Javlon Jovliyev. Ikki yoshning uchrashuvi

Ashampoo_Snap_2017.04.15_22h12m08s_005_.png    “Лайло” деб номланган кафе қизга ҳашамдор, лекин файзсиз кўринди. Ёниб турган турли чироқлар, кираверишга осилган гумбазсимон қандилу деворга ёпиштирилган гул қоғозлар, турфа картиналар ҳам қизни ғашлантирар, бўғарди. Бунинг устига кафе ичкариси ҳам кўчадан фарқ қилмас даражада совуқ эди…

Жавлон ЖОВЛИЕВ
ИККИ ЁШНИНГ УЧРАШУВИ
008

Ashampoo_Snap_2017.04.15_22h05m14s_002_.png“Лайло” деб номланган кафе қизга ҳашамдор, лекин файзсиз кўринди. Ёниб турган турли чироқлар, кираверишга осилган гумбазсимон қандилу деворга ёпиштирилган гул қоғозлар, турфа картиналар ҳам қизни ғашлантирар, бўғарди. Бунинг устига кафе ичкариси ҳам кўчадан фарқ қилмас даражада совуқ эди. Қизғиш рангдаги мебелда мудраб ўтирган соқолли бир кишини айтмаганда, кафеда бошқа хўранда ҳам йўқ. Иситкичлар ишламаётганлиги учун бўлса керак, деб ўйлади қиз. У боятдан бери совқотар, бунинг устига туфлиси бирдан торайиб қолгандай оёғини қисарди. Йигит эса тўлқинланиб гапирар, афтидан сабрли тингловчи топилганидан хурсанд эди. Қиз жунжукканча, тишларини бир-бирига урар, серкиприк қора кўзлари ёшланарди. Йигит бўлажак аёлининг сифатлари ҳақида зерикарли маъруза ўқир, минбарда кўпчиликка сўзлаётгандай, боши билан ўз гапини тасдиқлаб ҳам қўярди. Йигит, туғилажак фарзандлари ҳақида жаврашга ўтган ҳам эдики, қизнинг тоқати тоқ бўлди.

— Гапингиз тугадими?

Тўсатдан тингловчидан бундай гапни эшитган ҳар қандай нотиқ ҳам бир дам каловланиб қолиши аниқ. Бунинг устига, қиз кўзларини лўқ қилиб, «бўлди қил» маъносида киприк қоқмай қараб турар, дастурхон четини йиртиб юборадиган даража ғижимларди. Йигит эса бепарво яна сўзлашда давом этди. Худди қизиган эски машинадек ўчиши ҳам мураккаб эди…

— Тугатарсиз? Мени институт ҳовлисига киритишмайди.
— Нима, ётоқхонада турасизми?
— Ҳа!

— Ростанми?
— Сиз нима деб ўйлагандиз?

Қиз бу саволни бериб, шеригининг ёш болаларникига ўхшаш текис, тиниқ юзига, лекин ҳар томонга ўйнаётган қўй кўзларига қараб турди, аммо ҳеч нимани англолмади. Йигит ҳам каловланар, тўй ошига тўймай қолган меҳмондек атрофга олазарак боқиб, яна гапиргиси келарди.

— Мен сизга ҳали кўп гапларни айтишга улгурмадим…
— Шундоғ ҳам кўп гапирдингиз. Бир маърузада ҳам бунчалик….

Қиз «бунчалик қийналмасдим», демоқчи бўлдию, индамади. Ҳар ҳолда, ўғил бола.

— Сизнинг гапингиз йўқми?
— Бор…эй, йўқ-йўқ!

Қизнинг оёқлари музлар, қора кўйлагининг учини тортиб уни пастроққача чўзмоқчидай бўларди. Қани бир жун рўмол бўлсаю, оёқларини ўраб олса!

— Гапиринг, мен эшитишга тайёрман – деди йигит.

— Лекин мен совқотяпман. Қанақа йигитсиз ўзи. Шунақа ҳам музхона бўладими?! Бу ердаги шунча чироқлар ёниб турсаю, ҳеч ким бўлмаса, иситгичлар ишламаса?!

