Abdulla Avloniy. Uch maqola & Hujjatli film.

00312 июль – атоқли маърифатпарвар адиб  ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний таваллуд топган кун

Маърифатпарвар адиб, драматург, педагог, ношир ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний янги давр ўзбек маданияти, адабиётининг асосчиларидан бири, болалар адабиёти, ўзбек миллий театри, драматургияси, матбуоти, ўзбек миллий педагогикасининг тамал тошини қўйган, xалкимизнинг асл фарзандидир. Абдулла Авлоний 20-йилларда ўзбек халқи маорифи ва маданияти тараққиётида иштирок этибгина қолмай, қўшни афғон халқининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам муайян роль ўйнаган.

Абдулла АВЛОНИЙ
УЧ МАҚОЛА
045

авлонийАтоқли маърифатпарвар, истеъдодли шоир, машҳур тарбиячи Абдулла Авлоний Тошкентда косиб оиласида дунёга келган. У эски мактабда таълим олди. У ўз таржимаи ҳолида ёзишича: «12 ёшимдан Ўқчи маҳалласидаги мадрасада дарс ўқий бошладим, 13 ёшимдан бошлаб ёз кунлари мардикор ишлаб, оиламга ёрдам қилиб, қиш кунлари ўқир эдим. 14 ёшимдан бошлаб, ўша замонга мувофиқ ҳар хил шеърлар ёза бошладим. Бу замонларда «Таржимон» газетасини ўқиб, замондан хабардор бўлдим».
Мадрасани битириб, мактабдорлик билан шуғулланди. Ўқиш ва ўқитиш усулига ислоҳ киритиб, янги типдаги мактаб ташкил этган ёш педагог ўқувчиларга замонавий билимлар бериш, шарқ ва ғарб тилларини ўргатиш каби муҳим таълим-тарбиявий ишларни амалга оширади.
Абдулла Авлоний мактаблар учун «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим» (1912), «Тарих», «Туркий гулистон ва ахлоқ» (1913) каби замонаси учун ҳодиса бўлган дарсликларни ёзган. 1895 йиллардан ижодий фаолиятини бошлаган Авлоний «Қобил», «Шуҳрат», «Ҳижрон», «Авлоний», «Сурайё», «Абулфайз», «Индамас» тахаллуслари билан шеър, ҳикоя, фелъетон ва кичик ҳажмли драматиc асарлар (1900—1917) яратди. Шоир ўз шеърларида замонасидаги қолоқликни, жоҳилликни тандид қилар ва кишиларни билимга, маърифатга чақирар эди.
Абдулла Авлоний 1917 йилгача маҳаллий халқ вакилларндан етишиб чиққан йирик журналист сифатида Тошкентда «Шуҳрат», «Осиё» каби газеталарни ташкил этади. У «Адвокатлик осонми?», «Икки муҳаббат», «Тўй», «Съезд», «Лайло ва Мажнун», «Ўликлар» каби драматик асарларида жаҳолат, бидъат, билимсизликнинг фожеали оқибатларини, қўпол ва ярамас урф-одатларни фош этади.
Абдулла Авлоний шоир сифатида ўнлаб, юзлаб шеърлар битган. Улар хоҳ эски урф-одатлар ҳақида бўладими, хоҳ муҳаббат ёки мактаб-маориф ҳақида бўладими, ҳамма-ҳаммасида инсон ва тарбия, ахлоқий гўзаллик ва маънавий бойлик ҳақида куйлайди. Шунинг учун ҳам унинг шеърларида халқ дидактикаси билан янги замон педагогикаси уйғунлашиб кетади. Жумладан, «Ўз мамлакатимизда» шеърида маишат учун пул-бойлжкни исроф этган, аммо бола тарбияси учун кўзи қиймаган хасисларни «Илм учун пулни кўзлари қиймас»лигини қоралайди. Ёки «Мактаб» шеърида:

Мактаб мисни тилло қилур,
Мактаб сизни мулло қилур,—

дейиш орқали мактаб инсон учун зулм, ноҳақлик, адолатсизликдан халос этувчи, нажот йўли деб билади. Айниқса, унинг «Адабиёт» (1915) китоби бу жиҳатдан алоҳида ажралиб туради.

Хуллас, А. Авлоний ёзганидек:

Фикр агар яхши тарбият топса,
Ханжар, олмосдай бўлур ўткир.

Авлоний 1913 йилда Европа усулидаги «Турон» театр труппасини ташкил этди, унда ўз асарлари ва қардош халқлар тилларидан таржима қилинган қатор драмаларни саҳналаштирди.
Абдулла Авлоний ўзбек халқи маорифи, маданияти, маърифати билан бир қаторда қўшни Афғон халқи ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам 20-йилларда муҳим рол ўйнаган. У маълум муддат Афғонистон халқ маорифи вазири, сўнг Шўролар иттифоқининг Афғонистондаги консули — элчиси вазифаларида хизмат қилган.
А. Авлоний 1920—1930 йилларда республикамиз рўзнома ва ойномаларида қатор мақолалари билан фаол қатнашади. Авлоний Ўрта Осиё Давлат университетида дарс бериш билан бирга, қатор адабиёт дарсликларининг муаллифи бўлган. У 1934 йили 56 ёшида вафот этади.

045

САНОЕ  НАФИСА

Инсон болалари энг эски замонларда йиртқич ҳайвонлардан ўзларини сақламоқ учун тоғ тешукларида, ғор (моғора)ларда яшаган вақтларида тинч ётмаганлар, жим турмаганлар.

Секин-секин тоғ тешукларидан бошларини чиқариб, табиатнинг ясаган ва ўсдирган, вужудга чиқарган жонлиқ ва жонсиз нарсаларини синчиклаб текшириб қарай бошлаганлар. Кўнгилларига ёқишган, кўзларига яхши кўрунган ҳайвон ва бошқа нарсаларнинг расм, ҳайкалларин (гавдаларин — А. А.) қандай қийинчилиқлар билан бўлса-да, тошларга, тошлардан ва темирлардан чўкичлар ясаб, суратларини, расмларини ўйганлар. Келгуси учун ёдгор қолдирганлар.

Масалан, ики кийик бир-бири билан сузишиб турганлиги ёхуд бир тоғ такасининг семируб кўграб юрганлиги ёки бир тоғ буқасининг бақируб, ҳайқируб, думини хода қилуб, озод ва сарсин юрганлиги ёки йиртқич ҳайвонларнинг бошқа ҳайвонларга қилиб турган зўрлиқ ва йиртқичлиқларин кўрганларда, мутаассир бўлганлар. Мана бу дилларидаги таъсир ва ҳиссиётни тўхтата олмаганлар ва шу ҳиссиёт тўлқунини ўзларидан сўнг қоладирган болаларига англамоқ нияти билан минг машаққатлар билан тошларга ўйиб қолдирғонлар. Мана бу гавда (ҳайкаллар — А. А.) лар бизларга ишланган (ёдгор — А. А.) эскартмалардир.

Барги дарахтон сабз дар назари ҳушёр,
Ҳар варақаш табиати рўзгор —

Мана бу дунё юзида инсон болаларининг саное нафисага қўйган биринчи одим (қадам — А. А.)лари ҳисобланадир. Олар шунинг билан тўхтаб қолдиларми?

— Йўқ!

Яна шул текшириш, синчиклашдиришларинда давом қилдилар. Ҳайвонларни текширувдан сўнг қушларни суришдиришга ўтдилар. Баҳор мавсумларида чечакларнинг ҳажрида маст бўлиб сайраган қушларнинг ёқимли товуш (садо — А. А.)лари ҳушларига ўтирди-да, онлар ҳам ихтиёрсиз равишда шу қушларга товушларин ўхшатмоқ, гўё қуш каби сайрамоқчи бўлдилар.

