Barhayot navolar: Botir Zokirov. Musiqiy film & Ashurali Jo’rayev. Qo’shiq dunyosining Majnuni

04526 апрел – Буюк Санъаткор Ботир Зокиров таваллуд топган куннинг 80 йиллиги.

    Жаҳоннинг биринчи космонавти Юрий Гагарин 1963 йил 31 декабр куни «Голубой Огонёк» янги йил базмида, дикторнинг «Энг севимли хонандангиз ким?» деган саволига: «Менинг яхши кўрган қўшиқчим Ботир Зокиров», деб жавоб берган эди. Фазогир Тошкентга келганида Ботир Зокировни кўриш истагини билдиради ва у гастролда бўлганлиги сабабли, уйига келиб онаси Шоҳиста опани кўриб кетади.Ботир Зокиров сеҳрли мўйқалам соҳиби сифатида ўзидан кўплаб бетакрор асарлар қолдирди. «Мажнун», «Оқшом», «Автопортрет», «Бухоро манзараси», «Саратон», «Москва манзаралари», «Қрим манзаралари», «Ёлғизлик», «Кўча», «Анор пишганда» сингари асарлари шулар жумласидандир. Ҳикоянавис ёзувчи сифатида «Она», «Мўйсафид», «Паҳлавон», «Етакчи», «Табассум» ҳикоялари «Шарқ юлдузи», «Гулистон» журналларида чоп этилди.

011

ҚЎШИҚ ДУНЁСИНИНГ МАЖНУНИ
Ашурали Жўраев
041

Миллий эстрадамиз асосчиси, машҳур санъаткор Ботир Зокировнинг номи йиллар ўтган сари янада қадрли, тобора қалбимизга яқин бўлиб бораётир. Гарчи санъаткор боқий дунёга кўчгандан буён йигирма йилдан зиёд давр ўтган бўлса-да, унинг серқирра ижоди ва жўшқин ҳаёти ҳануз кўпчиликда қизиқиш уйғотади. Бетакрор қўшиқлари ҳамон кўнгилларни асир этиб келади. Мухлислар қалбини мудом соғинч ва армон ҳисси тарк этган эмас. Ботир Зокировни кўрганлар, билганлар, концертларида ўгириб ҳазин қўшиқларини тинглаганлар ўзларини бахтиёр ҳисоблайди; билмаганлар, кўрмаганлар эса санъаткор ҳақида кўпроқ билишни, эшитишни, ўқишни орзу қилади.

Ботир Зокировнинг серқирра ижоди ҳар томонлама теран ўрганилса, қўшиқларининг яратилиш тарихи таҳлил этилса, инсоний фазилатлари эсга олинса, киши кўз ўнгида чинакам ЗИЁЛИ сиймоси намоён бўлади.

Ботир ака болалигиданоқ теварагида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан эзгулик ахтаради. Ўқиган китобларидан зиё излайди. Унинг юриш-туриши, муомалаларида ҳам чинакам зиёлига хос фазилатлар мужассам эди. Зиёлилик, аввало, оддий маданиятдан, одамийликдан бошланишини, айниқса, санъаткорликни ният қилган ҳар бир инсон шунга интилиши зарурлигини у жуда эрта англаб етади. Бундай тарбияни биринчи галда отаси ва устози Карим Зокировдан олади.

Ботир Зокировнинг болалиги кўпгина жиҳатлари билан аксарият улуғ санъаткорларнинг болалигига ўхшаб кетади. У доимо қандайдир машғулот билан банд бўлар, айтайлик, расм чизар, қўшиқ ўрганар, шеър ёдлар, хуллас, бирор дақиқа вақтини беҳуда ўтказмас эди. Тунлари ухламасдан китоб мутолаа қилгани учун кўпинча кўзлари қизариб юрарди. Унга нафақат болалар, балки катталар ҳам ҳавас қиларди.

