Xurshid Davron. She’rlar & Xurshid Davron «Kaftdagi chiziqlar» va «Hayot va xayol» dasturlarida & Uch kitob

center;»>Ashampoo_Snap_2017.01.18_13h36m40s_003_.png   Унинг китобларини ўқий туриб, бир фикрга келасиз: У майда ҳиссиётлар куйчиси эмас, у катта туйғулар шоири! (Эшқобил Шукурнинг «Шеърда устоз виждондир фақат» мақоласидан)

Хуршид ДАВРОН
ШЕЪРЛАР
005

* * *

Мен сени кўрганман фақат бир марта,
Ёнимдан ўтгансан хушбуй ва кўркам.
Бу байрам бўлганди олис йил мартда,
Дарахтга гулларин осарди кўклам.

Энди мен ҳар йили  сени кўраман,
Ёнимдан ўтасан ҳар йили мартда.
Изингдан термилиб узоқ тураман,
…Мен сени кўрганман фақат бир марта.

1982

МЕНИ ЁДГА ОЛУРМИСАН…

Деразангни чертганида ёмғиру шамол,
Мени ёдга олурмисан, эй гўзал аёл.
Узун тунлар қийнаганда чеки йўқ хаёл,
Мени ёдга олурмисан, эй ёлғиз аёл?!

Тўкилганда дардим каби баргу хазонлар,
Кўз олдингни тўсганида қора тўзонлар,
Соғинчингни яширолмай субҳи азонлар,
Мени ёдга олурмисан, эй гўзал аёл?!

Қизарганда шафтолининг оқ ғунчалари,
Боғчаларда сарғайганда куз чечаклари,
Куз шомлари,ёз тунлари, қиш кечалари,
Мени ёдга олурмисан, эй ёлғиз аёл?!

Деразангни чертганида ёмғиру шамол,
Оғушига олганида чеки йўқ хаёл,
Сочларингдан сирғаларкан қирмизи рўмол,
Мени ёдга олурмисан, эй ёлғиз аёл?!

Ёдларингга олурмисан сирли дамларни,
Ёдларингга олурмисан ширин ғамларни,
Ёқиб қўйиб тун қўйнида ғамгин шамларни,
Мени ёдга олурмисан, эй гўзал аёл?!

1982

***

Баҳор…
Кунлар симобдай дуркун.
О, қандай шўх куй бор баҳорда.
Неча марта кетма-кет бугун
Ёмғир елиб ўтди тулпорда…

Булутлардек кўпчиган кўклам,
Най таратар қувончли наво.
Маржонлардек тўкилар шабнам,
Гул ҳидига тўйинган ҳаво.

Ёмғир боғдан ўтаркан шошиб,
Четга суриб новдаларини,
Чўқилайди қушдайин шошиб
Чўғдек гилос доналарини…

1982

ҲАҚИҚАТ

Милтиқ ўқдонида писиб ётган ўқ
Барибир бировни ўлдирмай қўймас.
Ўқ буни билади – шундан кўнгли тўқ,
Шундан у кутишдан ҳеч қачон тўймас.

1986

* * *

Бир ухлаб турсам, баҳор кирибди,
Кейин ёз, кейин куз,
Кейин қаҳратон.
Қанча ухлаб турма, курагинг
Узилмайди ердан ҳеч қачон.
Кириб келмас фақатгина эрк…
Унинг учун уйғонмоқ керак…

1986

* * *

У ҳаммадан олдин ошиқди –
Даҳшатдан титраган бармоқларини
Қўйнига яшириб кўчага чиқди.

Чиқди-ю бўғзида тиқилиб қолган
Қўрқувни бақирди – чўчиб уйғонди
Олис-яқиндаги барча қўрқоқлар…

1986

* * *

«Деворнинг қулоғи бор» – дейди кар одам…

1986

* * *

Туни билан безовта этди
Қора бўрон, даҳшатли бўрон.
У томларни учирар эди,
Далаларни айларди яксон.

