Husan Maqsud. Surxonga safar

003    Кўнглимдаги гапни сизга айтсам. Нега айнан тоғ одамлари ғуборсиз, тўғрисўз ва очиқкўнгил бўлади деб ўйлардим. Айнан мен севган ижодкорларнинг кўпчилиги ҳам шундай тоғлар бағрида ўсган. Билсам, бу ерда инсон табиатдан узоқда бўлмайди. Табиатнинг қўйнида, унинг ҳар қандай инжиқлигига чидаб келади. Бу ерда улар турли сохталиклардан узоқда бўлади. Тўғри, бу фикрларим юқоридаги саволларга жавоб бўла олмайди. Бу ерларда ҳеч ким бири-биридан фарқ қилмайди. Ҳамма бир-бирини яхши танийди. Табиатнинг бор инжиқлигига бир бўлиб бардош беради. Тоғларнинг мусаффо ҳавосидан уларнинг кўнгли тозаргандай гўё…

Ҳусан МАҚСУД
СУРХОНГА САФАР
Эссе
045

02Иш дегани ҳечам тугамайди-да. Айниқса, сиёсий газетанинг югур-югури кўп. Баъзан шундай толиқасанки, барига этак силтаб қаерларгадир кетиб қолгинг келади. Менда ҳам бир куни шундай бўлиб қолди денг. Бирдан сергакландим-да, сафар учун жой қидиришга тушдим. Уйга – Бухорога борай десам, уйдагиларнинг “Ёзга чиқиб тўй қиламиз. Танлаганинг борми ўзи?” деган гаплардан омонда қолиш қийин. Бирорта курсдош ўртоғимнинг уйига борай десам, аввалгидай бекорчи эмас улар. Ҳаммаси ишга жойлашиб, “деловой” бўлиб кетишган. Хуллас, ҳафсала пир бўлди. Қолишимни ўйлаб баттар сиқилиб кетдим: яна шу ўриндиқ, яна шу таҳриру тақриз… Шу пайт мен билан ишлайдиган ҳамкасбим қўл телефонида бир қўшиқ қўйиб, хонамга кириб келди: “Қашқадарёдан Сурхандарёга, Келин бўлиб кетар бўлдинг, Лайло…”

Саҳрода тангасини топиб олган бадавийдай бирдан қувониб кетдим: о, Сурхандарё! Бўлди, манзил аниқ. Ўзи анчадан бери бораман деб юргандим. Энди ишхонага тайинли баҳона топсам бас. Олам – гулистон. Девонанинг ишини Худо ўнглар деганларидай, сал ўтмай Қашқадарёлик курсдошим қўнғироқ қилиб қолди:
– … Тўй ўттизинчи октябрда. Бошқа курсдошлар ҳам келади. Сизам келинг. Кутаман.
– Албатта, курсдош. Албатта, бораман.

Суҳбатлашиб турганимда газетанинг бош муҳаррири, қадрдон ёзувчи дўстим Абдулла Чимирзаев ёнимда эди. У гап нимадалигини билди, шекилли, “Курсдошингизнинг тўйими” деб қолди. Мен ҳаммасини ётиғи билан тушунтирдим (бормасам бўлмаслигини рўкач қилдим, очиғи). У одати бўйича йўқ демади-да, “Фақат кейинги ҳафта сешанбадаги муҳаррирлар кенгашига етиб келсангиз бўлди” деди. Мен “албатта”ларни қаторлаштириб, хонадан чиқиб кетдим.

Ўша куни кечки пайт Термиздаги қадрдон укам Сирожиддин Иброҳимга қўнғироқ қилдим. Унга Сурхандарёга ҳеч қандай сиёсий бўёғи бўлмаган, фақат кўнгилли тарзда сафар қилишим эҳтимоли борлигини айтдим. Очиғи, Сирожиддинни Тошкентга – устозимиз ёзувчи Набижон Боқийнинг Дўрмондаги дала ҳовлисига келганда Сурхандарёга бораман деб ишонтиргандим. Шундан кейин ҳам икки марта бораман деганим эсимда. Шу сабабдан Сирожиддин “Сурхандарёга бормоқчиман” деган гапимга аввалги ваъдалардан бири деб қаради шекилли, руҳсизгина “Келаверинг” деб қўйди. Шундан кейин Олтинсой, Узун, Шероботлик курсдошларим билан боғланиб, уларга ҳам ерда-индин бориб қоламан дедим. Хуллас, иш пишди. Макон тайин, аммо кармон бетайин. Нимадир қилиш керак. Қарз сўрай десам, ойнинг ўртаси. Ҳали ҳеч ким маош олмагани аниқ. Қарз берадиган мард Тошкентда анқоуруғ. Бир-икки кун ўтгач бош қаший-қаший аванс сўраш мақсадида бухгалтеримиз Наталья опанинг олдига кирдим:

– Добрый вечер, Наталья опа. Скоро мне надо Сурхандаре съездить. По этому мне аванс очен нужн.
– Хорошо, сколько надо?
– Сто тисяч сум.
– Ох-хо, ну… ладно. Только никто не знал, хорошо, Хусан?
– Хорошо, Наталья опа, хорошо.

Хуллас, Наталья опанинг мурувватидан хурсанд бўлиб, темир йўл кассаси томон йўл олдим. Ўша кун кечки поездга билет олдим-да, сафар тараддудини кўриш учун ижара уйимга кетдим…

* * *

Гапнинг очиғини айтсам, Сурхандарёга ғойибона меҳр қўйганман. Бунга сабаб аввалбошда Алпомиш бўлса, кейин Усмон Азимнинг шеърлари сабаб бўлган. Ҳали талаба бўлмасимдан олдин Усмон аканинг Бойсун, унинг дашту далалари ҳақидаги ёниқ шеърлари мени ўзига боғлаб қўйганди. Сал кейинроқ – талаба бўлгач сурхандарёлик йигит-қизлар билан курсдош бўлдим. Уларнинг танти ва тўпорилиги, одамгарчилиги ва очиқкўнгиллилиги мени бу юрт ва унинг одамларига қаттиқ меҳр қўйишимга асос бўлди (яна бир муҳим сабаблардан бири бор. Бу – қумқўрғонлик бир қизга кўнгил қўйганим. Шунинг учун ҳам сурхон деса қулоғим динг бўларди). Бундан ташқари мен севган ва ҳурмат қиладиган ижодкорларнинг кўпчилиги шу диёрда туғилган: Шукур Холмирзаев, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Мирза Кенжабек, Эшқобил Шукур, Сирожиддин Саййид, Салим Ашур, Шодмонқул Салом, Жўрабек Рамазон, хуллас, бу рўйхатни давом эттириш мумкин.

Аввал ҳам бир марта Сурхандарёга борганман. Фақат бир кунга холос. Жарқўрғонлик шоир дўстимиз Жўрабек Жаҳоннинг тўйига. Лекин кўнгилдагидек саёҳат қилолмадик Сурхонда. Энг яқин сирдош дўстим шоир Дилмурол Дўст билан раҳматли Жўрабек ака Рамазоновни кўргани борамиз деб ният қилгандик. Касал эди. Аммо… Кеч қолдик – сал ўтмай Сирожиддиннинг хабари билан катта шоирдан айрилиб қолганимизни билдик (Жўрабек ака ҳақида эссенамо бир нарса қоралаб қўйгандим. Насиб қилса, ўқирсиз). Шуларнинг “алами” бор эмасми, бу сафар йўлга чиққанимда бир ҳафта юраман деб аҳд қилдим. 29 октябр кечки соат олтиларда поезд Тошкентдан жанубга қараб йўл олди. Мени шу бир ҳафтада хосиятли сафар кутаётгани аниқ эди. Негаки, анчадан бери кўрмаган қадрдонларимни кўргани бораётгандим. Қолаверса, муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилишни дилдан ният қилиб қўйгандим.

…Эрталаб кун чиқиши билан купедан поезд йўлагига чиқиб олдим. Биз бу пайтда Бойсунга кириб келгандик. Поезд деразасидан атрофни кузатиб кетдим. Яланглик ва чўлдан бошқа нарсани кўрмаган мендай сахройига Бойсуннинг пасту баланд тоғлари жуда улуғвор ҳамда залворли кўринарди. Йиллар давомида табиий ҳолатлар оқибатида антиқа кўринишга келиб қолган қоялар айниқса эътиборимни тортди. Ора-орада ўн-ўн беш чоғли хонадондан иборат маҳаллаларда одамлар тонгги юмушлар билан банд: кимдир молларини ҳайдаган, кимдир сигир соққан, яна кимдир томорқасидаги пичанларни йиғарди. Уч-тўртта қизалоқ бир нималарни баҳслашганча мактаби томон чопарди.

Поезд одамлардан узоқлашиб, яна тоғлар оралаб олға юриб борар, менинг хаёлим яна тоғларга боғланиб борарди. Бу тоғлар неча ёшда экан? Улар ўз қўйнида нималарни сақлаётган экан-а? “Алпомиш”даги одамлар шу ерлардан ҳам ўтгандир балки?.. Мени шундай хаёллар элитар, кўзим дашт ва тоғларнинг фусункор кўринишидан завқланарди…

Усмон Азимнинг бир шеъри бехосдан эсимга тушиб қолди:

Бойсунга ҳам кузак келгандир,
Тоғлар бу кун ўсишдан тўхтаб,
Силкинмасдан йиғлаётгандир –
Селда кетган бир тошни йўқлаб…

Ҳа, ростан ҳам Бойсунга куз келган эди. Кузакнинг салқин ҳавоси димоққа урилиб турарди.

* * *

Келишувга кўра мен Қумқўрғонда тушиб, Шўрчига боришим керак эди. Соат тўққизларда поэзд Қумқўрғонда тўхтади ва таксига ўтириб Шўрчига қараб йўл олдим. У ерда Олтинсойлик курсдошим Алишер ака билан учрашдик. У “бир кепсиз, Шўрчининг бозориниям айланинг” деди-да, бозорга бошлаб кирди. Ярим соатча бозорни айланиб чиқдик. Алишер ака уйига нималардир харид қилди. Мен эса фақат Сурхоннинг одамларини кузатиш билан бандман. Уларнинг хатти-ҳаракатларию гапиришларига эътибор бериб юрдим. Уларнинг савдолашиши қанақа бўларкан деб олмасам-да, бир-икки сотувчилар билан савдолашиб ҳам кўрдим.

…Кечки пайт олтинсойлик яна бир курсдошим Наврўзнинг уйида йиғилдик. Кейинроқ узунлик курсдошимиз ҳам келди. Алламаҳалгача университетдаги воқеалар, курсдошлар билан ўтказган кунларимиз ҳақида суҳбатлашиб ўтирдик. Гап орасида Сўфи Оллоёр ҳазратларини зиёрат қилмоқчи эканлигимни айтдим. Уларга ҳам бу гап маъқул бўлди. Чунки уларнинг ўзи Олтинсойда яшаб бирор марта Сўфи Оллоёр зиёратгоҳига боришмаган экан. Менинг анча савобга эга бўлишимни айта-айта, улар билан эртаси куни тонг билан йўлга тушдик.

Машинада кетар эканмиз, борган сари юқорилаб борардик. Юқорилаганимиз сари ҳавонинг салқинлиги ва мусаффолигини ҳис қилиб борардим. Тепага кўтарилганимиз сари пастдаги биз босиб ўтган йўллар илон изига ўхшаб кўринар, тоғнинг шундоққина ёнбағрида жойлашган уйлар ёнидаги сариқ-қизғиш дарахтлар кўзни қувнатарди.

Сўфи Оллоёр зиёратига чиқишдан олдин одат бўйича бир қадамжода тўхтаб, дуойи фотиҳа қилинар экан. Ўша ерда тушиб, таҳоратни янгиладик-да, Қуръон тиловат қилдик. Кейин яна йўлда давом этдик. Борарканмиз, пастқам уйлар ёнидан ўтардик. Кўчада ёш болалар югуриб юрар, сал ёши катталари қўйларини етаклаб тепароққа чиқиб кетишарди. Бирортамиз ҳам зиёратгоҳнинг қаердалигини аниқ билмасдик. Сўраб-сўраб кетавердик. Зиёратгоҳга яқин қолган жойда аввал салгина пастга тушиб, дарё устидан ўтилса чап томонга қайрилгач, яна тепага чиқадиган йўл бор экан. Ўша жойда Яратганнинг бир мўъжизасини кўрдим: бир кичкина ариқ кўтарилиб борадиган йўлнинг ёқасида эди. У ҳам тепалик билан бирга юқорига қараб чиқиб кетганди. Энг қизиғи, сув пастга эмас, юқорига қараб оқарди. Аввал ишонмадим. Аммо ортга қайтаётганимизда нариги – рўпарадаги тоғнинг биқинида ариқнинг юқорига оқаётганини яна бир бор гувоҳи бўлдик. Ё, қудратингдан!