Болалигидаёқ унинг сиймосида ўзига хос бир донолик мужассам эди. Бу донолик, илмга ташналик, санъат дунёсига бўлган муҳаббат келажақда унинг улкан санъаткор, том маънодаги зиёли инсон бўлиб вояга етишига хизмат қилди.

У буюк шоир ва мугафаккир Алишер Навоий ҳақида дастлаб отасидан эшитган эди. Қолганларини мактаб дарсликларидан ҳамда мустакил ўқиб-ўрганиб билди, Қўлида мудом ҳазрат Навоийнинг бирор бир асариии олиб юргани учун уни ҳатто «Алишер» деб аташади. Айрим мактаб ҳужжатларида ҳам “Алишер Зокиров” деб ёзилган ҳоллар бўлган. Унга шоирнинг «Лайли ва Мажнун» достони жуда ёқиб қолган, баъзи жойларини ёддан ўқиб юрар эди. Айниқса, Мажнун образи қалбидан мустаҳкам ўрин олгани боис ўн тўрт ёшида «Мажнун» деб аталган бир картина ҳам яратади. Унда тасвирланган манзара қуйидагича эди: зилол ҳовузчага |кўм-кўк булоқ суви келиб қуйиляпти. Ҳовузча бўйида ғамгин хаёлларга чўмган, сочлари паришон, кийим-боши бир аҳволда Мажнун ўтирибди. Ёнида чиройли, мунчоқ кўзлари жавдираб жайрон ётибди. Мажнун ўнг қўли билан жайроннинг бошини силаяпти. Томирлари бўртиб турган чап қўли иягида. Тиззалари устида пайлари таранг тортилган камон. Рўпарада бошини оёқлари устига қўйганча узала тушиб шер ётибди. У ҳам гўё Мажнуннинг аҳволини кўриб ғам-ғуссага ботгандек. Картинанинг орқа кўриниши сарғиш тусда. Мажнуннинг паришон ва шикаста чеҳраси, ҳасрат тўла кўзлари киши юрагини эзиб юборади…

Эй ишқ устида хасим, нечуксен?
Эй бедилу бекасим, нечуксен?

Ки Лайли ишқида нотавонсен,
Ишқида жаҳонға достон сен…

Бу ажойиб тасвирни бемалол Ботир Зокировнинг дастлабки «Автопортрет»и дейиш мумкин. Гарчи унинг бу илк асари бирон бир кўргазмада намойиш этилмаган бўлса-да, ҳар қандай истеъдодли рассомнинг асаридан қолишмас эди.

Айтиш мумкинки, Ботир Зокировнинг Навоий асарларини ўқиб-ўрганиши, Мажнун образига бу кадар меҳр қўйиши, кейинчалик илк кўшиқнинг яратилиши, биринчи марта саҳнага чиқиш жараёнларида ҳам юксак маданият ва зиёлиликинг ёрқин белгилари бор эди.

Одам олим бўлиши мумкин, лекин доим ҳам зиёли бўлолмайди. Зиёлилик — туғма фазилат. Ботир Зокиров миллатимизнинг ана шундай зиёлиларидан эди. Бугунги эстрада санъатида нима кам десалар, Ботир Зокировдек зукко ва билимдон зиёли, маданиятли санъаткор етишмайди деган бўлардик. Нуқул пул санаш ва ҳашаматли иморат қуришдан бошқасига ярамайдиган бугунги баъзи хонандаларимиз савия, билим ва дунёқарашни ўзгартириш ҳақида ҳам андак ўйласалар, сийқа хиргойилар бир оз камаярмиди…

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Ботир Зокировни бундай хотирлайди: “Ботир Зокиров катта талант соҳиби, юксак эҳтирос фарзанди, XX асрнинг ўта маданиятли ва зиёли кишиси эди. Бу улуғ санъаткор ҳамиша ҳалол, иймонли, ҳақиқатгўй бўлган, ҳар қандай шароит ва вазиятда ўз эътиқодига, санъати ҳамда юксак маданиятига содиқ қолган. Ҳамиша у кишининг ҳаёт ва ижод йўли ибратли, санъати умрбоқийдир».

