Jasur Kengboyev. Mehmon

004   Хонасида мук тушиб, бошини қоғоздан узмай ишлаб ўтирган Орзиқул эшиги оҳиста тақиллаб, секин очилганини, ундан бир тим қора соч қараб турганини ҳам пайқамади. Ўқиётганидан кўзини узмади. Келмиш қорасоч узун-узун, келинбармоғи билан эшикни яна мулойимгина чертди. Шундагина бошини кўтариб, бир зум анграйиб қолди… ва ўрнидан туриб кетди.

Жасур КЕНГБОЕВ
МЕҲМОН
009

Жасур Кенгбоев — 1985 йил 19 ноябрда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғида туғилган. 2003-2007 йилларда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида ўқиган. 2009 йил ушбу факультетнинг магистратурасини тамомлаган. Иқтидорли талабалари учун таъсис этилган Алишер Навоий номидаги давлат стипендианти.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда шарҳловчи, «Жамият» газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Айни пайтда «Оила даврасида» газетасида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида меҳнат қилмоқда. Ҳикоялари турли тўплам ва марказий нашрларда чоп этилган.

009

Қишлоқнинг чанг-чўнг, ўнқир-чўнқир илонизидан чайқала-чайқала катта йўлга чиққан оппоқ машина улкан гужум тагига келиб тўхтади. Ундан қирқ-қирқ беш ёшлардаги тўрт киши узун-калта бўлиб тушди. Оёғини ерга «тап-тап» эткизиб, уст-бошини қоқа бошлашди.
— Шу… қишлоқнинг чангиям тоза жонга тегиб кетади-да, — деди соч-соқоли ўсиб, қошигача чангга беланган биттаси. — Ўн қадам юрсанг, моховга ошна бўлиб қоласан.
— Қўйсанг-чи, Султоний, — деди қориндор, ўзига бино қўйган, эгнидан оҳорли кийим тушмайдиган Ботир чавандоз қип-қизил, сергўшт юзини рўмолча билан артаркан. — Шу чангдан чиққансан, ошна, қочиб қаергаям борардинг. А, нима дединг, Улуғ ошна?

Улуғбек шимининг почасини қоқар экан, бувасидан эшитган тагдор гапни айтди:
— Тўғри, ошна, тупроқ, чангни қоқсанг — кетади, қочсанг — етади…
Ботир чавандоз икки қўлини бир-бирига қарсиллатиб урди:
— Ана! — деди қийқириб. — Кўрдингми? Қочсанг, изингдан е-та-ди…
Султон илжайди, учовлон жилмайди.
— Майли-да энди, шаҳаргаям чангга ботиб бормайлик дегандим-да, — деди Султон паришонхотирлик билан. — Кетдикми?
— Кетдик! — деди Ботир чавандоз.

Яна қайтиб машинага ўтиришди. Ботир чавандоз олд ўриндиқ эшигини виқор билан очиб-ёпти. Машина қўзғалди. Теп-текис йўлда ғизиллаб кетди.
— Энди, ошналар, гап бундай, — деди Ботир чавандоз ястаниб ўтириб олгач, кайвонилик билан. — Шунча йилдан бери — Қулбой ошнамиз шаҳарга кўчиб кетгандан бери биринчи марта боряпмиз уйига. Эсда қоларли меҳмондорчиликни, «сюрприз»ни кўнгилга солганимизгаям етти-саккиз йил бўлди-ёв, а?
— Бўлди, бўлди, — деди Султон орқадан.
— Эса, «сюрприз»га яраша иш қилайлик…
— Нима қиламиз? — қизиқди Улуғбек.
— Ошнанинг уйига бостириб кирамиз! — деди Ботир чавандоз тантанали равишда. — Қулбой ҳаммамизни кўриб, оғзи очилиб қолсин!

