G’afur G’ulom. Afandi o’lmaydigan bo’ldi & Muallifning o’zi o’gigan she’rlar va hikoyalar

09
Атоқли шоир ва ёзувчи академик Ғафур Ғуломнинг таваллуд топган куни муносабати билан тайёрланган саҳифада «Афанди ўлмайдиган бўлди» ҳикоясини ўқишингиз, муаллифнинг ўзи ўқиган шеърлари, «Мулла Насриддин Афанди ва шайтон алайҳилаъна» ва «Ҳасан Кайфий» ҳикояларини тинглашингиз мумкин.

091
Ғафур ҒУЛОМ
АФАНДИ ЎЛМАЙДИГАН БЎЛДИ
03

Афанди даладан бир эшак ўтин териб, шаҳар бозорига олиб тушиб, уч мирига сотди. Қишлоққа қайта туриб йўл-йўлакай эшак қадамидан зерикиб, ўша уч мирилик кумуш тангани ўйнаб келар эди: тангани ўнг бош бармоғининг устига қўйиб чертиб юборар, чап қўлининг кафтида илиб олар, яна чап бош бармоғи тирноғига қўйиб чертиб юборар, ўнг кафти билан илиб олар эди. Танганинг бир томонида подшолик муҳри, иккинчи томонда «Ҳоқон ибни Ҳоқон Султон Сулфиддинхон Ғозий» деб ёзилган тамғаси бор эди. Афанди танганинг ўнги-терсига истеҳзо билан қараб:

—Эй, тавба, бир мисқол келар-келмас қалай аралашган кумуш бўлса, икки томонида ажи-бужи хатлари бўлса, на санъати, на қадр-қиймати бўлса, ана шу бир бурда тангага не-не кишилар муҳтож бўлса, не-не барно аёллар, не-не азамат давангирдай йигитлар саккиз нўхат оғирлигидаги шу темирга эртадан қаро кечгача ишласа… Шу танганг бўлмаса, обрўйинг бир пул, ақлу фаросатинг, илминг ҳемири, қавму қариндош бегона, дўсту ошно сендан узоқ, ҳамма эшиклар бетингга ёпиқ, бозор-ўчардан қадаминг қирқилган, бола-чақа оч, ўзинг яланғоч. Ажаб замона экан-да.¬

Ажаб замонада қолдик,
Яқолар бўлди этак,
Бўз пайтава бўлди,
бошга чиқди патак.
Бунга сен нима дейсан,
ҳанги ҳофизи майда қадам?

Эшак Афандининг сўзига «маъқул» дегандай бошини силкитиб, қулоқларини бир-бирига уриштириб, бедана юриш қилиб кетиб борарди. Афанди танга ўйнашда давом этар эди.

Кеч кириб қолган. Учкўприк деган ерга етганида рўбарўсидан бир оқсоқ ит чиқиб ҳура бошлади. Афанди ҳам, эшак ҳам унга алақсий кетиб, танга ичқиниб ерга тушди, ердаги қайсидир тошга жиринг этиб урилиб, қайгадир йўқолди. Афанди топаман, деган хаёл билан эшакдан бафуржа тушиб, тангани қидира кетди. Кўтариб қарамаган бирор тоши қолмади. Танга ер ютгандай ном-нишонсиз эди. Қош қорайиб, шом тушди. Тополмаслигига кўзи етиб, танга йўқолган жойга атрофдаги катта-кичик тошларни йиғиб келиб қўйди. Эрта билан барвақт келиб яна қидираман, деган ўй билан қишлоғига жўнади.

Эрта билан тонг саҳарда келиб яна қидирди. Тангадан ном-нишон топилмади. Шунда Афандининг хаёлига бир гап келиб қолди:

—Ия, нега мен аввал ўйламабман? Кеча оқшом ҳам мендан бошқа кишилар шу ердан ўтгандир ёки бугун мендан олдин бир неча киши шаҳар томон тушгандир. Наҳотки шулардан биронтаси менинг тангамни топиб олмаган бўлса? Шулардан суриштириш керак!

