Nomiq Kamol.Jaloliddin Xorazmshoh.Fojia. Xurshid Davron (Nafisa Sultonqulova hamkorligida) tarjimasi.

045  Буюк ватандошимиз Жалолиддин Мангуберди (Хоразмшоҳ) ҳаёти ва фаолияти ижодимнинг дастлабки йиллариданоқ менда катта қизиқиш уйғотган. Мана шу қизиқиш натижаси ўлароқ дастлаб «1231 йил 16 август» сарлавҳали шеър, кейинчалик улуғ турк адиби Номиқ Камол қаламига мансуб »Жалолиддин Хоразмшоҳ» фожиасининг таржимаси, улуғ аллома Шайх Нажмиддин Кубро ҳаёти ва тариқати ҳақида ҳикоя қилгувчи «Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро  тушлари»  қиссасидаги Жалолиддин Мангубердига оид  битиклар пайдо бўлди. 

ТАРЖИМОНДАН
055

077 Буюк ватандошимиз Жалолиддин Мангуберди (Хоразмшоҳ) ҳаёти ва фаолияти ижодимнинг дастлабки йиллариданоқ менда катта қизиқиш уйғотган. Мана шу қизиқиш натижаси ўлароқ дастлаб «1231 йил 16 август» сарлавҳали шеър, кейинчалик улуғ турк адиби Номиқ Камол қаламига мансуб »Жалолиддин Хоразмшоҳ» фожиасининг таржимаси, улуғ аллома Шайх Нажмиддин Кубро ҳаёти ва тариқати ҳақида ҳикоя қилгувчи «Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро тушлари» қиссасидаги Жалолиддин Мангубердига оид битиклар пайдо бўлди.

«Жалолиддин Хоразмшоҳ” орқасидан ўн беш йилча юрганман. Ҳаммаси 1973 йили Ўзбек совет энциклопедиясида Номиқ Камолнинг шундай тарихий драмаси борлигини ўқигач, оромимни йўқотишдан бошланди. Хаёлимда бир даҳшатли шеърий асарни кўргандай бўлдим. Аммо,совет замони эди,Номиқ Камолнинг турк тилида тугул,совет,яъни рус тилида ҳам топиб бўлмайдиган кунлар эди. Орадан бир неча йил ўтиб, ўша пайтларда Московда дарс бериб юрган Ҳамид Исмоил кўмаги билан Номиқ Камол асарин билан танишишга муяссар бўлдим. Асар мен кутгандай шеърий эмас экан, аммо бари бир ҳаяжонли асар эди.

У пайтларда бугунги техноложик имкониятлар йўқ экан-да, Ҳамидбек юборган Номиқ Камолнинг асари плёнкада олинган экан. Болаларимга рангли диафильмларни кўрсатиб юрган ускуна қўл келиб қолди. Деворга оқ чойшаб осиб плёнкани ускунага тиқиб,чироқни ўчириб,чойшабда акс этган матнни бир неча кун мобайнида бир амаллаб фожиа билан танишдим. Кўзим неча муддат қизариб юрди. Кейин фотограф дўстим ёрдамида плёнкани фотоқоғозга ўтказдим. Замон ўтиб, ўша пайтда Миллий Университет талабаси Нафиса Султонқулова ёрдамида асарни ўзбекчалаштиришга киришдим. Аммо,яна бир ёмон одатим такрорланди: тайёр бўлган таржимани бирон бир журналга олиб бормадим. Вақт ўтиб (аниғи 1996 йилдан),ТВда ишлайдиган бўлиб қолдим. 1998 йили бу таржима ҳақида эшитган режиссёр Тоживой Исроилов ҳоли-жонимга қўймагач,таржиманинг қисқартирилган нусхаси асосида 5 қисмли “Жалолиддин Хоразмшоҳ” видеоспектаклини тасвирга олдик. Мана неча йилдан буён видеоспектакл ҳар замон-ҳар замон ТВ да намойиш этилиб турибди.

Бугун эса чорак асрдан зиёд вақт давомида архивимда эълон қилинмай ётган фожианинг биринчи пардасини ва мазкур асар асосида тасвирга олинган 5 қисмли видеофильмни сизга тақдим этмоқдаман. Ўрни келгани учун яна бир карра дўстим Ҳамид Исмоилга ва Нафиса Султонқуловага самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Бу улуғ сиймо нафақат Номиқ Камолни ёки Мақсуд Шайхзодани, не-не таниқли ва таниқсиз адиблару олимларни мафтун қилган ва унинг шонли ҳаёти ва фаолияти келгуси асрларда ҳам Ватан ва Миллат деб яшаган инсонларни ҳаяжонга солишига ишонаман.

НОМИҚ КАМОЛ
ЖАЛОЛИДДИН ХОРАЗМШОҲ
Усмонли туркчасидан Нафиса Султонқулова  ҳамкорлигида
Хуршид Даврон ўзбекчалаштирган

011

07 Турк адабиётининг буюк намояндаси, туркчилик асосчиларидан бири, ёш усмонийлар ҳаракатига мансуб ёзувчи, шоир, драматург, журналист ва сиёсатчи арбоб Номиқ Камол 1840 йил 21 декабрда Туркиянинг Текирдағ шаҳрида дунёга келган.
Номиқ Камол юртсеварлик, ҳуррият, миллатпарварлик ғоялари кучайган Танзимат даври мутафаккирларидан ҳисобланади. У замондошлари томонидан «Ватан шоири» ва «Ҳуррият шоири» деб улуғланди. Адибнинг ижоди, хусусан, «Интибоҳ», «Жалолиддин Хоразмшоҳ», «Ватан ёхуд Силистре», «Заволли гўдак», «Гулниҳол», «Акифбей», «Авроқи паришон», «Даври истило», «Тасвири афкор», «Ҳуррият», «Ҳилоли усмоний» ва бошқа бир қатор асарлари янги турк адабиёти шаклланишига самарали таъсир кўрсатди. Унинг ҳаёти осон кечмади, сургун ва қамоқларда ўтди. Номиқ Камол 1888 йилнинг 2 декабрида Эгей денгизидаги оролларнинг бирида вафот этди.

011

ҚАТНАШУВЧИ ШАХСЛАР

Муҳаммад Алоуддин – Хоразмшоҳ, Жалолиддиннинг отаси
Жалолиддин — Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ўғли
Ғиёсиддин ———————————————-
Оқ Султон ———————————————-
Арзак Султон ———————————————-
Қутбиддин — Жалолиддиннинг ўғли
Ўзбек — Умаролардан ва Жалолиддин маҳрамларидан
Малик Нусрат ——————————————
Ўрхон ——————————————
Нуриддин Мунший — Жалолиддин асҳоби девонидан
Буроқ Ҳожиб — Қорахитой давлати
Сайфиддин Ироқий — Муҳаммад Хоразмшоҳ умароларидан
Бадриддин Амид ————————————
Амир Нуштегин ————————————
Имодул Мулк ————————————
Ходимхон ————————————
Иззатдин Казвиний — Меҳри Жаҳоннинг маҳрами
Қиёмиддин Бағдодий — Табрид кадиси
Сулаймон ————————————
Жобир — Буроқ Ҳожибнинг маҳрамларидан
Муборак — Меҳри Жаҳоннинг ходимаси
Наййира — Жалолиддининг биринчи хотини
Меҳри Жаҳон — Жалолиддиннинг иккинчи хотини
Заҳира — Ғиёсиддининг онаси
Хизматкорлар, аскарлар, ходималар, жориялар ва ғойибий бир сас.

БИРИНЧИ ПАРДА
Оби Сукун оролида шоҳона, лекин эски бир чодир.

БИРИНЧИ МАЖЛИС
Жалолиддин – Наййира

НАЙЙИРА – Жамоли узра қора булут янглиғ чўккан бу мотам рангидан Қуёш қай замон қутулар экан? Бир вақтлар бу чеҳра навбаҳорга ўхшарди. Атрофига доимо нурли шафақлар, табассумидан униб чиққан ғунчалар сочар; кимки бир карра боқса, кўнгли руҳий сафо, кўзлари қувонч ёшлари билан тўларди. Қуёш тутилишини кўрган эсам-да, унинг каби яна бир нурли жамолнинг вақти келиб зулмат ранги билан қопланажагини ҳеч ақлимга сиғдира олмасдим. Наҳот бир мартагина, бир дақиқагина бўлса ҳам кулмассиз? Наййирангизга – бир вақтлар ёнингизда жон топган қувончга, кўз очиб кўрганингиз Наййирангизга тикиласиз, тикиласизу жигарини ўқ тешиб ўтган, сайёдини кузатаётган ярадор арслон каби кўзларингиздан оташ, дудоқларингиздан ғазаб сочилади. Фалакка бош эгмассиз! Аммо бир вақтлар мени деб подшоҳ падарингиз оёқларига бош уриб, Хоразм салтанати хонадонининг эркаси қилган эдингиз. Наҳот кўнгилда энди у майлдан, у таважжуҳдан заррача қолмаган бўлса?!
ЖАЛОЛИДДИН – Йўқ, ундай дема, асло! Сени биринчи кўришимда қандай севиб қолган бўлсам, юзингга боққаним сайин, севгим янада ортиб бормоқда.
НАЙЙИРА – Ундай бўлса, чеҳрангиздаги бу маҳзунлик боиси не? Дунёда муҳаббат қаршисида мағлуб бўлмайдиган алам борми? Бу жаҳон ғамини жаҳоннинг ўзига қолдирсак-да, яна муҳаббатимизни ўйласак бўлмайдими? Эвоҳ, қандай мусибат замонга қолдик! Ҳаёт вужудимиздан ҳеч қачон айрилмайдигандай турибмиз. Фалак эса бало кунларининг дақиқасини йилларга, соатини асрларга узайтирмоқда. Бизлар ҳам унга қарши ўлароқ, вақтимиз нақадар оғир кечса-да, умрнинг энг буюк лаззати бўлган содиқона муҳаббатдан шу қадар зиёда истифода этсак, фалакдан лойиқи бир интиқом олсак не бўлур! Юзларимга бундай маҳзун тикилмангиз! Истасак, фалакдан интиқом ола билурмиз! Пок виждонимиз, ўзлигимиз бизни ҳар қандай бахтиёрлик билан таъминлашга кафилдир. Оҳ билмайман, негадир бу улкан оламнинг қандай қайғулри бўлса – ҳаммасига қалбингиздан жой топилади, аммо менинг кўнглим ёлғиз сиз билан тўлиқ! Сиздан ўзгани истамас! Ёдингиздами, биз қачон кўришган эдик? Биласиз!… Қиличлар шафақ бағрида туғилган ҳлол янглиғ қонлар ичида порлай бошлаган; туғлар қонингни сўриш учун танангга ёпишишга тайёр турган аждардай титраб-титраб бошини кўтарган; ўқлар ватан бўлгувчи бир қалб излаб майдонга отилган, муҳаббат каби ногоҳ қаршисидан чиқиб қолганларни жон уйидан қувиб чиқара бошлаган; даҳшатли зилзила туфайли бутун аскару-силоҳлари билан тўзиб кетган қалъа қўрғони каби филлар, тошлар, темирлар, ўқлар, харобалар, қичқириқлар, оҳ-воҳлар, вовайлолар сочганича устимизга бостириб кела бошлаган эди. (Ўз-ўзига) Наҳот зериктириб қўйган бўлсам?
ЖАЛОЛИДДИН – Сўзла, сўзла! Умримнинг сенинг каби энг азиз онларини кўз ўнгимда қайта намоён қилмоқдасан!
НАЙЙИРА – Падарим урушга кетаркан, мени ҳам ёнларига олганди. Марҳума волидам, бечора аёл, қандай фарёд солганини билсангиз эди! Оҳ, қандай жанжаллар қилди! “Қайси қиз ўн саккиз ёшида урушга борибди? Иккала ўғлимни олиб кетяпсиз. Майли, мен розиман, бири зирҳингиз, бири сипарингиз бўлсин! Вужудлари ўқ ва қондан атрофга шох отган ва бошдан-оёқ гулларга ғарқ бўлган дарахтга ўхшасин! Ифтихор этиб яшайин! Фақат қизимдан нима истайсиз? Уни мен билан қолдиринг. Оҳ… Ўғилни тўққиз ой юрагимиз тагида сақлаб дунёга келтирамиз. Етти-саккиз ёшга чиқар-чиқмас, уларнинг юзини кўрмакка зор бўламиз… Энди эса қизларимизни ҳам тортиб олмоқчисиз! Шўрлик аёл… фарзандини – у қиз бўлсин, ўғил бўлсин – қорнида кўтариб юради, бағрида катта қилади. Оғриса, ҳар кеча тонгга қадар ётоғининг этагида, ўлса, ҳар куни оқшомга қадар мозорининг бошида йиғлайди. Яна амир, таъқиқ, тасарруф ёлғиз оталарнинг қўлида”, — дея шикоятлар қилди. Йиғлади, ёлворди. Отамнинг оёқлари тагига йиқилди. Аммо таъсир эттиролмади. Унинг фарёдлари, фиғонлари тинганидан сўнг падарим ҳафиф бир табассум қилди. Сиз ҳам бир кўрсангиз эди! Одатда у киши бир сўз демоққа чоғланган пайтларидагина шундай кулиб қўярдилар. “Подшоҳ наслидан бўлганларнинг бурчи ҳар турлик фидокорликда халққа намуна бўлишдир. Мен авлодимни, ҳатто у қиз бола бўлса ҳам, давлатимни сақлаб қолиш учун фидо қилишга мажбурман. Бугун мен қизимнинг ҳаётини хавф остига қўйсам, эртага ҳар кас ўғлини истаса-истамаса силоҳим олдига тиз чўктиради”, — дедилар. Яна волидамнинг юзларида пайдо бўлган ялиниш ифодасини кўришлари билан: “Хотин кишининг подшоҳ ишига аралашишга ҳаққи йўқ!” дея бақириб бердилар. Туклари ҳурпайди. Кўзлари оташ каби қизарди. Қизша бошлади. Отамнинг кўзларига тикилдиму, қаршимда ўлжасини тилка-пора қилишга тайёр арслон турганини ҳис қилдим! Бегим, худо паноҳингиз бўлсин, зериктириб қўймадимми?
ЖАЛОЛИДДИН – Сўзла, жоним. Сен мен умр бўйи орзу қилган подшоҳ, умр бўйи излаган падар ҳақида гапирмоқдасан. Қайнотамнинг мард бўлганини эслаб, кўнглим бир оз тасалли топаяпти. Кошки, сенинг каби бахтиёр бўлсам. Аммо, нетайким, падарим орзу-истаклари йўлида давлатини эмас, мени давлати йўлида фидо этмоқчи…
НАЙЙИРА – Оҳ, қандай фаросатсизман! Ичингиздаги қўрқув-шубҳаларни даф қиламан деб, яна у андишага қувват бергувчи нарсалар ҳақида сўзлаб ўтирибман.
ЖАЛОЛИДДИН – Сўзла! Сўзла! Сўзларингни эшитганим сайин лабларингдан ўпган каби кўнглим равшан тортмоқда!
НАЙЙИРА – Отамнинг қиёфаси шундай важоҳатга кирдики, онажоним бутунлай шошиб қолди. Гўё лаблари, киприклари бир-бирига ёпишиб қолган, на бир сўз демоққа, на юзимизга қарашга журъат қила олдилар. Тезда ўрниларидан туриб ҳарам эшиги томон юра бошладилар. Мен ҳайратдан бутунлай қотиб қолган эдим. Падарим ҳам ўрнидан қўзғалди. Қабулхона сари юзланди. Ўгирилиб менга шундай қарадиларки, гўё уларнинг кўзлари қаҳрабодан, вужудим эса чўпдан эди – ихтиёрсиз орқаларидан эргашдим.
Жанг майдонига қандай нафрат, азоб ичида келганим ёлғиз ўзимга аён! Бўйнимга занжир боғлагандай бир ҳафталик ерга тош йўллардан, тиканзорлар орасидан судраб келтирдилар. Эвоҳ, менинг бу хавотирим гўдакларнинг орасидан йўқликдан вужудга келаётганларидаги фарёди қабилида экан. Аслида, Оллоҳ Таоло менга асил ҳаётни ўшанда насиб этгану, мен истиқболига чиқаётган эканман! Аслида, падарим бу бечора вужудни икки ислом давлати орасида тинчликка, ақраболикка хизмат қилсин дея у ерга эҳтиёт учун келтирган эканлар! Аслида Жалолимга ўша ерда ноил бўлар эканман! Оҳ бузғунлик… Менинг каби онасининг бағридан янги айрилган қизлар учун нақадар даҳшатли эканлигини билсангиз эди! Буни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Отлиқларингизнинг қай бирига боқмай, гўё ўлим тирилиб устимга бостириб келаётгандай туюларди. Отамни кўрдим. У ўзини мингларча қилич ва туғлар устига отар, бир неча еридан яраланган, орқасидан хилъати қон томчиларидан қоплон пўстинига ўхшаб қолган эди. Ҳаво қорайиб кетган. Осмон Худонинг ғазабидан жаҳаннам маҳлуқидай қўрқинчли ўкирарди. Замин шаҳид ўғлининг қони юз-кўзларига сачраган она каби аччиқ-аччиқ йиғлар: ҳар дақиқада йилдирим оташ рангидан яратилган аждарҳо каби букила-букмла булутларни йиртиб ё бир оғочга, ё бир туғга тушарди. Юз мингларча одам зирҳ кийган, зирҳ кийимлари кўнгилларни ҳам темирга айлантирган – жон олишда Азроилга тенглашардилар! Бу тарафга боқангиз, бир йигит яраланиб, ажали билан курашиб-курашиб ўлмоқда! У тарафда эса бир аскар бошқасининг ёқасига осилиб олган – гўё ўз руҳи бўлган, у қўлидан чиқариб юборган, минг ҳирс билан, минг ғазаб билан жонини олмоққа ҳаракат қилмоқда. Қаерга боқманг ўқлар, ярадорлар, туғлар, қиличлар, қон, фил, ўлим, оташ, йилдирим! Отам кўринмас, оғаларим яраларидан оққан қондан тирикмиди, йўқмиди, фарқлаб бўлмасди. Волидам дунёнинг у бурчида, хизматкорлар эса жанг майдонида жон бермоқда! Жориялар даҳшатдан ҳушидан кетар, ерларда судралиб инграрди. Шамол чодирнинг бир учини кўтарган, вужуд совуқ ва ёмғирдан хазон япроқлари каби титрар эди. Йўқ, инсон қўрқувдан, кадардан ўлади десалар ёлғондир! Агар шундай бўлганида эди, у кун соғ қолармидим.
ЖАЛОЛИДДИН – Оҳ, мард киши шундай даҳшатлар ичида ўзини, дўстини, баъзан ҳатто душманини ҳам ўлимнинг панжасидан олишиб-олишиб қутқаришга ҳаракат қилса, умрининг қанчалик узайишини, кўнгли қандай равшан тортишини биласанми?
НАЙЙИРА –Сизни ўша муҳораба, ўша қиёматнинг орасида кўрганим учун ҳам биламан! Ҳамон кўз ўнгимда. Ўрдага яқилашган аскар чодир ипларига ёпишди. Ўқлар – дарахтга ҳужум қилган ари галасидай бирининг боши, бирининг қанотига ёпишганча бир-бирини қувишиб атрофимизда визиллаб-визиллаб уча бошлади. Мен ҳар дақиқада Азроилимни кутар эканман, ногоҳ қаршимда бўрон каби туман пайдо бўлди. Ҳали туман бир қанча юз одим узоқда экан, йўлимда сочилган нима бўлса, ҳаммаси шамолинггиздан паришон бўлди. Туман ҳам кўтарилди. Нени кўрдим денг? Қора булутлар ичида бир моҳитоб! Моҳитоб эмас, гул чеҳрали, инсон қиёфасига кирган бир малак! Шундай малакки, инсон қиёфасида бўлса-да, малаклиги юзидан балқиб турарди. Кўзларимни жамолидан ҳеч уза олмадим. Ҳушимни йўқотиб қўйгандим. Унинг ҳар бир ҳаракати, ҳолатини ҳайрон бўлиб кузатар; шу қадар беҳуш эдимки, чодир олдида тўкилган қонларнинг оёғим тагига оқиб келганини, этакларимнинг қон билан булғанганини ҳам сезмас эдим. Ногоҳ кўз ўнгимдан йўқолдингиз. Кетдингиз. Ўзимни унутдим. Сизни излай бошладим. Атрофимга кўз югуртирар эканман, қулоғимга бир филфириб садо келди! Эвоҳ, ёнимга келган ва тахтиравонимни бўйсундирган эдингиз! Юзингизга тикилдим. Бутунлай ўзимни йўқотиб қўйдим. Қилт этмоққа мажолим қолмади. Биласиз, лаб очиб ҳатто ташаккур учун бир калима сўз бўлсин, айта олмадим. Ўртамизда бор-йўғи уч-беш одим масофа бор эди. Шундай эмасми? Юзингизга тикилган оним жон уйимга бир ўқ отдингиз. Золимсиз, гўё мени асир қилмадингиз, шундайми? Қайси жориянгиз менинг каби сизга қуллуқ қилар?!
ЖАЛОЛИДДИН(ҳазил қилиб) – Кўнгиллари озод бўлишни истайдими?
НАЙЙИРА – Худо сақласин! Тушуниб турибман, сиз мендан қочяпсиз. Эҳтимолки, умримда биринчи марта юзингизда табассум кўрай деб ҳазил қилмоқси бўлдим. Сиз-да мени йиғлатишга ҳаракат қиляпсиз!

ИККИНЧИ МАЖЛИС
Аввалгилар – Қутбиддин

ҚУТБИДДИН – Онажоним, нечун кўзларингиз ёш билан тўлмиш? Авваллари менинг кўзларимда бир томчи ёш кўрсангиз жаҳлингиз чиқарди! Дунёнинг ҳоли танг бўлсагина оналар йиғлайди, у гўдаклари овутишга ҳаракат қиладиган даражада ўзгардими?
НАЙЙИРА – Кўзларим ёшланибдими? Балки чанг тушгандир? Кўзи намланганларнинг ҳаммаси ҳам йиғлаган бўлавермайди. Қани, рслоним, ташқарига чиқиб ўйна. Ўқ от. Қилич чоп. Шеър ўқи. Ўйнаш учун бирор нарса топилар, шундай эмасми? Бу ерда зерикмаяпсанми, қора кўзим?
ҚУТБИДДИН – Подшоҳим ҳимматида, падаримнинг, волидамнинг ёнларида эканман, нимадан жоним сиқилсин!
(Қутбиддин чиқиб кетди).

УЧИНЧИ МАЖЛИС
Жалолиддин – Наййира

ЖАЛОЛИДДИН – Бирорта латифа айтиб берайми?
НАЙЙИРА – Айрилиқ онларида латифа кўнгилга сиғармиди?
ЖАЛОЛИДДИН(ўз-ўзига) – Чеҳраси худди мурданикидек оқарди. Аммо барибир гўзал, руҳдан, ҳаётдан гўзал! (Наййирага). Сендан кўнглим қошилишини, сендан айрилишни ўйлашим мумкинми? Худо ҳаққи, бундай ўйларга, бундай ваҳималарга алданма ва бир карра қалбингга қулоқ сол! Виждонингга диққат эт!
НАЙЙИРА – Йўқ! Худога шак келтиряпсиз! Ёлғон гапиришдан қўрқаман. Жазосини муҳаббатимдан топгайман! Сизнинг аҳволингизни кўриб хотирамга минг васвасалар келмоқда. Фақат кўнглим мендан совиб кўнгил учун “сени севаман” дейишингизга асло қониқмас! Тангрим, жамолинг билан менга тажалли этгансан! Севиб-севиб бир қул яратгансан! Шундай мўъжиза яратдингки, юзини мажусийлар кўрса, қуёшга эмас, унга талпина бошлайдилар. У қулингга мени ҳам насиб этдинг! Инсондай ожиз маҳлуқот орасида “Жалол”дай буюк бир вужуд яратган қудратингга, ўша мумтоз қулингнинг кўнглини “Наййира” каби оддий бир бечорага майл эттирган марҳаматингга, тупроқдан, тикандан гул етиштиргандай, мендан ҳам Қутбиддин каби малакни вужудга келтирган азаматингга сиғинаман. Мени Жалолимнинг муҳаббатидан маъюс, илтифотидан маҳрум этма!
ЖАЛОЛИДДИН (Наййирага) – Қандай хазин, қандай ғариб дуолар қилмоқдасан? Мана, мени ҳам ўзингга ўхшатдинг. Агар Қутбиддин кўриб қолса, йиғлаяпти, деб ўйлайди. Падари бузрукворим дунёнинг энг буюк подшоҳлигини қўлидан чиқарган пайтда ҳам кўзларим бунчалик ёшланмаган эди!
НАЙЙИРА – Оҳ, яна салтанат… Назарингизда салтанатдан бошқа бирор нарса қийматга эга эмас! Подшоҳлигингиз эмас, подшоҳлик умидингиз шубҳалар ичида қолган; дунёнинг сўзлашга арзигулик нарсаларининг ҳеч бири кўзингизга кўринмайдир!
ЖАЛОЛИДДИН – Болам ё ўзим учун куйиб пишяпманми? Салтанатга эга бўлиш учун, наҳот, падаримдан мамлакатни тортиб олишга муҳтож бўлсам? Аждодларимга шундай мулкни қозондирган қилич, ажабо, менинг қўлимда бирор иш кўрсатишга ярамайдими? Душман юзини кўрмасдан туриб, қочишга пана жой излаб қолувчи, қўрқоқликда тенги йўқ отам каби ҳам ўзга ерни босиб олишга қодир эмасманми? Жаҳон мулкини тирноғига ҳам раво кўрмайдиганим – Наййирам бошини ўртага қўйиб қасам ичаманки, Жалол қўлида ўткир қилич, кўксида зирҳ порлаб истаган куни дунёнинг қаерига оёқ босса, ўзига давлат пайдо қила олади. Ҳеч бўлмаса, давлат шаҳодатини хотирда сақлаб яшайди. Мен фақат бир нарсани йўқотганимизга тассуфлар қиляпман, зеро энди уни қайта қўлга киритиб бўлмайди. Тиклаб бўлмайдиган давлатдан айрилганимиз учун ҳасрату-надоматдан ўлган, мотам рангидаги кафанларга ўралган мурда каби юрибман. Хонадонимнинг номуси барбод бўлди! Тушуняпсанми? Зулм оташи мамлакатларни, ўлкаларни ютмоқда, тутуни фалакка ўралмоқда. Душман қиличи эркакларга, аёлларга, болаларга, кексаларга санчилмоқда. Шаҳидлар қони тупроқнинг энг пастки қатламигача сизиб оқмоқда. Душман билан ўртамизда уч юз соатлик масофа бор. Шамол инсон лошлари, инсон куйиндиси ҳидларини бу ергача келтирмоқда. Тупроқни тингласанг, етимлар инграши эшитилади. Сувга боқсанг, шаҳид қони кўринади. Дунёдаги бор камолот, бор янгилик – барчаси бугун Араб, Ажам мулкида тўпланган. Жаҳолатдан ҳам пасткаш, ваҳшийликдан ҳам золим бир маҳлуқ инсониятнинг олти минг йиллик маҳсули – ҳаёт дорилфунунларини бутунлай маҳв этиб, ер юзида одам калласидан ясалган қалъалардан, мазлум қони билан ёзилган марсиялардан бошқа бирор нарсани қолдиришни истамайди. Ўша дорилфунунларнинг муҳофизи биз эдик! Шундай экан, йиллар давомида моҳорда қолган мурда азаси каби пажмурда, жирканч бир ҳолга тушиб қолдик. Шу тупроқларда чириб бораётирмиз.
НАЙЙИРА – Тангрим, ўзинг марҳаматингдан дариғ тутма!
ЖАЛОЛИДДИН – Тангридан ким учун марҳамат сўраяпсан? Биз учун эмасми? Дуонг қандай қабул бўлсин? Бугун Қашқардан Мағрибнинг ниҳоясигача ҳамма ўз динига, ўз дини билан Оллоҳга ибодат қилмоқда. Ўғли билан зино қилган бир фоҳишанинг мурдор қонидан бунёд бўлган муртад ит вужудини, худо ўзинг кечир, Жаноби Ҳақдан зиёда ибодатга лойиқ билмиш! Ер юзидан Оллоҳ номини ўчириб, ўрнига ўзининг малъун номини қойим этишни , мўмин бандаларни ўзига ўхшаган шайтондан ҳам пасткаш бир маҳлуққа топинтиришни истайди. У ибодатхоналарнинг девори ҳам биз эдик. Энди эса, ичидаги меҳроб, синиқ тошларни увада тупроқлари каби ҳам ишга ярамаймиз; тўп-тўп бўлиб бурчак-бурчакларда суринамиз.
НАЙЙИРА – Худо ҳаққи, жим бўлинг! Чеҳрангиздаги, кўзларингиздаги даҳшат ақлимни шошириб қўйди. Ҳозир жинни бўлиб қоламан.
ЖАЛОЛИДДИН – Тингла! Ўзинг гапиришга мажбур қилдинг, кўнглимда сақлашга ҳаракат қилган оташлар оловланди. Ортиқ чидай олмайман. Ислом узра бу балони чақирган биз эдик. Охирда душман кўринмасдан туриб қочган ҳам биз бўлдик. Тўғри. Тўпни бир марта жанг билан қайтариб ғолиб бўлдик. Душман биздан юз ўгирди, — деб ўйладик. Татарнинг олди инсон, орқаси ажал деб, ўшанда ҳам қочдик. Фалакнинг турли жафоларидан неча юз йиллардан бери қиличимизга сиғиниб келган, бизни мард, ҳимматли, шижоатли, ниҳоят, ўзларидан ҳам кучли ҳисоблаб, қўл остимизга кирган, оёғимизни бошларидан юксак, қиличимизни жонларидан азиз билган неча юз мингларча бечорага: “Ана душман келяпти. Биз ҳам қочмоқчимиз. Бошингизнинг чорасини кўринг”, — дейишга уялмадик. Қаҳҳори мунтақим ҳузурига унга ибодат қилувчи жумла қулининг ҳалокатига сабаб бўлишдан оғир гуноҳ билан бормоқ; авлодларимизга замонамизда инсон дейишга лойиқ ким бўлса – юзтадан тўқсонининг ноҳақ тўкилган қонига булғанган номни қолдириш қандай мусибатдир! Ақлинг етяптими? Биз Оллоҳ ҳузурида Намрутлар, Фиръавнлар каби масъул бўламиз. Истиқболда дунёга қанча мусулмон, қанча инсон келса, динсиз шайтонларни қолдирадилар, бизга лаънатлар ўқийдилар.
НАЙЙИРА – У-уф… Мен сизни ҳеч бундай ҳолатда кўрмаган эдим. Оғзингиздан бўз эмас, оташ сочилмоқда. Қалбингизга иблислар жойлашиб олганми? Чингизнинг ҳужумига сизнинг нима даҳлингиз бор?
ЖАЛОЛИДДИН – Заррача бўлса-да даҳлим бор. Чингизни қўл-оёғини боғлаб олдимга келтирсалар, уни эмас, ўзимни ўлдирган бўлардим. Ҳаммасига падарим сабаб бўлди. Ҳаммасига у сабабчи – падарим, подшоҳим. Етмиш ёшдаги кампир волидаси Ийнонда (1) (Қалъа номи) муҳофизлик қилмоқда. Ўзи қирқ беш ёшда бўла туриб, номи чиққан ўғрилар бошлиғини, зуҳур соҳибини, ваҳшат биёбонларининг энг сассиқ сувлари орасида пайдо бўлган йиртқич жониворни кўкдан тушган бало-қазо, деб ўйлади ва қочди. Натижада дунё яралиб, инсон қадами тегмаган қоя ёриғига, тешигига бекинди. Шунчалик қўрққанидан ҳаётини сақлаб қолиш учун хотирига мозор келса, ер тагига, йилдирим ва яшиндан қўрқмаса, кўк юзига яширинишга ҳам тайёр. Эвоҳ, ҳам ўзи қочди, ҳам мени судради. Нима қилай, ўз отам, ўз подшоҳим. Икки тарафдан итоат қилмоққа мажбурдирман. Уруш бошланган пайтда ҳокимият менинг қўлимда бўлганида эди, худо билади, ҳозир чегарадан неча соат нарида олдинги қаторда бўлардик.
НАЙЙИРА – Дилингизда мамлакатни босиб олишдан бошқа ўй йўқ. Кошки шу чодирнинг ярмидай бир кулбамиз бўлса…, Сизнинг фикрларингиз бу қадар кенг, менинг кўнглим эса бу қадар тор бўлмаса!..
ЖАЛОЛИДДИН – Кошки! Лекин нима қилай! Кулбада туғилдим. Ҳатто бешигимни ҳам аждодимнинг оёқлари тагида парчаланган бир қанча салтанат тахтининг синиқларидан ясадилар. Наййирам, Ҳақдан ноил бўлган иноятнинг, халқдан кўрган итоатнинг бадали шундай кунларда Ҳақ учун, халқ учун жон фидо қилмоқдир. Бизлар эса тирик бутмиз! Эй худо! Жаноби Ҳақдан ҳам қудратлидай, Оллоҳ қўрқувини бир тарафга улоқтирдик. Чингиз қўрқуви билан ўзимизни тириклайин мозорга кўммоқдамиз. Жаҳаннам эшикларининг юзимизга очилишини кутмоқдамиз. Йиғла! Йиғла! Жалолинг азалдан марҳаматга лойиқдир. Кошки Оллоҳ мени дунёга келтиришга аҳд қилган онида жаҳаннамга отсайди, балки у ернинг азоби руҳимнинг ҳозир чекаётган азобларидан енгил бўлармиди?!
(Қутбиддин кириб келади).

ТЎРТИНЧИ МАЖЛИС
Аввалгилар – Қутбиддин.

ҚУТБИДДИН – Ҳукмдоримиз сайрдан қайтиб, бу тарафга ташриф буюрмоқдалар.
ЖАЛОЛИДДИН – Келаверсин, хунаса юракли эркак! Тиланчи подшоҳ! Лочин тухумидан чиққан калхат! У менинг Ватаним, халқим, динимга хизмат қилишимни ман этмоқда. Ғолибо, мен ҳам унга итоат этмасликка мажбур бўладурман!
(Муҳаммад Хоразмшоҳ кириб келади).

БЕШИНЧИ МАЖЛИС
Аввалгилар – Муҳаммад Хоразмшоҳ.

МУҲАММАД – Яна нима бўлди? Бирингизнинг кўзларингиздан ёмғир, бирингизнинг чеҳрангиздан эса йилдиримлар сочилмоқда.
ЖАЛОЛИДДИН – Таажжубланаяпсизми? Бу соянгизда тўкилган қонларнинг, куйиб кул бўлган мамлакатларнинг бадалидир!
МУҲАММАД – Сен бу ерга келмасингдан менга гоҳ имо билан, гоҳ киноя билан эътироз этганинг этган. Шу кунга қадар ноҳақ ҳужум қилмоқ бадбахтнинг шаънига муносиб, деб ўйладим ҳам сукут сақлаб келдим. Ким нима деса, десин. Менимча, замона халқининг фикри-ю, сўзи ҳақорат нахари билан боқишга арзимайди. Фақат сен бошқа инсонсан. Мен тўғримда нотўғри фикрларга боришингни истамайман. Гапир, қани… Айбим нима экан?
ЖАЛОЛИДДИН – Субҳаноллоҳ! Мени беадаблик қилишга мажбур қилаётирсиз. Ўз қўли билан йўнган тошга топинувчи бир тўда жонивор бутун мувоҳидларни (кўп худолик) ер устига қўйиб ташлашни, тавҳиднинг (якка худолик) буткул йўқотишни истайди. Жомеларимизга ота бостириб кирмоқдалар. Ота-боболаримиз қабристонига тўккан шароблари шаҳидларимизнинг қонли кафанигача сизиб оқди. Оламнинг энг буюк подшоҳи, Исломиятнинг, инсониятнинг энг кучли паноҳгоҳи; уларнинг ҳар бири ўз вақтида Исфандиёр каби, Ардашер каби, Ғазнавий каби, Санжар каби подшоҳларни жаҳонгир деб тан олдирганлар. Етти-саккиз мулкнинг соҳиби бўлган зот кўк юзини лавҳи маҳфузга, мунажжимларни хотифи ғойибга қиёс қилди. Қони Ироқ шаробидан, фикри вазирлик ниқобидаги салтанат ҳавасидан иборат бўлган Имодулмулкдан ўзга насиҳатчини топа олмади. Уларнинг маслаҳати билан йўқлик оламининг мавжудлик шаклидаги парчаси дейишга лойиқ бўлган шу гўшага биқиниб олди. Шундай бир гўшаки, қилмишларига уялмайдиган шайтоннинг ҳам, агар ўзини инсонлар, малакларнинг назаридан яшириш учун бирор ёр ахтариб қолса, икки дунё хотирига бу ер келмасди. Яна қусурини мендан сўрайди…
МУҲАММАД – Мунажжим сўзларига ишонишимни, осмонда бир сайёрани кўриб, эй худо… “ернинг тангриси” деб эълон қилинган Чингизни ўз ҳолига қўй! Мен қўлимда ҳам қилич, ҳам китоб тутганча улғайдим. Тепамизда Оллоҳдан бошқа дунёга ҳукми ҳофиз бир қувват мавжуд эмаслигини ҳам илм билан, ҳам тажриба билан биламан. Ал-Муътаъсимнинг ғазовати ҳам, Абу Таммомнинг табрикномаси ҳам тафсилоти билан ҳамон ёдимда.
ЖАЛОЛИДДИН – Шундай экан…
МУҲАММАД – Олдин тугатай, кейин гапирасан! Бу ерга келишимга Имодулмулкнинг алаҳсирашлари сабаб деб ўйлайсанми? Валиаҳдимсан. Сени бу шарафга лойиқ деб билдим ва ёнимдан ҳеч айирмадим. Имодулмулкни эса ўғлимнинг хизматларини қилишдан ўзга буюк ишларга лойиқ кўрмадим. Шу кунгача ҳар бир ишда сенинг сўзларинг бўйича ҳаракат қилмаётганимни билар экансан, унинг райига қарашимга қандай имкон бердинг?
ҚУТБИДДИН – Ҳукмдорим! Подшоҳим! Унда нега бизларни бу ерга келтирдингиз? Ўлимдан қўрқдинггизми?
НАЙЙИРА – (Қутбиддинга) Жим бўл! Подшоҳ, ҳузурида гапга аралашишга қандай ҳаддинг сиғди?

Қутбиддин чиқиб кетади.

ОЛТИНЧИ МАЖЛИС
Муҳаммад – Жалолиддин – Наййира.

