Salim Ashur. Shavkat aka, Shavkat Rahmon desam… & Shavkat Rahmon. Saylanma

0022 октябрь — Шавкат Раҳмон хотираси куни

3-курс талабасимиз. 1987 йил. Аудиторияда дарс чоғида курсдошим Рустам Худоёров билан шивирлашиб ўтирибмиз. Домла бир-икки қараб қўйди. Бўлмагач, «Салимбой, туринг-чи, нима мавзуда тинмай гаплашаяпсизлар, дарсдан ҳам қизиқарли эканми?..»- деб қолди. Турдим-да, фурсат ўтказмай, «Шавкат Раҳмон ижодида халқ ва Ватан мавзуининг бадиий таҳлили» мавзуида,- дедим, ҳар ҳолда дарсга яқинроқ мавзуда гаплашаяпмиз, десам жазо енгилроқ бўлар, деган хаёлда. Аслида, бу мавзу аввалдан кўнглимда бор эди. Шоир ижодини шу ракурсда таҳлил қилишни ўйлаб юрардим.

ШАВКАТ АКА,ШАВКАТ РАҲМОН ДЕСАМ
Салим Ашур
011

004Шавкат Раҳмон 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1996). Москвадаги Адабиёт институтини тугатган (1975). Дастлабки шеърий тўплами — «Рангин лаҳзалар» (1977). «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988), «Сайланма» (1997) сингари шеърий китоблари эълон қилинган. Федерико Гарсиа Лорка («Сайланма», 1979), Xуан Рамон Хименас, Рафаэль Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 1996 йил 2 октябрда узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг Тошкент шаҳрида вафот этган. Яланғоч қабристонида дафн этилган.

…Эрталаб Шавкат Раҳмон оламдан ўтганини эшитдим. Касал эканлигини, оғир касаллигини билардим. Сўнгги кунларда бориб кўролмагандим. Ўша пайтда ёш оиламиз, ҳаминқадар яшардик. Жанозага боролмадим. Йўлкирага ҳам пул йўқ эди.

Орадан бир ҳафтами, ўн кун ўтди. Бир кун олдин келишилгани бўйича Сирожиддин Саййид, Асқар Маҳкам билан учовлон Ялонғоч қабристонига бордик. Қабр янги, ёнида кетмон турарди. Биз чўккалаб ўтирдик. Асқар ака «Қуръон»дан тиловат қилди. Сўнг кетмонни бир-бир алмашиб, қабр четидаги тупроқни тепага олган бўлдик. Куз эди, лекин ҳаво совуқ эмас.

Ўша ерда, чамаси, ярим соатча ўтирдик. Шавкат Раҳмоннинг шахси, ижоди ҳақида гап борди.

-«Сайланма»га Шавкат аканинг жуда мос сурати қўйилди. Қўлида плашч тутиб, ним жилмайиб турибди. Юзидан нур ёғилади, -деди Асқар ака.
Иккала шоир ҳам маҳзун эди. Борган «Жигули»мизда қайтдик. Ҳайдовчи Асқар аканинг таниши экан.

…»Ўзбекистон овози» газетасида мухбир эдим. Таҳририят Матбуотчилар кўчасидаги етти қаватли бинода. Хонада икки киши ўтирамиз. Мен ва журналист Эркин Эсиргадиев. 1994-1995 йиллар бўлса керак. Шавкат ака икки бор хонамизга кириб келганди. Биринчи марта: хона ўртасидаги деворга суялган стулга ўтирди. Сокин, секин гапирарди. Мактаб ўқитувчиси ҳақида мақола ёзишни айтди. Ёздик. Чиқди. Бир нави, қойиллатганимиз, дўндирганимиз йўқ.

Иккинчи бор келганида орадан анча вақт ўтган эди. Ўша стулда ўтирди. Яна сокин, секин гапирди. Аниқ эсимда йўғу, тахминан: бир тарбиячи опа бор, ижобий мақолага мос қаҳрамон. Етим-есирларнинг бошини силайди. Уларни ўз боласидек кўради, деган мазмунда биз, мухбирларга янги мавзу таклиф қилган эди. Мен «Болалар уйи»га бордим. Қийналиб, кўнглим алланечук бўлиб қайтдим. Газетада катта мақола чиқди…

Ўша кезларда Шавкат ака «Мустақиллик майдони» метро бекатидан чиққан жойдаги панжара билан ўралган ғиштли бинода, чет мамлакатлардаги хорижий ватандошлар билан ишловчи «Эл» деб номланган ташкилотда ишларди.

