Mirpo’lat Mirzo ‘’She’r sehri’ teleloyihasida.

033
Мирпўлат Мирзо 1949 йил 20 августда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1999). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1971). «Тонг жилваси», (1976), «Ишқ фасли» (1978), «Яхши кунлар» (1981), «Сунбула» (1985), «Мовий дарё» (1988), «Атиргул ва юлдузлар» (1990), «Онажон», (1995), «Сайланма» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Сомон йўли чечаклари», (2004), «Сайра, дўмбирам» (қозоқ шеърияти антологияси, 2005), Г. Э. Лессингнинг «Донишманд Натан» шеърий драмасини, В. Шекспирнинг «Ёз куни ғаройиботлари» пьесасини ўзбек тилига таржима қилган. Борис Пастернак (1999) ва «Алаш» (2001) номидаги халқаро мукофотлар сохиби.

001

011

Мирпўлат Мирзо
ЮРТИМ, СЕВДИМ СЕНИ ЮРАКДАН

Водийда баҳор

Қамчиқ довонидан ўтиб қарасанг,
Манзара кўринар ажиб, бокира.
Чулғамиш водийни бир баҳорий ранг,
Унинг ҳуснига кўз тегмасин сира.

Боғлар ифорларга чўмилар сармаст,
Кўклам адирларга ёймиш палаклар.
Ҳув, уфқда сузган туманлар эмас,
Исириқ тутатар кўкда малаклар.

География ўқитувчиси

География ўқитувчисига қийин бу асрда,
Турфа низолардан тинчимади замон.
Ер юзида жўшар тўфону қасирға,
Давом этар унда талатўп ҳамон.

Сайёрани ҳеч ким унингча севмас,
Сурати кўз ўнгидан кетмайди нари.
Курраи арз унинг учун глобус эмас,
Аслаҳахонада ётган ер шари.

Дарс берар у миллат талабасига,
Аудиторияда ҳар куни овози таралар.
Бироқ, ҳадикда боқар жаҳон харитасига –
Ўзгармадимикан давлатлар, чегаралар?

Сўзлар қитъалардан, сўзлар иқлимлардан,
Ёш қалбларни дунёга этгудек шайдо.
Лекин юраги унинг ҳадикда ҳар дам –
Бўлмадими уммон ўрнида саҳролар пайдо?

У жаҳон мамлакатлари ҳақида сўзларкан,
Ҳар биттаси ҳақида алоҳида тўхтар.
Рангдор харита унинг наздида баъзан
Ҳасратнинг қуроқ-қуроқ суратига ўхшар.

Ўзгариб бормоқда азалий табиат, э воҳ,
Сайёра бошида алланечук ғам.
Асаблар акси бўлиб чақнаганда чақмоқ,
Чатнар мангу музлик – Антарктида ҳам.

Унинг теран орзуси шундоқ эрур, чин,
Барча эллар бахти бўлсин бус-бутун.
Ҳар вақт қитъалардан ҳарир эпкинлар эссин,
Бирон-бир водийдан ўрламасин кўкка тутун.

Яна бир орзуси бор юрагин тубида –
Дунёнинг бошқа бир бурчида унинг касбдоши,
Яъни, география ўқитувчиси ўзининг дарсида
Ўзбекистон ҳақида сўзласин тўлиб-тошиб.

Харитага яқин келиб, кўрсатиб десин:
– Янги ой шаклидаги мана бу мамлакат
Ўзбекистон деган юртдир: ҳур эркин,
Унда эзгу инсонлар яшайди фақат.

Илк глобусни яратган Беруний юрти бу,
Тарихи улуғлардан бамисли каҳкашон.
Бу мамлакат ҳилолдек сочар экан ёғду,
Сайёрамиз заволга юз тутмас ҳеч қачон!

Ғафур Ғулом

Буюк эрк ҳисси ҳеч бўлмагай барбод,
Дарахшон юлдуздек дилда орзу шан.
Ассалом, эй юртим – музаффар, озод,
Мен бахтинг куйчиси – Ғафур Ғуломман!

Кетди-ку, зулм-қутқу булутдек тарқаб,
Халқим, дастинг етди юксак қуёшга.
Буюк толеингни турибман алқаб,
Мен ҳам, мана, кириб муборак ёшга.

Қошимни чимириб, бир зум олиб тин,
Умрим баҳолайман, инсонга хос бу:
Ёлғонни гоҳ чин деб инондим, лекин,
Юртим, севдим сени юракдан рост бу.

Юпатдим дилни гоҳ кулгилар билан,
Чун ғаним шарпаси маълум ҳар касда.
Яшадим шоқолу тулкилар билан –
Яшагандек арслон битта қафасда.

О, шеърий хитоблар, о, пуч мисралар,
Сизни қўл учида битдим гоҳида, –
Нечоғли туйсам ҳам теран, шоҳ асар
Юртим ҳасратида, юртим оҳида!..

Мутафаккир укам, интилиб олға,
Истеҳзо қилмоққа ҳақлисан юз бор.
Билмадим, тушардинг сен нечук ҳолга
Тепангда сиртмоғин ўйнатганда дор?!.

Ҳарқалай, ҳур айём нурли комидан
Мозийнинг юзига тик боқолган мард.
Дунёга бонг урдим ўзбек номидан,
Ўзбек деган номга юқтирмадим гард…

Ассалом, эй юртим, ассалом, Ватан,
Бахтинг умидида яйраб-елурман!
Сен қачон йўқласанг, йиллар қаъридан
Ҳамиша: “Лаббай!” деб чиқиб келурман!

Андижон

Баъзан умринг айёмлари нурли бирам,
Баъзан кўнглинг тўлмагайдир кечган ондан.
Тонг еллари шивирлади: – Йўлга отлан,
Юрагингга илҳом топгунг Андижондан!

Осмонўпар чўққиларга юзландим, мен,
Нидосидан томиримда туйдим титроқ:
– Шоир Чўлпон шеъри юксак биздан-да, чин,
Мирзо Бобур руҳи биздан виқорлироқ!

Дарёлардан сўрадим сўнг: – Сиздек кабир,
Жўмард қалблар қай пучмоқда, қай маконда?
Улар айтди: – Сен қалбларга боққин, ахир,
Дарёдилли одамлар бор Андижонда!

Чаманларга юзим бурдим ошуфта ҳол:
– Қай чаманни, айтинг, сизга айлай қиёс?
Деди улар: – Бизларни ҳам қилгайдир лол
Андижонда очилганда гуллар қийғос!

Сокин кеча фалакларга кўзим тикдим,
Акси борми дея ерда каҳкашоннинг?
Ҳилол менга айтди: – Тунлар термулиб жим,
Кўрдим уни кўчасида Андижоннинг!

Бағрингга мен келдим юксак туйғу билан,
Ажиб байтлар шарораси тушди жонга.
Мен одатда мўъжизага бермасдим тан,
Ҳайратимни ҳадя этдим Андижонга!

Теранлик

Иброҳим ҒАФУРОВга

Юрагида ҳислар урганда туғён,
Туйғулар чирмаса вужудни майин…
Вазмин тутолгайми ўзини инсон,
Гўёки ҳеч нарса бўлмагандайин?

Ғалаён қилса гоҳ изтироб чандон,
Ҳасратлар қаддини айлаб турса дол…
Вазмин тутолгайми ўзини инсон,
Гўёки ҳеч нарса бўлмаган мисол?

Элу юрт дардига боқмайин лоқайд,
Ёшлантириб турса ғамлар кўзини –
Ҳар қандай бардошли инсон ҳам бу пайт
Кўрсата олгайми вазмин ўзини?

Умр деганлари уқубат қат-қат,
Заволдир гоҳ битта нотўғри қадам…
Ҳаёт уммонида сузаркан, фақат
Вазмин кўрингайдир айсберг-одам.

(Tashriflar: umumiy 47, bugungi 1)

Izoh qoldiring