Xudoyberdi To’xtaboev: Bolalar — mening og’aynilarim

099

17 декабрь – Машҳур болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев таваллуд топган кун

«Менга танишиш ва таржимага тавсия этиш учун тақдим этилган ёзувчилар орасида Худойберди Тўхтабоевнинг «Сеҳрли қалпоқча» номли асари юморга бой бўлганлиги ва фантазияси бениҳоя кенг бўлганлиги сабабли маъқул бўлди. Ушбу юмор ва фантазиядан итальян болалари ҳам баҳра олсин, деб мен ушбу асардан бир боб таржима қилиб бердим» — деб ёзган эди олис  1971 йилда италиялик жаҳонга машҳур болалар ёзувчиси Жанни Родари.

08

95Худойберди Тўхтабоев   (1932.17.12, Ўзбекистон тумани) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1982). Қўқон пед. билим юртини (1949), Ўрта Осиё университетини тугатган (1955). Ўрта мактабда ўқитувчи ва директор (1955— 58), «Тошкент ҳақиқати» газетасида адабий ходим, бўлим мудири (1958—62), «Совет Ўзбекистони» (1962—70) газетаси, «Гулистон» журналида (1970—72),«Ёш гвардия» нашриётида (1972) бўлим мудири ва бош муҳаррир ўринбосари (1974— 76), «Гулхан», «Ёш куч» журналларида бош муҳаррир (1977— 80), «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси (1980—1998).
Худойберди Тўхтабоев дастлаб журналист сифатида танилган, фельетонлар ёзган. Илк ҳикоялар тўплами — «Шошқалоқ» (1961). «Фельетондан кейин» (1962), «Сир очилди» (1963), «Сеҳрли қалпоқча» (1964) сингари қиссалари, «Муҳаббат қўшиғи» (1967), «Жонгинам, шартингни айт» (1969), «Конизар юлдузлари» (1978), «Омонбой бн Давронбой саргузашти» (1974) ва бошқа асарлар муаллифи. «Сариқ девни миниб» романи (1968) ёзувчига катта шуҳрат келтирган. Шундан кейин «Сариқ девнинг ўлими» (1973), «Беш болали йигитча» (1976), «Қасоскорнинг олтин боши» (1981), «Йиллар ва йўллар» (1983), «Ширин қовунлар мамлакати» (1986), «Мунгли кўзлар» (1988), «Жаннати одамлар» (1996) романлари нашр этилди. Худойберди Тўхтабоев асарлари юморга бойлиги, болалар ҳаёти, уларнинг ўзига хос табиати, хусусиятлари, руҳий кечинмалари ниҳоятда жонли, қизиқарли ва болалар- боп йўсинда маҳорат бн тасвирланиши жиҳатидан ажралиб туради. Адиб ўзбек болалар адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиққан ижодкорлардан биридир. Асарлари дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989).

099
БОЛАЛАР —  МЕНИНГ ОҒАЙНИЛАРИМ
Суҳбатдош — Ориф Толиб
98

-Болаларга атаб ёзадиган ижодкорлар кам. Балки бу йўналишда катта гапларни, катта дардларни ифодалаб бўлмас. Сиз нима учун айнан болалар адабиётини танлагансиз?

-Болаларга мослаб ёзиш қийин, шу сабабли бу йўналишни танлайдиганлар кам дейиш унча тўғри эмас. Болаларга ёзиш, унинг руҳига тенглашиб олиш, бола қалбига монанд бирор нарса айтиш албатта қийин. Қаршингизга бир болани ўтирғизиб қўйгандай, у билан суҳбатлашгандай ёзиш ҳақиқатан ҳам мураккаброқ. Бугун болаларга бағишланган асарлар жуда кам, деярли йўқ ҳисоби.

077

1-2 апрел кунлари болалар китобхонлигини ҳимоя қилиш куни бўлди. Шу санада “Шарқ зиёкори” китоблар дўконида тадбир бўлиб ўтди. Атрофдагиларнинг эътиборини болалар адабиётига оид китоблар териб қўйилган токчага қаратдим. Чет эл адабиётидан Жонатан Свифт, Жанни Родари, ўзимиздан Анвар Обиджон, Фарҳод Мусажонларнинг китоблари бор. Аксарияти қайта нашр. Янгиларини изладим, нари борса уч-тўрт бет келадиган асарларни топдим, холос.
Мендан олдин Эркин Малик сўзга чиқиб, бир қанча расмли китобларни кўрсатди. Боғдорчиликка оид – русчадан таржима, ҳайвонот оламига оид – русчадан таржима. Хайрият, Тошкент ҳақидаги китоб оригинал экан.
Бундоқ қараганда, янги китоблар нашр этилаётганга ўхшайди. “Гулхан” журнали ёки “Тонг юлдузи” газетасида унча-мунча ҳикоя, қиссалар босиляпти. Лекин бу тўққиз миллион нафар ўқувчи бола учун жуда оз, жуда-жуда оз.
Салкам ўн минг ўрта таълим мактаби бор. Айрим мактабларнинг кутубхонасига кириб қолсангиз, лотин алифбосида босилган китоблар кам эканига гувоҳ бўласиз. Шу мактабга қатнаётган болалар билан суҳбатлашиб кўраман. “Қани, ўғлим, бу йил қанақа китоб ўқидинг?” деб сўрайман. Ўйлаб-ўйлаб, битта-яримта эртакни айтади, бўлмаса – йўқ. Дарсликдаги нарсаларни ўқишади, лекин яхлит китоблар уларга етиб бормаяпти.

Китоблар икки минг, уч минг, беш минг нусхада чиқяпти. Бу олдингига солиштирганда битта маҳалланинг китоби, холос. Шу маънода, болаларбоп асарлар тақчил.

Лекин болаларга ёзиш қийин деган гапга қўшилмайман. Лев Толстойдай буюк ёзувчи болалар учун ёзган-ку! Ғафур Ғулом, Зулфия каби шоирларимиз болаларга бағишлаб шеърлар ёзган. Қийинлигини улар ҳам билган, лекин ички хоҳиш-истак уларга туртки берган. Битта аччиқ гапни айтиш жоиз: бугунги ёзувчилар болалар олдидаги масъулиятни унча ҳис қилмаяпти. Шу ўсаётган болалар эртага катта ёшдаги китобхонга айланади-ку! Ўқимасдан улғайган бола катта бўлгандан кейин ҳам ўқимай қўя қолади.

Яхши китобхонни болалигидан тайёрлаш керак. Агар газета, журналлар ўз саҳифаларидан болалар учун жой ажратса, уларнинг онгини, тафаккурини шакллантирадиган асарларни чоп этиб борса, жуда хурсанд бўлардим. Ҳеч бир киши болалар олдидаги масъулиятини унутмаслиги керак.

-Билишимча, ўқитувчи бўлиб ҳам ишлагансиз. Фаолиятингиз давомида иложсиз вазиятларга ҳам тушиб қолганмисиз? Қаҳрамонингиз Ҳошимжонга ўхшаган болалар билан қандай шуғуллангансиз?

-Икки марта ўқитувчилик қилганман. Дастлаб, Қўқон педагогика билим юртини битириб бориб, 1949-50 ўқув йилида Қайқубод деган қишлоқда 1-4-синфларга дарс берганман. Бу биринчи муаллимлик даврим эди. Бир қанча қийинчиликларга дуч келдим. Менга 1-синфни бериб қўйишди. Аслида, бу ишни тажрибали ўқитувчилар олиб бориши керак.

