Yo‘ldosh Eshbek ‘She’r sehri’ teleloyihasida

033Таниқли ўзбек шоири Йўлдош Эшбек таваллуд топган кун

   Йўлдош Эшбек 1950 йил 1 cентябрда Самарқанд вилояти, Иштихон туманида таваллуд топган. ТошДУнинг филология факултетини тугатган (1977). Дастлабки шеърлар тўплами — «Соғиниб яшайман» (1981). «Юксак дарахтлар» (1985), «Мовий турналар» (1987), «Яхшиликка қарайман» (1988), «Дарахтлар эртаги» (1989), «Ҳаёт чечаги» (1990), «Мангу масофа» (1991) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Имом Ғаззолийнинг «Эй фарзанд», Аҳмад Лутфийнинг «Ўгай она», «Ҳазрати Али», Фотима Темурнинг «Кўнгил дўстлари» («Тазкират ул-авлиё»), Амина Шанк ўғлининг «Виждон азоби», Ўлжас Сулаймоннинг «Сопол китоб» ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1998).

011

09
Йўлдош Эшбек
ШЕЪРЛАР
034

ҚАДИМ ОҲАНГЛАРДА

Остонангга дилимнинг
Торларини бойладим.
Мен бир дунё сулувдан
Сен сулувни сайладим.

Сайладиму кўзимда
Халқоб-ҳалқоб ёш бўлди.
Бу бевафо дунёнинг
Бағри менга тош бўлди.

Сен юлдузсан — қўл етмас,
Ошиқ бўлдим, сулувим.
Энди сенинг ўрнингга
Кўшиқ қолди, сулувим.

Бир қўшиқки, дилимнинг
Тубларига зил бўлар.
Айтсам охдир, айтмасам –
Сарғайтириб сил қилар.

Остонангга дилимнинг
Торларини бойладим.
Мен бир дунё сулувдан
Сен сулувни сайладим.

Эшигинг зулфаклари
Тилло экан, билдим-ку.
Қўлим калта эканин
Билиб, бағрим тилдим-ку.

Тилим бағрим ичинда
Дардинг сизиб ётади.
Кўшиқ қилиб қалбимни
Кўзларимга отади:

Кўзларимда айланган
Ҳалқоб-ҳалқоб ёш бўлди.
Бу бевафо дунёнинг
Бағри менга тош бўлди.

ЙИҒЛАЁТГАН ҚИЗ

Бу оғир боғ ичра оғир қадамлар
Ташлаб кетаётган оғиргина қиз,
Дунё кўзларингдан дунё аламлар
Томчилар, ҳар бири бир улкан юлдуз.
Томчилар кўзингдан норасидалик,
Сўзга айланмаган ёниш томчилар.
Бешафқат дийдорми оғир жудолик,
Йўқотиш томчилар, топиш томчилар.
Йўқ, сени алдаган, биров алдаган,
У сени севгандир, йўқ, йўқ, севмаган.
Кўксингга чиройли ўқлар қадаган,
Бировлар алдаган, биров алдаган.
Томчилар кўксингдан келаётган куз,
Оғулар томчилар, гуллар томчилар.
Яқин хотиралар… идрок фаромуш,
Виждонингни ўйиб урар томчилар.
Виждонсиз номусли ниқобин қўймас,
Виждоннинг ҳар дами руҳий изтироб.
Виждонсиз хатосиз кунлардан тўймас,
Виждон бу хатодан улғайган азоб.
Сени юпатмоққа журат йўқ менда,
Сен менинг кечмишим, умрим бўлаги.
Фақат мен қайғулар тиларман сенга,
Каттакон қувончнинг унсиз ўланин!
Алданмоқ тиларман сенга кўп марта,
Алданмоқ — дунёга назар, англамоқ.
Алданмоқ — кўз ёши қилмоқ, йўқ, артмоқ,
Алданмоқ — курашга отланмоқ демак.
Йиғламоқ тиларман, қайнаб йиғлагин,
Тишларингаи секин қайраб йиғлагин!
Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Паймонанг тўлгунча, тўйгунча йиғла!
Улар лаззатхўрлар, қароқчилардир,
Умрлари узун, соб бўлмас, эсиз!
Бу дунё — аслида алдоқчилардир!
Бу дунё — аслида йиғлаётган қиз!
Мен сенга қўшилиб йиғлай олмасман,
Фақат бош эгаман қайгунгга сўзсиз.
Мен сенга талпиниб, асло толмасман,
Мен сени севаман, йиғлаётган қиз!