Қанча даҳшат солмасин бўрон –
Улкан дарахт шохида бу он,
Уясида ухлаб ётарди
Ҳеч нарсани сезмай палапон…

1986

* * *

Ёмон кунлар келса,басма-бас
Бошингни тут янада мағрур.
Билгин,зулмат абадий эмас,
Йитилмагай бу дунёда нур.

Келажакдан қилма каромат,
Фақат интил,интил олдингга.
Қувонмагин гар келса омад,
Ишонмагин кумуш-олтинга.

Ишон, зулмат абадий эмас,
Бу дунёда қуёш ҳам бордир.
Сен қуёшни кутиб олсанг бас,
Қуёш сенинг меҳрингга зордир..

1986

* * *

Олча гулларини тушимда
Тўкар эди кўклам шамоли.
Сочиларди улар бошимда
Қор учқунлари мисоли.

Бу қандай туш?
Бу қандайин ёд –
Англамоғим, тушунмоғим шарт.
Шунча оғир эдими, наҳот,
Юрагимни қийнаб турган дард?

Ўнгимда — қиш…
Қор учқунлари
Сочиларди олча гулидай.
Сочларимга қўнарди улар
Ўтган кунлар – ёдим кулидай…

1986

* * *

Куз келди. Яйдоқ дала.
Шамоллар ўйнаб ётган
Юпун, хароб чайлада
Ўзимни ташлаб кетдим.

1997

САМАРҚАНД ХАЙКУЛАРИ

Рауф Парфи хотирасига бағишлайман

1

Шоҳизинда узра юксалади ой.
Зиналардан пастга туширар
Хазонларни кузнинг шамоли.

2

Афросиёб бўйлаб кезаман —
Ҳар қадамда ҳорғин ҳассанинг
Товушини илғаб тураман…

3

Эрта баҳор. Қабристон.
Қабр узра ўсган қизғалдоқ
Билан ўйнар рангин капалак.

4

Сукунат ёлғизлиги,
Ёлғизлик сукунати
Аро сарсон капалак.

5

Афросиёб узра ой
Балқиб чиқиб уйғотди
Синиқ сопол парчасин.

6

Ой нури жилваланди
Қўлимдаги қадаҳда —
Юракдаги қайғудай…

7

Нега бунча зирқирайсан, дил?
Нега бунча хирасан, ҳилол?
Ҳамдард бўлай қай бирингизга?..

8

Бу ўчоқда қачонлардир ўт гуркираган.
Ҳозир эса фақат қайғу
Уйғотар дилда.

9

Кечагина ер тешиб чиқиб,
Менга нималарни шивирлайсан,
Эй эртага сўлгувчи чечак?

10

Эй,Бобурнинг соғинчли байти
Юрагимни қийнамоқ учун
Келаверасанми қайтиб-қайтиб?..

11

Шамолларга бўйсундинг
Бўйсундинг бўронларга
Нега менга бўйсунмайсан, дил?..

12

Мени қийнаш шунча роҳатми?
Лабингнинг четида туради мудом
Совуқ тиғинг — ним табассуминг.

13

Ойга узоқ термилиб қолдим —
Кетолмадим бир қадам босиб.
Ҳатто сени, оҳ, юрагим, унутиб қўйдим.

14

Тоғ шамоли, юрагимни
Олиб кетгин ўзинг билан.
Шаҳарда олчалар гул тўкиб бўлди.

15

Тушларимга кирди баҳорда
Баргихазон бошланган кунлар.
Юрагим — безовта қуш…

16

Тенгдошлари урушса —
Нима қилишни билмай
Кўзёш тўкарди ўғлим.

17

Кимни эслаяпсан, кимни соғиндинг,
Эй эгалари кўчиб кетган ҳовлида
Неча йил гулламай гуллаган олча?

18

Афросиёб тепалигида
Кимнинг нафасини ер юзига
Олиб чиқдинг, лолақизғалдоқ.

19

Ҳаво тиниқ, беғубор.
Булутларнинг карвони
Гўри Мир узра сузар.

20

Баҳорги ёмғирлар тинди —
Ярқирар юрагимдай
Гўри Мирнинг гумбази.

