Muhabbatga to’la yurak sohibi & Botir Zokirovning «Ra’no»si.

09

   «Қиш» пайтида одам ëзни соғинади. Ботир акани қўшиғини эшитиб кўнглим бўшади. Эркак бўлсам ҳам эшикни беркитиб йиғладим. Нега йиғладим билмайман ҳам.  Хуллас эшиттириш мени 1973 йилга олиб кетди. Ўшанда филфак талабаси эдим. Ëтоқхона кираверишида тошкентлик холалар хоним сотишар¸ бу хонимга биз сира тўймас эдик ва магнитофонларимиздан Ботир аканинг қўшиқларини эшитар эдик. Эҳ у даврлар……
Ҳамма кунлардан аъло….. (Бир мухлис қолдирган ёзувдан)

МУҲАББАТГА ТЎЛА ЮРАК СОҲИБИ
Иқбол Қўшшаева
06

     Ботир Зокиров ҳақида сўз кетганда бу инсоннинг юракларга титроқ соладиган, олис ўтмишдаги хотираларни уйғотиб юборадиган қўшиқлари қулоқларингизда жонлангандек бўлади. Бу ижодкор ҳеч кимникига ўхшамаган юрак, ҳеч кимникига ўхшамаган истеъдод, ҳеч кимникига ўхшамаган орзулар ва интилишлар эгаси эди.

Ботир Зокировнинг қўшиқларидаги оҳанг, дард, нола назаримизда қиймаланиб кетган юракни бутлашга ҳам қодирдек. Бу ижодкорнинг қалбида гўзаллик сари интилишдан туғилган туйғулар вулқони мужассам бўлганди. Ҳақиқий санъат муҳлиси бўлган ҳар қайси инсон Ботир аканинг қўшиқларига бефарқ бўлолмайди. Ботир Зокиров юрагидаги вулқон бўлиб отилишга шай турган дардларини томчи томчи қилиб асарларига қўшар экан, уларни умуминсоният дардига айлантира олди.

Кимлардир юксак орзулар, ниятлар, туйғулар билан санъат оламига қадам қўяди. Аммо ўз ўрнини топиш илинжида Худо берган истеъдодни, бошқа нарсалар билан алиштира бошлайди. Мана шу ердан уларнинг илк хатоси бошланади. Чунки уларнинг барча сай-ҳаракатлари кимларнингдир назарига тушишга, “шундан ўтиб олсам бўлди”, “буни биров билармиди”, “Яна ўз ўрнига тушиб кетади”, “ҳамма ўзи учун курашиши керакку”, “ҳамманинг ўз услуби бор” каби таскин билан хато йўлда адашишга олиб келади. Улар ўзлари билмаган холда истеъдодни бўғиб, кўнгилда исён қиладиган, ўзгаларнинг юрагига қўшиқ бўлиб етиб борадиган, кўнгилда “жиз”этиб, мавжланадиган “ниманидир” бой беришади. Улар саҳна каби муқаддас жойни кураш майдони, бизнес манбаига айлантиришади.

Бизнинг қаҳрамонимиз Ботир Зокиров учун эса санъат юраклардагина яралиб, юракларда ривожланадиган, кўнгилда мавж уриб, ўзгаларга завқ улашиш манбаи бўлган тақдири азал эди. Ботир ака каби истеъдод эгалари асрлар давомида бир дунёга келиб, ҳақиқий санъат китобидан ўрин эгаллаб, ўз саҳифаларига ўчмас қилиб зархал муҳрини қўйиб кетадиган инсондир. Ботир Зокировнинг ёшликдаги дарди уни 35 йил давомида таъқиб қилди. Ботир ака бутун умри давомида ушбу дард билан курашиб яшади. Қўшиқчи доим эркин ижодкор бўлшни истарди, унинг назарида санъатни бирор бошқа соҳа билан аралаштириб, қиёслаб бўлмасди. Буни унинг қуйидаги сўзларидан ҳам билиш мумкин. “Театр директори менинг ичимдаги энг муҳим нарса молиявий ишлаб чиқариш эканлигига ишонтирди. “Нимани ва қандай куйлашингдан қатъи назар, нима қилиб бўлсада режани бажар. Бошқа йўл йўқ.” Бир нарсани тушунолмайман, қандай қилиб режали хўжалик ва санъатни қовуштириш мумкин. Бу иккови мутлақо фарқли тушунча, ҳеч қачон бир-бирига яқинлаша олмайди…

Эй Худойим, нақадар ёввойилик ва маданиятсизлик… Кимдир пишиллаганча товуқнинг оёғини чайнаб ўтирган бўлса, қандай қилиб қўшиқ айтиш мумкин. Мен лоқайдликнинг ўтиб бўлмас деворига ўзимни уряпман”.