СЕНИНГ ҚЎШИҒИНГ

1.
Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Тепамизда чарх уришиб
Қалдирғочлар учажак!

Шундай қўшиқ айтган эдинг сен,
Шундай қўшиқ… ҳаётдай азиз.
Ва дунёга қайтган эдим мен,
Дунё менга қайтди ўша кез.

Қўшиғингни булоқлар тинглаб,
Шамолларнинг тили тугилди.
Осмон юзи кўзинг нусхалаб,
Ўпмоқ бўлиб сенга эгилди.

Қалдирғочлар учди тепангда,
Қўшиқ айтиб шўхшан, дилрабо.
Ўн еттида эдинг ўшанда.
Ўн еттига тўлганди дунё.

* * *

Дунёлардан рашк қилдим сени,
Дунёларга ишонмас эдим.

2.
Қалдирғочлар келмоқда учиб,
Баҳор қувиб яшарлар доим.
Ушбу дамда сен ёдга тушиб,
Аламларда қоврилар ўйим.
Сен умрингаи бўлдинг иккига,
Энди менга икки хил ўйсан.

Тўлиб кетса дардпар кўксимга,
Ёлғизликнинг ҳукмидан тўйсам,
Мададга зор одамдай гоҳо,
Атрофга жавдирар нигоҳим.
Кўзларимда интиқ илтижо,
Кўзларимда тизилар оҳим.

Шунда излаб қоламан зор-зор,
Ўн етти ёш кўҳлигим қайда?
Ва қайтмоқ бўламан интизор
Ўн етти ёш дунёга қайта.
Мени чорлар илк умринг маъсум,
Мени чорлар ул покиза ишқ.

Қайғуларга чек қўйиб, бир зум –
Руҳимда тирилар ул қўшиқ:
«Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Бошимизда чарх уришиб,
Қалдирғочлар учажак!»

* * *

Сен кетиб борасан дарахтлар аро,
Кичрайиб борасан, тораяди йўл.
Сенга оқ кўринган бу йўллар қаро,
Енгил тин оласан кенгаяр ўнг-сўл.

Шамолда сочларинг пастлар-баландлар,
Шамолда сочларинг — қушнинг қаноти.
Сен учиб борасан — пастлар баландлар,
Баландлар пастлайди, эркин ҳаётинг!

Ўзимга лаънатлар ўқийман бот-бот,
Мен сенга ҳаваслар қилурман, эркам.
Сенга қуролмадим гўзал бир ҳаёт,
Ўзимга зиндонлар қаздим… жуда кам!

Елкангни шамоллар силкитар нега,
Нега кўйлагингни ўйнар бешафқат?!
Шамолда михланиб қарайман сенга,
Шамолда қўлларинг силкинмас фақат.

ИБОДАТ

Нафснинг шашти босилгай рўза билан,
Қадди-басти босилгай рўза билан,
Тез-тез рўзадор бўл, нобакор ҳирснинг
Мордай қасди босилгай рўза билан.

Рўза-тан закоти, ҳолинг саломат,
Закот-каффоратдир, молинг саломат,
Бева-бечораю етим есирга,
Ҳақдорга ато эт, жонинг саломат!

Ҳақни иҳтиёр қил қодирсан агар,
Ота-онангни ҳаж қилдир муқаррар,
Топган молинг ҳалол бўлсин, аввало,
Ҳаром бўлса, йўлларингда бор аждар!

Намоз-ибодатинг подшоси эрур,
Барча яхшиликнинг пешвоси эрур,
Унда ҳаж, савм, меърож, жаннат калити,
Дилнинг таҳорати, ифшоси эрур!

