1592 yilning 5 yanvarida boburiy hukmdor Shoh Jahon dunyoga kelgan edi.

shoh

   Шоҳ Жаҳоннинг ўттиз йил (1628-1658) давом этган ҳукмронлик даври Ҳиндистон ва Бобурийлар салтанати тарихида ёрқин из қолдирди. Бу давр ичида салтанат ҳудудан унчалик катта ҳажмда кенгаймаган бўлса ҳам,ўша давр меъёри билан ўлчанадиган бўлса,мамлакат тараққиётининг энг юқори чўққисига чиққан эди. Бу давр фуқаро учун тинч,осуда ҳаёт ва тўкин-сочинлик,мўл-кўлчилик даври бўлди. Шунинг учун бўлса керак,тарихчилар унинг ҳукмронлик даврини Ҳиндистондаги «бобурий подшоҳлар ҳукмронлигининг олтин даври» деб,Шоҳ Жаҳоннинг ўзини эса «бунёдкор подшоҳ» деб аташади.

bobur

БОБУРИЙЛАР ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ
(Ўзбекистон Миллий қомусидан)

     Бобурийлар — Ҳиндистонда (1526—1858) ҳукмронлик қилган сулола. Темурийлардан Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган. Чет элларда, мамлакатимизда, ҳатто Ҳиндистонда ҳам Бобурни ва унинг авлодларини «буюк мўғуллар» деб аташ одат бўлиб қолган. «Буюк мўғуллар» деган ибора Чингизхон ва ундан кейинги мўғул қоонлари (Ўқтой қоон, Гуюк қоон, Мунка қоон)га тааллуқли бўлиб, Бобурийлар аслида Амир Темур ва Мирзо Бобур авлодларидир. Улар тарихий ҳужжатларда ўзларини «бобурий мирзолар» деб юритишган. В. В. Бартольд дунёда тарқалган «буюк мўғуллар» иборасининг хато эканлигини кўрсатиб, «Европаликлар Темурни ва унинг ўғиллари ҳамда набираларини мўғуллардан тарқалган деб ҳисоблаб, (Бобур) салтанати учун «буюк мўғуллар» деган ном тўқидилар», деб ёзади. Бу ибора эса Европадан Ҳиндистонга «кўчиб» келиб, ҳиндлар орасига инглизча китоблар воситаси б-н тарқалгандир. Сўнгги йилларда «буюк мўғуллар» деган хато ибора ўрнига «бобурийлар» ибораси қўлланила бошладики, бу ибора тарихий ҳақиқатни тўғри акс эттиради. Бобурийлар Ҳиндистонда 332 й. ҳукмронлик қилдилар.

Бобурий ҳукмдорлар
932-1274/1526-1858

932/1526 Заҳируддин Бобур
937/1530 Носируддин Ҳумойун
947-962/1540-1555 Деҳлининг Сурий султонлари
962/1555 Ҳумоййун (иккинчи марта)
963/1556 Жалолуддин Акбар
1014/1605 Нуруддин Жаҳонгир
1037/1627 Довар Бахш
1037/1628 Ҳишобуддин Шоҳ Жаҳон I
1068/1657 Мурод Бахш (Гужаротда)
1068/1657 Шоҳ Шужо (Бенгалияда 1070/1660 йилгача)
1068/1567 Муҳйинуддин Аврангзеб Оламгир I
1118/1707 Азамшоҳ
1119/1707 Ком Бахш (Даканда)
1119/1707 Шоҳ Олам I Баҳодуршоҳ I
1124/1712 Азиму-ш-Шон
1124/1712 Муиззуддин Жаҳондор
1124/1713 Фаррух Сийар
1131/1719 Шамсуддин Рафиу-д-Даражот
1131/1719 Рафиу-д-давла Шоҳ Жаҳон II
1131/1719 Нигу Сийар
1131/1719 Носируддин Муҳаммад
1161/1748 Аҳмадшоҳ Баҳодур
1167/1754 Азизуддин Оламгир II
1173/1760 Шоҳ Жаҳон III
1173/1760 Жалолуддин Алий Жавҳар Шоҳ Олам II
1202/1788 Бидорбахт
1203/1788 Шоҳ Олам II (иккинчи марта)
1221/1806 Муинуддин Акбар II
1253-1274/1837 Сирожуддин Баҳодуршоҳ II
Инглизларнинг бевосита бошқаруви

