Sirojiddin Ibrohim. Rubob bilan vals

Ashampoo_Snap_2016.09.17_21h51m42s_005_.png     “Истеъдод билан учрашиш байрам!” деган ибора топиб айтилган. Машҳур санъаткор Ботир Зокиров рассом Рўзи Чориевга ёзган шахсий мактубида таъкид этганидек: “Бетховен ва Мажнунлар ҳақида ўқиш, эшитиш бошқа-ю, уни шахсан билиш, у билан кўришиб туриш, у билан ёнма-ён яшаш, булар ҳам камлик қилгандай киши ўзини унинг дўсти деб ҳисоблаши бутунлай бошқа гап.

Гапимга ишон, бу Мажнун бугунги кунимизда кўпчиликка, жуда кўпчиликка керак. Бундай Мажнун кишининг покланиши, бошқаларни ҳам поклаши, истеъдодсизлик, меҳрсизлик, эҳтиёткорликка қарши нафрати янада ошиши учун ҳам ЗАРУР! Сенга муҳтож бўлган ана шундай кўпчиликнинг биттаси мен эдим…”

Сирожиддин ИБРОҲИМ
РУБОБ БИЛАН ВАЛЬС
ёхуд темир йўл шпалларига қоқилиб эргашган туйғулар
03

IMG_20160221_162256.jpgАйни тонг ва шом палласида “Термиз – Сариосиё” поезди оғир садо берганча шаҳар вокзалига келиб тўхтайди. Ичидан оломон қуйилади. Инсонга берилган умр сафари бемазмун бўлмаганидек, бу йўлга чиққанларнинг ҳам шаҳарга ташрифдан ўз муддаоси бор. Ушбу поезд йўловчиларининг асосий қисми эса ўқиш, ўзлигини топиш илинжида келган ёшлар. Уларнинг аксарияти бунда ниятига эришса, аксариятига эса на ўзи орзулаган соҳа вакили бўлиб етишади, на қишлоққа бегидир қалбларини қайтариб олиб кета олади. Қолганлари амаллаб дипломни қўлга киритиб, тирикчиликнинг йўриғига тушиб, майда қадамлар билан охирги манзилга қадар йўрғалайди. Мана шу тоифанинг сони кўпчиликни ташкил қилади…

Комронжон ҳам юк-у жомасини елкалаб Термизга келганларнинг бири. Кўнглида ўзи яхши кўриб ўқийдиган шеърдаги мисол “Темирйўл шпалларига қоқилиб” эргашган нималарнидир олиб юргани аниқ. Бу “нималар” ўзининг, (ота-онасининг) ёруғ орзуларидир, эҳтимол.

Аксарият ёзадиганлар атрофидаги одамлар ҳақида сўз айтишга қўрқади. Боиси, вақт ўтиб, қаҳрамонларида ўзи сифатлаган фазилатларнинг тамоман аксини кўриш дилгир қилиб қўйган уларни. Бундай воқеалар кўп бўлмаса-да, менинг ҳам бошимдан ўтган. Бироқ ишончсиз ва севгисиз яшаш инсоннинг (эҳтимол, фақат юрак измидаги кишиларнингдир) фалокати эканлигига энди шубҳам қолмаган. Демак, ишониш ва севишда бардавом бўлишдан ўзга тўғри йўл йўқ.

“Истеъдод билан учрашиш байрам!” деган ибора топиб айтилган. Машҳур санъаткор Ботир Зокиров рассом Рўзи Чориевга ёзган шахсий мактубида таъкид этганидек: “Бетховен ва Мажнунлар ҳақида ўқиш, эшитиш бошқа-ю, уни шахсан билиш, у билан кўришиб туриш, у билан ёнма-ён яшаш, булар ҳам камлик қилгандай киши ўзини унинг дўсти деб ҳисоблаши бутунлай бошқа гап. Гапимга ишон, бу Мажнун бугунги кунимизда кўпчиликка, жуда кўпчиликка керак. Бундай Мажнун кишининг покланиши, бошқаларни ҳам поклаши, истеъдодсизлик, меҳрсизлик, эҳтиёткорликка қарши нафрати янада ошиши учун ҳам ЗАРУР! Сенга муҳтож бўлган ана шундай кўпчиликнинг биттаси мен эдим…”