Иккими, уч марта метрода, тиқилинч-издиҳомда кўриб қолдим. Ишдан уйга кетарди, чамаси. Бориб кўришганман. Қўлида энди-энди урф бўлаётган юпқа елим пакет. Жуда озғин эди. Бир гал метрода газетада чиққан мақола учун раҳмат айтгани эсимда. Мен хурсанд бўлиб кетдим. Эътиборли одам экан, деган ўй кўнглимдан ўтганди.

Шундан бошқа, бир-икки мушоира-учрашувларда кўришмаганимизни демаса, Шавкат Раҳмон билан кўп яқин бўлмаганман.

…Йўқ, Шавкат Раҳмон билан дилшод, жуда яқин бўлганман. Китоблари, шеърлари менга Маслакдош, Дўст, Устоз бўлган. Ҳозир ҳам.

1985 йил баҳорда ҳарбий хизматдан келдим. Адабиётга, шеърга чанқаб кетганмиз. Биз йўқ, икки йилда яхши кўрган шоирларимизнинг бир талай китоблари нашр этилган. Қўлга тушганини ютоқиб ўқиймиз. Баъзисини тополмаймиз.

Куз эди. Ўшанда журналистика факулътетини тугатганига бирми, икки йил бўлган Раҳмон ака Ҳожимуродов билан «Чорсу» бозорида тасодифан кўришиб қолдик. Раҳмон ака олдиндан мени ўзига яқин тутарди. Бозорда, одамлар орасида юрибмиз, у йўқлигимизда чиққан китоблар, шеърлар ҳақида тўхтамай гапиради. Ёддан кўп шоирларнинг чиндан ҳам яхши шеърларини ўқийди. Кимнинг шеърини ўқиса, ўша шоирнинг овози ва оҳангида ўқийди.

Раҳмон аканинг бир гапи хотирамда муҳрланиб қолган: «Шавкат Раҳмоннинг «Очиқ кунлар», «Гуллаётган тош» китоблари шу йилларда чиққан энг зўр китоблар бўлди, -деди-да, ёддан ўқий бошлади:-«Икки дарё оралиғида Ҳақ, адолат топмади қарор…»

«Кўкалдош» мадрасаси олдидаги трамвай бекатида гаплашиб қолдик. Кун ҳам шанбами, якшанба эди. Бозор, кўчалар тўла одам. Ер ости йўлидан оломон «ГУМ»- катта дўконга ўтади, бир гуруҳ «ГУМ»дан бозор сари юради. Раҳмон ака қўлини чўзиб, «ГУМ»сари бораётган одамларни орқадан кўрсатаркан:
-Булар халқ эмас… Булар ҳеч қачон халқ бўлолмайди…-дейди одамларнинг майда-тирикчилик ташвиши билан юрганлигига ишора қилиб. У бир маромда, салмоқ билан гапирар, сўзлаш маромига мос равишда бутун гавдаси ҳам чайқалар, гапларидан ўзи ҳам таъсирланаётгандек туюларди.

Ва ўзи ҳам мен билан хайрлашмай шу оқимга қўшилиб кетди.

Раҳмон ака қойиллатиб гапирганди ўшанда. Шавкат Раҳмон деган шоир узоқдан юртини соғиниб келган мендек ёш йигитнинг қалбидан Ватанга, халққа фидойилик тимсоли сифатида янада чуқурроқ жой олади.

3-курс талабасимиз. 1987 йил. Аудиторияда дарс чоғида курсдошим Рустам Худоёров билан шивирлашиб ўтирибмиз. Домла бир-икки қараб қўйди. Бўлмагач, «Салимбой, туринг-чи, нима мавзуда тинмай гаплашаяпсизлар, дарсдан ҳам қизиқарли эканми?..»- деб қолди. Турдим-да, фурсат ўтказмай, «Шавкат Раҳмон ижодида халқ ва Ватан мавзуининг бадиий таҳлили» мавзуида,- дедим, ҳар ҳолда дарсга яқинроқ мавзуда гаплашаяпмиз, десам жазо енгилроқ бўлар, деган хаёлда. Аслида, бу мавзу аввалдан кўнглимда бор эди. Шоир ижодини шу ракурсда таҳлил қилишни ўйлаб юрардим.