Сақлагин

Қиёмат Кун офтобидан сақлагин,
бу дунёда дил ҳобидан сақлагин,
икки дунё яҳшилигин ато қил,
икки дунё азобидан сақлагин.
Амал қилдир Ўзинг ризо бўлгулик,
Қиёмат Кун яҳши жазо бўлгулик,
кўксимизни юмшат,Эгам, мулойим,
тирилганда узвий аъзо бўлгулик.
Қаноатга муваффақ қил — муносиб,
шафоатга мушарраф қил — муносиб,
бу дунёда мискинларнинг ғамин еб,
у дунёда мушарраф қил — муносиб.
Ваъданг ҳақдир,Одилдирсан муқаррар,
банданг ожиз,амаллари кўп зарар,
Сенга осон — бизга осон қил Эгам,
жон берарда билингаймиш амаллар.
Икки дунё ҳалолингдан аюрма,
нуру зиё-зилолингдан аюрма,
мўминларга, Йўлдошга ҳам раҳм қил,
Меҳрибонсан,Висолингдан аюрма,
Жамил, Бақо, жамолингдан аюрма!

Сен…

Бир ҳаво ўйлабман нводай сизгин,
тор йўлда ҳор эканман Сенга зор,
аммо қаёқдадир кўринмас тизгин,
аммо Сендан бошқа менинг кимим бор?
Бир наво ўйлабман ҳаводай майин,
гул атри мисоли муаттар ифор,
кўнгилнинг қай тори тортилган сайин,
куйдим — Сендан бошқа менинг кимим бор?
Йўл истаб юрибман, йўлда эканман,
чиқажак жойи бўлса ҳамки ғор,
қоронғу… гул дебман, тилса тиконлар,
суйдим — СЕндан бошқа менинҳ кимим бор?
Бир қултум сув истаб, бир қултум нажот,
мени қуршагандай улкан бир ғубор,
аммо тушларимда топилмас ҳаёт,
аё, Сендан бошқа менинг кимим бор?
Қадрдон туртади, туртади бир ёт…
ғалати ҳазилга ўҳшаган асрор,
туриниб-суртиниб ўтгумми озод,
озод Сендан бошқа менинг кимим бор?
Мен қандай яшадим, бунгача омон,
шуълага суянган улкан тун бедор,
кўксимда ҳайқириқ уҳлайди ҳамон,
ҳамон Сендан бошқа менинг кимим бор?!

Фоний дунёдан

Мен ўтиб кетаман изим яшагай,
ҳаётим самари, сезим яшагай,
ноҳақлик бўрони аро ялангтўш,
жафокаш бир султон, тўзим яшагай.
Ватандош жигарим баҳти ҳам кулсин,
баҳт ўзи ғамгиндир,инсон шод қилсин,
инсонни — Эгаси шод этар ҳар вақт,
баҳт — Борийни билмоқ,ҳар ким ёд қилсин.
Ҳар кун ёд қилсин-у, ўзин шод қилсин,
ва шаксиз дўст дилин у обод қилсин,
яҳши амал билан айласин қамал,
ёмонлик қўрғинин шундай мот қилсин.
Ибодат ҳартидир тилни уйғотмоқ,
мардларнинд қадридир элни уйғотмоқ,
тоатнинг бош шарти ғофиллик эмас,
кўнгилнинг дардидир дилни уйғотмоқ.
Эй,кўнгил, уйғонгин,наҳор ўтмоқда,
ёз ўтди, қиш ўтди, баҳор ўтмоқда,
сажада қил, бир назар бўлса ажабмас,
меҳрни бўғолмай не дор ўтмоқда!

ЎЗБЕКИСТОН БОҒЛАРИ

Бу боғлардан хушбўй саринлик келур,
Жаннатий салқинлик келур соядан.
Кимнинг юрт боғидан ҳислари селдур,
Ўшадир давлатманд, озод, бой одам.

Супаларга сув сепганда келинлар,
Келар эди тупроқ тафти, ер ҳиди.
Нозбўйлардай соқоллари селкиллаб,
Чоллар бош тебратиб, завқ туяр эди.

Табассум қилсалар ёришарди ой,
Ва ханда отсалар сапчиб қўярди,
Осмонда қолмасди бирор синиқ жой,
Юртда қолмас эди ҳеч кўнгли ярим.

Қайда ўша қишки, кўкламги пок лой,
Қани ўша қишлоқ, кузги соф чанглар?!
Ҳамма ёқ қум сувоқ, ҳатто тиниқ сой…
Бу гапни ҳаттоки товуқлар англар.

Ортга қайтмоқ эмас, менинг тилагим —
Хотира қўйнига эди саёҳат,
Соғинчдан энтикар гоҳо юрагим,
Ўша поклик қолса, қолса диёнат.

