Tog’ay Murod. Ot yig’lagan tomonda. Spektakl & Ernest Seton-Tompson. Yovvoyi yo’rg’a. Tog’ay Murod tarjimasi

55_orig.png      Атоқли адибнинг таваллуд куни муносабати билан сизнинг диққатингизга «От кишнаган оқшом» қиссаси асосида  тайёрланган  Ўзбек давлат драма театри спектаклини ва Тоғай Мурод ўзбек тилига таржима қилган  Эрнест Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» ҳикоялар   тўпламидаги энг машҳур ҳикоялардан бири —  «Қора йўрға»ни, шунингдек, таржимоннинг Сетон-Томпсон ҳақида ёзилган сўзбошисини тақдим этамиз (Ҳикоянинг тўлиқ матнини ва сўзбошини саҳифа охирида онлайн форматда ўқишингиз мумкин).

ТОҒАЙ МУРОДНИНГ  «ОТ КИШНАГАН ОҚШОМ»
ҚИССАСИ ҲАҚИДА

009

  Тоғай Мурод қиссалари орасида «От кишнаган оқшом» алоҳида ўрин тутади. Хўш, бу қисса қайси жиҳатлари билан эътиборингизни жалб этади. Қисса қаҳрамони Зиёдилла сиз ва биз билган, бироқ ўзимизни билмаганга олиб юрган, эътибор бермаган одамларимиз тоифасидан. Бир қарашда Зиёдилла чапанитабиат, тўпори қиёфасида гавдаланса, бироқ қалб қиёфаси билан китобхонни ўзига тортади.

Зиёдилла бир қарашда «Истеъфо» даги Эломоновга, «Галатепага қайтиш»даги Ғайбаровга, «Жавоб»даги Элчиевга, «Ойдинда юрган одам»даги Қоплонга ўхшаб кетсада, асар мутолааси жараёнида Зиёдилла уларга нисбатан анча фаол қаҳрамон эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Бир инсон учун лозим бўлган барча сифатлар Зиёдиллада мужассам. У — ҳалол, мард, танти одам. У енгил-елпи яшашни истамайди. Зиёдилла ҳаётдаги ҳар бир ҳақсизликка қарши исён кўтаради. Калтакланган Раҳмонни ҳимоя қилади; кўпкариларда баковулларнинг ноҳақлигига қарши чиқади, қишлоқдаги чавандозларни ор-номусдан ҳимоя қилади.

Зиёдилланинг қалби меҳр-муҳаббатга, орзу-армонларга тўла. Ўша орзу- армонлар Зиёдилла қалбидан қўшиқ бўлиб қуюлади. Зиёдилла Момосулувга кўнгил қўяди. «Биродарлар, сиз сўраманг, мен айтмайин… оти Момосулув эмиш. Юзлари кулчадайми? Сулувми? Кўзлари қорами ё зиғирнинг гулидайми? Қошлари қуюқми? Қуюқ бўлса қайрилмами?…». Момосулув Зиёдилланинг «калласи кал» деб совчиларни қайтаради. Бироқ Зиёдилла ниятидан қайтмайди. Момосулувга уйланади.

Зиёдилла дастлаб ўзининг жисмоний камситилганига ўксинади, охир оқибат «Зиёдилла кал»га кўникади. Ҳатто «Зиёдилла кал» демаган почтачи билан уришади. «Ҳар тўкисда бир айб» деганларидек, Зиёдилла характерида зиддиятли томонлар ҳам бор. У бир оз аразчи, бироқ арази ўзига ярашган. Энг муҳими, у ишонувчан. Ҳаммани ўзи сингари деб билади. Ниҳоят бунинг азобини ҳам тортади. Академик А.Сахаров «Жамиятни фақат маънавий заминларга суяниб юксалтириш мумкин» деганди. Бировнинг шодлиги билан қувониб, кулфати билан қайғу чекадиган Зиёдиллага ўхшаган маънавияти бой кишилар камайиб бораяпти.

Айниқса, Зиёдилланинг Тарлонга бўлган муносабатида инсоннинг ҳайвонот оламига муҳаббати ошкора тасвирланади. Зиёдилла учун «оёқлари икков, кийимлариям бор… одамга менгзаб гапирадиган»лардан оти Тарлон афзал, жумладан, бизга ҳам. От ҳамиша инсоннинг энг яқин ҳамроҳи бўлиб келган. Айниқса, «Алпомиш» халқ эпосида, Гўрўғли туркумидаги халқ достонларида от афсонавий жонзот сифатида улуғланган. Ёзма адабиётда бу мавзу Тоғай Муродгача ҳам мавжуд эди. Ч. Айматовнинг «Алвидо Гулсари» қиссасини эсланг. С.Аҳмаднинг «Жимжитлик» романидаги Эрали чавандознинг уруш кўрган оти фикримизнинг исботи бўлади. Бироқ Тоғай Мурод қиссада отнинг йигирмадан ортиқ тури ҳақида маълумот беради. От ҳақида турли афсона, ривоятлар келтиради.

Ёзувчи П.Қодиров «Ойдинда юрган одамлар» китобига ёзган сўзбошисида: «От кишнаган оқшом» қиссаси «Алпомиш» достони анъаналарини эслатадиган халқчил руҳ билан суғорилган» — деган эди…( «Ҳозирги адабий жараён» ўқув қўлланмасидан.Термиз,2015)

Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» қиссаси асосида тайёрланган
Ўзбек давлат драма театри спектакли
Режиссёр — Олимжон Салимов

Эрнест Сетон-Томпсон
ЁВВОЙИ ЙЎРҒА
Тоғай Мурод таржимаси
0045

009Таниқли адиб ва рассом Эрнест Сетон-Томпсон (Ernest Thompson Seton) 1860 йил 14 августда Англияда таваллуд топган. Унинг авлодлари тоғликлардан бўлиб, Эрнест 6 ёшда эканлигида уларнинг оиласи Канадага кўчиб келади. Бўлғуси адиб шу ерда мактабга боради, жуда кўп илмий-бадиий асарларни мутолаа қилиб табиат, ҳайвонлар, инсон ва табиат муносабатларини тасвирловчи анималист рассом ҳамда истеъдодли ёзувчи бўлиб етишди. Унинг асарлари жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин эгаллади.
Асарлари: «Мен билган жониворлар», «Қувғиндилар тақдири», «Ҳайвонлар — қаҳрамонлар», «Митти ёввойилар», «Ролф ўрмонда», «Жониворлар ҳақида ҳикоялар», «Шимолий ҳайвонлар ҳаёти» (2 жилддан иборат), «Ёввойи ҳайвонлар ҳаёти» (4 жилддан иборат), «Ёввойи йўрға» ва бошқ.
«Ёввойи йўрға» ҳикоялар тўплами Тоғай Мурод томонидан 1989 йилда ўзбек тилига ўгирилган бўлиб, унинг асосий ғояси эркинлик ва озодликдир.

0045
Ashampoo_Snap_2016.10.31_17h26m45s_002_a.png
Ashampoo_Snap_2016.10.31_17h26m45s_002_.png
Ashampoo_Snap_2016.10.31_17h27m01s_003_a.png
Ashampoo_Snap_2016.10.31_17h27m01s_003_.png

II

Ashampoo_Snap_2016.10.08_22h28m52s_001_.pngБу воқеа 1893-йилнинг декабрида бўлди. Фермага келиб тушдим-у, йўловчи соябон аравада Канада дарёси бўйидаги Пиняветитосга жўнадим.
Фостер мен билан хайрлашаётиб, шундай деди:
— Менга қаранг, борди-ю, лаънати йўрғага дуч келиб қолсангиз, аямай отиб ташланг.
Ёввойи йўрға ҳақида илк бор эшитган гапим шу бўлди, йўлда эса йўлбошловчим Бернсдан йўрғанинг кечмишини билиб олдим. Донғи кетган йўрғани жуда-жуда кўргим келди, эртасига Жайрон булоғига бориб, ҳафсалам пир бўлди, сабаби у ерда йўрғанинг ҳам, галанинг ҳам дараги йўқ экан.
Аммо эртаси куни Аламозо дарёси орқали яна тепаликдор ялангликка келганимизда, олдинда бораётган Жек Бернс бирдан отининг бўйнига энгашиб олди, менга ўгирилиб, шивирлади:
— Қуролингизни олинг! Ана айғир!
Мен қуролимни қўлимга олиб, олдинга интилдим. Пастдаги сойликда отлар галаси ўтлаб юрибди, улкан қора йўрға гала ёнида турибди.
Қора йўрға бизнинг ҳавомизни олди, шекилли, сергак тортди. Аввал бошини, кейин думини кўтарди, бурун катаклари кенгайди.
Кўзимга йўрға отларнинг оти, даштларда чопиб юрган жамики отларнинг сараси бўлиб кўринди, шундай ноёб жониворни нобуд қилиб, бир тўда маслиққа айлантиришга кўнглим бормади.
Жек ҳадеб вақтни бой бермасдан тезроқ отишимни тайинлади, мен атайин имиллаб туравердим.
Сержаҳл ҳамроҳим имиллаётганим учун мени койиди. Зардали тўнғиллаб: «Буёққа беринг қуролни!» дея уни тортиб олмоқчи бўлди, мен милтиқнинг оғзини осмонга қаратдим, у гўё тасодиф оқибатидек ўқ еб кетди.
Гала бир сесканиб тушди. Қора йўрға кишнади, пишқириб, галани бир айланиб чопди. Байталлар тўдалашиб, чанг-тўзонлар ичра кўздан ғойиб бўлди.
Айғир галанинг гоҳ у, гоҳ бу ёнидан чопиб, байталлар кейинида қолиб кетмаслигини назорат қилди.
Йўрға ғойиб бўлгунча ундан кўз узмадим, унинг йўрға оёқлари бирон мартаям чалкашмади.
Турган гап, Жек менинг, қолаверса, милтиғимнинг, йўрғанинг номига кўп нордон гаплар айтди, мен унинг гапларидан завқ олдим, зўр қувонч билан қора йўрғанинг чирой ва қудрати ҳақида хаёл суриб қолдим.
Йўқ, қандайдир бир байтални деб шундай йўрғанинг ялтиллоқ терисига доғ туширгим келмади!