21

Сен шунчалар ростгўйсан,
Мана шу ростгўйлигинг
Алдаб келади мени…

22

Узоқларга кетди куз —
Худди маъюс дайди қиз.
Энди у қайтармикан?

23. ГУЛ БАРГИДА ШАБНАМ ТОМЧИСИ

Бунчалар чиройлисан,
Бунчалар ҳам шаффофсан —
Ўлимдан қўрқмай қўйдим!

24

Боғларда баргихазон.
Ҳассага суянганча
Чол нимани кутмоқда?

25

Остонада тўхтаб қолдим.
Биринчи қор қоплаган
Адирлар бунча яқин!

26

Сен шунчалар ростгўйсан-ки,
Юракдаги сирларим
Қийин сенга очмоғим.

27. ДЎСТИМ ШАВКАТ РАҲМОНГА

Ҳамдард излаган чоғим
Ҳар сафар сени эслаб
Исмингни шивирлайман.

28

Дардларимни айтай деб
Сени излаб боргандим —
Деразанг қоп-қоронғу.

29

Келиб-келиб мен ҳали
Сенга дардим айтдимми,
Булутларга яширинган ой?!

30

Кошки мени тушунсанг,
Кошки дардимни билсанг,
Мендан хафа юрган дўст!

31
“Дук-дук” уришдан бошқа иши йўқ —
Мени унутди юрагим,
Тамом унутди.

32

Олис тоғлар аро ястанган дала.
Пода боқиб юрган қўйчувон бола
Фалакда сузиб юрган кемадан кўзин узмас.

33

У ҳаётдан тўйди дедилар,
У севмасдан қўйди дедилар —
Аммо, нега тобути бунча оғир?!

34

Узилган атиргул
Ҳали ўлгани йўқ —
Ҳали бўй таратар умидвор.

35

Қорга барибир —
Гуллаб турган чечакларни ҳам,
Жонсиз тошларни ҳам бир текис яширмоқда.

36

Шафтоли гуллари тўкилар
Рауф Парфи қабри устига —
Қанчалар меҳрибон кечиккан баҳор!

2000-2005

* * *

Бошимни чиқариб
Равоқ деразасидан
Ёмғирни ҳидладим.

Қувонч ёши бўлиб
Ичимга оқди
Баҳор ёмғири…

2000

ДУНЁНИНГ МОҲИЯТИ

Инсон ўзгарди
Моҳияти ўзгарди дунёнинг
Ўзгарди тасаввур
Инсон ўзгартирди дунёни
Ҳақиқатга айлантирди рўёни

Пичоқ ўзгарди
Ўчоқ ўзгарди
Қучоқ ўзгарди

Нон ўзгарди
Ном ўзгарди
Томирларда оққан
Қон ўзгарди

Тил ўзгарди
Дил ўзгарди
Эл ўзгарди
Муҳаббат ўзгарди

Дунёи азалда
Тун ва кун
Қиш ва баҳор
Ёз ва куз
Ой ва қуёш
Бир-бирини излаган
Дунёда

Эркак ва аёл
Қидириб бир-бирини
Топган дунёда

Буғулар ўкириб
Жуфтини чорлаб
Юнусбалиқлар жуфтини излаб
Денгиз ошган,
Уммон кечган дунёда
Бугун тун ичида тун яшар
Ғазаб ичида яшайди ғазаб

Аёл севар аёлни
Эркак севар эркакни
Дунё эса кўзини юмиб
Ўтирибди ақлдан озган
Достоевский сингари…

ЮРАГИМНИ КЎРГИМ КЕЛДИ…

Юрагимни кўргим келди
Ярим кечаси –
Бирдан,
Қафасдай шарақлаб очилди кўксим.
Қулоғим том битди фарёддан,
Зулматда адашди кўзим

Дам ўтмай бағридан
Сочила бошлади
Тонгнинг нурлари

МУҲАББАТ

Ҳатто ойдан
шивирласанг
эшитаман

Чечак бўлиб
Қорда унсанг
эшитаман

Чироқ бўлиб
Тунда ёнсанг
эшитаман

Хотирамнинг
ичидасан
эшитаман

* * *

Сен туғилдинг,
Мен кетдим –
Учрашгаймиз албатта!

