Shavkat Rahmon. Kenglik sog’inchi. She’rlarni shoirning o’zi o’qigan

Ashampoo_Snap_2016.09.12_10h36m04s_001_.pngБугун Шавкат Раҳмон таваллуд топган кун  

     Шоирларнинг баланд овозда шеър ўқишларига кўникиб қолганмиз. Эҳтимол, шундай бўлиши табиийдир. Лекин секин, бир маромда шеър ўқийдиган — Шавкат Раҳмонга ўхшаган — шоирлар ҳам бўладики, уларнинг овози ортида улкан қалб, буюк идрок яширинганини ҳис этганингда гўё ғафлат уйқусидан уйғониб кетасан киши…

Афсуски, интернет тармоғида тарқалган фильмлар орқали кейинги авлод вакиллари Шавкат Раҳмоннинг оғир хасталик пайтидаги овозини эслаб қолган. Мен ҳар доим шоир жўрам ўзининг асл ўктам овози билан эсда қолишини истаб келардим. Ниҳоят, 90-йилларнинг бошида ёзиб олинган  «Кенглик  соғинчи» деб номланган  радиоэшиттиришни топдим. Салкам ярим соатлик дастурда янграган шеърларни Шавкат аканинг ўзи ўқиган. Жўрамнинг овозини тинглар эканман, олдин китобда ўқиган шеърларим бутунлай янгича товланганини сезиб турдим, юрагимда чақмоқ чақнаб, томирларимда олов югургандай бўлди. Бугун ушбу шеърларни — Шоирнинг Жасур Овозини сизга тақдим этаман.

Хуршид Даврон

Шавкат Раҳмон
СЎНМАС САТРЛАР
001

09     Шавкат Раҳмон 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида туғилган.  Москвадаги Адабиёт институтини тугатган (1975). Дастлабки шеърий тўплами — «Рангин лаҳзалар» (1977). «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988), «Сайланма» (1997) сингари шеърий китоблари эълон қилинган. Ф. Г. Лорка («Сайланма», 1979), X. Р. Хименас, А. Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 1996 йил 2 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

001
ДЎСТЛАР

Ўтга ҳам,
Сувга ҳам ўзини урди.
Сира аямади ғайрати, кучин.
Хатарга, кулфатга басма-бас юрди
Дўстлари учун.

Силкитди каттакон қўлчаларини…
Юзида табассум, кўзида учқун.
Ҳамиша тутди у елкаларини
Дўстлари учун.

Дўстлар босиб ўтди
Бахтиёр, шодмон,
Орқалаб дунёнинг вафосиз кўчин.
У зина мисоли яшарди ҳамон
Дўстлари учун.

Дўстлар гуноҳидан қийналди, ёнди,
Дўстлар қилмишига йиғлади беун.
Кечалари танҳо чўчиб уйғонди
Дўстлари учун.

Дўстлар-чи, суяниб буюк бир дастга,
Тобора юксалиб бордилар дуркун.
У эса боради пастга ва пастга
Дўстлари учун!

Халақит бермангиз, айтманг яхши сўз,
Ҳолсиз қўлларини ушламанг букун.
У сўнгги мартаба юмаётир кўз
Дўстлари учун…

* * *

Яшамоғим зарур
Ҳар дақиқани
Ғазаб билан, севги билан тўлдириб.
Дунёдаги барча қора нарсани
Ёруғ лаҳзаларда ўлдириб.

Токим
Бош кўтариб қарай қўёшга,
Токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат,
Токим тош мисоли тегмасин бошга
Мен яшай олмаган
Ҳар бир дақиқа…

МУҲАББАТ

Муҳаббат — чиройли капалак,
қўрқаман шўрликни тутгани.
Капалак қувганим ёдимда,
ёдимда йўқ аммо етганим.

Юрагим ранжиган боладай
на эрмак, таскинга кўнади.
Муҳаббат — чиройли капалак,
ҳали ҳам гулларга қўнади.

Ортидан ҳаллослаб чопаман,
хижолат бўламан ғўрликдан —
қанчалик югурмай, барибир
орқада қолардим шўрликдан.

* * *

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
олис-олис воҳалардан
тоғларимни чақиринг,
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
кўзимда бир томчи ёш,
сойлар ювса кетмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
пешонамнинг шўридан
бино бўлган бу дарё…
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
боринг, қорли тоғларга:
бир шоир ётибди, денг
Худонинг ҳовлисида…
Осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди…

АФСОНА

Кўкрагимни майсага босиб,
буталарнинг панасида жим,
кенг камарда чўмилаётган
юлдузларни узоқ кузатдим.

Икки кўзим ўйнар мириқиб,
афсонавий хилқат очилар.
Қасирлатиб қуруқ шохларни
чакалакдан чиқар овчилар.

Вужудимга тарқалар титроқ,
юрак тошга айланиб қолди.
Хайриятки, бу ойдин тунда
юлдузларни бўлмайди отиб.

* * *

Айт, эй хаста булбулим,
Ўшга қачон етамиз?
Яшил боғлар сарғарди,
Мағиз бўлди гужумлар.
Оҳ, вой, мунча йўл оғир,
Булбулим…
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.

