна, анов киши ким? — ётган ерида кўзи билан эшик томонга ишора қилади Собир. — Қачондан бери менга тикилиб турибди…
— У ерда ҳеч ким йўқ, болам, — дейди Бувгул хола юраги орқага тортиб.
— Яхшилаб қаранг, ана, қараб турибди-ку менга!
— Чарчадинг, болам, бироз мизғиб оласанми?
— Аввал анови бу ердан кетсин!.. Ие, мен уни нотаниш бир одам десам, отам экан-ку! Қаранг, эна, отам келди. Уйга киринг, демайсизми? Дастурхон ёзмайсизми? Нега жим қараб турибсиз, эна? Ахир отам келди!
— Майли, отангга ўзим қарайман. Сен мизғиб ол, бир пас, кейин…
— Нега айтганимни қилмайсиз, эна? Отангга ўзинг қара, деганингизми бу?! Қарамасангиз қараманг, ўзим… — Собир туришга интилди.
— Жон болам… — Бувгул хола ўғлининг елкасидан тутиб ўрнига ётқизди, аммо Собир яна туришга ҳаракат қилиб юлқина бошлади. — Жон болам, жойингга ёт… Отангга ўзим қарайман, дедим-ку… Сен пича мизғиб олгин, илтимос…
— Эна, энажон… — муштдай кампирга қаршилик қилгулик ҳоли қолмаган Собир ўзини ёстиққа ташлаб, йиғлай бошлади энди. — Нега вақтида айтганимни қилмадингиз, эна? Отам аразлаб кетиб қолди! Энди тўйни отамсиз ўтказамизми? Отамсиз ўтказамизми тўйни?..
— Хафа бўлма, отанг яна келади, — Бувгул хола ўғлининг қонсиз юзини силаркан… юм-юм йиғларди.
— Келаман, дедими отам?
— Келаман, деди. Ўзинг ҳам эшитгандирсан?
— Эшитмадим… Лекин отамга ишонаман, келаман, деган бўлса, албатта, келади.

Собир аста-секин тинчланиб, ухлаб қолди.
Бошқа бир кун, ярим кечаси Бувгул хола Собирнинг ваҳимали қичқириғидан юраги ёрилгудай бўлиб уйғонди.
— Эна, анови жулдур кийимли хотинни ҳайданг! Устимга бостириб келяпти, ҳайданг, ҳайданг, деяпман! — дея ётган ерида тўлғониб қичқирарди Собир.

Бувгул хола жон ҳолатда югуриб бориб чироқни ёқди, сўнг муздай сув олиб келиб ўғлининг юзига сепди.
Собир чуқур нафас олди-ю, бирдан тинчиб қолди. Бувгул хола аста эгилиб, ўғлининг кўксига қулоғини қўйди, ҳаприққан юрак бир неча сония қаттиқ-қаттиқ уриб турди-да, сўнг секин-аста маромига тушди.
Бувгул хола хотиржам тортди. Чироқни ўчиришга борди. Шу вақт бехосдан ўғлининг юзига кўзи тушди. Собир гўё бир дақиқа ҳам ухламаган, алаҳламаган одамдек кўзларини катта-катта очиб онасига қараб ётарди.
— Чанқадингми, болам?..
— Чанқадим, лекин қайнатилган гуруч сувини ичмайман энди.
— Нега?..
— Ҳеч бўлмаса, тўйимда гуруч сувини тиқиштирманг, эна!
— Тўй…
— Ҳа, тўйим бўляпти! Сиз нега тўйга чиқмаяпсиз, эна? Ҳамма ҳовлининг чангини чиқариб ўйинга тушиб ётибди-ку. Ё Марвариднинг менга тегишига ишонмаяпсизми, эна! Хавотирланманг, Марварид касаллигимни билади. Била туриб, турмушга чиқяпти менга. У менга нима деди, биласизми? Уят бўлса ҳам айтаман сизга, чунки менинг сиздан бўлак қадрдоним, сирдошим йўқ! Айтаверайми, эна?..
— Айтавер, болам.
— Мен сизнинг юрагингизни севаман, иштонингиз ичида бирор нарса бўлиши шарт эмас, деди у менга.

Бувгул холанинг юзидан иссиқ чиқиб кетди. Гап тополмай қолди.
— Мана, кўрдингизми, эна, Марварид қанчалар доно! Бошқа ҳеч бир аёл бундай демаган бўларди. Шунинг учун ҳам уни телбаларча севиб қолдим-да! Нега индамайсиз, эна? Ё мендан хафамисиз?

Собир онасининг қўлидан тутди.
— Хурсандман, болам…
— Нега унда бизга бахт тиламаяпсиз, эна?
— Бахтли бўлинглар, илойим… Қўша қариб юринглар… илойим… — Бувгул хола ўкириб юборишдан базўр ўзини тийди.
— Энди бир ўйнаб беринг, эна. Менинг тўйимда ўйнамайсизми? Акамнинг тўйида роса ўйнагандингиз-ку!
— Ўйнайман, болам… Сал нафасимни ростлаб олай…
— Туринг, тура қолинг энди. Ҳамма сизга қараяпти, ўйнай қолинг, эна, энажон…

Собирнинг титроқ бармоқлари онасининг қўлларини пайпаслай бошлади.
— Бўпти, ўйнайман… — Бувгул хола лабини қаттиқ тишлаб, ўрнидан турди.
— Ҳей, машшоқлар! — қичқирди Собир. — Дунёдаги энг яхши куйни чалинг. Менинг онам рақсга тушяпти! Менинг онам!..

Бувгул хола кўзларини чирт юмиб, навдадек билакларини юқорига кўтарди…
Тун бўйи ўзининг тўйини қилиб, уриниб қолган Собир тонгга яқин тинчланиб, уйқуга кетди.
Бувгул хола ҳам титраб-қалтираганча тўшакка қулади…
Икки соатлардан кейин бироз тиниқиб, енгил тортиб уйғонди. Ёнида Маматқул ўтирарди.
— Бугундан бошлаб ҳайдасангиз ҳам кетмайман, — деди у ерга қараб. — Собирга ўзим қарайман. Ҳанифа келиб эшикдаги ишларга қарашиб туради.
— Собирга ўзим қарайман, уни деб овора бўлманглар, — деди Бувгул хола ўрнидан туриб, қасабасини тўғриларкан.
— Қарашсам нима бўпти? Кечасиминан Собир бақириб чиқаётганмиш… Одамлардан эшитдим! Бир оғиз айтмайсиз ҳам…
— Қарға қағилласа ҳам одамлар Собир бақирди, дейверади. Сенам, хотининг ҳам овора бўлманглар.
— Сизга ҳеч тушунмайман, эна. Мени шунчалик ёмон кўришга арзийдиган нима айб қилдим?!
— Иккита боланг бор, қай бирини ёмон кўрасан?!
— Нега одам ажратасиз бўлмаса? Сенга ишонмайман, деб очиғини айтиб қўя қолинг, яхшиси!

Бувгул хола индамади.

* * *

Ўтган йилнинг кузи эрта келганди. Янги йилнинг баҳори негадир кечикди… Сурункасига ёмғир аралаш қор ёғарди.
Нам, изғиринли ҳаво аримасди борлиқдан.
Ҳатто, биринчи май куни қор ёғиб берди.

Собир кундан кун мадордан кетиб борарди. Тунлари тез-тез нафаси қисиларди. Бўйни тол хивичдай, қовурғаларини санаса бўларди, иситма қоқ-қуруқ вужудини бетиним ларзага соларди…
Аммо тили ҳар доимгидай бийрон эди.
— Эна, яхши бўлиб кетсам, бировдан қарз олиб бўлсаям, сизга дунёни кўрсатардим!
— Илойим, ниятингга ет, болам.
— Аммо ҳозир шундай ташқарига чиққим келяптики!.. Ўз оёғим билан юриб кўчаларни бир айланиб келсам, дейман… Мана бу еримда тош бўлиб турган нарса ёзилиб кетармиди…
— Акангга айтаман, ҳозир келиб сени ҳовлига олиб чиқади.
— Акам мени кўтариб олиб чиқадими?

Бувгул хола нима дейишни билмай, каловланди.
— Нима, мени бир умрга кўтарам бўлиб қолди, деб ўйлаяпсизми? Мен ҳали ўз оёғим билан юраман! Фақат ёз келсин…

Собир деразага интиқ тикилди.
— Лекин ҳозир акамни чақирманг. Қачонки соғайиб кетсам, ўз оёғим билан юриб ҳовлига чиқаман! Оз қолди, яна бироз чидасам… бас!

Бувгул хола ўғлининг матонатига тан берди ичида, шунча азоб-уқубатлардан кейин ҳам Собирнинг ҳаётга бўлган иштиёқи сўнмагани, субҳидам чоғи янги кунни қувонч билан қарши олишини кўриб ҳайратга тушади.
Аммо кечга бориб у яна ўзини йўқотиб қўярди. Айниқса, кейинги кунларда олдига одам киришини ёқтирмай қолди. Ҳол сўраб кирган таниш-билишларини олдига солиб қувларди.
— Йўқол ҳамманг бу ердан! Пишириб қўйибдими бу ерда сенларга?! Ким чақирди ўзи сенларни? Кино кўргани келдиларингми бу ерга?!

Собир шалоқ сўзлар билан сўкинар, қўлига илинган нарсани эшикка қараб улоқтирарди.
— Эна, Собирни деб адо бўлдингиз-ку, — деди Маматқул кунларнинг бирида онасига ачиниб. — Аҳволингизга бир қаранг, сўроқ белгисига ўхшаб қопсиз! Собирнинг энди ўнгланиши қийин… Уйдан чиқаётган пешоб ҳиди димоқни ёради. Сизнинг димоғингиз ўрганиб қолган, шунинг учун ўзингизга сезилмайди. Лекин одамлар нималар дейишмаяпти!
— Одамлар менинг уйимга кирмай қўяқолишсин!
— Гап фақат бундамас. Эр етган йигитни ўзи ювиб-тарайди, бу кампирнинг иймони ҳам қолмади, дегувчилар ҳам бўляпти ахир!
— Менинг иймоним — болам! У ёғи билан ишинг бўлмасин.
— Жаҳлим тезлигини билиб укамга яқин йўлатмаяпсиз мени, биламан буни. Менинг эса сизга жоним ачийди. Собир энди аввалгидек бўлмайди. Яхшиси, уни ногиронлар уйига топширай…

Маматқул гапини тугатолмади, юзига тушган тарсакидан кўзлари чақчайиб кетди.
— Қорангни ўчир! Даф бўл! — Бувгул хола эшикни ланг очди.

Маматқул чиқиб кетди.
Бувгул хола бироз кутиб турди, сўнг тез бориб кўча эшикни тамбалади.
«Ақлдан озяпман», — хаёлдан ўтказди она айвон устунига суянганча.
Кечга яқин ширакайф Маматқул дарвоза олдида анча турди. Бувгул хола эшикни очмади.
Маматқул дераза тагига келиб обидийда қила бошлади:
— Мен ҳар доим сизга яхши бўлсин, дейман… Лекин сиз буни тушунмайсиз!.. Биламан, сиз бўлмаганингизда укам аллақачон ўлиб кетарди. Аммо ўзингизни ҳам ўйланг-да!..

Бу гапларни Собир ҳам эшитди. Савол назари билан онасига қаради. Сўнг:
— Баъзида одамлар дарддан ҳам хавфлироқ бўлишади, — дея пичирлади у.

Бувгул хола индамади.
Маматқул оби-дийда қила-қила охири кетди.
Нимқоронғи хонада она-бола қолишди. Иккисининг ҳам аҳволи яхши эмасди. Аммо чурқ этишмасди. Не кунларни бошдан ўтказиб келаётган она-бола айни дамда бир-бирларига тасалли бефойдалигини билишарди…
Июннинг ўн бешинчи куни Собир оламдан ўтди. Шундан кейин кунлар бирдан исиб кетди. Ланғиллаган осмондан қуёш аёвсиз кун сочар, замин оловга ташланган ёнғоқ сингари паққос ёрилиб кетадигандек ҳарсиллар, дов-дарахтлар эса кундан-кун кўкка бўй чўзарди…
Одамлар хурсанд: «Ёмғирнинг мўл бўлганидан экин-тикиннинг авжи баланд. Бу йил арзончилик бўлади, Худо хоҳласа!»
Бундай хурсандчилик биргина Бувгул холанинг кўнглига сиғмасди. Айвон устунига суяниб, мунғайиб ўтирган она бир сўзни такрорларди:
— Мен ёмон қолдим, сен яхши бор, болам…

Сўнг бирдан қаҳрланиб олов пуркаётган осмонга тикиларкан савдойиларча шивирларди:
— Одамни эрмак учун яратиб, уни эплай олмай қолганингдан кейин ўлимни ўйлаб топдингми?.. Оловинг мўл экан, нега шуни вақтида бермадинг?!.

Манбаъ: “Ёшлик” журналининг 2010-йил 9-сонидан олинди.

033

Umarali NORMAOV
ONA SHA’NIGA QASIDA
(Bir hikoya talqini)
088

Jahon adabiyotida hamisha ona-Vatan kabi bosh harf bilan yozilishga loyiq tabarruk Ona zotining mushkul damlarda tuqqan farzandiga beqiyos mehr-muruvvati xususida ko’p va xo’b yozilgan. Milliy nas-rimizda ham o’shalar qatorida turishga loyiq asarlar bor. Ustoz Said Ahmad qalamiga mansub “Ufq” romanidagi Onaxonning gunohkor – qochoq o’g’liga nisbatan armon, alam-o’kinch bilan yo’g’rilgan parvonaligi ifodasi adabiyotimizda jiddiy hodisa bo’lgan edi. Zulfiya Qurolboy qizi “Yozsiz yil” hiokyasida ayni shu yo’nalishda butunlay o’zgacha Ona timsolini yaratdi.

Shuni alohida ta’kidlash joizki, hikoyaning syujet qurilishi puxta ishlangan, voqealar tadriji personajlar ruhiy evrilishlari tahlili bilan uyg’unlikda mohirona ifodalangan. Goh quvonch-taskin, tengsiz umid, goh dard xuruji, azob-uqubat, tahqiru nadomat, goh yilt etgan surur, xayoldagi aldamchi farog’at, aslida esa adog’i yo’q musibatlar bilan o’tgan ikki bandai ojiz – Ona va o’g’il ko’rgiliklari – butun boshli bir romanga tatigulik beorom daqiqalar, kunlar, oylar, yillar silsilasi birgina hikoya bag’ridan munosib joy olgan. Hikoyada tig’iz vaziyatlar bot-bot takrorlanadi va har gal muallif benazir zot – Ona vujudida mujassam beqiyos mehrigiyoning yangi-yangi qirralarini kashf etishga erishadi.

Asar bilan tanish o’quvchi biladi: Sobir avto­halokat tufayli nogiron bo’lib qolgan. Bu mudhish falokatning azob, iztirobi o’g’lidan ko’ra ham onaxon – Buvgul xola tani-jonini qovuradi. Hikoya davomida xola vujudini yondirgan otash, xasta o’g’il ko’ngli, oromi deb chekkan zahmatlari alangasi taftini o’quvchi har doim sezib, his etib turadi. Hayotning turfa nag’masini qarangki, Sobir shu holda qishloqning tengi yo’q suluv qizi Marvaridga ko’ngil bergan, qiz ham, o’z navbatida, yigitga oshiqu shaydo. Ularning Layliyu Majnun sevgi dostonini eslatadigan ishqiy muloqotlari har qanday tama, hirs va nafs mayllaridan xoli, ikki farishta oshig’u ma’shuqaning sof qalb talpinishlaridan iborat. Ayni shu jihati bilan asar bugungi zamonaviy adabiyotda urf bo’lgan ishqiy kechinmalar talqinidan butunlay farq qiladi. Ikki yosh orasida yashiradigan hech qanaqa sir yo’q. Har ikki tomon ham oradagi mudhish ko’rgilikdan voqif. Ammo bu hol ularning ko’ngil mayllariga aslo to’siq bo’lolmaydi. Ular bir umrga birga bo’lishga qat’iy ahd qilganlar. Visol damlarida Sobir dardini butunlay unutadi, yayrab-yashnab ketadi. Qiz ra’yi, istagiga ko’ra, Onasini qiznikiga sovchilikka borishga undaydi…

Halokat, xastalik, nogironlik asoratlaridan ham ko’ra mushkulroq dramalar ana shu daqiqalardan boshlanadi. Yigit tomonda johil, qalban so’qir aka, qiz tomonda esa bag’ritosh ota ikki oshiq – yoshlar mayliga tish-tirnog’i bilan qarshi turadilar. Faqat Onaizorgina o’g’lon bilan qiz qalbining, qiyosi yo’q chin muhabbatining yagona himoyachisiga aylanadi. Bilasiz, qishloq muhitida gap yotmaydi. Shaxsiy-oilaviy intim sir darhol oshkor bo’ladi, har xil g’iybat, past-baland gap-so’zlar o’rmalaydi. Bu hol katta o’g’il bilan qiz otasi xurujini alanga oldiradi. Ana shunday tig’iz damlarda katta o’g’il dag’dag’alariga, qiz otasi yog’dirgan malomat toshlari, odamlarning ta’na-dashnomlariga, tahqiru nadomatlariga, qo’yingki, jamiki balo-qazolarga shu mushtipar Onaxongina mardona qarshi turib beradi. Xasta, ammo chin oshiq o’g’lon ko’ngil mayli uchun har daqiqa jonini, jahonini berishga tayyor.

Nachora, johillar qo’li baland keladi, Marvaridni yaqin qarindoshi o’g’liga zo’rlab uzatadilar, u qaytib keladi, so’ng uni oyoq yetmas tog’ qishlog’iga unashtiradilar. Oshiq yigit jim turolmaydi, xastaligiga qaramay qish chillasida uning izidan boradi, ma’shuqasining albatta qaytib kelish va’dasini olib, bir dunyo quvonch, yorqin umid bilan qaytadi… Endi ham o’g’lon, ham Ona ko’ksida umidsizlik bir dam chekinib, yashash ishtiyoqi jo’sh uradi.

Afsus, bu quvonchli daqiqalar uzoqqa bormaydi, va’da ushalmay qoladi.

Biz yuqorida o’quvchini tanishtirish uchun keltirgan voqealar tafsiloti shunchaki quruq hikoya qilinmaydi, balki ruhiy-psixologik holatlar tahlili jo’rligida kitobxonni larzaga soladigan tarzda beriladi. Hikoyani o’qiy turib, ruhiy iztiroblar og’ushida xayolga tolasan kishi: hayotda mo»jizalar ham ro’y berishi mumkin-ku! Ehtimol, bedavo darddan ham xavfliroq odamlar – johil, qahri qattiq kimsalar qarshilik qilmaganida, bu ikki yosh qovushganida Sobir butunlay sog’ayib, to’kis turmushga qaytishi ham mumkin edi-ku! Axir hayotda shu holda ham totuv yashab o’tgan juftlik-lar bo’lgan. Bundan keyingi hijron ifodasi, kundan-kun tanni yemirib borayotgan xastalik azoblarini o’g’il va Ona bab-baravar tortadi, ikki vujud bir jon-bir tan bo’lib yonadi. Hijron alamlari xuddi mumtoz g’azaliyotimizdagi poyonsiz fig’onlar kabi avj pardalarda aks-sado beradi.

Galdagi lavha bundan-da hayajonli. Marvarid yangi yil arafasida kelishga va’da qilgan edi. Xas-ta Sobir ma’shuqasini intizorlik bilan kutayotir, ammo undan darak yo’q. O’sha topdagi Ona bilan bolaning mohir rassom gavdalantirgandek unsiz dramatik holatlari tasviri ko’ngillarni zir titratadi. Aniq ko’rib, his etib turasiz: derazadan ko’chaga intizor tikilib turgan Sobirning bir mahal yelkalari silkina boshlaydi, Buvgul xola, ko’ngli vayron holda, o’g’liga tomon talpinadi. Shu payt birdan Sobir Ona tomon o’giriladi. Dunyoning butun dard-alami ko’zlarida jam… Uning qonsiz yuzida yirik-yirik tomchilar dumalaydi. Endi Sobirga hammasi ayon, o’zining uzoq yashamasligini ham, Marvaridning kelmasligini, keltirmasliklarini ham biladi, biladi-yu, onasidan yashiradi, xuddi onasi undan yashirganday… Mashhur “Asror bobo”dagi chol bilan kampirning mudhish sirdan voqif holda, bir-birini asrash niyatida bir-biridan sir saqlash holatini – ko’ngillarni zir titratadigan vaziyatni eslatadigan, ammo taqliddan butunlay xoli noyob badiiy lavha!

O’sha mudhish damlarda Ona vujudini kemirayotgan iztirobni bildirmaslikka harchand urinmasin, o’zini tutolmaydi, bari bir onaligiga borib, o’g’li boshini ko’ksiga bosadi. “Qaynoq ko’z yoshlar endi uning ko’ksini kuydirib, yuragiga tomchilar va undan qon bo’lib, tomirlariga sizib oqardi” deb yozadi hikoyanavis. Bu jumlalarni qalamga tushirish chog’i muallifning qo’li titrab turganligini baralla his etasiz.

Bunday tig’iz san’atkorona chizilgan lavhalarni sharhlash qiyin, har qanday sharh uning asl jozibasini, sehrli ruhini tushirib yuborishi mumkin. Eng muhimi, hikoyanavis personajlarni ana shunday mushkul vaziyatlardan eson-omon olib o’ta biladi. Bu endi chin san’at mo»jizasi.

Qarangki, oshiq yigitning hayot shami o’chay deb turganida ham, hayotga ishtiyoqi, visolga umidi butunlay so’nmaydi. Ajab, endi mavjud hayotda amalga oshmagan visol hayot-mamot yuzma-yuz kelgan damlarda, kechinmalar jazavasi avjida xayolda, tasavvurda sodir bo’ladi. Mashrab qismatini yodga tushiruvchi oshiq yigit taqdirida mo»jiza ro’y beradi, go’yo Mashrab yanglig’ arshning kungurasida yor visoliga erishadi. O’sha visol chog’i Marvarid Sobirga qarata asl muddaosini oshkor etadi; faqat uning yuraginigina sevishini, boshqasi aslo qiziqtirmasligini dangal aytadi. “Boshqa hech bir ayol bunday demagan bo’lardi. Shuning uchun ham uni telbalarcha sevib qoldim-da”, deya onajoniga so’nggi dil rozini izhor etadi. Visol bazmi chog’i Onaizor “Baxtli bo’linglar, iloyim… Qo’sha qarib yuringlar… iloyim”… deya duo qiladi. Shu so’zlarni aytayotganida “Buvgul xola o’kirib yuborishdan bazo’r o’zini tiydi” deb yozadi muallif. Shu lavhani o’qiyotib, o’quvchi ham ayni Ona holiga tushadi.

Tasvir yana zaminga, mavjud hayotga qaytadi. Katta o’g’il, hissiz nodon kimsalar go’yo Onaizorni avaylash maqsadida uni kuni bitgan o’g’ildan ajratishga urinadilar, bu niyat o’tmagach, o’jar kampirni “iymonsiz”ga chiqaradilar. Shunda u “Mening iymonim – bolam!” deya hayqiradi. Nihoyat, o’g’il jon taslim qiladi, onaizorning ustunga suyanganicha “Men yomon qoldim, sen yaxshi bor, bolam” degan so’zlarni duoday ojizona takrorlab turganini ko’rib, yurak-bag’ringiz ezilib ketadi. So’ng bundan-da zalvorliroq holatga duch kelamiz. Pirovardida, onaizor birdan osmonga tikilib: “Odamni ermak uchun yaratib, uni eplay olmay qolganingdan keyin o’limni o’ylab topdingmi?” deya savdoyilarcha shivirlaydi.

Bunday isyonkorona shivirlash aslo taqdiri azal hukmiga nisbatan shakkoklik emas, balki Ona qalbidagi farzandiga bo’lgan ilohiy mehrning so’nggi – yakuniy tasdig’i kabi yangraydi.

Milliy adabiyotimizda paydo bo’lgan bu noyob yangilik – muazzam, mungli mehr-muhabbat qo’shig’i shu tarzda intihosiga yetadi, oxir-oqibat Ona sha’niga bitilgan qasida kabi yangraydi.

Ma’lum bo’lyaptiki, hikoya personajlari qismati bilan bog’liq ko’rgilik, ruhiyatdagi iztiroblar boisi ijtimoiy omillardan aytarli xoli. Hayotda yuz berib turadigan tasodif, osiy, toshbag’ir bandai ojizlarning qilmishlari oqibati tarzida talqin etiladi; Zulfiyaning bir vaqtlar tanqidchilikda mensimay qaraladigan, uncha xush ko’rilmaydigan ijtimoiylikdan xoli sof “ko’ngil mayllari nag’malari” tahlili bobidagi adabiy tajribalar yo’lidan borib yaratgan qator hikoyalari, ayniqsa, “Yozsiz yil” o’zining badiiy-ma’naviy ta’sir kuchi jihatidan sof ijtimoiy yo’nalishdagi yetuk asarlardan aslo qolishmaydi.

Adibaning inson sha’nini himoya qilish va ulug’­­lashdek mo»tabar mavzuni yanada teranroq va ko’lam­dorroq yoritish, muammolarning betakror yechimini topish yo’lidagi izlanishlarida omad tilab qolamiz.

M: “Yoshlik” jurnali, 2010 yil, 5-son.

Zulfiya Qurolboy qizi
YOZSIZ YIL
088

Zulfiya Qurolboy qizi (Zulfiya Yo’ldosheva) – 1966 yili Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tug’ilgan. 1989 yili Jizzax pedagogika institutining o’zbek filologiyasi fakul`tetini bitirgan. “Turmush”, “Yovuzlik farishtasi”, “O’lim hech narsa emas” hikoyalar to’plamlari hamda “Armon asirasi”, “Mashaqqatlar girdobi” romanlari muallifi. Ayni kunlarda “O’zbekfil`m” kinostudiyasida ishlaydi. Hikoyasi asosida “Chaqmoq chaqqan tunda” badiiy fil`mi suratga olingan. “Yozsiz yil” badiiy fil`mining, “Fidoyilar” serialining stsenariy muallifi. Hikoyalari asosida O’zbek davlat drama teatrida “Ayol” spektakli sahnalashtirilgan.

088

045Shamolday yelib yurgan kichik o‘g‘il nogahon yuz bergan avtohalokat tufayli yarimjon, mayib bo‘lib qolishi Buvgul xolani qattiq larzaga soldi. «Endi nima bo‘ladi? Bolam bir umr yolg‘iz o‘tadimi?» — degan o‘ylar xonumonini kuydirardi, albatta, ammo o‘g‘lining chivinday joni qil ustida turgan kezlarda bu o‘ylar xayolidan ko‘tarilib, mutlaqo ahamiyatsiz bo‘lib qolardi.
Avtohalokatni sodir etgan kimsa Mahkamboy levak qilmishiga yarasha jazosini oldi: sudlandi, qamaldi. O‘n yillik muddatni ikki yilda o‘tab keldi. Buvgul xolaning og‘riq va alami ichida edi, Mahkamboy levak ko‘chadan KamAZini guvillatib o‘tganida onaning yuragi zuvillab ketardi, ochig‘i Mahkamboy levakning o‘limi o‘g‘liga salomatlik baxsh etsa, u hech ikkilanmasdan bu nokasni o‘ldirgan bo‘lardi, afsuski… bu befoyda. Shunday ekan, chidashdan boshqa iloj yo‘q. Axir azob va iztiroblar uchun hech kim javob bermaydi…
Sirtdan qaraganda, Sobirning qo‘l-oyog‘i butun, bir yeri tilinmagan-shilinmagan, ammo uning ichki a’zolari qattiq lat yegandi: jigar qisman ezilgan, bitta buyrak ishdan chiqqan, ikkinchisi yarimjon, peshob chiqarish uchun Sobirning biqinida har doim maxsus naycha va banka osilib turardi. Erkakligidan ayrilgani esa hammasidan o‘tib tushdi. Sobir endi o‘rtoqlari bilan ko‘cha-ko‘yda tepkilashib yura olmas, daladan xurjun-xurjun o‘t yulib kelolmasdi, o‘zini avaylashga majbur edi. Bola ekan, onasining barcha talablariga bo‘yin egardi. Biroq ona-bola qancha ehtiyot bo‘lishmasin, qishning sovuq kunlari o‘z ta’sirini o‘tkazmay qo‘ymasdi. Sobirning isitmasi ko‘tarilib ketardi.
Yana kasalxona.
Hafta-o‘n kun, gohida oylab yotishga to‘g‘ri kelardi shifoxonada…
Buvgul xolaning to‘ng‘ichi Mamatqul uylangan, ikki farzandning otasi, olaxurjun boshiga tushgandan keyin beva onasining ahvolini tushunib, qanotiga kirgan, ro‘zg‘orning barcha og‘irliklarini bo‘yniga olgandi, ammo ukasining injiqliklariga sira toqat qila olmasdi. Chunki ulg‘aygani sari Sobir tez-tez asabiylashadigan, xurmacha qiliqlar chiqaradigan bo‘lib qolgandi. Biror yegulikni yeyish mumkin emasmi, — Sobir, albatta narsani yerdi! Bajarishi mumkin emasmi, — Sobir, albatta, shu ishga yopishardi! Keyin ichburug‘ bo‘lib, hamma yoqni bulg‘ab qo‘yardi, yo ko‘taram bo‘lib yotib qolardi. Buning azobini o‘zi va Buvgul xola tortardi.
Kasalxonaga tez-tez tushavergandan keyin do‘xtirlar ham tanish bo‘lib qolarkan. Ulardan biri kunlarning birida Buvgul xolani kabinetiga chaqirib, ochiqchasiga: “Agar o‘g‘lingizni nihoyatda ehtiyot qilib parvarishlamasangiz, yana ikki yil yashashi mumkin”, deb aytdi. Esxonasi chiqqan Buvgul xola bu gapga ishonch hosil qilish uchun boshqa do‘xtirdan to‘g‘risini aytishni so‘ragandi, u bu “muddat”ni yana yarim yilga qisqartirdi va oxirida maslahat berishni ham unutmadi: “Tak, chto, hozirdan bunga o‘zingizni ko‘niktiring va ko‘pam o‘zingizni urintirib qo‘ymang, onaxon, siz hali boshqa farzandlaringizga ham keraksiz!”
Bu gaplardan Buvgul xola karaxt bo‘lib qoldi. Miyasi falaj bo‘lgandek hech narsa haqida o‘ylay olmadi, hatto qayg‘urish yoki tushkunlik hissini ham tuymadi, faqat… palataga qaytib, o‘g‘liga ko‘zi tushgandan keyingina birdan ruhiyati o‘zgardi. Do‘xtirlarga ishonmadi. Mana o‘g‘li, umid to‘la ko‘zlarini onasiga tikib turibdi.
— Men yaxshiman, ena. Endi uyga ketamizmi?
Bir necha daqiqa ichida Buvgul xolaning yuragini yeb bitirayozgan dahshatli xavotir tarqadi-ketdi. Toki o‘g‘lining ko‘zlari chaqnab boqarkan, hali nimadandir umid qilsa bo‘ladi, bundan ortiq nima kerak?