ҲИЖРОН

Асқартоғ томонда бир чечак
Ҳар куни мени деб очилар
Жаннатий ойпари келинчак
Мисоли ифори сочилар

Асқартоғ томонда ҳар куни
Очилади момоқайғоғим
Ёмғирлар аямай ювади
Бағрига сиғмаган сутини…

НАБИРАМ ХУРШИДАГА

Сен олис, жуда олис
Денгизлар ортидасан.
Мен чеку йўқ даштлару
Поёни йўқ саҳролар
Ўртасида турибман танҳо —
Соғинчга айланган бобо.

Сенга кўриняптими
Юрагимдан балқиб чиққан
Соғинчимнинг мунгли юлдузи?…

ЯНА БАҲОР КЕЛДИ

Яна баҳор келди осмондан,
Кеча қорлар ёққан томондан.
Яна деразамни ювди ёмғирлар,
Яна қайтди қошимга қирлар.

Яна юрагимнинг шохлари,
Чиқди алам қамоқларидан,
Яна юрагимнинг доғлари
Эриб оқди қабоқларимдан.

Яна ранглар, яна бўёқлар
Қамаштирди кўзим, дилимни
Яна булбул олис ёқлардан
Олиб келди шоир тилимни…

2014

ОДАМ

Ҳаётга келдингми,
Яшашинг зарур —
Бамисоли қуёш сочган нур.
Чечакдай,
Дарахтдай,
Капалакдай,
Ёмғирдай,
Баҳору қишдай,
Кўкдаги қушдай!

Одамга ўхшаб
Яшамоқ қийин…

* * *

Неча йилдир, бу юртда фақат
Гапирарлар ўтмиш ҳақида
Унитилган бугун ва эрта.

Неча йилдир, бу мамлакатда
Ундовнинг куни туққан,
Савол — нафақада…

* * *

Сен ҳақингда шеърим
Битилган қоғоз
Учиб кетди олис боғларда
Сайраётган қушларни излаб…

САМАРҚАНД

Бир шивир мисоли Самарқанд
Бисмиллоҳ каби ложувард

Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Соғинчим тимсоли
Сочлари шамолда ёйилган
Навбаҳор тоширган Ёйиқдай
Симобий либосга ўранган
Темур эркалашларига ўрганган
Улуғбек қонидай сочилган
Қизғалдоқлардай очилган
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Дунёнинг энг гўзал шеърини
Болалик чоғимда қучоқлаб
Онамдай эркалаб шивирлар
Самарқанд Самарқанд Самарқанд

Бир шивир мисоли мунгли дард
Бисмиллоҳ мисоли ложувард

***

Набирамнинг кўзига
Тикилиб туриб
Бобомни кўрдим.
«Ассалому алайкум!» – дедим бобомга.

Набирам кўзлари
Майин жилмайди…

МУТОЛАА

Бу китоб мени узоқ ўқиди,
Ишонмасдан,
Қайта-қайта ўқиди.
Тўхтаб-тўхтаб,
бошқа ишга чалғимай,
Синчиклаб ўқиди.
Кейин секин четга қўйиб,
Йиғлаб юборди…

* * *

Кетар чоғингда
Дунёга «Хайр!» дейишни унутма
«Раҳмат!» дейишни унутма
«Хайр!» дейишни унутма
Болалик кунларингга
Муҳаббат тунларига
Тўрт томонга
Яхши-ёмонга
Туз билан нонга
Мовий осмонга
Онанг қучган бешикка
Ҳар бир очиқ эшикка
Олисдаги тоғларга
Яшил қирмиз заъфар боғларга
Ялпизларга
Қалдирғочларга
Чумолиларга
Атиргулларга
«Хайр!» дейишни унутма
«Раҳмат!» дейишни унутма

Xurshid DAVRON
SHE’RLAR
005

* * *

Men seni ko‘rganman faqat bir marta,
Yonimdan o‘tgansan xushbuy va ko‘rkam.
Bu bayram bo‘lgandi olis yil martda,
Daraxtga gullarin osardi ko‘klam.

