Асқад Мухтор. Остонамдан таралган йўллар

ЙЎЛ

Остонамдан таралган йўллар
Эслатади қуёш нурини.
Узоқ-узоқларга кетиб, узайиб,
Узайтади менинг умримни.

Юрганларни дарё дейдилар,
Дарё — чексиз умр эртаги.
Бир кун уйда ўлтириб қолсам,
Ҳаёт гўё четлаб ўтади.

Кўрганинг — сеники, дер эди бобом,
Елларни, дилларни керак кўришим.
Очилмаган қўриқ, номаълум юлдуз
Бари-бари — менинг улушим.

Ижод дарди — йўл азобидир,
Майли, бўлсин туманлар қуюқ.
Руҳим билан йўлда эканман,
Умримнинг ҳам ниҳояси йўқ

 

asqad-muxtor
Асқад Мухтор
(1920 — 1997)

Атоқли шоир, носир ва драматург, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати Асқад Мухтор 1920 йили Фарғона шаҳрида темир йўл ишчиси оиласида туғилди. У 11 ёшида отасидан етим қолиб, болалар уйида тарбияланган. Мактабни тугатгач, Асқад Мухтор Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат университетига (1938) кириб ўқиди. Сўнг Андижон педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб ишлади.

Асқад Мухторнинг Тошкентга келиши унинг фаолиятида янги саҳифа очди. У «Ёш ленинчи» (1945), сўнгра «Қизил Ўзбекистон» рўзномасининг муҳарририятларида бўлим мудири, масъул котиб, «Шарқ юлдузи» ойномасида (1960—1965) бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси котиби (1957) бўлиб ишлади. «Гулистон» ойномасида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида бош муҳаррир бўлиб ишлади.

Асқад Мухтор «Тилак», «Тонг эди», «Тотли дамлар» сингари илк шеърлари (1935—1938) да поезиянинг мақсад ва вазифасини, шоирнинг жамият олдидаги бурчини аниклаб олишга интилди. У поезияга «Қалбга қанот», «дардга даво» берувчи деб қарайди. Шоир Улуғ Ватан уруши бошланиши билан «Ғалаба ишончи», «Жангчининг байрам кечаси», «Туғишганлар қайтди», «Соғиниш», «Москванинг қалби» сингари қатор поетик асарлар яратиб, халқни фашист босқинчилари устидан ғалаба қозонишга ундади. Ватан гўзалликларини, туганмас бойликларини, халқ ҳаётидаги катта ўзгаришларни тасвирловчи «Пўлат қуювчи» (1947), «Ҳамшаҳарларим» (1949), «Раҳмат, меҳрибоним» (1954), «Чин юракдан» (1956) шеърий китоблари шоирнинг катта ижодий ютуқларидандир.

Асқад Мухторнинг «Мардлик чўққиси» (1948), «Яхшиликка яхшилик» (1949), «Самандар» каби пъесалари драматургиямизда болалар ҳаётининг, шунингдек, ишчилар синфи турмушининг ёритилиши жиҳатидан муҳим аҳамиятга эга.

Ёзувчининг «Дарёлар туташган жойда» (1950), «Қорақалпоқ қиссаси» (1958), «Бухоронинг жин кўчалари» каби қиссалари, «Опа-сингиллар» (1954—1955), «Туғилиш» (1963), «Давр менинг тақдиримда» (1964), «Чинор» (1973) романларида замонамизнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини топтан.

“Чин юракдан” (1956) шеърий китоби, “Ҳаётга чақириқ” (1956), “Дунё болалари” (1962) ҳикоялар тўплами ўзбек болалар адабиёти хазинасини бойитди.

“99 миниатура”, «Карвон қўнғироғи» шеърий китоблари 60-70-йиллар ўзбек Шўро шеъриятида катта воқеа бўлди. Уларда инсон қалбининг товланишлари чуқур интеллеcтуал ҳис-туйғу воситасида бадиий баркамол талқин этилган.

Асқад Мухтор таржимасида Софокл, Тагор, Пушкин, Лермонтов, Маяковский, Горкий, Шевченко, Блок, Корнейчук, Павленко асарлари ўзбек китобхонларининг _маънавий мулкига айланди.

1997 йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

1 izoh

  1. Asqad Muxtorni Oftobga qiyoslayman chunki oftob nuri butun dunyoni yoritar,A.Muxtor ijodi esa Adabiyotni,.

Izoh qoldiring