1917 yilning 14 martida Turkiston xalqlarining dastlabki ijtimoiy-siyosiy jamiyati — «Sho’roi Islomiya» tuzildi.

0778
1917-йилнинг қиш ва баҳорида Туркистонда муҳим сиёсий ўзгаришлар юз берди. Минтақа халқлари мустамлакачиликнинг 50 йиллик зулмига қарши миллий-озодлик курашини авж олдириб юбордилар. Маърифатпарварлик ҳаракати сифатида вужудга келган жадидчилик Туркистон тақдири ҳал қилинаётган пайтда ўзбек халқини ғоявий жиҳатдан бирлаштирувчи куч сифатида майдонга чиқди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев), Мустафо Чўқаев, Аҳмад Заки Валидий Тўғон каби жадид тараққийпарварлари Туркистонга мухторият мақоми бериш учун курашдилар ва сиёсий жараёнларга фаол аралашдилар. Ўлка халқларининг дастлабки ижтимоий-сиёсий жамияти — «Шўрои Исломия» тузилиб, у мухториятчилик ҳаракатининг тепасида турди.

2234

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан: «ШЎРОИ ИСЛОМИЯ» («Ислом кенгаши») — Туркистон тараққийпарвар зиёлиларининг ижтимоий-сиёсий ташкилоти (жамияти). 1917 й. 14 мартда Тошкентда тузилган ва 1918 й. баҳоригача фаолият олиб борган. Унга дастлаб Абдулвоҳидқори Абдурауфқори ўғли, кейинчалик Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев раис қилиб сайланган. Ташкилот фаолиятида Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқай, Аҳмад Закий Валидий, Ислом Султон Шоаҳмедов, Тошпўлат Норбўтабеков каби маърифатпарварлар фаол қатнашган. Ташкилот ташаббуси б-н Бутун Туркистон мусулмонларининг 1-қурултойи ўтказилди (1917 й. апр.). Қурултойда қабул қилинган ташкилот дастурида ўлка мусулмонлари орасида ислоҳотлар ўтказиш ғояларини тарқатиш, минтақадаги барча мусулмонларни ягона фикр ва маслак асосида бирлаштириб, Туркистонга мухторият мақомини бериш учун кураш вазифаси қўйилган. 1917 й. апрель ойидаёқ ташкилотнинг Самарқанд, Қўқон, Наманган, Андижон, Марғилон, Скобелев (Фарғона), Марв, Туркистон, Оқмачит, Ўш ва б. шаҳарларда шўъбалари тузилган. Ташкилот «Шўрои ислом» номли газета ҳам чиқарган. 1917 й. мобайнида Туркистон мусулмонларининг яна 3 қурултойи ўтказилган. Бироқ тараққийпарвар зиёлилар (жадидлар) б-н эски-лик тарафдорлари бўлган айрим уламолар (қадимчилар) ўртасидаги келишмовчиликлар «Шўрои Исломия» ташкилоти сафида тарафкашлик юз беришига олиб келди. 1917 й. июнда ташкилотдан бир гуруҳ уламолар ажралиб чиқиб, Қўқон ва Тошкентда янги жамият — «Шўрои уламо»га асос солишган. Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг Тошкентда ўтган қурултойи (1917 й. 17—20 сент.)да ҳар 2 ташкилот ўзаро бирлашганлигини эълон қилган бўлса ҳам, аслида том маънодаги бирлашув бўлмаган. Октябрь тўнтаришитя сўнг «Шўрои Исломия» ўз қароргоҳини Тошкентдан Қўқонга кўчиришга мажбур бўлган (1917 й. нояб.). Ташкилот аъзолари Туркистон мухторияти ҳукуматини тузишда фаоллик кўрсатишган. Мухторият ҳукуматини большевиклар ағдаргач, тирик қолган «Шўрои Исломия» аъзолари таъқибга учраган. «Шўрои Исломия» ташкилоти совет режими томонидан таъқикланса ҳам, унинг Носирхон Тўра, Садриддинхон Шарифхўжаев, Миродил Мирзааҳмедов ва б. фаоллари Туркистонда совет режимига карши куролли ҳаракат сафларига қўшилиб, истиқлолчиларнинг ғоявий мафкурачилари сифатида фаолият кўрсатишган.

2234

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан: «ШЎРОИ УЛАМО» («Уламолар кенгаши») — Туркистон уламолари жамияти. 1917 й. июнда «Шурои Исломия»аан ажралиб чиққан ва 1918 й. 13 майгача иш олиб борган. Жамият дастури ва низомига кўра, ички сиёсий тузилмада шариат қонунларига қатъий риоя қилиш, миллий-диний қадриятларни юксалтиришга даъват этилган ва мадрасаларни иқгисодий қўллаб-қувватлаш айтилган. Бироқ дастурда маиший турмуш ва аёллар масаласида консерватив қарашлар устунлик қилган. Жамиятнинг Тошкент, Қўқон, Самарқанд шаҳарларидаги шўъбаси фаол иш олиб борган. Тошкент шўьбасига Шерали Лапин раҳбарлик қилган. Жамиятнинг энг йирик Қўқон шўъбасига эса Мулла Муҳиддинхон Мулла Улуғхон Тўраев раис бўлган. «Шўрои уламо» «ал-Изоҳ» (муҳаррир Абдумалик Ҳожи Абдунабиев; 1917 й. июнь — 1918 й. май), «ал-Ислоҳ» (муҳаррир Абдураҳмон Сайёҳ; 1917—18) журналларини нашр этди. Уларда даврнинг долзарб муаммолари: диний, ахлоқий, илмий, иқтисодий, ижтимоий масалалар ёритиб борилди. «Шўрои уламо» ташаббуси б-н Тошкентда Туркистон ва Қозоғистон мусулмонлари қурултойи ўтказилди (1917 й. сент.). Унда уламочилар ва шўрои исломчилар ўзаро бирлашиб, «Иттифоқи муслимин» сиёсий партиясини туздилар. Жадидлар ва уламолар ўртасидаги зиддият ва ғоявий кураш кучайган. Уламочиларнинг орасида ҳам ҳокимият масаласида турли қарашлар мавжуд бўлган. Тошкентлик уламочилардан фарқли равишда Қўқондаги «Шўрои уламо» аъзолари большевикларга қарши чиққан ва Туркистон мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлаган. 1918 й. март ойида Қўқон яқинидаги Бачқир қишлоғида «Шўрои уламо» ва «Шўрои исломия» фаолларининг ташаббуси б-н Фарғона водийсидаги қўрбошиларнинг илк қурултойи ўтказилиб, Туркистонда совет режимига қарши қуролли ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари белгилаб олинган. Совет даврида уламочилар ва шўрои исломчилар фаолияти сохталаштирилиб, улар «халқ душмани» ва «миллатчи» сифатида кўрсатилган.

Адабиётлар: Мустафо Чўқай ўғли, Истиқлол жаллодлари (1917 й. хотиралари), Т., 1992; Туркестан в начале 20-века: к истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Аъзамхўжаев С, Туркистонмухторияти, Т., 2000; Ражабов Қ., Ҳайдаров М., Туркистон тарихи (1917—1924), Т., 2002; Мингноров А., Туркистонда 1917—1918 йиллардаги миллий-сиёсий таш-килотлар, Т., 2002.