Менингча ҳам, истеъдод эгаси бўлган беғубор қалб соҳиби билан нурли суҳбатлардан кўра севимлироқ нарса йўқ, асло йўқ! Ёш созанда Комрон Мелиқуловни ана шундай самимияти кўнгилни мунаввар қиладиган кишилар қаторида кўраман. Аввалига, ўзим билан ўзим бўлиб, унга яхшироқ эътибор бермадим, яқиндан суҳбатлашолмадим. Бир куни вилоят телевидениесининг ҳар куни эфирга узатиладиган, ёш созандалар ижро этган куйлар асосида тайёрланадиган “Соз сеҳри” телесаҳифасини тасвирга олиш ишлари билан банд бўлиб турганимда энг фаол ижрочилардан бўлган Комрон ёнимга ниманидир сўрамоқчи бўлиб келди-да, тожикчалаб: “Сиз ҳам тожиксиз-а?” деди. Ёдимда бирдан адабий гурунгларда эшитганим машҳур ёзувчи, устоз Эркин Аъзам билан бўлган воқеа жонланди. Устоз энди олийгоҳни тамомлаб, республика радиосига ишга борган пайти, анча танилиб қолган ёзувчи, радиода масъул вазифада ишлаётган Омон Мухторга кўнглини яқин ҳис этгиси келадими, тожик тилида гапиради. Ўша пайт собиқ иттифоқ ҳукмронлигининг гуллаган даврлари, дарровгина “миллатчилик” айбини тақаб қўйишдан осони йўқ. Омон Мухтор Эркин Аъзамга бу ҳолатни атрофдагилар билиб қолишса, иккаласига ҳам ёмон бўлишини тушунтириб қўяди.

Хуллас, шундан сўнг Комронни яқиндан билгим келиб қолди. Йўқ, у тожикча гапиргани учунмас. (Бўлмаса, теварагингда тожикча гапирадиган озми?!) Балки, юқори даражадаги самимиятини кўриб, менда шу истак уйғонди. Қолаверса, қалби бегидир, гўзал фазилатлари бисёр инсонни ўзинг учун кашф этишдан яхшироқ иш бор эканми?

Комрон Сариосиё туманида санъаткор оиласида туғилиб ўсди. Отаси Нурали ака ўз ижроси билан воҳага танилган, элнинг яхши кунларида ҳамон уларнинг хизматида. Санъаткорлик қон орқали ўтган Комронда қашқар рубобига қизиқиш уйғонди. Унинг қалби уйи яқинида янги қурилган болалар мусиқа ва санъат мактабига талпинарди. Ўқитувчи аммаси Маҳфират опа жиянининг иқтидори ва иштиёқига ҳавас билан аҳд қилди: “Сени шу мактабда ўзим ўқитаман! Зўр санъаткор бўлиб етишганингда аммангни эслаб юрасан…” Шу тариқа Комронжон берилиб соз ижросини ўрганишга киришди.

Термиз санъат коллежида фаолият юритаётган таниқли созанда ва педагог Нормурод Бакаровни санъатга яқин одамларнинг кўпчилиги танишади. У киши қашқар рубоби созандалиги бўйича яхши мутахассисларни тайёрлаган. Комронжон ҳам устанинг қўлида малакасини оширишни режа қилади ва мактабни тамомлаб, коллежга ўқишга киради. Аммо, доим ҳам биз истагандек бўлавермагани каби унинг номи ҳам бошқа ўқитувчининг синфига ёзилади…

Нормурод Бакаровнинг синфхонаси эшигида ўпкаси тўлган бола истиҳола ила пайдо бўлади.

— Мен сизнинг қўлингизда ўқийман деб келгандим. Бўлмаса, бу коллежга келишимдан нима наф?..

Бу синиқлик билан, аммо қатъий қўйилган савол туфайли Нормурод ака қай йўсинда йўл тутишни билмай, боши қотади. Ҳамкасбидан ўқувчисини қандай қилиб тортиб олади? Болага ҳам рад жавоби бериб бўлмайди… Комроннинг иштиёқини ҳамда ижро маҳоратини кўради ва исми шарифи ўқитувчисининг журналида турса-да, унга ўзининг дарсларида иштирок этишга рухсат беради. Иккинчи курсдан эса расмий равишда уни ўз синфига ўтказиб олади.

Жуда жиддий тарзда Комрон билан санъат, инсонийлик ва, умуман, ибтидосидан интиҳосига қадар сирли бўлган ҳаёт ҳақида узоқ суҳбатлар қиламиз. Бунда кўпроқ мен гапираман, у тинглайди. Гоҳ-гоҳида савол бериб қўяди.

Санъаткорнинг (шоир, ёзувчи, актёр, қўшиқчи, созанда, рассом… умуман истеъдодли одам деб тушунинг) жамиятдаги ўрни, унинг вазифаси ҳақида сўзлашарканмиз, мен унга (юқорида озроқ ҳавола этилган) Ботир Зокировнинг Рўзи Чориевга йўллаган мактубидан иқтибос келтираман.

“Сен ҳеч ким бошқа бировнинг ҳаётига бурнини тиқмаслиги керак, дейсан. Жуда тўғри! Ҳар ким ўзича, ўз виждони, номуси, ақли ва эҳтиёжига қараб яшайди. Бироқ, айрим кишиларда булардан ташқари муқаддас бурч ҳам бўлади…” Бу муқаддас бурч санъаткорнинг ўз истеъдоди билан одамларни ғафлатдан уйғотиши, нафрат, меҳрсизлик ва виждонсизликдан асраб қолиши ҳамда гўзалликка ошно этишидир…

— Самимий дўстлик баҳоси йўқ туйғу. Сизнинг ҳам чин дўстингиз борми, Комронжон?
— Ҳа, бор…

Унинг кимлиги билан қизиқмайман. Яна саволга ўтаман.

— Дўстингизни ўзингиздан ҳам кўпроқ яхши кўра оласизми? Унинг манфаатларини ўзингизникидан устун қўёласизми? Дейлик, ўз соҳангиз бўйича катта бир конкурсга отланиб турибсиз. Дўстингиз эса моддий имконсизлиги туфайли қаттиқ қийналаяпти. Лекин сизда ўзингизга етарли маблағдан ортиқчаси йўқ. Ўша пулларни заррача оғринмай унга тутқазиб юборишга журъат қалай бўлади?

Ерга тикилиб турган Комрон ўйчан ҳолда менга назар солади:
— Ҳа, албатта, бераман, ака!.. Бундан бошқача йўл тутгач кўнгил ором топмайди.

Шу орада Комроннинг телефонига қўнғироқ келади.

— Тошкентда ўқийдиган бир синфдошим. Ҳар куни телефон қилади. Ҳеч мослашолмайдими, қишлоқни, силарни соғиндим, дейди. Сўнг гапирмай ўтираверади. Нима дейишимниям билмайман.

— Менинг ҳам бир синфдошим, яқин дўстим бор, исми Нурмуҳаммад. (Нурмуҳаммад билан Комрон кейин Зарабоғда кўришишди. Комрон бу афандинамо ошнамнинг гап-сўзларини Термизга келиб ҳам эслатиб юради.) Тўрт йил Тошкентда ўқиб ҳам шаҳарга ҳеч сингишолмади. Ҳар уйига қайтгунча қанот боғлаб учиб келса, ўқишга кетгунича елкасига ботмон-ботмон юк босилгандай залворли бўлиб қолади. Кайфият ҳам шунга монанд… Синфдошингизнинг ҳолатини тасаввур қила оламан… У ҳасратларини сизга сўзсиз айтаётган бўлади. Усмон Азимнинг сатри бор-ку: “Сенга айтадиган сўзим қолмади, Сенга айтадиган жимликларим бор…”, дейилган. Сиз қандай қилиб бўлса ҳам унинг кўнглига суянч бўладиган сўзларни топиб айтинг!