— Мен ўзимни бой қилиб кўрсатмоқчимасман…Қиммат кафелар, гуллар ва шарлар совға қилиб, кўнглингизни олиш ниятим йўқ!

— Нима..? Мен бойликка учиб эрга тегадиган қизлардан эмасман! Хўп, шу ниятиз бор экан, кўчада гаплашсак ҳам бўларди. Балки автобусда…Бу ердан кўра анча иссиқ эди у ер…

— Мен сизни кучли қиз деб ўйлабман.
— Нима?

— Қийинчиликлардан қўрқасизми?
— Мен Антарктидада яшамоқчимасман! Мен ўзбекман.

— Масалан, чет элга чиқсангиз нима қиласиз? Мен сафарларни яхши кўраман.
— Бемалол… Менга Тошкент ҳам етади.

— Бунча тор ўйлайсиз?!
— Ҳа, мен шунақаман.

Йигит қизга раҳми келди, шекилли, хизматчи қизни чақирди. Официант мижозлар йўқлигидан пана жойда мудраётган учунми, келмади. Йигит яна ночор қизга қаради ва деди:

— Қаерга ғойиб бўлди, булар… Қойиллатиб хизмат қилишни ҳам билишмайди… Европада умуман бошқача
— Илтимос, мен чет элда ўтирибман деган хаёлни ўзингиздан қувиб юборинг!

— Ростан, мен чет элликлар билан кўп ҳамсуҳбат бўлган…
— Кўриниб турибди.

— Кулманг!
— Кулиб ўлибманми?

Шунда официант кўриниш берди.
— Ҳой, қиз, бизга иссиқ лимон чой беринг!

Официант қиз хўп дегандай овқат улашадиган дарчага қаради. Ҳеч ким чиқмади. Кейин ўзи айланиб ўтиб кетди.

— Мен шунақа замонавий боламан. Сизнинг ҳам бугунги кунга мос бўлишингизни хоҳлайман. Бу кийимларингиз нима? Сал замонавий юришни ҳам билиш керакда. Масалан, ҳеч сочингизни сариққа бўяганмисиз? Менимча, сизга ярашади. Қошингизни ҳам теринг! Жинси шим кейсангизчи? Сиз, умуман…

Қиз олдига тушиб турган бир тутам сочини йигитдан қизғангандай қулоқлари ортига ўтказиб қўйди. Унинг зулмат рангидаги кўзлари қисилар, қандил чироқлари кўзига минг бўлакка бўлиниб кўринар, лаблари совуқдан титрарди. Соқолли кишининг сабри тугади, шекилли, қалтираганча ҳисоб-китобни қилиб чиқиб кетди. Кафеда улар ёлғиз мижозга айланишди. Қиз йигитнинг гапларини ўзига нисбатан ҳақорат деб билсада, истиҳола қилиб унга қаттиқ гапирмасликка, тезроқ кетишга уринарди.

— Сизни тушунаман. Шу ердан ташқарига чиқмагансиз. Қишлоқдан келгансиз, лекин сиз замонавий бўлиб юришингиз керак.

Қиз йигитнинг бу гапидан ўзининг дидсиз эканлигини англаб олди. Тилини қаттиқроқ тишлади. Елкалари совуқдан тошдек қотсада, пальтосини кийиб олишни ноқулай деб биларди. Ҳар ҳолда, бу ерга умид билан келганди. Холаси топган, мақтаган йигитини ёмон бўлмаса керак, деб. Баҳслашиб нима фойда, тезроқ ҳаммаси тугаса, кетса бўлди. Нима деса, дер!

— Мен Амстердамда бўлганимда қизларнинг кейинишларига қойил қолганман… Воҳ, воҳ… Мен у ерда нима кўрганман айтайми? Шунақа ресторанларни, Ван Гог музейини…(шу жойда қиз «Йўғ-е?» деган маънода қараган эди, йигитнинг тили чалкашди) бир-биридан аъло овқатларини едим, кўчаларда сайр қилдим… Кино, театр…(қиз яна мийиғида кулганини сезиб йигит кўзини олиб қочди) йўқ, театрга тушмадим… Домлам билан илмий семинарга бориб, маза қилиб саёҳат қилиб қайтдик.