Endi men har yili seni ko‘raman,
Yonimdan o‘tasan har yili martda.
Izingdan termilib uzoq turaman,
…Men seni ko‘rganman faqat bir marta.

1982

MЕNI YODGA OLURMISAN…

Derazangni chertganida yomg‘iru shamol,
Meni yodga olurmisan, ey go‘zal ayol.
Uzun tunlar qiynaganda cheki yo‘q xayol,
Meni yodga olurmisan, ey yolg‘iz ayol?!

To‘kilganda dardim kabi bargu xazonlar,
Ko‘z oldingni to‘sganida qora to‘zonlar,
Sog‘inchingni yashirolmay subhi azonlar,
Meni yodga olurmisan, ey go‘zal ayol?!

Qizarganda shaftolining oq g‘unchalari,
Bog‘chalarda sarg‘ayganda kuz chechaklari,
Kuz shomlari,yoz tunlari, qish kechalari,
Meni yodga olurmisan, ey yolg‘iz ayol?!

Derazangni chertganida yomg‘iru shamol,
Og‘ushiga olganida cheki yo‘q xayol,
Sochlaringdan sirg‘alarkan qirmizi ro‘mol,
Meni yodga olurmisan, ey yolg‘iz ayol?!

Yodlaringga olurmisan sirli damlarni,
Yodlaringga olurmisan shirin g‘amlarni,
Yoqib qo‘yib tun qo‘ynida g‘amgin shamlarni,
Meni yodga olurmisan, ey go‘zal ayol?!

1982

***

Bahor…
Kunlar simobday durkun.
O, qanday sho‘x kuy bor bahorda.
Necha marta ketma-ket bugun
Yomg‘ir yelib o‘tdi tulporda…

Bulutlardek ko‘pchigan ko‘klam,
Nay taratar quvonchli navo.
Marjonlardek to‘kilar shabnam,
Gul hidiga to‘yingan havo.

Yomg‘ir bog‘dan o‘tarkan shoshib,
Chetga surib novdalarini,
Cho‘qilaydi qushdayin shoshib
Cho‘g‘dek gilos donalarini…

1982

HAQIQAT

Miltiq o‘qdonida pisib yotgan o‘q
Baribir birovni o‘ldirmay qo‘ymas.
O‘q buni biladi – shundan ko‘ngli to‘q,
Shundan u kutishdan hech qachon to‘ymas.

1986

* * *

Bir uxlab tursam, bahor kiribdi,
Keyin yoz, keyin kuz,
Keyin qahraton.
Qancha uxlab turma, kuraging
Uzilmaydi yerdan hech qachon.
Kirib kelmas faqatgina erk…
Uning uchun uyg‘onmoq kerak…

1986

* * *

U hammadan oldin oshiqdi –
Dahshatdan titragan barmoqlarini
Qo‘yniga yashirib ko‘chaga chiqdi.

Chiqdi-yu bo‘g‘zida tiqilib qolgan
Qo‘rquvni baqirdi – cho‘chib uyg‘ondi
Olis-yaqindagi barcha qo‘rqoqlar…

1986

* * *

«Devorning qulog‘i bor» – deydi kar odam…

1986

* * *

Tuni bilan bezovta etdi
Qora bo‘ron, dahshatli bo‘ron.
U tomlarni uchirar edi,
Dalalarni aylardi yakson.

Qancha dahshat solmasin bo‘ron –
Ulkan daraxt shoxida bu on,
Uyasida uxlab yotardi
Hech narsani sezmay palapon…

1986

* * *

Yomon kunlar kelsa,basma-bas
Boshingni tut yanada mag‘rur.
Bilgin,zulmat abadiy emas,
Yitilmagay bu dunyoda nur.

Kelajakdan qilma karomat,
Faqat intil,tikil oldingga.
Quvonmagin gar kelsa omad,
Ishonmagin kumush-oltinga.

Ishon,zulmat abadiy emas,
Bu dunyoda quyosh ham bordir.
Sen quyoshni kutib olsang bas,
Quyosh sening mehringga zordir..