Токи ярим кўнглим тўлсин бус-бутун,
Зора ярим кўнглим бўлса бус-бутун.
Шукрона туяйин чоллар сафида,
Токи ловуллаган шу қуёш учун,
Тўлажак ой учун айтай қасида.

Кимнинг юрт боғидан ҳислари селдур,
Ўшадир давлатманд, озод, бой одам,
Бу боғлардан хушбўй саринлик келур,
Дилором салқинлик келур соядан.

СЕН

Ой бўлмас,
Юлдуз бўлмас,
Коинотдан ташқари
Юрт дуз бўлмас.

Коинотдан ташқари
Ташқари бўлмас.

Сен менинг Нури Диёрим
Диёри Нурим.
Коинотдан ташқари

Сен менинг ташқаримсан
Коинотдан ташқари.

ШАМОЛ ВА НАСИМ

Ўҳ, бу шамол! Очирмас кўзни,
Гавҳарингга урилади қум.
«Ўв, йўловчи! Асрагин ўзни,
Гаранг бўлма, кўзларингни юм.

Карахт бўлма. Илон изи йўл
Занжир каби бўғар сиёғи.
Тиз чўкмагин, ўлсанг тамом ўл!
Ё ялагин саҳро оёғин!»

Ҳолдан тояр, юмар кўзини,
Қарчиғайлар қаноти тегар,
Юмдалайди, қушмас, юзини,
Телба шамол. Бошини эгар.

Бир томчи ҳам сув йўқ дунёда,
Дунё йўқдир, йўқдир ошно из,
Фақат шамол увлар зиёда,
Фақат шамол чўктирмоқчи тиз.

Ҳуши қайтар, гўзал бир насим
Олиб келар райҳон исини.

СЕНГА

Кўз ва сўз етмас,
Мен етмасман,
Сўзга сен етарсан бемалол.

Тасаввур гуноҳ
таъриф ожиз
Боқмоқ 40 йил
Оҳ боқмоқ
Келмас хаёлга
Сўз
Икки дунё
Ва
Киприк қоқмоқ

* * *

Одамики
Бўлса ўр,
Энишлар ҳам бўлгай ўр,
Эшиб сабр толасин,
Ҳалимлик арқоғин ўр.

ДИЁР

Диёр кўрдим ой каби,
Бахт-юрт дегич жой каби!
Туя кўрдим чопоғон,
Сув кўрмаган ҳеч лаби.

Ғубор кўрдим беғубор —
Осмонда офтоб каби.
Тож киймиш ушбу диёр,
Башорат қилмиш набий.

Бу юртларга қут, омад
Сокин, вазмин келади.
Бахт келмайди, ўзи бахт!
Тахтлар ҳазин келади.

Диёр кўрдим бахтиёр,
Сув берган ташна булоқ,
Қиличида ой йиғлар,
Офтобида нур байроқ!

ҚАДИМИЙ АЛЛА

Алла, алла, аллаё,
Қора кўзли болаё,
Қора қошли болаё,
Ширин сўзли болаё.

Бешигинг бахт эшиги,
Келгусининг қўшиғи,
Томоғингнинг тешигин,
Қандай ёғлай, аллаё,

Ризқингдан урадилар,
Қўрқмасдан турадилар.
Ойга от сурадилар,
Ерлар кунни, аллаё.

Бир кун катта бўларсан,
Ўз кўзинг-ла кўрарсан.
Яратгандан сўрарсан
Болангга ризқ, аллаё.

ШОИР

У сўзнинг рангига қарайди аввал,
Сўз оҳангига қилар эътибор.
Қофиялар доим беради халал,
Фикрнинг сўнгги йўқ, ва ле мадад бор.

Қор рангин ёғади, ажиб атри бор,
Оқ тоғни қоплайди чўнг қора кўлка.
Қора тоғ — оқ, уни қоплагандир қор,
Мовий дур ёмғирлар аро бу ўлка.

ТИЗ ЧЎКТИРАМАН

Туяни янтоқ қошида,
Чумолини дон қошида,
Ўзимни тиз чўктираман
Элга тиз чўкканнинг қошида.

Қаватларни бош эгдираман
Қариялар пойига
Фалакни бош эгдираман
Ватанимнинг сойига,
Қуёшни бош эгдираман
Байроғимнинг ойига.