— Нима ҳақда эди?

Йигит шунақа ҳам бемаъни савол бўладими, дея озғин юзларини бармоқ билан босилган пуфакчадай буриштирди. Қиз саволини яна такрорлади.

— Илмий семинар нима ҳақда эди?
— Маҳаллий шароитда электр манбаларини олишнинг нанотехнологиялари ҳақида эди.

Қиз бирдан жонланиб кетди.
— Қандай ўтди?

— Очиғи, семинардан олдин туни билан кўчаларни кезганим учун ухлаб қолибман. (Аслида, ишратхонада эди.) Эрталаб турганимда соат ўн эди. Бориш ёқмади. Домламнинг ўзи бориб келди.

— Биронта янгилик, натижа бўлдими?
— Расмларга тушганман?!

— Электр энергияси бўйича бирон-бир янги технология олиб келинмадими?

— Келиб ўн варақли ҳисобот, слайт-шоу қилганмиз! Домлам советнинг одами. Инглиз тилини билмайди, олмон тилини ҳам…Шунинг учун семинарда ҳам, ярмаркада ҳам ҳеч нимани тушунмаган, битта ҳам шартнома тузолмаган. Ёдида қандайдир текин шарбат ичганию, бир қозоқ технологи билан танишгани қолган, холос.Кейин…сал ошиб кетиб, меҳмонхонага зўрға келган…

Қиз қалтирамас, жим турарди. Кейин совуқ ҳам эсидан чиқиб, оёғи қизиди.

— Сиз Қашқадарёнинг қаеридансиз? – деди қиз йигитдан кўзларини узмай.
— Қаршидан?
— Мен Қамашиданман…

— «Тандир гўштни» зўр пиширадилар-а, сизларда?
— Ҳа, бизда тандирда гўштни зўр тоблайдилар. Чунки бошқа овқатга электр токи керак.
— Нима?

Қизнинг кўзлари бошқача тус олган, унга қараб турган йигитнинг силлиқ, оппоқ юзлари эса билинар-билинмас титрарди.

— Сиз энергетика вазирлигида ишлайсиз-а!

— Шундай деса ҳам бўлади, холангиз мени кўп мақтаганми дейман.– Йигит яна мақтаниш учун имкон топилганидан юзига қон югурди. Энди гапирмоқчи бўлиб турганида, қиз унинг гапини бўлиб юборди.

— Отам ўтган йили қазо қилди. Нимадан деб ўйларсиз? Кўричакдан…
— Йўғ-ай!

— Операция вақтида туман тиббиёт марказидаги чироқ ўчиб қолган… Мендан тўрт ёш катта акам, у ҳозир Наманганда, қамоқда. Ўша куни электр станциянинг навбатчисини кўтариб юқори кучланишли симларга отиб юборган. Аслида, навбатчида нима айб? У ҳар кунги одатини такрорлаган, холос.

-Эси жойидами?!

Йигит қўрқиб кетганини яшириш учун яна хизматчи қизни қидирди. Бахтга қарши ҳеч ким йўқ эди. Қандил ва кафедаги кичкина, юздан ортиқ чироқлар ой ва юлдузларни эслатиб нур таратиб турар, худди очиқ тун бағрида кўкдан порлаб турган ой ва юлдузларни эслатарди.

— Қаерда қолишди, булар-а!

— Акамнинг иккита боласи, хотини бор эди. Янгам Россияда, кечаси ошхонада коса-товоқ ювиб, кундузлари кўча супуриб, бирон нарса топса, лўлилардай жанжал қилиб, талашиб, бизга жўнатади. Мени институтда ўқишим учун кетадиган шартнома пулини ҳам келинойим тўлайди.

Қизнинг кўзлари қизариб, қорачиғи денгиз тўфонига учраган кема янглиғ тўлғанди, юзлари намланди.

Йигитнинг кўзлари эса саҳронинг ўғри шамолларига учраган янтоқ каби у ёқдан бу ёққа маъносиз судралиб юрар, афтидан нигоҳини қай нуқтага тўғирлашни ҳам билмасди. Қизни унга бошқача таърифлашганди. Оғир-босиқ, ақлли, таги-зоти тоза, ювош, меҳрибон, ишчан… Ҳозир қизни таниёлмай ажабланарди. Бунинг устига, совуқ ҳам жонидан ўта бошлади.

— Кафе совуқроққа ўхшайди, ростан…Нима дейсиз, балки, ҳозир…

— Ҳозир онам қишлоқда ёлғиз. Бирдан қариб қолдилар. Кечалари телевизор кўрай деса ток йўқ. Келинойим болаларига компютер бериб юборган. Унинг чанг босган экранида эса фақат ўзларинигина томоша қилишмоқда.

— Кечирасиз, лекин, менга сиз ҳақизда бошқача…
— Холамми? У Тошкентда яшайди, бой. Сиз у билан танишсиз, шекелли… Бунча дим бу ер-а!
— Холангиз менга…

— Холам менга ҳам сизни кўп хорижий тилларни билади деганди. Сиз кўп тилни билишингиз мумкин, лекин халқ нима деб сўзлаётганини тушунмас экансиз?! Тўғриси, сизнинг ўша илмий семинардан бутунлай электр муаммоси ҳал бўлмас, Сизнинг ўрнингизга биронта юртпарвар инсон ўша анжуманда иштирок этганида кичкина янгилик, янги кашфиёт намуналаридан олиб келармиди?! Борган сари янгиликлар кўпайиб-кўпайиб, электр муаммоси ҳал бўлармиди?! Эҳ, сизларга шунча пул, шунча эътибор ҳайф…

Қиз қизиб кетганидан шарфини бўйнидан юлқиб, стол устига қўйди. Йигит эса титраб турар, кўзини нозик қўллар ғижимланаётган оппоқ шарфдан узмасди. Бироз ўтиб, йигит бўғиқ овозда деди:

— Кечирасиз, сиз мавзудан чиқманг. Иккаламиз учрашувдамиз… Қаердаги гапларни айтяпсиз. Ундан кўра менга айтингчи? Кимнидир севганмисиз?

— Бу қаердаги гаплар эмас! Сиз яшаётгани Қарши шаҳридан бор йўғи икки километр нарига чиқсангиз ҳар уйда осилиб турган, лекин ёнмайдиган чироқлар ҳақида гапиряпман! Аслида, сиз қаердаги гапларни гапирдингиз! Менга замонавий кийимларни илдирмоқчи, қошимни тердиришни, шляпаларда юришимни айтдингиз. Йўқ… Мен ўзбек қизиман. Мен замонавий қизман, лекин уятсиз эмасман.

— Мен унақа маънода гапирмадим. Замонавий бўлинг, дедим, холос! Шаҳарда яшаймиз, ахир!

— Мен сиздай одамлар билан шаҳарда яшашдан, дунё бўйлаб саёҳат қилишдан кўра, қишлоқнинг мактабларида совқотиб бўлсада, ҳайрат-ла ўқитувчисига термилиб турадиган, беғубор, покиза болакайларга билим беришни афзал кўраман. Кимни севасиз, дейсизми? Мен умидларимни, орзуларимни, касбимни, ўша билимга чанқоқ болакайларни, онамни, акамни, янгамни, жиянларимни, саёз бўлсада тинмай оқаётган Қашқадарёмизни севаман. На ўзини, на ўз касбини, на халқини, на унинг дардини биладиган сиздай бўлажак «олим»лар эса бундай севгини тушунмайди. Ҳеч қачон тушунмайди. Энди, марҳамат қилиб, мени кузатиб қўйинг. Ресторандан бир ўзим чиқиб кетишни истамайман!  Ҳар ҳолда, бу, одатимизга тўғри келмаслигини билсангиз керак!..

