Bayram Ali. Sabrning surati

005   Бу воқеа болалигимнинг олис ёдида маюс бир ўй бўлиб қотиб қолганга ўхшайди. У пайтлар мен ҳали беш-олти ёшлар оралиғидаги жўшқин ва хаёлчан гўдак эдим. Тўғрисини айтсам, Назир тоғам билан янгамнинг тўйлари қандай ўтгани эсимда қолмаган. Аммо, ҳозир сизга айтиб бермоқчи бўлаётганим — Назир тоғам ҳамда Дилафзо янгамнинг чигал тақдир кечмишлари ҳали-ҳануз хотирамдан учмайди…

Байрам АЛИ
САБРНИНГ СУРАТИ
05

Бу воқеа болалигимнинг олис ёдида маюс бир ўй бўлиб қотиб қолганга ўхшайди. У пайтлар мен ҳали беш-олти ёшлар оралиғидаги жўшқин ва хаёлчан гўдак эдим. Тўғрисини айтсам, Назир тоғам билан янгамнинг тўйлари қандай ўтгани эсимда қолмаган. Аммо, ҳозир сизга айтиб бермоқчи бўлаётганим — Назир тоғам ҳамда Дилафзо янгамнинг чигал тақдир кечмишлари ҳали-ҳануз хотирамдан учмайди.

Тўйларидан ўн кунча ўтиб Назар тоғам пойтахтга – ўзи тахсил олган, айни пайтда аспирант бўлиб ишлаётган даргоҳга жўнаб кетди. Янгам қайноналари билан қолди. Элда гап урчиди: Куёвнинг келинга кўнгли йўқ эмиш, ўзи билан олиб кетишни истамабди…

Дилафзо янгам теҳникумни тугатган экан. Келганидан кўп ўтмай бизнинг уйимиз яқинидаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади. Тоғам ора-сирада келиб турар, уларнинг омонат қурилган муносабатлари шундай давом этарди. Нафсиламбрини айтганда, тоғам ва янгам бирор марта бақир-чақир қилиб жанжаллашишган, ошкора тортишишган эмас. Аммо уларнинг оиласи сиртдан қараган одамгагина шундай тинч ва осуда кўринарди, аслида.

Ҳали айтганимдай, ҳовлимиз мактабга яқин эди. Мен эрталабдан туриб юз қўлимни ювмасдан кўчага чиқиб турар, Дилафзо янгамнинг ишга ўтишларини то тупроқ кўчамизнинг бошидан кўриниб келавермагунларича интиқ-интизор кутиб ўтирардим. Чунки янгам бирор марта мени қуруқ қолдириб ўтмасди. Юзларимдан ўпиб, эркалаб бир сафар қўлимга қанд берса, бошқа сафар майизми, парвардами бериб ўтарди. У кишидан ҳадияга сақич олган кунларим-ку, мен учун ҳақиқий шодиёнига айланарди. Шунинг учун ҳам уйимиздагилар ҳарчанд койиб тўсқинлик қилишмасин, саҳарлаб йўлга чиқиб Дилафзо янгам упа-эликларининг хушбўйларини таратганча ўтиб қолишларини кутишни канда қилмасдим.

Назир тоғамни ўша кезлари ёмон кўриб қолган эдим. У киши ҳеч менга ёмон муомилада бўлган эмасди, йўқ, баъзан шаҳардан келтирган совғалари билан Дилафзо янгамга ўхшаб сийлаб ҳам турарди. Аммо, Дилафзо янгамга қиладиган совуқ муомилаларининг гувоҳи бўлганим боисидан у кишини унча хушламасдим. Шунинг учун Дилафзо янгамга байрам ҳисобланмиш тоғамнинг шаҳардан қайтиши менинг бола кўнглимда тушкунлик уйғотар ва бундай вақтлари уларникига камроқ боришга ҳаракат қилар эдим. Эсимда, тоғам уйда кезлари Дилафзо янгам оёғи-оёғига тегмай шошиб рўзғор юмушларини бажариб юрар, бу ҳам етмагандй худди учиб кетишга шай капалакдек чўчиб турарди. Биланд овозда гапирмасди, баланд кулмасди, бирор сабаб шовқинлаб қолсам менга ҳам бармоғини лабига босиб “тиссс” деб кўрсатарди. Мен тентакка эса Дилафзо янгамнинг бу пайтда жавдираб чиройли пир-пираган кўзлари ёқиб кетарди…

Тоғам бўлмаган вақтлари Дилфазо янгам билан қиладиган суҳбатларимиз кўпинча бир мавзу атрофида айланарди.

-Ҳали тоғангиз билан кўчиб кетсак.., бирга Тошкентда яшай бошласак.., сизни ҳам олиб кетамиз, — дерди янгам хўрсиниб-ўксиб.
-Қачон кетасиз ўзи у ёққа? – сўрардим мен, Тошкентга тезроқ бориш истагидан эмас, азбаройи бу мавзудан безор бўлганлигимдан.

Кўзларида қалққан орзу-умидлариинг маюсияти чеҳрасига соя ташлаган бечора янгам жимиб қоларди.

***

Бир сафар бандай бўлди. Тоғам ичкари хонада китоб ўқиб ўтирган эди. Янгам даҳлизда машинада нимадир тикар, мен ёнларида эдим. Ҳазиллашгиси келдими, янгам тикоётган гулли матосининг қолдиқларидан мен учун дастор – қалпоқ тикиб қолди. Албатта мен кўринишиданоқ ҳатто болаларда ҳам кулгу уйғотадиган бу “папах”ни кийишдан бош тортдим. Янгам эса қўлида шу кийим билан мени хона бўйлаб қува бошлади… Бир маҳал рўпарамиздаги эшикнинг кутилмаганда қарсиллаб очилишидан ҳар иккимиз чўчиб тушдик. Хушимизни йиғиб олганимизда, остонада тоғам кўзларидан қаҳр ва ғазаб учқунларини сочганча янгамга тикилиб турарди.

-Б-бачкана! – пичирлади у киши янгамдан шиддатли нигоҳларини узмай. Кейин эса ташқарига елтадиган эшикни бориб очди:
-Йўқол! – деди, менга қарата.

Мен отилиб ҳовлига чиқдиму, бақириб йиғлаб юбордим. Уйимизгача шундай йиғлаб, югуриб бордим.

-Ҳа, ҳа болам, нимага йиғлаяпсан? – ҳовлимизга етганимда пешвоз чиқдилар онам. –Ким урди?
-Тоғам урди! Назир тоғам урди! – онамнинг бағрига ўзимни ташлаб ўпкамни босолмасдан йиғлардим мен.
-Йўғаай… Назир?.. Ҳазиллашгандир-да… – лолу-ҳайрон онам шошиб кўзим ёшларини артди.- Ахир у нимага уради сени? Кучи муштдай гўдакка етадими?!..

Айни пайтда мен тоғамдан уч олишни жуда-жуда истардим. Ўзим учунгина эмас, янгам учун ҳам ўч олишни истардим.

-Урди! Урди деяпман-ку! – деб йиғлардим ҳамон. Айтаётган воқеам ростдан рўй берган каби, алам билан такрор-такрор таъкидлар эдим: – Бошимга уриб, орқамдан итариб юбордиии! Бошимга урди-и-и!

Онам гуёки бирор шикаст етган бўлиши мумкиндай бошимни сийпалаб кўрди:
-Ростингни гапир, нимага уради?! – айтди сўнгра. — Бирор нарсасига тегинганмидинг?!

Онамнинг кўзларида жонсараклик билан бирга ўз укасини ҳам аяб ўтирмайдиган қаттият бор эди. Мен бурнимни шўрқиллатиб торта-торта, охири ҳамма воқеани рўйи рост гапириб бердим. Онам гапларимни эшитиб ўйга чўмиб қолди. Сўнг, негадир ҳеч нарса демасдан бошларини маюс экканча ишларига уннаб кетди.

Эртаси куни янгамни кутиш учун кўчага чиқмадим. Бироқ, дарсларини тамомлаган янгамнинг ўзлари эшик қоқиб келди. Дарвозадан киришлари билан менга кўзи тушиб, кўтариб олди:
-Нимага Нурбекжон, нега бугун мени кутмадингиз?..

Мен янгамнинг саволига жавоб топиб улгурмай, онамнинг қораси кўринди. Янгам мени қўлидан қўймасдан онамга қараб юрди. Салом бериб, сўрашди. Янгамнинг овозида ва ўзини тутишида беҳаловатлик бор эди. Афтидан, кечаги гапни айтган бўлишимдан чўчирди.

-Шукр, келин, шукр, — онам эса ҳеч нарса бўлмаганадай тутардилар ўзини. – Сўлоқмондай болани кўтариб олганингизни қаранг, қўйинг буни… Айтганча, Назир тузукми?
-Яхшилар… – бирдан бўшашиб қолди янгам. – Бугун эрта билан жўнаб кетдилар…

Онамнинг саросимага тушгани сезилди.

-Нима?.. Дарров-а?… – деди ажабланган ва ҳоксор бир товушда. – Бу сафар ўн-ўн беш кун қолмоқчи эди-ку?..

Янгамнинг айбсиган нигоҳлари тағин ер чизди…

***

Бора-бора тоғам қишлоққа деярли келмай қўйди. Дилафзо янгам ҳар қанча беркитишга уринмасин, энди иккисининг ўртасидаги можаро ҳам ҳаммага ойдинлашиб қолганди. Қишоқдаги гаплардан бечорагина янгам, юзларига кун беркинган, қошларига қалдирғочлар қўниб кетган малаксифат янгам кундан-кунга гулдай сўлиб, тўкилиб борарди, шўрлик… Орада уйидагилар қайтариб олиб кетамиз, деб бир-икки жанжал кўтариб келишса-да, Дилафзо янгам кетишдан бош тортди…

Шундай кунларнинг бирида момом – онамнинг оналари уйимизга келиб арзи ҳол қилди.

-Жоним ҳиқилдоғимга келди гурсухта укангнинг дастидан! – дея қарғанди у киши онамга. — Шаҳарга йўқолиб кетгани камдай, энди ажрашаман, деб хат жўнатиб юборибди! Сен опа бўлиб насиҳат қилмайсан бундай…

-Менинг гапимни олармиди у олифта, эна?!- онам бошини чангаллаб қолди. — Ўшанда сизга бирга ўқиганимдан суйганим бор, деди, минг зуғим билан ўзингиз битказдингиз-ку!

-Битмай битанлар суқсинакан! – йиғлаб юборди момом. – Бунақа бўлишини билганимда шу ишни қилармидим?! Ахир, қозоқ қизга уйланаман, деди… Қозоқ қизнинг қандайлигини сен билмасанг, мен билмасам! Худо бехабар кофир чиқса нима қилардик?!..

-Эй-й, бировнинг боласини бебахт қилгунча ким билан яшасаям тинч бўлсин эди, — онам ҳам йиғлади. — Гапирмайсан, дейсиз… Келиннинг кўз олдимизда ойдай адо бўлаётганини кўриб мен куймайманми, эна? Ким билади, Худойимам тезроқ тирноқ бериб қолса яхши бўб кетишармиди…

-Буларингни уйини сақлайман деган умидларим умганидан узилди… Назир бизга индамагани билан келиннинг ўзини илгариттан кетасан, деб қистагани-қистаганакан. Ҳайла, синглисига айтиб йиғлапти, тушганимдан бери шу кун: поччанг ҳар келганида нимага ҳалиям кетмадинг, деб уришади, депти. Эрталаб отасиям кеб гапириб-гапириб кетди. Қуда, бўлди, оёқ остида қоган қизимиз йўқ! Бўлса бўлишини, бўлмаса бўлмасини кўринг, деди. Ана, қиз сиззарники, ихтиёр сиззарда, девдим, Дилафзо яна изиллаб оёғимга тармашди… Кетмайман, деб йиғлади жувоммарг…

Гап шу ерга келганда онамнинг кўз ёшлари ариб, момомга тикилиб қолди:

-Эна, я биров ярим ирим-сирим қилдимакан?

-Билмасам… – журъатсиз чиқди момомнинг намиққан товуши. — Оллойимнинг кўзи ўнг бўлсин энди… Неча бориб Сулаймонхонга “иссиқ” ҳам қилдириб келдим. Эшон бува “Улингиз келган кунлари ичадиган сув идишларингизга солиб қўйинг”, деб буйирди. Қилдим. Ўз кўзим билан боқиб келинга шу сувдан чой дамлаттириб ичирдим ҳам Назирга. Эртаминан кўрсам сув турган бетон ерни ярим қариш ковлаб кириб кетибди, лекин уканг эримади…

Шунча гаплар кечаётгани билан.., янгам ичидагини сездирмай деб шу саноқли ойлар ичида шамдай сўниб бораётган бўлсалар-да, бизга ва қолган оила аъзоларига ширин муомиласини сира ўзгартирмасди. Бўлаётган ишларда ўзини айбли санаган момом ҳам янгамнинг атрофида минг айланиб улгурарди.

Мен янгамларникида қолган кунларимнинг бирида тунда иккимиз суҳбатлашиб ётган эдик, янгам яна ўша эски гапини шивирлаб айтди:
-Биласизми… Ҳали тоғангиз мени олиб кетса… Сизни ҳам об кетаман… Бирга яшаймиз Тошкентда… Тошкентда яшаймиз кейин…

Мен бу сафар янгамнинг сўзини бўлиб савол беришга журъат этмадим. Чунки у кишининг менга ўксиб-ўртаниб термулган қароқларидан кўз ёшларининг сим-сим оқиб ёстиққа думалаётганини кўриб турардим.

-Кейин… Кейин эса… – эзғин, титроқ овозда сочларимни сийпалаб гапида давом этарди янгам, — кейин сизга укача олиб келиб бераман… Киччик бўлади… Жажжигина… Тоғангиз исм қўяди… Ўйнатамиз…

…Эртасига уйга қайтганимдан сўнг онам одатдагича янгам билан нималар ҳақида гаплашганимизни сўради. Гўдак эмасманми, янгам тунда айтган бор гапини онамга оқизмай-томизмай гапириб бердим.

-А, нима деди?! – онамнинг кўзлари негадир охирги, янгамнинг укача олиб келиб биз иккимиз ўйнатишимиз ҳақидаги сўзига келганда ғалати порлаб кетди. – Шундай дедими, Дилафзо?!.. Чайналмасдан гапир?!.. Бошқаттан айт?!.. Укача олиб келаман, дедими?..

-Ҳа, укача, деди… Жажжи бўларкан… Ўйнатарканмиз… – узуқ-юлуқ тушунтира бошладим мен.
-Во-ой айланиб кетай! – онам қўлларимдан сиқиб, пешонамдан ўпиб олди.

Шундан кейин онам алла нарсадан қувонганича ҳовлимизда пича фурсат куймаланиб юрди. Сал ўтиб эса у кишни тополмай қолдик.

Бир маҳал, тушга яқин онамнинг ранглари оқаринқираб эшикдан кириб келди.

-Нима бўлди?! Қаерга кетгандинг?! – сўради, мендан бир неча бор онамнинг қаёққа кетганлиги ҳақида сўраб, аччиқланиб турган отам.

-Мен, онамникига… Дилафзо билан гаплашгани… – онам кўзларини бир нуқтага тикканча жавоб берди. – Шўрим… Шўримиз қурсин…

Онамнинг овозидан йиғлаётган ё йиғламаётганинини ажратиб бўлмасди. Лекин, ранги учиб бир нуқтага тикилганча паришон туришлари жуда қўрқинчли кўринарди менга…

Уйда айтилаётган гаплардан, эртасига онам, момом ва бобом бориб Дилафзо янгамларнинг ота-онаси билан учрашиб келганини билдим. Яна бир нарсани билганимда эса илк бор болалик дунёйим қоронғулашиб, ҳақиқий истироб билан юзлашдим. Яни… Дилафзо янгамнинг энди бобомларникида яшамаслигини билганимда…

Онамнинг ўшанда – бобомларникидан ғалати аҳволда кириб келганларида мендан “укача” тўғрисидаги гапларни эшитгач, хуш хабар илинжи билан бориб янгамни сиқувга олганини, оқибатда паймонаси тўлиб юрган янгам ҳали бокира эканлигини айтиб йиғлаганини эса анча йиллардан кейин, улғайганимда эшитдим. Албатта бу пайтда Назир тоғам ҳам, Дилафзо янгам ҳам бўлак-бўлак оила қуриб улгурган эдилар.

Ҳозир тоғамнинг икки ўғилдан кейин кўришган биттагина қизининг исми Диалафзо. Қозоқ янгам момом қўрққанидан кўра иймонлироқ чиққан бўлсалар керак, тоғамга бундай исм қўйиши учун йўл қўйиб берган.

Олисга тушиб кетганлиги боис, жами эзгу ҳислатлари билан хотирамда ўчмас из қолдирган Дилафзо янгамнинг аниқ нечта фарзанди борлигини билмайман. Фақат билганим, ўғлларидан бири менга исмдош эмиш.

077

Bayram ALI
SABRNING SURATI
05

Bu voqea bolaligimning olis yodida mayus bir o’y bo’lib qotib qolganga o’xshaydi. U paytlar men hali besh-olti yoshlar oralig’idagi jo’shqin va xayolchan go’dak edim. To’g’risini aytsam, Nazir tog’am bilan yangamning to’ylari qanday o’tgani esimda qolmagan. Ammo, hozir sizga aytib bermoqchi bo’layotganim — Nazir tog’am hamda Dilafzo yangamning chigal taqdir kechmishlari hali-hanuz xotiramdan uchmaydi.

To’ylaridan o’n kuncha o’tib Nazar tog’am poytaxtga – o’zi taxsil olgan, ayni paytda aspirant bo’lib ishlayotgan dargohga jo’nab ketdi. Yangam qaynonalari bilan qoldi. Elda gap urchidi: Kuyovning kelinga ko’ngli yo’q emish, o’zi bilan olib ketishni istamabdi…

Dilafzo yangam tehnikumni tugatgan ekan. Kelganidan ko’p o’tmay bizning uyimiz yaqinidagi maktabda o’qituvchi bo’lib ishlay boshladi. Tog’am ora-sirada kelib turar, ularning omonat qurilgan munosabatlari shunday davom etardi. Nafsilambrini aytganda, tog’am va yangam biror marta baqir-chaqir qilib janjallashishgan, oshkora tortishishgan emas. Ammo ularning oilasi sirtdan qaragan odamgagina shunday tinch va osuda ko’rinardi, aslida.

Hali aytganimday, hovlimiz maktabga yaqin edi. Men ertalabdan turib yuz qo’limni yuvmasdan ko’chaga chiqib turar, Dilafzo yangamning ishga o’tishlarini to tuproq ko’chamizning boshidan ko’rinib kelavermagunlaricha intiq-intizor kutib o’tirardim. Chunki yangam biror marta meni quruq qoldirib o’tmasdi. Yuzlarimdan o’pib, erkalab bir safar qo’limga qand bersa, boshqa safar mayizmi, parvardami berib o’tardi. U kishidan hadiyaga saqich olgan kunlarim-ku, men uchun haqiqiy shodiyoniga aylanardi. Shuning uchun ham uyimizdagilar harchand koyib to’sqinlik qilishmasin, saharlab yo’lga chiqib Dilafzo yangam upa-eliklarining xushbo’ylarini taratgancha o’tib qolishlarini kutishni kanda qilmasdim.

Nazir tog’amni o’sha kezlari yomon ko’rib qolgan edim. U kishi hech menga yomon muomilada bo’lgan emasdi, yo’q, ba’zan shahardan keltirgan sovg’alari bilan Dilafzo yangamga o’xshab siylab ham turardi. Ammo, Dilafzo yangamga qiladigan sovuq muomilalarining guvohi bo’lganim boisidan u kishini uncha xushlamasdim. Shuning uchun Dilafzo yangamga bayram hisoblanmish tog’amning shahardan qaytishi mening bola ko’nglimda tushkunlik uyg’otar va bunday vaqtlari ularnikiga kamroq borishga harakat qilar edim. Esimda, tog’am uyda kezlari Dilafzo yangam oyog’i-oyog’iga tegmay shoshib ro’zg’or yumushlarini bajarib yurar, bu ham yetmagandy xuddi uchib ketishga shay kapalakdek cho’chib turardi. Biland ovozda gapirmasdi, baland kulmasdi, biror sabab shovqinlab qolsam menga ham barmog’ini labiga bosib “tisss” deb ko’rsatardi. Men tentakka esa Dilafzo yangamning bu paytda javdirab chiroyli pir-piragan ko’zlari yoqib ketardi…

Tog’am bo’lmagan vaqtlari Dilfazo yangam bilan qiladigan suhbatlarimiz ko’pincha bir mavzu atrofida aylanardi.

-Hali tog’angiz bilan ko’chib ketsak.., birga Toshkentda yashay boshlasak.., sizni ham olib ketamiz, — derdi yangam xo’rsinib-o’ksib.
-Qachon ketasiz o’zi u yoqqa? – so’rardim men, Toshkentga tezroq borish istagidan emas, azbaroyi bu mavzudan bezor bo’lganligimdan.

Ko’zlarida qalqqan orzu-umidlariing mayusiyati chehrasiga soya tashlagan bechora yangam jimib qolardi.

***

Bir safar banday bo’ldi. Tog’am ichkari xonada kitob o’qib o’tirgan edi. Yangam dahlizda mashinada nimadir tikar, men yonlarida edim. Hazillashgisi keldimi, yangam tikoyotgan gulli matosining qoldiqlaridan men uchun dastor – qalpoq tikib qoldi. Albatta men ko’rinishidanoq hatto bolalarda ham kulgu uyg’otadigan bu “papax”ni kiyishdan bosh tortdim. Yangam esa qo’lida shu kiyim bilan meni xona bo’ylab quva boshladi… Bir mahal ro’paramizdagi eshikning kutilmaganda qarsillab ochilishidan har ikkimiz cho’chib tushdik. Xushimizni yig’ib olganimizda, ostonada tog’am ko’zlaridan qahr va g’azab uchqunlarini sochgancha yangamga tikilib turardi.

-B-bachkana! – pichirladi u kishi yangamdan shiddatli nigohlarini uzmay. Keyin esa tashqariga yeltadigan eshikni borib ochdi:
-Yo’qol! – dedi, menga qarata.

Men otilib hovliga chiqdimu, baqirib yig’lab yubordim. Uyimizgacha shunday yig’lab, yugurib bordim.

-Ha, ha bolam, nimaga yig’layapsan? – hovlimizga yetganimda peshvoz chiqdilar onam. –Kim urdi?
-Tog’am urdi! Nazir tog’am urdi! – onamning bag’riga o’zimni tashlab o’pkamni bosolmasdan yig’lardim men.
-Yo’g’aay… Nazir?.. Hazillashgandir-da… – lolu-hayron onam shoshib ko’zim yoshlarini artdi.- Axir u nimaga uradi seni? Kuchi mushtday go’dakka yetadimi?!..

Ayni paytda men tog’amdan uch olishni juda-juda istardim. O’zim uchungina emas, yangam uchun ham o’ch olishni istardim.

-Urdi! Urdi deyapman-ku! – deb yig’lardim hamon. Aytayotgan voqeam rostdan ro’y bergan kabi, alam bilan takror-takror ta’kidlar edim: – Boshimga urib, orqamdan itarib yubordiii! Boshimga urdi-i-i!

Onam guyoki biror shikast yetgan bo’lishi mumkinday boshimni siypalab ko’rdi:
-Rostingni gapir, nimaga uradi?! – aytdi so’ngra. — Biror narsasiga teginganmiding?!

Onamning ko’zlarida jonsaraklik bilan birga o’z ukasini ham ayab o’tirmaydigan qattiyat bor edi. Men burnimni sho’rqillatib torta-torta, oxiri hamma voqeani ro’yi rost gapirib berdim. Onam gaplarimni eshitib o’yga cho’mib qoldi. So’ng, negadir hech narsa demasdan boshlarini mayus ekkancha ishlariga unnab ketdi.

Ertasi kuni yangamni kutish uchun ko’chaga chiqmadim. Biroq, darslarini tamomlagan yangamning o’zlari eshik qoqib keldi. Darvozadan kirishlari bilan menga ko’zi tushib, ko’tarib oldi:
-Nimaga Nurbekjon, nega bugun meni kutmadingiz?..

Men yangamning savoliga javob topib ulgurmay, onamning qorasi ko’rindi. Yangam meni qo’lidan qo’ymasdan onamga qarab yurdi. Salom berib, so’rashdi. Yangamning ovozida va o’zini tutishida behalovatlik bor edi. Aftidan, kechagi gapni aytgan bo’lishimdan cho’chirdi.

-Shukr, kelin, shukr, — onam esa hech narsa bo’lmaganaday tutardilar o’zini. – So’loqmonday bolani ko’tarib olganingizni qarang, qo’ying buni… Aytgancha, Nazir tuzukmi?
-Yaxshilar… – birdan bo’shashib qoldi yangam. – Bugun erta bilan jo’nab ketdilar…

Onamning sarosimaga tushgani sezildi.