— Шу… гапга қийналаман-да, ака, — дейди Комрон мустарроқ бўлиб.

Чин сўзимга ҳазилнамо, қувноқроқ оҳанг бериб, дейман:
— Ана шунинг учун адабиётни ўқиш керак, ошна. Инсонни ўрганиш керак. Санъаткорнинг қизиқишлар доираси чегараланмаслиги лозим. Ўз қобиғига ўралиб олган истеъдоддан ҳеч нима кутиб бўлмайди. Нафақат атрофингдаги одамларнинг, балки дов-дарахту тоғу тошларнинг ҳам дардини, шу ҳолатда вужудида қандай туйғу кечаётганини ҳис қилиб шеър ёзиш, қўшиқ айтиш, куй чалиш, расм солиш… ҳақиқий санъаткорлик, истеъдодни ўраши мумкин бўлган қобиқларнинг парчаланишидир…

Гап айланиб яна савол бераман:
— Уйингизни соғинасизми, Комронжон? Термизга илк келганингизда мослашиш қандай бўлган?

— Жуда қайтиб кетгим келарди. Ака, сизга бир нарсани айтаман, лекин кулмайсиз. Уйдан онам бериб юборган конфетларни егач, қоғозини Термизнинг кўчаларига ташлагим келмасди. Гўёки улар уйни соғинадигандек, бу ерларда қолса, азоб тортадигандек… ҳаммасини сумкамга солиб, уйга олиб бориб, ўша ёққа тўкардим. Термизда қолдириб кетишга кўнглим бўлмасди.

— Э, қойил-е, аллақачон қобиқдан чиқиб олган экансиз-ку! Конфет қоғозларнинг ҳам “оғриғи”ни ҳис қилибсиз-а!

Менга қўшилиб Комрон ҳам жилмаяди.
— Барибир кулдингиз-а…

Йўқ, ҳақиқатан ҳам Комрон ўз қобиғига ўралиб қолмаган истеъдод. У куй ижро этганда, бутун борлиғи оҳанг оғушида қолади. “Соз сеҳри” телесаҳифасида “Валенки” куйини ижро этганини кўриб, воқеа-ҳодисаларга жуда таъсирчан укам Солеҳ ажойиб бир ибора ишлатди: “Комрон худди рубоб билан вальсга тушаётганга ўхшайди”. Эътибор бериб қарасам, ижро давомида нозик тебраниб, ростдан ҳам рубоб билан вальсга тушаётгандек.

Бўлди, дедим. Энди Комрон ҳақида ёзадиган мақоламга “Рубоб билан вальс” деб ном бераман… Дардлашганимизда бир қизни етти йил яхши кўрганимни, эрга тегиб кетганини айтиб, камига оҳангдор қилиб: “Мени етти йиллаб суйдирган гулни, Мени етти йиллаб куйдирган гулни, Энг ширин азоблар туйдирган гулни…”, дея ўша пайтлар ёзилган аламли сатрларни айтгандим, бехосдан у: “Бизни ҳам “стаж” етти йил” деди кулиб… Шундан кейин мен ҳеч қизга кўнгил беролмаганимдек, у ҳам бошқасини севолмабди. Ўзи буржимиз ҳам бир хил. Ўхшашликларимиз ҳам кўп экан.

Мен шеърни севаман, сиз рубоб билан вальсга тушиб юраверасиз. Мана шу ҳақиқий санъаткор тақдири. Ўзгаларни юрагини ёқишдан олдин ўзингнинг юрагинг ёниши керак-да. Бошқа нарсалар учун куйишни аёлга бўлган муҳаббатинг бежавоб қолгандан кейин ўрганасан…

Мухтасар мақола сўнггида Комронжонга айтгим келади: “Термиз-Сариосиё” поездида келадиганлар кўп, аммо Комрон, яъни сиз битта. Бу темирйўл сизни шаҳри азим Тошкентга, ундан бошқа мамлакатларга ҳам олиб чиқиши мумкин. Фақат бир нарсани асранг – шпалларга қоқилиб, ортингиздан югурган туйғуларни. Чунки уларни Яратган зот қайта-қайта юбормайди. Сиз у туйғуларга кўнглингизнинг тўридан жой беринг, улар сизни одам тўла ер юзида битта Комрон бўлиб қолишингизга, ўзингизни, ўзлигингизни асрашингизга ёрдам беради.

Манба: «Сурхон ёшлари», 15 апрель 2016 йил

IMG_1550.JPG

Sirojiddin IBROHIM
RUBOB BILAN VALS
yoxud temir yo’l shpallariga qoqilib ergashgan tuyg’ular
03

16_a.jpgAyni tong va shom pallasida “Termiz – Sariosiyo” poezdi og’ir sado bergancha shahar vokzaliga kelib to’xtaydi. Ichidan olomon quyiladi. Insonga berilgan umr safari bemazmun bo’lmaganidek, bu yo’lga chiqqanlarning ham shaharga tashrifdan o’z muddaosi bor. Ushbu poezd yo’lovchilarining asosiy qismi esa o’qish, o’zligini topish ilinjida kelgan yoshlar. Ularning aksariyati bunda niyatiga erishsa, aksariyatiga esa na o’zi orzulagan soha vakili bo’lib yetishadi, na qishloqqa begidir qalblarini qaytarib olib keta oladi. Qolganlari amallab diplomni qo’lga kiritib, tirikchilikning yo’rig’iga tushib, mayda qadamlar bilan oxirgi manzilga qadar yo’rg’alaydi. Mana shu toifaning soni ko’pchilikni tashkil qiladi…

Komronjon ham yuk-u jomasini yelkalab Termizga kelganlarning biri. Ko’nglida o’zi yaxshi ko’rib o’qiydigan she’rdagi misol “Temiryo’l shpallariga qoqilib” ergashgan nimalarnidir olib yurgani aniq. Bu “nimalar” o’zining, (ota-onasining) yorug’ orzularidir, ehtimol.

Aksariyat yozadiganlar atrofidagi odamlar haqida so’z aytishga qo’rqadi. Boisi, vaqt o’tib, qahramonlarida o’zi sifatlagan fazilatlarning tamoman aksini ko’rish dilgir qilib qo’ygan ularni. Bunday voqealar ko’p bo’lmasa-da, mening ham boshimdan o’tgan. Biroq ishonchsiz va sevgisiz yashash insonning (ehtimol, faqat yurak izmidagi kishilarningdir) falokati ekanligiga endi shubham qolmagan. Demak, ishonish va sevishda bardavom bo’lishdan o’zga to’g’ri yo’l yo’q.

“Iste’dod bilan uchrashish bayram!” degan ibora topib aytilgan. Mashhur san’atkor Botir Zokirov rassom Ro’zi Chorievga yozgan shaxsiy maktubida ta’kid etganidek: “Betxoven va Majnunlar haqida o’qish, eshitish boshqa-yu, uni shaxsan bilish, u bilan ko’rishib turish, u bilan yonma-yon yashash, bular ham kamlik qilganday kishi o’zini uning do’sti deb hisoblashi butunlay boshqa gap. Gapimga ishon, bu Majnun bugungi kunimizda ko’pchilikka, juda ko’pchilikka kerak. Bunday Majnun kishining poklanishi, boshqalarni ham poklashi, iste’dodsizlik, mehrsizlik, ehtiyotkorlikka qarshi nafrati yanada oshishi uchun ham ZARUR! Senga muhtoj bo’lgan ana shunday ko’pchilikning bittasi men edim…”

Meningcha ham, iste’dod egasi bo’lgan beg’ubor qalb sohibi bilan nurli suhbatlardan ko’ra sevimliroq narsa yo’q, aslo yo’q! Yosh sozanda Komron Meliqulovni ana shunday samimiyati ko’ngilni munavvar qiladigan kishilar qatorida ko’raman. Avvaliga, o’zim bilan o’zim bo’lib, unga yaxshiroq e’tibor bermadim, yaqindan suhbatlasholmadim. Bir kuni viloyat televideniesining har kuni efirga uzatiladigan, yosh sozandalar ijro etgan kuylar asosida tayyorlanadigan “Soz sehri” telesahifasini tasvirga olish ishlari bilan band bo’lib turganimda eng faol ijrochilardan bo’lgan Komron yonimga nimanidir so’ramoqchi bo’lib keldi-da, tojikchalab: “Siz ham tojiksiz-a?” dedi. Yodimda birdan adabiy gurunglarda eshitganim mashhur yozuvchi, ustoz Erkin A’zam bilan bo’lgan voqea jonlandi. Ustoz endi oliygohni tamomlab, respublika radiosiga ishga borgan payti, ancha tanilib qolgan yozuvchi, radioda mas’ul vazifada ishlayotgan Omon Muxtorga ko’nglini yaqin his etgisi keladimi, tojik tilida gapiradi. O’sha payt sobiq ittifoq hukmronligining gullagan davrlari, darrovgina “millatchilik” aybini taqab qo’yishdan osoni yo’q. Omon Muxtor Erkin A’zamga bu holatni atrofdagilar bilib qolishsa, ikkalasiga ham yomon bo’lishini tushuntirib qo’yadi.

Xullas, shundan so’ng Komronni yaqindan bilgim kelib qoldi. Yo’q, u tojikcha gapirgani uchunmas. (Bo’lmasa, tevaragingda tojikcha gapiradigan ozmi?!) Balki, yuqori darajadagi samimiyatini ko’rib, menda shu istak uyg’ondi. Qolaversa, qalbi begidir, go’zal fazilatlari bisyor insonni o’zing uchun kashf etishdan yaxshiroq ish bor ekanmi?

Komron Sariosiyo tumanida san’atkor oilasida tug’ilib o’sdi. Otasi Nurali aka o’z ijrosi bilan vohaga tanilgan, elning yaxshi kunlarida hamon ularning xizmatida. San’atkorlik qon orqali o’tgan Komronda qashqar rubobiga qiziqish uyg’ondi. Uning qalbi uyi yaqinida yangi qurilgan bolalar musiqa va san’at maktabiga talpinardi. O’qituvchi ammasi Mahfirat opa jiyanining iqtidori va ishtiyoqiga havas bilan ahd qildi: “Seni shu maktabda o’zim o’qitaman! Zo’r san’atkor bo’lib yetishganingda ammangni eslab yurasan…” Shu tariqa Komronjon berilib soz ijrosini o’rganishga kirishdi.

Termiz san’at kollejida faoliyat yuritayotgan taniqli sozanda va pedagog Normurod Bakarovni san’atga yaqin odamlarning ko’pchiligi tanishadi. U kishi qashqar rubobi sozandaligi bo’yicha yaxshi mutaxassislarni tayyorlagan. Komronjon ham ustaning qo’lida malakasini oshirishni reja qiladi va maktabni tamomlab, kollejga o’qishga kiradi. Ammo, doim ham biz istagandek bo’lavermagani kabi uning nomi ham boshqa o’qituvchining sinfiga yoziladi…

Normurod Bakarovning sinfxonasi eshigida o’pkasi to’lgan bola istihola ila paydo bo’ladi.

— Men sizning qo’lingizda o’qiyman deb kelgandim. Bo’lmasa, bu kollejga kelishimdan nima naf?..

Bu siniqlik bilan, ammo qat’iy qo’yilgan savol tufayli Normurod aka qay yo’sinda yo’l tutishni bilmay, boshi qotadi. Hamkasbidan o’quvchisini qanday qilib tortib oladi? Bolaga ham rad javobi berib bo’lmaydi… Komronning ishtiyoqini hamda ijro mahoratini ko’radi va ismi sharifi o’qituvchisining jurnalida tursa-da, unga o’zining darslarida ishtirok etishga ruxsat beradi. Ikkinchi kursdan esa rasmiy ravishda uni o’z sinfiga o’tkazib oladi.

Juda jiddiy tarzda Komron bilan san’at, insoniylik va, umuman, ibtidosidan intihosiga qadar sirli bo’lgan hayot haqida uzoq suhbatlar qilamiz. Bunda ko’proq men gapiraman, u tinglaydi. Goh-gohida savol berib qo’yadi.

San’atkorning (shoir, yozuvchi, aktyor, qo’shiqchi, sozanda, rassom… umuman iste’dodli odam deb tushuning) jamiyatdagi o’rni, uning vazifasi haqida so’zlasharkanmiz, men unga (yuqorida ozroq havola etilgan) Botir Zokirovning Ro’zi Chorievga yo’llagan maktubidan iqtibos keltiraman.

“Sen hech kim boshqa birovning hayotiga burnini tiqmasligi kerak, deysan. Juda to’g’ri! Har kim o’zicha, o’z vijdoni, nomusi, aqli va ehtiyojiga qarab yashaydi. Biroq, ayrim kishilarda bulardan tashqari muqaddas burch ham bo’ladi…” Bu muqaddas burch san’atkorning o’z iste’dodi bilan odamlarni g’aflatdan uyg’otishi, nafrat, mehrsizlik va vijdonsizlikdan asrab qolishi hamda go’zallikka oshno etishidir…

— Samimiy do’stlik bahosi yo’q tuyg’u. Sizning ham chin do’stingiz bormi, Komronjon?
— Ha, bor…

Uning kimligi bilan qiziqmayman. Yana savolga o’taman.

— Do’stingizni o’zingizdan ham ko’proq yaxshi ko’ra olasizmi? Uning manfaatlarini o’zingiznikidan ustun qo’yolasizmi? Deylik, o’z sohangiz bo’yicha katta bir konkursga otlanib turibsiz. Do’stingiz esa moddiy imkonsizligi tufayli qattiq qiynalayapti. Lekin sizda o’zingizga yetarli mablag’dan ortiqchasi yo’q. O’sha pullarni zarracha og’rinmay unga tutqazib yuborishga jur’at qalay bo’ladi?

Yerga tikilib turgan Komron o’ychan holda menga nazar soladi:
— Ha, albatta, beraman, aka!.. Bundan boshqacha yo’l tutgach ko’ngil orom topmaydi.

Shu orada Komronning telefoniga qo’ng’iroq keladi.

— Toshkentda o’qiydigan bir sinfdoshim. Har kuni telefon qiladi. Hech moslasholmaydimi, qishloqni, silarni sog’indim, deydi. So’ng gapirmay o’tiraveradi. Nima deyishimniyam bilmayman.

— Mening ham bir sinfdoshim, yaqin do’stim bor, ismi Nurmuhammad. (Nurmuhammad bilan Komron keyin Zarabog’da ko’rishishdi. Komron bu afandinamo oshnamning gap-so’zlarini Termizga kelib ham eslatib yuradi.) To’rt yil Toshkentda o’qib ham shaharga hech singisholmadi. Har uyiga qaytguncha qanot bog’lab uchib kelsa, o’qishga ketgunicha yelkasiga botmon-botmon yuk bosilganday zalvorli bo’lib qoladi. Kayfiyat ham shunga monand… Sinfdoshingizning holatini tasavvur qila olaman… U hasratlarini sizga so’zsiz aytayotgan bo’ladi. Usmon Azimning satri bor-ku: “Senga aytadigan so’zim qolmadi, Senga aytadigan jimliklarim bor…”, deyilgan. Siz qanday qilib bo’lsa ham uning ko’ngliga suyanch bo’ladigan so’zlarni topib ayting!

— Shu… gapga qiynalaman-da, aka, — deydi Komron mustarroq bo’lib.