Шунда қолиб кетсам гар
нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим — Ўшим кўринди,
Султон — Ўшим кўринди…

Shavkat Rahmon
SO’NMAS SATRLAR
011

 3-Shavkat.jpg Shavkat Rahmon 1950 yil 12 sentyabrda O’sh viloyatining Qorasuv tumaniga qarashli Pomir mahallasida tug’ilgan.  Moskvadagi Adabiyot institutini tugatgan (1975). Dastlabki she’riy to’plami — «Rangin lahzalar» (1977). «Yurak qirralari» (1981), «Ochiq kunlar» (1984), «Gullayotgan tosh» (1985), «Uyg’oq tog’lar» (1986), «Hulvo» (1988), «Saylanma» (1997) singari she’riy kitoblari e’lon qilingan. F. G. Lorka («Saylanma», 1979), X. R. Ximenas, A. Al`berti she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 1996 yil 2 oktyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.

011

DO’STLAR

O’tga ham,
Suvga ham o’zini urdi.
Sira ayamadi g’ayrati, kuchin.
Xatarga, kulfatga basma-bas yurdi
Do’stlari uchun.

Silkitdi kattakon qo’lchalarini…
Yuzida tabassum, ko’zida uchqun.
Hamisha tutdi u yelkalarini
Do’stlari uchun.

Do’stlar bosib o’tdi
Baxtiyor, shodmon,
Orqalab dunyoning vafosiz ko’chin.
U zina misoli yashardi hamon
Do’stlari uchun.

Do’stlar gunohidan qiynaldi, yondi,
Do’stlar qilmishiga yig’ladi beun.
Kechalari tanho cho’chib uyg’ondi
Do’stlari uchun.

Do’stlar-chi, suyanib buyuk bir dastga,
Tobora yuksalib bordilar durkun.
U esa boradi pastga va pastga
Do’stlari uchun!

Xalaqit bermangiz, aytmang yaxshi so’z,
Holsiz qo’llarini ushlamang bukun.
U so’nggi martaba yumayotir ko’z
Do’stlari uchun…

* * *

Yashamog’im zarur
Har daqiqani
G’azab bilan, sevgi bilan to’ldirib.
Dunyodagi barcha qora narsani
Yorug’ lahzalarda o’ldirib.

Tokim
Bosh ko’tarib qaray qo’yoshga,
Tokim ko’zlarimda yonsin haqiqat,
Tokim tosh misoli tegmasin boshga
Men yashay olmagan
Har bir daqiqa…

MUHABBAT

Muhabbat — chiroyli kapalak,
qo’rqaman sho’rlikni tutgani.
Kapalak quvganim yodimda,
yodimda yo’q ammo yetganim.

Yuragim ranjigan boladay
na ermak, taskinga ko’nadi.
Muhabbat — chiroyli kapalak,
hali ham gullarga qo’nadi.

Ortidan halloslab chopaman,
xijolat bo’laman g’o’rlikdan —
qanchalik yugurmay, baribir
orqada qolardim sho’rlikdan.

* * *

Nodirajon, Shoirajon,
tanam qimir etmaydi,
olis-olis vohalardan
tog’larimni chaqiring,
osmon to’la havolar
faqat menga yetmaydi.

Nodirajon, Shoirajon,
tanam qimir etmaydi,
ko’zimda bir tomchi yosh,
soylar yuvsa ketmaydi.

Nodirajon, Shoirajon,
tanam qimir etmaydi,
peshonamning sho’ridan
bino bo’lgan bu daryo…
osmon to’la havolar
faqat menga yetmaydi.

Nodirajon, Shoirajon,
tanam qimir etmaydi,
boring, qorli tog’larga:
bir shoir yotibdi, deng
Xudoning hovlisida…
Osmon to’la havolar
faqat menga yetmaydi…

AFSONA

Ko’kragimni maysaga bosib,
butalarning panasida jim,
keng kamarda cho’milayotgan
yulduzlarni uzoq kuzatdim.

Ikki ko’zim o’ynar miriqib,
afsonaviy xilqat ochilar.
Qasirlatib quruq shoxlarni
chakalakdan chiqar ovchilar.

Vujudimga tarqalar titroq,
yurak toshga aylanib qoldi.
Xayriyatki, bu oydin tunda
yulduzlarni bo’lmaydi otib.

* * *

Ayt, ey xasta bulbulim,
O’shga qachon yetamiz?
Yashil bog’lar sarg’ardi,
Mag’iz bo’ldi gujumlar.
Oh, voy, muncha yo’l og’ir,
Bulbulim…
Ulkan soat o’rtasida
Madorim yo’q yurmoqqa,
Qashqirlar davrasida
Sudralaman turmoqqa.

Shunda qolib ketsam gar
netamiz?
Abadiyat oralab
O’shga qachon yetamiz?
Qorli tog’lar bag’rida
Begim — O’shim ko’rindi,
Sulton — O’shim ko’rindi…

004

(Tashriflar: umumiy 473, bugungi 1)

Izoh qoldiring