Ma’ruf Mengli. Mehmon

09    Сўраманг, барибир ҳеч нарса айтмайман, ҳеч вақо билолмайсиз. Қолипингизда буришиб, тўзиб яшайверинг – устингиздан куламан чунки сиз мен билган нарсани билмайсиз. Шунинг учун сочларингизга оқ оралаяпти, ўйларингизда халоват йўқ, қўрқувдасиз, яккалангансиз… Шошманг, мен сиз ҳақингизда анча нарсани биламан. Эшитинг!

Маъруф МЕНГЛИ
МЕҲМОН
08

045   Маъруф Менгли ( Манглиев) Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги Деҳқонбозор қишлоғида 1990-йил 13-август куни туғилган. Ўрта малумотли. Хоразм вилоятидаги Боғот сервис ва касб-ҳунар коллежида 2006-2009-йили таълим олган . 2009-2012-йили Урганч санъат коллежида кантракт асосида таҳсил олди.
“Зериктирмас ёлғизлик” номли китоби Хоразм наширётида босилиб чиққан. Бир нечта ҳикояси вилоят ва республика газеталарида босилиб чиқиб турибди. 2013-йил Тошкент шахрида ўтказилган республика 5-истедод мактаби семинари иштирокчиси. Бухоро вилоятида ўтказилган Республика иқтидорли ёшлар танловида қатнашиб сертификат билан тақдирланган.

08

Сўраманг, барибир ҳеч нарса айтмайман, ҳеч вақо билолмайсиз. Қолипингизда буришиб, тўзиб яшайверинг – устингиздан куламан, чунки сиз мен билган нарсани билмайсиз. Шунинг учун сочларингизга оқ оралаяпти, ўйларингизда халоват йўқ, қўрқувдасиз, яккалангансиз… Шошманг, мен сиз ҳақингизда анча нарсани биламан. Эшитинг! Кечаси ухлаёлмаслигингиз, тушингизгача кирган ҳадик сизни ҳолдан тойдиряпти. Келинг, мен сизга ёрдам бераман — Сизни боплаб савалайман. Ишонаваеринг шундан сўнг енгил тортасиз, албатта маълум вақт. Сўнг яна ҳаловатингиз йўқолади. Ором топмоғингиз учун битта йўл бор, менинг ичимдагини билинг, лекин мен бу ҳақда бир сўз ҳам айтмайман.

Одамни бўғаётганинггизни ҳали унутмагансиз… Одам кучли бармоқларингиз орасида жон талвасасида яшашни истаб типирчилайди. Бўғиқ овозидан, оғзидан келаётган кўпикдан ва косасидан чиқиб кетаёзган кўзларидан жони узилаётганини тушунасиз. Кафтингизни бўшатишингиз учун ялиниб ёлворади. Ҳар-хил ваъдалар бера бошлайди… Яна аллам балолар деб вайсайди, эшитиб уяласиз. Индамай унинг тугашига тикилиб турасиз. Сўнг у йиғлайди. Ҳаёт қаддини буккан Онасининг алласи эсига тушади. Беғубор, жонбахш ва илоҳий қўшиқни эслайди! Ўша кун жонланади: Тепасида эса оппоқ рўмолларни ўраб олган Онаси турибди. Она алласига ўзи етиша олмаган орзуларини қўшиб юборади. Бола бундан бехабар, ўрнида тинч ором олади. Бирдан кўтарилган қум аралаш тўзон Онани бешикдан юлиб олиб кетади. Ҳа, Она шундай унутилади. Бор эди, алла айтарди, эрталаб иссиқ нон билан қайноқ чой келтирарди. Бугун эса у йўқ, йўқлигини энди биляпти. Кўзларидан ёш тўхтамай қолди. Сўнг ёлвормади. Виждони қийналди. Ўзини жазога лойиқ, деб ҳисоблади ва таслим бўлди. Одамни кафтингиздан бўшатдингиз, ўз ҳолига қўйдингиз. Одамнинг аянчли аҳволини кўриб ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Чангалингиздан қутилиб омон қолган аёлга раҳмим келяпти. У сизга турмушга чиққанидан афсус қилаётган бўлса керак.

***

Қўлингиздаги газетани ғижимлаб менга қахр билан тикиласиз. Лекин ўрнинггиздан турмайсиз, газетани ҳам менга отмайсиз. Гапиришимни сўраб, илтимос қиласиз, шундай оҳангда илтимос қиласизки, бу гўё буйруққа ўхшаб кетади. Мендан илинж кутяпсиз, индамаганим учун баттар хуноб бўлиб тишингизни қисасиз. Биласизки мен ҳеч нарса демайман. Ним табассумим сизга азоб беради. Қўлингизга нимадир олиб мени савалашни истайсиз, лекин ўзингизни тутасиз. Қарашингиздан билиб турибман, наздингизда энг ёмон, шафқатсиз, ярамас одам менман. Ҳа, ҳа, буни қарашларингиз ошкор қиляпти. Шунда ҳам ўзингизни босиб яна бир бор мендан нидо кутасиз. Кутишнинг ҳар бир сонияси тананггизга мисли кўрилмаган оғриқ олиб киради. Сиз чидолмадингиз — ўрнинггиздан шахт билан туриб бошқа хонага кетиб қоласиз. Хонадан бақириқ, сўкинчлар ва шиша буюмларнинг синаётган саси эшитилади. Бирдан ҳамма шовқин тинади-ю оғир бир нарса гурсуллаб йиқилади. Бу сиз. Ҳолингиздан хабар олиш учун хона томон одимлайман. Бир пас тўхтаб чўнтагимдан сигаретимни олиб лабимга қистираман, гугурт чақаман. Тамакининг ёқимли ҳиди хонада ёйилади. Шошмасдан хона эшигини очиб ичкарига разм соламан: Хона ўйлаганимдек — ҳамма ёқ ағдар-тўнтар. Полда эса сиз, ҳушсиз ётибсиз.

***

Мени кўришга кўзингиз йўқлигини биламан. Шу сабабли доим уйингизга борсам йўқ бўласиз, кетишди дейишади. Бу сафар изингиздан йўл оламан. Лой кўча бўйлаб фақат битта из номаълум тарафга кетган. Пойафзалингизнинг изи шунчалик каттаки менинг иккита оёғим сиғади. Ҳамиша семизлигингиздан норози эдингиз. Ёзнинг жазирамасида нафас олишга қийналиб қуёш тиғидан қочиб салқинроқ жойга бекиниб сал бўлсада ором олардингиз. Хизматкорларингизга қийин эди – ҳам хизматингизни қилишар, ҳам сиздан гап эшитишарди. Умрингизнинг кўп қисми ўтиб бораётган тўртта одам сиғгулик ором курсингизда ўтириб олиб яшаш учун сарф бўлаётган харажатларингизни қоплаш йўлларини ўйлаб қоласиз. Бошингиз қотади, ҳеч вақо миянгизга келамайди. Асабийлашганингиздан иштаҳангиз бўғилади, ўнғайсизланасиз, ҳовлиқасиз ва жахл билан оқсочни чақирасиз. Очликдан силласи қуриб, озиб кетган пажмурда аёл чопқиллаб келиб қаршингизда тош қотади. Унга пешонанггиздан сизиб келаётган тер томчиларини артишни буюрасиз. Аёл чаққонлик билан буйруғингизни бажришга киришади. Оқсочдан келаётган ёқимсиз ҳиддан кўнглингиз айниб, уни итариб юборасиз ва тўхтамасдан ҳақоратлайсиз. Жабрдийда оёғидан сочини учигача титраб кетади, сиздан узр сўрайди. Бошининг оғриётганини эса каравотига келиб ётганида сезади.

Шу об-ҳавода оғир танангизни кўтариб лапанглаб қаёққадир кетиб қолибсиз. Биламан, сизнинг ўша ёққа боришингиз муҳим эмас, муҳими мендан узоқроқ бўлишни ва яширинишни истайсиз, уддалашингизга унча ишонмайман. Сиз барибир урунасиз, ҳарсиллаб, терлаб, шошиб, ҳар замон орқангизга бир қараб қўйиб, кўзлаган номаълум манзилга ошиқасиз. Бошингиздаги шляпангизнинг эскирибди. Худди сиздай – сиз ҳам эскиргансиз… Янги кийим харид қилишни, вақтида соқолингизни қиртишлашни, мунтазам шуғулланиб келаётган бадантарбия билан машғул бўлишни, бехосдан ёки атайин тўқнаш келаётган одамлар билан саломлашишни хоҳламайсиз. Аввал бошқача эдингиз. Соф табассум қилардингиз, газета мутолаасидан бош кўтармасдингиз ва қўшнинггизнинг ўғлига ишдан қайтиш пайти эринмасдан дўкондан совға олардингиз. Эрталаб қахвани хафсала билан қайнатиб, мени уйингизга таклиф қилиб қучоқ очиб кутиб олардингиз. Ярим тунгача кетишимга изн бермасдингиз. Мен билан жуда қалин дўст эдингиз.

Тан олинг, сиз аввалгидай эмассиз. Аввалгидай бўлишни истайсиз-у лекин энди аслингизга қайта олмайсиз. Фожиангиз аллақачон бошланганини билиб азоб чекасиз. Хонангизга қамалиб йиғлайсиз. Ўзингиздан уялиб, қимтиниб йиғлайсиз… Сиз шу зайил яшаётганинггиздан, ўзгара олмаслигингиздан қўрқасиз. Ўзингизни ҳаво ва қуёш нури зўрға кириб турадиган нуқтадай туйнуги бор қучоққа сиғадиган зиндонда писиб, қийналиб, балки, атайин мажбур яшаётгандай ҳис қиласиз. На куннинг, на туннинг фарқига борасиз. Наздингизда деворлар борган сари янада сиқиб келади, ўпкангизга ҳаво етишмай рангингиз ўзгаради. Худди шляпангиздай… Шу онда тазарру қилишга куч топасиз, Яратганга нидо қилиб кўргуликларингизга якун ясашни сўрайсиз. Қўлингизни дуога очиб оят ўқимоқчи бўласиз… Ҳамма нарсани билар экансизу лекин дуо ўқишдан бехабар экансиз. Бундан баттар қийналасиз. Сўнг тахта каравотда чўзилиб сония сайин тананггиздан куч кетаётганини, узилаётган жоннинг оғриқларидан ўртаниб бор кучингизни тўплаб кафтингизни сиқиб оласиз. Охирги онларда ҳам умид узмайсиз, бир ҳодиса рўй беришини сезиб турасиз. Бир муддат хотиржам тортасиз. Ҳаловатнинг “таъм”ини тотиб кўргач синиққина кулиб қўясиз…

Ёмғир ёға бошлади. Тезроқ манзилга етиб олишни истаяпсиз. Қадамингизни тезлатдингиз. Орқангиздан кимдир бақиради. Битта кўзи ва бир оёғи йўқ одам сизни таниб қолди. Омон қолган кўзини сиздан узмайди. Қувониб, сиз томон талпинади. Уни танийсиз… Аммо ҳеч нарса бўлмагандай яна йўлингизда давом этаверасиз. У ҳақда ўйлашни ҳам, жон ҳолатда чақираётган бўғиқ овозини ҳам эшитгингиз келмайди. Плашингизга баттар ўралиб олиб чопасиз. Орқангиздаги одам сизга етиш учун қўлтиқ таёқ ёрдамида югура туриб лойда тойиб йиқилади. Қарамасангиз ҳам йиғламсирай бошлаганини фаҳммлайсиз. Тўхтамайсиз, хаёлингизда фақат Мен ва яна қандайдир ўйлар. Ҳозир сиз учун энг муҳим нарса Мен. Узоқлашиш тинчлик беради, деган фикрда уйингизни ташлаб чиқиб кетгансиз, бу тўғри қарорлигини ич-ичингиздан ҳис қиласиз.

Номаълум мазнилга етиб келиб, нотаниш эшикни қоқасиз. Ичкаридан қари кампир юз кўрсатади. Ўзингизни танитмасангиз ҳам У сизни танийди. Ахволингизга ачинади. Сизга иккинчи қаватдан хона тайёрлаб қўйганини айтиб, букчайган гавдасини қалтиратиб ошхона тарафга кетади. Сиз хонанггизга қамалиб олиб, ёмғирда эзилган уст бошингизни ечмаёқ деразадан ташқарига мўралайсиз. Орқангиздан келмаётганимга ишонч ҳосил қилмоқчи бўласиз.

Назарингизда ҳаммаси тугагандай туйилади. Оёғингизга дам беришни истайсиз – стулга ўтириб оласиз. Қўлларинггиз қалтираяпти, ҳансираяпсиз, ҳаво етишмаяпти. Энди ахволингиз яхшими? Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Хонада сиздан бошқа йўқ. Недир миянгизни эгаллаб олган. Шовқинни У кўтаряпти. У на одам, на маҳлуқ! У йўқ. Лекин унинг борлигини сиз билан мен яхши биламиз. Туш кўрасиз: кимдандир қочяпсиз, сувга ғарқ бўляпсиз, ёки ким биландир жанжаллашяпсиз. Хўш, бу, бўлмаган воқеалар тушингизга қаердан кирди? Бу ўз-ўзидан содир бўлмайди. Калаванинг учи бошингизни “эгарлаб” олган ўша вужудсизда. У истаса сизда буйруққа мойиллик пайдо бўлади. Инкор қиласиз?… Қачон?… Сизни бир-бирига қарши иккита одам қилиб қўйганда ҳам сиз рақиб томонга курашсиз таслим бўласиз.

Сиз жуда семизсиз. Яшанг! Йўқ, мен таъна қилмаяпман, асло! Семиришни ҳаммага ўргатинг!…

Кампир хонага кириб, сизга табассум ҳадя этиб, тушлик тайёрлигини айтди. Хоҳламадингиз, бош тортдинггиз. Ором олиш истагингиз борлигини билдириб, мезбондан узр сўрадингиз. Кампир лутф билан яна бир бора илтимос қилди. Уйда ёлғиз зерикиб яшаётганини, меҳрга муҳтож эканини баён этиб ўтинди. Унинг лаблари титраб юзи баттар бужмайди. Сиз ноилож унга ризолик билдирдингиз. Жавобингиздан уй эгасининг боши осмонга етди. Орқасига яшириб турган болтасини улоқтириб юбориб, сизга йўл кўрсатди.

Кампир емакхонага шам ёқди. Зах ва чиринди ҳиди учун хижолат тортиб узр сўради. Ҳали тун узоқлигини, сизни зериктирмаслигини ва ўзини ажойиб суҳбатдош эканини айтиб столга пиёла қўйди. Уйда ўзингизни енгил ҳис қила бошладингиз, нафас олишингиз ҳам анча енгиллашди. Кампир чаққонгина елиб-югурар, дам гапириб дам кулар, синиқ ҳассаси билан оёғи тагида ўралашаётган мушугини туртиб-туртиб ташлар эди. Кечқурунлари қаттиқ совуқ бўлиши сабаб ўчоққа олов ёқиб уйни иситиш учун белини оғритганини ва умрининг кўп қисми ўтин ёриш билан ўтиб бораётгани ўзига жуда алам қилаётганидан нолиди. У ҳам сочини кесиб дунё кезгиси, денгиз бўйидан ҳашаматли вилла сотиб олиш истаги борлигини айтиб, орзулари эртага ушалиши ва сизни ҳам ўзи билан бирга олиб кетиш истагида эканлигини билдирди. Кампир олдингизга темир бўлаклари қўшиб тайёрланган қовурдоқ қўйди. Бу тансиқ таом, дея айтиб мақтанди. Татиб кўришингизни ўтиниб сўради. Хоҳласангиз қайроғоч дарахтидан тахта қовуриб беришини, мазаси оғзингизда қолишига ишончи комил эканини билдириб жилмайди. Қаршингизда қадалиб турган мезбондан нигоҳингизни узиб овқатга, сўнг чиқиш эшигига тикилдингиз. Чўнтагингиздаги нам тортган қоғоз пулларни кампирга узатиб кетишга изн сўрадингиз. Кампир жахл қилди. Мушти билан сотолни уриб, билагингиздан маҳкам ушлаб ҳовлиси томон судраб кетди. Бир нималар деб пичирлай бошлади. Бошидаги рўмолини юлиб олиб, бир учини сизнинг қўлингизга, иккинчи учини ўзининг билагига боғлаб олди. Қочиб кетишингизга имкон қолдирмади. Кампир зич ёпилган эшикни бир амаллаб очди, Сизни ўша эшикдан итариб ташқарига чиқарди. Ортингиздан ўзи ҳам эргашди. Ёмғир тўхтамабди. Ҳовлида бир-бирига занжирлаб қўйилган саноқсиз одамлар гоҳ у, гоҳ бу томонга юрар, чирий бошлаган таналарини ёмғир сувида тозалашар, аёллар йиртиқ кўйлакларига ямоқ солишар, кўплари дод солиб йиғлаб ўзлари боғланган занжирни ғажишарди. Сизни минг йил кутиб чарчаган одамлар келганинггизни кўриб, сиз томон талпиниб кела бошлашди. Кампир рўмолини ечиб сизни улар орасига итариб юборди. Одамлар қўлингиздан, оёғингиздан ҳар ёққа торта бошлашди. Оломон жонланди. Бармоқларингизни бирма-бир юлиб олишди. Оғриқдан жон ҳолатда бақира бошладингиз. Кампирдан ёрдам сўраб ёлвордингиз. У эса жиддийлик билан овқатини ейишингиз керак эканлигини, шунда ўликлар орасига улоқтирамаслигини айтди ва эшигини қайта тамбалаб кетиб қолди. Йиғлаяпсизми?… Энди мендан нажот кутяпсиз, биламан. Сиз ўликлар орасида якка тирик одамсиз. Устунлигингиз ҳам шунда.