* * *

Vaqt o‘tib borardi.
Eng ulkan qo‘rquv qarshisida qaltirab-titrab turgan xavotirli ikki yil ham eson-omon o‘tdi.
Sobirning sog‘ligida aytarli o‘zgarish yo‘q, umri har doimgiday uy-kasalxona marshruti bo‘yicha o‘tardi. Ob-havo quruq va issiq kelgan yili uning kuni tug‘ardi, o‘zini ancha bardam sezardi. Buvgul xola bundan xursand, o‘g‘lining kundan-kun cho‘zilib borayotgan bo‘yiga qarab ko‘zi quvnardi.
Kunlarning birida Sobir tong sahardan qayoqqadir chiqib ketdi. Buvgul xola anchadan buyon o‘g‘lining o‘zgarib qolganini sezardi, Sobirning qadam olishini zimdan kuzatardi, ammo o‘sha kuni uning qayoqqa ketganidan bexabar qolgandi.
Tushgacha yo‘l qarab, xavotirdan yuragi yorilguday bo‘lgan ona oxiri sabri chidamay to‘ng‘ichi Mamatqulning uyiga yugurdi. O‘tgan yili Mamatqul xotini Hanifa bilan gap talashib qolgani uchun Sobirning yuziga tarsaki tushirganini kechira olmagan Buvgul xola uni bola-chaqasi bilan chala bitgan imoratga ko‘chirib yuborgandi. Shundan beri Mamatqulning ginasi ichida, onasi bilan ochilib gaplashmaydi.
O‘sha kuni ham onasi bilan gaplashganida qovog‘ini ochmadi, aksincha:
— Hech ish qilmasangiz ham ulingizning ketidan poylab yuring, degandim-ku, — deya aql o‘rgatdi u. — Kim biladi, boshi og‘ib, qayoqlarga uloqib ketdiykin? Ko‘ngliga qarayverib, bolani besoat qilib qo‘ydingiz, ena!
— Pashshaxona ichida Mashrabgina uxlab yotuvdi. Sigirni podaga qo‘shib kelganimcha qayoqqadir g‘oyib bo‘libdi… — tushuntira boshladi Buvgul xola, ammo Mamatqul onasining gaplarini oxirigacha eshitmadi:
— Qachon qarasam, podaning ketidan yugurib yurasiz, shu ishlarni qo‘ying endi, ena! Ulingizniyam ishga soling-da, yigirmadan oshdi axir.
— Ukangning yigirmadan oshganiga xursandman. Boshqa narsani o‘ylamayman…
— Devday jinni bitta sigirminan-novvosni eplab boqolmaydimi, ena?!
O‘g‘lining so‘zlari onaning hamiyatiga tegdi, yuzi o‘zgardi.
— Bitta sigirmas, o‘nta sigir bo‘lsayam Sobirjon eplaydi. Senga o‘xshab chala-chulpa ish qilmaydi u! Lekin o‘zim uni avaylayman. O‘zi yarimjon bola bo‘lsa… O‘z gavdasini o‘zi ko‘tarib yurganiga ham shukr qilaman! Endi tushundingmi?!
— Ho‘kizday yigitni avaylayman, deb, o‘zingiz yiqilib qolmang, deyman-da, ena. Mening ro‘zg‘orim bo‘lak bo‘lsa, kunda ahvolingizdan xabar ololmasam.
— Ho‘kizday yigit deysan… Uning quruq gavdasi bor. Qish oqshomlari inqillab chiqadi, bir yerlari og‘riydi…
Qaytamiz endi… Xudoning ishi! Lekin to‘g‘risini aytsam, ena, siz baribir noto‘g‘ri qilyapsiz. Bolani avaylamasdan ishminan andarmon qilib tashlashingiz kerak. Shunda huda-behudaga ko‘chaga yuguravermaydi!
— To‘qsonta gapni oldimga to‘nqaytirgandan ko‘ra, senminan ishim yo‘q, ena, qanday kuningni ko‘rsang ko‘raver, de, qo‘y! — Buvgul xola jahl bilan iziga qaytdi.
— Obbo, — g‘udrandi Mamatqul. — Bir marta sal qattiqroq gapirib qo‘ysam, darrov arazlab qoladi enam!
Buvgul xola to‘ng‘ich o‘g‘lining ko‘nglini g‘ash qilib qo‘yganini sezdi, lekin ortiga burilmadi, og‘ir mehnatni ko‘p qilganidanmi, oltmishga kirmay dol bo‘lgan qaddini eggan ko‘yi, qo‘llarini belida chalishtirgancha uyi tomon yo‘rtarkan, yo‘l-yo‘lakay uchraganlardan o‘g‘lini ko‘rgan-ko‘rmaganini so‘rardi. Aksiga olganday, na yo‘lovchilardan, na qo‘ni-qo‘shnilardan Sobirga ko‘zi tushgan odam topilmadi.
“Bir og‘iz aytmasdan qayoqqa ketib qoldiykin? — o‘yladi ona qo‘li ishga bormay ko‘cha eshik oldidagi supachada o‘tirgancha yo‘lga ko‘z tutarkan. — Jo‘ralari o‘n besh yoshdan qizlarminan yetaklashib yurishlarini bilsayam buning parvoyiga kelmasdi. Qaylig‘ini to‘ydan oldin bo‘g‘oz qilib qo‘ygan jo‘rasiga kuyovnavkar bo‘lganidan keyin birdan o‘zgarib qolganini sezuvdim. Bitta-yarimta qizminan tanishib qolib, shuning ketidan hid olib ketdingmi? Oh, bolam-a!..”
Buvgul xolaning ko‘z oldini xira parda qopladi.

* * *

— Qayoqlarda tentirab yurding shu vaqtgacha?! — namozshomda yerga qaragancha hovliga kirib kelgan ukasini siquvga oldi Mamatqul. — Meni o‘ylamasang, enamni o‘ylasang bo‘lmaydimi? Yuragi yorilib, o‘lib qolay dedi-ku enam!
— Qaerda yurganim bilan nima ishingiz bor? — qo‘rs javob berdi Sobir.
— Iya, bu nima deganing? — ajablandi Mamatqul quloqlariga ishonmay. — Sen bola o‘ylab gapiryapsanmi o‘zi?
— Nega hadeb tergayverasiz? Yosh bola emasman axir!
— Enam seni deb…
— Enangiz borligi shunaqa vaqtlarda esingizga tushadimi?!
— Hov bola! — Mamatqul ukasining yoqasiga chang soldi.
— Nimaga uning yoqasiga yopishasan?! — Buvgul xola o‘rtaga tushib, to‘ng‘ichiga qarab qichqirdi. — Sobirga qo‘lingni tekkizguncha, meni burdalab tashla!
— Ena… gaplarini eshitdingizmi? Meni zig‘irchayam hurmat qilmaydi buningiz!..
— Sobir seni hurmat qiladi, lekin sen buni tushunmaysan! — Buvgul xola to‘ng‘ich o‘g‘lini siltab yubordi.
Paytdan foydalangan Sobir uyga o‘zini urdi. Eshikni ichkaridan qulfladi.
— Tarafini olganingiz sayin buningiz haddidan oshib ketyapti! — dedi Mamatqul baqirib. — Siquvga olib, picha tanobini tortib qo‘yay desam, nega uning ko‘ngliga qarayverasiz, ena?
Buvgul xolaning charchoq nigohlari to‘ng‘ichiga ta’nali boqdi, ammo lom-mim demadi.
Ikki kun o‘tdi.
Ikki kun ichida ona-bola ochilib gaplashmadi hisob.
Uchinchi kuni ertalab yasan-tusan qilib olgan o‘g‘lini ko‘rib hayron bo‘lgan ona unga savol nazari bilan boqdi.
Sobir buni tushundi.
— O‘tgan kuni meni davolagan do‘xtirning oldiga borgandim. Operatsiya ko‘p ekan, shu kuni kechgacha kutib o‘tirdim, lekin men bilan gaplashishga vaqti bo‘lmadi. Indinga kelsang, gaplasharmiz, degandi… Boraveraymi?..
Buvgul xola siyrak kipriklarini pirpiratganicha bir necha soniya o‘g‘liga tikilib turdi, so‘ng asta:
— Boraqol, — dedi.
Sobir xonadan uchib chiqdi.
— Oh, bolajonim-a… — onaning ko‘zlaridan yosh tirqiradi. — Oh, bolajonim-a… Oh…
“Tiq” etsa eshikka ko‘z tutib o‘tirish oson emasdi. Buvgul xola istar-istamay ishga unnadi. Keksaygan chog‘ida qo‘lini sovuq suvga urmay, huzur-halovatda yashash o‘rniga, to‘ng‘ich o‘g‘li bilan kelinining ro‘zg‘orini bo‘lak qilib, o‘zi hali-hamon qo‘li kosov, sochi supurgi bo‘lib yurganini o‘ylab gohida Buvgul xola bo‘lib ketadi, lekin o‘zi, faqat o‘zi bu qismatni o‘ziga ravo ko‘rgani bois, alamini ichiga yutadi.
“Bugun ham namozshomda kelarmikan? — oshxonayu molxonalarni galma-gal kirpishlayverishdan charchagan ona hammasiga qo‘l siltab, ko‘cha eshik oldiga chiqib yo‘lga ko‘z tikdi. — Esim qursin, qachon qaytasan, deb so‘rab qolsam, o‘larmidim!”
Huv narida, ko‘z ilg‘aydigan yerda avtobus bekati.
Bir-ikki soat ichida bekatga necha-necha avtobus kelib-ketmadi, kimlar tushmadi ulardan, biroq Sobirdan darak yo‘q edi.
Buvgul xola burushgan lablarini qimtib, tamshandi, og‘zi quruqshadi, chanqaganini, qorni ochganini his qildi, oshxonada ovqat tayyor edi, lekin onaning ishtahasi tortmadi.
Qo‘llarini iyagiga tiragancha supada o‘tirib o‘g‘lini kutdi.
Nihoyat… ana u!
Buvgul xola o‘rnidan turib ketdi.
— Keldingmi, bolam?..
— Ha…
Sobir yerga qaraganicha onasining yonidan o‘tib ichkariga kirib ketdi.
O‘g‘lining aftoda qiyofasi Buvgul xolaning yuragini o‘rtab yubordi. Sobir uyga kirdiyu, o‘zini karavotga tashladi.
— Ovqat ichasanmi, bolam? — so‘radi Buvgul xola eshikdan mo‘ralab.
— Yo‘q.
— Tush payti bo‘ldi-ku.
— Qornim to‘q, — dedi Sobir va yuzini yostiqqa qattiq bosdi.
Buvgul xola eshik oldida mung‘ayib turdi birpas, so‘ng sekin iziga qaytdi. Oshxonada yolg‘iz o‘zi nomiga, istar-istamay tamaddi qilgan bo‘ldi, butun fikri-zikri o‘g‘lida bo‘lganidan nima yeb-ichganini ham bilmadi, alag‘da ko‘ngli sira tinchlik bermasdi:
“Do‘xtir yaxshi gap aytmagan, — o‘ylardi ona. — Bechora bolamning enka-tinkasi qurib ketibdi. Do‘xtir ham toza nokas odam ekan-da. Uzil-kesil javob aytmasdan, umidvor qilib yuborsa bo‘lardi-ku! Odamlar bir og‘iz shirin so‘zga buncha xasis bo‘lishmasa?!”
Buvgul xola oshxonada uzoq o‘tira olmadi. O‘rnidan turib tashqariga chiqdi. Ko‘chadan xotin-xalajning shovqin-suroni, suv bochkalari ortilgan aravalaru chelaklarning darang-durungi eshitildi.
Qishloqda anchadan buyon suv tanqis edi. Vodoprovodlardan ilgarigidek suv sharillab oqmas, ariqlardagi suvning ham tanobi tortilgan, kunduzgi soat ikkidan uchgacha ko‘cha boshidagi vodoprovoddan suv beriladiyu yana cho‘rt uziladi. Dastyori borlar ikki-uch kunlik suvni g‘amlab olishadi. Buvgul xolaga o‘xshaganlar esa bor-yo‘g‘i uch-to‘rt chelak suv olib qolishga zo‘rg‘a ulgurishardi. Biroq ayni zamonda Buvgul xolaning ko‘ngliga suv sig‘madi, o‘g‘lining yonida bo‘lishni istaydi.
Sobir onasining qadoq kaftini his qildi, ammo qimir etmadi, chunki yostiq jiqqa ho‘l edi…
Sobirning kechki ovqatdan ham bosh tortishi Buvgul xolaning sabr kosasini to‘ldirib yubordi. Bir kosa ovqatning ustiga non qo‘yib, ro‘molchaga tugib, Mamatqulning uyiga yo‘l oldi yana.
— Bolangga berarsan, — eshik ochgan Hanifa kelinning qo‘liga tugunni tutdi. — Mamatqul ishdan keldimi?
— Ishga borgani yo‘q, — xo‘mrayib javob berdi kelin. — Traktri buzilib qolganini bahona qilib ikki kundan beri uyda yotibdi!
Buvgul xolaga kelinning xo‘mrayib turishi yoqmadi. “Eri ishga bormasayam alamini mendan oladi”, — deya pichirlagancha ichkariga yo‘naldi.
— Nega ishga bormading? — adyol bilan boshigacha o‘ralib, terlab-pishib uxlayotgan Mamatqulni sekin turtib uyg‘otdi Buvgul xola, so‘ng to‘shak yoniga cho‘qqaydi.
— Tinchlikmi, ena? — Mamatqul o‘rnidan turib o‘tirdi. Xomuza tortdi.
— Nega ishga bormading, deyapman? Ikki kundan beri uyda yotganmishsan?
— Ikki kun, deb kim aytdi sizga? Traktrim buzilib qolib, tushda uyga qaytib keldim-ku!
— Hah, bolam boyoqish, — Buvgul xola o‘shshayib eshik tomon qarab qo‘ydi. — Yarim kun imillaganingga, ko‘ziga baloday ko‘rinib qopsan-da!
— O‘zingiz kech bo‘lganda nima qilib yuribsiz, ena?
— Ena bilan ukadan xabar olmay gumqovib yotganingdan keyin tirik arvohday izillab yuraman-da!
— Ena…
— Sobir tushdan berisiga tuz totmay yotibdi…
Mamatqul ensasi qotib yuzini burdi, biroz jimlikdan keyin jahl bilan dedi:
— Ena, Sobirning nima ishlar qilib yurganidan xabaringiz yo‘q!
— Nima ish qilibdi? — bilmaganga olib so‘radi Buvgul xola.
— Do‘xtirga qatnab yuribdi!
— Nima qipti borsa…
— Do‘xtirlar yordam berolmasligi ma’lum-ku, jonini saqlab berdi bizga, shuning o‘zi katta gap. Nega buni ulingizga tushuntirmaysiz?!
Buvgul xola yerga qarab qoldi.
— Qanday aytaman buni, — dedi u birozdan keyin ayanchli ovozda.
— O‘zingiz aytolmasangiz, menga ixtiyor bering, axir kimdir achchiq bo‘lsayam haqiqatni aytishi kerak-ku!
— Sen aralashma! Mayli, boraman degan yeriga borib-kelaversin.
— Ana shu-da! Ana shu… yana mendan o‘pkalashingiz ortiqcha.
— Nima qilay, axir… — Buvgul xolaning mijjasiga yosh qalqidi.
— Aytganday, sizga yana bir xabar bor, Sobiringiz sayxonlik bir qizminan gaplashib yurganmish!
— Yo‘g‘-e? — Buvgul xola quloqlariga ishonmagandek to‘ng‘ichining yuziga ajablanib boqdi.
— Ha, anavi Anvar degan jo‘rasi Sayxondan uylandi-ku, shuni to‘yida tanishib qolgankan.
— Yo‘g‘-e… — onaning mudom g‘am-tashvish arimaydigan yuziga iliq tabassum yoyildi. — Sobirjon qizlarminan gaplashar ekanmi?..
Mamatqul onasining yuziga hayron boqdi.
— Nimaga xursand bo‘lyapsiz, ena? Axir…
— Qiz ham Sobirjonminan gaplashayotganmishmi axir?
— Gaplashayotganmish! Shu qizga uylanaman, deb yurganmish Sobirjoningiz jo‘ralariga. Lekin bu mumkin emas-ku, ena! Buning oldini olmasak bo‘lmaydi.
Buvgul xola birdan hushyor tortdi.
— Nima qilmoqchisan? — deya to‘ng‘ichiga xavotirli nazar tashladi.
— Shuning maslahatini qilish uchun kechqurun oldingizga o‘tmoqchiydim o‘zi. Nima qilamiz, menam hayronman… Birovning qizini umidvor qilmasdan, bor gapni ochiq aytib, ora ochdi qilish kerakmidi?
— Yo‘q! Bu gapni kallangdan chiqarib tashla! — qat’iy javob berdi Buvgul xola.
— Bu ish gazak olib ketmasdan nimadir qilmasak bo‘lmaydi.
— U yog‘iminan ishing bo‘lmasin!
— Ena…
— Sen aralashma! Sobirjonning o‘ziga yarasha aqli bor. Nima qilayotganini yaxshi biladi.
— Sevgi uni ado qiladi axir!
Buvgul xola javob bermadi. Shoshilib o‘rnidan turdi. Eshik oldiga yetganda to‘xtab ortiga o‘girildi.
— Hech kimni yaxshi ko‘rmasdan ado bo‘lgandan ko‘ra, birovni yaxshi ko‘rib ado bo‘lgani durust emasmi?! — dedi ona dona-dona qilib, so‘ng yig‘lamsiragancha o‘zini eshikka urdi.
— E, menga nima! Joningizga tekkuncha papalayvering-chi. Suv to‘g‘onni urib ketgandan keyin oldimga yig‘lab kelasiz, lekin unda men tugul, otam tirilib kelgan taqdirdayam sizga yordam berolmaydi!
Mamatqul yana o‘rniga cho‘zildi. Ammo ko‘p yota olmadi. Uzalib tokchada turgan aroq shishasi bilan piyolani qo‘liga oldi. Och qoringa ikki piyola aroqni sipqordi-yu o‘zi bilan o‘zi andarmon bo‘lib qoldi.
— Hech kimning men bilan ishi yo‘q… — u yelkalari silkinib-silkinib yig‘lay boshladi. — Hech kimning men bilan ishi yo‘q…
Eshikdan mo‘ralagan Hanifa kelin erining ahvolini ko‘rdi-yu ko‘zining paxtasi chiqdi…

