Go’zal Begim. Tuproq isi kelar tomirlarimdan & Shoiraning o’zi o’gan she’rlar

044    Дунёнинг қайси гўшасида яшасам-да, мен хоразмликман. Томирларимда шу гўшанинг тупроқ иси уфуради, йиғим ҳам, кулгум ҳам хоразмча. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас…

Гўзал Бегим
ТУПРОҚ ИСИ КЕЛАР ТОМИРЛАРИМДАН
05

    Гўзал Бегим 1974-йили Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетинининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. 2001-2003-йилларда Москвадаги М.Горкий номидаги олий адабиёт курсида таълим олган. Шоиранинг «Сукунат жаранги» (1998), «Учаётган япроқ сояси» (2002), “Шабада қирғоғи” номли шеърий китоблари чоп этилган. “Ўзбек модерн шеърияти” (Тошкент, 2003), “Ёшлар китоби” (Тошкент, 2008), “Анор” (Москва, 2008) тўпламларида асарлари эълон қилинган. Шеърлари рус, инглиз, қозоқ ва бошқа тилларга таржима қилинган.

05

09 Мен икки миллатга мансуб улкан дарахтнинг меваси тарзида дунёга келганман. Отам Жайҳун, Онам Идил сувларидан симириб вояга етган. Болалигимда Хоразмнинг бепоён қумликлари ҳар куни, ҳар лаҳза кўз олдимда товланарди ва онамнинг ҳадсиз-ҳудудсиз ўрмонлар ҳақидаги эртаклари қумликларга туташиб кетарди.

Хоразм – бу менинг юртим, юрак уруғим қадалган воҳа. Хоразм – бу эндигина гулга кирган янтоқнинг ифори, саксовуллар эпкинига айланган диёр. Улкан саҳролар бағрини яшнатиб турган саксовул ва янтоқларни Хоразм лолалари, дегим келади. Қумтоғлар – Ватанимнинг мукаммал сувратларидир.

Хоразм – қуёшнинг қароргоҳи, сахий офтобдай яхшию ёмондан меҳр тафтини аямайдиган инсонлар ўлкаси. Хоразм ҳеч бир таърифларсиз юрак осмонида баландлаб-баландлаб кезгувчи диёр.

Мен Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти Тахта туманига қўшни Қўшкўпир туманида туғилганман. Бизнинг гўшадан оқиб ўтадиган Ғозовот канали устига қўш кўприк қурилган. Бу – Яхшилик ва Эзгулик, Бахт ва Саодат, Муҳаббат ва Садоқат, Матонат ва Маҳобат кўприги гўё. У ернинг кенгликлари, кўллари, тўқайзорлари кўшкўпирликлар учун табиатнинг яшил-мовий эҳсонидир.

Мен учун устоз Матназар Абдулҳаким Хоразмнинг энг баланд чўққисидир. Бу табаррук инсон билан бир замин ва бир замонда туғилганим мен ва бошқа хоразмликлар учун ҳам ажойиб сийловдир. Ахир, сен билан бир асрда шундай улуғ инсон яшаганини билиб, ҳис этиб яшашнинг ўзи бахт-ку! Мана – Хоразмнинг кўзимиз етиб, юрагимиз ета олмаган бемисл қояси. Устоз менда, мен каби неча ўнлаб ёшларда мутолаага, бадиий Сўзга ва гўзалликларни ҳис этиб яшашга рағбат уйғотган. Матназар Абдулҳаким – Хоразм характери, бойлиги, унинг дукиллаб ураётган юраги бўлиб кўринади менга. “Оҳини ҳасса” қилиб яшаб ўтган боболарим – Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Муҳаммад Ризо Огаҳийлар сафига Матназар Абдулҳакимнинг офтобдай иссиқ номини ҳам қўшиб гапиргим келади, келаверади…

Менинг Сўз йўлига киришимда Хоразмга даҳли бўлган ва бўлмаган, сўз қадрини ҳар недан баланд тутгувчи жуда кўп азиз инсонларнинг ҳиссаси бор. Ҳаётдаги ҳар бир инжа ҳаракатлардан таъсир туядиган, томирларимга поёнсиз ҳис ва ҳаяжонни муҳрлаган Отам Ражабдурди Матёқуб ўғли, Онам Зулфира Минниғали қизининг ва устозларим Гулпошша Абдурашид қизи ҳамда Йўлдош Эшмуроднинг исмларини юракдан ўтказяпман. Мени Сўз деб аталган энг шаффоф баландликка етаклагани учун улардан миннатдорман.