-Nima?.. Darrov-a?… – dedi ajablangan va hoksor bir tovushda. – Bu safar o’n-o’n besh kun qolmoqchi edi-ku?..

Yangamning aybsigan nigohlari tag’in yer chizdi…

***

Bora-bora tog’am qishloqqa deyarli kelmay qo’ydi. Dilafzo yangam har qancha berkitishga urinmasin, endi ikkisining o’rtasidagi mojaro ham hammaga oydinlashib qolgandi. Qishoqdagi gaplardan bechoragina yangam, yuzlariga kun berkingan, qoshlariga qaldirg’ochlar qo’nib ketgan malaksifat yangam kundan-kunga gulday so’lib, to’kilib borardi, sho’rlik… Orada uyidagilar qaytarib olib ketamiz, deb bir-ikki janjal ko’tarib kelishsa-da, Dilafzo yangam ketishdan bosh tortdi…

Shunday kunlarning birida momom – onamning onalari uyimizga kelib arzi hol qildi.

-Jonim hiqildog’imga keldi gursuxta ukangning dastidan! – deya qarg’andi u kishi onamga. — Shaharga yo’qolib ketgani kamday, endi ajrashaman, deb xat jo’natib yuboribdi! Sen opa bo’lib nasihat qilmaysan bunday…

-Mening gapimni olarmidi u olifta, ena?!- onam boshini changallab qoldi. — O’shanda sizga birga o’qiganimdan suyganim bor, dedi, ming zug’im bilan o’zingiz bitkazdingiz-ku!

-Bitmay bitanlar suqsinakan! – yig’lab yubordi momom. – Bunaqa bo’lishini bilganimda shu ishni qilarmidim?! Axir, qozoq qizga uylanaman, dedi… Qozoq qizning qandayligini sen
bilmasang, men bilmasam! Xudo bexabar kofir chiqsa nima qilardik?!..

-Ey-y, birovning bolasini bebaxt qilguncha kim bilan yashasayam tinch bo’lsin edi, — onam ham yig’ladi. — Gapirmaysan, deysiz… Kelinning ko’z oldimizda oyday ado bo’layotganini ko’rib men kuymaymanmi, ena? Kim biladi, Xudoyimam tezroq tirnoq berib qolsa yaxshi bo’b ketisharmidi…

-Bularingni uyini saqlayman degan umidlarim umganidan uzildi… Nazir bizga indamagani bilan kelinning o’zini ilgarittan ketasan, deb qistagani-qistaganakan. Hayla, singlisiga aytib yig’lapti, tushganimdan beri shu kun: pochchang har kelganida nimaga haliyam ketmading, deb urishadi, depti. Ertalab otasiyam keb gapirib-gapirib ketdi. Quda, bo’ldi, oyoq ostida qogan qizimiz yo’q! Bo’lsa bo’lishini, bo’lmasa bo’lmasini ko’ring, dedi. Ana, qiz sizzarniki, ixtiyor sizzarda, devdim, Dilafzo yana izillab oyog’imga tarmashdi… Ketmayman, deb yig’ladi juvommarg…

Gap shu yerga kelganda onamning ko’z yoshlari arib, momomga tikilib qoldi:

-Ena, ya birov yarim irim-sirim qildimakan?

-Bilmasam… – jur’atsiz chiqdi momomning namiqqan tovushi. — Olloyimning ko’zi o’ng bo’lsin endi… Necha borib Sulaymonxonga “issiq” ham qildirib keldim. Eshon buva “Ulingiz kelgan
kunlari ichadigan suv idishlaringizga solib qo’ying”, deb buyirdi. Qildim. O’z ko’zim bilan boqib kelinga shu suvdan choy damlattirib ichirdim ham Nazirga. Ertaminan ko’rsam suv turgan beton yerni yarim qarish kovlab kirib ketibdi, lekin ukang
erimadi…

Shuncha gaplar kechayotgani bilan.., yangam ichidagini sezdirmay deb shu sanoqli oylar ichida shamday so’nib borayotgan bo’lsalar-da, bizga va qolgan oila a’zolariga shirin muomilasini sira
o’zgartirmasdi. Bo’layotgan ishlarda o’zini aybli sanagan momom ham yangamning atrofida ming aylanib ulgurardi.