Ошналар ўша дамни бир зум тасаввур этиб, завқланишди. Ана, қаранг, улфат дўст — Қулбой эшикни очади-ю, қаршисида кимсан, қишлоқдаги болалик дўстларини кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолади! Елим халталарни тўлдириб, қишлоқнинг оби нони, мева-чева, тағин дуркиллаб юрган бир ширбознинг ярим гўштини қоғозқопга ўраб, кўлларига тутган ошналари турибди-да! Бир нафас кўзларига ишонмайди, кипригини пирпиратиб қарайди ва қучоғини ланг очиб, ҳар бирини бағрига босиб, даст кўтариб туширади-да: «Бормисизлар-ей? — дея ҳайқиради. — Келадиган кунларинг ҳам бор экан-ку!» Кейин мезбон аҳли аёлига буйруқ беради: «Қани, тез бўлинглар, дастурхоннинг каттасини ёзинглар, топган-тутганларингни келтиринглар!»

Ошналар ҳар бири ўзича мана шундай хаёл билан банд бўлиб қолади.
— Лекин масаланинг бир нозик тарафиям бор, — дейди Ботир чавандоз махфий бир гапдан огоҳ этмоқчидай.
Бу гапдан ўй сурувчиларнинг хаёли тарқаб кетади. Яна нима гап экан? Бу чавандоз жуда режа тузгич-да. Аммо-лекин ошналар унинг гап-режалари доим жўяли чиқишига тан беради. Шу боис кўпинча унинг оғзига тикилишади. Демак, «сюрприз» масаласининг нозик томониниям кўра-билган бу чавандоз деганлари. Эл кўрган, давра сурган одам-да у…

— Хўш-хўш? — деди Улуғбек қулоғини чўзиб.
— У ер сенларнинг қишлоғинг эмас, ошналар, — деди Ботир чавандоз. — Шаҳар деган оти бор. Шунинг учун меҳмондорчиликда одамни шарманда қилманглар…
— Ия, ия?! — деди ошналар. Учовиям чавандозниг гапидан норози бўлиб, тўнғиллади. Ахир у нималар деяпти? Ўзи-чи, ўзи? Қачондан бери аристократ бўлиб улгурди экан бу зотимиз? «Сенларнинг қишлоғинг эмас», «одамни шарманда қилманглар»… Бу нима дегани? Ўзини мунча катта олмаса… Ўтди, ўтди, ошналарга ўтиб кетди бу гап: — Ким шарманда қилармиш сени, Ботир ошна?
— Бизники омади гап-да, — деди «айбдор» чавандоз ўнғайсиз гапини андавалашга тушиб. — Масалан, шаҳарда дастурхонни ноз-неъматга тўлдириб ташлайди. Мева-чеваниям сархилидан қўяди. Қулбойни биласизлар-ку, ўзимизнинг қадрга йиғлайдиган минг йиллик ошнамиз. Салгина паришонхотирлиги-ю, ҳардам хаёллигини демаса, зап одам; оддий қишлоғимиздан чиқиб, мана, шаҳарда кимсан, катта бир ташкилотда бўлим бошлиғи бўлиб кетди… Кўрасизлар, биз борсак, борини тўкиб-сочади. Лекин, айтдим-ку, дастурхонга ҳадеб қўл чўзаверманглар. Султоний, айниқса, сенинг нафсинг бузуқ, конфет-понфетларга узалаверма кўп, майлими?