Дунёнинг қайси гўшасида яшасам-да, мен хоразмликман. Томирларимда шу гўшанинг тупроқ иси уфуради, йиғим ҳам, кулгум ҳам хоразмча. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас… Ватандан олисда – талабалик йилларимда шундай шеър ёзган эканман:

Агар кўзларимда кўринса Ватан,
Тупроқ иси келса томирларимдан
Кўнглим чўкиб кетган ҳар бир лаҳзада
Кўзимни кўзимга қўйиб йиғласам.

Йиғласам кўзимда титраса Ватан,
Сўзимнинг бир чети ейилган бўлса.
Нетайин, узилган япроқ ортидан
Юрагим ватандай кўриниб турса.

Йил – ўн икки ой қуёшни елкаларида кўтариб яшаётган ҳамюртларимни Хоразмнинг тилла соатига ўхшатаман: ҳеч вақт бузилмайдиган, ҳеч вақт тўхтаб қолмайдиган. Агар кун келиб, бу соатнинг кафгири айланишдан тўхтаса-да, у вақтга, мангуликка ишора бўлиб қолаверади…

ПАТҚАЛАМ
Матназар АБДУЛҲАКИМГА
056
ҳаммаёғим
юрак
қўлларим
қиқирлаб юборар
қайноқ яшиллик
кўзларимни кўкка узатсам
кипригимни чертар
дарпардамда осма ёруғлик

нурга арқон солар сўзларим
қанотларим
табассумли орзу садоси
ерга қараб кетиб бораётган ёмғир
ерга қараб қайтиб келаётган ёмғир

нигоҳимнинг йўллари очиқ
қўнғироқгул
ясайди
жимлик
сочларимнинг узунлигида
кечар куннинг саслари ёйиқ

мана қаранг қўлларим бўм-бўш
соям узра япроқ сояси
патқаламим менинг шамол кемаси
патқаламим бўйдор
Ёлғизлик

СЎЗЛИ
Отам Ражабдурди МАТЁҚУБ ўғлига
1

Оталар
қизларига “Бахтли бўл” дерлар
Сиз эса
Сўзли бўл дейсиз
мана мен сўзли бўляпман
гала-гала сўзлар
учиб келаётир жанубдан
карвон-карвон сўзлар
парвоздаги қаламимнинг бўғзига қўнди
мен тиззаларимга
Сўзларни ўтқазяпман
бошини силаяпман
йиғлаётган
кулаётган
ўмбалоқ ошаётган
Сўзларнинг
руҳимни силкитсам
олмасўз
анорсўз
ва анжирсўзлар
тап-тап тўкилади кўнглим устига
қаламимнинг митти учида
осилиб қолади
паҳлавон сўзлар
сиёҳимни Бахтга уриб олганча
мен Сўзли бўлаяпман Ота
мен Сўзли бўлаяпман Ота

2

Мен
минг сўзли бойман
қараб турар менга
минг қўйли бойлар
харид қилмоқ учун Дард хазинамни
дарахт ўстираман сўзлардан
юлдузларни ясантираман
гулдор михлар суғураман осмон тоқидан
ой ойнаси қамаштирар дилимни
деразамнинг пардаси учиб кетяпти
кун ортига ўтиб боряпти гуллар
минг ямоқ кўнглимдан
учиб-учиб чиқар
минг қанот сўзлар
қаранг
кўкда кўкланмоқда ҳиссим чеҳраси
қаранг
шудгорланган бахт тупроғида
ҳилпиратиб кўнгил кўйлагин
мен минг шеърли бойман Ота
мен минг сўзли бойман Ота

***

Ойгул Суюндиқова учун

Намчил шовуллайди қирмизи мавжлар
биллур қайиғимда умидлар тирбанд
денгиз шеър келтирар қароқларида

Узилган изтироб ипларин улаб
камалак ҳовурига жонидиш тутдим
шамол шеър келтирар – болишлари нур

Кафтим чизиқларин бошлари эгик
кўнглим чизиқлари қуёшга қарар
осмон шеър келтирар – кафтлари юлдуз

Оҳ шаклида ёғар кумуш томчилар
ёмғирпўшим узра булутлар ҳил-ҳил
ёмғир шеър келтирар – атиргул

Сиёҳ ранг кунларим қушга эврилган
ямалган кулгулар қўлимдан тутар
япроқ шеър келтирар яшилдир умрим

Эшигимдан кирмай қолган митти куй
тушимдан чиққиси келмас гулларнинг
шудринг шеър келтирар ялтирар кўнглим

Марварид кўприкдан ўтар кўзларим
ҳовучларим тўла юрак – Қўҳинур
ҳаво шеър келтирар нигоҳлари ҳур

АЛЛА
Ўғлим Ансорга

Ойнинг тўлқинлари оралаб
шитирлайди денгизранг кунлар
рангларни тебратяпман
алла болам алла

Пешонам чизиғида ийманиб
остонамга келди тунли орзулар
оқшомни тебратяпман
алла болам алла

Изтироб шаклида бармоқ товуши
силайди юрагин шабнамнинг
тонгни тебратяпман мен
алла болам алла

Юрагим йўргакланган фаслда
кўзларим тиз чўкди офтобга
қуёшни тебратяпман
алла болам алла

Зил-замбил умидлар оғриғи
кемтилган қирғоғи дилимнинг
юракни тебратдим мен
алла болам алла

Дарахт соясини силкитар сабо
тушимда йиғлайди тўлқинлар
денгизни тебратяпман
алла болам алла

Ойнинг ўн бешида кўзим қораси
қўлимда ловуллаган ҳаяжон
ерни тебратяпман мен
алла болам алла

***

Хорижда

сарғайган хорижда
маъруза ўқийди дарахтлар
мендан қочиб кетган сўзларни олиб
барглар осилиб қолар осмонга
сўзлар тўкилар
оёғини қўймаётган кунлар устига

МЕН ЭМАСМАН

Мен эмасман
уринган виждонинг оғриғини
юрагим оғриғига банду банд этган
хотирингда қоғоз кема суздириб
кўпбурчакли денгиз ясаган менмас
Мен эмасман
исмингни энг ҳарир либосдай кийиб
ишқнинг қони теккан ҳур кийимларни
ва яна ечиб ирғитган менмас
Мен эмасман
ёмғирнинг милёнта томчиларига
милён биринчи расмингни илган
ва тақдирга қараб қийшайган
йиртиқ сувратларнинг кўргазмасига
йиртиқ шодлигини етаклаб борган
менмасман
Мен эмасман
жулдурвақо кийган қўриқчи бўлиб
дилингни
юракхўр қушлардан қўриқлагувчи
руҳият саҳросидаги сассиз чанқоққа
нилуфар сувини қуйган мен эмас
Мен эмасман
Бахтнинг ковушига
бахти шўр парилар расмини чизган
хонамдаги юҳо жимликнинг
қароғида ишва қилган ишқ
югурган
юрагинг бўйлаб югурган
бир лаган йиғини
Хитой таоми деб танаввул қилган
менмасман
ахир мен эмас
Мен эмасман
ғижимлаб очилтирган атиргулларни
тиканларга байрам келтирган
одимларинг изига оёғим сиғмай
туртиб қўйган йўқ қобирғангни
менмасман
Мен эмасман
сен ҳақингда қуёш ила гап сотган
йиғлашни эплолмаган
кулишни лабларига тика олмаган
хўрсиниқ хирмонини
ҳатлаб ўтолмай
умидлари чала туғилган сулув
менмасман
Мен эмасман
тилла қўллари-ла
асрга терс бурилган Будда
уммонни сипқориб
кўнгил уммонида чўккан мен эмас
юрагингга осиғлиқ зил-замбил қулфга
гулдан калит солмоқчи бўлган
олмадан ясалган Хумо қушини
кўксинггамас тирноғингга қўндирган
менмасман
Мен эмасман
йиғлаётган
мен эмасман
кулаётган
мен эмасман
фақат
мен эмас

12 март 2015 йил Тошкент

САМОГА ШЕЪР ЁЗАЁТГАН ҚАЛАМ
ҲАЙКАЛИ ПОЙИДА

Ханой 5 март 2015 йил

Самога шеър ёзмоқда қалам
қўлларимни сал-пал узатсам
мен томонга бурилар олам
Самога шеър ёзмоқда қалам
бир аёл дилини
упа-элик қилган ғашликни
севгиси қуёшдай тутилган доғни
ярми кетиб қолган нимжон титроқни
кўзгуга қарамай қўйган аразни
дарпардалари узилган дилни
симдорларни оҳ деёлмаган
ипларнинг истагини тугиб чандилган
юрагимга тушган қирқта тикимни
пуфлаб шиширилган юрак шаримни
илгакда осилиб турган оҳли одимни
чўнтагимдан тушиб қолган оғриқни
сурурни маъданли
ғамни ой танли
қулоғингга шипшилган
абадиятни
самога нақшлаб ёзмоқда қалам
қўлларимни сал-пал узатсам
само
қалам
ва мен
бир
ОДАМ

***

Дарахтларни таниди баҳор
ва менинг қўлларимни
жасадимга оғирлик қилгувчи
юрагимни тимдалагувчи
ҳасратлар қилгувчи суякларимга
иягим ҳақида мактуб битгувчи
кун бўйи
бўм-бўш ўтирган бўш қути ҳақда
хаёллар сургувчи
ва яна хаёлини тўкиб қўйгувчи
озодликни озодалик дея ўқиган
кўзларим қорасини оқлаб тургувчи
кўйлагининг жилмайган гулларини
хазин ранглар ила бўяб чиққувчи
бармоқларини қисирлатиб
дунё ила суҳбатлашгувчи
сенга узатилган
ва ҳеч қачон етиб бормаган
қўлларимнинг
боши берк чизиқларини
қара таниди баҳор
қўлларимни таниди баҳор

