Bobur Elmurodov. She’rlar va badialar

Ashampoo_Snap_2016.09.23_23h45m13s_002_.png       Бугун ўзбек шеърияти жуда кўп янги номлар билан бойиди. Уларнинг изланиш ва тажрибалари кўзга кўринмоқда. Ана шундай ўз йўлини топишга уриниб, қаламини турли жанрларда синаб кўраётган ва бағоят маъқул томони, бугунги шеъриятимиз пасту баланди ҳақида фикрлашга, уларга диққатни қаратишга уринаётган Бобур Элмурод ижодидан  айрим намуналарни тақдим этмоқдамиз.

Бобур ЭЛМУРОД
ШЕЪРЛАР ВА БАДИАЛАР
006

    Бобур Элмуродов 1989 йилнинг 25 ноябрида Қашқадарё вилояти Китоб тумани Алақўйлиқ қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетини тамомлаган. 2012-2014 йилларда магистратура босқичини тамомлаган. Ҳозирда “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаб келмоқда. Шеърлари ва насрий асарлари республика нашрларида эълон қилинган.

006

* * *
Bobur-Elmurod.jpg
Борлиғингни ютдим амаллаб,
Сеҳргарга айландим зумда.
Фаслларга қафас  бўлди қалб,
Тўрт фасл ҳам менинг измимда.

Бир кечада ўғирлаб олдим,
Ўтганингда гап отган сойни.
Қайтишимда сўмкамга солдим,
Осмон узра осилган ойни.

Яна нима чиқди эсимдан,
Тағин қолиб солмасин ғавғо.
Фақат қолиб кетарди мендан,
Қоронғуга беланган ҳаво.

Ва, ниҳоят, келдим ёнингга,
Буюр,
ерга чўккаладим тиз.
– Бори шуми? –Пичирлаб аста
Фаслларга ёнбошлади қиз.

Оҳ…
Орзуларинг қўйибман тўсиб,
Йўқотибман,
бу қандай нағма?
Камзулимдан қолибди тушиб,
Ишқ аталмиш ялтироқ тугма.

* * *

Мени маъзур тутинг,
фақат илтимос,
Бунча ўзингизни олманг панага.
Менинг излаганим,
…битта ранг холос,
Битта ранг деб келдим ғурбатхонага.

Мени маъзур тутинг,
сўнг бор, даъфатан,
Билмай кириб қолдим ҳаётингизга.
Мени ҳайдаворинг,
майли, кетаман,
Нимадир айтмоқчи бўлувдим сизга.

Бир дақиқа…
Энди жим турасиз мағлубларга хос,
Майлими, бир оғиз гапирсам иним?!
Ишонинг!
Битта рангни кашф қилганим рост,
Фақат…
Фақат… мингта рангдан ажралган куним.

* * *

Бевақт ҳаётимга кириб келган март
Синган умидларим супурар бир-бир.
Эски қумғонимда қайнаётган дард
Томчиси юзингга тегдими, сингил?

Хавотир кўзимга чўкар чуқурроқ,
Аросат акамдир, хиёнат — иним.
Нега у дамларнинг ҳамма ранги оқ,
Нега узоқларда  қолди яқиним?

Феврал юрагимнинг соғинчин туйган,
Баҳорга юзини кўрсатмас кўнглим.
Анов қуроқ кўрпанг тагига қўйган
Барча дардларингни менга бер, синглим.

Дийдор саҳролари бунча бепоён,
Мудроқ туйғуларим ухлолмайди тинч?!
Баҳорнинг қайтиши бир менга аён,
Асли, икки дилга ин қурар соғинч.

Юк

Биз томонга келар икки зот,
Олис тоғлар бағирларидан.
Бири ёйдек эгилиб борар
Тўрвасининг оғирлигидан.

Ҳамроҳининг қўли эса бўш,
На юки бор, на бир насаби.
Мунғаярди хомуш негадир
Юк кўтарган шериги каби.

Чиқар эди турфа хил нигоҳ,
Сайёҳларнинг ўнгу сўлидан.
Бари бир хил — ҳориган чолнинг
Тўрвасини олар қўлидан.

Ғамга ботар эди бундай пайт,
Йўлдошининг қорачиқлари.
Оғирлашиб борарди унинг
Чап кўксида турган юклари.

Ўтиб борар одамлар тўп-тўп,
Ортда қолар таҳқирланган йўл.
Наҳот улар битта кўнгилни
Кўтаришга узатолмас қўл?!

Бегона ўт

Илдизидан юлавердинг хўп,
Бегона ўт дединг алафни.
Ҳосилинг кам, болаларинг кўп
Ўйлар эдинг икки тарафни.

Юлавердинг, ахир сен танти,
Бир сония чекинмай ишдан.
Бечора ўт зада бўлганди
Экинзорлар ичра ўсишдан.

Айт-чи, алам қилмасми унга,
Ўз ерида бегона бўлмоқ.
Ўзга юртлик экин олдида
Минг топталмоқ, минг бора ўлмоқ.

Шу бир майса баридан аввал,
Ўсмабмиди ерда туғилиб.
Биз-чи, уни йиғлатиб ҳар гал,
Илдизидан олдик суғуриб.

Тақдир экан, бошқа не дердим,
Бир ўланга шунча ғам камми?
Тушун, жуда соғиниб кетдим
Шундай яшайдиган одамни…

***

Чиқмай туриб бирор мансабга,
Тушмай туриб бирор амалдан.
Қай бир модда билан юрагим
Қовурғамга ноҳақ қамалган…

***

Бир кўнгил ўстирсанг, ичингда
Яшаса энг буюк зотларинг.
Ичкарига кира олмаса
Ёмонотлиқ, ёмон отларинг…

Ағанаса туйғуларингни
Босиб ётган минг-минглаб харсанг.
Алдамаса қулоқларинг ҳеч,
Кўзларингга буткул ишонсанг.

