Bayram Ali. Ko’ngil siniqlari yoxud Vatan, odamlar va sevgi haqida o’ylar

Ashampoo_Snap_2017.03.31_18h30m36s_005_.png    Ватанидан айрилган инсон илдизидан айрилган дархтдирки, сал эсган шабадага синаман деб туради. Ватанидан айрилган инсон мазлумларнинг мазлумидирки, қувончлари ёлғон, кулгулари сохта, энг бахтиёр дамларида ҳам кўнглининг бир чети кемтиклигича қолади. Ҳар қандай жонзотни Ватанидан айириб кўниктириш мумкин, йўқ, инсонни кўниктириб бўлмайди. Идишга қатра-қатра томиб турган сув бир куни тошиб кетганидай, Ватан соғинчи ҳам йиғилиб-йиғилиб вужудни маҳф этади, хаста айлайди, даво чоралари кўрилмаса хароб қилади…

Байрам АЛИ
КЎНГИЛ СИНИҚЛАРИ
007

 0-Bayramali rasmi (2).png Байрам Али (Байрамали Қўлдошев) 1991 йилнинг 23 – июн куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Чим қишлоғида туғилган. Илк таьлимни шу қишлоқдаги 81-умумий таьлим мактабида олган. Мактабни тугатгач, 2008-2011 йилларда Чим маиший касб-хунар коллежини битириб чиқади. Илк шеърлари ва ҳикоялари мактаб давриданоқ республика газета-журналларида эълон қилинган. Айни пайтда вилоятнинг «Дарё»газетасида мухбир сифатида фаолият бошлади. 2013 йилда “Dizayin press” нашриёти тамонидан “Болангман, дунё” номли шеър ва ҳикоялардан иборат китоби нашр этилган.

007

1. ВАТАН ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Ривоят

Ривоят қиладиларки, Парвардигор инсонни азалдан синов учун яратади. Бир муддат жаннатда, қарамоғида сақлагач ерни бунёд қилиб яшаш учун ерга тушириб юборади, ҳамда ҳолидан хабардор бўлмоққа фаришталарни масъул қилиб қўяди. Аммо кўп ўтмай фаришталар Худонинг даргоҳига келиб одамзот осмонга қайтишни ёлвораётганини билдирадилар.

-Нима учун? — лол бўлади Парвардигор. – Осмон қанчалик менинг даргоҳим бўлса ер одамзот учун шу қадар маскандир. Мен одамзотга мўл ризқ бердим, у учун ернинг бағрини ўйиб бўлоқлар бунёд қилиб қўйдим. Ҳар не истаса ерда бор, айтинг, бандам бунинг қадрига етсин ва ўзим чорламагунимча ерда яшайверсин.

Фаришталар инсонга Парвардигорининг сўзларини йитказмоққа ерга тушиб кетадилар. Кунлар ўтиб эса Яратганинг даргоҳига яна қайтиб келишади. Бу сафар Парвардигорга энди одамзот аввагидай ялиниб ёлвормаётганини, аммо осмонда яшашни шу даражада истаётганидан “оҳ” чекиб, назар солгувчининг юрагини ўртар даражада маюс юрганини айтишади. Бу гапни эшитган Қодири Мутлақ ўйга толади. Бироз туриб шундай дейди:

-Аттанг, мен бандамнинг руҳига ранг-баранг ҳиссиётларни жо қилибману, уларнинг энг гўзали, жамики эзгу туйғуларнинг асоси бўлган Ватан туйғусини сингдирмаган эканман-да…
Айтадиларки, шундан кейин Парвардигор инсонларга Ватан туйғусини ином қилган ва ерда туғилаётган ҳар бир гўдак она заминига нисбатан чексиз муҳаббат билан улғаяр эмиш…

Ватан — остонадан бошланади…

Ўшанда бешинчи ё олтинчи синфларда ўқир эдим. Қўшни қишлоқдан биз тенги болалар мактабимизга келиб футбол мусобақаси уйиштиришни таклиф қилиб қолишди. Хаста эдим, футбол ўйнай олмасдим, аммо қолган дўстларим таклифга рози бўлишди. Хуллас мен тамошабинга айланиб, дўстларим мусобақани бошлашди. Тан олиш керак қўшни қишлоқнинг болалари биздан кўра бўйдор, югуриш тезликлари ҳам анчайин йўқорироқ эди. Мусобақа натижаси биз учун шармандали бўлди: етти-ю нол…

Қўшни қишлоқнинг болалари қайтиб кетаётиб устимиздан роса кулишди, бизнинг эмас, маҳалламизнинг устидан мазах қилишди… Мен ўшанда биринчи марта аниқ-тиниқ ҳис қилдим Ватан туйғуси нима эканлигини. Дўстларим йиғлаётганларини бир-бирига сездирмаслик учун ариқдаги сувга юзларини бот-бот юваётганларида, футболга қўшилолмаганимдан аламим келиб ўзим ҳам “қулт-қулт” ютинганимда, кўзларимни ҳаммадан яширнча енгимга артиб-артиб олаётганимда ҳис қилдим…

Оддий мусобақада ютиб чиққан қўшни қишлоқ болаларинг қувончи ичига сиғмай бир-бирларини осмонга отишиб, кулишиб-ҳайқириб қишлоғига қайтганларини ҳам тушуниш қийин эмас. Ахир кухна ҳақиқат шундай: Ватан остонадан бошланади. Ватанга муҳаббат ҳам ўз уйи, ўз маҳалласидан бошланади…

Кўнгил қотили…

Дунёда айрим тоифа нсонларнинг дуолари ижобатдир, дейдилар. Жумладан ватанидан айрилган мусофир инсонларнинг дуолари…

Сабаби, Ватанидан айрилган инсон илдизидан айрилган дархтдирки, сал эсган шабадага синаман деб туради. Ватанидан айрилган инсон мазлумларнинг мазлумидирки, қувончлари ёлғон, кулгулари сохта, энг бахтиёр дамларида ҳам кўнглининг бир чети кемтиклигича қолади. Ҳар қандай жонзотни Ватанидан айириб кўниктириш мумкин, йўқ, инсонни кўниктириб бўлмайди. Идишга қатра-қатра томиб турган сув бир куни тошиб кетганидай, Ватан соғинчи ҳам йиғилиб-йиғилиб вужудни маҳф этади, хаста айлайди, даво чоралари кўрилмаса хароб қилади.