* * *

— Ena, — dedi Sobir kunlarning birida xijolatli kulimsiraganicha. — Bir gap aytsam xafa bo‘lmaysizmi?
— Nima gap? — tikish qilib o‘tirgan Buvgul xola o‘g‘lining yuziga qaramasdan so‘radi.
— Sayxonda bir qiz yashaydi. Ismi Marvarid… — dedi Sobir past ovozda, so‘ng birdan jimib qoldi, nigohlari gilamga qadaldi.
Buvgul xola ko‘zoynagi ustidan o‘g‘liga qaradi.
— Xo‘sh?..
— Shu qiz… meni yaxshi ko‘rib qopti. Onangizni qachon sovchilikka yuborasiz, deb sira tinchlik bermayapti…
Buvgul xola kulib yubordi.
— Ha, mug‘ombir, o‘ylab-o‘ylab, oxiri shu yo‘lni topdingmi?
Sobir ham onasiga qo‘shilib kuldi. Anchadan buyon bunday beg‘ubor kulgini eshitmagan devorlar zirillab ketdi.
— Kimning qizi ekan? — so‘radi ona jiddiy tortib tikishini bir chetga qo‘yarkan.
— Majid akaning…
— Sayxonda Majid degan odam bitta edi-yov, adashmasam. Uyi maktab yonidami?
— Ha, xuddi o‘zi…
— Ular yaxshi odamlar, mayli, ertan kechqurun o‘tib kelaman.
Sobirning ko‘zlari chaqnadi.
Aytilmagan yana nimadir bor edi. Ammo bu haqda na ona, na o‘g‘il og‘iz ochishga jur’at qilardi. Noqulay sukunat ikkalasining ham yuragini o‘rtab yubordi.
Buvgul xola yamoq-yasog‘i esiga tushib qolgandek keskin burilib ishiga mashg‘ul bo‘ldi.
— Ena, — dedi nihoyat Sobir tilga kirib. — Ota-onasi yo‘q, deyishsa va yana… har xil… gaplarni gapirishsa… nima deysiz?.. Uyalib qolmaysizmi?..
— U yog‘iminan ishing bo‘lmasin, ulim, — shipdan ko‘z uzmay javob berdi Buvgul xola. — Aydaqarning qiziga sovchilikka boring, desang ham, boraman!
— Enajon…
Sobir onasining qoqsuyak yelkasiga bosh qo‘ydi.
Ertasi kechki payt Sobir bir o‘rtog‘ining mashinasini eshik oldiga ko‘ndalang qildi.
— Avtobusga osilib yurasizmi, — dedi o‘g‘il onasiga. — Nuriddin moshinasida g‘ir etib oborib keladi.
“Elga joriya qilmasang bo‘lardi”, — demoqchi bo‘ldi ona, ammo indamadi.
Sobir uydan chiqish oldidan onasiga yana dedi:
— Qizning o‘zi men bilan yashashga rozi, bemalol aytavering buni. Faqat ota-onamning roziligini olsangiz bo‘ldi degan.
— Yaxshi qiz ekan…
— Bordiyu ota-onasi rozi bo‘lishmasa yana xafa bo‘lib yurmang, — dedi Sobir ovozi o‘zgarib.
Buvgul xolaning chap ko‘ksiga birov nina sanchib olgandek bo‘ldi.
— Mayli, bolam, mayli, — degancha tashqariga yo‘naldi ona.
Mashinani jildirishdan avval Nuriddin: “Ishimiz o‘ngidan kelsin!” deya omin qildi, Buvgul xola ham pichirlagancha duo o‘qirkan… bexosdan Sobirning ixlos bilan yuziga fotiha tortayotganiga ko‘zi tushib… yuragi ezilib ketdi. O‘g‘lining bu xatti-harakatlari bema’nilik ekanligini bilardi ona, shu bilan bir vaqtda bu bema’nilik qismatga qarshi mardona isyonning o‘ziga xos ko‘rinishi ekanligini ham his qilardi Buvgul xola; Sobir shu taxlit hayotdagi bo‘shliqni to‘ldirishga, haqiqatdan qochib qutulishga urinayotganini fahmlardi…
Sayxon qishlog‘i.
Maktab yonidagi uy.
Buvgul xola bu fayzli uy ichida o‘zini qanchalar achchiq ta’na-dashnomlar kutayotganini sezdi, ammo ona har qanday andishayu istiholani yig‘ishtirib qo‘yib, ichkariga dadil qadam bosdi.
— Qanday haddingiz sig‘di, nogiron o‘g‘lingizga gulday qizimni so‘rab kelishga?! — Buvgul xolaning muddaosini eshitgan Majid aka tutaqib ketdi. — Yo Majidning qizi ko‘chada qolgan, deb o‘ylayapsizmi?!
— Unday o‘ylaganim yo‘q, — dedi Buvgul xola vazminlik bilan. — Jahlingiz chiqmasin, inim. Meniyam tushuning…
— Ahvolingizni tushunganim uchun shaytonga hay berdim, — dedi Majid aka. — Bo‘lmasa hozir…
— Ulimning ahvolini yashirmayman, buni butun qishloq biladi. Mana siz ham allaqachon eshitgan ekansiz… Lekin yoshlar bir-birini tanlashibdi. O‘zaro kelishibdi ham!.. Johillik qilib yoshlarning uvoliga qolmaylik tag‘in…
— Aslo uvoliga qolmaymiz. Aksincha, savobga qolamiz ularni bir-biridan uzoqlashtirsak!
— Lekin qizning o‘zi… rozi-ku!
— Qizim rozi bo‘lsa bo‘laversin, ammo men ikki dunyoda ham ko‘nmayman! Ko‘ra-bila turib uni o‘tga tashlamayman! Bir umr hur qiz bo‘lib o‘tib ketishini istamayman!
— Balki…
— Yo‘q. Gap tamom-vassalom! — Majid aka yuziga fotiha tortdi. Ketishingiz mumkin, degandek qaradi Buvgul xolaga.
Biroq Buvgul xola o‘rnidan qo‘zg‘almadi. Titroq barmoqlari ko‘rpacha chetini tutamlagancha yerdan ko‘z uzmay o‘tiraverdi.
Majid aka tomoq qirdi. O‘rnidan turishga taraddudlandi, Buvgul xola shunda ham o‘rnidan qo‘zg‘almadi.
Majid aka yana tomoq qirdi.
— Hozir… Hozir turaman, — dedi Buvgul xola nafasi qaytib, yuragi siqilayotganini sezdirmaslikka urinib. — Lekin avval sizga bir o‘tinchim bor, hech kim pesh qilmasayam birovning qizini yo‘qlab borishga haqsizligimni yaxshi bilaman, ammo bolangiz ko‘zingizga mo‘ltirab tursa, chiday olmas ekansiz, uyingizga bostirib kelganimni bepisandlik deb tushunmasligingiz uchun aytyapman bu gapni, endi o‘tinchim shuki, qiz bolani boshingizga bolish qilmaysiz, albatta, qachondir baxti ochilsa, kimgadir uzatasiz, baxtli bo‘lsin, iloyim, biroq hozir oldimga chiqqan ulimga: “Qizning otasi o‘ylashib-kengashib ko‘raylik”, deb aytdi, deyishimga ruxsat bering, xo‘pmi?
Majid aka qiyin ahvolda qoldi. O‘zini u yoqqa tashladi, bu yoqqa tashladi, oxiri rozi bo‘ldi.
— Mayli, nima desangiz o‘zingiz bilasiz, lekin bu gapim bolangiz har kuni ostonamga kelib tursin deganim emas! Shuni yaxshilab tushuntirib qo‘ying.
— Baraka toping, iloyim.
Buvgul xola o‘rnidan turdi.

* * *

Sobirning kiyimlarini hafsala bilan dazmol qilish, tuflilarini yaltirab ketguncha tozalashlari, qo‘shiq xirgoyi qilib yurishlarini kuzatish Buvgul xolaga benihoya huzur bag‘ishlardi. O‘g‘lining yuziga g‘am soya solishini istamasdi. Umrining oxirigacha uni baxtiyor holda ko‘rishni xohlardi ona. Kechki payt Sobirning kiyinib, yasan-tusan qilib ko‘chaga otlanganini ko‘rgan kezlarda esa Buvgul xola xursandligidan dunyoga sig‘may ketardi. Kuchiga kuch qo‘shilardi. O‘g‘lining halokatidan keyin azobga aylangan hayotga nisbatan qalbida yashash ishtiyoqi kuchayardi.
“Bu hol qancha vaqt davom etarkin?” degan savoldan etlari junjikib ketgan vaqtlar ham ko‘p bo‘lardi, shunday kezlarda ona o‘zini munofiq sanab, tinchini yo‘qotardi, ammo o‘g‘lining baxtiyor chehrasiga ko‘zi tushgan lahzadan boshlab hammasini butkul unutar, ertaga nima bo‘lsa bo‘lar, mana hozir bolamdan baxtli odam yo‘q dunyoda, menga bundan ortiq yana nima kerak, deya o‘ziga taskin berardi.
Oilaning to‘ng‘ichi Mamatqul bo‘lsa vaqt-bevaqt kelib onasining kayfiyatini buzib kelishdan boshqasiga yaramasdi.
— Bu bolangiz toza bebosh bo‘lib ketdi-ku, ena, — deya shikoyat qilardi u. — Toza ixtiyoriga qo‘yib yubormay, jilovini tortib tursangiz bo‘lmaydimi?!
— Nima qipti? O‘g‘rilik qildimi, g‘arlik qildimi, gapir! — derdi Buvgul xola jerkib.
— Tovba qildim, Sobir to‘g‘risida sal mundayroq gapirgan odam sizga yoqmaydi-ya, ena, — deydi Mamatqul hayron bo‘lib. — Sobirni yomonlagan odam o‘z bolangiz bo‘lsayam kechib yuborasiz-ov!
Buvgul xola qovoq solib, yuzini burdi.
— O‘zingizcha Sobirni farishta deb o‘ylaysiz-ov, — davom etdi Mamatqul borgan sayin alami ortib. — Lekin bilib qo‘ying, shu farishta bolangiz Majid akaning qiziminan kanal bo‘yida o‘pishib, quchoqlashib yuribdi!
Buvgul xola avval seskanib tushdi, so‘ng… qimtingan lablariga tabassum yugurdi.
— Shuytib… yurgan ekanmi?.. — Buvgul xola kemtik milkini ko‘rsatib iljaygancha to‘ng‘ichining yuziga termildi.
Mamatqulning jon-poni chiqib ketdi.
— Ena!
— Vahima qilaverma.
— O‘zingizning qizingiz yo‘q-da, shuning uchun birovning qizining sha’nini o‘ylamayapsiz!
— O‘psa o‘par, yuvsa ketar, deganlar. Qolaversa, ikkovi bir-birini yaxshi ko‘rishadi. Sen … qisib yur!
Buvgul xolaning vajohati qo‘rqqulik edi, Mamatqul ishini bahona qilib qochib qoldi. Ammo eshik oldiga yetganda baribir aytadiganini aytdi:
— Bu ishingizdan hali pushaymon bo‘lasiz, ena!
O‘g‘lining so‘zlari Buvgul xolaning yuragiga o‘qdek qadaldi. Oyoqlaridan mador qochib yerga o‘tirib qoldi.