Бир кўнгил ўстирсанг ичингда,
Ичингда бир кўнгил йўқласанг.
Кўз юмсанг…
қоронғу бўлмаса
Ёп-ёруғ кундузда ухласанг…

* * *

Бир тош бўлар экан “Лангар ота”да,
Жуда ҳам қадимий ҳамда ғаройиб.
Уни кўролмадим, айтишларича,
Бир кечада бўлиб қолганмиш ғойиб.

Дунёнинг иккинчи бир томонида,
Бир тош кўпчиликни қилмишдир шайдо.
Уни ҳам кўрмадим, айтишларича,
Бир кечада бўлиб қолганмиш пайдо.

Тақдирлар ҳам кўчмиш тошлар сингари,
Бир ерда яралиб, бир ерда ўчиб.
Юради қайсидир аждод қисмати
Қайсидир авлоднинг умрига кўчиб.

Кўчади менинг ҳам барча сирларим,
Шодликларим кўчар, қайғуларим ҳам.
Кўчади тузалмас инжиқликларим,
Кўчади поёнсиз туйғуларим ҳам.

Аммо қўрқаманки, дилгир давомчим
Менинг қисматимга қиларми ҳавас?
Ишқилиб, дунёнинг бир чеккасида
Бир одам ўксиниб яшамаса, бас!

* * *

Қаерга бош олиб кетди муҳаббат,
Ахтаринг, унга ҳеч зиён етмасин?
Ахир, улкан эмас биз турган сарҳад,
Тағин чегарадан чиқиб кетмасин.

Агар шундай бўлса тугар барчаси,
Кўнгилнинг айтгани бўлмайди тўғри.
Турмушга чиқмайди севиб Хон қизи,
Бахтли бўлолмайди бирор Бой ўғли.

БАДИАЛАР

ВИРТУАЛ ШОИР

Бугунги куннинг адабиёти идодкорни ҳақиқий синов майдонига бошлаб кирмоқда, десак тўғри бўлади. Чунки шеър ёки асар ёзиб қозон қайнатиш осон иш эмас. Ёзувчи Худойберди Тўхтабоев бир сўзида ҳазил аралаш: “Ҳошимжон менга ўғил қатори бўлди. Унинг орқасидан уй қилдим, тўй қилдим, машина олдим. Бугун эса битта китоб чиқариш учун шуларнинг барини сотишга тўғри келади”, деган экан.

Шубҳасиз ҳар бир яхши ёзилган асарнинг оғир-енгили шоирнинг бўйнида. Ҳар бир чиққан яхши китоб унинг нафасидир. Кейинги нафас олиш учун эса ичимиздаги бор ҳавони ташқарига чиқаришимиз керак. Уни ушлаб туриш, яшириш руҳиятни оғирлаштириб қўяди. Аммо бугун завқ олишнинг ҳам шакли ўзгарди. Интернет сайтлари ёхуд ижтимоий тармоқлар чинакамига адабиётнинг баҳс-мунозара майдонига айланди. Бу виртуал олам минглаб ҳавасманд-шоирларни-да дунёга келтирди. Бу яхши, албатта. Аммо гуручни ҳам, курмакни ҳам бирдек қайнатаётган интернет қозонидаги емакни адабиёт озуқаси сифатида истеъмол қилса бўладими?

Афсуски, бугун аксарият шеърлар ҳеч бир таҳрирсиз, грамматик хатолар билан эълон қилинмоқда. Демак сўзлар ақл тарозисида тортилмай, муҳаррир таҳриридан ўтмай дунё юзини кўрмоқда. Гўё бундай ҳолга ижодкор кўнгли кўниккандай, муросага келгандай. Бугун у “дангаса” деган сўзни ҳам кўнглига олмайди. Бир шингил кўнгил сўзлари устида ишлаш унга малол келади, ўқиш эса ўқувчига-да оғир. Адабиётнинг олтин баҳосидаги қадрини бизнинг қуруқ ва майда ёзишмаларимиз, фикрсиз ва ҳиссиз қораламаларимиз тупроқ баҳо қилаётгандай.

МАЪНАВИЙ ҲАҚ

Ўйлашимча, кўпдан бери биздан бегоналашишга улгурган бир анъанани унутиб қўйдик. Бирор мавзуга қўл урар эканмиз, бу ҳақида ёзишга маънавий ҳаққим борми, деган саволни ўзимизга бермай қўйдик. Ҳазрат Навоий “Хамса” ёзишни мақсад қилиб, Низомий панжасига панжа ураётганида қанчалар ҳадиксирагани, бу мукаммал асардан ҳам ўтказиб бирор сўз айта олиш мушкулотини чин дилдан ҳис қилиб, ҳатто устозларидан изн сўраганини мактаб ўқувчиси ҳам яхши билса керак. Тенгдошларимиз машқларини кузатар эканмиз, уларнинг ижодида тўкин замонда ҳам ғам-изтиробга тўлган қиз-йигит изҳорларига гувоҳ бўламиз. Ачинарлиси, уларда кўпнинг дарди кўринмайди. Ахир ҳамма ҳам муҳаббатдан азоб чекаётгани йўқ-ку.

Ҳаётда улғайиш, меҳнат қилиш, инсон характерини намоён қилиш каби ўта муҳим ва давомий жараёнлар ҳам кечмоқдаки, уларни камсонли ижодкорларгина англамоқда. Бугун эса ҳар ким хоҳлаган мавзуда қалам тебратаяпти. Ҳеч ким ҳеч кимга маслаҳат солгани йўқ. Ҳатто ўн-ўн беш яшар ҳаваскорлар ҳам катталар жазм қила олмайдиган аруздек мураккаб вазнда қалам тебратяпти. Шеър техникасини ўзлаштириш, ёзиш бирдан тўққизгача санашдек осон иш бўлиб қолди. Балки шунинг учун ҳам адабиётдан кўпчиликнинг ихлоси қайтаётгандир. Шукрки, Мустақиллик барчамизга бениҳоя эркин сўз айта олиш имконини ҳам берди. Бу яхши. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Масалан, ижтимоий тармоқлар орқали юз йиллардан бери қалбда занглаб ётган рост-ёлғонлар, турфа сийрат ва суратлар ҳақида бонг урилмоқда. Ажабки, адабиёт оламида ижодкор ижодидан олдин унинг шахсиятини астар-аврасини чиқариш урфга кирди. Ҳали “алиф”ни англамаган айрим ҳаваскорлар бутун бошли миллат адабиёти намояндалари шахсиятини муҳокама қилмоқда. Тўғри, сўзлар бепул, бироқ улардан қандай фойдалана олишингиз сизни баҳолаши мумкин. Жуда яхши эслаймиз, авваллари 18 ёшга тўлмаган ўспиринларнинг айрим фильмларни кўришларига рухсат бўлмаган. Бу ёш, дунёқараш билан боғлиқ, албатта. Бунда ҳамма нарсани ҳам ҳақиқат деб айтавериш унчалик тўғри эмаслиги, ҳар нарсада маънавий одоб сақлаш кераклигини назарда тутмоқчиман.

Биз ўтмишдаги буюкларимизнинг энг яхши жиҳатларини такрор мисол келтирамиз. Чунки уларнинг замондошлари келажак авлодга шоир ижоди ва шахсиятини тозалигича етказа олган. Кичик нуқсонларни элга ошкор қилишдан кўра уларнинг юксак хислатларини, бадииятларини элга намоён қилишни шараф деб билганлар. Зеро ҳазрат Навоий айтадиларки: Донишманд чин сўздан ўзгани демас, Вале барча чин ҳам айтгулик эмас.

ЎЗИНИ ОҚЛАМАЁТГАН ҚОРАЛАМАЛАР

Шогирд машҳур рассом қўлида таҳсил олар эди. Бир куни у устозидан мустақил бўлиши учун оқ фотиҳа беришини сўрабди.

– Сен энг иқтидорли шогирдимсан, — дебди устоз. — Шундай бўлса-да, сўнгги илтимосимни бажарсанг. Боргин-да, энг яхши асарингни чизиб кел.

Ёш рассом бор маҳоратини ишга солиб, сурат чизибди.

Устози расмни кўриб:

— Энди уни шаҳарнинг гавжум жойига илиб қўй. Ёнига қизил қалам қўйиб, шундай сўзларни ёз: — кимки суратда камчилик кўрса, ўша жойига қалам билан белги қўйсин!

Икки кундан сўнг шогирд кўз ёш билан қайтиб келибди: – Устоз, мендан рассом чиқмас экан. Энг яхши деб ўйлаган асаримнинг аҳволига қаранг… Устоз кўрса, расмнинг қалам тегмаган жой қолмабди.

– Хафа бўлма, — дебди устоз. — Энди қалам изларини ўчириб, шу расмни яна ўша гавжум жойга илиб қўй. Ёнига мўйқалам ва ранглар қўйиб: — Расмга эътирози борлар мўйқалам билан ўша камчиликни тузатиб қўйсин, деб ёзиб қўй.

Орадан кунлар ўтса ҳам ҳеч кимса суратга ўзгартириш кирита олмабди. Устоз бу ҳолни шундай изоҳлаган экан:

— Одамлар танқид қилишга уста, тузатишга келганда эса нўноқ. Бўтам, бирон нарсани танқид қилишдан олдин ўрнига нима бера олишинг мумкинлигини ўйла. Йўқса, танқид қилма!

Бугун шулар ҳақида ўйлаб қолдим. Эндигина кўз очаётган ижодкорга қарата “шеър бундай ёзилмайди” дегувчилар хаёлимдан ўтди. Кўнгилда тенгдошлар ва уларнинг табиати ҳақида очиқроқ сўз айтиш умиди пайдо бўлди. Адабиётшуносларимиздан бирининг ёшлар билан учрашувда “Энди биздан эътибор ҳам, эътироф ҳам кутманглар. Биз ўз тенгдошларимизни яхши ўргандик, таҳлил қилдик. Истаймизми йўқми, биз ўша даврнинг ижодкорларимиз. Энди янги аср авлодининг ўз танқидчиси, таҳлилчиси бўлмоғи керак. Булар ўзларингдан чиқса нур устига нур бўларди”, деган куюнчак фикрларини эсладим.

Ростдан ҳам кекса авлод вакилларининг назарига тушиш, улардан рағбат кутишнинг фурсати ўтди. Катталарнинг кичикларга берган саломи остида истеҳзо бўлганидек, тенгдош тенгдошига кўпроқ фикр билдирса, танқид қилса, адолатдан бўлар эди. Зеро Румий ҳазратлари айтганларидек: — Гиламни калтак билан қоқмоқ гиламга озор бермоқ учун эмас, покламоқ учундир…

МУДДАО

Шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Муддао” номли шеъри ёдимга тушади. Унда ошиқ онасидан Зеби исмли қиз ҳақида сўрашга ийманиб, узоқдан сўз очади. Шеърнинг сўнгги мисрасигача шоирнинг мақсади нелигини ҳеч ким билмайди. Муддао эса энг сўнгги сатрлардагина англанади:

Хатим тамом, айтганча она,
Зеби эрга тегиб кетгандир.

Бир дўстимиз ҳамма ёқни шеър босиб кетди, дея иддао қилади. Мен унга ҳақиқий шеърлар камёблигини, муддаосиз ёзишмалар кўпайиб кетганини айтмоқчи бўламан. Шеър яхлит бир асар сифатида таассурот қолдирмас, унинг ғояси аввало инсон қалбида акс-садо бермас экан, бундай тўқималарнинг бир сатри ҳам яшашга лойиқ эмас, деб ўйлайсан киши. Назм оламига кириб келаётган тенгдошларимизнинг кўпчилигида оҳангнинг янгилиги ва ўзгачалиги, ҳатто бебаҳо ташбеҳлар борлигини сезиш мумкин. Бирдан унинг мухлисига айланасан. Кейинчалик унинг пайдар-пай шеърларини ўқийсану, ҳафсаланг пир бўлади. Шеърдан ҳам кўнглинг совийди.

Яхши шеър қачон эсда қолади? Менимча, унда ярқ этган воқеа бўлсагина. Ўша воқелик ўз навбатида чуқур маъно ташимоғи ҳам лозим. Баланд теракнинг илдизини қурт-қумурсқалар еб битирса-ю, у “қарс” этиб ерга қуласа — бизга нима деймиз. Бироқ ўша терак бир инсон сиймоси бўлса-ю, ўз хатолари туфайли енгилиб, ҳаммамизга ибрат бўлолса — бу бошқа гап. Аслида шеър биргина мисра бўлиб дунёга келади. Қолган сатрлар ўша мисранинг кучайишига, мавзу моҳиятини чуқурроқ очиб беришга хизмат қилиши керак.

Ана, оқ тут қоқаётирлар,
Тутга тўлиб кетди ҳаммаёқ.
Одамлар тут емоқда тўйиб,
Дарахт тўйиб емоқда таёқ.
(Матназар Абдулҳаким)

Тўртликдаги биргина мисра шеърнинг соф ҳарорати, фикрнинг тиниқлигини сақлаб турибди: “Дарахт тўйиб емоқда таёқ”. Одамларнинг тўйиб тут ейиши яхши, аммо шоир сўнгги мисрада дарахтнинг тўйиб таёқ ейишини ёзар экан, моҳиятан тенгсизликлар эвазига қурилган ҳаёт шафқатсизликларини ёдга солиб ўтади. Аксарият ёш ижодкорлар шеърни тўртлик сифатида тушунади ва бошқа шаклларни қабул қила олмайди. Бу техник ҳолат ҳаваскорга ҳам, ижодкорга ҳам қулайдек. Асрлар мобайнида шундай бўлиб келди ҳам.

Аммо бугун ҳамма нарсанинг шакли ўзгарган. Ҳамма гап ўша шакллар ташиётган мазмун ва муддаода. Баъзи шеърларда яхши мисралар бор холос, аммо буни тўкис намуна сифатида қабул қилиб бўлмайди. Яъни, унда катта ижод намунасининг хамиртуруши бўлади-ю, шоирнинг уни олиб чиқишга кучи ёки билими етмай қолади. Ёки ижодкор бош хулоса сифатида кўрсатмоқчи бўлган фикр шеърда эътиборга олинмай қолган бошқа бир фикрдан маънан пастроқ бўлиб қолиши ҳам мумкин. Ёш ижодкорлардан бири қалампир ҳақида шеър ёзди. Унинг аччиқлигини ҳақиқатга менгзади. Аммо бутун бошли шеърда биргина ноёб топилма бор: “Қалам — пир” дея хулоса қилади ижодкор. Яна бир тенгдошимиз шеърида “Мажнунтол тагида қолдим мажнунҳол…” деган сатрни ишлатибди. Назаримда, шу биргина сатр бутун бошли шеър билан беллаша олади.

СУКУТ

Яхши шеър ёзилдими, кейинги ёзилажак ижод намунаси ундан кам бўлмаслиги керак, назаримда. Ижодкор кийик каби чўққидан чўққига тобора ўсиб бориши, забт этган тепалигидан пастга қайта тушмаслиги керак. Агар шунга риоя қилинса, худа-беҳудага шеър ёзилавермас эди.

Бугунги адабиётимиз истиқболига бир ҳовуч юрак шеърлари ёзиш кўпчиликнинг қўлидан келар, аммо кундан кунга яхши ва бир-биридан баланд ижод намуналарини яратишга тиришаётган тенгдошлар ижоди менда кўпроқ ҳавас уйғотади. Улуғларимиз айтадики, бир шеърдан ўзиб бошқа шеър яратишга чоғи келмаётган шоир учун энг мақбул йўл бу сукут сақлаб туришдир. Кашфиётчи Томас Эдисон чулғамали лампочка яратиш учун икки мингдан ортиқ тажриба ўтказган. У бундан фахрланиб, мен лампочкани ёндиролмасликнинг икки минг хил усулини биламан, деган экан.

Яхши шеър керак бўлса қайта-қайта ишланаверади. Бу жараёнда унинг ғояси ва савияси ўткирлашиб, грамматик хато ва камчиликлардан ҳам холи бўлади. Адабиётга шеърни ана шундай тоза ва бекам қилиб олиб киришни одат қилиш керакка ўхшайди. Ижодкор ҳар бир сатр устида холис, дорчўпни тенг ушлаб, эҳтиёткор юриши лозим. Бунинг учун сўз қўллаш бир текис ва равон, ўқиганда хаёл қоқилмайдиган, ҳиссиёт жароҳатланмайдиган бўлса соз бўлар эди.

0000tqxw.jpg

Bobur ELMUROD
SHE’RLAR VA BADIALAR
006

   Bobur Elmurodov 1989 yilning 25 noyabrida Qashqadaryo viloyati Kitob tumani Alaqo’yliq qishlog’ida tug’ilgan. Mirzo Ulug’bek nomidagi O’zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. 2012-2014 yillarda magistratura bosqichini tamomlagan. Hozirda “O’zbekiston ovozi” gazetasida ishlab kelmoqda. She’rlari va nasriy asarlari respublika nashrlarida e’lon qilingan.

006

* * *
bobur_elmurodov.jpg
Borlig’ingni yutdim amallab,
Sehrgarga aylandim zumda.
Fasllarni qo’yibman qamab,
To’rt fasl ham mening izmimda.

Bir kechada o’g’irlab oldim,
O’tganingda gap otgan soyni.
Qaytishimda so’mkamga soldim,
Osmon uzra osilgan oyni.

Yana nima chiqdi esimdan,
Tag’in qolib solmasin g’avg’o.
Faqat qolib ketardi mendan,
Qorong’uga belangan havo.

Va, nihoyat, keldim yoningga,
Buyur,
yerga cho’kkaladim tiz.
– Bori shumi? –Pichirlab asta
Fasllarga yonboshladi qiz.

* * *

Meni ma’zur tuting,
faqat iltimos,
Buncha o’zingizni olmang panaga.
Mening izlaganim,
…bitta rang xolos,
Bitta rang deb keldim g’urbatxonaga.

Meni ma’zur tuting,
so’ng bor, da’fatan,
Bilmay kirib qoldim hayotingizga.
Meni haydavoring,
mayli, ketaman,
Nimadir aytmoqchi bo’luvdim sizga.

Bir daqiqa…
Endi jim turasiz mag’lublarga xos,
Maylimi, bir og’iz gapirsam inim?!
Ishoning!
Bitta rangni kashf qilganim rost,
Faqat…
Faqat… mingta rangdan ajralgan kunim.

* * *

Bevaqt hayotimga kirib kelgan mart
Singan umidlarim supurar bir-bir.
Eski qumg’onimda qaynayotgan dard
Tomchisi yuzingga tegdimi, singil?

Xavotir ko’zimga cho’kar chuqurroq,
Arosat akamdir, xiyonat — inim.
Nega u damlarning hamma rangi oq,
Nega uzoqlarda qoldi yaqinim?

Fevral yuragimning sog’inchin tuygan,
Bahorga yuzini ko’rsatmas ko’nglim.
Anov quroq ko’rpang tagiga qo’ygan
Barcha dardlaringni menga ber, singlim.

Diydor sahrolari buncha bepoyon,
Mudroq tuyg’ularim uxlolmaydi tinch?!
Bahorning qaytishi bir menga ayon,
Asli, ikki dilga in qurar sog’inch.

Yuk

Biz tomonga kelar ikki zot,
Olis tog’lar bag’irlaridan.
Biri yoydek egilib borar
To’rvasining og’irligidan.

Hamrohining qo’li esa bo’sh,
Na yuki bor, na bir nasabi.
Mung’ayardi xomush negadir
Yuk ko’targan sherigi kabi.

Chiqar edi turfa xil nigoh,
Sayyohlarning o’ngu so’lidan.
Bari bir xil — horigan cholning
To’rvasini olar qo’lidan.

G’amga botar edi bunday payt,
Yo’ldoshining qorachiqlari.
Og’irlashib borardi uning
Chap ko’ksida turgan yuklari.

O’tib borar odamlar to’p-to’p,
Ortda qolar tahqirlangan yo’l.
Nahot ular bitta ko’ngilni
Ko’tarishga uzatolmas qo’l?!

Begona o’t

Ildizidan yulaverding xo’p,
Begona o’t deding alafni.
Hosiling kam, bolalaring ko’p
O’ylar eding ikki tarafni.

Yulaverding, axir sen tanti,
Bir soniya chekinmay ishdan.
Bechora o’t zada bo’lgandi
Ekinzorlar ichra o’sishdan.

Ayt-chi, alam qilmasmi unga,
O’z yerida begona bo’lmoq.
O’zga yurtlik ekin oldida
Ming toptalmoq, ming bora o’lmoq.

Shu bir maysa baridan avval,
O’smabmidi yerda tug’ilib.
Biz-chi, uni yig’latib har gal,
Ildizidan oldik sug’urib.

Taqdir ekan, boshqa ne derdim,
Bir o’langa shuncha g’am kammi?
Tushun, juda sog’inib ketdim
Shunday yashaydigan odamni…

***

Chiqmay turib biror mansabga,
Tushmay turib biror amaldan.
Qay bir modda bilan yuragim
Qovurg’amga nohaq qamalgan…

***

Bir ko’ngil o’stirsang, ichingda
Yashasa eng buyuk zotlaring.
Ichkariga kira olmasa
Yomonotliq, yomon otlaring…

Ag’anasa tuyg’ularingni
Bosib yotgan ming-minglab xarsang.
Aldamasa quloqlaring hech,
Ko’zlaringga butkul ishonsang.

Bir ko’ngil o’stirsang ichingda,
Ichingda bir ko’ngil yo’qlasang.
Ko’z yumsang…
qorong’u bo’lmasa
Yop-yorug’ kunduzda uxlasang…

* * *

Bir tosh bo’lar ekan “Langar ota”da,
Juda ham qadimiy hamda g’aroyib.
Uni ko’rolmadim, aytishlaricha,
Bir kechada bo’lib qolganmish g’oyib.

Dunyoning ikkinchi bir tomonida,
Bir tosh ko’pchilikni qilmishdir shaydo.
Uni ham ko’rmadim, aytishlaricha,
Bir kechada bo’lib qolganmish paydo.

Taqdirlar ham ko’chmish toshlar singari,
Bir yerda yaralib, bir yerda o’chib.
Yuradi qaysidir ajdod qismati
Qaysidir avlodning umriga ko’chib.

Ko’chadi mening ham barcha sirlarim,
Shodliklarim ko’char, qayg’ularim ham.
Ko’chadi tuzalmas injiqliklarim,
Ko’chadi poyonsiz tuyg’ularim ham.

Ammo qo’rqamanki, dilgir davomchim
Mening qismatimga qilarmi havas?
Ishqilib, dunyoning bir chekkasida
Bir odam o’ksinib yashamasa, bas!

* * *

Qaerga bosh olib ketdi muhabbat,
Axtaring, unga hech ziyon yetmasin?
Axir, ulkan emas biz turgan sarhad,
Tag’in chegaradan chiqib ketmasin.

Agar shunday bo’lsa tugar barchasi,
Ko’ngilning aytgani bo’lmaydi to’g’ri.
Turmushga chiqmaydi sevib Xon qizi,
Baxtli bo’lolmaydi biror Boy o’g’li.

BADIALAR

VIRTUAL SHOIR

Bugungi kunning adabiyoti idodkorni haqiqiy sinov maydoniga boshlab kirmoqda, desak to’g’ri bo’ladi. Chunki she’r yoki asar yozib qozon qaynatish oson ish emas. Yozuvchi Xudoyberdi To’xtaboev bir so’zida hazil aralash: “Hoshimjon menga o’g’il qatori bo’ldi. Uning orqasidan uy qildim, to’y qildim, mashina oldim. Bugun esa bitta kitob chiqarish uchun shularning barini sotishga to’g’ri keladi”, degan ekan.

Shubhasiz har bir yaxshi yozilgan asarning og’ir-yengili shoirning bo’ynida. Har bir chiqqan yaxshi kitob uning nafasidir. Keyingi nafas olish uchun esa ichimizdagi bor havoni tashqariga chiqarishimiz kerak. Uni ushlab turish, yashirish ruhiyatni og’irlashtirib qo’yadi. Ammo bugun zavq olishning ham shakli o’zgardi. Internet saytlari yoxud ijtimoiy tarmoqlar chinakamiga adabiyotning bahs-munozara maydoniga aylandi. Bu virtual olam minglab havasmand-shoirlarni-da dunyoga keltirdi. Bu yaxshi, albatta. Ammo guruchni ham, kurmakni ham birdek qaynatayotgan internet qozonidagi yemakni adabiyot ozuqasi sifatida iste’mol qilsa bo’ladimi?

Afsuski,  bugun aksariyat she’rlar hech bir tahrirsiz, grammatik xatolar bilan e’lon qilinmoqda. Demak so’zlar aql tarozisida tortilmay, muharrir tahriridan o’tmay dunyo yuzini ko’rmoqda. Go’yo bunday holga ijodkor ko’ngli ko’nikkanday, murosaga kelganday. Bugun u “dangasa” degan so’zni ham ko’ngliga olmaydi. Bir shingil ko’ngil so’zlari ustida ishlash unga malol keladi, o’qish esa o’quvchiga-da og’ir. Adabiyotning oltin bahosidagi qadrini bizning quruq va mayda yozishmalarimiz, fikrsiz va hissiz qoralamalarimiz tuproq baho qilayotganday.

MA’NAVIY HAQ

O’ylashimcha, ko’pdan beri bizdan begonalashishga ulgurgan bir an’anani unutib qo’ydik. Biror mavzuga qo’l urar ekanmiz, bu haqida yozishga ma’naviy haqqim bormi, degan savolni o’zimizga bermay qo’ydik. Hazrat Navoiy “Xamsa” yozishni maqsad qilib, Nizomiy panjasiga panja urayotganida qanchalar hadiksiragani, bu mukammal asardan ham o’tkazib biror so’z ayta olish mushkulotini chin dildan his qilib, hatto ustozlaridan izn so’raganini maktab o’quvchisi ham yaxshi bilsa kerak. Tengdoshlarimiz mashqlarini kuzatar ekanmiz, ularning ijodida to’kin zamonda ham g’am-iztirobga to’lgan qiz-yigit izhorlariga guvoh bo’lamiz. Achinarlisi, ularda ko’pning dardi ko’rinmaydi. Axir hamma ham muhabbatdan azob chekayotgani yo’q-ku.