Ватандан айролик токи мазлумлик экан, токи оғир бир хасталик экан, бас, кимнингдир бу хасталикка “чалинишига” сабаб бўлган инсон у дунё-ю бу дунё ювилмас гуноҳ эгасидир. У эрк қотили, кўнгил қотили, вужуд қотили!

Ҳа, бундай инсон шаксиз қўли қонга, қалби жаҳолатга ботган қотилдир!

“Америкалик”

Давлатлар аро тузилган шартнома боис, тадбиркорлик мақсадида Америка фуқаролари вилоятимизга кириб келишди. Улар билан бирга ранги сап-сариқ, ғалати ари ҳам пайдо бўлди. Биз уни оддийгина қилиб “америкалик” деб атадик. Бир куни энам:

— Болам, америкалик арилар анқовроқми? Уясини турткиласанг, ташлаб қочишади. Эй, ўзимизнинг жайдари ари қурсин, инини бузиб туширсанг ҳам ғуж бўлиб бузилган уясига ёпишгани-ёпишган, жониям кўзига кўринмайди. Вақтида қочиб қолма-чи, нақ балога қоласан-а! — деб қолдилар.

— Эна, биз ўзбекларнинг ариси ҳам юртим деб яшайди-да ахир! — жавоб бердим мен.

Ўшанда, биз акамлар билан ушбу ҳазил гапга кулишиб турганимизда энам жиддий тортиб хаёлга чўмган эди. Яна билмадим-у, гуё гапимга тарих зарварақларидан мисоллар қидираётгандай эдилар у киши…

Разолат қўллари синган замонда,
Урушлар, жанжаллар тинган замонда,
Одамлар инсофга инган замонда,
Кимлардир гапимни тинглаб кулади…
Лек кўнгил ёмон-да, қурғур ёмон-да,
Ватанга жонимни бергим келади.

Қисмат-да, шоирлар нолиш этади,
Бўзлайди, булбулдек хониш этади,
Баъзида бекорга ёниш этади.
Гўё тоғлар каби мардона юртим,
Менинг бу жонимни болиш этади…
Ватанга жонимни бергим келади.

Дўстларим, Ватанни билганча суйинг,
Шеърларим ўқинг-у, уқмоқни қўйинг,
Лек сиздан ўтинчим, шу рост сўзимни,
Илтимос, илтимос, ҳазилга йўйинг.
Нетайин, ўйларим “олма теради”,
Ватанга жонимни бергим келади…

Ватан шанига ёмон гап айтиш шунчаки ақлсизлик эмас, тубанликдир. Чунки ўта кетган ақлсизлар ҳам туққан онаси ва вояга етказган отасини бадном қилмайди.

***

Ватанига муҳаббат қўйган киши ҳаётдан муносиб ўрнини топа олади. Чунки ватанпарварлик биринчи галда Оллоҳга манзур сифатлардан бўлса, иккинчидан инсонни улуғ ишлар бажаришга ундаб туради.

***

Инсон ўз Ватанини севмас экан ҳаётида эришган ҳар қандай мувафақиятининг шукуҳи бўлмайди. Шукуҳсиз мувафақиятнинг кишига кераги борми? Бундай мувафақият мувафақиятми ўзи?.. Мен бу саволга жавоб беришни ҳар бир кишининг ўзига ҳавола қилган бўлардим.

***

Ватаннинг кичкинаси бўлмайди, ҳар кишининг ўз ватани ўзи учун кенг ва поёнсиз. Бундай поёнсиз сарҳадни митти юрагиги жойлай олган киши эса Улкан одамдир.

***

“Коинот гултожи инсондир азал, ундадир энг олий тафаккур амал…” – деб ёзади устоз шоир. Э, воҳ! Аммо нима учун ўз Ватанимизни биз оддий жониворларчалик севаолмаймиз?!!..

2. ОДАМЛАР ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Дунёдаги жами жотзотлар ичида фақат Инсонгини кулиб туриб йиғлаши, йиғлаб туриб кулиши мукин. Фақат инсонгина бошқа нарсани ўйлаб, бошқа бир гапни суйлай олади. Дунёда инсонгина меҳрини устамонлик билан яшириб дилида сақлайди, танхо инсонгина чексиз нафратини ғанимига сездирмайди…

Қанчалар мукаммалдир,
Қанчалар сохтадир, Одамлар…

Кулиш гуноҳ саналадиган латифа

Бир куни Шайтони Лаъин янги туғилган боласини олам билан таништириш учун сайрга олиб чиқибди. Улар эшакка дуч келишибди энг аввал. Эшакнинг ғаройиб тусини кўрган шайтонвачча қўрққанидан онасининг ортига беркинибди.

-Қўрқма болам, бу оддий бир эшак, — боласини юпатибди она шайтон.- Ўзи жуда мўмин жонивор, ҳатто миниш мумкин…

Улар яна бироз юришиб итга дуч келишибди. Шайтонвачча итдан ҳам қўрқиб йиғлай бошлабди.

-Нега қўрқасан болам, бу шунчаки ит-ку, — уни яна юпатибди онаси.- Қара, тош отсанг қочиб қолади…

Улар йўлида давом этибдилар-у, олдиларидан баҳайбат арслон чиқибди. Арслоннинг важоҳатини кўриб шайтонваччани қалтироқ босибди.