005Javlon JOVLIYEV
IKKI YoSHNING UCHRASHUVI
008

Ashampoo_Snap_2017.04.15_22h03m51s_001_.png“Laylo” deb nomlangan kafe qizga hashamdor, lekin fayzsiz ko‘rindi. Yonib turgan turli chiroqlar, kiraverishga osilgan gumbazsimon qandilu devorga yopishtirilgan gul qog‘ozlar, turfa kartinalar ham qizni g‘ashlantirar, bo‘g‘ardi. Buning ustiga kafe ichkarisi ham ko‘chadan farq qilmas darajada sovuq edi. Qizg‘ish rangdagi mebelda mudrab o‘tirgan soqolli bir kishini aytmaganda, kafeda boshqa xo‘randa ham yo‘q. Isitkichlar ishlamayotganligi uchun bo‘lsa kerak, deb o‘yladi qiz. U boyatdan beri sovqotar, buning ustiga tuflisi birdan torayib qolganday oyog‘ini qisardi. Yigit esa to‘lqinlanib gapirar, aftidan sabrli tinglovchi topilganidan xursand edi. Qiz junjukkancha, tishlarini bir-biriga urar, serkiprik qora ko‘zlari yoshlanardi. Yigit bo‘lajak ayolining sifatlari haqida zerikarli ma’ruza o‘qir, minbarda ko‘pchilikka so‘zlayotganday, boshi bilan o‘z gapini tasdiqlab ham qo‘yardi. Yigit, tug‘ilajak farzandlari haqida javrashga o‘tgan ham ediki, qizning toqati toq bo‘ldi.

— Gapingiz tugadimi?

To‘satdan tinglovchidan bunday gapni eshitgan har qanday notiq ham bir dam kalovlanib qolishi aniq. Buning ustiga, qiz ko‘zlarini lo‘q qilib, «bo‘ldi qil» ma’nosida kiprik qoqmay qarab turar, dasturxon chetini yirtib yuboradigan daraja g‘ijimlardi. Yigit esa beparvo yana so‘zlashda davom etdi. Xuddi qizigan eski mashinadek o‘chishi ham murakkab edi…

— Tugatarsiz? Meni institut hovlisiga kiritishmaydi.
— Nima, yotoqxonada turasizmi?
— Ha!

— Rostanmi?
— Siz nima deb o‘ylagandiz?

Qiz bu savolni berib, sherigining yosh bolalarnikiga o‘xshash tekis, tiniq yuziga, lekin har tomonga o‘ynayotgan qo‘y ko‘zlariga qarab turdi, ammo hech nimani anglolmadi. Yigit ham kalovlanar, to‘y oshiga to‘ymay qolgan mehmondek atrofga olazarak boqib, yana gapirgisi kelardi.

— Men sizga hali ko‘p gaplarni aytishga ulgurmadim…
— Shundog‘ ham ko‘p gapirdingiz. Bir ma’ruzada ham bunchalik….

Qiz «bunchalik qiynalmasdim», demoqchi bo‘ldiyu, indamadi. Har holda, o‘g‘il bola.

— Sizning gapingiz yo‘qmi?
— Bor…ey, yo‘q-yo‘q!

Qizning oyoqlari muzlar, qora ko‘ylagining uchini tortib uni pastroqqacha cho‘zmoqchiday bo‘lardi. Qani bir jun ro‘mol bo‘lsayu, oyoqlarini o‘rab olsa!

— Gapiring, men eshitishga tayyorman – dedi yigit.

— Lekin men sovqotyapman. Qanaqa yigitsiz o‘zi. Shunaqa ham muzxona bo‘ladimi?! Bu yerdagi shuncha chiroqlar yonib tursayu, hech kim bo‘lmasa, isitgichlar ishlamasa?!

— Men o‘zimni boy qilib ko‘rsatmoqchimasman…Qimmat kafelar, gullar va sharlar sovg‘a qilib, ko‘nglingizni olish niyatim yo‘q!

— Nima..? Men boylikka uchib erga tegadigan qizlardan emasman! Xo‘p, shu niyatiz bor ekan, ko‘chada gaplashsak ham bo‘lardi. Balki avtobusda…Bu yerdan ko‘ra ancha issiq edi u yer…

— Men sizni kuchli qiz deb o‘ylabman.
— Nima?