Ботир Зокировга жаҳоннинг машҳур адиби Чингиз Айтматов ҳам шундай юксак баҳо берган. 1978 йили санъаткор «Ялла» ансамбли билан Бишкекка гастролга борганида концертда Чингиз Айтматов ҳам қатнашган ва томошадан сўнг Ботир Зокировни Чўлпонотадаги далаҳовлисида меҳмон қилиб, узоқ суҳбатлашган. Айтматов унга соғлигини асраш кераклигини қайта-қайта тайинлаган. Шунингдек, Ботир ака машҳур шоирлар Нозим Ҳикмат, Расул Ҳамзатов билан ҳам кўп бора учрашиб, суҳбат қурган.

Ботир Зокиров адабиётни, тасвирий санъатни севар, кўп ўқир ва расм чизар эди. Таниқли ижодкорлар Ўлмас Умарбеков, Учкун Назаров, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, рассом Рўзи Чориев билан яқин дўст эди, тез-тез ижодий мулоқотда бўлиб турарди. Улар бир-бирларига янги асарларидан ўқиб берар, баҳс-мунозара қилишар эди. Ботир Зокиров, айниқса, дилкаш дўсти, бетакрор рассом Рўзи Чориев устахонасида бўлишни, у билан суҳбатлашишни, янги чизган асарларини томоша қилишни хуш кўрарди. Бу дарваштабиат инсон билан суҳбатлашиш мароқли эди. Рўзи аканинг беғубор ҳаяжонлари, жилов нелигини билмайдиган жўшқин фаьл-атвори картиналарига ҳам кўчган эди. У ҳам Ботир Зокиров ижодини қадрлар, янги расмлар чизаётганида унинг дардли ва дилбар қўшиқларини қайта-қайта тинглаб тўймас эди. Бу икки машҳур ижодкорнинг бир-бирига талпиниши, бир-бирининг ижодидан завқланиши, икки зиёли шахснинг бир-бирига бўлган бу қадар юксак ҳурмати ибрат бўлгуликдир… (Саҳифа ўртасида тақдим этилаётган Ботир Зокиров портретини Рўзи Чориев чизган)

Ботир Зокиров ҳар бир янги қўшиғи устида узоқ ишлар эди. Қўшиқнинг сўзи, мусиқаси юрагини жизиллатмагунча куйламаган у. Улуғ санъаткор мусиқавий асарни камида етти-саккиз вариантдан сўнггина қиёмига етган деб ҳисобларди. Бу ҳолни чинакам кўшиқ яратиш маданияти деса бўлади.

Атоқли композитор Икром Акбаров билан танишув Ботир Зокиров ижодида янги саҳифа очди. Икром Акбаров бундай хотирлайди:
«Ботир билан ишлаш ҳам мароқли, ҳам машаққатли эди. У ҳар бир янги қўшиқ устида деҳқон ерга тер тўкиб ишлаганидек, жуда қаттиқ меҳнат қиларди. Танлаган шаърининг сўзлари ёқмаса, ўзи қайтадан ёзарди. Кераксиз, куйга тушмайдиган мисраларни, сўзларни олиб ташларди. Айрим қўшиқларни ўн вариантда ишлаган кезларимиз бўлган. Масалан, «Ошиқ булбул» қўшиғини ўн саккиз вариантдан сўнг куйлаган. Умуман, у ўзига ёқмаган, юрагини жизиллатмаган қўшиқни асло айтмасди. Агар қўшиқ ёмон чиқса, «Ҳошим» бўлиб қолибди-ку, Икром ака», дерди кулиб.

Иккинчи операцияга тайёргарлик кўриб юрган кезларида ҳам нуқул «ишлайлик» дерди. Баъзан шанба-якшанба кунлари врачлардан рухсат сўраб, уйимизга келарди. «Эй, сорбон* қўшиғи ана шу даврда яратилди. Узоқ ишладик. Қўшиқ собиқ иттифоқ радио оркестрида билан ёзиб олинди. Қўшиқни ёзиб олиш жараёнида овоз режиссёри Володя Бабушкин бошини чангаллаб йиғлаган ва охиригача эшитишга тоқат қила олмай хонадан отилиб чиқиб кетган эди.

Ботир кўпқиррали ижод соҳиби эди. Аммо у мусиқа ёзмади. Аслида ёзса бўларди, бунга истеъдоди етарди. Баъзи номдор композиторлардан яхшироқ ёзиши мумкин эди. У мусиқани, куй ва қўшиқни илоҳий мўъжиза деб билар ва бунга хиёнат қилганларни кечирмасди. Шу боисданмикан, мусиқа ёзишга жазм этмади. У мусиқа, тасвирий санъатни чуқур биладиган, теран англайдиган, маданиятли ва зиёли санъаткор эда…»

Ҳақиқатан ҳам, Ботир Зокиров серқирра ижодкор — ўзига хос рассом, ажойиб ҳикоялар муаллифи, актёр ва таржимон эди. «Суғд элининг қоплони» операси либреттосини Ботир Зокиров ёзган. Асарни ўзбек тилига устоз адиб Асқад Мухтор таржима қилган. Мусиқа муаллифи — Икром Акбаров.

Хуллас, у қайси соҳа ёки жанрга қўл урмасин, барчасида ёрқин из қолдирди. Лекин Ботир Зокиров номи қўшиқ туфайли оламга ёйилди. «Раъно», «Араб тангоси», “Кел, ёр», “Қайдасан, азизим», «Мажнун монологи» сингари кўплаб қўшиқлари миллий эстрада санъатимизнинг бебаҳо дурдоналарига айланди.

Ботир Зокиров қўшиқ дунёсига Мажнун бўлиб келди, қўшиқ унинг Лайлиси бўлди. У Лайли ишқида беармон нола қилди. Ишқ саҳросида юракларни ўртаб фарёд айлади. Унинг фарёдларига саҳро гуллари бардош беролмади, ўт-ўланлар илдизига титроқ кирди. Тўрғайлар бу ўтли овозни эшитиб, сайрашдан тўхтади Карвон куй оғушида, қўшиқ сеҳри билан аста-аста одимлайди: “Эй, сорбон, оҳиста юр, оромижоним борадур…» Юракдан булоқдай қайнаб чиқаётган нолаларнинг чеку чегараси йўқ. Қўшиқ саҳросининг Мажнуни яна Лайли ҳақида ёниб куйлайди:

Лайли ишқин танимда жон қил,
Лайли шавқин рагимда қон қил…

Манба: «Тафаккур» журнали, 2006/2

045

QO’SHIQ DUNYOSINING MAJNUNI
Ashurali Jo’raev
041

Milliy estradamiz asoschisi, mashhur san’atkor Botir Zokirovning nomi yillar o’tgan sari yanada qadrli, tobora qalbimizga yaqin bo’lib borayotir. Garchi san’atkor boqiy dunyoga ko’chgandan buyon yigirma yildan ziyod davr o’tgan bo’lsa-da, uning serqirra ijodi va jo’shqin hayoti hanuz ko’pchilikda qiziqish uyg’otadi. Betakror qo’shiqlari hamon ko’ngillarni asir etib keladi. Muxlislar qalbini mudom sog’inch va armon hissi tark etgan emas. Botir Zokirovni ko’rganlar, bilganlar, kontsertlarida o’girib hazin qo’shiqlarini tinglaganlar o’zlarini baxtiyor hisoblaydi; bilmaganlar, ko’rmaganlar esa san’atkor haqida ko’proq bilishni, eshitishni, o’qishni orzu qiladi.

Botir Zokirovning serqirra ijodi har tomonlama teran o’rganilsa, qo’shiqlarining yaratilish tarixi tahlil etilsa, insoniy fazilatlari esga olinsa, kishi ko’z o’ngida chinakam ZIYOLI siymosi namoyon bo’ladi.

