Ma’ruf Jalil. She’rlar & Audio

9e10 октябр — шоир Маъруф Жалил таваллуд топган кун

1936 йил 10 октябрда Каттақўрғон туманидаги Пайшанба қишлоғининг Қибла гузарида туғилганман. Ўн йилдан кейин 1946 йилда берилган туғилиш гувоҳномасида ана шундай ёзилган. Қишлоғимиз атрофи тоғлар билан ўралганга ўхшайди. Қаёққа қараманг — тоғ. Шимол томонда кўриниб турганини Оқтоғ, жануб томондагисини Қоратоғ, дейишади. Оқтоғ томондан Оқдарё, Қоратоғ томондан Қорадарё оқади. Шу икки дарё оралиғини Миёнкол, дейишади. Икки дарё аслида мустақил дарёлар эмас, Зарафшон дарёсининг Самарқанд яқинида иккига бўлиниб оқувчи ирмоқлари. Улар Хатирчида бирлашиб, яна Зарафшон бўлиб оқади (Маъруф Жалилнинг таржимаи ҳолидан).

Маъруф Жалил
ШЕЪРЛАР
011

087Маъруф Жалил 1936 йил 10 октябрда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Пайшанба шаҳарчасида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1966). «Мен сизни севардим», «Раҳмат, одамлар» (1970), «Сени ўйлаб» (1973), «Нотаниш йўллар» (1976), «Қўшиқ иштиёқи» (1979), «Мен сув ичган дарёлар» (1981), «Паризодим» (1984), «Дарёни излар шамол» (1987), «Бахтимга сен борсан» (1989) каби шеърий китоблари, «Бунёдкор қалб» (1984), «Орол мадад сўрайди» (1987) очерк ва публицистик тўпламлари чоп этилган. 2004 йил 14 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

09

СЕН БЎЛМАСАНГ ЁНИМДА

Боғларда тароват йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Тоғларда салобат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Оламда нафосат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Кўнглимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Жонимда итоат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Қайси куни, эй дилбар, қайда менга сўз бердинг,
Ақлимни олиб қандай, кўнглимга қачон кирдинг,
Сен лафзи кароматми ё субҳи сабо эрдинг?
Кел, ўзни намоён қил, пинҳона мени кўрдинг,
Бир лаҳза қаноат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Кундуз куни офтобим кўнглимга қадам қўймас,
Тунда тўлин ойимни абр отли ситам қўймас.
Гоҳи эзилиб ёмғир, эгнимни шинам қўймас,
Эркин нафас олмоққа йўлларда алам қўймас,
Ўйимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Йўлда адашиб юрган бола кабидир ҳолим,
Мажнун дилидан чиққан нола кабидир ҳолим,
Арқонга мадад бўлмас тола кабидир ҳолим,
Оҳу кўзида битган вола кабидир ҳолим,
Умиди саодат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Тунни уладим тонгга васлингга тўярман деб,
Ғам лашкарини сабрим тиғи-ла сўярман деб,
Сўнг қатли ғамим қонин кўз ёш-ла юварман деб,
Ғурбатдаги бошимни тиззангга қўярман деб,
Умримда фароғат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Балки топарман ёзда, эҳтимол қиш топмасам,
Кўнглим ўрнига тушмас, эрта ё кеч топмасам.
Остин-устун қилурман дунёни ҳеч топмасам,
Қаламим қилич бўлар, агар қилич топмасам,
Умримда давомат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

Ўлкамга баҳор янглиғ уйғониш олиб келган,
Ҳикмат тўла дарёдай ҳайратга солиб келган,
Иқбол йўли кўп оғир, майлига, толиб келган,
Маъруф каби тўйларга ноғора чалиб келган,
Шеъримда ҳарорат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.

БАҲОР ҚУВОНЧИ

Кўкка боқиб, шукрона айтиб,
Маъсум кулиб очилди гуллар.
«Қор-қор» деган қарғалар кетиб,
Боғимизга келди булбуллар.

Хуш келдинг, баҳорим, хуш келдинг,
Рутубатли дунё бўлди чароғон.
Бу кекса оламни ёш қилдинг,
Қувончини этдинг фаровон.

Мусофир эмассан бу уйда,
Ҳеч кимса кутмаган меҳмон ҳам эмас.
Ўзинг сабабчисан, ахир, бу тўйга,
Марҳабо, дилларга зеб берган ҳавас.

Эртанинг ғамини еганлар
Тутларга осибди беланчак.
«Зурёдим кўпайсин», деганлар
Интиқ эди сенга, келиндек.

Уйларни ҳам, кўнгилларни ҳам
Тозалаб қиш рутубатидан,
Ишларига берасан ривож,
Табассуминг ҳароратидан.

Хуш келдинг, баҳорим, хуш келдинг.

АЙРИЛИҚ

Юрагимдан чиқмасанг нетай,
Хаёлимдан кетмасанг нетай.
Мафтун қилиб, маҳлиё қилиб,
Энди парво этмасанг нетай.

Сен ҳаётга ишончим эдинг,
Саодатим, қувончим эдинг.
Вайрон бўлди умид кулбаси,
Умидларим таянчи эдинг.

Ўртанади ҳижронда бағир,
Дил таскинга кўнмайди ахир.
Яхши кунга кўникиш мумкин,
Айрилиққа кўникиш оғир.

СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАР, ОНАЖОН

Шодликдан осмонга етганда бошим,
Бир жойга тўпланса дўсту қариндошим.
Ё бошимга тушса бирор мусибат,
Ёки биров айтса отамга раҳмат,
Учраб қолса йўлда таниш аёллар,
Дилдан тилга кўчса маъсум хаёллар
Деса: «Кўринишда мағрур бўлса ҳам,
Йўқ эди онангдай муштипар одам».
Сени кўргим келар, онажон.

Ёр билан боғ кезсам ойдин кечалар,
Кўнглимда туғилса янги режалар.
Сирли куйлаб оқса жилғалар пастда,
Бахтимга юлдузлар боқса ҳавасда —
Шаббода силаса гулнинг юзини,
Тингламоқ истайман айтган сўзини.
«Боламнинг бўйини кўрай деб бир дам»,
Эҳтимол гул бўлиб чиққансан ердан.

Шу сабаб соғинч-ла боқаман гулга.
Армон фарёд қилар ўксиган дилда.
Сени кўз олдимга келтиролмай, гоҳ!
Эслолмай юрагим ўртанар ногоҳ.
Қандай бахтиёрдир онаси борлар,
Улар етимлардай чекмас озорлар.
Ўзинг кетдинг менга бериб умрингни,
Соғиниб асрайман дилда меҳрингни.
Сени кўргим келар доим, онажон.

* * *

Тасаввурда қилиб пайдо
Ўзим унга бўлиб шайдо,
Висолига етолмасман
Хаёлидан кетолмасман.
Бу қандай сирли маъводир,
Бу қандай сирли савдодир?

Бошимни минг хаёл чулғар,
Кўзим ёлғиз сароб илғар.
Оёғим остида ер йўқ.
Бу ёруғ дунёда нур йўқ.
Хижолатми, пушаймонми —
Олар қийноққа виждонни.

Қасам янглиғ умидим бор:
Севар бир кун мени ул ёр.
Тўлиб-тошиб оқар ул дам,
Кўзи ёпиқ булоқлар ҳам.
Фақат мен толмасам бўлди,
Йўлимдан қолмасам бўлди.

МУНОЖОТ

Мендан муножот, сендан ижобат,
Дилимга солгин сабру қаноат.

Инсоф тиларман кунда ўзимга,
Шукронам бўлсин сабру қаноат.

Исён кўтарма, эй жоҳил нафсим,
Шайтон ҳукмига қилма итоат.

Ҳалол меҳнатда топай ризқимни,
Ҳаром луқмани қилмайин одат.

Бошимга кулфат қўшин тортса ҳам,
Ташлаб кетмасин кўнглим диёнат.

Дил уйи равшан ёрим ишқидан,
Бу ишқ майида иўкдир маломат.

Гуноҳим кўпдир, ижобат айла,
Менга йўл кўрсат, соҳиб каромат.

АФРОСИЁБ

Ёлғиз ўтирибман ёмғирли кунда
Сиёб оқар ҳамон шошиб сарсари.
Тепалар ёнбошлаб ётибди бунда
Хазина асраган ота сингари.
Қанча одамларнинг кўзини очиб,
Қанча ақлларни пешлаган диёр.
Мен ҳайрон қоламан:
Шу ҳолга тушиб,
Қора ер қаърида бўлганингга хор.

Саройлар, майдонлар… Бунда эҳтимол,
Туну кун янграган қўшиқлар, куйлар,
Хиёбонда кимдир излаган висол,
Афросиёб ботир Ажамдан қайтиб,
Дўстлар даврасида шодон тургандир.
Ҳинду элчисига узрини айтиб,
Емак хонасига ҳорғин киргандир.

Қанотини фитна қайирган шоир
Майдан аламини олар кечаси.
Буни бефарқ дунё билмайди ҳозир,
Балки дунёнинг ҳам бордир режаси.
Нуроний бир кекса соқол тутамлаб
Хаёл денгизига шўнғиб кетгандир.
Эҳтимол поёнсиз фикрини жамлаб
Оқ қоғоз бетига тарих битгандир.

Токчада китоблар растаси вазмин,
Сукут сакдар унда буюк ақллар.
Чол-ку ёд биларди халқининг назмин,
Менга-чи, қолмаган ҳатто нақллар.
Шунча китоблардан наҳотки менга
Буюрмаган бўлса бирор донаси.
О, фотиҳ, китоб не айб қилди сенга,
Нима қилдинг Кўҳак кутубхонасин?

Неки тирикларга хосдир дунёда
Ҳаёт яхлитлиги негаки боғлиқ.
Бари қолиб кетган қора тупроқда,
Тарих ва Маъруфнинг юраги доғлиқ.

УМР

Кимлар бу кўчадан ўтмаган?
Ҳиммати дарёдан устунроқ,
Ғазаби вулқондан жўшқинроқ,
Юраги осмондай кенгларми?
Мардликда Рустамга тенгларми?
Ё мактаб, ё пахса уй қуриб,
Ё ўксик кўнглини тўлдириб,
Ҳар тонгда бир ҳикмат кутганлар?
Ё алдаб разил иш тутганлар?
Зиндонда нур кўрмай синикқан,
Ё омоч етаклаб чиниққан,
Меҳрибон, захматкаш деҳқонми,
Босқинчи, бешафқат хоқонми –
Кимлар бу кўчадан ўтмаган?
Замонлар ортидан чанг бўлиб,
Умидлар қолганмиш тўкилиб.
Шуларни авайлаб тераман,
Саралаб халқимга бераман.
Юрмоққа келганда навбатим,
Меҳнату ишқ бўлди улфатим.
Йиллардир, ойлардир унга зеб,
Кисқаси, аталар УМР деб.
Кимлар бу кўчадан ўтмаган?

ПАРИЗОДИМ

Паризодим, сени излаб тоғларга бордим,
Айтолмадим юракдаги саволларимни.
Аммо, топиб юпансин, деб қўйиб юбордим –
Тоғ бургути каби ўжар хаёлларимни.

Ўзим жавоб беролсайдим,
Бошимни эгиб,
Шамол каби югурмасдим, қўним билмасдан.
Шивирламас эдим ҳар бир дарахтга тегиб,
Ҳатто тоғлар сўзлар эди сукут қилмасдан.

Пишқиради ювош бўлиб қолган дарёлар,
Хазон бўлган лола қайта кўтаради бош.
Эски йўлда янграр эди янги наволар,
Кучга тўлиб нур сочарди кузда ҳам қуёш.

Ҳар бир мева туғилади куртак ва гулдан,
Аммо озми атиргулдай мевасиз гуллар!
Йўқ, мен қийиқ қидирмадим бу ерда қилдан,
Манзил сари элтмас экан дуч келган йўллар.

Мен танлаган йўл ҳаётга бегона эмас,
Мўъжизалар учрамайди унда эҳтимол.
Балки ҳеч ким тақдиримни қилмайди ҳавас,
Сенга атаб эколмасам битта ҳам ниҳол.

Қаронғуда йўқотарман балки йўлимни,
Балки бир тош йиқитади адашганимда,
Балки биров мадад берар кўриб ҳолимни,
Балки куним битар сенга етишганимда.

