Saodat Fayziyeva. Yangi she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.07.12_00h43m54s_004_.png  Шоира қизим Саодатни туғилган куни билан чин юракдан қутлаб, унга шеър дафтари янги ва ҳеч кимникига ўхшамаган сатрлар билан бойиб боришини тилаб қоламан. Шеърият йўли узоқ ва машаққатли, Илоҳим, Саодатга ирода ва қатъият ёр бўлсин!

Саодат Файзиева
ШEЪРЛАР
03

* * *

Хайём кўзасидан тўкилган жолаAshampoo_Snap_2017.07.12_00h48m45s_005_.png
Сездирмай кўнглимда ундирди майса.
Инжима, гар сенга бўлган ҳисларим
Этагин тўлдириб-осмон пасайса.

Азизим, тошдунё тошлигин қилиб
Эрита олмадим музли йўлларни.
Бир ниҳол чираниб ўсгани билан
Қуриган биёбон ўрмон бўларми?

Қамалда эзилган қалъадек умрим
Тиланчи қўлини узатмиш дардга.
Тақдир ҳам бир эҳсон қилмоқчи бўлиб
Кўнглимни боғлади сен каби мардга.

Ва бирдан осмонда тўлиб юлдузлар,
Кулбамнинг тоқида ухлаб қолди ой.
Мана — таклифнома, топиладими
Юрагингда менга қатимчалик жой?

Бурилиб қадамлар ташладинг олдга,
Сезяпман, тилларинг жимликдан толган.
Кўзларинг тикилган томон қарасам,
Бир кўза турарди ХАйёмдан қолган.

* * *

Шамол қўниб ўтди бу кеча
Деразамнинг пардаларига.
Ухламасдан термулиб чиқдим
Сурат — ўтмиш парчаларига.

Қўлларимда кулчанон ушлаб
Чопқиллардим-сарҳадсиз қишлоқ.
Сўнг ўтириб мушукчаларга
Этагимда тутардим ушоқ.

Қўй-қўзини ҳайдаб далага
Хиргойилар қилардим жўшиб.
Бобом ҳар бир эртакларига
Айтардилар исмимни қўшиб.

Тош тагидан қумурсқа топсам,
Авайлардим гард юқмасин деб.
Олапарим бақувват эди
Нонуштамнинг ярмисини еб.

Наҳот, ўша девона қизча
Энди сурат ҳаддидан боқар?
Мен ўзимни қай шамолларга
Олдириблар қўйдим бу қадар.

Она, агар шўхликлар қилсам,
Баланд чиқса ингичка сасим,
Бир чиройли қарғар эдингиз:
«Болаларинг сенга ўхшасин!»

Йиллар ўтгач юракчасини
Ювиб кетса дунё ташвиши,
Болам онасидай бўлмасин-
Бувисининг қайтсин қарғиши.

Шамол қўниб ўтди бу кеча
Деразамнинг пардаларига.
Ухламасдан термулиб чиқдим
Сурат — ўтмиш парчаларига.

* * *

Саратон. Ойдинга ястанган кеча.
Бақалар созини қўймай чалади.
Кўксимнинг қай бурчи эслаган ёдинг
Бутун вужудимга оташ қалади.

Азизим, юлдузни ботириб ичдим
Тунларнинг ёдпараст зилолларига.
Уйқуни унутган юрак топмади
Жавобни ҳижроннинг саволларига.

Биргина гапингдан тарқалган эди
Меҳр ёмғирини ёғдирган абр.
Қолмоққа имконни бермади менга
Озгина интилиш, сенгачи — сабр.

Эсимда:хотиржам термулиб туриб
Аста қоқиб қўйдинг нимжон елкамни.
Болани овутган одамдек дединг:
«Менинг шевам ишқдир, тушунасанми?»

Иккига бўлинди ёлғизоёқ йўл,
Сени дунёйимда учратмадим ҳеч.
Сен айтган шевани ўрганганимда
Афсуски, бўлганди жуда-жуда кеч…

* * *

Кеч кузакнинг боғлари аро
Саратоннинг шамоли елди.
Юрагимга телба ноябрь
Сенинг исминг ёнида келди.

Меҳмон улуғ, остонагинам
Қайтармади ўзига ётни.
Ва бу келиш ўзгаришларга
Дучор қилди камгап ҳаётни.

Асов бўйним эгилмоқликка
Тасодифан қилди-я жазм.
Қўлларингда ёниб турганда
Бир даста гул ва Усмон Азим.

* * *

Куз — кўнглим эгизи, меҳрибон фаслим,
Сўлим ҳислар билан кирган дилимга.
Икки тарафимдан алп аскарлари
Юракларин узиб отар йўлимга.

Зобит дарахтларим, мард дарахтларим,
Вужуди мунг билан ювилган жонлар.
Сабрга сиғиниб бахтга етмоқни
Сиздан ўргансайди ғофил инсонлар.

Азизим, ёшимдан озорланманг ҳеч,
Кўнгил тўлган пайти бўшатиш айбми?
Қандай куйинмасдан кузатиб бўлар
Пойимда йиқилиб жон берган баргни?!