shoh jahon

ШОҲ ЖАҲОН

Туғилганда Хуррам исми берилган Шоҳ Жаҳон 1592 йилнинг 5 январида Лаҳорда дунёга келган.Отаси Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Бобурий шаҳзодалардан учинчиси — Жаҳонгиршоҳ (Салим, 1569—1627), онаси ражпутлар сулоласи вакили малика Манмати эди.
Шаҳзода Хуррам ёшлигида қадди-қомати жуда келишган,ақлу одобда бошқаларга намуна бўладиган,шу билан бирга шон-шуҳратга интилувчан серғайрат йигит бўлганидан,бобоси Акбаршоҳнинг суюкли набираси ҳисобланарди. Шу ўринда,мухтасар тарзда Акбаршоҳ ҳақида гапирсак. Қайси динда бўлишларидан қатъи назар ҳиндистонликларнинг аксари Акбар Шоҳнинг буюк ҳукмдор бўлганини таъкидлашади. Бобур ва Акбаршоҳнинг Ҳиндистон тарихидаги ўрни ҳақида Жавоҳарлал Нерунинг этиборли фикри мавжуд (Бу хусусда мана саҳифада ўқишингиз мумкин).

Акбар Шоҳ барпо этган давлат бағрикенглик асосига қурилганди. Халқлар аро қирғинбарот урушлар учига чиққан бир паллада, масалан, Англияда Қиролича Елизавета ўз синглисини қатл этаётган бир пайтда, бу ерда бағрикенглик ва тоқатлилик ғояларини илгари сурган инсон ҳукмронлик қиларди. Акбар Шоҳ Ҳиндистонда барча дин вакиллари ҳамжиҳатликда яшашлари учун замина яратишга бел боғлаганди!» — дейди Ҳиндистонлик тарихчи Балжик Малик.

Акбар Шоҳнинг уч хотини ва юзлаб жориялари бўлган. Аммо, вориси бўлмаган. Тарихий манбаларда айтилишича, фарзанд кўриш умидида Акбар Шоҳ Чиштия тариқатининг пешвоси, шайх Салим Чиштий олдига бориб, унинг дуосини олади. Кўп вақт ўтмай, Акбар Шоҳ ўзининг ҳинду аёли Жотабайдан ўғил кўради. Акбар ўғлига ҳаққига дуо қилган сўфийнинг исми — Салим номини беради. Бироқ, бу фарзанд тарихда Жаҳонгир номи билан машҳур бўлди.

Акбар Шоҳ Фотиҳпур қалъасини Салим Чиштий мақбараси атрофида қурган. Бутунлай қизил тошдан қурилган қалъага элллик метрдан баландроқ «Баланд Дарвоза» дан кирилади. Оқ мармардан бунёд этилган Салим Чиштий мақбараси қалъа марказида жойлашган. Мақбара панжара билан ўраб олинган. Ўз орзу ва ниятлари ушалишини истаб келган зиёратчилар қизил ва сариқ ипларни панжарага боғлаб қўядилар.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ёш шаҳзода Хуррамнинг шижоати,ақл заковатини кўрган-билганлар ўша пайтдаёқ унинг тахт вориси бўлишига комил ишонч билан қарар эдилар. Ёш шаҳзода бобосидан кейин тахтга чиққан отаси Жаҳонгиршоҳнинг ҳам эътиборини қозонишга эришади.Унинг жасурлиги ва масъулиятни ҳис эта билиш туйғусини яхши қадрлаган Жаҳонгиршоҳ шаҳзода Хуррамни ўспиринлигидаёқ кўпгина ҳарбий юришларга сардор этиб тайинлар эди. У 15 ёшга тўлганида 8 минг пиёда аскар ва 5 минг суворийдан иборат қўшинга қўмондонлик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳарбий мансабга муносиб кўрилган бўлса, 1611 йилда 19 ёшга тўлгач, у 10 минг пиёда аскар ва 5 минг отлиқ навкарга қўмондонлик қила бошлади.
Умрининг сўнгги вақтларида Жаҳонгиршоҳ бот-бот касал бўлиб, давлат ишларига қарамай қўяди. Ана шундай пайтларда унинг иккинчи хотини бўлмиш Нуржаҳон бегим салтанат ишларини бошқариб туради. Нуржаҳон бегимнинг салтанат ишларидаги фаолияти ва унинг тутган мавқеи Жаҳонгиршоҳнинг ўғилларига, айниқса шаҳзода Хуррам (Шаҳобиддин Шоҳ Жаҳон)га ёқмасди.
Жаҳонгиршоҳ саломатлиги ёмонлаша бошлагач, 1616 йилда шаҳзода Парвез (Жаҳонгиршоҳнинг иккинчи ўғли)ни тахтга валиаҳд этиб тайинлайди. Жаҳонгиршоҳнинг тўртинчи ўғли шаҳзода Шаҳриёр иродасиз ва қатиятсиз киши эди. Нуржаҳон бегим қўғирчоқ сифат шаҳзода Шаҳриёрни тахтга валиаҳд этиш мақсадида ўзининг авалги эри Шерафкандан бўлган қизи — Лодила бегимни шаҳзода Шаҳриёрга никоҳлаб беради. Жаҳонгиршоҳнинг учинчи ўғли шаҳзода Хуррам (Шоҳ Жаҳон) 1612 йилда 21 ёшида Нуржаҳон бегимнинг акаси Осафхоннинг 19 ёшли қизи Аржуманд бонуга уйланган эди. Бинобарин, Осафхоннинг мақсади, ўз куёвини шаҳзода Ҳуррамни валиаҳдликка тайинлатиш эди.
Шаҳзода Хуррам ўз отаси Жаҳонгиршоҳдан ҳам, валиаҳд акаси шаҳзода Парвездан ҳам, укаси шаҳзода Шаҳриёр ва унинг ҳомийси малика Нуржаҳон бегимдан ҳам хафа эди. Отасидан сўнг тахтга ўтиришга ҳаракат қиларкан, бу йўлда асосий ғов деб Нуржаҳон бегимни биларди. 1622 йилда Нуржаҳон бегимнинг отаси вазир Эътимод-уд Давлат вафот этгач, Нуржаҳон бегим билан шаҳзода Хуррам орасида аёвсиз зиддият кучайди. Бу даврда касалманд Жаҳонгиршоҳ салтанат ишларига қарамай қўйган, бинобарин, давлатни бошқариш асосан Нуржаҳон бегим қўлида қолган эди.