МУҲАММАД – (Наййирага) Қўй, гапирсин! Отасининг миясидаги ўйлар боласининг виждонига таъсир этиб, тилига чиқмоқда. (Жалолга). Мени қўрқоқликда айблашга қандай ҳаддинг сиғди?
ЖАЛОЛИДДИН – Урушдан қочганларга бундан бошқа қандай таъриф топиш мумкин?
МУҲАММАД – Хуросонни ғурийлардан қутқарган вақт Шадбоҳи ҳандағига биринчи бўлиб от сурган, унга биринчи бўлиб байроқ тиккан мен эмасми? Ўшанда Қутбиддиндан каттароқ эдинг. Албатта, ёдингда бўлса керак. Хуросонга қилган иккинчи сафаримни унутдингми? Урушни ёлғиз мен қилдим. Бирортангиз, мен олдинги сафга чиқиб олгунимча, отамнинг тизгинига ёпишишу, мени ҳужумдан қайтаришга ҳаракат қилишдан бошқага ярамадингиз. Энг кекса аждодимизни хирож тўлашга мажбур қилган Қора Хитойни бир зарбда устига яшин тушган дарахтдай ерни киргизиб юбордим. Ўша ғалабанинг шуури ҳамон сенинг чеҳрангда акс этиб турибди. ! Фирузқуҳ каби, Ғазнавий каби макони Қоф тоғига, халқи аждаргоҳга қиёс этилган ерларни забт этдим. Ўша ғалабанинг шуҳрати ҳатто Чингизнинг ҳам оғзидан тушмайди.! Макка, Ироқдаги ғалабаларим-чи? Қайси бирини санай?
ЖАЛОЛИДДИН – Санашдан тилингиз чарчамаса, ҳаммасини санайверинг! Йигирма икки йилдир белидан қилич тушмаган, қирқ-элликта жангларда ғалаба қозонган, бир қанча мағлубиятларни ҳам бошидан кечирган жаҳонгир бўла туриб, мулкинггизни, номусинггизни, ватанинггизни, динингизни оташ ичига, жонивор оғзига, душман оёқлари тагига, шайтон қўлига топширдингиз ва бузилган ўрдадан қочдингиз.
МУҲАММАД –Сўзларингнинг маъносиз эканини биласанми? Сен худди телбага ўхшаб мунажжимларга алданганимнинг, Имодулмулкка ишонишимнинг, бузилган ўрдадан қочганимнинг ташвишини чекяпсан. Устимизга бостириб келаётган татар агар қиличини отса, қалъамизнинг ҳандақларини тўлдиради. Жангда тўкилган қонлардан эллик минг кишилик қўшиннинг отлари тиззасигача лойга ботди.
ЖАЛОЛИДДИН – Кошки, отларимиз билан ер тагига кириб кетган бўлсайлик!
МУҲАММАД – Қўлимиздан нима ҳам келарди? Худо бир неча ўлканинг хароб, инсонларнинг ҳалок бўлишини истабди. Зилзиладай, тўфондай, Чингизни ҳам яратибди. Бу қазои мубранинг биринчи зарбига биз дуч келдик.
ЖАЛОЛИДДИН – Ё Раббим, ўзинг сабр бер! Ҳозир жинни бўламан. Э воҳ, вазият шундай экан, Ибодуллоҳга қандай қасдингиз бор эдики, татарга қарши уруш очдингиз?
МУҲАММАД – Ибодуллоҳга менинг эмас, Боғдоддаги хоиннинг қасди бор эди. Мен Чингизнинг устига юриш қилмадим. Мўғил тарафидан Ғайирхонга келган савдогарлар ҳам, Чингизхон юборган элчилар ҳам жосус эдилар. Шунинг учун қатл эттирдим. Қатл эттирмасам эди, Чингиз бошқа бир баҳона топиб, устимизга бостириб келар эди. Носир (Бағдод халифаси) ҳам ўзини ер юзидаги Оллоҳнинг сояси, ҳатто элчиси қилиб кўрсатишни, дунёдаги жамики мусулмонни ўзига топинтиришни истайди. У Инсониятни ўз айш-ишратига хизмат қилувчи қуллар қилиб яратилган, Исломиятни ёлғиз ўзига сажда қилдириш учун йўлланган, деб ўйлайди. Биз унга яхшилаб ибодат қила олмадик. Мендан интиқом олиш учун Маҳмуд Ёлавочни воситачи қилди. Халқни Чингиздай илоҳий ғазабга дучор этди. Тушундингми?
ЖАЛОЛИДДИН – Фасубҳаноллоҳ! Чингизни устимизга Носир юборди, деб қочиш керакмиди? Давлатимиз Носирнинг ёрдами билан кўпаярмиди? Келинг, бу ердан чиқайлик. Яна байроғимиз устига бутун дунёни забр этишга етадиган аскар тўплай олишимизга шубҳам йўқ.
МУҲАММАД – Ахир бир ўрдалик қўшин ҳам тўплай олмаймиз! Хўп, шу фикринг тўғри бўлсин ҳам дейлик. Тўпланадиган аскарларинг тўрт юз минглик эмас, ҳеч бўлмаса эллик минглик татарга бас кела оладиган аскарми!? Ўйлаб кўр! Бизни ҳатто ўз аскарларимиз, умаромиз нафақат матруд, балки муртад деб ҳам биладилар. Носирга ер юзига инган маъбуддай қараганимиз учун бандаларимиз назарида ҳатто Чингиздай малъундан баттар бўлиб кўрина бошладик. Ўтган куни умаромизнинг ярми ўрдадан қочди. Бориб душман байроғига сиғиндилар. Раислари Бадриддин эди. Бадриддиннинг вужудини тилка-пора қилсалар эди, ичидан неъматимиздан бошқа нарсани тополмасдилар! Ит ҳам нонини еган эгасига хиёнат қилмайди. Улар қилдилар. Тўнғиз ҳам тагидаги оғочга тишини ботирмайди. Улар эса ватанларининг устига қилич билан бостириб келдилар. Қолганлари ҳам ярага тушган қуртга ўхшайди. Тананинг бир қисмини забт этиб, ўша билан кун кўришга ҳаракат қиладилар. Бирортасининг миясидан, қалбидан мустақилликдан ўзга даъвони тополмайсан! Аминманки, мен соғ бўла туриб, улар иниларинг билан меросимни тақсим қилиб бўлганлар. Ҳозир бу ердан чиқсам, гўрдан тирилиб чиққан одамни кўргандай, даҳшат ва ҳайратдан қотадилар. Носир – душман, Ислом подшоҳлари – ичиқора, фарзанд, оға-ини – қизғанчиқ, умаро – хоин, аскар – ғофил, халқ – ожиз! Чингиздай ҳар бири юз минг кишилик йигирма-ўттиз ўрдага тенг балога ёлғиз сен билан қаршилик кўрсатайми?
ЖАЛОЛИДДИН – Ваҳима ақлингизни еб қўйибди! Қаерга боқманг, кўзингизга мусибат, хиёнат кўринади, Чингизга қаршилик қилиш мумкин эмас экан, ҳеч бўлмаса, қаршисида қадрингиз, шаънингиз билан ўлиш ҳам мумкин эмасми? Шоҳона мозор шармандалик тупроқларидан аъло эмасми?
МУҲАММАД – Қанақа шоҳона мозор? Майли, жангга кирай, лекин хоинлар мени татарга тутиб берсинларми? Бу бош йигирма икки йилдирки, дунёнинг энг буюк салтанати тожини кўтариб келди. Бундан кейин Чингиз учун минак тоши (отга миниш учун оёқ тагига қўйиладиган тош) бўлолмайди! Кўз ёшларию, Чингизнинг қони билан бўғилиб ўлишга лойиқ Носирнинг устимдан мазза қилиб кулишига, сурурдан ўлишига йўл қўёлмайман.
ЖАЛОЛИДДИН – Давлатимизни қуруқ савлатингиз билан хўрлаётган Ҳокими Мутлақнинг Қаҳҳори Мунтақим исмлари билан қасам ичаманки, бошингизни Чингизга минак тоши қилиш бегуноҳ тўкилган шунча юз минг мўмин қонининг гуноҳини бўйнига олишдан; Носирга кулги бўлишингиз маҳшар тўла туллар, етимларни қақшатмоқда афзалдир. Жанг майдонида насиб бўладиган мозорнинг шоҳона бўлмаслиги хаёлингизга келмайди-ю, Чингизнинг қўлига тушиб қолишингиз мумкинлигини ўйлайсиз. Ҳатто шундай мусибатларга дучор қилса ҳам, Боғдоддаги Носирнинг хандаларини, истеҳзоларини назарингизда жонлантирмоқдасиз. Ҳолбуки, вужудингизга шу ифлос чанг-тўзон, тупроқлар ичида бир мозор ҳам топа олмайсиз. Оллоҳнинг қудрати бу ерларга ҳам етади. Оллоҳ Таоло Носиргина эмас, ҳар қандай одамни, қиёматгача Ғарбда, Шарқда зуҳур этувчи орифларнинг ҳаммасини шарманда қилади. Буларни ҳеч ўйладингизми?
МУҲАММАД – Сен бундай беадабликни қачон ўргандинг?
ЖАЛОЛИДДИН – Сиз подшоҳлик, оталик бурчингизни тарк этган кундан бошлаб!
МУҲАММАД – Нима?..
ЖАЛОЛИДДИН – Қўл остидагиларни душман қиличига дучор қилиб, Азроил панжасига таслим қилиб, ўзи душман ҳудудидан бир неча ойлик йўл ичкарига қочган одамни подшоҳ деб ҳисоблаш мумкинми? Атиги уч-тўрт ёшлик ўғилларини, қизларини татар йиртқичларининг панжаси етадиган ерларда қолдириб, ҳаётини сақлаб қолиш учун ажалнинг ҳам кўзи тушмайдиган оролга яшириниб олган зотни падар деб санаш мумкинми? Одамларга кўринишга юзингиз қолмади. Олти минг йилдирки, Оллоҳнинг бу кенг мулкига қанча одам келган бўлса, пасткашликда барчасига ўрнак бўлдингиз. Мен бу итоатдан, бу сафолатдан, бу номуссизликдан, бу номардликдан безор бўлдим. Тепамда Оллоҳ гувоҳ, безорман! Қай мамлакатнинг подшоҳи бўлдингизки, сизга итоат этмоқ менга фарз бўлсин! Падарим бўлсангиз, авлодингизнинг, ҳатто авлодларидан ҳам азиз кўриш керак бўлган бандаларингизни қайси ҳуқуқини ҳимоя қилдингиз, мен сизга иқтидо этайин, ҳам оталик ҳуқуқингизни ўйлайин?! Ҳозир шу ердан чиқсангиз, тўғри душман олдига борардик. Биринчи аскарингиз мен бўламан. Бир дақиқа ёнингиздан айрилмайман. Биримиз ухласак, иккинчимиз ётоқ бошида пойлоқчилик қиламиз. Аммо хиёнатга дуч келиб ҳалок бўладиган бўлсак, бир-биримизни қучоқлаб, қиличимизга суяниб шаҳид бўлармиз. На дунёда асорат қўрқуви қолади, на охиратда сафолат!
МУҲАММАД – Шоирона ҳаёллар…!
ЖАЛОЛИДДИН – Ҳаёл эмас, ҳақиқатни сўзламоқдаман. Сўзларим Лавҳи Маҳфузда ёзилган ҳақиқатлар каби тўғридир. Тинглашни истамасангиз, кетаман. Бундан кейин амрингизга итоат этмайман! Майли падарим учун осий бўлай! Охиратда Оллоҳнинг алодати нимани раво кўрса, розиман! Бу дунёда қиёматгача малъун бўлиб яшашни истайман.!
МУҲАММАД – (Наййирага) Нега бунчалик ҳайрон бўлиб турибсан? Ана сўзларинг исботи кўзларингда акс этяпти. Сўзларига қараганда, менинг учун жонини фидо қилмоқчи, шундайми? Ҳозир ҳам салтанат ҳавасини тарк этолмаяпман. Э воҳ, қандай балоким, мағлубият ичида қолдим! Тирик туриб, ўлик ҳолига тушиб қолмадимми? Боради, меросимни излайди, барини олиш учун иниларини бирма-бир ўлдиришдан қайтмайди!
ЖАЛОЛИДДИН – Менми?
МУҲАММАД – Мақсадига эришса аъло! Эришолмаса, ё Қорақурумда ё Бағдодда ҳаммага томоша бўлади. Яна жаҳон ё Чингизнинг, ё Носирнинг қўл остида эзилади.! Истило қилинадиган ерлар ҳали бор. Жалол инсон қонидан селлар оқизиб у ерларни хароб қилади. Шунда ҳам ёмон отлиқ бўладиган мен эмасми?
ЖАЛОЛИДДИН – Оллоҳ бунча сизни қуш юракли қилиб яратмаса? Подшоҳ бўла туриб бирон кимсага ёрдам бермайсиз, аммо ёрдам беришни истаганларни “еримга кўз олайтиряпти” деб ўйлайсиз. Қани эди, шу салтанатингизнинг тили бўлса! Чингиз онасидан туғилиб, бирор марта кулмаган, дейишади. Сўзларингизни у ҳам эшитса, ичаги узилгандай қуларди.
МУҲАММАД – Тўғри айтасан, ҳали ҳеч кимнинг бошига тушмаган мусибат ичидаман. Ҳолимга ўз ўғлим кулаётган экан, нега душманим кулмасин?
ЖАЛОЛИДДИН – Сиз мени изтироблару-ғазаблар билан бутунлай ҳалок айламоқчисиз, Жалол ҳолингизга куляптими? Бу нима деганингиз? Кўнглингизда заррача бўлсада, инсоф қолмадими?
(Ичкарига Қутбиддин киради).

ЕТТИНЧИ МАЖЛИС
Аввалгилар ва Қутбиддин

НАЙЙИРА — (Қутбиддинга) Бунча бу чодирга серқадам бўлиб қолмасанг?
ҚУТБИДДИН – Ҳозир қаршидан кимдир келди. “Ҳукмдоримиз ҳоки пойига юз сурмоқчиман”, — деди. Муҳим хабар келтирганмиш. Амир Ўрхон юборганлари учун келдим, жаҳлингизни чиқардимми?
МУҲАММАД – (Қутбиддинга) Кел, қўзичоғим! Мен тирик эканман, сени хафа қилишга бирор кимсани ҳадди сиғмаса керак. Бориб айт, хабар келтирган ким бўлишидан қатъий-назар, бу ерга киритсинлар! (Наййирага) Чодирнинг орқасига ўт! Титилиб кетган бўлса ҳам бир аёлни номаҳрам кўзидан бекитишга ярайдиган парчаси топилиб қолар. (Жалолиддинга) Эҳтимол сизни салтанатни бошқаришга даъват қилиб келишгандир. Биз энди дунёнинг манфури бўлдикми? Подшоҳлигимизни ўзимиз тарк этмадикми? Зотан, биздан кейин бу тахт сизники бўлади. Албатта, ҳар бир одам ўз подшоҳини тахтда, давлат тепасида кўришни истайди!
ЖАЛОЛИДДИН – Сизни шу оролда бундай ҳолатда қолдирсам, Оллоҳ салтанатнинг минг турлик балосини бошимга ёғдирсин! Подшоҳим, миллатимни севганим, миллат йўлида жон беришни истаганим учун мени ўзинггизга, давлатинггизга хоин деб ҳисоблаяпсизми?

САККИЗИНЧИ МАЖЛИС
Аввалгилар – Ўзбекхон

ҚУТБИДДИН(кираркан) – Подшоҳим, мана ўша қулингиз!
МУҲАММАД(шошиб, ўз-ўзига) – Ўзбек!.. (Қутбиддинга) Майли, ўғлим, бора қол! Айт, кемачига пул беришсин! Олдингга чақир, илтифотлар кўрсат! (Қутбиддин чиқиб кетади). (Ўзбекка) Мен сени Руқниддиннинг хизматига қолдирмаганмидим? нега бу ерларда айланиб юрибсан?
ЎЗБЕК – Подшоҳим! Сизга нима бўлганини билмайман! Йигирма икки йилдир душманларингиз мулкига хабарингиздан аввал қиличингиз етарди, энди бўлса душманингиз хаёлига кириб чиқмаган бу гўшада ўтириб ўз мулкингиз хабарларини эшитмоқчимисиз?
МУҲАММАД — Сен ҳам бурчингни унута бошладингми?
ЎЗБЕК – Томирларимда оқаётган неъматларингиз ҳаққи, тажаввуз қилаётган бўлсам узр сўрайман. Мулкингизни кўрдим! Суяк парчасидан, мурдалар ҳидидан юриб бўлмайди. Руқниддинни, валинеъматзодамни кўрдим! Оҳ, Руқниддин!.. Ўғлингиз менинг ҳам жоним эди. Дунёга келди-ки, сафосини ёлғиз сиз сурдингиз! Шу ёшигача ҳар қаҳрини, ҳар жафосини мен чекдим! Сизнинг яна шунча авлодингиз бор! Менинг эса ёлғиз бир шаҳзодам… Руқниддиним бор эди! Уни ҳам кўз ўнгимда ўлдирдилар.
МУҲАММАД – Қанақасига содиқ хизматкорсан? Руқниддинни шаҳид эттилар! Сен бўлсанг муборак вужудингни авайлаб, мусибатга даллоллик қилишга бу ерга келдинг. Шундай эмасми?
ЎЗБЕК – Подшоҳим, исбот-далилсиз ҳукм чиқармоқ на сизнинг шаънингизга, на мансаб эгасига ярашади! Мен ҳукмдоримдан кейин омон қолган бўлсам – унинг сўнгги амрини бажариш учун қолдим. Сиз Ироқдан кетдингиз! Интизом, осойишталик, ҳукумат, салтанат сиз билан бирга чекилди. Ўзимизни қўлга олиш умидида Кирмонга юрдик. Умародан кўрмаган ҳақоратимиз қолмади! Кун ўзгариши билан динор қадридай тутуруқсиз ифлосларнинг ҳаракатларида ўзгариш кўрина бошлади. Гўё биз – соҳил, улар тўлқин эдилар! Гоҳ секинлик билан ёнимизга суқуладилар, гоҳ бир оз ўтмай биздан қоча бошлайдилар. Яна тўпланадилар, устимизга бостириб келадилар. Бир-икки қилич суришадилару, яна тинчиб қоладилар. Боқдик! Шамолга қанчалик ишониб бўлса, уларга ҳам шунчалик ишониш мумкин эди! “Оллоҳнинг тупроғи кенг, қули кўп”, — дедик ва у ерни тарк этдик. Тўғри Исфахонга юрдик. Аммо унинг қозиси ҳам Носир тарафдори экан!..
МУҲАММАД – Оҳ, кошки Оллоҳ танамда қанча тук бўлса, шунча Чингизни яратса-ю, Носирни – ўша балони бизга рўпара қилмаса! Қози ҳаммангизни тутиб, қатл этишни буюргандир?
ЎЗБЕК – Исфахон аҳлидан кўрган хусуматимизни татардан ҳам кўрмаган эдик. Язд Байтга, Ҳажжож Байтуллоҳга қандай муомала қилган бўлса, исфаҳонлилар бизга ҳам ўшандай муомалада бўлдилар. Ғалаба биз тарафда эди. Фақат ўғлингиз: “Бу кўппаклар инсон қиличидан ўлишга лойиқ эмаслар. Тўловлари ҳам, мамлакатлари ҳам, моллари ҳам, жонлари ҳам шайтонга – Чингизга буюрсин”, — деб отини сурди. Татарни излаб чегарага юриш бошлади.
МУҲАММАД – Бечора бола!..
ЖАЛОЛИДДИН – Руқниддин, илоё сенга мингта Жалол фидо юўлсин! Ҳеч бўлмаса сен хонадонимиз номусини муҳофаза қилибсан!
ЎЗБЕК – Руқниддин билан ёлғиз сизгина эмас, жами мусулмон, жами инсон – ҳаммаси фахрланди! Фирузқуҳда биз билан бирга бўлганингизда қаҳрамонлик нималигини кўрар эдингиз! Тўпда уч юз эллик киши эдик. Татар ҳам биримизга ҳеч бўлмаганда уч юз киши билан ҳужум қилди. Шундай бўлса ҳам олти ой жанг қилдик! Танамиздаги ҳар бир яра бадалига бештадан татар мозори қазилди-ёв! Аммо кўпчиликни енгиш учун ғайратнинг ўзигина етмас экан. Оқибатда мамлакатни босиб олишди. Валинеъматни ўша дамда бир кўрсангиз эди! Бош қалъани бир ҳужумда забт этган мингтача татар ёлғз Руқниддин билан икки соатдан зиёда олишди. Гўё Азроилнинг ўзи қилич яланғочлаб майдонга тушганди! Ўз кўзим билан кўрдим: унинг неърасидан бир малъун тоғ парчасидай ер тагига кириб кетди, ҳалок бўлди!
ЖАЛОЛИДДИН – Арслон укам! Сенга аскар бўлиш ўрнига отамга нодим бўлиб катта хато қилган эканман! Дин учун курашда, инсоният йўлида, ватан фидокорлигида итоат учун ёшнинг катта-кичиклигига қараладими? Дунёда Ҳақ йўлига жон фидо қилишни истаганлар билан бирга бўлишдай буюк бахт борми?
ЎЗБЕК – Худонинг ўзи сақлабди! Бирга бўлсангиз эди, дин ғайрати, ватан муҳаббати, инсоният тарафдорлиги сиздай қаҳрамондан ҳам айриларди. Ғалаба қилишнинг имкони бўлганида, ўша давлатни қозониш учун Руқниддиннинг ўзи кифоя қилмасмиди? Худо билади, подшоҳим! Кўрсатган шижоати унингдай йигирма ёшли нозик шаҳзоданинг эмас, Оловиддинни Жаҳонсўзнинг филсифат полвонларининг ҳамкори эмас. Шубҳам йўқки, имон нуридан яралган эди. Аммо вужуди тошдан, темирдан яратилган эмасди. Йигирма олти еридан яраланди. Бу заиф қўл, бу нозик суяк шунча ўққа, шунча қиличга қанча соат қаршилик қила оларди, дерсиз? Ниҳоят яраларидан тўкилган қонлар бечорани беҳол йиқитди. Оёғи юришдан, қиличи чопишдан тўхтади. Татарлар ярадор арслонни кўрган този итлардай устига ташландилар. Шўрлик подшоҳзодам оёғи тагидан қиличини олишга ҳаракат қилаётганида душман қўлларига, оёқларига ёпиша кетди. Бир неча дақиқагина қаршилик қила олди. Бари фойдасиз эди. Тутдилар, минг азобда сардорларининг чодирига судраб келтирдилар. Оҳ, бечора шаҳид… О, бахтсиз қаҳрамон!..
МУҲАММАД – Сен аскар эмас, айтиб йиғловчи бўлишинг керак экан.
ЎЗБЕК(эшитмай) – Аскарлардан шаҳид бўлмаган тахминан олтмиш беш киши қолгандик. Бошқалар ҳам булутлар ортига яширинган яшиндай татар қўшинини ёриб ўтиб, менинг ёнимга тўплана бошлади. Қалъадан татар сардорининг чодирига боргунча жанг қилдик. Шўрликни қутқариш у ёқда турсин, ҳатто ёнига ҳам яқинлашиб бўлмасди. Атрофини мингтача доира ясаб ўраб олишганди. Бир амаллаб чодир ёнига яқинлашдик. Татарлар шаҳзодага сардор ҳузурида бош эгишни таклиф қилишди. Унинг боши жаллод қаршисида эгиладиган бошлардан эдими?! Кўппаклар ҳақоратдан бошқа муомала кўрмадилар. Малъунлар валинеъматзодамнинг олижаноблиги олдида ўзларини шундай олчоқ ҳис қилдиларки, ғазабдан қутуриб кетдилар. Сардорининг амрисиз нон емайдиган кўппаклар сардорнинг оғзидан бир сўз чиқмай туриб Руқниддиннинг тишлари, тирноқлари билан тилка-пора қила бошладилар.
МУҲАММАД – Бечора Руқниддин!..
ЖАЛОЛИДДИН – Бечора у эмас, бизмиз! Мозори нурга тўлсин. Шаҳид бўлибди, лекин пасткашлик қилмабди…
ЎЗБЕК – Ҳа, шаҳид бўлди. Ғайрат-ла шижоат-ла шаҳид бўлди. Биз ўша пайтда ҳам чодирнинг ичига киришга ҳаракат қилдик. Марҳум фарёдимизни эшитди; Менга хафа бўлиб сўнгги бор назар ташлади. Даҳшатдан қотиб қолдим. Оллоҳим, қандай ғайрат, қандай фидокорлик эди бу! Марҳум дунёга ўзи учун эмас, ёлғиз Оллоҳ учун келганди. Шундай, бўлса ҳам яна Оллоҳнинг, диннинг, ибодуллоҳнинг ташвишини қилди. Энг сўнгги сўзлари: “Эронда аскар йўқ, сиз беҳудага бу ерда ўзингизни қурбон қиляпсиз. Йўлида шаҳид бўлган динимиз ҳурмати, тезроқ Эронга шошилинг!”, — деган амр бўлди. Татарлар бу хариқа (ғайриоддий, ғалати одам) қаршисида мўъжизага дуч келган мунофиқдай қотиб қолишди. Ҳалигина бизнинг итимизгача соғ қолдирмасликка ҳаракат қилаётганлар ҳаёлига энди бизга ўқ узиш келмасди. Жон ўлишни истайди. Бурч эса яшашга мажбур қилади. Ажал панжасидан қутилар эканмиз, сиёсат майдонига кираётгандай умидсизлик гирдобида у ерни тарк этдик.
МУҲАММАД – Руқниддин, Руқниддин! Шўрлик Руқниддин! Дунёнинг вафосига боқ! (Ўзбекни кўрсатиб) Мана унинг бир намунаси майдонда турибди. Валинеъматингнинг сўнгги васиятини қандай бажарганингни кўриб турибман! У сени муҳофаза қилишга юборган, сен эса бу ерга шумхабар келтириб, элчилик қилиб турибсан.
ЎЗБЕК – Инсон бундай ҳолга тушиши, дунё ишларидан бехабар бўлиши учун дунёдан ташқаридаги хилват гўшага биқиниб олган бўлиши керак. Эронни татарлар забт этганига бир ой бўляпти.
МУҲАММАД – Оҳ, Жалол! Суянган аскарингу, ишонган умаронгга боқ! Эрондай бургут қаноти етмас қалъани татарга бериб ўтиришиди. Хоинлар подшоҳнинг волидасини, авлодини душманга сотишибди!
ЖАЛОЛИДДИН – Сиздай подшоҳ бандаларининг қўлидан фақат шу иш келади. Инсон учун Ватан онасидан азиз! Подшоҳ учун тахт ўғилларидан қимматли, шунақа эмасми? Сиз Ватанинггизни ҳам, тахтингизни ҳам душманга топширдингиз. Тарбиянгизни олган одамлар онангизни, авлодингизни ўйласинми?!
ЎЗБЕК – Гуноҳга ботяпсиз! Эрон ғозийларига туҳмат қилманг! Улар сизга нафсингиздан, қалбингиздан зиёда садоқат кўрсатдилар. Татар ҳамма тарафдан қуршаб олди, ейишга ҳеч вақо қолмади. Бунинг устига фалак ҳам мисли кўрилмаган жазирамани юборди. Бечоралар очликдан душман қиличи юлиб олган аъзоларини ейиш, сувсизликдан яраларидан оққан қонларини ичиш даражасигача боришди. Шундагина таслим бўлдилар. Қалъа таслим бўлган кун мен ёнимга тўплай олган фирқа билан Хуросон дарвозасининг қаршисидаги пистирмада эдим. Қалъадан чиққанларни ўз кўзим билан кўрдим. Гўё қиёман қўнгану, ўликлар чириган суяклари, қуриб қақшаган терилари билан мозордан чиқяпти, дейсиз. чиққанлар тахминан ўттиз-ўттиз икки киши эди. Уларнинг кўпчилиги йўлдаёқ, душман ўрдасига етмасдан очликдан, мадорсизликдан бирин-кетин йиқилиб ҳалок бўлди. Вазиргина омон қолди. Зотан Оллоҳ уни икки маъсум ўғлининг татар қиличи остида тилка-пора бўлишини кўриш учун сақлаган экан.
МУҲАММАД – Оҳ…
ЎЗБЕК – Бечора қутурди, қичқирди. Тишлари билан ўзининг этларини узиб ола бошлади, лекин ўлдира олмади. Оқибатда татарлар бошини тошлар билан эзиб, шаҳид қилишди.
ЖАЛОЛИДДИН – Шўрлик! Подшоҳи учун яна бир ой ғайрат қилганида эдими, ким билади, қандай хизмату, қандай илтифотларга сазовор бўларди.
МУҲАММАД – Жим бўл, Жалол! Худо ҳаққи жим бўл! Ҳар бир сўзинг ўқ бўлиб юрагимнинг энг оғриқли ерлари тегмоқда.
ЎЗБЕК – Ёлғиз волидангиз тирик қолдилар. Бечора аёл! Қандай бахтсиз экан. Тириклигида жаҳаннамдан баттар азобларни чекаётир. Ҳар куни эшигидаги минглаб фақирни боққан султон энди Чингизхон овқат еганида итдай, худди ов итидай қаршисида кишанларини силкитиб, бошини икки қўлининг устига қўяди-да, у ифлоснинг, у малъуннинг отган нон ушшоқларини териб ейди!..
МУҲАММАД – Жалол! Жалол? Қутбиддиннинг, Наййиранг ҳаққи мени унинг гапларидан қутқар!
ЎЗБЕК – Икки хотинингиз ҳам тирик. Ҳозир Чингиз ҳазратларининг ўнг қучоғида бири, чап қучоғида иккинчиси ётган бўлса керак.
МУҲАММАД – Оҳ, Жалол, сен ҳақ экансан! Ҳақиқатан ҳам дунёнинг қарғишига, Худонинг ғазабига дучор бўлган банда эканманки, бундай фалокатларни кўриб турибман… Топа оламанми?.. Интиқом олишга бирор чора топа оламанми? Кимдан ёрдам сўраяпман ўзи? Дунёда ҳаддан ташқари мендан нафратланувчи инсон бор бўлса, у (Жалолни кўрсатиб) шу эмасми?
ЖАЛОЛИДДИН – Менми, падарим? Валинеъматим! Подшоҳим, ҳукмдорим! Сиздан нафратланувчи кимса Оллоҳнинг раҳматидан марҳум бўлсин! Подшоҳим яна бир бор майдонга чиқинг! Вилоятдан бутун халқ олдингизда жон беришга ҳозирдир! Биринчи аскарингиз яна Жалолингиз бўлажак! Бир дона тукингизга вужудимнинг ҳар зарраси бир-бир қурбон бўлсин! Худо ҳаққи, азмингиздан қайтмаг. Сабот қилинг! Динимиз ҳурмати, раъйингиздан қайтманг! Истасак, у малъунлардан интиқом олишга чора топа биламиз. Ғайрат қилсак, ўша кўппакни шаҳидларимиз қонига бўға оламиз.
МУҲАММАД – Оҳ, қўлим! Бу қандай санчиқ? Қўлим! Гўё қадар панжаси билан ўнг қўлини суғуриб олаётгандай, қўлим! Балки фалак вужудимда Чингиздан интиқом олиш нияти пайдо бўлганини кўриб ғазабдан қўлимни суғуриб олаётгандир, оҳ шундай оғрияптики, тирноқларимни кўриб турмасам, жигаримга санчилган, деб ўйлардим. Оҳ…
ЎЗБЕК – Тутқаноқ тутдими? Ё раббим! Ишқилиб ўйлаётганларим хато бўлсин! Ё рабби, бизга бундай фалокатни кўрсатма!
МУҲАММАД – Оҳ, у ким? Қаршимда турган татар ким? Оҳ… Чингиз!.. Оҳ!.. Чингизнинг, у малъуннинг расмига кўзим тушган эди. Қиёфасини яхши эслаб қолганман.
ЖАЛОЛИДДИН – Подшоҳим, ўзингизни қўлга олинг. Қаршимизда ҳеч ким йўқ.
МУҲАММАД – Нега йўқ? Кўзларимга парда тушдими? Мана, мана, кўрмаяпсанми? Қиличига қара! Учидан тўкилаётган қон томчилари чодир ичида дарё ҳосил қилмоқда. Кўзларидан атрофга олов сочилмоқда. Оҳ, Руқниддиннинг бошини тишлари билан то шоҳ томиригача узиб олибди. Оғзидан ҳамон қуюқ-қуюқ қонлар оқяпти ва қора илондай баданига чирмашяпти.
ЎЗБЕК – Подшоҳим, сиз бу ерда ўтиринг. Тинчланинг! У билан биз жанг қиламиз.
МУҲАММАД – Оҳ, устимда бостириб келяпти. Мен чап қўлим билан ҳам унинг жигарини суғуриб ташлай оламан. Қилич, қилич йўқми? Оҳ, қўлим!.. Оҳ, қў….лим… Қўлимни тангрининг интиқом қиличи узиб ташлади… Ундан бошқа қилич йўқ… йўқ… (йиқилади ва жон таслим қилади).
ЎЗБЕК – Тинчиб қолди, бу ерда бирорта табиб ҳам йўқ. Кимни чақирсак экан? Ёки безовта қилмай қўя қолайликми?
ЖАЛОЛИДДИН – Девона! Сўзларингдан чеккан азобини кўрмадингми? Ким айтади, сени шунча урушни кўрган деб… Подшоҳимиз вафот этдилар.
ЎЗБЕК – Йўқ, иншооллоҳ бундай эмас!
ЖАЛОЛИДДИН – Ҳаёти ҳаводай зарур бўлган бир вақтда вафот этдилар. Худо раҳмат қилсин! Оҳ, кошки, татарга юриш қилмасдан олдин вафот этган бўлсалар ёхуд бир неча йил яна яшасалар эди!
ЎЗБЕК (Жалолиддиннинг сўзлари орасида Муҳаммад Хоразмшоҳнинг набзини, нафасини муайяна этганидан сўнг) – Оҳ, мен сабаб бўлдим. Подшоҳим ўлимига мен сабаб бўлдим! Чингизга қилган шайтон ҳам қила олмайди. (Жалолиддинга) Подшоҳим! Ҳозир подшоҳим сенсан! Шу марҳумнинг ҳурмати мени охиратга жўнат! Шу мозорнинг бир бурчагида ётай. Бу телба дунё зулмидан, азобларидан қутилай. Э воҳ қандай шу замонда дунёга келибман. Уч йилдирки, жанг қиламан. Ўн саккиз еримдан яраландим. Ўқларни бир қатор қилиб тизиб чиқсанг, узунлиги Самарқандгача етади. Кўппакнинг танасидан бир дона тук суғура олмай, келиб-келиб бир-икки оғиз сўз билан подшоҳимнинг, валинеъматимнинг ўлимига сабабчи бўлиб ўтирибман. Муродим вужудимни унинг йўлига фидо қилиб, оёқлари тагида жон таслим қилиш эди. Энди у вафот этди. Мен эса тепасида соғ турибман. Ўлимига мен сабабчи бўлдим. Подшоҳим, мени ўлдир! Шу мусибат оламидан қутилай…
ЖАЛОЛИДДИН – Чингизга қилмаган бир хизматимиз қолган эди. У ҳам бўлса бир-биримизни ўлдиришдир. Уни биринчи бўлиб энди мен бошлайми? Салтанатни тугатишни қандай осон йўлини таклиф қилаётганингни биласанми? Сени қайси қозининг ҳукми билан ўлдирай? Шу мажнунга бир боқинг! Душманни бутунлай хотирасидан ўчириб, дунёда ёлғиз жисмини қолдиришга интилмоқда. мен тошдан, тупроқдан мусулмон пайдо қилмоқчиман. У бўлса мусулмон бўла туриб, ўзини тупроқ қилишга ҳаракат қиляпти. Тезда ҳозирлан! Марҳумни дафн этишимиз билан жангга кирамиз.
ЎЗБЕК – Сиз ҳақсиз! Ҳақсиз, подшоҳим! Ўладиган аскар жаллод олдида эмас, душман қаршисида жон таслим қилса ярашади. Жангга ўзимни танибманки, тайёрдирман. Аммо ҳеч қачон ҳозиргидай шай бўлганимни билмайман.

ТЎҚҚИЗИНЧИ МАЖЛИС
Аввалгилар – Қутбиддин – Наййира

ҚУТБИДДИН – Подшоҳим, кемачи ҳоки пойингизга юз суртмоқ истайдилар!
ЖАЛОЛИДДИН – Қутбиддин, бор! Бошқа чодирларда ким бўлса, барини чақир, бу ерга тезроқ келсинлар!
ҚУТБИДДИН – Подшоҳим қаердалар? Кемачи…
ЖАЛОЛИДДИН – Сенга амр берилди, ҳамон шу ердамисан?!
ҚУТБИДДИН(хафа бўлиб чиқиб кетар экан) — Подшоҳим, сиз ёнимизда йўқсиз, шунинг учун менга озор бермоқдалар…
ЖАЛОЛИДДИН – Малика-а-а!.. Наййира –а-а!.. Наййира-а-а!..
НАЙЙИРА(чодир орқасидан) – Бегим, чақирдингизми?
ЖАЛОЛИДДИН – Бошингизга бирор нарса ёпиниб, бу ерга келингиз!
НАЙЙИРА — Келяпман!.. Сизга нима бўлди? Кўзларингиз унча-бунча балоларга ёшланмас эди. Ҳозир эса овозингиз йиғлагандай титраб чиқмоқда. Оҳ, бу чодир ҳам татар терисиданми, нима бало?! Бир қарич ерида саккиз-ўн ўқ тешиги бор-у, ҳали ҳам пишиқ, йиртиб бўлмайди. Келдим, подшоҳим! (Наййира чодирдан йиртиб олган бир бўлак матога ўраниб, кириб келади. Ногоҳ Қутбиддин ҳам киради). Худо паноҳингиз бўлсин, сизга нима бўлди?
ЖАЛОЛИДДИН – Қара, подшоҳ қай ҳолатда ётибдилар…
НАЙЙИРА – Ё рабби! Буюк давлатдан, буюк салтанатдан қўлимизда ёлғизгина подшоҳимиз қолганди. Уни ҳам кўп кўрдингми? Дунёдаги уқубатинг шундай бўлса, охиратдаги азобларинг қандай экан?.. Подшоҳим, тахтингизда бир малъун татар ўтирибди. Сиз эса шармандалик тупроғида қоришиб ётибсизми?!
ЖАЛОЛИДДИН – Йиғлама, бошқа чодирдагилар келмоқда. Ҳозир уларнинг ҳам кўнглини бузасан. Менинг ҳам ихтиёрим қўлимдан кетади.

ЎНИНЧИ МАЖЛИС
Аввалгилар – Қутбиддин – Ўрхон – Ходима

ЖАЛОЛИДДИН — Мудомики туғилган эканмиз, албатта бир кун ўламиз. Мана подшоҳимиз вафот этди. (Ҳамма йиғлаб фарёд қила бошлайди). Нечун фарёд қиласиз? Кўз ёшлари билан марҳумни ювиб бўладими? Зотан подшоҳимиз ўзларини тириклайин гўрга тиққан пайтларида йиғламоққа лойиқ эдилар. Ўлиши керак бўлган пайтда яшадилар. Тириги керак бўлган вақтда вафот этдилар. Бугун соғ бўлганларида, майдонга тушардик. Инсониятни қутқармоққа, исломият душманларидан интиқом олмоққа азм этган дақиқаларида вафот этдилар. Боқинг жанозаси кўзининг ўнгида ўқиладими? Шу дамда мурдада тил бўлса эди, “Интиқом, интиқом” дея бақирган бўларди. Бундай бадбахт подшонинг мотамида кўз ёши эмас, душман қони тўкилиши керак. Мен марҳумни дафн этиб, бу ердан чиқар эканман, Оллоҳни ўртага қўйиб қасам ичаман! Ё Ислом мамлакатини татардан қутқараман, ё шаҳодат мени бу қасамдан қутқаради. Ватанни, миллатини жонидан зиёда севганлар бу йўлда мухтордирлар. Роҳатини, саломатлигини ўйловчилар истаган ерларига кетишлари мумкин.
ЎРХОН – Подшоҳим, ер юзи гўристонга айланган дамларда ҳам падарингиздан айрилмаган бандаларингиз ғазо майдонида, жаннат эшигида сиздан айрилади, деб ўйлайсизми?
ЖАЛОЛИДДИН – Ўзингиз биласиз! Қани сув иситинг, гўр қазинг, яна нима лозим бўлса, бажаринг! Бечоранинг руҳини, ақлини, қалбини Чингиз каби, Носир каби бир қанча кўппаклар еди. Энди ҳеч бўлмаса вужудини қуртларга, қушларга қолдирмайли. (Ходима чиқиб кетади). Қутбиддин, бу ерга кел! Бобонгга қара, қай ҳолатда ётибди… Икки йил аввал аҳли башарни шоҳона кийим билан сийлашга етгулик давлати бор эди. Энди эса кафанлик учун мулкида саккиз аршин бўзи ҳам йўқ. Қабрга шу йиртиқ энгил боши-ла киражак. Қара ва ибрат ол!
ҚУТБИДДИН – Отажон! Подшоҳим! Қулларининг бошига тушган бундай фалокатларга Раббим қандай чидаб турибди?
ЖАЛОЛИДДИН – Бундай нарсаларни ўйлама! Аста-секин ўрганасан. “Қилмиш-қидирмиш” дейдилар, чекаётган азобларимиз қилмишларимиз жазосидир. (Ўзбекка). Қўл остимда бирор қалъа қолдими? Маликани қаерда қолдирамиз?
НАЙЙИРА – Майли, Тангр вужудимнинг ҳар заррасини бир-биридан айирсину, мени сиздан айирмасин! Мен учун қалъа – вужудингиз, пана жой эса қучоғингиздир. Сиздан соянгиз айрилса ҳам мен айрилмайман. Яшасам, оёғингиз учида яшайман, ўлсам, кўз ўнгингизда ўламан.
ЖАЛОЛИДДИН – Ахир, бола… Қутбиддинни нима қиламиз?
ҚУТБИДДИН – Подшоҳим, бу ерга келаётганимизда овга чиққан бир арслонни кўрган эдик. Орқасида боласи ҳам бор эди. Ёдингизга тушдими? Онажон, орқасида кичкинагина боласи ҳам бор эди, шундай эмасми? Қутбиддинингиз орқангиздан нега бормасин? Менинг ҳайвон боласидек ҳам қадрим йўқми?
ЖАЛОЛИДДИН – Ҳақлисиз! Иккингиз ҳам ҳақлисиз! Татар устига юриш қиламиз. ўлимга қарши аёлнинг эркакдан, боланинг каттадан нима фарқи бор? (Муҳаммад Хоразмшоҳ мурдасига яқинлашиб). Отажон! Подшоҳим! Мана тахтингизни эгаллаб турибман!.. Яна ҳукмингиз асириман. Руҳингиз; албатта, сўзларимни эшитаётган бўлса керак. Мозор тупроқлари юзига тортилмаган майит ҳузурида Раббим ҳаққи қасам ичаманки, Оллоҳга, жинсимга, миллатимга хизмат қилишни афзал биламан! Жалолингизга аҳдини бажармоқ, ёхуд парча-парча кафанингиз чириб битмасидан охиратда сизинг бирла кўришмоқ насиб этсин! (ҳаммага). Аҳжимни эшитдингизми? (Чодирнинг ичидан, ташқарисидан овоз келади: — Оллоҳ мададкорингиз бўлсин!)
ЎЗБЕК – Оллоҳ мададкоримиздир, подшоҳим!
ЎРХОН – Оллоҳ мададкоримиздир, подшоҳим!
ЖАЛОЛИДДИН – Оллоҳнинг ишига аралашмаймиз, йўлига юрамиз.

(Парда ёпилади).

Номиқ Камол
«ЖАЛОЛИДДИН ХОРАЗМШОҲ»
Хуршид Даврон (Нафиса Султонқулова б-н  ҳамкорликда)  таржимаси
07
Пьеса асосида беш пардали фожиа
Ўзбекистон телерадиокомпанияси —  1998 

Сценарий муаллифлари: Хуршид Даврон, Тоживой Исроилов
Режиссёр: Тоживой Исроилов
Ролларда: Машраб Кимсанов, Толиб Каримов, Моҳира Нурметова,Мариям Ихтиёрова,Ҳабибулла Каримов, Пўлат Носиров,Фазлиддин Фаёзов, Мирза Азизов, Эгамберди Раҳимов, Александр Бекжонов, Ҳамид Тўхтаев, Боир Холмирзаев, Меҳри Бекжонова ва бошқалар.

021

021

021

021

021

08

TARJIMONDAN
055

Buyuk vatandoshimiz Jaloliddin Manguberdi (Xorazmshoh) hayoti va faoliyati ijodimning dastlabki yillaridanoq menda katta qiziqish uyg’otgan. Mana shu qiziqish natijasi o’laroq dastlab «1231 yil 16 avgust» sarlavhali she’r, keyinchalik ulug’ turk adibi Nomiq Kamol qalamiga mansub »Jaloliddin Xorazmshoh» fojiasining tarjimasi, ulug’ alloma Shayx Najmiddin Kubro hayoti va tariqati haqida hikoya qilguvchi «Shahidlar shohi yoxud Shayx Kubro tushlari» qissasidagi Jaloliddin Manguberdiga oid bitiklar paydo bo’ldi.
«Jaloliddin Xorazmshoh” orqasidan o’n besh yilcha yurganman. Hammasi 1973 yili O’zbek sovet entsiklopediyasida Nomiq Kamolning shunday tarixiy dramasi borligini o’qigach, oromimni yo’qotishdan boshlandi. Xayolimda bir dahshatli she’riy asarni ko’rganday bo’ldim. Ammo,sovet zamoni edi,Nomiq Kamolning turk tilida tugul,sovet,ya’ni rus tilida ham topib bo’lmaydigan kunlar edi. Oradan bir necha yil o’tib, o’sha paytlarda Moskovda dars berib yurgan Hamid Ismoil ko’magi bilan Nomiq Kamol asarin bilan tanishishga muyassar bo’ldim. Asar men kutganday she’riy emas ekan, ammo bari bir hayajonli asar edi.

U paytlarda bugungi texnolojik imkoniyatlar yo’q ekan-da, Hamidbek yuborgan Nomiq Kamolning asari plyonkada olingan ekan. Bolalarimga rangli diafil`mlarni ko’rsatib yurgan uskuna qo’l kelib qoldi. Devorga oq choyshab osib plyonkani uskunaga tiqib,chiroqni o’chirib,choyshabda aks etgan matnni bir necha kun mobaynida bir amallab fojia bilan tanishdim. Ko’zim necha muddat qizarib yurdi. Keyin fotograf do’stim yordamida plyonkani fotoqog’ozga o’tkazdim. Zamon o’tib, o’sha paytda Milliy Universitet talabasi Nafisa Sultonqulova yordamida asarni o’zbekchalashtirishga kirishdim. Ammo,yana bir yomon odatim takrorlandi: tayyor bo’lgan tarjimani biron bir jurnalga olib bormadim. Vaqt o’tib (anig’i 1996 yildan),TVda ishlaydigan bo’lib qoldim. 1998 yili bu tarjima haqida eshitgan rejissyor Tojivoy Isroilov holi-jonimga qo’ymagach,tarjimaning qisqartirilgan nusxasi asosida 5 qismli “Jaloliddin Xorazmshoh” videospektaklini tasvirga oldik. Mana necha yildan buyon videospektakl har zamon-har zamon TV da namoyish etilib turibdi.

Bugun esa chorak asrdan ziyod vaqt davomida arxivimda e’lon qilinmay yotgan fojianing birinchi pardasini va mazkur asar asosida tasvirga olingan 5 qismli videofil`mni sizga taqdim etmoqdaman. O’rni kelgani uchun yana bir karra do’stim Hamid Ismoilga va Nafisa Sultonqulovaga samimiy minnatdorchiligimni bildiraman.

Bu ulug’ siymo nafaqat Nomiq Kamolni yoki Maqsud Shayxzodani, ne-ne taniqli va taniqsiz adiblaru olimlarni maftun qilgan va uning shonli hayoti va faoliyati kelgusi asrlarda ham Vatan va Millat deb yashagan insonlarni hayajonga solishiga ishonaman.

NOMIQ KAMOL
JALOLIDDIN XORAZMSHOH
Usmonli turkchasidan Nafisa Sultonqulova hamkorligida
Xurshid Davron o’zbekchalashtirgan

011

Turk adabiyotining buyuk namoyandasi, turkchilik asoschilaridan biri, yosh usmoniylar harakatiga mansub yozuvchi, shoir, dramaturg, jurnalist va siyosatchi arbob Nomiq Kamol 1840 yil 21 dekabrda Turkiyaning Tekirdag’ shahrida dunyoga kelgan. Nomiq Kamol yurtsevarlik, hurriyat, millatparvarlik g’oyalari kuchaygan Tanzimat davri mutafakkirlaridan hisoblanadi. U zamondoshlari tomonidan «Vatan shoiri» va «Hurriyat shoiri» deb ulug’landi. Adibning ijodi, xususan, «Intiboh», «Jaloliddin Xorazmshoh», «Vatan yoxud Silistre», «Zavolli go’dak», «Gulnihol», «Akifbey», «Avroqi parishon», «Davri istilo», «Tasviri afkor», «Hurriyat», «Hiloli usmoniy» va boshqa bir qator asarlari yangi turk adabiyoti shakllanishiga samarali ta’sir ko’rsatdi. Uning hayoti oson kechmadi, surgun va qamoqlarda o’tdi. Nomiq Kamol 1888 yilning 2 dekabrida Egey dengizidagi orollarning birida vafot etdi.

011

QATNASHUVCHI SHAXSLAR

Muhammad Alouddin – Xorazmshoh, Jaloliddinning otasi
Jaloliddin — Muhammad Xorazmshohning o’g’li
G’iyosiddin ———————————————-
Oq Sulton ———————————————-
Arzak Sulton ———————————————-
Qutbiddin — Jaloliddinning o’g’li
O’zbek — Umarolardan va Jaloliddin mahramlaridan
Malik Nusrat ——————————————
O’rxon ——————————————
Nuriddin Munshiy — Jaloliddin as’hobi devonidan
Buroq Hojib — Qoraxitoy davlati
Sayfiddin Iroqiy — Muhammad Xorazmshoh umarolaridan
Badriddin Amid ————————————
Amir Nushtegin ————————————
Imodul Mulk ————————————
Xodimxon ————————————
Izzatdin Kazviniy — Mehri Jahonning mahrami
Qiyomiddin Bag’dodiy — Tabrid kadisi
Sulaymon ————————————
Jobir — Buroq Hojibning mahramlaridan
Muborak — Mehri Jahonning xodimasi
Nayyira — Jaloliddining birinchi xotini
Mehri Jahon — Jaloliddinning ikkinchi xotini
Zahira — G’iyosiddining onasi
Xizmatkorlar, askarlar, xodimalar, joriyalar va g’oyibiy bir sas.
Birinchi parda
(Obi Sukun orolida shohona, lekin eski bir chodir)

BIRINCHI MAJLIS
Jaloliddin – Nayyira

NAYYIRA – Jamoli uzra qora bulut yanglig’ cho’kkan bu motam rangidan Quyosh qay zamon qutular ekan?
Bir vaqtlar bu chehra navbahorga o’xshardi. Atrofiga doimo nurli shafaqlar, tabassumidan unib chiqqan g’unchalar sochar; kimki bir karra boqsa, ko’ngli ruhiy safo, ko’zlari quvonch yoshlari bilan to’lardi. Quyosh tutilishini ko’rgan esam-da, uning kabi yana bir nurli jamolning vaqti kelib zulmat rangi bilan qoplanajagini hech aqlimga sig’dira olmasdim. Nahot bir martagina, bir daqiqagina bo’lsa ham kulmassiz? Nayyirangizga – bir vaqtlar yoningizda jon topgan quvonchga, ko’z ochib ko’rganingiz Nayyirangizga tikilasiz, tikilasizu jigarini o’q teshib o’tgan, sayyodini kuzatayotgan yarador arslon kabi ko’zlaringizdan otash, dudoqlaringizdan g’azab sochiladi. Falakka bosh egmassiz! Ammo bir vaqtlar meni deb podshoh padaringiz oyoqlariga bosh urib, Xorazm saltanati xonadonining erkasi qilgan edingiz. Nahot ko’ngilda endi u mayldan, u tavajjuhdan zarracha qolmagan bo’lsa?!

JALOLIDDIN – Yo’q, unday dema, aslo! Seni birinchi ko’rishimda qanday sevib qolgan bo’lsam, yuzingga boqqanim sayin, sevgim yanada ortib bormoqda.
NAYYIRA – Unday bo’lsa, chehrangizdagi bu mahzunlik boisi ne? Dunyoda muhabbat qarshisida mag’lub bo’lmaydigan alam bormi? Bu jahon g’amini jahonning o’ziga qoldirsak-da, yana muhabbatimizni o’ylasak bo’lmaydimi? Evoh, qanday musibat zamonga qoldik! Hayot vujudimizdan hech qachon ayrilmaydiganday turibmiz. Falak esa balo kunlarining daqiqasini yillarga, soatini asrlarga uzaytirmoqda. Bizlar ham unga qarshi o’laroq, vaqtimiz naqadar og’ir kechsa-da, umrning eng buyuk lazzati bo’lgan sodiqona muhabbatdan shu qadar ziyoda istifoda etsak, falakdan loyiqi bir intiqom olsak ne bo’lur! Yuzlarimga bunday mahzun tikilmangiz! Istasak, falakdan intiqom ola bilurmiz! Pok vijdonimiz, o’zligimiz bizni har qanday baxtiyorlik bilan ta’minlashga kafildir. Oh bilmayman, negadir bu ulkan olamning qanday qayg’ulri bo’lsa – hammasiga qalbingizdan joy topiladi, ammo mening ko’nglim yolg’iz siz bilan to’liq! Sizdan o’zgani istamas! Yodingizdami, biz qachon ko’rishgan edik? Bilasiz!… Qilichlar shafaq bag’rida tug’ilgan hlol yanglig’ qonlar ichida porlay boshlagan; tug’lar qoningni so’rish uchun tanangga yopishishga tayyor turgan ajdarday titrab-titrab boshini ko’targan; o’qlar vatan bo’lguvchi bir qalb izlab maydonga otilgan, muhabbat kabi nogoh qarshisidan chiqib qolganlarni jon uyidan quvib chiqara boshlagan; dahshatli zilzila tufayli butun askaru-silohlari bilan to’zib ketgan qal’a qo’rg’oni kabi fillar, toshlar, temirlar, o’qlar, xarobalar, qichqiriqlar, oh-vohlar, vovaylolar sochganicha ustimizga bostirib kela boshlagan edi. (O’z-o’ziga) Nahot zeriktirib qo’ygan bo’lsam?
JALOLIDDIN – So’zla, so’zla! Umrimning sening kabi eng aziz onlarini ko’z o’ngimda qayta namoyon qilmoqdasan!
NAYYIRA – Padarim urushga ketarkan, meni ham yonlariga olgandi. Marhuma volidam, bechora ayol, qanday faryod solganini bilsangiz edi! Oh, qanday janjallar qildi! “Qaysi qiz o’n sakkiz yoshida urushga boribdi? Ikkala o’g’limni olib ketyapsiz. Mayli, men roziman, biri zirhingiz, biri siparingiz bo’lsin! Vujudlari o’q va qondan atrofga shox otgan va boshdan-oyoq gullarga g’arq bo’lgan daraxtga o’xshasin! Iftixor etib yashayin! Faqat qizimdan nima istaysiz? Uni men bilan qoldiring. Oh… O’g’ilni to’qqiz oy yuragimiz tagida saqlab dunyoga keltiramiz. Yetti-sakkiz yoshga chiqar-chiqmas, ularning yuzini ko’rmakka zor bo’lamiz… Endi esa qizlarimizni ham tortib olmoqchisiz! Sho’rlik ayol… farzandini – u qiz bo’lsin, o’g’il bo’lsin – qornida ko’tarib yuradi, bag’rida katta qiladi. Og’risa, har kecha tongga qadar yotog’ining etagida, o’lsa, har kuni oqshomga qadar mozorining boshida yig’laydi. Yana amir, ta’qiq, tasarruf yolg’iz otalarning qo’lida”, — deya shikoyatlar qildi. Yig’ladi, yolvordi. Otamning oyoqlari tagiga yiqildi. Ammo ta’sir ettirolmadi. Uning faryodlari, fig’onlari tinganidan so’ng padarim hafif bir tabassum qildi. Siz ham bir ko’rsangiz edi! Odatda u kishi bir so’z demoqqa chog’langan paytlaridagina shunday kulib qo’yardilar. “Podshoh naslidan bo’lganlarning burchi har turlik fidokorlikda xalqqa namuna bo’lishdir. Men avlodimni, hatto u qiz bola bo’lsa ham, davlatimni saqlab qolish uchun fido qilishga majburman. Bugun men qizimning hayotini xavf ostiga qo’ysam, ertaga har kas o’g’lini istasa-istamasa silohim oldiga tiz cho’ktiradi”, — dedilar. Yana volidamning yuzlarida paydo bo’lgan yalinish ifodasini ko’rishlari bilan: “Xotin kishining podshoh ishiga aralashishga haqqi yo’q!” deya baqirib berdilar. Tuklari hurpaydi. Ko’zlari otash kabi qizardi. Qizsha boshladi. Otamning ko’zlariga tikildimu, qarshimda o’ljasini tilka-pora qilishga tayyor arslon turganini his qildim! Begim, xudo panohingiz bo’lsin, zeriktirib qo’ymadimmi?
JALOLIDDIN – So’zla, jonim. Sen men umr bo’yi orzu qilgan podshoh, umr bo’yi izlagan padar haqida gapirmoqdasan. Qaynotamning mard bo’lganini eslab, ko’nglim bir oz tasalli topayapti. Koshki, sening kabi baxtiyor bo’lsam. Ammo, netaykim, padarim orzu-istaklari yo’lida davlatini emas, meni davlati yo’lida fido etmoqchi…
NAYYIRA – Oh, qanday farosatsizman! Ichingizdagi qo’rquv-shubhalarni daf qilaman deb, yana u andishaga quvvat berguvchi narsalar haqida so’zlab o’tiribman.
JALOLIDDIN – So’zla! So’zla! So’zlaringni eshitganim sayin lablaringdan o’pgan kabi ko’nglim ravshan tortmoqda!
NAYYIRA – Otamning qiyofasi shunday vajohatga kirdiki, onajonim butunlay shoshib qoldi. Go’yo lablari, kipriklari bir-biriga yopishib qolgan, na bir so’z demoqqa, na yuzimizga qarashga jur’at qila oldilar. Tezda o’rnilaridan turib haram eshigi tomon yura boshladilar. Men hayratdan butunlay qotib qolgan edim. Padarim ham o’rnidan qo’zg’aldi. Qabulxona sari yuzlandi. O’girilib menga shunday qaradilarki, go’yo ularning ko’zlari qahrabodan, vujudim esa cho’pdan edi – ixtiyorsiz orqalaridan ergashdim.
Jang maydoniga qanday nafrat, azob ichida kelganim yolg’iz o’zimga ayon! Bo’ynimga zanjir bog’laganday bir haftalik yerga tosh yo’llardan, tikanzorlar orasidan sudrab keltirdilar. Evoh, mening bu xavotirim go’daklarning orasidan yo’qlikdan vujudga kelayotganlaridagi faryodi qabilida ekan. Aslida, Olloh Taolo menga asil hayotni o’shanda nasib etganu, men istiqboliga chiqayotgan ekanman! Aslida, padarim bu bechora vujudni ikki islom davlati orasida tinchlikka, aqrabolikka xizmat qilsin deya u yerga ehtiyot uchun keltirgan ekanlar! Aslida Jalolimga o’sha yerda noil bo’lar ekanman! Oh buzg’unlik… Mening kabi onasining bag’ridan yangi ayrilgan qizlar uchun naqadar dahshatli ekanligini bilsangiz edi! Buni tasavvur ham qila olmaysiz. Otliqlaringizning qay biriga boqmay, go’yo o’lim tirilib ustimga bostirib kelayotganday tuyulardi. Otamni ko’rdim. U o’zini minglarcha qilich va tug’lar ustiga otar, bir necha yeridan yaralangan, orqasidan xil’ati qon tomchilaridan qoplon po’stiniga o’xshab qolgan edi. Havo qorayib ketgan. Osmon Xudoning g’azabidan jahannam mahluqiday qo’rqinchli o’kirardi. Zamin shahid o’g’lining qoni yuz-ko’zlariga sachragan ona kabi achchiq-achchiq yig’lar: har daqiqada yildirim otash rangidan yaratilgan ajdarho kabi bukila-bukmla bulutlarni yirtib yo bir og’ochga, yo bir tug’ga tushardi. Yuz minglarcha odam zirh kiygan, zirh kiyimlari ko’ngillarni ham temirga aylantirgan – jon olishda Azroilga tenglashardilar! Bu tarafga boqangiz, bir yigit yaralanib, ajali bilan kurashib-kurashib o’lmoqda! U tarafda esa bir askar boshqasining yoqasiga osilib olgan – go’yo o’z ruhi bo’lgan, u qo’lidan chiqarib yuborgan, ming hirs bilan, ming g’azab bilan jonini olmoqqa harakat qilmoqda. Qaerga boqmang o’qlar, yaradorlar, tug’lar, qilichlar, qon, fil, o’lim, otash, yildirim! Otam ko’rinmas, og’alarim yaralaridan oqqan qondan tirikmidi, yo’qmidi, farqlab bo’lmasdi. Volidam dunyoning u burchida, xizmatkorlar esa jang maydonida jon bermoqda! Joriyalar dahshatdan hushidan ketar, yerlarda sudralib ingrardi. Shamol chodirning bir uchini ko’targan, vujud sovuq va yomg’irdan xazon yaproqlari kabi titrar edi. Yo’q, inson qo’rquvdan, kadardan o’ladi desalar yolg’ondir! Agar shunday bo’lganida edi, u kun sog’ qolarmidim.
JALOLIDDIN – Oh, mard kishi shunday dahshatlar ichida o’zini, do’stini, ba’zan hatto dushmanini ham o’limning panjasidan olishib-olishib qutqarishga harakat qilsa, umrining qanchalik uzayishini, ko’ngli qanday ravshan tortishini bilasanmi?
NAYYIRA –Sizni o’sha muhoraba, o’sha qiyomatning orasida ko’rganim uchun ham bilaman! Hamon ko’z o’ngimda. O’rdaga yaqilashgan askar chodir iplariga yopishdi. O’qlar – daraxtga hujum qilgan ari galasiday birining boshi, birining qanotiga yopishgancha bir-birini quvishib atrofimizda vizillab-vizillab ucha boshladi. Men har daqiqada Azroilimni kutar ekanman, nogoh qarshimda bo’ron kabi tuman paydo bo’ldi. Hali tuman bir qancha yuz odim uzoqda ekan, yo’limda sochilgan nima bo’lsa, hammasi shamolinggizdan parishon bo’ldi. Tuman ham ko’tarildi. Neni ko’rdim deng? Qora bulutlar ichida bir mohitob! Mohitob emas, gul chehrali, inson qiyofasiga kirgan bir malak! Shunday malakki, inson qiyofasida bo’lsa-da, malakligi yuzidan balqib turardi. Ko’zlarimni jamolidan hech uza olmadim. Hushimni yo’qotib qo’ygandim. Uning har bir harakati, holatini hayron bo’lib kuzatar; shu qadar behush edimki, chodir oldida to’kilgan qonlarning oyog’im tagiga oqib kelganini, etaklarimning qon bilan bulg’anganini ham sezmas edim. Nogoh ko’z o’ngimdan yo’qoldingiz. Ketdingiz. O’zimni unutdim. Sizni izlay boshladim. Atrofimga ko’z yugurtirar ekanman, qulog’imga bir filfirib sado keldi! Evoh, yonimga kelgan va taxtiravonimni bo’ysundirgan edingiz! Yuzingizga tikildim. Butunlay o’zimni yo’qotib qo’ydim. Qilt etmoqqa majolim qolmadi. Bilasiz, lab ochib hatto tashakkur uchun bir kalima so’z bo’lsin, ayta olmadim. O’rtamizda bor-yo’g’i uch-besh odim masofa bor edi. Shunday emasmi? Yuzingizga tikilgan onim jon uyimga bir o’q otdingiz. Zolimsiz, go’yo meni asir qilmadingiz, shundaymi? Qaysi joriyangiz mening kabi sizga qulluq qilar?!
JALOLIDDIN(hazil qilib) – Ko’ngillari ozod bo’lishni istaydimi?
NAYYIRA – Xudo saqlasin! Tushunib turibman, siz mendan qochyapsiz. Ehtimolki, umrimda birinchi marta yuzingizda tabassum ko’ray deb hazil qilmoqsi bo’ldim. Siz-da meni yig’latishga harakat qilyapsiz!

IKKINCHI MAJLIS
Avvalgilar – Qutbiddin

QUTBIDDIN – Onajonim, nechun ko’zlaringiz yosh bilan to’lmish? Avvallari mening ko’zlarimda bir tomchi yosh ko’rsangiz jahlingiz chiqardi! Dunyoning holi tang bo’lsagina onalar yig’laydi, u go’daklari ovutishga harakat qiladigan darajada o’zgardimi?
NAYYIRA – Ko’zlarim yoshlanibdimi? Balki chang tushgandir? Ko’zi namlanganlarning hammasi ham yig’lagan bo’lavermaydi. Qani, rslonim, tashqariga chiqib o’yna. O’q ot. Qilich chop. She’r o’qi. O’ynash uchun biror narsa topilar, shunday emasmi? Bu yerda zerikmayapsanmi, qora ko’zim?
QUTBIDDIN – Podshohim himmatida, padarimning, volidamning yonlarida ekanman, nimadan jonim siqilsin!
(Qutbiddin chiqib ketdi).

UCHINCHI MAJLIS
Jaloliddin – Nayyira

JALOLIDDIN – Birorta latifa aytib beraymi?
NAYYIRA – Ayriliq onlarida latifa ko’ngilga sig’armidi?
JALOLIDDIN(o’z-o’ziga) – Chehrasi xuddi murdanikidek oqardi. Ammo baribir go’zal, ruhdan, hayotdan go’zal! (Nayyiraga). Sendan ko’nglim qoshilishini, sendan ayrilishni o’ylashim mumkinmi? Xudo haqqi, bunday o’ylarga, bunday vahimalarga aldanma va bir karra qalbingga quloq sol! Vijdoningga diqqat et!
NAYYIRA – Yo’q! Xudoga shak keltiryapsiz! Yolg’on gapirishdan qo’rqaman. Jazosini muhabbatimdan topgayman! Sizning ahvolingizni ko’rib xotiramga ming vasvasalar kelmoqda. Faqat ko’nglim mendan sovib ko’ngil uchun “seni sevaman” deyishingizga aslo qoniqmas! Tangrim, jamoling bilan menga tajalli etgansan! Sevib-sevib bir qul yaratgansan! Shunday mo»jiza yaratdingki, yuzini majusiylar ko’rsa, quyoshga emas, unga talpina boshlaydilar. U qulingga meni ham nasib etding! Insonday ojiz mahluqot orasida “Jalol”day buyuk bir vujud yaratgan qudratingga, o’sha mumtoz qulingning ko’nglini “Nayyira” kabi oddiy bir bechoraga mayl ettirgan marhamatingga, tuproqdan, tikandan gul yetishtirganday, mendan ham Qutbiddin kabi malakni vujudga keltirgan azamatingga sig’inaman. Meni Jalolimning muhabbatidan ma’yus, iltifotidan mahrum etma!
JALOLIDDIN (Nayyiraga) – Qanday xazin, qanday g’arib duolar qilmoqdasan? Mana, meni ham o’zingga o’xshatding. Agar Qutbiddin ko’rib qolsa, yig’layapti, deb o’ylaydi. Padari buzrukvorim dunyoning eng buyuk podshohligini qo’lidan chiqargan paytda ham ko’zlarim bunchalik yoshlanmagan edi!
NAYYIRA – Oh, yana saltanat… Nazaringizda saltanatdan boshqa biror narsa qiymatga ega emas! Podshohligingiz emas, podshohlik umidingiz shubhalar ichida qolgan; dunyoning so’zlashga arzigulik narsalarining hech biri ko’zingizga ko’rinmaydir!
JALOLIDDIN – Bolam yo o’zim uchun kuyib pishyapmanmi? Saltanatga ega bo’lish uchun, nahot, padarimdan mamlakatni tortib olishga muhtoj bo’lsam? Ajdodlarimga shunday mulkni qozondirgan qilich, ajabo, mening qo’limda biror ish ko’rsatishga yaramaydimi? Dushman yuzini ko’rmasdan turib, qochishga pana joy izlab qoluvchi, qo’rqoqlikda tengi yo’q otam kabi ham o’zga yerni bosib olishga qodir emasmanmi? Jahon mulkini tirnog’iga ham ravo ko’rmaydiganim – Nayyiram boshini o’rtaga qo’yib qasam ichamanki, Jalol qo’lida o’tkir qilich, ko’ksida zirh porlab istagan kuni dunyoning qaeriga oyoq bossa, o’ziga davlat paydo qila oladi. Hech bo’lmasa, davlat shahodatini xotirda saqlab yashaydi. Men faqat bir narsani yo’qotganimizga tassuflar qilyapman, zero endi uni qayta qo’lga kiritib bo’lmaydi. Tiklab bo’lmaydigan davlatdan ayrilganimiz uchun hasratu-nadomatdan o’lgan, motam rangidagi kafanlarga o’ralgan murda kabi yuribman. Xonadonimning nomusi barbod bo’ldi! Tushunyapsanmi? Zulm otashi mamlakatlarni, o’lkalarni yutmoqda, tutuni falakka o’ralmoqda. Dushman qilichi erkaklarga, ayollarga, bolalarga, keksalarga sanchilmoqda. Shahidlar qoni tuproqning eng pastki qatlamigacha sizib oqmoqda. Dushman bilan o’rtamizda uch yuz soatlik masofa bor. Shamol inson loshlari, inson kuyindisi hidlarini bu yergacha keltirmoqda. Tuproqni tinglasang, yetimlar ingrashi eshitiladi. Suvga boqsang, shahid qoni ko’rinadi. Dunyodagi bor kamolot, bor yangilik – barchasi bugun Arab, Ajam mulkida to’plangan. Jaholatdan ham pastkash, vahshiylikdan ham zolim bir mahluq insoniyatning olti ming yillik mahsuli – hayot dorilfununlarini butunlay mahv etib, yer yuzida odam kallasidan yasalgan qal’alardan, mazlum qoni bilan yozilgan marsiyalardan boshqa biror narsani qoldirishni istamaydi. O’sha dorilfununlarning muhofizi biz edik! Shunday ekan, yillar davomida mohorda qolgan murda azasi kabi pajmurda, jirkanch bir holga tushib qoldik. Shu tuproqlarda chirib borayotirmiz.
NAYYIRA – Tangrim, o’zing marhamatingdan darig’ tutma!
JALOLIDDIN – Tangridan kim uchun marhamat so’rayapsan? Biz uchun emasmi? Duong qanday qabul bo’lsin? Bugun Qashqardan Mag’ribning nihoyasigacha hamma o’z diniga, o’z dini bilan Ollohga ibodat qilmoqda. O’g’li bilan zino qilgan bir fohishaning murdor qonidan bunyod bo’lgan murtad it vujudini, xudo o’zing kechir, Janobi Haqdan ziyoda ibodatga loyiq bilmish! Yer yuzidan Olloh nomini o’chirib, o’rniga o’zining mal’un nomini qoyim etishni , mo’min bandalarni o’ziga o’xshagan shaytondan ham pastkash bir mahluqqa topintirishni istaydi. U ibodatxonalarning devori ham biz edik. Endi esa, ichidagi mehrob, siniq toshlarni uvada tuproqlari kabi ham ishga yaramaymiz; to’p-to’p bo’lib burchak-burchaklarda surinamiz.
NAYYIRA – Xudo haqqi, jim bo’ling! Chehrangizdagi, ko’zlaringizdagi dahshat aqlimni shoshirib qo’ydi. Hozir jinni bo’lib qolaman.
JALOLIDDIN – Tingla! O’zing gapirishga majbur qilding, ko’nglimda saqlashga harakat qilgan otashlar olovlandi. Ortiq chiday olmayman. Islom uzra bu baloni chaqirgan biz edik. Oxirda dushman ko’rinmasdan turib qochgan ham biz bo’ldik. To’g’ri. To’pni bir marta jang bilan qaytarib g’olib bo’ldik. Dushman bizdan yuz o’girdi, — deb o’yladik. Tatarning oldi inson, orqasi ajal deb, o’shanda ham qochdik. Falakning turli jafolaridan necha yuz yillardan beri qilichimizga sig’inib kelgan, bizni mard, himmatli, shijoatli, nihoyat, o’zlaridan ham kuchli hisoblab, qo’l ostimizga kirgan, oyog’imizni boshlaridan yuksak, qilichimizni jonlaridan aziz bilgan necha yuz minglarcha bechoraga: “Ana dushman kelyapti. Biz ham qochmoqchimiz. Boshingizning chorasini ko’ring”, — deyishga uyalmadik. Qahhori muntaqim huzuriga unga ibodat qiluvchi jumla qulining halokatiga sabab bo’lishdan og’ir gunoh bilan bormoq; avlodlarimizga zamonamizda inson deyishga loyiq kim bo’lsa – yuztadan to’qsonining nohaq to’kilgan qoniga bulg’angan nomni qoldirish qanday musibatdir! Aqling yetyaptimi? Biz Olloh huzurida Namrutlar, Fir’avnlar kabi mas’ul bo’lamiz. Istiqbolda dunyoga qancha musulmon, qancha inson kelsa, dinsiz shaytonlarni qoldiradilar, bizga la’natlar o’qiydilar.
NAYYIRA – U-uf… Men sizni hech bunday holatda ko’rmagan edim. Og’zingizdan bo’z emas, otash sochilmoqda. Qalbingizga iblislar joylashib olganmi? Chingizning hujumiga sizning nima dahlingiz bor?
JALOLIDDIN – Zarracha bo’lsa-da dahlim bor. Chingizni qo’l-oyog’ini bog’lab oldimga keltirsalar, uni emas, o’zimni o’ldirgan bo’lardim. Hammasiga padarim sabab bo’ldi. Hammasiga u sababchi – padarim, podshohim. Yetmish yoshdagi kampir volidasi Iynonda (1) (Qal’a nomi) muhofizlik qilmoqda. O’zi qirq besh yoshda bo’la turib, nomi chiqqan o’g’rilar boshlig’ini, zuhur sohibini, vahshat biyobonlarining eng sassiq suvlari orasida paydo bo’lgan yirtqich jonivorni ko’kdan tushgan balo-qazo, deb o’yladi va qochdi. Natijada dunyo yaralib, inson qadami tegmagan qoya yorig’iga, teshigiga bekindi. Shunchalik qo’rqqanidan hayotini saqlab qolish uchun xotiriga mozor kelsa, yer tagiga, yildirim va yashindan qo’rqmasa, ko’k yuziga yashirinishga ham tayyor. Evoh, ham o’zi qochdi, ham meni sudradi. Nima qilay, o’z otam, o’z podshohim. Ikki tarafdan itoat qilmoqqa majburdirman. Urush boshlangan paytda hokimiyat mening qo’limda bo’lganida edi, xudo biladi, hozir chegaradan necha soat narida oldingi qatorda bo’lardik.
NAYYIRA – Dilingizda mamlakatni bosib olishdan boshqa o’y yo’q. Koshki shu chodirning yarmiday bir kulbamiz bo’lsa…, Sizning fikrlaringiz bu qadar keng, mening ko’nglim esa bu qadar tor bo’lmasa!..
JALOLIDDIN – Koshki! Lekin nima qilay! Kulbada tug’ildim. Hatto beshigimni ham ajdodimning oyoqlari tagida parchalangan bir qancha saltanat taxtining siniqlaridan yasadilar. Nayyiram, Haqdan noil bo’lgan inoyatning, xalqdan ko’rgan itoatning badali shunday kunlarda Haq uchun, xalq uchun jon fido qilmoqdir. Bizlar esa tirik butmiz! Ey xudo! Janobi Haqdan ham qudratliday, Olloh qo’rquvini bir tarafga uloqtirdik. Chingiz qo’rquvi bilan o’zimizni tiriklayin mozorga ko’mmoqdamiz. Jahannam eshiklarining yuzimizga ochilishini kutmoqdamiz. Yig’la! Yig’la! Jaloling azaldan marhamatga loyiqdir. Koshki Olloh meni dunyoga keltirishga ahd qilgan onida jahannamga otsaydi, balki u yerning azobi ruhimning hozir chekayotgan azoblaridan yengil bo’larmidi?!
(Qutbiddin kirib keladi).

TO’RTINCHI MAJLIS
Avvalgilar – Qutbiddin.

QUTBIDDIN – Hukmdorimiz sayrdan qaytib, bu tarafga tashrif buyurmoqdalar.
JALOLIDDIN – Kelaversin, xunasa yurakli erkak! Tilanchi podshoh! Lochin tuxumidan chiqqan kalxat! U mening Vatanim, xalqim, dinimga xizmat qilishimni man etmoqda. G’olibo, men ham unga itoat etmaslikka majbur bo’ladurman!
(Muhammad Xorazmshoh kirib keladi).

BESHINCHI MAJLIS
Avvalgilar – Muhammad Xorazmshoh.

MUHAMMAD – Yana nima bo’ldi? Biringizning ko’zlaringizdan yomg’ir, biringizning chehrangizdan esa yildirimlar sochilmoqda.
JALOLIDDIN – Taajjublanayapsizmi? Bu soyangizda to’kilgan qonlarning, kuyib kul bo’lgan mamlakatlarning badalidir!
MUHAMMAD – Sen bu yerga kelmasingdan menga goh imo bilan, goh kinoya bilan e’tiroz etganing etgan. Shu kunga qadar nohaq hujum qilmoq badbaxtning sha’niga munosib, deb o’yladim ham sukut saqlab keldim. Kim nima desa, desin. Menimcha, zamona xalqining fikri-yu, so’zi haqorat naxari bilan boqishga arzimaydi. Faqat sen boshqa insonsan. Men to’g’rimda noto’g’ri fikrlarga borishingni istamayman. Gapir, qani… Aybim nima ekan?
JALOLIDDIN – Subhanolloh! Meni beadablik qilishga majbur qilayotirsiz. O’z qo’li bilan yo’ngan toshga topinuvchi bir to’da jonivor butun muvohidlarni (ko’p xudolik) yer ustiga qo’yib tashlashni, tavhidning (yakka xudolik) butkul yo’qotishni istaydi. Jomelarimizga ota bostirib kirmoqdalar. Ota-bobolarimiz qabristoniga to’kkan sharoblari shahidlarimizning qonli kafanigacha sizib oqdi. Olamning eng buyuk podshohi, Islomiyatning, insoniyatning eng kuchli panohgohi; ularning har biri o’z vaqtida Isfandiyor kabi, Ardasher kabi, G’aznaviy kabi, Sanjar kabi podshohlarni jahongir deb tan oldirganlar. Yetti-sakkiz mulkning sohibi bo’lgan zot ko’k yuzini lavhi mahfuzga, munajjimlarni xotifi g’oyibga qiyos qildi. Qoni Iroq sharobidan, fikri vazirlik niqobidagi saltanat havasidan iborat bo’lgan Imodulmulkdan o’zga nasihatchini topa olmadi. Ularning maslahati bilan yo’qlik olamining mavjudlik shaklidagi parchasi deyishga loyiq bo’lgan shu go’shaga biqinib oldi. Shunday bir go’shaki, qilmishlariga uyalmaydigan shaytonning ham, agar o’zini insonlar, malaklarning nazaridan yashirish uchun biror yor axtarib qolsa, ikki dunyo xotiriga bu yer kelmasdi. Yana qusurini mendan so’raydi…
MUHAMMAD – Munajjim so’zlariga ishonishimni, osmonda bir sayyorani ko’rib, ey xudo… “erning tangrisi” deb e’lon qilingan Chingizni o’z holiga qo’y! Men qo’limda ham qilich, ham kitob tutgancha ulg’aydim. Tepamizda Ollohdan boshqa dunyoga hukmi hofiz bir quvvat mavjud emasligini ham ilm bilan, ham tajriba bilan bilaman. Al-Mu’ta’simning g’azovati ham, Abu Tammomning tabriknomasi ham tafsiloti bilan hamon yodimda.
JALOLIDDIN – Shunday ekan…
MUHAMMAD – Oldin tugatay, keyin gapirasan! Bu yerga kelishimga Imodulmulkning alahsirashlari sabab deb o’ylaysanmi? Valiahdimsan. Seni bu sharafga loyiq deb bildim va yonimdan hech ayirmadim. Imodulmulkni esa o’g’limning xizmatlarini qilishdan o’zga buyuk ishlarga loyiq ko’rmadim. Shu kungacha har bir ishda sening so’zlaring bo’yicha harakat qilmayotganimni bilar ekansan, uning rayiga qarashimga qanday imkon berding?
QUTBIDDIN – Hukmdorim! Podshohim! Unda nega bizlarni bu yerga keltirdingiz? O’limdan qo’rqdinggizmi?
NAYYIRA – (Qutbiddinga) Jim bo’l! Podshoh, huzurida gapga aralashishga qanday hadding sig’di?

Qutbiddin chiqib ketadi.

OLTINCHI MAJLIS
Muhammad – Jaloliddin – Nayyira.

MUHAMMAD – (Nayyiraga) Qo’y, gapirsin! Otasining miyasidagi o’ylar bolasining vijdoniga ta’sir etib, tiliga chiqmoqda. (Jalolga). Meni qo’rqoqlikda ayblashga qanday hadding sig’di?
JALOLIDDIN – Urushdan qochganlarga bundan boshqa qanday ta’rif topish mumkin?
MUHAMMAD – Xurosonni g’uriylardan qutqargan vaqt Shadbohi handag’iga birinchi bo’lib ot surgan, unga birinchi bo’lib bayroq tikkan men emasmi? O’shanda Qutbiddindan kattaroq eding. Albatta, yodingda bo’lsa kerak. Xurosonga qilgan ikkinchi safarimni unutdingmi? Urushni yolg’iz men qildim. Birortangiz, men oldingi safga chiqib olgunimcha, otamning tizginiga yopishishu, meni hujumdan qaytarishga harakat qilishdan boshqaga yaramadingiz. Eng keksa ajdodimizni xiroj to’lashga majbur qilgan Qora Xitoyni bir zarbda ustiga yashin tushgan daraxtday yerni kirgizib yubordim. O’sha g’alabaning shuuri hamon sening chehrangda aks etib turibdi. ! Firuzquh kabi, G’aznaviy kabi makoni Qof tog’iga, xalqi ajdargohga qiyos etilgan yerlarni zabt etdim. O’sha g’alabaning shuhrati hatto Chingizning ham og’zidan tushmaydi.! Makka, Iroqdagi g’alabalarim-chi? Qaysi birini sanay?
JALOLIDDIN – Sanashdan tilingiz charchamasa, hammasini sanayvering! Yigirma ikki yildir belidan qilich tushmagan, qirq-ellikta janglarda g’alaba qozongan, bir qancha mag’lubiyatlarni ham boshidan kechirgan jahongir bo’la turib, mulkinggizni, nomusinggizni, vataninggizni, diningizni otash ichiga, jonivor og’ziga, dushman oyoqlari tagiga, shayton qo’liga topshirdingiz va buzilgan o’rdadan qochdingiz.
MUHAMMAD –So’zlaringning ma’nosiz ekanini bilasanmi? Sen xuddi telbaga o’xshab munajjimlarga aldanganimning, Imodulmulkka ishonishimning, buzilgan o’rdadan qochganimning tashvishini chekyapsan. Ustimizga bostirib kelayotgan tatar agar qilichini otsa, qal’amizning handaqlarini to’ldiradi. Jangda to’kilgan qonlardan ellik ming kishilik qo’shinning otlari tizzasigacha loyga botdi.
JALOLIDDIN – Koshki, otlarimiz bilan yer tagiga kirib ketgan bo’lsaylik!
MUHAMMAD – Qo’limizdan nima ham kelardi? Xudo bir necha o’lkaning xarob, insonlarning halok bo’lishini istabdi. Zilziladay, to’fonday, Chingizni ham yaratibdi. Bu qazoi mubraning birinchi zarbiga biz duch keldik.
JALOLIDDIN – YO Rabbim, o’zing sabr ber! Hozir jinni bo’laman. E voh, vaziyat shunday ekan, Ibodullohga qanday qasdingiz bor ediki, tatarga qarshi urush ochdingiz?
MUHAMMAD – Ibodullohga mening emas, Bog’doddagi xoinning qasdi bor edi. Men Chingizning ustiga yurish qilmadim. Mo’g’il tarafidan G’ayirxonga kelgan savdogarlar ham, Chingizxon yuborgan elchilar ham josus edilar. Shuning uchun qatl ettirdim. Qatl ettirmasam edi, Chingiz boshqa bir bahona topib, ustimizga bostirib kelar edi. Nosir (Bag’dod xalifasi) ham o’zini yer yuzidagi Ollohning soyasi, hatto elchisi qilib ko’rsatishni, dunyodagi jamiki musulmonni o’ziga topintirishni istaydi. U Insoniyatni o’z aysh-ishratiga xizmat qiluvchi qullar qilib yaratilgan, Islomiyatni yolg’iz o’ziga sajda qildirish uchun yo’llangan, deb o’ylaydi. Biz unga yaxshilab ibodat qila olmadik. Mendan intiqom olish uchun Mahmud Yolavochni vositachi qildi. Xalqni Chingizday ilohiy g’azabga duchor etdi. Tushundingmi?
JALOLIDDIN – Fasubhanolloh! Chingizni ustimizga Nosir yubordi, deb qochish kerakmidi? Davlatimiz Nosirning yordami bilan ko’payarmidi? Keling, bu yerdan chiqaylik. Yana bayrog’imiz ustiga butun dunyoni zabr etishga yetadigan askar to’play olishimizga shubham yo’q.
MUHAMMAD – Axir bir o’rdalik qo’shin ham to’play olmaymiz! Xo’p, shu fikring to’g’ri bo’lsin ham deylik. To’planadigan askarlaring to’rt yuz minglik emas, hech bo’lmasa ellik minglik tatarga bas kela oladigan askarmi!? O’ylab ko’r! Bizni hatto o’z askarlarimiz, umaromiz nafaqat matrud, balki murtad deb ham biladilar. Nosirga yer yuziga ingan ma’budday qaraganimiz uchun bandalarimiz nazarida hatto Chingizday mal’undan battar bo’lib ko’rina boshladik. O’tgan kuni umaromizning yarmi o’rdadan qochdi. Borib dushman bayrog’iga sig’indilar. Raislari Badriddin edi. Badriddinning vujudini tilka-pora qilsalar edi, ichidan ne’matimizdan boshqa narsani topolmasdilar! It ham nonini yegan egasiga xiyonat qilmaydi. Ular qildilar. To’ng’iz ham tagidagi og’ochga tishini botirmaydi. Ular esa vatanlarining ustiga qilich bilan bostirib keldilar. Qolganlari ham yaraga tushgan qurtga o’xshaydi. Tananing bir qismini zabt etib, o’sha bilan kun ko’rishga harakat qiladilar. Birortasining miyasidan, qalbidan mustaqillikdan o’zga da’voni topolmaysan! Aminmanki, men sog’ bo’la turib, ular inilaring bilan merosimni taqsim qilib bo’lganlar. Hozir bu yerdan chiqsam, go’rdan tirilib chiqqan odamni ko’rganday, dahshat va hayratdan qotadilar. Nosir – dushman, Islom podshohlari – ichiqora, farzand, og’a-ini – qizg’anchiq, umaro – xoin, askar – g’ofil, xalq – ojiz! Chingizday har biri yuz ming kishilik yigirma-o’ttiz o’rdaga teng baloga yolg’iz sen bilan qarshilik ko’rsataymi?
JALOLIDDIN – Vahima aqlingizni yeb qo’yibdi! Qaerga boqmang, ko’zingizga musibat, xiyonat ko’rinadi, Chingizga qarshilik qilish mumkin emas ekan, hech bo’lmasa, qarshisida qadringiz, sha’ningiz bilan o’lish ham mumkin emasmi? Shohona mozor sharmandalik tuproqlaridan a’lo emasmi?
MUHAMMAD – Qanaqa shohona mozor? Mayli, jangga kiray, lekin xoinlar meni tatarga tutib bersinlarmi? Bu bosh yigirma ikki yildirki, dunyoning eng buyuk saltanati tojini ko’tarib keldi. Bundan keyin Chingiz uchun minak toshi (otga minish uchun oyoq tagiga qo’yiladigan tosh) bo’lolmaydi! Ko’z yoshlariyu, Chingizning qoni bilan bo’g’ilib o’lishga loyiq Nosirning ustimdan mazza qilib kulishiga, sururdan o’lishiga yo’l qo’yolmayman.
JALOLIDDIN – Davlatimizni quruq savlatingiz bilan xo’rlayotgan Hokimi Mutlaqning Qahhori Muntaqim ismlari bilan qasam ichamanki, boshingizni Chingizga minak toshi qilish begunoh to’kilgan shuncha yuz ming mo’min qonining gunohini bo’yniga olishdan; Nosirga kulgi bo’lishingiz mahshar to’la tullar, yetimlarni qaqshatmoqda afzaldir. Jang maydonida nasib bo’ladigan mozorning shohona bo’lmasligi xayolingizga kelmaydi-yu, Chingizning qo’liga tushib qolishingiz mumkinligini o’ylaysiz. Hatto shunday musibatlarga duchor qilsa ham, Bog’doddagi Nosirning xandalarini, istehzolarini nazaringizda jonlantirmoqdasiz. Holbuki, vujudingizga shu iflos chang-to’zon, tuproqlar ichida bir mozor ham topa olmaysiz. Ollohning qudrati bu yerlarga ham yetadi. Olloh Taolo Nosirgina emas, har qanday odamni, qiyomatgacha G’arbda, Sharqda zuhur etuvchi oriflarning hammasini sharmanda qiladi. Bularni hech o’yladingizmi?
MUHAMMAD – Sen bunday beadablikni qachon o’rganding?
JALOLIDDIN – Siz podshohlik, otalik burchingizni tark etgan kundan boshlab!
MUHAMMAD – Nima?..
JALOLIDDIN – Qo’l ostidagilarni dushman qilichiga duchor qilib, Azroil panjasiga taslim qilib, o’zi dushman hududidan bir necha oylik yo’l ichkariga qochgan odamni podshoh deb hisoblash mumkinmi? Atigi uch-to’rt yoshlik o’g’illarini, qizlarini tatar yirtqichlarining panjasi yetadigan yerlarda qoldirib, hayotini saqlab qolish uchun ajalning ham ko’zi tushmaydigan orolga yashirinib olgan zotni padar deb sanash mumkinmi? Odamlarga ko’rinishga yuzingiz qolmadi. Olti ming yildirki, Ollohning bu keng mulkiga qancha odam kelgan bo’lsa, pastkashlikda barchasiga o’rnak bo’ldingiz. Men bu itoatdan, bu safolatdan, bu nomussizlikdan, bu nomardlikdan bezor bo’ldim. Tepamda Olloh guvoh, bezorman! Qay mamlakatning podshohi bo’ldingizki, sizga itoat etmoq menga farz bo’lsin! Padarim bo’lsangiz, avlodingizning, hatto avlodlaridan ham aziz ko’rish kerak bo’lgan bandalaringizni qaysi huquqini himoya qildingiz, men sizga iqtido etayin, ham otalik huquqingizni o’ylayin?! Hozir shu yerdan chiqsangiz, to’g’ri dushman oldiga borardik. Birinchi askaringiz men bo’laman. Bir daqiqa yoningizdan ayrilmayman. Birimiz uxlasak, ikkinchimiz yotoq boshida poyloqchilik qilamiz. Ammo xiyonatga duch kelib halok bo’ladigan bo’lsak, bir-birimizni quchoqlab, qilichimizga suyanib shahid bo’larmiz. Na dunyoda asorat qo’rquvi qoladi, na oxiratda safolat!
MUHAMMAD – Shoirona hayollar…!
JALOLIDDIN – Hayol emas, haqiqatni so’zlamoqdaman. So’zlarim Lavhi Mahfuzda yozilgan haqiqatlar kabi to’g’ridir. Tinglashni istamasangiz, ketaman. Bundan keyin amringizga itoat etmayman! Mayli padarim uchun osiy bo’lay! Oxiratda Ollohning alodati nimani ravo ko’rsa, roziman! Bu dunyoda qiyomatgacha mal’un bo’lib yashashni istayman.!
MUHAMMAD – (Nayyiraga) Nega bunchalik hayron bo’lib turibsan? Ana so’zlaring isboti ko’zlaringda aks etyapti. So’zlariga qaraganda, mening uchun jonini fido qilmoqchi, shundaymi? Hozir ham saltanat havasini tark etolmayapman. E voh, qanday balokim, mag’lubiyat ichida qoldim! Tirik turib, o’lik holiga tushib qolmadimmi? Boradi, merosimni izlaydi, barini olish uchun inilarini birma-bir o’ldirishdan qaytmaydi!
JALOLIDDIN – Menmi?
MUHAMMAD – Maqsadiga erishsa a’lo! Erisholmasa, yo Qoraqurumda yo Bag’dodda hammaga tomosha bo’ladi. Yana jahon yo Chingizning, yo Nosirning qo’l ostida eziladi.! Istilo qilinadigan yerlar hali bor. Jalol inson qonidan sellar oqizib u yerlarni xarob qiladi. Shunda ham yomon otliq bo’ladigan men emasmi?
JALOLIDDIN – Olloh buncha sizni qush yurakli qilib yaratmasa? Podshoh bo’la turib biron kimsaga yordam bermaysiz, ammo yordam berishni istaganlarni “erimga ko’z olaytiryapti” deb o’ylaysiz. Qani edi, shu saltanatingizning tili bo’lsa! Chingiz onasidan tug’ilib, biror marta kulmagan, deyishadi. So’zlaringizni u ham eshitsa, ichagi uzilganday qulardi.
MUHAMMAD – To’g’ri aytasan, hali hech kimning boshiga tushmagan musibat ichidaman. Holimga o’z o’g’lim kulayotgan ekan, nega dushmanim kulmasin?
JALOLIDDIN – Siz meni iztiroblaru-g’azablar bilan butunlay halok aylamoqchisiz, Jalol holingizga kulyaptimi? Bu nima deganingiz? Ko’nglingizda zarracha bo’lsada, insof qolmadimi?
(Ichkariga Qutbiddin kiradi).

YETTINCHI MAJLIS
Avvalgilar va Qutbiddin

NAYYIRA — (Qutbiddinga) Buncha bu chodirga serqadam bo’lib qolmasang?
QUTBIDDIN – Hozir qarshidan kimdir keldi. “Hukmdorimiz hoki poyiga yuz surmoqchiman”, — dedi. Muhim xabar keltirganmish. Amir O’rxon yuborganlari uchun keldim, jahlingizni chiqardimmi?
MUHAMMAD – (Qutbiddinga) Kel, qo’zichog’im! Men tirik ekanman, seni xafa qilishga biror kimsani haddi sig’masa kerak. Borib ayt, xabar keltirgan kim bo’lishidan qat’iy-nazar, bu yerga kiritsinlar! (Nayyiraga) Chodirning orqasiga o’t! Titilib ketgan bo’lsa ham bir ayolni nomahram ko’zidan bekitishga yaraydigan parchasi topilib qolar. (Jaloliddinga) Ehtimol sizni saltanatni boshqarishga da’vat qilib kelishgandir. Biz endi dunyoning manfuri bo’ldikmi? Podshohligimizni o’zimiz tark etmadikmi? Zotan, bizdan keyin bu taxt sizniki bo’ladi. Albatta, har bir odam o’z podshohini taxtda, davlat tepasida ko’rishni istaydi!
JALOLIDDIN – Sizni shu orolda bunday holatda qoldirsam, Olloh saltanatning ming turlik balosini boshimga yog’dirsin! Podshohim, millatimni sevganim, millat yo’lida jon berishni istaganim uchun meni o’zinggizga, davlatinggizga xoin deb hisoblayapsizmi?

SAKKIZINCHI MAJLIS
Avvalgilar – O’zbekxon

QUTBIDDIN(kirarkan) – Podshohim, mana o’sha qulingiz!
MUHAMMAD(shoshib, o’z-o’ziga) – O’zbek!.. (Qutbiddinga) Mayli, o’g’lim, bora qol! Ayt, kemachiga pul berishsin! Oldingga chaqir, iltifotlar ko’rsat! (Qutbiddin chiqib ketadi). (O’zbekka) Men seni Ruqniddinning xizmatiga qoldirmaganmidim? nega bu yerlarda aylanib yuribsan?
O’ZBEK – Podshohim! Sizga nima bo’lganini bilmayman! Yigirma ikki yildir dushmanlaringiz mulkiga xabaringizdan avval qilichingiz yetardi, endi bo’lsa dushmaningiz xayoliga kirib chiqmagan bu go’shada o’tirib o’z mulkingiz xabarlarini eshitmoqchimisiz?
MUHAMMAD — Sen ham burchingni unuta boshladingmi?
O’ZBEK – Tomirlarimda oqayotgan ne’matlaringiz haqqi, tajavvuz qilayotgan bo’lsam uzr so’rayman. Mulkingizni ko’rdim! Suyak parchasidan, murdalar hididan yurib bo’lmaydi. Ruqniddinni, valine’matzodamni ko’rdim! Oh, Ruqniddin!.. O’g’lingiz mening ham jonim edi. Dunyoga keldi-ki, safosini yolg’iz siz surdingiz! Shu yoshigacha har qahrini, har jafosini men chekdim! Sizning yana shuncha avlodingiz bor! Mening esa yolg’iz bir shahzodam… Ruqniddinim bor edi! Uni ham ko’z o’ngimda o’ldirdilar.
MUHAMMAD – Qanaqasiga sodiq xizmatkorsan? Ruqniddinni shahid ettilar! Sen bo’lsang muborak vujudingni avaylab, musibatga dallollik qilishga bu yerga kelding. Shunday emasmi?
O’ZBEK – Podshohim, isbot-dalilsiz hukm chiqarmoq na sizning sha’ningizga, na mansab egasiga yarashadi! Men hukmdorimdan keyin omon qolgan bo’lsam – uning so’nggi amrini bajarish uchun qoldim. Siz Iroqdan ketdingiz! Intizom, osoyishtalik, hukumat, saltanat siz bilan birga chekildi. O’zimizni qo’lga olish umidida Kirmonga yurdik. Umarodan ko’rmagan haqoratimiz qolmadi! Kun o’zgarishi bilan dinor qadriday tuturuqsiz ifloslarning harakatlarida o’zgarish ko’rina boshladi. Go’yo biz – sohil, ular to’lqin edilar! Goh sekinlik bilan yonimizga suquladilar, goh bir oz o’tmay bizdan qocha boshlaydilar. Yana to’planadilar, ustimizga bostirib keladilar. Bir-ikki qilich surishadilaru, yana tinchib qoladilar. Boqdik! Shamolga qanchalik ishonib bo’lsa, ularga ham shunchalik ishonish mumkin edi! “Ollohning tuprog’i keng, quli ko’p”, — dedik va u yerni tark etdik. To’g’ri Isfaxonga yurdik. Ammo uning qozisi ham Nosir tarafdori ekan!..
MUHAMMAD – Oh, koshki Olloh tanamda qancha tuk bo’lsa, shuncha Chingizni yaratsa-yu, Nosirni – o’sha baloni bizga ro’para qilmasa! Qozi hammangizni tutib, qatl etishni buyurgandir?
O’ZBEK – Isfaxon ahlidan ko’rgan xusumatimizni tatardan ham ko’rmagan edik. Yazd Baytga, Hajjoj Baytullohga qanday muomala qilgan bo’lsa, isfahonlilar bizga ham o’shanday muomalada bo’ldilar. G’alaba biz tarafda edi. Faqat o’g’lingiz: “Bu ko’ppaklar inson qilichidan o’lishga loyiq emaslar. To’lovlari ham, mamlakatlari ham, mollari ham, jonlari ham shaytonga – Chingizga buyursin”, — deb otini surdi. Tatarni izlab chegaraga yurish boshladi.
MUHAMMAD – Bechora bola!..
JALOLIDDIN – Ruqniddin, iloyo senga mingta Jalol fido yuo’lsin! Hech bo’lmasa sen xonadonimiz nomusini muhofaza qilibsan!
O’ZBEK – Ruqniddin bilan yolg’iz sizgina emas, jami musulmon, jami inson – hammasi faxrlandi! Firuzquhda biz bilan birga bo’lganingizda qahramonlik nimaligini ko’rar edingiz! To’pda uch yuz ellik kishi edik. Tatar ham birimizga hech bo’lmaganda uch yuz kishi bilan hujum qildi. Shunday bo’lsa ham olti oy jang qildik! Tanamizdagi har bir yara badaliga beshtadan tatar mozori qazildi-yov! Ammo ko’pchilikni yengish uchun g’ayratning o’zigina yetmas ekan. Oqibatda mamlakatni bosib olishdi. Valine’matni o’sha damda bir ko’rsangiz edi! Bosh qal’ani bir hujumda zabt etgan mingtacha tatar yolg’z Ruqniddin bilan ikki soatdan ziyoda olishdi. Go’yo Azroilning o’zi qilich yalang’ochlab maydonga tushgandi! O’z ko’zim bilan ko’rdim: uning ne’rasidan bir mal’un tog’ parchasiday yer tagiga kirib ketdi, halok bo’ldi!
JALOLIDDIN – Arslon ukam! Senga askar bo’lish o’rniga otamga nodim bo’lib katta xato qilgan ekanman! Din uchun kurashda, insoniyat yo’lida, vatan fidokorligida itoat uchun yoshning katta-kichikligiga qaraladimi? Dunyoda Haq yo’liga jon fido qilishni istaganlar bilan birga bo’lishday buyuk baxt bormi?
O’ZBEK – Xudoning o’zi saqlabdi! Birga bo’lsangiz edi, din g’ayrati, vatan muhabbati, insoniyat tarafdorligi sizday qahramondan ham ayrilardi. G’alaba qilishning imkoni bo’lganida, o’sha davlatni qozonish uchun Ruqniddinning o’zi kifoya qilmasmidi? Xudo biladi, podshohim! Ko’rsatgan shijoati uningday yigirma yoshli nozik shahzodaning emas, Oloviddinni Jahonso’zning filsifat polvonlarining hamkori emas. Shubham yo’qki, imon nuridan yaralgan edi. Ammo vujudi toshdan, temirdan yaratilgan emasdi. Yigirma olti yeridan yaralandi. Bu zaif qo’l, bu nozik suyak shuncha o’qqa, shuncha qilichga qancha soat qarshilik qila olardi, dersiz? Nihoyat yaralaridan to’kilgan qonlar bechorani behol yiqitdi. Oyog’i yurishdan, qilichi chopishdan to’xtadi. Tatarlar yarador arslonni ko’rgan tozi itlarday ustiga tashlandilar. Sho’rlik podshohzodam oyog’i tagidan qilichini olishga harakat qilayotganida dushman qo’llariga, oyoqlariga yopisha ketdi. Bir necha daqiqagina qarshilik qila oldi. Bari foydasiz edi. Tutdilar, ming azobda sardorlarining chodiriga sudrab keltirdilar. Oh, bechora shahid… O, baxtsiz qahramon!..
MUHAMMAD – Sen askar emas, aytib yig’lovchi bo’lishing kerak ekan.
O’ZBEK(eshitmay) – Askarlardan shahid bo’lmagan taxminan oltmish besh kishi qolgandik. Boshqalar ham bulutlar ortiga yashiringan yashinday tatar qo’shinini yorib o’tib, mening yonimga to’plana boshladi. Qal’adan tatar sardorining chodiriga borguncha jang qildik. Sho’rlikni qutqarish u yoqda tursin, hatto yoniga ham yaqinlashib bo’lmasdi. Atrofini mingtacha doira yasab o’rab olishgandi. Bir amallab chodir yoniga yaqinlashdik. Tatarlar shahzodaga sardor huzurida bosh egishni taklif qilishdi. Uning boshi jallod qarshisida egiladigan boshlardan edimi?! Ko’ppaklar haqoratdan boshqa muomala ko’rmadilar. Mal’unlar valine’matzodamning olijanobligi oldida o’zlarini shunday olchoq his qildilarki, g’azabdan quturib ketdilar. Sardorining amrisiz non yemaydigan ko’ppaklar sardorning og’zidan bir so’z chiqmay turib Ruqniddinning tishlari, tirnoqlari bilan tilka-pora qila boshladilar.
MUHAMMAD – Bechora Ruqniddin!..
JALOLIDDIN – Bechora u emas, bizmiz! Mozori nurga to’lsin. Shahid bo’libdi, lekin pastkashlik qilmabdi…
O’ZBEK – Ha, shahid bo’ldi. G’ayrat-la shijoat-la shahid bo’ldi. Biz o’sha paytda ham chodirning ichiga kirishga harakat qildik. Marhum faryodimizni eshitdi; Menga xafa bo’lib so’nggi bor nazar tashladi. Dahshatdan qotib qoldim. Ollohim, qanday g’ayrat, qanday fidokorlik edi bu! Marhum dunyoga o’zi uchun emas, yolg’iz Olloh uchun kelgandi. Shunday, bo’lsa ham yana Ollohning, dinning, ibodullohning tashvishini qildi. Eng so’nggi so’zlari: “Eronda askar yo’q, siz behudaga bu yerda o’zingizni qurbon qilyapsiz. Yo’lida shahid bo’lgan dinimiz hurmati, tezroq Eronga shoshiling!”, — degan amr bo’ldi. Tatarlar bu xariqa (g’ayrioddiy, g’alati odam) qarshisida mo»jizaga duch kelgan munofiqday qotib qolishdi. Haligina bizning itimizgacha sog’ qoldirmaslikka harakat qilayotganlar hayoliga endi bizga o’q uzish kelmasdi. Jon o’lishni istaydi. Burch esa yashashga majbur qiladi. Ajal panjasidan qutilar ekanmiz, siyosat maydoniga kirayotganday umidsizlik girdobida u yerni tark etdik.
MUHAMMAD – Ruqniddin, Ruqniddin! Sho’rlik Ruqniddin! Dunyoning vafosiga boq! (O’zbekni ko’rsatib) Mana uning bir namunasi maydonda turibdi. Valine’matingning so’nggi vasiyatini qanday bajarganingni ko’rib turibman! U seni muhofaza qilishga yuborgan, sen esa bu yerga shumxabar keltirib, elchilik qilib turibsan.
O’ZBEK – Inson bunday holga tushishi, dunyo ishlaridan bexabar bo’lishi uchun dunyodan tashqaridagi xilvat go’shaga biqinib olgan bo’lishi kerak. Eronni tatarlar zabt etganiga bir oy bo’lyapti.
MUHAMMAD – Oh, Jalol! Suyangan askaringu, ishongan umarongga boq! Eronday burgut qanoti yetmas qal’ani tatarga berib o’tirishidi. Xoinlar podshohning volidasini, avlodini dushmanga sotishibdi!
JALOLIDDIN – Sizday podshoh bandalarining qo’lidan faqat shu ish keladi. Inson uchun Vatan onasidan aziz! Podshoh uchun taxt o’g’illaridan qimmatli, shunaqa emasmi? Siz Vataninggizni ham, taxtingizni ham dushmanga topshirdingiz. Tarbiyangizni olgan odamlar onangizni, avlodingizni o’ylasinmi?!
O’ZBEK – Gunohga botyapsiz! Eron g’oziylariga tuhmat qilmang! Ular sizga nafsingizdan, qalbingizdan ziyoda sadoqat ko’rsatdilar. Tatar hamma tarafdan qurshab oldi, yeyishga hech vaqo qolmadi. Buning ustiga falak ham misli ko’rilmagan jaziramani yubordi. Bechoralar ochlikdan dushman qilichi yulib olgan a’zolarini yeyish, suvsizlikdan yaralaridan oqqan qonlarini ichish darajasigacha borishdi. Shundagina taslim bo’ldilar. Qal’a taslim bo’lgan kun men yonimga to’play olgan firqa bilan Xuroson darvozasining qarshisidagi pistirmada edim. Qal’adan chiqqanlarni o’z ko’zim bilan ko’rdim. Go’yo qiyoman qo’nganu, o’liklar chirigan suyaklari, qurib qaqshagan terilari bilan mozordan chiqyapti, deysiz. chiqqanlar taxminan o’ttiz-o’ttiz ikki kishi edi. Ularning ko’pchiligi yo’ldayoq, dushman o’rdasiga yetmasdan ochlikdan, madorsizlikdan birin-ketin yiqilib halok bo’ldi. Vazirgina omon qoldi. Zotan Olloh uni ikki ma’sum o’g’lining tatar qilichi ostida tilka-pora bo’lishini ko’rish uchun saqlagan ekan.
MUHAMMAD – Oh…
O’ZBEK – Bechora quturdi, qichqirdi. Tishlari bilan o’zining etlarini uzib ola boshladi, lekin o’ldira olmadi. Oqibatda tatarlar boshini toshlar bilan ezib, shahid qilishdi.
JALOLIDDIN – Sho’rlik! Podshohi uchun yana bir oy g’ayrat qilganida edimi, kim biladi, qanday xizmatu, qanday iltifotlarga sazovor bo’lardi.
MUHAMMAD – Jim bo’l, Jalol! Xudo haqqi jim bo’l! Har bir so’zing o’q bo’lib yuragimning eng og’riqli yerlari tegmoqda.
O’ZBEK – Yolg’iz volidangiz tirik qoldilar. Bechora ayol! Qanday baxtsiz ekan. Tirikligida jahannamdan battar azoblarni chekayotir. Har kuni eshigidagi minglab faqirni boqqan sulton endi Chingizxon ovqat yeganida itday, xuddi ov itiday qarshisida kishanlarini silkitib, boshini ikki qo’lining ustiga qo’yadi-da, u iflosning, u mal’unning otgan non ushshoqlarini terib yeydi!..
MUHAMMAD – Jalol! Jalol? Qutbiddinning, Nayyirang haqqi meni uning gaplaridan qutqar!
O’ZBEK – Ikki xotiningiz ham tirik. Hozir Chingiz hazratlarining o’ng quchog’ida biri, chap quchog’ida ikkinchisi yotgan bo’lsa kerak.
MUHAMMAD – Oh, Jalol, sen haq ekansan! Haqiqatan ham dunyoning qarg’ishiga, Xudoning g’azabiga duchor bo’lgan banda ekanmanki, bunday falokatlarni ko’rib turibman… Topa olamanmi?.. Intiqom olishga biror chora topa olamanmi? Kimdan yordam so’rayapman o’zi? Dunyoda haddan tashqari mendan nafratlanuvchi inson bor bo’lsa, u (Jalolni ko’rsatib) shu emasmi?
JALOLIDDIN – Menmi, padarim? Valine’matim! Podshohim, hukmdorim! Sizdan nafratlanuvchi kimsa Ollohning rahmatidan marhum bo’lsin! Podshohim yana bir bor maydonga chiqing! Viloyatdan butun xalq oldingizda jon berishga hozirdir! Birinchi askaringiz yana Jalolingiz bo’lajak! Bir dona tukingizga vujudimning har zarrasi bir-bir qurbon bo’lsin! Xudo haqqi, azmingizdan qaytmag. Sabot qiling! Dinimiz hurmati, ra’yingizdan qaytmang! Istasak, u mal’unlardan intiqom olishga chora topa bilamiz. G’ayrat qilsak, o’sha ko’ppakni shahidlarimiz qoniga bo’g’a olamiz.
MUHAMMAD – Oh, qo’lim! Bu qanday sanchiq? Qo’lim! Go’yo qadar panjasi bilan o’ng qo’lini sug’urib olayotganday, qo’lim! Balki falak vujudimda Chingizdan intiqom olish niyati paydo bo’lganini ko’rib g’azabdan qo’limni sug’urib olayotgandir, oh shunday og’riyaptiki, tirnoqlarimni ko’rib turmasam, jigarimga sanchilgan, deb o’ylardim. Oh…
O’ZBEK – Tutqanoq tutdimi? YO rabbim! Ishqilib o’ylayotganlarim xato bo’lsin! YO rabbi, bizga bunday falokatni ko’rsatma!
MUHAMMAD – Oh, u kim? Qarshimda turgan tatar kim? Oh… Chingiz!.. Oh!.. Chingizning, u mal’unning rasmiga ko’zim tushgan edi. Qiyofasini yaxshi eslab qolganman.
JALOLIDDIN – Podshohim, o’zingizni qo’lga oling. Qarshimizda hech kim yo’q.
MUHAMMAD – Nega yo’q? Ko’zlarimga parda tushdimi? Mana, mana, ko’rmayapsanmi? Qilichiga qara! Uchidan to’kilayotgan qon tomchilari chodir ichida daryo hosil qilmoqda. Ko’zlaridan atrofga olov sochilmoqda. Oh, Ruqniddinning boshini tishlari bilan to shoh tomirigacha uzib olibdi. Og’zidan hamon quyuq-quyuq qonlar oqyapti va qora ilonday badaniga chirmashyapti.
O’ZBEK – Podshohim, siz bu yerda o’tiring. Tinchlaning! U bilan biz jang qilamiz.
MUHAMMAD – Oh, ustimda bostirib kelyapti. Men chap qo’lim bilan ham uning jigarini sug’urib tashlay olaman. Qilich, qilich yo’qmi? Oh, qo’lim!.. Oh, qo’….lim… Qo’limni tangrining intiqom qilichi uzib tashladi… Undan boshqa qilich yo’q… yo’q… (yiqiladi va jon taslim qiladi).
O’ZBEK – Tinchib qoldi, bu yerda birorta tabib ham yo’q. Kimni chaqirsak ekan? Yoki bezovta qilmay qo’ya qolaylikmi?
JALOLIDDIN – Devona! So’zlaringdan chekkan azobini ko’rmadingmi? Kim aytadi, seni shuncha urushni ko’rgan deb… Podshohimiz vafot etdilar.
O’ZBEK – Yo’q, inshoolloh bunday emas!
JALOLIDDIN – Hayoti havoday zarur bo’lgan bir vaqtda vafot etdilar. Xudo rahmat qilsin! Oh, koshki, tatarga yurish qilmasdan oldin vafot etgan bo’lsalar yoxud bir necha yil yana yashasalar edi!
O’ZBEK (Jaloliddinning so’zlari orasida Muhammad Xorazmshohning nabzini, nafasini muayyana etganidan so’ng) – Oh, men sabab bo’ldim. Podshohim o’limiga men sabab bo’ldim! Chingizga qilgan shayton ham qila olmaydi. (Jaloliddinga) Podshohim! Hozir podshohim sensan! Shu marhumning hurmati meni oxiratga jo’nat! Shu mozorning bir burchagida yotay. Bu telba dunyo zulmidan, azoblaridan qutilay. E voh qanday shu zamonda dunyoga kelibman. Uch yildirki, jang qilaman. O’n sakkiz yerimdan yaralandim. O’qlarni bir qator qilib tizib chiqsang, uzunligi Samarqandgacha yetadi. Ko’ppakning tanasidan bir dona tuk sug’ura olmay, kelib-kelib bir-ikki og’iz so’z bilan podshohimning, valine’matimning o’limiga sababchi bo’lib o’tiribman. Murodim vujudimni uning yo’liga fido qilib, oyoqlari tagida jon taslim qilish edi. Endi u vafot etdi. Men esa tepasida sog’ turibman. O’limiga men sababchi bo’ldim. Podshohim, meni o’ldir! Shu musibat olamidan qutilay…
JALOLIDDIN – Chingizga qilmagan bir xizmatimiz qolgan edi. U ham bo’lsa bir-birimizni o’ldirishdir. Uni birinchi bo’lib endi men boshlaymi? Saltanatni tugatishni qanday oson yo’lini taklif qilayotganingni bilasanmi? Seni qaysi qozining hukmi bilan o’ldiray? Shu majnunga bir boqing! Dushmanni butunlay xotirasidan o’chirib, dunyoda yolg’iz jismini qoldirishga intilmoqda. men toshdan, tuproqdan musulmon paydo qilmoqchiman. U bo’lsa musulmon bo’la turib, o’zini tuproq qilishga harakat qilyapti. Tezda hozirlan! Marhumni dafn etishimiz bilan jangga kiramiz.
O’ZBEK – Siz haqsiz! Haqsiz, podshohim! O’ladigan askar jallod oldida emas, dushman qarshisida jon taslim qilsa yarashadi. Jangga o’zimni tanibmanki, tayyordirman. Ammo hech qachon hozirgiday shay bo’lganimni bilmayman.

TO’QQIZINCHI MAJLIS
Avvalgilar – Qutbiddin – Nayyira

QUTBIDDIN – Podshohim, kemachi hoki poyingizga yuz surtmoq istaydilar!
JALOLIDDIN – Qutbiddin, bor! Boshqa chodirlarda kim bo’lsa, barini chaqir, bu yerga tezroq kelsinlar!
QUTBIDDIN – Podshohim qaerdalar? Kemachi…
JALOLIDDIN – Senga amr berildi, hamon shu yerdamisan?!
QUTBIDDIN(xafa bo’lib chiqib ketar ekan) — Podshohim, siz yonimizda yo’qsiz, shuning uchun menga ozor bermoqdalar…
JALOLIDDIN – Malika-a-a!.. Nayyira –a-a!.. Nayyira-a-a!..
NAYYIRA(chodir orqasidan) – Begim, chaqirdingizmi?
JALOLIDDIN – Boshingizga biror narsa yopinib, bu yerga kelingiz!
NAYYIRA — Kelyapman!.. Sizga nima bo’ldi? Ko’zlaringiz uncha-buncha balolarga yoshlanmas edi. Hozir esa ovozingiz yig’laganday titrab chiqmoqda. Oh, bu chodir ham tatar terisidanmi, nima balo?! Bir qarich yerida sakkiz-o’n o’q teshigi bor-u, hali ham pishiq, yirtib bo’lmaydi. Keldim, podshohim! (Nayyira chodirdan yirtib olgan bir bo’lak matoga o’ranib, kirib keladi. Nogoh Qutbiddin ham kiradi). Xudo panohingiz bo’lsin, sizga nima bo’ldi?
JALOLIDDIN – Qara, podshoh qay holatda yotibdilar…
NAYYIRA – YO rabbi! Buyuk davlatdan, buyuk saltanatdan qo’limizda yolg’izgina podshohimiz qolgandi. Uni ham ko’p ko’rdingmi? Dunyodagi uqubating shunday bo’lsa, oxiratdagi azoblaring qanday ekan?.. Podshohim, taxtingizda bir mal’un tatar o’tiribdi. Siz esa sharmandalik tuprog’ida qorishib yotibsizmi?!
JALOLIDDIN – Yig’lama, boshqa chodirdagilar kelmoqda. Hozir ularning ham ko’nglini buzasan. Mening ham ixtiyorim qo’limdan ketadi.

O’NINCHI MAJLIS
Avvalgilar – Qutbiddin – O’rxon – Xodima

JALOLIDDIN — Mudomiki tug’ilgan ekanmiz, albatta bir kun o’lamiz. Mana podshohimiz vafot etdi. (Hamma yig’lab faryod qila boshlaydi). Nechun faryod qilasiz? Ko’z yoshlari bilan marhumni yuvib bo’ladimi? Zotan podshohimiz o’zlarini tiriklayin go’rga tiqqan paytlarida yig’lamoqqa loyiq edilar. O’lishi kerak bo’lgan paytda yashadilar. Tirigi kerak bo’lgan vaqtda vafot etdilar. Bugun sog’ bo’lganlarida, maydonga tushardik. Insoniyatni qutqarmoqqa, islomiyat dushmanlaridan intiqom olmoqqa azm etgan daqiqalarida vafot etdilar. Boqing janozasi ko’zining o’ngida o’qiladimi? Shu damda murdada til bo’lsa edi, “Intiqom, intiqom” deya baqirgan bo’lardi. Bunday badbaxt podshoning motamida ko’z yoshi emas, dushman qoni to’kilishi kerak. Men marhumni dafn etib, bu yerdan chiqar ekanman, Ollohni o’rtaga qo’yib qasam ichaman! YO Islom mamlakatini tatardan qutqaraman, yo shahodat meni bu qasamdan qutqaradi. Vatanni, millatini jonidan ziyoda sevganlar bu yo’lda muxtordirlar. Rohatini, salomatligini o’ylovchilar istagan yerlariga ketishlari mumkin.
O’RXON – Podshohim, yer yuzi go’ristonga aylangan damlarda ham padaringizdan ayrilmagan bandalaringiz g’azo maydonida, jannat eshigida sizdan ayriladi, deb o’ylaysizmi?
JALOLIDDIN – O’zingiz bilasiz! Qani suv isiting, go’r qazing, yana nima lozim bo’lsa, bajaring! Bechoraning ruhini, aqlini, qalbini Chingiz kabi, Nosir kabi bir qancha ko’ppaklar yedi. Endi hech bo’lmasa vujudini qurtlarga, qushlarga qoldirmayli. (Xodima chiqib ketadi). Qutbiddin, bu yerga kel! Bobongga qara, qay holatda yotibdi… Ikki yil avval ahli basharni shohona kiyim bilan siylashga yetgulik davlati bor edi. Endi esa kafanlik uchun mulkida sakkiz arshin bo’zi ham yo’q. Qabrga shu yirtiq engil boshi-la kirajak. Qara va ibrat ol!
QUTBIDDIN – Otajon! Podshohim! Qullarining boshiga tushgan bunday falokatlarga Rabbim qanday chidab turibdi?
JALOLIDDIN – Bunday narsalarni o’ylama! Asta-sekin o’rganasan. “Qilmish-qidirmish” deydilar, chekayotgan azoblarimiz qilmishlarimiz jazosidir. (O’zbekka). Qo’l ostimda biror qal’a qoldimi? Malikani qaerda qoldiramiz?
NAYYIRA – Mayli, Tangr vujudimning har zarrasini bir-biridan ayirsinu, meni sizdan ayirmasin! Men uchun qal’a – vujudingiz, pana joy esa quchog’ingizdir. Sizdan soyangiz ayrilsa ham men ayrilmayman. Yashasam, oyog’ingiz uchida yashayman, o’lsam, ko’z o’ngingizda o’laman.
JALOLIDDIN – Axir, bola… Qutbiddinni nima qilamiz?
QUTBIDDIN – Podshohim, bu yerga kelayotganimizda ovga chiqqan bir arslonni ko’rgan edik. Orqasida bolasi ham bor edi. Yodingizga tushdimi? Onajon, orqasida kichkinagina bolasi ham bor edi, shunday emasmi? Qutbiddiningiz orqangizdan nega bormasin? Mening hayvon bolasidek ham qadrim yo’qmi?
JALOLIDDIN – Haqlisiz! Ikkingiz ham haqlisiz! Tatar ustiga yurish qilamiz. o’limga qarshi ayolning erkakdan, bolaning kattadan nima farqi bor? (Muhammad Xorazmshoh murdasiga yaqinlashib). Otajon! Podshohim! Mana taxtingizni egallab turibman!.. Yana hukmingiz asiriman. Ruhingiz; albatta, so’zlarimni eshitayotgan bo’lsa kerak. Mozor tuproqlari yuziga tortilmagan mayit huzurida Rabbim haqqi qasam ichamanki, Ollohga, jinsimga, millatimga xizmat qilishni afzal bilaman! Jalolingizga ahdini bajarmoq, yoxud parcha-parcha kafaningiz chirib bitmasidan oxiratda sizing birla ko’rishmoq nasib etsin! (hammaga). Ahjimni eshitdingizmi? (Chodirning ichidan, tashqarisidan ovoz keladi: — Olloh madadkoringiz bo’lsin!)
O’ZBEK – Olloh madadkorimizdir, podshohim!
O’RXON – Olloh madadkorimizdir, podshohim!
JALOLIDDIN – Ollohning ishiga aralashmaymiz, yo’liga yuramiz.

(Parda yopiladi).

021

(Tashriflar: umumiy 112, bugungi 1)

Izoh qoldiring