Bahodir Yo’ldoshev. Hojiakbar Nurmatov orzularini o’zida saqlagan dengiz edi.

222
«Ўзи мавзу йўқ, асар йўқ. Мен қандай яшашни биламан, лекин нима учун яшаётганлигимни билмай қолдим… Биласизми, мен ўзимни ўтган асрда қолиб кетган вокзалдаги йўловчига ўхшатаман, ҳамма поездлар кетиб бўлган, вокзал эса бўм-бўш… Улгурган улгурди…»
Ҳожиакбар Нурматов ўйнаган рол  монологидан.

112

Баҳодир Йўлдошев
ҲОЖИАКБАР ОРЗУЛАРИНИ ЎЗИДА САҚЛАГАН ДЕНГИЗ ЭДИ

Ҳожиакбар биздан юқори курсда ўқирди. Уни биринчи марта Тўла ака (Тўла Хўжаев)нинг репетициясида кўрганман. Ўшанда «Қор маликаси»даги Кэйни ўйнаганди. Моҳир педагог Нина Ивановна Тимофеева ўзининг энг ишонган ўқувчиси Ҳожиакбардаги интилишни яхши кўрарди.
Ҳожиакбар атрофидаги ноҳақликлардан ўзини ҳимоя қила олмайдиган, уларга жавоб қайтаролмайдиган, меҳрга муҳтож, яхши маънодаги ожиз инсон эди. Шунинг учун ҳам мен унга Протасовни (Л.Толстой, «Тирик мурда») берганман. Негаки, Протасовнинг изтироблари актёрнинг руҳиятига жуда яқин эди. Протасов ҳам ҳимояга муҳтож одам. У ғала-ғовурга тўла катта майдонда ожиз, ёлғиз қолган инсонга ўхшайди. Бундай инсонлар ҳақида кўп гапиролмайсан… Чунки, уларнинг олами одатий гаплардан узоқ.
Балки Ҳожиакбарнинг ўзи ҳам сезмаган бўлса керак, театр саҳнасида ҳамиша шунақа табиатдаги ролларни ўйнади. Чорасиз болакай Кэй, ўзига мутлақо бегона бўлган шуҳратпарастликнинг қурбонига айланган Мўмин Мирзо, бир умр барча сирларини юрагига кўмиб яшаган Фазлиддин ёки ҳаётнинг оддий ўйинларидан бехабар Подколёсин… Агар синчковлик билан кузатсангиз, бу қаҳрамонларнинг бари Ҳожиакбарнинг ички дунёсини очиб, унинг ҳақиқатларидан хабар беради.
Ҳожиакбар, аслида кўп роллар учун яралган актёр эди-ю, бироқ томошабинлар бундан бебаҳра қолдилар. Афсус, У Дон Кихот, Гамлет, Лирни ўйнайдиган актёр эди. Дастлаб, Мўмин  Мирзо образини яратганда бора-бора бу актёр Алишер Навоийни ўйнайди, деб кутишганди.
Шунингдек, унинг Подколёсини бора-бора Дон Кихотга, Протасови эса Гамлетга кўтарилиши керак эди. Гарчи саҳнада бу образларни яратиш насиб этмаган бўлса-да, барибир, у ўз ҳаётида Гамлет, Дон Кихот ва ниҳоят Лирнинг қисматини яшаб ўтди. Бу жуда ҳам мураккаб йўл…
Ёдингизда бўлса, «Алишер Навоий» спектаклида эрта хазон бўлган Мўмин Мирзога нисбатан «Жавоҳир сақлаган денгиз эди у» дейишади. Ҳожиакбар ҳам ўйналмаган ролларини, орзуларини ўзида сақлаган денгиз эди. У барисини ўзи билан олиб кетди…
Унинг одамларга зиёни тегишини тасаввур қилолмайман, у бу ҳаётда фақатгина ўзига азоб берди. Қайсидир маънода ўз умрини идора қилолмади. Дарвоқе, Ҳожиакбарнинг ўзи иштирок этган «Оқшомдан тушгача» спектаклининг қаҳрамонларидан бири эрига «Биласанми, сен нега чемпион бўлолмагансан, чунки орқангдан югуриб келаётган одамга раҳминг келганидан уни  ўзингдан олдинга ўтказиб юборасан», деганидек, у ҳеч қачон рол учун талашмас, спектакл премерасида саҳнага қараб талпинмас эди. Муҳими, у учун ролни чиқариб бериш эди.
Ҳожиакбар дублёрига қанчалик имконият яратмасин, барибир, ҳамиша дублёрининг ўйинидан унинг ижроси баланд чиқар ва албатта, театршуносларнинг назарига Ҳожиакбар тушар эди. У сон учун рол ўйнашни истамаган актёрлардан эди.
Ижодий учрашувлар бўлганда, томошабинлар дастхат олиш учун унинг олдида ийманишарди. Чунки, унинг қиёфасиёқ бу нарсалардан бегона одам эканлигини айтиб турарди.
Баъзан таниқли бирор санъаткор ҳақида гап кетса, у бу инсондан ёшлар ибрат олишлари керак деб, айтишади. Лекин шахсан мен Ҳожиакбар Нурматов ҳақида бундай деб айтолмайман. Чунки у бошқалар ўрнак олиши учун яратилган инсон эмасди. Бошқа такрорланмайдиган, ўзигагина хос ягона Шахс эди у. Бундайлар ҳаётга бир келади-ю, кетади. Шеър ўқиганда фақат ўзининг кўнглидан келиб чиқиб ўқирди. Қараши ҳам жуда маъюс эди…
Ишонч билан шуни айтаманки, Ҳожиакбар Нурматов ўзбек театри тарихида, Ўзбек Миллий академик театри тарихида ўз муҳрини қолдира олди. Санъаткорнинг бундай улуғ қисмати ҳатто элнинг  эътирофига сазовор бўлган кўплаб таниқли актёрларга ҳали ҳам насиб этган эмас!..

