Muslim Magomayevning «Ona» (Ana) qo’shig’ini tinglab…

Ashampoo_Snap_2017.08.09_15h09m08s_003_.png17 август — Муслим Магомаев таваллудининг 75 йиллиги
 

    Она ҳақида қўшиқлар кўп. Лекин қай бири Онанинг “иссиқ қараши”ни ёдингга сола олди? Тилга кўчмас оғирдан-оғир иқрорлар билан юзлаштирдими? Музлаётган ҳисларингни-чи, саслантира оладими?

МУСЛИМ МАГАМАЕВ. АНА
Иқбол Қўшшаева
055

“Иссиқ қарашингдан бағрим йиғлайдир…”
Рауф Парфи

Ashampoo_Snap_2017.08.09_15h34m07s_001_.jpgОна ҳақида қўшиқлар кўп. Лекин қай бири Онанинг “иссиқ қараши”ни ёдингга сола олди? Тилга кўчмас оғирдан-оғир иқрорлар билан юзлаштирдими? Музлаётган ҳисларингни-чи, саслантира оладими? …Йиғлоқи оҳангнинг ўзиёқ юрагимга тўсиқ қўяди. Ҳасратлар шодаси шу қадар ўгайки, амалдан тушган арбоб ярим-ёрти аламини ўз-ўзича хиргойи қилаётгандай. Жуда бегона. Наҳот, онага нисбатан ўзимизнинг ичкин муносабатимиз, соф оғриғимиз, соғинчимиз йўқ?!

…Бу омонсиз хаёлларлардан мени Муслим Магомаевнинг “Ана”си қутқариб келяпти. Туби қоп-қора ўрага қулаб кетиш остонасида турган руҳ “Ана”га осилиб кун кечиряпти. “Азиз АНА”м олдидаги айбим қанчалар улкан бўлмасин, фақат У учунгина кулишга куч топишим шарт эканини туяман. Фақат “Ана” ўкинчлар пўртанасига дош беролмаган дарё кўнглимни ирмоқ қилиб оқиради… оқираверади… Фақат У онам юзидаги майин чизиқларга, сочидаги оқ толаларга менинг ҳиссам қанчалар бисёр эканини эслатади…

Озар йигитининг қўшиқларидаги нола бу дунёда сенинг беғубор табассумингга интиқ бирдан-бир зот Она эканини қайта-қайта шивирлайди. Юрагимизни шикастлаётган ҳар бир оғриқ учун афв этишини титраб сўрашимиз керак бўлган ягона зот ҳам ОНА экан… “Она, бугун мен йиғладим, кечир болангни…”

Хуршид Даврон
ОНА ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
055

ona.JPEG Ойим «Мен Наврўз кунларида туғилган эканман» дердилар. Болаликда онам туғилган кунларини нишонлаганларини эслолмайман. Йиллар ўтиб,биз — фарзандлар оёққа туриб олгандан кейин Наврўз кунлари ота ҳовлимизда тўпланиб, саноқсиз набиралари даврасида онамнинг мавлуд кунларини нишонлайдиган бўлдик.

Отам оғир астма дардига чалинган, бирон бир иш қилишга ярамас, оиладаги олти фарзанд тақдири онам зиммасида қолган эди. Бир боласидан (Майсара опамдан) эрта айрилиб, бир кечада кўзи хира тортган онам бизни ўйлаб куну тун тиним билмасди. Томорқага нима эккан бўлсак, памидори борми,булғори борми, атиргул борми, боғимиздаги узум,гилос,олболу,олча борми, етилиши билан қишлоғимиз этагидаги ҳарбий шаҳарчага олиб бориб, сотиб келарди. Ана шу йўл билан орттирган пуллари эвазига Ҳамза ва Шуҳрат акам Петербургда,Душанбеда, Ойсара опам Самарқандда олий маълумот олишди. Кейинчалик мен отам берган 80 сўм билан Тошкентга келдим. Журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқиб, кундузи қурилишда ишладим. Орада ҳарбий хизматни ўтадим. Укам Жамшид,синглим Гулбаҳор Самарқанддаги Архитектура ва қурилиш институтида таълим олишди. Ҳаммамиз онам топган пул эвазига одам бўлдик.