Botir aka bolaligidanoq tevaragida sodir bo’layotgan voqea-hodisalardan ezgulik axtaradi. O’qigan kitoblaridan ziyo izlaydi. Uning yurish-turishi, muomalalarida ham chinakam ziyoliga xos fazilatlar mujassam edi. Ziyolilik, avvalo, oddiy madaniyatdan, odamiylikdan boshlanishini, ayniqsa, san’atkorlikni niyat qilgan har bir inson shunga intilishi zarurligini u juda erta anglab yetadi. Bunday tarbiyani birinchi galda otasi va ustozi Karim Zokirovdan oladi.

Botir Zokirovning bolaligi ko’pgina jihatlari bilan aksariyat ulug’ san’atkorlarning bolaligiga o’xshab ketadi. U doimo qandaydir mashg’ulot bilan band bo’lar, aytaylik, rasm chizar, qo’shiq o’rganar, she’r yodlar, xullas, biror daqiqa vaqtini behuda o’tkazmas edi. Tunlari uxlamasdan kitob mutolaa qilgani uchun ko’pincha ko’zlari qizarib yurardi. Unga nafaqat bolalar, balki kattalar ham havas qilardi.

Bolaligidayoq uning siymosida o’ziga xos bir donolik mujassam edi. Bu donolik, ilmga tashnalik, san’at dunyosiga bo’lgan muhabbat kelajaqda uning ulkan san’atkor, tom ma’nodagi ziyoli inson bo’lib voyaga yetishiga xizmat qildi.

U buyuk shoir va mugafakkir Alisher Navoiy haqida dastlab otasidan eshitgan edi. Qolganlarini maktab darsliklaridan hamda mustakil o’qib-o’rganib bildi, Qo’lida mudom hazrat Navoiyning biror bir asariii olib yurgani uchun uni hatto «Alisher» deb atashadi. Ayrim maktab hujjatlarida ham “Alisher Zokirov” deb yozilgan hollar bo’lgan. Unga shoirning «Layli va Majnun» dostoni juda yoqib qolgan, ba’zi joylarini yoddan o’qib yurar edi. Ayniqsa, Majnun obrazi qalbidan mustahkam o’rin olgani bois o’n to’rt yoshida «Majnun» deb atalgan bir kartina ham yaratadi. Unda tasvirlangan manzara quyidagicha edi: zilol hovuzchaga |ko’m-ko’k buloq suvi kelib quyilyapti. Hovuzcha bo’yida g’amgin xayollarga cho’mgan, sochlari parishon, kiyim-boshi bir ahvolda Majnun o’tiribdi. Yonida chiroyli, munchoq ko’zlari javdirab jayron yotibdi. Majnun o’ng qo’li bilan jayronning boshini silayapti. Tomirlari bo’rtib turgan chap qo’li iyagida. Tizzalari ustida paylari tarang tortilgan kamon. Ro’parada boshini oyoqlari ustiga qo’ygancha uzala tushib sher yotibdi. U ham go’yo Majnunning ahvolini ko’rib g’am-g’ussaga botgandek. Kartinaning orqa ko’rinishi sarg’ish tusda. Majnunning parishon va shikasta chehrasi, hasrat to’la ko’zlari kishi yuragini ezib yuboradi…

Ey ishq ustida xasim, nechuksen?
Ey bedilu bekasim, nechuksen?

Ki Layli ishqida notavonsen,
Ishqida jahong’a doston sen…

Bu ajoyib tasvirni bemalol Botir Zokirovning dastlabki «Avtoportret»i deyish mumkin. Garchi uning bu ilk asari biron bir ko’rgazmada namoyish etilmagan bo’lsa-da, har qanday iste’dodli rassomning asaridan qolishmas edi.

Aytish mumkinki, Botir Zokirovning Navoiy asarlarini o’qib-o’rganishi, Majnun obraziga bu kadar mehr qo’yishi, keyinchalik ilk ko’shiqning yaratilishi, birinchi marta sahnaga chiqish jarayonlarida ham yuksak madaniyat va ziyoliliking yorqin belgilari bor edi.