МЕНДАН

Қувват, ғайрат ўтар сенга,
Набирам,
Насиб этса.
Мен уфққа қараб кетаяпман
Тобора
Йироқлашиб.
Майли, сингиб кетай,
Майли, соғин,
Соғинайлик
Майли, сингиб кетай
Уфққа—бир қора
Нуқта бўлиб
Фақат сен бош кўтар,
Шафақлар аро
Оқ қуёш бўлиб.

АРИҚДАН

Бир жилға айрилиб
Йўлни мўл юрди
Адашибми, ҳорибми
Тўхтаб қолди
Саҳро ичинда.
Қарор қабул қилди.
Қурбон этаман
Умримни
Шу саҳро учун.
Сингиб кетди,
Ўзин хазон этди.
Ўзига лойиқ
Саҳрога бир ўзан этди.
Ҳар баҳор
Хушбўй ялпизлар
Чопиб ўйнар
Бу ўзан бўйлаб.

ЙЎЛ

Оқариб кўринар
Қирнинг баланд жойида
Қорайиб ғойиб бўлар
Йўқолар
Тун-кун бир жуфт кўз
Кутиб-кутиб толар
Шаҳардан келар
Йўл
Юпқа кўрпача узра ётган
Кўл кўтарилар
Деразадан чиқар
Эгасининг юзига қайтар
Йўл билан баробар.
Шаҳарга бориб
Келар
Бу озғин, сертомир қўл.

ЭСЛАЙМАН

Сўзларни, кўзларни,
Дарахтзор жойларни,
Сойда қалқиб оққан
Ойларни.
Титраб боққан гиёҳларни,
Жимир-жимир қайнаб чиққан
Булоқлардан юлдузларни.
Фарёди тунларни ёрган,
Тонгларни ёққан тулпорларни,
Ҳарир, кўкиш, беғубор ғуборларни.
Турналар ёдимга кирар ҳайқириб,
Отам кирар ҳовли айланиб,
Томоғин қириб
Ва ле қачон қўлидан
Офтоба тушганини,
Тўнини тутга турна қилиб,
Ўзи ҳам ичидан турна бўлиб,
Иншааллоҳ иссиқ юртига
Учганини
Эслай олмайман.
Онам ҳам ортидан қуш бўлиб,
Деразага урилиб
Беҳуш бўлиб
Қолганини
Эслай олмайман.
Зотан, хоссатан бу ҳолларни
Болаларга билдирмайди
Оталар, оналар.

ЙИҒЛАЙДИ

Бир ялпиз ҳиқиллаб
Ариқ бўйида ўлтириб,
Атрофида барра ўтлар,
Майсалар хурсанд,
Ҳайратли
Пичирлаб, қиқирлаб
Кулишар секин.
Сабабин билсам,
Қиш бўйи қуёшни кўрмаганидан,
Ва бирдан югуриб ўйнаганидан,
Шод бўлиб йиғлар экан —
Баҳор севинчлари экан бу.
Ненидир эсладим мен ҳам,
Аламга тўлиб.
Шукр, дедим сўнг
Шодумон бўлиб.

СЎЗ

Одамни, оламни
Ўқидан, изидан
Чиқарар.
Ва одамни, оламни
Гул қилиб қўяр.
Шайтон жойлашиб олса
Ҳарфларга ҳам
Қуллуқ қила бошлайсан
Ҳарфларга ҳам
Улар паст-баланд
Шаклда
Гул, илон, заҳар, қанд
Шаклда.
Аслда мўътабар бўлган сўз
Одобсиз товушга айланар
Ҳазрат айтганидек
Ўликни тирилтиб
Дуо учун ҳовучга айланур,
Шукрки, айланур у эркин қушга,
Зулмат қуюқ эса таъбирга, тушга…

СЎЗ МАЙДОНИДА

Шоир сўз майдонин соҳиби,
Курашчиси.
У ҳам банда,
Бандаи ожиз.
Қаҳрамони, рақиби
Енгар, енгилар,
Э воҳ, баъзан у ҳам
Салбий қаҳрамон.
Шундай тус олар ёки беришар,
Унинг бутун вужуди кун-тун ишлар,
Кун оғзидан кириб товонидан тушар,
Тун товонидан кириб тилидан томчилар.
Қорачиғи қуёш бўлар саҳарда, саҳар
Шафаққа айланар бағри ҳам
Кўзининг оқи қадар…