* * *

Qish adog‘ida Buvgul xola o‘g‘lining tarki dunyo qilgan odamdek xonaga qamalib olganini, ertayu kech bag‘rini yerga berib yotishlarini ko‘rib saodatli kunlar nihoyasiga yetganini fahmladi. Ichida bir nima o‘pirilib tushdi go‘yo…
Sobirning kirtaygan, sog‘inch to‘la nigohlariga boqish og‘ir edi. Uning: “Nega bunday bo‘ldi, ena?” deb so‘rab qolishidan cho‘chirdi Buvgul xola, shu bois kun sovuq bo‘lishiga qaramasdan ertayu kech goh hovlida, goh uy ichida g‘imirlab yurardi.
Bir kech Sobir indamay uydan chiqib ketdi-da, ikki soatlardan keyin gandiraklagancha qaytib keldi.
U mast edi.
Buvgul xolaning yuragi orqaga tortib ketdi, axir Sobirga ichkilik ichish, tamaki chekish mumkin emasdi!
— Ena… — Sobir onasining fikrini uqqanday aybdorlarcha boqdi. — Ichmaslikning iloji bo‘lmadi…
— Mayli, bolam, mayli… Har zamonda ichsang, zarar qilmas…
— Nega ichding deb so‘ramaysizmi, ena?
— Xabarim bor, bolam…
— Indinga uni unashtirishmoqchi ekan… Otasi undan bir og‘iz ham so‘ramasdan sovchilarga rozilik bervoribdi.
— Otasi qaysar odam ekan-da…
— Agar hozir yana bir marta sovchilikka boring, desam borasizmi, ena?
— Mayli, boraman… Lekin…
— Qizning o‘zi ham shunday deyapti. U meni telbalarcha sevadi!
— Oh bolajonim-a…
— Yana bir marta boring, agar otasi yana ko‘nmasa… keyin mayli…
Buvgul xola ilon chaqqanday seskanib tushdi. “…otasi yana ko‘nmasa…” degani Sobirning avvalgi sovchilik mojarosidan boxabar ekanligini bildirmaydimi ishqilib?..
Buvgul xolaning ichidan qirindi o‘tdi. O‘g‘lining ko‘zlariga tik qarashga yuzi chidamadi.
— Nuriddin jo‘ramni chaqiraveraymi bo‘lmasa? — so‘radi Sobir.
— Chaqir.
Sobir ko‘chaga chiqib ketdi.
Buvgul xola bir fursat o‘y surib qoldi. So‘ng imillab kiyindi, dasturxonga to‘rtta non, qand-qurs tugib tayyorlab qo‘ydi.
Shu chog‘ eshikdan Mamatqul kirib keldi. U haddan tashqari darg‘azab edi.
— Agar meni ham bolam desangiz, hech qaerga bormaysiz! — deya dag‘dag‘a qildi u kirgan zahoti onasiga.
— Yo pirim-ey, nega buncha o‘dag‘aylaysan, tinchlikmi, bolam?
— Eshitdim, qayoqqa ketayotganingizni, Sobirning ko‘ngliga qarashni bas qiling endi!
— Menga aql o‘rgatma, demabmidim senga.
— Nima, odamlarga masxara bo‘lmoqchimisiz?! Meni qishloqda bosh ko‘tarib yurolmaydigan qilib qo‘ydingiz-ku!
— Senga nima?! Sen o‘z aravangni o‘zing tortib yuraver. Kasal uka, qari enangminan ishing bo‘lmasin. Boshimda turib olib go‘ngqarg‘aday g‘o‘ng‘illamasang bo‘ldi!
— Obbo… Juda bo‘lmasa o‘z tengimizni topaylik, ena!
— Bolamning tengi o‘sha qiz!
Ko‘cha eshik oldiga mashina kelib to‘xtashi hamon Buvgul xola dasturxonini ko‘tarib yo‘lga otlandi.
Mamatqul ildam yurib onasidan oldin eshik oldiga chiqdi.
— Hov bola, bu yoqqa kir, senda gapim bor, — dedi u Sobirga.
Engashgancha pildirab yetib kelgan Buvgul xola to‘ng‘ichining bilagidan tortib o‘ziga egiltirdi va qulog‘iga shivirladi:
— Agar Sobirga “g‘ing” desang oq qilaman, bilib qo‘y!
Mamatqulning yuzi bo‘g‘riqib ketdi.
— Nima deysiz, aka? — deya yaqin keldi Sobir shu vaqt.
— E, bor-e!
Mamatqul orqa-oldiga qaramay jo‘nab qoldi.

* * *

— Yana qaysi yuz bilan keldingiz, opa? O‘tgan safar kelishgandik-ku! Bechora bir beva ayol ekan, deb iltimosingizga ko‘ndim, lekin siz buni bilmadingiz. Ayol kishi bo‘lsayam odam-ku, deb siylagandim, ammo siylaganni bilmadingiz. Bilganingizda ko‘zingizni lo‘q qilib yana uyimga bostirib kelmasdingiz. O‘g‘lingiz bor, desa yugurib kelaverasizmi? Aqlingiz bormi o‘zi?! He, o‘sha xotinchalish o‘g‘lingizniyam, sevgisiniyam… — qizining xarxashasidan xunobi oshib o‘tirgan Majid aka ostona hatlashi bilan Buvgul xolaning boshiga shunday malomat toshlarini yog‘dirdiki, sho‘rlik ayolning qo‘lidan dasturxoni tushib ketdi, ammo quda bo‘lish hech qachon nasib qilmaydigan qudasiga qarshi bir og‘iz ham gap qaytarmadi, ko‘ylagining uzun yengini og‘ziga bosib, yerga qaragancha miq etmay turdi.
Bu holdan Majid akaning battar jazavasi qo‘zidi.
— Ko‘chada qolgan buzuqi ham ulingizga o‘zini ravo ko‘rmaydi, endi sizga ochig‘ini aytib qo‘ya qolay. Ota-ona papalab katta qilgan qizini qorni to‘q, usti but yuradi, deb erga bermaydi-ku, nahotki shu oddiy narsani ham tushunmasangiz?!
Majid aka naq yigirma daqiqa chamasi javradi, og‘zidan bodi kirib, shodi chiqdi, aytmagan gapi qolmadi hisob, Buvgul xola bularning barini quloq qoqmay eshitdi, Majid aka holdan toyib, jimib qolganidan keyingina sekin ortiga burilarkan:
— Nima desangiz ham haqingiz bor. Bundan battar gaplarni eshitishimni bilardim. Ammo bolamning sazasini o‘ldirgim kelmadi… — dedi va ohista eshikni yopdi.
Zaharolud so‘zlar, bepisand, kinoyali nigohlar suyak-suyagidan o‘tib ketgan, qon bosimi ko‘tarilib, ko‘z oldi qorong‘ilashib, zo‘rg‘a mashinadan tushgan Buvgul xola peshvoz chiqqan o‘g‘lini ko‘rib o‘zini dadillikka oldi.
— Ishqilib… haydab solishmadimi?.. — aybsinib onasiga yuzlandi Sobir.
— Nega haydab solishadi?! Ular tushungan odamlar… Faqat narigi tomon bilan qarindoshliklari bor ekan-da. Qizning o‘zini ko‘rmadim, lekin toza esi ko‘p qiz ekan, qarindoshga erga tegmayman, deb oyoq tirab turganmish… Shuning uchun sho‘rlik Majid qayoqqa borarini bilmay, boshi garang. Qiz o‘stirgan otaga ham toza qiyin ekan-da.
— Demak, butunlay uzib yuborishmabdi-da, a? — so‘radi umidvor ohangda Sobir.
— Ha… — bor kuchini to‘plab javob berdi Buvgul xola va sekin yonboshga quladi.

* * *

Aprelning o‘rtalarida atirgullar yakkam-dukkam ochilayotgan bir paytda Marvaridning to‘yi bo‘ldi. U o‘sha qarindosh yigitga turmushga chiqdi.
Shundan keyin Sobirning xayolida keskin o‘zgarish yuz berdi. U ichkilikka, tamakiga ruju qo‘ydi. Allaqayoqlarga ketib qoladigan odat chiqardi. Buvgul xolaning ko‘p vaqti o‘g‘lini izlab o‘tardi. Yog‘ingarchilik mavsumi emasmi, necha martalab Sobirni loyga belanib yotgan holda topib, yig‘lab-siqtab uyga olib kelardi.
— Muncha ko‘p ichadigan bo‘p qolding? Aroqdan foyda qilmaysan, deb aytgandim-ku senga! — o‘g‘li o‘zini o‘zi xarob qilayotganiga chidab tura olmay javrardi ona.
Sobir esa bunga javoban:
— Nima bo‘lsa bo‘lar, parvo qilmang, ena, — derdi.
Ukasining ko‘cha-ko‘yda mast-alast yurganidan or qilgan Mamatqul onasiga kelib zahrini sochdi:
— Niyatingizga yetdingizmi, ena? Endi rohatini ko‘rib yotavering!
Buvgul xola e’tiroz bildirib to‘ng‘ichini jerkib tashlamadi bu safar, ammo kechga borib ko‘rpa-to‘shak qilib yotib qoldi.
Hanifaxon kelinlik burchini ado etish maqsadida xipcha beliga bir tutamgina shohi fartukni bog‘lab namoyishkorona hovliga kirib kelganida shirakayf Sobir yo‘liga ko‘ndalang bo‘ldi:
— Enamga o‘zim qarayman!
Hanifa kelin qizarib-bo‘zargancha chiqib ketdi.
Sobir ichkilikni bas qildi. Onasini parvarishlay boshladi. Ammo Buvgul xola hadeganda o‘ziga kelavermadi. Qo‘rqinchli o‘ylarni o‘ziga yaqinlashtirmaslikka urinsa-da, baribir Sobirning asablari dosh bermadi.
— Siz bo‘lmasangiz men qanday yashayman, enajon? — deya yig‘lab yubordi u kunlarning birida. — Mening baxtimga tezroq sog‘ayib keting, enajon. Menday notavon sizdan boshqa kimga ham kerak bo‘lardi? Sog‘ayib ketsangiz bas, ichkilikni umuman og‘zimga olmayman! So‘z beraman.
Buvgul xolaning yumuq ko‘zlardan yosh sizdi…
Faqat o‘n kunlardan keyingina ona o‘rnidan turdi. Bundan hammadan ko‘p Sobir quvondi. U yana g‘ing‘illab qo‘shiq xirgoyi qila boshladi…