* * *

Август — кўзи сузилган малак,
Ўсмалари энди қошимга.
Ёшим билмас қизалоқ эдим,
Келинрўмол тушди бошимга.

Дада, қаранг кўзимда ёш йўқ,
Айтгандингиз:”йиғламагин”,-деб.
Онам билан кулишларингиз
Қизингизга энг бебаҳо сеп.

Она, дарча очиқ қолибди,
Наҳот, мени кутяпсиз интиқ?
Меҳмон қизим келишларига
Нима овқат қилсам деб тансиқ.

Укам бўйи чинор бўлибди,
Бобожоним тилакларидан.
Кеча шотут териб юрарди
Опасининг этакларидан.

Қалдирғочдек учирим бўлиб,
Кўчиб кетдик ўзга манзилга.
Бир ғалати соғинишлардан
Ширин ташвиш кираркан дилга.

Она қишлоқ эркатойгинанг
Ўчоқ ёқиб, дудлар чиқарди.
Ёнида сен тилаганингдек
Суянч эрур дунёнинг марди.

Август — узун кокилли гўзал,
Попугидан райҳон ясайди.
Она, сизнинг танти қизингиз
Энди янги уйни безайди….

* * *

Кузги боғлар оралаб юрдинг,
Вужудингни чулғади шамол.
Елкангдаги қанотсиз мунгинг
Пичирлади:”Йўлдошим, хуш қол”.

Қулоғингда сасланди наво,
Кўклам бўлиб яйради қалбинг.
Қандай яхши… ёлғизлигингдан
Чорак аср ўтиб зерикдинг.

Боқсанг, осмон яшар тепангда,
Сен сезмаган қанча гуллар бор.
Булутларга термулиб дединг:
«Кунларим-ай ўтибди бекор…»

Фаслларга бош қўйиб жимжит,
Хаёлингга ботирдинг умид.
Энди ҳамма қоронғу ўйлар
Исминг билан келар бўлди зид.

Сенга ҳаёт гўзаллигини
Англатмоқчи бўлди муҳаббат.
Беҳишт кўнглинг тўридан менга
Жой берганинг учун минг раҳмат!…

* * *

Кўзларингда битдим,тўкилди жоним,
Вужудим сочилди йўқлик қаърига.
Оқликка айланди ҳар лаҳза-оним,
Ажаб, ўтолмадим ғамдан нарига.

Нигоҳингда ёндим, ловуллаб ёндим,
Оташидан дардим болалаб кетди.
Қалдирғоч қошларинг —  қалбимга қаттол,
Ёшларим ёмғирдай жолалаб кетди.

Мени қайноқ оташ бағрига босур,
Фаришталар чорлар булутлар томон.
Сен кимсан… —  қалбимнинг қотили ё ҳур?
Жунун руҳим тилар сендан ал- омон.

Бир кун қақнус бўлиб қайтгум ёнингга,
Нигоҳингни яна бир кўрмоқ учун.
Ёлғиз мен зиёбон бўлай жонингга,
Минг ўлимдан битта назаринг устун.

Майли, нигоҳингда ёнайин такрор,
Сенинг қалбинг менга беҳиштдир, эй ёр…

* * *

Декабрьнинг остонасида
Барглар маъсум титрайди дир-дир.
Куз ташлаган боғларга қишни
Секин бошлаб кирмоқда ёмғир.

Унут бўлган хотира янглиғ
Осмон бир дам хўрсиниб қўяр.
Соғинтирган ёри келгандай
Томчи ерни шодликка бўяр.

Юракларга оқиб кирар ишқ-
Кўкка элтар эшиклар очиқ.
Энг қадрли инсонин сира
Ташлаб кетай демайди санчиқ.

Ёмғир билан оғриқ ораси
Жуда яқин бўлиб кетади.
Кўзлар агар осмонни кўрса,
Кўнгил, албат, бахтга етади.

Декабрга таҳсинлар ўқиб
Кутиб олсам бўларми бахтни?!
Ё ўзимни қорга топшириб
Хурсанд қилиб қўйсамми вақтни?

* * *

Деразангда яна ўчди шам…
Муслимбек  Мусаллам

Деразамда яна ўчди шам,
Дилдаги ўт ўчгани мисол.
Мен-ла дардни кўргани баҳам
Кўкдан маъюс термулар ҳилол.

Мендан гоҳо ранжийсан жуда,
Меҳр кутиб бўласан адо.
Сен билмайсан, юрагим зада —
Меҳрсизга тўлган бу дунё.

Деразамда яна ўчди шам,
Қалбга ёмғир куйи қуйилар.
Кўзинг сира алдамаса ҳам,
Ҳамма нарса гумон туюлар.

Юрагимда ўстирган гуллар
Жуда маъсум — кўрмаган завол.
Уларга дил бермоқлик оғир,
Келмагайму сенга бу малол?!

Деразамда яна ўчди шам,
Яна бир кун ўйландим узоқ.
Сенга қанча бахт тиласам, кам,
Сен яхшисан ўзимдан кўпроқ…

Мужда берди юлдузлар бугун,
Дардим осон ҳал қилди фалак.
Мен бахтиёр яшашим учун
Юрагингга кўчмоғим керак!