— Qiyinchiliklardan qo‘rqasizmi?
— Men Antarktidada yashamoqchimasman! Men o‘zbekman.

— Masalan, chet elga chiqsangiz nima qilasiz? Men safarlarni yaxshi ko‘raman.
— Bemalol… Menga Toshkent ham yetadi.

— Buncha tor o‘ylaysiz?!
— Ha, men shunaqaman.

Yigit qizga rahmi keldi, shekilli, xizmatchi qizni chaqirdi. Ofitsiant mijozlar yo‘qligidan pana joyda mudrayotgan uchunmi, kelmadi. Yigit yana nochor qizga qaradi va dedi:

— Qayerga g‘oyib bo‘ldi, bular… Qoyillatib xizmat qilishni ham bilishmaydi… Yevropada umuman boshqacha
— Iltimos, men chet elda o‘tiribman degan xayolni o‘zingizdan quvib yuboring!

— Rostan, men chet elliklar bilan ko‘p hamsuhbat bo‘lgan…
— Ko‘rinib turibdi.

— Kulmang!
— Kulib o‘libmanmi?

Shunda ofitsiant ko‘rinish berdi.
— Hoy, qiz, bizga issiq limon choy bering!

Ofitsiant qiz xo‘p deganday ovqat ulashadigan darchaga qaradi. Hech kim chiqmadi. Keyin o‘zi aylanib o‘tib ketdi.

— Men shunaqa zamonaviy bolaman. Sizning ham bugungi kunga mos bo‘lishingizni xohlayman. Bu kiyimlaringiz nima? Sal zamonaviy yurishni ham bilish kerakda. Masalan, hech sochingizni sariqqa bo‘yaganmisiz? Menimcha, sizga yarashadi. Qoshingizni ham tering! Jinsi shim keysangizchi? Siz, umuman…

Qiz oldiga tushib turgan bir tutam sochini yigitdan qizg‘anganday quloqlari ortiga o‘tkazib qo‘ydi. Uning zulmat rangidagi ko‘zlari qisilar, qandil chiroqlari ko‘ziga ming bo‘lakka bo‘linib ko‘rinar, lablari sovuqdan titrardi. Soqolli kishining sabri tugadi, shekilli, qaltiragancha hisob-kitobni qilib chiqib ketdi. Kafeda ular yolg‘iz mijozga aylanishdi. Qiz yigitning gaplarini o‘ziga nisbatan haqorat deb bilsada, istihola qilib unga qattiq gapirmaslikka, tezroq ketishga urinardi.

— Sizni tushunaman. Shu yerdan tashqariga chiqmagansiz. Qishloqdan kelgansiz, lekin siz zamonaviy bo‘lib yurishingiz kerak.

Qiz yigitning bu gapidan o‘zining didsiz ekanligini anglab oldi. Tilini qattiqroq tishladi. Yelkalari sovuqdan toshdek qotsada, paltosini kiyib olishni noqulay deb bilardi. Har holda, bu yerga umid bilan kelgandi. Xolasi topgan, maqtagan yigitini yomon bo‘lmasa kerak, deb. Bahslashib nima foyda, tezroq hammasi tugasa, ketsa bo‘ldi. Nima desa, der!

— Men Amsterdamda bo‘lganimda qizlarning keyinishlariga qoyil qolganman… Voh, voh… Men u yerda nima ko‘rganman aytaymi? Shunaqa restoranlarni, Van Gog muzeyini…(shu joyda qiz “Yo‘g‘-ye?” degan ma’noda qaragan edi, yigitning tili chalkashdi) bir-biridan a’lo ovqatlarini yedim, ko‘chalarda sayr qildim… Kino, teatr…(qiz yana miyig‘ida kulganini sezib yigit ko‘zini olib qochdi) yo‘q, teatrga tushmadim… Domlam bilan ilmiy seminarga borib, maza qilib sayohat qilib qaytdik.

— Nima  haqda edi?

Yigit shunaqa ham bema’ni savol bo‘ladimi, deya ozg‘in yuzlarini barmoq bilan bosilgan pufakchaday burishtirdi. Qiz savolini yana takrorladi.