Бир-иккита мисол айтиб бераман. Болаларга қаттиқ гапириб бўлмас экан. Ўша пайтларда педагогикада қаттиқ гап ҳали бор эди. Ғуломжон деган бир ўқувчим бўлган. Бир куни ручкаси яхши ёзмаётганди, “ҳе, онангни…” деб сўкиб қолди. “Ҳой, ўғлим, онангни деб сўкмайди”, деб танбеҳ берсам, бир оздан кейин “ҳе, бувингни…” деб сўкяпти. “Ҳой, ўғлим, нега яна сўкиняпсан?” десам, “онангни демаяпман-ку” деб жавоб берди. Сўкиниш одобдан эмаслигини бафуржа тушунтиришимга тўғри келган.

Бир кун бир ўқувчим йўқолиб қолди. У Қайқубод қишлоғининг “Қўрғонча” маҳалласидан келарди. Тушдан кейин онаси келиб, ўғли уйга бормаганини айтди. Мен ҳамма қатори уйга кетганини айтдим. Болалар билан чўмилиб юргандир, деб онаси қайтиб кетди. Кечга яқин ота-она биргаликда келди. Топишолмабди. Эртасига эрта келиб хонани очсам, қидирувдаги бола орқадаги партада сумкасини бошига болиш қилиб ухлаб ётибди. Хурсанд бўлишимниям, хафа бўлишимниям билмайман. Бола топилди. Ёмон томони, кеча синфни қулфлаётганда қарамаган эканман. Уйқудаги паҳлавонни уйғотдим, уйига хабар жўнатдим. “Э ўғлим, нимага бундай қилдинг?” десам, “Эртага тағин келарканман деб ухлайвердим”, дейди. “Қўрғонча” маҳалласи сал узоқроқ эди-да.

У пайтларда довот-қалам ишлатиларди. Болаларнинг битта одати бор эди: агар бугун кимдир қалам кўтармай келса, эртага ҳаммаси қаламсиз келарди. Бир куни битта ўқувчим қаламини уйда қолдириб келибди. Бошини силаб, яхши гапириб қалам топиб бердим. Эртасига бутун синф қаламсиз келди. Ҳа десам, бизгаям қалам олиб беринг, деб жавоб беришди.

Шунақанги қизиқ-қизиқ воқеалар мени болалар дунёсига яқинлаштирди.

Тўртинчи синфларни ҳам ўқитганман. Бу ҳам болалар дунёсини яхши ўрганишим учун катта ёрдам берган. Бир бола бир қизни яхши кўриб қолибди. Дарсдан кейин қолиб гаплашишади. Кет энди десанг, кетмайди. Бир куни Ҳусниддинова деган рус тили ўқитувчиси менга хат олиб чиқиб берди. Ҳалиги болалар гаплашаверибди, ёнига борса бир-бирига хат ўқиб бераётган экан. Мен нима қилишим керак? Ота-онасига ошкор этайми-йўқми? Улар анчагина “ёзишмалар олиб борган” экан. Муаллим чўнтакларидан олиб қўйибди. Хатни ошкор қилмадим, болаларни чақириб ўзларига қайтариб бердим. Энди бунақа иш қилманглар, еттинчи синфдан кейин ҳаммасига рухсат, дедим. Унда еттинчи синфгача ўқитиларди, ундан кейин қизлар эрга тегиши мумкин эди.

1955 йили университетни битириб келдим-да, яна мактабга ишга кирдим. Уч йил ишладим. Ўсмирлик ёшидаги болаларга дарс бердим. Бу пайт боланинг шаклланиш даври ҳисобланади. Бу мураккаб ўтиш палласининг сир-синоати, ўзига хосликларининг поёнига етолмадим. Ҳар бир ўсмир ўғил, ҳар бир ўсмир қиз ўзи бир дунё-да. Уларнинг ҳаётини кузатиб, жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлдим.

-Садриддин Айний ўз хотиралирада ёзишича, Аҳмад Дониш ўз танишларини уйига тўплаб, зиёфат бериб, уларнинг шовқин-суронида ишлаган экан. Сиз қандай шароитда ижод қиласиз?