…Омонмисиз? Азоб тортяпсизми? Касалхонда анчадан буён ётибсиз, ҳа, бир ойдан ошди. Ҳали тириксиз. Қариндошларинигиз кўргани келиб кетишди. Айтишларича анча семирибсиз, камроқ овқат есин дейишди. Ўғлингиз сизни яхши кўришин айтди. Биласизми, юлинган бармоқларингизни энди жойига улаб бўлмас экан. Ўксинманг, омон қолдингиз-ку. Бир нечта ўликлар ҳам сизни йўқлашди… Менми? Мен анчдан буён ёнингиздаман. Сизга кўз-қулоқ бўлиб турибман. Раҳматнинг кераги йўқ. Сизга гул олиб келайми? Хоҳлайсизми?

***

Сиз мени қачон топганинггизни унутиб қўйдингизми?… Бу аҳамиятиз, муҳимроқ нарсалар ҳақида ўйланг, масалан ўзингиз ҳақингизда. Буни истамасангиз балки ётиб ухларсиз? Тошдай қимир этмасдан бир неча кун ухланг. Бу менинг истагим эмас, мутлақо. Мен иккиламчи, ким билади унданам паст даражададирман. Нега менга тикилиб қолдингиз? Мени кўмиб юборишни ўйлаяпсизми? Назарингизда барига мен айбдорманми? Илтимос, бошқа тарафга қаранг! Деразадан кираётган шамол табиат уйғотган майсаларнинг ҳидини олиб келяпти. Ана, қушлар сайрашяпти. Нега эътибор бермаяпсиз?! Бошқа тарафга қаранг, ўтинаман. Балки кетишимни хоҳлаётгандирсиз? Кетмайман. Ерда ухлаш керак бўлганида ҳам уйингиздан бир одим ҳам жилмайман. Сизга тегишли ҳамма нарсаларни ёмон кўраман. Сиз дидсиз одамсиз, хотининггиз билан ажрашганинггиздан буён якка мохов бўлиб мана шу кулбангизда борган сари ўлиб, ҳа, ҳа, ўлиб бормоқдасиз. Ўғлингизни эсламайсиз ҳам. Бас! Бас қилинг менга тикилишни! Бўлмаса… бўлмаса сизни деразадан отиб юбораман…

Сиз мени калака қиляпсиз. Ношутга қарагандай қараб, устимдан кулиб ўтирибсиз. Назарингизда ожиз ва нотовон одамман, шунақами? Айтинг?! Ёшлигимда Отам тез-тез мени урарди. Айтишича ландавур эканман. Ўрмонда яшардик. Бир куни қуён овига чиқдик. Отам ширакайф эди. Ўрмон ичкарисига кириб бораётганимизда олдимизда қуён кўринди. Отам қуённи мўлжал олиб тепкини босди. Қуён шу заҳотиёқ жон таслим қилди. Мен чопиб бориб ўлжани чангаллар эканман, мендан бир қадамча нарида яна битта қуённи пайқаб қолдим. Энг оқилона қарор қабул қилиб, ўзимни қуённинг устига отдим. У чап бериб қоча бошлади, изидан қува кетдим. Шу пайт Отамнинг милтиғининг овози эшитилди. Негадир бир пас қотиб қолдим, сўнг ерга йиқилдим-у ҳушимни йўқотдим. Отам қуённи нишон олиб мени отиб қўйди. Ўқ  ўнг қўлимдаги бармоқларимни учириб кетди. Бир ҳафтадан сўнг Отам ўзини отиб ташлади. Менга раҳмингиз келяптими? Ачинманг! Газетангизни ўқинг, столда турибди.

Мен сизни ёмон кўраман. Сиз бунга лойиқсиз. Бас қилинг, тиржайманг! Етар! Қонимни қайнатяпсиз. Ҳозироқ бошқа томонга қаранг. Кулманг! Ҳали шунақами?!…

***

Сиз жуда пишиқ ва чидамли одам чиқдингиз. Иккинчи қаватнинг деразасидан қулаб тирик қолишнинг ўзи бўлмайди. Одам баъзан қоқилганда ойлаб шифохонада даволаниб чиқади, сиз эса қўлтиқтаёқда бўлса ҳам уйингизга қайтиб келдингиз.

Энди туринг, иссиқроқ кийининг, кўча совуқ. Бир пас айланиб келамиз… Истамайсизми? Нега, ахир бугун ҳаво яхши-ку? Майли, ўзингиз биласиз. Бугун охирги куним, ҳа, кетяпман. Биласиз-ку, қишни ёмон кўраман, ёз келса, қайтарман… Сайрга чиқмаганингиздан афсусдаман. Сиз билан боғ айланмоқчи эдим… Унда хайр. Мени тўхтатманг, бари бир ҳеч нарса айтмайман. Сизни азобда қўйишни истамайман, лекин ундан мосуво ҳам қилмоқчи эмасман. Мен сиздан ҳар жиҳатдан устунман, буни биласиз. Токи Мен бор эканман, умр бўйи қўрқувда, таҳликада яшайсиз. Хавотирингиз ўринли, менинг кетганим қайтганимдан далолат беради.