ТУЛПОР

Оппоқ булут
Гоҳ қотиб турар ҳавода муаллақ
Гоҳ қанотларин ёзиб
Айлайди парвоз —
Қанотлари улкан булут парчаси.
Жами булутлардан узун туюлар,
Жами булутлардан баланд туюлар,
Туюларки, ҳозир кишнаб юборар —
Осмонни овозга тўлдириб,
Оламни қўшиққа тўлдириб.
Аммо у суратми,
Ҳаракат,
Ё овозсиз мусиқа,
Жим қотиб яна парвоз айлар,
Баъзан жойида
Булутларга, туёқларга,
Қанотларга юлдузлар томган
Оппоқ-оппоқ ҳилоллар қўнган
Шиддат ниҳон.
Шамолларни тиндириб қўйган,
Ҳавода ҳаводай сузиб борар
Фалакдан кенг булут парчаси.
Осмонда осмонга сиғмай сузиб борар
Булут Парчаси — Тулпор.
Мен-ку кичик шеър битдим,
Достонга сиғмай сузиб борар.
Достондан кенг Булут Парчаси.
Гўё сўнгсиз курашдан сўнг
Озод парвозларни соғиниб толган
Туёғида михлар
Гул бўлиб қолган
Оҳ, Булут Парчаси
Воҳ, Буюк Булут!

ЖОН ВА ТАН

Бу осмон остида бир гул бор,
Таъзимида йўқ асло ғубор.
Ариқ бўйлаб чопар ортимдан,
Сафар қилар бўлсам юртимдан,
Қолар нозик қўлларин чўзиб,
Йўл қарайди, нигорон кўзи,
Йироқларда эслаб қўяман,
Юртдошларда бўйин туяман.
Бўйи етган булутлар бедор,
Томчиларнинг бағрида хумор,
Ул марварид шабнамлар аро
Жилмаяди, кўзлари қаро,
Бу осмон остида бир гул бор,
Чўққилар ҳайратда лолу зор,
Булоқлар чопади ҳаккалаб,
Уни кўрса эриб кетар қалб,
Бу осмон остида бир гул бор,
Яшил кўйлак алвон юз дилдор,
Исми не бўлса-да бахтга тан,
Ўзбекка тан, демак, жон Ватан,
Ўзбекистон — юрак, жон ва тан!

БАХТ

Боғимни қиялаб
Ўтасан уйга кирмай,
Кел, келавер, уялма.
Тушмагин бундай кўйга,
Қай ароба қўшиғин
Айтасан бўлиб хароб.
Кимнинг баланд эшигин,
Қўриқлайсан йўл қараб.
Олиб қочма кўзингни,
Мен сендан тантироқман,
Кечираман ўзингни,
Кечаман қарзимдан ҳам!

ВАТАН ОЗОДЛИГИ

Бир аср зиндонда тутилдим «эркин»,
Ўзга тилда суйдим, Ватаним сени.
Золим замон зуғумидан қутулдим,
Насимлар, саболар ўлдирар мени.
Чоҳдан чиққан Алпомиш мисол эдим,
Соғиндим бағрингда аслингни, сени.
Ғордан, аждарлардан қутулиб кетдим,
Гўзал лаҳзаларинг ўлдирар мени.
Қанчалар яшадим, қандай қақшадим,
Бугун соф ҳаволар кўксим тўлдирар.
Кеча дор остида кулиб яшадим,
Севинчли ёшларинг бугун ўлдирар!

ҚИР ГУЛИ

Қир гули,
Адр гули,
Тебранар саболарда,
Нур гули, атр гули.
Эмранар самоларга,
Эланар ҳаволарда,
Энтикар сўзсиз қўшиқ,
Беланар даволарга,
Кун — шифо, юлдуз қўшиқ,
Кенг дузларга кетар бўй,
Муаттар шамолларда,
Юлдузларга етар бўй,
Самовий хаёлларда,
Қир гули, адр гули,
Ташналар кўп ўргилур,
Нур гули, атр гули,
Чашмалар кўп ўргилур.
Сени экиб кетган ким,
Муродига етган ким,
Қир гули, ҳей, нур гули,
Экканга шукрим бу кун,
Экканга сўнгсиз шукрим!

ГУЛ

Букилиб турар,
Кўзидан ёши —
Тўкилиб турар,
Тугаб бардоши,
Кулмайди сира,
Титратар хиёл.
Ё бир хотира,
Ёки зўр хаёл —
Уни шамолмас,
Балки босган ғам.
Ёки ногаҳон
Бахт бўлган ҳамдам!

ГУЛЛАР

Гуллар жилмаяди, илдизи кўкда,
Ердан қўл чўзаман шамолга ўхшаб.
Хаёл боғ яратар, кўк боғин ўпган,
Диёр дейди ҳаргиз, демайди Ер-Шар,
Ғалати гапирар, луғати бошқа.
Ақл гоҳо унга уста таржимон,
Жилмайтар — гул чизар ўқрайган тошга.
Осмонга осмондан қарайди ёмон,
Чўнг ақл қанотли хаёл улгурар,
Менинг ақлим ялқов, аъмолим ноқис,
Хаёлда ажаб хуш гуллар туғилар,
Ҳеч ҳаёт кўрмаган, ҳис қилмаган ҳис,
Ҳеч ким тортолмайди унинг жиловин,
Гоҳо мен подшоман, гоҳо у… зорлар,
Туғади бир ҳаёт, туғар қаловин,
Қорлар ёниб кетар, гуллайди қорлар!

ЧЎПОННИНГ

Бир ҳайқириғи кифоя —
Қайтади сурув.
Бу ажиб ҳикоя,
Бунда бор қандайдир қўрқув.
У қандайдир ҳурмат,
Ё жумла жаҳонга
Гўзал бир ибрат.
Ҳар қалай ҳикмат бу,
Ажиб бир ҳикмат.

ОЛАМ ВА ЖАННАТ

«Қувонч ортида алам,
Шакар ичра оғуси, бу олам мушкулот, ғам
Борми бунинг доруси?!»
«Ватан жонбахш бўстондир,
Зиёдир, ватан—жаннат,
Бахт—дийдор, нур—осмондир,
Тупроқлари забаржад!”

ЭЙ, ЙЎЛОВЧИ

Қайдан келдинг,
Йўл олдинг қайга,
Ташнамисан сен ҳам бахтга,
Навога, найга?

Кўз илғамас кенгликларни
Жо қилган кўзи,
Гапиргиси келмасмиди,
Ё йўқдир сўзи —
Йўловчи кўп қараб турди
Уфқ томонга,
Имо қилди аввал Ерга,
Сўнг Осмонга.

ФАРҲОД БЎЛМОҚ —

Навоий бўлмоқ.
Алпомиш бўлмоқ — Фозил ота бўлмоқ,
Анвар бўлмоқ — Абдулла бобо бўлмоқ
Шарт эмас.
Ўлмоқ шарт —
Диёри учун.
Тирилмоқ шарт —
Ер учун
Ор учун
Туғилмоқ шарт!

ҚЎЙ

Пусма, қўй, пусинма
Доим ҳам
Иш бермас пистирма
Қисинма,
Жўмард бўл,
Душманга ҳам
Юраги кичикка ҳам
Уйларнинг тўри тўлар
Оч қолса кучуклар ҳам
Тулки ё бўри бўлар,
Қўй, пусинма.

ОҲИСТА

Оҳиста ёғади ёмғир,
Оҳиста-оҳиста ташланар қадам.
Шамол эсиб қўяр гоҳида ғир-ғир,
Оғир ўй босади одамни бу дам.

Ёмғир из қолдирмай ўтиб ҳам кетар,
Қуёш жилмайса-да атроф қунишар.
Кўнглингни ёритиб хаёллар етар,
Вазмин Рауф Парфи ёдингга тушар.

ҚИЗҒАЛДОҚ

Пориллаб чорлайди бу чоқ,
Зориллаб қўяди бу дам зарғалдоқ.
Шошиб шафтолилар кўтарар чироқ,
Пушти зориллайди новдалар қувноқ.

Ёдингга келмасми аждоду насл,
Ҳай жонзот, сенинг-да зотинг аслдир,
Нега қувнамайсан, умринг бир фасл,
Қизғалдоқ умри-чи, ярим фаслдир.