Юрагингга кўчмоғим керак…

* * *

Ишқ  —  толеъ  сояси, лекин ўзимас,
Ҳеч вафо кўрмадим ёлғон-ростида.
Оний бахт бўлсада туймоғинг мумкин,
Соябонсиз юрсанг ёмғир остида.

Томчида коинот ҳайратлари жам,
Сочингни титкилаб тушар юракка.
Майсага айлангинг келади баъзан,
Гоҳ сўқмоқ оралаб юрасан якка.

Инсонлик бездириб қўйса чинакам,
Бағрингга жойлагин кўк малҳамини.
Қалбингни қийнама, имконинг етмас-
Тўлдира олмайсан дунё камини.

Алдамчи сабрлар фойда бермаса,
Ёмғирга ўхшагин, ёмғирга айлан.
Томчидан қизғониб, юраги ёниб,
Сени самоларга бермасин олам.

Соябонсиз юрсанг ёмғир остида,
Бор бахтлар мўралаб боқар қалбингга.
Ёлғончи маъволар ювилиб кетар
Ва ета бошлайсан асл қадрингга.

Соябонсиз юргин ёмғир остида…

* * *

«Бетартиб журъатлар» бош кўтарган кез,
Кўнглим осмонини қоплар булутлар.
Тилимга тизилган маъсум сўзларни
Тишимга михлайди сўнгсиз  сукутлар.

Ёмғирга ҳали бор, кўклам кўп узоқ,
Лек юрак истайди илиқроқ гўша.
Совиб бораётир кўксимдаги шаън-
Сояда кўкарган майсага ўхшаб.

Иккита фаслга ўгай бўлмоқдан
Ягона маъвога боғланмоқ афзал.
Аммо сен истайсан танти бўлмоқни —
Шу икки фасл-ла ҳаётинг гўзал!

Қаҳратон ҳовури нуқсиган гуллар
Пойимга йиқилиб тўкади инжу.
Мен Мартга етишмоқ истаган эдим,
Лек Февраль бағрида асрамоқчи-ку?!

Эй менинг музларга боғланган қалбим,
Мен энди сен билан бораман қайга?
Ёмғирли кўкламу кузларни қўйиб
Биз кетиб боряпмиз мангу қор жойга…

Биз етиб боряпмиз мангу қор жойга…

* * *

Темирчи юрагим болғалаб Ишқни,
Унга сенинг гўзал Исмингни битди.
Ҳижрондан занглаган девона ҳасрат
Исминг-ла уйғониб ўзни унутди.
Дил эса…

Осмондан ёмғирмас, Меҳринг ёғади,
Кулгичлар ясайди юзимда кўзинг.
Дунёни энг тоза, покиза ҳисга
Тўлдириб келасан ёнимга ўзинг.
Кун келса…

Гуллайди кўксимда қуёшранг туйғу,
Хотирим тўфондек эгаллар ёдинг.
Оламда бисёру чиройли исм,
Лек дилни ёндирар бир сенинг отинг.
Ишқ деса…

Мен ҳали энг суюк инсон бўламан,
Сен эса бўларсан тиргак-паноҳим.
Афсона бўлмаймиз — оддий ҳикоя, —
Саодат улашса суюк Оллоҳим.-
Бахт берса…
Бахт берса…
Бахт берса…

* * *

Биламан, кўнглингиз забт этилмас ер,
Ҳеч кимга мумкинмас уни бўйламоқ.
Сиз ҳақда бошқалар нима деса, дер,
Мен учун тотлидир сизни ўйламоқ.

Аччиқ хаёлларни ҳайдаган олис —
Нурдай оқиб кирар ёдингиз ширин.
Сиз шундай яккасиз, шунчалар ёлғиз,
Сездирмай яшайсиз қалбдаги сирин.

Биламан, кўзингиз муҳаббатга зор,
Ниқоблаб олгансиз кулгуни юзга.
Тунлари ойга сир айтасиз бедор,
Лек чимдим эътибор қилмайсиз бизга.

Билмайсиз, бир қалбга бутун оламсиз,
Сиз учун ғам чекиб қийналар биров.
Ўзи жим, кўзлари сўзли одамсиз —
Нигоҳлари олов, ёдлари олов.

Бўлди, андишани йиғлатиб қўйдим,
Бебош ҳисларимнинг қўлидан тутиб.
Мен барча покиза туйғуга тўйдим,
Сиздан Меҳр кутиб, сиздан дард кутиб.

Биламан, кўнглингиз забт этилмас ер…

Эшик ҳақида 1- шеър

Қиз жуда ҳам баланд кўшкда яшарди,
Ҳаттоки булутга ўрлар томлари.
Фақат девор тинглаб ётарди ўйин
Ва ёмғир тўкарди ҳаяжонларин.

Тўлин ой юзида айбдорлик акси,
Билмайди қиз кўнглин: қайларда кезар.
Еру кўк ораси макон умрини
Қайси тош ва ёки қайси гул безар?!…

Осойиш гўшада қўзғалди бўрон,
Деворлар титради унинг дастидан.
Йигирма икки йил мудраган сўқмоқ
Кимнидир етаклар қалъа остидан.

Бегона йўловчи тикди кўзини,
Муҳташам қурилган саройга томон.
Энг баланд дераза тирқичларидан
Икки кўз боқарди сўраб ал- омон.

Ўткинчи йўналди эшикка қараб —
Кашфини кутарди норасида ҳис.
Камини тўлдирса, камаяр дунё:
Тутқичи йўқ эди эшикнинг, афсус…

Айланди атрофни излаб бир имкон,
Тепада қиз тинмай қиларди дуо.
Эй фалак, фариштанг асрадинг бунча,
Наҳот, унга бахтлар кўрмайсан раво?

Бегона тиришди борича кучи —
Тақдир таваккалга бермади тўзим.
(Эҳ ҳаёт, ўйинда ғирром ишлатма,
Ё сенинг ўрнингга ўйнайин ўзим).

Бўлмади. Кўзларда милтиради дард,
Ҳамдардлик ҳижронга сайланди шерик.
Йигитни ичкари қўймоқ истамас-
Унга душман бўлган тутқичсиз эшик…

Эшик ҳақида 2- шеър

Ромчига ҳаётин топширган инсон
Ханжарнинг устига тикар жонини.
Кундага қўйилган бошда нима ғам —
У тўйиб ҳидлайди ҳар бир онини.

Ҳаёт — йўл, четлари тиканга тўлган,
Толиққач, дам олар жон борки, тирик,
Сенга не ваъдалар қилишин билмай,
Қўнғироқ чалади саноқсиз эшик.

Мен қалбинг эшигин чертдим неча бор,
Ичкари бўшлиқми, бўлмади жавоб.
Ҳолимни кузатган тиканлар масрур,
Пойига чорлади эшикмас,  сароб.

Сен мени аямоқ истадинг, билдим,
Ичкари, сенингча, файзи йўқ гўша.
Юрагинг изғирин ўраб олгану,
Музлаб қолган қутбий юлдузга ўхшаб.

Лек менинг кўксимда гуллайди кўклам,
Нурларин қизғонмай  сочар  сен томон.
Балки, муз юрагинг эриб, ўша дам
Биз етмаган толеъ қолгайдир омон .

Билмайсан, шу қалбинг —  ўзгача дунё,
Сен билган эртаклар бариси бекор.
Йўлим ҳам қалбингда тугайди, асли,
Эшикни очмасанг, кирмайди баҳор…

Ромчига ҳаётин топширган инсон-
Лаҳзалик таваккал ичида тирик.
Йўл юриб, қалбимни кўтариб келдим,
Мени ичкарига қўйвор, эй эшик!

* * *

Оймомо сочларин тарар ҳар оқшом,
Бир гўзал сукутга бурканар олам.
Ёдимнинг энг чуқур еридан боқар
Нарвонини ойга тираган Одам.

Қалбимнинг киприкча жойида яшар —
Умидим умримни нурга ўрайди.
Баъзида ўзимни ёлғиз қолдириб,
Баъзида кўнглимдан ҳисоб сўрайди.

Фотиҳ деб билганим юрагим гоҳо,
Сиз мағлуб қошида бошин эгади.
Бегона елларни ҳайдар хаёлим
Сиз бор манзилларга оқар негадир.

Мен шеърлар атадим ўт- ўланларга,
Байтлар орасидан термулар ҳаёт.
Қоғозга қаламни теккизган пайтим,
Муҳаббат қўшиғин бошлади, наҳот?

Бўлмади. Барибир соғич сўз айтди,
Бир гўзал ҳисларга тўлиб кетди ер.
Кўксимни чимчилаб, яшашга бермас-
Сизга аталишин кутиб ётган шеър…

* * *

Ҳар нафасим  — ҳаёт учун беомон жанг,
Дуо ичра фақат эзгу ниятим бор.
Оллоҳ, агар менинг жоним олар бўлсанг,
Капалаклар ўлмайдиган жойга юбор!

Осмон — юрак харитамда яшар олам,
Садаф териб ўтай сўзнинг уммонидан.
Дунё, тўйдим ғафлатингдан, энди ҳар тонг
Уйғонайин кабутарлар азонидан.

Баҳор келди, турналар ҳам қайтди бир-бир,
Новдаларга ҳаёт расмин чизди борлиқ.
Капалакжон, қанотингда қалбим акси,
Бу оламда менга дўст йўқ сендан ортиқ.

Шивирлайди ёмғирлар ҳам бахтни куйлаб,
Кўзларимда рангланади соғинчтаъм ҳис.
Эй кабутар, юрагимни бир дам тингла —
Унда шеърлар ўқиб ётар бир дарвеш қиз.

Дунё — синов, мен билимсиз оддий толиб,
Лек ҳаётдан ҳали анча умидим бор.
Оллоҳ, агар менга толеъ  берар бўлсанг,
Хабарини капалакдан бериб  юбор,
Қанотида юрагимнинг акси бўлсин …

image.pngShoira qizim Saodatni tug‘ilgan kuni bilan chin yurakdan qutlab, unga she’r daftari yangi va hech kimnikiga o‘xshamagan satrlar bilan boyib borishini tilab qolaman. She’riyat yo‘li uzoq va mashaqqatli, Ilohim, Saodatga iroda va qat’iyat yor bo‘lsin!

Saodat Fayziyeva
SHE’RLAR
03

* * *

Xayyom ko‘zasidan to‘kilgan jolaAshampoo_Snap_2017.07.12_12h06m14s_001_.png
Sezdirmay ko‘nglimda undirdi maysa.
Injima, gar senga bo‘lgan hislarim
Etagin to‘ldirib-osmon pasaysa.

Azizim, toshdunyo toshligin qilib
Erita olmadim muzli yo‘llarni.
Bir nihol chiranib o‘sgani bilan
Qurigan biyobon o‘rmon bo‘larmi?

Qamalda ezilgan qal’adek umrim
Tilanchi qo‘lini uzatmish dardga.
Taqdir ham bir ehson qilmoqchi bo‘lib
Ko‘nglimni bog‘ladi sen kabi mardga.

Va birdan osmonda to‘lib yulduzlar,
Kulbamning toqida uxlab qoldi oy.
Mana — taklifnoma, topiladimi
Yuragingda menga qatimchalik joy?

Burilib qadamlar tashlading oldga,
Sezyapman, tillaring jimlikdan tolgan.
Ko‘zlaring tikilgan tomon qarasam,
Bir ko‘za turardi XAyyomdan qolgan.

* * *

Shamol qo‘nib o‘tdi bu kecha
Derazamning pardalariga.
Uxlamasdan termulib chiqdim
Surat — o‘tmish parchalariga.

Qo‘llarimda kulchanon ushlab
Chopqillardim-sarhadsiz qishloq.
So‘ng o‘tirib mushukchalarga
Etagimda tutardim ushoq.

Qo‘y-qo‘zini haydab dalaga
Xirgoyilar qilardim jo‘shib.
Bobom har bir ertaklariga
Aytardilar ismimni qo‘shib.

Tosh tagidan qumursqa topsam,
Avaylardim gard yuqmasin deb.
Olaparim baquvvat edi
Nonushtamning yarmisini yeb.

Nahot, o‘sha devona qizcha
Endi surat haddidan boqar?
Men o‘zimni qay shamollarga
Oldiriblar qo‘ydim bu qadar.

Ona, agar sho‘xliklar qilsam,
Baland chiqsa ingichka sasim,
Bir chiroyli qarg‘ar edingiz:
«Bolalaring senga o‘xshasin!»

Yillar o‘tgach yurakchasini
Yuvib ketsa dunyo tashvishi,
Bolam onasiday bo‘lmasin-
Buvisining qaytsin qarg‘ishi.

Shamol qo‘nib o‘tdi bu kecha
Derazamning pardalariga.
Uxlamasdan termulib chiqdim
Surat — o‘tmish parchalariga.

* * *

Saraton. Oydinga yastangan kecha.
Baqalar sozini qo‘ymay chaladi.
Ko‘ksimning qay burchi eslagan yoding
Butun vujudimga otash qaladi.

Azizim, yulduzni botirib ichdim
Tunlarning yodparast zilollariga.
Uyquni unutgan yurak topmadi
Javobni hijronning savollariga.

Birgina gapingdan tarqalgan edi
Mehr yomg‘irini yog‘dirgan abr.
Qolmoqqa imkonni bermadi menga
Ozgina intilish, sengachi — sabr.

Esimda:xotirjam termulib turib
Asta qoqib qo‘yding nimjon yelkamni.
Bolani ovutgan odamdek deding:
«Mening shevam ishqdir, tushunasanmi?»

Ikkiga bo‘lindi yolg‘izoyoq yo‘l,
Seni dunyoyimda uchratmadim hech.
Sen aytgan shevani o‘rganganimda
Afsuski, bo‘lgandi juda-juda kech…

* * *

Kech kuzakning bog‘lari aro
Saratonning shamoli yeldi.
Yuragimga telba noyabr
Sening isming yonida keldi.

Mehmon ulug‘, ostonaginam
Qaytarmadi o‘ziga yotni.
Va bu kelish o‘zgarishlarga
Duchor qildi kamgap hayotni.

Asov bo‘ynim egilmoqlikka
Tasodifan qildi-ya jazm.
Qo‘llaringda yonib turganda
Bir dasta gul va Usmon Azim.

* * *

Kuz — ko‘nglim egizi, mehribon faslim,
So‘lim hislar bilan kirgan dilimga.
Ikki tarafimdan alp askarlari
Yuraklarin uzib otar yo‘limga.

Zobit daraxtlarim, mard daraxtlarim,
Vujudi mung bilan yuvilgan jonlar.
Sabrga sig‘inib baxtga yetmoqni
Sizdan o‘rgansaydi g‘ofil insonlar.

Azizim, yoshimdan ozorlanmang hech,
Ko‘ngil to‘lgan payti bo‘shatish aybmi?
Qanday kuyinmasdan kuzatib bo‘lar
Poyimda yiqilib jon bergan bargni?!

* * *

Avgust — ko‘zi suzilgan malak,
O‘smalari endi qoshimga.
Yoshim bilmas qizaloq edim,
Kelinro‘mol tushdi boshimga.

Dada, qarang ko‘zimda yosh yo‘q,
Aytgandingiz:”yig‘lamagin”,-deb.
Onam bilan kulishlaringiz
Qizingizga eng bebaho sep.

Ona, darcha ochiq qolibdi,
Nahot, meni kutyapsiz intiq?
Mehmon qizim kelishlariga
Nima ovqat qilsam deb tansiq.

Ukam bo‘yi chinor bo‘libdi,
Bobojonim tilaklaridan.
Kecha shotut terib yurardi
Opasining etaklaridan.

Qaldirg‘ochdek uchirim bo‘lib,
Ko‘chib ketdik o‘zga manzilga.
Bir g‘alati sog‘inishlardan
Shirin tashvish kirarkan dilga.

Ona qishloq erkatoyginang
O‘choq yoqib, dudlar chiqardi.
Yonida sen tilaganingdek
Suyanch erur dunyoning mardi.

Avgust — uzun kokilli go‘zal,
Popugidan rayhon yasaydi.
Ona, sizning tanti qizingiz
Endi yangi uyni bezaydi….

* * *

Kuzgi bog‘lar oralab yurding,
Vujudingni chulg‘adi shamol.
Yelkangdagi qanotsiz munging
Pichirladi:”Yo‘ldoshim, xush qol”.

Qulog‘ingda saslandi navo,
Ko‘klam bo‘lib yayradi qalbing.
Qanday yaxshi… yolg‘izligingdan
Chorak asr o‘tib zerikding.

Boqsang, osmon yashar tepangda,
Sen sezmagan qancha gullar bor.
Bulutlarga termulib deding:
«Kunlarim-ay o‘tibdi bekor…»

Fasllarga bosh qo‘yib jimjit,
Xayolingga botirding umid.
Endi hamma qorong‘u o‘ylar
Isming bilan kelar bo‘ldi zid.

Senga hayot go‘zalligini
Anglatmoqchi bo‘ldi muhabbat.
Behisht ko‘ngling to‘ridan menga
Joy berganing uchun ming rahmat!…

* * *

Ko‘zlaringda bitdim,to‘kildi jonim,
Vujudim sochildi yo‘qlik qa’riga.
Oqlikka aylandi har lahza-onim,
Ajab, o‘tolmadim g‘amdan nariga.

Nigohingda yondim, lovullab yondim,
Otashidan dardim bolalab ketdi.
Qaldirg‘och qoshlaring — qalbimga qattol,
Yoshlarim yomg‘irday jolalab ketdi.

Meni qaynoq otash bag‘riga bosur,
Farishtalar chorlar bulutlar tomon.
Sen kimsan… — qalbimning qotili yo hur?
Junun ruhim tilar sendan al- omon.

Bir kun qaqnus bo‘lib qaytgum yoningga,
Nigohingni yana bir ko‘rmoq uchun.
Yolg‘iz men ziyobon bo‘lay joningga,
Ming o‘limdan bitta nazaring ustun.

Mayli, nigohingda yonayin takror,
Sening qalbing menga behishtdir, ey yor…

* * *

Dekabrning ostonasida
Barglar ma’sum titraydi dir-dir.
Kuz tashlagan bog‘larga qishni
Sekin boshlab kirmoqda yomg‘ir.

Unut bo‘lgan xotira yanglig‘
Osmon bir dam xo‘rsinib qo‘yar.
Sog‘intirgan yori kelganday
Tomchi yerni shodlikka bo‘yar.

Yuraklarga oqib kirar ishq-
Ko‘kka eltar eshiklar ochiq.
Eng qadrli insonin sira
Tashlab ketay demaydi sanchiq.

Yomg‘ir bilan og‘riq orasi
Juda yaqin bo‘lib ketadi.
Ko‘zlar agar osmonni ko‘rsa,
Ko‘ngil, albat, baxtga yetadi.

Dekabrga tahsinlar o‘qib
Kutib olsam bo‘larmi baxtni?!
Yo o‘zimni qorga topshirib
Xursand qilib qo‘ysammi vaqtni?

* * *

Derazangda yana o‘chdi sham…
Muslimbek Musallam

Derazamda yana o‘chdi sham,
Dildagi o‘t o‘chgani misol.
Men-la dardni ko‘rgani baham
Ko‘kdan ma’yus termular hilol.

Mendan goho ranjiysan juda,
Mehr kutib bo‘lasan ado.
Sen bilmaysan, yuragim zada —
Mehrsizga to‘lgan bu dunyo.

Derazamda yana o‘chdi sham,
Qalbga yomg‘ir kuyi quyilar.
Ko‘zing sira aldamasa ham,
Hamma narsa gumon tuyular.

Yuragimda o‘stirgan gullar
Juda ma’sum — ko‘rmagan zavol.
Ularga dil bermoqlik og‘ir,
Kelmagaymu senga bu malol?!

Derazamda yana o‘chdi sham,
Yana bir kun o‘ylandim uzoq.
Senga qancha baxt tilasam, kam,
Sen yaxshisan o‘zimdan ko‘proq…

Mujda berdi yulduzlar bugun,
Dardim oson hal qildi falak.
Men baxtiyor yashashim uchun
Yuragingga ko‘chmog‘im kerak!

Yuragingga ko‘chmog‘im kerak…

* * *

Ishq — tole’ soyasi, lekin o‘zimas,
Hech vafo ko‘rmadim yolg‘on-rostida.
Oniy baxt bo‘lsada tuymog‘ing mumkin,
Soyabonsiz yursang yomg‘ir ostida.

Tomchida koinot hayratlari jam,
Sochingni titkilab tushar yurakka.
Maysaga aylanging keladi ba’zan,
Goh so‘qmoq oralab yurasan yakka.

Insonlik bezdirib qo‘ysa chinakam,
Bag‘ringga joylagin ko‘k malhamini.
Qalbingni qiynama, imkoning yetmas-
To‘ldira olmaysan dunyo kamini.

Aldamchi sabrlar foyda bermasa,
Yomg‘irga o‘xshagin, yomg‘irga aylan.
Tomchidan qizg‘onib, yuragi yonib,
Seni samolarga bermasin olam.

Soyabonsiz yursang yomg‘ir ostida,
Bor baxtlar mo‘ralab boqar qalbingga.
Yolg‘onchi ma’volar yuvilib ketar
Va yeta boshlaysan asl qadringga.

Soyabonsiz yurgin yomg‘ir ostida…

* * *

«Betartib jur’atlar» bosh ko‘targan kez,
Ko‘nglim osmonini qoplar bulutlar.
Tilimga tizilgan ma’sum so‘zlarni
Tishimga mixlaydi so‘ngsiz sukutlar.

Yomg‘irga hali bor, ko‘klam ko‘p uzoq,
Lek yurak istaydi iliqroq go‘sha.
Sovib borayotir ko‘ksimdagi sha’n-
Soyada ko‘kargan maysaga o‘xshab.

Ikkita faslga o‘gay bo‘lmoqdan
Yagona ma’voga bog‘lanmoq afzal.
Ammo sen istaysan tanti bo‘lmoqni —
Shu ikki fasl-la hayoting go‘zal!

Qahraton hovuri nuqsigan gullar
Poyimga yiqilib to‘kadi inju.
Men Martga yetishmoq istagan edim,
Lek Fevral bag‘rida asramoqchi-ku?!

Ey mening muzlarga bog‘langan qalbim,
Men endi sen bilan boraman qayga?
Yomg‘irli ko‘klamu kuzlarni qo‘yib
Biz ketib boryapmiz mangu qor joyga…

Biz yetib boryapmiz mangu qor joyga…

* * *

Temirchi yuragim bolg‘alab Ishqni,
Unga sening go‘zal Ismingni bitdi.
Hijrondan zanglagan devona hasrat
Isming-la uyg‘onib o‘zni unutdi.
Dil esa…

Osmondan yomg‘irmas, Mehring yog‘adi,
Kulgichlar yasaydi yuzimda ko‘zing.
Dunyoni eng toza, pokiza hisga
To‘ldirib kelasan yonimga o‘zing.
Kun kelsa…

Gullaydi ko‘ksimda quyoshrang tuyg‘u,
Xotirim to‘fondek egallar yoding.
Olamda bisyoru chiroyli ism,
Lek dilni yondirar bir sening oting.
Ishq desa…

Men hali eng suyuk inson bo‘laman,
Sen esa bo‘larsan tirgak-panohim.
Afsona bo‘lmaymiz — oddiy hikoya, —
Saodat ulashsa suyuk Ollohim.-
Baxt bersa…
Baxt bersa…
Baxt bersa…

* * *

Bilaman, ko‘nglingiz zabt etilmas yer,
Hech kimga mumkinmas uni bo‘ylamoq.
Siz haqda boshqalar nima desa, der,
Men uchun totlidir sizni o‘ylamoq.

Achchiq xayollarni haydagan olis —
Nurday oqib kirar yodingiz shirin.
Siz shunday yakkasiz, shunchalar yolg‘iz,
Sezdirmay yashaysiz qalbdagi sirin.

Bilaman, ko‘zingiz muhabbatga zor,
Niqoblab olgansiz kulguni yuzga.
Tunlari oyga sir aytasiz bedor,
Lek chimdim e’tibor qilmaysiz bizga.

Bilmaysiz, bir qalbga butun olamsiz,
Siz uchun g‘am chekib qiynalar birov.
O‘zi jim, ko‘zlari so‘zli odamsiz —
Nigohlari olov, yodlari olov.

Bo‘ldi, andishani yig‘latib qo‘ydim,
Bebosh hislarimning qo‘lidan tutib.
Men barcha pokiza tuyg‘uga to‘ydim,
Sizdan Mehr kutib, sizdan dard kutib.

Bilaman, ko‘nglingiz zabt etilmas yer…

Eshik haqida 1- she’r

Qiz juda ham baland ko‘shkda yashardi,
Hattoki bulutga o‘rlar tomlari.
Faqat devor tinglab yotardi o‘yin
Va yomg‘ir to‘kardi hayajonlarin.

To‘lin oy yuzida aybdorlik aksi,
Bilmaydi qiz ko‘nglin: qaylarda kezar.
Yeru ko‘k orasi makon umrini
Qaysi tosh va yoki qaysi gul bezar?!…

Osoyish go‘shada qo‘zg‘aldi bo‘ron,
Devorlar titradi uning dastidan.
Yigirma ikki yil mudragan so‘qmoq
Kimnidir yetaklar qal’a ostidan.