Men yangamlarnikida qolgan kunlarimning birida tunda ikkimiz suhbatlashib yotgan edik, yangam yana o’sha eski gapini shivirlab aytdi:
-Bilasizmi… Hali tog’angiz meni olib ketsa… Sizni ham ob ketaman… Birga yashaymiz Toshkentda… Toshkentda yashaymiz keyin…

Men bu safar yangamning so’zini bo’lib savol berishga jur’at etmadim. Chunki u kishining menga o’ksib-o’rtanib termulgan qaroqlaridan ko’z yoshlarining sim-sim oqib yostiqqa dumalayotganini ko’rib turardim.

-Keyin… Keyin esa… – ezg’in, titroq ovozda sochlarimni siypalab gapida davom etardi yangam, — keyin sizga ukacha olib kelib beraman… Kichchik bo’ladi… Jajjigina… Tog’angiz ism qo’yadi… O’ynatamiz…

…Ertasiga uyga qaytganimdan so’ng onam odatdagicha yangam bilan nimalar haqida gaplashganimizni so’radi. Go’dak emasmanmi, yangam tunda aytgan bor gapini onamga oqizmay-tomizmay gapirib berdim.

-A, nima dedi?! – onamning ko’zlari negadir oxirgi, yangamning ukacha olib kelib biz ikkimiz o’ynatishimiz haqidagi so’ziga kelganda g’alati porlab ketdi. – Shunday dedimi, Dilafzo?!..
Chaynalmasdan gapir?!.. Boshqattan ayt?!.. Ukacha olib kelaman, dedimi?..

-Ha, ukacha, dedi… Jajji bo’larkan… O’ynatarkanmiz… – uzuq-yuluq tushuntira boshladim men.
-Vo-oy aylanib ketay! – onam qo’llarimdan siqib, peshonamdan o’pib oldi.

Shundan keyin onam alla narsadan quvonganicha hovlimizda picha fursat kuymalanib yurdi. Sal o’tib esa u kishni topolmay qoldik.

Bir mahal, tushga yaqin onamning ranglari oqarinqirab eshikdan kirib keldi.

-Nima bo’ldi?! Qaerga ketganding?! – so’radi, mendan bir necha bor onamning qayoqqa ketganligi haqida so’rab, achchiqlanib turgan otam.

-Men, onamnikiga… Dilafzo bilan gaplashgani… – onam ko’zlarini bir nuqtaga tikkancha javob berdi. – Sho’rim… Sho’rimiz qursin…

Onamning ovozidan yig’layotgan yo yig’lamayotganinini ajratib bo’lmasdi. Lekin, rangi uchib bir nuqtaga tikilgancha parishon turishlari juda qo’rqinchli ko’rinardi menga…

Uyda aytilayotgan gaplardan, ertasiga onam, momom va bobom borib Dilafzo yangamlarning ota-onasi bilan uchrashib kelganini bildim. Yana bir narsani bilganimda esa ilk bor bolalik dunyoyim qorong’ulashib, haqiqiy istirob bilan yuzlashdim. Yani… Dilafzo yangamning endi bobomlarnikida yashamasligini bilganimda…

Onamning o’shanda – bobomlarnikidan g’alati ahvolda kirib kelganlarida mendan “ukacha” to’g’risidagi gaplarni eshitgach, xush xabar ilinji bilan borib yangamni siquvga olganini, oqibatda paymonasi to’lib yurgan yangam hali bokira ekanligini aytib yig’laganini esa ancha yillardan keyin, ulg’ayganimda eshitdim. Albatta bu paytda Nazir tog’am ham, Dilafzo yangam ham bo’lak-bo’lak oila qurib ulgurgan edilar.

Hozir tog’amning ikki o’g’ildan keyin ko’rishgan bittagina qizining ismi Dialafzo. Qozoq yangam momom qo’rqqanidan ko’ra iymonliroq chiqqan bo’lsalar kerak, tog’amga bunday ism qo’yishi uchun yo’l qo’yib bergan.

Olisga tushib ketganligi bois, jami ezgu hislatlari bilan xotiramda o’chmas iz qoldirgan Dilafzo yangamning aniq nechta farzandi borligini bilmayman. Faqat bilganim, o’g’llaridan biri menga ismdosh emish.

077

(Tashriflar: umumiy 159, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring