Zulfiqor Musoqov «Ikki eshik orasida» teleko’rsatuvida & Vatan. Zulfiqor Musoqov filmi

009   Зулфиқор Мусоқовнинг экран ортидаги ҳақиқатлари: «Халқни бир тийинга қиммат ғоялар билан заҳарлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Бу менинг шахсий фикрим.»

«Икки эшик ораси» кўрсатувида журналист Дилшода Матчонова таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан мазмунли суҳбат қурди. Суҳбат давомида режиссёр дилидаги гапларни очиқ-ойдин баён этди. KUN.UZ сайти ушбу қизиқарли кечган суҳбат матни ва видеосини диққатингизга ҳавола қилишга жазм қилди.

КИНОРEЖИССЁР ЗУЛФИҚОР МУСОҚОВ
«ИККИ ЭШИК ОРАСИДА» ТEЛEКЎРСАТУВИДА
08

191-1024x536.jpgЗулфиқор (Жамол) Мусоқов 1958 йил 19 январда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1981 йил Тошкент театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик факультетини тугатган. 1989 йил режиссёрлик ва сценарий муаллифлиги Олий курсини тамомлаган.2003 йилда «Меҳнат шуҳрати ордени», 2006 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони билан тақдирланган.
Фильмлари: «Суд куни» (1983), «Қалдирғоч» (1988), «Аскар эртаги» (1989), «Абдуллажон ёки Стивен Спилбергга хат» (1991), «Бомба» (1995), «Истайман» (1996, биринчи ўзбек-япон фильми), «Кичкина табиб» (1997), «Аёл зоти» 24 серияли телесериали (1998, ЮНЕСКО ва Буюк Британия), «Ойижон» (2000), «Осмондаги болалар-1″ (2002), «Калиш» (2002), «Осмондаги болалар-2″ (2003), «Ўзимизнинг одам» 10 сериялик телесериали (2004, СТС, НТВ, Россия), «Ватан» (2006), «Суиқасд» (2006), «Ярим ойли шарқий дарвоза» (2008), «Куз» (2008).

08

— Ўзингизни шу касбга фидо қилдингиз ва нима олдингиз?

— Умримни деярли икки жойда ўтказдим — «Ўзбекфильм» ва уйим. Бир йўналишда умрим ўтди. Бундан ҳеч норози эмасман. Лекин кўпинча ижодкорнинг меҳнати (шахсан ўзимни айтмаяпман) оқилона баҳоланмайди.

— Оқилона баҳоланиш деганда нимани назарда тутяпсиз? Халқ эътиборининг ўзи мукофот эмасми?

— Худога шукур, озми-кўпми халқ орасида, мутахассисларнинг орасида, чет элда ўз ўрнимга эга бўлдим. Шахсан мен учун нолиш бўлади. Тўғри, вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди-ку, кетган асаб тикланмайди-да.

— Ҳақиқатан, ўзингизга касал орттирдингиз дейлик. Сиз ҳар доим юзга айтадиган, бетгачопар, андишани билмайдиган, қайсар, ўжар, ўзининг гапини ўтказадиган режиссёрсиз. Нима учун?

— «Бахт нимадан иборат?» деганда кимдир айтган экан: «Бировнинг калтафаҳмлиги, қора ниятлилигидан озод бўлиш, мустақил бўлиш». Афсуски, қайсарлик ҳам қўполлик эмас, мана «Ватан» фильмини оладиган бўлсак, унинг рўёбга чиқишининг ўзи жуда катта қийинчилик билан амалга ошди

— 3 йил кутдим шу фильмни, ҳатто аразлаб кетиб қолган пайтларим ҳам бўлди, оиламдан кетиб қолдим Москвага, ўша ерда бир йил яшадим. Кейин қўнғироқ қилиб «Ватан»ни қўядиган вақт келди» дейишди.

Ҳозир айтишим мумкинки, 32 миллион халқимдан фильмни кўрмаган одам қолмагандир ўзбеклар орасида. Нафақат ўзбеклар, балки бошқа миллат вакиллари орасида ҳам. Чет элда — Америкада, Германияда. Шу миллионлаб томошабинларнинг ичида, номма-ном биламан, 9 киши «Ватан» фильмини бутун вужуди билан ёмон кўрди. Майли, ёмон кўрса ёмон кўрсин, лекин ОАВда фисқи-фасод қилиб, куракда турмайдиган гаплар билан мени анча камситган. Қандай қилиб буларга муносабат қилишим керак?! Кўрмай туриб, шундай туҳамтларга учраган фильм. «Қўрғошин»ни-чи? 4 йил кутдим! Томошабинларимиз буёғини билмайди-ку. «Қўрғошин» фильми сценарийсининг муҳокамасида бир ёши катта ҳамкасбимиз «Бу сценарий учун режиссёрни қамаш керак» деган. Агар шу нарса 1937 йилда бўлганида эди, қўлимни қайириб олиб кетишган бўларди. Ваҳоланки, бу 2011 йилда бўлаётган воқеа. Айтяпман-ку, «Санъатда мен учун нима оғир?» Ўша кинонинг атрофида юрган дилетантлар шу нарсанинг тўғрилигини исботлаши. Ўтиради-да ғўддайиб, «Мен кинони тушунмасам-да, менинг фикрим бунақа» деб. Мен «Кинони тушунмасангиз, нима қилиб ўтирибсиз бу ерда?!» деб юборган пайтларим ҳам бўлган.

— Балки қандайдир ахлоқ нормалари бордирки, чегарадан чиқиш керак эмасдир? Баъзан сал бефарқроқ ё сал андишалилигимиз касодга учратгандир бизни?

— Тўғри, мен ҳеч нарсага аралашмасдан унвонлардан мағрурланиб юришим мумкин эди, лекин мен ундай флюгер бўла олмайман.

Кўпинча шу йиғилишларда ёқамни тишлаб қоламан-да. Умрида бирорта кино ишламаган кино атрофида юрган одамлар ўзбек киноси ҳақида оғзини кўпиртириб гапиришга жуда уста. Лекин бирортаси ўйламайдики, «Ҳой тўхта, мен ўзимга четдан бир қарай. Нима қилиб қўйганман ўзбек киноси учун? Нима ҳисса қўшганман? Бирорта пичоққа илинадиган фильм яратганманми» деб. Йўқ, бу ҳақида ўйлашмайди.

Мен нотўғри гап, номуносиб гапни кўтара олмайман.

— Ва шу билан атрофингизда душман орттирасиз?

— Бўлса бордир. Лекин ҳеч ўша айтган гапларимдан афсусланмайман. Тўғрини тўғри дейман. Жуда кўп фильмлар бор, масалан, менга маъқул бўлган, лекин негадир буларни ҳисоб чўтига туширишмайди. Икки қўлим билан қанчадан-қанча фильмларнинг тарафдори бўлганман. Мен улардан ақллиман демоқчи эмасман, лекин кино соҳасида (кино жуда тор мутахассислик, мен масалан театр, адабиёт, тасвирий санъат соҳасида биров билан баҳслашмайман) э йўқ-бе йўқ, куракда турмайдиган гапларни гапирса, одам чидай олмайди. Улар театр, мусиқа, тасвирий санъат соҳасида ҳам шундай гапиришлари мумкин.

Энди тасаввур қилиб кўринг, яқинингиз касал бўлиб қолди, шифокорларнинг консилиум деган нарсаси бор, ўшандай бир делитант кириб ақл ўргатса… Ҳайдаб юборасиз, чунки сизнинг жигарингиз ўша ерда ётибди. Биз ҳам қайсидир маънода инсонларни даволаймиз. Ижодкорнинг вазифаси авваламбор — одамларга қандайдир эзгулик, инсонпарварлик ғояларини киритиш. Шунинг учун кўпларга менинг гапим ёқмайди. Дангалини юзига айтаман.

Кино соҳасида сохталиклар жуда кўп учраяпти. Билимсизлик ва энг ачинарлиси, мана шу амалпараст, кино атрофида юрган ёши ўтган дилетантлар шахсан менинг орқамдан мени ёшларга қарама-қарши қилиб қўймоқда. Ваҳоланки, менинг ўзимнинг кино мактабим бор, қизим очиб берди, чунки Санъат институтига 10 йил олдин боргандим, собиқ ректор осмондан тушгандек менга қараб «Сиз кимсиз? Қанақасига сиз бу ерда домла бўласиз?» деган. «Ия, омин» деб, ўрнимдан туриб чиқиб кетганман.

— Чунки сизни энг катта танқидчи сифатида билишади ва шу билан биргаликда айримлар нимагадир сизни ёшларни синдиришга ҳаракат қилади, дейишади.

— Йўқ, бу нотўғри гап. Мен ёшларимизни жуда ҳурмат қиламан. Мана ҳозир ўзимнинг мактабимда 15 нафар шогирдимни туну кун фильмлар кўрсатиб ўқитяпман. Ҳафтасига ўртача 10 та фильм кўрсатдим. Ёшлигидан амалпарастлик, порахўрликка ўрганмаган, тўғрисўз, хушмуомала ёшлар бор. Бироқ мен нафаратланадиган ёшлар борки, улар биринчидан, ўта билимсиз, иккинчидан, ўта қўпол, учинчидан, кўзида фақат пул, амал! Кўплари сотқин. Унақа ёшлардан, очиғи, ҳазар қиламан.

— Балки баъзи нарсаларга бефарқ қараш керакдир?

— Йўқ, афсуски, мен бефарқ қарай олмайман, чунки бу менинг ҳаётим. Менинг хобби ё бошқа бир нарсам йўқ, кино — менинг бутун ҳаётим. Шу ерга келаман — ишлайман, уйга бораман — аёлим овқат беради, сўнг компьютерга ўтираман — сценарий, кино… шу билан кун тугайди.

— Хусусий студиянгизни очиш ниятингиз йўқми?

— Йўқ, хусусий студияларимизнинг аҳволини кўряпман. Прокат тизими йўлга қўйилмаган. Олдин бор эди бир шахсий студия — Япония буюртма қилган — «Яратганга шукур» фильми ишланган. Қанча чиғириқдан ўтганмиз. Бу фильмни яратганимиздан кейин яхши ҳаммаси пулини тўлашди, тинч ўтди.

Энди ҳомийни иши нимадан иборат? «Мана бу ашулачини, менинг қизим ё жиянимни оласан, у бўлсин, бу бўлсин…» Сценарий керак эмас. Ҳаммаси бир хил.

— Болалигингизда ҳам шундай ҳамма нарсани кўнглига яқин оладиган инсон бўлганмисиз ёки қайсар, тўполончими?

— Йўқ, ғирт аълочи бўлганман. Дадам раҳматлига (менга буни гапириш жуда оғир) бирорта фильмимни кўриш насиб этмаган. Москвада ўқиб юрган кезларимда тўсатдан қазо қилганлар. Бу менинг ҳаётимдаги энг катта армоним…

Туғилган жойим аслида Олмалиқ бўлган экан, 2 ойлик чақалоқлик вақтимда Тошкентдаги Қорасарой кўчасининг нариги томонида 2 қаватли домларнинг ичида катта бўлганман. Ёзги таътил эса бувимникида, Оққўрғон қишлоғида ўтарди. Дадамлар ёшлигимдан бир нарсани айтарди, буни ёшларга ҳам айтиш лозим: Бир куни бир синфдошим «Мен кўчанинг боласиман» деб гердайди. «Дада, кўчанинг боласиман дегани нима дегани?» деб сўрасам, «Ўғлим, бундай бола яхши одам бўлмайди, ёдингда бўлсин. Кўчада шундай дейдиган болаларга қўшилмагин ҳам. «Кўчанинг боласиман» дегани — на ота ва на онанинг тарбиясини олган, на бирорта китоб ўқиган, эрталабдан кечгача кўчада юриб, йўлтўсарлардан чиққан одам. Шу бола катта бўлгач, катта йўлтўсар бўлади» дерди. Мактабга кетаётганимда ҳар куни ойимлар пирожкига деб 20 тийин пул берардилар. Маҳалламизда боши берк кўча бор эди, ўша ерда бир бола 5-6 боладан шу пулни йиғиб оларди. Бир куни жонимизга теккач, шу болалар ҳаммамиз уни дўппослаб, тошбўрон қилганмиз.

— Наҳотки, «қайтар дунё» деган нарса бўлмаса, «ҳалол ва ҳаром ризқ ўз аксини кўрсатади» деган гапни инкор этсангиз?

— Туғуруқхонада чақалоқ туғилди, дейлик, 7 кунлик чақалоқ. 7 кунлик чақалоққа 20 метр келадиган, қовун ортадиган Ҳаммер, танғир-тунғур, видеоларнинг нима кераги бор?! Ҳамма гап нимада? «Мана бизнинг бойлигимиз ошиб кетди, биз бошқалардан боймиз» деган гапда. Айтади-ку, «Кўрмаганни кўргани қурсин» деб. Тўйларимизга бориб кўринг… вертолёт учиб юрибди тепада! Кранлар…мен бадиий кинода ишлатмайдиган кранлар… Яна ёшларимиз ҳинд киноларига ўхшаб тоғларда съёмкалар қилади. Бир йилдан кейин қанчаси ажрашиб кетади! Қанча пул увол?!

Уч йилча аввал бир танишимиз тўй қилди. Куёв хўмрайиб ўтирибди. Кейин билсак, куёвга қиз ёқмаган, дадасининг гапирга кириб уйланган, дўстининг қизи экан. Нима бўлди? 4 ойдан кейин ажрашди! Миллион-миллионли мебелларни олиб кетишди. Бу нима деган гап?!

Яқинда бир нотаниш киши келди бир илтимос билан, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши. «Гап шундаки, қиз томон нозикроқ, бойроқ, шунга сиз ёлғондан узоқ қариндошимиз бўласиз» дейди. «Ия, мен ўғлингизни танимасам, сизни ҳам биринчи марта кўриб турган бўлсам» дедим. «Ака, биз учун шудоқ чиқасиз-да, «Жиянимизни табриклаб, бахт тилаб қоламан» дейсиз-да, кейин тинчгина овқатингизни еб ўтираверасиз, ярим соатгина вақтингизни аяманг, 200 доллар бераман» деди. Баъзи ўртоқларим «бормайсанми» деди. «Э, қўйинглар» дедим.

Хонандалар устидан пул сочиш-чи?! Ҳокондозда пул сочиш… Шармандалик эмасми бу?! Бу бизга теккан иллат. Бу фақат бизнинг миллатимизда бўлаётган нарса. Дунёнинг етакчи миллиардерлари рўйхатига кирувчи япон ишбилармони, NNH компанияси раҳбари Тошкентда бўлганида кўришдик, уйимга келди — оддий 3 хонали уй, келиб «Уйинг жуда катта-ку» деди. «Устимдан куляпсизми, нимаси катта?» дедим. Атиги 29 квадрат метр бўлса. «Йўқ, бу японлар учун жуда катта» деди. Бир ойдан кейин Японияга таклиф қилди. Зиёфат уюштириб, сўнг «Юр, сенга қандай яшашимни кўрсатаман» деди. Ичимда «Ҳозир бир саройга олиб борса керак» деб ўйладим. 40 қаватли уйнинг 22-қаватидаги 3 хонали уй экан! Бир хонада — ётоқхона, бир хонаси — ишлайдиган жойи (китоблар, компьютер), учинчиси — меҳмонларни кутадиган хона (диван, кресло). «Кечирасизу, сиз Forbes рўйхатидаги миллиардер бўлсангиз» дедим. «Императоримизнинг саройи ҳам менинг уйимдан у қадар катта эмас» деди. Деразадан ташқарини кўрсатиб гадони кўрсатди-да, агар зиналаримни олтиндан ясатсаму, буни кўриб унинг кўнгли ўксиса, шу ўкинч менга ҳам ўтади, у ҳам япон» деди. Бу менга жуда катта сабоқ бўлди. Уларда бойликка, ҳашаматга ружуъ қўйишмайди. Саккиз марта бўлганман Японияда, ҳақиқатда шундай.

— Сиз топган пулларингизни нимага ишлатасиз? Режиссёрларни яхши пул топади дейишади-ку.

— Режиссёрларнинг 90 фоизи бой эмас. Ҳомийлар топилади, 1-2 ой «лағмон осиш» жараёни кечади «Ака, зўр кино бўлади, прокатда ютамиз» дегандек. «Қанча?» «А ол мана 50 минг». Олади ўша пулни, ўша куннинг ўзидаёқ ярим пулни ўзига сарфлайди — машина ё уй олади. Пулнинг ярми қоладими? 2-3 та бир кўйлакда чиқиб юрадиган актёрларимиз бор, «юлдузчаларимиз», мен уларни актёр сифатида тан олмайман. Улар «дастхат беринг» деб югуриб юрадиган 14-15 ёшли қизчаларнинг онгига мослаб яратилган фильмларда ўйнайди.

— Лев Дуров бир фикрни айтган экан: «Ахмоқона фильмда роль ўйнаган актёрни айбламанг. Айнан ахмоқона фильмда ўйнаганлар тез танилади». Бу нечоғлик ҳақиқат билмадиму, бу фикрга қўшилмайман, лекин одамлар кассабоп фильмларга жуда кўп тушяпти, шундай бўлса-да, улар танқид остига олинади. Фалсафий фильмларда эса бунинг акси. Бу борада Зулфиқор Мусоқовнинг ўз фикрлари бор.

