Abdulla O’rozboyev. She’rlar va maqolalar

02    Абдулла Ўрозбоевни яқиндан билган, таниган , шеърларини ўқиган инсон борки, унинг юксак маърифатли, илмли инсон эканлигини соатлаб гапириб бериши мумкин. Абдулла Хоразмнинг шимолий-ғарбий қисмидаги Янгибозор туманининг Оёқдўрмон қишлоғида 1975 йилда туғилган.
Янгибозордан Омон Матжон, Дўстжон Матжон, Гавҳар Ибодуллаева, Насиба Юсупова,Насиба Жуманиёзова, Гуласал Холмуродова каби шоирлар, Ўзбекистон Халқ артисти Марям Ихтиёрова, хизмат кўрсатган артистлар Султонпошша Ўдаева, Тоҳир Саидов, опера қўшиқчиси Жумабой Тожимов,лирик хонанда Отамурод Нурметов каби элга таниқли, янгибозорликлар фахрланиб юрадиган ижодкорлар, Бўзқаълалик машҳур раислар Матвафо Юсупов,Хўжамурод Сапарниёзов,Хоразмнинг биринчи ҳокими Маркс Жуманиёзов етишиб чиққан. Улар сафида филология фанлари номзоди, Урганч Давлат Университети доценти Абдулла Ўрозбоев ҳам бугун юртдошлари фахрланса арзирли шахслардан деса бўлади.
Абдулла бугун қирчиллама қирқ ёшида. Ундаги салоҳият, тилни, адабиёт, тарихни яхши билиши, чуқур илмий тадқиқотлари Абдулла Ўрозбоевнинг шарқ зиёлиси, шахс даражасидаги инсон эканлигини кўрсатади.
Мен Абдулла Ўрозбоевни 40 ёши билан табриклаб, талабалик даврида ёзилган шеърлари, мақолаларини сизларга ҳавола қиламан ва ундан янги шеърларини, янги тадқиқотларини тезроқ биз билан баҳам кўришини орзу қилиб қоламан.

Умид БЕКМУҲАММАД

033
Абдулла Ўрозбоев
УЧ ШЕЪР, ИККИ МАҚОЛА
099

* * *

Юрагимдан отилган сўзлар,
Сўзлар сенга бутун армоним.
Висолингга кўз тиккан кўзлар
Кўзлар сенинг бахтингни, жоним!

Биз етмадик афсона бахтга,
Ишқ тахтида Мажнун ва Лайли.
Жоним, сен чиқ илоҳий тахтга,
Сўнгра жоним чиқса ҳам майли.

…Жоним, сенга сўнгги хатим бу,
Ахир, умрим топмоқда хатм.
Сенга меҳрим, муҳаббатим бу,
Оҳ меҳриму оҳ муҳаббатим!

* * *

Кўнглим каби тўлади қоғоз,
Қора ёшлар тўкади қалам.
Ғам-лашкар,жанг қилади оғоз,
Сабрим саду бардошим — қаълам.

Бугун кўнглум кўтармас нозни,
Йили бўлди йиллик аламнинг.
Сен деб қораладим қоғозни,
Тишини синдирдим қаламнинг.

ТЎМАРИСНИ СОҒИНИБ

Бир Тўмарис керак бизларга,
Элу юртга бўлгудек Она.
Умид билан боқсам қизларга
Кўринмас биз кутган нишона.

Илтижомиз бажо қил,Эгам,
Илтижомиз бир ва ўзинг бир.
Боши қонда чўмилмаса ҳам
Кўзига қон тўлганлар кўпдир.

ИМЛО — КЕЛАЖАККА КЎПРИК

Ёзув ҳақда пайғамбаримиз “ сўз-қуш, имло унинг тузоғи”, деб марҳамат қилганлар.Арабларнинг “ал-имлаау нисфу-л-илма”, яъни ёзув илмнинг ярми деган ибораси ёзувнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатади.Шунга ўхшаш лотинларда ҳам berfa boland-scripfa manenf–“сўз учару битик қолур”, деган нақл мавжуд.

Ўзбек халқи чуқур имло тарихига эга.биргина қадимги туркий ёдномаларнинг ўзи урхун-энасой, уйғур, суғдий, моний ва бироҳмий ёзувларида битилган.Араб имлоси ҳам минг йиллик тарих, бадиий-илмий мерос ҳамда маданиятимизга кўприк сифатида қадрли.

Ёзув фикрни товуш етмайдиган жой ва келажакка етказиш эҳтиёжидан келиб чиққан.Дастлаб бу вазифани рамзий маъноларга эга буюмлар бажарган.Умуман, ёзувнинг илдизи одамзот бирор жойга белгилар қўйиб, маъносиз чизиқларни чиза бошлаган вақтга бориб тақалади.Кейинчалик инсоннинг жисмоний ва ақлий такомиллашиши натижасида кўнгилда туғилган фикрни тасвир-расм орқали ифодалай бошлаган.Маълум бир шаклга эга бўлмаган, яъни абстракт ( мавҳум) нарсалар учун ҳам аллақандай рамзий белгилар ўйлаб топилган.Шу тарзда тараққиёт маҳсули ўлароқ ёзувнинг пиктографик, логографик ( ёки идеграфик ) иероглифик, михсимон ва бошқа турлари келиб чиққан.Фонографик ёзув эса имлонинг энг сўнгги туридир.Ҳозирги пайтда жаҳон аҳлининг тўртдан уч қисми ёзувнинг ушбу туридан фойдаланади.Фонографик ёзув ҳар бир товушни ифодалайди.Бу ёзув навъи, асосан, тўрт хил имлодан иборат.Лотин ёзуви асосида юзага келган алифболардан жаҳон аҳлининг 30 фоизи, славян –крилицадан 20 фоиз, араб имлосидан 10 фоиз, ҳинд ( деванагари) дан 10 фоиз истефода этади.

Лотин ёзувининг тарихи Миср иероглифларига бориб тақалади. “Иероглиф” грекча сўз бўлиб, “муқаддас ёзув” деган маънони англатади.Бу ёзувдан қадимги Арабистонда ҳам кенг фойдаланилган ва ҳозирги Хитой алифбоси ҳам иероглиф ҳисобланади.Кейинчалик бу ёзув финикий ва грек алифболарига катта таъсир кўрсатган.Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, финикий ёзувининг ҳарфлари билан араб имлоси ҳарфларининг номи жуда ўхшаш ва баъзилариники деярли бир хил. Масалан, финикийнинг биринчи ҳарфининг номи “алеф” бўлиб, “ҳўкиз” деган маънони англатади.”Алеф” асосида грек ва лотин “А” келиб чиққан.Араб алифбосидаги “алиф” эса финикийдаги “алеф”нинг фақат битта тик чизиғи сақланиб қолган шакли.Финикийнинг икинчи ҳарфи “бет” бўлиб, уй деган маънони англатади.Араблар эса уйни “байт” дейишади.Худди шунингдек, учинчи ҳарф “гимель” ( маъноси “туйа” ), арабчада “жим”дир ва араб тилида “туя”-“жамал”.( Араблар чет сўзлардаги “г”ни “ж” деб ўзлаштирадилар).Финикий ҳарфларидан “нун” (балиқ, наҳанг), “айн” (кўз), “вов” ( мих)нинг маънолари. Англатадиган товуш ва номлари араб имлоси билан бир хил.Фақат “шин” (тиш) арабчада “синн” “йўд” ( кўл) эса “айд”, “мем” ( сув) “маа”дир.

Лотин алифбосининг классик шакл ( варианти)да 23 ҳарф мавжуд бўлган ва улардан R ,U ,Z фақат грек тилидан кириб келган сўзлардагина ишлатилган. Дастлаб лотин алифбосида, араб имлосидагидек “у” ва “в” учун бир ҳарф ишлатилган. 12 асрга келиб бу икки товуш фарқланади. 8 асрдан бошлаб лотин алифбоси асосида кўплаб жаҳон ёзувлари юзага кела бошлади.

Қадимги Римда пайдо бўлиб, милоддан олдинги иккинчи асрда такомиллашган бу алифбодан ҳозирги кунда жаҳоннинг 70 дан ортиқ халқи фойдаланади.Буларнинг ўттиздан ортиғи Оврўпа, йигирмадан зиёди Осиё, яна йигирмадан кўпи Африқо халқларидир.Энди бу гуруҳга қирқ уч йиллик танаффусдан сўнг биз ҳам қайта қўшилдик.Бу янги имломиз ҳам келажакка олтин кўприк бўлиб қолишига ишонаман.