«Сайра булбул, сайра, чинорни шохи синсун,
Ёр айриламан деди айрилиб кўнгли тинсун» —

деюб улар ҳам нағма ашула қила бошладилар. Мана бу даврни саное нафисанинг адабиёт даври дейилур. Лекин аввалги санъатларига қараганда сўнгги санъатлари аввалидан муҳимроқ ва яхшироқ бўлиб, мутаассир бўлмоқ ҳар кимга насиб бўлмас эди.

Узоқ ерларда яшовчи ўртоқлари келуб кўрмоқлари лозим келарди. Аммо бул икинчи ишлаб чиқарган санъатларин шундоғ қулайлиги бор эдиким, тилдан-тилга, оғиздан-оғизга, элдан-элга кўчуб юрарди.
Шундоғ қилиб шодлик кунларин шодлик қўшиқлари билан тасвир қилсалар, ғамлик кунларин қайғулиқ ашулалари билан изҳор қилар эдилар:

«Булбулим учди қўлумдан қайда меҳмондир букун,
Булбулимни йўқотиб, кўнглим паришондир букун».

Гўзалларидан, маҳбубаларидан, борларидан ажралганликларин бошқа ўртоқларига ҳам маълум қилар эдилар. Бора-бора шунга ҳам қаноат қилмадилар.

Дарахтларнинг шохларига илиниб қолғон ҳайвонларнинг ичакларин ҳавонинг таъсири билан қуриб, шамолнинг таъсири билан «тинғир-тинғир» қилган товуши (садоси — А. А.) кўнгулларига ўтурди, хуш келди.

Ўзларининг ашула ва қўшиқларига жўр-жўравоз қилмоқ учун ҳайвон ичакларидан «тор» ясаб мусиқий асбобларин юзага чиқардилар. Бу санъатлари аввалгиларига қараганда энг нафис, энг муҳим, энг руҳлик бир санъат бўлиб чикди.

Лекин онлар бу санъатларни текширув ва қайғирув орқасида чиқордилар-да, бизларга ёдгор ўлароқ қолдириб, ўзлари кўздан ниҳон ўлдилар.

«Инқилоб» журнали, 1922, 1-сон, 41-бет.

МАДАНИЯТ ТЎЛҚУНЛАРИ

I

Ҳар кимга маълумдирки, денгизларнинг тўлқунлари бир тарафдан икинчи тарафға кўчуб юрийдир.

Бу кун бир тарафда тўлқун бўлса, эртаси икинчи тарафда бошлануб, аввалги шовуллаб, қичқируб, шодлигинданми ёки бошқа бир сабабданми бир неча сажин юқорига сакрашуб тургон ерлари сукут ва сокит бўлуб қоладир. Шунга ўхшаш Бани башар (Одам болалари) орасида ҳам маданият тўлқунлари қувишуб ва суришуб юрийдир. Бир аср ичинда тараққий ва маданият дунёсинда ғўта уруб, сузишуб юрган бир қавмни кўрасанки, икинчи асрда таназзул дунёсига юзлануб, ваҳшийлик оламининг энг оғир нуқтасига боруб етадур. Бунинг сабаби ижтиҳод ва ғайратнинг озаюви, иттифоқ, инсоф ва адолатнинг йўқолуви, халқнинг илму маърифатдан узоқлашуб, бузуқ ишларга майл ва рағбатлари ортувидир.

Ҳар бир миллат маишат тарафиндан тараққийга юз қўймаса, маънавий тарафдан, яъни маърифат тарафидан ҳам тараққий қилолмас, бир кишининг ўз маишатига етарлик молу ашёси бўлмаса ва буларнинг сабабига ҳаракат қилмаса, моддий ва маънавий ишларни қилмоқдан ожиз қолур. Ва бундай очу яланғоч ўз авқотини ўткараолмайтурган бир халқга маърифат, маданият, улум ва фунундан дарс вермак муносиб бир иш ўлмаса керак, чунки фақир халқларнинг кеча-кундуз фикри-зикри нон топмак ва бола-чақасининг қорнини тўйғузмакдир. Таажжубки, мамлакатимизнинг ерлари, ўсимлик тупроғи баракатлик бўлиб туруб, ерли халқ оч ва яланғоч, бойқуш каби вайроналарда умр ўткарадирлар.

Қария[1] ва қишлоқ одамларини бир тарафга қўюб туриб, шаҳардаги маданийларимизга кўз солсак, маданият тўлқунлари бизларни кемаларимиз ила қаю ерга олиб кетуб турғонлиғи очиқ маълум бўладир. Халқимизнинг юздан тўртини бойга, икисини уламога, учини эшонга, бешини деҳқонга чиқарсак, қолган 86 си кўмирчи, темирчи, ямоқчи, фанарчи ва қоровулчилик каби энг паст хидматларда туруб, кунлик авқотларини зўрға ўтказадилар. Буларнинг орасида ойда, йилда бир мартоба гўшт, ёғ кўрмай умр ўткарадурғонлари, бутун йилни(нг) биргина кийим ила ўткарадурғонлари, ҳифзи сиҳҳат қайси, маданиятни на эканини тушунмайдирганлари кўбдир. Буларга они тушундирмак, ердан туруб, юлдузларга қўл сўзмак ила баробардир.

Бу тараққий замони ва маданият асри, билмам, бизни на ерга олиб боражак, ибрат кўзи ила Эски шаҳримизнинг мусулмон даҳаларига назар солган киши ҳар маҳаллада юздан тўқсон хоналарни(нг) бузилган, ёрилган, вайрона ва инқироз дунёсига юзланган бир ҳолда кўрадир. Гўё бу хоналарнинг деворлари, томлари лисони ҳол ила бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф қилмак, тўйларда жомафурушлик қилмак вайрона ва харобазорликға солди, деюрлар. Эмди, вайрона соҳибларини фақир ва хорликда яшаган, бола-чақаларини қўл кучи ила тўйдирадиргон, тўй деган ерда муқаддас Ватанини сотуб, сарф қилмоқдан тортинмайдирган «ҳозирам ҳузурам» деб истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак? Оч-яланғоч, кулфат, меҳнат ва заҳмат балолари орасида ўралиб қолган бир қавмга: «Маданиятга кирингиз, мактаб солингиз, ўқунгиз, тараққий қилингиз» каби сўзларнинг фойдаси ўлмадиғи офтобдан ҳам равшандир. Бу фақирликнинг энг қўрқунч тўлқунлари орасида эзилган халқимизни тўй маразидан қутқарурга тиришмак ва илож истамак лозимдир.

Бунинг давоси ва чораси учун ҳеч бир табибга муҳтож ўлмасдан, балки бир оз орқа-ўнгға қарамак, ҳамённинг оғзини маҳкам қилмак, иқтисодни риоя қилмак, исрофдан сақланмак лозимдир. Ажабо. Бу исроф тўлқунлари бизларни на ерга олуб борадир?.. «Дард устига чипқон» дегандек, кундан-кун бидъат устига бидъат ортмакда. Уламо, фузало ва эшонларимиз зикр ва тасбеҳ ўрнига «тўй устига тўйлар бўлсун» сўзини вирди забон қилмақда. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилуб, бир-бирларининг бор-йўқларига қарамасдан, фақир ва камбағалларимиз уйларини, боғларини, отларини, тўнларини сотуб тўйга сарф қилмақдадурлар. Бир тарафдан, маданият тўлқунлари шоширмоқда, икинчи тарафдан фақирлик ва мискинлик кўпаймакда, яна бидъат устига бидъат ортмакдадир. Мундан беш-олти йил муқаддам энг сарватли кишиларимиз уч кундан ортиқ ош ҳам йигирма-ўттиздан ортиқ чопон бермас эдилар. Ҳозир бу тарафдан кўб тараққий қилиб, олти-етти кун ош ва юзлаб чопон бермакдадирлар. Аввалда бир ярим — ики сўмлик чопон берадиган кишиларга, ҳозир 20—25 сўмлик зарринлар, бахмаллар берурга бошладилар. Мана шул тариқада биз кейинга қараб тараққий қилмакдамиз, билмам, бизим бу исроф ва бидъатларимиз қачон йўқ бўлиб кетар?!.