Begona yo‘lovchi tikdi ko‘zini,
Muhtasham qurilgan saroyga tomon.
Eng baland deraza tirqichlaridan
Ikki ko‘z boqardi so‘rab al- omon.

O‘tkinchi yo‘naldi eshikka qarab —
Kashfini kutardi norasida his.
Kamini to‘ldirsa, kamayar dunyo:
Tutqichi yo‘q edi eshikning, afsus…

Aylandi atrofni izlab bir imkon,
Tepada qiz tinmay qilardi duo.
Ey falak, farishtang asrading buncha,
Nahot, unga baxtlar ko‘rmaysan ravo?

Begona tirishdi boricha kuchi —
Taqdir tavakkalga bermadi to‘zim.
(Eh hayot, o‘yinda g‘irrom ishlatma,
Yo sening o‘rningga o‘ynayin o‘zim).

Bo‘lmadi. Ko‘zlarda miltiradi dard,
Hamdardlik hijronga saylandi sherik.
Yigitni ichkari qo‘ymoq istamas-
Unga dushman bo‘lgan tutqichsiz eshik…

Eshik haqida 2- she’r

Romchiga hayotin topshirgan inson
Xanjarning ustiga tikar jonini.
Kundaga qo‘yilgan boshda nima g‘am —
U to‘yib hidlaydi har bir onini.

Hayot — yo‘l, chetlari tikanga to‘lgan,
Toliqqach, dam olar jon borki, tirik,
Senga ne va’dalar qilishin bilmay,
Qo‘ng‘iroq chaladi sanoqsiz eshik.

Men qalbing eshigin chertdim necha bor,
Ichkari bo‘shliqmi, bo‘lmadi javob.
Holimni kuzatgan tikanlar masrur,
Poyiga chorladi eshikmas, sarob.

Sen meni ayamoq istading, bildim,
Ichkari, seningcha, fayzi yo‘q go‘sha.
Yuraging izg‘irin o‘rab olganu,
Muzlab qolgan qutbiy yulduzga o‘xshab.

Lek mening ko‘ksimda gullaydi ko‘klam,
Nurlarin qizg‘onmay sochar sen tomon.
Balki, muz yuraging erib, o‘sha dam
Biz yetmagan tole’ qolgaydir omon .

Bilmaysan, shu qalbing — o‘zgacha dunyo,
Sen bilgan ertaklar barisi bekor.
Yo‘lim ham qalbingda tugaydi, asli,
Eshikni ochmasang, kirmaydi bahor…

Romchiga hayotin topshirgan inson-
Lahzalik tavakkal ichida tirik.
Yo‘l yurib, qalbimni ko‘tarib keldim,
Meni ichkariga qo‘yvor, ey eshik!

* * *

Oymomo sochlarin tarar har oqshom,
Bir go‘zal sukutga burkanar olam.
Yodimning eng chuqur yeridan boqar
Narvonini oyga tiragan Odam.

Qalbimning kiprikcha joyida yashar —
Umidim umrimni nurga o‘raydi.
Ba’zida o‘zimni yolg‘iz qoldirib,
Ba’zida ko‘nglimdan hisob so‘raydi.

Fotih deb bilganim yuragim goho,
Siz mag‘lub qoshida boshin egadi.
Begona yellarni haydar xayolim
Siz bor manzillarga oqar negadir.

Men she’rlar atadim o‘t- o‘lanlarga,
Baytlar orasidan termular hayot.
Qog‘ozga qalamni tekkizgan paytim,
Muhabbat qo‘shig‘in boshladi, nahot?

Bo‘lmadi. Baribir sog‘ich so‘z aytdi,
Bir go‘zal hislarga to‘lib ketdi yer.
Ko‘ksimni chimchilab, yashashga bermas-
Sizga atalishin kutib yotgan she’r…

* * *

Har nafasim — hayot uchun beomon jang,
Duo ichra faqat ezgu niyatim bor.
Olloh, agar mening jonim olar bo‘lsang,
Kapalaklar o‘lmaydigan joyga yubor!

Osmon — yurak xaritamda yashar olam,
Sadaf terib o‘tay so‘zning ummonidan.
Dunyo, to‘ydim g‘aflatingdan, endi har tong
Uyg‘onayin kabutarlar azonidan.

Bahor keldi, turnalar ham qaytdi bir-bir,
Novdalarga hayot rasmin chizdi borliq.
Kapalakjon, qanotingda qalbim aksi,
Bu olamda menga do‘st yo‘q sendan ortiq.

Shivirlaydi yomg‘irlar ham baxtni kuylab,
Ko‘zlarimda ranglanadi sog‘inchta’m his.
Ey kabutar, yuragimni bir dam tingla —
Unda she’rlar o‘qib yotar bir darvesh qiz.

Dunyo — sinov, men bilimsiz oddiy tolib,
Lek hayotdan hali ancha umidim bor.
Olloh, agar menga tole’ berar bo‘lsang,
Xabarini kapalakdan berib yubor,
Qanotida yuragimning aksi bo‘lsin …

03

(Tashriflar: umumiy 578, bugungi 1)

Izoh qoldiring