Султон хижолат тортди. Лекин ҳақ гап айтилаётганда нимаям дерди. Гапни ҳазилга буради-да:
— Конфетдан бошқа нарса есам бўладими, Ботурийжон?
— Йўқ! — деди чавандоз жиддий туриб. — Одамни шарманда қилма. Қишлоқилар, деб устимиздан кулишмасин ҳамсоя-ҳалойиғи. Очофатлик қилиб, номусимизга ўлдирма тағин. Тушундингми?
— Бўпти-ей, — деди Султон. Ёнидагилар ҳам Ботир чавандознинг гапини маъқуллай бошлади.
— Яна, ол, деса, овқатини хўриллатиб ичиб, чапиллатиб кавшаниб юрманглар, — қўшимча қилди чавандоз. — Кам-камдан, ҳар замонда у-будан тотиниб турсаларинг ҳам ўлмайсизлар. Қишлоққа қайтиб келсак, ўзимиз биламиз кейин….
— Қулбой ошна анавининг қандайидан қўяр экан-а? — тилга кирди жим келаётган тўртинчи ошна — Маҳмуд. — Импортнийсиданми ё ўзимизникиданми?
— Ўлибди энди, арзон-гаровидан қўйса, — деди Султон.
— Бу — аниқ! Зўридан, манавиндайидан қўяди, кўрасизлар, — деди Ботир чавандоз бош бармоғини юқорига ўйнатиб.

Ошналар тамшаниб қўйишди. Бўлажак зиёфатнинг иси гўё димоқларига кириб, бутун вужуди иштаҳаочар тегирмонга айланди: олдидан нима чиқсаям, икки ямлаб, бир ютадиган тегирмонга.
— Ўзи қачон қайтамиз, а? — сўради Маҳмуд. Афтидан, унинг қишлоқда қиладиган иши кўп эди. Магазин соясидаги чорпояда уч ошнаси ўтирган экан, улар туриб-туриб ҳаданглаб қолишди: «Кетдик, Қулбой ошнамизникига борамиз! Таваккал-да! Худо билади, қачон борамиз шаҳар деганларига!» Ошналар бирпасда бозор-учар қилишди. Гапини эшитмай, униям машинага шарт босишди-да, мана, судраб келишяпти. Қиёлмаганидан жим келяпти-да бу камбағалнинг боласиям.
— Энди… Қулбой бирон уч-тўрт кун туринглар, маза қилиб отамлашамиз, деб қолиши аниқ. Лекин сизлар ҳам менга қўшилиб, кетайлик, ошна, деб тез-тез эслатиб туринглар. Икки-уч кунда қайтармиз шунда. Бўлмаса, каталакдек «дом»даги ошнамизни қийнаб қўямиз.
— Тўғри, жуда тўғри, — деди Султон. — Икки-уч кунлатиб меҳмон бўлсак ҳам етади. Безор қилвормайлик яна-тағин шаҳарликларни…

Ошналар меҳмондорчилик ҳақида бир-биридан ажойиб ўй-хаёллар, ширин режалар билан, тамшаниб-тамшаниб борар эди. Катта теп-текис йўлда елиб бораётган машина уларни тобора ана шу ниятлар манзили томон яқинлаштирар эди.
Қуёш тикка келиб, йўлни жизғанакдек куйдираётган, асфальт йўлнинг устида чойидиш жўмрагидан чиқаётган буғдек ҳовур пайдо қилган бир пайтда ҳайдовчи сўради:
— Акалар, бир тушлик қилиб олмаймизми?

Дўстлар бир-бирига қаради.
— Шаҳарга қанча қолди ўзи? — сўради Ботир чавандоз ҳайдовчидан.
— Яна бир соатча юрамиз ҳали.
— Ҳа-а-а… унда тушиб ўтирмайлик, юраверайлик, бир йўла ошнамизникида овқатланармиз.
— Қорин таталаб кетди-ку, — деди Улуғбек.
— Сабр қил, Улуғ! — деди Ботир чавандоз. — Ҳарна эртароқ борайлик, Қулбойнинг очил дастурхонига етайлик…

… Катта бир тут дарахтининг тагига келиб тўхтаган бизга таниш оппоқ машинадан ўзимизнинг тўртовлон тушишди. Қўлларини белига тираб, обдон керишиб, оёқ чигалини ёзишди. Сўнг у ёқ-бу ёққа аланглаб, «дом» оралаб кетишди. Лекин… уйлар бир-бирига бунча ўхшамаса. Қайси бири Қулбойники экан? Ботир чавандоз ҳув бирда келганини эслади.
— Анави «дом» эди-ёв, менимча, — деди у. — Лекин квартирасини ҳеч эслолмаяпман. Кетдик, юрайлик-чи, сўраб-сўраб топиб олармиз…

Ошналар эргашди. Кўп қаватли уйга яқинлашган сари юраклари алланечук ура бошлаган ошналар хаёллар оғушида ўз режаси — «сюрприз»лари қандай завқли натижа беришини ўйлаб, майин табассум билан ошиқишарди. Бироқ, «дом» олдида — кириш йўлаги атрофини ўраб турган, одам бўйи бўлиб тарвақайлаб ўсган четан девордан қайрилишлари билан, не кўз билан кўрсинларки, қаршисидан пўримгина кийиниб олган бир қадрдон чеҳра уларга қараб келаётганди! Бу ўша, ошналар қора тортиб, хонадонига илк бор меҳмон бўлиб келаётган Қулбой Узоқов эди.
— Ия, Қулбой ошна!! — дея айқирди Ботир чавандоз қулочини кенг ёзиб.

Қулбой ҳам кўзлари бир қувнаб, қучоқ очди. Кўришишди. Қолган ошналар билан ҳам бағрини очиб, саломлашди. Ошналар кўнглида: «Ҳозир оёғимизни ерга теккизмай уйига олиб чиқиб кетади» деган хаёл ўтаётган эди.
Бироқ, Қулбой шошилмади… У ёқ-бу ёқдан, қишлоқдан сўради. Анчайин ҳафсаласизлик билан, узуқ-юлуқ гаплардан олди.

Ошналарнинг тарвузи қўлтиғидан тушди… Шалвирабгина қолишди. Бир-бирига тикилишди. Ботир чавандоз нигоҳлари билан ошналарга тасалли берди: «Шошмай туринглар, ҳозир ҳаммаси жойига тушади, Қулбой кутилмаганда бизни кўриб қолиб, салгина эсанкиради-да. Биласизлар-ку, ошнамиз азалдан оғир-босиқ, сизу бизга ўхшаб, ҳар нарсадан ҳаяжонланиб қолавермайди…»
Бироқ…

— Вой, ошналар-ей, бу ерда нима қилиб юрибсизлар? Қайси шамол учирди шаҳарга? — деди охири Қулбой.
— Ўзимиз…. шундай… — деди Ботир чавандоз. Лекин қишлоқилигига борди: меҳмонга, сеникига келгандик, ошна, дея олмади. Кўнгил қурсин, бир чимдим иззат-икром, таклиф кутди: — Шунчаки, бир айланиб келгандик…

Қулбой лабини чўччайтирди, қошини чимирди:
— Ҳа-а-а… — деб қўйди паришонхотирлик билан ва хаёл суриб кетди. Орага пича сукут чўкди. Сўнг Қулбой ошналарга юзланди: — Энди нима қиласизлар?

Меҳмонлар довдираб қолишди. Бир-бирига разм солишди. Ботир чавандоз дувва қизарди. Ори келди. Ўнғайсизланиб, секингина:
— Эндими?.. Энди… Қишлоққа қайтамиз-ов… — деди.

Ошналар Ботир чавандозга эътирозли боқишди, сўнг Қулбойнинг кўзига илтижоли нигоҳ билан синовчан тикилишди.

Жавобдан Қулбойнинг юзи ёришиб кетди.
— Э-э-э, шундай денглар?! — деди чиройи очилиб. — Шу десанглар, мен ҳам қишлоққа кетмоқчи бўлиб турувдим. Бўлмаса, мениям опкетасизлар-да, а?

Ошналар Қулбой кўрсатган йўлак бўйлаб, ҳозиргина келишган қишлоққа элтувчи катта йўл томон унинг ортидан ҳорғин эргашиб кетишди…

2015 йил, апрель

0045

Jasur KENGBOEV
MEHMON
009

099Jasur Kengboev — 1985 yil 19 noyabrda Qashqadaryo viloyati Chiroqchi tumanidagi Ko’kdala qishlog’ida tug’ilgan. 2003-2007 yillarda O’zbekiston Davlat jahon tillari universiteti xalqaro jurnalistika fakul`tetida o’qigan. 2009 yil ushbu fakul`tetning magistraturasini tamomlagan. Iqtidorli talabalari uchun ta’sis etilgan Alisher Navoiy nomidagi davlat stipendianti.
O’zbekiston Milliy axborot agentligi – O’zAda sharhlovchi, «Jamiyat» gazetasida bo’lim mudiri bo’lib ishlagan. Ayni paytda «Oila davrasida» gazetasida bosh muharrir o’rinbosari lavozimida mehnat qilmoqda. Hikoyalari turli to’plam va markaziy nashrlarda chop etilgan.

009

Qishloqning chang-cho’ng, o’nqir-cho’nqir ilonizidan chayqala-chayqala katta yo’lga chiqqan oppoq mashina ulkan gujum tagiga kelib to’xtadi. Undan qirq-qirq besh yoshlardagi to’rt kishi uzun-kalta bo’lib tushdi. Oyog’ini yerga «tap-tap» etkizib, ust-boshini qoqa boshlashdi.
— Shu… qishloqning changiyam toza jonga tegib ketadi-da, — dedi soch-soqoli o’sib, qoshigacha changga belangan bittasi. — O’n qadam yursang, moxovga oshna bo’lib qolasan.
— Qo’ysang-chi, Sultoniy, — dedi qorindor, o’ziga bino qo’ygan, egnidan ohorli kiyim tushmaydigan Botir chavandoz qip-qizil, sergo’sht yuzini ro’molcha bilan artarkan. — Shu changdan chiqqansan, oshna, qochib qaergayam borarding. A, nima deding, Ulug’ oshna?

Ulug’bek shimining pochasini qoqar ekan, buvasidan eshitgan tagdor gapni aytdi:
— To’g’ri, oshna, tuproq, changni qoqsang — ketadi, qochsang — yetadi…
Botir chavandoz ikki qo’lini bir-biriga qarsillatib urdi:
— Ana! — dedi qiyqirib. — Ko’rdingmi? Qochsang, izingdan ye-ta-di…
Sulton iljaydi, uchovlon jilmaydi.
— Mayli-da endi, shahargayam changga botib bormaylik degandim-da, — dedi Sulton parishonxotirlik bilan. — Ketdikmi?
— Ketdik! — dedi Botir chavandoz.

Yana qaytib mashinaga o’tirishdi. Botir chavandoz old o’rindiq eshigini viqor bilan ochib-yopti. Mashina qo’zg’aldi. Tep-tekis yo’lda g’izillab ketdi.
— Endi, oshnalar, gap bunday, — dedi Botir chavandoz yastanib o’tirib olgach, kayvonilik bilan. — Shuncha yildan beri — Qulboy oshnamiz shaharga ko’chib ketgandan beri birinchi marta boryapmiz uyiga. Esda qolarli mehmondorchilikni, «syurpriz»ni ko’ngilga solganimizgayam yetti-sakkiz yil bo’ldi-yov, a?
— Bo’ldi, bo’ldi, — dedi Sulton orqadan.
— Esa, «syurpriz»ga yarasha ish qilaylik…
— Nima qilamiz? — qiziqdi Ulug’bek.
— Oshnaning uyiga bostirib kiramiz! — dedi Botir chavandoz tantanali ravishda. — Qulboy hammamizni ko’rib, og’zi ochilib qolsin!

Oshnalar o’sha damni bir zum tasavvur etib, zavqlanishdi. Ana, qarang, ulfat do’st — Qulboy eshikni ochadi-yu, qarshisida kimsan, qishloqdagi bolalik do’stlarini ko’rib, hang-mang bo’lib qoladi! Yelim xaltalarni to’ldirib, qishloqning obi noni, meva-cheva, tag’in durkillab yurgan bir shirbozning yarim go’shtini qog’ozqopga o’rab, ko’llariga tutgan oshnalari turibdi-da! Bir nafas ko’zlariga ishonmaydi, kiprigini pirpiratib qaraydi va quchog’ini lang ochib, har birini bag’riga bosib, dast ko’tarib tushiradi-da: «Bormisizlar-yey? — deya hayqiradi. — Keladigan kunlaring ham bor ekan-ku!» Keyin mezbon ahli ayoliga buyruq beradi: «Qani, tez bo’linglar, dasturxonning kattasini yozinglar, topgan-tutganlaringni keltiringlar!»

Oshnalar har biri o’zicha mana shunday xayol bilan band bo’lib qoladi.
— Lekin masalaning bir nozik tarafiyam bor, — deydi Botir chavandoz maxfiy bir gapdan ogoh etmoqchiday.
Bu gapdan o’y suruvchilarning xayoli tarqab ketadi. Yana nima gap ekan? Bu chavandoz juda reja tuzgich-da. Ammo-lekin oshnalar uning gap-rejalari doim jo’yali chiqishiga tan beradi. Shu bois ko’pincha uning og’ziga tikilishadi. Demak, «syurpriz» masalasining nozik tomoniniyam ko’ra-bilgan bu chavandoz deganlari. El ko’rgan, davra surgan odam-da u…

— Xo’sh-xo’sh? — dedi Ulug’bek qulog’ini cho’zib.
— U yer senlarning qishlog’ing emas, oshnalar, — dedi Botir chavandoz. — Shahar degan oti bor. Shuning uchun mehmondorchilikda odamni sharmanda qilmanglar…
— Iya, iya?! — dedi oshnalar. Uchoviyam chavandoznig gapidan norozi bo’lib, to’ng’illadi. Axir u nimalar deyapti? O’zi-chi, o’zi? Qachondan beri aristokrat bo’lib ulgurdi ekan bu zotimiz? «Senlarning qishlog’ing emas», «odamni sharmanda qilmanglar»… Bu nima degani? O’zini muncha katta olmasa… O’tdi, o’tdi, oshnalarga o’tib ketdi bu gap: — Kim sharmanda qilarmish seni, Botir oshna?
— Bizniki omadi gap-da, — dedi «aybdor» chavandoz o’ng’aysiz gapini andavalashga tushib. — Masalan, shaharda dasturxonni noz-ne’matga to’ldirib tashlaydi. Meva-chevaniyam sarxilidan qo’yadi. Qulboyni bilasizlar-ku, o’zimizning qadrga yig’laydigan ming yillik oshnamiz. Salgina parishonxotirligi-yu, hardam xayolligini demasa, zap odam; oddiy qishlog’imizdan chiqib, mana, shaharda kimsan, katta bir tashkilotda bo’lim boshlig’i bo’lib ketdi… Ko’rasizlar, biz borsak, borini to’kib-sochadi. Lekin, aytdim-ku, dasturxonga hadeb qo’l cho’zavermanglar. Sultoniy, ayniqsa, sening nafsing buzuq, konfet-ponfetlarga uzalaverma ko’p, maylimi?

Sulton xijolat tortdi. Lekin haq gap aytilayotganda nimayam derdi. Gapni hazilga buradi-da:
— Konfetdan boshqa narsa yesam bo’ladimi, Boturiyjon?
— Yo’q! — dedi chavandoz jiddiy turib. — Odamni sharmanda qilma. Qishloqilar, deb ustimizdan kulishmasin hamsoya-haloyig’i. Ochofatlik qilib, nomusimizga o’ldirma tag’in. Tushundingmi?
— Bo’pti-yey, — dedi Sulton. Yonidagilar ham Botir chavandozning gapini ma’qullay boshladi.
— Yana, ol, desa, ovqatini xo’rillatib ichib, chapillatib kavshanib yurmanglar, — qo’shimcha qildi chavandoz. — Kam-kamdan, har zamonda u-budan totinib tursalaring ham o’lmaysizlar. Qishloqqa qaytib kelsak, o’zimiz bilamiz keyin….
— Qulboy oshna anavining qandayidan qo’yar ekan-a? — tilga kirdi jim kelayotgan to’rtinchi oshna — Mahmud. — Importniysidanmi yo o’zimiznikidanmi?
— O’libdi endi, arzon-garovidan qo’ysa, — dedi Sulton.
— Bu — aniq! Zo’ridan, manavindayidan qo’yadi, ko’rasizlar, — dedi Botir chavandoz bosh barmog’ini yuqoriga o’ynatib.

Oshnalar tamshanib qo’yishdi. Bo’lajak ziyofatning isi go’yo dimoqlariga kirib, butun vujudi ishtahaochar tegirmonga aylandi: oldidan nima chiqsayam, ikki yamlab, bir yutadigan tegirmonga.
— O’zi qachon qaytamiz, a? — so’radi Mahmud. Aftidan, uning qishloqda qiladigan ishi ko’p edi. Magazin soyasidagi chorpoyada uch oshnasi o’tirgan ekan, ular turib-turib hadanglab qolishdi: «Ketdik, Qulboy oshnamiznikiga boramiz! Tavakkal-da! Xudo biladi, qachon boramiz shahar deganlariga!» Oshnalar birpasda bozor-uchar qilishdi. Gapini eshitmay, uniyam mashinaga shart bosishdi-da, mana, sudrab kelishyapti. Qiyolmaganidan jim kelyapti-da bu kambag’alning bolasiyam.
— Endi… Qulboy biron uch-to’rt kun turinglar, maza qilib otamlashamiz, deb qolishi aniq. Lekin sizlar ham menga qo’shilib, ketaylik, oshna, deb tez-tez eslatib turinglar. Ikki-uch kunda qaytarmiz shunda. Bo’lmasa, katalakdek «dom»dagi oshnamizni qiynab qo’yamiz.
— To’g’ri, juda to’g’ri, — dedi Sulton. — Ikki-uch kunlatib mehmon bo’lsak ham yetadi. Bezor qilvormaylik yana-tag’in shaharliklarni…

Oshnalar mehmondorchilik haqida bir-biridan ajoyib o’y-xayollar, shirin rejalar bilan, tamshanib-tamshanib borar edi. Katta tep-tekis yo’lda yelib borayotgan mashina ularni tobora ana shu niyatlar manzili tomon yaqinlashtirar edi.
Quyosh tikka kelib, yo’lni jizg’anakdek kuydirayotgan, asfal`t yo’lning ustida choyidish jo’mragidan chiqayotgan bug’dek hovur paydo qilgan bir paytda haydovchi so’radi:
— Akalar, bir tushlik qilib olmaymizmi?

Do’stlar bir-biriga qaradi.
— Shaharga qancha qoldi o’zi? — so’radi Botir chavandoz haydovchidan.
— Yana bir soatcha yuramiz hali.
— Ha-a-a… unda tushib o’tirmaylik, yuraveraylik, bir yo’la oshnamiznikida ovqatlanarmiz.
— Qorin tatalab ketdi-ku, — dedi Ulug’bek.
— Sabr qil, Ulug’! — dedi Botir chavandoz. — Harna ertaroq boraylik, Qulboyning ochil dasturxoniga yetaylik…

… Katta bir tut daraxtining tagiga kelib to’xtagan bizga tanish oppoq mashinadan o’zimizning to’rtovlon tushishdi. Qo’llarini beliga tirab, obdon kerishib, oyoq chigalini yozishdi. So’ng u yoq-bu yoqqa alanglab, «dom» oralab ketishdi. Lekin… uylar bir-biriga buncha o’xshamasa. Qaysi biri Qulboyniki ekan? Botir chavandoz huv birda kelganini esladi.
— Anavi «dom» edi-yov, menimcha, — dedi u. — Lekin kvartirasini hech eslolmayapman. Ketdik, yuraylik-chi, so’rab-so’rab topib olarmiz…

Oshnalar ergashdi. Ko’p qavatli uyga yaqinlashgan sari yuraklari allanechuk ura boshlagan oshnalar xayollar og’ushida o’z rejasi — «syurpriz»lari qanday zavqli natija berishini o’ylab, mayin tabassum bilan oshiqishardi. Biroq, «dom» oldida — kirish yo’lagi atrofini o’rab turgan, odam bo’yi bo’lib tarvaqaylab o’sgan chetan devordan qayrilishlari bilan, ne ko’z bilan ko’rsinlarki, qarshisidan po’rimgina kiyinib olgan bir qadrdon chehra ularga qarab kelayotgandi! Bu o’sha, oshnalar qora tortib, xonadoniga ilk bor mehmon bo’lib kelayotgan Qulboy Uzoqov edi.
— Iya, Qulboy oshna!! — deya ayqirdi Botir chavandoz qulochini keng yozib.

Qulboy ham ko’zlari bir quvnab, quchoq ochdi. Ko’rishishdi. Qolgan oshnalar bilan ham bag’rini ochib, salomlashdi. Oshnalar ko’nglida: «Hozir oyog’imizni yerga tekkizmay uyiga olib chiqib ketadi» degan xayol o’tayotgan edi.
Biroq, Qulboy shoshilmadi… U yoq-bu yoqdan, qishloqdan so’radi. Anchayin hafsalasizlik bilan, uzuq-yuluq gaplardan oldi.

Oshnalarning tarvuzi qo’ltig’idan tushdi… Shalvirabgina qolishdi. Bir-biriga tikilishdi. Botir chavandoz nigohlari bilan oshnalarga tasalli berdi: «Shoshmay turinglar, hozir hammasi joyiga tushadi, Qulboy kutilmaganda bizni ko’rib qolib, salgina esankiradi-da. Bilasizlar-ku, oshnamiz azaldan og’ir-bosiq, sizu bizga o’xshab, har narsadan hayajonlanib qolavermaydi…»
Biroq…

— Voy, oshnalar-yey, bu yerda nima qilib yuribsizlar? Qaysi shamol uchirdi shaharga? — dedi oxiri Qulboy.
— O’zimiz…. shunday… — dedi Botir chavandoz. Lekin qishloqiligiga bordi: mehmonga, senikiga kelgandik, oshna, deya olmadi. Ko’ngil qursin, bir chimdim izzat-ikrom, taklif kutdi: — Shunchaki, bir aylanib kelgandik…

Qulboy labini cho’chchaytirdi, qoshini chimirdi:
— Ha-a-a… — deb qo’ydi parishonxotirlik bilan va xayol surib ketdi. Oraga picha sukut cho’kdi. So’ng Qulboy oshnalarga yuzlandi: — Endi nima qilasizlar?

Mehmonlar dovdirab qolishdi. Bir-biriga razm solishdi. Botir chavandoz duvva qizardi. Ori keldi. O’ng’aysizlanib, sekingina:
— Endimi?.. Endi… Qishloqqa qaytamiz-ov… — dedi.

Oshnalar Botir chavandozga e’tirozli boqishdi, so’ng Qulboyning ko’ziga iltijoli nigoh bilan sinovchan tikilishdi.

Javobdan Qulboyning yuzi yorishib ketdi.
— E-e-e, shunday denglar?! — dedi chiroyi ochilib. — Shu desanglar, men ham qishloqqa ketmoqchi bo’lib turuvdim. Bo’lmasa, meniyam opketasizlar-da, a?

Oshnalar Qulboy ko’rsatgan yo’lak bo’ylab, hozirgina kelishgan qishloqqa eltuvchi katta yo’l tomon uning ortidan horg’in ergashib ketishdi…

2015 yil, aprel

0045

(Tashriflar: umumiy 268, bugungi 1)

Izoh qoldiring