Nargiza Odinayeva. She’rlar

09     Назаримда, бу қизимиз барча истеъдодли устозлари каби адабиётга катта шоира бўлиб кириб келаяпти. Шеърлари ҳис-ҳаяжонга тўла, юракни ҳапқиртирадиган даражада таъсирли – оғриқли дардлар, аллақандай соғинч, ўзига сиғмай тўлғанишлар, дашту дала янглиғ табиийлик… (Усмон Азимнинг «Қувонч хат» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Наргиза ОДИНАЕВА
ШЕЪРЛАР
045

Наргиза Одинаева 1988 йилда Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида туғилган. “Келажак овози” танлови вилоят босқичи ғолиби. “Дўрмон” ижодкор ёшлар семинари қатнашчиси. “Йўлдаги мактублар” китоби муаллифи. Шоиранинг шеърлари «Хуршид Даврон кутухонаси» сайтида бир неча бор эълон қилинган.

045

ТАНИШ АЗОБ
077
Битта кўйлагимни уч йил кияман,
Қилган ибодатим минг йил бир ишққа.
Бир таниш азобни минг йил суяман,
Аммо, йиғиларим ҳар куни бошқа.

Кўзимга ботгани эскирган савдо,
Туш кўриб бўлганман, эмас тасодиф.
Қўлимда ўйнайман дунёни, аммо,
Чалкаш бир чизиқда куйиб борар кифт.

…Она соғинчидан шошиб чой дамлар –
Тонгги ҳисларингдан бир пиёла бер!
Тун бўйи мудраган, ҳиссиз одамлар
Менинг юрагимга нон ботириб ер….

АЛПОМИШНИНГ БОЛАЛАРИ ЎСГАН ЮРТ

Бобом айтган достонлардай тўлиб келдим,
Бойсунчинор шохларига рўмол илдим.
Алпомишнинг болалари ўсган юрт бу,
Дўмбиранинг ўркачидан қараб билдим.

Тунларига ой эргашар бахт бергани,
Қалдирғочлар эшик қоқар исингани.
Қуёш кулиб мўралайди Боботоғдан,
Бунда бир эл қуёшлар бор соғингани.

Одамзотнинг туғилиши бир тўй, момо,
Осмон гумбаз, замин асли бир уй, момо.
Айтсам, шеърим жўр бўлади чанқовузга
Тўлқинида юрак оққан қай куй, момо.

Адоғи йўқ соғинчларга бўлдим сингил,
Яшил қушман, яшил уфқлар томон кўнгил.
Чанқаб турсам, Амударё чайқалади,
Нур узатар Термизийдек уйғоқ бир дил.

Томирлари томиримга туташ диёр,
Мен шеър айтай, осмон бўйи гуллаб юбор.
Ўнг елкамда ўтирибди Алпомишлар,
Юрагимда кишнаётган Бойчибор бор!

Қулочингни шамолларга озод қўйгил,
Бедор ўтсин шоир зоти – шеърга тўлгил.
Қуёш билан сўзлашиб юр ва то абад
Алпомишнинг авлодига Ватан бўлгил.

ОҚ ТУШЛАР

Устозим Бобоева Наргизага

Қоронғу кечада оқ тушлар кўрган
Сулувнинг сочида адашган, шамол.
Қўл бергин, кетамиз оҳулар юрган
Тоғларнинг бағрида топгани камол.

Тўлишиб боради нимадан доғинг,
Осмоннинг кўксида тебранган бешик.
Менинг юрагимни кечсин оёғинг,
Еттинчи қаватга очамиз эшик.

Уфққа термулиб соғиндим кимни,
Кўзимни тўлдириб расмини чизсак.
Биласанми сен ҳам эртакларимни–
Бошимда айланган безовта кузак.

Бир кечада тўлиб ёрилар анор,
Ширин оғриқларми, тақдирга атонг!
Дунё қирғоғидан бугун бошланар,
Юзимни силайди юлдуз ўпган тонг.