* * *

Yoz odatdagiday yaxshi o‘tdi.
Sentyabr oxirlarida Sobir g‘alati yangilik topib keldi.
— Marvarid eri bilan yasholmabdi, ajrashib, uyiga qaytib kelibdi, ena.
— Yo‘g‘-e, chakki bo‘pti-da.
— Yaxshi bo‘pti deng, — kuldi Sobir.
— Ha, shumtaka.
— Behazil gapiryapman, ena.
— Tushunmadim…
— Yana sovchilikka bormaysizmi, ena?..
— Qanday bo‘larkin…
— Bir gap aytsam xafa bo‘lmaysizmi?
— Ayt.
— Ko‘klamda kasal bo‘lganingizda qattiq qo‘rqqandim… Sizga bir gap bo‘lsa… yolg‘iz qolishdan qo‘rqdim…
Buvgul xola titrab ketdi. Nigohlarini yerga tikdi.
— Ehtimol otasi endi rozi bo‘lar, — dedi Sobir jur’atsiz ohangda.
— Balki…
— Ammo-lekin Marvaridni boshqa erga berganlari bilan u baribir yana qaytib keladi!
— Senday boladan ko‘ngil uzolmasa kerak-da, aylanay o‘zim sendan, — mehri tovlanib o‘g‘lining boshini ko‘ksiga bosdi Buvgul xola.
— Nima qilamiz endi, ena?
— Sen nima desang, shu!
Sobir xursand bo‘lib ketdi. Onasini dast ko‘tarib gir aylantira boshladi.
— O‘zimning enajonim… Yagona mehribonim…
— Meni tushir yerga, senga og‘ir narsa ko‘tarish mumkin emas! — yalindi ona.
Ammo Sobir onasining iltijosiga quloq solmadi. Holdan toyguncha Buvgul xolani gir-gir aylantirib, so‘ng avaylab yerga qo‘yarkan hansiragancha pichirladi:
— Chumchuqday bo‘lib qolibsiz-ku, enajon… Chumchuqday… Tag‘in og‘irman, deysiz-a?..
Buvgul xola gandiraklagancha devorga suyanib qoldi. Uning boshi aylanar, ko‘ngli ozar, ammo nihoyatda baxtiyor edi…
Uch kun o‘tib Buvgul xola yana Sayxon qishlog‘iga yo‘l oldi. Majid aka bu safar adi-badi aytishib o‘tirmadi, ostonadan haydab soldi, bu kamlik qilganday, tentak onangni yig‘ib ol, aks holda o‘zim uchun javob bera olmayman, degan mazmundagi gaplarini oqizmay-tomizmay yetkazish uchun Mamatqulga odam yubordi.
Anchadan buyon shunga yaqin dilxiralikni kutib yurgan Mamatqulga Xudo berdi-qoldi.
— Odamlarga kulgi bo‘lganingiz yetmaganday, mana telba degan nomni ham oldingiz! Endi ko‘nglingiz o‘rniga tushdimi yo haliyam kami bormi xurmacha qiliqlaringizni?! — deya ayyuhannos soldi u onasining oldiga kelib.
“Telba” degan so‘zni eshitib Buvgul xolaning xiyol yuzi o‘zgardi, ammo indamay piyoz o‘tog‘ini davom ettiraverdi.
— Odamni toza xit qilib yubordingiz-ku, ena! Bo‘lmaydigan ish uchun nima qilasiz elga masxara bo‘lib!
— Elning kulgisini eshitganim yo‘q, — dedi Buvgul xola ishdan bosh ko‘tarmay.
— Sizning qulog‘ingiz Sobirning ovozidan boshqa ovozni eshitmaydi.
Buvgul xola indamadi.
Mamatqul bir necha soniya o‘ylanib turdi-da, so‘ng murosali ohangda dedi:
— Raz Sobirni uylantirish shart bo‘lsa, o‘z tengimizni topaylik, deb avval ham aytgandim. Sizlar bo‘lsa osmondagi oyni orzu qilyapsizlar nuqul! Men o‘sha qizni ko‘rdim… Xullas, hurliqo desam ham kamlik qiladi. Shunday qiz ersiz qolgan taqdirdayam Sobirga…
Kutilmaganda Buvgul xola o‘rnidan turdi. Etagidagi o‘tlar piyoz pushtasiga sochildi.
— Nega hadeb Sobirni yerga uraverasan?! — baqirdi Buvgul xola. — Ko‘zi ko‘rmi, og‘zi qiyshiqmi?! Xudo ravo ko‘rgan “aybi”ni sen pesh qilmasang ham hamma biladi. O‘sha qiz ham! Lekin sen aytgan hurliqolarning sonmingtasiga bolamning harom tukiniyam ravo ko‘rmayman! Bildingmi? Endi bor, ket!
— Darrov jahlingiz chiqmasin, ena. Menam bolangizman, sizlarga yomonlikni ravo ko‘rmayman. Faqat elga masxara bo‘lmaylik, deyman. Lekin siz boshlagan gapimni oxiriga yetkazishga ham qo‘ymaysiz, jovullab tarmashib ketasiz darrov!
— Gapir, nima demoqchisan o‘zi? — dedi Buvgul xola yuragi siqilib.
— Tugalboy akaning bir qizi borakan. Yoshi Sobir qatori chiqar-ov. Gavdasi sal beso‘naqay demasangiz hamma ishni eplarkan…
— Sho‘rim qursin… — Buvgul xola ko‘ylagi yengini ko‘zlariga bosdi.
— Ena!.. Holini bilgan halak bo‘lmaydi, deyishadi. Hamma ish qo‘lidan kelsa, Sobirning osh-ovqatini berib, kir-chirini yuvib yursa bo‘ldi-da!
Buvgul xola birdan yig‘ini bas qildi.
— Gulday ukangga telba qizni ravo ko‘rdingmi?!
— Boshqasi ko‘nmaydi!
— Ko‘nmasa ko‘nmasin! — jazavaga tushib baqirdi Buvgul xola. — Ammo Sobir telba qizga uylanmaydi! Tur, yo‘qol! Ko‘zimga ko‘rinma!
Mamatqul ham o‘zini bosa olmadi.
— Haydamasangiz ham ketaman! Ammo bilib qo‘ying, endi bu uyga qadamimni bosmayman!
Mamatqul urishqoq dakang xo‘rozday bo‘ynini cho‘zgancha ko‘cha tomonga yo‘rtdi.
Besh daqiqalardan keyin uydan chiqqan Sobir onasining yoniga keldi va hazin ohangda dedi:
— Endi hech qaerga bormang, ena!..
Buvgul xolaning ko‘z yoshlari piyoz pushtasiga to‘kildi…
Bu gaplar sentyabrning oxirlarida bo‘lib o‘tdi. Oktyabrning o‘rtalarida esa Marvaridni yana uzatishdi. Uzoq tog‘li qishloqqa kelin bo‘lib tushdi u…
Shundan keyin Buvgul xolaning ko‘rgan kuni qursin… Sobir yana ichkilikka mukkasidan ketdi. Buning ustiga izg‘irinli, yomg‘irli kunlar boshlangandi. Bularning bari Sobirning sog‘lig‘iga yomon ta’sir qilardi. Omon qolgan yarimjon buyrak ham, jigar ham, umuman hamma a’zolar tobora ishdan chiqardi. Sobir isitmalab yotib qolardi. Ammo sog‘aygan zahoti yana ichish-chekishni boshlardi. Faqat sarxush vaqtlarida uning kayfiyati ko‘tarilib, quvnoq bo‘lib qolardi; avvaliga yaxshi gaplardan gapirib, hangomani qizdirardi, so‘ng latifa aytib onasini rosa kuldirardi, oxirida esa yo o‘tirgan yerida uxlab qolardi, yo ho‘ng-ho‘ng yig‘lardi.
Qish kechalari inqillab chiqmagan tun kamdan kam bo‘lardi.
— Sog‘ligingga to‘g‘ri kelmasligini bila turib nega hadeb aroq ichasan? — iltijo qilardi Buvgul xola. — Shu zahar-zaqqumni ichmasang bo‘lmaydimi?!
— Uylanish nasib etmadi, hech bo‘lmasa ichkilik bilan ko‘ngilni xushlab turaylik, ena! — derdi Sobir beshiktebratardek tebranib.
— Uylanish nasib qilmadi, deysan nuqul. Uylanishda bir hikmat bor, deb o‘ylaysan chog‘i. Er-xotinchilikning turgan-bitgani g‘urbat. Hay-hay, hozirgi davring! Mana akang uylanib, nima karomat ko‘rdi? Nima karomat ko‘rdi, a? Uylangandan beri boshi g‘urbatdan chiqmaydi bechoraning. Yarim kun ishga bormasa, xotini boshida yong‘oq chaqadi. Akang sho‘rlikni bizning oldimizga ham yubormay qo‘ydi xotini. Bu juvonmarg jodugarlar nikohingga o‘tib olguncha mo‘min-qobil bo‘lib turadi, keyin hunarini ko‘rsatadi. E-ha, sen xotinlarni bilmaysan! — Buvgul xola qanday bo‘lmasin o‘g‘lini uylanish fikridan “sovutish” niyatida jon-jahdi bilan ayollarni, qizlarni yomonlay ketdi.
Rangpar yuzida azobli tabassum qotgan Sobir onasining so‘zlarini jim turib eshitdi, so‘ng:
— Eh, enajonim-a, — deb qo‘ydi-yu, kostyumini yelkasiga tashlaganicha ko‘chaga chiqib ketdi.
Shu ketgancha u ikki kun qorasini ko‘rsatmadi.
Buvgul xola adoyi-tamom bo‘ldi. Mamatqul ikkalasi bormagan, qidirmagan yer qolmadi hisob, ammo Sobirning daragi chiqmadi.
— Bu oqshom ham kutaylik, kelmasa ertan ertalab milisaga xabar beraman, — dedi Mamatqul iddao bilan qorong‘i tushganda uyga kirib kelisharkan.
Buvgul xola javob bermadi. Oyoqlari shishgan, zo‘rg‘a harsillab nafas olayotgan onaning gapirishga holi qolmagandi. Mamatqul yana nimalardir dedi, ammo Buvgul xola uni eshitmadi, o‘zining “kampir uyi”ga kirdi-yu, to‘shagiga bazo‘r yetib borib hushdan ketdi…
Allamahalda g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir ovozlar qulog‘iga chalingan Buvgul xola ko‘zini ochdi.
Yonginasida Sobir yuziga xavotir bilan tikilib o‘tirardi.
— Yaxshi bo‘lib qoldingizmi, ena? — so‘radi Sobir xiyol engashib. Ovozi bo‘g‘ilib, hirqirab chiqdi.
Buvgul xolaning qorachiqlari kengaydi.
— O‘zing sog‘misan… Bolam…
— Soppa-sog‘man, xavotir olmang.
Mamatqul o‘rtaga gap qo‘shdi.
— Ikki soatdan beri buni tergov qilyapman, lekin miq etmadi, tilini ichiga yutib yuborganmi, nima balo?
Buvgul xola to‘ng‘ichiga ma’noli qaradi. Lekin Mamatqul buni tushunmadi.
— Buningiz bizni tiriklay go‘rga tiqishga qasd qilganmi? Odam shunchalik beo‘y bo‘ladimi?! Bo‘ldi, yetar, shuncha vaqt ixtiyoriga qo‘yganingiz. Endi bu bolaning jilovini menga berasiz, ena. Qaerga borganini aytsa aytdi, aytmasa uchastkovoyga oborib topshiraman. Uchastkovoyning yerto‘lasida ikki kun o‘tirsin, keyin shunday sayraydiki, bulbul ham dog‘da qoladi!
Buvgul xola jahl bilan o‘rnidan turib, to‘ng‘ichiga shunday vajohat bilan o‘qrayib qaradiki, Mamatqul beixtiyor o‘rnidan turib eshik tomon yo‘naldi.
— O‘zi omon ekan, shunisiga shukr qilmaysanmi, noshukr! — deya uning ortidan yozg‘irdi Buvgul xola.
Sobir onasini tinchlantirdi.
Keyin ona-bola ancha vaqt u yoq-bu yoqdan gurunglashib o‘tirishdi.
— Qayoqqa ketib qolding, deb nega so‘ramaysiz, ena? — dedi Sobir bir mahal.
— O‘zing aytib qolarsan, deb kutib o‘tiribman…
Buvgul xola kemtik tishlarini ko‘rsatib iljaydi.
Sobir onasining aynan mana shu holatini xotirasiga muhrlab olmoqchi bo‘lgandek bir zum kiprik qoqmasdan tikilib turdi.
— Marvaridni ko‘rib keldim, — dedi u keyin shikasta ovozda.
— Voy o‘lmasam, shunday sovuqda toqqa borib keldingmi?!
— Tog‘ bo‘lsayam uncha-munchamas… Oyqor degan joy ekan. Marvarid yashaydigan uy tog‘ning kindigida. Pastda bulutlar suzib yuribdi…
— O‘zi omon ekanmi?.. — ehtiyotlik bilan so‘radi Buvgul xola.
— Omon, omon… — peshonasini siladi Sobir. — Shunday baland tog‘da qanday yashar ekan, deb kelguncha o‘ylab keldim…
— O‘ziminan ko‘rishdingmi?!
— Ha, ko‘rishdim, gaplashdim.
— Yo alhazar!
— Bir kunmas bir kun qaytib boraman, dedi. Lekin hozir iloji yo‘q, dedi. Betavfiq eri ko‘chaga ham chiqarmas ekan. Darvozani qulflab kalitini o‘zi bilan olib yurarkan. Biz u bilan darvoza ortida turib gaplashdik… — Sobir bir zum tin olib, so‘ng qo‘shib qo‘ydi: — Menimcha, u yangi yilga yaqin kelib qoladi…
— O‘zi shunday dedimi?
— O‘zi.
— Yo Xudoyim-ey…
— Nima, kelishiga ishonmayapsizmi? Endi ichmayman, hatto sigaret ham chekmayman. Yangi yil kelishiga yaqin qoldi. Zo‘r qilib kutib olamiz, ena, xo‘pmi?
— Xo‘p.
Ona-bola yana biroz gaplashib o‘tirishdi, so‘ng uyquga yotishdi. Sobir boshini yostiqqa qo‘ydi-yu, xurrak ota boshladi. Buvgul xolani esa xayol ochib qochdi. Bir mahal Sobirning alahlagani qulog‘iga chalindi-yu, Buvgul xola irg‘ib o‘rnidan turdi.
Sobir isitmadan alangai otash bo‘lib yonardi.
Buvgul xola necha yillardan buyon nomlari yod bo‘lib qolgan dorilarni o‘g‘liga ichirdi, qo‘shni kelinni chaqirib isitmani tushiradigan ukol qildirdi, ammo hech biri naf bermadi.
Tongga yaqin Sobirni kasalxonaga olib jo‘nashdi.