Ботир Зокировдаги маданият, аслзодалик овқатланаётган вақтда ҳам қўшиқ айтишга йўл қўймаган. Ваҳоланки, бугунги тўйларни бир эсга олинг, турли ичимликларни ичиб ўтирган одамлар, маст-аласт нигоҳлар, хонанданинг қўшиғи қолиб, у билан рақсга, суратга тушишни истаганлар…

Ботир ака буларни ҳеч қачон оқламаган. Шу сабабли ҳам Ботир аканинг қўшиқлари омманинг шовқини етадиган жойлардан анча баландда. “Раъно”, “Араб тангоси”, “Мажнун монологи”, “Хаёлимда бўлдинг узун кун” каби қўшиқларини тинглаган одам ўзини кўнгли билан ёлғиз ҳис қилади. Кўпгина воқеаларни эслаб, ўтмишга хаёлан саёҳат қилади. Ботир аканинг нигоҳларида улкан муҳаббат яширинганди, унинг бу муҳаббати ватанига, яқинларига ва яшашга бўлган муҳаббат эди. Ижодкор шу нигоҳлари билан инсонларни алдашни, уларга ёлғон қўшиқ куйлашни истамасди. Унинг нигоҳларига муҳаббат билан бирга хақиқат ҳам муҳрланганлигини қўшиқларидан, шеърларидан билиш қийин эмасди. Мана шу хақиқатни Ботир Зокировнинг бой дунёси англатади. Бу инсон юрагида фaқaт va фaқaт oҳaнглaр, oҳaнглaр, oҳaнглaр… мужассамлашганди. Ана шу оханглар таъсирида тингловчининг кўнглидаги ғуборлар тарқалиб кетади. Ижодкор ҳамиша “мендан кейин одамларга нима қолади”, деган саволга жавоб излаш билан яшади.

Ботир Зокиров ўзининг қисқа умрида инсон руҳиятининг чек чегараси йўқлигини, хаста вужуд озод ва исёнкор руҳ учун қафас бўлолмаслигини, истеъдод айрим нарсалар билангина ўлчанмаслигини, ҳақиқий истеъдод эгаси замоннинг турли қолипларга сиғиб, мослашиб кета олмаслигини исботлади. Бу инсондан келажакда бутун дунё ҳавас қилишига арзийдиган улкан юрак, бой мусиқий мерос, миллий эстрада йўналишида ўзига хос услуб, ажойиб шеър ва ҳикоялар қолди. Ижодкор куйлаган қўшиқлар эса тасмаларда муҳрланиб, йиллар давомида келажакка ўрнак бўлишга улгурди ва бундан кейин ҳам ўрнак бўлади…

Манба: ovoza.com/

01

БОТИР ЗОКИРОВНИНГ “РАЪНО”СИ
Абдулла Искандар
08

Бу қўшиқ илк марта 1964 йилда суратга олинган «Қўшиқ суратини чиз» деган мусиқавий фильмда ижро қилинди.

Қўшиқ ижрочиси Ботир Зокиров бу қўшиқни ижро этар экан¸ расм чизади. Шаҳло кўз гўзаллар расмини кўмир билан оқ қоғозга эпчиллик билан чизган Ботир Зокиров ғамгин оҳангда гул ва чечаклар ҳақида қўшиқ куйлар эди. Ҳам расм чизиб¸ ҳам қўшиқ куйлаëтган рассом 60-йиллар томошабинини мутлақ мафтун қилган эди.

