Atoqli hofiz Fattohxon Mamadaliyev tavalludining 90 yilligiga tuhfa: Eslagil. Audioalbom.

011

Фаттоҳхон Мамадалиев деганда анъанавий ижрочилик бўстонининг нодир овоз соҳиби, эл суйган санъаткор, қўшиқчилик оламида ўзига хос услуб ва ижрочилик йўлини яратган манзур нафас ҳофиз кўз ўнгимизда гавдаланади. Устоз овозидаги маҳзунлик, сержило нолалар, садоланиш хусусиятлари эшитувчини бефарқ қолдирмайди.
Фаттоҳхон Мамадалиев 1923 йилда Андижон вилояти Балиқчи тумани эски Халқулобод қишлоғида туғилди. Ёшликдан қўшиққа, санъатга бўлган ҳавас билан устозлар назарига тушди ва скрипка чалиб қўшиқ айтишни ўргана бошлади. Унинг қобилиятини сеза билган таниқли ҳофиз ва созанда Умрзоқ полвон Сайдалиев ўзига шогирдликка олади ва унинг довруғи секин-аста Халқулобод атрофларига ёйила бошлайди. Ҳақиқий ҳофизлик даври эса Андижон шаҳрига келиб, муқим яшаб ва ижод қилган даврдан бошланади. Андижон шаҳар маданият уйи қошидаги мақом ансамблида қатнашчи ва кейинчалик узоқ йиллар бадиий раҳбар бўлиб ишлади. Ҳамнафас дўсти Йўлдошали Кийи¬ков билан қатор қўшиқлар мажмуасини яратди. Улар ҳамнафасликда ижро этган ашулалар республика радиосида ёзиб олинган.
Фаттоҳхон Мамадалиевнинг Тошкентга келиб яшаши унинг ижодида муҳим бурилиш ясади. Янги-янги қўшиқлар дунёга келди. Фарғона-Тошкент мақом йўлларининг илмий ижрочилик таҳлилини тузиб чиқди ва шогирдларига ўргатди. Унинг республика телерадиокомпанияси қошидаги мақомчилар ансамблидаги фаолияти, давлат филармониясидаги ва Тошкент давлат консерваторияси анъанавий ижрочилик кафедрасидаги илмий педагогик фаолияти билан уйғунлашган ҳолда ижобий натижалар берди.
Фаттоҳхон Мамадалиевнинг яна бир катта хизмати шундаки, халқимиз санъатининг нодир дурдоналаридан бўлмиш қатор ижрочилик йўлларини қайтадан таҳлил қилиб тиклади. Жумладан, «Насруллойи» мусиқа йўлларига сўз солиб, унинг талқинчасини, уфорисини, соқиномасини яратди.
«Мискин»нинг бешта йўлини, «Чоргоҳ»нинг бешта йўлини, «Умрзоқполвон ушшоқи»нинг соқиномаларини қўшиб ушшоқларнинг қадимий ижроларини тиклади. «Бузрук»нинг сурнай йўлларини талқин қилди. Изланишлар натижасида туркум сифатида «Савти Фаттоҳхон» деб ижрочиларимиз ва олимларимиз томонидан тан олинди. Мусиқашунос олим Равшан Юнусов билан ҳамкорлик натижасида юқорида номлари тилга олинган ижро йўлларини илмий таҳлил қилди ва «Миллий мусиқа ижрочилиги масалалари» рисоласи чоп этилди. Устоз Юнус Ражабий улгурмаган кўп ишларни амалга оширди. Энг асосийси, шу барча изланишлар натижасини шогирдларига сабот билан ўргатди ва магнит лентасига муҳрлади.
Фаттоҳхон Мамадалиев ижро этган «Этмасмидим», «Жононим менинг», «Интизор», «Кўнгил», «Оқибат», «Кокилинг», «Дил¬кушо», «Қаландар-I», «Мўғилчаи қашқарчаи ушшоқ», «Гиря», «Эй сабо» сингари ашулалар алоҳида сайқал берилиб ижро этилганлиги билан шинавандаларнинг қалбидан жой олди. У ижро этган «Дарду дилим» қўшиғи Мўғулистон республикасида бўлиб ўтган «Осиё мусиқаси минбари» илмий анжумани фестивал танловида фахрли ўрин эгаллади.
Фаттоҳхон Мамадалиев ўзининг оҳанграбо овози билан ўнлаб хорижий давлатлар қўшиқсеварларини ҳам ўзига ром этди. Муборак ҳаж сафарида бўлди. Ижодининг яна бир ёрқин қирраси, шеърият билан ошно бўлди. Яхшигина ғазаллар ёзиб, ўзи куйлар басталарди. У Ўзбекистон бастакорлари уюшмасининг аoзоси эди.
Унинг хизматлари айниқса мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвонлари, «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари, Тошкент давлат консерваториясининг профессори деб тан олиниши устоз хизматларининг ҳақиқий баҳосидир.
Беназир овоз соҳиби Фаттоҳхон Мамадалиев оғир хасталикдан сўнг 1999 йил 4 апрел куни бу ёруғ оламдан кўз юмди ва ўзи туғилган жонажон қишлоғига дафн қилинди.

026

«ЭСЛАГИЛ» МУСИҚИЙ АЛЬБОМИНИ ЮКЛАБ ОЛИНГ

099

Uz-translations.uz
Hitfile.net
Mediafire.com

(Tashriflar: umumiy 845, bugungi 1)

Izoh qoldiring