— Ҳеч кимнинг шахсий студияларга қаршилиги йўқ, лекин уларнинг халқни бир тийинга қиммат ғоялар билан заҳарлашга ҳаққи йўқ! Бу менинг шахсий фикрим. Афсуски, бу фильмларнинг ҳаммаси бир хил — бир хил актёрлар, бир хил актрисалар, мавзу ҳам, сюжет ҳам бир хил, ҳаттоки кўйлаклар ҳам бир хил. Бу энг катта касаллик. Ўшалар ҳаммадан кўп пул топади. Қизларга ёқадиган чиройли 2-3 йигитимиз бор, йигитларимизга ёқадиган қариб бораётган «юлдузчалар»имиз бор — у ёққа боради қошини қоқиб, бу ёққа боради, яхши актрисалар ўзини гумдон қилмоқда. Мен улар билан ишламайман, билишади.

— Лекин томошабин шундай фильмларга тушмоқда…

— Афсуски, ҳа. Аниқ эсимда ўша пайтлар, 2005 йилда ёш бўлган томошабин бугун тахминан 20 ёшга кирди. Уларнинг онги, диди умуман бузилган.

— Ёшлар орасида ҳам профессионаллар бор. Кимларни тан оласиз, ҳурмат қиласиз режиссёрларимиздан?

— Аюб Шахобиддинов, Ёлқин Тўйчиев — уларнинг профессионаллигини тан оламан, лекин уларнинг ички, бадиий дунёси менга яқин эмас. Яқинда Александр Гомеровни яхши бир ҳужжатли фильмини кўрдим. Фильм афғон урушидаги оёқ-қўлсиз қолган ветеранлар ҳақида. Очиғини айтаман, мен йиғлаб юбордим. Режиссёрнинг биринчи ҳужжатли фильми экан.

— Ўғлингиз сизнинг соянгизда Темур Мусоқов бўлдими?

— Йўқ. «Осмондаги болалар»дан кейин у ўз хоҳиши билан режиссёрлик факультетига ўқишга кириб битирди. Бирорта фильмида ярим соат ҳам, бир километр нарида ҳам турмаганман. Суратга олиш гуруҳи гувоҳ. Агар мен ўша ерда 15 дақиқа бўлсам, «Ҳа, дадаси олиб берган-да» дейишарди, унга оғир бўларди.

— «Кучли инсоннинг ортида кучли аёл туради» дейишади. Бунга қандай қарайсиз? Бирор жойда рафиқангиз ҳақида гапирмагансиз.

— Нима учун аёлим ҳақида кам гапираман? Биринчидан, иримчиман. Яхши оилам бор, Худога шукур, ўғлим, қизим бор. Ўғлимни уйлантирганман, шукур, мана келинимиз 12 йилдан бери биз билан яшайди. 2 неварам бор. Кўз тегмаслиги учун оилам ҳақида камроқ гапиришга ҳаракат қиламан.

— Оиланинг мустаҳкамлиги кўпинча кимга боғлиқ?

— Икки томонга боғлиқ.

— Ҳозир майда-чуйдаларга ажрашиб кетишяпти. Оилангизнинг мустаҳкамлигини нима ушлаб турибди деб ўйлайсиз?

— Аёлим билан 7-синфдан бери танишмиз. Шу болаликдаги муҳаббатимга институтнинг 4-курсида уйланганман. «Ҳар куни жаннатдек яшаймиз» деганларнинг гапига ишониш керак эмас. Ҳар хил кунлар бўлган — баъзан мен хато қилганман, баъзан у. Лекин Худога шукур ҳаммаси яхши. Шунинг учун оила масаласида бировга маслаҳат беришга ожизман. Фақат болаларим ва невараларимга маслаҳат беришни лозим топаман. Худога шукур, яқинларим соғ-саломат, тинч.

— Бахт тинчликдами?

— Уч нарса муҳим одамзот учун: авваламбор тинчлик! Доим айтаман, тинчлик бўлмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Иккинчиси — соғлиқ, яқинларимиз соғлиги. Учинчиси, дил равонлиги.

— Кечиримли одаммисиз?

— Менга ёмонлик қилган одам билан умуман гаплашмайман, сўрашмайман ҳам.

— «Шундай яшаш керакки…» иборасини давом эттирсангиз.

— Шундай яшаш керакки, одамлардан камроқ қарғиш эшитиш керак. Бировнинг қарғишидан ёмон нарса йўқ.

— Француз режиссёри «Мен инсонларни уч тоифага бўламан — ақллилар, ихтирочилар ва бошқалар» деган экан. Сиз ўзингизни қайси тоифага қўшасиз?

— Бошқаларга! Ўзимни ақлли ё ихтирочи дейиш тўғри бўлмайди.

Шунингдек Зулфиқор Мусоқов суҳбат давомида режиссёр профессионал сифатидаги вазифасини қанчалик бажаргани, ўзининг Амир Темур тўғрисидаги нуқтаи назари, неваралари билан бозор қилишни яхши кўриши, ҳаётидаги сотқинликлар, нафақага чиқиши олдидан кечаётган ўйлар билан бўлишди. Суҳбат сўнггида Зулфиқор Мусоқов барчага тинчлик-тотувлик тилаб қолди.

«Афсуски, замонимиз жуда нотинч. Бутун бошли давлатлар йўқ бўлиб кетяпти. Мен ҳар доим айтаман — давлатимизга минг раҳмат, шунча йиллар давомида тинчликни сақлаб келиш — жуда катта гап. Оддий гап эмас, бу — энг катта бойлигимиз. Шундай экан, барчага тинчлик-тотувлик ва соғлиқ тилаб қоламан».

  Zulfiqor Musoqovning ekran ortidagi haqiqatlari: “Xalqni bir tiyinga qimmat g‘oyalar bilan zaharlashga hech kimning haqqi yo‘q! Bu mening shaxsiy fikrim.”

“Ikki eshik orasi” ko‘rsatuvida jurnalist Dilshoda Matchonova taniqli rejissyor Zulfiqor Musoqov bilan mazmunli suhbat qurdi. Suhbat davomida rejissyor dilidagi gaplarni ochiq-oydin bayon etdi. KUN.UZ sayti ushbu qiziqarli kechgan suhbat matni va videosini diqqatingizga havola qilishga jazm qildi.

KINOREJISSYOR ZULFIQOR MUSOQOV
«IKKI ESHIK ORASIDA» TELEKO‘RSATUVIDA
08

zulfikar_musakov.jpgZulfiqor (Jamol) Musoqov 1958 yil  19 yanvarda Toshkent shahrida tavallud topgan. 1981 yil Toshkent teatr va rassomlik institutining rejissyorlik fakultetini tugatgan. 1989 yil rejissyorlik va ssenariy muallifligi Oliy kursini tamomlagan.2003 yilda «Mehnat shuhrati ordeni», 2006 yilda «O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi» unvoni bilan taqdirlangan.
Filmlari: «Sud kuni» (1983), «Qaldirg‘och» (1988), «Askar ertagi» (1989), «Abdullajon yoki Stiven Spilbergga xat» (1991), «Bomba» (1995), «Istayman» (1996, birinchi o‘zbek-yapon filmi), «Kichkina tabib» (1997), «Ayol zoti» 24 seriyali teleseriali (1998, YUNЕSKO va Buyuk Britaniya), «Oyijon» (2000), «Osmondagi bolalar-1″ (2002), «Kalish» (2002), «Osmondagi bolalar-2″ (2003), «O‘zimizning odam» 10 seriyalik teleseriali (2004, STS, NTV, Rossiya), «Vatan» (2006), «Suiqasd» (2006), «Yarim oyli sharqiy darvoza» (2008), «Kuz» (2008).

08

O‘zingizni shu kasbga fido qildingiz va nima oldingiz?

— Umrimni deyarli ikki joyda o‘tkazdim — “O‘zbekfilm” va uyim. Bir yo‘nalishda umrim o‘tdi. Bundan hech norozi emasman. Lekin ko‘pincha ijodkorning mehnati (shaxsan o‘zimni aytmayapman) oqilona baholanmaydi.

— Oqilona baholanish deganda nimani nazarda tutyapsiz? Xalq e’tiborining o‘zi mukofot emasmi?

— Xudoga shukur, ozmi-ko‘pmi xalq orasida, mutaxassislarning orasida, chet elda o‘z o‘rnimga ega bo‘ldim. Shaxsan men uchun nolish bo‘ladi. To‘g‘ri, vaqt hamma narsani o‘z o‘rniga qo‘yadi-ku, ketgan asab tiklanmaydi-da.

— Haqiqatan, o‘zingizga kasal orttirdingiz deylik. Siz har doim yuzga aytadigan, betgachopar, andishani bilmaydigan, qaysar, o‘jar, o‘zining gapini o‘tkazadigan rejissyorsiz. Nima uchun?

— “Baxt nimadan iborat?” deganda kimdir aytgan ekan: “Birovning kaltafahmligi, qora niyatliligidan ozod bo‘lish, mustaqil bo‘lish”. Afsuski, qaysarlik ham qo‘pollik emas, mana “Vatan” filmini oladigan bo‘lsak, uning ro‘yobga chiqishining o‘zi juda katta qiyinchilik bilan amalga oshdi

— 3 yil kutdim shu filmni, hatto arazlab ketib qolgan paytlarim ham bo‘ldi, oilamdan ketib qoldim Moskvaga, o‘sha yerda bir yil yashadim. Keyin qo‘ng‘iroq qilib “Vatan”ni qo‘yadigan vaqt keldi» deyishdi.

Hozir aytishim mumkinki, 32 million xalqimdan filmni ko‘rmagan odam qolmagandir o‘zbeklar orasida. Nafaqat o‘zbeklar, balki boshqa millat vakillari orasida ham. Chet elda — Amerikada, Germaniyada. Shu millionlab tomoshabinlarning ichida, nomma-nom bilaman, 9 kishi “Vatan” filmini butun vujudi bilan yomon ko‘rdi. Mayli, yomon ko‘rsa yomon ko‘rsin, lekin OAVda fisqi-fasod qilib, kurakda turmaydigan gaplar bilan meni ancha kamsitgan. Qanday qilib bularga munosabat qilishim kerak?! Ko‘rmay turib, shunday tuhamtlarga uchragan film. “Qo‘rg‘oshin”ni-chi? 4 yil kutdim! Tomoshabinlarimiz buyog‘ini bilmaydi-ku. “Qo‘rg‘oshin” filmi ssenariysining muhokamasida bir yoshi katta hamkasbimiz “Bu ssenariy uchun rejissyorni qamash kerak” degan. Agar shu narsa 1937 yilda bo‘lganida edi, qo‘limni qayirib olib ketishgan bo‘lardi. Vaholanki, bu 2011 yilda bo‘layotgan voqea. Aytyapman-ku, “San’atda men uchun nima og‘ir?” O‘sha kinoning atrofida yurgan diletantlar shu narsaning to‘g‘riligini isbotlashi. O‘tiradi-da g‘o‘ddayib, “Men kinoni tushunmasam-da, mening fikrim bunaqa” deb. Men “Kinoni tushunmasangiz, nima qilib o‘tiribsiz bu yerda?!” deb yuborgan paytlarim ham bo‘lgan.

— Balki qandaydir axloq normalari bordirki, chegaradan chiqish kerak emasdir? Ba’zan sal befarqroq yo sal andishaliligimiz kasodga uchratgandir bizni?

— To‘g‘ri, men hech narsaga aralashmasdan unvonlardan mag‘rurlanib yurishim mumkin edi, lekin men unday flyuger bo‘la olmayman.

Ko‘pincha shu yig‘ilishlarda yoqamni tishlab qolaman-da. Umrida birorta kino ishlamagan kino atrofida yurgan odamlar o‘zbek kinosi haqida og‘zini ko‘pirtirib gapirishga juda usta. Lekin birortasi o‘ylamaydiki, “Hoy to‘xta, men o‘zimga chetdan bir qaray. Nima qilib qo‘yganman o‘zbek kinosi uchun? Nima hissa qo‘shganman? Birorta pichoqqa ilinadigan film yaratganmanmi” deb. Yo‘q, bu haqida o‘ylashmaydi.

Men noto‘g‘ri gap, nomunosib gapni ko‘tara olmayman.

— Va shu bilan atrofingizda dushman orttirasiz?

— Bo‘lsa bordir. Lekin hech o‘sha aytgan gaplarimdan afsuslanmayman. To‘g‘rini to‘g‘ri deyman. Juda ko‘p filmlar bor, masalan, menga ma’qul bo‘lgan, lekin negadir bularni hisob cho‘tiga tushirishmaydi. Ikki qo‘lim bilan qanchadan-qancha filmlarning tarafdori bo‘lganman. Men ulardan aqlliman demoqchi emasman, lekin kino sohasida (kino juda tor mutaxassislik, men masalan teatr, adabiyot, tasviriy san’at sohasida birov bilan bahslashmayman) e yo‘q-be yo‘q, kurakda turmaydigan gaplarni gapirsa, odam chiday olmaydi. Ular teatr, musiqa, tasviriy san’at sohasida ham shunday gapirishlari mumkin.

Endi tasavvur qilib ko‘ring, yaqiningiz kasal bo‘lib qoldi, shifokorlarning konsilium degan narsasi bor, o‘shanday bir delitant kirib aql o‘rgatsa… Haydab yuborasiz, chunki sizning jigaringiz o‘sha yerda yotibdi. Biz ham qaysidir ma’noda insonlarni davolaymiz. Ijodkorning vazifasi avvalambor — odamlarga qandaydir ezgulik, insonparvarlik g‘oyalarini kiritish. Shuning uchun ko‘plarga mening gapim yoqmaydi. Dangalini yuziga aytaman.

Kino sohasida soxtaliklar juda ko‘p uchrayapti. Bilimsizlik va eng achinarlisi, mana shu amalparast, kino atrofida yurgan yoshi o‘tgan diletantlar shaxsan mening orqamdan meni yoshlarga qarama-qarshi qilib qo‘ymoqda. Vaholanki, mening o‘zimning kino maktabim bor, qizim ochib berdi, chunki San’at institutiga 10 yil oldin borgandim, sobiq rektor osmondan tushgandek menga qarab “Siz kimsiz? Qanaqasiga siz bu yerda domla bo‘lasiz?” degan. “Iya, omin” deb, o‘rnimdan turib chiqib ketganman.

— Chunki sizni eng katta tanqidchi sifatida bilishadi va shu bilan birgalikda ayrimlar nimagadir sizni yoshlarni sindirishga harakat qiladi, deyishadi.

— Yo‘q, bu noto‘g‘ri gap. Men yoshlarimizni juda hurmat qilaman. Mana hozir o‘zimning maktabimda 15 nafar shogirdimni tunu kun filmlar ko‘rsatib o‘qityapman. Haftasiga o‘rtacha 10 ta film ko‘rsatdim. Yoshligidan amalparastlik, poraxo‘rlikka o‘rganmagan, to‘g‘riso‘z, xushmuomala yoshlar bor. Biroq men nafaratlanadigan yoshlar borki, ular birinchidan, o‘ta bilimsiz, ikkinchidan, o‘ta qo‘pol, uchinchidan, ko‘zida faqat pul, amal! Ko‘plari sotqin. Unaqa yoshlardan, ochig‘i, hazar qilaman.

— Balki ba’zi narsalarga befarq qarash kerakdir?

— Yo‘q, afsuski, men befarq qaray olmayman, chunki bu mening hayotim. Mening xobbi yo boshqa bir narsam yo‘q, kino — mening butun hayotim. Shu yerga kelaman — ishlayman, uyga boraman — ayolim ovqat beradi, so‘ng kompyuterga o‘tiraman — ssenariy, kino… shu bilan kun tugaydi.

— Xususiy studiyangizni ochish niyatingiz yo‘qmi?

— Yo‘q, xususiy studiyalarimizning ahvolini ko‘ryapman. Prokat tizimi yo‘lga qo‘yilmagan. Oldin bor edi bir shaxsiy studiya — Yaponiya buyurtma qilgan — “Yaratganga shukur” filmi ishlangan. Qancha chig‘iriqdan o‘tganmiz. Bu filmni yaratganimizdan keyin yaxshi hammasi pulini to‘lashdi, tinch o‘tdi.

Endi homiyni ishi nimadan iborat? “Mana bu ashulachini, mening qizim yo jiyanimni olasan, u bo‘lsin, bu bo‘lsin…” Ssenariy kerak emas. Hammasi bir xil.

— Bolaligingizda ham shunday hamma narsani ko‘ngliga yaqin oladigan inson bo‘lganmisiz yoki qaysar, to‘polonchimi?

— Yo‘q, g‘irt a’lochi bo‘lganman. Dadam rahmatliga (menga buni gapirish juda og‘ir) birorta filmimni ko‘rish nasib etmagan. Moskvada o‘qib yurgan kezlarimda to‘satdan qazo qilganlar. Bu mening hayotimdagi eng katta armonim…

Tug‘ilgan joyim aslida Olmaliq bo‘lgan ekan, 2 oylik chaqaloqlik vaqtimda Toshkentdagi Qorasaroy ko‘chasining narigi tomonida 2 qavatli domlarning ichida katta bo‘lganman. Yozgi ta’til esa buvimnikida, Oqqo‘rg‘on qishlog‘ida o‘tardi. Dadamlar yoshligimdan bir narsani aytardi, buni yoshlarga ham aytish lozim: Bir kuni bir sinfdoshim “Men ko‘chaning bolasiman” deb gerdaydi. “Dada, ko‘chaning bolasiman degani nima degani?” deb so‘rasam, “O‘g‘lim, bunday bola yaxshi odam bo‘lmaydi, yodingda bo‘lsin. Ko‘chada shunday deydigan bolalarga qo‘shilmagin ham. ”Ko‘chaning bolasiman“ degani — na ota va na onaning tarbiyasini olgan, na birorta kitob o‘qigan, ertalabdan kechgacha ko‘chada yurib, yo‘lto‘sarlardan chiqqan odam. Shu bola katta bo‘lgach, katta yo‘lto‘sar bo‘ladi” derdi. Maktabga ketayotganimda har kuni oyimlar pirojkiga deb 20 tiyin pul berardilar. Mahallamizda boshi berk ko‘cha bor edi, o‘sha yerda bir bola 5-6 boladan shu pulni yig‘ib olardi. Bir kuni jonimizga tekkach, shu bolalar hammamiz uni do‘pposlab, toshbo‘ron qilganmiz.

