Ikki xalq farzandi (Maqsud Shayxzoda)

09     Мақсуд Шайхзода… Озарбайжон диёрида туғилган, фалакнинг гардиши билан ўзбек тупроғига келиб қолиб, мустабид тузумнинг тазйиқ ва таҳдидларига қарамай, завқу шавқ билан ижод қилган, замонавий ўзбек тили ва адабиёти тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган бу буюк ижодкорнинг муборак номи ҳеч қачон халқимиз хотирасидан ўчмаслиги лозим.

091

«Икки халқ фарзанди» (Мақсуд Шайхзода)
Сценарий муаллифи, режиссёр ва оператор: Э. Мамедов
Бу фильм шоир ва олим Мақсуд Шайхзода ҳаёти ва ижоди саҳифаларига бағишланади.

091

05Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири, «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2001) машҳур шоир, забардаст драматург, адабиётшунос олим ва таржимон Мақсуд Шайхзода 1908 йили Озарбойжоннинг Оқтош шахрида таваллуд топди.

Бошланғич ва ўрта маълумотни Оқтошда олгач, Боку Олий педагогика институтида сиртдан ўқиди ва 1925 йилдан бошлаб Дарбанд шаҳрида муаллимлик билан шуғулланди.

Шайхзода 1928 йилда Тошкентга келиб, турли газета ва журналлар таҳририятларида, 1935—1938 йилларда эса Фанлар қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1938 йилдан то умрининг сўнгига қадар Низомий номли Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозирги университет)нинг ўзбек классик адабиёти кафедрасида доцент вазифасида хизмат қилиб, юқори малакали кадрлар тайёрлади. Шоирнинг адабий фаолияти 1929 йилдан бошланди. Унинг «Ўн шеър» (1932), «Ундошларим» (1933), «Учинчи китоб» (1934), «Жумҳурият» (1935) тўпламларининг нашр этилиши адабиётга ўзига хос овозли шоир кириб келаётганидан дарак берди.

Уруш йилларида шоир бутун ижодий қувватини, қалб ҳароратини душман устидан ғалабага сафарбар этди. Урушнинг биринчи кунлариданоқ жанг қаҳрамонларини улуғловчи, фронт орқасидаги кишиларнинг фидокорона меҳнатини ифодаловчи «Кураш нечун?» (1941), «Жанг ва қўшиқ» (1942), «Капитан Гастелло» (1941), «Кўнгил дейдики…» каби шеърий тўпламлари, «Жалолиддин Мангуберди» (1944) тарихий драмаси ва бошқа қатор публицистик асарларини яратди.

Мақсуд Шайхзода урушдан кейинги тинч қурилиш йилларида Ватанимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган зафарли меҳнат, тинчлик учун кураш ҳақида «Ўн беш йилнинг дафтари», «Олқишларим», «Замон торлари», «Шуъла», «Чорак аср девони» каби шеърий тўпламларини яратди.

Оташин шоир мустабид тузумнинг жабр-зулмидан четда қолмади. У биринчи бор 1928 йили ОГПУ томонидан қамоққа олинган ва советларга қарши ташвиқотда айбланиб, 3 йилга Ўзбекистонга сургун қилинган эди.

Шайхзода Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасидан ўчирилиб, 1952 йил 22 сентабрда қамоққа олинади ва 25 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Шоир Сталин вафотидан кейин озодликка эришгач ижодга қайтиб, 1958 йили кўҳна ва, айни чоғда, навқирон Тошкент шаҳрига бағишланган «Тошкентнома» лирик достонини яратди. Истеъдодли драматург 1960 йилда ёзган «Мирзо Улуғбек» трагедиясида буюк ўзбек мунажжими ва маърифатпарвар подшоси образини ўзбек адибларидан биринчи бўлиб яратди.

Шайхзода Пушкиннинг «Мис чавандоз», Лермонтовнинг «Кавказ асири», Маяковскийнинг «Жуда соз» достонлари ва кўплаб шеърларини, Шекспирнинг «Ҳамлет», «Ромео ва Жульетта» трагедиялари ва сонетларини, Нозим Ҳикматнинг шеърларини, озарбойжон шоирлари асарларини ўзбек тилига ағдарди.

Шайхзода 1967 йили вафот этди. У Тошкентнинг Форобий қабристонига дафн этилган.

Мустақиллик шарофати билан у 2001 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

Хуршид Даврон
ШАЙХЗОДА ХОТИРАСИГА
091

Кўкка зийрак қулоқ тутарди
Тутмоқ бўлиб тун овозини,
Ёр юзига энгашган каби
Эгиларди қоғозга бирдан.

Кечалари ойнинг шуъласи
Ёритаркан шеър қоғозини,
Тутатарди папиросини
Ёниб турган қалами билан.

1983

054

(Tashriflar: umumiy 214, bugungi 1)

Izoh qoldiring