2014 йил 18-март

СЕН ЙЎҚОЛГАН КУНДА

Сен йўқсан
қайси кундан дараклай сени
қайси бир лаҳзанинг
пойларига тиз чўкай эгик
қайси тонг
қайси бир чошгоҳ
қайси шаддод тун
топиб бера олар кулгунгнинг
минг бир бўлагин
айт
мен сени ахтарай
Осиёми
ё Африкадан
Ҳинд уммони бўғозларида
қолиб кетмадингми
кўксимдан тушиб
нилуфаргулларнинг ёноқларига
хол бўлсин деб туҳфа этдимми
сен йўқсан
суягимда жазиллайди
илдизлари темир бир оғриқ
қаламим учини эритаётир
оҳ қасридан силқиган мумиё
сени топа олмай
кўнглим бир томонда
кўзим бир томон
бехосдан шавқ ила югуриб
қучоқ очар сен келмас хона
шундай ибо ила
чиқиб қочиб кетмас
сен йўқолган кун
сен келмас куннинг
қўлларидан ушлаб олиб
излаяпман
юрагимга кирмас бир кунни

***

юрагимга чироқ ёқинг
юрагимда бир доғ ёқинг
юрагимда титроқ ёқинг

юрагимга япроқ тақинг
юрагимга мунчоқ тақинг
юрагимда бир доғ
ёқинг
юрагимда
бир доғ
ёқинг

ҚИЗИМГА

1

Хаёлдаги қизимга
Қачондир
тонгимнинг кесик йўлидан
одимлаб ўтганди
митти қуёшжон
ўйим чокларини сўкиб
қайта тикиб
бир юлдуз
қудуққа тушиб кетганди
Бир юлдуз
дилимда
оқ тошу кўк тош ўйнарди
уриб қочар эди жароҳатимга
бир юлдуз
орзусига кўз тегмасин дея
кипригини узиб тутатар эди
қошларига ўсма қўйган бинафша
баҳор сўрар эди
эпкин сўрар эди
менинг кўзларимдан ташқарида вақт
оёғи совқотар
дили увишар эди
Бир юлдуз
қўлини силкиб силкирди
бир юлдуз
юрагимга уриб қочарди
бир юлдуз
менинг титроқ алламни эшитиб
осмон бешигида ухлаб ётарди
Бир юлдуз
миттигина қўлчасин чўзиб
яра-чақа бахтни имлайверади
мен навбатга турган
қувонч ойнасида
бўғилган бир сурур
уввос тортади
Ана тарозибон
тортиб турар кулиб
бепушт ҳисларимнинг оғирлигини
бошимни урмоқчи бўлсам юрагинг
дўқ уриб дукурлар
сапчир керагинг
Бир юлдуз
этагим озорини маҳкам ушлаб олиб
“Ойижон дадамни уйғотинг” дейди
маҳмадана
бижилдоқ
қайсар
ўша юлдуз
юрагим ўрнини кўрсатар эди

18 март 2015 йил

 2

Бир дунёнинг камига
бир камим етишмайди
ойчеҳра ойингдан бер
зулматни оғиштирай
йилларни адаштирай
юрагинг дукурида
ўлчайин оқликларни
қошларимда кўтарай
сен келар кенгликларни

3

Менинг йўлларимдан ўтмади осмон
уйимга кирмади
мусича рақси
фақат юрагимнинг
жарликларидан
севгилим
ўмариб кетдинг
туғилаётган умидни
ҳар кеч
титроғимни ўмардинг
таладинг эртагимни
бармоқларим шодллигин
ўйинчоқли қийқириқларни
қизим юзидаги митти осмонни
ҳамда
хавотирни минг хил рангдаги
атиргул дилига кўмилган
муҳаббат уруғини
кўтариб
кетдинг
Мен буган
юрак қаватидан
зинама – зина тушиб
кўтарилиб илинж чорпоясидан
қўлимни дилимга соябон қилиб
ахтариб юрибман
юрагимдан ҳар кеч
ўғирлаб кетилган
жажжи кенгликни

***

Бу тун
сен ҳақдаги ўйимдай жуда узун
охирсиз
кетишингдай қоронғи
тийра
келишингдай бир енгил
титроқ
ва мендай
қорайиб кетган
куйинди

***

Исмингни юрагим ювиб турибди
жайдари
мўмин
ва
мусулмон исмингни
ва яна
қисматимга қараб
қовоқ уймаган
исмингни
ҳаётим
ювади
ювади
тинмай

Go’zal Begim
TUPROQ ISI KELAR TOMIRLARIMDAN
05

Go’zal Begim 1974-yili Xorazm viloyatining Qo’shko’pir tumanida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetinining o’zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. 2001-2003-yillarda Moskvadagi M.Gorkiy nomidagi oliy adabiyot kursida ta’lim olgan. Shoiraning «Sukunat jarangi» (1998), «Uchayotgan yaproq soyasi» (2002), “Shabada qirg’og’i” nomli she’riy kitoblari chop etilgan. “O’zbek modern she’riyati” (Toshkent, 2003), “Yoshlar kitobi” (Toshkent, 2008), “Anor” (Moskva, 2008) to’plamlarida asarlari e’lon qilingan. She’rlari rus, ingliz, qozoq va boshqa tillarga tarjima qilingan.

05

 Men ikki millatga mansub ulkan daraxtning mevasi tarzida dunyoga kelganman. Otam Jayhun, Onam Idil suvlaridan simirib voyaga yetgan. Bolaligimda Xorazmning bepoyon qumliklari har kuni, har lahza ko’z oldimda tovlanardi va onamning hadsiz-hududsiz o’rmonlar haqidagi ertaklari qumliklarga tutashib ketardi.

Xorazm – bu mening yurtim, yurak urug’im qadalgan voha. Xorazm – bu endigina gulga kirgan yantoqning ifori, saksovullar epkiniga aylangan diyor. Ulkan sahrolar bag’rini yashnatib turgan saksovul va yantoqlarni Xorazm lolalari, degim keladi. Qumtog’lar – Vatanimning mukammal suvratlaridir.

Xorazm – quyoshning qarorgohi, saxiy oftobday yaxshiyu yomondan mehr taftini ayamaydigan insonlar o’lkasi. Xorazm hech bir ta’riflarsiz yurak osmonida balandlab-balandlab kezguvchi diyor.

Men Turkmanistonning Toshhovuz viloyati Taxta tumaniga qo’shni Qo’shko’pir tumanida tug’ilganman. Bizning go’shadan oqib o’tadigan G’ozovot kanali ustiga qo’sh ko’prik qurilgan. Bu – Yaxshilik va Ezgulik, Baxt va Saodat, Muhabbat va Sadoqat, Matonat va Mahobat ko’prigi go’yo. U yerning kengliklari, ko’llari, to’qayzorlari ko’shko’pirliklar uchun tabiatning yashil-moviy ehsonidir.

Men uchun ustoz Matnazar Abdulhakim Xorazmning eng baland cho’qqisidir. Bu tabarruk inson bilan bir zamin va bir zamonda tug’ilganim men va boshqa xorazmliklar uchun ham ajoyib siylovdir. Axir, sen bilan bir asrda shunday ulug’ inson yashaganini bilib, his etib yashashning o’zi baxt-ku! Mana – Xorazmning ko’zimiz yetib, yuragimiz yeta olmagan bemisl qoyasi. Ustoz menda, men kabi necha o’nlab yoshlarda mutolaaga, badiiy So’zga va go’zalliklarni his etib yashashga rag’bat uyg’otgan. Matnazar Abdulhakim – Xorazm xarakteri, boyligi, uning dukillab urayotgan yuragi bo’lib ko’rinadi menga. “Ohini hassa” qilib yashab o’tgan bobolarim – Najmiddin Kubro, Pahlavon Mahmud, Muhammad Rizo Ogahiylar safiga Matnazar Abdulhakimning oftobday issiq nomini ham qo’shib gapirgim keladi, kelaveradi…

Mening So’z yo’liga kirishimda Xorazmga dahli bo’lgan va bo’lmagan, so’z qadrini har nedan baland tutguvchi juda ko’p aziz insonlarning hissasi bor. Hayotdagi har bir inja harakatlardan ta’sir tuyadigan, tomirlarimga poyonsiz his va hayajonni muhrlagan Otam Rajabdurdi Matyoqub o’g’li, Onam Zulfira Minnig’ali qizining va ustozlarim Gulposhsha Abdurashid qizi hamda Yo’ldosh Eshmurodning ismlarini yurakdan o’tkazyapman. Meni So’z deb atalgan eng shaffof balandlikka yetaklagani uchun ulardan minnatdorman.

Dunyoning qaysi go’shasida yashasam-da, men xorazmlikman. Tomirlarimda shu go’shaning tuproq isi ufuradi, yig’im ham, kulgum ham xorazmcha. Boshqacha bo’lishi mumkin ham emas… Vatandan olisda – talabalik yillarimda shunday she’r yozgan ekanman:

Agar ko’zlarimda ko’rinsa Vatan,
Tuproq isi kelsa tomirlarimdan
Ko’nglim cho’kib ketgan har bir lahzada
Ko’zimni ko’zimga qo’yib yig’lasam.

Yig’lasam ko’zimda titrasa Vatan,
So’zimning bir cheti yeyilgan bo’lsa.
Netayin, uzilgan yaproq ortidan
Yuragim vatanday ko’rinib tursa.

Yil – o’n ikki oy quyoshni yelkalarida ko’tarib yashayotgan hamyurtlarimni Xorazmning tilla soatiga o’xshataman: hech vaqt buzilmaydigan, hech vaqt to’xtab qolmaydigan. Agar kun kelib, bu soatning kafgiri aylanishdan to’xtasa-da, u vaqtga, mangulikka ishora bo’lib qolaveradi…

PATQALAM
Matnazar ABDULHAKIMGA
056
hammayog’im
yurak
qo’llarim
qiqirlab yuborar
qaynoq yashillik
ko’zlarimni ko’kka uzatsam
kiprigimni chertar
darpardamda osma yorug’lik

nurga arqon solar so’zlarim
qanotlarim
tabassumli orzu sadosi
yerga qarab ketib borayotgan yomg’ir
yerga qarab qaytib kelayotgan yomg’ir

nigohimning yo’llari ochiq
qo’ng’iroqgul
yasaydi
jimlik
sochlarimning uzunligida
kechar kunning saslari yoyiq

mana qarang qo’llarim bo’m-bo’sh
soyam uzra yaproq soyasi
patqalamim mening shamol kemasi
patqalamim bo’ydor
Yolg’izlik

SO’ZLI
Otam Rajabdurdi MATYOQUB o’g’liga
1

Otalar
qizlariga “Baxtli bo’l” derlar
Siz esa
So’zli bo’l deysiz
mana men so’zli bo’lyapman
gala-gala so’zlar
uchib kelayotir janubdan
karvon-karvon so’zlar
parvozdagi qalamimning bo’g’ziga qo’ndi
men tizzalarimga
So’zlarni o’tqazyapman
boshini silayapman
yig’layotgan
kulayotgan
o’mbaloq oshayotgan
So’zlarning
ruhimni silkitsam
olmaso’z
anorso’z
va anjirso’zlar
tap-tap to’kiladi ko’nglim ustiga
qalamimning mitti uchida
osilib qoladi
pahlavon so’zlar
siyohimni Baxtga urib olgancha
men So’zli bo’layapman Ota
men So’zli bo’layapman Ota

2

Men
ming so’zli boyman
qarab turar menga
ming qo’yli boylar
xarid qilmoq uchun Dard xazinamni
daraxt o’stiraman so’zlardan
yulduzlarni yasantiraman
guldor mixlar sug’uraman osmon toqidan
oy oynasi qamashtirar dilimni
derazamning pardasi uchib ketyapti
kun ortiga o’tib boryapti gullar
ming yamoq ko’nglimdan
uchib-uchib chiqar
ming qanot so’zlar
qarang
ko’kda ko’klanmoqda hissim chehrasi
qarang
shudgorlangan baxt tuprog’ida
hilpiratib ko’ngil ko’ylagin
men ming she’rli boyman Ota
men ming so’zli boyman Ota

***

Oygul Suyundiqova uchun

Namchil shovullaydi qirmizi mavjlar
billur qayig’imda umidlar tirband
dengiz she’r keltirar qaroqlarida

Uzilgan iztirob iplarin ulab
kamalak hovuriga jonidish tutdim
shamol she’r keltirar – bolishlari nur

Kaftim chiziqlarin boshlari egik
ko’nglim chiziqlari quyoshga qarar
osmon she’r keltirar – kaftlari yulduz

Oh shaklida yog’ar kumush tomchilar
yomg’irpo’shim uzra bulutlar hil-hil
yomg’ir she’r keltirar – atirgul

Siyoh rang kunlarim qushga evrilgan
yamalgan kulgular qo’limdan tutar
yaproq she’r keltirar yashildir umrim

Eshigimdan kirmay qolgan mitti kuy
tushimdan chiqqisi kelmas gullarning
shudring she’r keltirar yaltirar ko’nglim

Marvarid ko’prikdan o’tar ko’zlarim
hovuchlarim to’la yurak – Qo’hinur
havo she’r keltirar nigohlari hur

ALLA
O’g’lim Ansorga

Oyning to’lqinlari oralab
shitirlaydi dengizrang kunlar
ranglarni tebratyapman
alla bolam alla

Peshonam chizig’ida iymanib
ostonamga keldi tunli orzular
oqshomni tebratyapman
alla bolam alla

Iztirob shaklida barmoq tovushi
silaydi yuragin shabnamning
tongni tebratyapman men
alla bolam alla

Yuragim yo’rgaklangan faslda
ko’zlarim tiz cho’kdi oftobga
quyoshni tebratyapman
alla bolam alla

Zil-zambil umidlar og’rig’i
kemtilgan qirg’og’i dilimning
yurakni tebratdim men
alla bolam alla

Daraxt soyasini silkitar sabo
tushimda yig’laydi to’lqinlar
dengizni tebratyapman
alla bolam alla

Oyning o’n beshida ko’zim qorasi
qo’limda lovullagan hayajon
yerni tebratyapman men
alla bolam alla

***

Xorijda

sarg’aygan xorijda
ma’ruza o’qiydi daraxtlar
mendan qochib ketgan so’zlarni olib
barglar osilib qolar osmonga
so’zlar to’kilar
oyog’ini qo’ymayotgan kunlar ustiga

MEN EMASMAN

Men emasman
uringan vijdoning og’rig’ini
yuragim og’rig’iga bandu band etgan
xotiringda qog’oz kema suzdirib
ko’pburchakli dengiz yasagan menmas
Men emasman
ismingni eng harir libosday kiyib
ishqning qoni tekkan hur kiyimlarni
va yana yechib irg’itgan menmas
Men emasman
yomg’irning milyonta tomchilariga
milyon birinchi rasmingni ilgan
va taqdirga qarab qiyshaygan
yirtiq suvratlarning ko’rgazmasiga
yirtiq shodligini yetaklab borgan
menmasman
Men emasman
juldurvaqo kiygan qo’riqchi bo’lib
dilingni
yurakxo’r qushlardan qo’riqlaguvchi
ruhiyat sahrosidagi sassiz chanqoqqa
nilufar suvini quygan men emas
Men emasman
Baxtning kovushiga
baxti sho’r parilar rasmini chizgan
xonamdagi yuho jimlikning
qarog’ida ishva qilgan ishq
yugurgan
yuraging bo’ylab yugurgan
bir lagan yig’ini
Xitoy taomi deb tanavvul qilgan
menmasman
axir men emas
Men emasman
g’ijimlab ochiltirgan atirgullarni
tikanlarga bayram keltirgan
odimlaring iziga oyog’im sig’may
turtib qo’ygan yo’q qobirg’angni
menmasman
Men emasman
sen haqingda quyosh ila gap sotgan
yig’lashni eplolmagan
kulishni lablariga tika olmagan
xo’rsiniq xirmonini
hatlab o’tolmay
umidlari chala tug’ilgan suluv
menmasman
Men emasman
tilla qo’llari-la
asrga ters burilgan Budda
ummonni sipqorib
ko’ngil ummonida cho’kkan men emas
yuragingga osig’liq zil-zambil qulfga
guldan kalit solmoqchi bo’lgan
olmadan yasalgan Xumo qushini
ko’ksinggamas tirnog’ingga qo’ndirgan
menmasman
Men emasman
yig’layotgan
men emasman
kulayotgan
men emasman
faqat
men emas

12 mart 2015 yil Toshkent

SAMOGA SHE’R YOZAYOTGAN QALAM
HAYKALI POYIDA

Xanoy 5 mart 2015 yil

Samoga she’r yozmoqda qalam
qo’llarimni sal-pal uzatsam
men tomonga burilar olam
Samoga she’r yozmoqda qalam
bir ayol dilini
upa-elik qilgan g’ashlikni
sevgisi quyoshday tutilgan dog’ni
yarmi ketib qolgan nimjon titroqni
ko’zguga qaramay qo’ygan arazni
darpardalari uzilgan dilni
simdorlarni oh deyolmagan
iplarning istagini tugib chandilgan
yuragimga tushgan qirqta tikimni
puflab shishirilgan yurak sharimni
ilgakda osilib turgan ohli odimni
cho’ntagimdan tushib qolgan og’riqni
sururni ma’danli
g’amni oy tanli
qulog’ingga shipshilgan
abadiyatni
samoga naqshlab yozmoqda qalam
qo’llarimni sal-pal uzatsam
samo
qalam
va men
bir
ODAM

***

Daraxtlarni tanidi bahor
va mening qo’llarimni
jasadimga og’irlik qilguvchi
yuragimni timdalaguvchi
hasratlar qilguvchi suyaklarimga
iyagim haqida maktub bitguvchi
kun bo’yi
bo’m-bo’sh o’tirgan bo’sh quti haqda
xayollar surguvchi
va yana xayolini to’kib qo’yguvchi
ozodlikni ozodalik deya o’qigan
ko’zlarim qorasini oqlab turguvchi
ko’ylagining jilmaygan gullarini
xazin ranglar ila bo’yab chiqquvchi
barmoqlarini qisirlatib
dunyo ila suhbatlashguvchi
senga uzatilgan
va hech qachon yetib bormagan
qo’llarimning
boshi berk chiziqlarini
qara tanidi bahor
qo’llarimni tanidi bahor

2014 yil 18-mart

SEN YO’QOLGAN KUNDA

Sen yo’qsan
qaysi kundan daraklay seni
qaysi bir lahzaning
poylariga tiz cho’kay egik
qaysi tong
qaysi bir choshgoh
qaysi shaddod tun
topib bera olar kulgungning
ming bir bo’lagin
ayt
men seni axtaray
Osiyomi
yo Afrikadan
Hind ummoni bo’g’ozlarida
qolib ketmadingmi
ko’ksimdan tushib
nilufargullarning yonoqlariga
xol bo’lsin deb tuhfa etdimmi
sen yo’qsan
suyagimda jazillaydi
ildizlari temir bir og’riq
qalamim uchini eritayotir
oh qasridan silqigan mumiyo
seni topa olmay
ko’nglim bir tomonda
ko’zim bir tomon
bexosdan shavq ila yugurib
quchoq ochar sen kelmas xona
shunday ibo ila
chiqib qochib ketmas
sen yo’qolgan kun
sen kelmas kunning
qo’llaridan ushlab olib
izlayapman
yuragimga kirmas bir kunni

***

yuragimga chiroq yoqing
yuragimda bir dog’ yoqing
yuragimda titroq yoqing

yuragimga yaproq taqing
yuragimga munchoq taqing
yuragimda bir dog’
yoqing
yuragimda
bir dog’
yoqing

QIZIMGA

1

Xayoldagi qizimga
Qachondir
tongimning kesik yo’lidan
odimlab o’tgandi
mitti quyoshjon
o’yim choklarini so’kib
qayta tikib
bir yulduz
quduqqa tushib ketgandi
Bir yulduz
dilimda
oq toshu ko’k tosh o’ynardi
urib qochar edi jarohatimga
bir yulduz
orzusiga ko’z tegmasin deya
kiprigini uzib tutatar edi
qoshlariga o’sma qo’ygan binafsha
bahor so’rar edi
epkin so’rar edi
mening ko’zlarimdan tashqarida vaqt
oyog’i sovqotar
dili uvishar edi
Bir yulduz
qo’lini silkib silkirdi
bir yulduz
yuragimga urib qochardi
bir yulduz
mening titroq allamni eshitib
osmon beshigida uxlab yotardi
Bir yulduz
mittigina qo’lchasin cho’zib
yara-chaqa baxtni imlayveradi
men navbatga turgan
quvonch oynasida
bo’g’ilgan bir surur
uvvos tortadi
Ana tarozibon
tortib turar kulib
bepusht hislarimning og’irligini
boshimni urmoqchi bo’lsam yuraging
do’q urib dukurlar
sapchir keraging
Bir yulduz
etagim ozorini mahkam ushlab olib
“Oyijon dadamni uyg’oting” deydi
mahmadana
bijildoq
qaysar
o’sha yulduz
yuragim o’rnini ko’rsatar edi

18 mart 2015 yil

2

Bir dunyoning kamiga
bir kamim yetishmaydi
oychehra oyingdan ber
zulmatni og’ishtiray
yillarni adashtiray
yuraging dukurida
o’lchayin oqliklarni
qoshlarimda ko’taray
sen kelar kengliklarni

3

Mening yo’llarimdan o’tmadi osmon
uyimga kirmadi
musicha raqsi
faqat yuragimning
jarliklaridan
sevgilim
o’marib ketding
tug’ilayotgan umidni
har kech
titrog’imni o’marding
talading ertagimni
barmoqlarim shodlligin
o’yinchoqli qiyqiriqlarni
qizim yuzidagi mitti osmonni
hamda
xavotirni ming xil rangdagi
atirgul diliga ko’milgan
muhabbat urug’ini
ko’tarib
ketding
Men bugan
yurak qavatidan
zinama – zina tushib
ko’tarilib ilinj chorpoyasidan
qo’limni dilimga soyabon qilib
axtarib yuribman
yuragimdan har kech
o’g’irlab ketilgan
jajji kenglikni

***

Bu tun
sen haqdagi o’yimday juda uzun
oxirsiz
ketishingday qorong’i
tiyra
kelishingday bir yengil
titroq
va menday
qorayib ketgan
kuyindi

***

Ismingni yuragim yuvib turibdi
jaydari
mo’min
va
musulmon ismingni
va yana
qismatimga qarab
qovoq uymagan
ismingni
hayotim
yuvadi
yuvadi
tinmay

045

(Tashriflar: umumiy 2 756, bugungi 3)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum, ustoz! Shoira- Go’zal Begimning she’rlari juda go’zal, har bir so’z san’atkarona, nozik did bilan tanlangan. Yaproqlar shivirini eslatadi bu she’rlar.

Izoh qoldiring