Тўкилган ёмғирдек аразларим бор,
Муродим, адашиб қайларга кетдинг?
Тўймаган дунё-ей, кўнглимни сипқор,
Умримни кузларга бир қўшиқ этдинг.

Жим туриб заминга куй элаяпти,
Япроқлари маҳзун сарғайган дарахт.
Изларингни бекит, қиш келаяпти,
Менинг остонамни танимаган бахт.

ШОИР

Буғдой бўлиб кўкарайми, райҳон бўлиб гуллайми,
Дилни ёмғир аллалаган баҳор қайта келгайми.
Юрагимнинг тўлғоғини учган турна билгайми,
Бу баҳорнинг чин отини айтиб беринг, шоир-ей.

Айвондаги мусичанинг кўзларида жимлик бор,
Ерни босган ҳар одамнинг қисматида “ким”лик бор.
Қуёш чиққан, тўрт томонда яҳудий бор, римлик бор,
Ватан деган дард тотини айтиб беринг, шоир-ей.

Куз йўлини бошлаганда шафтолининг баргидан,
Мен тўзимлар тилагайман дарахтларга Тангридан.
Асл қўшиқ бошланади борлиқнинг қай рангидан,
Кўнгил адабиётини айтиб беринг, шоир-ей.

Сафари йўл шамолнинг, тош ўрнидан жилмайди,
Дор ўйнаган мардум ҳали мардлигини билмайди.
Шеър дунёга сиғмай борар, кўнглим шеърга сиғмайди,
Туйғуларнинг меҳробини айтиб беринг, шоир-ей.

Умр-умр бўлгай ҳануз ой-йилларга ўраниб,
Осмонларга тикиламан қизғалдоқдек тебраниб.
У тобора кўринади капалакка айланиб,
Бу эртакнинг муродини айтиб беринг, шоир-ей.

***

Йўлларда кечади бесиёҳ умрим,
Айланиб қолади ёлғонлар чинга.
Йиллардан йилларга ўтади қўрим,
Ким бўлиб бораман сенинг қошингга.

Мен турган замоннинг боши қаёқда?
Осмоннинг белидан ўтар кўприклар.
Бобом чой хўплаган юз йиллик боғда
Кузни ҳам ловуллаб гуллар ўриклар.

Бир сават олмадек юрак сочилди,
Қаршимда турибди таваккул дунё.
Ранглар атрофимга рўдапо илди
У айтган ўйинни бошла, сўфиё.

***

Тўлқинлаб ўйнайди шамоллар – бебош,
Нафаси энтикиб қўяр дарчанинг.
Бошини куйдириб ўтади қуёш,
Ислари эскириб кетган арчанинг.

Туш кўрган тоғларнинг кўйлаги ғижим,
Замин чайқалади – қўлнинг ояси.
Йўллар этагидан узоқлашар жим,
Одамга ўхшаган дарахт сояси.

Бахт таъмини билар тонг ҳавосида
Хамирдон бошоқни сўриган чумчуқ.
Ёшини беркитиб кун орқасида
Умримнинг лабига тошади учуқ.

Яшашга куч қидир… йиғлашга улгур…
Майда ташвишларим ёпишди қўлга.
Бугун бекатидан кетиб қолмай тур,
Бироз кечикиброқ чиққанман йўлга.

***

Дарахтлар қоровул қишнинг йўлида,
Армонли қўшиқдай эланади қор.
Онамнинг қабарган озғин қўлида,
Менинг юрагимнинг ажинлари бор.

Осмоннинг ортида тупроқ ҳовури,
Оқсоқол кунларни тунга чорийди.
Қаршимда туғилган йўқлик шивири,
Қаҳратон ҳавога жонни қорийди.

Ўртанган баҳор бор умр бўйнида,
Ўлчовли саноқда айланади Ер.
Онам қаримасин қишнинг қўйнида,
Художон, ялдонинг тонгларини бер!

Сўнгсиз соғинчларга кўмилиб қолдим,
Январ, кунларингни зиёрат эта.
Ўзимни тортишга эриниб қолдим,
Нега бунча эрта, бунчалар эрта.

“Сим-сим эшиги”дек “муродим” чаман,
Пойига тўкилсам, кунлар кибриё.
Жон тўзғат… барига чидаб бераман,
Бир кўнглимга оёқ ботирма, дунё.

ЙИГИРМА ВА ЎТТИЗИМНИНГ ОРАСИДА

Қўшиғига тўлдиролмай бир фалакни,
Қиём ўтди, кун кўксимга оғаётир.
Юрагимдан бошлаб бердим камалакни,
Дил шаҳрига ёмғирлари ёғаётир.

Сўзга сиғмас Ўзи билган тавбаларим,
Исмин айтсам – файзи кетгай, файзи кетгай.
Қош қорайса, имлайверар қиблаларим
Ишқлар менсиз гуноҳ этгай, гуноҳ этгай.

Юким ортди этагимга юлдуз териб,
Юпун жоннинг савдосига хато келдим.
От ўйнатган дунёсига салом бериб,
Қиш тўкилдим, ёз тўкилдим, куз тўкилдим…

Шабнам борар тонг юзида булоқ бўлиб,
Харитага айланади карвон йўли.
Дил эланди кўпкарида улоқ бўлиб,
Чап елкамга ботиб кетган кимнинг қўли?!

Тушлар, сизга кечагидек йиғлолмайман,
Кўзларимга қараб беринг, тинчликмикан.
Соқов айтган нолаларсиз яшолмайман,
Ичимдаги аразкашим тирикмикан.

Энг сўнгида тўкилади жон оҳори,
Даври-даврон, чўмичингда борманми, айт.
Товонимдан чўкаяпман жимлик сари,
Тупроқларим айтган садо, мен бўлиб қайт.

Йўл тополмай оёғимга йўл суринар,
Жим турибман қиёматнинг қорасида.
Қай томонга борай десам ўт кўринар,
Йигирма ва ўттизимнинг орасида.

Мен англаган саховатни билмас олам,
Минг ўхшайман озиб-тўлган ойларига.
Қисматига кўнмай юрган, соқов одам,
Тош отиб тур юрагимнинг сойларига.

***

Учқунлаб туташган ўт борасида
Юрагим қизиган бир тандирга тенг.
Онам қўли билан уй орасида
Оёқяланг чопиб нон ташийман мен.

Бошимдан қийқириб турналар ўтар,
Пешонам ярқираб, йўлдай ошланди.
Аммо, аммоларни буткул унутар,
Умрнинг исёни қачон бошланди?

Туташган ўтларни ўйин кўрибман,
Она, сув урасан тандир, нонингга.
Ёнгинангда мен ҳам ёниб турибман,
Раҳминг келмайдими менинг жонимга?!

***

Чўчимайман “яшил”, “қизил”дан,
Кимлигимни “ранг”лар айтади.
Сени топмай олис манзилдан
Намозшомда йўллар қайтади…

Келар изнинг кетар эшиги,
Бу йўқликлар жонимга тузоқ.
Жимликларим кўкка билдирги,
Энди тўхтаб тураман узоқ.

Тўкилади соғинчнинг ранги,
Уни ҳали битта мен туйган.
Эртак дема учар гиламни,
Йўл юришдан оёғим куйган.

Етиб келди ёмғирлар яна,
Қўшиғига қандай чидайман.
Тўрт томонда ўт ёнар, ана,
Сен қайсиси, нега билмайман?..

* * *

Барибир нимадир кам, барибир надир кам,
Тўкис бўлолмайди аввал, на охир.
Кўзларимни юмиб, уфққа тикилсам,
Бунда ҳеч нарса йўқ ҳаводан оғир.

Шомнинг сукутида кафтларим зада,
Жоним келаяпти кўзимга тўлиб.
Ҳаммаси ўзгарди, энди оловда,
Кўнглим ўйнаяпти капалак бўлиб.

Қаерда тўхтайди ёлғоннинг забти,
Оғримай яшашга яна нима шарт?
Ҳозир тўлаётган ойда юрибди,
Ернинг юрагидан оёқлаган дард.