-Қўрқма чироғим, — тағин боласини юпатибди шайтон эса. – Бу арслон, арслонлар табиатан кўнгилчан ва анқовроқ бўлади…

Она бола йўл юриб-мўл юриб одамзотни ҳам учратишибди. Шайтонвачча бу ожизгина кўринадиган жотзотнинг нелигини билмай гоҳ онасига, гоҳ инсонга қараб турган экан, она шайтон уни ўзига яқинроқ тортибди ва дебди:

-Бу одамзотдир, болам. Сен зинҳор унинг оддий кўринишига алданма. Ҳали ёшсан, ундан узоқроғ юрганинг дуруст…

Турфа одамлар…

Одамларни умумий қилиб яхши ва ёмон тоифага ажратамиз. Шу икки тоифа доирасида қизиқ ухшатиш – бағри кенг одамлар ва майда одамлар ҳам бор. “Майда одамлар” дейишлик шундай тоифа инсонларнинг ҳулқига киноявий бир таърифки, бундай одамларнинг димоғи жуда баланд бўлади, кўзи жуда оч бўлади. Амали билан атрофида орттиролмагани ҳурмат-иззатни ўзи ҳақида тўқиган ёлғонлари ва сиртдангини ғурурга ўхшаб туйиладиган ҳавойилиги билан, қолаверса, зўравонлик десак ошиб кетар-у, кези келганда шаллақилиги билан қозонишга ҳаракат қилади. Бағри кенг одамларнинг бағри кенгилиги эса шунда намоёнки, улар ҳар қандай сохтагарчиликлардан холи, самимий суҳан ва катта қалб соҳибидирлар, инчинун, кечирувчанлиги, ҳали тарифини келтиранимиз “майда одамлар” билан тортишаверишни ўзига эп кўрмаслиги билан ҳам ажралиб туради. Лекин кошки одамзоти фақатгина “бағри кенг” ва “майда одам” бўлиб, борингки “яхши” ё “ёмон” бўлиб тоифаланибгина қўяқолса! Йўқ, мени ҳаётда кўпроқ ўйлантирадигани, ҳамда таажжубга соладигани “худбинлиги бор-у, яхши одам”, “жудаям танти, аммо ёмон одам”лардир.

“Худбинлиги бор-у, яхши одамни ёмондан яхшироқ деса бўлармикин… Ёки танти, аммо ёмон одамни яхшидан ёмонроқ санаса-чи, бўлармикин?” — деб кўп ўйга толаман.

Азал томиринг туташ, тақдиринг ўхшаш, орзу-умидларинг эш, бироқ нега бунча турфасан, эй Одам Ато ва Момо Кибриёллонинг фарзандлари?!..

“Одам бўлмоқчиман!”

Жуда гўдаклигимда отамдан сўрадим: “Ота, катта бўлсангиз ким бўласиз?”. Тайин гапки, берган саволимдан отам роса кулди. “Ким бўларди, одам-да ўғлим”, — деб қўйди кейин ҳазиллашиб. Бир куни онамга ҳам шу саволни бердим: “Эна, ким бўлишни истайсиз катта бўлсангиз?”. Аниқ эслайман, жилмайса-да, онам негадир хижолат тортганди ўшанда. Қўлимга ерёнғоқ тутқазганди: “Одам бўлишни, бор кўчага ўйнайқол”.

Мактабга илк бор қадам қўйган кунларим эса ўқитувчим менга шу саволни такрорлади: “Хўш, катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?”. Мен: “Одам”, — деб жавоб бердим ҳеч бир мулоҳазасиз. Не бахтки ўқитувчим ҳали мактабга қатнамасимданоқ тўйлардаги ўртакаш раисларга ялиниб “Қалдирғоч, ҳай қалдирғоч”, “Амир темур бобомиз”, яна онамдан эшитиб ёдлаб олганим қайсидир рўс шоирининг ”Бўридай ғажидим бюракратизимни…” каби шеърларни ўқиб юришимдан хабардор экан. “Йўқ, яхшиси сен катта ва машҳур шоир бўлақол, хўпми?”- “таклиф” қилиб қолди у. Менинг хаёлимга “лоп” этиб қишлоқдошлар исмига “шоир” сўзини қўшиб атайдиган, кўпинча маст-аласт юргувчи ва хотинини ҳадеб кўчага олиб чиқиб калтаклайдиган маҳалладошимиз келди. Ўқитувчим шоир бўлишга “мажбурласа” мактабдан кетиб қолишимни уқтирмоқчидай дафтар ва ручкамни қўлимга олиб, шарт ўрнимдан турдим.

“Ҳечам, мен одам бўлмоқчиман!” – дедим қатъий. Бу ҳаётга боғлиқ тасаввурлари жудаям тор бўлган гўдакнинг инсоният ҳақидаги оддий, аммо илдизи анчайин теран фалсафаси эди, назаримда…

Бахтли яшамоққа қўярми ҳаёт,
Юракни туйғулар янийди дейман,
Олим бўлармиди мендай бесавод?
Одам бўла олсам, қанийди дейман…

Одамзот ҳеч қачон тўлиқ фароғатга эриша олмайди. Чунки одамлар ҳалал бериб туради.

***

Болаликда одамнинг маймундан яралганига ақли бовар қилмайди кишининг. Улғаявергач эса турфа одамлар билан танишиб, кўплаб далилларга дуч кела бошлайди.

***

Ўзининг ақллилигини гапирадиган одам калтабин одам. Ўзининг ақлсизлигини гапирадиган одам эса писмиқ ва эҳтиёт бўлинг, у ниманингдир пайиди бўлиши мумкин…

***
Умуман кечиришни билмайдиган одам бечора одам, ҳадеб кечириб юбораверадиган одам ҳам ундан фарқли эмас. Ҳарҳолда иккиси ҳам ёлғизликдан азият чекади.

3. СЕВГИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Ҳикоя

Уларнинг ўз дарахтлари бор эди. Дарахт шоҳларини кенг ёзиб икковини бегона кўзлардан асрарди. Икковнинг сирли суҳбатларини тинглар, гуё маҳбубларнинг шўх-шўх сўзлари кулгусини қистатгандай аста тебраниб қўярди. Улар жуда ардоқлар эдилар азиз дарахтларини. Дарахтнинг танасига юракча чизиб, ўз исмларини ёнма-ён битишган эди.

-Мен севишни шу дарахтимиздан урганганман, қўлларимни бу-у-у-ундай ёзиб, сени доим ҳимоя қиламан, — дерди йигит.

-Мен ҳам севишни дарахтимиздан урганганман, сизни ёмғирдан, шамолдан, ғаним нигоҳлардан асрайман, — йигитнинг пинжига суқиларди қиз.

Шундай кунларнинг бирида… Шундай кунларнинг бирида маҳбублар ўртасида нимадир ўзгарди. Худди гаплашишга гаплар тугаётгандек… Ахийри ҳар иккиси ҳам бундай давом этиб бўлмаслигини ҳис этишди.

— …ота-онамга қарши чиқаолмайман ахир, — биринчи қадамни йигит ташлади.
-…биз енгилдик, — унинг майлига ён берди қиз.

-Алвидо!..
-Алвидо!..

Орадан кунлар, кейин ойлар, сўнг йиллар ўтди. Шаҳарда яшай болшаган йигит ўғилчасини олиб қишлоғининг шу кўчасидан ўтиб қолди. Бийронгина ўғилчаси эсаҳайбатли дарахт тамонга етаклади уни.

-Дада бу дарахтнинг олмаси йўқми? – сўради, дарахт тагига етишганида.
-Йўқ… – негадир ўйлар гирдобидаги йигитнинг товуши жуда паст чиқди.

-Эй, бўлмаса номи қандай аталади?
-Дарахтда, ўғлим…

-Эгаси борми?
-…

Йигит жим, дарахтнинг танасини аста силар экан, юрагини алла бир эзғин туйғулар чимчиларди.

-Дада, дада дедим, олмаси йўқ, исми йўқ, бу дарахт одамларга нимага керак?

-Одамларгами?… Одамларга… –лабидан беихтиёр бир жумла учди йигитнинг, — севишни ўргатади…

Болакайнинг кўзи ноҳасдан дарахт танасидаги юракча тасвирига тушиб қолди.

-Бунга қаранг, дада, бу нимаси?

— Бу… – бир дам тили айланмай қолди. Кейин эса ўғилчасининг қўлидан тутиб ортига етаклади. – Юр ўғлим, бизни аянг кутаётир.

Йўл-йўлакай бола савол беришда давом этарди:

-Дада, дарахт одамларга ҳамма нарсани ургатадими?
-Йўқ…

-Масалан нималарни ургатолмайди?
-Билмайман…

-Йўқ, биласиз!
-Уфф! Садоқатни. Бас энди.

-Бас қилмайман!
-Унда машиналар ҳақида гаплашамиз.
-Йўқ, дарахтлар ҳақида… Садоқат нима, дада?

Севгининг буюклиги

У ҳар замон телефон қилиб қолади.

-Шоирсан-ку, билмайсанми, севги нима аслида?- сўрайди, суҳбатимиз орасида.

-Иммм, севги… Айтайлик…- китобий сўзларни қидириб каловланаман. Юрагим эса: -“Балки ҳақиқий севги – энди сенга севишимни ҳеч қачон айтаолмаслигимдир…”, — деяётгандек.
Унинг эри билан бахтли яшаётганига ўзимни ишонтирар эканман, қалбимда йиғлаётган армон юпангандай бўлади…

Сарҳадларни қилмас писанда,
Бағишлайди дилга ҳарорат.
Нисбат йўқдир ўнга жаҳонда,
Қўёш нури Севгига монанд…

Севгининг шакли

Чин севгини геометирик шаклда ифодалаш мумкин бўлганда, мен уни доирасимон қилиб чизган бўлардим. Чунки доира ичидаги борлиқ айланади, айланади, оқибатда барибир марказга келиб қолинаверади. Севгида ҳам шундай. Баъзан инсон Севги “доирасининг” гирдида “айланади”, баъзан эса қуйироғида… Аммо айланиб, айланиб марказга – Биринчи муҳаббатга қайтиб келаверади.

Севгининг матонати

Мен билган бир момо ёшликдаги оғриқли турмуши ҳақида гапирар экан, кўзларига қалққан ёшни яширишга уринади. У гапираётган инсонни, яни унинг золим эрини мен ҳам билардим.
-Моможон, жонмомо, шундай бадфел инсон билан эллик йил қандай яшагансиз-а? – сўрайман ҳайратланиб.

-Нега яшамай, — айтмоқчи сўзидан ийманганиданми, ғуссаданми кемшик оғзи лабларини буриб ғалати илжаяди момо.- Ахир сен шеърларингда ёзганинг каби мен ҳам уни суярдим-да.

Менинг ҳайратим баттар ошади.

Эртакдаги маликани ахтарманг. Ахир у шаҳзодасини самимият ила севаолганида, шунча оғир шартлар қўярмиди?

***

Рашк севгининг кушандаси эмас, аксинча, ишончсизлик севгини йимиради.

***

Севги шоҳни гадо, гадони шоҳ қилади. Ақилсизга ақл улашса, ақиллини эсдан айиради.

***

Ўз аҳлоқсизлигида севгини айбдор қилиш риёкорлик. Чунки ҳақиқий севги нафақат юксак аҳлоқ, кучли маънавият, инсонийликнинг эсл мезонидир…

2014-2015 йиллар

63-63.jpgBayram ALI
KO‘NGIL SINIQLARI
007

Bayram Ali (Bayramali Qo‘ldoshev) 1991 yilning 23 – iyun kuni Qashqadaryo viloyatining Qamashi tumanidagi Chim qishlog‘ida tug‘ilgan. Ilk talimni shu qishloqdagi 81-umumiy talim maktabida olgan. Maktabni tugatgach, 2008-2011 yillarda Chim maishiy kasb-xunar kollejini bitirib chiqadi. Ilk she’rlari va hikoyalari maktab davridanoq respublika gazeta-jurnallarida e’lon qilingan. Ayni paytda viloyatning «Daryo»gazetasida muxbir sifatida faoliyat boshladi. 2013 yilda “Dizayin press” nashriyoti tamonidan “Bolangman, dunyo” nomli she’r va hikoyalardan iborat kitobi nashr etilgan.

007

1. VATAN HAQIDA O‘YLAR

Rivoyat

Rivoyat qiladilarki, Parvardigor insonni azaldan sinov uchun yaratadi. Bir muddat jannatda, qaramog‘ida saqlagach yerni bunyod qilib yashash uchun yerga tushirib yuboradi, hamda holidan xabardor bo‘lmoqqa farishtalarni mas’ul qilib qo‘yadi. Ammo ko‘p o‘tmay farishtalar Xudoning dargohiga kelib odamzot osmonga qaytishni yolvorayotganini bildiradilar.

-Nima uchun? — lol bo‘ladi Parvardigor. – Osmon qanchalik mening dargohim bo‘lsa yer odamzot uchun shu qadar maskandir. Men odamzotga mo‘l rizq berdim, u uchun yerning bag‘rini o‘yib bo‘loqlar bunyod qilib qo‘ydim. Har ne istasa yerda bor, ayting, bandam buning qadriga yetsin va o‘zim chorlamagunimcha yerda yashayversin.

Farishtalar insonga Parvardigorining so‘zlarini yitkazmoqqa yerga tushib ketadilar. Kunlar o‘tib esa Yaratganing dargohiga yana qaytib kelishadi. Bu safar Parvardigorga endi odamzot avvagiday yalinib yolvormayotganini, ammo osmonda yashashni shu darajada istayotganidan “oh” chekib, nazar solguvchining yuragini o‘rtar darajada mayus yurganini aytishadi. Bu gapni eshitgan Qodiri Mutlaq o‘yga toladi. Biroz turib shunday deydi:

-Attang, men bandamning ruhiga rang-barang hissiyotlarni jo qilibmanu, ularning eng go‘zali, jamiki ezgu tuyg‘ularning asosi bo‘lgan Vatan tuyg‘usini singdirmagan ekanman-da…
Aytadilarki, shundan keyin Parvardigor insonlarga Vatan tuyg‘usini inom qilgan va yerda tug‘ilayotgan har bir go‘dak ona zaminiga nisbatan cheksiz muhabbat bilan ulg‘ayar emish…

Vatan — ostonadan boshlanadi…

O‘shanda beshinchi yo oltinchi sinflarda o‘qir edim. Qo‘shni qishloqdan biz tengi bolalar maktabimizga kelib futbol musobaqasi uyishtirishni taklif qilib qolishdi. Xasta edim, futbol o‘ynay olmasdim, ammo qolgan do‘stlarim taklifga rozi bo‘lishdi. Xullas men tamoshabinga aylanib, do‘stlarim musobaqani boshlashdi. Tan olish kerak qo‘shni qishloqning bolalari bizdan ko‘ra bo‘ydor, yugurish tezliklari ham anchayin yo‘qoriroq edi. Musobaqa natijasi biz uchun sharmandali bo‘ldi: yetti-yu nol…

Qo‘shni qishloqning bolalari qaytib ketayotib ustimizdan rosa kulishdi, bizning emas, mahallamizning ustidan mazax qilishdi… Men o‘shanda birinchi marta aniq-tiniq his qildim Vatan tuyg‘usi nima ekanligini. Do‘stlarim yig‘layotganlarini bir-biriga sezdirmaslik uchun ariqdagi suvga yuzlarini bot-bot yuvayotganlarida, futbolga qo‘shilolmaganimdan alamim kelib o‘zim ham “qult-qult” yutinganimda, ko‘zlarimni hammadan yashirncha yengimga artib-artib olayotganimda his qildim…

Oddiy musobaqada yutib chiqqan qo‘shni qishloq bolalaring quvonchi ichiga sig‘may bir-birlarini osmonga otishib, kulishib-hayqirib qishlog‘iga qaytganlarini ham tushunish qiyin emas. Axir kuxna haqiqat shunday: Vatan ostonadan boshlanadi. Vatanga muhabbat ham o‘z uyi, o‘z mahallasidan boshlanadi…

Ko‘ngil qotili…

Dunyoda ayrim toifa nsonlarning duolari ijobatdir, deydilar. Jumladan vatanidan ayrilgan musofir insonlarning duolari…

Sababi, Vatanidan ayrilgan inson ildizidan ayrilgan darxtdirki, sal esgan shabadaga sinaman deb turadi. Vatanidan ayrilgan inson mazlumlarning mazlumidirki, quvonchlari yolg‘on, kulgulari soxta, eng baxtiyor damlarida ham ko‘nglining bir cheti kemtikligicha qoladi. Har qanday jonzotni Vatanidan ayirib ko‘niktirish mumkin, yo‘q, insonni ko‘niktirib bo‘lmaydi. Idishga qatra-qatra tomib turgan suv bir kuni toshib ketganiday, Vatan sog‘inchi ham yig‘ilib-yig‘ilib vujudni mahf etadi, xasta aylaydi, davo choralari ko‘rilmasa xarob qiladi.

Vatandan ayrolik toki mazlumlik ekan, toki og‘ir bir xastalik ekan, bas, kimningdir bu xastalikka “chalinishiga” sabab bo‘lgan inson u dunyo-yu bu dunyo yuvilmas gunoh egasidir. U erk qotili, ko‘ngil qotili, vujud qotili!