Унутинг ва эсламанг, ҳеч нарса рўй бергани йўқ. Бари ўз ўрнида турибди. Сиз ҳам ухлаяпсиз. Кўзингизни очишингиз билан ҳаёт бошланади. Сиз қутилиб бўлмас йўқликка эмаклаб эмас, чопқилллаб борасиз. Мен эса соянгизман — баъзан олдингизда, баъзан орқангизда бўламан. Менга савол берманг, мен нима қилиш кераклигини билмайман. Билганимда ҳам сизга ошкор қилмасдим. Яна йиғлаяпсизми?…

Эшикни очиқ қолдираман. Омон бўлинг…

***

Салом. Мен яна келдим…

ТАМОМ

09

Ma’ruf MENGLI
MEHMON
08

 Ma’ruf Mengli ( Mangliev) Xorazm viloyatining Bog’ot tumanidagi Dehqonbozor qishlog’ida 1990-yil 13-avgust kuni tug’ilgan. O’rta malumotli. Xorazm viloyatidagi Bog’ot servis va kasb-hunar kollejida 2006-2009-yili ta’lim olgan . 2009-2012-yili Urganch san’at kollejida kantrakt asosida tahsil oldi.
“Zeriktirmas yolg’izlik” nomli kitobi Xorazm nashiryotida bosilib chiqqan. Bir nechta hikoyasi viloyat va respublika gazetalarida bosilib chiqib turibdi. 2013-yil Toshkent shaxrida o’tkazilgan respublika 5-istedod maktabi seminari ishtirokchisi. Buxoro viloyatida o’tkazilgan Respublika iqtidorli yoshlar tanlovida qatnashib sertifikat bilan taqdirlangan.

08

So’ramang, baribir hech narsa aytmayman, hech vaqo bilolmaysiz. Qolipingizda burishib, to’zib yashayvering – ustingizdan kulaman, chunki siz men bilgan narsani bilmaysiz. Shuning uchun sochlaringizga oq oralayapti, o’ylaringizda xalovat yo’q, qo’rquvdasiz, yakkalangansiz… Shoshmang, men siz haqingizda ancha narsani bilaman. Eshiting! Kechasi uxlayolmasligingiz, tushingizgacha kirgan hadik sizni holdan toydiryapti. Keling, men sizga yordam beraman — Sizni boplab savalayman. Ishonavaering shundan so’ng yengil tortasiz, albatta ma’lum vaqt. So’ng yana halovatingiz yo’qoladi. Orom topmog’ingiz uchun bitta yo’l bor, mening ichimdagini biling, lekin men bu haqda bir so’z ham aytmayman.

Odamni bo’g’ayotganinggizni hali unutmagansiz… Odam kuchli barmoqlaringiz orasida jon talvasasida yashashni istab tipirchilaydi. Bo’g’iq ovozidan, og’zidan kelayotgan ko’pikdan va kosasidan chiqib ketayozgan ko’zlaridan joni uzilayotganini tushunasiz. Kaftingizni bo’shatishingiz uchun yalinib yolvoradi. Har-xil va’dalar bera boshlaydi… Yana allam balolar deb vaysaydi, eshitib uyalasiz. Indamay uning tugashiga tikilib turasiz. So’ng u yig’laydi. Hayot qaddini bukkan Onasining allasi esiga tushadi. Beg’ubor, jonbaxsh va ilohiy qo’shiqni eslaydi! O’sha kun jonlanadi: Tepasida esa oppoq ro’mollarni o’rab olgan Onasi turibdi. Ona allasiga o’zi yetisha olmagan orzularini qo’shib yuboradi. Bola bundan bexabar, o’rnida tinch orom oladi. Birdan ko’tarilgan qum aralash to’zon Onani beshikdan yulib olib ketadi. Ha, Ona shunday unutiladi. Bor edi, alla aytardi, ertalab issiq non bilan qaynoq choy keltirardi. Bugun esa u yo’q, yo’qligini endi bilyapti. Ko’zlaridan yosh to’xtamay qoldi. So’ng yolvormadi. Vijdoni qiynaldi. O’zini jazoga loyiq, deb hisobladi va taslim bo’ldi. Odamni kaftingizdan bo’shatdingiz, o’z holiga qo’ydingiz. Odamning ayanchli ahvolini ko’rib o’zingizni qanday his qilyapsiz? Changalingizdan qutilib omon qolgan ayolga rahmim kelyapti. U sizga turmushga chiqqanidan afsus qilayotgan bo’lsa kerak.

***

Qo’lingizdagi gazetani g’ijimlab menga qaxr bilan tikilasiz. Lekin o’rninggizdan turmaysiz, gazetani ham menga otmaysiz. Gapirishimni so’rab, iltimos qilasiz, shunday ohangda iltimos qilasizki, bu go’yo buyruqqa o’xshab ketadi. Mendan ilinj kutyapsiz, indamaganim uchun battar xunob bo’lib tishingizni qisasiz. Bilasizki men hech narsa demayman. Nim tabassumim sizga azob beradi. Qo’lingizga nimadir olib meni savalashni istaysiz, lekin o’zingizni tutasiz. Qarashingizdan bilib turibman, nazdingizda eng yomon, shafqatsiz, yaramas odam menman. Ha, ha, buni qarashlaringiz oshkor qilyapti. Shunda ham o’zingizni bosib yana bir bor mendan nido kutasiz. Kutishning har bir soniyasi tananggizga misli ko’rilmagan og’riq olib kiradi. Siz chidolmadingiz — o’rninggizdan shaxt bilan turib boshqa xonaga ketib qolasiz. Xonadan baqiriq, so’kinchlar va shisha buyumlarning sinayotgan sasi eshitiladi. Birdan hamma shovqin tinadi-yu og’ir bir narsa gursullab yiqiladi. Bu siz. Holingizdan xabar olish uchun xona tomon odimlayman. Bir pas to’xtab cho’ntagimdan sigaretimni olib labimga qistiraman, gugurt chaqaman. Tamakining yoqimli hidi xonada yoyiladi. Shoshmasdan xona eshigini ochib ichkariga razm solaman: Xona o’ylaganimdek — hamma yoq ag’dar-to’ntar. Polda esa siz, hushsiz yotibsiz.