УЙИНГДА

Ўсади бир гул заъфарон,
Бир чимдим қуёшга зор.
Қуёшга зор эмас,
Томчилар кўзинг.
Гул эса гуркираб ёнгуси келар
Яъни ўсгуси келар —
Яшил қанот ёзиб.
Иссиқдан, совуқдан, ёмонликдан
Сени тўсгуси келар.
Гул бўлгим келар,
Бир чимдим қуёшга зор
Қуёш бўлгим келар.

КЎНГЛИМДА

Бир қувонч кўраётирман,
Ва ҳам бирозгина қўрқаётирман,
Бўлмасидан аввал шодлигим юза
Ортида турган ғам чиқмасин суза.
Дарё соҳилида ўйчан балиқчи
Каби термуламан ҳаётга ҳазин
«Лаққа» чиқар бўлса, омадлиман чин,
«Тилла» чиқса, ярми чин, ярми ҳазил.

ШАЙТОН

Мени боғлар думига
Думини дунёга боғлар
Оҳ мени боплар
Оҳ мени доғлар.
Фаришта ўнгиримдан ўнгга тортар
Фариштанинг иши саришта, биламан
Мен ўзимни қачон саришта қиламан
Тонг отганда донг қотаман
Қачон тонгни уйғотаман?
Шайтон мени ҳолимга қўймас
Раҳмон раҳм этмаса.
Раҳмон мендан кетмайди ҳеч
Сабр мендан кетмаса.

СОВУҚ

Тушиб келаётир тоғлардан,
Қаймоқ боғлаб қолган сувлар тиниқдир.
Файз кетгандай шувиллаган боғлардан,
Совуқ сезар ёшда кўнгул синиқдир.
Совуётир энди бироз қонимиз,
Кексаликка ташлаб секин қалампир.
Иссиқ сўзга, чойга муҳтож жонимиз—
Кўтаролмас келса ногоҳ аламлар.
Ёшликдаю кексаликда халал бор,
Халал берар доим турмуш одамга.
Совуқ темирни ҳам айлайди абгор,
Йўл бергиси келмас ёшлик ситамга.
Яхши сўзлар кексаликнинг шифоси,
Ёмонликка мудом қалқон яхши сўз,
Қаймоқлаган сувдай кекса дунёси —
Челак солинг, тўлгайдир дур-нақшли сўз,
Совуқ сезар ёшда кўнгул синиқдир,
Турнакўз булоқдай кўзи тиниқдир.
Файз кетгандай ҳувиллаган боғлардан,
Совуқ тушиб келаётир тоғлардан.

ҚУШ

Кўзи жовтиллайди,
Тикилиб мўлтиллайди.
Қаҳратондан қўрқди қуш,
Деразамга урди тўш.
Қаттиқ менинг деразам,
Қаттиқдир бағримдан ҳам,
Очай дейман, қўрқаман,
Уйда ҳам рутубат, нам.
Бир зўравон қиш кўрдим:
Ўз тинчимни хуш кўрдим,
Чирқиллар бечора қуш,
Қуш тўшини бўш кўрдим,
Балки яксон айларди,
Қип-қизил қон айларди,
Бағри қаттиқ бўлганда,
Бу ромни ром айларди,
Киролмас ота-онам,
Қаттиқ метиндан хонам.
Эшиклари темирдан,
Кемирар кирсанг алам,
Ҳайрон бўлиб тўйдига,
Бу дунёнинг ўйнига,
Яхшиси дардинг олай,
Дуо қил, чиқа қолай —
Қаҳратоннинг қўйнига!

 

Image<

ЙЎЛДОШ ЭШБЕКНИНГ «МОВИЙ ТУРНАЛАР» ВА «ЯХШИЛИККА ҚАРАЙМАН» ШЕЪРИЙ ТЎПЛАМЛАРИНИ CALEMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ВА ЮКЛАБ ОЛИНГ.

Image

04

(Tashriflar: umumiy 175, bugungi 1)

1 izoh

  1. kutlarim mavi turnalar sairini siz ona nemi deyirsiniz uzbekce kutlayirinmi? pozduravlyayu i s lubof yu iz turtsia..

    yahshi bolursa shiir shairi
    akitir kuzumden kuzyasi iri
    mene deme ki sen shiir geliyor
    ayak sesinden bilirem ben shiiri..

    signal: enel fakir..

Izoh qoldiring