Oybek. Video-she’rlar. Fatxulla Mas’udov o’qigan.

0999
XX аср ўзбек адабиётининг ривожига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида, бўзчи оиласида дунёга келди. Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1930 йили университетни тугатиб, шу ерда сиёсий иқтисоддан дарс берди. Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган «Туйғулар» шеърий тўплами билан кириб келган. Шоирнинг «Дилбар — давр қизи» (1931), «Ўч» (1932), «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Темирчи Жўра» (1933) достонлари ўз даврининт шеърий йилномаларидир. У тарихий ва замонавий мавзуларда йитирмага яқин достонлар яратган. Ойбек шеърияти ниҳоятда гўзал бўлиб, ўзининг содда, равон ва ифодали тилда, бой ва ранг-баранг тасвир санъат воситаларида яратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган «Қутлуғ қон», «Навоий», «Улуғ йўл», «Олтин водийдан шабадалар», «Қуёш қораймас» каби эпик полотнолар ўзбек реалистик романчилиги тараққиётида муҳим бир даврни ташкил этади.

033

ОЙБЕК
ШЕЪРЛАР
Шеърларни Фатхулла Масъудов ўқиган.

033

ЮРАМЕН

Юрамен, тошади севинчим,
Бу севинч қаердан, билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим,
Юлдузлар чамани гуллаган.

Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди,
Шамоллар учганда эп-енгил,
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил.

Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, хаёл — ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи,
Юлдузлар томчилар олтин нур…

033


ТОШ ЭКАН БОШИМ

Тош экан бошим,
Ҳеч ёрилмади —
Ёғилди минг тош.

Қалам ҳамдардим,
Бир сирқимади
Кўздан қатра ёш.

Гар қолдим нонсиз
Ва бош паноҳсиз —
Дарз кетмади қалб.

Кўнглимда ҳақиқат
Бир он сўнмади,
Гўё зўр қуёш!

033

ХАСТАМЕН

Хастамен… Фикрга,туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам — сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур, менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам…

033

НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида,
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун.
Сўнмайди юзида ёрқин табассум,
Яноқларни тутиб олтин бўса-чун
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!

Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…
Шамол инжуларини сепар чашмадак,
Бошида бир сават оқ юлдуз-чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум.

Тоғлар ҳавосининг ферузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли,
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

033

* * *

Абадият ва умр
Сингари оқади сув.
Оқ сочларини уйқу
Силамас бунда бир қур.

Унинг мавжлари урса,
Чўнг тошлар тилга кирар,
Ўзидан найи дилбар,
Эркаланиб, кўпирса.

Тоғдан шўх, шодлик сурар
Аллақайға совғаси
Қуёшнинг олтин тоси
Кундузи унда сузар…

Олтин узуклар оқар,
Ҳар кун ҳарир кўксида.
Жим-жим жимирлаш ила
Янги кунларга чопар.

Яшил ёқаларида
Кезаман кундуз, оқшом.
Ҳовучим қадаҳ ва жом,
Ичаман қона-қона.

1936, июль

033

* * *

Тепага чиқамен, сойга тушамен,
Ё гаранг тошларга жим суянамен,
Ё булоқ бошида бир чўпон каби
Ястаниб бир лаҳза ўйга толамен.

Жўшади булоқнинг кумуш ёшлари,
Ҳам мунгли, ҳам ширин жилдирашлари
Буралиб, кўкатлар ичидан чопар,
Узилган марварид ярқирашлари.

Кундузнинг шўхлиги ҳар ерда улфат,
Ҳар ерда гулларнинг саломи эсар:
Булутлар тепага қўнар бир муддат.
Шуълалар, соялар бирга тентирар.

«Дунёда яшамоқ на гўзал!» — бир сас
Ҳаво олтинида жаранглаб учар;
Узоқ бир ўтовда патефон тинмас,
Орзулар сийнага сиғмасдан тошар…

1936

033

033

(Tashriflar: umumiy 318, bugungi 1)

Izoh qoldiring