Шаҳзода Хуррам ўз келажаги ҳақида тараддудланиб, 1622 йилда отаси Жаҳонгиршоҳ томонидан ўз қарамоғига топширилган ногирон (кўр қилинган) акаси — шаҳзода Хусравни пинҳона бўғиб ўлдиртиради, отаси Жаҳонгиршоҳга эса «санчиқ азобидан вафот этди», деб хабар юборади. Шу зайлда сарой ичида гуруҳбозлик авж олиб, кундан-кун салтанатдан путур кета бошлайди. Ана шундай қулай вазиятни кўпдан бери кутиб турган Эрон ҳукмдори Шоҳ Аббос тўсатдан Қандаҳорни қамал қилади ва қирқ кунлик қамалдан сўнг шаҳарни қўлга киритади. Жаҳонгиршоҳ шаҳарни қайтариб олиш мақсадида шаҳзода Хуррам бошчилигида катта қўшин тўплаб, Қандаҳорга юбормоқчи бўлади. Лекин шаҳзода Хуррам саройдаги нотинч вазиятда тахтдан узоқлашишии истамай, Қандаҳорга боришдан воз кечади ва тез кунда отаси Жаҳонгиршоҳга қарши қўзғолон кўтаради. Қўзғолон бостирилади. Аммо саройдаги гуруҳбозлик, махфий фитналар мамлакатнинг ички ва ташқи мавқеига салбий таъсир кўрсатади.
Салтанатни вақтинча Нуржаҳон бегим бошқарарди. У ўз ниятларини амалга ошириш мақсадида Жаҳонгиршоҳга содиқ лашкарбоши Маҳобатхонни саройдан четлатиб, Бенгалияга жўнатади ва мол-мулкини рўйхатга олдиради. Бундан норози бўлган Маҳобатхон салтанатга қарши бош кўтаради. Шу воқеадан сал вақт ўтгач, Жаҳонгиршоҳ Нуржаҳон бегим билан бирга пойтахтдан Қобулга қараб сафарга чиқади. Маҳобатхов ражпутли қўшини билан йўлга чиқиб, Шоҳ қофиласини (карвон) ўраб олади. Маҳобатхоннинг барча шартлари Жаҳонгиршоҳ тарафидан ночор қабул қилинади. Нуржаҳон бегим Маҳобатхонга қаршилик кўрсатмоқчи бўлади, лекин кучлар тенг эмаслигига кўзи етгач, макр-ҳийла йўлини қидиради. Шоҳ карвони Маҳобатхон назорати остида Қобулга қараб йўл олади. Қобулга кирилгач, Нуржаҳон бегим Жаҳонгиршоҳни Маҳобатхон соқчилари қўлидан қутқариб олади ва Кобул қўшинини Маҳобатхонга қарши қўяди. Энди Маҳобатхон учун кочишдан бошқа чора қолмайди. У Қобулдан қочиб Деканга боради ва шаҳзода Хуррамга қўшилади.
Аммо бу вақтда шаҳзода Хуррамнинг аҳволи оғирлашиб, Эронга қочиб ўтиш фикрида юрарди. Бироқ, 1626 йил октябр ойида акаси валиаҳд шаҳзода Парвезнинг тўсатдан вафот этиши унинг сўнган умидларини яна жонлантириб юборади. 1627 йили Жаҳонгиршоҳ Кашмир бўйлаб саёҳатга чиқади. Саёҳатдан қайтаётиб, хасталаниб йўлда вафот этади ва Лоҳурда дафн этилади. Бу хабарни эшитган шаҳзода Хуррам тахтни эгаллаш учун Декандан Аграга йўл олади.
Шаҳзода Хуррам Аграга етиб келгунга қадар унинг қайнотаси Осафхон муваққат равишда марҳум шаҳзода Ҳусравнинг ўғли Довар Бахшни тахтга ўтқазади. Шаҳзода Шаҳриёрни ушлатиб, кўзига мил торттириб, кўр қилади. Куёви шаҳзода Хуррамнинг Аграга яқинлашгани хабарини эшитган Осафхон тахт соҳиби қўғирчоқ Довар Бахшни турли-туман васвасалар билан қўрқитиб, тахтдан воз кечиши ва ўзини панага олишини маслаҳат беради. Довар Бахш тахтни ташлаб қочади ва Эрон шоҳи ҳузурига паноҳ истаб боради.
Шаҳзода Хуррам 1628 йил феврал ойида Аграга кириб, айтарлик қаршиликсиз тахтга ўтиради. У салтанатни ўз тасарруфига киритгач, ўзини «Шоҳ Жаҳон» номи билан аташнн буюради. Ниятларига ета олмаган малика Нуржаҳон бегим 1645 йилда вафот этади ва қабри Лоҳурнинг Шоҳ Дара қабристонига қўйилади. «Тазкират ул-ҳавотин»да ёзилишича, Нуржаҳон бегимнинг қабр тошига ўзи битган қуйидаги байт ёзилган экан:

Бар мазори мо ғарибон на чароги, на гули,
на пар парвона ёби, на садойи булбули.

Мазмуни: Биз ғарибларнинг мозоримизда, на чироқ, на гул,
На булбул садосию, на бирор парвонани топмайсан.

Шоҳ Жаҳоннинг ўттиз йил (1628-1658) давом этган ҳукмронлик даври Ҳиндистон ва Бобурийлар салтанати тарихида ёрқин из қолдирди. Бу давр ичида салтанат ҳудудан унчалик катта ҳажмда кенгаймаган бўлса ҳам,ўша давр меъёри билан ўлчанадиган бўлса,мамлакат тараққиётининг энг юқори чўққисига чиққан эди. Бу давр фуқаро учун тинч,осуда ҳаёт ва тўкин-сочинлик,мўл-кўлчилик даври бўлди. Шунинг учун бўлса керак,тарихчилар унинг ҳукмронлик даврини Ҳиндистондаги «бобурий подшоҳлар ҳукмронлигининг олтин даври» деб,Шоҳ Жаҳоннинг ўзини эса «бунёдкор подшоҳ» деб аташади. Чунки унинг ҳукмронлиги даврида бунёд этилган иншоотлар ундан аввалги аждодлари даврида қурилган бинолардан меъморий услуби жиҳатидан фарқ анча қилади. Мамлакат ҳудудида барпо этилган биноларнинг кўпчилиги, шу жумладан, Ҳумоюншоҳ мақбараси,Фотиҳпур Секри шаҳрида қад кўтариб турган бинолар, Искандариядаги Акбаршоҳ мақбараси,Аградаги Эътимод-уд-давла Мирзо Ғиёсбек мақбараси каби иншоотлар ўз меъморий услубига кўра ҳинд-форсча услубда қурилган. Шоҳ Жаҳон даврида бунёд этилган меъморий обидалар нафақат ўзининг улкан ҳажми ва баҳайбатлиги билан, шу билан бирга,сержилолиги ва пурвиқорлиги билан ажралиб,кишини мафтун этади. Улар ортиқча маҳобати ва сербезаклиги билан эмас,аввало нозик дид ва жило берилгани боис киши диққатини тортади.

Шоҳ Жаҳон ҳукмронлиги даврида бунёд этилган меъморий обидаларнинг энг ноёб намунаси — дунёнинг етти мўъжизаларидан бири ҳисобланган Тож Маҳал мақбарасидир. Муаррих Ҳамид Лоҳурийнинг гувоҳлик беришича, бу бино 12 йил давомида қурилган бўлиб,унинг қурилишига 50 лак (1 лак 100 мингга тенг) рупий маблағ сарфланган.

toj mahal

ТОЖ МАҲАЛ

Бобурийлар салтанатининг пойтахти бўлган Агра шахри яқинида, Жамна дарёси бўйида жойлашган Тожмаҳал мажмуаси ишқ рамзига айланган.
Шоҳ Бобур невараси Шоҳ Жаҳоннинг суюкли аёли Мумтозмаҳал ўн тўртинчи фарзандига кўзи ёришаётган чоғида вафот этади. Шоҳ Жаҳон суюкли рафиқаси васиятини бажо келтириб, Тожмаҳал мақбарасини барпо этади.

Мақбара оқ мармардан, унинг атрофидаги бинолар эса қизил тошдан қурилган. Мажмуа хиёбонлар ва катта боғ билан қуршалган. Атрофда эса ястанган далалар. Жамна дарёси бир маромда, сокинлик билан оқади. Сукунатни фақат қушларнинг чуғурлаши бузади, холос.
Шоҳ Жаҳон Тожмаҳални қуриш учун 23 йил умрини сарфлади.
Тожмаҳал мақбараси — танассуқ (симметрия)нинг амалдаги энг мукаммал намунаси.
Мақбара шу қадар мукаммалки, унга қай тарафдан қараманг, бир хил кўринади.
Бино қурилишига Эрон ва Турон меъморлари ҳисса қўшганлар. Ҳар бир меъмор исми деворларга битилган.
Ёруғликни акс эттирган тошлар билан безатиш услуби инсонни ҳайратда қолдиради. Тожмаҳал офтоб нурларида турлича ялтирайди. Ундан кўзинг қамашади.