Ҳама поён ба боло метариқад,
Ман аз боло ба поён метариқам.

II

Муҳтарам ўқувчиларга ибрат учун маданиятнинг кони, манбаи ва чиқғон ери ўлан Осиё қитъасидаги Арабистон ярим отосини гўстаражагам. Олтинчи асрда дини мубийн Ислом ила баробар маданият денгизлари ҳаракат қилди. Ва бу қитъада яшамиш араблар ўзлари борган мамлакат ва қитъаларга маданият сувларини ҳам суруб бордилар. Орадан бир аср ўтар-ўтмас маданият тўлқунлари Осиёдан кўчуб, Оврупо қитъасини босди. Овруполилар ҳозирги йигирманчи асргача маданият тўлқунлари ичра яшадилар ва бу чолишқон овруполилар маданият тўлқунларидан қўрқмадилар, қочмадилар, ҳаракат қилдилар, асбоб ва машиналар ҳозирладилар. Ва бу маданият тўлқунларини ўзлариға асиру мусаххар қилуб олдилар. 15 нчи асрда маданият сувларини суриб, Амриқо қитъасиға олиб бордилар. Амриқонинг ерли ваҳший халқлари «эшикларидан оқғон сувнинг қадрини билмадилар», маданиятга киришмадилар, қабул қилмадилар. Ота-боболаридан қолғон одатларини ташламадилар, ўзларича ваҳшатда авратларини япроқлар ила ўртуб, бошлариға товус патларини санчуб, яланғоч гоҳ дарахтлар устида, гоҳ кафаларда, гоҳ ертўлаларда дўмбира ва чирмандаларни чолуб, яшай бердилар, маданият орқаларидан қувди, қочдилар. На ерга борсалар, маданият ҳам борди, қочиб қутулолмадилар, охирида маданият ғалаба қилиб, инқироз дунёсиға кузатуб юборди. Мана шу жумладан, ярим-ёрти ваҳшатда яшаш Ўрта Осиёга, Туркистонимизға Русия ҳукумати ила баробар маданият сувлари келуб кирди. Ҳозир ярим асрдурки маданият бизни орқамиздан қувиюр. Биз қирдан-қирға қочурмиз, қаршимизда маишат машаққатлари чиқуб ҳужум қилур, ўнгимиздан билимсизлик ва жаҳолат келуб, жонларимизни сиқур, сўнгимиздан мусрифлик, фақирлик ва бидъатлар чиқуб йўлимизни тўсур. Дангасалик, ялқовлик, ишсизлик устимиздан босуб бўғмак истар.

Ажабо! Бизлар ҳамон бу эскинча ромка орасидан чиқуб қочмак истамаймиз. Бир оз тушунмак ва ўйламак лозимки, бу ромка орасиндан чиқуб қочмак ва қутулмак мумкинми? Йўқми? Бизим фикримизча, қочмоқнинг имкони йўқ, кутулмаку халос бўлмакнинг фақат биргина чораси бордурки, маданиятни қабул қилмак ва маданиятга киришмакдир. Лекин киришганда ҳам маданиятнинг ҳақиқатини билмак ва ҳақиқий маданиятга киришмак лозимдир. Баъзи ёшларимизга ўхшаш усти ялтираган, ичи қалтираган бўлуб, бошларига Еврупо қалпоғини киюб «Маданият!», «Маданият!» деб оғизларини кўпуртуруб, оз-моз мусулмонча, чала-ярим русча сўйлашуб кулгу бўлиб юрмак маданият бўлмай, масхарабозликнинг бир шуъбасидур. Агарда табиатнинг жиловини нафсимиз қўлиға берсак, ул бизларни на ерга олуб бормасун? Чиройлик ва чикка бел қизлари ила ўйнашмакни, рестуран ва фивахоналарга боруб, қимор ўйнамак ва ичкулик қилуб, тонг отқузмакни, бир оз қизишгандан сўнг одобдан ташқари маданиятга ярашмаган сўзларни айтишмакни, ҳатто урушмакни, жабр ва зулм қилмоқни хоҳлайдир. Лекин маданият қонунида (устофида) мундай фано ва бузуқ ишлар бўлмаса керак. Маданий бўлмак ва маданиятга кирмак учун ундай ёмон сифатлардан сақланмак ва ҳазар қилмак ила баробар ҳақиқий маданият илми, маиший ва ахлоқий ишлар ила уч қисмға бўлинадир. Агар миллат болалари бу хислатни мукаммал суратда ўзларига дарбар олсалар, мана шул вақтда биз «маданиятни қабул қилдук, маданий бўлдук» деб лоф урсак, мақтансак кулги бўлмаймиз.

Ёшларимиздан маданиятга лойиқ равишда ўқуб, диний ва маданий кишилар ҳозирланса, тарбия ва таълимға моҳир олим ва олима, адиб ва адибаларимиз етушса, мактаб ва мадрасаларимиз мунтазам ва тартиблик бўлса, зироат, саноат ва тижорат ишларига моҳир кишилар етушуб, замонаға мувофиқ равишда иш юритилса, тартиблик «Дорул-ятим» — етимхоналар, «Дорул-ожизин» — камбағалхоналар, кутубхоналар ва қироатхоналар очилса, ширкат (товаришиство)лар барпо қилинса, юқорида дедигимиз каби, халқимиз орасида замонаға лойиқ улум ва фунундан бохабар уламоларимиз кўпайса, оч ва яланғоч кишиларимизнинг маишатларини тузатмак учун ҳаракат қилинса, ўқутилса, ахлоқ ва одоб ўргатилса, шул вақтда эскинча орасидан чиқуб, ҳақиқий маданият бўстониға юзланғон ҳамда маданият тўлқунларидан қутулуб, соҳили саломатға чиқғон бўлур эдук. Соҳили саломатға чиқувимизга замон мусоид верурми, вермасми билмаймиз.

Илм ила олам мусаххар бўлди, биз жоҳил ҳануз,
Хоби ғафлат бошимизға етса ҳам ғофил ҳануз,
Очмайин ибрат кўзин биз уйқуға мойил ҳануз,
Илми ҳикматларға бизлар бўлмадук қобил ҳануз
шеърини вирди забон қилмакдан бошқа чорамиз йўқ.

——

[1] Овул.

ЎЗ ШАҲРИМДА САЁҲАТ*

Кўраманки, баъзи одамлар саёҳат қиладилар. Жарида ва журналларга қилган саёҳатларини, кўрган-кечирганларини оқизмай-томизмай, игнасидан ифигача ёзадирлар. Ман уларнинг ёзганларини кўруб, аччиғим чиқуб айтур эдимки, «саёҳат нима деган гап, мундан нима маъно чиқар?» деб. Эмди бир оз ақлимни бошимга йиғиб ўйлаб кўрсам, тушунсам, кўз олдимга аллақанча фойдали ишлар ва манфаатлик шайлар келуб чиқди. Масалан, бир киши ўз шаҳридан чиқуб, ўзга бир вилоятга борса, ул ердаги инсонларнинг турмушидан, илм ва маърифатидан, ҳунар ва санъатидан, тил ва адабиётидан, қиёфат ва ҳайъатидан, шаън ва шавкатидан, ҳол ва қутидан, қадр ва қийматидан, савдо ва тижоратидан хабардор бўлуб, ўзига ва ўз миллатига фойдалик аллақанча ҳисса ва маълумотлар олур экан. Эмди мен ҳам ўзумга жазм қилдимки, бир саёҳат қилсам деб. Лекин бир тарафдан йўқлигим, икинчи тарафдан ёрдамсизлигим асар қилуб, бир тарафга бормоқға йўл бермас эди. Ҳимматлик бир киши йўқки, «Мана, Индамас афанди, бу оқчани ол, сен ҳам бир саёҳат қилиб кел!» — деса. Эмди, нима қилай, бошқа вилоятларга бормоқға кучим етмаса, Худо бир мўмайроқ пул берганда қиларман-де. Унгача ҳеч бўлмаса ўз шаҳримни айлануб, саёҳат қилуб турай, деб, уйимдан чиқуб, раста ва бозорларни айланмакчи бўлдум, йўлда кетатуруб, кўнка аробасига туштум. «Юрганда юрагим эланур» деганидек шундоғ каттиғ совуқда кўкраги ва елкалари очуқ бир неча мусулмонларни кўруб онларга боқуб:

Байт:
Динингиз Ислому исмингиз мусулмон сизи,
Шаклингиз инсониятдан қанча ўзғондир сизи, —

деб, кўнкадан тушуб йўлимга жўнаб кетдим.

Андоғ нарироғ борсам, қайси кўз ила кўрайки, бир мусулмон бир баққол ила ёқалашуб, муштлашуб хотун демай, қиз демай, оғиз демай, бўғиз демай сўкишуб турибдурлар. Ва бир неча мусулмонлар орачилаб ўртага тушуб, оларни зўрға ажратуб қўйдилар. Сўрадимки, баққол ака, нима талашуб урушдингиз?

Баққол: Эй ўртоқ, нима сўрайсан? Олти ой бўлди, насяга мол олгониға, эмди пулни бер десам, ёқалашуб кетди.

Байт:
Бировга нася қилма, эй дўкондор,
Олур вақтингда муштлашмоқ на даркор, —

деб, йўлимға жўнаб кетдим. Мундан нарироғ борсам, бир самавар — чойхона ичи тўла мусулмон, бир-бирлари ила чағир-чуғир сўзлашурлар, оғизлариға боди кириб, шоди чиқадур. Сўзлашвотган сўзлари авбошнинг кафшига ўхшаш пойма-пой.

Ўйла бир «яхши» ва «мазали» сўзлар сўзлашурларки, курак бир тарафда турсун, занбилда ҳам турмайдир. Хайр, бизим миллатнинг ёшларининг аҳволи шундай бўлса, кимдан яхшилик умид қиламиз.

Байт:
Миллатинг авлоди сизлар бўлсангиз, эй ёшлар,
Сўзларингизға йилонлар пўст ташларни бошлар —

деб, йўлимға жўнаб кетдим. Мундан бир оз юруб, бир мадрасанинг эшикига бориб етдим. Мадрасанинг ичига кириб бир муллабаччаларнинг аҳволини, дарс ва мунозараларини, такрор ва мутолааларини, имтиҳон ва муколамаларини кўрмоқчи бўлдим. Мадрасанинг ҳужралари бутун муллабаччалар билан тўлғон, ҳар бир ҳужралардан мунозара ва муколама қилғон муллабаччаларнинг товушлари қулоқларингизни жангарлатуб юборадур. Бутун ҳужра гумбазларини бошлариға кўтарадирлар. Бир ҳужранинг эшикиға боруб, қулоқ солсам, биргина «алиф-лом» тўғрисида аллақанча жанжал ва муноқашалар чиқарурлар. Бири: «Бу ердаги алиф-лом «аҳди хорижи», бири деюрки йўқ, «аҳди зеҳний», бири деюрки, «йўқ, жинс», яна бири: «йўқ бу ердаги алиф-лом «истиғроқ», — деб, ҳар бирлари ўз сўзларин мақбул қилмак хусусида қанча далил ва мисоллар келтирар эдилар. Икинчи ҳужрага боруб қулоқ солсам, бир жумла хусусида бир неча муллабаччалар суғро ва кубролар тартиб этуб, мунозара ва муноқашалар қилур эдилар. Мундан боруб дарсхона эшикиға қулоқ солсам, домла ҳазратлари бир неча муллабаччаларга «Шарҳи мулло»дан бутун хавашлар ила жиҳор қироат қилуб, дарс бериб турубдирлар. Ва ул дарс ўқуб тургон муллабаччаларнинг аксари ила тонишдиғим борлиғидан қувваи илмиялари манга маълум, фақат матн ўқумоқға зўрғагина қучлари етадурғон кишилар эди. Домла ҳазратларининг беруб тургон дарслари қозоқға Бедил ўқуб берган қабилинда ўлса керак, деб хаёлимға келуб тургон вақтда, бир муллабачча ёнимга келуб: «Кимда ишингиз бор, нима қилуб юрубсиз?», — деди. Ман муллага: «Мадрасангизда фиқҳ, ҳадис каби улуми диниядан дарс этадирғон домла борми?» — десам, муллабачча: «Йўқ, биродар бизлар аввал шул сиз айтган илмларнинг арра-тешасини, яъни асбобини ўқуймиз. Бизлар шул наҳв, сарф илмини яхшилаб билуб олсоқ оят, ҳадисларға ҳам маъно беруб кетаберамиз», — деди. Ман: «Мулла ака, шул сиз айтган даражада билабилмак учун неча йил ўқумоқ керак?» Муллабачча: «Агар Худо лойиқ кўрган бўлса ўн беш, йигирма йилда тамом қиламиз». Ман: «Нимага биргина наҳву сарф учун шунча кўб умр керак бўлсун, тезроқда тамом қилиб бўлмайми?» Муллабачча: «Бизнинг йигирма йил деганимиз «ҳисобда бор, ҳамёнда йўқ» қабилиндан бўлуб, фақат йил ҳисоби илагина йигирма бўладир. Аммо кун ҳисобиға келганда ҳисобимиз чатоқ». Ман: «Нима учун чатоқ бўлсун, бир йил ўн икки ой, қамарий ҳисоб бирла 354 кун, шамсий ҳисоби бирла 366 кун бўладир-да». Муллабачча: «Эй биродар, бир йил 366 кун бўлишини бизлар ҳам яхши биламиз. Сиз бутун йил, бутун ой ва тун-кун ўқийдир деб ўйлайдиргондирсиз, йўқ, бизларда олти ой таҳсил, олти ой таътил, яъни ҳафтада тўрт кун таҳсил, уч кун таътил деган гап бор. Мана шул тўрт кун ичида ҳар кун бир соатдан дарс ўқусак, бир йили комилда неча кун дарс ўқуғон бўламиз?» Ман: «Олти ой, ҳафтада тўрт кун, ҳар кун бир соатдан дарс ўқусангиз, бир йили комилда 136 соат дарс ўқур экансиз. Аммо тартибли мадрасадарда бу сизнинг бир йилда ўқуғон дарсингиз ҳафтада олти кун, ҳар кун олти соатдан ўқуб, тўрт ҳафтада тамом қилурлар». Муллабачча: «Биродар, бу айтвотган сўзингиз тушингизми, ўнгингизми? Қайда ул сиз айтган мадрасалар? Бизнинг Тошканд мадрасаларининг ҳар бирида шул тариқа ўқиладур. Балки Бухорийи шарифда, Ҳўқанд, Андижонда, Марғилонда, Наманганда ҳам шундай тартиб бирла ўқуладур?» Ман: «Мулла ака, ман сизга Туркистон мадрасаларини айтмайман, Қозонда, Уфада, Ўринбурғда, Истанбулда, Мисрда, Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунавварада ҳам шул тариқа ҳафтада олти кун, ҳар кун олти соат дарс берадирғон тартиблик мадрасалар бор. Мана кўб узоғга кетмасдан яқинғина ҳукуматимиз ўлан Русия мактабларининг ҳам ибтидойисидан бошлаб то дорилфунунлариғача ҳафтада олти кун ҳар кун 5-6 соатдан дарс ўқуладур». Муллабачча: «Биродар, сиз манга рус мактабларини кўрсатасиз, ман русча ўқимоқчи эмасман, аввал сиз айтган Қозон, Уфа мадрасаларида ҳам русча ўқитиладир деб эшитаман. Аммо ман русча ўқуб тилмоч бўлмоқчи эмасман. Худо хоҳласа, ўқушимни тамом қилуб, мулло бўлғонимдан сўнгра бир ерга имом бўлмоқчиман», — деди-да, нафасини ичига олуб, узун бир оҳ тортуб юборди. Ман: «Хайр, жаноби Ҳақ умрингизга, илмингизға баракат берсун, тезгина тамом қилуб мақсудингизға етингиз».