-Ўҳ-ў,- деди домла, — иш тайёр бўлгач, айтасиз, курсдошларингизга бир соат дарсни шу мавзуда сиз ўтиб берасиз… — бу менга йўналтирилган кесатиқ, пичинг ва зарда эди, албатта.

Афсуски, иш тайёр бўлмади, курсдошларимизга «дарс ўтмадим»… Ўшанда танаффусда Рустам, бундай жиддий мавзу қандай дарҳол хаёлингга кела қолди, деб сўради. Кўпдан ўйлаб юрибман, дегандим.

1982 йилнинг баҳорида, 10-синфда ўқирдим, Шавкат Раҳмоннинг «Юрак қирралари» китобини Қизириқ (у пайтда Ленин йўли) тумани марказидаги китоб дўконидан сотиб олдим.

Ўзи, туман марказига, туман газетаси редакциясига тез-тез мақолалар, шеърлар олиб бориб турардим. Ҳар гал қишлоққа қайтишда китоб дўконига кириб, китоблар олардим. Яхши китоблар бўларди.
Ўшангача Шавкат Раҳмон деган номни у-бу журналларда бир-икки ўқиган бўлишим мумкин ёки номини газета-журналлардаги адабий мақолаларда, умумий рўйхатларда кўргандирман, лекин яхши билмасдим. «Рангин лаҳзалар»ни, шоирнинг биринчи китобини кўрмаган эдим.

«Юрак қирралари» китоби шеър тўғрисидаги тасаввурларимни ўзгартирди — янги босқичга кўтарди. Мен катта шеърият сари яна бир қадам ташладим. Китобча менга ёд бўлиб кетди. Далаларда, пахтазорларда, ҳарбий хизматда у шеърлар менга ҳамдард, сирдош бўлди. 1997 йилда нашр этилган «Сайланма» 1997 йилдан буён столимда туради, жавонга ўтгани йўқ. Баъзан бошдан варақлайман, баъзан дуч келган жойидан очаман. Кўнгил баҳра олаверади.

Шавкат Раҳмоннинг ҳар бир шеъри чин шоирнинг, ҳақиқий ватанпарвар-миллатпарварнинг, комил шахснинг қасами янглиғ жаранглайди. Айниқса, «Қасам» шеърини унинг ижодий кредоси дейиш мумкин:

…Ватан Халқ Жасорат Кураш Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
Ҳар бири бахш этар,
Руҳимга шодлик.

Шоирнинг шеърлари истибдодга, зулмга, ёлғонга қарши қайралиб, биллурлашиб кетган кристаллга ўхшайди; ёруғликка, эркка, озодликка интилиб, тошни ёриб ўсган метин иродали гиёҳга менгзайди. Назаримда, шоирнинг шахси-фаолияти ҳам, ижоди- асарлари ҳам сиқиқ, биқиқ қирғоқнинг темир иродасига қарама-қарши оқиб, уни заррама-зарра емирган; қирғоқни — мустаҳкам тузум — тартибни емириб чархланган; шу қаршилик, зидлик туфайли тиниқлашиб, шаффофлашиб кетган пок сувларга ўхшайди. Бу сувлар баъзан жилғадек жилдираса, баъзан дарёдек айқиради. Бу қаршилик, зидлик шунчаликка, ҳатто тарих ва асрларнинг, қисматлар ва умрларнинг аччиқ қаймоғи, тахир мағзи сифатида (хулосаси дейиш ҳам мумкин) бечора халқнинг идрок хумдонида қиёмга етиб пишган «Эгилган бошни қилич кесмас», деган мақолни шеърда тескари, яъни мавжуд тартиб-қоидаларга зид қўллайди:

…эгилган бошларни
қиличлар кессин.

Бу — мард шоирнинг мардона ҳайқириғидир.

Бу — ғоят иссиқ, ҳалиям қайноғини йўқотмаган, кўзни ҳам, қалбни ҳам куйдирадиган шеърлар.

Абдулла Орипов сингари Шавкат Раҳмон ҳам миллий Шеър либосини бир карра янгилаш саодатига эришди.

Мен ҳозир Шавкат Раҳмон ижоди таҳлилига берилмоқчи эмасман. Яхшими, ёмонми, шеърларимда озми, кўпми Шавкат Раҳмоннинг сўзлари, оҳанги, услуби-азбаройи яхши кўрганимдан-сезилиб қолиши мумкин. Лекин мен бундан хижолат бўлмайман.
Ахир, у — Шавкат Раҳмон-да!

Шавкат ака, Шавкат Раҳмон десам, кўксимда бир армон сирқирайди. Мана ўша армон:

Юриб ўтди олов ичидан,
Оловларни ўртаб куйдирди.
Озодликни севаркан — чиндан
Юрагига чуқур ўйдирди
Ишқ-муҳаббат, миллат ва Ватан,
Ўзбекона қайғу шаклини.
Қайси уйда қолдирди экан
Овозини, ўткир ақлини?

Исботлади: «шоир» сўзига
Мос қофия аслида «темир».
Ўн йилдан сўнг тирик кўзига
Тик қарарми ўзидек кимдир?
Гўзал тобут — унинг тобути,
Чайқалади ғам оҳангида.
Хаста суяк сабрдек собит,
Суяклари шеърнинг рангида.

Гўзал тобут — сози оламнинг,
Жасадини узоқ ухлатар,
Қўли теккан ҳар бир одамнинг,
Кўзидаги гулни уйғотар.
«Шоир ўлди!»
Ер билан само,
Ҳар юракка эркдан туғ илди.
Шу якунни биларди, аммо,
Ўлимлардан қўрқмай туғилди.

2 oktyabr — Shavkat Rahmon xotirasi kuni

3-kurs talabasimiz. 1987 yil. Auditoriyada dars chog‘ida kursdoshim Rustam Xudoyorov bilan shivirlashib o‘tiribmiz. Domla bir-ikki qarab qo‘ydi. Bo‘lmagach, “Salimboy, turing-chi, nima mavzuda tinmay gaplashayapsizlar, darsdan ham qiziqarli ekanmi?..”- deb qoldi. Turdim-da, fursat o‘tkazmay, “Shavkat Rahmon ijodida xalq va Vatan mavzuining badiiy tahlili” mavzuida,- dedim, har holda darsga yaqinroq mavzuda gaplashayapmiz, desam jazo yengilroq bo‘lar, degan xayolda. Aslida, bu mavzu avvaldan ko‘nglimda bor edi. Shoir ijodini shu rakursda tahlil qilishni o‘ylab yurardim…

SHAVKAT AKA,SHAVKAT RAHMON DESAM
Salim Ashur
011

091Shavkat Rahmon 1950 yil 12 sentyabrda O’sh viloyatining Qorasuv tumaniga qarashli Pomir mahallasida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (1996). Moskvadagi Adabiyot institutini tugatgan (1975). Dastlabki she’riy to’plami — «Rangin lahzalar» (1977). «Yurak qirralari» (1981), «Ochiq kunlar» (1984), «Gullayotgan tosh» (1985), «Uyg’oq tog’lar» (1986), «Hulvo» (1988), «Saylanma» (1997) singari she’riy kitoblari e’lon qilingan. Federiko Garsia Lorka («Saylanma», 1979), Xuan Ramon Ximenas, Rafael` Al`berti she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 1996 yil 2 oktyabrda uzoq davom etgan og’ir kasallikdan so’ng Toshkent shahrida vafot etgan. Yalang’och qabristonida dafn etilgan.

…Ertalab Shavkat Rahmon olamdan o’tganini eshitdim. Kasal ekanligini, og’ir kasalligini bilardim. So’nggi kunlarda borib ko’rolmagandim. O’sha paytda yosh oilamiz, haminqadar yashardik. Janozaga borolmadim. Yo’lkiraga ham pul yo’q edi.

Oradan bir haftami, o’n kun o’tdi. Bir kun oldin kelishilgani bo’yicha Sirojiddin Sayyid, Asqar Mahkam bilan uchovlon Yalong’och qabristoniga bordik. Qabr yangi, yonida ketmon turardi. Biz cho’kkalab o’tirdik. Asqar aka «Qur’on»dan tilovat qildi. So’ng ketmonni bir-bir almashib, qabr chetidagi tuproqni tepaga olgan bo’ldik. Kuz edi, lekin havo sovuq emas.

O’sha yerda, chamasi, yarim soatcha o’tirdik. Shavkat Rahmonning shaxsi, ijodi haqida gap bordi.

-«Saylanma»ga Shavkat akaning juda mos surati qo’yildi. Qo’lida plashch tutib, nim jilmayib turibdi. Yuzidan nur yog’iladi, -dedi Asqar aka.
Ikkala shoir ham mahzun edi. Borgan «Jiguli»mizda qaytdik. Haydovchi Asqar akaning tanishi ekan.

…»O’zbekiston ovozi» gazetasida muxbir edim. Tahririyat Matbuotchilar ko’chasidagi yetti qavatli binoda. Xonada ikki kishi o’tiramiz. Men va jurnalist Erkin Esirgadiev. 1994-1995 yillar bo’lsa kerak. Shavkat aka ikki bor xonamizga kirib kelgandi. Birinchi marta: xona o’rtasidagi devorga suyalgan stulga o’tirdi. Sokin, sekin gapirardi. Maktab o’qituvchisi haqida maqola yozishni aytdi. Yozdik. Chiqdi. Bir navi, qoyillatganimiz, do’ndirganimiz yo’q.

Ikkinchi bor kelganida oradan ancha vaqt o’tgan edi. O’sha stulda o’tirdi. Yana sokin, sekin gapirdi. Aniq esimda yo’g’u, taxminan: bir tarbiyachi opa bor, ijobiy maqolaga mos qahramon. Yetim-yesirlarning boshini silaydi. Ularni o’z bolasidek ko’radi, degan mazmunda biz, muxbirlarga yangi mavzu taklif qilgan edi. Men «Bolalar uyi»ga bordim. Qiynalib, ko’nglim allanechuk bo’lib qaytdim. Gazetada katta maqola chiqdi…

O’sha kezlarda Shavkat aka «Mustaqillik maydoni» metro bekatidan chiqqan joydagi panjara bilan o’ralgan g’ishtli binoda, chet mamlakatlardagi xorijiy vatandoshlar bilan ishlovchi «El» deb nomlangan tashkilotda ishlardi.

Ikkimi, uch marta metroda, tiqilinch-izdihomda ko’rib qoldim. Ishdan uyga ketardi, chamasi. Borib ko’rishganman. Qo’lida endi-endi urf bo’layotgan yupqa yelim paket. Juda ozg’in edi. Bir gal metroda gazetada chiqqan maqola uchun rahmat aytgani esimda. Men xursand bo’lib ketdim. E’tiborli odam ekan, degan o’y ko’nglimdan o’tgandi.

Shundan boshqa, bir-ikki mushoira-uchrashuvlarda ko’rishmaganimizni demasa, Shavkat Rahmon bilan ko’p yaqin bo’lmaganman.

…Yo’q, Shavkat Rahmon bilan dilshod, juda yaqin bo’lganman. Kitoblari, she’rlari menga Maslakdosh, Do’st, Ustoz bo’lgan. Hozir ham.

1985 yil bahorda harbiy xizmatdan keldim. Adabiyotga, she’rga chanqab ketganmiz. Biz yo’q, ikki yilda yaxshi ko’rgan shoirlarimizning bir talay kitoblari nashr etilgan. Qo’lga tushganini yutoqib o’qiymiz. Ba’zisini topolmaymiz.

Kuz edi. O’shanda jurnalistika fakul’tetini tugatganiga birmi, ikki yil bo’lgan Rahmon aka Hojimurodov bilan «Chorsu» bozorida tasodifan ko’rishib qoldik. Rahmon aka oldindan meni o’ziga yaqin tutardi. Bozorda, odamlar orasida yuribmiz, u yo’qligimizda chiqqan kitoblar, she’rlar haqida to’xtamay gapiradi. Yoddan ko’p shoirlarning chindan ham yaxshi she’rlarini o’qiydi. Kimning she’rini o’qisa, o’sha shoirning ovozi va ohangida o’qiydi.

Rahmon akaning bir gapi xotiramda muhrlanib qolgan: «Shavkat Rahmonning «Ochiq kunlar», «Gullayotgan tosh» kitoblari shu yillarda chiqqan eng zo’r kitoblar bo’ldi, -dedi-da, yoddan o’qiy boshladi:-«Ikki daryo oralig’ida Haq, adolat topmadi qaror…»

«Ko’kaldosh» madrasasi oldidagi tramvay bekatida gaplashib qoldik. Kun ham shanbami, yakshanba edi. Bozor, ko’chalar to’la odam. Yer osti yo’lidan olomon «GUM»- katta do’konga o’tadi, bir guruh «GUM»dan bozor sari yuradi. Rahmon aka qo’lini cho’zib, «GUM»sari borayotgan odamlarni orqadan ko’rsatarkan:
-Bular xalq emas… Bular hech qachon xalq bo’lolmaydi…-deydi odamlarning mayda-tirikchilik tashvishi bilan yurganligiga ishora qilib. U bir maromda, salmoq bilan gapirar, so’zlash maromiga mos ravishda butun gavdasi ham chayqalar, gaplaridan o’zi ham ta’sirlanayotgandek tuyulardi.

Va o’zi ham men bilan xayrlashmay shu oqimga qo’shilib ketdi.

Rahmon aka qoyillatib gapirgandi o’shanda. Shavkat Rahmon degan shoir uzoqdan yurtini sog’inib kelgan mendek yosh yigitning qalbidan Vatanga, xalqqa fidoyilik timsoli sifatida yanada chuqurroq joy oladi.

3-kurs talabasimiz. 1987 yil. Auditoriyada dars chog’ida kursdoshim Rustam Xudoyorov bilan shivirlashib o’tiribmiz. Domla bir-ikki qarab qo’ydi. Bo’lmagach, «Salimboy, turing-chi, nima mavzuda tinmay gaplashayapsizlar, darsdan ham qiziqarli ekanmi?..»- deb qoldi. Turdim-da, fursat o’tkazmay, «Shavkat Rahmon ijodida xalq va Vatan mavzuining badiiy tahlili» mavzuida,- dedim, har holda darsga yaqinroq mavzuda gaplashayapmiz, desam jazo yengilroq bo’lar, degan xayolda. Aslida, bu mavzu avvaldan ko’nglimda bor edi. Shoir ijodini shu rakursda tahlil qilishni o’ylab yurardim.

-O’h-o’,- dedi domla, — ish tayyor bo’lgach, aytasiz, kursdoshlaringizga bir soat darsni shu mavzuda siz o’tib berasiz… — bu menga yo’naltirilgan kesatiq, piching va zarda edi, albatta.

Afsuski, ish tayyor bo’lmadi, kursdoshlarimizga «dars o’tmadim»… O’shanda tanaffusda Rustam, bunday jiddiy mavzu qanday darhol xayolingga kela qoldi, deb so’radi. Ko’pdan o’ylab yuribman, degandim.

1982 yilning bahorida, 10-sinfda o’qirdim, Shavkat Rahmonning «Yurak qirralari» kitobini Qiziriq (u paytda Lenin yo’li) tumani markazidagi kitob do’konidan sotib oldim.

O’zi, tuman markaziga, tuman gazetasi redaktsiyasiga tez-tez maqolalar, she’rlar olib borib turardim. Har gal qishloqqa qaytishda kitob do’koniga kirib, kitoblar olardim. Yaxshi kitoblar bo’lardi.
O’shangacha Shavkat Rahmon degan nomni u-bu jurnallarda bir-ikki o’qigan bo’lishim mumkin yoki nomini gazeta-jurnallardagi adabiy maqolalarda, umumiy ro’yxatlarda ko’rgandirman, lekin yaxshi bilmasdim. «Rangin lahzalar»ni, shoirning birinchi kitobini ko’rmagan edim.

«Yurak qirralari» kitobi she’r to’g’risidagi tasavvurlarimni o’zgartirdi — yangi bosqichga ko’tardi. Men katta she’riyat sari yana bir qadam tashladim. Kitobcha menga yod bo’lib ketdi. Dalalarda, paxtazorlarda, harbiy xizmatda u she’rlar menga hamdard, sirdosh bo’ldi. 1997 yilda nashr etilgan «Saylanma» 1997 yildan buyon stolimda turadi, javonga o’tgani yo’q. Ba’zan boshdan varaqlayman, ba’zan duch kelgan joyidan ochaman. Ko’ngil bahra olaveradi.

Shavkat Rahmonning har bir she’ri chin shoirning, haqiqiy vatanparvar-millatparvarning, komil shaxsning qasami yanglig’ jaranglaydi. Ayniqsa, «Qasam» she’rini uning ijodiy kredosi deyish mumkin:

…Vatan Xalq Jasorat Kurash Ozodlik.
Har bir so’z yetajak yuzta umrimga,
Har biri baxsh etar,
Ruhimga shodlik.

Shoirning she’rlari istibdodga, zulmga, yolg’onga qarshi qayralib, billurlashib ketgan kristallga o’xshaydi; yorug’likka, erkka, ozodlikka intilib, toshni yorib o’sgan metin irodali giyohga mengzaydi. Nazarimda, shoirning shaxsi-faoliyati ham, ijodi — asarlari ham siqiq, biqiq qirg’oqning temir irodasiga qarama-qarshi oqib, uni zarrama-zarra yemirgan; qirg’oqni — mustahkam tuzum — tartibni yemirib charxlangan; shu qarshilik, zidlik tufayli tiniqlashib, shaffoflashib ketgan pok suvlarga o’xshaydi. Bu suvlar ba’zan jilg’adek jildirasa, ba’zan daryodek ayqiradi. Bu qarshilik, zidlik shunchalikka, hatto tarix va asrlarning, qismatlar va umrlarning achchiq qaymog’i, taxir mag’zi sifatida (xulosasi deyish ham mumkin) bechora xalqning idrok xumdonida qiyomga yetib pishgan «Egilgan boshni qilich kesmas», degan maqolni she’rda teskari, ya’ni mavjud tartib-qoidalarga zid qo’llaydi:

…egilgan boshlarni
qilichlar kessin.

Bu — mard shoirning mardona hayqirig’idir.

Bu — g’oyat issiq, haliyam qaynog’ini yo’qotmagan, ko’zni ham, qalbni ham kuydiradigan she’rlar.

Abdulla Oripov singari Shavkat Rahmon ham milliy She’r libosini bir karra yangilash saodatiga erishdi.

Men hozir Shavkat Rahmon ijodi tahliliga berilmoqchi emasman. Yaxshimi, yomonmi, she’rlarimda ozmi, ko’pmi Shavkat Rahmonning so’zlari, ohangi, uslubi-azbaroyi yaxshi ko’rganimdan-sezilib qolishi mumkin. Lekin men bundan xijolat bo’lmayman.
Axir, u — Shavkat Rahmon-da!

Shavkat aka, Shavkat Rahmon desam, ko’ksimda bir armon sirqiraydi. Mana o’sha armon:

Yurib o’tdi olov ichidan,
Olovlarni o’rtab kuydirdi.
Ozodlikni sevarkan — chindan
Yuragiga chuqur o’ydirdi
Ishq-muhabbat, millat va Vatan,
O’zbekona qayg’u shaklini.
Qaysi uyda qoldirdi ekan
Ovozini, o’tkir aqlini?

Isbotladi: «shoir» so’ziga
Mos qofiya aslida «temir».
O’n yildan so’ng tirik ko’ziga
Tik qararmi o’zidek kimdir?
Go’zal tobut — uning tobuti,
Chayqaladi g’am ohangida.
Xasta suyak sabrdek sobit,
Suyaklari she’rning rangida.

Go’zal tobut — sozi olamning,
Jasadini uzoq uxlatar,
Qo’li tekkan har bir odamning,
Ko’zidagi gulni uyg’otar.
«Shoir o’ldi!»
Yer bilan samo,
Har yurakka erkdan tug’ ildi.
Shu yakunni bilardi, ammo,
O’limlardan qo’rqmay tug’ildi.

07

Муаллиф ҳақида

012Салим Ашур 1964 йил, 16 декабрда Тожикистон Республикасининг Кўрғонтепа вилояти, Қўрғонтепа туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1989). Дастлабки шеърлар тўплами — «Яшил гиёҳ» (1994). Шундан сўнг шоирнинг «Атиргул» (1994), «Сиз эртага келасиз» (1999), «Кечиккан тонг» (2002), «Аталган кунлар» (2004), «Дарз» (2006) каби шеърий китоблари нашр этилган. А. Блок, И. Бунин, А. Фет шеърларидан намуналар ҳамда Ж. П. Сартр, К. Паустовскийнинг қисса ва баъзи ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.

Salim Ashur 1964 yil, 16 dekabrda Tojikiston Respublikasining Ko’rg’ontepa viloyati, Qo’rg’ontepa tumanida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1989). Dastlabki she’rlar to’plami — «Yashil giyoh» (1994). Shundan so’ng shoirning «Atirgul» (1994), «Siz ertaga kelasiz» (1999), «Kechikkan tong» (2002), «Atalgan kunlar» (2004), «Darz» (2006) kabi she’riy kitoblari nashr etilgan. A. Blok, I. Bunin, A. Fet she’rlaridan namunalar hamda J. P. Sartr, K. Paustovskiyning qissa va ba’zi hikoyalarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

003

(Tashriflar: umumiy 1 137, bugungi 1)

Izoh qoldiring