1993 йил, Тошкент

ПАРАНЖИНИНГ МАЪНОСИ НИМА?

Ҳурматли ўқувчи! Биз ушбу мухтасар мақолани эълон қилишимиздан мақсад, паранжи қадимдан ҳамда яқин ўтмишимизда ҳам ўзбек аёлларининг либоси эди. Бу ерда тилимизда шу сўзнинг луғавий маъносига эътибор қаратдик.Паранжини тарғиб қилиш ниятимиз йўқ.Фақат даврларнинг қуюнларидан, бўронли йилларнинг бағридан Сўз омон қолади.Сўз-миллат, сўз-келажак.Шунга аҳамият беришингизни истаймиз.Ҳеч кимни паранжига тиқиш ниятимиз йўқ, бизнинг.Зеро, инсоний етуклик, динга эътиқод ҳар кимнинг ичидадир.

“Паранжи” калимасининг луғавий маъносини билиб олсак яхши бўларди.Бу сўз аслида арабча “фаржийа”-кенг кўйлак деган сўздан олинган.Паранжи шу сўзнинг маҳаллий талаффузга мослаштирилган шакли.

Лекин устозимиз, филология фанлари доктори, профессор Абдуқодир Ҳайитметовнинг 1985 йил Ғафур Ғулом номли нашриётда чоп этилган “Мерос ва ихлос” китобининг 150-бетида паранжининг луғавий маъноси ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз: “…”паранжи “ сўзи “фаранг” сўзидан, “фаранг” эса “франк”дан олинган бўлиб, эски Шарқда “фаранг” Европа демакдир.Шарқ халқи европаликларни ва Европага тегишли молларни, шу жумладан Европа матоларини “ фарангий” деб сифатлаганлар.”Фарангий” сўзини баъзи шарқ халқлари, хусусан, араблар “фарангий” деб талаффуз қилганлар. Демак, биринчи марта паранжи европаликлар келтирган матолардан тикилган ва шу матолар номи билан аталган…”.

Агар “фарангий-сўзини тил табиати ва илм-и махорижу-л-хуруф (фонетика) қоидаларига асосан таҳлил қилсак бу фикр тўғри бўлиб чиқади. Чунки, араб ва форс тилидан кирган сўзлардаги “ф” ундошини жарангсиз “ п” тарзида талаффуз қиламиз.Бу ҳол, баъзан. Адабий тилда ҳам учрайди.Масалан, арабча “футур” сўзи “путур” шаклида тилимизга сингиб кетган.Араб тилида “г” ундоши йўқ.Баъзи араб лаҳжаларида бу товуш мавжуд ва ҳатто, Миср лаҳжасида “ж” ўрнида ишлатилади. Масалан, мисрликлар “жамийл” ( чиройли)ни “гамийл” тарзида айтадилар. (А.Рустамов, “Сўз хусусида сўз”).Араблар “фарангий”ни “фаранжий” шаклида талаффуз қилишларининг сабаби шу.”Паранжи” сўзидаги “и” эса араб тилидаги “йо-йи нисба” бўлиб, оидлик ва тегишлиликни ифодалайди.У грамматик шакл форс тилига ҳам кўчган.Аслида урғу билан чўзиқ талаффуз қилиниши керак бўлган бу товуш бизда тил ўрта “и” сига ўтган ва шу тариқа “паранжи” сўзи ҳосил бўлган.

“Фаранг” сўзига “Ғиёсу-л-луғот”да берилган изоҳда маълум мамлакат номи эканлиги айтилиб, мажозан гўзал, хушрўй, оқ деган маъноларга ҳам эга эканлиги ёзилади.”Фаранг”га “-истон” қўшимчаси қўшилган ҳолда ҳам қўлланилади.”-истон” аслида форсча “ ситодон”-жойлашмоқ феълининг ҳозирги замон негизидир.Бу сўз мумтоз адибларимиз тилида кенг ишлатилган.
Ҳар бир сўз тарихининг ўзи бир тарих.Албатта, бу фикрларга қўшимча, тўлдиришлар бўлади.

1993 йил, Тошкент

03

(Tashriflar: umumiy 128, bugungi 1)

Izoh qoldiring