Бу мафтунлик баробарида одамлар орасида «Ботир Зокировнинг ўпкаси олиб ташланибди¸ қўшиқни ярим ўпка билан айтаëтганмиш» деган хавотирли гаплар ҳам юрар эди.

Ботир Зокиров 1936 йил 26 апрелда туғилган. Консерватория¸ сўнгра эса Театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик факультетида ўқиган. 1985 йил 23 январда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров 50 ëшга ҳам кирмасдан оғир хасталикдан вафот этди.

Парижнинг энг ҳашаматли Олимпия залида айтилган «Раъно» қўшиғи айтилганидан 45 йил ўтиб ҳам, қалбимизга ором ва фараҳ туйғуларини солади.

Ботир Зокиров 60-70-йилларда ўзбек ëшлари учун тақлид объекти эди.
Бу қўшиқ тарихи ҳақида¸ умуман Ботир Зокиров ҳақида унинг укаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан суҳбатлашдик.

Фаррух Зокиров: Деталлари¸ энди Икром ака Акбаров билан¸ Туроб Тўла шеъри билан айтилган қўшиқ. Мен қўшимча бир нарса дейишга эсимда йўқ. Фақат айтишим мумкин¸ ўзбек лирик эстрадасининг ажойиб намуналаридан бири.

Озодлик: 1964 йили мусиқавий фильм бўлиб чиққан экан бу. Клипларнинг отаси десак ҳам бўлади.

Фаррух Зокиров: Янглишмасам¸ “Нарисуй мне песню” деган фильм бўлса керак. Ўша фильмми?

Озодлик: Оқ-қора ишланган¸ Ботир ака расм чизиб ўтирибдилар.

Фаррух Зокиров: Бу энди мусиқавий фильм. Ҳозирги клипларнинг нима дейди…

Озодлик: Ота-бобоси десак бўлади.

Фаррух Зокиров: Ҳа¸ тўғри. Чунки раҳматли Ботир акам расм ҳам чизардиларку.

Озодлик: Мен Рўзи Чориев билан гаплашганман. У киши Ботир ака ҳақида жуда кўп хотираларини гапириб берган.

Фаррух Зокиров: Ботир акам умрларининг охиригача “мен қўшиқчиманми ëки рассомманми” деган дилемма билан яшаганлар. Жуда яхши рассом бўлишлари мумкин эди. Барибир тақдирида қўшиқчилик бор экан. Ўша мусиқавий фильмга “Нарисуй мне песню” деб ном берилиши бежиз эмасда.

Озодлик: Бу “Раъно” деган қўшиқнинг мусиқаси ҳам чиройли¸ матни ҳам чиройли.

Фаррух Зокиров: Ҳақиқатан жуда чиройли. Айтаяпманку¸ ўзбек замонавий эстрада қўшиғининг шоҳи десам бўлади.

Озодлик: Фаррух ака¸ сизнинг репертуарингизда ҳам бу қўшиқ борми?

Фаррух Зокиров: Мен энди Ботир акамнинг қўшиқларини айтишга унчалик журъат эта олмайман. Мен учун жуда бадиий масъулият бу. Кўплар “Нима учун Ботир аканинг қўшиқларини айтмайсиз?” деб сўрашади. Бу мен учун жуда катта масъулият. Масалан¸ Ботир акамнинг “Қайдасан” деган қўшиғини Насиба Абдуллаева билан бирга дуэт қилиб айтдик. Ташаббус Насибахондан чиққани учун бирга айтдик. Ëмон чиқмади. Кейин мустақиллик байрамини тайëрлашда раҳбариятдан “Эски устозларга хотира билдириш учун уларнинг қўшиқларидан ëшлар айтса. Масалан¸ бир куплети записда кетади¸ кейин давомини бизлар айтамиз” деган маънода таклиф бўлди. Ўшанда мен шу қўшиқни айтган эдим.

Озодлик: «Раъно» қўшиғиними?

Фаррух Зокиров: Айнан шу қўшиқни. Бу ерда мен катта акамнинг қўшиғини давом эттираëтгандай¸ қўшиғини эмас ижодини давом эттираëтгандай айтдим. Яхши таклиф бўлди. Ўшандагина журъат этдим мен.