* * *

Yangi yil arafasida Sobir kasalxonadan chiqdi, faqat ichmaslik, chekmaslik va ikki oydan keyin kelib davolanishni yana davom ettirish sharti bilan…
Uyga kelgan kundan Sobir yangi yilni kutib olish harakatiga tushdi.
— Bu yilgi yangi yilni butunlay boshqacha kutib olamiz, ena, — derdi u hayajon bilan har ikki gapning birida.
Sobirning yangi yil oqshomi sevgilisi o‘z oyog‘i bilan kirib keladigandek orziqib yashayotganini fahmlagan ona uning ba’zi harakatlari erish tuyulsa-da, odatdagidek miq etmasdi. O‘g‘li nima desa shuni ma’qullardi.
Nihoyat orziqib kutilgan yangi yil keldi. Biroq…
Tungi soat uchlarda ham Sobirning to‘kin dasturxon, yasatilgan archa yonida bedor o‘tirganini ko‘rgan Buvgul xolaning yuragi sel bo‘ldi… Suyaklari zirqiradi…
Ertalab esa Sobir uch-to‘rt o‘rtog‘ini chaqirib, rosa maishat qildi.
Yangi yilning birinchi kunidan boshlangan ichkilik oxiri Sobirni yana to‘shakka yiqitdi. Fevralning o‘rtalarida u yana kasalxonaga tushdi. Bu gal ahvoli ancha og‘ir edi. Bir burda bo‘lib qolgan vujudi kechayu kunduz isitmadan qovrilardi. Qaqshatqich og‘riq, behollik, ishtahasizlik…
“Bu kunlarni ko‘rguncha o‘lib ketsam bo‘lardi, — o‘ylardi Buvgul xola siqilib. Lekin zum o‘tmasdan tavba qilib, aytgan gaplarini qaytib olardi. — Sen o‘lib ketsang bolangga kim qaraydi, ahmoq! Bolang xor bo‘lmasin, desang, o‘zingga umr so‘ra Xudodan!”
— Ena, — derdi Sobir isitmasi tushib, sal o‘ziga kelgan kuni. — Shu safar ham sog‘ayib ketarmikinman?..
— Sog‘ayib ketasan, albatta, sog‘ayib ketasan! Hozir seni sovuq havo ham abgor qilyapti-da. Bir amallab yozga chiqib olsak, ko‘rmaganday bo‘lib ketasan!
— Gap ichkilikda bo‘lsa, endi bir gramm ham ichmayman, ena.
— To‘g‘ri qilasan, bolam.
Ikki oydan keyin Sobirga uyga qaytishga ruxsat tegdi. Uning ahvoli ancha durust edi.
Biroq tanish do‘xtirning gaplari Buvgul xolani o‘ylantirib qo‘ydi.
— Bu o‘g‘lingizga qilingan so‘nggi muolaja, — dedi do‘xtir ketishi oldidan Buvgul xolani kabinetiga chaqirib. — Uch-to‘rt oydan keyin uni yana shu ahvolda olib kelsangiz, ochig‘i, hech qanday yordam bera olmaymiz!
Buvgul xola do‘xtirning xonasidan yig‘lab chiqdi. Ammo o‘g‘lining yoniga kelganida mijjalari qup-quruq edi…
Shu yili yozni Sobir har doimgiday bo‘lmasa ham, har qalay yaxshi o‘tkazdi. U endi ichmasdi, chekmasdi, bir yerlarga daydib ketmasdi, o‘zini nihoyatda ehtiyot qiladigan bo‘lib qolgandi. Lekin baribir sog‘lig‘i unchalik yaxshi emasdi.
Atay qilgandek shu yili kuz erta tushdi. Yog‘ingarchilik mo‘l bo‘ldi. Salqin havo Sobirning sog‘lig‘iga to‘g‘ri kelmasdi. U uyga qamalib qoldi…
Buvgul xola to‘ng‘ichini siquvga olib yaxshi hamki ko‘mirni mo‘l qilib g‘amlab qo‘ygan ekan. Oktyabr yarimlamay turib Sobirning xonasida pechka yoqildi. Sog‘lom odamning badaniga xush yoquvchi, kuchiga kuch beruvchi salqin, nam havo ne ajabki Sobirga to‘g‘ri kelmasdi. Xuddi yozdagiday issiq uyda u birmuncha tetik yashardi. Shuning uchun Buvgul xola Mamatqulga: “Ko‘mir g‘amlayver, ko‘mir”, deya ko‘p tayinlardi. Mamatqul gap qaytarmasdi bunday kezlarda, ammo malol kelganday pishqirib qo‘yardi. Buvgul xola kenjasining dastidan to‘ng‘ichining ko‘ziga balo-qazoday ko‘rinib qolganini sezardi, ahyon-ahyonda: “Mamatqulning mendan ko‘ngli qolgan, enam odam ajratadi, deb o‘ylaydi u, Xudo ko‘rsatmasin, uning qo‘lida qolsam, xarob bo‘laman”, deya o‘ylab qolardi. Biroq bu o‘y-xayollari uzoqqa cho‘zilmasdi, o‘zining kelajagi haqida bosh qotirishni istamasdi.
Yangi yil yaqinlashgani sayin Sobir yana bezovta bo‘la boshladi. O‘qiyotgan kitoblarini yig‘ishtirib qo‘yib derazadan tashqariga tikiladi nuqul…
Tashqarida esa… gupillatib qor yog‘ar, tom bo‘g‘otlarida bilakday-bilakday sumalaklar osilib turar, kun sovuqligidan hatto qushlar ham parvoz qilmay qo‘ygandi.
O‘g‘li bu yilgi yangi yildan ham mo‘’jiza kutayotganini his qilgan ona o‘zicha bayramga tayyorgarlik ko‘ra boshladi.
Cherdakdan o‘tgan yilgi sun’iy archani olib tushib, o‘yinchoqlarini bir-bir ilayotganida Sobir yoniga kelib qo‘lidan tutib, onani o‘ziga qaratdi.
— Hamma ish o‘zingizga qolib ketdi, ena… Meni deb toza ovora bo‘lyapsiz-da…
— G‘am yema, menga jin urmaydi. Eson-omon yozga chiqib olaylik, keyin hamma ishni senga topshiraman. Ammo hozir manovi o‘yinchoqni qaerga ilishni bilmayapman.
— Bering menga, siz dam oling birpas.
Buvgul xola o‘yinchoqlar solingan xaltani o‘g‘liga berib, ortga tislana-tislana karavotga kelib o‘tirdi. Charchaganini his qildi. Bo‘g‘inlari bo‘shashib, to‘shak ko‘ziga yaxshi ko‘rindi. Ammo… archa atrofida aylanib, hafsala bilan o‘yinchoqlarni ilayotgan o‘g‘lining ko‘zlarida yashashga, sevishga bo‘lgan ishtiyoqni tuyib beixtiyor o‘pkasi to‘ldi…
Yangi yil oqshomi.
Mo‘’jiza ro‘y bermadi.
Ammo Buvgul xola bir kun avval atay borib taklif qilgan mehmonlar kelishdi. O‘rtoqlarini ko‘rib Sobir xursand bo‘lib ketdi. Allamahalgacha chaqchaqlashib o‘tirishdi. Bu har qalay deraza oldida tashqariga ko‘z tikib o‘tirishdan yaxshi-ku!
Nihoyat mehmonlar ketishdi.
Ona-bola mung‘aygancha yana yolg‘iz qolishdi.
Uy isib ketdi, degan bahona bilan Sobir yana deraza oldiga qo‘ndi.
Ko‘chada hamon bayram tantanalari davom etar, ola-tasir shovqin, qiyqiriqlar quloqqa chalinardi. Ona-bolani bag‘riga olgan xonaga esa shu qadar chuqur sukunat cho‘kkan ediki, bundan uy devorlari ham siqilib ketayotgandek mung‘ayib turardi. Bir mahal Sobirning yelkalari silkina boshladi.
Buvgul xola ko‘ngli vayron bo‘lib o‘g‘liga tikildi.
Shu payt Sobir ortiga o‘girildi: uning qonsiz yuzidan yirik-yirik tomchilar dumalardi.
Buvgul xola tushundi: Sobir hammasini biladi, o‘zining uzoq yashay olmasligini ham, Marvaridning kelmasligini ham biladi, biladi-yu, onasidan yashiradi, xuddi onasi undan yashirganday, ammo shu topda u o‘zini idora qilolmadi, dunyoning butkul dard-alami ko‘zlariga jam bo‘ldi.
Buvgul xola o‘g‘lining boshini ko‘ksiga bosdi. Qaynoq ko‘z yoshlar endi uning ko‘ksini kuydirib, yuragiga tomchilar va undan qon bo‘lib tomirlarga sizib oqardi…
Sobir chuqur xo‘rsindi va keskin burilib yana derazaga tikildi.
Tashqarida esa hamon shovqin-suronli, tantanali hayot davom etar, nafas olar, tomirlari gupillab urib turardi.
Odamlar gurros-gurros bo‘lib ko‘chani to‘ldirib o‘tishar, bir-biriga gap otishar, qah-qah urishardi.
Ular sovuqdan qo‘rqishmasdi. Agar istashsa, hov ufqda qorayib turgan anovi beshafqat tog‘ o‘rkachidan ham narigi tomonga o‘tib ketishga qodir ular, ammo bunday hayot Sobirga begona…
— Bu yil qor yili ekan-ov. Bizdaki shuncha qalin yog‘di, tog‘… tomonlarni aytmasa ham bo‘ladi, — dedi Buvgul xola bir mahal, go‘yo indamay o‘tiraversa o‘g‘li nigohlari bilan oynani teshib, tashqariga otilib chiqib ketadigandek xavotirga tushib.
Sobir javob bermadi.
— Tog‘ yo‘li bekilib qolgandir… — dedi Buvgul xola yana.
— Ena, endi dam oling, — dedi Sobir va asta burildi. Uning dahani titrardi.
Buvgul xola e’tiroz bildirmadi.

* * *

Ertalab soat sakkizlar atrofida ayvondan kelayotgan shovqin-suron qulog‘iga chalingan Buvgul xola irg‘ib o‘rnidan turdi.
“Toza uxlabman-ku, menga ne bo‘ldi?” — deya g‘udranganicha qasabasini boshiga qo‘ndirib, choponini yo‘l-yo‘lakay yelkasiga ilgancha, tashqariga yo‘naldi.
Eshik oldiga chiqdi-yu, Sobirni sudrab kelayotgan Mamatqulga ko‘zi tushib, hushdan ketib qolayozdi.
— Sobirni qo‘yib yubor, juvonmarg! — degancha yugurib borib Mamatqulning qo‘llariga yopishdi Buvgul xola. — Qo‘lingni tort! Bilagini qattiq qisib yubording, juvonmarg…
— Yo‘ldan qoching, ena! — Mamatqul jahl bilan onasini siltab yubordi.
Buvgul xola gandiraklab ketdi, o‘zini o‘nglaguncha Mamatqul ukasini qaysar ho‘kizni sudraganday dahlizga sudrab kirdi.
— Ena! Nega enamni…
Eshik zarb bilan yopildi.
Buvgul xola o‘zini o‘nglab ichkariga kirganida Mamatqul allaqachon Sobirni karavot panjarasiga qo‘shib bog‘lab qo‘ygandi.
— Unga yaqinlashmang, ena! — Mamatqul onasining yo‘liga ko‘ndalang bo‘ldi. — Avval gapni eshiting! Unga qaramang, jin urmaydi uningizga. Jun ro‘molingiz bilan bog‘ladim qo‘lini…
— O‘zingni ajina chalmadimi, bolam?..
— Buningiz saharlab qaerda yuribdi, bilasizmi? Bilmasangiz bilib qo‘ying, buningiz azonda Mahkamboy levakning uyiga borib, uxlab yotgan yerida yoqasiga yopishib, rosa tepkilabdi! Sening dastingdan shu ko‘yga tushdim, deb tomog‘i yirtilguncha toza baqiribdi. Haliyam Mahkamboy levak insof qipti. Buningiz qancha tepkilasayam indamay o‘tiraveribdi. O‘g‘li borib meni chaqirib kelganidayam bu tentagingiz Mahkamboy levakni koptokday tepkilab yotgandi. Zo‘rg‘a ajratib oldim o‘ziyam. Uyga kelguncha mengayam toza hunarini ko‘rsatdi, tinmay so‘kindi-ya, tovba. Toza og‘zi shaloq bo‘p ketibdi buningizni. O‘tinaman, ena, shu safar ulingizni oqlamang. Mahkamboy akaning oldiga borib noto‘g‘ri ish qildi. To‘g‘ri, o‘sha odam mashinasiminan urib ketmaganida Sobir bu ahvolga tushmasdi. Lekin u odam qilmishiga yarasha jazosini oldi, qamoqda o‘tirib chiqdi!
— Jazosini olgani yo‘q! — ko‘zlari qonga to‘lgan vahshiydek qichqirdi Sobir. Uning lablari ko‘karib, ikki chakkasidagi tomiri o‘qlovday turtib chiqqandi.
— Qamoqda o‘tirib chiqdi-ku!
— Unga o‘n yil berishgandi. Lekin u ikki yilda qaytib keldi. Shu bilan oqlangan hisoblanadimi?! Odamning qadri shumi? To‘g‘ri, tirik qoldim, lekin bundan ko‘ra o‘lganim yaxshi edi… — Sobir qo‘llarini bo‘shatmoqchi bo‘lib jazava bilan yulqindi, ammo urinishlari zoe ketgach, birdan yig‘lab yubordi.
Bukri haykaldek tek qotgan Buvgul xola pildirab borib o‘g‘lining oldiga cho‘qqaydi.
— Sadqai ko‘z yoshing ketsin… Voy-bo‘y, ust-boshing jiqqa ho‘l bo‘lib ketibdi-ku! Tez ustingni almashtirish kerak, — Buvgul xola shosha-pisha Sobirning qo‘lini yechishga tutindi.
— Qoching, men… — Mamatqul yaqin keldi.
— Yo‘qol!!! — Buvgul xola butun g‘azabiyu nafratini shu so‘zga jamladi.
Mamatqul serrayib turdi-turdi, so‘ng boshini qashlagancha chiqib ketdi.
Kechga borib Sobirning isitmasi ko‘tarildi. Qo‘shni kelin isitmani tushiradigan ukol qilgandi, Sobir besh daqiqa o‘tar-o‘tmas qaltiroq tutib, hushdan ketib qoldi.
Yana kasalxona.
Havo sovuq. Xona undan battar sovuq.
Tizza bo‘yi qor ustiga yana pag‘a-pag‘a laylak qor yog‘ardi.
Buvgul xola tabiatni yomon ko‘rib qoldi. “Bolamning baxtiga kunlar iliq-issiq bo‘lib tursa ne qilardi? — o‘ylardi ona yuragi siqilib. — Bolamning joniga qasd qilganmi nima balo?!”
Sobirning isitmasi tushgan, ammo ahvoli ancha og‘ir edi.
Shunday bo‘lsa-da, bir haftadan keyin unga uyga qaytishiga ruxsat tegdi.
— Bolam, yana besh-olti kun yotsa bo‘lardi, — dedi Buvgul xola do‘xtirning huzuriga borib. — Isitmasi tushdi, lekin…
— O‘tgan safar aytganlarim esingizdami? — xolaning gapini kesdi tanish do‘xtir. — Necha yillardan buyon imkon qadar o‘g‘lingizni davolab keldim, davolayapmiz yana. Bu safar yuragi mini infarkt bo‘lgan ekan, kerakli muolajani oldi. Bu yerda yotavergandan foyda yo‘q. Sovuqni ko‘rmayapsizmi? Quvurlar yorilib ketganidan beri kasalxonaning muzlatgichdan farqi qolmadi…
— Tok pechka opkelaman…
— Tushunmayapsiz, opa!
— Bu yerda harna bexavotir bo‘larmidi, deyman…
— Ortiqcha palata yo‘q.
Xonaga basavlat do‘xtir kirdi.
— Bora qoling, — muloyimgina javob berdi tanish do‘xtir.
Buvgul xola yo‘lakka chiqib, eshikni yopdi. O‘yga tolib, eshikka suyandi. Shu vaqt ichkaridan tanish do‘xtirning ovozi eshitildi:
— O‘g‘lining uch oylik umri qolgan. Endi unga ukol-dori hayf! Lekin buni menarov ayolga tushuntirolmay halakman. Odamlarimiz qanchalar omi!
Buvgul xolaning qo‘l-oyoqlari muzlab qoldi…
Ko‘zini ochganida o‘zini o‘g‘li yotgan palatada ko‘rdi. Ustiga adyol yopilgan, bilagiga osma ukolning ninasi sanchilgan…
Yostiqdan boshini ko‘tarib, onasining yuzidan ko‘z uzmay turgan Sobirning quruqshagan lablaridan uchgan so‘zlar uzoq-uzoqlardan eshitilganday tuyuldi:
— Yaxshi bo‘lib qoldingizmi, ena?..
Buvgul xola xiyol boshini ko‘tarib o‘g‘liga qaradi.
— Men yaxshiman, bolam, o‘zing-chi?..
— Ertaga uyga ketarkanmiz! — dedi Sobir, ovozi shu qadar beg‘ubor ediki, xasta odamning ovoziga o‘xshamasdi sira.
Buvgul xola bo‘sh qo‘li bilan yoqasini ushladi…
Devorlarning suvog‘i ko‘chgan, o‘ydim-chuqur, deraza oynalari xira, ancha qarovsiz, ammo qadrdon uy…
“Bolamning kun-soati bitib borayotganini sezmaymanmi? — uyga kelganidan keyin ham tanish do‘xtirning gaplarini o‘ylab xunobi oshdi Buvgul xolaning. — Kasalxonada bo‘lsa… uncha qiynalmaydimi, devdim… Kim bilsin, bolam yashashni bunchalik istamaganida balki ko‘proq yasharmidi! “…dori-darmon hayf”, emish. Qisib qolgan dorilarini boshqalarga pullaydi-da endi. Palatani ham balki kimgadir to‘g‘rilab qo‘ygandir?.. Sobir haq: odamning qadri shumi?!.”
Buvgul xola ertayu kech o‘g‘lining yonidan jilmas, uxlagan vaqtlarida yuziga termulib o‘tirar, uyg‘onganda bir yil ko‘rishmagan odamdek soatlab gaplashardi. Xayoliga nima kelsa, shuni gapirardi, muhimi, Sobir mahzun o‘ylar girdobiga tushib qolmasa bas. O‘g‘lining rangpar chehrasidan loaqal yilt etgan tabassum sirg‘alib o‘tishi uchun sho‘rlik ona nimalarni to‘qib-bichmasdi?
Vaqti-vaqti bilan Buvgul xola o‘g‘lining o‘rtoqlarini mehmonga chaqirishni ham unutmasdi.
Fevralning o‘rtalarida Sobir butunlay to‘shakka mixlanib qoldi. Hatto hojatni ham onasining yordamisiz eplay olmasdi.
— Ena, meni deb ko‘chaga ham chiqolmay qoldingiz. Bola paytim qaraganingiz yetmaganday, haliyam tuvagimni to‘kib yuribsiz, — derdi Sobir xijolatdan qizarib.
— Ko‘chaga chiqolmay qoldingiz, deysan nuqul, shunday sovuqda nima bor menga? G‘uvjinglab eshikma-eshik yurgandan ko‘ra issiqqina uyda o‘tirganim yaxshimasmi? Uyingizga kirsam, chiqqim kelmaydi sira, deydi ukolchi kelin. Ularning uyi yaxlab yotibdi. Ko‘mirlari yo‘q ekan!
— Yozga chiqib olsam, qo‘lingizga hatto supurgi ham ushlatmayman!
— Yozga ham nima qoldi? Fevral o‘tdi hisob. Martning sal-pal ayozi bo‘p turadi-ku, lekin apreldan qo‘rqmasa ham bo‘ladi. Keyin u yog‘i yoz, Xudo xohlasa!
Shu taxlit samimiy boshlangan suhbat bir soatlardan keyin butunlay boshqacha tus oladi.
— Ena, anov kishi kim? — yotgan yerida ko‘zi bilan eshik tomonga ishora qiladi Sobir. — Qachondan beri menga tikilib turibdi…
— U yerda hech kim yo‘q, bolam, — deydi Buvgul xola yuragi orqaga tortib.
— Yaxshilab qarang, ana, qarab turibdi-ku menga!
— Charchading, bolam, biroz mizg‘ib olasanmi?
— Avval anovi bu yerdan ketsin!.. Ie, men uni notanish bir odam desam, otam ekan-ku! Qarang, ena, otam keldi. Uyga kiring, demaysizmi? Dasturxon yozmaysizmi? Nega jim qarab turibsiz, ena? Axir otam keldi!
— Mayli, otangga o‘zim qarayman. Sen mizg‘ib ol, bir pas, keyin…
— Nega aytganimni qilmaysiz, ena? Otangga o‘zing qara, deganingizmi bu?! Qaramasangiz qaramang, o‘zim… — Sobir turishga intildi.
— Jon bolam… — Buvgul xola o‘g‘lining yelkasidan tutib o‘rniga yotqizdi, ammo Sobir yana turishga harakat qilib yulqina boshladi. — Jon bolam, joyingga yot… Otangga o‘zim qarayman, dedim-ku… Sen picha mizg‘ib olgin, iltimos…
— Ena, enajon… — mushtday kampirga qarshilik qilgulik holi qolmagan Sobir o‘zini yostiqqa tashlab, yig‘lay boshladi endi. — Nega vaqtida aytganimni qilmadingiz, ena? Otam arazlab ketib qoldi! Endi to‘yni otamsiz o‘tkazamizmi? Otamsiz o‘tkazamizmi to‘yni?..
— Xafa bo‘lma, otang yana keladi, — Buvgul xola o‘g‘lining qonsiz yuzini silarkan… yum-yum yig‘lardi.
— Kelaman, dedimi otam?
— Kelaman, dedi. O‘zing ham eshitgandirsan?
— Eshitmadim… Lekin otamga ishonaman, kelaman, degan bo‘lsa, albatta, keladi.
Sobir asta-sekin tinchlanib, uxlab qoldi.
Boshqa bir kun, yarim kechasi Buvgul xola Sobirning vahimali qichqirig‘idan yuragi yorilguday bo‘lib uyg‘ondi.
— Ena, anovi juldur kiyimli xotinni haydang! Ustimga bostirib kelyapti, haydang, haydang, deyapman! — deya yotgan yerida to‘lg‘onib qichqirardi Sobir.
Buvgul xola jon holatda yugurib borib chiroqni yoqdi, so‘ng muzday suv olib kelib o‘g‘lining yuziga sepdi.
Sobir chuqur nafas oldi-yu, birdan tinchib qoldi. Buvgul xola asta egilib, o‘g‘lining ko‘ksiga qulog‘ini qo‘ydi, hapriqqan yurak bir necha soniya qattiq-qattiq urib turdi-da, so‘ng sekin-asta maromiga tushdi.
Buvgul xola xotirjam tortdi. Chiroqni o‘chirishga bordi. Shu vaqt bexosdan o‘g‘lining yuziga ko‘zi tushdi. Sobir go‘yo bir daqiqa ham uxlamagan, alahlamagan odamdek ko‘zlarini katta-katta ochib onasiga qarab yotardi.
— Chanqadingmi, bolam?..
— Chanqadim, lekin qaynatilgan guruch suvini ichmayman endi.
— Nega?..
— Hech bo‘lmasa, to‘yimda guruch suvini tiqishtirmang, ena!
— To‘y…
— Ha, to‘yim bo‘lyapti! Siz nega to‘yga chiqmayapsiz, ena? Hamma hovlining changini chiqarib o‘yinga tushib yotibdi-ku. Yo Marvaridning menga tegishiga ishonmayapsizmi, ena! Xavotirlanmang, Marvarid kasalligimni biladi. Bila turib, turmushga chiqyapti menga. U menga nima dedi, bilasizmi? Uyat bo‘lsa ham aytaman sizga, chunki mening sizdan bo‘lak qadrdonim, sirdoshim yo‘q! Aytaveraymi, ena?..
— Aytaver, bolam.
— Men sizning yuragingizni sevaman, ishtoningiz ichida biror narsa bo‘lishi shart emas, dedi u menga.
Buvgul xolaning yuzidan issiq chiqib ketdi. Gap topolmay qoldi.
— Mana, ko‘rdingizmi, ena, Marvarid qanchalar dono! Boshqa hech bir ayol bunday demagan bo‘lardi. Shuning uchun ham uni telbalarcha sevib qoldim-da! Nega indamaysiz, ena? Yo mendan xafamisiz?
Sobir onasining qo‘lidan tutdi.
— Xursandman, bolam…
— Nega unda bizga baxt tilamayapsiz, ena?
— Baxtli bo‘linglar, iloyim… Qo‘sha qarib yuringlar… iloyim… — Buvgul xola o‘kirib yuborishdan bazo‘r o‘zini tiydi.
— Endi bir o‘ynab bering, ena. Mening to‘yimda o‘ynamaysizmi? Akamning to‘yida rosa o‘ynagandingiz-ku!
— O‘ynayman, bolam… Sal nafasimni rostlab olay…
— Turing, tura qoling endi. Hamma sizga qarayapti, o‘ynay qoling, ena, enajon…
Sobirning titroq barmoqlari onasining qo‘llarini paypaslay boshladi.
— Bo‘pti, o‘ynayman… — Buvgul xola labini qattiq tishlab, o‘rnidan turdi.
— Hey, mashshoqlar! — qichqirdi Sobir. — Dunyodagi eng yaxshi kuyni chaling. Mening onam raqsga tushyapti! Mening onam!..
Buvgul xola ko‘zlarini chirt yumib, navdadek bilaklarini yuqoriga ko‘tardi…
Tun bo‘yi o‘zining to‘yini qilib, urinib qolgan Sobir tongga yaqin tinchlanib, uyquga ketdi.
Buvgul xola ham titrab-qaltiragancha to‘shakka quladi…
Ikki soatlardan keyin biroz tiniqib, yengil tortib uyg‘ondi. Yonida Mamatqul o‘tirardi.
— Bugundan boshlab haydasangiz ham ketmayman, — dedi u yerga qarab. — Sobirga o‘zim qarayman. Hanifa kelib eshikdagi ishlarga qarashib turadi.
— Sobirga o‘zim qarayman, uni deb ovora bo‘lmanglar, — dedi Buvgul xola o‘rnidan turib, qasabasini to‘g‘rilarkan.
— Qarashsam nima bo‘pti? Kechasiminan Sobir baqirib chiqayotganmish… Odamlardan eshitdim! Bir og‘iz aytmaysiz ham…
— Qarg‘a qag‘illasa ham odamlar Sobir baqirdi, deyveradi. Senam, xotining ham ovora bo‘lmanglar.
— Sizga hech tushunmayman, ena. Meni shunchalik yomon ko‘rishga arziydigan nima ayb qildim?!
— Ikkita bolang bor, qay birini yomon ko‘rasan?!
— Nega odam ajratasiz bo‘lmasa? Senga ishonmayman, deb ochig‘ini aytib qo‘ya qoling, yaxshisi!
Buvgul xola indamadi.