Ha, bunday inson shaksiz qo‘li qonga, qalbi jaholatga botgan qotildir!

“Amerikalik”

Davlatlar aro tuzilgan shartnoma bois, tadbirkorlik maqsadida Amerika fuqarolari viloyatimizga kirib kelishdi. Ular bilan birga rangi sap-sariq, g‘alati ari ham paydo bo‘ldi. Biz uni oddiygina qilib “amerikalik” deb atadik. Bir kuni enam:

— Bolam, amerikalik arilar anqovroqmi? Uyasini turtkilasang, tashlab qochishadi. Ey, o‘zimizning jaydari ari qursin, inini buzib tushirsang ham g‘uj bo‘lib buzilgan uyasiga yopishgani-yopishgan, joniyam ko‘ziga ko‘rinmaydi. Vaqtida qochib qolma-chi, naq baloga qolasan-a! — deb qoldilar.

— Ena, biz o‘zbeklarning arisi ham yurtim deb yashaydi-da axir! — javob berdim men.

O‘shanda, biz akamlar bilan ushbu hazil gapga kulishib turganimizda enam jiddiy tortib xayolga cho‘mgan edi. Yana bilmadim-u, guyo gapimga tarix zarvaraqlaridan misollar qidirayotganday edilar u kishi…

Razolat qo‘llari singan zamonda,
Urushlar, janjallar tingan zamonda,
Odamlar insofga ingan zamonda,
Kimlardir gapimni tinglab kuladi…
Lek ko‘ngil yomon-da, qurg‘ur yomon-da,
Vatanga jonimni bergim keladi.

Qismat-da, shoirlar nolish etadi,
Bo‘zlaydi, bulbuldek xonish etadi,
Ba’zida bekorga yonish etadi.
Go‘yo tog‘lar kabi mardona yurtim,
Mening bu jonimni bolish etadi…
Vatanga jonimni bergim keladi.

Do‘stlarim, Vatanni bilgancha suying,
She’rlarim o‘qing-u, uqmoqni qo‘ying,
Lek sizdan o‘tinchim, shu rost so‘zimni,
Iltimos, iltimos, hazilga yo‘ying.
Netayin, o‘ylarim “olma teradi”,
Vatanga jonimni bergim keladi…

Vatan shaniga yomon gap aytish shunchaki aqlsizlik emas, tubanlikdir. Chunki o‘ta ketgan aqlsizlar ham tuqqan onasi va voyaga yetkazgan otasini badnom qilmaydi.

***

Vataniga muhabbat qo‘ygan kishi hayotdan munosib o‘rnini topa oladi. Chunki vatanparvarlik birinchi galda Ollohga manzur sifatlardan bo‘lsa, ikkinchidan insonni ulug‘ ishlar bajarishga undab turadi.

***

Inson o‘z Vatanini sevmas ekan hayotida erishgan har qanday muvafaqiyatining shukuhi bo‘lmaydi. Shukuhsiz muvafaqiyatning kishiga keragi bormi? Bunday muvafaqiyat muvafaqiyatmi o‘zi?.. Men bu savolga javob berishni har bir kishining o‘ziga havola qilgan bo‘lardim.

***

Vatanning kichkinasi bo‘lmaydi, har kishining o‘z vatani o‘zi uchun keng va poyonsiz. Bunday poyonsiz sarhadni mitti yuragigi joylay olgan kishi esa Ulkan odamdir.

***

“Koinot gultoji insondir azal, undadir eng oliy tafakkur amal…” – deb yozadi ustoz shoir. E, voh! Ammo nima uchun o‘z Vatanimizni biz oddiy jonivorlarchalik sevaolmaymiz?!!..

2. ODAMLAR HAQIDA O‘YLAR

Dunyodagi jami jotzotlar ichida faqat Insongini kulib turib yig‘lashi, yig‘lab turib kulishi mukin. Faqat insongina boshqa narsani o‘ylab, boshqa bir gapni suylay oladi. Dunyoda insongina mehrini ustamonlik bilan yashirib dilida saqlaydi, tanxo insongina cheksiz nafratini g‘animiga sezdirmaydi…

Qanchalar mukammaldir,
Qanchalar soxtadir, Odamlar…

Kulish gunoh sanaladigan latifa

Bir kuni Shaytoni La’in yangi tug‘ilgan bolasini olam bilan tanishtirish uchun sayrga olib chiqibdi. Ular eshakka duch kelishibdi eng avval. Eshakning g‘aroyib tusini ko‘rgan shaytonvachcha qo‘rqqanidan onasining ortiga berkinibdi.

-Qo‘rqma bolam, bu oddiy bir eshak, — bolasini yupatibdi ona shayton.- O‘zi juda mo‘min jonivor, hatto minish mumkin…

Ular yana biroz yurishib itga duch kelishibdi. Shaytonvachcha itdan ham qo‘rqib yig‘lay boshlabdi.

-Nega qo‘rqasan bolam, bu shunchaki it-ku, — uni yana yupatibdi onasi.- Qara, tosh otsang qochib qoladi…

Ular yo‘lida davom etibdilar-u, oldilaridan bahaybat arslon chiqibdi. Arslonning vajohatini ko‘rib shaytonvachchani qaltiroq bosibdi.

-Qo‘rqma chirog‘im, — tag‘in bolasini yupatibdi shayton esa. – Bu arslon, arslonlar tabiatan ko‘ngilchan va anqovroq bo‘ladi…

Ona bola yo‘l yurib-mo‘l yurib odamzotni ham uchratishibdi. Shaytonvachcha bu ojizgina ko‘rinadigan jotzotning neligini bilmay goh onasiga, goh insonga qarab turgan ekan, ona shayton uni o‘ziga yaqinroq tortibdi va debdi:

-Bu odamzotdir, bolam. Sen zinhor uning oddiy ko‘rinishiga aldanma. Hali yoshsan, undan uzoqrog‘ yurganing durust…

Turfa odamlar…

Odamlarni umumiy qilib yaxshi va yomon toifaga ajratamiz. Shu ikki toifa doirasida qiziq uxshatish – bag‘ri keng odamlar va mayda odamlar ham bor. “Mayda odamlar” deyishlik shunday toifa insonlarning hulqiga kinoyaviy bir ta’rifki, bunday odamlarning dimog‘i juda baland bo‘ladi, ko‘zi juda och bo‘ladi. Amali bilan atrofida orttirolmagani hurmat-izzatni o‘zi haqida to‘qigan yolg‘onlari va sirtdangini g‘ururga o‘xshab tuyiladigan havoyiligi bilan, qolaversa, zo‘ravonlik desak oshib ketar-u, kezi kelganda shallaqiligi bilan qozonishga harakat qiladi. Bag‘ri keng odamlarning bag‘ri kengiligi esa shunda namoyonki, ular har qanday soxtagarchiliklardan xoli, samimiy suhan va katta qalb sohibidirlar, inchinun, kechiruvchanligi, hali tarifini keltiranimiz “mayda odamlar” bilan tortishaverishni o‘ziga ep ko‘rmasligi bilan ham ajralib turadi. Lekin koshki odamzoti faqatgina “bag‘ri keng” va “mayda odam” bo‘lib, boringki “yaxshi” yo “yomon” bo‘lib toifalanibgina qo‘yaqolsa! Yo‘q, meni hayotda ko‘proq o‘ylantiradigani, hamda taajjubga soladigani “xudbinligi bor-u, yaxshi odam”, “judayam tanti, ammo yomon odam”lardir.

“Xudbinligi bor-u, yaxshi odamni yomondan yaxshiroq desa bo‘larmikin… Yoki tanti, ammo yomon odamni yaxshidan yomonroq sanasa-chi, bo‘larmikin?” — deb ko‘p o‘yga tolaman.

Azal tomiring tutash, taqdiring o‘xshash, orzu-umidlaring esh, biroq nega buncha turfasan, ey Odam Ato va Momo Kibriyolloning farzandlari?!..

“Odam bo‘lmoqchiman!”

Juda go‘dakligimda otamdan so‘radim: “Ota, katta bo‘lsangiz kim bo‘lasiz?”. Tayin gapki, bergan savolimdan otam rosa kuldi. “Kim bo‘lardi, odam-da o‘g‘lim”, — deb qo‘ydi keyin hazillashib. Bir kuni onamga ham shu savolni berdim: “Ena, kim bo‘lishni istaysiz katta bo‘lsangiz?”. Aniq eslayman, jilmaysa-da, onam negadir xijolat tortgandi o‘shanda. Qo‘limga yeryong‘oq tutqazgandi: “Odam bo‘lishni, bor ko‘chaga o‘ynayqol”.

Maktabga ilk bor qadam qo‘ygan kunlarim esa o‘qituvchim menga shu savolni takrorladi: “Xo‘sh, katta bo‘lsang kim bo‘lmoqchisan?”. Men: “Odam”, — deb javob berdim hech bir mulohazasiz. Ne baxtki o‘qituvchim hali maktabga qatnamasimdanoq to‘ylardagi o‘rtakash raislarga yalinib “Qaldirg‘och, hay qaldirg‘och”, “Amir temur bobomiz”, yana onamdan eshitib yodlab olganim qaysidir ro‘s shoirining ”Bo‘riday g‘ajidim byurakratizimni…” kabi she’rlarni o‘qib yurishimdan xabardor ekan. “Yo‘q, yaxshisi sen katta va mashhur shoir bo‘laqol, xo‘pmi?”- “taklif” qilib qoldi u. Mening xayolimga “lop” etib qishloqdoshlar ismiga “shoir” so‘zini qo‘shib ataydigan, ko‘pincha mast-alast yurguvchi va xotinini hadeb ko‘chaga olib chiqib kaltaklaydigan mahalladoshimiz keldi. O‘qituvchim shoir bo‘lishga “majburlasa” maktabdan ketib qolishimni uqtirmoqchiday daftar va ruchkamni qo‘limga olib, shart o‘rnimdan turdim.

“Hecham, men odam bo‘lmoqchiman!” – dedim qat’iy. Bu hayotga bog‘liq tasavvurlari judayam tor bo‘lgan go‘dakning insoniyat haqidagi oddiy, ammo ildizi anchayin teran falsafasi edi, nazarimda…

Baxtli yashamoqqa qo‘yarmi hayot,
Yurakni tuyg‘ular yaniydi deyman,
Olim bo‘larmidi menday besavod?
Odam bo‘la olsam, qaniydi deyman…

Odamzot hech qachon to‘liq farog‘atga erisha olmaydi. Chunki odamlar halal berib turadi.

***

Bolalikda odamning maymundan yaralganiga aqli bovar qilmaydi kishining. Ulg‘ayavergach esa turfa odamlar bilan tanishib, ko‘plab dalillarga duch kela boshlaydi.

***

O‘zining aqlliligini gapiradigan odam kaltabin odam. O‘zining aqlsizligini gapiradigan odam esa pismiq va ehtiyot bo‘ling, u nimaningdir payidi bo‘lishi mumkin…

***
Umuman kechirishni bilmaydigan odam bechora odam, hadeb kechirib yuboraveradigan odam ham undan farqli emas. Harholda ikkisi ham yolg‘izlikdan aziyat chekadi.