Аммо сенга қилмагайман зарра хиёнат,
Қасам ичиб бермаганман гарчи қатъий сўз.
Сен мангусан бу дунёда, мен – бир омонат,
Эзгу ҳислар ичра лекин ёнурман ҳануз.

Паризодим, сени излаб тоғларга бордим,
Айтолмадим ўйлаб юрган саволларимни.
Аммо, топиб юпансин, деб қўйиб юбордим –
Тоғ бургути каби ўжар хаёлларимни.

* * *

Мен орқангдан лаънат демасман
Ва қилмасман сени гуноҳкор.
Ғийбатларга ташна эмасман,
Бунда эмас ғурур, ифтихор.

Кўнгил хуши бўлса матлабинг,
Муҳаббатдан изладинг нега?
Нега қалтис жардан ҳатладинг,
Журъат қилиб сўзладинг нега?

Висол билан қисқарган тунлар,
Орзуларнинг ҳаммаси тамом.
Тамом бўлган бахтиёр кунлар
Бу кун биздан олар интиқом.

Энди чида. Ортга қайтиш йўқ,
Қўлдан келса унут барини.
Қайтаролмас на онт ва на дўқ
Озод бўлган дил каптарини.

* * *

Нетай сен эл аро афсона бўлсанг,
Менам ёлғиз, сенам бир дона бўлсанг.

Мени соғ деб ичингда чекма озор,
Менам девонаман девона бўлсанг.

Неча кунки шинам уй излар эдим,
Мени бағрингта олгин хона бўлсанг.

Хусумат қўлини ажрат ёқамдан,
Агарда ярқироқ пешона бўлсанг.

Олиб Зуҳра каби ошкор қилурман,
Одамлар ичра сен пинҳона бўлсанг.

Ҳамон сўзим етиб бормас дилишта,
Наҳотки шунчалар бегона бўлсанг?!

* * *

Қани менинг севинчларим, ғамларим қани?
Занг босмаган қилич каби дамларим қани?

Зим-зиё қалб гўшасида дўстлар шам эди,
Бугун ёруғ қалб гўшаси шамларим қани?

Мудом тўкис ҳаётимда бўлар бир камлик,
Айтинг, кемтик ҳаётимда камларим қани?

Гоҳ ҳижрон, гоҳ учрашувдан кўзлар бўлар нам,
Учрашув бор, ҳижрон бору намларим қани?

Белга боғлаб юрар эдим белбоғу ханжар,
Дўппим бошда, белбоғ билан ханжарим қани?

Маъруф, энди афсус қилма ўтган кунларга,
Дегил: Қоши қаро, сочи анбарим қани?

 

Ma’ruf Jalil
SHE’RLAR
011

05Ma’ruf Jalil 1936 yil 10 oktyabrda Samarqand viloyatining Kattaqo’rg’on tumanidagi Payshanba shaharchasida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini tugatgan (1966). «Men sizni sevardim», «Rahmat, odamlar» (1970), «Seni o’ylab» (1973), «Notanish yo’llar» (1976), «Qo’shiq ishtiyoqi» (1979), «Men suv ichgan daryolar» (1981), «Parizodim» (1984), «Daryoni izlar shamol» (1987), «Baxtimga sen borsan» (1989) kabi she’riy kitoblari, «Bunyodkor qalb» (1984), «Orol madad so’raydi» (1987) ocherk va publitsistik to’plamlari chop etilgan. 2004 yil 14 dekabrda Toshkent shahrida vafot etgan.

09

SEN BO’LMASANG YONIMDA

Bog’larda tarovat yo’q, sen bo’lmasang yonimda,
Tog’larda salobat yo’q, sen bo’lmasang yonimda,
Olamda nafosat yo’q, sen bo’lmasang yonimda,
Ko’nglimda halovat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.
Jonimda itoat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Qaysi kuni, ey dilbar, qayda menga so’z berding,
Aqlimni olib qanday, ko’nglimga qachon kirding,
Sen lafzi karomatmi yo subhi sabo erding?
Kel, o’zni namoyon qil, pinhona meni ko’rding,
Bir lahza qanoat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Kunduz kuni oftobim ko’nglimga qadam qo’ymas,
Tunda to’lin oyimni abr otli sitam qo’ymas.
Gohi ezilib yomg’ir, egnimni shinam qo’ymas,
Erkin nafas olmoqqa yo’llarda alam qo’ymas,
O’yimda halovat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Yo’lda adashib yurgan bola kabidir holim,
Majnun dilidan chiqqan nola kabidir holim,
Arqonga madad bo’lmas tola kabidir holim,
Ohu ko’zida bitgan vola kabidir holim,
Umidi saodat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Tunni uladim tongga vaslingga to’yarman deb,
G’am lashkarini sabrim tig’i-la so’yarman deb,
So’ng qatli g’amim qonin ko’z yosh-la yuvarman deb,
G’urbatdagi boshimni tizzangga qo’yarman deb,
Umrimda farog’at yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

Balki toparman yozda, ehtimol qish topmasam,
Ko’nglim o’rniga tushmas, erta yo kech topmasam.
Ostin-ustun qilurman dunyoni hech topmasam,
Qalamim qilich bo’lar, agar qilich topmasam,
Umrimda davomat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

O’lkamga bahor yanglig’ uyg’onish olib kelgan,
Hikmat to’la daryoday hayratga solib kelgan,
Iqbol yo’li ko’p og’ir, mayliga, tolib kelgan,
Ma’ruf kabi to’ylarga nog’ora chalib kelgan,
She’rimda harorat yo’q, sen bo’lmasang yonimda.

BAHOR QUVONCHI

Ko’kka boqib, shukrona aytib,
Ma’sum kulib ochildi gullar.
«Qor-qor» degan qarg’alar ketib,
Bog’imizga keldi bulbullar.

Xush kelding, bahorim, xush kelding,
Rutubatli dunyo bo’ldi charog’on.
Bu keksa olamni yosh qilding,
Quvonchini etding farovon.

Musofir emassan bu uyda,
Hech kimsa kutmagan mehmon ham emas.
O’zing sababchisan, axir, bu to’yga,
Marhabo, dillarga zeb bergan havas.

Ertaning g’amini yeganlar
Tutlarga osibdi belanchak.
«Zuryodim ko’paysin», deganlar
Intiq edi senga, kelindek.

Uylarni ham, ko’ngillarni ham
Tozalab qish rutubatidan,
Ishlariga berasan rivoj,
Tabassuming haroratidan.

Xush kelding, bahorim, xush kelding.

AYRILIQ

Yuragimdan chiqmasang netay,
Xayolimdan ketmasang netay.
Maftun qilib, mahliyo qilib,
Endi parvo etmasang netay.

Sen hayotga ishonchim eding,
Saodatim, quvonchim eding.
Vayron bo’ldi umid kulbasi,
Umidlarim tayanchi eding.

O’rtanadi hijronda bag’ir,
Dil taskinga ko’nmaydi axir.
Yaxshi kunga ko’nikish mumkin,
Ayriliqqa ko’nikish og’ir.

SENI KO’RGIM KELAR, ONAJON

Shodlikdan osmonga yetganda boshim,
Bir joyga to’plansa do’stu qarindoshim.
YO boshimga tushsa biror musibat,
Yoki birov aytsa otamga rahmat,
Uchrab qolsa yo’lda tanish ayollar,
Dildan tilga ko’chsa ma’sum xayollar
Desa: «Ko’rinishda mag’rur bo’lsa ham,
Yo’q edi onangday mushtipar odam».
Seni ko’rgim kelar, onajon.

Yor bilan bog’ kezsam oydin kechalar,
Ko’nglimda tug’ilsa yangi rejalar.
Sirli kuylab oqsa jilg’alar pastda,
Baxtimga yulduzlar boqsa havasda —
Shabboda silasa gulning yuzini,
Tinglamoq istayman aytgan so’zini.
«Bolamning bo’yini ko’ray deb bir dam»,
Ehtimol gul bo’lib chiqqansan yerdan.

Shu sabab sog’inch-la boqaman gulga.
Armon faryod qilar o’ksigan dilda.
Seni ko’z oldimga keltirolmay, goh!
Eslolmay yuragim o’rtanar nogoh.
Qanday baxtiyordir onasi borlar,
Ular yetimlarday chekmas ozorlar.
O’zing ketding menga berib umringni,
Sog’inib asrayman dilda mehringni.
Seni ko’rgim kelar doim, onajon.