Odam olim bo’lishi mumkin, lekin doim ham ziyoli bo’lolmaydi. Ziyolilik — tug’ma fazilat. Botir Zokirov millatimizning ana shunday ziyolilaridan edi. Bugungi estrada san’atida nima kam desalar, Botir Zokirovdek zukko va bilimdon ziyoli, madaniyatli san’atkor yetishmaydi degan bo’lardik. Nuqul pul sanash va hashamatli imorat qurishdan boshqasiga yaramaydigan bugungi ba’zi xonandalarimiz saviya, bilim va dunyoqarashni o’zgartirish haqida ham andak o’ylasalar, siyqa xirgoyilar bir oz kamayarmidi…

O’zbekiston Qahramoni Abdulla Oripov Botir Zokirovni bunday xotirlaydi: “Botir Zokirov katta talant sohibi, yuksak ehtiros farzandi, XX asrning o’ta madaniyatli va ziyoli kishisi edi. Bu ulug’ san’atkor hamisha halol, iymonli, haqiqatgo’y bo’lgan, har qanday sharoit va vaziyatda o’z e’tiqodiga, san’ati hamda yuksak madaniyatiga sodiq qolgan. Hamisha u kishining hayot va ijod yo’li ibratli, san’ati umrboqiydir».

Botir Zokirovga jahonning mashhur adibi Chingiz Aytmatov ham shunday yuksak baho bergan. 1978 yili san’atkor «Yalla» ansambli bilan Bishkekka gastrolga borganida kontsertda Chingiz Aytmatov ham qatnashgan va tomoshadan so’ng Botir Zokirovni Cho’lponotadagi dalahovlisida mehmon qilib, uzoq suhbatlashgan. Aytmatov unga sog’ligini asrash kerakligini qayta-qayta tayinlagan. Shuningdek, Botir aka mashhur shoirlar Nozim Hikmat, Rasul Hamzatov bilan ham ko’p bora uchrashib, suhbat qurgan.

Botir Zokirov adabiyotni, tasviriy san’atni sevar, ko’p o’qir va rasm chizar edi. Taniqli ijodkorlar O’lmas Umarbekov, Uchkun Nazarov, Abdulla Oripov, Shukur Xolmirzaev, rassom Ro’zi Choriev bilan yaqin do’st edi, tez-tez ijodiy muloqotda bo’lib turardi. Ular bir-birlariga yangi asarlaridan o’qib berar, bahs-munozara qilishar edi. Botir Zokirov, ayniqsa, dilkash do’sti, betakror rassom Ro’zi Choriev ustaxonasida bo’lishni, u bilan suhbatlashishni, yangi chizgan asarlarini tomosha qilishni xush ko’rardi. Bu darvashtabiat inson bilan suhbatlashish maroqli edi. Ro’zi akaning beg’ubor hayajonlari, jilov neligini bilmaydigan jo’shqin fa`l-atvori kartinalariga ham ko’chgan edi. U ham Botir Zokirov ijodini qadrlar, yangi rasmlar chizayotganida uning dardli va dilbar qo’shiqlarini qayta-qayta tinglab to’ymas edi. Bu ikki mashhur ijodkorning bir-biriga talpinishi, bir-birining ijodidan zavqlanishi, ikki ziyoli shaxsning bir-biriga bo’lgan bu qadar yuksak hurmati ibrat bo’lgulikdir… (Sahifa o’rtasida taqdim etilayotgan Botir Zokirov portretni Ro’zi Choriev chizgan)

Botir Zokirov har bir yangi qo’shig’i ustida uzoq ishlar edi. Qo’shiqning so’zi, musiqasi yuragini jizillatmaguncha kuylamagan u. Ulug’ san’atkor musiqaviy asarni kamida yetti-sakkiz variantdan so’nggina qiyomiga yetgan deb hisoblardi. Bu holni chinakam ko’shiq yaratish madaniyati desa bo’ladi.