Озодлик: Фаррух ака¸ бизнинг бу саҳифамизда қўшиқ эгалари ўз қўшиқларидан бир парча куйлаб беришадида. Афсуски¸ Ботир ака бизнинг орамизда йўқ. шунинг ўрнига сиз шу қўшиқдан бир парча куйлаб берасизми? Ҳар ҳолда¸ сиз укасисиз.

Фаррух Зокиров: Бир-икки қатор бўлса ҳам бўлади-а?

Озодлик: Бўлади.

(шу ерда Фаррух Зокиров Ботир Зокиров ижро этган “Раъно” қўшиғидан бир парча ижро қилиб берди)

Барнолар ичра барно Раъно¸
Гулмисан гулëрмисан.
Ошиққа дилдормисан¸
Ҳамма гуллардан аъло Раъно.

Озодлик: Раҳмат Фаррух ака. Мана биз ҳар дастуримиз бошида Эркин Воҳидов шеъридан бир парча эшиттирамиз. “Инсон умри пойиндор¸ қўшиқ умри поëнсиз”. Мана Ботир аканинг умри поëнли бўлгани билан унинг қўшиқларининг умри поëнсиз. Ботир аканинг қўшиқларининг ҳаммаси айтилиши билан хит бўлган. Мана шу “Раъно” деган қўшиқ одамларнинг эсида қолиб кетган эканда. Нимага шунақа экан?

Фаррух Зокиров: Авваламбор¸ самимий бўлгани учун. Ундан кейин шеърнинг юқори савияда ëзилгани. Шу билан бирга оддий халққа тез етиб борадиган. Шеърнинг ëзилишида ҳам чуқур маъно бор. Халқнинг юрагига тез етиб борадиган шеърлар. Авваламбор шеъри¸ мусиқаси ва албатта¸ бунинг ижрочиси. Ботир акам қойилмақом қилиб¸ дилдан айтганлар. Учта компонентнинг ҳаммаси юқори савияда бўлгани учун халққа¸ тингловчиларга жуда тез сингиб кетган.

Озодлик: Совет даврида Ўзбекистонда Жўрахон Султонов¸ Таваккал Қодиров каби машҳур ашулачилар бор эди. Лекин буни совет иттифоқининг ҳамма жойида билишмас эди. Ботир Зокировнинг ижодини Магаданда ҳам¸ Узоқ Шарқда ҳам¸ Сахалинда ҳам¸ Санкт Петербургда ҳам¸ Москвада ҳам билишарди. Высоцкийдай билишарди¸ десак муболаға бўлмайди.

Фаррух Зокиров: Тўппа-тўғри. Биринчидан¸ улар жуда яқин дўст эди. Авваламбор¸ бу жанрнинг фазилатлари. Эстрада жанрининг аудиторияси жуда ҳам кенг. Қарангда¸ Ботир акамнинг ўзининг хусусияти¸ файзи¸ қаерда чиқмасин¸ Европадами¸ Шарқдами¸ миллатчилик¸ миллат деган нарса йўқоларди. Ўзбек тилида айтадими¸ рус тилида айтадими¸ араб тилида айтадими уни худди башарият фарзандидай қабул қилишган.

Озодлик: Ботир Зокиров Совет иттифоқида учинчи бўлиб мюзик ҳолл очган эканлар. Ўша пайт учун бу нимани билдирарди?

Фаррух Зокиров: Это очен смелый шаг был. Ботир акам “Мюзик ҳоллни ўзбеклардан чиққан¸ деб айтсак ҳам бўлаверади” деб айтардилар. Эстрада жанри¸ мюзик ҳолл жанри плошадное искуство. Бизларнинг майдон санъаткорлари борку¸ масхарабозлар¸ дорбозлар. Буларнинг мюзик ҳоллга бевосита тегишли жойи борда. Масалан бу қозоқларда¸ қирғизларда¸ тожикларда йўқ. Бу айнан ўзбекларга хос жанр. Мен ўзим шунда Ленинградда қатнашганман. Бир ой битта жойда концерт беришган. Лим-лим одамлар келган. Программада бизлар ҳам қатнашганмиз. Бу 1973 йилда эди. Ўшанда ҳамма қўлини кўтариб¸ “Э қойил. Мана санъат. Ҳақиқий мюзик ҳолл мана бунақа бўлади” деб тан беришган.