1986

* * *

Olcha gullarini tushimda
To‘kar edi ko‘klam shamoli.
Sochilardi ular boshimda
Qor uchqunlari misoli.

Bu qanday tush?
Bu qandayin yod –
Anglamog‘im,tushunmog‘im shart.
Shuncha og‘ir edimi,nahot,
Yuragimni qiynab turgan dard?

O‘ngimda — qish…
Qor uchqunlari
Sochilardi olcha guliday.
Sochlarimga qo‘nardi ular
O‘tgan kunlar – yodim kuliday…

1986

* * *

Kuz keldi. Yaydoq dala.
Shamollar o‘ynab yotgan
Yupun, xarob chaylada
O‘zimni tashlab ketdim.

1997

SAMARQAND XAYKULARI

Rauf Parfi xotirasiga bag‘ishlayman

1

Shohizinda uzra yuksaladi oy.
Zinalardan pastga tushirar
Xazonlarni kuzning shamoli.

2

Afrosiyob bo‘ylab kezaman —
Har qadamda horg‘in hassaning
Tovushini ilg‘ab turaman…

3

Erta bahor. Qabriston.
Qabr uzra o‘sgan qizg‘aldoq
Bilan o‘ynar rangin kapalak.

4

Sukunat yolg‘izligi,
Yolg‘izlik sukunati
Aro sarson kapalak.

5

Afrosiyob uzra oy
Balqib chiqib uyg‘otdi
Siniq sopol parchasin.

6

Oy nuri jilvalandi
Qo‘limdagi qadahda —
Yurakdagi qayg‘uday…

7

Nega buncha zirqiraysan, dil?
Nega buncha xirasan, hilol?
Hamdard bo‘lay qay biringizga?..

8

Bu o‘choqda qachonlardir o‘t gurkiragan.
Hozir esa faqat qayg‘u
Uyg‘otar dilda.

9

Kechagina yer teshib chiqib,
Menga nimalarni shivirlaysan,
Ey ertaga so‘lguvchi chechak?

10

Ey,Boburning sog‘inchli bayti
Yuragimni qiynamoq uchun
Kelaverasanmi qaytib-qaytib?..

11

Shamollarga bo‘ysunding
Bo‘ysunding bo‘ronlarga
Nega menga bo‘ysunmaysan, dil?..

12

Meni qiynash shuncha rohatmi?
Labingning chetida turadi mudom
Sovuq tig‘ing — nim tabassuming.

13

Oyga uzoq termilib qoldim —
Ketolmadim bir qadam bosib.
Hatto seni, oh, yuragim, unutib qo‘ydim.

14

Tog‘ shamoli, yuragimni
Olib ketgin o‘zing bilan.
Shaharda olchalar gul to‘kib bo‘ldi.

15

Tushlarimga kirdi bahorda
Bargixazon boshlangan kunlar.
Yuragim — bezovta qush…

16

Tengdoshlari urushsa —
Nima qilishni bilmay
Ko‘zyosh to‘kardi o‘g‘lim.

17

Kimni eslayapsan, kimni sog‘inding,
Ey egalari ko‘chib ketgan hovlida
Necha yil gullamay gullagan olcha?

18

Afrosiyob tepaligida
Kimning nafasini yer yuziga
Olib chiqding, lolaqizg‘aldoq.

19

Havo tiniq, beg‘ubor.
Bulutlarning karvoni
Go‘ri Mir uzra suzar.

20

Bahorgi yomg‘irlar tindi —
Yarqirar yuragimday
Go‘ri Mirning gumbazi.

21

Sen shunchalar rostgo‘ysan,
Mana shu rostgo‘yliging
Aldab keladi meni…

22

Uzoqlarga ketdi kuz —
Xuddi ma’yus daydi qiz.
Endi u qaytarmikan?

23. GUL BARGIDA SHABNAM TOMCHISI

Bunchalar chiroylisan,
Bunchalar ham shaffofsan —
O‘limdan qo‘rqmay qo‘ydim!

24

Bog‘larda bargixazon.
Hassaga suyangancha
Chol nimani kutmoqda?

25

Ostonada to‘xtab qoldim.
Birinchi qor qoplagan
Adirlar buncha yaqin!

26

Sen shunchalar rostgo‘ysan-ki,
Yurakdagi sirlarim
Qiyin senga ochmog‘im.

27. DO‘STIM SHAVKAT RAHMONGA

Hamdard izlagan chog‘im
Har safar seni eslab
Ismingni shivirlayman.

28

Dardlarimni aytay deb
Seni izlab borgandim —
Derazang qop-qorong‘u.

29

Kelib-kelib men hali
Senga dardim aytdimmi,
Bulutlarga yashiringan oy?!

30

Koshki meni tushunsang,
Koshki dardimni bilsang,
Mendan xafa yurgan do‘st!

31
“Duk-duk” urishdan boshqa ishi yo‘q —
Meni unutdi yuragim,
Tamom unutdi.

32

Olis tog‘lar aro yastangan dala.
Poda boqib yurgan qo‘ychuvon bola
Falakda suzib yurgan kemadan ko‘zin uzmas.

33

U hayotdan to‘ydi dedilar,
U sevmasdan qo‘ydi dedilar —
Ammo, nega tobuti buncha og‘ir?!

34

Uzilgan atirgul
Hali o‘lgani yo‘q —
Hali bo‘y taratar umidvor.

35

Qorga baribir —
Gullab turgan chechaklarni ham,
Jonsiz toshlarni ham bir tekis yashirmoqda.

36

Shaftoli gullari to‘kilar
Rauf Parfi qabri ustiga —
Qanchalar mehribon kechikkan bahor!

2000-2005

* * *

Boshimni chiqarib
Ravoq derazasidan
Yomg‘irni hidladim.

Quvonch yoshi bo‘lib
Ichimga oqdi
Bahor yomg‘iri…

2000

DUNYONING MOHIYATI

Inson o‘zgardi
Mohiyati o‘zgardi dunyoning
O‘zgardi tasavvur
Inson o‘zgartirdi dunyoni
Haqiqatga aylantirdi ro‘yoni

Pichoq o‘zgardi
O‘choq o‘zgardi
Quchoq o‘zgardi
Non o‘zgardi
Nom o‘zgardi
Tomirlarda oqqan
Qon o‘zgardi
Til o‘zgardi
Dil o‘zgardi
El o‘zgardi
Muhabbat o‘zgardi

Dunyoi azalda
Tun va kun
Qish va bahor
Yoz va kuz
Oy va quyosh
Bir-birini izlagan
Dunyoda
Erkak va ayol
Qidirib bir-birini
Topgan dunyoda

Bug‘ular o‘kirib
Juftini chorlab
Yunusbaliqlar juftini izlab
Dengiz oshgan,
Ummon kechgan dunyoda
Bugun tun ichida tun yashar
G‘azab ichida yashaydi g‘azab

Ayol sevar ayolni
Erkak sevar erkakni
Dunyo esa ko‘zini yumib
O‘tiribdi aqldan ozgan
Dostoyevskiy singari…

YURAGIMNI KO‘RGIM KЕLDI…

Yuragimni ko‘rgim keldi
Yarim kechasi –
Birdan,
Qafasday sharaqlab ochildi ko‘ksim.
Qulog‘im tom bitdi faryoddan,
Zulmatda adashdi ko‘zim

Dam o‘tmay bag‘ridan
Sochila boshladi
Tongning nurlari

MUHABBAT

Hatto oydan
shivirlasang
eshitaman

Chechak bo‘lib
Qorda unsang
eshitaman

Chiroq bo‘lib
Tunda yonsang
eshitaman

Xotiramning
ichidasan
eshitaman

* * *

Sen tug‘ilding,
Men ketdim –
Uchrashgaymiz albatta!

