Orziqul Ergash. Hikmat izlaganga…

511

…Юлдузлар, юлдузлар. Кўриб турганим, бу чексиз фалак қандай пайдо бўлган? Ким яратган уни? Мени-чи? Нега мен бу оламда мавжудман? Ахир, мавжуд бўлмаслигим ҳам мумкин эди-ку! Мавжудлигимдан маъно ва мақсад нима?.. Савол устига савол туғилавердими, бас, энди унинг ниҳояси бўлмайди. Чунки, савол ҳайратдан, ҳайрат тафаккурдан, тафаккур онгдан, онг эса коинотдан қувват олади…
(Суҳбатдошимнинг “Файласуф” романидан кўчирма)

01

567

Орзиқул Эргаш
ҲИКМАТ ИЗЛАГАНГА…
(“Қалб гавҳари” эсселар туркумидан)

— Дунёда беғаму бедард одамнинг ўзи йўқ. Икки юзи қип-қизил, энг сўнгги урфдаги эгни бошда, энг янги русумдаги машинада ялло қилиб юрган беғам йигитчаларнинг ҳам ўзига етгулик дарди бор, — дейди у синиқ кулимсираб.
— Йўғ-е, — дейман мен ҳам илжайиб, — беғам йигитчаларда дард нима қилсин!..
У жиддий тортади.
— Бедардликнинг ўзи дард эмасми, — дейди бир зум сукутга бориб.
— Оғримаган бош бош эканми, демоқчисиз-да, — дейман унинг қулфи дилини очишга уриниб.
У ўзига ярашган жилмайиш билан бош ирғайди.
— Албатта-да!.. Умуман олганда, жисмоний дард айтарли фожиа эмас. Энг ёмони руҳнинг хасталиги… Ана шундан асрасин…

***

Албатта, бошланиши оғир кечди.
Тасаввур қилинг-да, қирчиллаган қирқ ёшидаги бир йигит, фарзандлари бўй кўрсатиб, орзу-ҳаваслари бирин-кетин ушала бошлаган бир пайтда гуму-гурс тўшакка михланиб қолса. Боз устига табиатан беҳаловат, ғайрати ичига сиғмайдиган одам, ҳатто ҳожати учун ҳам кимнингдир мададига муҳтож бўлиб қолса… бундан ортиқ фожиа борми?!.
Абдусалом ҳовли этагидаги қуюқ дарахтлар соясидаги ўтирғичга мени таклиф қилди-да, кейин ёнимга ўзи ҳам эҳтиётланиб ўтирди. Мўъжазгина столча устига қўйиб қўйилган пахта гулли чойнакдан чой қуйиб узатди-да, яна сўзида давом этди…
— Ўйлаб қарасам, бу дард анча олдинроқ бошланган эди. Йигирма ёшлардаги навқирон йигитча пайтларим ноқулай вазиятда оғирроқ юкни кўтариб қўйганман. Ўшанда белимни ололмай, ўн беш кунча беланги бўлиб ётганман. Ўзимга қолса бир кун ҳам ётмасдиму, отам раҳматли ҳушёрлик қилиб табиб чақиртирганлар. Табиб керакли муолажа буюриб, ўзи кунда хабар олиб, соғайганимга ишонч ҳосил қилмагунча, ўрнимдан қўзғалишга рухсат бермаганди. Кейинроқ яна фалокат юз берди, машинада кетаётиб аварияга учрадим. Умуртқадаги дард ҳадеганда ўзини сездирмас эканми, бу сафар ҳам енгил-елпи ўтиб кетди ҳаммаси. Лекин, ҳали айтганимдай қирчиллаган қирқ ёшларимда йиқитди…
Абдусалом бу орада Маннон Уйғур номидаги Санъат институтини тамомлаган, Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида бастакор ва оркестр созандаси сифатида бир неча муддат хизмат ҳам қилиб улгурган эди. Ишига ҳам, жамоасига ҳам дил-дилидан боғланиб, қувнаб юрган кезларда…
— Назаримда ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетгандай бўлди. Тамоми дунём қоронғу, чироқ ёқсам ичим ёришмайди. На рўзғор, на бола-чақа, на орзу-ҳавас кўзимга кўринади. Ҳаммасидан бира тўла совуганман… Шу тарзда давом этганида оқибатимдан нима топардим, билмайман… Ажабки, кўнглингда умид сўнса барчаси бекор экан: оилангдагилар парвоналиги ҳам, дўст-ёр, оға-инилар тасаллиси ҳам. Менинг хасталик оқибатида англаб етган биринчи ҳикматим шу бўлди…
Умид сўнса…
Дарҳақиқат, ноумид шайтон, дейдилар. Демак, умидсиз бўлсанг шайтон измига тушасан. Шайтоннинг касби аъмоли — исён. Азозил исён туфайли шайтони лаин бўлди, жаннатдан қувилди, лаънатга учради. Раҳмон йўриғи эса сабр ва шукурдир…

***

…Юлдузлар, юлдузлар. Кўриб турганим, бу чексиз фалак қандай пайдо бўлган? Ким яратган уни? Мени-чи? Нега мен бу оламда мавжудман? Ахир, мавжуд бўлмаслигим ҳам мумкин эди-ку! Мавжудлигимдан маъно ва мақсад нима?.. Савол устига савол туғилавердими, бас, энди унинг ниҳояси бўлмайди. Чунки, савол ҳайратдан, ҳайрат тафаккурдан, тафаккур онгдан, онг эса коинотдан қувват олади…
(Суҳбатдошимнинг “Файласуф” романидан кўчирма)

***

— Бир кечаси ишком остида, каравотда юлдуззор осмонга тикилиб ётибман. Кўзларим толиб-толиб кетади, аммо барибир нигоҳимни қайта-қайта юлдузлар ўзига қаратади. Хаёлларимнинг бош-кети йўқ. Чексиз фалак, ой, юлдузлар ва буларни йўқдан бор қилган Буюк Қудрат эгаси ҳақида ўйлайман. Катта олам, кичик олам ҳақидаги эшитганларимни таҳлил этишга уриниб кўраман. Бу кўзим илғаб-илғамай турган борлиқ — Катта олам, биз одамлар эса ҳар биримиз бир Кичик оламмиз. Катта оламда бор неки зарра ёхуд унсур Кичик оламда ҳам мавжуд. Демак, бу улкан борлиқ қаршисида мен кичик зарраман, лекин мендек зарра бағрида Катта оламнинг жамики унсури жойлашган. Мен Олам ичида, Олам эса менинг ичимда. Яралишим, йўқдан бор бўлишим шу қадар Буюк Қудрат эгасига дахлдор экан, нега мен ожизлик йўлини тутяпман. Хўп, дардга йўлиқибман, нима бўпти? Бу ҳам Яратганнинг иродаси-ку! Нега бунчалик оҳ-воҳ, арзи дод?! Мендек дардмандлар дунёда йўқми? Қўлим соғ, кўзим очиқ, эс-ҳушим жойида, нега дарров таслим бўлиб турибман. Худойим юқтирган иқтидорим бўлса… Ахир, раҳматли отам ҳали мурғак пайтимдаёқ буни пайқаган, Худо хоҳласа, бу иқтидоринг билан кам бўлмайсан, дея башорат қилгандилар-ку!..
Дарвоқе, ўшанда ҳали Абдусалом мактабга ҳам чиқмаган, беш-олти ёшлардаги болакай экан. Бахтли кунларнинг бирида уларнинг маҳалласидаги бир тўйга машҳур санъаткор Ғуломжон Ҳожиқулов ташриф буюради. Болакай у кишининг ғижжакда чалган “Гиря”сини эшитиб, сел бўлади. Бир чеккада ўтирганча юм-юм йиғлайверади. Тенгқурлари ҳайрон-ҳайрон қолиб бу ҳодисани унинг отасига етказишади. Кўпни кўрган ота эса ҳайрон бўлмайди. Аксинча, ўғлини бағрига босиб, эркалайди.
— Худо хоҳласа, сендан файзли санъаткор чиқади, болам, — дейди.

***

— Отамнинг ўша гапларини эсларканман, ўпкам тўлиб, кўзларимдан худди бола пайтимдаги каби дув-дув ёш оқизиб, Яратганга илтижо қилиб ётавердим. Қачон уйқуга кетганим ёдимда йўқ, лекин тонг азонда жуда бир бошқача алфозда уйғондим. Вужудимда бир ажиб енгиллик, руҳимда равшанлик…

***

Абдусалом кўпдан ташлаб қўйган торини қўлига олади. Орқасига уч-тўрт болишни қўйдириб, қад ростлаб ўтиради-да, толиққунга қадар куй чалади, қўшиқ айтади, қўшиқ айтади, куй чалади… Кейинги кун эса ўзи ёзган ғазалларнинг бирига куй басталашга киришади. Бошқа бир кун телефон гўшагини кўтариб, ҳамкасбларини ҳузурига чорлайди. Янги яратган қўшиқларини айтиб бериб, уларни ҳайратга солади. Шундай қилиб, унинг ҳаётида қадамба қадам эврилишлар юз бера бошлайди…
“Баъзилар Оллоҳнинг қаҳри учун, баъзилар меҳри учун шукур қиладилар, —дейди Жалолиддин Румий ҳазратлари. — Буларнинг ҳар иккаласи ҳам хайрлидир. Чунки, шукр қаҳрни меҳрга айлантирувчи зидди заҳардир…” Абдусалом англаб етган ҳақиқат, ҳаёт ҳикмати шу бўлдики, сабр ва шукр билан ҳар қандай мусибатни даф этиш, ҳеч бўлмаганда юкини енгиллаштириш мумкин экан…
— Дунёда кўзи ожизлар бор, қўлсиз-оёқсизлар бор. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас ололмайдиганлар бор. Уларнинг олдида менинг дардим нима бўпти. Ҳар тугул ярим соат, бир соат қад ростлаб юра оламан. Кўчага чиқаман, маҳалла-кўйга, қўни-қўшниларнинг тўйу маъракаларига аралашаман. Шукр қиламан. Шукр шунақа бебаҳо хислат эканки, одамни қаноатга ўргатаркан, осойишталикка, мулоҳазага ўргатаркан. Ношукрлик балонинг бошидир, дейди улуғларимиз… Яна минг марта шукр қиламанки, икки фарзанд – ўғил, қиз ўстирдим, Уйли-жойли қилдим, набираларим бор. Фарзандларимни дўстдай кўраман, ота-болалар эмин-эркин гаплашамиз. Улар санъатни тушунишади, басталанган куйимни, ёзган ғазалимни, чизган расмимни биргаликда муҳокама қиламиз. Уларнинг онасига келсам, Муҳайёхон билан ўттиз йилдан бери бирга яшаймиз. Уни таъриф-тавсифлаш ўрнига битта нарсани эътироф этсам етарли бўлар: хасталик мени синдиролмагани сабаби иккита бўлса, биттаси шундай аёлим борлиги, агар битта бўлса у ҳам Яратганнинг менга шундай ёстиқдошни лойиқ кўрганидир…

***

Абдусалом бастакор эди, у ҳамон куй басталайди. Қўшиқлар яратади. Унинг ёруғ бир дардларга йўғрилган қўшиқларини Ўлмас Саиджонов, Зулайҳо Бойхонова, Салоҳиддин Муҳиддинов, Абдушоир Салимов, Меҳри Бекжонова, Ирода Қурбонова каби хонандаларимиз севиб куйлаб келишади. Унинг сўзда ифодалай олмаган туйғулари суратларга кўчмоқда. Шеъру ғазаллари ва суратларига сиғмаганда қалб туғёнларини у насрда — ҳикояларида (“Тушда кўринган лола” ҳикоялар тўплами нашр этилган) ва “Файласуф” номли романида изҳор этишга интилмоқда…
Ҳа, у бахтли эди ва ҳамон ўзини бахтли ҳисоблайди. “Қайғудан юлиб олинган бахтгина ҳақиқий бахтдир”, деганида машҳур адиб Оноре де Бальзак ана шундай некбин инсонлар қисматини назарда тутган бўлса ажаб эмас…

044

Абдусалом Иброҳимов минг тўққиз юз эллик тўртинчи йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Айни чоқда пойтахтнинг Собир Раҳимов тумани, Зарбдор кўча, 13- хонадонда истиқомат қилади.

(Tashriflar: umumiy 74, bugungi 1)

Izoh qoldiring