Байт:
Ҳар кимни иши эмас улоғ овламоқ,
Мадрасада ётуб тупроғ ёламоқ, —

деб, индамасдан тўғри уйимга қараб жўнаб кетдим.

———

* Мақола сарлавҳасиз босилган, шартли равишда шундай номланди. (О. Тўлабоев изоҳи)

«Абдулла Авлоний» — Ҳужжатли фильм.
Сценарий муаллифи: Бегали Қосимов
Режиссёр: F. Шодмонов
Оператор: Ў. Ризаев

Фильм Абдулла Авлоний ҳаёти ва ижодига бағишланади. Афсуски фильмнинг тўлиқ қисмини  тополмадик.

Абдулла АВЛОНИЙ
УЧ МАҚОЛА
045

SANOE NAFISA

Inson bolalari eng eski zamonlarda yirtqich hayvonlardan o‘zlarini saqlamoq uchun tog‘ teshuklarida, g‘or (mog‘ora)larda yashagan vaqtlarida tinch yotmaganlar, jim turmaganlar.

Sekin-sekin tog‘ teshuklaridan boshlarini chiqarib, tabiatning yasagan va o‘sdirgan, vujudga chiqargan jonliq va jonsiz narsalarini sinchiklab tekshirib qaray boshlaganlar. Ko‘ngillariga yoqishgan, ko‘zlariga yaxshi ko‘rungan hayvon va boshqa narsalarning rasm, haykallarin (gavdalarin — A. A.) qanday qiyinchiliqlar bilan bo‘lsa-da, toshlarga, toshlardan va temirlardan cho‘kichlar yasab, suratlarini, rasmlarini o‘yganlar. Kelgusi uchun yodgor qoldirganlar.

Masalan, iki kiyik bir-biri bilan suzishib turganligi yoxud bir tog‘ takasining semirub ko‘grab yurganligi yoki bir tog‘ buqasining baqirub, hayqirub, dumini xoda qilub, ozod va sarsin yurganligi yoki yirtqich hayvonlarning boshqa hayvonlarga qilib turgan zo‘rliq va yirtqichliqlarin ko‘rganlarda, mutaassir bo‘lganlar. Mana bu dillaridagi ta’sir va hissiyotni to‘xtata olmaganlar va shu hissiyot to‘lqunini o‘zlaridan so‘ng qoladirgan bolalariga anglamoq niyati bilan ming mashaqqatlar bilan toshlarga o‘yib qoldirg‘onlar. Mana bu gavda (haykallar — A. A.) lar bizlarga ishlangan (yodgor — A. A.) eskartmalardir.

Bargi daraxton sabz dar nazari hushyor,
Har varaqash tabiati ro‘zgor —

Mana bu dunyo yuzida inson bolalarining sanoe nafisaga qo‘ygan birinchi odim (qadam — A. A.)lari hisoblanadir. Olar shuning bilan to‘xtab qoldilarmi?

— Yo‘q!

Yana shul tekshirish, sinchiklashdirishlarinda davom qildilar. Hayvonlarni tekshiruvdan so‘ng qushlarni surishdirishga o‘tdilar. Bahor mavsumlarida chechaklarning hajrida mast bo‘lib sayragan qushlarning yoqimli tovush (sado — A. A.)lari hushlariga o‘tirdi-da, onlar ham ixtiyorsiz ravishda shu qushlarga tovushlarin o‘xshatmoq, go‘yo qush kabi sayramoqchi bo‘ldilar.

«Sayra bulbul, sayra, chinorni shoxi sinsun,
Yor ayrilaman dedi ayrilib ko‘ngli tinsun» —

deyub ular ham nag‘ma ashula qila boshladilar. Mana bu davrni sanoe nafisaning adabiyot davri deyilur. Lekin avvalgi san’atlariga qaraganda so‘nggi san’atlari avvalidan muhimroq va yaxshiroq bo‘lib, mutaassir bo‘lmoq har kimga nasib bo‘lmas edi.

Uzoq yerlarda yashovchi o‘rtoqlari kelub ko‘rmoqlari lozim kelardi. Ammo bul ikinchi ishlab chiqargan san’atlarin shundog‘ qulayligi bor edikim, tildan-tilga, og‘izdan-og‘izga, eldan-elga ko‘chub yurardi.
Shundog‘ qilib shodlik kunlarin shodlik qo‘shiqlari bilan tasvir qilsalar, g‘amlik kunlarin qayg‘uliq ashulalari bilan izhor qilar edilar:

«Bulbulim uchdi qo‘lumdan qayda mehmondir bukun,
Bulbulimni yo‘qotib, ko‘nglim parishondir bukun».

Go‘zallaridan, mahbubalaridan, borlaridan ajralganliklarin boshqa o‘rtoqlariga ham ma’lum qilar edilar. Bora-bora shunga ham qanoat qilmadilar.
Daraxtlarning shoxlariga ilinib qolg‘on hayvonlarning ichaklarin havoning ta’siri bilan qurib, shamolning ta’siri bilan «ting‘ir-ting‘ir» qilgan tovushi (sadosi — A. A.) ko‘ngullariga o‘turdi, xush keldi.

O‘zlarining ashula va qo‘shiqlariga jo‘r-jo‘ravoz qilmoq uchun hayvon ichaklaridan «tor» yasab musiqiy asboblarin yuzaga chiqardilar. Bu san’atlari avvalgilariga qaraganda eng nafis, eng muhim, eng ruhlik bir san’at bo‘lib chikdi.
Lekin onlar bu san’atlarni tekshiruv va qayg‘iruv orqasida chiqordilar-da, bizlarga yodgor o‘laroq qoldirib, o‘zlari ko‘zdan nihon o‘ldilar.

«Inqilob» jurnali, 1922, 1-son, 41-bet.

MADANIYAT TO’LQUNLARI

I

Har kimga ma’lumdirki, dengizlarning to‘lqunlari bir tarafdan ikinchi tarafg‘a ko‘chub yuriydir.

Bu kun bir tarafda to‘lqun bo‘lsa, ertasi ikinchi tarafda boshlanub, avvalgi shovullab, qichqirub, shodligindanmi yoki boshqa bir sababdanmi bir necha sajin yuqoriga sakrashub turgon yerlari sukut va sokit bo‘lub qoladir. Shunga o‘xshash Bani bashar (Odam bolalari) orasida ham madaniyat to‘lqunlari quvishub va surishub yuriydir. Bir asr ichinda taraqqiy va madaniyat dunyosinda g‘o‘ta urub, suzishub yurgan bir qavmni ko‘rasanki, ikinchi asrda tanazzul dunyosiga yuzlanub, vahshiylik olamining eng og‘ir nuqtasiga borub yetadur. Buning sababi ijtihod va g‘ayratning ozayuvi, ittifoq, insof va adolatning yo‘qoluvi, xalqning ilmu ma’rifatdan uzoqlashub, buzuq ishlarga mayl va rag‘batlari ortuvidir.

Har bir millat maishat tarafindan taraqqiyga yuz qo‘ymasa, ma’naviy tarafdan, ya’ni ma’rifat tarafidan ham taraqqiy qilolmas, bir kishining o‘z maishatiga yetarlik molu ashyosi bo‘lmasa va bularning sababiga harakat qilmasa, moddiy va ma’naviy ishlarni qilmoqdan ojiz qolur. Va bunday ochu yalang‘och o‘z avqotini o‘tkaraolmayturgan bir xalqga ma’rifat, madaniyat, ulum va funundan dars vermak munosib bir ish o‘lmasa kerak, chunki faqir xalqlarning kecha-kunduz fikri-zikri non topmak va bola-chaqasining qornini to‘yg‘uzmakdir. Taajjubki, mamlakatimizning yerlari, o‘simlik tuprog‘i barakatlik bo‘lib turub, yerli xalq och va yalang‘och, boyqush kabi vayronalarda umr o‘tkaradirlar.

Qariya[1] va qishloq odamlarini bir tarafga qo‘yub turib, shahardagi madaniylarimizga ko‘z solsak, madaniyat to‘lqunlari bizlarni kemalarimiz ila qayu yerga olib ketub turg‘onlig‘i ochiq ma’lum bo‘ladir. Xalqimizning yuzdan to‘rtini boyga, ikisini ulamoga, uchini eshonga, beshini dehqonga chiqarsak, qolgan 86 si ko‘mirchi, temirchi, yamoqchi, fanarchi va qorovulchilik kabi eng past xidmatlarda turub, kunlik avqotlarini zo‘rg‘a o‘tkazadilar. Bularning orasida oyda, yilda bir martoba go‘sht, yog‘ ko‘rmay umr o‘tkaradurg‘onlari, butun yilni(ng) birgina kiyim ila o‘tkaradurg‘onlari, hifzi sihhat qaysi, madaniyatni na ekanini tushunmaydirganlari ko‘bdir. Bularga oni tushundirmak, yerdan turub, yulduzlarga qo‘l so‘zmak ila barobardir.

Bu taraqqiy zamoni va madaniyat asri, bilmam, bizni na yerga olib borajak, ibrat ko‘zi ila Eski shahrimizning musulmon dahalariga nazar solgan kishi har mahallada yuzdan to‘qson xonalarni(ng) buzilgan, yorilgan, vayrona va inqiroz dunyosiga yuzlangan bir holda ko‘radir. Go‘yo bu xonalarning devorlari, tomlari lisoni hol ila bizni ilmsizlik, tarbiyasizlik, to‘y deb minglarcha aqchalarni behuda isrof qilmak, to‘ylarda jomafurushlik qilmak vayrona va xarobazorlikg‘a soldi, deyurlar. Emdi, vayrona sohiblarini faqir va xorlikda yashagan, bola-chaqalarini qo‘l kuchi ila to‘ydiradirgon, to‘y degan yerda muqaddas Vatanini sotub, sarf qilmoqdan tortinmaydirgan «hoziram huzuram» deb istiqbolini o‘ylamagan va bolalarining saodatini tushunmagan bir qavmdan qanday taraqqiy, madaniyat va ma’rifat kutmak kerak? Och-yalang‘och, kulfat, mehnat va zahmat balolari orasida o‘ralib qolgan bir qavmga: «Madaniyatga kiringiz, maktab solingiz, o‘qungiz, taraqqiy qilingiz» kabi so‘zlarning foydasi o‘lmadig‘i oftobdan ham ravshandir. Bu faqirlikning eng qo‘rqunch to‘lqunlari orasida ezilgan xalqimizni to‘y marazidan qutqarurga tirishmak va iloj istamak lozimdir.

Buning davosi va chorasi uchun hech bir tabibga muhtoj o‘lmasdan, balki bir oz orqa-o‘ngg‘a qaramak, hamyonning og‘zini mahkam qilmak, iqtisodni rioya qilmak, isrofdan saqlanmak lozimdir. Ajabo. Bu isrof to‘lqunlari bizlarni na yerga olub boradir?.. «Dard ustiga chipqon» degandek, kundan-kun bid’at ustiga bid’at ortmakda. Ulamo, fuzalo va eshonlarimiz zikr va tasbeh o‘rniga «to‘y ustiga to‘ylar bo‘lsun» so‘zini virdi zabon qilmaqda. Ag‘niyo va sarvatdorlarimiz to‘y poygasi qilub, bir-birlarining bor-yo‘qlariga qaramasdan, faqir va kambag‘allarimiz uylarini, bog‘larini, otlarini, to‘nlarini sotub to‘yga sarf qilmaqdadurlar. Bir tarafdan, madaniyat to‘lqunlari shoshirmoqda, ikinchi tarafdan faqirlik va miskinlik ko‘paymakda, yana bid’at ustiga bid’at ortmakdadir. Mundan besh-olti yil muqaddam eng sarvatli kishilarimiz uch kundan ortiq osh ham yigirma-o‘ttizdan ortiq chopon bermas edilar. Hozir bu tarafdan ko‘b taraqqiy qilib, olti-etti kun osh va yuzlab chopon bermakdadirlar. Avvalda bir yarim — iki so‘mlik chopon beradigan kishilarga, hozir 20—25 so‘mlik zarrinlar, baxmallar berurga boshladilar. Mana shul tariqada biz keyinga qarab taraqqiy qilmakdamiz, bilmam, bizim bu isrof va bid’atlarimiz qachon yo‘q bo‘lib ketar?!.
Hama poyon ba bolo metariqad,
Man az bolo ba poyon metariqam.

II

Muhtaram o‘quvchilarga ibrat uchun madaniyatning koni, manbai va chiqg‘on yeri o‘lan Osiyo qit’asidagi Arabiston yarim otosini go‘starajagam. Oltinchi asrda dini mubiyn Islom ila barobar madaniyat dengizlari harakat qildi. Va bu qit’ada yashamish arablar o‘zlari borgan mamlakat va qit’alarga madaniyat suvlarini ham surub bordilar. Oradan bir asr o‘tar-o‘tmas madaniyat to‘lqunlari Osiyodan ko‘chub, Ovrupo qit’asini bosdi. Ovrupolilar hozirgi yigirmanchi asrgacha madaniyat to‘lqunlari ichra yashadilar va bu cholishqon ovrupolilar madaniyat to‘lqunlaridan qo‘rqmadilar, qochmadilar, harakat qildilar, asbob va mashinalar hozirladilar. Va bu madaniyat to‘lqunlarini o‘zlarig‘a asiru musaxxar qilub oldilar. 15 nchi asrda madaniyat suvlarini surib, Amriqo qit’asig‘a olib bordilar. Amriqoning yerli vahshiy xalqlari «eshiklaridan oqg‘on suvning qadrini bilmadilar», madaniyatga kirishmadilar, qabul qilmadilar. Ota-bobolaridan qolg‘on odatlarini tashlamadilar, o‘zlaricha vahshatda avratlarini yaproqlar ila o‘rtub, boshlarig‘a tovus patlarini sanchub, yalang‘och goh daraxtlar ustida, goh kafalarda, goh yerto‘lalarda do‘mbira va chirmandalarni cholub, yashay berdilar, madaniyat orqalaridan quvdi, qochdilar. Na yerga borsalar, madaniyat ham bordi, qochib qutulolmadilar, oxirida madaniyat g‘alaba qilib, inqiroz dunyosig‘a kuzatub yubordi. Mana shu jumladan, yarim-yorti vahshatda yashash O‘rta Osiyoga, Turkistonimizg‘a Rusiya hukumati ila barobar madaniyat suvlari kelub kirdi. Hozir yarim asrdurki madaniyat bizni orqamizdan quviyur. Biz qirdan-qirg‘a qochurmiz, qarshimizda maishat mashaqqatlari chiqub hujum qilur, o‘ngimizdan bilimsizlik va jaholat kelub, jonlarimizni siqur, so‘ngimizdan musriflik, faqirlik va bid’atlar chiqub yo‘limizni to‘sur. Dangasalik, yalqovlik, ishsizlik ustimizdan bosub bo‘g‘mak istar.

Ajabo! Bizlar hamon bu eskincha romka orasidan chiqub qochmak istamaymiz. Bir oz tushunmak va o‘ylamak lozimki, bu romka orasindan chiqub qochmak va qutulmak mumkinmi? Yo‘qmi? Bizim fikrimizcha, qochmoqning imkoni yo‘q, kutulmaku xalos bo‘lmakning faqat birgina chorasi bordurki, madaniyatni qabul qilmak va madaniyatga kirishmakdir. Lekin kirishganda ham madaniyatning haqiqatini bilmak va haqiqiy madaniyatga kirishmak lozimdir. Ba’zi yoshlarimizga o‘xshash usti yaltiragan, ichi qaltiragan bo‘lub, boshlariga Yevrupo qalpog‘ini kiyub «Madaniyat!», «Madaniyat!» deb og‘izlarini ko‘purturub, oz-moz musulmoncha, chala-yarim ruscha so‘ylashub kulgu bo‘lib yurmak madaniyat bo‘lmay, masxarabozlikning bir shu’basidur. Agarda tabiatning jilovini nafsimiz qo‘lig‘a bersak, ul bizlarni na yerga olub bormasun? Chiroylik va chikka bel qizlari ila o‘ynashmakni, resturan va fivaxonalarga borub, qimor o‘ynamak va ichkulik qilub, tong otquzmakni, bir oz qizishgandan so‘ng odobdan tashqari madaniyatga yarashmagan so‘zlarni aytishmakni, hatto urushmakni, jabr va zulm qilmoqni xohlaydir. Lekin madaniyat qonunida (ustofida) munday fano va buzuq ishlar bo‘lmasa kerak. Madaniy bo‘lmak va madaniyatga kirmak uchun unday yomon sifatlardan saqlanmak va hazar qilmak ila barobar haqiqiy madaniyat ilmi, maishiy va axloqiy ishlar ila uch qismg‘a bo‘linadir. Agar millat bolalari bu xislatni mukammal suratda o‘zlariga darbar olsalar, mana shul vaqtda biz «madaniyatni qabul qilduk, madaniy bo‘lduk» deb lof ursak, maqtansak kulgi bo‘lmaymiz.

Yoshlarimizdan madaniyatga loyiq ravishda o‘qub, diniy va madaniy kishilar hozirlansa, tarbiya va ta’limg‘a mohir olim va olima, adib va adibalarimiz yetushsa, maktab va madrasalarimiz muntazam va tartiblik bo‘lsa, ziroat, sanoat va tijorat ishlariga mohir kishilar yetushub, zamonag‘a muvofiq ravishda ish yuritilsa, tartiblik «Dorul-yatim» — yetimxonalar, «Dorul-ojizin» — kambag‘alxonalar, kutubxonalar va qiroatxonalar ochilsa, shirkat (tovarishistvo)lar barpo qilinsa, yuqorida dedigimiz kabi, xalqimiz orasida zamonag‘a loyiq ulum va funundan boxabar ulamolarimiz ko‘paysa, och va yalang‘och kishilarimizning maishatlarini tuzatmak uchun harakat qilinsa, o‘qutilsa, axloq va odob o‘rgatilsa, shul vaqtda eskincha orasidan chiqub, haqiqiy madaniyat bo‘stonig‘a yuzlang‘on hamda madaniyat to‘lqunlaridan qutulub, sohili salomatg‘a chiqg‘on bo‘lur eduk. Sohili salomatg‘a chiquvimizga zamon musoid verurmi, vermasmi bilmaymiz.

Ilm ila olam musaxxar bo‘ldi, biz johil hanuz,
Xobi g‘aflat boshimizg‘a yetsa ham g‘ofil hanuz,
Ochmayin ibrat ko‘zin biz uyqug‘a moyil hanuz,
Ilmi hikmatlarg‘a bizlar bo‘lmaduk qobil hanuz
she’rini virdi zabon qilmakdan boshqa choramiz yo‘q.

————————

[1]Ovul.

O’Z SHAHRIMDA SAYOHAT

Ko‘ramanki, ba’zi odamlar sayohat qiladilar. Jarida va jurnallarga qilgan sayohatlarini, ko‘rgan-kechirganlarini oqizmay-tomizmay, ignasidan ifigacha yozadirlar. Man ularning yozganlarini ko‘rub, achchig‘im chiqub aytur edimki, «sayohat nima degan gap, mundan nima ma’no chiqar?» deb. Emdi bir oz aqlimni boshimga yig‘ib o‘ylab ko‘rsam, tushunsam, ko‘z oldimga allaqancha foydali ishlar va manfaatlik shaylar kelub chiqdi. Masalan, bir kishi o‘z shahridan chiqub, o‘zga bir viloyatga borsa, ul yerdagi insonlarning turmushidan, ilm va ma’rifatidan, hunar va san’atidan, til va adabiyotidan, qiyofat va hay’atidan, sha’n va shavkatidan, hol va qutidan, qadr va qiymatidan, savdo va tijoratidan xabardor bo‘lub, o‘ziga va o‘z millatiga foydalik allaqancha hissa va ma’lumotlar olur ekan. Emdi men ham o‘zumga jazm qildimki, bir sayohat qilsam deb. Lekin bir tarafdan yo‘qligim, ikinchi tarafdan yordamsizligim asar qilub, bir tarafga bormoqg‘a yo‘l bermas edi. Himmatlik bir kishi yo‘qki, «Mana, Indamas afandi, bu oqchani ol, sen ham bir sayohat qilib kel!» — desa. Emdi, nima qilay, boshqa viloyatlarga bormoqg‘a kuchim yetmasa, Xudo bir mo‘mayroq pul berganda qilarman-de. Ungacha hech bo‘lmasa o‘z shahrimni aylanub, sayohat qilub turay, deb, uyimdan chiqub, rasta va bozorlarni aylanmakchi bo‘ldum, yo‘lda ketaturub, ko‘nka arobasiga tushtum. «Yurganda yuragim elanur» deganidek shundog‘ kattig‘ sovuqda ko‘kragi va yelkalari ochuq bir necha musulmonlarni ko‘rub onlarga boqub:

Bayt:
Diningiz Islomu ismingiz musulmon sizi,
Shaklingiz insoniyatdan qancha o‘zg‘ondir sizi, —

deb, ko‘nkadan tushub yo‘limga jo‘nab ketdim.

Andog‘ narirog‘ borsam, qaysi ko‘z ila ko‘rayki, bir musulmon bir baqqol ila yoqalashub, mushtlashub xotun demay, qiz demay, og‘iz demay, bo‘g‘iz demay so‘kishub turibdurlar. Va bir necha musulmonlar orachilab o‘rtaga tushub, olarni zo‘rg‘a ajratub qo‘ydilar. So‘radimki, baqqol aka, nima talashub urushdingiz?