Hayotda ulg’ayish, mehnat qilish, inson xarakterini namoyon qilish kabi o’ta muhim va davomiy jarayonlar ham kechmoqdaki, ularni kamsonli ijodkorlargina anglamoqda. Bugun esa har kim xohlagan mavzuda qalam tebratayapti. Hech kim hech kimga maslahat solgani yo’q. Hatto o’n-o’n besh yashar havaskorlar ham kattalar jazm qila olmaydigan aruzdek murakkab vaznda qalam tebratyapti. She’r texnikasini o’zlashtirish, yozish birdan to’qqizgacha sanashdek oson ish bo’lib qoldi. Balki shuning uchun ham adabiyotdan ko’pchilikning ixlosi qaytayotgandir. Shukrki, Mustaqillik barchamizga benihoya erkin so’z ayta olish imkonini ham berdi. Bu yaxshi. Ammo masalaning ikkinchi tomoni ham bor. Masalan, ijtimoiy tarmoqlar orqali yuz yillardan beri qalbda zanglab yotgan rost-yolg’onlar, turfa siyrat va suratlar haqida bong urilmoqda. Ajabki, adabiyot olamida ijodkor ijodidan oldin uning shaxsiyatini astar-avrasini chiqarish urfga kirdi. Hali “alif”ni anglamagan ayrim havaskorlar butun boshli millat adabiyoti namoyandalari shaxsiyatini muhokama qilmoqda. To’g’ri, so’zlar bepul, biroq ulardan qanday foydalana olishingiz sizni baholashi mumkin. Juda yaxshi eslaymiz, avvallari 18 yoshga to’lmagan o’spirinlarning ayrim fil`mlarni ko’rishlariga ruxsat bo’lmagan. Bu yosh, dunyoqarash bilan bog’liq, albatta. Bunda hamma narsani ham haqiqat deb aytaverish unchalik to’g’ri emasligi, har narsada ma’naviy odob saqlash kerakligini nazarda tutmoqchiman.

Biz o’tmishdagi buyuklarimizning eng yaxshi jihatlarini takror misol keltiramiz. Chunki ularning zamondoshlari kelajak avlodga shoir ijodi va shaxsiyatini tozaligicha yetkaza olgan. Kichik nuqsonlarni elga oshkor qilishdan ko’ra ularning yuksak xislatlarini, badiiyatlarini elga namoyon qilishni sharaf deb bilganlar. Zero hazrat Navoiy aytadilarki: Donishmand chin so’zdan o’zgani demas, Vale barcha chin ham aytgulik emas.

O’ZINI OQLAMAYOTGAN QORALAMALAR

Shogird mashhur rassom qo’lida tahsil olar edi. Bir kuni u ustozidan mustaqil bo’lishi uchun oq fotiha berishini so’rabdi.

– Sen eng iqtidorli shogirdimsan, — debdi ustoz. — Shunday bo’lsa-da, so’nggi iltimosimni bajarsang. Borgin-da, eng yaxshi asaringni chizib kel.

Yosh rassom bor mahoratini ishga solib, surat chizibdi.

Ustozi rasmni ko’rib:

— Endi uni shaharning gavjum joyiga ilib qo’y. Yoniga qizil qalam qo’yib, shunday so’zlarni yoz: — kimki suratda kamchilik ko’rsa, o’sha joyiga qalam bilan belgi qo’ysin!

Ikki kundan so’ng shogird ko’z yosh bilan qaytib kelibdi: – Ustoz, mendan rassom chiqmas ekan. Eng yaxshi deb o’ylagan asarimning ahvoliga qarang… Ustoz ko’rsa, rasmning qalam tegmagan joy
qolmabdi.

– Xafa bo’lma, — debdi ustoz. — Endi qalam izlarini o’chirib, shu rasmni yana o’sha gavjum joyga ilib qo’y. Yoniga mo’yqalam va ranglar qo’yib: — Rasmga e’tirozi borlar mo’yqalam bilan o’sha kamchilikni tuzatib qo’ysin, deb yozib qo’y.

Oradan kunlar o’tsa ham hech kimsa suratga o’zgartirish kirita olmabdi. Ustoz bu holni shunday izohlagan ekan:

— Odamlar tanqid qilishga usta, tuzatishga kelganda esa no’noq. Bo’tam, biron narsani tanqid qilishdan oldin o’rniga nima bera olishing mumkinligini o’yla. Yo’qsa, tanqid qilma!

Bugun shular haqida o’ylab qoldim. Endigina ko’z ochayotgan ijodkorga qarata “she’r bunday yozilmaydi” deguvchilar xayolimdan o’tdi. Ko’ngilda tengdoshlar va ularning tabiati haqida ochiqroq so’z aytish umidi paydo bo’ldi. Adabiyotshunoslarimizdan birining yoshlar bilan uchrashuvda “Endi bizdan e’tibor ham, e’tirof ham kutmanglar. Biz o’z tengdoshlarimizni yaxshi o’rgandik, tahlil qildik. Istaymizmi yo’qmi, biz o’sha davrning ijodkorlarimiz. Endi yangi asr avlodining o’z tanqidchisi, tahlilchisi bo’lmog’i kerak. Bular o’zlaringdan chiqsa nur ustiga nur bo’lardi”, degan kuyunchak fikrlarini esladim.

Rostdan ham keksa avlod vakillarining nazariga tushish, ulardan rag’bat kutishning fursati o’tdi. Kattalarning kichiklarga bergan salomi ostida istehzo bo’lganidek, tengdosh tengdoshiga ko’proq fikr bildirsa, tanqid qilsa, adolatdan bo’lar edi. Zero Rumiy hazratlari aytganlaridek: — Gilamni kaltak bilan qoqmoq gilamga ozor bermoq uchun emas, poklamoq uchundir…

MUDDAO

Shoir Muhammad Yusufning “Muddao” nomli she’ri yodimga tushadi. Unda oshiq onasidan Zebi ismli qiz haqida so’rashga iymanib, uzoqdan so’z ochadi. She’rning so’nggi misrasigacha shoirning maqsadi neligini hech kim bilmaydi. Muddao esa eng so’nggi satrlardagina anglanadi:

Xatim tamom, aytgancha ona,
Zebi erga tegib ketgandir.