HIJRON

Asqartog‘ tomonda bir chechak
Har kuni meni deb ochilar
Jannatiy oypari kelinchak
Misoli ifori sochilar

Asqartog‘ tomonda har kuni
Ochiladi momoqayg‘og‘im
Yomg‘irlar ayamay yuvadi
Bag‘riga sig‘magan sutini…

NABIRAM XURSHIDAGA

Sen olis, juda olis
Dengizlar ortidasan.
Men cheku yo‘q dashtlaru
Poyoni yo‘q sahrolar
O‘rtasida turibman tanho —
Sog‘inchga aylangan bobo.

Senga ko‘rinyaptimi
Yuragimdan balqib chiqqan
Sog‘inchimning mungli yulduzi?…

YANA BAHOR KЕLDI

Yana bahor keldi osmondan,
Kecha qorlar yoqqan tomondan.
Yana derazamni yuvdi yomg‘irlar,
Yana qaytdi qoshimga qirlar.

Yana yuragimning shoxlari,
Chiqdi alam qamoqlaridan,
Yana yuragimning dog‘lari
Erib oqdi qaboqlarimdan.

Yana ranglar, yana bo‘yoqlar
Qamashtirdi ko‘zim, dilimni
Yana bulbul olis yoqlardan
Olib keldi shoir tilimni…

2014

ODAM

Hayotga keldingmi,
Yashashing zarur —
Bamisoli quyosh sochgan nur.
Chechakday,
Daraxtday,
Kapalakday,
Yomg‘irday,
Bahoru qishday,
Ko‘kdagi qushday!

Odamga o‘xshab
Yashamoq qiyin…

* * *

Necha yildir, bu yurtda faqat
Gapirarlar o‘tmish haqida
Unitilgan bugun va erta.

Necha yildir, bu mamlakatda
Undovning kuni tuqqan,
Savol — nafaqada…

* * *

Sen haqingda she’rim
Bitilgan qog‘oz
Uchib ketdi olis bog‘larda
Sayrayotgan qushlarni izlab…

SAMARQAND

Bir shivir misoli Samarqand
Bismilloh kabi lojuvard

Yulduzlar ostida dunyoning
Eng go‘zal ayoli misoli
Sog‘inchim timsoli
Sochlari shamolda yoyilgan
Navbahor toshirgan Yoyiqday
Simobiy libosga o‘rangan
Temur erkalashlariga o‘rgangan
Ulug‘bek qoniday sochilgan
Qizg‘aldoqlarday ochilgan
Yulduzlar ostida dunyoning
Eng go‘zal ayoli misoli
Dunyoning eng go‘zal she’rini
Bolalik chog‘imda quchoqlab
Onamday erkalab shivirlar
Samarqand Samarqand Samarqand

Bir shivir misoli mungli dard
Bismilloh misoli lojuvard

***

Nabiramning ko‘ziga
Tikilib turib
Bobomni ko‘rdim.
«Assalomu alaykum!» – dedim bobomga.

Nabiram ko‘zlari
Mayin jilmaydi…

MUTOLAA

Bu kitob meni uzoq o‘qidi,
Ishonmasdan,
Qayta-qayta o‘qidi.
To‘xtab-to‘xtab,
boshqa ishga chalg‘imay,
Sinchiklab o‘qidi.
Keyin sekin chetga qo‘yib,
Yig‘lab yubordi…

* * *

Ketar chog‘ingda
Dunyoga «Xayr!» deyishni unutma
«Rahmat!» deyishni unutma
«Xayr!» deyishni unutma
Bolalik kunlaringga
Muhabbat tunlariga
To‘rt tomonga
Yaxshi-yomonga
Tuz bilan nonga
Moviy osmonga
Onang quchgan beshikka
Har bir ochiq eshikka
Olisdagi tog‘larga
Yashil qirmiz za’far bog‘larga
Yalpizlarga
Qaldirg‘ochlarga
Chumolilarga
Atirgullarga
«Xayr!» deyishni unutma
«Rahmat!» deyishni unutma

045

(Tashriflar: umumiy 7 539, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бу шеърлар қадрдон шеърлар… Яна бир матра таваллуд кунингиз билан табриклаймиз, устоз. Умрингиз узоқ бўлсин илоҳим.

Izoh qoldiring