Atoqli kompozitor Ikrom Akbarov bilan tanishuv Botir Zokirov ijodida yangi sahifa ochdi. Ikrom Akbarov bunday xotirlaydi:»Botir bilan ishlash ham maroqli, ham mashaqqatli edi. U har bir yangi qo’shiq ustida dehqon yerga ter to’kib ishlaganidek, juda qattiq mehnat qilardi. Tanlagan sha’rining so’zlari yoqmasa, o’zi qaytadan yozardi. Keraksiz, kuyga tushmaydigan misralarni, so’zlarni olib tashlardi. Ayrim qo’shiqlarni o’n variantda ishlagan kezlarimiz bo’lgan. Masalan, «Oshiq bulbul» qo’shig’ini o’n sakkiz variantdan so’ng kuylagan. Umuman, u o’ziga yoqmagan, yuragini jizillatmagan qo’shiqni aslo aytmasdi. Agar qo’shiq yomon chiqsa, «Hoshim» bo’lib qolibdi-ku, Ikrom aka», derdi kulib.

Ikkinchi operatsiyaga tayyorgarlik ko’rib yurgan kezlarida ham nuqul «ishlaylik» derdi. Ba’zan shanba-yakshanba kunlari vrachlardan ruxsat so’rab, uyimizga kelardi. «Ey, sorbon* qo’shig’i ana shu davrda yaratildi. Uzoq ishladik. Qo’shiq sobiq ittifoq radio orkestrida bilan yozib olindi. Qo’shiqni yozib olish jarayonida ovoz rejissyori Volodya Babushkin boshini changallab yig’lagan va oxirigacha eshitishga toqat qila olmay xonadan otilib chiqib ketgan edi.

Botir ko’pqirrali ijod sohibi edi. Ammo u musiqa yozmadi. Aslida yozsa bo’lardi, bunga iste’dodi yetardi. Ba’zi nomdor kompozitorlardan yaxshiroq yozishi mumkin edi. U musiqani, kuy va qo’shiqni ilohiy mo»jiza deb bilar va bunga xiyonat qilganlarni kechirmasdi. Shu boisdanmikan, musiqa yozishga jazm etmadi. U musiqa, tasviriy san’atni chuqur biladigan, teran anglaydigan, madaniyatli va ziyoli san’atkor eda…»

Haqiqatan ham, Botir Zokirov serqirra ijodkor — o’ziga xos rassom, ajoyib hikoyalar muallifi, aktyor va tarjimon edi. «Sug’d elining qoploni» operasi librettosini Botir Zokirov yozgan. Asarni o’zbek tiliga ustoz adib Asqad Muxtor tarjima qilgan. Musiqa muallifi — Ikrom Akbarov.

Xullas, u qaysi soha yoki janrga qo’l urmasin, barchasida yorqin iz qoldirdi. Lekin Botir Zokirov nomi qo’shiq tufayli olamga yoyildi. «Ra’no», «Arab tangosi», “Kel, yor», “Qaydasan, azizim», «Majnun monologi» singari ko’plab qo’shiqlari milliy estrada san’atimizning bebaho durdonalariga aylandi.

Botir Zokirov qo’shiq dunyosiga Majnun bo’lib keldi, qo’shiq uning Laylisi bo’ldi. U Layli ishqida bearmon nola qildi. Ishq sahrosida yuraklarni o’rtab faryod ayladi. Uning faryodlariga sahro gullari bardosh berolmadi, o’t-o’lanlar ildiziga titroq kirdi. To’rg’aylar bu o’tli ovozni eshitib, sayrashdan to’xtadi Karvon kuy og’ushida, qo’shiq sehri bilan asta-asta odimlaydi: “Ey, sorbon, ohista yur, oromijonim boradur…» Yurakdan buloqday qaynab chiqayotgan nolalarning cheku chegarasi yo’q. Qo’shiq sahrosining Majnuni yana Layli haqida yonib kuylaydi:

Layli ishqin tanimda jon qil,
Layli shavqin ragimda qon qil…

Manba: «Tafakkur» jurnali, 2006/2

04

(Tashriflar: umumiy 555, bugungi 1)

Izoh qoldiring