Озодлик: “Раъно” деган қўшиқни ҳам айтганми? Ўзбек тилида айтган менимча.

Фаррух Зокиров: Ўзбек тилида айтган. Мана Парижга борганларида ҳам “Ëр кел” деган қўшиқдан бошлаганлар. “Раъно” ҳам ўша ерда ўзбек тилида айтилган. “Ëр кел”нинг ярми француз тилида¸ ярми ўзбек тилида бўлган. “Раъно” қўшиғи¸ эски программа қиладиларми¸ янги программа қиладиларми¸ алоҳида ўрин тутар эди.

Озодлик: Тарихга қарасак¸ Ботир Зокировдан олдин Тамарахоним Петросян Париждаги халқаро санъат кўргазмасининг Совет иттифоқи павилонида “Рўмолим” деган қўшиқни айтган экан. Иккинчи қўшиқни Ботир Зокиров айтган экан. Бунга деталлар айта оласизми?

Фаррух Зокиров: У пайтда марказда¸ Москвадан группалар йиғилиб борилар эди. Париждан Кокатрикс деган импрессарио келган. У вақтда бу жуда машҳур импрессарио бўлган. Шу одам совет иттифоқига келган. Парижда «Олимпия» деган энг машҳур зал бор. Буни эстрада жанрининг Маккаси деса бўлади. Мана шу залга санъаткорларни танлаш учун мана шу одам келган. Айни ўша пайтда Ботир акам Москвада даволанаëтганларида¸ “Сизни ҳам таклиф қилишаяпти. Бир ҳаракат қилиб кўринг” деб айтишган. Оркестр йўқ¸ фақат битта фортепиано. Софи Каракас деган бўларди. У «Баҳор» ансамблида ишларди. Фортепиано¸ Қаҳрамон Дадаев доира чалиб турган. Шу ерда Ботир акам бир-икки ашула айтганлар. Балки ичида “Раъно” ҳам бўлгандир. Шунда Кокaтрикс жуда ҳайратда қолиб¸ офаринлар айтиб¸ “Программага бу одамни ҳам киритинглар” деган. Шу концертда кейин Ботир акам ҳам иштирок этган.

Газета билан боғлиқ бир нарсани ҳам айтиб берай. Газеталарда “Узбекский Шарл Азнаур” деган мақола чиққан. «Шарл Азнаур из Узбекистана. Но в отличие от Шарла Азнаура узбекский Шарл Азнаур поëт от микрофона далеко. Если бы он пел бы близко как Шарл Азнаур¸ он бы разорвал микрофон” деб¸ энди Ғарбда олди-қочди гаплар бўладию¸ шунақа қилиб ëзишган.

Озодлик: Бунинг яна битта қиррасига тўхталишимиз керак. Совет пайтида Ботир акани коммунизм куйчиси қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинди. Аммо унинг Владимир Высоцкий билан дўстлиги бунинг аксини кўрсатгандай. Высоцкий диссидент бўлган. Унинг ëнига борган одамлар рўйхатга олинган.

Фаррух Зокиров: Высоцкий Тошкентга келганда Ботир акамнинг концертларига келган. Бу ҳам қизиқ воқеа. Высоцкий «Юбилейный» залида концерт бераяпти. Одам жуда ҳам кўп. У ëққа 6000-7000 одам сиғади. Шу билан бир вақтда Свердловск залида мюзик ҳоллнинг концерти бўлаяпти. Ҳамма томошабни Высоцкийга кетган. Бу ерда эса одам кам. Буни Высоцкий эшитиб қолиб¸ “Батыр¸ оказывается ты тоже концерт даëш” деган. Ботир акам “Келмайсанми шу концертимга? Қатнашмайсанми” десалар¸ “”Нет проблем. Я приду¸ выступлю” деган Высоцкий. Высоцкий ўзининг концертидан кейин Свердловск залига¸ мюзил ҳолл бўлаëтган концертга келган. Томошабинлар буни эшитиб¸ ҳамма шу ëққа келган. Эртасига ҳам бунақа концерт бўлган. Булар шу даража яқин дўст бўлишган.

Бугун тасаввур қилайлик¸ Высоцкийни бир ерга чақиришни. Ботир акамнинг бир оғиз илтимоси билан концертда қатнашган. Коммунизм ғоялари¸ бошқа. Ботир акам бу нарсага ҳеч қачон бўйсунмаганлар. Шунинг учун ҳам кўп муаммолар бўлган. Ботир акам хоҳлаган ашуласини айтардилар. Комсомолга¸ Ленинга бағишланган қўшиқларни зўрламоқчи бўлишган. Лекин унақа қўшиқларни ҳеч қачон айтмас эдилар. Авваламбор¸ бу уларнинг ижодий характерига тўғри келмаган. Охиригача ўзларининг ғоялари билан мустаҳкам бўлганлар.

Озодлик: Ботир Зокиров ҳам рассом¸ Шуҳрат Аббосов суратга олган “Оловли йўллар” фильмида Робинданат Тагор ролини ўйнаган.

Фаррух Зокиров: Ботир акам ҳақиқатан рассомлик қилганлар¸ қўшиқчилик қилганлар¸ драматург. Шеърлар ҳам ëзиб турардилар. Драматург десак ҳам бўлади. Икром ака Акбаров билан “Сўғдлик йўлбарс” деган опера яратишди. Шунинг либреттасини Ботир акам ëзганлар.

Озодлик: Ботир аканинг сиймосида биз зиëли одамни кўрамизда. Ашулачи фақат ашула айтмайдику¸ фақат одамларнинг кўнглини олмайдику.

Фаррух Зокиров: Албатта. Феъл-атворлари¸ одамлар билан муомала¸ юриш-туришлари¸ ëш болага ҳам сизлаб гапиришлари¸ бу энди дадам раҳматлидан ўтган. Санъаткор доимо омманинг назарида. Шунинг учун бунақа нарсаларга жуда эътибор берардилар. Ўрнак бўладиган инсон эдилар.

Суҳбат 2009 йилда бўлиб ўтган.

Шу ўринда суҳбатдан  кейин келган мулоҳазаларнинг бирини ҳам илова қилгим келди:

Абдулла Искандарга раҳмат. Бизга айни керак чоғида ўтмишдаги қўшиқларни эслатиб мақола ëзади. Шу қўшиқ айнан бугун зарур эди менга¸қаердан била қолди бу мухбир деб ўйлайман. Абдулла Искандар қўшиқчи ҳақида гапирар экан қўшиқ атрофидаги руҳий ҳолатни кўз олдимизда кино каби гавдалантиради.
Ҳудди ëзда бекитилган банкаларни қишда очсангиз ëз ҳиди чиққандай бўладику¸ агар тушунтира олган бўлсам. Биласиз аҳвол ҳозир оғир¸настроения нол. Бировни дарди бировга оғирлик қилади. Бировни уйига йиғлаб борсанг у ҳўнграб увиллаб чиқади.
Шунақа «Қиш» пайтида одам ëзни соғинади. Ботир акани қўшиғини эшитиб кўнглим бўшади. Эркак бўлсам ҳам эшикни беркитиб йиғладим. Нега йиғладим билмайман ҳам.
Аслида қўшиқ матни ғамгин ҳам эмас¸ оддий жумлалар. Ë Ботир акани укаси Фаррух ака гапларидаги самимиятми ë Абдулла Искандарнинг ҳикоя усулими билмадим. Ҳуллас эшиттириш мени 1973 йилга олиб кетди. Ўшанда филфак талабаси эдим. Ëтоқхона кираверишида тошкентлик холалар хоним сотишар¸ бу хонимга биз сира тўймас эдик ва магнитофонларимиздан Ботир аканинг қўшиқларини эшитар эдик. Эҳ у даврлар……
Ҳамма кунлардан аъло…..

Манба: ozodlik.org

03

(Tashriflar: umumiy 710, bugungi 1)

2 izoh

  1. «МУҲАББАТГА ТЎЛА ЮРАК СОҲИБИ» Иқбол Қўшшаева мақоласининг оранжировкаси экан. Муаллиф ўзини аранг таниди.

Izoh qoldiring