***

Meni ko’rishga ko’zingiz yo’qligini bilaman. Shu sababli doim uyingizga borsam yo’q bo’lasiz, ketishdi deyishadi. Bu safar izingizdan yo’l olaman. Loy ko’cha bo’ylab faqat bitta iz noma’lum tarafga ketgan. Poyafzalingizning izi shunchalik kattaki mening ikkita oyog’im sig’adi. Hamisha semizligingizdan norozi edingiz. Yozning jaziramasida nafas olishga qiynalib quyosh tig’idan qochib salqinroq joyga bekinib sal bo’lsada orom olardingiz. Xizmatkorlaringizga qiyin edi – ham xizmatingizni qilishar, ham sizdan gap eshitishardi. Umringizning ko’p qismi o’tib borayotgan to’rtta odam sig’gulik orom kursingizda o’tirib olib yashash uchun sarf bo’layotgan xarajatlaringizni qoplash yo’llarini o’ylab qolasiz. Boshingiz qotadi, hech vaqo miyangizga kelamaydi. Asabiylashganingizdan ishtahangiz bo’g’iladi, o’ng’aysizlanasiz, hovliqasiz va jaxl bilan oqsochni chaqirasiz. Ochlikdan sillasi qurib, ozib ketgan pajmurda ayol chopqillab kelib qarshingizda tosh qotadi. Unga peshonanggizdan sizib kelayotgan ter tomchilarini artishni buyurasiz. Ayol chaqqonlik bilan buyrug’ingizni bajrishga kirishadi. Oqsochdan kelayotgan yoqimsiz hiddan ko’nglingiz aynib, uni itarib yuborasiz va to’xtamasdan haqoratlaysiz. Jabrdiyda oyog’idan sochini uchigacha titrab ketadi, sizdan uzr so’raydi. Boshining og’riyotganini esa karavotiga kelib yotganida sezadi.

Shu ob-havoda og’ir tanangizni ko’tarib lapanglab qayoqqadir ketib qolibsiz. Bilaman, sizning o’sha yoqqa borishingiz muhim emas, muhimi mendan uzoqroq bo’lishni va yashirinishni istaysiz, uddalashingizga uncha ishonmayman. Siz baribir urunasiz, harsillab, terlab, shoshib, har zamon orqangizga bir qarab qo’yib, ko’zlagan noma’lum manzilga oshiqasiz. Boshingizdagi shlyapangizning eskiribdi. Xuddi sizday – siz ham eskirgansiz… Yangi kiyim xarid qilishni, vaqtida soqolingizni qirtishlashni, muntazam shug’ullanib kelayotgan badantarbiya bilan mashg’ul bo’lishni, bexosdan yoki atayin to’qnash kelayotgan odamlar bilan salomlashishni xohlamaysiz. Avval boshqacha edingiz. Sof tabassum qilardingiz, gazeta mutolaasidan bosh ko’tarmasdingiz va qo’shninggizning o’g’liga ishdan qaytish payti erinmasdan do’kondan sovg’a olardingiz. Ertalab qaxvani xafsala bilan qaynatib, meni uyingizga taklif qilib quchoq ochib kutib olardingiz. Yarim tungacha ketishimga izn bermasdingiz. Men bilan juda qalin do’st edingiz.

Tan oling, siz avvalgiday emassiz. Avvalgiday bo’lishni istaysiz-u lekin endi aslingizga qayta olmaysiz. Fojiangiz allaqachon boshlanganini bilib azob chekasiz. Xonangizga qamalib yig’laysiz. O’zingizdan uyalib, qimtinib yig’laysiz… Siz shu zayil yashayotganinggizdan, o’zgara olmasligingizdan qo’rqasiz. O’zingizni havo va quyosh nuri zo’rg’a kirib turadigan nuqtaday tuynugi bor quchoqqa sig’adigan zindonda pisib, qiynalib, balki, atayin majbur yashayotganday his qilasiz. Na kunning, na tunning farqiga borasiz. Nazdingizda devorlar borgan sari yanada siqib keladi, o’pkangizga havo yetishmay rangingiz o’zgaradi. Xuddi shlyapangizday… Shu onda tazarru qilishga kuch topasiz, Yaratganga nido qilib ko’rguliklaringizga yakun yasashni so’raysiz. Qo’lingizni duoga ochib oyat o’qimoqchi bo’lasiz… Hamma narsani bilar ekansizu lekin duo o’qishdan bexabar ekansiz. Bundan battar qiynalasiz. So’ng taxta karavotda cho’zilib soniya sayin tananggizdan kuch ketayotganini, uzilayotgan jonning og’riqlaridan o’rtanib bor kuchingizni to’plab kaftingizni siqib olasiz. Oxirgi onlarda ham umid uzmaysiz, bir hodisa ro’y berishini sezib turasiz. Bir muddat xotirjam tortasiz. Halovatning “ta’m”ini totib ko’rgach siniqqina kulib qo’yasiz…

Yomg’ir yog’a boshladi. Tezroq manzilga yetib olishni istayapsiz. Qadamingizni tezlatdingiz. Orqangizdan kimdir baqiradi. Bitta ko’zi va bir oyog’i yo’q odam sizni tanib qoldi. Omon qolgan ko’zini sizdan uzmaydi. Quvonib, siz tomon talpinadi. Uni taniysiz… Ammo hech narsa bo’lmaganday yana yo’lingizda davom etaverasiz. U haqda o’ylashni ham, jon holatda chaqirayotgan bo’g’iq ovozini ham eshitgingiz kelmaydi. Plashingizga battar o’ralib olib chopasiz. Orqangizdagi odam sizga yetish uchun qo’ltiq tayoq yordamida yugura turib loyda toyib yiqiladi. Qaramasangiz ham yig’lamsiray boshlaganini fahmmlaysiz. To’xtamaysiz, xayolingizda faqat Men va yana qandaydir o’ylar. Hozir siz uchun eng muhim narsa Men. Uzoqlashish tinchlik beradi, degan fikrda uyingizni tashlab chiqib ketgansiz, bu to’g’ri qarorligini ich-ichingizdan his qilasiz.

Noma’lum maznilga yetib kelib, notanish eshikni qoqasiz. Ichkaridan qari kampir yuz ko’rsatadi. O’zingizni tanitmasangiz ham U sizni taniydi. Axvolingizga achinadi. Sizga ikkinchi qavatdan xona tayyorlab qo’yganini aytib, bukchaygan gavdasini qaltiratib oshxona tarafga ketadi. Siz xonanggizga qamalib olib, yomg’irda ezilgan ust boshingizni yechmayoq derazadan tashqariga mo’ralaysiz. Orqangizdan kelmayotganimga ishonch hosil qilmoqchi bo’lasiz.