3. SЕVGI HAQIDA O‘YLAR

Hikoya

Ularning o‘z daraxtlari bor edi. Daraxt shohlarini keng yozib ikkovini begona ko‘zlardan asrardi. Ikkovning sirli suhbatlarini tinglar, guyo mahbublarning sho‘x-sho‘x so‘zlari kulgusini qistatganday asta tebranib qo‘yardi. Ular juda ardoqlar edilar aziz daraxtlarini. Daraxtning tanasiga yurakcha chizib, o‘z ismlarini yonma-yon bitishgan edi.

-Men sevishni shu daraxtimizdan urganganman, qo‘llarimni bu-u-u-unday yozib, seni doim himoya qilaman, — derdi yigit.

-Men ham sevishni daraxtimizdan urganganman, sizni yomg‘irdan, shamoldan, g‘anim nigohlardan asrayman, — yigitning pinjiga suqilardi qiz.

Shunday kunlarning birida… Shunday kunlarning birida mahbublar o‘rtasida nimadir o‘zgardi. Xuddi gaplashishga gaplar tugayotgandek… Axiyri har ikkisi ham bunday davom etib bo‘lmasligini his etishdi.

— …ota-onamga qarshi chiqaolmayman axir, — birinchi qadamni yigit tashladi.
-…biz yengildik, — uning mayliga yon berdi qiz.

-Alvido!..
-Alvido!..

Oradan kunlar, keyin oylar, so‘ng yillar o‘tdi. Shaharda yashay bolshagan yigit o‘g‘ilchasini olib qishlog‘ining shu ko‘chasidan o‘tib qoldi. Biyrongina o‘g‘ilchasi esahaybatli daraxt tamonga yetakladi uni.

-Dada bu daraxtning olmasi yo‘qmi? – so‘radi, daraxt tagiga yetishganida.
-Yo‘q… – negadir o‘ylar girdobidagi yigitning tovushi juda past chiqdi.

-Ey, bo‘lmasa nomi qanday ataladi?
-Daraxtda, o‘g‘lim…

-Egasi bormi?
-…

Yigit jim, daraxtning tanasini asta silar ekan, yuragini alla bir ezg‘in tuyg‘ular chimchilardi.

-Dada, dada dedim, olmasi yo‘q, ismi yo‘q, bu daraxt odamlarga nimaga kerak?

-Odamlargami?… Odamlarga… –labidan beixtiyor bir jumla uchdi yigitning, — sevishni o‘rgatadi…

Bolakayning ko‘zi nohasdan daraxt tanasidagi yurakcha tasviriga tushib qoldi.

-Bunga qarang, dada, bu nimasi?

— Bu… – bir dam tili aylanmay qoldi. Keyin esa o‘g‘ilchasining qo‘lidan tutib ortiga yetakladi. – Yur o‘g‘lim, bizni ayang kutayotir.

Yo‘l-yo‘lakay bola savol berishda davom etardi:

-Dada, daraxt odamlarga hamma narsani urgatadimi?
-Yo‘q…

-Masalan nimalarni urgatolmaydi?
-Bilmayman…

-Yo‘q, bilasiz!
-Uff! Sadoqatni. Bas endi.

-Bas qilmayman!
-Unda mashinalar haqida gaplashamiz.
-Yo‘q, daraxtlar haqida… Sadoqat nima, dada?

Sevgining buyukligi

U har zamon telefon qilib qoladi.

-Shoirsan-ku, bilmaysanmi, sevgi nima aslida?- so‘raydi, suhbatimiz orasida.

-Immm, sevgi… Aytaylik…- kitobiy so‘zlarni qidirib kalovlanaman. Yuragim esa: -“Balki haqiqiy sevgi – endi senga sevishimni hech qachon aytaolmasligimdir…”, — deyayotgandek.
Uning eri bilan baxtli yashayotganiga o‘zimni ishontirar ekanman, qalbimda yig‘layotgan armon yupanganday bo‘ladi…

Sarhadlarni qilmas pisanda,
Bag‘ishlaydi dilga harorat.
Nisbat yo‘qdir o‘nga jahonda,
Qo‘yosh nuri Sevgiga monand…

Sevgining shakli

Chin sevgini geometirik shaklda ifodalash mumkin bo‘lganda, men uni doirasimon qilib chizgan bo‘lardim. Chunki doira ichidagi borliq aylanadi, aylanadi, oqibatda baribir markazga kelib qolinaveradi. Sevgida ham shunday. Ba’zan inson Sevgi “doirasining” girdida “aylanadi”, ba’zan esa quyirog‘ida… Ammo aylanib, aylanib markazga – Birinchi muhabbatga qaytib kelaveradi.

Sevgining matonati

Men bilgan bir momo yoshlikdagi og‘riqli turmushi haqida gapirar ekan, ko‘zlariga qalqqan yoshni yashirishga urinadi. U gapirayotgan insonni, yani uning zolim erini men ham bilardim.
-Momojon, jonmomo, shunday badfel inson bilan ellik yil qanday yashagansiz-a? – so‘rayman hayratlanib.

-Nega yashamay, — aytmoqchi so‘zidan iymanganidanmi, g‘ussadanmi kemshik og‘zi lablarini burib g‘alati iljayadi momo.- Axir sen she’rlaringda yozganing kabi men ham uni suyardim-da.

Mening hayratim battar oshadi.

Ertakdagi malikani axtarmang. Axir u shahzodasini samimiyat ila sevaolganida, shuncha og‘ir shartlar qo‘yarmidi?

***

Rashk sevgining kushandasi emas, aksincha, ishonchsizlik sevgini yimiradi.

***

Sevgi shohni gado, gadoni shoh qiladi. Aqilsizga aql ulashsa, aqillini esdan ayiradi.

***

O‘z ahloqsizligida sevgini aybdor qilish riyokorlik. Chunki haqiqiy sevgi nafaqat yuksak ahloq, kuchli ma’naviyat, insoniylikning esl mezonidir…

2014-2015 yillar

007

(Tashriflar: umumiy 427, bugungi 1)

Izoh qoldiring