Samarqanddagi muqaddas qadamjolar (Shohizinda, Xoja Doniyor majmualari) Video.

шохизинда

«Бобурнома»дан: “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур. Бешинчи иқлимдиндур… Шаҳри Самарқанддур, вилоятини Мовароуннаҳр дерлар. Ҳеч ёғий қаҳр ва ғалаба билан мунга даст топмоғи учун б а л д а и м а ҳ ф у з а дерлар. Самарқанд ҳазрати амирул-мўъминин Усмон замонида мусулмон бўлғондур. Саҳобадин Қусам ибн Аббос анда борғондур. Қабри Оҳанин дарвозасининг тошидадур. Ҳоло мозори Шоҳга машҳурдир. Самарқандни Искандар бино қилғондур. Мўғул ва турк улуси Семиканд (бошқа нусхада “Семизқанд”) дерлар…
Эли тамом сунний ва пок мазҳаб ва муташарриъ ва мутадаййин элдур. Ҳазрати рисолат замонидан бери ул миқдор аиммаи исломким, Мовароуннаҳрдин пайдо бўлубтур, ҳеч вилояттин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмуш бўлғай… Шарқи Фарғона ва Қошғар, ғарби Бухоро ва Хоразм, шимоли Тошкенд ва Шоҳрухияким, Шош ва Банокат битирлар, жануби Балх ва Тирмиз, Кўҳак суйи шимолидин оқар, Самарқанддин икки қуруҳ бўлғай…

01

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан:
ШОҲИЗИНДА — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (11—20-а.лар); Афросиёб тепалиги жан.да жойлашган қабристондаги мақбаралардан ҳамда масжид, минора ва мадрасадан иборат ансамбль. Уларнинг энг қадимийси Қусам ибн Аббос мақбараси бўлиб, халқ орасида Шоҳизинда (тирик шоҳ) номи б-н машҳур. Ансамбль бир-бири б-н йўлак орқали боғланган 3 гуруҳ бинолардан иборат. Қуйи гуруҳдаги иншоотлар Улуғбек ўғли номидан қурдирилган Абдулазиз чортоғи (1434—35), унга шим.дан Давлат қушбеги мадрасаси (1812—13) туташ, унинг қаршисидаги айвонли масжид нақшлар б-н нафис қўшгумбазли мақбара (15-а.) жойлашган.
Ўрта гурухдаги бинолар: Амирзода мақбараси, Туту Текин мақбараси, Ширинбека от мақбараси, унинг қаршисида Темурнинг бошқа синглиси Туркан оғо мақбараси, 8 қиррали мақбара, Али Насафий мақбараси кабилар.
Юқори гуруҳцаги бинолар: Зиёратхона, уч қисмдан иборат масжид, Хожа Аҳмад мақбараси, 1360—61 й.ларда қурилган мақбара, Туман оғо мажмуаси (1405—06), 2 та номсиз мақбара (14-а. охири)нинг киравериш деворигина сақданган. Шунингдек, Тамғоч Буғрохон мадрасаси (11-а.), Амир Бурундуқ мақбараси (14-а. охири) кабилардир. Ансамбль таркибидаги 20 дан ортиқ иншоотлар давлат муҳофазасига олинган. 19—20-а.ларда ансамблнинг яна бир неча бинолари барпо этилган. 18-а.да вайрон бўлган зина ўрнида 40 поғонали ғиштин янги зина қурилган. Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2004 йил 16 июль қарорига асосан Ш. ёдгорлик мажмуасида катга кўламдаги таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асаридан:
Нурга тўла Ҳазрати шоҳ мозори. Ҳазрати шоҳнинг муборак оти Аббос ўғли Қусам бўлиб, мозори Самарқанд қўрғонининг шимол томонида, шаҳар ташқарисида, Афросиёб қўрғонининг ичидадир. Қусам ҳазрат Муҳаммад пайғамбарнинг, Яратганнинг унга салот ва саломлари бўлсин — амакиси бўлган ҳазрат Аббоснинг, Оллоҳ ундан рози бўлсин ўғлидир. Онаси Ҳорис қизи ва Муҳаммад пайғамбарнинг хотинларидан бўлган Маймунанинг синглисидир…
Ғиёсиддин [Жавҳарий]нинг [яна] айтишича, ҳазрат Қусам Пайғамбарни вафот этгандан сўнг ювганлардан биридир. Бир ривоятда айтилишича, Қусам пайғамбарнинг ўлими чоғида саккиз яшар эди. Афту башараси ва қилиғи буткул Пайғамбарга ўхшаш эди… Ҳазрат амир ул-мўъминин Али, каррамаллоҳу важҳаҳу, [Оллоҳ унинг чеҳрасини олижаноб этсин], халифалиги чоғида унинг буйруғи билан Макка шаҳрига ҳоким бўлиб турди. У шаҳид бўлгандан кейин Маовия [ибн Абу Суфён] замонида унинг буйруғи билан Убайд Зиёддан сўнгра, Хуросон ҳокимлигига тайинланган уруш бошлиқларидан Усмон ўғли Саъид кетидан Мовароуннаҳрга келди. Усмон ўғли ҳазрат Саъид яраш йўли билан Самарқандни олиб, халқини мусулмон қилди. Динни кучайтирмоқ ва шариат ҳукмларини юргузмоқ тилаги билан Қусамни бир неча ислом қўшини билан бирга бунда қолдирди, 57 ҳижрийда (милодий 677 й.) кофирлар шаҳарга ҳужум қилдилар. Самарқанд шаҳрининг Намозгоҳида Қусам жон чиқарига ўқ тегиб шаҳид бўлди ва қутлуғ гавдасини Бану Ножия қабристонида ғор ёнида кўмдилар. Тўғри ривоят шудирким, Усмон ўғли Саъид Самарқанд эли билан урушаётганда, Қусам жон чиқарига ўқ тегиб шаҳид бўлди ва Бану Ножия қабристонида кўмилди. Аллома Утбий «Саҳиҳи Бухорий шарҳи»да Аббос ўғли Қусамнинг қабри Самарқандда Оҳанин дарвозасининг яқинида Бану Ножия қабристонидадир, деб аниқлаб ёзибдир. Абу Абдулло «Тарихи Нишопурлда тўғриси Қусам ҳазратлари вафот этиб Самарқандда кўмилгандир, деб ёзадир. Бошқа бир ривоятга кўра, ҳазрат Қусам Ширинкет (Самарқанд музофоти) деган мавзеъда шаҳид қилинган ва гавдасини Кўҳак дарёсидан кечириб ўтказиб, Бану Ножия қабристонида кўмдилар. Султон Санжар Мозий замонасида ўша қабристонда «Қусамия» аталган бир мадраса солинган эди. У Мадраса Самарқанд қўрғонн ўрнига тепа устида, Оби машҳад ариғининг яқинида, кунботар томонида эди. Ҳозирда ундан бир нишона қолмагандир.
Амир Темур кўрагоннинг подшолиги вақтида ушбу мозор иморат қилиниб, турли безаклар билан безатилди. Унинг хотин ва сингилларидан бир нечаси ва баъзи амирлар унда ўринлар белгилаб, ўзлари учун турбатлар ва дахмалар ясатиб, уларнинг устида буюк-буюк бинолар солдиргандирлар. Ложувард тусли фалак дунё юзига тамошо кўзини очгондан бери бунга ўхшаш гўзал вя безаклик иморат кўрмаган. Фирузаранглик, қўбтурма нақшлик (муқарнас) ғилдирак ой билан қуёшдан ўзига кўз ясагандан буён бу каби бинокорлик кошинларни тамошо қилмаган. Бу иморатнииг кўринишидан кўзлар безаниб, мурассаъ (бир-бировига келиштириб чизилган инжулар) бўладир.
Ушбу сатрлар ва бу рисолани ёзувчи мен яхши иттифоқ тушиб панжшанба куни туш вақти 16-нчи жумоди ал-аввал ойи ҳижрий 1251 [1835, 9 сентябрь]да расули мухторнинг амакиваччаси Ҳазрат Шоҳ ундан оллоҳ рози бўлсин, мозорини зиёрат қилгандан сўнг, иморатларини, масжид ва миёнсаройларини, гумбазларини ва у ердаги ёзмаларини кириб кўрдим ва кўрган-билганларимни кўчириб бу ерга ёздим, шунинг учунким, замоннинг ўзгариши билан бу асарлар кўздан йўқолганда ушбу қоғозда ёзгулик қолгай, ибрат олингиз, эй ақли солим эгалари!
Яширин қолмасинким, Ҳазрати Шоҳнинг муборак мозори билан бир қаторда бўлган масжидларнинг иморати 735 (1334-35) йилда биткандир. Солиниш тарихинннг ёзмаси гумбаз ичида кўрнииб турибди. Лекин масжиди калоннинг солиниши тарихи ўчмиш ва йўқолгандир. Узунча миёнсарой томонидаги эшиги устида бир ёқда Султон Аҳмад ва бошка ёкда Султон Абу Саъид оти ёзилгандир. Баъзилар Амир Темурдан бурун хон бўлиб ўтган Султон Абу Саъид томонидан ушбу бино солинган бўлса керак, деб ўйлайдилар. Узунча миёнсаройга кириладиган ўймакор дарвозанинг ясалиши тарихи 807 (1404-05) йилларким, ҳозирда ҳам дарвозанинг бурнида ёзмаси бор. Ушбу миёнсаройнинг шимолида, зиналар қаршисидаги иҳота қилиб олинган ялангликнинг бир ёнида Амир Темурнинг хотини, Амир Мусо ўғли бўлган Амир Одилнинг кизи Тумон оқо дахмасининг гумбази бор. Дахма олдида масжид бор. Унинг шимолида Аҳмадхожанинг дахмаси бор. Кунчиқар томонда Қутлуқ оқонинг дахмаси бор. Ушбу Қутлуғ оқо ҳам Амир Темурнннг муҳтарам хотинларидан биридир. Туман оқо дахмасининг битказилиш йили 862 (1457-58)дирким, деворида ёзилгандир. Зиналарнинг ёнида, юқори томонда тўрт гумбаз бор: иккаласи йўлнинг кун ботарида, яна иккаласи йўлнинг кунчиқаридадир. Ғарб томонда икки гумбазким, бир-бирисига туташгандир. Бириси Амирзода дахмасидир. Унинг битирилиш йили 799 (1396-97)дадир, деб ёзилгани равоқида куриниб турибди. Иккинчиси Амир Тарағой қизи, Амир Темурнинг синглиси бўлган Туркон оқонинг дахмасидир. Унинг битирилиш тарихи 773 (1371-72) йилдирким, равоқида ёзилгандир. Унинг (Туркон оқонинг) ўлими 785 (1383-84) йилда воқеъ бўлган. Йўлнинг кунчиқарида бўлган иккала гумбаздан бириси Туркон оқо гумбазининг қаршисидагиси Амир Темур синглиси Тарағой қизи Ширинбека оқо дахмаси эрур. Унинг битирилиши 767 (1365-66) йилдадирким, ёзуви равоқида кўриниб турибди. Кунчиқардаги у бириси Амир Ҳусайн дахмаси бўлиб, Амирзода гумбазининг қаршисидадир. Унинг битирилиш йили 777 (1375-76)дадирким, равоқидаги ёзмада бордир.
Мавлоно Шарафиддин Али Яздий ўз тарихида шундай ёзадиким, Амир Темур 801 (1399) йилда Ҳиндустон юришидан қайтиб келиб, шаъбон ойида (8 апрель-7 май) Самарқанддаги Боғи Дилкушода бўлган кўшкига қўнди. Олтинчи шаъбонда (13 апрель) Самарқанд ичига кириб, еттинчисида Қусам [ибн] Аббос ўғлининг разиоллоҳу анҳу — Оллоҳ ундан рози бўлсин — файзберувчи мозорига зиёрат учун бориб қутланди. Ундан Ҳазрати Шоҳ шарофатли мозори дарвозасинииг қаршисида бўлган Туман оқо хонақоҳига бориб пеший намозини онда ўтаб, Боғи Чинорон сари жўнади. Ундан Боғи Беҳиштга қараб кетди. Келаси куни Боғи Баландга келиб қўнди. Ушбу сўзларни (мавлоно Шарафуддин) масжиди жомеъининг солиниши тўғрисидаги ёзган бўлимида айтади. Зиналарнинг қуйисида, катта йўлнинг ёнида бўлган масжид, миёнсарой ва ҳужраларнн эса Улуғбек мирзонинг ўғли Абдулазиз мирзо солдирган. Унинг битирилиши тарихи 838 (1434-35) йиллардирким, миёнсарой равоқидаги ёзмада кўриниб турибди. Ва яна зиналарнинг қуйисида, кунчиқар томонида [катта дарвоза ва миёнсаройдан ўткач, ўнг қўлда] бир Мадраса бордирким, уни мўминлар амири Сайид Амир Ҳайдар салтанати чоғида давлатининг ишончли кишиси ва султонлик нойиби, шаън эгаси бўлган самарқандлик Давлат қушбеги 1228 (1811) йилда солдирган. Ушбу Мадраса эшигининг ёнида, шимол томонда, Самарқанд ҳокими бўлиб турган Мадраса эгасининг ўғли марҳум Муҳаммад Шарифбийнииг қабри бор.

Aммo шаҳзода Қусамнинг нур сочувчи мозоринииг зиёратидан аҳли диллар ажойиб завқ оладилар. Бу шарофатли жойнинг тупроғини подшолар ўз кўзларига тўтиё қиладилар. Тажрибада кўрилгандирки, ҳар бир ҳаёсиз ва нопок киши яқин ёки узоқдан у кишининг мозорига эҳтиромсизлик кўрсатса, Оллоҳ таоло андак фурсатда унинг жазосини беради. Пайғамбарнинг элчиси, унга салом ва салот бўлсин, азиз саҳобалари кароматларини кўрсатади.

01

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан:
ХОЖА ДОНИЁР МАҚБАРАСИ -Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (20-а. бошларида қурилган). Афросиёб қўрғонининг кунчиқар томонида, Сиёб ариғи ёқасида. Авлиё Хожа Дониёр қабри устида қурилган. Чўзиқ (15 м га яқин) тўртбурчак тарҳли, пештоқ, беш гумбазли хонадан иборат. Пештоғи (шим. томонда) ҳамда унинг икки ёнидаги қуббали, кўзасимон курсили гулдасталари ганч ўймакорлиги б-н безатилган, ён томонларига ҳам равоқлар ишланган. Мақбара ичида чўзинчоқ дахма бор. Мақбара яқинидаги булоқ аҳоли орасида табаррук ҳисобланади. Абу Тоҳирхожанинг «Самария» асарида ёзилишича, Хожа Дониёр (Дониёл) Қусам ибн Аббоснинг сафдошларидан бўлган.

Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асаридан:
Хожа Дониёл мозори. Шаҳар ташқарисида, шимол томонда Афросиёб қўрғонининг кунчиқар томонидаги рахнасида, Сияҳоб ариғининг ёқасидадир. Авом уни Дониёл пайғамбарнинг қабри дейди, лекин у (Дониёл)нинг мозори Мўсул вилоятидадир. Дерларким, у (Дониёл) Аббос ўғли ҳазрат Қусамнинг, Оллоҳ ундан рози бўлсин, ёронларидан эди ва шу ерда кўмилгандир. Қабрнинг нишонаси учун [қабр устига] дарё тошидан тўкиб қўйилгаи. У кишининг мозори сербаракотдир. У зотнинг мизожидан муборак бошлари [тарафидан] Сияҳоб ариғидан яқин ердан [бир] булоқ чиқиб, Сияҳоб ариғига қуяди. Халқ [уни] табаррук билиб ичадилар ва чўмиладилар ва [уни] кўп касаллар шифосига сабаб деб биладилар. У кишига Оллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Manba’: http://samarkand.uz
055

(Tashriflar: umumiy 519, bugungi 1)

Izoh qoldiring