Abdulla Qodiriy asari asosida «O’tgan kunlar» filmi & Abdulla Qodiriy. O’tgan kunlar. Roman (onlayn formatda)

0911«Ўтган кунлар» — Бадиий фильм. 1969 йил. «Ўзбекфилм» студияси маҳсулоти.
Режиссё: Йўлдош Аъзамов. Сценарист: Сабир Мухамедов Оператор: Михаил Краснянский, Анвар Мукаррамов.Композитор: Манас Левиев.
Ролларда: Ўлмас Алихўжаев, Гулчеҳра Жамилова, Аббос Бакиров, Марям Яқубова, Раззоқ Хамроев, А. Муратова, Ҳабиб Наримонов, Гулчеҳра Саъдуллаева, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Жавлон Ҳамроев, Раҳим Пирмуҳамедов, Темурмалик Юнусов, Соат Толипов, Яқуб Аҳмедов, М. Раҳматуллаева, Бахтиёр Ихтиёров ва бошқалар.

004

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ «ЎТГАН КУНЛАР» РОМАНИ ҲАҚИДА
021

    «Ўтган кунлар» романининг маъно-мундарижа доираси ниҳоятда кенг. Унда хилма-хил инсоний тақдирлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий, оилавий-ишқий муаммолар қаламга олинган. Бироқулар орасида юртнинг, миллатнинг тақдири, мустақиллиги масаласи алоҳида ажралиб туради. Бинобарин эл-юртнинг мустақиллиги, бирлиги масаласи романнинг пафосини ташкил этади. Асарнинг бош қаҳрамонлари Отабек ва Юсуфбек ҳожилар шу юрт истиқлоли, фаравонлиги, осойишталиги йўлига ҳаётини, жонини тиккан фидойи кишилардир. «Ўтган кунлар» бамисоли улкан ва тиниқ кўзгу, унда ўзбек миллатининг муайян тарихий шароит, вазиятдаги турмуши, урф-одатлари, руҳий-маънавий дунёси, бўй-басти, қиёфаси кенг кўламда аниқ-равшан гавдалантирилган.

«Ўтган кунлар», бир қарашда, анъанавий ишқ достонларини ҳам эслатади. Унда Отабек билан Кумушнинг ишқий саргузаштлари, фожиаси жуда катта маҳорат билан тасвир этилган. Асардаги ишқий саргузаштлар китобхонни ҳаяжонга солади, Отабек билан Кумушнинг гўзал бахтини барбод этган омиллар кишини чуқур ўйга толдиради. Муаллиф ошиқларнинг ишқий саргузаштлари баҳонасида муайян тарихий даврни — Туркистоннинг рус босқини арафасидаги аҳволи, қора кунларини кўз олдимизда гавдалантиради. Қодирий ишқий саргузаштлар кўринишида ўлканинг тутқунликка тушишининг бош сабаби жаҳолат, қолоқлик ва ўзаро ички низолардир деган фикрни ғоят усталик билан айтади.

Гарчи романда адиб шахс характери ва қисматини муҳит, шароит, ижтимоий муаммолар билан чамбарчас алоқадорликда тасвир ва таҳлил этсада, инсон шахсининг муҳит ва шароитга боғлиқ бўлмаган туғма, сирли-сеҳрли ғаройиб шеваларига ҳам эътиборни тортади. Бу жиҳатдан бир оила, бир хил шароитда туғилиб вояга етган сажия-характер, сурат ва сиймо важидан икки олам — эгачи-сингил Зайнаб ва Хушрўйбиби образларининг талқини ғоят ибратлидир. Бири муте, итоаткор, нуқул ўзгалар изни билан иш кўради; иккинчиси эса дадил, мустақил, ўз бахти ва тақдири учун фаол кураш олиб боради. Ёзувчи бу икки шахс характерига хос туғма хусусиятларни шарҳлаш билангина чекланмайди, бундай хислатларнинг ўша кимсалар, қолаверса ўзгалар тақдирига кўрсатган таъсири, фожеий оқибатларини ҳам ифода этади. Ўзини бошқалар ихтиёрига топшириб қўйган Зайнаб шу ожизлиги туфайли ўз бахтига зомин бўлибгина қолмай, яна ўша ожизлиги туфайли ўзгалар қутқуси орқасида беихтиёр жиноятга қўл уради — Кумушга заҳар беради. Мустақиллик, дадиллик — яхши хислат, бироқ унга худбинлик аралашса балои азимга айланиши мумкин. Хушрўйбиби ўз бахти учун курашади; шахсий манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди; бировларнинг кўз ёшлари ҳисобига, ўзгаларнинг бахтиқаролиги эвазига ўз бахтини тиклайди. Романдаги Ўзбек ойим образи ҳам ниҳоятда табиий ва гўзал сиймолардан биридир. Думбул табиат бу аёл ўғли Отабек, қолаверса келинлари — Кумуш, Зайнаб тақдирларининг чигаллашиб кетиши, охири фожиага юз тутишида бош сабабчи экани аён. Бироқ ҳар қанча гуноҳкор бўлмасин, ўта андишали адиб уни кескин қоралашга тили бормайди.

Нима бўлганда ҳам, Ўзбек ойим, барибир она… Айни пайтда ростгўй, реалист ёзувчи онанинг пала-партиш, довдир хатти-ҳаракатларидан, табиатидаги айрим камчиликларидан кўз юмиб ўтолмайди. Бу борада адибга халқона юмор қўл келади. Бу образ тасвири бошдан-оёқ ажиб сержило — ҳам киноя-кесатиқларга, ҳам ардоқ-меҳрга тўла юмор билан йўғрилган. Хуллас, «Ўтган кунлар» романи тўқима қаҳрамонларнинг ҳаётийлик касб этиши ва тарихий воқеаларга уйғунлиги жиҳатидан ҳам, мужассамот бутунлиги ва тилидаги нафосати жиҳатидан ҳам ўзбек адабиёти хазинасидаги дурдоналар қаторидан ўрин олгандир. «Ўтган кунлар» ўзбек адабиётида илк роман бўлишининг ўзи биланоқ илгари босилган катта қадам эди. Унда реализмнинг асосий тамойиллари юқори бадиий савияда амалга оширилди. Роман, умуман, ўзбек адабиётида етук реализмга асос солувчилик ролини ўйнади.

Abdulla Qodiriy. O’tkan kunlar. Roman. Kiril harfida

Abdulla Qodiriy. O’tkan kunlar (roman). Lotin

022

(Tashriflar: umumiy 2 790, bugungi 1)

Izoh qoldiring