Мана тўрт йилдан бери бу ёруғ дунёда онамсиз яшаяпман. Онам тириклик пайтларида Ғиёс Бойтоевнинг «Онаси бор одамлар» қўшиғини бирон бор диққат билан эшитганимни эслолмайман. Аммо, онам вафотидан кейин бу қўшиқни илк бор ишдан уйга қайтаётганимда эшитганимда, кўзимдан дув-дув ёш оққан эди.
Муслим Магомаевнинг «Она» қўшиғи ҳам ҳар гал юрагимни аччиқ хотираларга чулғайди. Онам тирикликларида қилолмаган ишларим, айтолмаган сўзларим, беролмаган меҳрим менга азоб беради.
Инсон туғилган онидан бошлаб «Онани қадрланг» насиҳатини эшитиб улғаяди. Аммо, фақат волидасини йўқотгандан кейингина бу сўзларнинг асл маъносини англайди.

055

БОЛАЛИКДА АЙТАР ЭДИМ ОНАМГА ДОИМ…

Болаликда айтар эдим онамга доим:
«Улғайсам, мен сизни ташлаб кетмайман,
қўриқлайман оромингизни.»
Кун келди, улғайдим –
сочлари оқарган онам

кўзлари қорайиб кутади мени –
оромин ўғирлаб кетган ўғлини.

1978

ШОИРНИНГ ОНАСИ

Она келиб олис қишлоқдан
Ўғли билан яшай бошлади
Ва дастурхон ёзилган чоқда
Ширмой ноннинг четин тишлади.

Ювиб берди бир бозор кирни,
Сувлар қуйди сўлган гулларга.
Неваралар боғчадан қайтгач,
Эртак айтиб берди уларга.

Авайларди хонадон тинчин,
Суйган ўғли уйнинг бурчида
Қоғоз узра эгилганча жим
Шеър ёзган пайт тутун ичида.

Қадам босиб хавотир билан,
Қўрқар эди нафас олишга.
Тунлар хуррак тортмай дея у
Бош қўярди тонгда болишга.

Аммо бир кун мазаси қочиб,
Кўз олдида ёруғлик сўнди,
Қўлларидан тушиб кетди-ю,
Чил-чил бўлиб пиёла синди.

Ўша заҳот ҳушига қайтди,
Чайқаларди ўнгида олам.
У югуриб чиққан ўғлига
Шивирлади: “Кетайми, болам?”

1985

* * *

Ярим тунда хонамга кирар:
— Ухла, ўғлим, — шивирлар онам.
Сўнг чироқни пастлаб ўчирар
Ва зулматга чўкади хонам.

Аммо олис-олисда танҳо
Ёнган юлдуз ухлатмас мени.
У чорлайди бесўз, бесадо
Зулмат аро ётган қалбимни.

— Она, — дейман, — она, қарагин, —
Гарчи онам ёнимда эмас, —
Ўша юлдуз чарақлаб турсин,
У бор экан, ўғлингиз ўлмас.

Юлдуз порлар тонггача танҳо,
Ўтар баҳор, ўтар ёзу-куз.
Дилни чорлар бесўз, бесадо
Осмон аро ёнган ул юлдуз.

1986

ҚАЙҒУМ МАНИМ

Қайғум маним —
бир умрлик жўрам маним,
Юрагимнинг ич-ичида ҳужрам маним,
Ойнасидан ойнинг нури тушиб турган,
Қафасдаги булбулдайин учиб юрган,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Туғилмишдан соямдайин ёнимдасан,
Ла илаҳа иллаллоҳдай ёдимдасан.
Ҳар дам маним жонимдасан, қонимдасан,
Йиллар, ойлар, кунлариму онимдасан,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Онам тўккан кўз ёшларда кўрдим сени,
Мозорининг бошларида кўрдим сени.
Юрагимни тилиб-тилиб муз тиғларинг,
Қўшилишиб “Онам” дея сен йиғладинг,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Унутайин десам кимни, исмин айтдинг,
Тарк этайин деганимни олиб қайтдинг.
Ёнимдасан издиҳому ёлғиз пайтим,
Навоийнинг девонида суйган байтим,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Болалигим ташлаб кетди, сен кетмадинг,
Илк севги шодликларим унутмадинг.
Бамисоли кузакдаги баргихазон,
Бамисоли қорлардаги субҳи азон —
Қайғум маним

Қайғум маним —
Мусичадай деразамда қўниб турган,
Онамдайин ҳамма гапга кўниб турган,
Айни саҳар шамчироқдай сўниб турган,
Юрагимга шабнамдайин иниб кирган,
Қайғум маним.

Қайғум маним —
Умрим бўйи хайр демай, салом демай,
Бўлди етар, энди бари тамом демай,
Тўйларимда бирон марта нон туз емай,
Отамдайин қараб турган бир сўз демай,
Қайғум маним

Қайғум маним,
Қайғум маним —
Юрагимдан униб чиққан илк майсам,
Йиллар кетар, ойлар кетар — қарамайсан.
Белим букик, сочим оқ — сен қаримайсан,
Кунларимни сармаст этган қари майсан,
Қайғум маним

Қайғум маним,
Қайғум маним —
Бир кун келар ҳаётимнинг гули сўлар,
Мозоримнинг дунёдай кенг бағри тўлар,
Юрагимдан униб чиқиб чечак бўлар,
Қайғум маним,
Қайғум маним,
Қайғум маним…

17 avgust — Muslim Magomayev tavalludining 75 yilligi

Ona haqida qo‘shiqlar ko‘p. Lekin qay biri Onaning “issiq qarashi”ni yodingga sola oldi? Tilga ko‘chmas og‘irdan-og‘ir iqrorlar bilan yuzlashtirdimi? Muzlayotgan hislaringni-chi, saslantira oladimi?

MUSLIM MAGAMAYEV. ANA
Iqbol Qo‘shshayeva
055

“Issiq qarashingdan bag‘rim yig‘laydir…”
Rauf Parfi

muslim_magomaev_mama.jpgOna haqida qo‘shiqlar ko‘p. Lekin qay biri Onaning “issiq qarashi”ni yodingga sola oldi? Tilga ko‘chmas og‘irdan-og‘ir iqrorlar bilan yuzlashtirdimi? Muzlayotgan hislaringni-chi, saslantira oladimi? …Yig‘loqi ohangning o‘ziyoq yuragimga to‘siq qo‘yadi. Hasratlar shodasi shu qadar o‘gayki, amaldan tushgan arbob yarim-yorti alamini o‘z-o‘zicha xirgoyi qilayotganday. Juda begona. Nahot, onaga nisbatan o‘zimizning ichkin munosabatimiz, sof og‘rig‘imiz, sog‘inchimiz yo‘q?!

…Bu omonsiz xayollarlardan meni Muslim Magomayevning “Ana”si qutqarib kelyapti. Tubi qop-qora o‘raga qulab ketish ostonasida turgan ruh “Ana”ga osilib kun kechiryapti. “Aziz ANA”m oldidagi aybim qanchalar ulkan bo‘lmasin, faqat U uchungina kulishga kuch topishim shart ekanini tuyaman. Faqat “Ana” o‘kinchlar po‘rtanasiga dosh berolmagan daryo ko‘nglimni irmoq qilib oqiradi… oqiraveradi… Faqat U onam yuzidagi mayin chiziqlarga, sochidagi oq tolalarga mening hissam qanchalar bisyor ekanini eslatadi…

Ozar yigitining qo‘shiqlaridagi nola bu dunyoda sening beg‘ubor tabassumingga intiq birdan-bir zot Ona ekanini qayta-qayta shivirlaydi. Yuragimizni shikastlayotgan har bir og‘riq uchun afv etishini titrab so‘rashimiz kerak bo‘lgan yagona zot ham ONA ekan… “Ona, bugun men yig‘ladim, kechir bolangni…”

Xurshid Davron
ONA HAQIDA SHE’RLAR
055

0_n.jpg Oyim “Men Navro‘z kunlarida tug‘ilgan ekanman” derdilar. Bolalikda onam tug‘ilgan kunlarini nishonlaganlarini eslolmayman. Yillar o‘tib,biz — farzandlar oyoqqa turib olgandan keyin Navro‘z kunlari ota hovlimizda to‘planib, sanoqsiz nabiralari davrasida onamning mavlud kunlarini nishonlaydigan bo‘ldik.

Otam og‘ir astma dardiga chalingan, biron bir ish qilishga yaramas, oiladagi olti farzand taqdiri onam zimmasida qolgan edi. Bir bolasidan (Maysara opamdan) erta ayrilib, bir kechada ko‘zi xira tortgan onam bizni o‘ylab kunu tun tinim bilmasdi. Tomorqaga nima ekkan bo‘lsak, pamidori bormi,bulg‘ori bormi, atirgul bormi, bog‘imizdagi uzum,gilos,olbolu,olcha bormi, yetilishi bilan qishlog‘imiz etagidagi harbiy shaharchaga olib borib, sotib kelardi. Ana shu yo‘l bilan orttirgan pullari evaziga Hamza va Shuhrat akam Peterburgda,Dushanbeda, Oysara opam Samarqandda oliy ma’lumot olishdi. Keyinchalik men otam bergan 80 so‘m bilan Toshkentga keldim. Jurnalistika fakultetining kechki bo‘limida o‘qib, kunduzi qurilishda ishladim. Orada harbiy xizmatni o‘tadim. Ukam Jamshid,singlim Gulbahor Samarqanddagi Arxitektura va qurilish institutida ta’lim olishdi. Hammamiz onam topgan pul evaziga odam bo‘ldik.

Mana to‘rt yildan beri bu yorug‘ dunyoda onamsiz yashayapman. Onam tiriklik paytlarida G‘iyos Boytoyevning “Onasi bor odamlar” qo‘shig‘ini biron bor diqqat bilan eshitganimni eslolmayman. Ammo, onam vafotidan keyin bu qo‘shiqni ilk bor ishdan uyga qaytayotganimda eshitganimda, ko‘zimdan duv-duv yosh oqqan edi.
Muslim Magomayevning “Ona” qo‘shig‘i ham har gal yuragimni achchiq xotiralarga chulg‘aydi. Onam tirikliklarida qilolmagan ishlarim, aytolmagan so‘zlarim, berolmagan mehrim menga azob beradi.
Inson tug‘ilgan onidan boshlab “Onani qadrlang” nasihatini eshitib ulg‘ayadi. Ammo, faqat volidasini yo‘qotgandan keyingina bu so‘zlarning asl ma’nosini anglaydi.

055

BOLALIKDA AYTAR EDIM ONAMGA DOIM…

Bolalikda aytar edim onamga doim:
«Ulg‘aysam, men sizni tashlab ketmayman,
qo‘riqlayman oromingizni.»
Kun keldi, ulg‘aydim –
sochlari oqargan onam
ko‘zlari qorayib kutadi meni –
oromin o‘g‘irlab ketgan o‘g‘lini.

1978

SHOIRNING ONASI

Ona kelib olis qishloqdan
O‘g‘li bilan yashay boshladi
Va dasturxon yozilgan choqda
Shirmoy nonning chetin tishladi.

Yuvib berdi bir bozor kirni,
Suvlar quydi so‘lgan gullarga.
Nevaralar bog‘chadan qaytgach,
Ertak aytib berdi ularga.

Avaylardi xonadon tinchin,
Suygan o‘g‘li uyning burchida
Qog‘oz uzra egilgancha jim
She’r yozgan payt tutun ichida.

Qadam bosib xavotir bilan,
Qo‘rqar edi nafas olishga.
Tunlar xurrak tortmay deya u
Bosh qo‘yardi tongda bolishga.

Ammo bir kun mazasi qochib,
Ko‘z oldida yorug‘lik so‘ndi,
Qo‘llaridan tushib ketdi-yu,
Chil-chil bo‘lib piyola sindi.

O‘sha zahot hushiga qaytdi,
Chayqalardi o‘ngida olam.
U yugurib chiqqan o‘g‘liga
Shivirladi: “Ketaymi, bolam?”

1985

* * *

Yarim tunda xonamga kirar:
— Uxla, o‘g‘lim, — shivirlar onam.
So‘ng chiroqni pastlab o‘chirar
Va zulmatga cho‘kadi xonam.

Ammo olis-olisda tanho
Yongan yulduz uxlatmas meni.
U chorlaydi beso‘z, besado
Zulmat aro yotgan qalbimni.

— Ona, — deyman, — ona, qaragin, —
Garchi onam yonimda emas, —
O‘sha yulduz charaqlab tursin,
U bor ekan, o‘g‘lingiz o‘lmas.

Yulduz porlar tonggacha tanho,
O‘tar bahor, o‘tar yozu-kuz.
Dilni chorlar beso‘z, besado
Osmon aro yongan ul yulduz.

1986

QAYG‘UM MANIM

Qayg‘um manim —
bir umrlik jo‘ram manim,
Yuragimning ich-ichida hujram manim,
Oynasidan oyning nuri tushib turgan,
Qafasdagi bulbuldayin uchib yurgan,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Tug‘ilmishdan soyamdayin yonimdasan,
La ilaha illallohday yodimdasan.
Har dam manim jonimdasan, qonimdasan,
Yillar, oylar, kunlarimu onimdasan,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Onam to‘kkan ko‘z yoshlarda ko‘rdim seni,
Mozorining boshlarida ko‘rdim seni.
Yuragimni tilib-tilib muz tig‘laring,
Qo‘shilishib “Onam” deya sen yig‘lading,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Unutayin desam kimni, ismin aytding,
Tark etayin deganimni olib qaytding.
Yonimdasan izdihomu yolg‘iz paytim,
Navoiyning devonida suygan baytim,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Bolaligim tashlab ketdi, sen ketmading,
Ilk sevgi shodliklarim unutmading.
Bamisoli kuzakdagi bargixazon,
Bamisoli qorlardagi subhi azon —
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Musichaday derazamda qo‘nib turgan,
Onamdayin hamma gapga ko‘nib turgan,
Ayni sahar shamchiroqday so‘nib turgan,
Yuragimga shabnamdayin inib kirgan,
Qayg‘um manim.

Qayg‘um manim —
Umrim bo‘yi xayr demay, salom demay,
Bo‘ldi yetar, endi bari tamom demay,
To‘ylarimda biron marta non tuz yemay,
Otamdayin qarab turgan bir so‘z demay,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim,
Qayg‘um manim —
Yuragimdan unib chiqqan ilk maysam,
Yillar ketar, oylar ketar — qaramaysan.
Belim bukik, sochim oq — sen qarimaysan,
Kunlarimni sarmast etgan qari maysan,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim,
Qayg‘um manim —
Bir kun kelar hayotimning guli so‘lar,
Mozorimning dunyoday keng bag‘ri to‘lar,
Yuragimdan unib chiqib chechak bo‘lar,
Qayg‘um manim,
Qayg‘um manim,
Qayg‘um manim…

 

011

(Tashriflar: umumiy 1 930, bugungi 1)

Izoh qoldiring