— Ilmiy seminar nima haqda edi?
— Mahalliy sharoitda elektr manbalarini olishning nanotexnologiyalari haqida edi.

Qiz birdan jonlanib ketdi.
— Qanday o‘tdi?

— Ochig‘i, seminardan oldin tuni bilan ko‘chalarni kezganim uchun uxlab qolibman. (Aslida, ishratxonada edi.) Ertalab turganimda soat o‘n edi. Borish yoqmadi. Domlamning o‘zi borib keldi.

— Bironta yangilik, natija bo‘ldimi?
— Rasmlarga tushganman?!

— Elektr energiyasi bo‘yicha biron-bir yangi texnologiya olib kelinmadimi?

— Kelib o‘n varaqli hisobot, slayt-shou qilganmiz! Domlam sovetning odami. Ingliz tilini bilmaydi, olmon tilini ham…Shuning uchun seminarda ham, yarmarkada ham hech nimani tushunmagan, bitta ham shartnoma tuzolmagan. Yodida qandaydir tekin sharbat ichganiyu, bir qozoq texnologi bilan tanishgani qolgan, xolos.Keyin…sal oshib ketib, mehmonxonaga zo‘rg‘a kelgan…

Qiz qaltiramas, jim turardi. Keyin sovuq ham esidan chiqib, oyog‘i qizidi.

— Siz Qashqadaryoning qayeridansiz? – dedi qiz yigitdan ko‘zlarini uzmay.
— Qarshidan?
— Men Qamashidanman…

— «Tandir go‘shtni» zo‘r pishiradilar-a, sizlarda?
— Ha, bizda tandirda go‘shtni zo‘r toblaydilar. Chunki boshqa ovqatga elektr toki kerak.
— Nima?

Qizning ko‘zlari boshqacha tus olgan, unga qarab turgan yigitning silliq, oppoq yuzlari esa bilinar-bilinmas titrardi.

— Siz energetika vazirligida ishlaysiz-a!

— Shunday desa ham bo‘ladi, xolangiz meni ko‘p maqtaganmi deyman.– Yigit yana maqtanish uchun imkon topilganidan yuziga qon yugurdi. Endi gapirmoqchi bo‘lib turganida, qiz uning gapini bo‘lib yubordi.

— Otam o‘tgan yili qazo qildi. Nimadan deb o‘ylarsiz? Ko‘richakdan…
— Yo‘g‘-ay!

— Operatsiya vaqtida tuman tibbiyot markazidagi chiroq o‘chib qolgan… Mendan to‘rt yosh katta akam, u hozir Namanganda, qamoqda. O‘sha kuni elektr stansiyaning navbatchisini ko‘tarib yuqori kuchlanishli simlarga otib yuborgan. Aslida, navbatchida nima ayb? U har kungi odatini takrorlagan, xolos.

-Esi joyidami?!

Yigit qo‘rqib ketganini yashirish uchun yana xizmatchi qizni qidirdi. Baxtga qarshi hech kim yo‘q edi. Qandil va kafedagi kichkina, yuzdan ortiq chiroqlar oy va yulduzlarni eslatib nur taratib turar, xuddi ochiq tun bag‘rida ko‘kdan porlab turgan oy va yulduzlarni eslatardi.

— Qayerda qolishdi, bular-a!

— Akamning ikkita bolasi, xotini bor edi. Yangam Rossiyada, kechasi oshxonada kosa-tovoq yuvib, kunduzlari ko‘cha supurib, biron narsa topsa, lo‘lilarday janjal qilib, talashib, bizga jo‘natadi. Meni institutda o‘qishim uchun ketadigan shartnoma pulini ham kelinoyim to‘laydi.

Qizning ko‘zlari qizarib, qorachig‘i dengiz to‘foniga uchragan kema yanglig‘ to‘lg‘andi, yuzlari namlandi.