2234
Ҳамид Исмоил
ТУРКИСТОН 1917 ЙИЛДА
Мақоладан парча

Февраль инқилоби уйқу босган ўлкани уйғотди. Чоризмнинг мустамлакаси бўлган Туркистонга озодлик ва ҳуррият шамоли етиб келди. Авваллари мусулмонлар ҳаётини деярли ёритмаган рўзномалар энди маҳаллий халқнинг сиёсий онги мислсиз суръатлар билан ўсишини эътироф этиб, қарийб ҳар бир сонида янги ташкилот, ҳаракат ёки жамият тузилаётгани ҳақида хабар беришар эди. Айниқса, маҳаллий идоралар бўлмиш шаҳар ва ерли Думаларга сайловлар арафасида бундай хабарлар сон-саноқсиз бўлди: «30 март куни Скобелев шаҳри фуқаросининг Жомеъ масжид олдидаги йиғилиши «Шўрои ислом» қўмитасининг сайланиши ҳақида қарор қабул қилди. Қўмитанинг дастлабки вазифаси — Муваққат ҳукуматни, Русияда янги озод тузум жорий этишида, қўллаб-қувватлашдир» («Туркестанский голос», 18 апрель 1917 йил). «Маҳаллий йўқсиллар синфи Ҳўқанд шаҳри «Ислом меҳнаткашлари» жамиятига бирлашмоқда». («Туркестанский курьер», 21 июль 1917 йил). «Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида ёш сортлар ташаббуси билан «Жумҳурият» матлуб жамияти очилди». («Ферганские областнне ведомости», 1917 йит, 10 май) ва ҳоказо.
Бундай ҳаракат, фирқа ва жамиятларнинг пайдо бўлиш жараёнига апрелнинг ўрталарида Тошкентда бўлиб ўтган I Умумислом ўлка қурултойида мантиқан муайян якун ясалди. Юртимизда Февраль инқилоби туфайли юзага келган маҳаллий мусулмон умумдемократик ҳаракати шаклланган бир сиёсий куч сифатида гавдаланди. Мана, қурултой ҳақидаги хабардан бир парча:
«Умум Туркистон мусулмонларининг қурултойига 150 нафар киши йиғилди. Съездни 13 кишилик президиум идора қилди. Президиумга ушбу зотлар сайландилар: Мунавварқори (раис), Убайдулла Хўжаев, Собирали Лапин (икисида раис муовинлари), Мустафо Чўқаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков (русий секретарлар), Аҳмад Заки Валидий, Содиқ Сатторов (мусулмонча секретарлар), Шоаҳмадов, Абдураҳмон Уразаев, Мулла Абдулмажид Маҳмудов, Серикбой Ақаев, Аҳмадбек Қўйбоқаров, Собиржон Юнусов…
… Съездда ушбу масалалалар қаралди. 1), Янги жамиятга назар. 2) Русияда усули идора ненди бўлур. 3) Туркистонда маҳаллий гражданский идоралар. 4) Учредительний Собрание ва анга ҳозирлик. 5) Туркистонда руҳоний — диний идоралар. 6) Мактаб, мадраса ва вақуф ишлари. 7) Молия ишлари. 8) Эскидан қолған муассасаларни янгартув. 9) Бутун Туркистон мусулмонларининг устидан қарайтурғон бирорта адлия исломия ва мулкия маҳкамаси таъсис этув. 10) Озиқ масалалари. 11) Сўғишка қараш. 12) Сўғишга олинган мардикорлар масаласи. 13) Бутун тузув. 14) Шўрои исломларнинг Испулнителний комитетларга муносабати. 15) Умуммусулмон съездина вакиллар юборув. 16) Ер ҳам сув ишлари». («Улуғ Туркистон», 1917 йил 25 апрель).
Табиийки, мазкур қурултой мужассамлаштирган умумий ҳаракатнинг таркибида синфи,маслаги жиҳатидан хилма-хил оқимлар бор эди. Аммо юрт озодлиги ва халқчиллик истиқболи томон йўналтирувчи ҳоким ғоя ушбу қурултой ва, айниқса, маҳаллий идораларга сайлов кунлари яққол намоён бўлди: «Рус аҳолиси сайловга лоқайд муносабатда бўлган бир пайтда, сортлар, аксинча, уюшиб, ўз ҳуқуқларини сайлов бўлмаларида истифода этишмакчи», («Свободный Самарканд», 30 июль,
1917 йил). «Сортлар минглаб тўпланган йиғин ва сайловолди мажлисларида ўнлаб нотиқлар сўзга чиқаётурлар» («Свободный Самарканд», 2 август, 1917 йил).
Бу айёмларда ўлкадаги барча фирқа ва ҳаракатларнинг номзодлари рўйхатлари, сайловолди дастуриламаллари эълон этилади. Аксинча, рус ёхуд бошқа оврупавий фирқаларнинг ҳеч бири на маҳаллий халқ муаммолари, на миллий масала хусусида ўз ҳужжатларида гап юритмайди. Бу жиҳатдан Туркистон ўлкасининг ижроқўмлари қурултойида воқеъ бўлган бир мубоҳаса диққатга моликдир. Унда Геодаков исмли киши, «Туркестанский курьер»нинг (14 апрель, 1917 йил) хабар беришича, «халқчил Русия жумҳуриятини қўллаб, маданий халқларга мухторият, қолганларга эса (самоед, қирғиз, сортларга) «маданиятга эга бўлишлари сайин мухторият берилишини» таклиф қилади. Бунга жавобан ўлканинг буюк сиёсий ва маданий арбоби муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий «қизғин норозилик билдириб, сортлар минг йиллик маданиятга эга (инглиз, француз тилларига таржима қилинган «Ҳидоя» китоби, Улуғбек расадхонаси ва ҳоказо), шундай экан, сортларни тўнғузлар билан чоғиштирмоқ, инсофданми? Ерлик деҳқонлар рус деҳқонларидан қолишмайди, ғарбий вилоятлардан қочган келгиндилардан эса устун. Туркистон фуқаросининг маданий қолоқлигида фуқаро эмас, ўлкани тиш-тирноқ билан жаҳолатда ушлаган эски мустамлака тузуми айбдордир!», дейди…
1917 йилнинг ёзида бўлиб ўтган сайловлар кутилмаган натижалар билан якунланди. Масалан, Тошкент шаҳар Думасининг 112 аъзосидан 76 нафари маҳаллий мусулмон халқи вакилларидан сайланди. Самарқанд Думасига овоз бериш натижалари эса қуйидагича: 55 ўрин мусулмонлар ва фирқасизлар бирлигига, 4 ўрин мусулмон меҳнаткашлари фирқасига, 10 ўрин социал-инқилобчилар (эсерлар)га, 2 ўрин РСДРПга, 4 ўрин яҳудийларга тегади. («Свободннй Самарканд», 12 сен-тябрь 1917 йил). Андижон думасига ҳам аксарият мусулмон вакиллари сайланиб, жумладан, Шўрои ислом 77, Ҳуррият ва Маърифат 3, Иттифоқ 4, яҳудийлар 2, сооциалистлар 11 ўринга эга бўладилар.
Шундай қилиб, Русия томонидан Туркистон забт этилгандан бери, шаҳар ва ерли идораларга бўлган сайловларда маҳаллий мусулмон халқи илк бор ғалабага эришади. Бу ғалаба, сентябрга келиб, ўлкада бирваракийига уч сиёсий кучнинг ҳукмронликка даъвогарлигини юзага чиқаради. Булардан бири Муваққат ҳукуматнинг ўлкадаги маъмурияти, иккинчиси қуролли кучга эга бўлган ишчи ва аскарлар Шўроси, учинчиси маҳаллий идораларда ҳокимиятни қўлга олган умуммусулмон халқчил ҳаракати.
Тарихимизнинг «мўътабар академик ёзуқларида», кейинги кучга мансуб бўлган «Шўрои ислом» ва ёки «Уламо» фирқаларидан «ёвуз»роқ куч топиш қийиндир, дейилади. Аммо машҳур ўлкашунос ва арбоб Нил Ликошин, «Туркестанское слово» рўзномасиниг ўша йилги 2 сентябрь сонида, эски шаҳарнинг «Уламо» мажлисларида қатнашганини таърифлаб, шундай ёзади«
«Мусулмонларнинг айтишича: «Биз ўлкада кўпчиликмиз, шу боисдан Думада аксарият биз томонда бўлганлиги табиий бир ҳол. Демак, ақаллият ҳуқуқларини таъминласак кифоя. Шу сабаб, шаҳар бошлиғи лавозимига «Уламо» ўз номзодларини кўрсатмакни ўзига муносиб топмади, унга ноиб танлаш билан чекланди». Бу қарор, Ликошиннинг таъбирича, аксариятни ташкил этган мусулмонлар учун нафақат адолатли, балки илтифотли ҳам бўлиб кўринган.
Афсуски, бу янглиғ илтифот ва мурувват барча сиёсий кучларга хос бўлган, дейиш қийин. Мисол учун, «Туркестанский курьер» рўзномаси сентябрь ойи бошида ҳарбий йўл билан ҳокимиятни ўз қўлига олган Туркистон ишчи ва аскарлар Шўроси ҳақида гап юритар экан: «Бу шўро кенг халқ оммаларига таянган асл халқчил кучмои?», деган саволга: «Йўқ, зинҳор!», деб жавоб беради. Чунки, унинг таркибида маҳаллий халқ вакиллари йўқ. «Шундай экан, Оврупавий Русиядан фарқли ўлароқ, бу ерда шуни қатъиян эътироф этиш мумкинки, рус инқилобий демократиясининг Шўролари Туркистонда қуролли куч ёрдамида ўрнашган келгинди рус ақаллияти озчилиги иродасининг ифодасидир. Аввал рус тўплари ижро этган рул энди зикр этилмиш Шўролар зиммасига юкланди. Аммо янги рус империализми йўлбошчиларининг ихтиёридаги куч ва маданий имкониятлар аввалгидан беҳад зиёддир». («Туркестанский куръер», 1917 йил, 5 сентябрь).
1917 йил сентябрининг охирида, ҳокимият шўроларга ўтиши муносабати билан, Туркистон мусулмонларининг III ўлка қурултойи йиғилади. Унинг қарорларида, жумладан, шундай дейилади: «Туркистон ўлкасининг 98 фоиз нуфусини ташкил этгувчи 10 миллион мусулмон Рус инқилоби эълон қилган Ҳуррият, Тенглик, Биродарлик асосларида миллий маданий мухторият ҳуқуқига мутлақ равишда эга; Маҳаллий ҳокимият биринчи навбатда, мусулмон вакилларидан ҳамда маълум миқдорда ўзга сиёсий ташкилотлар вакилларидан ташкил топиб, таъсис этилуви лозим. Ҳокимиятнинг тасодифий ва ерли аҳоли манфаатларига ёт бўлган кичик гуруҳлардан тузилган ишчи, аскар ва деҳқон ташкилотларининг қўлида жамлануви халқчиллик асосларига зиддир ва маҳаллий мусулмон халқига одил ҳаёт тузумини таъминлаб беруви амри маҳолдир».
Қурултой, хулоса сифатида, қуйидаги қарорларни қабул килади:
1) Тошкент шаҳрида ўлка фуқаросини бошқарувчи 12 кишидан иборат Туркистон ўлка қўмитасини таъсис этув; булардан 3 нафари ишчи, аскар ва деҳқон шўролари қурултойидан, 3 нафари шаҳар ва ижроқўм идораларидан, 6 нафари мусулмон қурултойидан. Мазкур қўмита зиммасига, то таъсис мажлиси (Учр. Собрание) Туркистонда Махсус идора йўлини ўрнатгунча, Русия жумхуриятининг Муваққат Ҳукуматига кенг ваколатга эга Қўмита рўйхатини тасдиқ учун йўллаш ва ҳокимиятни қўлга олиш юкланади.
2). Тошкентда 24 кишидан иборат Туркистон ўлка кенгашини таъсис этув; бунга 5 аъзо ишчи, аскар ва деҳқонлар қурултойидан, 5 аъзо ўлка мусулмон қурултойидан киритилсин. («Туркестанский вестник», 25 ноябрь, 1917 йил). Ликошин айтмиш илтифот бу қарорда ҳам заҳирдир. Аммо ҳокимият бу орада қўлдан қўлга ўтиб, навбат Муваққат ҳукумат юборган генерал Коровиченкога тегади. Ўзаро муросани аниқлаш билан овора оврупавий кучларнинг қулоғига маҳаллий халқларнинг овозию талаблари чалинмайди. Шунга қарамай, маҳаллий халқ Таъсис мажлисига тайёргарликни кучайтириб, унга юбориладиган номзодларни кўрсата бошлайди. Номзодлар рўйхатига самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий, хўжандлик Камол Ҳусайн, тошкентлик Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев ҳам киритилади.
25 октябрь куни Петроградда большевиклар ҳокимиятни қўлга оладилар. Бу воқеа ўлканинг рус рўзномаларида алланечук тасодиф, нохуш ҳодиса, ҳаттоки, Ватан ва жамият рлдидаги жиноят қабилида таҳлил этилади. Мана шу муносабат билан ўша давр рўзномаларида эълон қилинган мақола-хабарлардан айримларининг сарлавҳалари: «Большевиклар фақат Смольнийда қолдилар». «Хотиржам бўлингиз!». «Ватан олдида жиноят» ва ҳоказо. «Свободный Самарканд» рўзномаси эса РСДРПнинг Самарқанд ташкилоти «25 октябрда Петроградда воқеъ ўлғон фитнани қоралаб чиқди», деган хабар босади.
Кўриниб турибдики, рус рўзномалари Октябрь инқилобига бўлган салбий муносабатларини ошкора намойиш этишади. Максим Горькийнинг «Новая жизнь»да эълон қилинган, «Мамлакат Таъсис мажлиси сари кетаётган бир пайтда, рўй берган исёнга» шафқатсиз баҳо берувчи «Демократияга» деб аталган мурожаатини аксар рўзномалар қайта босиб чиқариши бунга яққол далил бўла олади. Мана, ўша мурожаат: «Ленин, Троцкий ва уларнинг йўлдошлари ҳокимиятнинг чурук заққуми ила заҳарланиб бўлдилар. Уларнинг сўз эркинлиги, демократия эришган шахс ҳуқуқларига бўлган шармисор муносабати бунга шаҳодатдир.
Сўқир мутаассиб ва васвасага учраган жаҳонгашталар олди-кетини билмай, гўёки, «социал инқилоб» томон елмоқдалар, аслида эса бу йўл — ўзбошимчалик йўли, инқилобнинг ва йўқсилларнинг ўлим йўлидир.
Мазкур йўлда Ленин ва сафдошлари Петербург атрофидаги хунрезлик, Москвани емириш, сўз эркинлитини пучга чиқариш, бемаъни ҳибсга олувлар сингари, ўз вақтида Плеве ва Столипин қўллаган қабиҳлик ҳам жиноятларга қодирлигини намоён қилдилар… («Туркестанские ведомости», 16 ноябрь, 1917 йил).
1917 йил ноябрининг бошида Тошкентда ҳам, бир неча кунлик жанглардан сўнг, ҳокимият ишчи, аскар ва деҳқон Шўролари қўлига ўтади. Подпалов раислигида тузилган янги Туркистон ўлка ижроқўми таркибида бирорта ерли халқ вакили бўлмайди. Ноябрнинг ўртасида йиғилган шаҳар идораларининг қурултойида мусулмон депутатларнинг шуни назарда тутиб айтган сўзлари диққатга сазовордир: «Миразимов (Тошкент): Мен Тошкент воқеалари хусусида сўз юритмайман. Ишчи ва аскарлар Шўроси ўз доирасидан ерли халқнинг аксарияти— мусулмонларни чиқариб ташлади. Эндиликда ақаллий бир гуруҳ ҳаммамизга ўз шартларини қўймоқчи. Аслида, аҳолининг таркибига мутаносиб бўлган марказий ҳокимият тузиш лозим. Ҳозирги ҳокимият эса фуқаронинг манфаатларига зид.
Маҳмудов (Ҳўқанд): Гарчи большевиклар мамлакат манфаатини кўзлар экан, нечун улар Таъсис мажлисининг чақирилишига тўсқинлик қилишаётир! Биз, мусулмонлар, Рус инқилоби бизларга ҳуррият ва тинч ҳаёт келтирадур, деб қувонган эдик. Фирқавий баҳслар кетида, сизлар Ватанни ва ўлкамизни баробар нобуд қилаётирсизлар!» («Туркестанские ведомости», 16 ноябрь,
1917 йил.)
22 ноябрда ўз ишини тугатган аскар ва деҳқонлар Шўросининг III қурултойи ўлкада янги ҳокимият — Туркистон ўлкасининг Халқ Комиссарлари Советини-Туркистон комиссари, деб танилган бу ҳукумат таркибида ҳам маҳаллий халқ вакилари бўлмайди. Шу ўринда, мазкур ҳодисага жавобан, 26 ноябрь куни Ҳўқанд шаҳрида чақирилган ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойига эътиборимизни қаратайлик. «Туркестанский вестник»нинг 9 декабрь сонида Қурултойнинг сонияномасида келтирилган: «26 ноябрь соат 12 да ташкилий ҳайъат аъзоси Мустафо Чўқаев қурултойни очиқ деб эълон қилади. Сўнг шаҳодат ҳайъатининг аъзоси Норбўтабеков қурултойга йиғилганлар таркиби билан таништиради. (Фарғонадан—150 киши, Сирдарёдан — 22, Самарқанддан —21, Бухородан — 4, Закаспийдан — 1 киши). Бундан ташқари, мусулмонлардан тоғ ишчилари, аскарлар, касаба уюшмаси аъзоларининг вакиллари иштирок этмакдалар. Сўзни Чанишев олиб, мазкур йиғин мавқеи ҳақида гап юритади.
«Қурултойми, ё кенгашми?», деб сўрайди у. Ваҳоланки, қурултойда Еттисув вакиллари йўқдур. Убайдулла Хўжаев қурултой мавқеи берилувининг тарафдори эканлигини билдиради. М. Беҳбудий уни қувватлаб, ўлканинг Оврупа аҳолиси ҳам қурултойда қатнашаётурғонини уқтиради. У раёсат ҳайъатини оврупавий вакилларни кўзда тутғон ҳолда тузувни таклиф этади. Маҳмудов (Ҳўқанд) қурултой раёсатини сайлаш таклифини киритади. Чўқаев қурултой ёхуд қангаш масаласини овозга қўяди. Қурултой деб билув қабул қилинади. Сўнг раёсат ҳайъатига 13 нафар қуйидаги зотлар сайланади: М. Чўқаев, У. Хўжаев, Юрғулиоғаев, Герцфельд, О. Маҳмудов ва бошқалар. Мустафо Чўқаев раёсат ҳайъатига таниқли мусулмон арбоби Чўқаев раёсат ҳайъатига таниқли мусулмон арбоби Беҳбудийни киритишни таклиф қилади. Йиғилганлар ушбу таклифни олқишлар билан қаршилайди.
М. Чўқаев Русия ва Туркистоннинг сиёсий ҳам иқтисодий аҳволи хусусида қисқача маълумот беради. Марказда юз бераётурғон воқеалар, чекка ўлкалар ўзларини ва шу билан бирга, Буюк миллий инқилобни қутқарув йўлларини мустақил муҳокама этувини тақозо қилув. Уктабр хунрезлигини бошидан кечирғон Русия ва Туркистон ўз тақдирлари ҳақида мулоҳаза юритмаклари лозим. Эндиги оғир аҳвол озуқ-овқат танглиги туфайли янада мушкуллашиб, очарчиликка ўтай деб тураётир. Бу чигалликдан чиқув йўллари борми? Нотиқ ўлкада ҳукм сураётурғон Шўролар ҳукуматининг йўли бегуноҳ қурбонларнинг қониға буланган, деб таъкидлайди. Чунки, мазкур ҳокимият хунрезликнинг олдини ола биладиган мусулмонларсиз ўрнатилган. Ҳамкорлик ҳақидаги таклифларимиз исёндан сўнг ҳам улар томонидан рад этилди.
Бинобарин, Туркистон нонсиз ва асл халқчил ҳокимиятсиз қолди. Бунда мусулмонлар ҳуқуқини комиссарлар мутлақ инкор этмакдалар. Нотиқ Жанубий — Шарқий Иттифоқнинг (Мазкур иттифоқ 1917 йил 20 октябрь битимига биноан, казак аскарлари, Кавказнинг тоғли халқлари ва чўлларнинг эркин миллатларидан ташкил топиб, Русияни халқчил, федератив жумҳуриятга айлантирмак мақсадида тузилади («Свободный Самарканд», 6 декабрь 1917 йил) Туркистон ушбу иттифоққа қотишуви ҳақидаги таклифини ўқиб эшиттиради. Сўнг ўлка халқига мурожаатини келтириб, Ўринбурқ Туркистоннинг пахтасига айирбош нон берувини эътироф этади. Иттифоқ битими билан қурултой қатнашчиларини таништиради. М. Беҳбудий комиссияда сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан муҳокама қилинув даркорлигини таъкидлаб, 12 киши 2 кундан сўнг ўз хулосаларини қурултой эътиборига чиқарувларини таклиф қилади. Герцфельд: Масала равшан. Зудлик билан ҳал этмак лозим. Чўқаев мунозарасиз комиссияга узатувни овозга қўяди». («Туркестанский вестник» 9 декабрь 1917 йил).
Сонияномани шу ерда тўхтатайлик-да, 1917 йил 27 ноябрь куни кеч соат 18 да қурултой қабул қилган асосий ҳужжатни келтирайлик:
«Туркистон мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи.
Туркистон ўлкасида бўлғон халқларнинг хоҳишлари бўйича, Буюк Русия инқилоби тарафидан берилган асосларга биноан, федерация асосига бино қилинғон Русия жумҳурияти ила бирликда қолган ҳолда, Туркистонни ерлик мухториятли (яъни территориални автономиялик) эълон қиладур.
Мухториятнинг тез суръатда вужудга қуйилуши яқин орада очиладурғон Умум Туркистон халқининг Учр. Собраниесина (Мажлиси Муассанига) топширадур. Шунинг ила баробар Туркистон ўлкасида ақаллият ташкил қилғон миллатларнинг ҳуқуқларининг ҳар жиҳатда сақланажагини ҳам тантанали суратда билдирадир» («Ҳуррият», 5 декабрь, 1917 йил).
27 ноябрь куни қурултой Жанубий — Шарқий Иттифоқ ила қотишув ҳақида қарор қабул қилади. 28 ноябрда эса Туркистон миллат мажлиси очилиши тўғрисидаги қарор тасдиқланади. Туркистон миллат мажлиси 54 нафар аъзодан иборат бўлиб, қурултой қарорига биноан, «36 нафари мусулмонлар ва 18 нафари ғайримусулмонлардан сайланадур. 36 мусулмон вакиллари Туркистоннинг 5 вилоятидан бўлиб: Фарғона — 10 нафар, Самарқанд — 5 нафар, Сирдарё — 9 нафар, Еттисув — 6 нафар, Закаспий — 2 нафар, 4 нафар эса бутун Туркистон шаҳар думалари тарафидан тайин бўлурлар». 18 ўрин ўлканинг оврупавий ташкилот ва фирқалари, жумладан, темирйўлчилар иттифоқи, жумладан, ишчи, аскар ва деҳқонлар Шўроси, социал-демократлар, дашнакцутюн, ерли яҳудийлар ва бошқаларга берилиши кўзда тутилган.
Ўша давр рўзномаларида Туркистон тарихида илк бор ташкил топган халқчил ҳокимият — миллат мажлисига аъзоликка сайланган зотларнинг исм-шарифлари сақланиб қолган. Биз бу рўйхатни келтирмоққа бурчлимиз. Фарғона вилоятидан: И. Шоаҳмедов, 0. Қўшбегиев, Камолхонтўра, Ҳ. Юрғулиоғаев, О. Маҳмудов, Ашурхўжа, Д. Қорабеков, А. Уразаев, М. Мирзааҳмедов. Сирдарёдан: М. Чўқаев, С. Лапин, С. Бойсаидов, Т. Норбўтабеков, С. Миржалилов, И. Губайдуллин, С. Шарифхўжаев, К. Ҳожинов. Самарқанддан: А. Абдусалимов, С. Герцфельд, А. Дербисолин, М Оқчурин, Мансуров. Еттисувдан: М. Тишинбоев, И. Давлетшин. Каспийбўйидан: Л. Ширинский, Г. Мусабоев, О. Шокирхонтўраев, К. Шамонбердиев, А. Умаров, С. Юсупов. Шаҳар думаларидан: М. Беҳбудий ва бошқалар.
Муваққат миллат мажлиси 12 аъзодан иборат Туркистон Муваққат ҳукуматини тайинлайди:

Раис-нозир ва ички ишлар нозири — Муҳаммаджон Тинишбоев (2 Давлат Думасининг аъзоси, Туркистон темирйўл инженерлари қўмитасининг аъзоси).
Раис муовини — Ислом Султон Шоаҳмедов (присяжний поверенний, Умумрусия мусулмон кенгашининг аъзоси).
Ташқи ишлар вазири — Мустафо Чўқаев (адвокат), Муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси аъзоси, ўлка мусулмон кенгашининг раиси).
Халқ милицияси ва хавфсизлик вазири — Убайдулла Хўжаев (адвокат, Умумрусия мусулмон кенгаши МКнинг аъзоси)..
Ер ва сув ишлари вазири — Ҳидоятбек Юрғули-оғаев (агроном, олим).
Озиқ-овқат ишлари вазири — Обиджон Маҳмудов (Ҳўқанд шаҳар думасининг раис муовини).
Ички ишлар вазирининг муовини—Абдураҳмонбек Уразаев (прсяжный поверенннй ёрдамчиси).
Молия вазири — Соломон Герцфельд (присяжный поверенный) ва бошқалар. («Туркестанский вестник», 5 декабрь 1917 йил).
29 ноябрь куни қурултой Муваққат миллат мажлиси ва Муваққат ҳукумат аъзоларининг дахлсизлиги ва муҳофазаси ҳақида қарор қабул қилади. Унда, жумладан: «Булардан ҳар бирига қарши зўравонлик — бутун 10 миллионлик Туркистон халқига қарши тахқир, деб билинадир», дейилган. Сўнг қурултой болшевиклар томонидан уюштирилган Тошкент воқеалари (ҳибсга олувлар, тинтувлар ва бошқалар)ии қоралаб, зудлик билан маҳбусларга озодлик беришни талаб қилди.
Қурултой сўнггида қатнашчилар бутун Туркистон фуқароси бўлмиш мусулмон, рус, яҳудий, ишчи, аскар, деҳқон, барча уруғу элат, ташкилоту муассаса, ҳаракату фирқаларга мурожаат этиб, якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъват этдилар. «Занжирлардан бўшалғон Туркистон ўз ерининг ҳокими ва ўз тарихининг яратувчисига айланатурғон пайт келди!», деб хитоб этади қурултой («Свободный Самарканд», 6 декабрь, 1917 йил).
Мислсиз севинч ва кўтаринкилик руҳи ўлкани қамрайди. 30 ноябрь соат учда Ҳўқанд шаҳрида мусулмонларнинг улуғ намойиши бошланди. Унда инқилоб сақланажаги ҳақида қасам ичилади. Тошкент шаҳрининг Жомеъ масжидида кўпминг кишилик намойиш бўлиб ўтди. «Нотиқлар ҳаяжон ва кўзларида ёш ила мазлум ҳаёт битиб, янги, ҳурриятга тўла ҳаёт бошланиши ҳақида сўзлайдилар» («Туркестанский вестник» 8 декабрь, 1917 йил).
Туркистон мухториятини Бунд, Гуржилар жамияти, Савдо-саноат уюшмаси, яҳудийларнинг Тошкент жамияти, Савдо-саноат уюшмаси, яҳудийларнинг Тошкент жамияти ва бошқалар қизғин қутлайдилар. Рус рўзномалари ҳам қурултой қарорларини самимий баҳолаб, вазиятни ҳаққоний таҳлил қилишади. Мана, С. Никифоровнинг «Свободный Самарканд»нинг 7 декабрь сонида эълон қилинган мақоласидан бир парча: «Давримиз учун муҳим бўлган қурултой қарорлари ушбу миллий чекка ўлканинг ҳаётида янги саҳифа очилишини англатадир. Биз — ўлка истилочилари, фақат истилочилик ҳуқуқига биноан ягона маданият тарғиботчилари эканлигимиз, халқ оммалари эса — мағлублар сифатида, биз ғолиблар учун тажрибадан ўзга нарса эмас эканлиги ҳақидаги шовинистик ва том маънода ғайритараққий мулоҳазани улоқтириб ташлашимиз вақти келди!».
Давр тақозосига кўра, айни шу кунларда рўзномалар Халқ Комиссарлари Кенгашининг «Русия ва шарқнинг барча меҳнаткаш мусулмонларига» Хитобномасини чоп этадилар.

Хитобноманинг айрим лавҳалари қуйидагича:
«… Бундан буён сизларнинг урф-одатларингиз, сизларнинг миллий ва маданий муассасаларингиз озод ва даҳлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий ҳаётларингизни эркин ва бемалол уюштираберингиз. Сизларнинг бунга ҳақингиз бор.
… Сизлар ўзларингиз ўз ватанингизнинг ҳокимлари бўлишингиз лозим. Ўз расм- русумингизга биноан ҳаётингизни уюштиришингиз лозим. Сизнинг бунга ҳақингиз бор, чунки сизларнинг тақдирингиз — ўзингизнинг қўлларингизда…
Миллий ишлар бўйича халқ комиссари
И. Жугашвили — Сталин.
СНК раиси
В. Ульянов — Ленин».
(«Туркестанские ведомости», 1917 йил 1 декабрь).

Бироқ худди шу кезларда Тошкентда, Комиссарлар раиси Ф. Колесов буйруғига биноан, шаҳар Думаси тарқатиб юборилади, тинтув ва талон-торожлар бошланади («Туркестанский вестник», 6, 8 декабрь 1917 йил). 6 декабрь куни Тошкентда бўлган кўпминг кишилик йиғилишда Туркистон мухториятининг Муваққат ҳукуматни қўллаш ҳақида қарор ҳамда тубандаги арзнома қабул қилинади: «Комиссар Колесовнинг шаҳар Думасининг тарқатув ҳақида буйруғини тинглаб, йиғилиш бир овоздан мазкур ғайриқонуний буйруққа қарши қизғин эътироз билдирадур. Модомики, шаҳар Думаси умумий, тенг, бевосита ва махфий овоз бериш йўли билан сайланғон бўлуб, Тошкент шаҳринда яккаю-ягона халқчил, демократик ташкилот ҳамда 300 мингли шаҳар нуфусининг хоҳиш-иродасини асл ифода эта билувчи; муассасадур. Дума аъзоларига ўз ишларини давом этиб, уларни сайлаган халқ ҳимояси ва муҳофазаси остига ўзларини топширув белгиланадур». («Туркестанский вестник» 8 декабрь 1917 йил).
Тошкент шаҳар Думасининг сўнгги йиғилишида мусулмон депутати Ибн Ямин Ёнбоев шундай дейди: «Ҳозирги ҳокимият (Ф. Колесов ва бошқалар) тан олинган демократиялиги даргумон. Ушбу ҳокимият мусулмонлар номидан гапириши эса — қип-қизил ёлғон… Мазкур ҳокимиятнинг асл кучи — тўп ва пулемётлардир, лекин биз, мусулмонлар бу кучдан қўрқмаймиз. Бизда ўзга куч мавжудким — ул куч руҳимиздир, Тарих ушбу сохта Ҳокимиятнинг амалини қоралайдиган вақт албатта келажак! (Олқишлар!) («Туркестанский вестник» 9 декабрь, 1917 йил).
Эҳтимол, Ибн Ямин Ёнбоев бу сўзларни айтаётиб, сизу биз яшашга муяссар бўлган ҳозирги дориломон кунларни олдиндан кўра билгандир. Эҳтимол, худди шу боис ҳақиқат бир кунмас- бир барибир юзага чиқишини башорат қилгандир. Лекин бу кунларга етишиш биз учун осон бўлмади. Ўтган етмиш йилдан ортиқроқ вақт ичида биз ниҳоятда машаққатли йўлни босиб ўтдик. Қатағонлар ва нотўғри мафкуравий сиёсат туфайли ўзимизни, ўзлигимизни унутдик. Тарихимиз ва маданиятимизни сохталаштирдик. Қанчадан-қанча инсонларни бадном этиб, қурбон бердик. Бундай хатоларга коллективлаштириш даврида ҳам, «босмачилик йиллари» деб аталмиш замонда ҳам, қатағонлар даврида в ундан кейин ҳам бот-бот йўл қўйдик. Охир-оқибат, ўлкамиз тарихи, миллатимиз ўтмиши чигал муаммолар билан тўлиб-тошди. Турган гапки, ўлкамиз тарихининг А. И. Солженицин таъбири билан айтганда, асосий «тугун»ларидан бири айнан 1917 йил воқеаларига бориб боғланади. Афсуски, биз ҳалигача ушбу тугунни ечишнинг уддасидан чиқа олганимиз йўқ. Лекин, ишончимиз комилки, ҳали вақти-соати келиб, Туркистон мухториятининг мухтасар фаолияти ҳамда тарихимизда дастлабки халқчил, коалицион ҳокимиятнинг емирилиши хусусида жиддий тадқиқотлар олиб борилади, бу хусусда мақолалар ёзилади, асарлар яратилади. Эҳтимолки, вақти келиб, бу ҳокимият эълон қилинган кун ўлкамиз тарихига мўътабар сана сифатида киритилар ва уни тантанали нишонлайдиган бўлармиз…

2234

Р.Т.Шамсутдинов
ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ ВА УНИНГ ТАҚДИРИ
Мақоладан парча