2007

112

ҲОЖИАКБАР НУРМАТОВ
Ўзбекистон халқ артисти
(1944-2007)

Ҳожиакбар Нурматов 1944 йилда Тошкентда туғилган. 1968 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг «Театр ва кино актёри» факультетини тугатган.
Ҳожиакбар Нурматов меҳнат фаолиятини 1966 йилда Ҳамза номли (ҳозирги Ўзбек Миллий акаде¬мик драма) театрида бошлаб, 35 йилдан бери шу ижодий жамоада ҳалол ва сидқидил меҳнат қилмоқда. «Алишер Навоий» спектаклидаги Мўмин Мирзо актёрнинг театрда ижро этган илк роли бўлди. Ҳусайн Бойқаронинг суюкли набираси, Алишер Навоийнинг умидли шогирди Мўмин Мирзо образи актёр ижросида ўзининг фавқулодда таъсирли ифодасини топди. Томошабин Мўмин Мирзо деб Ҳожиакбар Нурматовни таниди. Дастлабки муваффақиятдан руҳланган ёш актёр бирин-кетин театрда саҳналаштирилган спектаклларда Нодир (Э.Воҳидов, «Олтин девор»), Франс Моор (Шиллер, «Қароқчилар»), Подколесин (Гоголь, «Уйланиш»), Левицский (Васильев, «Рўйхатларда йўқ»), Мухбир (С.Аҳмад, «Келинлар қўзғолони»), Лёва Грустев (Розов, «Оқшомдан тушгача»), Ёлқин (Шукрулло, «Табассум ўғрилари») каби ранг-баранг ролларни ижро этди.
Ю.Розиқовнинг «Домла», Т.Малик ва Ё.Саъдиевнинг «Шайтанат» телевизион фильмларидаги Домла ва майор Солиев каби образлар Ҳожиакбар Нурматовнинг кинодаги ижодий меҳнатининг сара маҳсулларидир. У кўп йиллар  мобайнида  дубляжларда қатнашди «Қирол Лир», «Ишқдаги ишқ», «Махобхорат», «Даллас» каби бадиий ва телевизион фильмларга овоз бериб, ўзининг ёқимли тобланишларга бой овози билан мухлислар меҳрини қозонди.
60—80 йилларда Ўзбекистон радиосида ўзбек, рус ва қардош халқлар ёзувчиларининг йирик-йирик асарлари инсценировка қилинди, радиоспектакллар тайёрланди. «Театр микрофон олдида» сингари адабий эшиттиришлар юзага келди. Ана шу ижодий жараёнда Ҳожиакбар Нурматов ҳам фаол қатнашди. «Дубровский» (А.С.Пушкин), «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» (Ш.Руставели) ва  ўзбек ёзувчилари асарлари асосида магнит тасмаларига ёзилган радиоспектаклларда кўплаб роллар ижро этди.
Ҳожиакбар Нурматов 2007 йилнинг апрелида вафот этди.

112

Ҳожиакбар Нурматовга бағишланган «Алвидо,Актёр» фильми

(Tashriflar: umumiy 126, bugungi 1)

Izoh qoldiring