Nazaringizda hammasi tugaganday tuyiladi. Oyog’ingizga dam berishni istaysiz – stulga o’tirib olasiz. Qo’llaringgiz qaltirayapti, hansirayapsiz, havo yetishmayapti. Endi axvolingiz yaxshimi? O’zingizni qanday his qilyapsiz?

Xonada sizdan boshqa yo’q. Nedir miyangizni egallab olgan. Shovqinni U ko’taryapti. U na odam, na mahluq! U yo’q. Lekin uning borligini siz bilan men yaxshi bilamiz. Tush ko’rasiz: kimdandir qochyapsiz, suvga g’arq bo’lyapsiz, yoki kim bilandir janjallashyapsiz. Xo’sh, bu, bo’lmagan voqealar tushingizga qaerdan kirdi? Bu o’z-o’zidan sodir bo’lmaydi. Kalavaning uchi boshingizni “egarlab” olgan o’sha vujudsizda. U istasa sizda buyruqqa moyillik paydo bo’ladi. Inkor qilasiz?… Qachon?… Sizni bir-biriga qarshi ikkita odam qilib qo’yganda ham siz raqib tomonga kurashsiz taslim bo’lasiz.

Siz juda semizsiz. Yashang! Yo’q, men ta’na qilmayapman, aslo! Semirishni hammaga o’rgating!…

Kampir xonaga kirib, sizga tabassum hadya etib, tushlik tayyorligini aytdi. Xohlamadingiz, bosh tortdinggiz. Orom olish istagingiz borligini bildirib, mezbondan uzr so’radingiz. Kampir lutf bilan yana bir bora iltimos qildi. Uyda yolg’iz zerikib yashayotganini, mehrga muhtoj ekanini bayon etib o’tindi. Uning lablari titrab yuzi battar bujmaydi. Siz noiloj unga rizolik bildirdingiz. Javobingizdan uy egasining boshi osmonga yetdi. Orqasiga yashirib turgan boltasini uloqtirib yuborib, sizga yo’l ko’rsatdi.

Kampir yemakxonaga sham yoqdi. Zax va chirindi hidi uchun xijolat tortib uzr so’radi. Hali tun uzoqligini, sizni zeriktirmasligini va o’zini ajoyib suhbatdosh ekanini aytib stolga piyola qo’ydi. Uyda o’zingizni yengil his qila boshladingiz, nafas olishingiz ham ancha yengillashdi. Kampir chaqqongina yelib-yugurar, dam gapirib dam kular, siniq hassasi bilan oyog’i tagida o’ralashayotgan mushugini turtib-turtib tashlar edi. Kechqurunlari qattiq sovuq bo’lishi sabab o’choqqa olov yoqib uyni isitish uchun belini og’ritganini va umrining ko’p qismi o’tin yorish bilan o’tib borayotgani o’ziga juda alam qilayotganidan nolidi. U ham sochini kesib dunyo kezgisi, dengiz bo’yidan hashamatli villa sotib olish istagi borligini aytib, orzulari ertaga ushalishi va sizni ham o’zi bilan birga olib ketish istagida ekanligini bildirdi. Kampir oldingizga temir bo’laklari qo’shib tayyorlangan qovurdoq qo’ydi. Bu tansiq taom, deya aytib maqtandi. Tatib ko’rishingizni o’tinib so’radi. Xohlasangiz qayrog’och daraxtidan taxta qovurib berishini, mazasi og’zingizda qolishiga ishonchi komil ekanini bildirib jilmaydi. Qarshingizda qadalib turgan mezbondan nigohingizni uzib ovqatga, so’ng chiqish eshigiga tikildingiz. Cho’ntagingizdagi nam tortgan qog’oz pullarni kampirga uzatib ketishga izn so’radingiz. Kampir jaxl qildi. Mushti bilan sotolni urib, bilagingizdan mahkam ushlab hovlisi tomon sudrab ketdi. Bir nimalar deb pichirlay boshladi. Boshidagi ro’molini yulib olib, bir uchini sizning qo’lingizga, ikkinchi uchini o’zining bilagiga bog’lab oldi. Qochib ketishingizga imkon qoldirmadi. Kampir zich yopilgan eshikni bir amallab ochdi, Sizni o’sha eshikdan itarib tashqariga chiqardi. Ortingizdan o’zi ham ergashdi. Yomg’ir to’xtamabdi. Hovlida bir-biriga zanjirlab qo’yilgan sanoqsiz odamlar goh u, goh bu tomonga yurar, chiriy boshlagan tanalarini yomg’ir suvida tozalashar, ayollar yirtiq ko’ylaklariga yamoq solishar, ko’plari dod solib yig’lab o’zlari bog’langan zanjirni g’ajishardi. Sizni ming yil kutib charchagan odamlar kelganinggizni ko’rib, siz tomon talpinib kela boshlashdi. Kampir ro’molini yechib sizni ular orasiga itarib yubordi. Odamlar qo’lingizdan, oyog’ingizdan har yoqqa torta boshlashdi. Olomon jonlandi. Barmoqlaringizni birma-bir yulib olishdi. Og’riqdan jon holatda baqira boshladingiz. Kampirdan yordam so’rab yolvordingiz. U esa jiddiylik bilan ovqatini yeyishingiz kerak ekanligini, shunda o’liklar orasiga uloqtiramasligini aytdi va eshigini qayta tambalab ketib qoldi. Yig’layapsizmi?… Endi mendan najot kutyapsiz, bilaman. Siz o’liklar orasida yakka tirik odamsiz. Ustunligingiz ham shunda.