Chin so’zimga hazilnamo, quvnoqroq ohang berib, deyman:
— Ana shuning uchun adabiyotni o’qish kerak, oshna. Insonni o’rganish kerak. San’atkorning qiziqishlar doirasi chegaralanmasligi lozim. O’z qobig’iga o’ralib olgan iste’doddan hech nima kutib bo’lmaydi. Nafaqat atrofingdagi odamlarning, balki dov-daraxtu tog’u toshlarning ham dardini, shu holatda vujudida qanday tuyg’u kechayotganini his qilib she’r yozish, qo’shiq aytish, kuy chalish, rasm solish… haqiqiy san’atkorlik, iste’dodni o’rashi mumkin bo’lgan qobiqlarning parchalanishidir…

Gap aylanib yana savol beraman:
— Uyingizni sog’inasizmi, Komronjon? Termizga ilk kelganingizda moslashish qanday bo’lgan?

— Juda qaytib ketgim kelardi. Aka, sizga bir narsani aytaman, lekin kulmaysiz. Uydan onam berib yuborgan konfetlarni yegach, qog’ozini Termizning ko’chalariga tashlagim kelmasdi. Go’yoki ular uyni sog’inadigandek, bu yerlarda qolsa, azob tortadigandek… hammasini sumkamga solib, uyga olib borib, o’sha yoqqa to’kardim. Termizda qoldirib ketishga ko’nglim bo’lmasdi.

— E, qoyil-ye, allaqachon qobiqdan chiqib olgan ekansiz-ku! Konfet qog’ozlarning ham “og’rig’i”ni his qilibsiz-a!

Menga qo’shilib Komron ham jilmayadi.
— Baribir kuldingiz-a…

Yo’q, haqiqatan ham Komron o’z qobig’iga o’ralib qolmagan iste’dod. U kuy ijro etganda, butun borlig’i ohang og’ushida qoladi. “Soz sehri” telesahifasida “Valenki” kuyini ijro etganini ko’rib, voqea-hodisalarga juda ta’sirchan ukam Soleh ajoyib bir ibora ishlatdi: “Komron xuddi rubob bilan val`sga tushayotganga o’xshaydi”. E’tibor berib qarasam, ijro davomida nozik tebranib, rostdan ham rubob bilan val`sga tushayotgandek.

Bo’ldi, dedim. Endi Komron haqida yozadigan maqolamga “Rubob bilan val`s” deb nom beraman… Dardlashganimizda bir qizni yetti yil yaxshi ko’rganimni, erga tegib ketganini aytib, kamiga ohangdor qilib: “Meni yetti yillab suydirgan gulni, Meni yetti yillab kuydirgan gulni, Eng shirin azoblar tuydirgan gulni…”, deya o’sha paytlar yozilgan alamli satrlarni aytgandim, bexosdan u: “Bizni ham “staj” yetti yil” dedi kulib… Shundan keyin men hech qizga ko’ngil berolmaganimdek, u ham boshqasini sevolmabdi. O’zi burjimiz ham bir xil. O’xshashliklarimiz ham ko’p ekan.

Men she’rni sevaman, siz rubob bilan val`sga tushib yuraverasiz. Mana shu haqiqiy san’atkor taqdiri. O’zgalarni yuragini yoqishdan oldin o’zingning yuraging yonishi kerak-da. Boshqa narsalar uchun kuyishni ayolga bo’lgan muhabbating bejavob qolgandan keyin o’rganasan…

Muxtasar maqola so’nggida Komronjonga aytgim keladi: “Termiz-Sariosiyo” poezdida keladiganlar ko’p, ammo Komron, ya’ni siz bitta. Bu temiryo’l sizni shahri azim Toshkentga, undan boshqa mamlakatlarga ham olib chiqishi mumkin. Faqat bir narsani asrang – shpallarga qoqilib, ortingizdan yugurgan tuyg’ularni. Chunki ularni Yaratgan zot qayta-qayta yubormaydi. Siz u tuyg’ularga ko’nglingizning to’ridan joy bering, ular sizni odam to’la yer yuzida bitta Komron bo’lib qolishingizga, o’zingizni, o’zligingizni asrashingizga yordam beradi.

Manba: «Surxon yoshlari», 15 aprel 2016 yil

045

(Tashriflar: umumiy 73, bugungi 1)

Izoh qoldiring