Baqqol: Ey o‘rtoq, nima so‘raysan? Olti oy bo‘ldi, nasyaga mol olgonig‘a, emdi pulni ber desam, yoqalashub ketdi.

Bayt:
Birovga nasya qilma, ey do‘kondor,
Olur vaqtingda mushtlashmoq na darkor, —

deb, yo‘limg‘a jo‘nab ketdim. Mundan narirog‘ borsam, bir samavar — choyxona ichi to‘la musulmon, bir-birlari ila chag‘ir-chug‘ir so‘zlashurlar, og‘izlarig‘a bodi kirib, shodi chiqadur. So‘zlashvotgan so‘zlari avboshning kafshiga o‘xshash poyma-poy.

O‘yla bir «yaxshi» va «mazali» so‘zlar so‘zlashurlarki, kurak bir tarafda tursun, zanbilda ham turmaydir. Xayr, bizim millatning yoshlarining ahvoli shunday bo‘lsa, kimdan yaxshilik umid qilamiz.

Bayt:
Millating avlodi sizlar bo‘lsangiz, ey yoshlar,
So‘zlaringizg‘a yilonlar po‘st tashlarni boshlar —

deb, yo‘limg‘a jo‘nab ketdim. Mundan bir oz yurub, bir madrasaning eshikiga borib yetdim. Madrasaning ichiga kirib bir mullabachchalarning ahvolini, dars va munozaralarini, takror va mutolaalarini, imtihon va mukolamalarini ko‘rmoqchi bo‘ldim. Madrasaning hujralari butun mullabachchalar bilan to‘lg‘on, har bir hujralardan munozara va mukolama qilg‘on mullabachchalarning tovushlari quloqlaringizni jangarlatub yuboradur. Butun hujra gumbazlarini boshlarig‘a ko‘taradirlar. Bir hujraning eshikig‘a borub, quloq solsam, birgina «alif-lom» to‘g‘risida allaqancha janjal va munoqashalar chiqarurlar. Biri: «Bu yerdagi alif-lom «ahdi xoriji», biri deyurki yo‘q, «ahdi zehniy», biri deyurki, «yo‘q, jins», yana biri: «yo‘q bu yerdagi alif-lom «istig‘roq», — deb, har birlari o‘z so‘zlarin maqbul qilmak xususida qancha dalil va misollar keltirar edilar. Ikinchi hujraga borub quloq solsam, bir jumla xususida bir necha mullabachchalar sug‘ro va kubrolar tartib etub, munozara va munoqashalar qilur edilar. Mundan borub darsxona eshikig‘a quloq solsam, domla hazratlari bir necha mullabachchalarga «Sharhi mullo»dan butun xavashlar ila jihor qiroat qilub, dars berib turubdirlar. Va ul dars o‘qub turgon mullabachchalarning aksari ila tonishdig‘im borlig‘idan quvvai ilmiyalari manga ma’lum, faqat matn o‘qumoqg‘a zo‘rg‘agina quchlari yetadurg‘on kishilar edi. Domla hazratlarining berub turgon darslari qozoqg‘a Bedil o‘qub bergan qabilinda o‘lsa kerak, deb xayolimg‘a kelub turgon vaqtda, bir mullabachcha yonimga kelub: «Kimda ishingiz bor, nima qilub yurubsiz?», — dedi. Man mullaga: «Madrasangizda fiqh, hadis kabi ulumi diniyadan dars etadirg‘on domla bormi?» — desam, mullabachcha: «Yo‘q, birodar bizlar avval shul siz aytgan ilmlarning arra-teshasini, ya’ni asbobini o‘quymiz. Bizlar shul nahv, sarf ilmini yaxshilab bilub olsoq oyat, hadislarg‘a ham ma’no berub ketaberamiz», — dedi. Man: «Mulla aka, shul siz aytgan darajada bilabilmak uchun necha yil o‘qumoq kerak?» Mullabachcha: «Agar Xudo loyiq ko‘rgan bo‘lsa o‘n besh, yigirma yilda tamom qilamiz». Man: «Nimaga birgina nahvu sarf uchun shuncha ko‘b umr kerak bo‘lsun, tezroqda tamom qilib bo‘lmaymi?» Mullabachcha: «Bizning yigirma yil deganimiz «hisobda bor, hamyonda yo‘q» qabilindan bo‘lub, faqat yil hisobi ilagina yigirma bo‘ladir. Ammo kun hisobig‘a kelganda hisobimiz chatoq». Man: «Nima uchun chatoq bo‘lsun, bir yil o‘n ikki oy, qamariy hisob birla 354 kun, shamsiy hisobi birla 366 kun bo‘ladir-da». Mullabachcha: «Ey birodar, bir yil 366 kun bo‘lishini bizlar ham yaxshi bilamiz. Siz butun yil, butun oy va tun-kun o‘qiydir deb o‘ylaydirgondirsiz, yo‘q, bizlarda olti oy tahsil, olti oy ta’til, ya’ni haftada to‘rt kun tahsil, uch kun ta’til degan gap bor. Mana shul to‘rt kun ichida har kun bir soatdan dars o‘qusak, bir yili komilda necha kun dars o‘qug‘on bo‘lamiz?» Man: «Olti oy, haftada to‘rt kun, har kun bir soatdan dars o‘qusangiz, bir yili komilda 136 soat dars o‘qur ekansiz. Ammo tartibli madrasadarda bu sizning bir yilda o‘qug‘on darsingiz haftada olti kun, har kun olti soatdan o‘qub, to‘rt haftada tamom qilurlar». Mullabachcha: «Birodar, bu aytvotgan so‘zingiz tushingizmi, o‘ngingizmi? Qayda ul siz aytgan madrasalar? Bizning Toshkand madrasalarining har birida shul tariqa o‘qiladur. Balki Buxoriyi sharifda, Ho‘qand, Andijonda, Marg‘ilonda, Namanganda ham shunday tartib birla o‘quladur?» Man: «Mulla aka, man sizga Turkiston madrasalarini aytmayman, Qozonda, Ufada, O‘rinburg‘da, Istanbulda, Misrda, Makkai Mukarrama, Madinai Munavvarada ham shul tariqa haftada olti kun, har kun olti soat dars beradirg‘on tartiblik madrasalar bor. Mana ko‘b uzog‘ga ketmasdan yaqing‘ina hukumatimiz o‘lan Rusiya maktablarining ham ibtidoyisidan boshlab to dorilfununlarig‘acha haftada olti kun har kun 5-6 soatdan dars o‘quladur». Mullabachcha: «Birodar, siz manga rus maktablarini ko‘rsatasiz, man ruscha o‘qimoqchi emasman, avval siz aytgan Qozon, Ufa madrasalarida ham ruscha o‘qitiladir deb eshitaman. Ammo man ruscha o‘qub tilmoch bo‘lmoqchi emasman. Xudo xohlasa, o‘qushimni tamom qilub, mullo bo‘lg‘onimdan so‘ngra bir yerga imom bo‘lmoqchiman», — dedi-da, nafasini ichiga olub, uzun bir oh tortub yubordi. Man: «Xayr, janobi Haq umringizga, ilmingizg‘a barakat bersun, tezgina tamom qilub maqsudingizg‘a yetingiz».

Bayt:
Har kimni ishi emas ulog‘ ovlamoq,
Madrasada yotub tuprog‘ yolamoq, —

deb, indamasdan to‘g‘ri uyimga qarab jo‘nab ketdim.

————————-

* Maqola sarlavhasiz bosilgan, shartli ravishda shunday nomlandi. (O. To’laboyev izohi)

044

(Tashriflar: umumiy 237, bugungi 1)

Izoh qoldiring