Шу пайт устидан белини боғлаган, хачир минган бир йигитча шаҳар томон зудлик билан ўтиб қолди. Афанди шошилиб унинг жиловини ушлади:

—Қаёққа кетаётибсан?

—Амаким вафот қилиб қолдилар, жанозага айтиб юрибман.

—Бу ердан кеча ҳам ўтганмидинг?

—Ҳа, кечқурун табиб олиб ўтган эдим.

—Ҳа, баракалла! Тангани чўз!—деди Афанди.

—Қанақа танга?—деди йиғламсираб йигитча.

—Муғамбирлик қилма! Қанақа танга бўларди, уч мирилик бухор тангаси, сандан бошқа ит олармиди, бу ёққа чўз!

—Ман танга-панга кўрганим йўқ, қўйворинг, мулла ака! Ўлик мунтазир бўлиб қолади.

—Ўлигинг билан ишим йўқ, тангани чўз! Бўлмаса хачирдан ағдариб, дўппослайман.

Жанозага одам айтишдан кечикаётган йигитча ади-бади айтиб ўлтиришнинг фойдасизлигини англагач, ёнчиғини ковлаб, уч мири чиқариб берди-да, шошилиб жўнаб кетди. Афанди тангани кафтига солиб ўнги-терисини синчиклаб кўрди:

—Йўқ, бу менинг тангам эмас. Менинг тангамда «Султон Сулфиддинхон» дегани қийшиқроқ ёзилган эди. Ўзимники топилмагунча қидираман. Аммо бу ҳам ортиқчалик қилмайди,—деб ёнчиғига солиб қўйди. Харсангга ўлтириб йўл кузатди. Бу пайт шаҳардан саккизта хурмача, катта сут челак кўтарган ўрта яшар бир қатиқфуруш обкаш кўтариб яёв келар эди. Унга:

—Бир нафас тўхтанг, жонидан акаси! Шу йўлдан қачон ўтган эдингиз?—деди юмшоқлик билан Афанди.

—Илк тонгда, Чўлпон юлдузи кўтарилганда.

—Баракалла,—деди Афанди,—қани тангамни чўзинг!

—Қанақа танга?

—Ўсмоқчиламанг, ука. Шу ерда кеча битта бухор тангаси йўқолган. Уни сиздан бошқа ҳеч ким топиб олмаган, албатта. Шу пулни чўзинг!

—Бўлмаган гап!

Гап можарога айланди. Можаро мушт¬лашувга. Бир хурмача синиб, сут челакнинг қорни пачоқ бўлди. Афандига кучи етмаслигига кўзи етган қатиқфуруш битта уч мириликни бошидан етти айлантириб, Афандига узатди:

—Ма, ол, йўлтўсар, аблаҳ! Бола-чақанг¬га ош бўлмасин, ювғучингга буюрсин.—У сўкина-сўкина синган хурмачасига, ноўрин кетган уч мирисига ачиниб, йўлига равона бўлди. Афанди ундан олган тангани ҳам текшириб:

—Йўқ, бу менинг тангам эмас. Бу танганинг кунгираси сийқаланиб кетибди. Меники зарбдан янги чиққан эди…Ҳай, майли, бу ҳам бир кунга яраб қолар,—деб киссага урибди.

Бугун Афанди ўтган-кетганлардан беш-ўн танга олиб қолган бўлса ҳам, бу тангалар йўқотган тангасига ўхшамас эди.

Ҳазил-ҳазил бора-бора касбга айланиб, Афанди Учкўприк бошида беш йилу уч ой қолиб кетди. Ҳар куни ўтган-кетгандан ўз тангасини сўроқлаб, баъзилар билан яхшиликча, баъзилар билан муштлашиб, уч миридан олиб қоладиган бўлди. Кунига ўн-ўн беш танга тушиб турса ҳам, лекин бу тангалар йўқотган тангасига ўхшамас эди. Афанди, ўз тангамни топмай қўймайман, деб қасам ичиб қўйганлиги учун ўз аҳдидан қайтмас эди. Даладан шаҳарга, шаҳардан далага ўтувчи йўловчилар Афандининг бу тиқилинчига кўниккан эдилар:

—Назармамат, қайси йўлдан кетамиз, уч мири жинни томонданми ёки узоқроқ бўлса ҳам Ғирвон ошиб кетамизми?—деса, бошқа биров:

—Менда танга бор, яқингина Учкўприкдан кетаверамиз,—дерди кулиб.

Аммо тепада Худо бор. Афандининг қилиғига ҳамма кўникса ҳам, Худо кўникмас эди. Беш йилу уч ойдан бери Афандининг қилиқларига ғаши келиб, уни кузатар эди. Охири чидолмади. Битта югурдак фариштани зинғиллатиб Азроилни чақиртирди. Вазифаси кишилар жонини олиш бўлган қўрқинчли Азроил қўлтиғига бир катта китобни қисиб, Худонинг олдига келиб таъзим қилди. Худо Афандини кўрсатиб:

–Бор! Анов банданинг йўқотган уч мирисини топиб бер, кейин жонини ол! У менинг ҳам, бошқа бандаларимнинг ҳам жонига тегди,—деди.

Азроил пастга қараб:

—Ия, бу мулла Насриддин Афанди-ку,—деди.

—Ҳа, ўшанинг жонини ол!

Азроил қўлтиғидаги рўйхат китобининг «Н» ҳарфидан Насриддин Афандини топиб, Худога мурожаат этди:

—Соқолингга садақа бўлай, Художоним, ўзинг ёзган мана бу тақдир китобида Афандининг ўлишига ҳали йигирма бир йил бор, ажали етмаган. Агар ҳозироқ жонини олсам, ердагилар орасида жанжал кўтарилади, сенга ишонмай қўйишади.

—Бўлмаса, қўрқит, чўчит, бу ҳунарини қилмасин. Бошқа енгилроқ ҳунар ўргатиб чиқ.

—Хўп,—деди-ю битта чиккабел фариштани етаклаб ерга тушди.

Азроил эшак арава минган ҳандалакфуруш деҳқон сиёқида Афандига рўбарў бўлди.

—Бу ердан қачон ўтган эдинг?—деди Афанди унга дўқ аралаш.

—Бугун эрталаб.

—Бу ерда уч мирилик битта танга йўқолган. Ўшани сендан бўлак ит ҳам олмаган. Шу тангани эгасига, яъни менга қайтар-да, йўлингга кетавер.

—Бўлмаган гап,—деди Азроил.—Сен беш йилу уч ойдан буён уч мирингни баҳона қилиб, Худойимнинг бандаларидан неча ўн минг танга ундириб олдинг. Бўлди қил! Бўлмаса, ҳозир жонингни оламан!

—Жонингни оламан?! Сен Азроилмидинг?

—Бўлмасам-чи!—Азроил шу заҳотиёқ ўз даҳшатли қиёфасига, эшаги эса чиройли бир фариштага айланди. Афандининг юраги шув этиб кетган бўлса ҳам, сир бой бермади.

—Битта эмас, етти Азроил бирдан келганингда ҳам жонимни олиб бўпсан, гапни айлантирмай тангани чўз!

Азроил билан фаришта Афанди шунча йиллардан бери пўстак солиб ўлтирадиган катта харсангни ағдариб ташладилар-да, тагидаги қуму тупроқларни тирноқлари билан тирмалаб, кўкариб, занглаб кетган тангани Афандига олиб бердилар:

—Ма, ол, тўймагур! Бу ўша, сен йўқотган танга.

Афанди зирҳларидан ўзи йўқотган тангасини таниган бўлса ҳам, тан олмади.

—Бу меники эмас. Менинг тангам янги эди. Ўзимники топилмагунча шу ерда ўлтирганим-ўлтирган.

—Энди ўлтирмайсан,—деди Азроил.—Биз сенга осон, даромадли касб ўргатамиз, кунинг етиб ўлгунингча бемалол бола-чақангни боқасан.

—Қанақа ҳунар экан? Ўзимизникидақа мўмай касбни топиб бўлармиди,—деди Афанди.

—Биз сенга табибликни ўргатамиз,—деди Азроил.

—Табибчиликка илм керак, мен эсам ғирт саводсизман, алифни калтак дея олмайман, қизамиқ билан чипқонни бир-бировидан ажратолмайман, тақсир,—деди Афанди.

—Табибчиликка илмнинг ҳожати йўқ. Худди сендақа авомлардан табибнинг зўри чиқади,—деди Азроил.—Хотинингга элликта халта тиктирасан. Халталарга ҳар хил ўтларни қуритиб, уқалаб соласан. Беш-олти шишада ҳар хил ранго-ранг сувлар тайёрлайсан. Маҳаллангга бориб, тушимда ҳазрати Луқмон оғзимга тупуриб кетди, табиб бўлдим, дейсан. Сал кунда довруғинг оламни босиб кетади. Қолганига мен ёрдам бераман.

—Сен қандай ёрдам берасан?

—Ия, айтдим-ку ахир, мен Азроил—ўлим фариштасиман. Кимнинг ажали етганини мендан олдин биладиган кимса йўқ. Ким ўлади, ким қолади, мен сенга ишоратлар билан маълум қилиб тураман, яъни бир одам касал бўлди, сени табиб деб чақиртирадилар, сен билан қўшилишиб мен ҳам бораман. Сен мени кўрасану халойиқ мени кўрмайди. Агар мен бориб касалнинг оёқ томонида ўлтирсам, билгинки, ўша касал ўлади. Агар бош томонида ўлтирсам, ҳар қандай оғир касал бўлса ҳам соғайиб кетади. Ана шунга қараб ишингни қилаверасан.

Афанди гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай, бу муомалага кўнди. Маҳаллага қайтиб, ўзини табиб деб эълон қилди. Кўпчилик Афандини майна қилиб кулди, кўпчилик жиннига чиқарди. Бир қисм киши ишонди ҳам. Аста-секин Афандининг шуҳрати кўтарилиб, ихлосмандлари орта борди. Чунки унинг ишларига, биласизки, Азроил шерик эди. Ҳа-ҳу дегунча, ҳакими ҳозиқ мулла Насриддиннинг овозаси эл-юртга тарқаб кетди. Кимни қолади, деса қолади, ўлади деса ўлади. Табибгарчиликдан келадиган даромад катта. Ички-ташқилик тунука том, хўроз карнайли иморатлар, қўш хотин, тўрт келин, егани олдида, емагани кетида, молу дунё ҳаддан зиёд, элу юрт ўртасида обрўси башанг, босар-тусарини билмай кеккайиб кетган…

Ана шу зайлда йигирма бир йил ўтиб кетди. Осмондаги Худонинг катта китоби ҳисобида Афандининг ўлим куни етиб келди. Бу гаплардан бехабар Афанди ўзининг касал қабул қиладиган меҳмонхонасида шериги Азроилни кутиб ўлтирар эди. Соат ўндан ҳам ошиб кетди. Азроилдан дарак йўқ. Эшикда одамлар кутар, Афанди меҳмонхонанинг у ёғидан-бу ёғига юриб, сўкинар эди:

—Бу нима деган гап! Шерик бўлгандан кейин хизматга ўз вақтида келиш керак-да!

Кута-кута чарчади шекилли, бахмал кўрпача тўшалган парқу ёстиқли сўрига бориб ястанди. Шу тобда десангиз, Азроил кўкдан тушиб, тўғри Афандининг оёғи тагига ўлтирди. Афанди қўрқиб кетса ҳам, билиб билмасликка олиб, оёғини йиғиштирди. Азроилни койиган бўлди. Ён чўнтагидан йўғон занжирли, қўнғироқли тилла соатини олиб:

—Мана, қара, соат ҳам сал кам ўн бир бўлибди. Эшикда қирқ чоғли касал кутиб ўлтирибди. Сен бўлсанг арши аълода қайси ҳур қиз билан бекинмачоқ ўйнаб юрганмикинсан…

—Шунақамикин,—деди табассум билан Азроил.—Аммо бугун сизнинг навбатингиз. Худонинг осмонидаги катта китобида сизнинг ўлимингиз бугун соат ўн биру ўттиз етти минутга тайин қилинган. Мен йигирма бир йиллик қадрдонлик юзасидан қирқ минутча олдин тушдим. Бола-чақаларингизни, ёр-ошналарингизни чақиринг, васият қилинг. Кейин мен оғритмай аввал эсингизни, кейин жонингизни оламан.

—Бўлмаган гапларни қўйинг,—деди Афанди, довдираганидан сансирашини ҳам эсдан чиқариб.—Эндигина табиблик ҳунарини мағзига етиб, оғзимиз ошга етганда ўлимдан гапирманг! Яна бирон ўн-ўн беш йил тотувлашиб иш қилайлик.

—Иложи йўқ,—деди Азроил.—Қазойи қадарни ўзгартиролмайман. Тайёргарликни кўринг! Гап билан бўлиб, мана, яна тўрт минут ўтиб кетди.

Афанди яна анов-манов деб гап чўзаёт¬ган эди, Азроил шиғ этиб Афандининг ярим белигача жонини олиб қўйди. Афанди жуда қўрқиб кетди.

—Ҳой-ҳой, тўхтанг-тўхтанг, бу нима қўполлик!

—Ҳали вақтим бор, мана энди бу гап бўпти,—деб кулди-да, Азроил жоннинг танобини бўшатиб ўз жойига қўйди.—Васиятни бошланг, Афандим!

—Васият шуки,—деди Афанди,—мен ўз умримда Худойимга кўп гуноҳ қилган бандаман. Худонинг бандаларига йўқолган тангам важидан беш йиллаб озор берганман. Энди Худойимга йиғлаб, тавба қилишим керак. Икки ракаат намоз ўқиб, илтижо қилишим керак. Даргоҳи кенг Худойим зора гуноҳларимдан кечса. Сиз ҳам қасам ичинг. Шу икки ракаат намозимни ўқиб бўлгунимча жонимни олмай турасиз.

Азроил маслаҳат сўрагандай осмонга қаради. Худо Азроилнинг савол назарига: «Майли, Афандига ижозат бера қол, икки ракаат тавба намозини ўқиса ўқий қолсин», деб ижозат берди. Шундан ке¬йин Азроил Афандига қараб:

—Хўп, майли, намозингизни ўқинг. Ўқиб бўлгунингизча жонингизни олмайман,—деди.

—Қасам ич!

—Ўн саккиз минг оламни яратган якка-ягона Худойимнинг номига қасам бўлсинки, икки ракаат намозингизни ўқиб бўлгунингизча жонингизни олмайман.

—Баракалла,—деди Афанди. Сўнг хотиржам носқовоғини олиб кафтини тўлдириб битта отди.—Ма, сен ҳам отасанми? Жуда зўр. Қорақишлоқнинг талқонидан.

Азроил хўмрайиб қараб, индамади. Афанди ташқарига чиқиб таҳорат қилиб келди. Макканинг сурати солинган жойнамозини ёзиб, қиблага қараб имирсилаб намоз бошлади. Азроил кузатиб турарди. Афанди бир ракаатгина намоз ўқиб ўлтирди. Салом бериб, юзига фотиҳа тортди. Бу намоз тамом бўлди, дегани эди. Ҳовлиқиб қолган Азроил:

—Ия, Афандим, намозингиз чала қолди-ку, қолган бир ракаатини ўқимайсизми?

—Вақтим йўқ,—деди илжайиб Афанди.—Эшикда беморлар кутиб қолишди. Қолган бир ракаатини дунёдан зерикканимда ўқийман. Ҳаёт жуда ширин нарса, ҳунаринг жон олиш бўлгандан кейин сен буни тушунармидинг!

Ана шу-шу бўлди-ю Афанди ўлмайдиган бўлди, у бизнинг ҳаётий оламимизда ҳамма ишларимизга аралашиб, кулдириб, хушнуд қилиб юрибди. Азроил бўлса унинг орқасидан бир ракаат намозини қистаб неча юз йиллардан бери овора…

088
ҒАФУР ҒУЛОМНИНГ ЎЗИ ЎҚИГАН ШЕЪРЛАРИ ВА ҲИКОЯЛАРИНИ ТИНГЛАНГ
092

055

(Tashriflar: umumiy 375, bugungi 1)

Izoh qoldiring