— Nahotki, “qaytar dunyo” degan narsa bo‘lmasa, “halol va harom rizq o‘z aksini ko‘rsatadi” degan gapni inkor etsangiz?

— Tug‘uruqxonada chaqaloq tug‘ildi, deylik, 7 kunlik chaqaloq. 7 kunlik chaqaloqqa 20 metr keladigan, qovun ortadigan Hammer, tang‘ir-tung‘ur, videolarning nima keragi bor?! Hamma gap nimada? “Mana bizning boyligimiz oshib ketdi, biz boshqalardan boymiz” degan gapda. Aytadi-ku, “Ko‘rmaganni ko‘rgani qursin” deb. To‘ylarimizga borib ko‘ring… vertolyot uchib yuribdi tepada! Kranlar…men badiiy kinoda ishlatmaydigan kranlar… Yana yoshlarimiz hind kinolariga o‘xshab tog‘larda syomkalar qiladi. Bir yildan keyin qanchasi ajrashib ketadi! Qancha pul uvol?!

Uch yilcha avval bir tanishimiz to‘y qildi. Kuyov xo‘mrayib o‘tiribdi. Keyin bilsak, kuyovga qiz yoqmagan, dadasining gapirga kirib uylangan, do‘stining qizi ekan. Nima bo‘ldi? 4 oydan keyin ajrashdi! Million-millionli mebellarni olib ketishdi. Bu nima degan gap?!

Yaqinda bir notanish kishi keldi bir iltimos bilan, kulishni ham, yig‘lashni ham bilmaysan kishi. “Gap shundaki, qiz tomon nozikroq, boyroq, shunga siz yolg‘ondan uzoq qarindoshimiz bo‘lasiz” deydi. “Iya, men o‘g‘lingizni tanimasam, sizni ham birinchi marta ko‘rib turgan bo‘lsam” dedim. “Aka, biz uchun shudoq chiqasiz-da, ”Jiyanimizni tabriklab, baxt tilab qolaman“ deysiz-da, keyin tinchgina ovqatingizni yeb o‘tiraverasiz, yarim soatgina vaqtingizni ayamang, 200 dollar beraman” dedi. Ba’zi o‘rtoqlarim “bormaysanmi” dedi. “E, qo‘yinglar” dedim.

Xonandalar ustidan pul sochish-chi?! Hokondozda pul sochish… Sharmandalik emasmi bu?! Bu bizga tekkan illat. Bu faqat bizning millatimizda bo‘layotgan narsa. Dunyoning yetakchi milliarderlari ro‘yxatiga kiruvchi yapon ishbilarmoni, NNH kompaniyasi rahbari Toshkentda bo‘lganida ko‘rishdik, uyimga keldi — oddiy 3 xonali uy, kelib “Uying juda katta-ku” dedi. “Ustimdan kulyapsizmi, nimasi katta?” dedim. Atigi 29 kvadrat metr bo‘lsa. “Yo‘q, bu yaponlar uchun juda katta” dedi. Bir oydan keyin Yaponiyaga taklif qildi. Ziyofat uyushtirib, so‘ng “Yur, senga qanday yashashimni ko‘rsataman” dedi. Ichimda “Hozir bir saroyga olib borsa kerak” deb o‘yladim. 40 qavatli uyning 22-qavatidagi 3 xonali uy ekan! Bir xonada — yotoqxona, bir xonasi — ishlaydigan joyi (kitoblar, kompyuter), uchinchisi — mehmonlarni kutadigan xona (divan, kreslo). “Kechirasizu, siz Forbes ro‘yxatidagi milliarder bo‘lsangiz” dedim. “Imperatorimizning saroyi ham mening uyimdan u qadar katta emas” dedi. Derazadan tashqarini ko‘rsatib gadoni ko‘rsatdi-da, agar zinalarimni oltindan yasatsamu, buni ko‘rib uning ko‘ngli o‘ksisa, shu o‘kinch menga ham o‘tadi, u ham yapon» dedi. Bu menga juda katta saboq bo‘ldi. Ularda boylikka, hashamatga ruju’ qo‘yishmaydi. Sakkiz marta bo‘lganman Yaponiyada, haqiqatda shunday.

— Siz topgan pullaringizni nimaga ishlatasiz? Rejissyorlarni yaxshi pul topadi deyishadi-ku.

— Rejissyorlarning 90 foizi boy emas. Homiylar topiladi, 1-2 oy “lag‘mon osish” jarayoni kechadi “Aka, zo‘r kino bo‘ladi, prokatda yutamiz” degandek. “Qancha?” “A ol mana 50 ming”. Oladi o‘sha pulni, o‘sha kunning o‘zidayoq yarim pulni o‘ziga sarflaydi — mashina yo uy oladi. Pulning yarmi qoladimi? 2-3 ta bir ko‘ylakda chiqib yuradigan aktyorlarimiz bor, “yulduzchalarimiz”, men ularni aktyor sifatida tan olmayman. Ular “dastxat bering” deb yugurib yuradigan 14-15 yoshli qizchalarning ongiga moslab yaratilgan filmlarda o‘ynaydi.

— Lev Durov bir fikrni aytgan ekan: “Axmoqona filmda rol o‘ynagan aktyorni ayblamang. Aynan axmoqona filmda o‘ynaganlar tez taniladi”. Bu nechog‘lik haqiqat bilmadimu, bu fikrga qo‘shilmayman, lekin odamlar kassabop filmlarga juda ko‘p tushyapti, shunday bo‘lsa-da, ular tanqid ostiga olinadi. Falsafiy filmlarda esa buning aksi. Bu borada Zulfiqor Musoqovning o‘z fikrlari bor.

— Hech kimning shaxsiy studiyalarga qarshiligi yo‘q, lekin ularning xalqni bir tiyinga qimmat g‘oyalar bilan zaharlashga haqqi yo‘q! Bu mening shaxsiy fikrim. Afsuski, bu filmlarning hammasi bir xil — bir xil aktyorlar, bir xil aktrisalar, mavzu ham, syujet ham bir xil, hattoki ko‘ylaklar ham bir xil. Bu eng katta kasallik. O‘shalar hammadan ko‘p pul topadi. Qizlarga yoqadigan chiroyli 2-3 yigitimiz bor, yigitlarimizga yoqadigan qarib borayotgan “yulduzchalar”imiz bor — u yoqqa boradi qoshini qoqib, bu yoqqa boradi, yaxshi aktrisalar o‘zini gumdon qilmoqda. Men ular bilan ishlamayman, bilishadi.

— Lekin tomoshabin shunday filmlarga tushmoqda…

— Afsuski, ha. Aniq esimda o‘sha paytlar, 2005 yilda yosh bo‘lgan tomoshabin bugun taxminan 20 yoshga kirdi. Ularning ongi, didi umuman buzilgan.

— Yoshlar orasida ham professionallar bor. Kimlarni tan olasiz, hurmat qilasiz rejissyorlarimizdan?

— Ayub Shaxobiddinov, Yolqin To‘ychiyev — ularning professionalligini tan olaman, lekin ularning ichki, badiiy dunyosi menga yaqin emas. Yaqinda Aleksandr Gomerovni yaxshi bir hujjatli filmini ko‘rdim. Film afg‘on urushidagi oyoq-qo‘lsiz qolgan veteranlar haqida. Ochig‘ini aytaman, men yig‘lab yubordim. Rejissyorning birinchi hujjatli filmi ekan.

— O‘g‘lingiz sizning soyangizda Temur Musoqov bo‘ldimi?

— Yo‘q. “Osmondagi bolalar”dan keyin u o‘z xohishi bilan rejissyorlik fakultetiga o‘qishga kirib bitirdi. Birorta filmida yarim soat ham, bir kilometr narida ham turmaganman. Suratga olish guruhi guvoh. Agar men o‘sha yerda 15 daqiqa bo‘lsam, “Ha, dadasi olib bergan-da” deyishardi, unga og‘ir bo‘lardi.

— “Kuchli insonning ortida kuchli ayol turadi” deyishadi. Bunga qanday qaraysiz? Biror joyda rafiqangiz haqida gapirmagansiz.

— Nima uchun ayolim haqida kam gapiraman? Birinchidan, irimchiman. Yaxshi oilam bor, Xudoga shukur, o‘g‘lim, qizim bor. O‘g‘limni uylantirganman, shukur, mana kelinimiz 12 yildan beri biz bilan yashaydi. 2 nevaram bor. Ko‘z tegmasligi uchun oilam haqida kamroq gapirishga harakat qilaman.

— Oilaning mustahkamligi ko‘pincha kimga bog‘liq?

— Ikki tomonga bog‘liq.

— Hozir mayda-chuydalarga ajrashib ketishyapti. Oilangizning mustahkamligini nima ushlab turibdi deb o‘ylaysiz?

— Ayolim bilan 7-sinfdan beri tanishmiz. Shu bolalikdagi muhabbatimga institutning 4-kursida uylanganman. “Har kuni jannatdek yashaymiz” deganlarning gapiga ishonish kerak emas. Har xil kunlar bo‘lgan — ba’zan men xato qilganman, ba’zan u. Lekin Xudoga shukur hammasi yaxshi. Shuning uchun oila masalasida birovga maslahat berishga ojizman. Faqat bolalarim va nevaralarimga maslahat berishni lozim topaman. Xudoga shukur, yaqinlarim sog‘-salomat, tinch.

— Baxt tinchlikdami?

— Uch narsa muhim odamzot uchun: avvalambor tinchlik! Doim aytaman, tinchlik bo‘lmasa, hech narsa bo‘lmaydi. Ikkinchisi — sog‘liq, yaqinlarimiz sog‘ligi. Uchinchisi, dil ravonligi.

— Kechirimli odammisiz?

— Menga yomonlik qilgan odam bilan umuman gaplashmayman, so‘rashmayman ham.

— “Shunday yashash kerakki…” iborasini davom ettirsangiz.

— Shunday yashash kerakki, odamlardan kamroq qarg‘ish eshitish kerak. Birovning qarg‘ishidan yomon narsa yo‘q.

— Fransuz rejissyori “Men insonlarni uch toifaga bo‘laman — aqllilar, ixtirochilar va boshqalar” degan ekan. Siz o‘zingizni qaysi toifaga qo‘shasiz?

— Boshqalarga! O‘zimni aqlli yo ixtirochi deyish to‘g‘ri bo‘lmaydi.

Shuningdek Zulfiqor Musoqov suhbat davomida rejissyor professional sifatidagi vazifasini qanchalik bajargani, o‘zining Amir Temur to‘g‘risidagi nuqtai nazari, nevaralari bilan bozor qilishni yaxshi ko‘rishi, hayotidagi sotqinliklar, nafaqaga chiqishi oldidan kechayotgan o‘ylar bilan bo‘lishdi. Suhbat so‘nggida Zulfiqor Musoqov barchaga tinchlik-totuvlik tilab qoldi.

“Afsuski, zamonimiz juda notinch. Butun boshli davlatlar yo‘q bo‘lib ketyapti. Men har doim aytaman — davlatimizga ming rahmat, shuncha yillar davomida tinchlikni saqlab kelish — juda katta gap. Oddiy gap emas, bu — eng katta boyligimiz. Shunday ekan, barchaga tinchlik-totuvlik va sog‘liq tilab qolaman”.

07

(Tashriflar: umumiy 944, bugungi 1)

Izoh qoldiring