Bir do’stimiz hamma yoqni she’r bosib ketdi, deya iddao qiladi. Men unga haqiqiy she’rlar kamyobligini, muddaosiz yozishmalar ko’payib ketganini aytmoqchi bo’laman. She’r yaxlit bir asar sifatida taassurot qoldirmas, uning g’oyasi avvalo inson qalbida aks-sado bermas ekan, bunday to’qimalarning bir satri ham yashashga loyiq emas, deb o’ylaysan kishi. Nazm olamiga kirib kelayotgan tengdoshlarimizning ko’pchiligida ohangning yangiligi va o’zgachaligi, hatto bebaho tashbehlar borligini sezish mumkin. Birdan uning muxlisiga aylanasan. Keyinchalik uning paydar-pay she’rlarini o’qiysanu, hafsalang pir bo’ladi. She’rdan ham ko’ngling soviydi.

Yaxshi she’r qachon esda qoladi? Menimcha, unda yarq etgan voqea bo’lsagina. O’sha voqelik o’z navbatida chuqur ma’no tashimog’i ham lozim. Baland terakning ildizini qurt-qumursqalar yeb bitirsa-yu, u “qars” etib yerga qulasa — bizga nima deymiz. Biroq o’sha terak bir inson siymosi bo’lsa-yu, o’z xatolari tufayli yengilib, hammamizga ibrat bo’lolsa — bu boshqa gap. Aslida she’r birgina misra bo’lib dunyoga keladi. Qolgan satrlar o’sha misraning kuchayishiga, mavzu mohiyatini chuqurroq ochib berishga xizmat qilishi kerak.

Ana, oq tut qoqayotirlar,
Tutga to’lib ketdi hammayoq.
Odamlar tut yemoqda to’yib,
Daraxt to’yib yemoqda tayoq.
(Matnazar Abdulhakim)

To’rtlikdagi birgina misra she’rning sof harorati, fikrning tiniqligini saqlab turibdi: “Daraxt to’yib yemoqda tayoq”. Odamlarning to’yib tut yeyishi yaxshi, ammo shoir so’nggi misrada daraxtning to’yib tayoq yeyishini yozar ekan, mohiyatan tengsizliklar evaziga qurilgan hayot shafqatsizliklarini yodga solib o’tadi. Aksariyat yosh ijodkorlar she’rni to’rtlik sifatida tushunadi va boshqa shakllarni qabul qila olmaydi. Bu texnik holat havaskorga ham, ijodkorga ham qulaydek. Asrlar mobaynida shunday bo’lib keldi ham.

Ammo bugun hamma narsaning shakli o’zgargan. Hamma gap o’sha shakllar tashiyotgan mazmun va muddaoda. Ba’zi she’rlarda yaxshi misralar bor xolos, ammo buni to’kis namuna sifatida qabul qilib bo’lmaydi. Ya’ni, unda katta ijod namunasining xamirturushi bo’ladi-yu, shoirning uni olib chiqishga kuchi yoki bilimi yetmay qoladi. Yoki ijodkor bosh xulosa sifatida ko’rsatmoqchi bo’lgan fikr she’rda e’tiborga olinmay qolgan boshqa bir fikrdan ma’nan pastroq bo’lib qolishi ham mumkin. Yosh ijodkorlardan biri qalampir haqida she’r yozdi. Uning achchiqligini haqiqatga mengzadi. Ammo butun boshli she’rda birgina noyob topilma bor: “Qalam — pir” deya xulosa qiladi ijodkor. Yana bir tengdoshimiz she’rida “Majnuntol tagida qoldim majnunhol…” degan satrni ishlatibdi. Nazarimda, shu birgina satr butun boshli she’r bilan bellasha oladi.

SUKUT

Yaxshi she’r yozildimi, keyingi yozilajak ijod namunasi undan kam bo’lmasligi kerak, nazarimda. Ijodkor kiyik kabi cho’qqidan cho’qqiga tobora o’sib borishi, zabt etgan tepaligidan pastga qayta tushmasligi kerak. Agar shunga rioya qilinsa, xuda-behudaga she’r yozilavermas edi.

Bugungi adabiyotimiz istiqboliga bir hovuch yurak she’rlari yozish ko’pchilikning qo’lidan kelar, ammo kundan kunga yaxshi va bir-biridan baland ijod namunalarini yaratishga tirishayotgan tengdoshlar ijodi menda ko’proq havas uyg’otadi. Ulug’larimiz aytadiki, bir she’rdan o’zib boshqa she’r yaratishga chog’i kelmayotgan shoir uchun eng maqbul yo’l bu sukut saqlab turishdir. Kashfiyotchi Tomas Edison chulg’amali lampochka yaratish uchun ikki mingdan ortiq tajriba o’tkazgan. U bundan faxrlanib, men lampochkani yondirolmaslikning ikki ming xil usulini bilaman, degan ekan.

Yaxshi she’r kerak bo’lsa qayta-qayta ishlanaveradi. Bu jarayonda uning g’oyasi va saviyasi o’tkirlashib, grammatik xato va kamchiliklardan ham xoli bo’ladi. Adabiyotga she’rni ana shunday toza va bekam qilib olib kirishni odat qilish kerakka o’xshaydi. Ijodkor har bir satr ustida xolis, dorcho’pni teng ushlab, ehtiyotkor yurishi lozim. Buning uchun so’z qo’llash bir tekis va ravon, o’qiganda xayol qoqilmaydigan, hissiyot jarohatlanmaydigan bo’lsa soz bo’lar edi.

004

(Tashriflar: umumiy 234, bugungi 1)

1 izoh

  1. Шеърлар ҳам, мақолалар ҳам ажойиб. Фикрлар орасида кишини хижолатга солиб қўядиганлари ҳам бор экан… Ижодингизга омад тилайман.

Izoh qoldiring