III

Ёввойи отларни ушлашнинг бир нечта хиллари бор. Шулардан бири от устидан ўқ бўшатиб, уни бир нафас гангитиб қўйиш, вазиятдан фойдаланиб бўйнига сиртмоқ солишдир. Буни «отни бўйин эгдириб олиш», дейдилар.
— Гапир-а! Ўқ еган юзлаб отларни кўрдим, бари қир ошиб қочиб кетди, биронтаям «бўйин эгган» мустангни кўрмадим, — эътироз билдирди ёввойи Жо.
Гоҳида, шароит тақозо этганда галани қорага ҳайдаса ҳам бўлади, агар отлар яхши бўлса галани қувиб етса ҳам бўлади, аммо, бир қараганда иложи йўқдай туюладиган яна бир йўли бўлиб, бу мустанг «тинчиди» йўли, яъни, уни ҳолдан тойгунча қувиб бориш йўлидир.
Йўрғалаганда оёғи умуман адашмайдиган айғирнинг донғи кун сайин ошди. Унинг эпчиллиги, йўрғаси, чайир табиати хусусида кўз кўрмаган саргузаштлар гурунги бўлди.
Учбурчак фермасидан бўлмиш Монтгомер чол Клейтондаги Уэлс қаҳвахонасида кўпчилик олдида, агар шу гаплар чин бўлса, унда, шу айғирни ким аравага босиб олиб келса, минг доллар бераман, деди. Буни эшитган неча ўнлаб ёш кавбойлар ўз хўжайинлари билан тузган шартнома муддати тугаб, қўл бўшади дегунча, ўз бахтларини синаб кўришга аҳд қилдилар.
Ёввойи Жо барчани доғда қолдирмоқчи бўлди. Вақтни бой бермай, хизмат муддати тугамаган бўлса-да туни билан овга шайланди.
Бир ўртоғидан қарз олиб, йигирма бош яхши отни, ошхонали аравани керакли аслаҳа-анжомлар билан таъминлади, ўзи ўртоғи Чарли ҳамда ошпази учун икки ҳафталик озиқ-овқат жамлади.
Улар бу ғаройиб, енгилоёқ йўрғани «тинчитиш»ни қатъий аҳд қилиб, Клейтондан жўнаб кетди. Сафарларининг учинчи куни Жайрон булоғига етиб келди, тушга яқин галаси билан сувлагани келган қора йўрғани кўриб, ажабланмадилар ҳам.
Жо бекиниб, гала сувлаб бўлгунча қорасини кўрсатмади, сабаби, сувсаган от яхши чопишини, сувлаб, оғирлашиб қолгани ёмон чопишини яхши биларди.
Шундан кейингина Жо пистирмадан чиқиб, олдинга юрди. Булоққа ярим милча қолганда мустанг сергак тортди, галасини жанубий шарқдаги бутазор тоғ ёнбағирларига бошлаб кетди. Жо гала кетидан яланг оёқ бўлиб чопиб, уларни яна бир бор кўрди, қайтиб келиб, аравакашлик қилувчи ошпазига жанубга, Аламозо дараёсига жўнашни буюрди. Ўзи яна жануби-шарққа отланиб, гала изини олди.
Икки милча юриб, яна галани кўрди. Оёқ учида отларга яқин борди. Бироқ улар яна ҳадик олиб, қочиб қолди. Кун шундай ўтди.
Гала ҳалқа бўлиб, жанубга юриш қилди, кун уфққа оққанда худди Жо кутганидек, Аламозо дарёси яқинига келиб қолди. Жо уларни яна бир марта ҳуркитиб, аравасига қайтиб келди, дам олаётган ўртоғи отда галани қувишда давом этди.
Арава кечки таътилдан кейин Аламозонинг олдиндан келишилган юқори кечуви бўйлаб юрди, Жо шу ерда тунаш учун жойлашиб олди.
Чарли бўлса галани қувишда давом этди. Ёввойи отлар олдингидек узилиш қочмади, чунки қувиб келаётганларнинг ҳужум қилмаслигига фаҳми етди, оқибат , бора-бора ўз таъқибчиларига кўникиб қолди.
Қош қорайганда галани пойлаш янада қулай бўлди, боиси, улар орасида бир оқ байтал бўлиб, у қоронғида оппоқ бўй бериб турарди.
Осмонда ой балқиди. Чарли қайси йўлдан юришни оти ихтиёрига қўйиб берди, ўзи галани эътибор билан кузатиб борди.
Оппоқ байтал бўй бериб юрди.
Охир-оқибат, зим-зиё тунда ҳеч нима кўринмай қолди. Шундан кейингина Чарли отидан тушиб, устидан эгарни олди, отни ўтлагани қўйди, ўзи адёлга ўраниб кўп ўтмай уйқуга кетди.
Тонг оқариши билан Чарли йўлга равона бўлди, ярим милча йўл босиб, ғира-ширадан оқ байталга кейин галага кўзи тушди. Йўрға Чарлини кўриб шиддатли кишнади, гала яна елиб кетди.
Йўрға биринчи дуч келган довонда оёқ илди, тинимсиз таъқиб этаётган ким эканини билиш учун кетига бурилиб қаради. Нима гаплигини билди, яна толмас, равон, йўрға қадамлар отиб олға талпинди, галани йўлчи юлдуз мисол олға чорлади.
Отлар ғарбга йўл олди, яна кўп қочиш-қувишлар, юзма-юз келишлар, яна қочишлардан кейин ҳиндулар пойлоқчилик қиладиган тик дўнгликка келиб қолди. Бу ерда уларни Жо пойлаётган эди.
Чарли дўнгдан кўкка ўрлаган узун, ингичка тутундан дам ол, деган ишорани тушунди, у ҳам чўнтак ойнасини тутиб, жавоб хабарини берди. Жо дам олган отларда таъқибни давом эттирди. Чарли тамадди қилиб, дам олди, сўнг Аламозо оқими бўйлаб юқорилади.
Эртаси куни Жо узун кун галани таъқиб этди. Уларни арава бораётган улкан ёймада ушлашга уринди. Кунботарда бир кечувга етиб келди, бу ерда Чарли уни тетик отлар, тамаддилар тайёрлаб кутиб турган экан.
Жо кечи билан ҳатто кечасиям бамайлихотир таъқиб этди. Афтидан, гала беозор таъқибчиларига янада ўрганиб қолди шекилли, уларни пойлаш жуда осон бўлиб қолди. Бундан ташқари ҳорғинлик ҳам таъсир қилди. Маза ўтли яйловлар қаерлардадир қолиб кетди. Улар таъқибчи отлар каби сомон емадилар. Устига-устак мунтазам давом этаётган асаб таранглиги ҳам ўзини кўрсатди. Асабий таранглик ёввойи отларнинг иштаҳасини бўғиб қўйди, аммо тез-тез сувсай бошладилар.
Таъқибчилар отларга тез-тез, тўйиб-тўйиб сувлаш эркини берди. Боиси сув ичган от чопишда қийналади, оёқлари ёғочдай қотиб қолиб, нафас олиши қийинлашади. Буни яхши билган Жо отини суғормади. Шу сабаблиям ҳолдан тойган гала яқинида тунагани оёқ илганларида ўзиям, отиям ҳали анча тетик эди.
Тонг ёришганда Жо галани осонгина қидириб топди. Улар аввал-аввал қочди, сўнг, одимлаб юрди. Таъқибчилар деярли ғолиб келди, чунки бундай олишувда гала ҳали ҳоримаган дастлабки икки-уч кун уларни кўздан кечирмаслик керак эди, пойлоқчилар эса бунинг уддасидан чиқди.
Жо эрталаб галани кўздан қочирмай, доимо уларнинг яқинида бўлди. Соат тўққизларда Хозе тоғида Чарли билан ўрин алмашди. Шу куни гала бор-йўғи тўрт милча илгарилаб кетди, қадамларида олдинги ғайратдан асар ҳам қолмади.
Кечқурун Чарли дам олиб ётган отга миниб қувишда давом этди.
Эртаси куни галанинг боши эгилиб қолди, қора йўрға, ҳар қанча олға чорламасин, таъқиб этиб келаётганлар билан ораларидаги масофа баъзан юз қадамгача қисқариб қолди.
Тўртинчи-бешинчи кунлар ҳам шундай ўтди. Гала яна Жайрон булоғига яқин келди. Ҳаммаси кутилгандай бўлди: гала кенг доира ясайди, айғир эса унинг ичида юради.
Ёввойи отлар булоққа жуда чанқаб келади, овчилар бўлса тетик отларда, кўтаринки кайфият билан келади.
Шу кунларда кечгача галани сувга йўлатмади, сўнг, Жайрон булоғига ҳайдаб, тўйиб сувлатди. Ана энди кўпни кўрган кавбойлар тетик ва тўқ отларда юриб, сиртмоқни ишга солади, чунки сув ичган отларни ушлаб тушов солиш осон бўлади.
Ишлар ҳаддан зиёд яхши кўчди, фақат бир нима уларни ташвишга солиб қўйди: қора йўрға ҳамон темирдай мустаҳкам эди. Унинг равон йўрғаси айнимаган, дастлабки таъқиб кунлари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай эди. У ҳамишадагидек галасини матонат билан бошқарар, кишнар, чопишда намуна кўрсатиб, уларни олға чорларди . Аммо отларнинг дармони қуриган эди. Қари оқ байтал, кечаси оппоқ бўй бериб юрадиган ўша байтал ўлгудай чарчаб, галадан соатлаб кейинда қолиб кетаверди. Байталлар чавандозлардан ҳадиксирамай қўйди. Улар ҳадемай Жонинг қўлига тушишга шак-шубҳа қолмади.
Барча ташвишлар сабабчиси бўлмиш айғир эса ҳамон етиб бўлмас довонлигича қолаверди.
Жонинг жиззакилигини яхши билган ўртоқлари у аччиқ устида асов айғирни отиб қўйиши мумкин деган ўйга борди. Аммо Жонинг кўнглида бундай ният йўқ эди.
У айғирни ҳафталаб қувиб, унинг бирон мартаям йўрғасидан адашиб, оддий қадамлар босиб юрганини кўрмади. Барча яхши чавандозлар каби Жо ҳам бу гўзал отга боқиб, ундан завқ-шавқ олди. Завқи янада зўрайиб, шундай ноёб ҳайвонни отгандан кўра, ўзимнинг манави отимни отган маъқул деган хулосага келди.
Айғирга қўйилган мукофотни олиш керакмикан? Жо иккиланиб қолди. Қўйилган пул чакана эмас. Лекин айғирнинг турган турмуши хазина, у асл зотли зурриёт яратиши мумкин.
Аввало, уни қўлга олиш лозим. Овни тамомлаш вақти ҳам келди.
Жо ўзининг энг яхши отини эгарлади. Бу от томирида жануб қони бор, аммо ўзи чўлларда катта бўлган байтал эди. Албатта, бир нимаси бўлмаса Жо бундай ажойиб отни сотиб олмас эди.
Бу юртларда локо деган заҳарли ўт ўсади. Одатда отлар бу ўтни емайди, борди-ю, бир татиб кўрса, уни яна излаб қолади. Унинг мазаси тарёкнинг кайфига ўхшайди, унга ўч қўйган от кўп вақт ўзини яхши тутиб юради, охир-оқибат ақлдан озиб ўлади. Бундайларни маҳаллий халқ «локога мубтало бўлган мол», дейди.
Жонинг энг сара отлари кўзи ҳам ажабтовур ёввойиларча йилтиради. Синчиларнинг айтишича бу ҳол касаллик нишонаси эмиш. Шу сабаблиям Жо байтални минди. Байтал бақувват ҳам тезкор овнинг охирибоп.
Жо галага от қўйди. Арқонни ерга ташлади, ёйиш учун атайлаб судради, сўнг яна чап қўлига яхшилаб йиғиб олди, ов давомида биринчи марта отини айғирга ниқтаб ҳайдади.
Ақлсиз чопа-чоп бошланди. Қўрқиб қолган байталлар йўлни бўшатиб, чор тарафга қараб қочди.
Жонинг дадил байтали дашт бўйлаб оддий одимлар отиб қувди, айғир ўзининг донғи кетган йўрғасидан адашмай, йўрғалаб қочди.
Ақл бовар қилмайдиган манзара намоён бўлди. Жо овози ҳамда узангилари билан байталини олға чорлади. Байтали қушдай учди, лекин айғир билан ораларидаги масофа бир дюм ҳам камаймади.
Қора айғир шу чопишида шиддат билан текисликдан ўтди, тоғ бағридаги бутазорлардан ўтди, кўзни алдайдиган серқум сойга тушиб, бир ўтлоққа чиқиб олди. У ерда уни бир суғур қарши олди. Жо унинг изидан от қўйиб бораверади. У кўзларига ишонмади… назарида, айғир билан ораларидаги масофа камайиб эмас, балки узайиб кетгандек бўлди. У ўзича сўкинди, отини ниқтади, чу-чулаб ҳайдади, охир-оқибат, бечорани асабий ҳолга олиб келди. Отнинг кўзлари олма-кесак терди, боши уёқдан-буёққа тебранди, ерга қарай олмай қолди, йўл танламай қўйди. Оёғи фавқулодда бўрсиқнинг инига кириб қолди. От ағанаб кетди, устидаги чавандози ерга учиб тушди. Жо лат еди, бир амаллаб оёққа туриб, довдираб қолган отини кўтариб турғизмоқчи бўлди. Аммо бўлар иш бўлган отнинг олд оёғи синган эди.
Жо револвернинг битта ўқи билан отнинг азобларига барҳам берди. Эгарни олиб, лагерга кўтариб кетди.
Йўрға ҳамон елиб, охири кўздан ғойиб бўлди. Буни мағлубият деб бўлмайди, чунки улар байталларни қўлга олди. Жо билан Чарли уларни қорага ҳайдаб бориб, эгарларидан арзигулик инъомлар талаб қилди.
Жо учун бу кифоя эмас. У айғирни қўлга олишни орзу қилди. Жо айғирнинг бор фазилатларини билиб олди, энди у янги-янги режалар ўйлай бошлади.

V

Ёввойи Жо устомон одам эди. У қандай қилиб бўлмасин йўрғани қўлга тушириш пайида бўлди, бунга бошқалар ҳам қўл урганини эшитиб, тезда янги режаларини амалга оширишга киришди. Жо айғирни ушлашда чиябўрилар эпчил қуённи, ҳиндулар жайронни ушлашда қўллайдиган усулни қўллаб кўрмоқчи бўлди. Бу қадимги усул «галма-гал овлаш» деб аталади.
Ёввойи йўрға юрган музофот олтмиш квадрат милча келадиган учбурчак шаклида бўлиб, жануби ҳамда шимолидан дарёлар, ғарбидан тоғлар билан ўралади. Улар, йўрға шу музофотдан бошқа ёққа кетмайди, Жайрон булоғи унинг доимий хонаки жойи бўлиб қолади, деб ўйлади.
Жо бу ерларни яхши билади. Унинг барча булоқлари, ғорларигача билиб олди. Агар ҳозир унинг элликта оти бўлганида эди, уларни жамики муҳим жойларга қўйган бўларди. Ихтиёрида эса бор-йўғи йигирмата оти билан бешта яхши чавандози бор холос.
У ов бошлангунга қадар отларни икки ҳафта сомон бериб боқди. Шундан кейингина уларни овга қўйди, чавандозларга нима қилиш кераклигини тушунтирди. Улар ов бошланишига бир кун қолди деганда ўз жойларини эгаллади.
Тайин этилган кун Жо аравада Жайрон булоғига йўл олди, четроқдаги торгина сойликда тўхтаб, кута бошлади.
Ниҳоят, жанубдаги адир тарафдан кўмирдай қоп-қора айғир кўринди, у одатдагидек булоққа ёлғиз ўзи эна бошлади.
У аввал ғанимларим бекиниб пойламаётганмикин деган ҳадикда булоқни айланиб, ис олди. Сўнг сўқмоқсиз ерлардан булоққа қараб юрди.
Жо айғирни пойлаб ўтириб, иложи бўлса унинг кўпроқ, бочкалаб сув ичишини истади. Йўрға тумшуғини ўтга энди чўзган ҳам эди, Жо отини ниқтаб ҳайдаб қолди. Йўрға туёқ товушини эшитди, чавандозни кўрди-да, яна кўздан ғойиб бўлди. Текис ерга чиқиб, жанубга бурилди, қум тепаликлар оралаб бор кучи билан чопди, таъқибчисидан борган сайин олислади. Жонинг оти ҳориб, қумда ҳар қадамда йиқилиб тураверди, оқибат, борган сайин кейинда қолаверади.
Яна текис ерга чиққанларида Жонинг оти орадаги масофани анча озайтириши мумкин эди, лекин эниш бошланиб қолиб, яна шаштидан қайтди, оқибат, янада кейинда қола бошлади.
Аммо Жо йўрғани қувишда давом этди, хивичниям, узангиниям аямади. Бир мил, икки, уч… Арриби қирлари кўзга чалиниб қолди.
Аррибида янги отлар бор, Жо буни билади, шу сабабли кучига куч қўшилиб от қўяди. Йўрғанинг тундай қоп-қора ёллари эса шамолларда ёйилиб-ёйилиб олислаб боради.
Ана, ниҳоят, Арриби дарасига доҳил бўлди. ғорда қоравуллик қилиб турган ковбой ўзини панага олди, йўрға унинг ёнидан ўтиб кетди. Йўрға шамолдай пастга елди, сўнг, нишаб бўйлаб юқорилади.
Жо янги отга миниб, аввал пастга, кейин юқорига от солди. Отини ниқтаб ҳайдаб чопаверди, чопаверди, лекин орадаги масофани камайтиролмади.
Дупур-дупур-дупур… туёқ товушлари. Бир соат, икки, уч соат ўтди, олдинда Аламозо кўринди, худди ўша ерда янги чавандоз кутяпти. Жо бақириб, отини янада тезлади. қора айғир мўлжалдаги ерга қараб чопди, аммо икки милча қолганда нимадандир ҳадик олгандай чапга бурилди. Жо йўрға қутулиб кетишини пайқаб, ҳолдан тойган отига яна қамчи босди, йўрғани қандай қилиб бўлмасин, кўзланган тарафга буриш йўлини излади.
Олишув ҳаддан зиёд қийин бўлди. Жонинг нафаси қайтиб қолди. От ҳар сапчиганда эгар териси ғижирлайверди.
Жо кўндаланг елиб чиқиб қувди, йўрғани ҳуркитиш учун револвердан устма-уст ўқ узди, ниҳоят, уни чапдаги кечувга боришга муваффақ бўлди.
Улар дарё бўйига келди. Йўрға йўлидан қолмай елди. Жо отдан тушди. Оти ўттиз мил чопиб дармони қуриди, Жоям ҳолдан тойди. Кўзлари чангдан қизарди, гарчи ҳеч нимани кўрмаётган бўлса-да, Томга қўлини силкиб: «Йўрғани Аламозо орқали кечувга ҳайдаб бор», дея қичқиради.
Янги чавандоз тетик, чайир отда ўнқир-чўнқир ёйилма бўйлаб қора айғир кетидан чопди. Айғир оппоқ терга ботди, биқини кўтарилиб-кўтарилиб оғир нафас олди, ҳоли танг бўлди. Барибир чопишда давом этди…
Том олдинига айғирга яқинроқ боргандай бўлди, сўнг яна кейинида қолди. Аламозода ўрнини янги отлиқ эгаллади.
Айғир ғарбга бурилди, суғурлар маконини ёнлаб чопди, кийим йиртар кактуслар, тиканли чангалзорлар оралаб чопди. Айғир тер билан чангдан ола-була бўлиб кетди, аммо йўрғасидан адашмади. Йўлида дуч келган жардан сакраб ўтиб кетди. Изидан қувиб келаётган ёш Керингтон ҳам отини сакратмоқчи бўлди. Аммо оти билан қўшилиб пастга юмалаб кетди… ёш чавандоз бир амаллаб омон қолди, аммо оти хароб бўлди.
Қора айғир зафарли йўрғасида давом этди…
Жо Галлего чолнинг фермаси ёнида нафасини ростлаб пойлаб турди. Ярим соат ўтмай, у яна йўрғани қувиб кетди.
Ғарбда Карлос тоғлари кўзга ташланди. У ерда ҳам Жони одамлар янги отлар билан пойлаб турибди. Буни билган толмас чавандоз айғирни ғарбга бурмоқчи бўлди. Аммо йўрға қандайдир бир ҳаёлга берилдими ё кўнгли бир нимани сездими, ҳар қалай, бирдан шимолга қайрилди.
Жо бор санъатини ишлатди, қичқирди, ўқ узди, бари бекор бўлди. Қора чақмоқ адир бўйлаб пастлади, Жо унинг изидан боришга мажбур бўлди.
Худди шу ерда олишувнинг энг қийин ҳам азоб-уқубатли даври бошланди. Жо йўрғага бераҳм бўлди, ўзи билан отига эса ундан бешбатар бешафқат бўлди. Кун аёвсиз куйдирди, қизиган ёйилма узра офтоб тафти жимирлади. Жонинг кўзлари ёнди, лаблари шўр, бетамиз чангдан чирсиллади.
Олишув давом этди. Муваффақиятга эришишнинг бирдан-бир йўли йўрғани Аламозодан ўтадиган кечувга қайтариш қолди.
Олишув бошлангандан буён Жо биринчи марта қора йўрғада толғинлик аломатларини кўрди. Думи билан ёллари аввалгидек ёйилмай қўйди, ораларидаги ярим миллик масофа яримлаб қолди.
Йўрға барибир олға талпинди, яна, яна йўрғалаб, олға талпинди…
Соатлар кетидан соатлар ўтди, йўрға ҳамон олға елди. Аммо тўғри йўлдан бурилди. Йигирма милча йўл босиб, кечроқ Аламозодан ўтадиган кечувга етиб келди.
Жо йўлда тайёр турган отни миниб, айғирни яна ўзи қувиб кетди.
Жо қолдириб кетган от энтикиб, ўзини сувга урди, сув ичиб-ичиб, юмалаб ўлиб қолди.
Жо, қора айғир сув ичади, деган умидда бир оз секинлади. Аммо унинг айтгани бўлмади! Айғир бор-йўғи бир ҳўплади, теваракка сув сачратиб, нариги соҳилга ўтиб кетди. Жо унинг кетидан қадам-бақадам борди. Кечувда уларни кузатиб қолган ковбой Жо айғирга хийла яқин келиб қолганини, ҳатто етай-этай деб қолганини кўрди…
Эрталаб Жо лагерга пиёда келди. Унинг саргузашти лўнда бўлди: саккиз от нобуд бўлди, беш одам бутунлай ҳолдан тойди, ғаройиб ёввойи йўрға эса ҳамон ўз эркида юрибди…
— Энди бир нима қилиш қийин! Унга етиб бўлмайди. Жойи келган вақтлари лаънатининг терисини тешиб ташламаганимга ачинаман! – деди Жо, сўнгра, йўрғани қувишдан воз кечди.

VI

Сўнгги сафарда ҳам Курка Из ошпаз бўлди. У ҳам олишувни бошқалар қатори қизиқиш билан кузатиб борди, Жонинг омади келмаганда ўзича кулимсираб қўйди, қозонига қараб қўйиб, димоғида минғиллади:
— Шу йўрғани ушлаб олмасам, одам эмасман!
Йўрға тинимсиз таъқиблар оқибатида янада ёввойилашиб кетди. Барибир Жайрон булоғига келиб кетаверди. Булоқ ялангликдаги яккаю ягона сувлоқ бўлиб, бир мил теварак-атрофда ғанимдан бекинадиган пана жой йўқ эди. Шу сабаблиям йўрға яқин-атрофда тушларда пайдо бўлиб, бирон хавф-хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилгачгина булоққа сув ичгани келарди.
У галасидан айрилиб, бутун қишни ёлғиз ўзи қишлади. Қари Курка буни яхши билиб олиб, режаларини шунга мослади. Бир ўртоғининг тўриқ байтали бор эди. Қари шу байталга эгар урди, занжир, белкурак, яна бир арқон ҳамда йўғон қозиқ олиб, булоққа равона бўлди.
Бир тўда жайрон улардан ҳайиқиб, пана-паналарга ғойиб бўлди. Моллар ўт узра ёйилиб ётади, тўрғайлар қўшиғи жаранглайди. Ердан беғубор, қорсиз қиш нафаси кўтарилган, кўклам яқин қолган…
Том ушоққина тўриқ байтални арқонлаб, ўтга қўйди, байтал тумшуғини кўкка тинимсиз чўзиб, олис-олис кишнади.
Қари Курка шамол қаёқдан эсаётганини аниқлади, теварак-атрофга назар солди. Ўша ўзи қазишиб юборган ўра ҳалиям бор экан. Ўра очиқ, ичи тўла сассиқ сув, суғур, сичқон ўликлари сузиб юрибди. Сувлагани келган ҳайвонлар ўра четидан янги сўқмоқ очибди.
Курка кўм-кўк майсазор ёнидаги қуюқ қамишзорни маъқул топиб, шу ерга қозиқ қоқди, сўнг, пана бўладиган катта ўра қазиб, ичига адёл тўшади. Байтал олислаб ўтлаб кетмасин деб, арқонни ерга узатиб ташлаб, бир учини устунга боғлаб қўйди, арқонни тупроқ ва ўтлар билан бекитди. Кейин ўзининг хилватгоҳ ўрасига бекиниб ўтирди.
Туш вақти-туш вақти тўриқ байтал йўқлаб кишнади. Шунда…шунда, кунботардаги адирдан жавоб кишнаш келди… Машҳур ёввойи йўрға осмон фонида қоп-қорайиб бўй берди!
Йўрға равон, алп-алп йўрғалади, оёқ илиб, теваракка ҳадиксираб аланглади, пишқириб йўрғалади. Байталнинг йўқлаб кишнаши йўрғанинг кўнглида акс садо берди. Йўрға яқинроқ келиб, яна кишнади, бирдан сергакланди, айланиб катта доир ясади, бурни билан шубҳали ҳид овлади.
Шунда, тўриқ байтал яна кишнади. Йўрға яна бир бор доира ясаб, у ҳам кишнади. Байталнинг жавоб кишнаши йўрғанинг кўнглидаги бор ҳадикларни йўқ қилиб юборди. Йўрғанинг юраги ёниб кетди!
Йўрға гижинглади, тўриқ байтал – Соллининг олдига келди, бурнига бурнини теккизди. Худди шу пайт орқа оёғи сиртмоқни босиб олди. Том арқонни бирдан тортди, мустанг сиртмоққа илинди. У важоҳат билан кўкка сапчиди. Том бундан фойдаланиб айғирнинг оёғидан арқонни илондек икки айлантириб олди.
Машъум кўргилик айғирнинг кучига куч қўшди. У яна сапчиди, аммо сиртмоқдан оёғини тортиб ололмади, ерга ғарибона, мағлубона ағанаб тушди.
Чуқурдан қари Томнинг мункайган хунук жуссаси кўринди. У табиатнинг ноёб молини тезроқ қўлга киритиш учун шошилди. Отнинг қудрати ушоқдай заиф бир чолнинг ақл ва ҳунари олдида ожиз бўлиб қолди. Йўрға пишқирди, озодлик учун жон-жаҳди билан олишди, аммо бесамар бўлди, сиртмоқ оёқларига чайирдай ёпишиб олди.
Том айғирнинг олд оёқларига ҳам сиртмоқ солди. Сўнг, арқон билан айғирнинг тўртта оёғини битта қилиб қўшиб тортди. Дарғазаб йўрға, ахталанган чўчқадай ожизона сулайиб, ётиб қолди. Бечора сўнгги дармони қолгунича типирчилади, ўпкаси тўлиб келди, ўксик зарбидан аъзойи бадани зир-зир қалтиради, юзларидан маржон-маржон ёшлар оқди…
Том айғирнинг ҳолини кўриб, кўнглида ғалати бир нима пайдо бўлди. Илк бор сиртмоқ билан ҳўкиз ушлаганида бўлганидек, бош-оёғи зир титради. Бир неча дақиқа жойидан қимирлай олмай, ўзининг ноёб бандасига термулиб қолди.
Кўп ўтмай чолнинг ҳаяжони сўнди. Ўта машъум ишни бажарган байталга эгар урди, янги арқон олиб, йўрғанинг бўйнига солди. Байтални айғирнинг олдига қўйди. Том йўрға энди кетолмаслигини билиб, арқонни бўш қўймоқчи бўлди, шунда, хаёлига фавқулодда бир фикр келди. ўйлаб қараса, ғоят зарур бир иш эсидан чиқаёзибди. Гарчи шароит бўлмаса-да, шу ишни бажаришга киришди.
Ғарб одати бўйича ёввойи йўрғанинг баданига ким биринчи бўлиб ўз тамғасини босса, йўрға ўшаники бўлади. Яқин йигирма милда ҳайвонларни тамғалайдиган асбоб топилмайди, нима қилса бўлади.
Қари Том тадбиркор эди. У байталнинг тақаларини бирин-кетин қараб кўрди. Тақаларнинг бирови хийла бўшаб қолган эди. Том шу тақани белкурак билан қўпориб олди.
Ёймани айланиб ўтин териб келди. Кўп ўтмай олов ловиллади. Том тақани бир учидан қўлрўмол билан ўраб ушлаб, оловга тоблаб қизартди. Кейин тақа қиррасини айғир бечоранинг чап яғринига уч марта босиб олди, яғринда курак из мисол дағал тамға қолди.
Йўрға қизиган темир баданига текканда сесканиб кетди. Иш кўз очиб юмгунча бўлиб ўтди. Шундай қилиб, ёввойи йўрға инсонга қарам бўлиб қолди.
Энди йўрғани уйга олиб кетиш қолди. Том сиртмоқни бўшатди. Йўрға оёғи бўшаганини сезиб, бутунлай эркин бўлдим деб ўйлади, жойидан сапчиб турди, талпинди, аммо яна ағанаб тушди. Йўрғанинг олд оёқлари қўшиб боғлаб қўйилган, у фақат сапчиб-сапчиб юриши мумкин эди.
У қочишга кўп интилди, аммо ҳар сафар қўшалоқ боғлоқлик оёқлари халақит бериб, юмалаб тушаверди. Том байтални миниб, йўрғани уйга олиб жўнади. У йўрғани етаклади-ю чу-чулаб ҳайдади, турли йўллар қилиб кўрди, аммо қайсар, баджаҳл айғир, оппоқ тер кўпикларга ботган айғир бўйин эгмади. Айғир ёввойиларча кишнади, қаҳр билан пишқирди, озодлик йўлида телбаларча тўлғанди.
Олишув шафқатсиз, олис давом этди. Ёввойи йўрғанинг ярқироқ сағирлари қон аралаш тердан қорайиб кетди. Беҳисоб йиқилиб-туришлар, бесамар олишувлар йўрғанинг шундай тинка-мадорини қуритди, у узун кун давом этган қувғинда ҳам бунчалик ҳориб толмаган эди.
Айғир гоҳ у ёнига, гоҳ бу ёнига тинимсиз талпинди, шиддатли сапчишлари борган сайин заифлашиб борди, бурнидан отилаётган кўпиклар қонга беланди.
Бераҳм, зўравон ғолиб чол эса сокин бир кайфиятда айғирни чу-чулаб ҳайдади, юришга мажбур қилади.
Айғир билан чол ҳар бир қадам учун олишди, нишаб ердан дарага энди, яна ҳам пастдаги дараларга элтадиган сўқмоқлар бошига етди. Бир вақтлар йўрғага қарам бўлмиш яйловнинг шимолий чегараси худди шу ердан ўтади. Олислардан тўсиқлар ҳамда фермалар кўзга ташланади. Қари Том тантана қилади.
Ёввойи йўрға қолган бор кучини йиғиб озодлик йўлида жон-жаҳди билан ёнбағир бўйлаб юқорига талпинди. Яна, яна юқорилади, баданига ботаётган арқонга ҳам, уни тўхтатиб, изига қайтариш учун узилган ўқ овозига ҳам парво қилмади, у озодликка талпинди…
Ёввойи йўрға яна, яна юқорилади, ана, тик қояга кўтарилди. қоядан пастга — ҳавога сакради, икки юз футча учиб юрди, яна, яна пастлаб… тошга бориб тушди. У жонсиз сулайиб қолди, аммо… озод бўлиб қолди!.

006
Ernest Seton-Tompson
YOVVOYI YO’RG’A
Tog’ay Murod tarjimasi
0045

0045Taniqli adib va rassom Ernest Seton-Tompson (Ernest Thompson Seton) 1860 yil 14 avgustda Angliyada tavallud topgan. Uning avlodlari tog’liklardan bo’lib, Ernest 6 yoshda ekanligida ularning oilasi Kanadaga ko’chib keladi. Bo’lg’usi adib shu yerda maktabga boradi, juda ko’p ilmiy-badiiy asarlarni mutolaa qilib tabiat, hayvonlar, inson va tabiat munosabatlarini tasvirlovchi animalist rassom hamda iste’dodli yozuvchi bo’lib yetishdi. Uning asarlari jahon adabiyoti xazinasidan mustahkam o’rin egalladi.
Asarlari: «Men bilgan jonivorlar», «Quvg’indilar taqdiri», «Hayvonlar — qahramonlar», «Mitti yovvoyilar», «Rolf o’rmonda», «Jonivorlar haqida hikoyalar», «Shimoliy hayvonlar hayoti» (2 jilddan iborat), «Yovvoyi hayvonlar hayoti» (4 jilddan iborat), «Yovvoyi yo’rg’a» va boshq.«Yovvoyi yo’rg’a» hikoyalar to’plami Tog’ay Murod tomonidan 1989 yilda o’zbek tiliga o’girilgan bo’lib, uning asosiy g’oyasi erkinlik va ozodlikdir.

0045

II

Ashampoo_Snap_2016.10.08_22h30m58s_002_a.pngBu voqea 1893-yilning dekabrida bo‘ldi. Fermaga kelib tushdim-u, yo‘lovchi soyabon aravada Kanada daryosi bo‘yidagi Pinyavetitosga jo‘nadim.
Foster men bilan xayrlashayotib, shunday dedi:
— Menga qarang, bordi-yu, la’nati yo‘rg‘aga duch kelib qolsangiz, ayamay otib tashlang.
Yovvoyi yo‘rg‘a haqida ilk bor eshitgan gapim shu bo‘ldi, yo‘lda esa yo‘lboshlovchim Bernsdan yo‘rg‘aning kechmishini bilib oldim. Dong‘i ketgan yo‘rg‘ani juda-juda ko‘rgim keldi, ertasiga Jayron bulog‘iga borib, hafsalam pir bo‘ldi, sababi u yerda yo‘rg‘aning ham, galaning ham daragi yo‘q ekan.
Ammo ertasi kuni Alamozo daryosi orqali yana tepalikdor yalanglikka kelganimizda, oldinda borayotgan Jek Berns birdan otining bo‘yniga engashib oldi, menga o‘girilib, shivirladi:
— Qurolingizni oling! Ana ayg‘ir!
Men qurolimni qo‘limga olib, oldinga intildim. Pastdagi soylikda otlar galasi o‘tlab yuribdi, ulkan qora yo‘rg‘a gala yonida turibdi.
Qora yo‘rg‘a bizning havomizni oldi, shekilli, sergak tortdi. Avval boshini, keyin dumini ko‘tardi, burun kataklari kengaydi.
Ko‘zimga yo‘rg‘a otlarning oti, dashtlarda chopib yurgan jamiki otlarning sarasi bo‘lib ko‘rindi, shunday noyob jonivorni nobud qilib, bir to‘da masliqqa aylantirishga ko‘nglim bormadi.
Jek hadeb vaqtni boy bermasdan tezroq otishimni tayinladi, men atayin imillab turaverdim.
Serjahl hamrohim imillayotganim uchun meni koyidi. Zardali to‘ng‘illab: «Buyoqqa bering qurolni!» deya uni tortib olmoqchi bo‘ldi, men miltiqning og‘zini osmonga qaratdim, u go‘yo tasodif oqibatidek o‘q yeb ketdi.
Gala bir seskanib tushdi. Qora yo‘rg‘a kishnadi, pishqirib, galani bir aylanib chopdi. Baytallar to‘dalashib, chang-to‘zonlar ichra ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi.
Ayg‘ir galaning goh u, goh bu yonidan chopib, baytallar keyinida qolib ketmasligini nazorat qildi.
Yo‘rg‘a g‘oyib bo‘lguncha undan ko‘z uzmadim, uning yo‘rg‘a oyoqlari biron martayam chalkashmadi.
Turgan gap, Jek mening, qolaversa, miltig‘imning, yo‘rg‘aning nomiga ko‘p nordon gaplar aytdi, men uning gaplaridan zavq oldim, zo‘r quvonch bilan qora yo‘rg‘aning chiroy va qudrati haqida xayol surib qoldim.
Yo‘q, qandaydir bir baytalni deb shunday yo‘rg‘aning yaltilloq terisiga dog‘ tushirgim kelmadi!

III

Yovvoyi otlarni ushlashning bir nechta xillari bor. Shulardan biri ot ustidan o‘q bo‘shatib, uni bir nafas gangitib qo‘yish, vaziyatdan foydalanib bo‘yniga sirtmoq solishdir. Buni «otni bo‘yin egdirib olish», deydilar.
— Gapir-a! O‘q yegan yuzlab otlarni ko‘rdim, bari qir oshib qochib ketdi, birontayam «bo‘yin eggan» mustangni ko‘rmadim, — e’tiroz bildirdi yovvoyi Jo.
Gohida, sharoit taqozo etganda galani qoraga haydasa ham bo‘ladi, agar otlar yaxshi bo‘lsa galani quvib yetsa ham bo‘ladi, ammo, bir qaraganda iloji yo‘qday tuyuladigan yana bir yo‘li bo‘lib, bu mustang «tinchidi» yo‘li, ya’ni, uni holdan toyguncha quvib borish yo‘lidir.
Yo‘rg‘alaganda oyog‘i umuman adashmaydigan ayg‘irning dong‘i kun sayin oshdi. Uning epchilligi, yo‘rg‘asi, chayir tabiati xususida ko‘z ko‘rmagan sarguzashtlar gurungi bo‘ldi.
Uchburchak fermasidan bo‘lmish Montgomer chol Kleytondagi Uels qahvaxonasida ko‘pchilik oldida, agar shu gaplar chin bo‘lsa, unda, shu ayg‘irni kim aravaga bosib olib kelsa, ming dollar beraman, dedi. Buni eshitgan necha o‘nlab yosh kavboylar o‘z xo‘jayinlari bilan tuzgan shartnoma muddati tugab, qo‘l bo‘shadi deguncha, o‘z baxtlarini sinab ko‘rishga ahd qildilar.
Yovvoyi Jo barchani dog‘da qoldirmoqchi bo‘ldi. Vaqtni boy bermay, xizmat muddati tugamagan bo‘lsa-da tuni bilan ovga shaylandi.
Bir o‘rtog‘idan qarz olib, yigirma bosh yaxshi otni, oshxonali aravani kerakli aslaha-anjomlar bilan ta’minladi, o‘zi o‘rtog‘i Charli hamda oshpazi uchun ikki haftalik oziq-ovqat jamladi.
Ular bu g‘aroyib, yengiloyoq yo‘rg‘ani «tinchitish»ni qat’iy ahd qilib, Kleytondan jo‘nab ketdi. Safarlarining uchinchi kuni Jayron bulog‘iga yetib keldi, tushga yaqin galasi bilan suvlagani kelgan qora yo‘rg‘ani ko‘rib, ajablanmadilar ham.
Jo bekinib, gala suvlab bo‘lguncha qorasini ko‘rsatmadi, sababi, suvsagan ot yaxshi chopishini, suvlab, og‘irlashib qolgani yomon chopishini yaxshi bilardi.
Shundan keyingina Jo pistirmadan chiqib, oldinga yurdi. Buloqqa yarim milcha qolganda mustang sergak tortdi, galasini janubiy sharqdagi butazor tog‘ yonbag‘irlariga boshlab ketdi. Jo gala ketidan yalang oyoq bo‘lib chopib, ularni yana bir bor ko‘rdi, qaytib kelib, aravakashlik qiluvchi oshpaziga janubga, Alamozo darayosiga jo‘nashni buyurdi. O‘zi yana janubi-sharqqa otlanib, gala izini oldi.
Ikki milcha yurib, yana galani ko‘rdi. Oyoq uchida otlarga yaqin bordi. Biroq ular yana hadik olib, qochib qoldi. Kun shunday o‘tdi.
Gala halqa bo‘lib, janubga yurish qildi, kun ufqqa oqqanda xuddi Jo kutganidek, Alamozo daryosi yaqiniga kelib qoldi. Jo ularni yana bir marta hurkitib, aravasiga qaytib keldi, dam olayotgan o‘rtog‘i otda galani quvishda davom etdi.
Arava kechki ta’tildan keyin Alamozoning oldindan kelishilgan yuqori kechuvi bo‘ylab yurdi, Jo shu yerda tunash uchun joylashib oldi.
Charli bo‘lsa galani quvishda davom etdi. Yovvoyi otlar oldingidek uzilish qochmadi, chunki quvib kelayotganlarning hujum qilmasligiga fahmi yetdi, oqibat , bora-bora o‘z ta’qibchilariga ko‘nikib qoldi.
Qosh qorayganda galani poylash yanada qulay bo‘ldi, boisi, ular orasida bir oq baytal bo‘lib, u qorong‘ida oppoq bo‘y berib turardi.
Osmonda oy balqidi. Charli qaysi yo‘ldan yurishni oti ixtiyoriga qo‘yib berdi, o‘zi galani e’tibor bilan kuzatib bordi.
Oppoq baytal bo‘y berib yurdi.
Oxir-oqibat, zim-ziyo tunda hech nima ko‘rinmay qoldi. Shundan keyingina Charli otidan tushib, ustidan egarni oldi, otni o‘tlagani qo‘ydi, o‘zi adyolga o‘ranib ko‘p o‘tmay uyquga ketdi.
Tong oqarishi bilan Charli yo‘lga ravona bo‘ldi, yarim milcha yo‘l bosib, g‘ira-shiradan oq baytalga keyin galaga ko‘zi tushdi. Yo‘rg‘a Charlini ko‘rib shiddatli kishnadi, gala yana yelib ketdi.
Yo‘rg‘a birinchi duch kelgan dovonda oyoq ildi, tinimsiz ta’qib etayotgan kim ekanini bilish uchun ketiga burilib qaradi. Nima gapligini bildi, yana tolmas, ravon, yo‘rg‘a qadamlar otib olg‘a talpindi, galani yo‘lchi yulduz misol olg‘a chorladi.
Otlar g‘arbga yo‘l oldi, yana ko‘p qochish-quvishlar, yuzma-yuz kelishlar, yana qochishlardan keyin hindular poyloqchilik qiladigan tik do‘nglikka kelib qoldi. Bu yerda ularni Jo poylayotgan edi.
Charli do‘ngdan ko‘kka o‘rlagan uzun, ingichka tutundan dam ol, degan ishorani tushundi, u ham cho‘ntak oynasini tutib, javob xabarini berdi. Jo dam olgan otlarda ta’qibni davom ettirdi. Charli tamaddi qilib, dam oldi, so‘ng Alamozo oqimi bo‘ylab yuqoriladi.
Ertasi kuni Jo uzun kun galani ta’qib etdi. Ularni arava borayotgan ulkan yoymada ushlashga urindi. Kunbotarda bir kechuvga yetib keldi, bu yerda Charli uni tetik otlar, tamaddilar tayyorlab kutib turgan ekan.
Jo kechi bilan hatto kechasiyam bamaylixotir ta’qib etdi. Aftidan, gala beozor ta’qibchilariga yanada o‘rganib qoldi shekilli, ularni poylash juda oson bo‘lib qoldi. Bundan tashqari horg‘inlik ham ta’sir qildi. Maza o‘tli yaylovlar qayerlardadir qolib ketdi. Ular ta’qibchi otlar kabi somon yemadilar. Ustiga-ustak muntazam davom etayotgan asab tarangligi ham o‘zini ko‘rsatdi. Asabiy taranglik yovvoyi otlarning ishtahasini bo‘g‘ib qo‘ydi, ammo tez-tez suvsay boshladilar.
Ta’qibchilar otlarga tez-tez, to‘yib-to‘yib suvlash erkini berdi. Boisi suv ichgan ot chopishda qiynaladi, oyoqlari yog‘ochday qotib qolib, nafas olishi qiyinlashadi. Buni yaxshi bilgan Jo otini sug‘ormadi. Shu sababliyam holdan toygan gala yaqinida tunagani oyoq ilganlarida o‘ziyam, otiyam hali ancha tetik edi.
Tong yorishganda Jo galani osongina qidirib topdi. Ular avval-avval qochdi, so‘ng, odimlab yurdi. Ta’qibchilar deyarli g‘olib keldi, chunki bunday olishuvda gala hali horimagan dastlabki ikki-uch kun ularni ko‘zdan kechirmaslik kerak edi, poyloqchilar esa buning uddasidan chiqdi.
Jo ertalab galani ko‘zdan qochirmay, doimo ularning yaqinida bo‘ldi. Soat to‘qqizlarda Xoze tog‘ida Charli bilan o‘rin almashdi. Shu kuni gala bor-yo‘g‘i to‘rt milcha ilgarilab ketdi, qadamlarida oldingi g‘ayratdan asar ham qolmadi.
Kechqurun Charli dam olib yotgan otga minib quvishda davom etdi.
Ertasi kuni galaning boshi egilib qoldi, qora yo‘rg‘a, har qancha olg‘a chorlamasin, ta’qib etib kelayotganlar bilan oralaridagi masofa ba’zan yuz qadamgacha qisqarib qoldi.
To‘rtinchi-beshinchi kunlar ham shunday o‘tdi. Gala yana Jayron bulog‘iga yaqin keldi. Hammasi kutilganday bo‘ldi: gala keng doira yasaydi, ayg‘ir esa uning ichida yuradi.
Yovvoyi otlar buloqqa juda chanqab keladi, ovchilar bo‘lsa tetik otlarda, ko‘tarinki kayfiyat bilan keladi.
Shu kunlarda kechgacha galani suvga yo‘latmadi, so‘ng, Jayron bulog‘iga haydab, to‘yib suvlatdi. Ana endi ko‘pni ko‘rgan kavboylar tetik va to‘q otlarda yurib, sirtmoqni ishga soladi, chunki suv ichgan otlarni ushlab tushov solish oson bo‘ladi.
Ishlar haddan ziyod yaxshi ko‘chdi, faqat bir nima ularni tashvishga solib qo‘ydi: qora yo‘rg‘a hamon temirday mustahkam edi. Uning ravon yo‘rg‘asi aynimagan, dastlabki ta’qib kunlari qanday bo‘lsa, hozir ham shunday edi. U hamishadagidek galasini matonat bilan boshqarar, kishnar, chopishda namuna ko‘rsatib, ularni olg‘a chorlardi . Ammo otlarning darmoni qurigan edi. Qari oq baytal, kechasi oppoq bo‘y berib yuradigan o‘sha baytal o‘lguday charchab, galadan soatlab keyinda qolib ketaverdi. Baytallar chavandozlardan hadiksiramay qo‘ydi. Ular hademay Joning qo‘liga tushishga shak-shubha qolmadi.
Barcha tashvishlar sababchisi bo‘lmish ayg‘ir esa hamon yetib bo‘lmas dovonligicha qolaverdi.
Joning jizzakiligini yaxshi bilgan o‘rtoqlari u achchiq ustida asov ayg‘irni otib qo‘yishi mumkin degan o‘yga bordi. Ammo Joning ko‘nglida bunday niyat yo‘q edi.
U ayg‘irni haftalab quvib, uning biron martayam yo‘rg‘asidan adashib, oddiy qadamlar bosib yurganini ko‘rmadi. Barcha yaxshi chavandozlar kabi Jo ham bu go‘zal otga boqib, undan zavq-shavq oldi. Zavqi yanada zo‘rayib, shunday noyob hayvonni otgandan ko‘ra, o‘zimning manavi otimni otgan ma’qul degan xulosaga keldi.
Ayg‘irga qo‘yilgan mukofotni olish kerakmikan? Jo ikkilanib qoldi. Qo‘yilgan pul chakana emas. Lekin ayg‘irning turgan turmushi xazina, u asl zotli zurriyot yaratishi mumkin.
Avvalo, uni qo‘lga olish lozim. Ovni tamomlash vaqti ham keldi.
Jo o‘zining eng yaxshi otini egarladi. Bu ot tomirida janub qoni bor, ammo o‘zi cho‘llarda katta bo‘lgan baytal edi. Albatta, bir nimasi bo‘lmasa Jo bunday ajoyib otni sotib olmas edi.
Bu yurtlarda loko degan zaharli o‘t o‘sadi. Odatda otlar bu o‘tni yemaydi, bordi-yu, bir tatib ko‘rsa, uni yana izlab qoladi. Uning mazasi taryokning kayfiga o‘xshaydi, unga o‘ch qo‘ygan ot ko‘p vaqt o‘zini yaxshi tutib yuradi, oxir-oqibat aqldan ozib o‘ladi. Bundaylarni mahalliy xalq «lokoga mubtalo bo‘lgan mol», deydi.
Joning eng sara otlari ko‘zi ham ajabtovur yovvoyilarcha yiltiradi. Sinchilarning aytishicha bu hol kasallik nishonasi emish. Shu sababliyam Jo baytalni mindi. Baytal baquvvat ham tezkor ovning oxiribop.
Jo galaga ot qo‘ydi. Arqonni yerga tashladi, yoyish uchun ataylab sudradi, so‘ng yana chap qo‘liga yaxshilab yig‘ib oldi, ov davomida birinchi marta otini ayg‘irga niqtab haydadi.
Aqlsiz chopa-chop boshlandi. Qo‘rqib qolgan baytallar yo‘lni bo‘shatib, chor tarafga qarab qochdi.
Joning dadil baytali dasht bo‘ylab oddiy odimlar otib quvdi, ayg‘ir o‘zining dong‘i ketgan yo‘rg‘asidan adashmay, yo‘rg‘alab qochdi.
Aql bovar qilmaydigan manzara namoyon bo‘ldi. Jo ovozi hamda uzangilari bilan baytalini olg‘a chorladi. Baytali qushday uchdi, lekin ayg‘ir bilan oralaridagi masofa bir dyum ham kamaymadi.
Qora ayg‘ir shu chopishida shiddat bilan tekislikdan o‘tdi, tog‘ bag‘ridagi butazorlardan o‘tdi, ko‘zni aldaydigan serqum soyga tushib, bir o‘tloqqa chiqib oldi. U yerda uni bir sug‘ur qarshi oldi. Jo uning izidan ot qo‘yib boraveradi. U ko‘zlariga ishonmadi… nazarida, ayg‘ir bilan oralaridagi masofa kamayib emas, balki uzayib ketgandek bo‘ldi. U o‘zicha so‘kindi, otini niqtadi, chu-chulab haydadi, oxir-oqibat, bechorani asabiy holga olib keldi. Otning ko‘zlari olma-kesak terdi, boshi uyoqdan-buyoqqa tebrandi, yerga qaray olmay qoldi, yo‘l tanlamay qo‘ydi. Oyog‘i favqulodda bo‘rsiqning iniga kirib qoldi. Ot ag‘anab ketdi, ustidagi chavandozi yerga uchib tushdi. Jo lat yedi, bir amallab oyoqqa turib, dovdirab qolgan otini ko‘tarib turg‘izmoqchi bo‘ldi. Ammo bo‘lar ish bo‘lgan otning old oyog‘i singan edi.
Jo revolverning bitta o‘qi bilan otning azoblariga barham berdi. Egarni olib, lagerga ko‘tarib ketdi.
Yo‘rg‘a hamon yelib, oxiri ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. Buni mag‘lubiyat deb bo‘lmaydi, chunki ular baytallarni qo‘lga oldi. Jo bilan Charli ularni qoraga haydab borib, egarlaridan arzigulik in’omlar talab qildi.
Jo uchun bu kifoya emas. U ayg‘irni qo‘lga olishni orzu qildi. Jo ayg‘irning bor fazilatlarini bilib oldi, endi u yangi-yangi rejalar o‘ylay boshladi.

V

Yovvoyi Jo ustomon odam edi. U qanday qilib bo‘lmasin yo‘rg‘ani qo‘lga tushirish payida bo‘ldi, bunga boshqalar ham qo‘l urganini eshitib, tezda yangi rejalarini amalga oshirishga kirishdi. Jo ayg‘irni ushlashda chiyabo‘rilar epchil quyonni, hindular jayronni ushlashda qo‘llaydigan usulni qo‘llab ko‘rmoqchi bo‘ldi. Bu qadimgi usul «galma-gal ovlash» deb ataladi.
Yovvoyi yo‘rg‘a yurgan muzofot oltmish kvadrat milcha keladigan uchburchak shaklida bo‘lib, janubi hamda shimolidan daryolar, g‘arbidan tog‘lar bilan o‘raladi. Ular, yo‘rg‘a shu muzofotdan boshqa yoqqa ketmaydi, Jayron bulog‘i uning doimiy xonaki joyi bo‘lib qoladi, deb o‘yladi.
Jo bu yerlarni yaxshi biladi. Uning barcha buloqlari, g‘orlarigacha bilib oldi. Agar hozir uning ellikta oti bo‘lganida edi, ularni jamiki muhim joylarga qo‘ygan bo‘lardi. Ixtiyorida esa bor-yo‘g‘i yigirmata oti bilan beshta yaxshi chavandozi bor xolos.
U ov boshlangunga qadar otlarni ikki hafta somon berib boqdi. Shundan keyingina ularni ovga qo‘ydi, chavandozlarga nima qilish kerakligini tushuntirdi. Ular ov boshlanishiga bir kun qoldi deganda o‘z joylarini egalladi.
Tayin etilgan kun Jo aravada Jayron bulog‘iga yo‘l oldi, chetroqdagi torgina soylikda to‘xtab, kuta boshladi.
Nihoyat, janubdagi adir tarafdan ko‘mirday qop-qora ayg‘ir ko‘rindi, u odatdagidek buloqqa yolg‘iz o‘zi ena boshladi.
U avval g‘animlarim bekinib poylamayotganmikin degan hadikda buloqni aylanib, is oldi. So‘ng so‘qmoqsiz yerlardan buloqqa qarab yurdi.
Jo ayg‘irni poylab o‘tirib, iloji bo‘lsa uning ko‘proq, bochkalab suv ichishini istadi. Yo‘rg‘a tumshug‘ini o‘tga endi cho‘zgan ham edi, Jo otini niqtab haydab qoldi. Yo‘rg‘a tuyoq tovushini eshitdi, chavandozni ko‘rdi-da, yana ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. Tekis yerga chiqib, janubga burildi, qum tepaliklar oralab bor kuchi bilan chopdi, ta’qibchisidan borgan sayin olisladi. Joning oti horib, qumda har qadamda yiqilib turaverdi, oqibat, borgan sayin keyinda qolaveradi.
Yana tekis yerga chiqqanlarida Joning oti oradagi masofani ancha ozaytirishi mumkin edi, lekin enish boshlanib qolib, yana shashtidan qaytdi, oqibat, yanada keyinda qola boshladi.
Ammo Jo yo‘rg‘ani quvishda davom etdi, xivichniyam, uzanginiyam ayamadi. Bir mil, ikki, uch… Arribi qirlari ko‘zga chalinib qoldi.
Arribida yangi otlar bor, Jo buni biladi, shu sababli kuchiga kuch qo‘shilib ot qo‘yadi. Yo‘rg‘aning tunday qop-qora yollari esa shamollarda yoyilib-yoyilib olislab boradi.
Ana, nihoyat, Arribi darasiga dohil bo‘ldi. g‘orda qoravullik qilib turgan kovboy o‘zini panaga oldi, yo‘rg‘a uning yonidan o‘tib ketdi. Yo‘rg‘a shamolday pastga yeldi, so‘ng, nishab bo‘ylab yuqoriladi.
Jo yangi otga minib, avval pastga, keyin yuqoriga ot soldi. Otini niqtab haydab chopaverdi, chopaverdi, lekin oradagi masofani kamaytirolmadi.
Dupur-dupur-dupur… tuyoq tovushlari. Bir soat, ikki, uch soat o‘tdi, oldinda Alamozo ko‘rindi, xuddi o‘sha yerda yangi chavandoz kutyapti. Jo baqirib, otini yanada tezladi. qora ayg‘ir mo‘ljaldagi yerga qarab chopdi, ammo ikki milcha qolganda nimadandir hadik olganday chapga burildi. Jo yo‘rg‘a qutulib ketishini payqab, holdan toygan otiga yana qamchi bosdi, yo‘rg‘ani qanday qilib bo‘lmasin, ko‘zlangan tarafga burish yo‘lini izladi.
Olishuv haddan ziyod qiyin bo‘ldi. Joning nafasi qaytib qoldi. Ot har sapchiganda egar terisi g‘ijirlayverdi.
Jo ko‘ndalang yelib chiqib quvdi, yo‘rg‘ani hurkitish uchun revolverdan ustma-ust o‘q uzdi, nihoyat, uni chapdagi kechuvga borishga muvaffaq bo‘ldi.
Ular daryo bo‘yiga keldi. Yo‘rg‘a yo‘lidan qolmay yeldi. Jo otdan tushdi. Oti o‘ttiz mil chopib darmoni quridi, Joyam holdan toydi. Ko‘zlari changdan qizardi, garchi hech nimani ko‘rmayotgan bo‘lsa-da, Tomga qo‘lini silkib: «Yo‘rg‘ani Alamozo orqali kechuvga haydab bor», deya qichqiradi.
Yangi chavandoz tetik, chayir otda o‘nqir-cho‘nqir yoyilma bo‘ylab qora ayg‘ir ketidan chopdi. Ayg‘ir oppoq terga botdi, biqini ko‘tarilib-ko‘tarilib og‘ir nafas oldi, holi tang bo‘ldi. Baribir chopishda davom etdi…
Tom oldiniga ayg‘irga yaqinroq borganday bo‘ldi, so‘ng yana keyinida qoldi. Alamozoda o‘rnini yangi otliq egalladi.
Ayg‘ir g‘arbga burildi, sug‘urlar makonini yonlab chopdi, kiyim yirtar kaktuslar, tikanli changalzorlar oralab chopdi. Ayg‘ir ter bilan changdan ola-bula bo‘lib ketdi, ammo yo‘rg‘asidan adashmadi. Yo‘lida duch kelgan jardan sakrab o‘tib ketdi. Izidan quvib kelayotgan yosh Kerington ham otini sakratmoqchi bo‘ldi. Ammo oti bilan qo‘shilib pastga yumalab ketdi… yosh chavandoz bir amallab omon qoldi, ammo oti xarob bo‘ldi.
Qora ayg‘ir zafarli yo‘rg‘asida davom etdi…
Jo Gallego cholning fermasi yonida nafasini rostlab poylab turdi. Yarim soat o‘tmay, u yana yo‘rg‘ani quvib ketdi.
G‘arbda Karlos tog‘lari ko‘zga tashlandi. U yerda ham Joni odamlar yangi otlar bilan poylab turibdi. Buni bilgan tolmas chavandoz ayg‘irni g‘arbga burmoqchi bo‘ldi. Ammo yo‘rg‘a qandaydir bir hayolga berildimi yo ko‘ngli bir nimani sezdimi, har qalay, birdan shimolga qayrildi.
Jo bor san’atini ishlatdi, qichqirdi, o‘q uzdi, bari bekor bo‘ldi. Qora chaqmoq adir bo‘ylab pastladi, Jo uning izidan borishga majbur bo‘ldi.
Xuddi shu yerda olishuvning eng qiyin ham azob-uqubatli davri boshlandi. Jo yo‘rg‘aga berahm bo‘ldi, o‘zi bilan otiga esa undan beshbatar beshafqat bo‘ldi. Kun ayovsiz kuydirdi, qizigan yoyilma uzra oftob tafti jimirladi. Joning ko‘zlari yondi, lablari sho‘r, betamiz changdan chirsilladi.
Olishuv davom etdi. Muvaffaqiyatga erishishning birdan-bir yo‘li yo‘rg‘ani Alamozodan o‘tadigan kechuvga qaytarish qoldi.
Olishuv boshlangandan buyon Jo birinchi marta qora yo‘rg‘ada tolg‘inlik alomatlarini ko‘rdi. Dumi bilan yollari avvalgidek yoyilmay qo‘ydi, oralaridagi yarim millik masofa yarimlab qoldi.
Yo‘rg‘a baribir olg‘a talpindi, yana, yana yo‘rg‘alab, olg‘a talpindi…
Soatlar ketidan soatlar o‘tdi, yo‘rg‘a hamon olg‘a yeldi. Ammo to‘g‘ri yo‘ldan burildi. Yigirma milcha yo‘l bosib, kechroq Alamozodan o‘tadigan kechuvga yetib keldi.
Jo yo‘lda tayyor turgan otni minib, ayg‘irni yana o‘zi quvib ketdi.
Jo qoldirib ketgan ot entikib, o‘zini suvga urdi, suv ichib-ichib, yumalab o‘lib qoldi.
Jo, qora ayg‘ir suv ichadi, degan umidda bir oz sekinladi. Ammo uning aytgani bo‘lmadi! Ayg‘ir bor-yo‘g‘i bir ho‘pladi, tevarakka suv sachratib, narigi sohilga o‘tib ketdi. Jo uning ketidan qadam-baqadam bordi. Kechuvda ularni kuzatib qolgan kovboy Jo ayg‘irga xiyla yaqin kelib qolganini, hatto yetay-etay deb qolganini ko‘rdi…
Ertalab Jo lagerga piyoda keldi. Uning sarguzashti lo‘nda bo‘ldi: sakkiz ot nobud bo‘ldi, besh odam butunlay holdan toydi, g‘aroyib yovvoyi yo‘rg‘a esa hamon o‘z erkida yuribdi…
— Endi bir nima qilish qiyin! Unga yetib bo‘lmaydi. Joyi kelgan vaqtlari la’natining terisini teshib tashlamaganimga achinaman! – dedi Jo, so‘ngra, yo‘rg‘ani quvishdan voz kechdi.

VI

So‘nggi safarda ham Kurka Iz oshpaz bo‘ldi. U ham olishuvni boshqalar qatori qiziqish bilan kuzatib bordi, Joning omadi kelmaganda o‘zicha kulimsirab qo‘ydi, qozoniga qarab qo‘yib, dimog‘ida ming‘illadi:
— Shu yo‘rg‘ani ushlab olmasam, odam emasman!
Yo‘rg‘a tinimsiz ta’qiblar oqibatida yanada yovvoyilashib ketdi. Baribir Jayron bulog‘iga kelib ketaverdi. Buloq yalanglikdagi yakkayu yagona suvloq bo‘lib, bir mil tevarak-atrofda g‘animdan bekinadigan pana joy yo‘q edi. Shu sababliyam yo‘rg‘a yaqin-atrofda tushlarda paydo bo‘lib, biron xavf-xatar yo‘qligiga ishonch hosil qilgachgina buloqqa suv ichgani kelardi.
U galasidan ayrilib, butun qishni yolg‘iz o‘zi qishladi. Qari Kurka buni yaxshi bilib olib, rejalarini shunga mosladi. Bir o‘rtog‘ining to‘riq baytali bor edi. Qari shu baytalga egar urdi, zanjir, belkurak, yana bir arqon hamda yo‘g‘on qoziq olib, buloqqa ravona bo‘ldi.
Bir to‘da jayron ulardan hayiqib, pana-panalarga g‘oyib bo‘ldi. Mollar o‘t uzra yoyilib yotadi, to‘rg‘aylar qo‘shig‘i jaranglaydi. Yerdan beg‘ubor, qorsiz qish nafasi ko‘tarilgan, ko‘klam yaqin qolgan…
Tom ushoqqina to‘riq baytalni arqonlab, o‘tga qo‘ydi, baytal tumshug‘ini ko‘kka tinimsiz cho‘zib, olis-olis kishnadi.
Qari Kurka shamol qayoqdan esayotganini aniqladi, tevarak-atrofga nazar soldi. O‘sha o‘zi qazishib yuborgan o‘ra haliyam bor ekan. O‘ra ochiq, ichi to‘la sassiq suv, sug‘ur, sichqon o‘liklari suzib yuribdi. Suvlagani kelgan hayvonlar o‘ra chetidan yangi so‘qmoq ochibdi.
Kurka ko‘m-ko‘k maysazor yonidagi quyuq qamishzorni ma’qul topib, shu yerga qoziq qoqdi, so‘ng, pana bo‘ladigan katta o‘ra qazib, ichiga adyol to‘shadi. Baytal olislab o‘tlab ketmasin deb, arqonni yerga uzatib tashlab, bir uchini ustunga bog‘lab qo‘ydi, arqonni tuproq va o‘tlar bilan bekitdi. Keyin o‘zining xilvatgoh o‘rasiga bekinib o‘tirdi.
Tush vaqti-tush vaqti to‘riq baytal yo‘qlab kishnadi. Shunda…shunda, kunbotardagi adirdan javob kishnash keldi… Mashhur yovvoyi yo‘rg‘a osmon fonida qop-qorayib bo‘y berdi!
Yo‘rg‘a ravon, alp-alp yo‘rg‘aladi, oyoq ilib, tevarakka hadiksirab alangladi, pishqirib yo‘rg‘aladi. Baytalning yo‘qlab kishnashi yo‘rg‘aning ko‘nglida aks sado berdi. Yo‘rg‘a yaqinroq kelib, yana kishnadi, birdan sergaklandi, aylanib katta doir yasadi, burni bilan shubhali hid ovladi.
Shunda, to‘riq baytal yana kishnadi. Yo‘rg‘a yana bir bor doira yasab, u ham kishnadi. Baytalning javob kishnashi yo‘rg‘aning ko‘nglidagi bor hadiklarni yo‘q qilib yubordi. Yo‘rg‘aning yuragi yonib ketdi!
Yo‘rg‘a gijingladi, to‘riq baytal – Sollining oldiga keldi, burniga burnini tekkizdi. Xuddi shu payt orqa oyog‘i sirtmoqni bosib oldi. Tom arqonni birdan tortdi, mustang sirtmoqqa ilindi. U vajohat bilan ko‘kka sapchidi. Tom bundan foydalanib ayg‘irning oyog‘idan arqonni ilondek ikki aylantirib oldi.
Mash’um ko‘rgilik ayg‘irning kuchiga kuch qo‘shdi. U yana sapchidi, ammo sirtmoqdan oyog‘ini tortib ololmadi, yerga g‘aribona, mag‘lubona ag‘anab tushdi.
Chuqurdan qari Tomning munkaygan xunuk jussasi ko‘rindi. U tabiatning noyob molini tezroq qo‘lga kiritish uchun shoshildi. Otning qudrati ushoqday zaif bir cholning aql va hunari oldida ojiz bo‘lib qoldi. Yo‘rg‘a pishqirdi, ozodlik uchun jon-jahdi bilan olishdi, ammo besamar bo‘ldi, sirtmoq oyoqlariga chayirday yopishib oldi.
Tom ayg‘irning old oyoqlariga ham sirtmoq soldi. So‘ng, arqon bilan ayg‘irning to‘rtta oyog‘ini bitta qilib qo‘shib tortdi. Darg‘azab yo‘rg‘a, axtalangan cho‘chqaday ojizona sulayib, yotib qoldi. Bechora so‘nggi darmoni qolgunicha tipirchiladi, o‘pkasi to‘lib keldi, o‘ksik zarbidan a’zoyi badani zir-zir qaltiradi, yuzlaridan marjon-marjon yoshlar oqdi…
Tom ayg‘irning holini ko‘rib, ko‘nglida g‘alati bir nima paydo bo‘ldi. Ilk bor sirtmoq bilan ho‘kiz ushlaganida bo‘lganidek, bosh-oyog‘i zir titradi. Bir necha daqiqa joyidan qimirlay olmay, o‘zining noyob bandasiga termulib qoldi.
Ko‘p o‘tmay cholning hayajoni so‘ndi. O‘ta mash’um ishni bajargan baytalga egar urdi, yangi arqon olib, yo‘rg‘aning bo‘yniga soldi. Baytalni ayg‘irning oldiga qo‘ydi. Tom yo‘rg‘a endi ketolmasligini bilib, arqonni bo‘sh qo‘ymoqchi bo‘ldi, shunda, xayoliga favqulodda bir fikr keldi. o‘ylab qarasa, g‘oyat zarur bir ish esidan chiqayozibdi. Garchi sharoit bo‘lmasa-da, shu ishni bajarishga kirishdi.
G‘arb odati bo‘yicha yovvoyi yo‘rg‘aning badaniga kim birinchi bo‘lib o‘z tamg‘asini bossa, yo‘rg‘a o‘shaniki bo‘ladi. Yaqin yigirma milda hayvonlarni tamg‘alaydigan asbob topilmaydi, nima qilsa bo‘ladi.
Qari Tom tadbirkor edi. U baytalning taqalarini birin-ketin qarab ko‘rdi. Taqalarning birovi xiyla bo‘shab qolgan edi. Tom shu taqani belkurak bilan qo‘porib oldi.
Yoymani aylanib o‘tin terib keldi. Ko‘p o‘tmay olov lovilladi. Tom taqani bir uchidan qo‘lro‘mol bilan o‘rab ushlab, olovga toblab qizartdi. Keyin taqa qirrasini ayg‘ir bechoraning chap yag‘riniga uch marta bosib oldi, yag‘rinda kurak iz misol dag‘al tamg‘a qoldi.
Yo‘rg‘a qizigan temir badaniga tekkanda seskanib ketdi. Ish ko‘z ochib yumguncha bo‘lib o‘tdi. Shunday qilib, yovvoyi yo‘rg‘a insonga qaram bo‘lib qoldi.
Endi yo‘rg‘ani uyga olib ketish qoldi. Tom sirtmoqni bo‘shatdi. Yo‘rg‘a oyog‘i bo‘shaganini sezib, butunlay erkin bo‘ldim deb o‘yladi, joyidan sapchib turdi, talpindi, ammo yana ag‘anab tushdi. Yo‘rg‘aning old oyoqlari qo‘shib bog‘lab qo‘yilgan, u faqat sapchib-sapchib yurishi mumkin edi.
U qochishga ko‘p intildi, ammo har safar qo‘shaloq bog‘loqlik oyoqlari xalaqit berib, yumalab tushaverdi. Tom baytalni minib, yo‘rg‘ani uyga olib jo‘nadi. U yo‘rg‘ani yetakladi-yu chu-chulab haydadi, turli yo‘llar qilib ko‘rdi, ammo qaysar, badjahl ayg‘ir, oppoq ter ko‘piklarga botgan ayg‘ir bo‘yin egmadi. Ayg‘ir yovvoyilarcha kishnadi, qahr bilan pishqirdi, ozodlik yo‘lida telbalarcha to‘lg‘andi.
Olishuv shafqatsiz, olis davom etdi. Yovvoyi yo‘rg‘aning yarqiroq sag‘irlari qon aralash terdan qorayib ketdi. Behisob yiqilib-turishlar, besamar olishuvlar yo‘rg‘aning shunday tinka-madorini quritdi, u uzun kun davom etgan quvg‘inda ham bunchalik horib tolmagan edi.
Ayg‘ir goh u yoniga, goh bu yoniga tinimsiz talpindi, shiddatli sapchishlari borgan sayin zaiflashib bordi, burnidan otilayotgan ko‘piklar qonga belandi.
Berahm, zo‘ravon g‘olib chol esa sokin bir kayfiyatda ayg‘irni chu-chulab haydadi, yurishga majbur qiladi.
Ayg‘ir bilan chol har bir qadam uchun olishdi, nishab yerdan daraga endi, yana ham pastdagi daralarga eltadigan so‘qmoqlar boshiga yetdi. Bir vaqtlar yo‘rg‘aga qaram bo‘lmish yaylovning shimoliy chegarasi xuddi shu yerdan o‘tadi. Olislardan to‘siqlar hamda fermalar ko‘zga tashlanadi. Qari Tom tantana qiladi.
Yovvoyi yo‘rg‘a qolgan bor kuchini yig‘ib ozodlik yo‘lida jon-jahdi bilan yonbag‘ir bo‘ylab yuqoriga talpindi. Yana, yana yuqoriladi, badaniga botayotgan arqonga ham, uni to‘xtatib, iziga qaytarish uchun uzilgan o‘q ovoziga ham parvo qilmadi, u ozodlikka talpindi…
Yovvoyi yo‘rg‘a yana, yana yuqoriladi, ana, tik qoyaga ko‘tarildi. qoyadan pastga — havoga sakradi, ikki yuz futcha uchib yurdi, yana, yana pastlab… toshga borib tushdi. U jonsiz sulayib qoldi, ammo… ozod bo‘lib qoldi!.

Ernest Seton-Tompson. Yovvoyi yo’rg’a. Tog’ay Murod tarjimasi by Khurshid Davron on Scribd

25

(Tashriflar: umumiy 275, bugungi 1)

Izoh qoldiring