* * *

Tasavvurda qilib paydo
O’zim unga bo’lib shaydo,
Visoliga yetolmasman
Xayolidan ketolmasman.
Bu qanday sirli ma’vodir,
Bu qanday sirli savdodir?

Boshimni ming xayol chulg’ar,
Ko’zim yolg’iz sarob ilg’ar.
Oyog’im ostida yer yo’q.
Bu yorug’ dunyoda nur yo’q.
Xijolatmi, pushaymonmi —
Olar qiynoqqa vijdonni.

Qasam yanglig’ umidim bor:
Sevar bir kun meni ul yor.
To’lib-toshib oqar ul dam,
Ko’zi yopiq buloqlar ham.
Faqat men tolmasam bo’ldi,
Yo’limdan qolmasam bo’ldi.

MUNOJOT

Mendan munojot, sendan ijobat,
Dilimga solgin sabru qanoat.

Insof tilarman kunda o’zimga,
Shukronam bo’lsin sabru qanoat.

Isyon ko’tarma, ey johil nafsim,
Shayton hukmiga qilma itoat.

Halol mehnatda topay rizqimni,
Harom luqmani qilmayin odat.

Boshimga kulfat qo’shin tortsa ham,
Tashlab ketmasin ko’nglim diyonat.

Dil uyi ravshan yorim ishqidan,
Bu ishq mayida io’kdir malomat.

Gunohim ko’pdir, ijobat ayla,
Menga yo’l ko’rsat, sohib karomat.

AFROSIYOB

Yolg’iz o’tiribman yomg’irli kunda
Siyob oqar hamon shoshib sarsari.
Tepalar yonboshlab yotibdi bunda
Xazina asragan ota singari.
Qancha odamlarning ko’zini ochib,
Qancha aqllarni peshlagan diyor.
Men hayron qolaman:
Shu holga tushib,
Qora yer qa’rida bo’lganingga xor.

Saroylar, maydonlar… Bunda ehtimol,
Tunu kun yangragan qo’shiqlar, kuylar,
Xiyobonda kimdir izlagan visol,
Afrosiyob botir Ajamdan qaytib,
Do’stlar davrasida shodon turgandir.
Hindu elchisiga uzrini aytib,
Yemak xonasiga horg’in kirgandir.

Qanotini fitna qayirgan shoir
Maydan alamini olar kechasi.
Buni befarq dunyo bilmaydi hozir,
Balki dunyoning ham bordir rejasi.
Nuroniy bir keksa soqol tutamlab
Xayol dengiziga sho’ng’ib ketgandir.
Ehtimol poyonsiz fikrini jamlab
Oq qog’oz betiga tarix bitgandir.

Tokchada kitoblar rastasi vazmin,
Sukut sakdar unda buyuk aqllar.
Chol-ku yod bilardi xalqining nazmin,
Menga-chi, qolmagan hatto naqllar.
Shuncha kitoblardan nahotki menga
Buyurmagan bo’lsa biror donasi.
O, fotih, kitob ne ayb qildi senga,
Nima qilding Ko’hak kutubxonasin?

Neki tiriklarga xosdir dunyoda
Hayot yaxlitligi negaki bog’liq.
Bari qolib ketgan qora tuproqda,
Tarix va Ma’rufning yuragi dog’liq.

UMR

Kimlar bu ko’chadan o’tmagan?
Himmati daryodan ustunroq,
G’azabi vulqondan jo’shqinroq,
Yuragi osmonday kenglarmi?
Mardlikda Rustamga tenglarmi?
YO maktab, yo paxsa uy qurib,
YO o’ksik ko’nglini to’ldirib,
Har tongda bir hikmat kutganlar?
YO aldab razil ish tutganlar?
Zindonda nur ko’rmay sinikqan,
YO omoch yetaklab chiniqqan,
Mehribon, zaxmatkash dehqonmi,
Bosqinchi, beshafqat xoqonmi –
Kimlar bu ko’chadan o’tmagan?
Zamonlar ortidan chang bo’lib,
Umidlar qolganmish to’kilib.
Shularni avaylab teraman,
Saralab xalqimga beraman.
Yurmoqqa kelganda navbatim,
Mehnatu ishq bo’ldi ulfatim.
Yillardir, oylardir unga zeb,
Kisqasi, atalar UMR deb.
Kimlar bu ko’chadan o’tmagan?