Бугун кўчаларга қараб ўйлайман,
Қачон баҳор эди, қачон куз эди?
Дунё айбламасин, эртак билмайман,
Мурод – лабингдаги битта сўз эди.

Борлиқ ўсаверсин бўйи-энига,
Оқ-қора кунларга мана кўксим – ринг.
Фақат…бўйларингни соғинсам, нега
Чўкиб борар сенинг ҳар баҳор қабринг.

ТЎРТ ТОМОН

Мен айтиб бераман кўзингга қараб,
Нималар йўқлигин кафтинг ичида.
Кунларни ёндирган соғинч оралаб,
Умримни ўлчадим бахт қаричида.

На менга, на сенга эшдир бу дунё,
Жонимни самандар ўтларга солдим.
Дунёга тўзимлар берсин Худоё,
Энг катта телбага айланиб қолдим.

Энди бир лаҳзамда тўртта фасл бор,
Энди елкамдадир еттита осмон.
Энди қўшиғимга бор оҳанглар тор,
Энди кўзларимда гулласин армон.

Борлиқнинг кулгуси етмиш хил рангда,
Дилдаги ҳаловат қушлардай дайди.
Ҳеч ким ютолмайди туйғусиз жангда,
Гарчи гуноҳ пайти, гарчи ранж пайти.

Жисмдан соялар тушмаган ерман,
Тўрт томон ҳам бир хил – айтилган йўлдир.
Фақат сукунатдан туғилган шеърман,
Руҳим, вужудимга ўзимни тўлдир.

Баҳор, остонангга “кузсан” деб ёздим,
Тақдир бу – сўнгига етмаган фармон.
Гарчи бор жанглардан ақлдан оздим,
Ўзимга айлансин – ТЎРТ ТОМОН.

09 Nazarimda, bu qizimiz barcha   iste’dodli ustozlari kabi adabiyotga katta shoira bo’lib kirib kelayapti. She’rlari his-hayajonga to’la, yurakni hapqirtiradigan darajada ta’sirli – og’riqli dardlar, allaqanday sog’inch, o’ziga sig’may to’lg’anishlar, dashtu dala yanglig’ tabiiylik… (Usmon Azimning «Quvonch xat» maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o’qishingiz mumkin)

Nargiza ODINAEVA
SHE’RLAR
045

Nargiza Odinaeva 1988 yilda Surxondaryo viloyatining Qiziriq tumanida tug’ilgan. “Kelajak ovozi” tanlovi viloyat bosqichi g’olibi. “Do’rmon” ijodkor yoshlar seminari qatnashchisi. “Yo’ldagi maktublar” kitobi muallifi. Shoiraning she’rlari «Xurshid Davron kutuxonasi» saytida bir necha bor e’lon qilingan.

045

TANISH AZOB
07
Bitta ko’ylagimni uch yil kiyaman,
Qilgan ibodatim ming yil bir ishqqa.
Bir tanish azobni ming yil suyaman,
Ammo, yig’ilarim har kuni boshqa.

Ko’zimga botgani eskirgan savdo,
Tush ko’rib bo’lganman, emas tasodif.
Qo’limda o’ynayman dunyoni, ammo,
Chalkash bir chiziqda kuyib borar kift.

…Ona sog’inchidan shoshib choy damlar –
Tonggi hislaringdan bir piyola ber!
Tun bo’yi mudragan, hissiz odamlar
Mening yuragimga non botirib yer….

ALPOMISHNING BOLALARI O’SGAN YURT

Bobom aytgan dostonlarday to’lib keldim,
Boysunchinor shoxlariga ro’mol ildim.
Alpomishning bolalari o’sgan yurt bu,
Do’mbiraning o’rkachidan qarab bildim.

Tunlariga oy ergashar baxt bergani,
Qaldirg’ochlar eshik qoqar isingani.
Quyosh kulib mo’ralaydi Bobotog’dan,
Bunda bir el quyoshlar bor sog’ingani.

Odamzotning tug’ilishi bir to’y, momo,
Osmon gumbaz, zamin asli bir uy, momo.
Aytsam, she’rim jo’r bo’ladi chanqovuzga
To’lqinida yurak oqqan qay kuy, momo.

Adog’i yo’q sog’inchlarga bo’ldim singil,
Yashil qushman, yashil ufqlar tomon ko’ngil.
Chanqab tursam, Amudaryo chayqaladi,
Nur uzatar Termiziydek uyg’oq bir dil.

Tomirlari tomirimga tutash diyor,
Men she’r aytay, osmon bo’yi gullab yubor.
O’ng yelkamda o’tiribdi Alpomishlar,
Yuragimda kishnayotgan Boychibor bor!

Qulochingni shamollarga ozod qo’ygil,
Bedor o’tsin shoir zoti – she’rga to’lgil.
Quyosh bilan so’zlashib yur va to abad
Alpomishning avlodiga Vatan bo’lgil.

OQ TUSHLAR

Ustozim Boboeva Nargizaga

Qorong’u kechada oq tushlar ko’rgan
Suluvning sochida adashgan, shamol.
Qo’l bergin, ketamiz ohular yurgan
Tog’larning bag’rida topgani kamol.

To’lishib boradi nimadan dog’ing,
Osmonning ko’ksida tebrangan beshik.
Mening yuragimni kechsin oyog’ing,
Yettinchi qavatga ochamiz eshik.

Ufqqa termulib sog’indim kimni,
Ko’zimni to’ldirib rasmini chizsak.
Bilasanmi sen ham ertaklarimni–
Boshimda aylangan bezovta kuzak.

Bir kechada to’lib yorilar anor,
Shirin og’riqlarmi, taqdirga atong!
Dunyo qirg’og’idan bugun boshlanar,
Yuzimni silaydi yulduz o’pgan tong.

To’kilgan yomg’irdek arazlarim bor,
Murodim, adashib qaylarga ketding?
To’ymagan dunyo-yey, ko’nglimni sipqor,
Umrimni kuzlarga bir qo’shiq etding.

Jim turib zaminga kuy elayapti,
Yaproqlari mahzun sarg’aygan daraxt.
Izlaringni bekit, qish kelayapti,
Mening ostonamni tanimagan baxt.

SHOIR

Bug’doy bo’lib ko’karaymi, rayhon bo’lib gullaymi,
Dilni yomg’ir allalagan bahor qayta kelgaymi.
Yuragimning to’lg’og’ini uchgan turna bilgaymi,
Bu bahorning chin otini aytib bering, shoir-yey.

Ayvondagi musichaning ko’zlarida jimlik bor,
Yerni bosgan har odamning qismatida “kim”lik bor.
Quyosh chiqqan, to’rt tomonda yahudiy bor, rimlik bor,
Vatan degan dard totini aytib bering, shoir-yey.

Kuz yo’lini boshlaganda shaftolining bargidan,
Men to’zimlar tilagayman daraxtlarga Tangridan.
Asl qo’shiq boshlanadi borliqning qay rangidan,
Ko’ngil adabiyotini aytib bering, shoir-yey.

Safari yo’l shamolning, tosh o’rnidan jilmaydi,
Dor o’ynagan mardum hali mardligini bilmaydi.
She’r dunyoga sig’may borar, ko’nglim she’rga sig’maydi,
Tuyg’ularning mehrobini aytib bering, shoir-yey.

Umr-umr bo’lgay hanuz oy-yillarga o’ranib,
Osmonlarga tikilaman qizg’aldoqdek tebranib.
U tobora ko’rinadi kapalakka aylanib,
Bu ertakning murodini aytib bering, shoir-yey.

***

Yo’llarda kechadi besiyoh umrim,
Aylanib qoladi yolg’onlar chinga.
Yillardan yillarga o’tadi qo’rim,
Kim bo’lib boraman sening qoshingga.

Men turgan zamonning boshi qayoqda?
Osmonning belidan o’tar ko’priklar.
Bobom choy xo’plagan yuz yillik bog’da
Kuzni ham lovullab gullar o’riklar.

Bir savat olmadek yurak sochildi,
Qarshimda turibdi tavakkul dunyo.
Ranglar atrofimga ro’dapo ildi
U aytgan o’yinni boshla, so’fiyo.

***

To’lqinlab o’ynaydi shamollar – bebosh,
Nafasi entikib qo’yar darchaning.
Boshini kuydirib o’tadi quyosh,
Islari eskirib ketgan archaning.

Tush ko’rgan tog’larning ko’ylagi g’ijim,
Zamin chayqaladi – qo’lning oyasi.
Yo’llar etagidan uzoqlashar jim,
Odamga o’xshagan daraxt soyasi.

Baxt ta’mini bilar tong havosida
Xamirdon boshoqni so’rigan chumchuq.
Yoshini berkitib kun orqasida
Umrimning labiga toshadi uchuq.

Yashashga kuch qidir… yig’lashga ulgur…
Mayda tashvishlarim yopishdi qo’lga.
Bugun bekatidan ketib qolmay tur,
Biroz kechikibroq chiqqanman yo’lga.

***

Daraxtlar qorovul qishning yo’lida,
Armonli qo’shiqday elanadi qor.
Onamning qabargan ozg’in qo’lida,
Mening yuragimning ajinlari bor.

Osmonning ortida tuproq hovuri,
Oqsoqol kunlarni tunga choriydi.
Qarshimda tug’ilgan yo’qlik shiviri,
Qahraton havoga jonni qoriydi.

O’rtangan bahor bor umr bo’ynida,
O’lchovli sanoqda aylanadi Yer.
Onam qarimasin qishning qo’ynida,
Xudojon, yaldoning tonglarini ber!

So’ngsiz sog’inchlarga ko’milib qoldim,
Yanvar, kunlaringni ziyorat eta.
O’zimni tortishga erinib qoldim,
Nega buncha erta, bunchalar erta.

“Sim-sim eshigi”dek “murodim” chaman,
Poyiga to’kilsam, kunlar kibriyo.
Jon to’zg’at… bariga chidab beraman,
Bir ko’nglimga oyoq botirma, dunyo.

YIGIRMA VA O’TTIZIMNING ORASIDA

Qo’shig’iga to’ldirolmay bir falakni,
Qiyom o’tdi, kun ko’ksimga og’ayotir.
Yuragimdan boshlab berdim kamalakni,
Dil shahriga yomg’irlari yog’ayotir.

So’zga sig’mas O’zi bilgan tavbalarim,
Ismin aytsam – fayzi ketgay, fayzi ketgay.
Qosh qoraysa, imlayverar qiblalarim
Ishqlar mensiz gunoh etgay, gunoh etgay.

Yukim ortdi etagimga yulduz terib,
Yupun jonning savdosiga xato keldim.
Ot o’ynatgan dunyosiga salom berib,
Qish to’kildim, yoz to’kildim, kuz to’kildim…

Shabnam borar tong yuzida buloq bo’lib,
Xaritaga aylanadi karvon yo’li.
Dil elandi ko’pkarida uloq bo’lib,
Chap yelkamga botib ketgan kimning qo’li?!

Tushlar, sizga kechagidek yig’lolmayman,
Ko’zlarimga qarab bering, tinchlikmikan.
Soqov aytgan nolalarsiz yasholmayman,
Ichimdagi arazkashim tirikmikan.

Eng so’ngida to’kiladi jon ohori,
Davri-davron, cho’michingda bormanmi, ayt.
Tovonimdan cho’kayapman jimlik sari,
Tuproqlarim aytgan sado, men bo’lib qayt.

Yo’l topolmay oyog’imga yo’l surinar,
Jim turibman qiyomatning qorasida.
Qay tomonga boray desam o’t ko’rinar,
Yigirma va o’ttizimning orasida.

Men anglagan saxovatni bilmas olam,
Ming o’xshayman ozib-to’lgan oylariga.
Qismatiga ko’nmay yurgan, soqov odam,
Tosh otib tur yuragimning soylariga.

***

Uchqunlab tutashgan o’t borasida
Yuragim qizigan bir tandirga teng.
Onam qo’li bilan uy orasida
Oyoqyalang chopib non tashiyman men.

Boshimdan qiyqirib turnalar o’tar,
Peshonam yarqirab, yo’lday oshlandi.
Ammo, ammolarni butkul unutar,
Umrning isyoni qachon boshlandi?

Tutashgan o’tlarni o’yin ko’ribman,
Ona, suv urasan tandir, noningga.
Yonginangda men ham yonib turibman,
Rahming kelmaydimi mening jonimga?!

***

Cho’chimayman “yashil”, “qizil”dan,
Kimligimni “rang”lar aytadi.
Seni topmay olis manzildan
Namozshomda yo’llar qaytadi…

Kelar izning ketar eshigi,
Bu yo’qliklar jonimga tuzoq.
Jimliklarim ko’kka bildirgi,
Endi to’xtab turaman uzoq.

To’kiladi sog’inchning rangi,
Uni hali bitta men tuygan.
Ertak dema uchar gilamni,
Yo’l yurishdan oyog’im kuygan.

Yetib keldi yomg’irlar yana,
Qo’shig’iga qanday chidayman.
To’rt tomonda o’t yonar, ana,
Sen qaysisi, nega bilmayman?..

* * *

Baribir nimadir kam, baribir nadir kam,
To’kis bo’lolmaydi avval, na oxir.
Ko’zlarimni yumib, ufqqa tikilsam,
Bunda hech narsa yo’q havodan og’ir.

Shomning sukutida kaftlarim zada,
Jonim kelayapti ko’zimga to’lib.
Hammasi o’zgardi, endi olovda,
Ko’nglim o’ynayapti kapalak bo’lib.

Qaerda to’xtaydi yolg’onning zabti,
Og’rimay yashashga yana nima shart?
Hozir to’layotgan oyda yuribdi,
Yerning yuragidan oyoqlagan dard.

Bugun ko’chalarga qarab o’ylayman,
Qachon bahor edi, qachon kuz edi?
Dunyo ayblamasin, ertak bilmayman,
Murod – labingdagi bitta so’z edi.

Borliq o’saversin bo’yi-eniga,
Oq-qora kunlarga mana ko’ksim – ring.
Faqat…bo’ylaringni sog’insam, nega
Cho’kib borar sening har bahor qabring.

TO’RT TOMON

Men aytib beraman ko’zingga qarab,
Nimalar yo’qligin kafting ichida.
Kunlarni yondirgan sog’inch oralab,
Umrimni o’lchadim baxt qarichida.

Na menga, na senga eshdir bu dunyo,
Jonimni samandar o’tlarga soldim.
Dunyoga to’zimlar bersin Xudoyo,
Eng katta telbaga aylanib qoldim.

Endi bir lahzamda to’rtta fasl bor,
Endi yelkamdadir yettita osmon.
Endi qo’shig’imga bor ohanglar tor,
Endi ko’zlarimda gullasin armon.

Borliqning kulgusi yetmish xil rangda,
Dildagi halovat qushlarday daydi.
Hech kim yutolmaydi tuyg’usiz jangda,
Garchi gunoh payti, garchi ranj payti.

Jismdan soyalar tushmagan yerman,
To’rt tomon ham bir xil – aytilgan yo’ldir.
Faqat sukunatdan tug’ilgan she’rman,
Ruhim, vujudimga o’zimni to’ldir.

Bahor, ostonangga “kuzsan” deb yozdim,
Taqdir bu – so’ngiga yetmagan farmon.
Garchi bor janglardan aqldan ozdim,
O’zimga aylansin – TO’RT TOMON.

09

(Tashriflar: umumiy 710, bugungi 1)

1 izoh

  1. Наргизанинг ижодида дард хамда муаллифнинг билимдонлиги сезилиб турибди. Айрим машкларининг сатрлари устида, бугинлар микдори ва бадиий укилиш темпи юзасидан чукуррок ишланиши керак экан.

Izoh qoldiring