* * *

O‘tgan yilning kuzi erta kelgandi. Yangi yilning bahori negadir kechikdi…
Surunkasiga yomg‘ir aralash qor yog‘ardi.
Nam, izg‘irinli havo arimasdi borliqdan.
Hatto, birinchi may kuni qor yog‘ib berdi.
Sobir kundan kun madordan ketib borardi. Tunlari tez-tez nafasi qisilardi. Bo‘yni tol xivichday, qovurg‘alarini sanasa bo‘lardi, isitma qoq-quruq vujudini betinim larzaga solardi…
Ammo tili har doimgiday biyron edi.
— Ena, yaxshi bo‘lib ketsam, birovdan qarz olib bo‘lsayam, sizga dunyoni ko‘rsatardim!
— Iloyim, niyatingga yet, bolam.
— Ammo hozir shunday tashqariga chiqqim kelyaptiki!.. O‘z oyog‘im bilan yurib ko‘chalarni bir aylanib kelsam, deyman… Mana bu yerimda tosh bo‘lib turgan narsa yozilib ketarmidi…
— Akangga aytaman, hozir kelib seni hovliga olib chiqadi.
— Akam meni ko‘tarib olib chiqadimi?
Buvgul xola nima deyishni bilmay, kalovlandi.
— Nima, meni bir umrga ko‘taram bo‘lib qoldi, deb o‘ylayapsizmi? Men hali o‘z oyog‘im bilan yuraman! Faqat yoz kelsin…
Sobir derazaga intiq tikildi.
— Lekin hozir akamni chaqirmang. Qachonki sog‘ayib ketsam, o‘z oyog‘im bilan yurib hovliga chiqaman! Oz qoldi, yana biroz chidasam… bas!
Buvgul xola o‘g‘lining matonatiga tan berdi ichida, shuncha azob-uqubatlardan keyin ham Sobirning hayotga bo‘lgan ishtiyoqi so‘nmagani, subhidam chog‘i yangi kunni quvonch bilan qarshi olishini ko‘rib hayratga tushadi.
Ammo kechga borib u yana o‘zini yo‘qotib qo‘yardi. Ayniqsa, keyingi kunlarda oldiga odam kirishini yoqtirmay qoldi. Hol so‘rab kirgan tanish-bilishlarini oldiga solib quvlardi.
— Yo‘qol hammang bu yerdan! Pishirib qo‘yibdimi bu yerda senlarga?! Kim chaqirdi o‘zi senlarni? Kino ko‘rgani keldilaringmi bu yerga?!
Sobir shaloq so‘zlar bilan so‘kinar, qo‘liga ilingan narsani eshikka qarab uloqtirardi.
— Ena, Sobirni deb ado bo‘ldingiz-ku, — dedi Mamatqul kunlarning birida onasiga achinib. — Ahvolingizga bir qarang, so‘roq belgisiga o‘xshab qopsiz! Sobirning endi o‘nglanishi qiyin… Uydan chiqayotgan peshob hidi dimoqni yoradi. Sizning dimog‘ingiz o‘rganib qolgan, shuning uchun o‘zingizga sezilmaydi. Lekin odamlar nimalar deyishmayapti!
— Odamlar mening uyimga kirmay qo‘yaqolishsin!
— Gap faqat bundamas. Er yetgan yigitni o‘zi yuvib-taraydi, bu kampirning iymoni ham qolmadi, deguvchilar ham bo‘lyapti axir!
— Mening iymonim — bolam! U yog‘i bilan ishing bo‘lmasin.
— Jahlim tezligini bilib ukamga yaqin yo‘latmayapsiz meni, bilaman buni. Mening esa sizga jonim achiydi. Sobir endi avvalgidek bo‘lmaydi. Yaxshisi, uni nogironlar uyiga topshiray…
Mamatqul gapini tugatolmadi, yuziga tushgan tarsakidan ko‘zlari chaqchayib ketdi.
— Qorangni o‘chir! Daf bo‘l! — Buvgul xola eshikni lang ochdi.
Mamatqul chiqib ketdi.
Buvgul xola biroz kutib turdi, so‘ng tez borib ko‘cha eshikni tambaladi.
“Aqldan ozyapman”, — xayoldan o‘tkazdi ona ayvon ustuniga suyangancha.
Kechga yaqin shirakayf Mamatqul darvoza oldida ancha turdi. Buvgul xola eshikni ochmadi.
Mamatqul deraza tagiga kelib obidiyda qila boshladi:
— Men har doim sizga yaxshi bo‘lsin, deyman… Lekin siz buni tushunmaysiz!.. Bilaman, siz bo‘lmaganingizda ukam allaqachon o‘lib ketardi. Ammo o‘zingizni ham o‘ylang-da!..
Bu gaplarni Sobir ham eshitdi. Savol nazari bilan onasiga qaradi. So‘ng:
— Ba’zida odamlar darddan ham xavfliroq bo‘lishadi, — deya pichirladi u.
Buvgul xola indamadi.
Mamatqul obi-diyda qila-qila oxiri ketdi.
Nimqorong‘i xonada ona-bola qolishdi. Ikkisining ham ahvoli yaxshi emasdi. Ammo churq etishmasdi. Ne kunlarni boshdan o‘tkazib kelayotgan ona-bola ayni damda bir-birlariga tasalli befoydaligini bilishardi…
Iyunning o‘n beshinchi kuni Sobir olamdan o‘tdi. Shundan keyin kunlar birdan isib ketdi. Lang‘illagan osmondan quyosh ayovsiz kun sochar, zamin olovga tashlangan yong‘oq singari paqqos yorilib ketadigandek harsillar, dov-daraxtlar esa kundan-kun ko‘kka bo‘y cho‘zardi…
Odamlar xursand: “Yomg‘irning mo‘l bo‘lganidan ekin-tikinning avji baland. Bu yil arzonchilik bo‘ladi, Xudo xohlasa!”
Bunday xursandchilik birgina Buvgul xolaning ko‘ngliga sig‘masdi. Ayvon ustuniga suyanib, mung‘ayib o‘tirgan ona bir so‘zni takrorlardi:
— Men yomon qoldim, sen yaxshi bor, bolam…
So‘ng birdan qahrlanib olov purkayotgan osmonga tikilarkan savdoyilarcha shivirlardi:
— Odamni ermak uchun yaratib, uni eplay olmay qolganingdan keyin o‘limni o‘ylab topdingmi?.. Oloving mo‘l ekan, nega shuni vaqtida bermading?!.

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 562, bugungi 12)

Izoh qoldiring