PARIZODIM

Parizodim, seni izlab tog’larga bordim,
Aytolmadim yurakdagi savollarimni.
Ammo, topib yupansin, deb qo’yib yubordim –
Tog’ burguti kabi o’jar xayollarimni.

O’zim javob berolsaydim,
Boshimni egib,
Shamol kabi yugurmasdim, qo’nim bilmasdan.
Shivirlamas edim har bir daraxtga tegib,
Hatto tog’lar so’zlar edi sukut qilmasdan.

Pishqiradi yuvosh bo’lib qolgan daryolar,
Xazon bo’lgan lola qayta ko’taradi bosh.
Eski yo’lda yangrar edi yangi navolar,
Kuchga to’lib nur sochardi kuzda ham quyosh.

Har bir meva tug’iladi kurtak va guldan,
Ammo ozmi atirgulday mevasiz gullar!
Yo’q, men qiyiq qidirmadim bu yerda qildan,
Manzil sari eltmas ekan duch kelgan yo’llar.

Men tanlagan yo’l hayotga begona emas,
Mo»jizalar uchramaydi unda ehtimol.
Balki hech kim taqdirimni qilmaydi havas,
Senga atab ekolmasam bitta ham nihol.

Qarong’uda yo’qotarman balki yo’limni,
Balki bir tosh yiqitadi adashganimda,
Balki birov madad berar ko’rib holimni,
Balki kunim bitar senga yetishganimda.

Ammo senga qilmagayman zarra xiyonat,
Qasam ichib bermaganman garchi qat’iy so’z.
Sen mangusan bu dunyoda, men – bir omonat,
Ezgu hislar ichra lekin yonurman hanuz.

Parizodim, seni izlab tog’larga bordim,
Aytolmadim o’ylab yurgan savollarimni.
Ammo, topib yupansin, deb qo’yib yubordim –
Tog’ burguti kabi o’jar xayollarimni.

* * *

Men orqangdan la’nat demasman
Va qilmasman seni gunohkor.
G’iybatlarga tashna emasman,
Bunda emas g’urur, iftixor.

Ko’ngil xushi bo’lsa matlabing,
Muhabbatdan izlading nega?
Nega qaltis jardan hatlading,
Jur’at qilib so’zlading nega?

Visol bilan qisqargan tunlar,
Orzularning hammasi tamom.
Tamom bo’lgan baxtiyor kunlar
Bu kun bizdan olar intiqom.

Endi chida. Ortga qaytish yo’q,
Qo’ldan kelsa unut barini.
Qaytarolmas na ont va na do’q
Ozod bo’lgan dil kaptarini.

* * *

Netay sen el aro afsona bo’lsang,
Menam yolg’iz, senam bir dona bo’lsang.

Meni sog’ deb ichingda chekma ozor,
Menam devonaman devona bo’lsang.

Necha kunki shinam uy izlar edim,
Meni bag’ringta olgin xona bo’lsang.

Xusumat qo’lini ajrat yoqamdan,
Agarda yarqiroq peshona bo’lsang.

Olib Zuhra kabi oshkor qilurman,
Odamlar ichra sen pinhona bo’lsang.

Hamon so’zim yetib bormas dilishta,
Nahotki shunchalar begona bo’lsang?!

* * *

Qani mening sevinchlarim, g’amlarim qani?
Zang bosmagan qilich kabi damlarim qani?

Zim-ziyo qalb go’shasida do’stlar sham edi,
Bugun yorug’ qalb go’shasi shamlarim qani?

Mudom to’kis hayotimda bo’lar bir kamlik,
Ayting, kemtik hayotimda kamlarim qani?

Goh hijron, goh uchrashuvdan ko’zlar bo’lar nam,
Uchrashuv bor, hijron boru namlarim qani?

Belga bog’lab yurar edim belbog’u xanjar,
Do’ppim boshda, belbog’ bilan xanjarim qani?

Ma’ruf, endi afsus qilma o’tgan kunlarga,
Degil: Qoshi qaro, sochi anbarim qani?

08

(Tashriflar: umumiy 153, bugungi 1)

Izoh qoldiring