-Тўғри, ҳар ким ҳар хил шароитда ижод қилади. Баъзи бирлар сувнинг шилдирашини эшитиб шеърий оҳанг топар экан. Мен болаларнинг ичида ижод қиламан. Агар шу бугун тўртта болани кўрмасам, бағримга босмасам, улар билан суҳбатлашмасам, кўнглим тўлмайди.

Анча йиллар олдин Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига дала-ҳовли тарқатди. Ўша пайтларда партия ташкилотининг котиби эдим, ҳовли олсам бўларди. Лекин болаларни кўзим қиймади. Дала-ҳовлига йигирмата бола ўлиб қолса бормайди-ку. Ҳафтада учта болани ё кўраман, ё кўрмайман.

Яқинда, “13-студия” кўрсатувида қатнашганимда бир гапни айтдим: “Мен болаларга ош бераман, чунки улар менинг ўртоқларим, оғайнимларим”. Чунки мен шу болалар билан бирга завқланаман, улардан сюжет топаман, шу улфатларимнинг оҳангини, сўзини “ўғирлайман”.

-Тошкентга келиб ўрнашиб, ватан қилиш осон эмас. Қанақа қийинчиликларга дуч келгансиз, уларни қандай ҳал этгансиз? Уй-рўзғорни бошқаришда нималарга эътибор берасиз?

-Ҳаётда иқтисодий қийинчиликларга кўп учраганман. Ўзим уй-жой қилганман, уйланганман. Тошкентга келгандан кейин мусофирчиликда яшадим. Меҳнатим, ҳаракатим билан бу ерда ҳам уй-жой қилдим, ўғилларимни уйлантирдим, уй-жой, машина олиб бердим. Буларнинг ҳеч бири осонликча бўлгани йўқ.

Тошкентда иш бошлаган дастлабки йилларимда қайнотам меҳмон бўлиб келди. У киши савдо ходими бўлиб ишларди, бозорни яхши биларди. Бир ўринда менга рўзғор тебратиш тўғрисида насиҳат қилдилар. Айтган насиҳатлари ҳали-ҳануз ёдимда. Биринчиси – сув қаттиқ ерда тўхтайди, агар қаттиқ бўлмасанг пулни ушлай олмайсан. Иккинчиси – беш сўм пул топсанг, ҳар қандай шароитда ҳам икки сўмини асраб қўй. Учинчиси – сўмнинг онаси тийин, тийинни эҳтиёт қилсанг туғади, кўпаяди.

-Агар бола яхши тарбия кўрса, ҳалоллик, тўғриликни ўрганса, ўз ҳақини ҳимоя қила олса, кейинчалик бемалол мустақил яшай олади. Болаларда бундай хусусиятларни шакллантириш учун нималар қилиш лозим деб ўйлайсиз?

-Аввало ота-онанинг ҳалоллик йўли билан топаётган пулининг қадрига етиш керак. Бола келаётган пулларнинг ҳалоллигини билсин. Ота-она мабодо нопок йўл билан пул топган бўлса, болаларни ундан ҳимоялаш зарур. Халқимизда луқмаи ҳалол деган ибора бор. Ҳалол луқма еб ўсган бола ҳалол меҳнатни хуш кўрадиган, бироқнинг ҳақидан, ҳаромдан ҳазар қиладиган киши бўлиб етишади.

Халқ орасида “экканга, тикканга раҳмат” деган гап юради. Одам бошқаларнинг туз-намагидан тотганда, кимдир яратган боғ-роғнинг мевасидан баҳраманд бўлганда, уларнинг ҳаққига дуо қилишни ҳам билиши керак. Қадимда бир бой ўтган экан. Шу одам бозорга борганда одамлар мева-чева олгач, “экканга раҳмат, тикканга раҳмат” деб кетаётганини эшитиб қолибди. Келаси йили чоракорларига буюриб боғ-роғ барпо этибди. Вақти келиб шу боғнинг мевасидан одамлар баҳраманд бўлибди. Келганлар “экканга, тикканга раҳмат” дермиш-у, “эгасига раҳмат” деб айтмасмиш. Шунда бой ҳалол меҳнатнинг савоби улуғлигини англаб етиб келаси йили ўз қўли билан боғ яратибди.

Болани уйдаги буюмларни, кийим-бошни, умуман, ҳар қандай товарни асраб-авайлашга ўргатиш лозим. Сотиб олаётган маҳсулотининг сифатини, қадр-қимматини аниқлашда нималарга эътибор бериш кераклигини ўргатиш лозим.

Болтиқбўйи республикаларида болалар адабиёти кунлари бўлганди. Шу тадбирларда қатнашган пайтим бир ажойиб нарсага гувоҳ бўлганман. Бошланғич синфларда “Рўзғор арифметикаси” деган фан ўтилар экан. Ўқувчи алоҳида дафтар тутиб, ота-онаси, бобо-бувиси қанча маош ёки нафақа олишини ёзиб қўяркан. Кейин ҳар кунлик харажатларни қоғозга тушириб ҳисоблар экан. Масалан, ўзи мактабга қанча йўл кира билан келди, қанақа ўқув қуроли сотиб олди – буларни ҳар дарсда ўқиб бераркан. Нархлар, олинган нарсалар солиштирилади. Натижада бола юқори синфга ўтганда қилаётган харажатларига эътибор берадиган тайёр иқтисодчига айланади.

Қадимги бойларда бир одат бор экан. Ўғилларини эргаштириб бозорга олиб бораркан-да, савдо қилишга киришар экан. Биринчисидан, иккинчисидан, учинчисидан, ҳатто тўртинчи савдодан ҳам нарса сотиб олмас экан. Болалар бетоқат бўлиб кетар, бўлди энди, олақолайлик деб тихирлик қиларкан. Йўқ, ҳали кўришимиз керак деб, меъёри келгунча савдолашиб юраверар экан. Танга-тийинларни асрашни ўрганган бола ўз-ўзидан отанинг топган мол-дунёсини кўкка совурмайди. Шу тариқа болада истеъмолчилик маданияти шаклланади.

-Иқтисодиёт қанчалик муҳим бўлса, маънавият шу қадар аҳамиятга эга. Бола маънавиятини шакллантиришда адабиётнинг қай даражада ўрни бор деб ҳисоблайсиз?

-Болани нимага ўргатишимиздан қатъи назар, хоҳ иқтисодга, хоҳ касб-ҳунарга бўлсин, маънавиятни ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур. Энг аввало маънавият масалага қайғуриш керак. Қадимда бир киши ўғлини тарбиячига олиб борса, бўлажак устоз : “Ўғлингиз неча ёшга тўлди?” деб сўрабди. “Уч ёшга”, деб жавоб берибди ота. Шунда мураббий: “Э-э, аттанг, уч йил кечикибсиз-ку”, деган экан. Қиссадан ҳисса шуки, бола маънавиятини туғилганидан бошлабоқ шакллантириш керак. Бу нарса онасининг сути юзига томганда чақалоқнинг ўзига арттиришдан бошланади.

Маънавиятни шакллантирмай туриб иқтисодни шакллантирсангиз ё чайқовчи, ё олғир, ё бировнинг ҳисобига боювчилар пайдо бўлади.

-Ҳозир енгил-елпи, маиший асарларга ишқибоз ўқувчилар кўп. Адиб китобхон эҳтиёжидан келиб чиқиб асар ёзиши керакми ёки адабий меъёрлар билан ҳисоблашиши зарурми?

-Онги-тафаккури баланд ўқувчи ҳамиша гўзалликни, ўзига хосликни истаб туради. Ўқиётган китоби бошқа китобдан баланд, эшитган концерти бошқаникидан савиялироқ бўлиши хоҳлайди. Навоийнинг буюк бўлишига ўша даврда туркий дунёда етилган буюк талаблар сабаб бўлган. Абдулла Қодирийнинг роман жанрига қўл уришиша ўша даврда бизнинг миллатимизда ҳам катта жанрларга эҳтиёж туғилгани туртки берган. Ғафур Ғуломнинг буюк фалсафий шеърлари яралиши ҳам эҳтиёжга бориб тақалади. Баъзан паст савияли талабгорлар ҳам учрайди. Улар китоб кўрмай, шаклланмай улғайган. Ҳозир шуларга монанд ёзаётганлар кўпайиб кетди.

Президентиимзнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” китобида шундай фикрлар бор: “Таъбир жоиз бўлса, одам ёзувчилик касбини танламайди, аксинча, бу касб ёзувчини танлайди. Истеъдод, истеъдод ва яна бир бор истеъдод соҳибларини топиш, тарбиялаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш ҳам энг асосий вазифамизга айланиши зарур”.

Ҳозир ёзувчилик касбини танлаётганлар кўпайиб кетган. Қараса китоб билан ҳам бизнес қилиш мумкин. Бир ойда китоб ёзади, иккинчи ойда бостиради, кейин йўлини топиб сотади. Чунки чўнтагида пули бор, имконияти бор. Яқинда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида истеъдодсиз ёзувчилар, уларнинг чалажон асарлари тўғрисида мақола босилди. Унда қачонлардир берилган асарининг у ер-бу ерига ўзгартириш киритиб, янги асар деб босаётганлар, ўқувчининг олдида зиғирча масъулият ҳис қилмайдиган, енгил-елпи сюжет орқасидан қувувчи ёзувчилар ҳақида сўз юритилган. Мана шундай зўраки ёзувчилар катта адабиётнинг қадрини туширишга, маънавий даражани пасайтиришга ҳаракат қиляпти.

2010

Манба: Шоир Ориф Толиб веб-саҳифаси

011

«Сеҳрли қалпоқча» — Бадиий фильм
Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асари асосида.
Сценарий муаллифи ва режиссёрлар — Сарвар Каримов ва Нозим Жумаев
Бош тасвирчи — Иззатилла Лутфуллаев
Бош рассом — Акмал Саидов
Монтаж устаси — Тимур Суслин
Махсус эффектлар — United Soft
Картина директори — Фарход Усмонов
Бош рольда — Бунёд Рахматуллаев

011

«Волшебная шапочка» («Sehrli Qalpoqcha»)
По роману Худайберди Тухтабаева «Верхом на желтом диве».
Авторы сценария и режиссёры — Сарвар Каримов и Назим Джумаев
Оператор — Иззатилла Лутфуллаев
Художник — Акмал Саидов
Монтаж — Тимур Суслин
Компьютерные эффекты — United Soft
Директор картины — Фархад Усманов
В главной роли — Бунёд Рахматуллаев
Студия «Узбекфильм», 2012 год.

011

(Tashriflar: umumiy 970, bugungi 1)

2 izoh

  1. assalamu alaykym…
    nimaga bu kishini «besh nolali yigitcha» kitobi chala holda mediaga tarqatildi?..

    davomi yanayam qiziqroq edi yu…

    orif ogirlik qlb detkoll.ga tushadi…
    u yerda korshermat bn islon qorboshini uchratadi…
    ikkovi orifga ukalarini (sultondan boshqa) toplab qoqonga qaytarib opketishida yordam qlshadi…
    sulton allaqachon qshloqda boladi…

    shular nmaga skaner qlnmagan… yo senzura boganmi?

    sulton manga ma’qul. onasiga haqli tanbeh brgan.

    yana farhod musajonni «oftobni quvalab» kitobiyam senzuradami — nimaga print qlnmaydi?..

Izoh qoldiring