Бино тонгда кумуш рангида жилоланади. Қуёш ботаётган пайтда эса, тилло рангини олади. Шунинг учун йўлбошловчилар сайёҳларга мақбарани тонгда ёда оқшом пайти бориб кўришни тавсия қилишади.
Мақбара деворлари қимматбаҳо рангли тошлар билан безатилган. Усталар оқ мармарда қимматбаҳо тошлар учун кичик тешикчалар қолдирганлар. Тешикчаларга гулсимон ақиқ, марварид, садаф, зумрад ва ёқут каби қимматбаҳо тошлар билан оро берилган. Улар кўзга ташланмайди. Шунинг учун кундузи бутун бино оппоқ кўринади.
Шоҳ Жаҳон Тожмаҳални барпо этиш билан ўз шуҳратини оламга ёймоқчи эмасди. У ўз суюклисига бўлган чуқур муҳаббатини, айрилиқ дардини изҳор этмоқчи эди, холос.
Буюк ҳинд мутафаккири Робиндранат Тагор Тожмаҳалга: «абадийлик юзидаги кўз ёш,” — дея таъриф берганди.

taj_mahal

Тарихчиларнинг айтишича, Шоҳ Жаҳон Тожмаҳал рўпарасида, Жамну дарёсининг қарши соҳилига қора мармардан ўзи учун ҳам мақбара қурмоқчи бўлган. Ҳозир ҳам ушбу битмаган иморатнинг пойдевори сақланиб қолган.
Жамну дарёси қирғоғида Бобурийлар салтанатининг энг йирик меъморчилик мажмуаси «Лол Қила», яъни «Қизил Қалъа» жойлашган.
«Қизил Қалъа» Шоҳ Бобурнинг невараси Акбар Шоҳ даврида барпо этилган сарою девонлар, боғу гулзорларни ўз ичига олади. Айни қалъада Акбар Шоҳнинг невараси Шоҳ Жаҳон умрининг сўнгги саккиз йилини бандиликда ўтказган қамоқхона ҳам бор.
Маҳаллий халқ орасида юрадиган афсоналарга кўра, ўз отасини банди этган Аврангзеб Шоҳ Жаҳонга Тожмаҳал томонга қарашни ҳам рад этган экан. Ушбу афсоналар сайёҳлар йўлбошчилари томонидан турли хил талқин этилади. Уларга ишонмасангиз ҳам, қандайдир армон ҳисси сизни чулғаб олади.

Тож Маҳал ҳақида 6 факт:
1. Обиданинг умумий баландлиги 74 метрни ташкил этади.
2. Мақбара лаҳорлик Усто Аҳмад ҳамда турк меъмори Муҳаммад Исохон афанди бошчилигида қурилган.
3. Ёдгорликнинг тўрт томонижда жойлашган тўртта минорадан ҳар бирининг баландлиги 45 метрни ташкил этади.
4. Маликанинг қабри устидаги қора мамрмар Шри-Ланкадан келтириб ўрнатилган.
5. Мақбаранинг олд томонида икки қатор даорахт экилган ва фавворали хҳовуз барпо этилган.
6. Тожмаҳал қурилган Агра шаҳри Деҳлидан 200 километр узоқликда жойлашган.
7. Мақбарага учта – шарқий, жанубий ва ғарбий дарвозалар орқали кирилади.

Фойдаланилган адабиётлар:
1.Турғун Файзиев. Темурий маликалар
2.М.Нуритдинов. Бобурийлар сулоласи

toj-mahal

(Tashriflar: umumiy 6 777, bugungi 1)

3 izoh

  1. man bir narsaga hayron man boburiylar sulolasidan kiyin ular qayirga kitishgan yoki qayirda nega ular hindistonda yoq hozir nega. bir ishdim ingilizlar hindistonni olgandan kiyin boburiylarni bitta qoldiray qirgin qilganmish shu rosmi yoki mish-mishmi.

Izoh qoldiring