Ўша куни кечгача яна бир-иккита таниш биродарларимизнинг уйига бордик, ош дамланиб, чойлашиб ўтирдик. Дийдор ширин экан-да. Ўқиганда билинмаган экан, энди курсдошларни ҳар кун кўргинг келади. Суҳбатлашгинг, ўйнаб-кулгинг келади. Сурхандарёдаги иккинчи кечани узунлик курсдошим Юсуфнинг уйида – шундоққина Боботоғнинг тагида ўтказдим.

Юсуфнинг ота-онаси мени ўз ўғилларидек кутиб олишди:
– Улимнинг курсдош ошнаси, улим ўрнида улим, – деб онаси бағрига босди. Отаси ҳам алланечук меҳр билан елкамга қоқиб, узоқ йўл бўлса-да, уйига келганимдан хурсандлигини қайта-қайта такрорлади. Кейин бироз гурунглашиб ўтирдик. Юсуф менинг юртдошим – бухоролик Умида деган курсдошимизни яхши кўрарди. Уйидагилар ҳам билишар экан, шекилли, шунга ишора қилиб онаси шундай деди:

– Келганингиз жуда соз бўлди-да, улим. Биз қаердаю сиз қаерда эдингиз. Мана, улим билан курсдош бўпсилар, шунинг учун етти ёт бегона одамлар ҳам кўришиб турибмиз. Бизам Бухородан келин қилганимизда, сизникига ҳам тез-тез бориб турардик. Умидахон кўнмадилар-да…

Юсуф сал қизариб, менга қаради.

– Исмоил (Шероботлик яна бир курсдошимиз – Ҳ. М.) келганида ҳаммасини сотиб қўйди номард, – деди Юсуф кулимсираб. Хонада кулги кўтарилди.
– Умидани олиб келишнинг битта йўли бор, хола, – дедим Юсуфнинг онасига.

– Хўш…
– Менам Қумқорғонга куёв бўлмоқчиман. Бизнинг кўнгил сурхоннинг қизига тушган. Бўлди, масала ҳал. Сиз менга қумқўрғонликларни кўндириб берасиз, мен эса Умиданинг уйидагилар билан гаплашаман. Сиздан угина, биздан бугина дейишади-ку!

Даврада яна кулги бўлди. Кейин анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Эртаси куни мен Шерободга – қадрдон укам Сирожиддиннинг уйига кетишим керак эди. Шу сабабдан ҳам вақтлироқ ётдик. Эртаси барвақт уйғониб, нонуштани қилдик-да, уй эгалари билан хайрлашиб, “қаердасан, Шеробод”, деб йўлга чиқдим. Аввал Шўрчига, кейин Жарқўрғонга бордим. У ердан Қизириққа етиб олиб, бозор ёнидан Шерободга жўнадим…

Ёмғир қуйгандан қуяр, ҳаво бироз совиб қолган эди. Бу дилимни бироз хира қилди. Мен ҳали уч-тўрт кун Сурхандарёда бўлмоқчийдим. Сафаримнинг энг асосий қисми Бойсунда ўтиши керак эди. Негаки, Бойсунда Зоир деган бир қадрдон акам бор эди. Мен бакалавр пайтимда магистратурада ўқир эди. Жуда қадрдон эдик Зоир ака билан. Яхшигина шоир эди у. Ёлғонни билмайдиган содда, аммо танти йигит эди. Унда тоғликларга хос чапанилик, чўрткесарлик ва мағрурлик бор эди. Усмон Азимни жуда севиб ўқирди. Ёзганларидан Усмон аканинг шеърларининг руҳи ва нафаси келиб турарди. Шу сабабданми, илмий иш қилиб Усмон Азим поэтикаси бўйича магистрлик диссертацияси ёқлади. Сурхандарёга бир борсангиз бизникига – Мачай қишлоғига албатта боринг дегич эди. Шу боисдан ҳам ўзим Мачайга Зоир акани қидириб боришни ният қилиб қўйгандим.

Соат ўн бирларга яқин Шероботга этиб бордим. Бозор ёнида Сирожиддин билан кўришдик. Бироздан кейин Сирожиддининг ота-онаси билан бозорда учрашдик-да, Зарабоққа – Сирожиддин туғилиб ўсган қишлоққа йўл олдик. Машина Зарабоққача анча юрди. Кетарканмиз атрофимиз дашту тоғ, ўртада ёлғизоёқ йўл. Мен кўзимни тоғлардан узмайман. Чегараси кўринмайдиган бу тоғлар ястаниб ётар, баъзи баланд тоғларнинг бош қисми булутлар билан қопланган эди.

Ростини айтсам, мен бир умр тоғ бағрида яшашни орзу қилганман. Негаки доим тоққа чиққанимда унинг залвори ва улуғворлигидан ҳайратланардим. Бу улуғворликнинг ортида яна бир қудрат борлигини ич-чимдан сезардим ҳам. Тоғлар – сакинат манзили, у сабаб табиат олдида зарра эканлигингни ҳис қиласан киши. Бу ерларда одамлар гавжум яшайдиган шаҳару қишлоқлардаги диққинафасликдан узоқ бўласан, ўзингни эркин ҳис қиласан. Бу ерларда ўзинг билан, Ўзи билан ёлғиз, юзма-юз қоласан. Балки шунинг учун ҳам сарвари олам – Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи васалламнинг дилига Аллоҳ таоло Ҳиро тоғида ваҳийни солгандир. Балки шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссалом билан мулоқотга Яратгувчи зот айнан тоғни – Турни танлагандир… Валлоҳи аълам!

Тушга яқин биз Сирожиддиннинг қишлоғига етиб бордик. Борсак, амакасининг туғилган куни экан. Барча қавму қариндош йиғилган. Кўришдик, бироз даврада ўтирган бўлдик. Кейин Сирожиддин билан бошқа хонага ўтиб, тушлик қилдик.

– Бугун ҳаво сал бузилди. Шундай бўлса ҳам сизга қишлоғимни кўрсатаман. Қаршилик йўқми, – деди Сирожиддин.
– Йўқ, нега қаршилик қиларканман, бир кепман, айланамиз. Яна қачон келаман бу ерларга. Ёмғир ҳам тиниб қолар.

– Бизда сал пастроққа тушганимизда кўрасиз бир булоқ бор. Ўшани кўринг. Кейин коризлар бор. Хуллас, айланиб келамиз. Сурхоннинг ёмғириниям кўринг.
– Бўпти, келишдик. Қаёққа десангиз бораверамиз.

Йўлга тушдик. Ёмғир майдалаб ёғарди. Бироз юриб, бир тор кўчага кирдик-да, лой йўлдан амаллаб ўтиб булоқ бошига бордик. Булоқ катта ва қадим ёнғоқ дарахтининг тагидан чиққан. Суви зилол. Ичида балиқлар сузиб юрибди.

– Мана шу булоқ бошида ўйнаб катта бўлганмиз, – дейди Сирожиддин. – Айтишларича, бу сувлар Амударёдан оқиб келиб, шу ердан булоқ бўлиб чиққан дейишади. Ёшлигимда шу қишлоқда яшаганмиз. Бу жойларда энг азиз хотираларим бор.

Кейин эсдалик учун булоқ бошида иккаламиз ҳам суратга тушдик. Ортга қайтиб, сел келадиган жойдан ўтдик. Қиру адир ёнбағрида ўсган дарахтлар зангори рангга айланган. Узоқларга қарасангиз ола булутлар тоғларга қўшилиб кетганини кўрасиз. Ора-орада тўхтаб-тўхтаб ёввойи қизил дўланадан еб кетамиз. Бироздан сўнг коризга ҳам етиб бордик. Мен аниқ эслайман: олтинчи синф тарих дарслигида Ўзбекистон ҳудудидаги қадимги давлатларда ободончилик ишлари яхши йўлга қўйилганлигини, коризлар – ерости каналлари борлиги ҳақда ёзиларди. Мана, орадан ўн тўрт-ўн беш йил ўтиб коризларни ўз кўзим билан кўрдим.

(Шу ерда Термиздаги бир кунлик саёҳатим бор эди. У ерда Маҳмуд Абулфайз, Исроил Шомиров ҳамда шоир укам Сирожиддин Иброҳимлар ҳақида ёзилган эди. Ушбу эссени маълум сабабларга кўра икки-уч кун ичида бошқа-бошқа компьютерда ёзганим учун Термиз саёҳатини тополмадим. Ҳ. М. )

* * *

Об-ҳаво анча совуқ. Мен эса Бойсунга – Зоир аканинг уйига боришим керак эди. Шунинг учун Термиз вокзалига бориб, Дарбанд-Тошкент йўналишига чипта олдим. Бойсунга кетишимни билган Исроил ака (Шомиров, “Сурхон ёшлари” газетаси бош муҳаррири – Ҳ. М.) “Термизда об-ҳаво бунақа бўлиб турса, Бойсунда қор ёғаётгандир. Борсангиз, қийналиб қоласиз” деди. Мен Бойсунга боришга иккиланиб қолдим. Кечки пайт Маҳмуд ака (Маҳмуд Абулфайз) билан бироз шаҳар айланганимизда “Сурхонга кепсиз, Бойсунниям кўриб кетинг. Ажойиб жойлар. Одамлариям ажойиб. Қўлингизга бир ёндафтар олинг-да, ҳар бир кўрган нарсангизни ёзиб боринг” деб руҳлантирганлиги учун табиатнинг инжиқлигига қарамай эрталаб Бойсунга кетишга қарор қилдим.

Эртаси куни ҳаво баттар бузилди. Яратганга таваккал қилиб, Бойсунга кетадиган таксига ўтириб, жўнадим. Уч соатга яқин йўл юрдик. Тошкентдан қайтишимдан олдин мен ўқиган университетда таҳсил оладиган Бойсунда, айнан Мачайда яшайдиган бир боладан Зоир аканинг телефон рақамини сўрагандим. Аммо топиб беролмади. Лекин Бойсун-Мачай қатнайдиган битта автобус борлигини, у ҳам Зоир акаларга карашлилигини айтганди. Шунга ишониб, топишимни аниқ билмасам-да, Бойсунга келдим.

Термиздан олиб қайтган машина бир автобуснинг олдида мени туши риб қолдирди. Тушганимдан кейин қарасам, автобуснинг тепасига “Бойсун-Дарбанд-Мачай” деб ёзиб қўйибди. Хурсанд бўлдим. Автобусга чиқдим-да, Мачайда кетмоқчилигимни, у ерда Юсуф Ёрлақаев деган устанинг ўғли Зоир аканикига кетмоқчилигимни айтдим. Автобусдагилар “Бу автобус Зоирларники, соат учда кетади” деди. Демак, энди хавотирланмаса ҳам бўлади. Лекин ҳали автобус жўнашига уч соат бор. Кейин нима қилишимни билмай бозорга кирдим. Бойсун бозорини айландим. Кейин астобуснинг олдига келсам қорачадан келган бўйи хийла узун бир киши турибди. Эътибор берсам, Зоир ака. Тўрт йил бўлган эди кўрмаганимга. Бориб олдида тикилиб турдим. Зоир ака бир қарадию яна йўлида давом этмоқчийди, таниш чеҳрани кўрганидан ортига ўгирилди.

– Ие, ие, Ҳусайн! Сизмисиз? Қайси шамоллар учирди? – деди. Кўришиб, бир-биримизни бағримизга босдик.
– Термиздан Бойсунга шамол эсаркан-ку! Ўша шамолда адашиб келдим.

– Хуш келибсиз! Оббо, Ҳусайн-эй! Қандай топиб келдингиз бу ерларга?
– Излаган Маккатиллони топармиш. Бойсун нима бўпти. Анчадан бери Сурхандарёга келишни ният қилиб юргандим. Уч-тўрт кун бўлди келганимга ҳам. Шу баҳонада сизниям кўриб кейай дедим. Яна қачон келаман. Ҳар ҳолда қадрдон акамсиз!

– Э-э, гап йўқ, Ҳусайн. Фақат қандай топиб келганингизга ҳайронман…
– Сизнинг қишлоғингиздан бир бола бизнинг университетда ўқийди. Исми Жамшид. Келишимдан олдин ўша боладан “Зоир аканинг рақамини топиб бер” дегандим. У “хўп” деб дом-дараксиз йўқолиб кетди. Йўқ, ҳартугул кеча қўнғироқ қилиб “Рақамингизни Зоир аканикига жўнаттирдим” деганди. Кеча кечки пайт адашмасам, укангиз қўнғироқ қилганди. Гаплашсам, “Зоирни кўрмоқчи бўлсангиз тоққа келинг-да!” деганди. Шунга келавердим тоғ қаерда экан, деб.

– Шундайми? Укамнинг ҳовлиси бошқа. Мен ҳам яқинда бошқа уйга кўчиб чиққандим. Кеча айтгандай бўлувди. Мана, рақамингиз, – деб чўнтагидан қоғозни олиб кўрсатди. – Ким экан, деб қўнғироқ қиламан дегандим, қишлоқчилик – ток йўқ бир-икки кундан бери. Шунга телефон ҳам ишламаяптми. Нима бўлгандаям топиб кепсизу!

– Ҳа, топиб келдим. Эртага кечки пайт поездга чиқишим керак, Дарбанддан. Шунга… бир кун вақтим бор, Мачайни ҳам кўриб кетай…

Зоир ака билан Тошкентда – ўқиб юрганида жуда қадрдон эдик. Йигирма саккизга кирган бўлса ҳам, ҳали уйланмаган, сўққабош йигит эди. Мен ўшанда биринчи курс талабаси эдим.

Адашмасам ўқитувчилар байрамига тайёргарлик кўриб юрардик. Зиёда опа дегич бир устозимиз дарсдан кейин байрамга қатнашадиган талабаларни олиб қолиб, тайёргарлигимизни текшириб кўрарди. Кимдир шеърини яхши ёдлаб келмагани учун Зиёда опа роса жиғибийрон бўлиб, ҳаммамизни ёппасига сўкаётган эди. Бир маҳал эшикни кимдир очиб, “Зиёда опа, мумкинми?” деди. Зиёда опа ҳам “Келинг” деди. Кейин у билан нималарнидир гаплашгач, бизга ишора қилиб “Мана бу дангасалар битта шеърни эплаб ёдлаб келишолмайди. Сизлар бакалавр бўлганингизда давраларни титратар эдинглар-а, Зоиржон” деди. Кейин шу талабасини бизга мақтай кетди. “Ўзи ҳам шеър ёзади, ҳозир магистр” деди. Шунда Зоир ака билан танишганмиз. Бу пайтларда мен Усмон Азимни қўлдан туширмасдан ўқирдим. Билсам, Зоир ака Усмон аканинг юртдоши бўлиб чиқди. Қолаверса, Усмон Азим ижоди бўйича илмий иш қилаётган экан. Шу-шу, қаерда кўришсак, қуюққина кўришардик, ҳар кўришганимизда Усмон Азимнинг бирор бир китобини (мен фақат “Сайланма”сини ўқигандим) сўрардим. Шундан кейин Зоир ака билан қадрдон бўлиб қолдик. Деярли ҳар куни анчагача гаплашиб ўтирардик. Мени унинг Усмон Азим ижоди ҳақидаги фикрлар қизиқтирарди. Зоир ака диссертациясида Усмон Азимнинг қайси шеърини таҳлил қилаётган бўлса, ўшалар ҳақида гапирарди. Бир куни Зоир акага “нима учун Усмон ака даштлар, тоғу адирлар ҳақида кўп ёзади. Ўзи Бойсун қандай жой” деб савол бердим. Аслида Зоир акага қандай мавзуда бўлмасин – адабиёт ҳақидами, ҳаёт ҳақидами савол берсам, бироз тин оларди-да, ўша саволга мос Усмон Азимнинг бирор шеърини айтиб, кейин жавоб берарди. Бу сафар ҳам шу одатига содиқ қолиб, шоирнинг Бойсун ҳақидаги бир шеърини айтди:

“Майсалар, товоним сизни соғинар,
Тоғлар, виқорингиз қалбимда мангу.
Қайдадир қўзичоқ бўзлар, оҳ урар,
Қирларда адашган соғинчимми у?

Қорлар эриб оқди бу ғамли фурсат,
Бу фурсат эриди тоғларнинг тоши.
Юрак, раҳминг келсин, тўғри йўл кўрсат,
Мен қандай Бойсунга кетай қоришиб.

Ака, сочингизга оралабди оқ,
Опа, сарғайибсиз – фарзанднинг доғи.
Она, қучоқлайсиз бунчалар узоқ,
Йиғлайман – сабримнинг бор-ку адоғи.

Юрган йўлим тўфон бу ғамли фурсат,
Қатъият кўзёшдай оққан маҳали,
Юрак, раҳминг келсин, тўғри йўл кўрсат,
Мен қандай Бойсундан кетай ажралиб?

Ҳа, Бойсун ҳақида кўп ёзган Усмон ака. Бир йўлингиз тушса, кўрарсиз Бойсунни. У жойларни севмасдан илож йўқ. У жойлар жаннат жойлар, Ҳусайн. Усмон акаям, Эркин Аъзам ҳам, Шукур Холмирзаев ҳам бир умр Бойсунга талпиниб яшаган. Усмон аканинг дашт ҳақида, Бойсун ҳақида ёзган балладаларини ўқигандирсиз. Шукур ака ва Эркин акага бағишланган-ку. Ўшалардаям юрт соғинчи, қаранг, қандай тасвирланган! Шеър эсингиздадир? Бойсунни севмай бўлмайди…”

Ҳа, Зоир ака ҳам юртини – Бойсунни жуда севарди. Суҳбатларимизда ўзининг қишлоғи Мачай ҳақида кўп гапирарди. Шаршаралар ва дарёларнинг зилоллиги, тоғларнинг улуғворлиги, ҳавосининг мусаффолигини бот-бот такрорларди. У жойларни кўрмаган мендай одамга бу гаплар оддий бир ватанпарварона гапдай туйиларди. Лекин орадан тўрт-беш йил ўтиб Бойсунни ўз кўзим билан кўргач Бойсун ҳақидаги “афсона”лар ҳақиқатга айланди.

* * *

Мачай-Дарбанд-Бойсун йўналишидаги автобус соат учларда Бойсундан жўнади. Ҳаво анча совуқ. Қор аралаш ёмғир ёғар, борган сари йўлимиз туманга кўмилиб борарди. Мен Бойсунга келганимдан бир хурсанд бўлсам, бир ҳижолат эдим. Чунки огоҳлантирмасдан келганман. Балки Зоир аканинг уйида ўзига яраша муаммолари бордир. Яқинда янги уйга кўчиб чиқдим деди, эҳтимол ҳали уйи охиригача битмаган бўлсачи?! Шаҳарнинг ичи бундай аҳволда бўлса, тоғ Шимолий қутбдагидек музлагандир. Шу ўю хаёллар ичида кетавердим. Ора-орада Зоир ака билан ўтган кунларимизни эслаб, гаплашиб кетардик. У автобусдаги ҳамқишлоқлари билан гапга чалғиганда мен атрофни кузатиб кетаман. Ҳа, Бойсуннинг тоғлари ҳақиқатан ҳам сервиқор эди. Шукур Холмирзаев бир ҳикоясида чўққисига қор тушган ва айни пайтда булутларга чўмилиб ётган Бойсун тоғларини оқ айиқ терисини ёпинган одамга ўхшатгани эсимда. Мен кузатиб кетаётган бу тоғлар худди шундай эди.

– Зоир ака, Газа қишлоғи қаерда?
– Усмон аканинг қишлоғини сўраяпсизми? У бозорнинг нариёғида эди. Газага Бойсун бозорига яқин. Яна бир келганингизда борамиз. Айтганча, Усмон акани ҳам кўрасизми йиғин-пиғинларда?

– Ҳа, кўриб тураман. Яқинда Миллий университетда Усмон ака билан учрашув бўлди. Роса шеър ўқиди. Касалман деб сал ўзини аяб гапирди. Кейин шеър ўқишга келганда касаллиги ҳам эсидан чиқиб кетди. Пафос билан, Маяковскийчасига шеър ўқиб кетди денг.

– Ў-ў! Усмон акага шеър деса жон киради-ю! “Ортимдан Бойсуннинг дашти эргашди” дегандир.

Кулишдик.

Азбаройи Усмон акани яхши кўрганидан худди Усмон Азимона шеър ўқирди. Усмон ака шеър кульминациясида қўлларини кўтариб баланд овозда ўқигани каби Зоир ака ҳам шеър ўқиганда Усмон Азимга айланарди-қоларди. Ўзи ҳам яхшигина шеър ёзарди. Шеърларида Усмон Азимнинг таъсири сезилса-да, ўз йўлини топишга интиларди. Устозидек ўз юрти – Бойсунни кўп мадҳ этарди.

Зоир акага “Тошкентда қолинг, ижод қилинг. Магистратурани тугатганингиздан кейин университетда ишга олиб қолишади. Илмий иш қилиб, фан доктори бўласиз” деб кўп айтардим. У негадир шу гапимни хушламасди. У барибир Бойсунга қайтаман дерди. Ва барибир қайтди…

Биз икки соатдан ортиқроқ йўл юрдик. Мен фақат тоғларни кузатиб кетиш билан бандман. Дарбанд йўлигача унча баланд бўлмаган тоғлар орасидан ўтдик. Катта йўлга чиққанимиздан сўнг автобус ўнгга бурилиб, ўнқир-чўнқир йўллардан тоғ оралаб кириб кетди.

– Олдимиздаги шу қишлоқни кесиб ўтганимиздан кейин бизнинг қишлоққа кетадиган ягона йўл бор. Ўша ерда кўрасиз қанақа тоғлар болигини, – деди Зоир ака тоғларгша ўзгача завқим борлигини фаҳмлаб.
– Ҳали узоқми Мачайга?
– Яна бир соатлик масофа бор. Йўл сал носозроқ, шунга сал секинроқ кетамиз.

Айтилган қишлоқни кесиб ўтгач автобусимиз икки чети баланд тоғ билан ўралган йўлдан юрди. Ишонсангиз ўқиб юрган пайтимиз умримда биринчи марта курсдошлар билан Чимён тоғларига чиққанмиз (ўшанда биз билан Зоир ака ҳам бор эди). Ўшанда тоғ дегани шу эканда, деганман. Ҳозир эса Мачай йўлидаги тоғни кўриб оғзим ланг очилиб қолди. Рости, тоғнинг тепаси кўринмасди. Новвотга ўхшаш қирра-қиррали бу тоғлар худди йўлни қароқчилардан қўриқлаётган соқчилардай қаддини ғоз тутиб турарди.

– Бу тоғнинг номи нима, Зоир ака? – дейман қизиқсиниб.
– Бойсун тоғ тизмаси дейишади бу тоғларни. Бизни Бойсун марказидан ажратиб турадиган шу тоғлар-да. Тоғнинг нариёғи – Бойсун. Биз тоғни айланиб келамиз.

Бухорога – уйга кетишда ҳам Жиззах тоғлари орасидан ўтиб кетамиз. Лекин улар ҳам Бойсун тоғларининг ёнида оддий дўнгликка ўхшаб кўриниши аниқ. Ўзи биз кетаётган йўл аслида олдин бўлмай, унинг ўрни ҳам тоғ бўлган бўлиши мумкин. Чунки эътибор бериб қарасам йўлнинг четида дарё бор. Минг йиллар давомида сероқар дарё тоғлар орасидан ўзига йўл ясаган. Кейинчалик унинг шиддати бироз пасайиб, камроқ оқадиган бўлгач, одамлар дарёнинг бир четини ўзларига йўл қилиб олганга ўхшайди. Шу тахминларимни Зоир акага айтсам, “Қайдам” дегандай елкасини қисиб қўйди. Бу салобатли тоғларнинг орасидан ўтиб кетарканмиз, ўйланиб қолдим: шундай улуғ тоғларни битта сўзда бунёд этган Зотнинг ўзи улуғворликда қандай эканлигини ақлга сиғдириб бўлармикан…

Биз борган сари гўёки дунёдан узилиб борардик. Уйлар ва одамлар биздан анча ортда қолиб кетар, биз худди улкан бир ғорнинг ичига кириб кетаётгандек эдик. Кўрганимиз фақат йўлу, тоғнинг ўшшайган қоялари. Одамнинг ўзи бу ерларда ҳатто кундузи ёлғиз қолса, ваҳима босадиган бу дараларда биз бир соатча юрдик.

Кейин бир қишлоққа кириб келдик. Бу ернинг ўзига хос жиҳати шу эди – тупроқлари қизил экан. Уйлар ҳам шу тупроқдан бўлган лой билан сувалган эмасми, узоқдан уйлар ўчоқдаги чўғ мисол кўринарди.

…Ва ниҳоят Мачайга етиб келдик. Зоир аканинг айтишича, Мачай жуда катта қишлоқ бўлиб, Юқори Мачай ва Қуйи Мачайга бўлинар экан. Зоир аканинг қишлоғи Юқори Мачай эди. Қишлоқ ичидан ўтарканмиз, одамлар уй юмушлари билан банд эди. Кеч бўлаётгани сабабли тўда-тўда қўйларни ёш-яланглар тоғдан олиб тушар, қўй эгалари ўз молларини ажратиш билан оввора. Шаҳарда олифталик қилиб юрадиган мендай одамга бу жойларнинг кишилари, уларнинг дунёга қараши, яшаши ва кун кечириши қизиқ эди. Қишлоқ одамлари анчайин меҳнаткашлиги кўриниб турарди: ҳеч ким бекор ўтирмаган. Етти ёшдан етмиш ёшгача бир ниманинг кўйида ғимирлаб юрарди.

– Ана шу жойлар Мачай бўлади, Ҳусайн, – деди Зоир ака негадир бироз ғамгин оҳангда. – Бизда шундай. Шаҳардан анча узоқдамиз. Бозор қилишга бир чиқамиз-да, шу билан анчагача қишлоқдан ортмаймиз. Бу ернинг одамлари чорва билан шуғулланади. Болалар ёшликдан мол боқиб катта бўлади. Кинода айтадику, кўпчиликнинг номи шу тоғу тошларнинг орасида қолиб кетади…

Зоир ака гапирар экан, негадир мендан уялгандай, шундай аҳволда яшаётганидан бироз ҳижолат чекаётгандай туйилди. Эҳтимол, бир пайтлар “Тошкентда қолинг” деб айтган гапларим эсига тушиб, шу гапларни айтаётгандир…
Биз соат бешларда Юқори Мачайга етиб бордик. Қишлоқ жуда катта бўлиб, икки тоғнинг орасида эди. Бизни Зоир аканинг укаси – бир кун аввал мен билан телефон орқали гаплашган йигит кутиб олди. Кўришдик. Маҳалланинг бошқа одамлари ҳам бор эди. Улар билан ҳам саломлашиб, Зоир аканинг уйи томон кўтарилдик. Ишонсангиз, Зоир аканинг уйи нақ тоғнинг биқинида экан. Ёмғир сабаб ер анча балчиқ. Бир амаллаб юқорига чиқиб, бир уйга кирдик.

– Бу – укамнинг уйи. Оиласи билан яшайди. Аввал шу уйда ота-онам яшарди. Онам вафот этганларидан кейин, отам бошқа аёлга уйланиб, ҳув пастда битта уй қуриб, кўчиб кетган, – деди Зоир ака.
– Сизнинг уй қаерда?
– Бизнинг уй сал тепада.

Яна тепага кўтарилдик. Кичкина бир ҳужрага ўхшаш уйга кирдик.
– Ишонмайсиз, кечагина кўчиб ўтдик уйга. Ҳали сувоқлари ҳам қуримади. Тўсатдан совуқ тушиб, ишларни ҳам тугатолмадим.

Мени йўл бўйи қийнаб келган хижиллик шу ерда баттар кўнглимни ғаш қилди. Негадир бемаврид, огоҳлантирмасдан келганимга ўзимни сўкдим…

Кечга ош қилинди. Меҳмон келди деганига иккита қўшни ҳам даврамизга қўшилди. Чироқ йўқлиги учун фонус ёруғида овқатландик. Очиғи, чироқнинг йўқлигидан жуда хурсанд эдим. Негаки, шундай совуқ ва қорли кунда мезбонларни овора қилиб, ташвишга қўйганимдан виждон азобида қизариб кетган юзимни ҳеч ким кўрмаслигини истардим. Ўзимни худди Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбек характери” ҳикоясидаги ҳикоячи йигитга ўхшатдим. Балки сиз мени ўша қаҳрамонга ўхшатмаётган чиқарсиз. Эҳтимол сиз ҳақдирсиз ҳам! Лекин дастурхон ёзиб, нон-туз берган тоғ одамлари ўша ҳикоядаги содда ва очиқкўнгил одамларнинг ўзгинаси эди…

* * *

Тонг отди. Кўкда булут йўқ. Ҳавонинг зовуқ заҳри ҳам анча пасайган эди. Зоир ака хотинига ўтин ёриб бериб, қишлоғини кўрсатиш учун мени пастга олиб тушиб кетди. Зоир ака қишлоғини эслаганда доим Мачайдарё ва Тешиктош ғори ҳақида гапирарди. Биз шу Мачайдарё томонга борардик.

– Зоир ака, қишлоғингизга нега Мачай деб ном беришган? Бу жойларга одамлар қачон кўчиб келган ўзи?
– Бу ерларга ўтган асрнинг бошларидан одамлар кела бошлаган. У пайтлар Бойсун Бухоро амирлигига қарашли бўлган-ку. Шу сабабдан ҳам амир Олимхон Афғонистонга қочиб кетаётганда шу Мачайдан ўтган дейишади.

– Ўшандан бери бу ерларга бухороликнинг қадами тегмаган бўлса керак-а? Демак, амир Олимхондан кейин Мачайни забт этган сўнгги манғитий шаҳзода мен эканман-да, а?

– Ҳа, шундай, – деди Зоир ака хохолаб куларкан. – қишлоқнинг номи ҳақида турли хил тахминлар бор. Баъзилар “Ма, чой” деган сўздан олинган дейди. Сал онглироқ одам бу гап нотўғрилигини тушунади. Лекин тожикча сўз деган вариант ҳақиқатга яқинроқ. Тожикча “паст жой” деган сўздан олинган. Ва йиллар ўтиб бу сўз сўзлашувда бузилиб, “мачой”, “мачай” ҳолига келиб қолган бўлиши ҳам мумкин.

Мачайликларнинг гапириши худди бухороликларнинг сўзлашига ўхшаб кетарди. Масалан, Бухоронинг айрим жойларида “олиб борган” иборасини “олиб боргон”, “айтган”ни “айтгон” деб ҳам талаффуз қилишади. Бу ерда ҳам худди шундай гапиришар эди. Шу боисдан ҳам Мачайда ўзимни бегонадай ҳис қилмадим.

Пастга тушарканмиз, олдимиздан Мачайдарё чиқди. Суви бироз лойқа экан, ўзи ҳам унчалик тез оқмасди.

– Шеърларингизда таърифлаган жойлар айнан шу ерлар эканда-а, Зоир ака?
– Қаердан билдингиз? Шеърларим ёдингиздами?
– Ҳа-да! Университетда ёш ижодкорлар тўпламида чиққан-ку Мачай ҳақидаги шеърингиз. Ўша эсимда…

Зоир ака қайси даврада бўлмасин, шеър айтинг, деганда қишлоғи ҳақидаги ўша шеърни ўқирди. Мачайга бориб, унинг табиатини кўриб шеър кўз олдимга келаверарди:

Арчалари Ватанга соя,
Ҳар бир тоши биз ўзбекэҳром!
Кўкрагимдан ўсган ҳар қоя
Бургутларга севимли макон.

Туманлари – уйларда меҳмон,
Субҳда шабнам – гулларга бода.
Тонг маъбуди – о, сўфий чўпон,
Сендан бахтли борми дунёда!..

Зовларида турар мунғайиб
Биби Марям – энг гўзал суръат.
Бунда борар юрак кенгайиб,
Тополсанг бас чидашга имкон.

Тошмачитнинг чўққиси – нарвон –
Чиқавергин сомон йўлига.
Юлдузлар-ла сурасан даврон,
Сурайёни қучиб белидан.

Мачайдарё – тоғлар сунган май,
Қирғоқларда толлар – майпараст.
Қуйгин жоним, ёниб сипқорай,
Юзинг кўргач бўлдим ишқпараст.

Мачай, жоним, қучгин, мени суй,
Юзинг очиб кўчгин шеъримга!
Мен учун сен энг ёқимли куй,
Таратаман сени дунёга!

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Мачай шеърда тасвирлангандай эди. Эътибор берган бўлсангиз, Мачайдарёни шоир тоғлар сунган майга ўхшатяпти.

– Мана шеърдаги ўша майпараст толлар, – деди Зоир ака дарё томонга ишора қилиб. Биз катта харсангтошларга ўтириб анча суҳбатлашдик. Зоир ака табиатан оғир-босиқ одам. Гапирганда ҳам залворли қилиб гапиради. Шу тоғлар орасида катта бўлган бу одам шу тоғлардек анчайин кўкси баланд, танти ва чапани эди. Шеърида айтганидай қоялар унинг кўкрагидан ўсгандай эди гўё. Зоир ака умуман ёлғон сўзламасди. Ёлғонни ҳам ёмон кўрарди.
– Ҳозир мактабдан ортмайман. Иш, иш, иш. Бирор нарса ёзолганим ҳам йўқ. Лекин бир нималарни кўнглимга тугиб қўйганман, ҳали ёзарман.

Кўнглимдаги гапни сизга айтсам. Нега айнан тоғ одамлари ғуборсиз, тўғрисўз ва очиқкўнгил бўлади деб ўйлардим. Айнан мен севган ижодкорларнинг кўпчилиги ҳам шундай тоғлар бағрида ўсган. Билсам, бу ерда инсон табиатдан узоқда бўлмайди. Табиатнинг қўйнида, унинг ҳар қандай инжиқлигига чидаб келади. Бу ерда улар турли сохталиклардан узоқда бўлади. Тўғри, бу фикрларим юқоридаги саволларга жавоб бўла олмайди. Бу ерларда ҳеч ким бири-биридан фарқ қилмайди. Ҳамма бир-бирини яхши танийди. Табиатнинг бор инжиқлигига бир бўлиб бардош беради. Тоғларнинг мусаффо ҳавосидан уларнинг кўнгли тозаргандай гўё…

…Кейин Зоир аканинг боғига бориб, олма едик. Анча айландик. Қуёш чарақлаб турарди. Тоғ бағрида бироз чўзилдик. Ўпкамни тоғнинг тоза ҳавосига тўлдирдим. Зора менинг кўнглим ҳам ғуборлардан тозарса…

Kун бўйи қишлоқни айландик. Зоир ака мени отаси билан таништирди. У киши билан ҳам анча суҳбатлашдик. Кейин битта жойда меҳмон бўлдик. Кечки пайт йўлга тушишим керак эди. Зоир ака қўшниси билан гаплашди – у мени Дарбанд вокзалигача машинасида олиб борадиган бўлди.

Кетарканман, шундай жойларда мени ҳурмат қиладиган ва, албатта, мен ҳурмат қиладиган одамларнинг борлигидан қувондим. Дунёда шундай ОДАМЛАР борлигидан кўнглим ёришди. Табиат шундай инсонларни дунёнинг кирликларига қоришиб кетмаслиги учун ўз бағрида асраётгандир…

Шундай қилиб, сафарим ва “Сафарномам” тугаётир. Кетар чоғимда, тоғларга яна бир бор назар солдим. Эҳтимол бу жойларга умуман келмасман. Аммо дилга бир умид тугиб, Зоир акага худди “Ўзбек характери”даги боладек сўз қотдим:

– Ҳаммаси учун раҳмат, ака. Яйрадим. Мен сизларни яхши кўраман. – Шу гапимни эшитдими-йўқми, аниқ билмадим. Лекин, кўзлари чарақлаб кетди. –Айтганча, насиб қилса, ёзда яна келаман. Бу сафар сизни овора қилиб қўймайман. Тоғнинг яхши жойидан макон топиб берасиз. Ўтов қуриб, ўн кунча яшайман. Тоғнинг тепасига чиқмоқчиман. Алпинист бўламан, хуллас…

– Бўлди, албатта келинг! Кутаман.

Кета-кетгунча Зоир аканинг шеъри қулоғимда жаранглаб турди:

Мачайдарё – тоғлар сунган май,
Қирғоқларда толлар – майпараст.
Қуйгин, жоним, ёниб сипқорай,
Юзинг кўргач бўлдим ишқпараст…

***

Мен кетиш олдидан тунги Бойсунни яна бир бор томоша қилдим. Бу ерлар менга азалдан қадрдондай эди гўё. Бу ернинг ҳар бир тоғу тоши менга азиздай сезилди. Кечки соат тўққизларда поезд Дарбанд вокзалидан жўнаши керак эди. Шу боис поезд жўнаш олдидан кетаётганидан норизо боладай чинқиргандан нола чекиб олдга силжиди. Мен эса поезднинг чинқириғи остида пичирлаб кетдим:

Тоғлар кичрайди. Пасайди осмон,
Яшаб бўлмайди-ку, ахир энгашиб.
Жўнадим баландроқ осмонлар томон –
Ортимдан Бойсуннинг дашти эргашди…

2015 йил, ноябрь.
Тошкент – Термиз – Бойсун – Тошкент.

09

Husan MAQSUD
SURXONGA SAFAR
Esse
045

    Husan Maqsud Buxoroning Olot tumanidan. Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedogogika universitetining o’zbek filologiyasi fakul`tetida tahsil olgan. Husan Maqsud buyuk faylasuf Muhammad Iqbolning bir qancha she’rlarini, hikmatlarini o’zbekchalashtirgan. She’rlari va maqolasi saytimizda e’lon qilingan.

045

Ish degani hecham tugamaydi-da. Ayniqsa, siyosiy gazetaning yugur-yuguri ko’p. Ba’zan shunday toliqasanki, bariga etak siltab qaerlargadir ketib qolging keladi. Menda ham bir kuni shunday bo’lib qoldi deng. Birdan sergaklandim-da, safar uchun joy qidirishga tushdim. Uyga – Buxoroga boray desam, uydagilarning “Yozga chiqib to’y qilamiz. Tanlaganing bormi o’zi?” degan gaplardan omonda qolish qiyin. Birorta kursdosh o’rtog’imning uyiga boray desam, avvalgiday bekorchi emas ular. Hammasi ishga joylashib, “delovoy” bo’lib ketishgan. Xullas, hafsala pir bo’ldi. Qolishimni o’ylab battar siqilib ketdim: yana shu o’rindiq, yana shu tahriru taqriz… Shu payt men bilan ishlaydigan hamkasbim qo’l telefonida bir qo’shiq qo’yib, xonamga kirib keldi: “Qashqadaryodan Surxandaryoga, Kelin bo’lib ketar bo’lding, Laylo…”

Sahroda tangasini topib olgan badaviyday birdan quvonib ketdim: o, Surxandaryo! Bo’ldi, manzil aniq. O’zi anchadan beri boraman deb yurgandim. Endi ishxonaga tayinli bahona topsam bas. Olam – guliston. Devonaning ishini Xudo o’nglar deganlariday, sal o’tmay Qashqadaryolik kursdoshim qo’ng’iroq qilib qoldi:
– … To’y o’ttizinchi oktyabrda. Boshqa kursdoshlar ham keladi. Sizam keling. Kutaman.
– Albatta, kursdosh. Albatta, boraman.

Suhbatlashib turganimda gazetaning bosh muharriri, qadrdon yozuvchi do’stim Abdulla Chimirzaev yonimda edi. U gap nimadaligini bildi, shekilli, “Kursdoshingizning to’yimi” deb qoldi. Men hammasini yotig’i bilan tushuntirdim (bormasam bo’lmasligini ro’kach qildim, ochig’i). U odati bo’yicha yo’q demadi-da, “Faqat keyingi hafta seshanbadagi muharrirlar kengashiga yetib kelsangiz bo’ldi” dedi. Men “albatta”larni qatorlashtirib, xonadan chiqib ketdim.
O’sha kuni kechki payt Termizdagi qadrdon ukam Sirojiddin Ibrohimga qo’ng’iroq qildim. Unga Surxandaryoga hech qanday siyosiy bo’yog’i bo’lmagan, faqat ko’ngilli tarzda safar qilishim ehtimoli borligini aytdim. Ochig’i, Sirojiddinni Toshkentga – ustozimiz yozuvchi Nabijon Boqiyning Do’rmondagi dala hovlisiga kelganda Surxandaryoga boraman deb ishontirgandim. Shundan keyin ham ikki marta boraman deganim esimda. Shu sababdan Sirojiddin “Surxandaryoga bormoqchiman” degan gapimga avvalgi va’dalardan biri deb qaradi shekilli, ruhsizgina “Kelavering” deb qo’ydi. Shundan keyin Oltinsoy, Uzun, Sherobotlik kursdoshlarim bilan bog’lanib, ularga ham yerda-indin borib qolaman dedim. Xullas, ish pishdi. Makon tayin, ammo karmon betayin. Nimadir qilish kerak. Qarz so’ray desam, oyning o’rtasi. Hali hech kim maosh olmagani aniq. Qarz beradigan mard Toshkentda anqourug’. Bir-ikki kun o’tgach bosh qashiy-qashiy avans so’rash maqsadida buxgalterimiz Natal`ya opaning oldiga kirdim:

– Dobriy vecher, Natal`ya opa. Skoro mne nado Surxandare s’ezdit`. Po etomu mne avans ochen nujn.
– Xorosho, skol`ko nado?
– Sto tisyach sum.
– Ox-xo, nu… ladno. Tol`ko nikto ne znal, xorosho, Xusan?
– Xorosho, Natal`ya opa, xorosho.

Xullas, Natal`ya opaning muruvvatidan xursand bo’lib, temir yo’l kassasi tomon yo’l oldim. O’sha kun kechki poezdga bilet oldim-da, safar taraddudini ko’rish uchun ijara uyimga ketdim…

* * *

Gapning ochig’ini aytsam, Surxandaryoga g’oyibona mehr qo’yganman. Bunga sabab avvalboshda Alpomish bo’lsa, keyin Usmon Azimning she’rlari sabab bo’lgan. Hali talaba bo’lmasimdan oldin Usmon akaning Boysun, uning dashtu dalalari haqidagi yoniq she’rlari meni o’ziga bog’lab qo’ygandi. Sal keyinroq – talaba bo’lgach surxandaryolik yigit-qizlar bilan kursdosh bo’ldim. Ularning tanti va to’poriligi, odamgarchiligi va ochiqko’ngilliligi meni bu yurt va uning odamlariga qattiq mehr qo’yishimga asos bo’ldi (yana bir muhim sabablardan biri bor. Bu – qumqo’rg’onlik bir qizga ko’ngil qo’yganim. Shuning uchun ham surxon desa qulog’im ding bo’lardi). Bundan tashqari men sevgan va hurmat qiladigan ijodkorlarning ko’pchiligi shu diyorda tug’ilgan: Shukur Xolmirzaev, Usmon Azim, Erkin A’zam, Tog’ay Murod, Mirza Kenjabek, Eshqobil Shukur, Sirojiddin Sayyid, Salim Ashur, Shodmonqul Salom, Jo’rabek Ramazon, xullas, bu ro’yxatni davom ettirish mumkin.

Avval ham bir marta Surxandaryoga borganman. Faqat bir kunga xolos. Jarqo’rg’onlik shoir do’stimiz Jo’rabek Jahonning to’yiga. Lekin ko’ngildagidek sayohat qilolmadik Surxonda. Eng yaqin sirdosh do’stim shoir Dilmurol Do’st bilan rahmatli Jo’rabek aka Ramazonovni ko’rgani boramiz deb niyat qilgandik. Kasal edi. Ammo… Kech qoldik – sal o’tmay Sirojiddinning xabari bilan katta shoirdan ayrilib qolganimizni bildik (Jo’rabek aka haqida essenamo bir narsa qoralab qo’ygandim. Nasib qilsa, o’qirsiz). Shularning “alami” bor emasmi, bu safar yo’lga chiqqanimda bir hafta yuraman deb ahd qildim. 29 oktyabr kechki soat oltilarda poezd Toshkentdan janubga qarab yo’l oldi. Meni shu bir haftada xosiyatli safar kutayotgani aniq edi. Negaki, anchadan beri ko’rmagan qadrdonlarimni ko’rgani borayotgandim. Qolaversa, muqaddas qadamjolarni ham ziyorat qilishni dildan niyat qilib qo’ygandim.

…Ertalab kun chiqishi bilan kupedan poezd yo’lagiga chiqib oldim. Biz bu paytda Boysunga kirib kelgandik. Poezd derazasidan atrofni kuzatib ketdim. Yalanglik va cho’ldan boshqa narsani ko’rmagan menday saxroyiga Boysunning pastu baland tog’lari juda ulug’vor hamda zalvorli ko’rinardi. Yillar davomida tabiiy holatlar oqibatida antiqa ko’rinishga kelib qolgan qoyalar ayniqsa e’tiborimni tortdi. Ora-orada o’n-o’n besh chog’li xonadondan iborat mahallalarda odamlar tonggi yumushlar bilan band: kimdir mollarini haydagan, kimdir sigir soqqan, yana kimdir tomorqasidagi pichanlarni yig’ardi. Uch-to’rtta qizaloq bir nimalarni bahslashgancha maktabi tomon chopardi.

Poezd odamlardan uzoqlashib, yana tog’lar oralab olg’a yurib borar, mening xayolim yana tog’larga bog’lanib borardi. Bu tog’lar necha yoshda ekan? Ular o’z qo’ynida nimalarni saqlayotgan ekan-a?
“Alpomish”dagi odamlar shu yerlardan ham o’tgandir balki?.. Meni shunday xayollar elitar, ko’zim dasht va tog’larning fusunkor ko’rinishidan zavqlanardi…

Usmon Azimning bir she’ri bexosdan esimga tushib qoldi:

Boysunga ham kuzak kelgandir,
Tog’lar bu kun o’sishdan to’xtab,
Silkinmasdan yig’layotgandir –
Selda ketgan bir toshni yo’qlab…

Ha, rostan ham Boysunga kuz kelgan edi. Kuzakning salqin havosi dimoqqa urilib turardi.

* * *

Kelishuvga ko’ra men Qumqo’rg’onda tushib, Sho’rchiga borishim kerak edi. Soat to’qqizlarda poezd Qumqo’rg’onda to’xtadi va taksiga o’tirib Sho’rchiga qarab yo’l oldim. U yerda Oltinsoylik kursdoshim Alisher aka bilan uchrashdik. U “bir kepsiz, Sho’rchining bozoriniyam aylaning” dedi-da, bozorga boshlab kirdi. Yarim soatcha bozorni aylanib chiqdik. Alisher aka uyiga nimalardir xarid qildi. Men esa faqat Surxonning odamlarini kuzatish bilan bandman. Ularning xatti-harakatlariyu gapirishlariga e’tibor berib yurdim. Ularning savdolashishi qanaqa bo’larkan deb olmasam-da, bir-ikki sotuvchilar bilan savdolashib ham ko’rdim.

…Kechki payt oltinsoylik yana bir kursdoshim Navro’zning uyida yig’ildik. Keyinroq uzunlik kursdoshimiz ham keldi. Allamahalgacha universitetdagi voqealar, kursdoshlar bilan o’tkazgan kunlarimiz haqida suhbatlashib o’tirdik. Gap orasida So’fi Olloyor hazratlarini ziyorat qilmoqchi ekanligimni aytdim. Ularga ham bu gap ma’qul bo’ldi. Chunki ularning o’zi Oltinsoyda yashab biror marta So’fi Olloyor ziyoratgohiga borishmagan ekan. Mening ancha savobga ega bo’lishimni ayta-ayta, ular bilan ertasi kuni tong bilan yo’lga tushdik.

Mashinada ketar ekanmiz, borgan sari yuqorilab borardik. Yuqorilaganimiz sari havoning salqinligi va musaffoligini his qilib borardim. Tepaga ko’tarilganimiz sari pastdagi biz bosib o’tgan yo’llar ilon iziga o’xshab ko’rinar, tog’ning shundoqqina yonbag’rida joylashgan uylar yonidagi sariq-qizg’ish daraxtlar ko’zni quvnatardi.

So’fi Olloyor ziyoratiga chiqishdan oldin odat bo’yicha bir qadamjoda to’xtab, duoyi fotiha qilinar ekan. O’sha yerda tushib, tahoratni yangiladik-da, Qur’on tilovat qildik. Keyin yana yo’lda davom etdik. Borarkanmiz, pastqam uylar yonidan o’tardik. Ko’chada yosh bolalar yugurib yurar, sal yoshi kattalari qo’ylarini yetaklab teparoqqa chiqib ketishardi. Birortamiz ham ziyoratgohning qaerdaligini aniq bilmasdik. So’rab-so’rab ketaverdik. Ziyoratgohga yaqin qolgan joyda avval salgina pastga tushib, daryo ustidan o’tilsa chap tomonga qayrilgach, yana tepaga chiqadigan yo’l bor ekan. O’sha joyda Yaratganning bir mo»jizasini ko’rdim: bir kichkina ariq ko’tarilib boradigan yo’lning yoqasida edi. U ham tepalik bilan birga yuqoriga qarab chiqib ketgandi. Eng qizig’i, suv pastga emas, yuqoriga qarab oqardi. Avval ishonmadim. Ammo ortga qaytayotganimizda narigi – ro’paradagi tog’ning biqinida ariqning yuqoriga oqayotganini yana bir bor guvohi bo’ldik. YO, qudratingdan!

O’sha kuni kechgacha yana bir-ikkita tanish birodarlarimizning uyiga bordik, osh damlanib, choylashib o’tirdik. Diydor shirin ekan-da. O’qiganda bilinmagan ekan, endi kursdoshlarni har kun ko’rging keladi. Suhbatlashging, o’ynab-kulging keladi. Surxandaryodagi ikkinchi kechani uzunlik kursdoshim Yusufning uyida – shundoqqina Bobotog’ning tagida o’tkazdim.

Yusufning ota-onasi meni o’z o’g’illaridek kutib olishdi:
– Ulimning kursdosh oshnasi, ulim o’rnida ulim, – deb onasi bag’riga bosdi. Otasi ham allanechuk mehr bilan yelkamga qoqib, uzoq yo’l bo’lsa-da, uyiga kelganimdan xursandligini qayta-qayta takrorladi. Keyin biroz
gurunglashib o’tirdik. Yusuf mening yurtdoshim – buxorolik Umida degan kursdoshimizni yaxshi ko’rardi. Uyidagilar ham bilishar ekan, shekilli, shunga ishora qilib onasi shunday dedi:

– Kelganingiz juda soz bo’ldi-da, ulim. Biz qaerdayu siz qaerda edingiz. Mana, ulim bilan kursdosh bo’psilar, shuning uchun yetti yot begona odamlar ham ko’rishib turibmiz. Bizam Buxorodan kelin qilganimizda, siznikiga ham tez-tez borib turardik. Umidaxon ko’nmadilar-da…

Yusuf sal qizarib, menga qaradi.

– Ismoil (Sherobotlik yana bir kursdoshimiz – H. M.) kelganida hammasini sotib qo’ydi nomard, – dedi Yusuf kulimsirab. Xonada kulgi ko’tarildi.
– Umidani olib kelishning bitta yo’li bor, xola, – dedim Yusufning onasiga.

– Xo’sh…
– Menam Qumqorg’onga kuyov bo’lmoqchiman. Bizning ko’ngil surxonning qiziga tushgan. Bo’ldi, masala hal. Siz menga qumqo’rg’onliklarni ko’ndirib berasiz, men esa Umidaning uyidagilar bilan gaplashaman. Sizdan ugina, bizdan bugina deyishadi-ku!

Davrada yana kulgi bo’ldi. Keyin anchagacha suhbatlashib o’tirdik. Ertasi kuni men Sherobodga – qadrdon ukam Sirojiddinning uyiga ketishim kerak edi. Shu sababdan ham vaqtliroq yotdik. Ertasi barvaqt uyg’onib, nonushtani qildik-da, uy egalari bilan xayrlashib, “qaerdasan, Sherobod”, deb yo’lga chiqdim. Avval Sho’rchiga, keyin Jarqo’rg’onga bordim. U yerdan Qiziriqqa yetib olib, bozor yonidan Sherobodga jo’nadim…

Yomg’ir quygandan quyar, havo biroz sovib qolgan edi. Bu dilimni biroz xira qildi. Men hali uch-to’rt kun Surxandaryoda bo’lmoqchiydim. Safarimning eng asosiy qismi Boysunda o’tishi kerak edi. Negaki, Boysunda Zoir degan bir qadrdon akam bor edi. Men bakalavr paytimda magistraturada o’qir edi. Juda qadrdon edik Zoir aka bilan. Yaxshigina shoir edi u. Yolg’onni bilmaydigan sodda, ammo tanti yigit edi. Unda tog’liklarga xos chapanilik, cho’rtkesarlik va mag’rurlik bor edi. Usmon Azimni juda sevib o’qirdi. Yozganlaridan Usmon akaning she’rlarining ruhi va nafasi kelib turardi. Shu sababdanmi, ilmiy ish qilib Usmon Azim poetikasi bo’yicha magistrlik dissertatsiyasi yoqladi. Surxandaryoga bir borsangiz biznikiga – Machay qishlog’iga albatta boring degich edi. Shu boisdan ham o’zim Machayga Zoir akani qidirib borishni niyat qilib qo’ygandim.

Soat o’n birlarga yaqin Sherobotga etib bordim. Bozor yonida Sirojiddin bilan ko’rishdik. Birozdan keyin Sirojiddining ota-onasi bilan bozorda uchrashdik-da, Zaraboqqa – Sirojiddin tug’ilib o’sgan qishloqqa yo’l oldik. Mashina Zaraboqqacha ancha yurdi. Ketarkanmiz atrofimiz dashtu tog’, o’rtada yolg’izoyoq yo’l. Men ko’zimni tog’lardan uzmayman. Chegarasi ko’rinmaydigan bu tog’lar yastanib yotar, ba’zi baland tog’larning bosh qismi bulutlar bilan qoplangan edi.

Rostini aytsam, men bir umr tog’ bag’rida yashashni orzu qilganman. Negaki doim toqqa chiqqanimda uning zalvori va ulug’vorligidan hayratlanardim. Bu ulug’vorlikning ortida yana bir qudrat borligini ich-chimdan sezardim ham. Tog’lar – sakinat manzili, u sabab tabiat oldida zarra ekanligingni his qilasan kishi. Bu yerlarda odamlar gavjum yashaydigan shaharu qishloqlardagi diqqinafaslikdan uzoq bo’lasan, o’zingni erkin his qilasan. Bu yerlarda o’zing bilan, O’zi bilan yolg’iz, yuzma-yuz qolasan. Balki shuning uchun ham sarvari olam – Muhammad sallallohi alayhi vasallamning diliga Alloh taolo Hiro tog’ida vahiyni solgandir. Balki shuning uchun ham Muso alayhissalom bilan muloqotga Yaratguvchi zot aynan tog’ni – Turni tanlagandir… Vallohi a’lam!

Tushga yaqin biz Sirojiddinning qishlog’iga yetib bordik. Borsak, amakasining tug’ilgan kuni ekan. Barcha qavmu qarindosh yig’ilgan. Ko’rishdik, biroz davrada o’tirgan bo’ldik. Keyin Sirojiddin bilan boshqa xonaga o’tib, tushlik qildik.

– Bugun havo sal buzildi. Shunday bo’lsa ham sizga qishlog’imni ko’rsataman. Qarshilik yo’qmi, – dedi Sirojiddin.
– Yo’q, nega qarshilik qilarkanman, bir kepman, aylanamiz. Yana qachon kelaman bu yerlarga. Yomg’ir ham tinib qolar.

– Bizda sal pastroqqa tushganimizda ko’rasiz bir buloq bor. O’shani ko’ring. Keyin korizlar bor. Xullas, aylanib kelamiz. Surxonning yomg’iriniyam ko’ring.
– Bo’pti, kelishdik. Qayoqqa desangiz boraveramiz.

Yo’lga tushdik. Yomg’ir maydalab yog’ardi. Biroz yurib, bir tor ko’chaga kirdik-da, loy yo’ldan amallab o’tib buloq boshiga bordik. Buloq katta va qadim yong’oq daraxtining tagidan chiqqan. Suvi zilol. Ichida baliqlar suzib yuribdi.

– Mana shu buloq boshida o’ynab katta bo’lganmiz, – deydi Sirojiddin. – Aytishlaricha, bu suvlar Amudaryodan oqib kelib, shu yerdan buloq bo’lib chiqqan deyishadi. Yoshligimda shu qishloqda yashaganmiz. Bu joylarda eng aziz xotiralarim bor.

Keyin esdalik uchun buloq boshida ikkalamiz ham suratga tushdik. Ortga qaytib, sel keladigan joydan o’tdik. Qiru adir yonbag’rida o’sgan daraxtlar zangori rangga aylangan. Uzoqlarga qarasangiz ola bulutlar tog’larga qo’shilib ketganini ko’rasiz. Ora-orada to’xtab-to’xtab yovvoyi qizil do’lanadan yeb ketamiz. Birozdan so’ng korizga ham yetib bordik. Men aniq eslayman: oltinchi sinf tarix darsligida O’zbekiston hududidagi qadimgi davlatlarda obodonchilik ishlari yaxshi yo’lga qo’yilganligini, korizlar – yerosti kanallari borligi haqda yozilardi. Mana, oradan o’n to’rt-o’n besh yil o’tib korizlarni o’z ko’zim bilan ko’rdim.

(Shu yerda Termizdagi bir kunlik sayohatim bor edi. U yerda Mahmud Abulfayz, Isroil Shomirov hamda shoir ukam Sirojiddin Ibrohimlar haqida yozilgan edi. Ushbu esseni ma’lum
sabablarga ko’ra ikki-uch kun ichida boshqa-boshqa komp`yuterda yozganim uchun Termiz sayohatini topolmadim. H. M. )

* * *

Ob-havo ancha sovuq. Men esa Boysunga – Zoir akaning uyiga borishim kerak edi. Shuning uchun Termiz vokzaliga borib, Darband-Toshkent yo’nalishiga chipta oldim. Boysunga ketishimni bilgan Isroil aka (Shomirov, “Surxon yoshlari” gazetasi bosh muharriri – H. M.) “Termizda ob-havo bunaqa bo’lib tursa, Boysunda qor yog’ayotgandir. Borsangiz, qiynalib qolasiz” dedi. Men Boysunga borishga ikkilanib qoldim. Kechki payt Mahmud aka (Mahmud Abulfayz) bilan biroz shahar aylanganimizda “Surxonga kepsiz, Boysunniyam ko’rib keting. Ajoyib joylar. Odamlariyam ajoyib. Qo’lingizga bir yondaftar oling-da, har bir ko’rgan narsangizni yozib boring” deb ruhlantirganligi uchun tabiatning injiqligiga qaramay ertalab Boysunga ketishga qaror qildim.

Ertasi kuni havo battar buzildi. Yaratganga tavakkal qilib, Boysunga ketadigan taksiga o’tirib, jo’nadim. Uch soatga yaqin yo’l yurdik. Toshkentdan qaytishimdan oldin men o’qigan universitetda tahsil oladigan Boysunda, aynan Machayda yashaydigan bir boladan Zoir akaning telefon raqamini so’ragandim. Ammo topib berolmadi. Lekin Boysun-Machay qatnaydigan bitta avtobus borligini, u ham Zoir akalarga karashliligini aytgandi. Shunga ishonib, topishimni aniq bilmasam-da, Boysunga keldim.

Termizdan olib qaytgan mashina bir avtobusning oldida meni tushi rib qoldirdi. Tushganimdan keyin qarasam, avtobusning tepasiga “Boysun-Darband-Machay” deb yozib qo’yibdi. Xursand bo’ldim. Avtobusga chiqdim-da, Machayda ketmoqchiligimni, u yerda Yusuf Yorlaqaev degan ustaning o’g’li Zoir akanikiga ketmoqchiligimni aytdim. Avtobusdagilar “Bu avtobus Zoirlarniki, soat uchda ketadi” dedi. Demak, endi xavotirlanmasa ham bo’ladi. Lekin hali avtobus jo’nashiga uch soat bor. Keyin nima qilishimni bilmay bozorga kirdim. Boysun bozorini aylandim. Keyin astobusning oldiga kelsam qorachadan kelgan bo’yi xiyla uzun bir kishi turibdi. E’tibor bersam, Zoir aka. To’rt yil bo’lgan edi ko’rmaganimga. Borib oldida tikilib turdim. Zoir aka bir qaradiyu yana yo’lida davom etmoqchiydi, tanish chehrani ko’rganidan ortiga o’girildi.

– Ie, ie, Husayn! Sizmisiz? Qaysi shamollar uchirdi? – dedi. Ko’rishib, bir-birimizni bag’rimizga bosdik.
– Termizdan Boysunga shamol esarkan-ku! O’sha shamolda adashib keldim.

– Xush kelibsiz! Obbo, Husayn-ey! Qanday topib keldingiz bu yerlarga?
– Izlagan Makkatilloni toparmish. Boysun nima bo’pti. Anchadan beri Surxandaryoga kelishni niyat qilib yurgandim. Uch-to’rt kun bo’ldi kelganimga ham. Shu bahonada sizniyam ko’rib keyay dedim. Yana qachon kelaman. Har holda qadrdon akamsiz!

– E-e, gap yo’q, Husayn. Faqat qanday topib kelganingizga hayronman…
– Sizning qishlog’ingizdan bir bola bizning universitetda o’qiydi. Ismi Jamshid. Kelishimdan oldin o’sha boladan “Zoir akaning raqamini topib ber” degandim. U “xo’p” deb dom-daraksiz yo’qolib ketdi. Yo’q, hartugul kecha qo’ng’iroq qilib “Raqamingizni Zoir akanikiga jo’nattirdim” degandi. Kecha kechki payt adashmasam, ukangiz qo’ng’iroq qilgandi. Gaplashsam, “Zoirni ko’rmoqchi bo’lsangiz toqqa keling-da!” degandi. Shunga kelaverdim tog’ qaerda ekan, deb.

– Shundaymi? Ukamning hovlisi boshqa. Men ham yaqinda boshqa uyga ko’chib chiqqandim. Kecha aytganday bo’luvdi. Mana, raqamingiz, – deb cho’ntagidan qog’ozni olib ko’rsatdi. – Kim ekan, deb qo’ng’iroq qilaman degandim, qishloqchilik – tok yo’q bir-ikki kundan beri. Shunga telefon ham ishlamayaptmi. Nima bo’lgandayam topib kepsizu!

– Ha, topib keldim. Ertaga kechki payt poezdga chiqishim kerak, Darbanddan. Shunga… bir kun vaqtim bor, Machayni ham ko’rib ketay…

Zoir aka bilan Toshkentda – o’qib yurganida juda qadrdon edik. Yigirma sakkizga kirgan bo’lsa ham, hali uylanmagan, so’qqabosh yigit edi. Men o’shanda birinchi kurs talabasi edim.

Adashmasam o’qituvchilar bayramiga tayyorgarlik ko’rib yurardik. Ziyoda opa degich bir ustozimiz darsdan keyin bayramga qatnashadigan talabalarni olib qolib, tayyorgarligimizni tekshirib ko’rardi. Kimdir she’rini yaxshi yodlab kelmagani uchun Ziyoda opa rosa jig’ibiyron bo’lib, hammamizni yoppasiga so’kayotgan edi. Bir mahal eshikni kimdir ochib, “Ziyoda opa, mumkinmi?” dedi. Ziyoda opa ham “Keling” dedi. Keyin u bilan nimalarnidir gaplashgach, bizga ishora qilib “Mana bu dangasalar bitta she’rni eplab yodlab kelisholmaydi. Sizlar bakalavr bo’lganingizda davralarni titratar edinglar-a, Zoirjon” dedi. Keyin shu talabasini bizga maqtay ketdi. “O’zi ham she’r yozadi, hozir magistr” dedi. Shunda Zoir aka bilan tanishganmiz. Bu paytlarda men Usmon Azimni qo’ldan tushirmasdan o’qirdim. Bilsam, Zoir aka Usmon akaning yurtdoshi bo’lib chiqdi. Qolaversa, Usmon Azim ijodi bo’yicha ilmiy ish qilayotgan ekan. Shu-shu, qaerda ko’rishsak, quyuqqina ko’rishardik, har ko’rishganimizda Usmon Azimning biror bir kitobini (men faqat “Saylanma”sini o’qigandim) so’rardim. Shundan keyin Zoir aka bilan qadrdon bo’lib qoldik. Deyarli har kuni anchagacha gaplashib o’tirardik. Meni uning Usmon Azim ijodi haqidagi fikrlar qiziqtirardi. Zoir aka dissertatsiyasida Usmon Azimning qaysi she’rini tahlil qilayotgan bo’lsa, o’shalar haqida gapirardi. Bir kuni Zoir akaga “nima uchun Usmon aka dashtlar, tog’u adirlar haqida ko’p yozadi. O’zi Boysun qanday joy” deb savol berdim. Aslida Zoir akaga qanday mavzuda bo’lmasin – adabiyot haqidami, hayot haqidami savol bersam, biroz tin olardi-da, o’sha savolga mos Usmon Azimning biror she’rini aytib, keyin javob berardi. Bu safar ham shu odatiga sodiq qolib, shoirning Boysun haqidagi bir she’rini aytdi:

“Maysalar, tovonim sizni sog’inar,
Tog’lar, viqoringiz qalbimda mangu.
Qaydadir qo’zichoq bo’zlar, oh urar,
Qirlarda adashgan sog’inchimmi u?

Qorlar erib oqdi bu g’amli fursat,
Bu fursat eridi tog’larning toshi.
Yurak, rahming kelsin, to’g’ri yo’l ko’rsat,
Men qanday Boysunga ketay qorishib.

Aka, sochingizga oralabdi oq,
Opa, sarg’ayibsiz – farzandning dog’i.
Ona, quchoqlaysiz bunchalar uzoq,
Yig’layman – sabrimning bor-ku adog’i.

Yurgan yo’lim to’fon bu g’amli fursat,
Qat’iyat ko’zyoshday oqqan mahali,
Yurak, rahming kelsin, to’g’ri yo’l ko’rsat,
Men qanday Boysundan ketay ajralib?

Ha, Boysun haqida ko’p yozgan Usmon aka. Bir yo’lingiz tushsa, ko’rarsiz Boysunni. U joylarni sevmasdan iloj yo’q. U joylar jannat joylar, Husayn. Usmon akayam, Erkin A’zam ham, Shukur Xolmirzaev ham bir umr Boysunga talpinib yashagan. Usmon akaning dasht haqida, Boysun haqida yozgan balladalarini o’qigandirsiz. Shukur aka va Erkin akaga bag’ishlangan-ku. O’shalardayam yurt sog’inchi, qarang, qanday tasvirlangan! She’r esingizdadir? Boysunni sevmay bo’lmaydi…”

Ha, Zoir aka ham yurtini – Boysunni juda sevardi. Suhbatlarimizda o’zining qishlog’i Machay haqida ko’p gapirardi. Sharsharalar va daryolarning zilolligi, tog’larning ulug’vorligi, havosining musaffoligini bot-bot takrorlardi. U joylarni ko’rmagan menday odamga bu gaplar oddiy bir vatanparvarona gapday tuyilardi. Lekin oradan to’rt-besh yil o’tib Boysunni o’z ko’zim bilan ko’rgach Boysun haqidagi “afsona”lar haqiqatga aylandi.

* * *

Machay-Darband-Boysun yo’nalishidagi avtobus soat uchlarda Boysundan jo’nadi. Havo ancha sovuq. Qor aralash yomg’ir yog’ar, borgan sari yo’limiz tumanga ko’milib borardi. Men Boysunga kelganimdan bir xursand bo’lsam, bir hijolat edim. Chunki ogohlantirmasdan kelganman. Balki Zoir akaning uyida o’ziga yarasha muammolari bordir. Yaqinda yangi uyga ko’chib chiqdim dedi, ehtimol hali uyi oxirigacha bitmagan bo’lsachi?! Shaharning ichi bunday ahvolda bo’lsa, tog’ Shimoliy qutbdagidek muzlagandir. Shu o’yu xayollar ichida ketaverdim. Ora-orada Zoir aka bilan o’tgan kunlarimizni eslab, gaplashib ketardik. U avtobusdagi hamqishloqlari bilan gapga chalg’iganda men atrofni kuzatib ketaman. Ha, Boysunning tog’lari haqiqatan ham serviqor edi. Shukur Xolmirzaev bir hikoyasida cho’qqisiga qor tushgan va ayni paytda bulutlarga cho’milib yotgan Boysun tog’larini oq ayiq terisini yopingan odamga o’xshatgani esimda. Men kuzatib ketayotgan bu tog’lar xuddi shunday edi.

– Zoir aka, Gaza qishlog’i qaerda?
– Usmon akaning qishlog’ini so’rayapsizmi? U bozorning nariyog’ida edi. Gazaga Boysun bozoriga yaqin. Yana bir kelganingizda boramiz. Aytgancha, Usmon akani ham ko’rasizmi yig’in-pig’inlarda?

– Ha, ko’rib turaman. Yaqinda Milliy universitetda Usmon aka bilan uchrashuv bo’ldi. Rosa she’r o’qidi. Kasalman deb sal o’zini ayab gapirdi. Keyin she’r o’qishga kelganda kasalligi ham esidan chiqib ketdi. Pafos bilan, Mayakovskiychasiga she’r o’qib ketdi deng.

– O’-o’! Usmon akaga she’r desa jon kiradi-yu! “Ortimdan Boysunning dashti ergashdi” degandir.

Kulishdik.

Azbaroyi Usmon akani yaxshi ko’rganidan xuddi Usmon Azimona she’r o’qirdi. Usmon aka she’r kul`minatsiyasida qo’llarini ko’tarib baland ovozda o’qigani kabi Zoir aka ham she’r o’qiganda Usmon Azimga aylanardi-qolardi. O’zi ham yaxshigina she’r yozardi. She’rlarida Usmon Azimning ta’siri sezilsa-da, o’z yo’lini topishga intilardi. Ustozidek o’z yurti – Boysunni ko’p madh etardi.

Zoir akaga “Toshkentda qoling, ijod qiling. Magistraturani tugatganingizdan keyin universitetda ishga olib qolishadi. Ilmiy ish qilib, fan doktori bo’lasiz” deb ko’p aytardim. U negadir shu gapimni xushlamasdi. U baribir Boysunga qaytaman derdi. Va baribir qaytdi…

Biz ikki soatdan ortiqroq yo’l yurdik. Men faqat tog’larni kuzatib ketish bilan bandman. Darband yo’ligacha uncha baland bo’lmagan tog’lar orasidan o’tdik. Katta yo’lga chiqqanimizdan so’ng avtobus o’ngga burilib, o’nqir-cho’nqir yo’llardan tog’ oralab kirib ketdi.

– Oldimizdagi shu qishloqni kesib o’tganimizdan keyin bizning qishloqqa ketadigan yagona yo’l bor. O’sha yerda ko’rasiz qanaqa tog’lar boligini, – dedi Zoir aka tog’largsha o’zgacha zavqim borligini fahmlab.
– Hali uzoqmi Machayga?
– Yana bir soatlik masofa bor. Yo’l sal nosozroq, shunga sal sekinroq ketamiz.

Aytilgan qishloqni kesib o’tgach avtobusimiz ikki cheti baland tog’ bilan o’ralgan yo’ldan yurdi. Ishonsangiz o’qib yurgan paytimiz umrimda birinchi marta kursdoshlar bilan Chimyon tog’lariga chiqqanmiz (o’shanda biz bilan Zoir aka ham bor edi). O’shanda tog’ degani shu ekanda, deganman. Hozir esa Machay yo’lidagi tog’ni ko’rib og’zim lang ochilib qoldi. Rosti, tog’ning tepasi ko’rinmasdi. Novvotga o’xshash qirra-qirrali bu tog’lar xuddi yo’lni qaroqchilardan qo’riqlayotgan soqchilarday qaddini g’oz tutib turardi.

– Bu tog’ning nomi nima, Zoir aka? – deyman qiziqsinib.
– Boysun tog’ tizmasi deyishadi bu tog’larni. Bizni Boysun markazidan ajratib turadigan shu tog’lar-da. Tog’ning nariyog’i – Boysun. Biz tog’ni aylanib kelamiz.

Buxoroga – uyga ketishda ham Jizzax tog’lari orasidan o’tib ketamiz. Lekin ular ham Boysun tog’larining yonida oddiy do’nglikka o’xshab ko’rinishi aniq. O’zi biz ketayotgan yo’l aslida oldin bo’lmay, uning o’rni ham tog’ bo’lgan bo’lishi mumkin. Chunki e’tibor berib qarasam yo’lning chetida daryo bor. Ming yillar davomida seroqar daryo tog’lar orasidan o’ziga yo’l yasagan. Keyinchalik uning shiddati biroz pasayib, kamroq oqadigan bo’lgach, odamlar daryoning bir chetini o’zlariga yo’l qilib olganga o’xshaydi. Shu taxminlarimni Zoir akaga aytsam, “Qaydam” deganday yelkasini qisib qo’ydi. Bu salobatli tog’larning orasidan o’tib ketarkanmiz, o’ylanib qoldim: shunday ulug’ tog’larni bitta so’zda bunyod etgan Zotning o’zi ulug’vorlikda qanday ekanligini aqlga sig’dirib bo’larmikan…

Biz borgan sari go’yoki dunyodan uzilib borardik. Uylar va odamlar bizdan ancha ortda qolib ketar, biz xuddi ulkan bir g’orning ichiga kirib ketayotgandek edik. Ko’rganimiz faqat yo’lu, tog’ning o’shshaygan qoyalari. Odamning o’zi bu yerlarda hatto kunduzi yolg’iz qolsa, vahima bosadigan bu daralarda biz bir soatcha yurdik.

Keyin bir qishloqqa kirib keldik. Bu yerning o’ziga xos jihati shu edi – tuproqlari qizil ekan. Uylar ham shu tuproqdan bo’lgan loy bilan suvalgan emasmi, uzoqdan uylar o’choqdagi cho’g’ misol ko’rinardi.

…Va nihoyat Machayga yetib keldik. Zoir akaning aytishicha, Machay juda katta qishloq bo’lib, Yuqori Machay va Quyi Machayga bo’linar ekan. Zoir akaning qishlog’i Yuqori Machay edi. Qishloq ichidan o’tarkanmiz, odamlar uy yumushlari bilan band edi. Kech bo’layotgani sababli to’da-to’da qo’ylarni yosh-yalanglar tog’dan olib tushar, qo’y egalari o’z mollarini ajratish bilan ovvora. Shaharda oliftalik qilib yuradigan menday odamga bu joylarning kishilari, ularning dunyoga qarashi, yashashi va kun kechirishi qiziq edi. Qishloq odamlari anchayin mehnatkashligi ko’rinib turardi: hech kim bekor o’tirmagan. Yetti yoshdan yetmish yoshgacha bir nimaning ko’yida g’imirlab yurardi.

– Ana shu joylar Machay bo’ladi, Husayn, – dedi Zoir aka negadir biroz g’amgin ohangda. – Bizda shunday. Shahardan ancha uzoqdamiz. Bozor qilishga bir chiqamiz-da, shu bilan anchagacha qishloqdan ortmaymiz. Bu yerning odamlari chorva bilan shug’ullanadi. Bolalar yoshlikdan mol boqib katta bo’ladi. Kinoda aytadiku, ko’pchilikning nomi shu tog’u toshlarning orasida qolib ketadi…

Zoir aka gapirar ekan, negadir mendan uyalganday, shunday ahvolda yashayotganidan biroz hijolat chekayotganday tuyildi. Ehtimol, bir paytlar “Toshkentda qoling” deb aytgan gaplarim esiga tushib, shu gaplarni aytayotgandir…
Biz soat beshlarda Yuqori Machayga yetib bordik. Qishloq juda katta bo’lib, ikki tog’ning orasida edi. Bizni Zoir akaning ukasi – bir kun avval men bilan telefon orqali gaplashgan yigit kutib oldi. Ko’rishdik. Mahallaning boshqa odamlari ham bor edi. Ular bilan ham salomlashib, Zoir akaning uyi tomon ko’tarildik. Ishonsangiz, Zoir akaning uyi naq tog’ning biqinida ekan. Yomg’ir sabab yer ancha balchiq. Bir amallab yuqoriga chiqib, bir uyga kirdik.

– Bu – ukamning uyi. Oilasi bilan yashaydi. Avval shu uyda ota-onam yashardi. Onam vafot etganlaridan keyin, otam boshqa ayolga uylanib, huv pastda bitta uy qurib, ko’chib ketgan, – dedi Zoir aka.
– Sizning uy qaerda?
– Bizning uy sal tepada.

Yana tepaga ko’tarildik. Kichkina bir hujraga o’xshash uyga kirdik.
– Ishonmaysiz, kechagina ko’chib o’tdik uyga. Hali suvoqlari ham qurimadi. To’satdan sovuq tushib, ishlarni ham tugatolmadim.

Meni yo’l bo’yi qiynab kelgan xijillik shu yerda battar ko’nglimni g’ash qildi. Negadir bemavrid, ogohlantirmasdan kelganimga o’zimni so’kdim…

Kechga osh qilindi. Mehmon keldi deganiga ikkita qo’shni ham davramizga qo’shildi. Chiroq yo’qligi uchun fonus yorug’ida ovqatlandik. Ochig’i, chiroqning yo’qligidan juda xursand edim. Negaki, shunday sovuq va qorli kunda mezbonlarni ovora qilib, tashvishga qo’yganimdan vijdon azobida qizarib ketgan yuzimni hech kim ko’rmasligini istardim. O’zimni xuddi Shukur Xolmirzaevning “O’zbek xarakteri” hikoyasidagi hikoyachi yigitga o’xshatdim. Balki siz meni o’sha qahramonga o’xshatmayotgan chiqarsiz. Ehtimol siz haqdirsiz ham! Lekin dasturxon yozib, non-tuz bergan tog’ odamlari o’sha hikoyadagi sodda va ochiqko’ngil odamlarning o’zginasi edi…

* * *

Tong otdi. Ko’kda bulut yo’q. Havoning zovuq zahri ham ancha pasaygan edi. Zoir aka xotiniga o’tin yorib berib, qishlog’ini ko’rsatish uchun meni pastga olib tushib ketdi. Zoir aka qishlog’ini eslaganda doim Machaydaryo va Teshiktosh g’ori haqida gapirardi. Biz shu Machaydaryo tomonga borardik.

– Zoir aka, qishlog’ingizga nega Machay deb nom berishgan? Bu joylarga odamlar qachon ko’chib kelgan o’zi?
– Bu yerlarga o’tgan asrning boshlaridan odamlar kela boshlagan. U paytlar Boysun Buxoro amirligiga qarashli bo’lgan-ku. Shu sababdan ham amir Olimxon Afg’onistonga qochib ketayotganda shu Machaydan o’tgan deyishadi.

– O’shandan beri bu yerlarga buxorolikning qadami tegmagan bo’lsa kerak-a? Demak, amir Olimxondan keyin Machayni zabt etgan so’nggi mang’itiy shahzoda men ekanman-da, a?

– Ha, shunday, – dedi Zoir aka xoxolab kularkan. – qishloqning nomi haqida turli xil taxminlar bor. Ba’zilar “Ma, choy” degan so’zdan olingan deydi. Sal ongliroq odam bu gap noto’g’riligini tushunadi. Lekin tojikcha so’z degan variant haqiqatga yaqinroq. Tojikcha “past joy” degan so’zdan olingan. Va yillar o’tib bu so’z so’zlashuvda buzilib, “machoy”, “machay” holiga kelib qolgan bo’lishi ham mumkin.

Machayliklarning gapirishi xuddi buxoroliklarning so’zlashiga o’xshab ketardi. Masalan, Buxoroning ayrim joylarida “olib borgan” iborasini “olib borgon”, “aytgan”ni “aytgon” deb ham talaffuz qilishadi. Bu yerda ham xuddi shunday gapirishar edi. Shu boisdan ham Machayda o’zimni begonaday his qilmadim.

Pastga tusharkanmiz, oldimizdan Machaydaryo chiqdi. Suvi biroz loyqa ekan, o’zi ham unchalik tez oqmasdi.

– She’rlaringizda ta’riflagan joylar aynan shu yerlar ekanda-a, Zoir aka?
– Qaerdan bildingiz? She’rlarim yodingizdami?
– Ha-da! Universitetda yosh ijodkorlar to’plamida chiqqan-ku Machay haqidagi she’ringiz. O’sha esimda…

Zoir aka qaysi davrada bo’lmasin, she’r ayting, deganda qishlog’i haqidagi o’sha she’rni o’qirdi. Machayga borib, uning tabiatini ko’rib she’r ko’z oldimga kelaverardi:

Archalari Vatanga soya,
Har bir toshi biz o’zbekehrom!
Ko’kragimdan o’sgan har qoya
Burgutlarga sevimli makon.

Tumanlari – uylarda mehmon,
Subhda shabnam – gullarga boda.
Tong ma’budi – o, so’fiy cho’pon,
Sendan baxtli bormi dunyoda!..

Zovlarida turar mung’ayib
Bibi Maryam – eng go’zal sur’at.
Bunda borar yurak kengayib,
Topolsang bas chidashga imkon.

Toshmachitning cho’qqisi – narvon –
Chiqavergin somon yo’liga.
Yulduzlar-la surasan davron,
Surayyoni quchib belidan.

Machaydaryo – tog’lar sungan may,
Qirg’oqlarda tollar – mayparast.
Quygin jonim, yonib sipqoray,
Yuzing ko’rgach bo’ldim ishqparast.

Machay, jonim, quchgin, meni suy,
Yuzing ochib ko’chgin she’rimga!
Men uchun sen eng yoqimli kuy,
Tarataman seni dunyoga!

Ha, haqiqatdan ham Machay she’rda tasvirlanganday edi. E’tibor bergan bo’lsangiz, Machaydaryoni shoir tog’lar sungan mayga o’xshatyapti.

– Mana she’rdagi o’sha mayparast tollar, – dedi Zoir aka daryo tomonga ishora qilib. Biz katta xarsangtoshlarga o’tirib ancha suhbatlashdik. Zoir aka tabiatan og’ir-bosiq odam. Gapirganda ham zalvorli qilib gapiradi. Shu tog’lar orasida katta bo’lgan bu odam shu tog’lardek anchayin ko’ksi baland, tanti va chapani edi. She’rida aytganiday qoyalar uning ko’kragidan o’sganday edi go’yo. Zoir aka umuman yolg’on so’zlamasdi. Yolg’onni ham yomon ko’rardi.
– Hozir maktabdan ortmayman. Ish, ish, ish. Biror narsa yozolganim ham yo’q. Lekin bir nimalarni ko’nglimga tugib qo’yganman, hali yozarman.

Ko’nglimdagi gapni sizga aytsam. Nega aynan tog’ odamlari g’uborsiz, to’g’riso’z va ochiqko’ngil bo’ladi deb o’ylardim. Aynan men sevgan ijodkorlarning ko’pchiligi ham shunday tog’lar bag’rida o’sgan. Bilsam, bu yerda inson tabiatdan uzoqda bo’lmaydi. Tabiatning qo’ynida, uning har qanday injiqligiga chidab keladi. Bu yerda ular turli soxtaliklardan uzoqda bo’ladi. To’g’ri, bu fikrlarim yuqoridagi savollarga javob bo’la olmaydi. Bu yerlarda hech kim biri-biridan farq qilmaydi. Hamma bir-birini yaxshi taniydi. Tabiatning bor injiqligiga bir bo’lib bardosh beradi. Tog’larning musaffo havosidan ularning ko’ngli tozarganday go’yo…

…Keyin Zoir akaning bog’iga borib, olma yedik. Ancha aylandik. Quyosh charaqlab turardi. Tog’ bag’rida biroz cho’zildik. O’pkamni tog’ning toza havosiga to’ldirdim. Zora mening ko’nglim ham g’uborlardan tozarsa…

Kun bo’yi qishloqni aylandik. Zoir aka meni otasi bilan tanishtirdi. U kishi bilan ham ancha suhbatlashdik. Keyin bitta joyda mehmon bo’ldik. Kechki payt yo’lga tushishim kerak edi. Zoir aka qo’shnisi bilan gaplashdi – u meni Darband vokzaligacha mashinasida olib boradigan bo’ldi.

Ketarkanman, shunday joylarda meni hurmat qiladigan va, albatta, men hurmat qiladigan odamlarning borligidan quvondim. Dunyoda shunday ODAMLAR borligidan ko’nglim yorishdi. Tabiat shunday insonlarni dunyoning kirliklariga qorishib ketmasligi uchun o’z bag’rida asrayotgandir…

Shunday qilib, safarim va “Safarnomam” tugayotir. Ketar chog’imda, tog’larga yana bir bor nazar soldim. Ehtimol bu joylarga umuman kelmasman. Ammo dilga bir umid tugib, Zoir akaga xuddi “O’zbek xarakteri”dagi boladek so’z qotdim:

– Hammasi uchun rahmat, aka. Yayradim. Men sizlarni yaxshi ko’raman. – Shu gapimni eshitdimi-yo’qmi, aniq bilmadim. Lekin, ko’zlari charaqlab ketdi. –Aytgancha, nasib qilsa, yozda yana kelaman. Bu safar sizni ovora qilib qo’ymayman. Tog’ning yaxshi joyidan makon topib berasiz. O’tov qurib, o’n kuncha yashayman. Tog’ning tepasiga chiqmoqchiman. Alpinist bo’laman, xullas…

– Bo’ldi, albatta keling! Kutaman.

Keta-ketguncha Zoir akaning she’ri qulog’imda jaranglab turdi:

Machaydaryo – tog’lar sungan may,
Qirg’oqlarda tollar – mayparast.
Quygin, jonim, yonib sipqoray,
Yuzing ko’rgach bo’ldim ishqparast…

***

Men ketish oldidan tungi Boysunni yana bir bor tomosha qildim. Bu yerlar menga azaldan qadrdonday edi go’yo. Bu yerning har bir tog’u toshi menga azizday sezildi. Kechki soat to’qqizlarda poezd Darband vokzalidan jo’nashi kerak edi. Shu bois poezd jo’nash oldidan ketayotganidan norizo boladay chinqirgandan nola chekib oldga siljidi. Men esa poezdning chinqirig’i ostida pichirlab ketdim:

Tog’lar kichraydi. Pasaydi osmon,
Yashab bo’lmaydi-ku, axir engashib.
Jo’nadim balandroq osmonlar tomon –
Ortimdan Boysunning dashti ergashdi…

2015 yil, noyabr.
Toshkent – Termiz – Boysun – Toshkent.

09

(Tashriflar: umumiy 537, bugungi 1)

Izoh qoldiring