…Omonmisiz? Azob tortyapsizmi? Kasalxonda anchadan buyon yotibsiz, ha, bir oydan oshdi. Hali tiriksiz. Qarindoshlarinigiz ko’rgani kelib ketishdi. Aytishlaricha ancha semiribsiz, kamroq ovqat yesin deyishdi. O’g’lingiz sizni yaxshi ko’rishin aytdi. Bilasizmi, yulingan barmoqlaringizni endi joyiga ulab bo’lmas ekan. O’ksinmang, omon qoldingiz-ku. Bir nechta o’liklar ham sizni yo’qlashdi… Menmi? Men anchdan buyon yoningizdaman. Sizga ko’z-quloq bo’lib turibman. Rahmatning keragi yo’q. Sizga gul olib kelaymi? Xohlaysizmi?

***

Siz meni qachon topganinggizni unutib qo’ydingizmi?… Bu ahamiyatiz, muhimroq narsalar haqida o’ylang, masalan o’zingiz haqingizda. Buni istamasangiz balki yotib uxlarsiz? Toshday qimir etmasdan bir necha kun uxlang. Bu mening istagim emas, mutlaqo. Men ikkilamchi, kim biladi undanam past darajadadirman. Nega menga tikilib qoldingiz? Meni ko’mib yuborishni o’ylayapsizmi? Nazaringizda bariga men aybdormanmi? Iltimos, boshqa tarafga qarang! Derazadan kirayotgan shamol tabiat uyg’otgan maysalarning hidini olib kelyapti. Ana, qushlar sayrashyapti. Nega e’tibor bermayapsiz?! Boshqa tarafga qarang, o’tinaman. Balki ketishimni xohlayotgandirsiz? Ketmayman. Yerda uxlash kerak bo’lganida ham uyingizdan bir odim ham jilmayman. Sizga tegishli hamma narsalarni yomon ko’raman. Siz didsiz odamsiz, xotininggiz bilan ajrashganinggizdan buyon yakka moxov bo’lib mana shu kulbangizda borgan sari o’lib, ha, ha, o’lib bormoqdasiz. O’g’lingizni eslamaysiz ham. Bas! Bas qiling menga tikilishni! Bo’lmasa… bo’lmasa sizni derazadan otib yuboraman…

Siz meni kalaka qilyapsiz. Noshutga qaraganday qarab, ustimdan kulib o’tiribsiz. Nazaringizda ojiz va notovon odamman, shunaqami? Ayting?! Yoshligimda Otam tez-tez meni urardi. Aytishicha landavur ekanman. O’rmonda yashardik. Bir kuni quyon oviga chiqdik. Otam shirakayf edi. O’rmon ichkarisiga kirib borayotganimizda oldimizda quyon ko’rindi. Otam quyonni mo’ljal olib tepkini bosdi. Quyon shu zahotiyoq jon taslim qildi. Men chopib borib o’ljani changallar ekanman, mendan bir qadamcha narida yana bitta quyonni payqab qoldim. Eng oqilona qaror qabul qilib, o’zimni quyonning ustiga otdim. U chap berib qocha boshladi, izidan quva ketdim. Shu payt Otamning miltig’ining ovozi eshitildi. Negadir bir pas qotib qoldim, so’ng yerga yiqildim-u hushimni yo’qotdim. Otam quyonni nishon olib meni otib qo’ydi. O’q o’ng qo’limdagi barmoqlarimni uchirib ketdi. Bir haftadan so’ng Otam o’zini otib tashladi. Menga rahmingiz kelyaptimi? Achinmang! Gazetangizni o’qing, stolda turibdi.

Men sizni yomon ko’raman. Siz bunga loyiqsiz. Bas qiling, tirjaymang! Yetar! Qonimni qaynatyapsiz. Hoziroq boshqa tomonga qarang. Kulmang! Hali shunaqami?!…

***

Siz juda pishiq va chidamli odam chiqdingiz. Ikkinchi qavatning derazasidan qulab tirik qolishning o’zi bo’lmaydi. Odam ba’zan qoqilganda oylab shifoxonada davolanib chiqadi, siz esa qo’ltiqtayoqda bo’lsa ham uyingizga qaytib keldingiz.

Endi turing, issiqroq kiyining, ko’cha sovuq. Bir pas aylanib kelamiz… Istamaysizmi? Nega, axir bugun havo yaxshi-ku? Mayli, o’zingiz bilasiz. Bugun oxirgi kunim, ha, ketyapman. Bilasiz-ku, qishni yomon ko’raman, yoz kelsa, qaytarman… Sayrga chiqmaganingizdan afsusdaman. Siz bilan bog’ aylanmoqchi edim… Unda xayr. Meni to’xtatmang, bari bir hech narsa aytmayman. Sizni azobda qo’yishni istamayman, lekin undan mosuvo ham qilmoqchi emasman. Men sizdan har jihatdan ustunman, buni bilasiz. Toki Men bor ekanman, umr bo’yi qo’rquvda, tahlikada yashaysiz. Xavotiringiz o’rinli, mening ketganim qaytganimdan dalolat beradi.

Unuting va eslamang, hech narsa ro’y bergani yo’q. Bari o’z o’rnida turibdi. Siz ham uxlayapsiz. Ko’zingizni ochishingiz bilan hayot boshlanadi. Siz qutilib bo’lmas yo’qlikka emaklab emas, chopqilllab borasiz. Men esa soyangizman — ba’zan oldingizda, ba’zan orqangizda bo’laman. Menga savol bermang, men nima qilish kerakligini bilmayman. Bilganimda ham sizga oshkor qilmasdim. Yana yig’layapsizmi?…

Eshikni ochiq qoldiraman. Omon bo’ling…

***

Salom. Men yana keldim…

TAMOM

09

(Tashriflar: umumiy 219, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ma’ruf jiyan ijodinga omad. Detektiv hikoyalar ham kutib qolamiz. Bog’ot maskanini ijoding bilan butun O’zbekistonga tanitishga ishonaman. Hech qachon ijoddan to’xtama. Ustozlardek buyuk yozuvchi bo’lishingga tilakdoshman. Ota onang san bilan hamisha faxrlanib yursin!

Izoh qoldiring