Yigitning ko‘zlari esa sahroning o‘g‘ri shamollariga uchragan yantoq kabi u yoqdan bu yoqqa ma’nosiz sudralib yurar, aftidan nigohini qay nuqtaga to‘g‘irlashni ham bilmasdi. Qizni unga boshqacha ta’riflashgandi. Og‘ir-bosiq, aqlli, tagi-zoti toza, yuvosh, mehribon, ishchan… Hozir qizni taniyolmay ajablanardi. Buning ustiga, sovuq ham jonidan o‘ta boshladi.

— Kafe sovuqroqqa o‘xshaydi, rostan…Nima deysiz, balki, hozir…

— Hozir onam qishloqda yolg‘iz. Birdan qarib qoldilar. Kechalari televizor ko‘ray desa tok yo‘q. Kelinoyim bolalariga kompyuter berib yuborgan. Uning chang bosgan ekranida esa faqat o‘zlarinigina tomosha qilishmoqda.

— Kechirasiz, lekin, menga siz haqizda boshqacha…
— Xolammi? U Toshkentda yashaydi, boy. Siz u bilan tanishsiz, shekelli… Buncha dim bu yer-a!
— Xolangiz menga…

— Xolam menga ham sizni ko‘p xorijiy tillarni biladi degandi. Siz ko‘p tilni bilishingiz mumkin, lekin xalq nima deb so‘zlayotganini tushunmas ekansiz?! To‘g‘risi, sizning o‘sha ilmiy seminardan butunlay elektr muammosi hal bo‘lmas, Sizning o‘rningizga bironta yurtparvar inson o‘sha anjumanda ishtirok etganida kichkina yangilik, yangi kashfiyot namunalaridan olib kelarmidi?! Borgan sari yangiliklar ko‘payib-ko‘payib, elektr muammosi hal bo‘larmidi?! Eh, sizlarga shuncha pul, shuncha e’tibor hayf…

Qiz qizib ketganidan sharfini bo‘ynidan yulqib, stol ustiga qo‘ydi. Yigit esa titrab turar, ko‘zini nozik qo‘llar g‘ijimlanayotgan oppoq sharfdan uzmasdi. Biroz o‘tib, yigit bo‘g‘iq ovozda dedi:

— Kechirasiz, siz mavzudan chiqmang. Ikkalamiz uchrashuvdamiz… Qayerdagi gaplarni aytyapsiz. Undan ko‘ra menga aytingchi? Kimnidir sevganmisiz?

— Bu qayerdagi gaplar emas! Siz yashayotgani Qarshi shahridan bor yo‘g‘i ikki kilometr nariga chiqsangiz har uyda osilib turgan, lekin yonmaydigan chiroqlar haqida gapiryapman! Aslida, siz qayerdagi gaplarni gapirdingiz! Menga zamonaviy kiyimlarni ildirmoqchi, qoshimni terdirishni, shlyapalarda yurishimni aytdingiz. Yo‘q… Men o‘zbek qiziman. Men zamonaviy qizman, lekin uyatsiz emasman.

— Men unaqa ma’noda gapirmadim. Zamonaviy bo‘ling, dedim, xolos! Shaharda yashaymiz, axir!

— Men sizday odamlar bilan shaharda yashashdan, dunyo bo‘ylab sayohat qilishdan ko‘ra, qishloqning maktablarida sovqotib bo‘lsada, hayrat-la o‘qituvchisiga termilib turadigan, beg‘ubor, pokiza bolakaylarga bilim berishni afzal ko‘raman. Kimni sevasiz, deysizmi? Men umidlarimni, orzularimni, kasbimni, o‘sha bilimga chanqoq bolakaylarni, onamni, akamni, yangamni, jiyanlarimni, sayoz bo‘lsada tinmay oqayotgan Qashqadaryomizni sevaman. Na o‘zini, na o‘z kasbini, na xalqini, na uning dardini biladigan sizday bo‘lajak «olim»lar esa bunday sevgini tushunmaydi. Hech qachon tushunmaydi. Endi, marhamat qilib, meni kuzatib qo‘ying. Restorandan bir o‘zim chiqib ketishni istamayman! Har holda, bu, odatimizga to‘g‘ri kelmasligini bilsangiz kerak!..

007

(Tashriflar: umumiy 786, bugungi 1)

Izoh qoldiring