1917 йил 27 февралда Петроградда бўлган демократик инқилоб Туркистон ўлкасига хамўз таъсирини ўтказди. Туркистонда янги жамият куртакларини шакллантириш учун ҳаракат бошланиб кетди. Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўлка мухторияти масаласи асосий масала бўлиб қолди. Туркистонга мухторият мақомини бериш ғояси нафақат демократик зиёлилар орасида, хатто оддий одамлар ўртасида хаманча оммалашган эди. 1917 йилнинг март-апрел ойлари ўлканинг сиёсий уйғонишида бурилиш даври бўлди. Туркистон жадидлари, миллий зиёлилари ва ислом уламоларининг етакчилари бўлган Махмудхўжа Беҳбудий (1875-1919), Мунаввар Қори (1878-1931), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев; 1882-1938), Фитрат (1886-1938), Файзулла Хўжаев (1896-1938), Садриддин Айний (1878-1954), Мустафо Чўқай (1886-1941), Муҳаммаджон Тинишбоев (1879-1939), Шерали Лапин (1868-1919), Ахмад Закий Валидий (1890-1970), Обиджон Махмудов (1858-1936) Ўлкада янги ташкил қилинган «Шўрои Исломия» (1917 йил март), Шўрои Уламо» (1917 йил июн), «Турон» Жамиятлари ва «Турк одами Марказияти (федералистлар) фирқаси» (1917 йил июл), «Иттифоқи муслимин» (1917 йил сентябр) сиёсий партияларининг тўзилишида муҳим роль ўйнадилар. 1917 йил 7 апрелда Петрограддаги Муваққат ҳукумат қарори билан кадет Н.Н.Шчепкин раислигида Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Комитети ташкил қилинди. Комитет таркибига 9 киши кирган бўлиб, уларнинг тўрттаси Алихон Букейхонов (1868-1937), М. Тинишбоев, Садри Максудов, А. Давлетшинлар туркий халқлар вакиллари эди. Кейинчалик Туркистон Комитетининг таркиби ўзгартирилди.
Жадидчилик 1917 йилда маърифатчилик ҳаракатидан сиёсий ҳаракат даражасига аллақачон кўтарилган эди. Ўша 1917 йилнинг ўзида тўрт марта Бутунтуркистон мусулмонлари қурултойи ўтказилди. 1917 йил 16-23 апрелда Тошкентда бўлган I қурултойда демократик Россия таркибида Туркистон Мухториятини ташкил этиш ғояси олға сурилди. Бу ғоя Туркистон халқларининг ўз миллий давлатчилигини тиклаш йўлидаги дастлабки қадами эди.
Бутунтуркистон мусулмонлари I қурултойининг охирги мажлисида Марказий раҳбар орган — Туркистон ўлка мусулмонлари Кенгаши (Краймуссовет) ташкил этилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Уни тузишдан асосий мақсад миллий озодлик ҳаракатига ташкилий ва марказлаштирилган хусусият касб этиш учун бир-бири билан тарқоқ алоқада бўлган жамият, қўмита ва иттифоқларни бирлаштириш эди. Туркистон мусулмонлари Маркази Кенгашига Мустафо Чўқай раис, Валидий бош котиб, Мунаввар Қори, Беҳбудий, У. Хўжаев, О. Маҳмудов, Тошпулатбек Норбутабеков, Ислом Шоаҳмедов ва бошқалар аъзо қилиб сайланди Мунаввар Қори ва Садриддинхон Шарифхўжа бошчилигида Тошкент қўмитаси тузилди. Шунингдек, Беҳбудий раҳбарлигида Самарқанд ва Носирхон Тўра етакчилигида Фарғона бўлими хам ташкил топди. Марказий шуронинг органи сифатида «Нажот» (муҳаррири — Мунаввар қори), кейинчалик «Кенгаш» (мухаррири — Валидий) газеталари чиқа бошлади. Шунингдек, 1917 йилда нашр қилинган «Улуғ Туркистон», «Турон» газеталарида мухториятчилик ғояси билан суғорилган мақолалар чоп килинди. Шундай қилиб, 1917 йил баҳорида Туркистоннинг бирлиги ва яхлитлиги томон мухим қадам ташланди. Тарихда илк марта Бутунтуркистон миқёсида мусулмонлар қурултойи чақирилиб, унда туб халқларнинг мухторият томон қатъий интилиши, ўз анъаналари, урф-одатлари ва турмуш тарзини изчил туриб химоя қилиши айтилди. Бу манфаатларнинг ифодачиси бўлган Миллий марказ — Туркистон мусулмонлари Марказий Кенгаши ташкил этилди.
Афсуски, бирлашиш жараёнлари ҳар доим хам бир текис ривожланмади. Аср бошидан буён давом этаётган «жадид-қадим» низолари демократик ҳаракат сафларида парчаланиш юз беришига олиб келди. Маьлумки, 1917 йил 14 мартда Тошкентда «Шўрои Исломия» ташкил топган эди. Аксарияти жадидлардан иборат бу ташкилот аьзолари Туркистон мустақиллиги учун кураш олиб бордилар. 1917 йил июн ойида Мунаввар қори бошчилигидаги «Шурои Исломия» ташкилотидан «Шўрои Уламо» ажралиб чиқди. Шерали Лапин унинг Тошкент шуъбасига асос солди. Орадан кўп вақт ўтмай, Қўқон шаҳрида хам «Шўрои Уламо» жамияти тузилди. Лекин икки жамият ўртасида ғоявий ихтилофлар мавжуд бўлиб, улар бир-бири билан келиша олмасдилар. Чунки «Шўрои Уламо» жамияти дастурида ислом динининг анъанавий асослари бўйича иш кўришини маълум килса-да, аслида Лапин бошчилигидаги Тошкент уламочилари аввал рус монархияси, сўнгра большевизм ғоялари билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга беҳуда уриндилар. «Шўрои Уламо» жамияти ўз мақсадлари тарғиботи учун «Ал-Изоҳ» журналини чиқара бошлади (муҳаррири — Абдумалик ҳожи Набиев) ҳар икки жамият ўртасида ғоявий кураш, хусусан, матбуот саҳифаларида авж олиб кетди. 1917 йил 10 сентябрда Тошкентда Бутунтуркистон мусулмонларининг II қурултойи очилди. «Шўрои Исломия» ташаббуси билан чақирилган ушбу қурултой ҳокимиятни ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари советларига беришга қарши чиқди. Ушбу қурултойда қабул қилинган резолюцияларда миллий демократия ўзи тутадиган йўлнинг муҳим асосларини биринчи марта қатъий қилиб айтди: ҳукумат демократик сиёсат юргизадиган бўлса, ана шундагина мусулмонлар бу ҳукуматда иштирок этадилар. Иккинчи қурултойда фақат Миллий марказ — Туркистон мусулмонлари Марказий Кенгаши минтақадаги туб ерли аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин деган фикр қатьий қилиб қўйилди. 1917 йил 20 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг кўрултойи «уламочилар» билан «Шўрои исломчилар» ўртасидаги узоқ баҳсларга қарамай, ниҳоят, келишиш ва муроса йўлини топди. Қурултойда «Шўрои Исломия», «Шўрои Уламо», «Турон» ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан бутун Туркистон минтақаси учун умумий бўлган «Иттифоқи муслимин» деган сиёсий партия тузишга қарор қилинди.
Қурултой ишидаги асосий масала Туркистон ўлкасининг бўлажак сиёсий тузумини белгилаш эди. Ўша пайтда Тошкентда нашр қилинган «Улуғ Туркистон» газетасида ёзилишича, «Қурултой Мулла Муҳаммадхўжа эшон ва Мулла Сиддиқхўжа эшонларнинг бошқарув шакли ҳақидаги нутқларини тинглаб, дуо-ю ижобат ила Туркистон Мухториятини тайин этишга жазм қилди». Қурултой мухториятга «Туркистон Федератив Республикаси» деган номни қўйиб, парламент республикаси асосида тузилажак бўлғуси давлат тузумининг бош тамойил ва меъёрларини белгилаб берди.
Шу тарзда Туркистонда мухторият ҳукумати юзага келмасдан анча олдин жамиятнинг кенг қатламлари вакиллари, илғор зиёлилар бу ҳаракатда фаол қатнашиб, унинг пойдеворини яратишга замин ҳозирладилар.
1917 йил 25 октябрда (янги сана билан 7 ноябрда) қурол кучига таянган В.И. Ленин бошчилигидаги большевиклар (коммунистлар) Петроградда Муваққат ҳукуматни ағдариб ташлаб, ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашди. Россиянинг марказида юз берган воқеаларнинг акс-садоси орадан кўп ўтмай Туркистонга хам етиб келди. 28 октябрда Тошкентнинг янги шаҳарида европалик ишчилар ва солдатлар большевикларнинг қутқуси билан қуролли тўқнашувларни бошлаб юборилди. Улар генерал Коровиченко қисмларидан устун келдилар. 1 ноябрда Коровиченко ва Мувақкат ҳукуматнинг Туркистон Комитети қамоққа олинди. Тошкентда зуравонлик йўли билан совет режими ўрнатилди.
Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, 1917 йилнинг кузига келиб, ўлка шаҳарлари, вилоятлари ва уездларида аҳолининг ҳокимиятни советларга ўтишини талаб қилувчи фаол чиқишлари кузатилмаган. Аксинча, жойлардан келиб турган хабарлар ва телеграммаларда Муваққат ҳукуматни кўллаб-қувватлаш ҳақида гапирилар экан, большевиклар ва бошқа экстремистларнинг ҳокимиятни советларга бериш ҳақидаги талаблари фош этилар, мамлакат тақдирини қиладиган Таъсис Мажлисини чақириш маьқулланарди. Демак, 1917 йил ноябр ойининг бошида большевиклар фақатгина қурол кучига таянган холда Тошкент шаҳрида ҳокимиятни кўлга киритишди. Бу холни архивларда сақланиб қолган ўша даврга оид кўплаб расмий ҳужжатлар хам исботлайди. Туркистон республикаси раҳбарларидан бири кейинчалик қуйидаги фикрни эътироф этишга мажбур бўлган эди: Туркистон бир неча ўн йиллар мобайнида чоризм мустамлакаси бўлиб келди ва бу ғоя барча ижтимоий кайфият ва муносабатларда ўзининг учмас муҳрини қолдирди. Самодержавие томонидан олиб борилган мустамлакачилик кайфияти ва сиёсати амалдорлар ва хизматчи унсурлардан ташқари ҳатто рус темирйулчиларига хам ўз таъсирини ўтказган эди. Шунинг учун тўнтаришнинг бошидаёқ, совет ҳокимиятини бу ерда фақат рус кишилари амалга оширди. Туб аҳолидан эса мустамлакачи маҳаллий ҳокимиятга алоқадор кишиларгина унда қатнашиши мумкин бўлиб, туб аҳолининг қолган қисми учун бу ғоя бегона ва тушунарсиз эди».
1917 йил 15-22 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўлка ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари Советларининг III съездида 15 кишидан иборат ҳукумат—Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети тузилди, унда 8 ўрин сул эсерларга, 7 ўрин большевиклар билан максималистларга берилди. Бироқ ҳукумат фақат европаликлардан иборат бўлди. Туркистон ХКС раиси лавозимини касби чизмачи бўлган большевик Ф. Колесов эгаллади, ҳарбий комиссар қилиб извошчи Перфильев, бошқа комиссарлик лавозимларига хам шунга ўхшаганлар тайинландилар. Ҳукумат таркибига туб аҳоли вакилларидан битта хам вакил киритилмади. Бу тасодифий ҳол эмас эди. Туркистонда сўл инқилобий сиёсий гуруҳлар, уларнинг намояндаларидан тузилган ҳукумат, биринчи галда большевиклар моҳиятан чоризм мустамлакачилик сиёсатига амал қилдилар. Шу билан бирга октябр тунтаришидан кейин Россияда бўлгани сингари, Туркистонда хам инқилобий ақидаларга, энг аввало синфийлик тамойилларига амал қилинди. Асосий инқилобий куч — пролетариат ва камбағал деҳқонлар, аҳолининг бошқа қатламлари эса реакцион ва эксплуататор гуруҳлар деб эълон қилинди. Мулкдорлар — эксплуататорлар, эзувчилар; миллий зиёлилар, ўқимишли, обрў-эътиборли халқ вакиллари — миллий буржуазия корчалонлари ва малайлари; ислом дини раҳнамолари — реакцион қатлам деб, уларга қарши аёвсиз кураш бошлаб юборилди.
Туркистон ўлкасидаги дастлабки совет ҳукуматининг зиддиятли таркиби минтақада европалик аҳоли ҳукмронлигини мустаҳкамлашга қаратилган эди. «Туркистондаги мустамлакачилик ҳатто совет ҳокимияти тараққиётининг бутун бир йўналишини белгилаб берди», деб кейинчалик тан олган эди Г. Сафаров.
Маҳаллий миллатларнинг сиёсий жараёнга аралаштирилмаганлиги ўлка халқларининг совет ҳокимиятига бўлган ишончсизлигини янада кучайтирди. Ҳатто Туркистондаги европалик аҳолининг демократик қатламлари ҳам большевиклар ва сул эсерларнинг бундай маккорона сиёсатига қарши чиқдилар. Ҳукумат тузишда улуғ давлатчилик шовинизми ақидаларига амал қилинганлиги янги ҳокимиятнинг сиёсий фаолиятини олдиндан белгилаб берди.
Ҳокимият большевиклар қўлига ўтиши билан ўлкада Муваққат ҳукуматнинг барча бўғинлари тугатилиб, ўрнига аввало жазо органлари ва совет бошқарув тизими ўрнатилди. Бу тасодифий ҳол бўлмасдан, большевиклар ҳукмронлиги нафақат ағдарилган синфлар, балки большевиклар билан келишмайдиган маҳаллий аҳолининг катта қисми устидан зўравонлик ўрнатилгандагина сақланиб қолиши мумкин эди. Туркистон ХКС 1917 йил 28 ноябрда ўлкада қизил гвардия бўлинмалари тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу бўлинмалар совет режими ва большевикларга қарши кўтарилган дастлабки стихияли чиқишларни бостиришда фаол иштирок қилди. Шу вақтнинг ўзида Бутунроссия Фавқулодда комиссия (чека) органлари ва инқилобий трибуналлар ташкил этилди. Пролетариат диктатурасининг бу жазо органлари озодлик ва демократияни бўғишда, ўзгача фикрлайдиган кишиларни йўқ қилишда муҳим қурол бўлди ва Ватанимизнинг янги тарихида ўзининг машъум асоратларини қолдирди.
Туркистон ХКС 1917 йил охирларида ўз қарори билан «Шурои Исломия» ва бошқа маҳаллий демократик ташкилотларни тарқатиб юборди. Бу ташкилотларнинг раҳбарлари кейинчалик Туркистон Мухторияти ҳукуматига қўшилдилар, айримлари истиқлолчилик ҳаракатига ғоявий раҳнамолик қилдилар. Шуниси характерлики, «Шўрои Уламо» ташкилотининг Тошкент шуъбаси фақат 1918 йил 13 майда ёпиб қўйилди. Шундай қилиб, даставвал Россия марказида қарор топган совет режими Туркистон ўлкасида ҳам ўрнатилди. Зўравонлик ва халқларни эзишга қаратилган совет режими ўзининг илк кунларидан бошлаб Туркистондаги туб халқларга нисбатан мустамлакачилик сиёсатини юритди. Чор Россиясининг мустамлакачилик тизими совет Россияси даврида янада такомиллаштирилди. Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг фаолияти сиёсий партиялар тузилиши, улар томонидан дастурий ҳужжатлар қабул қилиниши Туркистонда миллий ҳаракатнинг кенг қулоч ёйганидан далолат берар эди. Бироқ юқарида кўрсатиб ўтилганидек, Петрограддаги октябр тўнтариши оқибатида 1917 йил октябр-ноябр ойларида Туркистон ўлкасида, хусусан, Тошкент ва Қўқонда юз берган воқеалар миллий озодлик ҳаракатини бутунлай бошқа йўналишдан кетишга мажбур қилди.
1917 йил 26-28 ноябрда Қўқон шаҳрида Туркистон ўлкамусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой ишининг бутун тафсилотлари ўша давр газеталарига тарих учун муҳрлаб қўйилган.
Мустафо Чўқай қурултойни очар экан, Россия ва Туркистоннинг сиёсий ва иқтисодий аҳволи хусусида маълумот беради. Унинг айтишича, Марказда юз бераётган воқеалар, чекка ўлкаларни ва шу билан бирга Буюк миллий инқилобни қутқарув йўлларини мустақил муҳокама этувини тақозо қилар. Октябр хунрезлигини бошдан кечирган Россия ва Туркистон ўз тақдирлари ҳақида мулоҳаза юритмоқлари лозим.
Маълумки, мусулмонларнинг ушбу нуфузли қурултойи ва унда қабул қилинган қарорлар узоқ йиллар давомида миллатчилар гуруҳининг йиғинидан эълон қилинган буржуа мухторияти деб нотўғри талқин қилиб келинди. Ҳужжатлар эса ушбу холнинг бутунлай акси бўлганлигини исботлайди. Масалан, Туркистон жадидларининг отаси саналган Беҳбудий ўз маърузасида қурултойнинг Туркистон халқлари тарихида улкан ижобий, тарихий ҳодиса ва бурилиш даври эканлигини таъкидлаб, «Қурултойимиз қабул қилаётган қарорлар шунинг учун хам аҳамиятлики, унда Туркистон аҳолисининг европалик вакиллари хам иштирок этмоқдалар», дейди. Беҳбудий ва Обиджон Махмудов қурултой ҳайъатида мусулмонлар билан бир қаторда бошқа миллий гуруҳларнинг ҳам вакиллари бўлишини ёқлаб чиқди.
Туркистонни бошқариш шакли уч кун давом этган қурултойнинг диққат марказида турди. Бу масала муҳокамасида сўзга чиқганларнинг кўпчилиги Туркистоннинг мухтор республика деб эълон қилиниши ўлка аҳолисининг ижтимоий мақсадларидан келиб чиққан ва унга мос тушишини уқтирди. Мухторият ва мустақиллик эълон қилиш фикрини ҳамма кўллаб-қувватлади. Қурултойда 1917 йил 27 ноябр (янги ҳисоб билан 10 декабр) куни кечқурун қабул қилинган қарорда шундай дейилади: «Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилоби даъват этган халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги иродасини намоён этиб, Туркистонни Федератив Россия Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади, шу билан бирга мухториятнинг қарор топиш шаклларини Таъсис Мажлисига ҳавола этади». Қурултой Туркистонда яшаб турган миллий озчилик ҳуқуқларининг муттасил ҳимоя қилинишини тантанали равишда эълон қилди.
28 ноябр (янги ҳисоб билан 11 декабр) да таркиб топаётган мазкур давлатнинг номи аниқланиб, Туркистон Мухторияти, деб аталадиган бўлди. Қурултой ўша куни йиғилишда Бутунроссия Таъсис Мажлиси чақирилгунга қадар ҳокимият Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ (Миллат) Мажлиси кўлида бўлиши керак, деб қарор қабул қилди. Қурултойда Туркистон Муваққат Кенгаши аъзоларидан 8 кишидан иборат таркибда Туркистон Мухторияти ҳукумати тузилди. Ҳукуматнинг Бош вазири хамда ички ишлар вазири этиб Муҳаммаджон Тинишбоев сайланди. Ислом Султон ўғли Шоаҳмедов — Бош вазир ўринбосари, Мустафо Чуқай — ташқи ишлар вазири, Убайдулла Хўжаев — ҳарбий вазир, Хидоятбек Юргули Агаев — ер ва сув бойликлари вазири, Обиджон Махмудов — озиқ-овқат вазири, Абдурахмон Ўрозаев — ички ишлар вазирининг ўринбосари, Соломон Абрамович Герцфельд — молия вазири лавозимларини эгаллади. Ҳукумат таркибида кейинчалик айрим ўзгаришлар юз берди. Мустафо Чўқай Бош вазир лавозимини бажаришга киришди. Вазирлардан уч киши олий маълумотли ҳуқуқшунос, икки киши Ўртача малакали ҳуқуқшунос эканлиги мухторият ҳукумати аъзолари билим даражасининг нақадар юқори эканидан далолат беради.
Қурултойда 28 ноябр куни Туркистон Миллат Мажлиси очилиши тўғрисидаги қарор ҳам тасдиқланди. Миллат Мажлиси 54 нафар аъзодан иборат бўлиб, қурултой қарорига биноан «36 нафар мусулмонлар ва 18 нафар ғайри мусулмонлардан сайланадур. 36 мусулмон вакиллари Туркистоннинг 5 вилоятидан бўлиб: Фарғона — 10 нафар, Самарқанд — 5 нафар, Сирдарё — 9 нафар, Еттисув — 6 нафар, Закаспий — 2 нафар; 4 нафар эса бутун Туркистон шаҳар думалари тарафидан тайин бўлурлар». 18 нафар ўрин эса ўлканинг европалик ташкилот ва фуқароларига, жумладан, темирйўлчилар иттифоқи, ишчи ва солдат депутатлари совети, социал-демократлар, дашноқцутюн, ерлик жуҳудлар, яҳудийлар, эсерлар, украинлар, поляклар вакиллари ва бошқаларга берилиши кўзда тутилган эди. Демак, ташкил этилаётган ҳукумат таркибига турли сиёсий ва миллий гypyҳ вакилларининг қатнашуви кўзда тутилди. Демократик рухдаги миллий зиёлилар кўрултойда қабул қилинган дастурий ҳужжатларга ўзига хослиги билан ажралиб турадиган халқчил ва демократик ғояларни киритишди.
Қурултой жараёнида Туркистон Миллат Мажлиси 32 кишидан иборат қилиб сайланди. «Шўрои Уламо»нинг раҳбари Шерали Лапин Миллат Мажлиси таркибига унинг раиси сифатида киритилган бўлса хам, аммо унинг ўзи бу таклифни рад этди.
Қурултой тугагач, 1 декабрда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аъзолари (барча 8 киши) имзолаган махсус Мурожаатнома эълон қилинди. Ушбу Мурожаатномада Туркистондаги барча аҳоли, ирқи, миллати, дини, жинси, ёши ва сиёсий эътиқодларидан қатъий назар, якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъват этилган эди.
Орадан кўп ўтмай Миллат Мажлиси томонидан тасдиқланган қонунлар эълон қилинди, шунингдек, янги ҳукумат мамлакат Конституциясини тайёрлаш учун таниқли ҳуқуқшуносларни жалб қилди. «Эл байроғи», «Бирлик туғи», «Свободний Туркестан», «Известия Временного Правительства Автономного Туркестана» каби ҳукумат газеталари ўзбек, қозоқ ва рус тилларида нашр қилина бошланди. Аввал чиқаётган «Улуғ Туркистон» газетаси хам ўз саҳифаларида мухторият ҳукумати фаолиятига алоҳида ўрин бера бошлади. Нашр ишларини яхшилаш учун О. Махмудовнинг босмахонаси ҳукумат ихтиёрига ўтди. Мухторият ҳукумати миллий қўшинни ташкил қилишга киришди. 1918 йил бошида бу қўшин сафларида бир мингдан ортиқ аскар бўлган. Ҳарбий вазир Убайдулла Хўжаев иштирокида ўтказилган кўрик-парад вақтида аскарлар сони 2000 кишига етган. Бундан ташқари Қўқонда тахминан шунча миршаблар бор эди. Ҳукумат иқтисодий соҳада 30 миллион сўм миқдорида ички заём чиқаришни йўлга қўйди. Чунки газеталарни нашр қилиш, мухторият қўшинларининг таъминоти ва ҳукуматнинг ички харажатлари учун маблағ зарур эди. Шунингдек, ҳукумат аъзолари очлик чангалида қолган Туркистон аҳолисига Оренбург орқали ғалла келтириш муаммосини ҳал қилиш учун хам амалий қадамлар ташлади. Туркистон Мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Янги ҳукумат фаолияти фақат Қўқонда ёхуд Фарғона водийсида эмас, балки бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ерли халқлар томонидан қизғин кўллаб-қувватланди. Фитрат, Чўлпон, Ҳамза мухторият ҳукуматини алқаб, шеърлар битишди. Фитрат мухторият эълон қилинган 27 ноябр тунини «Миллий Лайлатул қадримиз» деб атади. Аллома Фитратнинг бу сўзларида олам-олам маъно мужассамлашган.
Туркистон халқининг мухторият учун олиб борган курашида 1917 йил 13 декабрда бўлиб ўтган фожиали воқеалар муҳим ўрин тугади. Ўша куни Тошкентда эски шаҳар ахолиси «Мухтор Туркистон учун!» шиори остида тинч байрам намойишини ўтказди. Аммо Тошкент Советидаги большевиклар шаҳарда қуролли куч билан тартиб ўрнатишга буйруқ берадилар. Оқибатда тинч намойиш қатнашчилари пулемётдан ўққа тутилди, эски шаҳарлик 16 киши ана шу тўқнашув қурбони бўлди.
Мухтор ҳукуматнинг халқ ўртасидаги обру-эътибори ва нуфузи большевикларни ташвишга солиб қўйди. 1918 йил 19-26 январ (янги ҳисоб билан 1-8 феврал) да Тошкентда бўлган Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари Советларининг фавқулодда IV съездида мухторият масаласи асосий ўринда турди. Съезд Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қонундан ташқари халатда деб, ҳукумат аъзоларини қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Большевиклар ўзларининг бу қабиҳ ва мудҳиш «ҳукми»ни амалга оширишга зудлик билан киришдилар.
30 январ (янги хисоб билан 12 феврал) да Туркис¬тон ХКС мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Туркистон большевиклари бунинг учун қизил аскарлардан ташқари арманларнинг «Дашноқцутюн» партияси аъзоларидан тузилган қуролли тўдалардан хам кенг фойдаланди. Уларга қарши дастлабки жангда мухториятнинг миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари хам қатнашди. Асосан болта, чўкич, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10000 кишига етди. Шунга қарамай, қуролсиз бу кишилар қизил аскарларнинг Қўқон шаҳрига ҳужумини уч кун давомида мардонавор қайтардилар. Шаҳар устига уч кун давомида тўплардан ёндирувчи снарядлар отилди. Мухторият қўшинининг тирик колган қисми Кичик Эргаш қўрбоши бошчилигида шаҳардан чиқиб кетди. Туркистон Мухторияти ҳукумати қизил аскарлар ва дашноқларнинг қонли ҳужумлари оқибатида ағдариб ташланди. Аммо Қўқон ва унинг атрофидаги тинч аҳолини талаш, ўлдириш авжига чиқди. Фақат Қўқоннинг ўзида уч кун давомида 10000 киши ўлдирилди. Шаҳар буткул вайронага айлантирилди. Ҳукумат бошлиғи Мустафо Чўқай шаҳарни тарк этиб, яширинишга мажбур бўлди. Вазирларнинг айримлари ҳалок бўлди. Баъзиларини большевиклар кўлга олишди.
«Улуғ Туркистон» газетаси чуқур кайғу билан хабар берганидек, «20 (эски хисоб билан 7) феврал Ҳўқанд (Қўкон) тарихининг энг даҳшатли куни эди. Арманилар айрича фаолият кўрсатганлар…». Газетадаги ушбу мақола «Қўқон ҳозир ўликлар шаҳри», деган даҳшатли ибора билан тугайди.
Ниҳоят, 1918 йил 22 (эски ҳисоб билан 9) февралда Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар томонидан тайёрланган «тинчлик Шартнома» имзоланди. Туркистон Мухторияти ҳукумати атиги 72 кун умр кўрган бўлса хам, у эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. 1918 йилнинг эрта баҳорида аввал Фарғона водийсида, сўнгра бутун Туркистонда истиқлолчилик ҳаракати бошланди. Аммо бу даврга келиб Туркистон Мухториятини тор-мор этиб, ўлкада якка ҳукмрон бўлган, қурол ва зўравонликка таянган большевиклар минтақада советча андозадаги автономия (мухторият) ни ташкил этишга киришган эдилар.
1918 йил январ ойидаёқ большевиклар Туркистон Мухториятига қарши Туркистон автономиясини тузиш масаласини кўтаришган эди. Бу муаммо фақат Туркистон Советларининг V съездида (1918 йил 20 апрел — 1 май) ҳал қилинди. Съезд Россия Совет Социалистик Федерацияси таркибида Туркистон республикаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Туркистон республикасининг Марказий Ижроия Комитети (МИК) ва ХКС сайланди. Улар таркибига илк марта туб миллатларнинг вакиллари киритилди. Шунингдек, съездда саноат корхоналарини
национализация қилиш ва бошқа айрим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди. Шундай қилиб, совет Россияси таркибида Туркистон автоном республикаси ташкил қилинди.

2234

Улуғбек Долимов
ҲАМЗА ҲАКИМЗОДА НИЁЗИЙ
Мақоладан парча

Ҳамзанинг сиёсий қарашларини, унинг Туркистон мухториятига муносабатини аниқ тасаввур қилишда Туркистон мухторияти ғоясининг пайдо бўлиши муносабати билан 1917 йилда ёзилган «Мухторият ёки автономия» ҳажвий драмаси муҳим аҳамиятга эга. 1917 йил Февраль инқилоби, Романовлар сулоласининг барбод бўлиши бутун жадид мутафаккирлари қаторида Ҳамзанинг ҳам истиклол ҳақидаги интилишларига қанот боғлади. Жадидчилик ҳаракатининг раҳбарлари Мунавварқори Абдурашидхон ўғли ва Абдулла Авлонийлар томонидан 1917 йил март ойида «Шўройи ислом» жамияти тузилди. Бу жамиятнинг «Марказий шўро»си таркибида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев каби сиёсий арбоблар бор эди. Шу йилнинг ёзидан большевикларнинг фаоллиги кучайди ва мутаассиб дин пешволари «Уламо» номи билан «Шўройи ислом»дан ажралиб чиқди. Бу ажралиш кейинчалик большевиклар учун қўл келди, «Уламо» жамияти мустақиллик учун кураш олиб борган шўройи исломчиларни барбод қилишда мустамлакачиларга ёрдам берди. «Шўройи ислом» ва «Уламо» жамиятларининг шўъбалари ўлканинг турли шаҳарларида ҳам ташкил этилди. Февраль инқилоби натижасида Туркистонда қандай давлат тузиш масаласи юзасидан бу жамиятлар ўртасида кескин ихтилофлар, зиддиятлар вужудга келди. Ҳамза «Уламо» жамиятининг Қўқон шуъбаси мажлисини ушбу «Мухторият ёки автономия» драмасига асос қилиб олди. Муаллиф драманинг қисқача сюжетини шундай баён қилади: «Туркистонда ҳуррият бўлуви муносабати ила ёшлар ва уламолар орасинда ихтилоф ўлароқ уламолар айрилиб кетувлари, руҳоний мажлисин тасвиридир».
Бу ўринда ёшлар — «Шўройи ислом» жамияти аъзолари, яъни жадидлар; уламолар — мутаассиб қадимчилар «Уламо» жамияти аъзолари эканлиги драманинг бошидан охиригача кўзга яққол ташланиб туради. Асар муаллифи эл-юрт тақдирини ўз зиммаларига олган уламолар қанчалик разил, нашаванд, тубан кишилар эканликларини ўз тилларидан фош этади. Улар ҳатто автономия, мухториятнинг қандай давлат тизими эканлигини тасаввур ҳам қила олмайдилар:

«Л.(домла): Бу демократический республикани бизга кўп зарари бор эмиш. Зероки, биздан подшоҳ бўлмас эмиш, тағин аввалғидек қози, мударрисларни ҳукамолар, губирнаторлар сайлаб қўёдирлар эмиш. 2-нчи, хотунларни кўчада фаранжисиз (ҳамма ёқосин ушлаб, «Астағфируллоҳ!» «Навзанбиллоҳ!..») чиқуб юриши учун фармонлар бўлур эмиш… Энди бўлари бўлди. Хўш! Ифтор, тўй, закот, хайр-эҳсон деган гаплар бари соп бўлди!..»
«Ф.(домла): Айтмадимми, бу киши ҳам ғазнот ўқийдирлар, яки аз тароқчи, биз энди шул дин бузуқи гумроҳ тотор шум усули жадидчиларга қўшилар эканмизда, ҳайҳот! Бале!»

Мустақилликка қадар ҳамзашунослар бу драмани Қўқон мухториятининг «расвосини чиқарган», унинг «реакдион моҳияти»ни фош этган асар сифатида баҳолаб келдилар. Аслида Ҳамза Туркистон мухториятини тузишда фаол иштирок этган жадидларга қарши бузғунчилик, сотқинлик ишларини олиб борган мутаассиб «Уламо» жамияти аъзоларининг нақадар нодонлигини, калтафаҳмлигини фош этган эди. Асарда қаҳрамонлар исмининг бош ҳарфи берилган. Ҳамза ушбу асар туфайли «Уламо» жамиятининг таъқибига учради ва 1917 йил октябридан 1918 йилнинг 10 мартига қадар Туркистон шаҳрида дўсти Саидносир Миржалолов хонадонида яшириниб яшади*. Демак, 1917 йил 27 ноябрь Туркистон мухторияти эълон қилинган кунни Ҳамза Туркистон шахрида мамнуният билан кутиб олди ва «Туркистон мухториятина» шеърини яратди. Шеър «Улуғ Туркистон» газетасининг 1918 йил 11 январь сонида эълон қилинди. Шеърда шоир мусулмон миллатини улуғ байрам билан муборакбод қилар экан, уларни бир санжоқ—байроқ остида бирлашишга даъват этади:

Келинг эмди бирлашинг, ислом миллати!
Кетсин сунний, шиалик нифоқ иллати!
Бир санжоққа тўплансун ислом давлати!
Қутлуғ бўлсун Туркистон мухторияти!
Яшасун энди бирлашуб, ислом миллати!

2234

 

 

(Tashriflar: umumiy 1 543, bugungi 1)

Izoh qoldiring