Oybek. Uch she’r: Yodimdadir o’sha dengiz — Na’matak — Xastamen… Video-she’rlar. Sanjar Sa’dullayev o’qigan.

055
Ойбекнинг шеърий истеъдоди олмос қирралари каби порлаб-товланиб борди.Ойбек, Чўлпондан кейин, бармоқ вазнининг аруз сингари, ҳатто арузга нисбатан ҳам катта бадиий имкониятларга эга эканини исботлаб берди. У ўзбек шеърининг мусиқий-ритмик оҳангларини бойитиб, нафис ташбеҳлар билан безанган тилига янада сайқал берди. У шеърларидаги замон ва маконни ёрқин бўёқлар билан нурлантириб юборди; бинобарин, унинг шеърларида ҳаётийлик, ҳаққонийлик, бадиий ҳақиқат кучайди. Лирик туйғунинг теранлиги, бокиралиги, порлоқлиги, поэтик тилнинг эса фавқулодда нафислиги Ойбек шеъриятининг ўзига хос белгилари сифатида намоён бўлди ( Наим Каримовнинг мақоласидан).

011

011

022
ОЙБЕК
ШЕЪРЛАР

НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида.

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун,
Сўнмайди юзида ёрқин табассум.

Яноқларни тутиб олтин бўса-чун,
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!
Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

Шамол инжуларни сепар чашмадак
Бошида бир сават оқ юлдуз — чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!
Тоғлар ҳавосининг фирузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

ХАСТАМЕН…

Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам – сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен…

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур – менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам.

011

Ойбекнинг шеърларини мана бу саҳифаларда ўқинг:
ОЙБЕК ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
МУҲАББАТ ШЕЪРЛАРИ
ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси. Ойбек

011

(Tashriflar: umumiy 1 814, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring